Ahmad A’zam. Oyimning Garashalari

7eb03e622cd4d79e13b0cb3e5040e10b.png Саҳифа бетакрор адиб Аҳмад Аъзамнинг 73 ёшга тўлганига бағишланади

  Ҳеч унутмайман, 2013 йил ёзида таваллуд  кунини нишонлаган  Аҳмад аканинг хонадонида фақат она тилимиз ва адабиётимиз тақдири ҳақида, ёзилган асарлар ва ёзилажак режалар хусусида суҳбатлашган эдик. Ўша куни ака билан сўнгги юзма-юз суҳбатларимиздан бири эканини билмаган эканман.

Ўшангача ва ундан кейин ҳам  Аҳмад ака билан ҳафтада  бир-икки қўнғироқлашиб, баъзан жўраларимиз қулоғини қиздириб ўтган-кетган гаплар, баъзан бугунги адабий жараёнлар ҳақида суҳбатлашиб турардик. Соғлиғи тўлақонли ижод қилишига қанчалик тўсиқлар қўймасин, у ёзишни, ўқишни  тўхтатишни ўйламасди. Мениям тинимсиз шунга даъват қиларди. Аканинг тенгдошлари ва укаларига ибрат бўладиган иштиёқи ва матонати ўша пайтдаям, ҳозир ҳам мени ҳайратга солади. Афсуски, мен нодон Аҳмад ака бизни ташлаб кетиши мумкинлигини ўйламас эканман.

Бетамиз ёшлик йиллари, яширмайман, ундан кейин ҳам, ўзимдан уч  ёш катта Аҳмад акани «жўрам» деб билардим, ўзимга тенгдошдек муомала қилардим. Аммо, биламан, ишонаман, сезганман, Аҳмад ака мени ука деб биларди, акалик меҳри билан муомала қиларди. Бирор марта менга қаттиқ гапирганини эслолмайман. Мен баъзан тегажоғликни ҳаддидан оширганимда ҳам кулиб қараб тураверарди.

Роппа-роса бир йилча аввал, ўшандаям ёз эди,  қўнғироқ қилсам,  электрон почтамга «Ойимнинг Гарашалари»ни юборганларини айтиб,»Ҳикоя эмас,матн» деган сўзни икки-уч қайта такрорлади. Мен ҳам «Нега ҳикоя эмас?» деб сўраб ўтирмадим. «Матн»ни ўқидиму кўнглимда мунг пайдо бўлди, ойимни қаттиқ соғинганимни сездим, хотираларга кўмилдим, болаликда кечган ғамгин воқеалар кинотасмасидай кўз ўнгимдан ўтди. Кўзларимдан ёш ғилдиради.

Аканинг вафотидан кейин ўтган вақт ичида «Ойимнинг Гарашалари»ни неча марта ўқиганимни эслолмайман. Онамни эсласам, ўқийман, Аҳмад ака билан суҳбатлашгим келса, ўқийман. Ўқиб бўламану уларга Қуръон бағишлайман. Яратгандан уларга мурувват  тилайман. Ўша лаҳзаларда онамнинг маҳзун қараб туриши-ю, Аҳмад аканинг унутилмас табассуми кўз ўнгимда туради.

Хуршид Даврон

Аҳмад АЪЗАМ
ОЙИМНИНГ ГАРАШАЛАРИ
05

Бир мунг келади, қадимлардан тўғри чиқиб, кўкрагимни қийиб ўтганича эртанги кунимга тортилиб туради бу ингичка сим дор. Болалик кунларим шу дорга тизилган.

Ойим, тиззаларида тикиш, нигоҳлари игна тешигидан ўтиб, узоқ-узоқларга – қизликлари ўтган узоқ тоғдаги Гараша деган қишлоққа кетиб қолган. Оғир сўлиш олишларидан биламан: э-э, тошқўрғонда турар эдик, бир ёнғоқлар бор эди, бир ёнғоқлар! Хаёлимга ҳайбатли тоғлар келади, шарқираган сойлари бўйи қуюқ ёнғоқзор. Ойим бир куни сув олишга тушсалар, бир одам осмонга шохалаб кетган шундай ёнғоқнинг тагида унга қараб туриб: “Э-эҳ-ҳе! Аққол солибди бу!”, деган экан, шиғил солиб турган ёнғоқ бечора шу заҳоти ўртасидан қарс айрилиб, синиб тушибди. Кўзи шунақа ёмон одам, бир нарсага тикилмасин, тўғри бўлгани одамми, ҳайвонми, ўзича ўйсиз ўсиб ётган дарахтми, нима бўлмасин, шикаст етар экан. Яхши ҳам кўзи ёнғоққа тушган, ойимга қарамаган, қарагандами, худо кўрсатмасин, ойим ҳам, мен ҳам бу ерда шундай ўтирмаган бўлар эдик деб, неча-неча йиллар олдинги хавотирдан энди сесканаман. Қўрққанидан елкасидаги обкашга илинган сатилдаги сувгача дир-дир титраётган кичкина қиз кўз олдимда келиб, Гарашага, ойимнинг ўша ёшликларига тушиб бориб, кўзлик одамдан қўригим келади.

Ойим Гарашани гапиришдан олдин бир чуқур нафас олиб оладилар-у, мени бу ерда қолдириб кетадилар. Гарашани гапираётганларида эгилиб пастдан кўзларига қарайман: йиғи йўқ, йиғлагани ёш қолмаган.

Бугунларга келиб биламан, йиғлайдиган кўнгилларини ўша Гарашага қўйиб келганлар, бу кўнгил қўл бўшаб, тинчини топгани чоғлари ҳий-й деган сўзсиз фарёд бўлиб изланади, йилларнинг тах-тахидан сизиб ўтиб келиб, менинг ҳам юрагимни симиллатади.

