Ahmad A’zam. Marlen degan odam & Soyasini yo’qotgan odam

Ashampoo_Snap_2017.11.01_15h53m31s_007_.png Бугун акамдек қадрдон, ҳам акаму ҳам жўрам, ўзбекнинг забардаст адиби, она тилимизнинг чинакам билимдони ва ҳимоячиси, кўплаб ёш ёзувчилару тележурналистлар устози Аҳмад Аъзамнинг туғилган куни. Охиратлари обод бўлсин! 

Аҳмад Аъзам
МАРЛЕН ДЕГАН ОДАМ
«Ҳикоя қилиб бўлмайдиган воқеалар» туркумидан
09

   Одам бу дунёда ёлғиз эмас. Кейин, у фақат ёмонлик ичида, ёмонлик кўриб яшамайди, унинг умр йўли яхшиликлар силсиласидан иборат.

Нуқул ёмонлик ҳақида ўйладиган одам ўзига ёмонлик қилиб яшайди.

Мен бир оддий одамга учраб қолганимни қирқ йилдан бери ўйлайман. Қирқ йилдирки, шу одам хаёлимдан кетмайди, бир-икки марта ҳикоя ёзишга ҳам чоғландим, лекин ёзсам, худди тўқийдигандек, атайлаб бўрттиргандек, яъни “бадиий тус” берадигандек бўлавердим. Кейин, бу воқеани, бари бир, ўзим ҳаётда ўқиганман, шунинг учун ўзимдан ўзим кўчирмакашлик қиладигандек туюлаверди. Энди эсимда қолганича гапириб бераман.

Минг тўққиз юз етмиш учинчи йили, май ойида ҳарбий хизматдан қайтдим, укам мактабни аъло баҳолар билан битирган, ҳали аттестат олганича йўқ, лекин уни бирон олий ўқув юртига жойлашни ўйлаш керак, бу ташвиш мен – аканинг зиммасида; кекса отамизнинг дуо қилиб ўтиришдан бошқасига кучлари етмайди. Тўғри Самарқанд педагогика институтига бордим, домлам, раҳбарим, университетда ўқиганимда ака-ука бўлиб кетганмиз, дардимни ёрдим, укам “отличний” битирди, шуни киритишга қарашиб юборсангиз, дедим. Домлам менга бир зум афсус билан қараб турди, кейин оғир сўлиш олиб, а, шу дардинг бор экан, февралнинг бошларигача айтмайсанми, ҳарбийдан хат ёзсанг ҳам бўлар эди-ку, энди кеч, рўйхат… рўйхатга уканг, калласи тилладан бўлса ҳам, киролмайди, умуман Самарқандга овора бўлма, деди. Очиқ айтганига ҳам раҳмат, хай, ҳужжат топширсин-чи, кўрамиз, деганда алданиб юраверар эдим, Тошкентга келиб, яна Навоий музейида катта (лекин маоши жуда кичкина – етмиш сўм) лаборантлик ишимни бошладим. Каллада бир ўй, укамни қаерга жойлапштирсам? Э-э, тўхта, Жиззах педагогика институти очилган-ку, ректори таниш, яхши одам, айтсам йўқ демас, мен ҳам бир куни одам бўлиб, қилган яхшиликларини қайтарарман, деган фикр келди ақлимга, шу доно ақлимга суяниб Жиззахга от солдим.

Жуда қизиғ-а, мактабни аъло баҳолар билан битирган, ростдан ҳам аълога ўқиган пешқадам ўқувчининг ўзи институтга киролмаса! Ўзи киролмайди, вассалом! Ундан зўрлари ҳам бўлган-да, десангиз, ўқишга киргандан кейин шунақа зўрларни кундуз куни чироқ ёқиб ахтарасиз. Қойилми? Йўқ, қойил бўлмай қўйгансиз.

Шундоқ қилиб, етмиш учинчи йили, июн ойининг бошларида, укамнинг қўлига аттестат тегай деб турибди, лекин ВУЗларга ҳужжат топширадиган мавсум бошланган, Тошкент автовокзалидан чипта олиб, ўша бурун қонидек қип-қизил машҳур “Икарус”га ўтирдим. Чиптага ёзилган жойим ойна томонда экан, ўтира қўлимдаги китобни очдим: Девид Жером Селинжер, музей кутубхонасига янги келган эди, муқоваси тўқ кўк, номи чиройли зарҳал билан босилган қалингина тўплам. Бир қараган одам унинг бу ердаги нашриётларда эмас, Московда босилганини англайди. Салобатли китоб, унча-мунча одамни сури босади. Мен ўзи китобхўрман, ҳарбийда бир ҳижжалаб, бир қайта – икки марта ўқиган бўлсам ҳам яна ўқигим келиб юрган эди, бошимни кўтармадим.

Ёнимга бир одам келиб ўтираётганда ўриндиқ силкинди, қарамай бошимни силкидим, саломим шу бўлди.

Узоқ йўлга китобдан яхши ҳамроҳ йўқ, “Над пропастью во ржи”дан кўз узолмайман. Ёнимдаги ҳамроҳим билан эса йўл бўйи гаплашмадик, ҳатто бундай юзига ҳам қараб қўймабман. Ука, ўқияпсизми, деди бир марта, ҳа, ўқияпман, деб ғудурлаб қўйдим, кўрмаяпсизми деган маънода. Жиззахга етиб боргунча ҳангомамиз шу бўлган бўлса керак, чунки сал-пал гурунг қурганимизда эсимда қолар эди. Бориб тушганимиздан кейин ҳам ёнингда ўтирган ҳамроҳинг ким эди, деб биров сўраса, айтолмас эдим.

