Abdulla Qodiriy: Iymonim tazyiqi ostida so’zlayman

03310 апрел — Адабиётимизнинг  буюк вакили, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий таваллуд топган кун

    …Сўзим охирида адил судлардан сўрайман, гарчи мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар билан, ҳам англашилмовчиликлар орқасида иккинчи оқланмайдурғон бўлиб қораландим. Лоақал уларнинг, қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам менга энг олий бўлғон жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмағон содда, гўл виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди, жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Адил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман».

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ:
ИЙМОНИМ ТАЗЙИҚИ ОСТИДА СЎЗЛАЙМАН
Аброр Хидиров
034

Ҳалол одамни таъқиб этиш мумкин, аммо уни бадном қилиб бўлмайди.

Ф. Вольтер.

…Минг тўққиз юз йигирма олтинчи йилнинг марти. Қантар оғган маҳал. Изғириннинг дами қайтган. Саф-саф ястанган майсалар аёзнинг «муваққат қаҳрига» исён кўтаргудай. Ариқлардан оқаётган сув ўзидан оппоқ буғ чиқарганча аллақаёқларга шошилади. Ердан ҳовур кўтарилади. Дов-дарахтлар ҳам бу ўзгаришларни ажабланиб кузатаётгандай.

Номозшом… Осмоннинг ҳув четидан рўдапо булут судралиб келаётир.

Тошкентнинг Бешёғоч мавзеидаги Эшонгузар маҳалласидаги одамлар ҳам турмуш ташвишларининг залворли юкларини елкаларига ортмоқлаганча табиатдаги бу уйғонишни гоҳ пайқаб, гоҳида пайқамай туртиниб, суртиниб уйларига ошиқадилар. Одамлар оқими ичидан ўрта бўй, хушбичим, қорачадан келган ва тим қора кўзларида мубҳам бир ифода қотган, кийимлари эса ўзига ярашиқлиғ, паришонхаёл йигит ўтиб боради. Тизгинсиз хаёллар ўз оғушига олган бу киши — элнинг севимли ёзувчиси Абдулла Қодирий. У ён веридан ўтаётган таниш нотанишларнинг бош ирғаганини гоҳ илғайди — гоҳида йўқ. Негадир бугун дилтанг. Йўқ, афтидан ишларнинг бари маромида. «Ўтган кунлар» қўлма-қўл ўқилмоқда, ичакузди фельетонлар, ҳажвиялар пешма-пеш «Муштум» юзини кўрмоқда. Бироқ, уларнинг бари уни ҳали тўла қаноатлантирмасди. Хаёлида чарх ураётган феъл-атворлар, қиёфалар ва воқеалар тизмаси уни туганмас беоромлик гирдобига тортиб кетарди. Ҳа, Қодирий бўлажак романнинг «тўлғоқ азоб»ларини бошидан кечирарди. Қолаверса, давр барча зиддиятларни юзага чиқарган, бу зиддиятларни ҳал этишда эса мавқеларни, маслакларни белгилаш муҳим эди. Бу қарама-қаршиликлар шахсларда янада мураккаброқ томонлари билан акс этар ва уларни синфий кураш деган пўртанага тортиб кетарди. Янги ҳаёт сари йўл кўп оғирликлар устидан солинаётганди. Қодирий ана шундай ўй хаёллар оғушида уйига қандай етиб келганини сезмай қолди. Бўсаға ҳатлаб ўзини уйга оларкан, кайфиятидаги мискинлик тумандайин тарқаб кетди.

Анчайин кексайиб қолган мунисгина онаси Жосият биби теварагида чуғурлашиб ўйнашаётган болалари Назифа, Ҳабибулла ва Адибани кўриб меҳри ийди. Ёстиқдоши Раҳбар эса қимтинибгина рўзғор ишлари билан куйманиб юрибди. Бир зумда уй қувноқ шовқинга тўлиб кетади. Она учун болаларини шу ҳолатда кўришдан ортиқроқ бахт йўқ. Болалари билан тиллашаётган ўғлига қарар экан, унинг кўзларида аллақандай ҳорғинликни кўргандай бўлди. Ҳа, ташвиши кўп. Сўнг она хонадоннинг камолини тилаб пичирлаб дуо қилади. Абдуллам элнинг хизматида. Эл улуғлаган одам кам бўлмайди. Болалари бахтига омон бўлсин. Бари ҳам орқамда қолишсинда эгам!»

Эҳ, оналарнинг дуолари ҳпр доим ижобатга ўтса борми, бу дунёда ғамхонанинг ўзи бўлмасди. Надоматлар бўлсинки, гоҳида воқеалар ривожи ўзгача кечади. Ўша кеч Қодирий болаларини эркалаб турган паллада унинг атрофида қабоҳат кўланкаси тентирар, деразаларидан ёруғлик ва қувонч ёғилиб турган хонадонга қандай суқулишни билмай гаранг эди. Асабийлашган кўланка дайди шамол кўмагида ўзини оппоқ парда тутилган деразага урар ва уни зир титратишдан нарига ўтолмай хуноби ошарди. Йўқ, қабоҳатнинг жирканч қўллари узун ва беҳисоб экан. Ана, ниҳоят, эшик тўсатдан қаттиқ тақиллайди. Негадир, юрагини нохуш ўйлар ғижимлай бошлаган Жосият биби ўғли Абдуллага қаради. Онанинг хавотирланганини кўрган Абдулла елкасига тўнини олганича шоша-пиша эшикка йўналди. Орадан ўтган бир зум Жосият биби учун жуда узоқ кўринди. Ва ниҳоят ўғли уч кишини бошлаб кирди, ранги бир оз ўчинқираган. Кутилмаган меҳмонларнинг ташрифи ҳаммани танг қолдирганди. Китель кийган, юзлари заҳил бириси Қодирийга юзланиб:

— Бўла қолинг, буйруқ шундай — дейди расмий, ёқимсиз овозда. — Ҳа, дарвоқе, мана бу сизни қамоққа олишим кераклиги ҳақида ордер.

Нелар бўлаётганини унчалик англай олмаган Қодирий ордерга кўз югуртирди:

«32 Ордер.
1926 йилнинг 8 мартида ходим Курмановга берилган.
Гражданин Абдулла Қодиров қамоққа олинсин ва тинтув ўтказилсин. Адрес: Тошкент шаҳрининг Бешёғоч қисмидаги Эшонгузар маҳалласи».

Баданига чумоли ўрмалагандай бўлди. «Бу ерда қандайдир англашилмовчилик бўлганга ўхшайдир. Йўқ. Унда нега булар менга бундайин муомалада бўладилар. Нега?.. Болалари Назифа ва Ҳабибулла Жосият бибининг пинжига тиқилганларича, «бегона амаки»ларга қараб-қараб қўйишарди. Қодирий оғир нигоҳларини ердан олиб, қўзғаларкан, онасига:

— Онажон, бу ерда қандайдир тушунмовчилик бўлганга ўхшайди. Мен буни аниқлаб тезда қайтаман. Хавотир бўлманглар, — дейди. Қодирий эшикка етганида орқасига қайрилиб қаради. Афсус, балки қарамаганида осонроқ бўлармиди. Унинг кўз ўнгидан ҳозиргина кўргани, бурчакда сиқилишибгина турган пажмурда онаси ва муштипар хотини болаларини қучоқлаганича унсизгина юм-юм йиғлаётгани анча маҳалгача кетмади. Икки муштипар аёл ва уч норасида ўз оҳига ўзи ўралиб қолаверди. Ярим тунга бориб қаттиқ момақалдироқ осмоннинг чокини сўкиб юборди. Шивалаб ёмғир ёға кетди. Ҳалигина бу бахтли оиланинг қувончига шодон тикилиб турган дераза кўзларидан ёмғир томчилари, бамисоли кўз ёшидек оқа бошлади…

* * *

Ўша машъум кечада воқеалар шундай кечган бўлса, не тонг. Қўлимда ўша зиддиятли курашларга тўлиқ даврнинг гувоҳи бўлмиш ҳужжатлар… Йиллар ўз муҳрини босган саҳифаларни варақлар экансан, сен учун мўътабар бўлган инсоннинг мудҳиш тақдири ҳақидаги воқеалар кўз олдингга, ўзининг барча фожиалари билан қалқиб-қалқиб чиқаверади.

20-йиллардан буён ўтган фурсат тарих учун бир сония. Бироқ, бу даврда кечган воқеалар ўзининг сирлилиги ва мавҳумлиги билан биздан анчайин узоқда. Ҳануз мавҳумлик ўз чангалида тутиб турган тақдирлар тўғрисидаги ишлар талай. Бугунги авлод ҳақиқатни билиши шарт. Бу давр тақозоси. Қолаверса, ахир, буни ноҳақдан завол топган тақдирлар сўрайди, биздан.

Ана шундай одамлар орасида Абдулла Қодирий ҳам бор. Қодирийнинг ўз қўллари билан ёзган илтимосномаларини, кўрсатмаларини қалбда алам, кўзда ёш билан ўқир экансан, шунда улуғ ёзувчи олдидаги буюк қарздорлик ҳисси мудроқ онгингга тиғ каби санчила боради. Узиб бўлмас қарзни узиш қийин. Кеч бўлсада, ўталмаган бурчнинг армонлари дилни эзади.

Қодирий ҳақида сўз айтиш — жуда масъулиятли иш. Бироқ, ёзувчи ҳаётининг баъзи томонларини бойитувчи ҳужжатларини ўрганар эканман, бурчим юзасидан бу ҳақда ўқувчиларга ҳикоя қилиб бериш учун ўзимда журъат сездим. Зеро, Қодирий ҳақидаги ҳар бир каломни ўқувчилар интиқ кутиши, шубҳасиз. Бас, шундай экан, улуғ санъаткор ҳақида бир-икки оғиз янги гап айтиш дилга таскин беради.

Шундай қилиб, суронли минг тўққиз юз йигирма олтинчи йилнинг март ойи…

* * *

«Ўрта Осиё ГПУсининг ходими Курманов томонидан ҳибсга олинган гражданин Абдулла Қодирийнинг уйида 1926 йил 8 мартдаги ГПУнинг 32-ордерига асосан тинтув ўтказилди. Тинтув ўтказишда қатнашувчилар: Шосаидов Шотурсун, Муҳамедов, Терегулов ҳамда Абдулла Қодирийнинг ўзи.

ОГПУ олиб кетиш учун қуйидаги ҳужжатлар мусодара қилинди:

1. Мусулмон тилидаги ҳар хил ёзишмалар бир юз қирқ икки (142) варағ;
2. 3 китоб: 1. Бахтсиз куёв; 2. «Жувонбоз»;
3. Абдулла Қодирийнинг ўзбек тилидаги асарлари; …
4. Юсуф Оқчуриннинг турк тилидаги «Европада ижтимоий-сиёсий қарашлар» асари.

Тинтув ўтказди: Курманов.

Протокол нусхасини олдим: А. Қодирий».

Шундан сўнг тергов органлари иш бошлади. Суд органлари томонидан А. Қодирий шахси синчиклаб ўрганила боради. Ана шу тергов органларининг «холис хизмати» туфайли Қодирийнинг ўзи томонидан тўлғазилган анкеталарнинг ва кўрсатмаларнинг асл нусхалари сақланиб қолган. Анкетадаги ёзувлар Қодирий таржимаи ҳолига аниқлик киритади деган мақсадда уни тўлиқ ҳолда келтирамиз. (Анкета русча тўлдирилган).