Самарқанд уч юзу олтмиш дара,
Кўрмадим ҳеч бир одами дусара…

Маталми, қўшиқми, хиргойими, нималигини билмайман, бошқа давоми йўқ. Ойим менга мени кўрмай бир қараб қўядилар. Ўзимни кераксиз бегона сезиб, юрагим шувиллаб кетади. Сўрашга тилим айланмайди. Биламан, э-э, болам, одамзотнинг бир гапи-да бу ҳам, деб қўядилар, холос. Ичимга ғулғула кириб, ойимга шу ўтиришимда қараб туриб, ўзим кўрмаган Самарқанднинг кунгурали қоялари устидан учиб ўтаётган бўламан, пастдаги дараларда оломон шовқинлайди, ғовир-ғувурда отим ҳам умид билан чиқиб туради, шу учган кўйи юрагим така-пука, одами дусаранинг изига тушганман, уни излаяпман-у, учратиб қолишдан қўрқаман; калласи иккитами ё орқа-олди ҳам бет битта бошми деб кўз олдимга келтиролмай ҳам ғам босади. Унинг йўқлигини, минг изласам ҳам учратмаслигимни билиб, излаш ваҳмидан қутулгим келмайди, шу ваҳмда учиш нимадир мардлик ҳам бериб, ойимнинг ҳимоясида кезавераман.

Кўп учганман ўзим кўрмаган Самарқанднинг устида.

Тошқўрғони қанақа бўлса, уйлари ҳам тошдан тикланиб, баланд деворлар билан ўралганмикан? Ғазирамиздаги уйлар хомғиштдан қурилади ё синч. Иморатларнинг қўшошёнлиги йўқ. Чиқиб баҳорикордан қараса, ҳаммаси устига ғубор ёйилган кўкликка кўмилиб кўринади. Ғубдин тоғимиз етти чақирим нарида, қорлар биринчи ўша ёққа тушади, лекин қишда туравермайди, ҳар қанча ёққани ҳам кўкламнинг бошига етмай эриб кетади. Ўйнагани чиққанда бургут-мургут деган нарсаларни кўрмаганмиз. Архар бўлган дейишади, лекин бу ҳам маҳоват, ҳамма тоғда бўладиган айиқнинг уруғи ҳам йўқ. Хай, номига каклиги бор, одамлар тутиб, тўрқовоқда сайратиб қўйганини эшитиб қоламиз. Тоғимизнинг нари ёқлари ичкарилаб кетган, жуда катта деб гап қилишади, аммо бу ёқдан, Ғазирамиздан кул босган тепалик мисол кўринади. Тоғ оти бўлгандан кейин қўр тўкиб турса, унга қараганда кўнглинг кўтарилиб кетса-да.

Ҳе-е, бу ёқда сиқилишдан бошинг чиқмайди. Ойим устимда қарчиғайдек қанот ёзиб олганлар: ҳай болам, у билан ўйнама, бу билан пиёла алишма, хом сув ичма, офтобанинг офтобда қолганига қўлингни ҳам ювма, терлаб Қипчоқариққа тушма, наҳор уйдан оч чиқма, бир тишлам нон билан бир пиёлагина чой эсингда турсин, йўталсанг жон қоладими менда, тиришма гапимга, аччиқчангдан ўргилдим… сени одам қилгунча ўзим ўлиб бўламану…

Тугамайди! Қақшашга мени атайлаб туққанлар, тергаб толмайдилар. Ҳа, қўйманг, деб бақириб ҳам бераман, ер тепаман, араз қилиб сакраб тураман, далага кетиб қоламан. Э тавба, ўзимда эс йўқми! Ахир, ўйнамайми ҳеч ким билан, мактабга бормайми, тўйга кирмайми! А, у одам айириб ўтирмаса, бир доридими, кейин тамом, бу бола яхши бола, овқатдан олдин қўлини ювади, қўлини касали борлар билан бир товоққа узатмайди, пиёла алишмайди деб қўйиб қўймайди, олиб кетаверади. Ойисининг айтганини қиладими, қилмайдими деб сўраб ўтирадими!

Лекин ойимдан кун йўқ, жуда ошиб тушадилар – сувга туйилиб қолсам ҳам юраклари ёрилади!

Мусаллам мен тенги, ҳамсоямиз, орамизда битта уват, уларнинг ошкадиси палаги бизникига ўтиб тугади, олмурудимизнинг ярим шохи уларникига солинган, дастурхон устида икки уй бир-биримизни кўриб ўтирамиз, ўртада ол товоғим-бер товоғим. Ойим ўзлари Зийнат хола билан гурунг қилиб, бемалол пиёла алмашиб ўтирадилар-у, менга келганда, ҳай, у ёққа ўтма, ўйнама шу Мусал билан, деб шивирлаб улар ёққа чимрилаверадилар. Қаттиқ шивирлайдилар, бақиргандан ҳам баттар: касал бўлмаса ҳам одам қўрқиб кетади.

Мусаллам билан бир синфда ўқиймиз. Болалигимизда кўп бирга ўйнар эдик. Кейин бир-биримиздан сал тортинадиган бўлдиг-у, лекин мактабдан бирга қайтамиз. Қорамағиздан келган, миқтигина, югуриб чарчамайди, йўталиб юрганини ҳам билмайман, шунга отасидан касал юқмаган деб юрар эдим.