Гап чўзилди, узр, ўзи асосий воқеа шу, автобусдан тушгандан кейин бошланди. Жиззахга биринчи келишим, автобекатдан шаҳарга қайси автобусда боришини билмайман, шуни бир одамдан сўрасам, йўл бўйи ёнимда ўтириб келган ҳамроҳим экан, юринг мен билан деб, автобусга бошлади. Ўриндиқларга чўкдик, яна ёнма-ён, қўлимда, албатта, китоб. Ука, Жиззахга олдин келганмисиз, деб сўради яна шу одам. Мен йўқ, дедим. Унда қаерига, кимникига борасиз, биласизми ўзи? – қизиқ, унга нима, сўрамаса туролмайди шекилли. Лекин пединститут ётоқҳонасида турадиган бир мухбир жўрамникига боришимни айтдим. Бугун унинг олдида ётиб қолмоқчи, эртага ректорга учрашмоқчиман, буни айтмадим. Ётоқхона қаердалигини биласизми, олдин келмаган бўлсангиз, деб яна сўради. Бу одам нима Жиззахга мирғазабми, мунча суриштиради, деб энсам қотди. Сўраб-сўраб топаман-да, дедиму Селинжерни ўқиётганга солдим ўзимни. У одам ёқтирмаганимни сездими, бошқа гапирмади. Анча юрганимиздан кейин автобус тўхтаган эди, ҳалиги одам ўрнидан турди, мени ҳам турғизди, қани, шу ерда тушамиз, деди. Ётоққа етиб келибмиз-да, деб унга эргашиб тушдим. Қарасам, қатор ҳовлилар, одамларнинг уйлари, маҳалла, ётоқ бор жойга ўхшамайди. Юринг, юринг, деб қистади бу одам, ҳали борамиз шу ётоқхонага. Чор-ночор эргашдим. Анча юриб, бир уйнинг дарвозаси олдида тўхтадик. Йўқ, тўхтамадик, бу одам дарвозани очди. Қани, марҳамат, деди. Мен нима қиламан бу ерда деб тайсалладим. Ука, бир пасгинага, деб туриб олди бу одам. Оббо, бу ёғи қандоқ бўлди энди деб ноилож кирдим. Кейин, унча ёмон одамга ўхшамайди, қўлидан ёмонлик қилиш келмайди, лекин, бари бир, мен бегонани нимага уйига бошлаб келди, ғалати.

Ҳовлиси каттагина, бир чеккадаги бостирма тагида “Волга” – ГАЗ-21 турибди, янги ҳам, эски ҳам эмас, у пайтлари бунақа машина бир-да ярим отлиқда бор эди, холос, лекин ҳовли файзликкина бўлса-да, бойвачча турадиган жойга сира ўхшамади – бойлик нуқси урмаган.

Лекин қанақа бўлмасин, ўзимнинг нимага кераклигимни англамаяпман. Одамнинг калласига тайинли бир фикр келмаса, хаёли минг кўчага кириб чиқаверар экан. Ҳалиги доно ақл иш бермай қолди.

Хай-э, нима бўлса бўлди деб, остона ҳатладим, яна йигит бошинг омон бўлса… деб кўрпачага чўкдим. Бу одамнинг аёли келди, сўрашди, дастурхон ёзди. Сал кўнглим тинчиди – эру хотиннинг муомаласида нимадир хотиржамлик бор эди. Лекин каллам тайинсиз ўйдан бўшагани йўқ, аксинча, кўзига жуда катта одам бўлиб кўриндиммикан, бирон масалада қўллаб юборишни сўрармикан, ё газетага иши тушиб, мухбир жўрамга айттирмоқчими, бегона бир одамни қуруқдан қуруққа уйига олиб кириб, дастурхон ёзиб… қилган тахминларимнинг биттаси ҳам тўғри келмайди, ҳатто кулгили, ойлиги етмиш сўм, қўлида китобидан бошқа ҳеч вақоси йўқдан қанақа катта одам чиқади, бирон нарсага арзийдими ўзи.. Ука, ўйланманг, ҳаммасини қиламиз, ётоқ пединстиутнинг ёнида, борамиз ҳам, дўстингизни топамиз ҳам, лекин олдин бир пиёла чой ичиб олайлик, ҳў хотин, атаганингни опке, ишимиз зарил, деди. Ана, энди баттар таажжубландим, нимага борамиз, нимага ишимиз, бу одам менга қўшилиб олмоқчими? Жуда қизиқ бўляпти-ку!

Хай, аёлининг атагани муздеккина увра экан, иссиқ кунда айни муддао, бир косадан уриб олдик. Энди турамиз, деди ака, худди икковимизнинг ҳам ишимиз битта бўлгандек. Ҳа, айтганча, аввал танишиб олайлик, менинг отим Марлен, йўқ, бошқа миллатдан эмас, ўзбекман, шу, отамиз анув қама-қама йиллари кўп азоб тортиб (шу ҳозир аниқ эсимда қолмабди, бобоси қамалиб йўқ бўлиб кетганми, отасими, ишқилиб, репрессияни бошидан ўтказган), ҳукуматга яхши кўринмасам бўлмайди деб, отимни Маркс билан Лениннинг қисқартмаси қилиб Марлен қўйган, сизнинг отингиз нима, деб сўради. Мен ҳам отимни айтдим. Ука, мен ўқитувчиман, деди Марлен ака, сўрамасам ҳам. Бўлмаса, ука, турдик, ётоққа бориб жўрангизни топиб келамиз, деди. Мен ичимда, э-э, худога шукр-ей, бу бетайинликдан қутулар эканман-ку, лекин нимага жўрамни топиб бу ерга келамиз, деган савол ўтди, хай, йўлига айтди-да деб, индамадим. Марлен акага эргашиб дарвозага юрдим. Шу ерда хайрлашсак керак деб умид қилиб, қаёққа қараб юраман энди, десам, Марлен ака аввал дарвозани очайлик, деди, худди бунда ҳам бир ҳикмат бордек. Дарвозани очдик, Марлен ака, бир дақиқа, деди-да, ҳалиги “Волга”ни ҳайдаб чиқди. Чўзилиб мен томондаги эшигини очди-да, ўтиринг, деди. Э-ҳа, бу акамиз киракаш экан-у, зўр мижоз деб ўйлаб, қўлдан чиқаргиси келмаган, деб бир кўнглим ойдин бўлди-ю, чўнтакда бор-йўғи ўн етти сўм билан қанақа ҳам мижоз бўламан деб, кайфият тушиб кетди. Ўша вақти хаёлан такрор-такрор ҳисоблайверганимдан шу ўн етти сўм ҳалигача эсимда.

У вақтлари хусусий машина жуда танқис ҳам тансиқ. Борда шалдираган “Москвич”, “Жигули”нинг ҳали оти ҳам чиқмаган, “Волга” ГАЗ – 24”ни энди-энди нуфузли корхоналар оляпти, шахсийга буткул йўқ. Бирда-ярим одамда “ГАЗ – 21” учраб қолади. Лекин Марлен ака – оддий ўқитувчида бўлиши мўъжиза, албатта, кечаю кундуз тинмай кира қилиб, пул топиб олган деган сал жўяли, лекин тамом саёз ўй калламда ўрнашиб қолди.