«Қодиров Абдулла, ЎзССР граждани, миллати ўзбек, доимий қайд қилинган жойи Тошкент шаҳри. 1896 йил 15 майда туғилган, 30 ёшда. Уй маълумоти бор. Қарамоғида: хотини Раҳбар — 30 ёшда, қизи Назифа — 9 ёшда, ўқийди, ўғли Ҳабибулла 7 ёшда, қизи Адиба (анкетада Ақиба деб ёзилган — А. X.) — 3 ёшда, онаси Жосият — 65 ёшда. Партиясиз. Ҳунари дурадгорлик (тоқичилик). Хусусий устахоналарда ёлланиб ишлаган. Октябрь инқилобидан то 1918 йилгача Эски шаҳар озуқа комитетида саркотиблик қилади. 1918 йилдан 1920 йилгача эски шаҳар касабалар шўросида саркотиблик вазифасини бажарган. 1920 йилдан 1923 йилгача ТКПнинг агитпроссида ишлайди. Мансаби йўқ. Хизмат қилиб кун кечирган. Уйи бор. Маъмурий ёки суд жавобгарлигига тортилмаган. Ҳарбий мажбуриятга муносабати — йўқ.

1926 йил 8 мартда ГПУ томонидан уйида ҳибсга олинган. Сўроққа чақирилмаган. Айбнома берилмаган. Қамоққа олишдан илгари яшаш жойи. Тошкент шаҳар, Бешёғоч Эшонгузар маҳалласи» (48) Араб имлосида Абдулла Қодирий имзоси 1926 йил 8 март».

Тўсатдан қамоққа олинган Абдулла Қодирий қайси гуноҳлари учун бу «шармандали ўйинга» тушиб қолганлигини англолмай изтироб чекарди. Кечагина асарлари қўлма-қўл ўқилаётган, барча тавозе билан ҳурматини жойига қўядиган Жулқунбой қип-қизил тескаричи бўлиб чиқса-я. Энди одамларнинг кўзига қандай қарайди. Не деган одам бўлди. Қоронғи зах хонанинг у ёнидан бу ёғига юрар экан, миясини фақат бир савол буровга олаверарди. «Не ёзиғим учун? Не ёзиғим учун бундай жазога лойиқман?» Деворлар гунг эди, олам гунг эди.

Қодирийнинг ўтирса ўрни, юрса йўли куйиб, бутун кечмишини сарҳисоб қилар, кўзга илгулик айб тополмай янада ҳуноби ошарди. Бундай кундан кўра ўлим авло эмасму? Йўқ, мен аҳли туробга қўшилиб кетишдан чўчимасмен, лекин дилни мендан сўнг қоладирғон тавқу лаънат тошини букчайганча ортмоқлаб юрган жигарбандларимнинг оҳи эзадир. Ҳаммадан онамга, болаларимга жабр бўлди. Эҳ, бу пешонада ҳали қандай кўргуликлар бор. Не бўлса ҳам ишга аниқлик киритмоқ лозим. Нега мени ҳеч ким йўқламайдур. Сўровга чақиришса ҳам бир нави эди-я. Уф-ф… Ақлдан бегона бўлиш ҳеч гап эмас. Булар то ўзимни-ўзим еб бўлгунча томошабин бўлармикан? Наҳот, бу лаънати томоша мен учун нақадар қимматга тушаётганини фаҳмлашмаса? Дарвоқе, бугун қайси кун? Агар хотирам панд бермаса, мартнинг йигирма иккинчиси. Мана, қамоқда сақланаётганимга ҳам қарийб икки ҳафта бўлаяпти. Во дариғо, наҳот бари энди абас бўлса…

Оғир изтироблар тўлқини ёзувчини ўз бағрига ола кетади. Ахири, асаб торлари таранг тортилган Қодирий зил-замбил эшикни зарб билан ура бошлади. Унинг бутун нафрати муштига тугилиб, кучли зарба билан оғир эшикка тушаётганди. Қодирийнинг назарида оламни тутиб кетаётган ана шу зарба овозларини ўзидан бошқа ҳеч кимса эшитмаётгандай эди. Беҳуд бўлган Қодирийнинг қўллари беҳол сирғалиб тушди. Унинг қалбини бир зумда забунлик ҳисси чулғади. Наҳот, мени ҳеч ким эшитмаса?

Шу пайт қадам товуши қулоққа чалинди. Рўёмикан? Йўқ, қадам товуши борган сари яқинлашиб келарди. Шукур, эсларига олишибди. Эшик олдида қадам товушлари тинди. Олдин махсус тешикчадан назоратчи қарайди. Қодирий назарида тешикдан унга тикилаётган кўз тобора катталашиб бораётгандай эди. Унинг негадир шу кўзда яширинган ифодани жуда-жуда билгиси келди. Аммо буларнинг бари бир зумда тугайди. Кўз йўқолади. Тешикча ёпилади. Зум ўтмай эшик шиқирлайди. Қўллари асабий титраётган ёзувчининг биринчи гапи «Мени терговга чақиришларингизни сўрайман» бўлди.

Ташқарида эса ҳаёт ўз маромида давом этар, кимдир бозорда арзон баҳога уриб олган молини ҳамроҳига мақтар, кимдир тирикчилик ташвишида сарсон тентирар, хулласи ҳамма ўзи билан ўзи овора эди.

Буларнинг бирортаси ҳам ораларидан яккаю ягона бўлган Жулқунбойнинг йўқолиб қолганини сезмайди, сезишни истамайди.

Ҳаёт ўз маромида давом этаверади…

ГПУ комендантига маҳбус Абдулла Қодировдан
АРИЗА

Шу йилнинг 8 мартида ҳибсга олиндим ва ҳанузгача назорат остида қамоқда сақланиб келинмоқдаман. Ҳалигача сўроққа чақирилганим йўқ. Умуман, не гуноҳларим учун айбланаётганлигим мен учун қоронғу. Заррача бўлса-да, ўзимни қора сезаётганим йўқ, шундай бўлсада, менинг ишим кимда эканлигини аниқлаб, зудлик билан терговга чақиришларингизни сўрайман. Акс ҳолда, ўзимни қурбон қилсам-да, 24-мартдан бошлаб очлик эълон қиламан.

А. ҚОДИРОВ,

22 март, 1926 йил.

Қодирийнинг аризаси инобатга олиниб, сўроққа чақирилади. Терговда у ўзи ҳақидаги бор ҳақиқатни айтади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки у адлу додга эришиш учун курашни бошлаганди. Азалдан ҳам унга бу йўлда ҳақиқат ҳамишалик ҳамроҳ бўлган. Шунинг учун ҳам Қодирий протокол сўроқларига жавоб берар экан, очиқ сўзлайди. Сўров 1926 йилнинг 24 мартида ГПУ махсус бўлими вакили Агидуллин томонидан олиб борилади.

Қодирийга тергов жараёнидан англашила борадики, унга қарши қўзғалаётган айбномага асос бўлган ашёвий далил яқинда «Муштум» журналида эълон қилинган «Йиғинди гаплар» мақоласи экан. Ёзувчи мақолани бошдан оёқ эсга олар экан, унга бунчалик тескари тус берилади деб ҳеч ўйламаганди. (Бу мақола билан боғлиқ бутун тафсилотлар Ҳабибулла Қодирийнинг «Ёшлик» журналининг 1987 йил 11-сонида эълон қилинган. «Фельетон қироли ёки ўз элининг махсус мухбири» номли хотираларида яхши ёритилган).

Иш шу тариқа жиддий тус ола боради. Терговчилар ҳар бир майда «детал»ларигача аҳамият бериб синчковлик билан айбномаларни тўлдириб боришар, ишга доир ҳужжатлар кундан-кун кўпайиб бораётганди. Гумонлар, шубҳалар, ўргимчак инидек одамлар қалбини чирмаб олаётган давр. Кишиларда бир-бирига ишончдан кўра, бадгумонлик кучлироқ. Гумон ва ҳадикка тўла ҳаёт…

АЙБНОМА

Абдулла Қодиров «Муштум» журналининг муҳаррир ёрдамчиси лавозимида ишлаган. Ўз вазифасидан фойдалангани ҳолда муҳаррирнинг қатъий тақиқига қарамай журналнинг 27-сонида «Йиғинди гаплар» мақоласини бостирган. Моҳияти жиҳатидан мазкур мақола очиқдан-очиқ Ўзбекистон ҳукумати ва Компартиясининг раҳбарларини обрўсизлантириш ҳамда шу билан бирга Коммунистик партиянинг муҳим тадбирларини танқид қилиш ва масхара қилиш руҳи билан ёзилган. Муаллиф шубҳасиз бу мақолани аксилинқилобий мақсадларда фойдаланиш учун кенг ёйишга уринган.

Бу жиноий ҳатти-ҳаракат Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексининг 72 ва 105-моддасининг 1-бандига мувофиқ кўриб чиқилсин. Айбнома протоколини тузувчилар Агидуллин ва Бельскийлар.

Айбнома Қодирийга 24 мартда берилади. Унга Абдулла Қодирий «Ўзимни айбдор деб тан олмайман» дея имзо чеккан.

Тергов жараёнида Қодирий ишига тааллуқли янги янги «далиллар» топила боради. Қодирий томонидан таҳрир қилиб туширилган «Бон-бон» мақоласи ҳам ана шундай ашёвий «далиллар» сирасига киритилди. Айбномада кўрсатилишича, мазкур материал ҳам муҳаррир томонидан босишга яроқсиз деб топилган. Бироқ, Қодирий редактор резолюциясини ўчириб, унинг соф моҳиятини сохталаштирган ва босмахонага топшириб юборган. Унинг бу жиноий ҳатти-ҳаракати жиноят кодексининг 116-моддасига биноан 128, 129, 142-моддаларга амал қилинган ҳолда кўриб чиқилсин. Қодирийга эса қўшимча айбнома берилсин.

3 апрелда берилган бу айбномага ҳам Қодирий «ўзимни айбдор деб тан олмайман» дея имзо чекади.

Айбсиз айбдорликнинг хўрликлари узоқ, кўзёшлари аччиқ. Ноҳақ туҳматнинг тоши эса нақадар оғир. Нима қилсин. Ҳақлигини қандай исботласин. Кун ора ишга унга қарши бўлган ашёвий далиллар ва жонли гувоҳларнинг кўрсатмалари қўшилаверар, терговчи ҳам уларни йиғишдан зерикмасди. Мана Қодирийнинг жиноий ишига тиркалган ашёвий далиллар:

1. «Муштум» журналининг 27-сонида жойлашган «Йиғинди гаплар» мақоласининг қораламаси.

Муаллиф А. Қодиров.

Ўша мақоланинг асл нусхаси.

2. «Муштум» журналининг 28-сонида «Бон-бон» номи билан босилган мақоланинг асл нусхаси. Муаллиф Хуршид «Муштум» журнали 27-сони «Йиғинди гаплар» мақоласининг корректураси.

Тергов пайтида Қодирийнинг кўпгина ҳамкасабалари ва дўстлари гувоҳ сифатида чақирилган эдилар.

Булар терговга ўз кўрсатмаларини берар экан, шунда кўзлари Қодирийнинг кўзларига дуч келишидан жуда чўчишган бўлишлари керак. Аччиқ заҳарханда ва нафратга тўла бу кўзларга боқиш улар учун қийин эди. Чунки улар Қодирий билан яқин-яқингача дўст, ҳаммаслак эдилар. Энди эса икки ўртада тубсиз жарлик пайдо бўлган. Қодирий собиқ дўстларига тикиларкан, наҳот қўрқоқлик кишини шундай ожиз, нотавон қилиб қўйса-я, афсус. Вақт ҳар қандай жароҳатга ҳам муолажа бўлиши мумкин. Бироқ энг яқин кишиларинг қалбингга етказган жароҳатни битказиш… дея ўйларди.