Ундан кўм-кўк пахтанинг ичида бўйнини чўзганча оғзини очиб қараб тургани чизилган расмдек аниқ хотира қолган. Ҳали мактабга ҳам бормаган вақтларимиз, яшинмачоқ ўйнаб юрувдик. Бўйимизни кўмадиган бўлиқ ғўза, ётиб қарамаса, ўтириб бекинган Мусаллам кўринмайди, уни топаман деб икки эгат ўртасига энди бошимни қўйганимда бирдан ғийқ-ғийқ, ғичир-ғичир бўлиб қолди. Сакраб турдим, Мусаллам ёнимда, бу эгатда экан, бўйнини чўзди. Икки томони яккам-дуккам тут йўлдан қатор арава ўтяпти, йўлнинг чуқуридан фақат аравакашу аравага босилган беда кўринади, отнинг боши силкиниб чиқади, мисоли кўм-кўк кўл сувида ғарам ортилган от бошли қайиқ карвони сузиб кетаётгандек. Шу анқайиб туришимизда қаторнинг бошида келаётган аравакаш бизни кўриб, шотида тикка турди-да, қамчинини ўқталиб, пўписа қилди, “Ҳа, бемазалар! Айтиб бераман!” деб бақирди.
Бекорга туҳматга қолаётганиизни билмай, томошадан ҳайрон Мусалламнинг ўша беайб туриши ҳозир ҳам ич-ичимда бир хўрсиниқ уйғотади. Унинг нима бўлишини билиб, индамай юргандек, билиб ёрдам қилмагандек, нимадир ичимни эзиб ўтади.

У еттинчи синфда ўқиётганимизда ўлиб қолди. Қанча хасталанди, Пўшкинда ётиб келдими, йўқми, билмайман.. Эрталаб уйларидан ҳувиллаб йиғи чиққанида бор эдим, лекин кўтариб кетишгани эсимда қолмаган. Шу, чиқариш вақти келганда ойим мени, бола нарса, кўриб юрмасин деб, бор, молларингга қараб, китобингни ўқи, тушга келмай, Булунғурга тушсанг ҳам майли, деб далага кеткизиб юборган бўлсалар эҳтимол. Лекин кейин келиб уйимизнинг орқасига чиқиб, икки чақирим у ёқдаги Валибобо мозоратига тикилиб тураверганимни биламан. Унинг тўп қайрағочлари устида қандайдир қора шарпалар изғигандек, осмон ҳам бурқиниб олган; ичида ётган ўликлар кучанаётгандек дўмбайган гўрлар орасидаги янги тупроқ тагида бош-оёғи оққа ўроғлиқ Мусаллам тепага қараб ётибди, лаҳад қоронғисида қўрқув босиб: “Устимни очинглар! Ўлмаган эдим! Нимага эшитмайсизлар!” деб тинмай чинқиради, чинқириғи устидаги қалин тупроқни тешиб ўтиб, қулоғимгача етиб келади, мен эшитяпман, лекин тинч бир даҳшатда қимирламай туравераман.

Бу мозоратда молимизни боқаман, пичан қиламан, ўлик кўмганларида бориб қараб ҳам турганман. Томошадан юрагим сескангани билан, кўпчиликнинг орасида, унча қўрқмаганман. Лекин ҳозирлари ҳам изғирин алам билан юзимга чанг солаётгандек, Мусалламнинг бир ўзи ётгани мени ҳам тортиб кетаётгандек бўлаверади.

Ойимнинг бизни жон ҳалак қўриб-қўнжишларича бор эди: кўҳна касал Мусалламларнинг уйидан ҳаммани қуритмагунча кетмади. Олдин отасини олди, кейин Мусалламни, дардларда куйган онаси сўғин йиқилди, йўқ, орада онанинг укаси, Мусалламнинг катта тоғаси Баҳром ака ўтди (у кишининг хотин-бола-чақаси нима бўлди, ёдимдан буткул ўчган, лекин иккита рўзғор битта ҳовлида, Мусалламнинг отаси ичкуёв эди шекилли), сўнгра ҳали уйланмаган кичик тоғаси Ҳамдам ака ҳам қайтиш бўлди. Битта беш ёшли Тешани амакиси Эшим кал ўзига олгандан кейин, шунча боласини ютган азахонада ғам ютиб бир боши билан Зийнат холанинг ўзи қолди. Тарашадай қотган, касал илинадиган эти ҳам йўқ питрак кампир энди яшаб ҳам нима қилдим деб, дунёга қўл силтаб ўзи ҳам кетиб юборди. Тупиркилос обод бир ҳовлини секин-секин одам турмайдиган чолдеворга айлантирди. Эшим кал ўзига янги жой қилганда бу уйларни бузиб, болорларини олиб кетгандан кейин деворлари осмонга анграйиб, одамнинг юрагини увиштирадиган ваҳимазор бўлди-қолди. Бир ўзим бўлсам, тиклаб қарашга ҳам юрагим бетламас эди: кимдир паст бир йиғи товуши билан ўзига чақираётгандек туюлаверар, бу йиғи Мусаллам ҳам бўлар эди. Ҳовли неча йил ташландиқ ётди, ҳамма ерда юрадиган илон ҳам чиқмади бу ердан, балки шу палакат нарса ҳам омонатини авайлаб бу ерга яқин йўламагандир.

Асли бутун балонинг кони кунботишдаги Пўшкинда эди. Шамол ўша ёқдан туради, тупиркилос касалларнинг йўталган нафасини бизнинг Ғазирага олиб келади! Шу зарарланган ҳаво тўғри ўпкага урилиб тургандан кейин гўрга қочасанми! Сил касалликлари шифохонасини қуриб қўйган ўша ерда, бутун тумандан ётқизилган силлар йўталиб, кўҳна касални ҳавога ёйиб ётади. Нимага бунақа касофатхона одамларнинг орасида, қишлоқнинг ўртасида бўлиши керак? Овлоқроқ жой қуриб кетганми? Ана, Ғубдиннинг тагидаги Қорақасмоқ, одам турмайди, дарахтлари кўп, серсоя, саратонда ҳам ҳур-ҳур шабада уриб, тоғдан бери ёйилган баҳорикорларга ўтиб кетади. Кейин, қадамжой, ёздан одамлар бориб жонлиқ қилади, қўй сўяди, касалларга ҳам яхши. Қиши қаттиқ, ёзлари қайнаб кетадиган паст ҳаволи, чанг-чунг Пўшкинда пишириб қўйибдими!

Биз томондан, Ғазирадан туриб тикилиб қараса, тупиркилоснинг шу Пўшкин ёқдан, ўртадаги Исталиннинг дарахтлари оша ими-жимида сийпалиб ўтиб келаётгани кўриниб қоладигандек ҳам туюлар эди.