Ётоққа обориб қўйса, қанча сўрар экан? Уч сўмдир, Жиззах кичкина шаҳар-ку, хай, уврани ҳам қўшсак, устига икки сўм қўшиб берсам бўлади, шу билан қутуламан деган хаёлда боряпман машинада.

Ётоқхонага келдик. Тушдим, Марлен ака ҳам тушди, чўнтакни пайпаслаб, беш сўмликни тайёрлаб келаётган эдим, лекин қўлимни чиқараман десам, Марлен ака парвоига ҳам олмай, мени ичкарига бошлади. Яна ҳайрон бўлдим, Пулни-ку кейин айтар, лекин ўзига нима бор ётоқхонада? Ўртоқ меники бўлса, бу одам танимаса? Қани, жўрангизни топайлик-чи, уни ҳам олиб кетамиз, дейди! Яна уйига борар эмишмиз! Э-э астағфируллоҳ, пул бериб ҳам қутулмайман шекилли! Тавба, уйига олиб борди, увра ичкизди, олиб келиб қўйди, катта раҳмат, энди хизматининг ҳақини олиб кетавермайдими!

Йўқ, кетай демайди! Олдинга тушиб олди, хонама хона бош суқиб, жўрам ётадиган жойни ҳам ўзи топди. Унга думдек илашиб юравердим. Кирсак, жўравойнинг ўзи йўқ, унинг ўрнида бир қоп-қора турсичан тўнғиз ётибди, йўқ у, келадими, келмайдими, мен қайдан биламан, деди-да, тескари ўгирилди. Шунақа одамлар ҳам бўлар экан-эй. Мен жўрамнинг келишини кутиб қолмоқчи эдим, Марлен ака енгимдан тортиб, ташқарига судради. Айтганча, ҳисоб-китоб қилиш керак-ку, қайтиб кираман, деб эргашиб чиқдим. Ука, кўрдингизми, а бу одам эмас-ку, шунинг олдига ташлаб кетаманми сизни, дейди. Э-э тавба, мени тамом ўзиники қилиб олдими? Яна кетдик бизникига, кейин қайтиб келиб топамиз жўрангизни ё бошқа борадиган жойингиз йўқ-ку, эмиш. Эсимга тушиб қолди, бор, Али ака деган одам билан ўқиганмиз, Ҳамид Олимжон колхозида туради, уйини билмайман, лекин топиб бораман ўзим, дедим. Шунақа демайсизми, топамиз, ўтиринг, деди Марлен ака чеҳраси очилиб. Оббо, йўқ дейишнинг сира иложи йўқ, хай, бир бошга бир ўлим, начора, машинасига ўтирмаганга қўймаяпти.

“Волга” йўлга тушди. Яна такси пулини ҳисоблашга тушдим. Ҳамид Олимжон колхозига борамиз. Али аканинг уйини топамиз, бу одам мени Али акамга топширади-да, энди, ука, “Волга”да ялло қилиб кезишнинг ўзи бўлмайди, бир ҳисоб-китоб қилиб қўяйлик, дейди. Бу ёғи чатоқ, Тошкентга қайтишга тўрт сўм қолармикан, Ҳамид Олимжони неча километр бўлса… Жа ноинсофлик қилиб катта сўраса, бирга ўқиганимизда мендан уч-тўрт ёш катта бўлса ҳам орамиз яқин эди, Али акадан сўраб турарман. У пайтлари таксида юриш қандайлиги эсингиздан чиқиб кетган-да. “Волга”да юришни чидаганнинг ҳам зўрига чиқарган эди.

Йўл бўйи хаёлим пулда бўлди, “Волга” ғилдираги айлангани сайин чўнтакнинг йўқ баракаси ҳам учиб кетяпти. Тўхтатиб тушиб қолишнинг, албатта, иложи йўқ. Марлен акамнинг авзои тушганимга қўймайди.

Анчалар юрдик, неча кўчаларни айланиб, Али аканинг уйини топдик. Али ака уйида экан, чиқиб ҳайрон бўлди, кейин аянчли илжайиб ичкарига манзират қилди. Яна ҳалиги ҳисоб-китоблар хаёлида Марлен ака билан хўшлашай десам, десам, у ҳам мен билан кирди. Энди ўзим ҳам бесаранжом бўлиб қолдим. Уй ичи вағ-вуғ болалар йиғиси келяпти, ошхонадан қуюқ тутун чиқяпти, Али ака ўтириб туринглар, овқатим тагига оляпти, деб ошхонага чопди. Аёли кўринмади. Ташвиш устига ташвиш бўлиб келдим шекилли, устига устак, манави одам ҳам эшимчага қўшимча бўлиб олди, кетай демайди. Яна ўтириб олиб, уёқ-бу ёққа аланглаб бошини чайқайди, менга кетамиз, деб имо қилади. Али ака қайтиб кирди. Аҳмаджон, хуш келибсиз, бир отамлашар эканмиз-да, лекин мен манов икки болани тинчитиб, хотинга бир пиёла ёвғон ташлаб келишим керак, уч кундан бери у банницада, биз – бола боғча, хай, ҳеч бўлмаса, битта чой дамлай деб Марлен аканинг биз турамиз, овора бўлманг, деганига қарамай чиқиб кетди, болалари шамоллаганми, ё қорни очган, тинмай йиғлайди. Ука, турдик, бу ерда қололмайсиз, кўряпсиз-ку курсдошингизнинг аҳволини: болаларига қарасинми, хотинигами ёки сизгами, кетдик, деди Марлен ака. Ноилож, бу одамни ёмон кўриб қоляпман-у, лекин, бари бир, Али аканикида қололмайман…

Қандай кирган бўлсак, шундай чиқдик. “Волга” юргандан кейин Марлен ака, энди бўлди, бугун бизникида меҳмон бўласиз, деди. Ҳа, бўлди, тамом! Бунга пул эмас, ўзим керакман шекилли.