Бир-бирига гал бермай сўйлаётган гувоҳлар ва мискин кайфиятда ўтирган айбдорнинг кейинроқ бир гирдобга тушиб, завол топишини ҳали ҳеч ким билмасди, билолмасди. Йўқ, улар ёмон одамлар эмасди. Уларда билим ҳам, ўқув ҳам, савия ҳам етарли эди. Бироқ…

Ҳозирча ҳамма бу гирдобдан қутилиш пайида эди.

Ҳаммадан кўра, Жосият бибига қийин бўлди. Онаизорнинг оҳу-фиғонлари оламни тутган. Кўзининг нури, белининг қуввати Абдулласини олиб кетганларидан буён камгап бўлиб қолган. Бир тутамгина бўлиб бурчакда қароғидан бирор мужда келармикан, деб эшик пойлайди. Эшик тиқ этса юраги ҳаприқади. Аксига олиб уйларидан бирин-кетин танишларининг ҳам оёғи тортила бошлайди. На илож, кўргуликда! Бечора она, туну кун осмонга илтижолар қилади. Дуолари ижобатга олинишига ишонади. Тундан бир оз ҳадик оладиган бўлиб қолибди. Назарида, дераза ва эшиклардан қоронғулик худди ана у уч кишидек бостириб келаверади. Кампир қуш уйқу. Бир кун кечқурун кўзи андак илиниб туш кўрипти. Эмишки, тушида Абдулла уйга келаётганмиш, эгнида оқ кўйлак, оқ лозим, оёқлари яланг. Кулармишу, товуши чиқмас эмиш. Уйларига яқинлашганида, қаердандир жуда баҳайбат қора ҳўкиз пайдо бўлибди-ю, болагинасига ташланипти. Абдулла ўнгга-сўлга қочибди. Қайда, орқадан ҳўкиз яқинлаша бошлабди. Калласи хумдай, кўзлари косасидан чиққудай. Ҳўкиз ҳар пишқирганида, оғзи-бурнидан оқ кўпик ўрнига қопқора қон отилармиш. Ҳўкиз ўғлига етай деганида, Жосият биби ўрнидан сапчиб туриб кетди. Туф-туф, кўкрагига туфлади. Ҳайтовур, тушим экан, ёруғликка бўлсин, ишқилиб». Қайтиб кўзига уйқу келмади. Туни билан ўғлини, унинг норасидаларини ўйлаб тонгни оқлади.

Эрталаб келини Раҳбарга ўғлини кўриши зарурлигини айтиб ёрилди. Қайнонасининг ажинлари янада қуюқлашган юзига қараркан, келиннинг хўрлиги келди. Қандай ўктам аёл эди-я. Ғам эзиб қўйди. Раҳбар қайнонасини эшикдан кузатиб қолди. Қўлида тугунча ушлаб олган паришон кампирни нигоҳлари билан узатди. Эшикни ёпар экан, ичидан гумириб келган хўрсиниқ йиғи бўлиб отилди.

Баҳор эса ҳеч нарсадан хабарсиздай оламни безаш билан овора. Қодирийлар боғи ҳам оппоқ гулларга бурканган. Бу гуллар ичида боларилар куни билан бозор қилади. Қушлар эса бир-бирига басма-бас маст сайрашади. Баҳор худди улар учун келгандай шодон базм қуришади. Лекин улар бир нарсани англашдан маҳрум. Ахир, шу ҳовлида баҳорни энг интиқ кутган инсон борлигини, усиз баҳор, баҳорсиз у етим бўлиб қолганини улар билмасди…

«Ўрта Осиё ОГПУ мухтор вакилига Тошкентдаги ОГПУ назорати остидаги махбус гражданин Абдулла Қодировнинг онаси Жосият биби Абулқодир хотини томонидан
ИЛТИМОСНОМА

Яқинда ГПУ органи томонидан «Қизил Ўзбекистон» газетаси ва «Муштум» журнали редакциясида ишлайдиган ўғлим Абдулла Қодирий қамоққа олинди. Унинг қамалиши мен ва бутун оиламиз аъзолари учун оғир зарба бўлди, негаки биз ўғлимиз қандайдир жиноят орқасидан қамоққа тушади деб, ҳеч қачон хаёлимизга келтирмагандик. Агар у қандайдир хато қилиб қўйган бўлса, буни, менинг фаҳмимга, унинг ҳаддан ташқари ёшлигидан, тажрибасизлигидан ёки аниқроғи бошқа одамларнинг таъсирига берилишидан келиб чиққан деб тушунмоқ жоиз.

Менимча, унинг гуноҳи унчалик азим эмас, қолаверса, у бунинг чун қамоқда ўтириб етарлича жазосини олди. Сизга астойдил мурожаат қилиб, унинг ишини тез орада кўриб чиқишингизни ўтиниб илтимос қиламан, чунки мен ва бутун оилам қаттиқ хавотирда. Кун ва тунларни кўз ёши билан ўтказмоқдамиз.

Тошкент. Эски шаҳар. 1926 йил апрелининг 2-куни».

Энди ўғли билан дийдор кўришишга рухсат берарлар. Болагинам эсонмикан. Кўнглида боласига айтадиган гаплари шунчалик кўпки, фақат кўрса бас. Ўғли билан хаёлан суҳбатлашиб юрган онага бирдан совуқ хабар келтиришди. «Абдулла очлик эълон қилган эмиш. Икки ҳафтадан буён туз ҳам тотимасмиш». Жосият биби ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиган кайвони сифат бўлса-да, бу нохуш хабар уни тамом йиқитаёзди. Нуқул кўз ўнгида ўғлининг ҳорғин-беҳол чеҳраси гавдаланаверди. Жосият биби уввос тортиб йиғлаб юборди. «Воҳ шўрпешона болам-а. Не гуноҳларинг учун бу азобларни чекасан-а». Она аянчли кўз ёшларига кўмилиб турган пайтда эшикдан норғул бир киши кўринди. Кўзи илғамади. Яқинроқ келиб салом берганидан сўнг таниди. Ғулом Зафарий. Асли қўқонлик бўлган бу киши Тошкентга анча илгари кўчиб келган ва Эшонгузар маҳалласидан қўним топганди. Қодирийдан беш-ўн ёш катта бўлса-да, ҳамсуҳбат эди. Ғулом Зафарий бу хонадонга тез-тез бош суқиб турар, ҳатто унинг онаси «Қўқонлик ойи» билан Жосият бибининг борди-келдилари бор эди.

Ғулом Зафарий Жосият бибига ўғли Абдулла билан учраштириш чорасини ўйлаб кўражагини айтиб кўчага йўл олди. Орадан бир оз фурсат ўтгач яна кириб келди. Узун олача қовиқ тўнининг қиссасидан аллақандай қоғоз олиб, Жосият бибига узатди: «Биби бу сизнинг номингиздан ГПУга ариза, мана шу ерга бармоғингизни боссангиз кифоя. Сиз хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Аризани керакли жойга ўзим етказаман. «Хайр. Барака топ, болам! Омон бўлгин», — олқади Жосият биби.

Тошкент шаҳар Бешёғоч мавзеидаги Эшонгузар маҳалласида яшовчи гражданка Жосият Қодировадан
АРЗИҲОЛ

Сизнинг назоратингиз остида сақланаётган ўғлим Абдулла, менга етиб келган миш-мишларга қараганда, очлик эълон қилибди ва қарийб икки ҳафтадан буён оч эмиш. Мен унинг волидаси сифатида бундан қаттиқ хавотирдаман. Шунинг учун менинг оғир руҳий аҳволимни ҳисобга олиб, бечора кампирнинг гапларини инобатга олишларингни сўрайман. Уни ишончли шахслар кафилликка олишини рад этмасангиз. Кўрилган кўрсатма ҳақида хабар беришингизни сўраб қоламан.

1926 йил 3 апрель.

Терговчи аризани қабул қилиб оларкан, унга «ариза Ғулом Зафарий» томонидан тушди» — деб ёзиб қўйишни унутмади. Ҳар ҳолда аниқликка не етсин.

Очликдан беҳоллашган Қодирий назарида гўё узундан-узоқ туш кўраётгандай эди. Турли доирачалар уни оғир хаёллар исканжасига судрар, тушкунлик бағишларди. У шунда бирдан сергакланиб, ўзини дадил тутишга ҳаракат қилар, зўр бериб салқилашган қовоқларини ишқаларди. Тахта сўри устида чилпарчин бўлиб ётаркан, онасини, болаларини эслади. Эслагани сари кўксидан аламли хўрсиник отилиб чиқа бошлади.

Ўрта Осиё ОГПУсига маҳбус Қодировдан
АРЗИҲОЛ

Мени оилам билан учрашувга қўйишларингизни сўрайман. 6 апрель 1926 йил.

Алам, изтиробларга тўла бўлган ушбу аризалар мутасадди кишиларни ҳам бефарқ қолдирмади, албатта. Ғайритабиийроқ маҳбус Абдулла Қодирий ўзининг кутилмаган хатти-ҳаракатлари билан органдагиларни бир оз танг аҳволга солиб қўйди.

Тошоблсуднинг 1926 йил 13 апрелда бўлиб ўтган мажлиси протоколидан (4852-протокол) катнашдилар: Раис Исамуҳамедов, аъзолари: Чалий, Отабоев. Блудоза ва прокурор Наврўзов. Суд аъзоси Отабоев маърузаси тингланди. Унда Жосият бибининг Абдулла Қодирийни кафилликка олишга рухсат сўраб ёзган аризаси кўриб чиқилди.

Абдулла Қодировни кафилликка олишга иш бўйича навбатдаги маъруза тинглангунча жавоб берилмайди.

Жосият бибининг тақдирга тан беришдан бошқа иложи қолмади. У ўзининг илтимослари, ялиниш ва ўтинчлари учун эмас, балки Абдулласининг дийдорини кўролмаганидан алам билан йиғлади. Ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Бироқ, кўнглида бу хўрликларнинг, эзилишларнинг сабабчиси бўлган ўғлига нисбатан заррача бўлсада, гина-кудрат сезмади. Абдулланинг оқлигига ишонди. Шу ишонч хуфтон дилга йилт этган умид учқунларини ташлаб ўтди. Ана шу умидига суяниб кунларни ўтказди…

Тергов ишлари тугагач, Ўзбекистон Давлат прокурори Назаровнинг буйруғига биноан маҳбус Абдулла Қодиров 8 июнда соқчи назорати остида Самарқандга келтирилади. Ниҳоят, ҳам руҳан, ҳам жисман ҳориган адибни тергов қилиш тугай боради. Ахири, сабр косаси тўлган Қодирий ўзига қўйилган айбномаларни бўйнига олар экан, кечган воқеани, эҳтимол юзинчи маротаба такрорлаб, шундай тўхтамга келади. Энди унинг учун бари бир эди: «Ҳарна ёзилғони бир «овсар» тилидан фақат ишчи-деҳқон манфаати кузатилиб айтилган, ҳукумат кишиларига бўлган гаплар ўртоқлик ҳазили, шахсий мазоҳирдир. Олий Судга менинг фақат шахсий адоват орқасида бир ҳолга тушганим яхши англашилди, деб биламан.