Лекин ногаҳонда ўзи ҳам лоп этиб келиб қолади. Мактабга борсак, оқ теракми-кўк терак ўйнаб, копток тепадиган жойимизда сўррайиб турган бўлади-да! Ҳамма ёғи, ойналари ҳам бир хил оч кўкка бўялган узун тобут! Қочиб кетишга оёқ ҳам ишламай қолади. Ана, касали очилиб қолишидан қўрқди, деган гап чиқиши бундан ёмон.. Қатор навбатда турамиз, ҳамма ўзи билан, ўзининг жони ташвишида, атрофга жавдираймиз, бир-биримизга бегонасираб мўлтираймиз. Касал эмасман, кирмайман, менга тегманглар, деб ичимизда изиллаб йиғлайверамиз, лекин ҳимоячи йўқ, отамиз, онамиз бу ерда эмас, муаллимларнинг эса ўзлари ушлаб беряпти. Қоронғида қалт-қалт титраб, яланг кўкрагимизни рентгеннинг совуқ темирига тутамиз, ғира-шира кўринаётган халатли хотинга унсиз ёлвориб қараймиз. Автобусдан тушгандан, қаранглар, мана, бу касал чиқди, ушланглар, деб яна шу автобусга тиқиб Пўшкинга жўнатиб юборишадигандек, ғирра жуфтакни урамиз. Синфда ё кўчада нафас ростлаб олгандан кейин, дўхтир хотин ҳеч нима демади-ку деб, мардлигимиз ҳам тутади, рентгенга қўрқмай тушганимизни мақтанамиз, намойишга қаттиқ-қаттиқ йўталиб, бу бошқа нарсадан деб бемалол изоҳ берамиз.

Яна битта эмлашлари бор, бу ҳам қўрқитади-ю, лекин кўпчиликнинг ичида, рентгенчалик эмас. Билакни чизиб тилиб, ачитмайдиган ҳам бир дори қўйишади: касални шунақа қилиб юқтириб кўришар экан, агар тилинган жой қизариб шишса, организм соғлом, қаршилик кўрсатяпти; шунақа гапга жуда ишонамиз, организм нималигини ҳам биламиз, шишмаса – урди худо, Пўшкинга талабгор, энди бошланаётган бўлса, семиз-семиз қўй гўшти, қуйруқмойни уравериш керак, шунда қайтади. Катталарнинг оғзидан олинган бу гапга жуда ихлос қўйганмиз.

Бир куни нимадир иш билан Пушкин колхозига борганимда ўша касалхонанинг олдидан ўтдим. Даҳшат – одамлар яшайдиган жойнинг ўртасига қурилган! Гирд айланаси ҳовлилар, эгалари эса ёнларида шунақа юқма касаллар борлигига парво қилмай, бемалол кириб чиқиб турибди. Эй инсонлар, ахир, ахир… нимага бу ерда яшайсиз, деб бақиргим келди, лекин буни ўзлари ҳам билади-ку, қаёққа ҳам кўчишсин, биров бошқа жойда уйлар қуриб, тайёрлаб қўйибдими, кейин ўзлари ҳам ўрганиб, иммунитет пайдо бўлган, дедим яна ичимда. Иммунитетни ҳам кўп гапирар эдик: одамда шу кучли бўлса, мингта касалнинг ичида бало ҳам урмайди.

Тупиркилос Мусалламларнинг оиласидан шунча одамни олиб кетиб, ўртада девор ҳам йўқ, худога шукр, уйимиздан биттамизга ҳам кўзини тикмади. Бу энди ойимнинг ғайратларидан. Энди ўйлаб қойил бўламан, нима қилиб бўлса ҳам бизга касал тегизмаганлар-да.

Қушда тиним бор, менда тиним йўқ, дер эдилар. Эртадан кечгача рўзғор билан томорқага фидо, кўзу қулоқлари бизда, катта қидиришлари Ғазиранинг бозорига тушиб келиш. Ҳатто Самарқандга ҳам бормаганлар. Жиндай нафас ростлаб, қўлларига тикиш олган пайтлари Гарашани дард қилиб қоладилар, унинг тош қўрғонлари оралаб ёнғоқ тагида шарқираган сойида ҳасратлари оқиб кетади.

Гарашани ойим бу ёққа тушганларидан кейин қайтиб кўрмаганлар, шундан у қишлоқ хаёллари кун-кундан чирой очиб, ёнғоқлари тобора гуркираб, тоғи ҳам осмон қадар баландлаб кетаверган. Фақат Самарқандда кўринмаган одами дусара тўғрисидаги мунгли маталларининг мағзини чақа олмайман. Нимага дараси уч юзу олтмиш эканини ҳалигача билмайман. Лекин шуни айтсалар, нимагадир Гарашанинг тоғлари менга яқин келади, қорларидан оқиб келган ҳаводай тип-тиниқ сувлар бўйида, тош қўрғонларида яшайдиган одамлари ёнига касал ҳам чиқа олмайдигандек туюлади, ўша ёқда бўлганимизда ойим менга бунча кўп жаврамаган бўлур эдилар.

Ғазиранинг кўкликлари ичида сувга чўккандек юраман, нимага қишлоғимиз тоғда эмас деб кўнглим чўкади. Ғубдинимизнинг булут кўланкасидек келбатига қараб ўзимни камситаман: нимага бунча паст, чўққилари чўққи эмас, дўнгалак, қишдан ёққан қордан ёзда оқ қалпоқ киймайди, шу ҳам тоғ бўлдию. Лекин Гараша! Катта бўлсам, ойимни олиб бораман, деб шунчалар орзу қиламанки! Аммо катта бўлиб, ўзимдан бўшамадим, машиналик бўлиб, олиб боришга имкони келган пайти эса ойим ётиб қолдилар – армонлари менга қолди.

Ҳозирлари шаҳарда яшайман.
Мен турган жойдан тоғлар кўринмайди.