Ярим кундан бери бу одам овора, машинаси овора, менинг эсам каллам овора, чўнтагимни ўйлаб. Бу одамдан қандай қутулсам энди, нима истайди мендан?! Мақсади нима ўзи? Яна уйга олиб кетаман, дейди!

Жуда бўғилдим, лекин менга хўжайинмисиз, пулимнинг бори шу ўн етти сўм, шуни олинг-да, мени тинч қўйинг, деб бақириб беролмайман-ку.

Ялиндим охири: жон ака, яна шу ётоқхонага борайлик, жўрам келиб қолган бўлиши мумкин, келмаса, унинг жойида тунайман. Йўқ, қанақа қилиб унинг ўрнида ётасиз, ёнидаги одамни кўрдингиз-ку, дейди.

Ётоққа борсак, буни қарангки, отини ҳам айтай, Сулаймон жўрам келган экан, қучоқ очиб кутиб олди. Бўлди-ей, худога шукр, энди Марлен ака юз сўм сўраса ҳам қўрқмайман. Сулаймон ўзида бўлмаса, ер тагидан топиб беради.

Сулаймон уни танимаса ҳам бир пиёла чой ичиб кетасиз, деди. Марлен ака ҳам йўқ демай ўтириб олди. Чой дамланди. Бигизнинг устида ўтиргандек ўтирибман. Сулаймонни қандай қилиб четга тортиб, пул сўрасам? Кира ҳақи ҳам манов ерда элликларга борди-ёв.

Ундан-бундан гаплашган бўлдик. Марлен ака, сезяпман, Сулаймонга разм соляпти. Ҳа, айтганча, ҳалиги совуқ қаёққадир чиқиб кетган экан. Марлен ака чойни ичиб пиёлани тўнтарди-да, энди, укалар, икковларинг ҳам туринглар, сизларни бир меҳмон қиламан, деди. Сулаймон ҳайрон бўлиб менга қаради. Мен, ўламан саттор, бормаймиз, деб туриб олдим. Хўп тортишдик, Марлен ака юринглар, дейди, мен йўқ дейман, Сулаймон ҳайрон, ким бу одам деб мендан сўраши ноқулай. Ниҳоят Марлен ака, – ниҳоят-эй! – “Аҳмаджон ука, мана, жўрангизни кўрдим, кўнглим жойига тушди, ҳақиқий жўрангиз экан, мен энди бемалол, кўнгилхотиржам сизни қўйиб кетсам бўлади. Бизга жавоб. Қани, омин!” деб фотиҳага қўл очди.

Елкамдан тоғ ағдарилди-я! Эшикка чиқаётиб Сулаймонга “Бор пулингизни олиб олинг!” деб шивирладим. Сулаймон бошини ирғади: бор пули чўнтагида шекилли.

“Волга”га боргунча Марлен ака кўзимга яхши кўриниб қолди, шунча қилган хизматига минг сўм сўраса, албатта, ёнимда шу пул бўлса, қўш қўллаб тутқазар эдим. Беҳазил.

Биласизми, ҳозиргача ўзим ҳам тушунмайман, Марлен ака пул сўрамади, сўрашга яқин ҳам келтирмади, “Э-э, укалар, йўқ деяпсизлар-да, бир чақчақлашиб ўтирар эдик. Ҳали ҳам бўлса…”, деб ялинди. Пул тутсам, бу одамни ерга урган бўламан, деган фикр келди ниҳоят калламга.

Ана шунақа, бормадингиз – худо хоҳласа, яна кўришармиз, деб жуда очиқкўнгилда хайрлашдик.

— Ким бу одам? – деди Сулаймон Марлен ака кетиши билан.

— Билмайман, бугун танишдик, – дедим.

— Қанчага гаплашган эдингиз? Олдин бериб қўйганингиз етдими? – деб

Сулаймон яна суриштирди, пул олиб олинг, деган эдим-ку.

— Ҳеч қанчага, – дедим. – Автобусда ёнма-ён ўтириб келдик, гаплашмадик, тушганимиздан кейин қаёққа борасиз, деб сўради, сизни айтдим, уйига олиб борди, увра ичирди, сизни излаб келдик, йўқ экансиз, хонангизда битта тўнғиз ётган экан, мени қолдиришга кўзи қиймай, Ҳамид Олимжон колхозига олиб борди, Али ака ўзи билан ўзи овора экан, яна уйига олиб кетмоқчи эди, мен кўнмадим, бу ёққа келдик, келсак, худога шукр, бор экансиз. Кун бўйи юрдик, – дедим.

Сулаймон жуда таажжубланди:

Қуруқдан қуруққами? Йўқ, ишонмайман!

Ўзим ҳам ишонмайман, – дедим.

Ростдан, ҳалигача ҳам ишонмайман. Фисабилло беғараза яхшилик қилишга ўрганмаган одам, қандай ҳам ишонай!

Майли, сиз ҳам ишонманг, ўхшатиб айтолмагандирман, лекин бир оғиз ҳам ёлғони йўқ – шундай бўлган, нимага бу одам шундай қилди деб ўзим ҳам қирқ йилдан бери ўйлайман.

Айтганча, ректор билан ишимиз битмади, тушунасиз-ку, укам Тошкентга келиб институтга кириб кетди, қизиғ-а, Самарқанду Жиззахга рўйхатга киролмаган битирувчи ўқивчи Ленин стипендияси олиб ўқиди, кейин фан номзоди бўлди. Тақдир тақозоси билан мен Жиззахдан уйландим, бир куни қайноғамнинг машинасида Марлен акани роса изладик, уйини тусмол қилиб топа олмадим. Кўп йиллар кейин бир одам Марлен ака уларга дарс берганини айтди, лекин у ҳам уйини билмас экан.
Бор гап шу.

2012 й. Декабр

Bugun akamdek qadrdon, ham akamu ham jo’ram, o’zbekning zabardast adibi, ona tilimizning chinakam bilimdoni va himoyachisi, ko’plab yosh yozuvchilaru telejurnalistlar ustozi Ahmad A’zamning tug’ilgan kuni. Oxiratlari obod bo’lsin!

Ahmad A’zam
MARLЕN DЕGAN ODAM
«Hikoya qilib bo’lmaydigan voqealar» turkumidan
09

Odam bu dunyoda yolg‘iz emas. Keyin, u faqat yomonlik ichida, yomonlik ko‘rib yashamaydi, uning umr yo‘li yaxshiliklar silsilasidan iborat.