Гувоҳ ўртоқ Левченконинг сўзига қараганда, 27-сон «Муштум»нинг дунёга чиқарилишига рухсат берилган, яъни мени мазкур сондаги «Йиғинди гаплар» мақолам судларга илмий ва адабий бўлди, шарҳлаб берганимдек зарарсиз, нафсониятчилар айтган маънода эмасдир, ҳам шундоғ бўлиши табиий. Аммо бир неча шахслар бу мақолани ўзларининг, билмадим, қандоғдир тарозуларига солиб зарарлик топишлари эрса ғаразгўйлик, тирноқ остидан кир излашдан бошқа нарса эмасдир. Қисқача таржимаи ҳолимни баён этиб, сўзимнинг охирида шуни айтмоқчиман: мақолани зарарсиз топиб, босишга рухсат бергучи журнал муҳаррирининг ўзи эди. Бугун ўз лавфзидан қайтиб, виждони олдига қип-қизил ажива бўлғучи, мени қоралағучи ва устимга бошқа бўҳтонларни тақигучи ҳам унинг ўз бўлди. Уч ойлардан бери матбуот саҳифаларида ўринсиз ва бошқа фақат менга қаратилиб бўлган ҳақсиз ҳужумлар, англашилмовчиликлар, бемаза иснодлар ва жим-жималик замзамалар мени кўра олмаган ўша айрим шахсларнинг адоватидандир. Хулоса, адоват мамлакат рангида бўялди.

Сўзимнинг охирида ўзимнинг асли ғоя ва маслаким билан ҳам қисқача таништириб қўяйин: Мен Шарқ озодлиғини ва унинг мазлум пролетариати саодатини фақат ленинизм орқасида вужудга чиқишига ишонган бир кишиман. Бу гапни сизнинг берадиган жазоингиздан қўрқиб эмас, балки, виждоним, имоним тазйиқи остида сўзлайман. Лекин бу озодликдаги чин курашчилар — лавфсиз қўрқоқлар, шахсий адоват орқасида бахт кутгучи майда кишилар бўлолмаслар, аммо ўртоқ Лениннинг соғлом, улуғ, ғазаматсиз, гидирсиз йўлиға томон холис ниятда бел боғлағучи қаҳрамонларғина бўлурлар. Маним ҳақимда ким нима деса десин, лекин мен Маркс ва Лениннинг ҳароратлик шогирдиман, чунки мен Лениндан руҳ олиб, Марксдан илҳомландим. Сўзим охирида адил судлардан сўрайман, гарчи мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар билан, ҳам англашилмовчиликлар орқасида иккинчи оқланмайдурғон бўлиб қораландим. Лоақал уларнинг, қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам менга энг олий бўлғон жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмағон содда, гўл виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди, жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Адил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман» (Абдулла Қодирий нутқини тўлиқ ҳолда мана бу саҳифамизда ўқишингиз мумкин).

Бу Қодирийнинг сўнгги сўзи эди. Энди не қилсалар ихтиёр уларда. Суд уч кун давом этади…

Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми махсус мажлис чақириб, шундай қарор чиқаради:

Ўзбекистон Ижтимоий Шўролар жумҳурияти.

Марказий ижроия қўмитасининг ўлтуришидан 1926 йил 17 июнь.

Самарқанд шаҳри.

Иштирок этганлар (опросом) Райосат аъзолари Охунбобоев, Биксон, Ғозиев, Волик, Икромов, Иванов, Қосимхўжаев, Раҳимий, Мавлонбеков, Строгонов, Челогузов.

Муассасалардан: Олий суд ўрт. Қосимов. Раис: Қосимхўжаев. Котиб: Раҳимий. Тингланди: Ўзбекистон ССР Олий суди шу йил 15-16 июнда суд қилиниб, икки йилга озодликдан маҳрум этилган Абдулла Қодирийнинг қамоқ муддатини ўтамасдан озод қилиб юборилишини сўрайди.

Қарор қилинди: Ўзбекистон ССР Олий судининг илтимоси қондирилсин. Икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Абдулла Қодирий қамоқ муддатини ўтамасдан озод қилинсин! Раис: Қосимхўжаев. Котиб: Раҳимий. Журналнинг тепа қисмига «ЎзССР Олий суди раиси Қосимов Саъдуллага бажариш учун.»

Олий суд раиси Қодирийни қамоқдан озод қилиш ҳақида буйруқ тайёрлайди.

ЎзССР Олий суди, суд коллегиясининг 1926 йил 17 июндаги 1895-рақамли шошилинч буйруғи.

Самарқанд ахлоқ тузатиш уйининг бошлиғига, ЎзССР Олий суди ушбуни олишингиз билан таклиф қиладики, ЎзССР МИК Президиуми авфи билан шу йилнинг 16 июнида судланган маҳбус Абдулла Қодиров дарҳол ОЗОД ҚИЛИНСИН. (шу йилнинг 17 июнидаги журнали).

ЎзССР Олий суди раиси (Қосимов)

Суд коллегияси котиби (Сахаров).

Буйруққа ахлоқ тузатиш уйининг бошлиғи «Қодирий 17 июнь соат 15.00 да озод этилди», деб резолюция қўйган.

Ҳақиқат озод бўлганди, Адолат озод бўлганди. Бироқ, буларнинг бари не-не изтиробларнинг самараси ўлароқ қарор топди.

Навқирон йигит, навқирон ёзувчи уйига, элига қайтади. Энди у ҳаёт тўғрисида, одамлар ҳақида тиниқроқ мушоҳада юрита бошлайди. Бўлиб ўтган воқеаларнинг алами гоҳида юрак-юракни тирнаса-да, бора-бора ижоднинг сирли оғушига шўнғир экан, бариси унут бўлгандай. Даҳшатли туш сингари ундан узоқлашгандай. Тақдир вақтинча бўлса-да, бу гал Қодирийдан мурувватини аямаганди. Ёзиш имкониятининг қадрини яхши англаган ёзувчи кўп ўтмай, ўз халқига навбатдаги гўзал романларини ҳадя этди. Ҳа, ёзувчи бўлиш қийин, Қодирий бўлиш эса ундан қийинроқ! Унинг ҳал қилиши, улгуриши зарур бўлган ишлари кўп эди. Барига улгуриш лозим, чунки 1937 йил яқинлашмоқда эди.

1937 йил… Бу даъфа у қайтмади. 1937 йили унинг бошига ёғилган туҳмат балолари ўзбек халқидан буюк ўғлини тортиб олди! Улуғ ёзувчимиз бошидан кечирган кейинги савдолар ўзи бир қисса.

Манба: “Ёш ленинчи” газетасининг 1988 йил 4 февраль сони

03410 aprel — O’zbek  romanchiligining asoschisi Abdulla Qodiriy tavallud topgan kun

ABDULLA QODIRIY:
IYMONIM TAZYIQI OSTIDA SO’ZLAYMAN
Abror Xidirov
034

Halol odamni ta’qib etish mumkin, ammo uni badnom qilib bo’lmaydi.

F. Vol`ter.

…Ming to’qqiz yuz yigirma oltinchi yilning marti. Qantar og’gan mahal. Izg’irinning dami qaytgan. Saf-saf yastangan maysalar ayozning «muvaqqat qahriga» isyon ko’targuday. Ariqlardan oqayotgan suv o’zidan oppoq bug’ chiqargancha allaqayoqlarga shoshiladi. Yerdan hovur ko’tariladi. Dov-daraxtlar ham bu o’zgarishlarni ajablanib kuzatayotganday.

Nomozshom… Osmonning huv chetidan ro’dapo bulut sudralib kelayotir.

Toshkentning Beshyog’och mavzeidagi Eshonguzar mahallasidagi odamlar ham turmush tashvishlarining zalvorli yuklarini yelkalariga ortmoqlagancha tabiatdagi bu uyg’onishni goh payqab, gohida payqamay turtinib, surtinib uylariga oshiqadilar. Odamlar oqimi ichidan o’rta bo’y, xushbichim, qorachadan kelgan va tim qora ko’zlarida mubham bir ifoda qotgan, kiyimlari esa o’ziga yarashiqlig’, parishonxayol yigit o’tib boradi. Tizginsiz xayollar o’z og’ushiga olgan bu kishi — elning sevimli yozuvchisi Abdulla Qodiriy. U yon veridan o’tayotgan tanish notanishlarning bosh irg’aganini goh ilg’aydi — gohida yo’q. Negadir bugun diltang. Yo’q, aftidan ishlarning bari maromida. «O’tgan kunlar» qo’lma-qo’l o’qilmoqda, ichakuzdi fel`etonlar, hajviyalar peshma-pesh «Mushtum» yuzini ko’rmoqda. Biroq, ularning bari uni hali to’la qanoatlantirmasdi. Xayolida charx urayotgan fe’l-atvorlar, qiyofalar va voqealar tizmasi uni tuganmas beoromlik girdobiga tortib ketardi. Ha, Qodiriy bo’lajak romanning «to’lg’oq azob»larini boshidan kechirardi. Qolaversa, davr barcha ziddiyatlarni yuzaga chiqargan, bu ziddiyatlarni hal etishda esa mavqelarni, maslaklarni belgilash muhim edi. Bu qarama-qarshiliklar shaxslarda yanada murakkabroq tomonlari bilan aks etar va ularni sinfiy kurash degan po’rtanaga tortib ketardi. Yangi hayot sari yo’l ko’p og’irliklar ustidan solinayotgandi. Qodiriy ana shunday o’y xayollar og’ushida uyiga qanday yetib kelganini sezmay qoldi. Bo’sag’a hatlab o’zini uyga olarkan, kayfiyatidagi miskinlik tumandayin tarqab ketdi.

Anchayin keksayib qolgan munisgina onasi Josiyat bibi tevaragida chug’urlashib o’ynashayotgan bolalari Nazifa, Habibulla va Adibani ko’rib mehri iydi. Yostiqdoshi Rahbar esa qimtinibgina ro’zg’or ishlari bilan kuymanib yuribdi. Bir zumda uy quvnoq shovqinga to’lib ketadi. Ona uchun bolalarini shu holatda ko’rishdan ortiqroq baxt yo’q. Bolalari bilan tillashayotgan o’g’liga qarar ekan, uning ko’zlarida allaqanday horg’inlikni ko’rganday bo’ldi. Ha, tashvishi ko’p. So’ng ona xonadonning kamolini tilab pichirlab duo qiladi. Abdullam elning xizmatida. El ulug’lagan odam kam bo’lmaydi. Bolalari baxtiga omon bo’lsin. Bari ham orqamda qolishsinda egam!»

Eh, onalarning duolari hpr doim ijobatga o’tsa bormi, bu dunyoda g’amxonaning o’zi bo’lmasdi. Nadomatlar bo’lsinki, gohida voqealar rivoji o’zgacha kechadi. O’sha kech Qodiriy bolalarini erkalab turgan pallada uning atrofida qabohat ko’lankasi tentirar, derazalaridan yorug’lik va quvonch yog’ilib turgan xonadonga qanday suqulishni bilmay garang edi. Asabiylashgan ko’lanka daydi shamol ko’magida o’zini oppoq parda tutilgan derazaga urar va uni zir titratishdan nariga o’tolmay xunobi oshardi. Yo’q, qabohatning jirkanch qo’llari uzun va behisob ekan. Ana, nihoyat, eshik to’satdan qattiq taqillaydi. Negadir, yuragini noxush o’ylar g’ijimlay boshlagan Josiyat bibi o’g’li Abdullaga qaradi. Onaning xavotirlanganini ko’rgan Abdulla yelkasiga to’nini olganicha shosha-pisha eshikka yo’naldi. Oradan o’tgan bir zum Josiyat bibi uchun juda uzoq ko’rindi. Va nihoyat o’g’li uch kishini boshlab kirdi, rangi bir oz o’chinqiragan. Kutilmagan mehmonlarning tashrifi hammani tang qoldirgandi. Kitel` kiygan, yuzlari zahil birisi Qodiriyga yuzlanib:

— Bo’la qoling, buyruq shunday — deydi rasmiy, yoqimsiz ovozda. — Ha, darvoqe, mana bu sizni qamoqqa olishim kerakligi haqida order.