045Sahifa betakror adib Ahmad A’zamning 73 yoshga to’lganiga bag’ishlanadi

Hech unutmayman, 2013 yil yozida tavallud kunini nishonlagan Ahmad akaning xonadonida faqat ona tilimiz va adabiyotimiz taqdiri haqida, yozilgan asarlar va yozilajak rejalar xususida suhbatlashgan edik. O’sha kuni aka bilan so’nggi yuzma-yuz suhbatlarimizdan biri ekanini bilmagan ekanman.  O’shangacha va undan keyin ham Ahmad aka bilan haftada bir-ikki qo’ng’iroqlashib, ba’zan jo’ralarimiz qulog’ini qizdirib o’tgan-ketgan gaplar, ba’zan bugungi adabiy jarayonlar haqida suhbatlashib turardik. Sog’lig’i to’laqonli ijod qilishiga qanchalik to’siqlar qo’ymasin, u yozishni, o’qishni to’xtatishni o’ylamasdi. Meniyam tinimsiz shunga da’vat qilardi. Akaning tengdoshlari va ukalariga ibrat bo’ladigan ishtiyoqi va matonati o’sha paytdayam, hozir ham meni hayratga soladi. Afsuski, men nodon Ahmad aka bizni tashlab ketishi mumkinligini o’ylamas ekanman.

Betamiz yoshlik yillari, yashirmayman, undan keyin ham, o’zimdan uch yosh katta Ahmad akani «jo’ram» deb bilardim, o’zimga tengdoshdek muomala qilardim. Ammo, bilaman, ishonaman,
sezganman, Ahmad aka meni uka deb bilardi, akalik mehri bilan muomala qilardi. Biror marta menga qattiq gapirganini eslolmayman. Men ba’zan tegajog’likni haddidan oshirganimda ham kulib qarab turaverardi.

Roppa-rosa bir yilcha avval, o’shandayam yoz edi, qo’ng’iroq qilsam, elektron pochtamga «Oyimning Garashalari»ni yuborganlarini aytib,»Hikoya emas,matn» degan so’zni ikki-uch qayta takrorladi. Men ham «Nega hikoya emas?» deb so’rab o’tirmadim. «Matn»ni o’qidimu ko’nglimda mung paydo bo’ldi, oyimni qattiq sog’inganimni sezdim, xotiralarga ko’mildim, bolalikda kechgan g’amgin voqealar kinotasmasiday ko’z o’ngimdan o’tdi. Ko’zlarimdan yosh g’ildiradi.

Akaning vafotidan keyin o’tgan vaqt ichida «Oyimning Garashalari»ni necha marta o’qiganimni eslolmayman. Onamni eslasam, o’qiyman, Ahmad aka bilan suhbatlashgim kelsa, o’qiyman. O’qib bo’lamanu ularga Qur’on bag’ishlayman. Yaratgandan ularga muruvvat tilayman. O’sha lahzalarda onamning mahzun qarab turishi-yu, Ahmad akaning unutilmas tabassumi ko’z o’ngimda turadi.

Xurshid Davron

 

Ahmad A’ZAM
OYIMNING GARASHALARI
05

Bir mung keladi, qadimlardan to’g’ri chiqib, ko’kragimni qiyib o’tganicha ertangi kunimga tortilib turadi bu ingichka sim dor. Bolalik kunlarim shu dorga tizilgan.

Oyim, tizzalarida tikish, nigohlari igna teshigidan o’tib, uzoq-uzoqlarga – qizliklari o’tgan uzoq tog’dagi Garasha degan qishloqqa ketib qolgan. Og’ir so’lish olishlaridan bilaman: e-e, toshqo’rg’onda turar edik, bir yong’oqlar bor edi, bir yong’oqlar! Xayolimga haybatli tog’lar keladi, sharqiragan soylari bo’yi quyuq yong’oqzor. Oyim bir kuni suv olishga tushsalar, bir odam osmonga shoxalab ketgan shunday yong’oqning tagida unga qarab turib: “E-eh-he! Aqqol solibdi bu!”, degan ekan, shig’il solib turgan yong’oq bechora shu zahoti o’rtasidan qars ayrilib, sinib tushibdi. Ko’zi shunaqa yomon odam, bir narsaga tikilmasin, to’g’ri bo’lgani odammi, hayvonmi, o’zicha o’ysiz o’sib yotgan daraxtmi, nima bo’lmasin, shikast yetar ekan. Yaxshi ham ko’zi yong’oqqa tushgan, oyimga qaramagan, qaragandami, xudo ko’rsatmasin, oyim ham, men ham bu yerda shunday o’tirmagan bo’lar edik deb, necha-necha yillar oldingi xavotirdan endi seskanaman. Qo’rqqanidan yelkasidagi obkashga ilingan satildagi suvgacha dir-dir titrayotgan kichkina qiz ko’z oldimda kelib, Garashaga, oyimning o’sha yoshliklariga tushib borib, ko’zlik odamdan qo’rigim keladi.

Oyim Garashani gapirishdan oldin bir chuqur nafas olib oladilar-u, meni bu yerda qoldirib ketadilar. Garashani gapirayotganlarida egilib pastdan ko’zlariga qarayman: yig’i yo’q, yig’lagani yosh qolmagan.

Bugunlarga kelib bilaman, yig’laydigan ko’ngillarini o’sha Garashaga qo’yib kelganlar, bu ko’ngil qo’l bo’shab, tinchini topgani chog’lari hiy-y degan so’zsiz faryod bo’lib izlanadi, yillarning tax-taxidan sizib o’tib kelib, mening ham yuragimni simillatadi.