Nuqul yomonlik haqida o‘yladigan odam o‘ziga yomonlik qilib yashaydi.

Men bir oddiy odamga uchrab qolganimni qirq yildan beri o‘ylayman. Qirq yildirki, shu odam xayolimdan ketmaydi, bir-ikki marta hikoya yozishga ham chog‘landim, lekin yozsam, xuddi to‘qiydigandek, ataylab bo‘rttirgandek, ya’ni “badiiy tus” beradigandek bo‘laverdim. Keyin, bu voqeani, bari bir, o‘zim hayotda o‘qiganman, shuning uchun o‘zimdan o‘zim ko‘chirmakashlik qiladigandek tuyulaverdi. Endi esimda qolganicha gapirib beraman.

Ming to‘qqiz yuz yetmish uchinchi yili, may oyida harbiy xizmatdan qaytdim, ukam maktabni a’lo baholar bilan bitirgan, hali attestat olganicha yo‘q, lekin uni biron oliy o‘quv yurtiga joylashni o‘ylash kerak, bu tashvish men – akaning zimmasida; keksa otamizning duo qilib o‘tirishdan boshqasiga kuchlari yetmaydi. To‘g‘ri Samarqand pedagogika institutiga bordim, domlam, rahbarim, universitetda o‘qiganimda aka-uka bo‘lib ketganmiz, dardimni yordim, ukam “otlichniy” bitirdi, shuni kiritishga qarashib yuborsangiz, dedim. Domlam menga bir zum afsus bilan qarab turdi, keyin og‘ir so‘lish olib, a, shu darding bor ekan, fevralning boshlarigacha aytmaysanmi, harbiydan xat yozsang ham bo‘lar edi-ku, endi kech, ro‘yxat… ro‘yxatga ukang, kallasi tilladan bo‘lsa ham, kirolmaydi, umuman Samarqandga ovora bo‘lma, dedi. Ochiq aytganiga ham rahmat, xay, hujjat topshirsin-chi, ko‘ramiz, deganda aldanib yuraverar edim, Toshkentga kelib, yana Navoiy muzeyida katta (lekin maoshi juda kichkina – yetmish so‘m) laborantlik ishimni boshladim. Kallada bir o‘y, ukamni qayerga joylapshtirsam? E-e, to‘xta, Jizzax pedagogika instituti ochilgan-ku, rektori tanish, yaxshi odam, aytsam yo‘q demas, men ham bir kuni odam bo‘lib, qilgan yaxshiliklarini qaytararman, degan fikr keldi aqlimga, shu dono aqlimga suyanib Jizzaxga ot soldim.

Juda qizig‘-a, maktabni a’lo baholar bilan bitirgan, rostdan ham a’loga o‘qigan peshqadam o‘quvchining o‘zi institutga kirolmasa! O‘zi kirolmaydi, vassalom! Undan zo‘rlari ham bo‘lgan-da, desangiz, o‘qishga kirgandan keyin shunaqa zo‘rlarni kunduz kuni chiroq yoqib axtarasiz. Qoyilmi? Yo‘q, qoyil bo‘lmay qo‘ygansiz.

Shundoq qilib, yetmish uchinchi yili, iyun oyining boshlarida, ukamning qo‘liga attestat tegay deb turibdi, lekin VUZlarga hujjat topshiradigan mavsum boshlangan, Toshkent avtovokzalidan chipta olib, o‘sha burun qonidek qip-qizil mashhur “Ikarus”ga o‘tirdim. Chiptaga yozilgan joyim oyna tomonda ekan, o‘tira qo‘limdagi kitobni ochdim: Devid Jerom Selinjer, muzey kutubxonasiga yangi kelgan edi, muqovasi to‘q ko‘k, nomi chiroyli zarhal bilan bosilgan qalingina to‘plam. Bir qaragan odam uning bu yerdagi nashriyotlarda emas, Moskovda bosilganini anglaydi. Salobatli kitob, uncha-muncha odamni suri bosadi. Men o‘zi kitobxo‘rman, harbiyda bir hijjalab, bir qayta – ikki marta o‘qigan bo‘lsam ham yana o‘qigim kelib yurgan edi, boshimni ko‘tarmadim.

Yonimga bir odam kelib o‘tirayotganda o‘rindiq silkindi, qaramay boshimni silkidim, salomim shu bo‘ldi.

Uzoq yo‘lga kitobdan yaxshi hamroh yo‘q, “Nad propastyu vo rji”dan ko‘z uzolmayman. Yonimdagi hamrohim bilan esa yo‘l bo‘yi gaplashmadik, hatto bunday yuziga ham qarab qo‘ymabman. Uka, o‘qiyapsizmi, dedi bir marta, ha, o‘qiyapman, deb g‘udurlab qo‘ydim, ko‘rmayapsizmi degan ma’noda. Jizzaxga yetib borguncha hangomamiz shu bo‘lgan bo‘lsa kerak, chunki sal-pal gurung qurganimizda esimda qolar edi. Borib tushganimizdan keyin ham yoningda o‘tirgan hamrohing kim edi, deb birov so‘rasa, aytolmas edim.