Nelar bo’layotganini unchalik anglay olmagan Qodiriy orderga ko’z yugurtirdi:

«32 Order.
1926 yilning 8 martida xodim Kurmanovga berilgan.
Grajdanin Abdulla Qodirov qamoqqa olinsin va tintuv o’tkazilsin. Adres: Toshkent shahrining Beshyog’och qismidagi Eshonguzar mahallasi».

Badaniga chumoli o’rmalaganday bo’ldi. «Bu yerda qandaydir anglashilmovchilik bo’lganga o’xshaydir. Yo’q. Unda nega bular menga bundayin muomalada bo’ladilar. Nega?.. Bolalari Nazifa va Habibulla Josiyat bibining pinjiga tiqilganlaricha, «begona amaki»larga qarab-qarab qo’yishardi. Qodiriy og’ir nigohlarini yerdan olib, qo’zg’alarkan, onasiga:

— Onajon, bu yerda qandaydir tushunmovchilik bo’lganga o’xshaydi. Men buni aniqlab tezda qaytaman. Xavotir bo’lmanglar, — deydi. Qodiriy eshikka yetganida orqasiga qayrilib qaradi. Afsus, balki qaramaganida osonroq bo’larmidi. Uning ko’z o’ngidan hozirgina ko’rgani, burchakda siqilishibgina turgan pajmurda onasi va mushtipar xotini bolalarini quchoqlaganicha unsizgina yum-yum yig’layotgani ancha mahalgacha ketmadi. Ikki mushtipar ayol va uch norasida o’z ohiga o’zi o’ralib qolaverdi. Yarim tunga borib qattiq momaqaldiroq osmonning chokini so’kib yubordi. Shivalab yomg’ir yog’a ketdi. Haligina bu baxtli oilaning quvonchiga shodon tikilib turgan deraza ko’zlaridan yomg’ir tomchilari, bamisoli ko’z yoshidek oqa boshladi…

* * *

O’sha mash’um kechada voqealar shunday kechgan bo’lsa, ne tong. Qo’limda o’sha ziddiyatli kurashlarga to’liq davrning guvohi bo’lmish hujjatlar… Yillar o’z muhrini bosgan sahifalarni varaqlar ekansan, sen uchun mo»tabar bo’lgan insonning mudhish taqdiri haqidagi voqealar ko’z oldingga, o’zining barcha fojialari bilan qalqib-qalqib chiqaveradi.

20-yillardan buyon o’tgan fursat tarix uchun bir soniya. Biroq, bu davrda kechgan voqealar o’zining sirliligi va mavhumligi bilan bizdan anchayin uzoqda. Hanuz mavhumlik o’z changalida tutib turgan taqdirlar to’g’risidagi ishlar talay. Bugungi avlod haqiqatni bilishi shart. Bu davr taqozosi. Qolaversa, axir, buni nohaqdan zavol topgan taqdirlar so’raydi, bizdan.

Ana shunday odamlar orasida Abdulla Qodiriy ham bor. Qodiriyning o’z qo’llari bilan yozgan iltimosnomalarini, ko’rsatmalarini qalbda alam, ko’zda yosh bilan o’qir ekansan, shunda ulug’ yozuvchi oldidagi buyuk qarzdorlik hissi mudroq ongingga tig’ kabi sanchila boradi. Uzib bo’lmas qarzni uzish qiyin. Kech bo’lsada, o’talmagan burchning armonlari dilni ezadi.

Qodiriy haqida so’z aytish — juda mas’uliyatli ish. Biroq, yozuvchi hayotining ba’zi tomonlarini boyituvchi hujjatlarini o’rganar ekanman, burchim yuzasidan bu haqda o’quvchilarga hikoya qilib berish uchun o’zimda jur’at sezdim. Zero, Qodiriy haqidagi har bir kalomni o’quvchilar intiq kutishi, shubhasiz. Bas, shunday ekan, ulug’ san’atkor haqida bir-ikki og’iz yangi gap aytish dilga taskin beradi.

Shunday qilib, suronli ming to’qqiz yuz yigirma oltinchi yilning mart oyi…

* * *

«O’rta Osiyo GPUsining xodimi Kurmanov tomonidan hibsga olingan grajdanin Abdulla Qodiriyning uyida 1926 yil 8 martdagi GPUning 32-orderiga asosan tintuv o’tkazildi. Tintuv o’tkazishda qatnashuvchilar: Shosaidov Shotursun, Muhamedov, Teregulov hamda Abdulla Qodiriyning o’zi.

OGPU olib ketish uchun quyidagi hujjatlar musodara qilindi:

1. Musulmon tilidagi har xil yozishmalar bir yuz qirq ikki (142) varag’;
2. 3 kitob: 1. Baxtsiz kuyov; 2. «Juvonboz»;
3. Abdulla Qodiriyning o’zbek tilidagi asarlari; …
4. Yusuf Oqchurinning turk tilidagi «Yevropada ijtimoiy-siyosiy qarashlar» asari.

Tintuv o’tkazdi: Kurmanov.

Protokol nusxasini oldim: A. Qodiriy».

Shundan so’ng tergov organlari ish boshladi. Sud organlari tomonidan A. Qodiriy shaxsi sinchiklab o’rganila boradi. Ana shu tergov organlarining «xolis xizmati» tufayli Qodiriyning o’zi tomonidan to’lg’azilgan anketalarning va ko’rsatmalarning asl nusxalari saqlanib qolgan. Anketadagi yozuvlar Qodiriy tarjimai holiga aniqlik kiritadi degan maqsadda uni to’liq holda keltiramiz. (Anketa ruscha to’ldirilgan).

«Qodirov Abdulla, O’zSSR grajdani, millati o’zbek, doimiy qayd qilingan joyi Toshkent shahri. 1896 yil 15 mayda tug’ilgan, 30 yoshda. Uy ma’lumoti bor. Qaramog’ida: xotini Rahbar — 30 yoshda, qizi Nazifa — 9 yoshda, o’qiydi, o’g’li Habibulla 7 yoshda, qizi Adiba (anketada Aqiba deb yozilgan — A. X.) — 3 yoshda, onasi Josiyat — 65 yoshda. Partiyasiz. Hunari duradgorlik (toqichilik). Xususiy ustaxonalarda yollanib ishlagan. Oktyabr` inqilobidan to 1918 yilgacha Eski shahar ozuqa komitetida sarkotiblik qiladi. 1918 yildan 1920 yilgacha eski shahar kasabalar sho’rosida sarkotiblik vazifasini bajargan. 1920 yildan 1923 yilgacha TKPning agitprossida ishlaydi. Mansabi yo’q. Xizmat qilib kun kechirgan. Uyi bor. Ma’muriy yoki sud javobgarligiga tortilmagan. Harbiy majburiyatga munosabati — yo’q.

1926 yil 8 martda GPU tomonidan uyida hibsga olingan. So’roqqa chaqirilmagan. Aybnoma berilmagan. Qamoqqa olishdan ilgari yashash joyi. Toshkent shahar, Beshyog’och Eshonguzar mahallasi»
(48) Arab imlosida Abdulla Qodiriy imzosi 1926 yil 8 mart».

To’satdan qamoqqa olingan Abdulla Qodiriy qaysi gunohlari uchun bu «sharmandali o’yinga» tushib qolganligini anglolmay iztirob chekardi. Kechagina asarlari qo’lma-qo’l o’qilayotgan, barcha tavoze bilan hurmatini joyiga qo’yadigan Julqunboy qip-qizil teskarichi bo’lib chiqsa-ya. Endi odamlarning ko’ziga qanday qaraydi. Ne degan odam bo’ldi. Qorong’i zax xonaning u yonidan bu yog’iga yurar ekan, miyasini faqat bir savol burovga olaverardi. «Ne yozig’im uchun? Ne yozig’im uchun bunday jazoga loyiqman?» Devorlar gung edi, olam gung edi.

Qodiriyning o’tirsa o’rni, yursa yo’li kuyib, butun kechmishini sarhisob qilar, ko’zga ilgulik ayb topolmay yanada hunobi oshardi. Bunday kundan ko’ra o’lim avlo emasmu? Yo’q, men ahli turobga qo’shilib ketishdan cho’chimasmen, lekin dilni mendan so’ng qoladirg’on tavqu la’nat toshini bukchaygancha ortmoqlab yurgan jigarbandlarimning ohi ezadir. Hammadan onamga, bolalarimga jabr bo’ldi. Eh, bu peshonada hali qanday ko’rguliklar bor. Ne bo’lsa ham ishga aniqlik kiritmoq lozim. Nega meni hech kim yo’qlamaydur. So’rovga chaqirishsa ham bir navi edi-ya. Uf-f… Aqldan begona bo’lish hech gap emas. Bular to o’zimni-o’zim yeb bo’lguncha tomoshabin bo’larmikan? Nahot, bu la’nati tomosha men uchun naqadar qimmatga tushayotganini fahmlashmasa? Darvoqe, bugun qaysi kun? Agar xotiram pand bermasa, martning yigirma ikkinchisi. Mana, qamoqda saqlanayotganimga ham qariyb ikki hafta bo’layapti. Vo darig’o, nahot bari endi abas bo’lsa…

Og’ir iztiroblar to’lqini yozuvchini o’z bag’riga ola ketadi. Axiri, asab torlari tarang tortilgan Qodiriy zil-zambil eshikni zarb bilan ura boshladi. Uning butun nafrati mushtiga tugilib, kuchli zarba bilan og’ir eshikka tushayotgandi. Qodiriyning nazarida olamni tutib ketayotgan ana shu zarba ovozlarini o’zidan boshqa hech kimsa eshitmayotganday edi. Behud bo’lgan Qodiriyning qo’llari behol sirg’alib tushdi. Uning qalbini bir zumda zabunlik hissi chulg’adi. Nahot, meni hech kim eshitmasa?

Shu payt qadam tovushi quloqqa chalindi. Ro’yomikan? Yo’q, qadam tovushi borgan sari yaqinlashib kelardi. Shukur, eslariga olishibdi. Eshik oldida qadam tovushlari tindi. Oldin maxsus teshikchadan nazoratchi qaraydi. Qodiriy nazarida teshikdan unga tikilayotgan ko’z tobora kattalashib borayotganday edi. Uning negadir shu ko’zda yashiringan ifodani juda-juda bilgisi keldi. Ammo bularning bari bir zumda tugaydi. Ko’z yo’qoladi. Teshikcha yopiladi. Zum o’tmay eshik shiqirlaydi. Qo’llari asabiy titrayotgan yozuvchining birinchi gapi «Meni tergovga chaqirishlaringizni so’rayman» bo’ldi.

Tashqarida esa hayot o’z maromida davom etar, kimdir bozorda arzon bahoga urib olgan molini hamrohiga maqtar, kimdir tirikchilik tashvishida sarson tentirar, xullasi hamma o’zi bilan o’zi ovora edi.

Bularning birortasi ham oralaridan yakkayu yagona bo’lgan Julqunboyning yo’qolib qolganini sezmaydi, sezishni istamaydi.