Samarqand uch yuzu oltmish dara,
Ko’rmadim hech bir odami dusara…

Matalmi, qo’shiqmi, xirgoyimi, nimaligini bilmayman, boshqa davomi yo’q. Oyim menga meni ko’rmay bir qarab qo’yadilar. O’zimni keraksiz begona sezib, yuragim shuvillab ketadi. So’rashga tilim aylanmaydi. Bilaman, e-e, bolam, odamzotning bir gapi-da bu ham, deb qo’yadilar, xolos. Ichimga g’ulg’ula kirib, oyimga shu o’tirishimda qarab turib, o’zim ko’rmagan Samarqandning kungurali qoyalari ustidan uchib o’tayotgan bo’laman, pastdagi daralarda olomon shovqinlaydi, g’ovir-g’uvurda otim ham umid bilan chiqib turadi, shu uchgan ko’yi yuragim taka-puka, odami dusaraning iziga tushganman, uni izlayapman-u, uchratib qolishdan qo’rqaman; kallasi ikkitami yo orqa-oldi ham bet bitta boshmi deb ko’z oldimga keltirolmay ham g’am bosadi. Uning yo’qligini, ming izlasam ham uchratmasligimni bilib, izlash vahmidan qutulgim kelmaydi, shu vahmda uchish nimadir mardlik ham berib, oyimning himoyasida kezaveraman.

Ko’p uchganman o’zim ko’rmagan Samarqandning ustida.

Toshqo’rg’oni qanaqa bo’lsa, uylari ham toshdan tiklanib, baland devorlar bilan o’ralganmikan? G’aziramizdagi uylar xomg’ishtdan quriladi yo sinch. Imoratlarning qo’shoshyonligi yo’q. Chiqib bahorikordan qarasa, hammasi ustiga g’ubor yoyilgan ko’klikka ko’milib ko’rinadi. G’ubdin tog’imiz yetti chaqirim narida, qorlar birinchi o’sha yoqqa tushadi, lekin qishda turavermaydi, har qancha yoqqani ham ko’klamning boshiga yetmay erib ketadi. O’ynagani chiqqanda burgut-murgut degan narsalarni ko’rmaganmiz. Arxar bo’lgan deyishadi, lekin bu ham mahovat, hamma tog’da bo’ladigan ayiqning urug’i ham yo’q. Xay, nomiga kakligi bor, odamlar tutib, to’rqovoqda sayratib qo’yganini eshitib qolamiz. Tog’imizning nari yoqlari ichkarilab ketgan, juda katta deb gap qilishadi, ammo bu yoqdan, G’aziramizdan kul bosgan tepalik misol ko’rinadi. Tog’ oti bo’lgandan keyin qo’r to’kib tursa, unga qaraganda ko’ngling ko’tarilib ketsa-da.

He-ye, bu yoqda siqilishdan boshing chiqmaydi. Oyim ustimda qarchig’aydek qanot yozib olganlar: hay bolam, u bilan o’ynama, bu bilan piyola alishma, xom suv ichma, oftobaning oftobda qolganiga qo’lingni ham yuvma, terlab Qipchoqariqqa tushma, nahor uydan och chiqma, bir tishlam non bilan bir piyolagina choy esingda tursin, yo’talsang jon qoladimi menda, tirishma gapimga, achchiqchangdan o’rgildim… seni odam qilguncha o’zim o’lib bo’lamanu…

Tugamaydi! Qaqshashga meni ataylab tuqqanlar, tergab tolmaydilar. Ha, qo’ymang, deb baqirib ham beraman, yer tepaman, araz qilib sakrab turaman, dalaga ketib qolaman. E tavba, o’zimda es yo’qmi! Axir, o’ynamaymi hech kim bilan, maktabga bormaymi, to’yga kirmaymi! A, u odam ayirib o’tirmasa, bir doridimi, keyin tamom, bu bola yaxshi bola, ovqatdan oldin qo’lini yuvadi, qo’lini kasali borlar bilan bir tovoqqa uzatmaydi, piyola alishmaydi deb qo’yib qo’ymaydi, olib ketaveradi. Oyisining aytganini qiladimi, qilmaydimi deb so’rab o’tiradimi!

Lekin oyimdan kun yo’q, juda oshib tushadilar – suvga tuyilib qolsam ham yuraklari yoriladi!

Musallam men tengi, hamsoyamiz, oramizda bitta uvat, ularning oshkadisi palagi biznikiga o’tib tugadi, olmurudimizning yarim shoxi ularnikiga solingan, dasturxon ustida ikki uy bir-birimizni ko’rib o’tiramiz, o’rtada ol tovog’im-ber tovog’im. Oyim o’zlari Ziynat xola bilan gurung qilib, bemalol piyola almashib o’tiradilar-u, menga kelganda, hay, u yoqqa o’tma, o’ynama shu Musal bilan, deb shivirlab ular yoqqa chimrilaveradilar. Qattiq shivirlaydilar, baqirgandan ham battar: kasal bo’lmasa ham odam qo’rqib ketadi.

Musallam bilan bir sinfda o’qiymiz. Bolaligimizda ko’p birga o’ynar edik. Keyin bir-birimizdan sal tortinadigan bo’ldig-u, lekin maktabdan birga qaytamiz. Qoramag’izdan kelgan, miqtigina, yugurib charchamaydi, yo’talib yurganini ham bilmayman, shunga otasidan kasal yuqmagan deb yurar edim.

Undan ko’m-ko’k paxtaning ichida bo’ynini cho’zgancha og’zini ochib qarab turgani chizilgan rasmdek aniq xotira qolgan. Hali maktabga ham bormagan vaqtlarimiz, yashinmachoq o’ynab yuruvdik. Bo’yimizni ko’madigan bo’liq g’o’za, yotib qaramasa, o’tirib bekingan Musallam ko’rinmaydi, uni topaman deb ikki egat o’rtasiga endi boshimni qo’yganimda birdan g’iyq-g’iyq, g’ichir-g’ichir bo’lib qoldi. Sakrab turdim, Musallam yonimda, bu egatda ekan, bo’ynini cho’zdi. Ikki tomoni yakkam-dukkam tut yo’ldan qator arava o’tyapti, yo’lning chuquridan faqat aravakashu aravaga bosilgan beda ko’rinadi, otning boshi silkinib chiqadi, misoli ko’m-ko’k ko’l suvida g’aram ortilgan ot boshli qayiq karvoni suzib ketayotgandek. Shu anqayib turishimizda qatorning boshida kelayotgan aravakash bizni ko’rib, shotida tikka turdi-da, qamchinini o’qtalib, po’pisa qildi, “Ha, bemazalar! Aytib beraman!” deb baqirdi.Bekorga tuhmatga qolayotganiizni bilmay, tomoshadan hayron Musallamning o’sha beayb turishi hozir ham ich-ichimda bir xo’rsiniq uyg’otadi. Uning nima bo’lishini bilib, indamay yurgandek, bilib yordam qilmagandek, nimadir ichimni ezib o’tadi.