Gap cho‘zildi, uzr, o‘zi asosiy voqea shu, avtobusdan tushgandan keyin boshlandi. Jizzaxga birinchi kelishim, avtobekatdan shaharga qaysi avtobusda borishini bilmayman, shuni bir odamdan so‘rasam, yo‘l bo‘yi yonimda o‘tirib kelgan hamrohim ekan, yuring men bilan deb, avtobusga boshladi. O‘rindiqlarga cho‘kdik, yana yonma-yon, qo‘limda, albatta, kitob. Uka, Jizzaxga oldin kelganmisiz, deb so‘radi yana shu odam. Men yo‘q, dedim. Unda qayeriga, kimnikiga borasiz, bilasizmi o‘zi? – qiziq, unga nima, so‘ramasa turolmaydi shekilli. Lekin pedinstitut yotoqhonasida turadigan bir muxbir jo‘ramnikiga borishimni aytdim. Bugun uning oldida yotib qolmoqchi, ertaga rektorga uchrashmoqchiman, buni aytmadim. Yotoqxona qayerdaligini bilasizmi, oldin kelmagan bo‘lsangiz, deb yana so‘radi. Bu odam nima Jizzaxga mirg‘azabmi, muncha surishtiradi, deb ensam qotdi. So‘rab-so‘rab topaman-da, dedimu Selinjerni o‘qiyotganga soldim o‘zimni. U odam yoqtirmaganimni sezdimi, boshqa gapirmadi. Ancha yurganimizdan keyin avtobus to‘xtagan edi, haligi odam o‘rnidan turdi, meni ham turg‘izdi, qani, shu yerda tushamiz, dedi. Yotoqqa yetib kelibmiz-da, deb unga ergashib tushdim. Qarasam, qator hovlilar, odamlarning uylari, mahalla, yotoq bor joyga o‘xshamaydi. Yuring, yuring, deb qistadi bu odam, hali boramiz shu yotoqxonaga. Chor-nochor ergashdim. Ancha yurib, bir uyning darvozasi oldida to‘xtadik. Yo‘q, to‘xtamadik, bu odam darvozani ochdi. Qani, marhamat, dedi. Men nima qilaman bu yerda deb taysalladim. Uka, bir pasginaga, deb turib oldi bu odam. Obbo, bu yog‘i qandoq bo‘ldi endi deb noiloj kirdim. Keyin, uncha yomon odamga o‘xshamaydi, qo‘lidan yomonlik qilish kelmaydi, lekin, bari bir, men begonani nimaga uyiga boshlab keldi, g‘alati.

Hovlisi kattagina, bir chekkadagi bostirma tagida “Volga” – GAZ-21 turibdi, yangi ham, eski ham emas, u paytlari bunaqa mashina bir-da yarim otliqda bor edi, xolos, lekin hovli fayzlikkina bo‘lsa-da, boyvachcha turadigan joyga sira o‘xshamadi – boylik nuqsi urmagan.

Lekin qanaqa bo‘lmasin, o‘zimning nimaga kerakligimni anglamayapman. Odamning kallasiga tayinli bir fikr kelmasa, xayoli ming ko‘chaga kirib chiqaverar ekan. Haligi dono aql ish bermay qoldi.

Xay-e, nima bo‘lsa bo‘ldi deb, ostona hatladim, yana yigit boshing omon bo‘lsa… deb ko‘rpachaga cho‘kdim. Bu odamning ayoli keldi, so‘rashdi, dasturxon yozdi. Sal ko‘nglim tinchidi – eru xotinning muomalasida nimadir xotirjamlik bor edi. Lekin kallam tayinsiz o‘ydan bo‘shagani yo‘q, aksincha, ko‘ziga juda katta odam bo‘lib ko‘rindimmikan, biron masalada qo‘llab yuborishni so‘rarmikan, yo gazetaga ishi tushib, muxbir jo‘ramga ayttirmoqchimi, begona bir odamni quruqdan quruqqa uyiga olib kirib, dasturxon yozib… qilgan taxminlarimning bittasi ham to‘g‘ri kelmaydi, hatto kulgili, oyligi yetmish so‘m, qo‘lida kitobidan boshqa hech vaqosi yo‘qdan qanaqa katta odam chiqadi, biron narsaga arziydimi o‘zi.. Uka, o‘ylanmang, hammasini qilamiz, yotoq pedinstiutning yonida, boramiz ham, do‘stingizni topamiz ham, lekin oldin bir piyola choy ichib olaylik, ho‘ xotin, ataganingni opke, ishimiz zaril, dedi. Ana, endi battar taajjublandim, nimaga boramiz, nimaga ishimiz, bu odam menga qo‘shilib olmoqchimi? Juda qiziq bo‘lyapti-ku!

Xay, ayolining atagani muzdekkina uvra ekan, issiq kunda ayni muddao, bir kosadan urib oldik. Endi turamiz, dedi aka, xuddi ikkovimizning ham ishimiz bitta bo‘lgandek. Ha, aytgancha, avval tanishib olaylik, mening otim Marlen, yo‘q, boshqa millatdan emas, o‘zbekman, shu, otamiz anuv qama-qama yillari ko‘p azob tortib (shu hozir aniq esimda qolmabdi, bobosi qamalib yo‘q bo‘lib ketganmi, otasimi, ishqilib, repressiyani boshidan o‘tkazgan), hukumatga yaxshi ko‘rinmasam bo‘lmaydi deb, otimni Marks bilan Leninning qisqartmasi qilib Marlen qo‘ygan, sizning otingiz nima, deb so‘radi. Men ham otimni aytdim. Uka, men o‘qituvchiman, dedi Marlen aka, so‘ramasam ham. Bo‘lmasa, uka, turdik, yotoqqa borib jo‘rangizni topib kelamiz, dedi. Men ichimda, e-e, xudoga shukr-yey, bu betayinlikdan qutular ekanman-ku, lekin nimaga jo‘ramni topib bu yerga kelamiz, degan savol o‘tdi, xay, yo‘liga aytdi-da deb, indamadim. Marlen akaga ergashib darvozaga yurdim. Shu yerda xayrlashsak kerak deb umid qilib, qayoqqa qarab yuraman endi, desam, Marlen aka avval darvozani ochaylik, dedi, xuddi bunda ham bir hikmat bordek. Darvozani ochdik, Marlen aka, bir daqiqa, dedi-da, haligi “Volga”ni haydab chiqdi. Cho‘zilib men tomondagi eshigini ochdi-da, o‘tiring, dedi. E-ha, bu akamiz kirakash ekan-u, zo‘r mijoz deb o‘ylab, qo‘ldan chiqargisi kelmagan, deb bir ko‘nglim oydin bo‘ldi-yu, cho‘ntakda bor-yo‘g‘i o‘n yetti so‘m bilan qanaqa ham mijoz bo‘laman deb, kayfiyat tushib ketdi. O‘sha vaqti xayolan takror-takror hisoblayverganimdan shu o‘n yetti so‘m haligacha esimda.

U vaqtlari xususiy mashina juda tanqis ham tansiq. Borda shaldiragan “Moskvich”, “Jiguli”ning hali oti ham chiqmagan, “Volga” GAZ – 24”ni endi-endi nufuzli korxonalar olyapti, shaxsiyga butkul yo‘q. Birda-yarim odamda “GAZ – 21” uchrab qoladi. Lekin Marlen aka – oddiy o‘qituvchida bo‘lishi mo‘jiza, albatta, kechayu kunduz tinmay kira qilib, pul topib olgan degan sal jo‘yali, lekin tamom sayoz o‘y kallamda o‘rnashib qoldi.