Hayot o’z maromida davom etaveradi…

GPU komendantiga mahbus Abdulla Qodirovdan
ARIZA

Shu yilning 8 martida hibsga olindim va hanuzgacha nazorat ostida qamoqda saqlanib kelinmoqdaman. Haligacha so’roqqa chaqirilganim yo’q. Umuman, ne gunohlarim uchun ayblanayotganligim men uchun qorong’u. Zarracha bo’lsa-da, o’zimni qora sezayotganim yo’q, shunday bo’lsada, mening ishim kimda ekanligini aniqlab, zudlik bilan tergovga chaqirishlaringizni so’rayman. Aks holda, o’zimni qurbon qilsam-da, 24-martdan boshlab ochlik e’lon qilaman.

A. QODIROV,

22 mart, 1926 yil.

Qodiriyning arizasi inobatga olinib, so’roqqa chaqiriladi. Tergovda u o’zi haqidagi bor haqiqatni aytadi. Boshqacha bo’lishi ham mumkin emasdi. Chunki u adlu dodga erishish uchun kurashni boshlagandi. Azaldan ham unga bu yo’lda haqiqat hamishalik hamroh bo’lgan. Shuning uchun ham Qodiriy protokol so’roqlariga javob berar ekan, ochiq so’zlaydi. So’rov 1926 yilning 24 martida GPU maxsus bo’limi vakili Agidullin tomonidan olib boriladi.

Qodiriyga tergov jarayonidan anglashila boradiki, unga qarshi qo’zg’alayotgan aybnomaga asos bo’lgan ashyoviy dalil yaqinda «Mushtum» jurnalida e’lon qilingan «Yig’indi gaplar» maqolasi ekan. Yozuvchi maqolani boshdan oyoq esga olar ekan, unga bunchalik teskari tus beriladi deb hech o’ylamagandi. (Bu maqola bilan bog’liq butun tafsilotlar Habibulla Qodiriyning «Yoshlik» jurnalining 1987 yil 11-sonida e’lon qilingan. «Fel`eton qiroli yoki o’z elining maxsus muxbiri» nomli xotiralarida yaxshi yoritilgan).

Ish shu tariqa jiddiy tus ola boradi. Tergovchilar har bir mayda «detal»larigacha ahamiyat berib sinchkovlik bilan aybnomalarni to’ldirib borishar, ishga doir hujjatlar kundan-kun ko’payib borayotgandi. Gumonlar, shubhalar, o’rgimchak inidek odamlar qalbini chirmab olayotgan davr. Kishilarda bir-biriga ishonchdan ko’ra, badgumonlik kuchliroq. Gumon va hadikka to’la hayot…

AYBNOMA

Abdulla Qodirov «Mushtum» jurnalining muharrir yordamchisi lavozimida ishlagan. O’z vazifasidan foydalangani holda muharrirning qat’iy taqiqiga qaramay jurnalning 27-sonida «Yig’indi gaplar» maqolasini bostirgan. Mohiyati jihatidan mazkur maqola ochiqdan-ochiq O’zbekiston hukumati va Kompartiyasining rahbarlarini obro’sizlantirish hamda shu bilan birga Kommunistik partiyaning muhim tadbirlarini tanqid qilish va masxara qilish ruhi bilan yozilgan. Muallif shubhasiz bu maqolani aksilinqilobiy maqsadlarda foydalanish uchun keng yoyishga uringan.

Bu jinoiy hatti-harakat O’zbekiston Jinoyat protsessual kodeksining 72 va 105-moddasining 1-bandiga muvofiq ko’rib chiqilsin. Aybnoma protokolini tuzuvchilar Agidullin va Belskiylar.

Aybnoma Qodiriyga 24 martda beriladi. Unga Abdulla Qodiriy «O’zimni aybdor deb tan olmayman» deya imzo chekkan.

Tergov jarayonida Qodiriy ishiga taalluqli yangi yangi «dalillar» topila boradi. Qodiriy tomonidan tahrir qilib tushirilgan «Bon-bon» maqolasi ham ana shunday ashyoviy «dalillar» sirasiga kiritildi. Aybnomada ko’rsatilishicha, mazkur material ham muharrir tomonidan bosishga yaroqsiz deb topilgan. Biroq, Qodiriy redaktor rezolyutsiyasini o’chirib, uning sof mohiyatini soxtalashtirgan va bosmaxonaga topshirib yuborgan. Uning bu jinoiy hatti-harakati jinoyat kodeksining 116-moddasiga binoan 128, 129, 142-moddalarga amal qilingan holda ko’rib chiqilsin. Qodiriyga esa qo’shimcha aybnoma berilsin.

3 aprelda berilgan bu aybnomaga ham Qodiriy «o’zimni aybdor deb tan olmayman» deya imzo chekadi.

Aybsiz aybdorlikning xo’rliklari uzoq, ko’zyoshlari achchiq. Nohaq tuhmatning toshi esa naqadar og’ir. Nima qilsin. Haqligini qanday isbotlasin. Kun ora ishga unga qarshi bo’lgan ashyoviy dalillar va jonli guvohlarning ko’rsatmalari qo’shilaverar, tergovchi ham ularni yig’ishdan zerikmasdi. Mana Qodiriyning jinoiy ishiga tirkalgan ashyoviy dalillar:

1. «Mushtum» jurnalining 27-sonida joylashgan «Yig’indi gaplar» maqolasining qoralamasi.

Muallif A. Qodirov.

O’sha maqolaning asl nusxasi.

2. «Mushtum» jurnalining 28-sonida «Bon-bon» nomi bilan bosilgan maqolaning asl nusxasi. Muallif Xurshid «Mushtum» jurnali 27-soni «Yig’indi gaplar» maqolasining korrekturasi.

Tergov paytida Qodiriyning ko’pgina hamkasabalari va do’stlari guvoh sifatida chaqirilgan edilar.

Bular tergovga o’z ko’rsatmalarini berar ekan, shunda ko’zlari Qodiriyning ko’zlariga duch kelishidan juda cho’chishgan bo’lishlari kerak. Achchiq zaharxanda va nafratga to’la bu ko’zlarga boqish ular uchun qiyin edi. Chunki ular Qodiriy bilan yaqin-yaqingacha do’st, hammaslak edilar. Endi esa ikki o’rtada tubsiz jarlik paydo bo’lgan. Qodiriy sobiq do’stlariga tikilarkan, nahot qo’rqoqlik kishini shunday ojiz, notavon qilib qo’ysa-ya, afsus. Vaqt har qanday jarohatga ham muolaja bo’lishi mumkin. Biroq eng yaqin kishilaring qalbingga yetkazgan jarohatni bitkazish… deya o’ylardi.

Bir-biriga gal bermay so’ylayotgan guvohlar va miskin kayfiyatda o’tirgan aybdorning keyinroq bir girdobga tushib, zavol topishini hali hech kim bilmasdi, bilolmasdi. Yo’q, ular yomon odamlar emasdi. Ularda bilim ham, o’quv ham, saviya ham yetarli edi. Biroq…

Hozircha hamma bu girdobdan qutilish payida edi.

Hammadan ko’ra, Josiyat bibiga qiyin bo’ldi. Onaizorning ohu-fig’onlari olamni tutgan. Ko’zining nuri, belining quvvati Abdullasini olib ketganlaridan buyon kamgap bo’lib qolgan. Bir tutamgina bo’lib burchakda qarog’idan biror mujda kelarmikan, deb eshik poylaydi. Eshik tiq etsa yuragi hapriqadi. Aksiga olib uylaridan birin-ketin tanishlarining ham oyog’i tortila boshlaydi. Na iloj, ko’rgulikda! Bechora ona, tunu kun osmonga iltijolar qiladi. Duolari ijobatga olinishiga ishonadi. Tundan bir oz hadik oladigan bo’lib qolibdi. Nazarida, deraza va eshiklardan qorong’ulik xuddi ana u uch kishidek bostirib kelaveradi. Kampir qush uyqu. Bir kun kechqurun ko’zi andak ilinib tush ko’ripti. Emishki, tushida Abdulla uyga kelayotganmish, egnida oq ko’ylak, oq lozim, oyoqlari yalang. Kularmishu, tovushi chiqmas emish. Uylariga yaqinlashganida, qaerdandir juda bahaybat qora ho’kiz paydo bo’libdi-yu, bolaginasiga tashlanipti. Abdulla o’ngga-so’lga qochibdi. Qayda, orqadan ho’kiz yaqinlasha boshlabdi. Kallasi xumday, ko’zlari kosasidan chiqquday. Ho’kiz har pishqirganida, og’zi-burnidan oq ko’pik o’rniga qopqora qon otilarmish. Ho’kiz o’g’liga yetay deganida, Josiyat bibi o’rnidan sapchib turib ketdi. Tuf-tuf, ko’kragiga tufladi. Haytovur, tushim ekan, yorug’likka bo’lsin, ishqilib». Qaytib ko’ziga uyqu kelmadi. Tuni bilan o’g’lini, uning norasidalarini o’ylab tongni oqladi.

Ertalab kelini Rahbarga o’g’lini ko’rishi zarurligini aytib yorildi. Qaynonasining ajinlari yanada quyuqlashgan yuziga qararkan, kelinning xo’rligi keldi. Qanday o’ktam ayol edi-ya. G’am ezib qo’ydi. Rahbar qaynonasini eshikdan kuzatib qoldi. Qo’lida tuguncha ushlab olgan parishon kampirni nigohlari bilan uzatdi. Eshikni yopar ekan, ichidan gumirib kelgan xo’rsiniq yig’i bo’lib otildi.

Bahor esa hech narsadan xabarsizday olamni bezash bilan ovora. Qodiriylar bog’i ham oppoq gullarga burkangan. Bu gullar ichida bolarilar kuni bilan bozor qiladi. Qushlar esa bir-biriga basma-bas mast sayrashadi. Bahor xuddi ular uchun kelganday shodon bazm qurishadi. Lekin ular bir narsani anglashdan mahrum. Axir, shu hovlida bahorni eng intiq kutgan inson borligini, usiz bahor, bahorsiz u yetim bo’lib qolganini ular bilmasdi…

«O’rta Osiyo OGPU muxtor vakiliga Toshkentdagi OGPU nazorati ostidagi maxbus grajdanin Abdulla Qodirovning onasi Josiyat bibi Abulqodir xotini tomonidan
ILTIMOSNOMA

Yaqinda GPU organi tomonidan «Qizil O’zbekiston» gazetasi va «Mushtum» jurnali redaktsiyasida ishlaydigan o’g’lim Abdulla Qodiriy qamoqqa olindi. Uning qamalishi men va butun oilamiz a’zolari uchun og’ir zarba bo’ldi, negaki biz o’g’limiz qandaydir jinoyat orqasidan qamoqqa tushadi deb, hech qachon xayolimizga keltirmagandik. Agar u qandaydir xato qilib qo’ygan bo’lsa, buni, mening fahmimga, uning haddan tashqari yoshligidan, tajribasizligidan yoki aniqrog’i boshqa odamlarning ta’siriga berilishidan kelib chiqqan deb tushunmoq joiz.

Menimcha, uning gunohi unchalik azim emas, qolaversa, u buning chun qamoqda o’tirib yetarlicha jazosini oldi. Sizga astoydil murojaat qilib, uning ishini tez orada ko’rib chiqishingizni o’tinib iltimos qilaman, chunki men va butun oilam qattiq xavotirda. Kun va tunlarni ko’z yoshi bilan o’tkazmoqdamiz.

Toshkent. Eski shahar. 1926 yil aprelining 2-kuni».