U yettinchi sinfda o’qiyotganimizda o’lib qoldi. Qancha xastalandi, Po’shkinda yotib keldimi, yo’qmi, bilmayman.. Ertalab uylaridan huvillab yig’i chiqqanida bor edim, lekin ko’tarib ketishgani esimda qolmagan. Shu, chiqarish vaqti kelganda oyim meni, bola narsa, ko’rib yurmasin deb, bor, mollaringga qarab, kitobingni o’qi, tushga kelmay, Bulung’urga tushsang ham mayli, deb dalaga ketkizib yuborgan bo’lsalar ehtimol. Lekin keyin kelib uyimizning orqasiga chiqib, ikki chaqirim u yoqdagi Valibobo mozoratiga tikilib turaverganimni bilaman. Uning to’p qayrag’ochlari ustida qandaydir qora sharpalar izg’igandek, osmon ham burqinib olgan; ichida yotgan o’liklar kuchanayotgandek do’mbaygan go’rlar orasidagi yangi tuproq tagida bosh-oyog’i oqqa o’rog’liq Musallam tepaga qarab yotibdi, lahad qorong’isida qo’rquv bosib: “Ustimni ochinglar! O’lmagan edim! Nimaga eshitmaysizlar!” deb tinmay chinqiradi, chinqirig’i ustidagi qalin tuproqni teshib o’tib, qulog’imgacha yetib keladi, men eshityapman, lekin tinch bir dahshatda qimirlamay turaveraman.

Bu mozoratda molimizni boqaman, pichan qilaman, o’lik ko’mganlarida borib qarab ham turganman. Tomoshadan yuragim seskangani bilan, ko’pchilikning orasida, uncha qo’rqmaganman. Lekin hozirlari ham izg’irin alam bilan yuzimga chang solayotgandek, Musallamning bir o’zi yotgani meni ham tortib ketayotgandek bo’laveradi.

Oyimning bizni jon halak qo’rib-qo’njishlaricha bor edi: ko’hna kasal Musallamlarning uyidan hammani quritmaguncha ketmadi. Oldin otasini oldi, keyin Musallamni, dardlarda kuygan onasi so’g’in yiqildi, yo’q, orada onaning ukasi, Musallamning katta tog’asi Bahrom aka o’tdi (u kishining xotin-bola-chaqasi nima bo’ldi, yodimdan butkul o’chgan, lekin ikkita ro’zg’or bitta hovlida, Musallamning otasi ichkuyov edi shekilli), so’ngra hali uylanmagan kichik tog’asi Hamdam aka ham qaytish bo’ldi. Bitta besh yoshli Teshani amakisi Eshim kal o’ziga olgandan keyin, shuncha bolasini yutgan azaxonada g’am yutib bir boshi bilan Ziynat xolaning o’zi qoldi. Tarashaday qotgan, kasal ilinadigan eti ham yo’q pitrak kampir endi yashab ham nima qildim deb, dunyoga qo’l siltab o’zi ham ketib yubordi. Tupirkilos obod bir hovlini sekin-sekin odam turmaydigan choldevorga aylantirdi. Eshim kal o’ziga yangi joy qilganda bu uylarni buzib, bolorlarini olib ketgandan keyin devorlari osmonga angrayib, odamning yuragini uvishtiradigan vahimazor bo’ldi-qoldi. Bir o’zim bo’lsam, tiklab qarashga ham yuragim betlamas edi: kimdir past bir yig’i tovushi bilan o’ziga chaqirayotgandek tuyulaverar, bu yig’i Musallam ham bo’lar edi. Hovli necha yil tashlandiq yotdi, hamma yerda yuradigan ilon ham chiqmadi bu yerdan, balki shu palakat narsa ham omonatini avaylab bu yerga yaqin yo’lamagandir.

Asli butun baloning koni kunbotishdagi Po’shkinda edi. Shamol o’sha yoqdan turadi, tupirkilos kasallarning yo’talgan nafasini bizning G’aziraga olib keladi! Shu zararlangan havo to’g’ri o’pkaga urilib turgandan keyin go’rga qochasanmi! Sil kasalliklari shifoxonasini qurib qo’ygan o’sha yerda, butun tumandan yotqizilgan sillar yo’talib, ko’hna kasalni havoga yoyib yotadi. Nimaga bunaqa kasofatxona odamlarning orasida, qishloqning o’rtasida bo’lishi kerak? Ovloqroq joy qurib ketganmi? Ana, G’ubdinning tagidagi Qoraqasmoq, odam turmaydi, daraxtlari ko’p, sersoya, saratonda ham hur-hur shabada urib, tog’dan beri yoyilgan bahorikorlarga o’tib ketadi. Keyin, qadamjoy, yozdan odamlar borib jonliq qiladi, qo’y so’yadi, kasallarga ham yaxshi. Qishi qattiq, yozlari qaynab ketadigan past havoli, chang-chung Po’shkinda pishirib qo’yibdimi!

Biz tomondan, G’aziradan turib tikilib qarasa, tupirkilosning shu Po’shkin yoqdan, o’rtadagi Istalinning daraxtlari osha imi-jimida siypalib o’tib kelayotgani ko’rinib qoladigandek ham tuyular edi.