Yotoqqa oborib qo‘ysa, qancha so‘rar ekan? Uch so‘mdir, Jizzax kichkina shahar-ku, xay, uvrani ham qo‘shsak, ustiga ikki so‘m qo‘shib bersam bo‘ladi, shu bilan qutulaman degan xayolda boryapman mashinada.

Yotoqxonaga keldik. Tushdim, Marlen aka ham tushdi, cho‘ntakni paypaslab, besh so‘mlikni tayyorlab kelayotgan edim, lekin qo‘limni chiqaraman desam, Marlen aka parvoiga ham olmay, meni ichkariga boshladi. Yana hayron bo‘ldim, Pulni-ku keyin aytar, lekin o‘ziga nima bor yotoqxonada? O‘rtoq meniki bo‘lsa, bu odam tanimasa? Qani, jo‘rangizni topaylik-chi, uni ham olib ketamiz, deydi! Yana uyiga borar emishmiz! E-e astag‘firulloh, pul berib ham qutulmayman shekilli! Tavba, uyiga olib bordi, uvra ichkizdi, olib kelib qo‘ydi, katta rahmat, endi xizmatining haqini olib ketavermaydimi!

Yo‘q, ketay demaydi! Oldinga tushib oldi, xonama xona bosh suqib, jo‘ram yotadigan joyni ham o‘zi topdi. Unga dumdek ilashib yuraverdim. Kirsak, jo‘ravoyning o‘zi yo‘q, uning o‘rnida bir qop-qora tursichan to‘ng‘iz yotibdi, yo‘q u, keladimi, kelmaydimi, men qaydan bilaman, dedi-da, teskari o‘girildi. Shunaqa odamlar ham bo‘lar ekan-ey. Men jo‘ramning kelishini kutib qolmoqchi edim, Marlen aka yengimdan tortib, tashqariga sudradi. Aytgancha, hisob-kitob qilish kerak-ku, qaytib kiraman, deb ergashib chiqdim. Uka, ko‘rdingizmi, a bu odam emas-ku, shuning oldiga tashlab ketamanmi sizni, deydi. E-e tavba, meni tamom o‘ziniki qilib oldimi? Yana ketdik biznikiga, keyin qaytib kelib topamiz jo‘rangizni yo boshqa boradigan joyingiz yo‘q-ku, emish. Esimga tushib qoldi, bor, Ali aka degan odam bilan o‘qiganmiz, Hamid Olimjon kolxozida turadi, uyini bilmayman, lekin topib boraman o‘zim, dedim. Shunaqa demaysizmi, topamiz, o‘tiring, dedi Marlen aka chehrasi ochilib. Obbo, yo‘q deyishning sira iloji yo‘q, xay, bir boshga bir o‘lim, nachora, mashinasiga o‘tirmaganga qo‘ymayapti.

“Volga” yo‘lga tushdi. Yana taksi pulini hisoblashga tushdim. Hamid Olimjon kolxoziga boramiz. Ali akaning uyini topamiz, bu odam meni Ali akamga topshiradi-da, endi, uka, “Volga”da yallo qilib kezishning o‘zi bo‘lmaydi, bir hisob-kitob qilib qo‘yaylik, deydi. Bu yog‘i chatoq, Toshkentga qaytishga to‘rt so‘m qolarmikan, Hamid Olimjoni necha kilometr bo‘lsa… Ja noinsoflik qilib katta so‘rasa, birga o‘qiganimizda mendan uch-to‘rt yosh katta bo‘lsa ham oramiz yaqin edi, Ali akadan so‘rab turarman. U paytlari taksida yurish qandayligi esingizdan chiqib ketgan-da. “Volga”da yurishni chidaganning ham zo‘riga chiqargan edi.

Yo‘l bo‘yi xayolim pulda bo‘ldi, “Volga” g‘ildiragi aylangani sayin cho‘ntakning yo‘q barakasi ham uchib ketyapti. To‘xtatib tushib qolishning, albatta, iloji yo‘q. Marlen akamning avzoi tushganimga qo‘ymaydi.

Anchalar yurdik, necha ko‘chalarni aylanib, Ali akaning uyini topdik. Ali aka uyida ekan, chiqib hayron bo‘ldi, keyin ayanchli iljayib ichkariga manzirat qildi. Yana haligi hisob-kitoblar xayolida Marlen aka bilan xo‘shlashay desam, desam, u ham men bilan kirdi. Endi o‘zim ham besaranjom bo‘lib qoldim. Uy ichi vag‘-vug‘ bolalar yig‘isi kelyapti, oshxonadan quyuq tutun chiqyapti, Ali aka o‘tirib turinglar, ovqatim tagiga olyapti, deb oshxonaga chopdi. Ayoli ko‘rinmadi. Tashvish ustiga tashvish bo‘lib keldim shekilli, ustiga ustak, manavi odam ham eshimchaga qo‘shimcha bo‘lib oldi, ketay demaydi. Yana o‘tirib olib, uyoq-bu yoqqa alanglab boshini chayqaydi, menga ketamiz, deb imo qiladi. Ali aka qaytib kirdi. Ahmadjon, xush kelibsiz, bir otamlashar ekanmiz-da, lekin men manov ikki bolani tinchitib, xotinga bir piyola yovg‘on tashlab kelishim kerak, uch kundan beri u bannitsada, biz – bola bog‘cha, xay, hech bo‘lmasa, bitta choy damlay deb Marlen akaning biz turamiz, ovora bo‘lmang, deganiga qaramay chiqib ketdi, bolalari shamollaganmi, yo qorni ochgan, tinmay yig‘laydi. Uka, turdik, bu yerda qololmaysiz, ko‘ryapsiz-ku kursdoshingizning ahvolini: bolalariga qarasinmi, xotinigami yoki sizgami, ketdik, dedi Marlen aka. Noiloj, bu odamni yomon ko‘rib qolyapman-u, lekin, bari bir, Ali akanikida qololmayman…

Qanday kirgan bo‘lsak, shunday chiqdik. “Volga” yurgandan keyin Marlen aka, endi bo‘ldi, bugun biznikida mehmon bo‘lasiz, dedi. Ha, bo‘ldi, tamom! Bunga pul emas, o‘zim kerakman shekilli.