Endi o’g’li bilan diydor ko’rishishga ruxsat berarlar. Bolaginam esonmikan. Ko’nglida bolasiga aytadigan gaplari shunchalik ko’pki, faqat ko’rsa bas. O’g’li bilan xayolan suhbatlashib yurgan onaga birdan sovuq xabar keltirishdi. «Abdulla ochlik e’lon qilgan emish. Ikki haftadan buyon tuz ham totimasmish». Josiyat bibi hayotning achchiq-chuchugini totigan kayvoni sifat bo’lsa-da, bu noxush xabar uni tamom yiqitayozdi. Nuqul ko’z o’ngida o’g’lining horg’in-behol chehrasi gavdalanaverdi. Josiyat bibi uvvos tortib yig’lab yubordi. «Voh sho’rpeshona bolam-a. Ne gunohlaring uchun bu azoblarni chekasan-a». Ona ayanchli ko’z yoshlariga ko’milib turgan paytda eshikdan norg’ul bir kishi ko’rindi. Ko’zi ilg’amadi. Yaqinroq kelib salom berganidan so’ng tanidi. G’ulom Zafariy. Asli qo’qonlik bo’lgan bu kishi Toshkentga ancha ilgari ko’chib kelgan va Eshonguzar mahallasidan qo’nim topgandi. Qodiriydan besh-o’n yosh katta bo’lsa-da, hamsuhbat edi. G’ulom Zafariy bu xonadonga tez-tez bosh suqib turar, hatto uning onasi «Qo’qonlik oyi» bilan Josiyat bibining bordi-keldilari bor edi.

G’ulom Zafariy Josiyat bibiga o’g’li Abdulla bilan uchrashtirish chorasini o’ylab ko’rajagini aytib ko’chaga yo’l oldi. Oradan bir oz fursat o’tgach yana kirib keldi. Uzun olacha qoviq to’nining qissasidan allaqanday qog’oz olib, Josiyat bibiga uzatdi: «Bibi bu sizning nomingizdan GPUga ariza, mana shu yerga barmog’ingizni bossangiz kifoya. Siz xavotir olmasangiz ham bo’ladi. Arizani kerakli joyga o’zim yetkazaman. «Xayr. Baraka top, bolam! Omon bo’lgin», — olqadi Josiyat bibi.

Toshkent shahar Beshyog’och mavzeidagi Eshonguzar mahallasida yashovchi grajdanka Josiyat Qodirovadan
ARZIHOL

Sizning nazoratingiz ostida saqlanayotgan o’g’lim Abdulla, menga yetib kelgan mish-mishlarga qaraganda, ochlik e’lon qilibdi va qariyb ikki haftadan buyon och emish. Men uning volidasi sifatida bundan qattiq xavotirdaman. Shuning uchun mening og’ir ruhiy ahvolimni hisobga olib, bechora kampirning gaplarini inobatga olishlaringni so’rayman. Uni ishonchli shaxslar kafillikka olishini rad etmasangiz. Ko’rilgan ko’rsatma haqida xabar berishingizni so’rab qolaman.

1926 yil 3 aprel`.

Tergovchi arizani qabul qilib olarkan, unga «ariza G’ulom Zafariy» tomonidan tushdi» — deb yozib qo’yishni unutmadi. Har holda aniqlikka ne yetsin.

Ochlikdan behollashgan Qodiriy nazarida go’yo uzundan-uzoq tush ko’rayotganday edi. Turli doirachalar uni og’ir xayollar iskanjasiga sudrar, tushkunlik bag’ishlardi. U shunda birdan sergaklanib, o’zini dadil tutishga harakat qilar, zo’r berib salqilashgan qovoqlarini ishqalardi. Taxta so’ri ustida chilparchin bo’lib yotarkan, onasini, bolalarini esladi. Eslagani sari ko’ksidan alamli xo’rsinik otilib chiqa boshladi.

O’rta Osiyo OGPUsiga mahbus Qodirovdan
ARZIHOL

Meni oilam bilan uchrashuvga qo’yishlaringizni so’rayman. 6 aprel` 1926 yil.

Alam, iztiroblarga to’la bo’lgan ushbu arizalar mutasaddi kishilarni ham befarq qoldirmadi, albatta. G’ayritabiiyroq mahbus Abdulla Qodiriy o’zining kutilmagan xatti-harakatlari bilan organdagilarni bir oz tang ahvolga solib qo’ydi.

Toshoblsudning 1926 yil 13 aprelda bo’lib o’tgan majlisi protokolidan (4852-protokol) katnashdilar: Rais Isamuhamedov, a’zolari: Chaliy, Otaboev. Bludoza va prokuror Navro’zov. Sud a’zosi Otaboev ma’ruzasi tinglandi. Unda Josiyat bibining Abdulla Qodiriyni kafillikka olishga ruxsat so’rab yozgan arizasi ko’rib chiqildi.

Abdulla Qodirovni kafillikka olishga ish bo’yicha navbatdagi ma’ruza tinglanguncha javob berilmaydi.

Josiyat bibining taqdirga tan berishdan boshqa iloji qolmadi. U o’zining iltimoslari, yalinish va o’tinchlari uchun emas, balki Abdullasining diydorini ko’rolmaganidan alam bilan yig’ladi. O’ksinib-o’ksinib yig’ladi. Biroq, ko’nglida bu xo’rliklarning, ezilishlarning sababchisi bo’lgan o’g’liga nisbatan zarracha bo’lsada, gina-kudrat sezmadi. Abdullaning oqligiga ishondi. Shu ishonch xufton dilga yilt etgan umid uchqunlarini tashlab o’tdi. Ana shu umidiga suyanib kunlarni o’tkazdi…

Tergov ishlari tugagach, O’zbekiston Davlat prokurori Nazarovning buyrug’iga binoan mahbus Abdulla Qodirov 8 iyunda soqchi nazorati ostida Samarqandga keltiriladi. Nihoyat, ham ruhan, ham jisman horigan adibni tergov qilish tugay boradi. Axiri, sabr kosasi to’lgan Qodiriy o’ziga qo’yilgan aybnomalarni bo’yniga olar ekan, kechgan voqeani, ehtimol yuzinchi marotaba takrorlab, shunday to’xtamga keladi. Endi uning uchun bari bir edi: «Harna yozilg’oni bir «ovsar» tilidan faqat ishchi-dehqon manfaati kuzatilib aytilgan, hukumat kishilariga bo’lgan gaplar o’rtoqlik hazili, shaxsiy mazohirdir. Oliy Sudga mening faqat shaxsiy adovat orqasida bir holga tushganim yaxshi anglashildi, deb bilaman.

Guvoh o’rtoq Levchenkoning so’ziga qaraganda, 27-son «Mushtum»ning dunyoga chiqarilishiga ruxsat berilgan, ya’ni meni mazkur sondagi «Yig’indi gaplar» maqolam sudlarga ilmiy va adabiy bo’ldi, sharhlab berganimdek zararsiz, nafsoniyatchilar aytgan ma’noda emasdir, ham shundog’ bo’lishi tabiiy. Ammo bir necha shaxslar bu maqolani o’zlarining, bilmadim, qandog’dir tarozulariga solib zararlik topishlari ersa g’arazgo’ylik, tirnoq ostidan kir izlashdan boshqa narsa emasdir. Qisqacha tarjimai holimni bayon etib, so’zimning oxirida shuni aytmoqchiman: maqolani zararsiz topib, bosishga ruxsat berguchi jurnal muharririning o’zi edi. Bugun o’z lavfzidan qaytib, vijdoni oldiga qip-qizil ajiva bo’lg’uchi, meni qoralag’uchi va ustimga boshqa bo’htonlarni taqiguchi ham uning o’z bo’ldi. Uch oylardan beri matbuot sahifalarida o’rinsiz va boshqa faqat menga qaratilib bo’lgan haqsiz hujumlar, anglashilmovchiliklar, bemaza isnodlar va jim-jimalik zamzamalar meni ko’ra olmagan o’sha ayrim shaxslarning adovatidandir. Xulosa, adovat mamlakat rangida bo’yaldi.

So’zimning oxirida o’zimning asli g’oya va maslakim bilan ham qisqacha tanishtirib qo’yayin: Men Sharq ozodlig’ini va uning mazlum proletariati saodatini faqat leninizm orqasida vujudga chiqishiga ishongan bir kishiman. Bu gapni sizning beradigan jazoingizdan qo’rqib emas, balki, vijdonim, imonim tazyiqi ostida so’zlayman. Lekin bu ozodlikdagi chin kurashchilar — lavfsiz qo’rqoqlar, shaxsiy adovat orqasida baxt kutguchi mayda kishilar bo’lolmaslar, ammo o’rtoq Leninning sog’lom, ulug’, g’azamatsiz, gidirsiz yo’lig’a tomon xolis niyatda bel bog’lag’uchi qahramonlarg’ina bo’lurlar. Manim haqimda kim nima desa desin, lekin men Marks va Leninning haroratlik shogirdiman, chunki men Lenindan ruh olib, Marksdan ilhomlandim. So’zim oxirida adil sudlardan so’rayman, garchi men turlik bo’hton, shaxsiyat va soxtalar bilan, ham anglashilmovchiliklar orqasida ikkinchi oqlanmaydurg’on bo’lib qoralandim. Loaqal
ularning, qoralovchi qora ko’zlarning ko’ngli uchun bo’lsa ham menga eng oliy bo’lg’on jazoni bera ko’ringiz. Ko’nglida shamsi g’uboroti, teskarichilik maqsadi bo’lmag’on sodda, go’l vijdonlik yigitga bu qadar xo’rlikdan o’lim tansiqroqdir. Bir necha shaxslarning orzusicha ma’naviy o’lim bilan o’ldirildim. Endi, jismoniy o’lim menga qo’rqinch emasdir. Adil sudlardan men shuni kutaman va shuni so’rayman» (Abdulla Qodiriy nutqini to’liq holda mana bu sahifamizda o’qishingiz mumkin).

Bu Qodiriyning so’nggi so’zi edi. Endi ne qilsalar ixtiyor ularda. Sud uch kun davom etadi…

O’zbekiston SSR Oliy Soveti Prezidiumi maxsus majlis chaqirib, shunday qaror chiqaradi:

O’zbekiston Ijtimoiy Sho’rolar jumhuriyati.

Markaziy ijroiya qo’mitasining o’lturishidan 1926 yil 17 iyun`.

Samarqand shahri.

Ishtirok etganlar (oprosom) Rayosat a’zolari Oxunboboev, Bikson, G’oziev, Volik, Ikromov, Ivanov, Qosimxo’jaev, Rahimiy, Mavlonbekov, Strogonov, Cheloguzov.

Muassasalardan: Oliy sud o’rt. Qosimov. Rais: Qosimxo’jaev. Kotib: Rahimiy. Tinglandi: O’zbekiston SSR Oliy sudi shu yil 15-16 iyunda sud qilinib, ikki yilga ozodlikdan mahrum etilgan Abdulla Qodiriyning qamoq muddatini o’tamasdan ozod qilib yuborilishini so’raydi.

Qaror qilindi: O’zbekiston SSR Oliy sudining iltimosi qondirilsin. Ikki yil muddatga ozodlikdan mahrum qilingan Abdulla Qodiriy qamoq muddatini o’tamasdan ozod qilinsin! Rais: Qosimxo’jaev. Kotib: Rahimiy. Jurnalning tepa qismiga «O’zSSR Oliy sudi raisi Qosimov Sa’dullaga bajarish uchun.»

Oliy sud raisi Qodiriyni qamoqdan ozod qilish haqida buyruq tayyorlaydi.

O’zSSR Oliy sudi, sud kollegiyasining 1926 yil 17 iyundagi 1895-raqamli shoshilinch buyrug’i.