Lekin nogahonda o’zi ham lop etib kelib qoladi. Maktabga borsak, oq terakmi-ko’k terak o’ynab, koptok tepadigan joyimizda so’rrayib turgan bo’ladi-da! Hamma yog’i, oynalari ham bir xil och ko’kka bo’yalgan uzun tobut! Qochib ketishga oyoq ham ishlamay qoladi. Ana, kasali ochilib qolishidan qo’rqdi, degan gap chiqishi bundan yomon.. Qator navbatda turamiz, hamma o’zi bilan, o’zining joni tashvishida, atrofga javdiraymiz, bir-birimizga begonasirab mo’ltiraymiz. Kasal emasman, kirmayman, menga tegmanglar, deb ichimizda izillab yig’layveramiz, lekin himoyachi yo’q, otamiz, onamiz bu yerda emas, muallimlarning esa o’zlari ushlab beryapti. Qorong’ida qalt-qalt titrab, yalang ko’kragimizni rentgenning sovuq temiriga tutamiz, g’ira-shira ko’rinayotgan xalatli xotinga unsiz yolvorib qaraymiz. Avtobusdan tushgandan, qaranglar, mana, bu kasal chiqdi, ushlanglar, deb yana shu avtobusga tiqib Po’shkinga jo’natib yuborishadigandek, g’irra juftakni uramiz. Sinfda yo ko’chada nafas rostlab olgandan keyin, do’xtir xotin hech nima demadi-ku deb, mardligimiz ham tutadi, rentgenga qo’rqmay tushganimizni maqtanamiz, namoyishga qattiq-qattiq yo’talib, bu boshqa narsadan deb bemalol izoh beramiz.

Yana bitta emlashlari bor, bu ham qo’rqitadi-yu, lekin ko’pchilikning ichida, rentgenchalik emas. Bilakni chizib tilib, achitmaydigan ham bir dori qo’yishadi: kasalni shunaqa qilib yuqtirib ko’rishar ekan, agar tilingan joy qizarib shishsa, organizm sog’lom, qarshilik ko’rsatyapti; shunaqa gapga juda ishonamiz, organizm nimaligini ham bilamiz, shishmasa – urdi xudo, Po’shkinga talabgor, endi boshlanayotgan bo’lsa, semiz-semiz qo’y go’shti, quyruqmoyni uraverish kerak, shunda qaytadi. Kattalarning og’zidan olingan bu gapga juda ixlos qo’yganmiz.

Bir kuni nimadir ish bilan Pushkin kolxoziga borganimda o’sha kasalxonaning oldidan o’tdim. Dahshat – odamlar yashaydigan joyning o’rtasiga qurilgan! Gird aylanasi hovlilar, egalari esa yonlarida shunaqa yuqma kasallar borligiga parvo qilmay, bemalol kirib chiqib turibdi. Ey insonlar, axir, axir… nimaga bu yerda yashaysiz, deb baqirgim keldi, lekin buni o’zlari ham biladi-ku, qayoqqa ham ko’chishsin, birov boshqa joyda uylar qurib, tayyorlab qo’yibdimi, keyin o’zlari ham o’rganib, immunitet paydo bo’lgan, dedim yana ichimda. Immunitetni ham ko’p gapirar edik: odamda shu kuchli bo’lsa, mingta kasalning ichida balo ham urmaydi.

Tupirkilos Musallamlarning oilasidan shuncha odamni olib ketib, o’rtada devor ham yo’q, xudoga shukr, uyimizdan bittamizga ham ko’zini tikmadi. Bu endi oyimning g’ayratlaridan. Endi o’ylab qoyil bo’laman, nima qilib bo’lsa ham bizga kasal tegizmaganlar-da.

Qushda tinim bor, menda tinim yo’q, der edilar. Ertadan kechgacha ro’zg’or bilan tomorqaga fido, ko’zu quloqlari bizda, katta qidirishlari G’aziraning bozoriga tushib kelish. Hatto Samarqandga ham bormaganlar. Jinday nafas rostlab, qo’llariga tikish olgan paytlari Garashani dard qilib qoladilar, uning tosh qo’rg’onlari oralab yong’oq tagida sharqiragan soyida hasratlari oqib ketadi.

Garashani oyim bu yoqqa tushganlaridan keyin qaytib ko’rmaganlar, shundan u qishloq xayollari kun-kundan chiroy ochib, yong’oqlari tobora gurkirab, tog’i ham osmon qadar balandlab ketavergan. Faqat Samarqandda ko’rinmagan odami dusara to’g’risidagi mungli matallarining mag’zini chaqa olmayman. Nimaga darasi uch yuzu oltmish ekanini haligacha bilmayman. Lekin shuni aytsalar, nimagadir Garashaning tog’lari menga yaqin keladi, qorlaridan oqib kelgan havoday tip-tiniq suvlar bo’yida, tosh qo’rg’onlarida yashaydigan odamlari yoniga kasal ham chiqa olmaydigandek tuyuladi, o’sha yoqda bo’lganimizda oyim menga buncha ko’p javramagan bo’lur edilar.

G’aziraning ko’kliklari ichida suvga cho’kkandek yuraman, nimaga qishlog’imiz tog’da emas deb ko’nglim cho’kadi. G’ubdinimizning bulut ko’lankasidek kelbatiga qarab o’zimni kamsitaman: nimaga buncha past, cho’qqilari cho’qqi
emas, do’ngalak, qishdan yoqqan qordan yozda oq qalpoq kiymaydi, shu ham tog’ bo’ldiyu. Lekin Garasha! Katta bo’lsam, oyimni olib boraman, deb shunchalar orzu qilamanki! Ammo katta bo’lib, o’zimdan bo’shamadim, mashinalik bo’lib, olib borishga imkoni
kelgan payti esa oyim yotib qoldilar – armonlari menga qoldi.

Hozirlari shaharda yashayman.
Men turgan joydan tog’lar ko’rinmaydi.

045

(Tashriflar: umumiy 793, bugungi 1)

Izoh qoldiring