Yarim kundan beri bu odam ovora, mashinasi ovora, mening esam kallam ovora, cho‘ntagimni o‘ylab. Bu odamdan qanday qutulsam endi, nima istaydi mendan?! Maqsadi nima o‘zi? Yana uyga olib ketaman, deydi!

Juda bo‘g‘ildim, lekin menga xo‘jayinmisiz, pulimning bori shu o‘n yetti so‘m, shuni oling-da, meni tinch qo‘ying, deb baqirib berolmayman-ku.

Yalindim oxiri: jon aka, yana shu yotoqxonaga boraylik, jo‘ram kelib qolgan bo‘lishi mumkin, kelmasa, uning joyida tunayman. Yo‘q, qanaqa qilib uning o‘rnida yotasiz, yonidagi odamni ko‘rdingiz-ku, deydi.

Yotoqqa borsak, buni qarangki, otini ham aytay, Sulaymon jo‘ram kelgan ekan, quchoq ochib kutib oldi. Bo‘ldi-yey, xudoga shukr, endi Marlen aka yuz so‘m so‘rasa ham qo‘rqmayman. Sulaymon o‘zida bo‘lmasa, yer tagidan topib beradi.

Sulaymon uni tanimasa ham bir piyola choy ichib ketasiz, dedi. Marlen aka ham yo‘q demay o‘tirib oldi. Choy damlandi. Bigizning ustida o‘tirgandek o‘tiribman. Sulaymonni qanday qilib chetga tortib, pul so‘rasam? Kira haqi ham manov yerda elliklarga bordi-yov.

Undan-bundan gaplashgan bo‘ldik. Marlen aka, sezyapman, Sulaymonga razm solyapti. Ha, aytgancha, haligi sovuq qayoqqadir chiqib ketgan ekan. Marlen aka choyni ichib piyolani to‘ntardi-da, endi, ukalar, ikkovlaring ham turinglar, sizlarni bir mehmon qilaman, dedi. Sulaymon hayron bo‘lib menga qaradi. Men, o‘laman sattor, bormaymiz, deb turib oldim. Xo‘p tortishdik, Marlen aka yuringlar, deydi, men yo‘q deyman, Sulaymon hayron, kim bu odam deb mendan so‘rashi noqulay. Nihoyat Marlen aka, – nihoyat-ey! – “Ahmadjon uka, mana, jo‘rangizni ko‘rdim, ko‘nglim joyiga tushdi, haqiqiy jo‘rangiz ekan, men endi bemalol, ko‘ngilxotirjam sizni qo‘yib ketsam bo‘ladi. Bizga javob. Qani, omin!” deb fotihaga qo‘l ochdi.

Yelkamdan tog‘ ag‘darildi-ya! Eshikka chiqayotib Sulaymonga “Bor pulingizni olib oling!” deb shivirladim. Sulaymon boshini irg‘adi: bor puli cho‘ntagida shekilli.

“Volga”ga borguncha Marlen aka ko‘zimga yaxshi ko‘rinib qoldi, shuncha qilgan xizmatiga ming so‘m so‘rasa, albatta, yonimda shu pul bo‘lsa, qo‘sh qo‘llab tutqazar edim. Behazil.

Bilasizmi, hozirgacha o‘zim ham tushunmayman, Marlen aka pul so‘ramadi, so‘rashga yaqin ham keltirmadi, “E-e, ukalar, yo‘q deyapsizlar-da, bir chaqchaqlashib o‘tirar edik. Hali ham bo‘lsa…”, deb yalindi. Pul tutsam, bu odamni yerga urgan bo‘laman, degan fikr keldi nihoyat kallamga.

Ana shunaqa, bormadingiz – xudo xohlasa, yana ko‘risharmiz, deb juda ochiqko‘ngilda xayrlashdik.

— Kim bu odam? – dedi Sulaymon Marlen aka ketishi bilan.

— Bilmayman, bugun tanishdik, – dedim.

— Qanchaga gaplashgan edingiz? Oldin berib qo‘yganingiz yetdimi? – deb

Sulaymon yana surishtirdi, pul olib oling, degan edim-ku.

— Hech qanchaga, – dedim. – Avtobusda yonma-yon o‘tirib keldik, gaplashmadik, tushganimizdan keyin qayoqqa borasiz, deb so‘radi, sizni aytdim, uyiga olib bordi, uvra ichirdi, sizni izlab keldik, yo‘q ekansiz, xonangizda bitta to‘ng‘iz yotgan ekan, meni qoldirishga ko‘zi qiymay, Hamid Olimjon kolxoziga olib bordi, Ali aka o‘zi bilan o‘zi ovora ekan, yana uyiga olib ketmoqchi edi, men ko‘nmadim, bu yoqqa keldik, kelsak, xudoga shukr, bor ekansiz. Kun bo‘yi yurdik, – dedim.

Sulaymon juda taajjublandi:

Quruqdan quruqqami? Yo‘q, ishonmayman!

O‘zim ham ishonmayman, – dedim.

Rostdan, haligacha ham ishonmayman. Fisabillo beg‘araza yaxshilik qilishga o‘rganmagan odam, qanday ham ishonay!

Mayli, siz ham ishonmang, o‘xshatib aytolmagandirman, lekin bir og‘iz ham yolg‘oni yo‘q – shunday bo‘lgan, nimaga bu odam shunday qildi deb o‘zim ham qirq yildan beri o‘ylayman.

Aytgancha, rektor bilan ishimiz bitmadi, tushunasiz-ku, ukam Toshkentga kelib institutga kirib ketdi, qizig‘-a, Samarqandu Jizzaxga ro‘yxatga kirolmagan bitiruvchi o‘qivchi Lenin stipendiyasi olib o‘qidi, keyin fan nomzodi bo‘ldi. Taqdir taqozosi bilan men Jizzaxdan uylandim, bir kuni qaynog‘amning mashinasida Marlen akani rosa izladik, uyini tusmol qilib topa olmadim. Ko‘p yillar keyin bir odam Marlen aka ularga dars berganini aytdi, lekin u ham uyini bilmas ekan.
Bor gap shu.

2012 y. Dekabr

Ahmad A’zam. Ro’yo yoxud G’ulistonga safar. Roman — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

(Tashriflar: umumiy 4 444, bugungi 1)

Izoh qoldiring