Samarqand axloq tuzatish uyining boshlig’iga, O’zSSR Oliy sudi ushbuni olishingiz bilan taklif qiladiki, O’zSSR MIK Prezidiumi avfi bilan shu yilning 16 iyunida sudlangan mahbus Abdulla Qodirov darhol OZOD QILINSIN. (shu yilning 17 iyunidagi jurnali).

O’zSSR Oliy sudi raisi (Qosimov)

Sud kollegiyasi kotibi (Saxarov).

Buyruqqa axloq tuzatish uyining boshlig’i «Qodiriy 17 iyun` soat 15.00 da ozod etildi», deb rezolyutsiya qo’ygan.

Haqiqat ozod bo’lgandi, Adolat ozod bo’lgandi. Biroq, bularning bari ne-ne iztiroblarning samarasi o’laroq qaror topdi.

Navqiron yigit, navqiron yozuvchi uyiga, eliga qaytadi. Endi u hayot to’g’risida, odamlar haqida tiniqroq mushohada yurita boshlaydi. Bo’lib o’tgan voqealarning alami gohida yurak-yurakni tirnasa-da, bora-bora ijodning sirli og’ushiga sho’ng’ir ekan, barisi unut bo’lganday. Dahshatli tush singari undan uzoqlashganday. Taqdir vaqtincha bo’lsa-da, bu gal Qodiriydan muruvvatini ayamagandi. Yozish imkoniyatining qadrini yaxshi anglagan yozuvchi ko’p o’tmay, o’z xalqiga navbatdagi go’zal romanlarini hadya etdi. Ha, yozuvchi bo’lish qiyin, Qodiriy bo’lish esa undan qiyinroq! Uning hal qilishi, ulgurishi zarur bo’lgan ishlari ko’p edi. Bariga ulgurish lozim, chunki 1937 yil yaqinlashmoqda edi.

1937 yil… Bu da’fa u qaytmadi. 1937 yili uning boshiga yog’ilgan tuhmat balolari o’zbek xalqidan buyuk o’g’lini tortib oldi! Ulug’ yozuvchimiz boshidan kechirgan keyingi savdolar o’zi bir qissa.

Manba: “Yosh leninchi” gazetasining 1988 yil 4 fevral` soni

034

(Tashriflar: umumiy 2 089, bugungi 1)

4 izoh

  1. Ассалому алайкум Хуршид ака!
    Абдулла Қодирий ҳақида ёзилган мақолам ҳатто ўзимда ҳам сақланиб қолмаган. Раҳмат Сизга! 28 йил аввал чоп этилган мақола ва у билан боғлиқ воқеалар кўз ўнгимда қайта гавдалангандек бўлди. Газета чиққанидан кейин раҳматли Ҳабибулла Қодирий домла ўғли Хондамир орқали мени ўша машҳур Самарқанд дарвоза кўчасида жойлашган уйига таклиф қилган эдилар. Бетоб эканлар. Оғир-оғир йўталиб, тўшакда ётган Ҳабибулла ака кўзида ёш билан «энди оиламизга бегона эмассиз», дея миннатдорчилик билдирган. Томирлари бўртиб турган қўллари билан «Отам ҳақида» деган китобларига дастхат ёзиб бергандилар. Кейинчалик адибнинг иккинчи ўғли Масъуд Абдуллаев ўзи ишлаётган шифоханага чақириб, отаси ҳақидаги хотираларини гапириб берганди. «Умр — оқар сув» дейдилар. Мана бугун уларнинг ўзи ҳам хотирага айландилар.
    Архивдаги хужжатлар ичидан тасодифан қўлимга тушиб қолган улуғ ёзувчимизнинг устидан олиб борилган ноҳақ суд жараёни ҳақидаги материал тайёр бўлгач, бир суҳбатда, тиниб-тинчимас, фидоий журналист Қулман Очилов «Даҳшат! Бу нарса фақат бизда кетиши керак. Бизга берасиз» дея оёқ тираб олди. Бош муҳаррир Жаббор Раззоқов билан ҳамкорликда зўр масъулиятни бўйнига олиб жасорат билан Абдулла Қодирий ҳақидаги изтиробли қайдларимни чоп эттирди. Газета босмахонага топширилгач, у билан боғлиқ машмашалар ҳақида кейин эшитдим. Газета тўхтатилгач, Марказий Комитетда бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган бир зиёли инсоннинг саъй-ҳаракати билан яна рухсат берилгани ва у бу ўзбошимчалиги учун эртаси куни Республиканинг бош идеологи хонасида катта амалдорлар қуршовида исканжага олинганлигини ўтган йили шу одамнинг ўз оғзидан эшитиб қолдим. (ЦКда бўлиб ўтган муҳокама ҳақида акамиз алоҳида хотираларини ёзиб беришга ваъда бердилар).
    Абдулла Қодирийнинг қамоқда олинган суратини илк бор кўрганимда архивнинг бир кишига мўлжалланган столига бошимни қўйиб йиғлаганман. Суратдаги Қодирийнинг кўзига боқиш ниҳоятда оғир эди.
    Газетхонлар мақолани қизғин кутиб олганидан кейин Қулман Очилов адибнинг иккинчи қамалиши билан боғлиқ архив ҳужжатларини ҳам ўрганишни таклиф қилди. Таассуфки, бу ҳужжатлар эшиклари мустаҳкам зирҳли бир идоранинг пўлат сандиқларида сақланаётган эди.
    СССР да энг нуфузли, сирли ушбу идора раҳбариятига бош муҳаррир Ж.Раззоқов номидан хат қилинди. А.Қодирийнинг делоси сўраб ёзилган хат русча саводи бор қаламкашлар томонидан тарошланиб, уни “Катта идора”га элтиб бериш, адашмасам, Россиядан эндигина ўқишни тугатиб келган ходим Амирқул Каримга юклатилди. Хат қандай топширилган бўлса, шундай номи нишонсиз йўқ бўлади. Идорадан ҳеч қандай жавоб бўлмайди. Хайрият, мустақилликка эришганимиздан кейин махсус идораларнинг пўлат сандиқларида сақланаётган архив ҳужжатлари ўрганилди. Абдулла Қодирийнинг кейинги тақдири ҳақида ушбу ҳужжатларни ўрганган Н.Боқий “Қатлнома” китобини ёзди. Ҳа, бир замонлар ўтди-да!

  2. Ассалому алайкум Хуршид ака!
    Абдулла Қодирий ҳақида ёзилган мақолам ҳатто ўзимда ҳам сақланиб қолмаган. Раҳмат Сизга! 28 йил аввал чоп этилган мақола ва у билан боғлиқ воқеалар кўз ўнгимда қайта гавдалангандек бўлди. Газета чиққанидан кейин раҳматли Ҳабибулла Қодирий домла ўғли Хондамир орқали мени ўша машҳур Самарқанд дарвоза кўчасида жойлашган уйига таклиф қилган эдилар. Бетоб эканлар. Оғир-оғир йўталиб, тўшакда ётган Ҳабибулла ака кўзида ёш билан «энди оиламизга бегона эмассиз», дея миннатдорчилик билдирган. Томирлари бўртиб турган қўллари билан «Отам ҳақида» деган китобларига дастхат ёзиб бергандилар. Кейинчалик адибнинг иккинчи ўғли Масъуд Абдуллаев ўзи ишлаётган шифоханага чақириб, отаси ҳақидаги хотираларини гапириб берганди. «Умр — оқар сув» дейдилар. Мана бугун уларнинг ўзи ҳам хотирага айландилар.
    Архивдаги ҳужжатлар ичидан тасодифан қўлимга тушиб қолган улуғ ёзувчимизнинг устидан олиб борилган ноҳақ суд жараёни ҳақидаги материал тайёр бўлгач, бир суҳбатда, тиниб-тинчимас, фидоий журналист Қулман Очилов «Даҳшат! Бу нарса фақат бизда кетиши керак. Бизга берасиз!» дея оёқ тираб олди. Бош муҳаррир Жаббор Раззоқов билан ҳамкорликда зўр масъулиятни бўйнига олиб жасорат билан Абдулла Қодирий ҳақидаги изтиробли қайдларимни чоп эттирди. Газета босмахонага топширилгач, у билан боғлиқ машмашалар ҳақида кейин эшитдим. Газета тўхтатилгач, Марказий Комитетда бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган бир зиёли инсоннинг саъй-ҳаракати билан яна рухсат берилгани ва у бу ўзбошимчалиги учун эртаси куни Республиканинг бош идеологи хонасида катта амалдорлар қуршовида исканжага олинганлигини ўтган йили шу одамнинг ўз оғзидан эшитиб қолдим. (ЦКда бўлиб ўтган муҳокама ҳақида акамиз алоҳида хотираларини ёзиб беришга ваъда бердилар).
    Абдулла Қодирийнинг қамоқда олинган суратини илк бор кўрганимда архивнинг бир кишига мўлжалланган столига бошимни қўйиб йиғлаганман. Суратдаги Қодирийнинг кўзига боқиш ниҳоятда оғир эди.
    Газетхонлар мақолани қизғин кутиб олганидан кейин Қулман Очилов адибнинг иккинчи қамалиши билан боғлиқ архив ҳужжатларини ҳам ўрганишни таклиф қилди. Таассуфки, бу ҳужжатлар эшиклари мустаҳкам зирҳли бир идоранинг пўлат сандиқларида сақланаётган эди.
    Энг нуфузли, сирли ушбу идора раҳбариятига бош муҳаррир Ж.Раззоқов номидан хат қилинди. А.Қодирийнинг делоси сўраб ёзилган хат русчаси дуруст қаламкашлар томонидан тарошланиб, уни “Катта идора”га элтиб бериш адашмасам, Россиядан эндигина ўқишни тугатиб келган ходим Амирқул Каримга юклатилди. Хат қандай топширилган бўлса, шундай номи нишонсиз йўқ бўлди. Идорадан ҳеч қандай жавоб бўлмади. Хайрият, мустақилликка эришганимиздан кейин махсус идораларнинг пўлат сандиқларида сақланаётган архив ҳужжатларини ўрганиш бошланди. Тарихий адолат тикланди. Абдулла Қодирийнинг кейинги тақдири ҳақидаги ҳужжатларни ўрганиш ёзувчи Н.Боқийга насиб этди. У “Қатлнома” китобини ёзди. Ҳа, бир замонлар ўтди-да!

  3. Аброр Хидир билан ўтган асрнинг саксонинчи йилларида танишганмиз. У университетимизнинг Тарих факультетида таҳсил олиб юрган кезларидаёқ бир оёғи бўлғуси журналистлар орасида бўларди. Шунга ҳам кам эмас – 35 йилдан ошмоқда. Айни пайтда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Мураббийлар кенгаши раиси лавозимида фаолият кўрсатаётган дўстимнинг қўлидан ҳамон қалами тушмайди. Баъзи журналистлардан сермаҳсулроқ. Атоқли адиб Пиримқул Қодиров ибораси билан айтганда, тарихни телескоп билан кузатадиган қаламкаш дўстимнинг ҳар бир мавзусини ўзига хос кашфиёт, десам муболаға бўлмайди.
    Унинг 28 йил илгари ёзган мақоласини ўша даврдаёқ катта қизиқиш билан ўқигандик. Бу мақола бугунги ўқувчиларни ҳам худди шундай ҳаяжонга солишига ишонаман.
    Муаллифнинг ўзида ҳам сақланиб қолмаган ушбу мақоласини газета тахламларидан топиб, амалдаги икки алифбомизда ёритган мазкур сайт ижодкорларига минг тасаннолар айтсак арзийди.
    Бу мақола бўлғуси журналистлар учун ўзига яраша «Маҳорат мактаби» бўлади, албатта.

Izoh qoldiring