Ahmadjon Meliboyev. Kitoblardan topgan durlarim.

033
Ўсмирлик пайтлари ўқиган китобларимизнинг жасур ва мард, тўғрисўз, одамларга яхшилик қиладиган қаҳрамонларига ҳавас қилиб, кечалари уйқумиз қочиб, эртак қаҳрамонларига тақлидан, бало-қазоларни даф қилишга, одамхўр девларга, йўлтўсар алвастиларга қарши ҳаёлий жангга отланардик. Бугун фан-техника олами бениҳоя ривожланган бир пайтда, таассуфки, болаларни эртаклар оламига бошлаш урф бўлмай қолди. Бу гапга кимдадир иштибоҳ туғилса, эринмай болалар давраларига кириб, улардан сўраб кўрсин-чи, “Алпомиш”ни, “Равшан ва Зулхумор”ни, “Гўрўғли”ни, “Ёзи билан Зебо”ни, Авазхонни, Ғиркўкни, Бойчиборни билишадими?

калам

Аҳмаджон Мелибоев
КИТОБЛАРДАН ТОПГАН ДУРЛАРИМ

Бир cуҳбатда мендан биринчи ўқиган китобимни сўраб қолишди, эслай олмадим, аммо ёшлигимда бошқа тенгдошларимга нисбатан китобни кўп ўқиганим аниқ. Домлалар: “Китобни ким кўп ўқиса, ундан зўр одам чиқади”, дейишарди. Кексалар насиҳат қилишар экан, “Китобда бор гапни айтаяпман, болам”, деб қўйишарди. Биз бўлсак, бу гап қайси китобда айтилган экан-а, деб қизиқиб, зўр одам бўлиш учун қўлимизга нима тушса, ўқиб кетаверардик. У пайтлари китоб ҳозиргидек мўл эмасди. Ягона китоб дўкони туман марказида бўлиб, у ерга бирор сабаб билан бориб қолгудек бўлсак, албатта, бирорта китоб сотиб олардик. Ўқиб бўлганимиздан кейин, бошқа тенгдошларимизга бериб туриш ёки биргалашиб ўқиш одат эди.

Мактабимиздаги мўъжазгина кутубхона мудираси китоб саҳифаларини буклаб, ғижим қилиб, муқовасига сиёҳ, ёғ теккизиб, баъзи жойларини йиртиб ўқийдиган болаларга китоб бермасди. Кутубхонага янги китоблар келган пайтлари бу — оғир жазо эди, бир-биримиздан сўраб, илтимос қилиб ўқирдик. Баъзан бир жойга тўпланиб, биттамиз овоз чиқариб ўқирдик, бошқалар жим тинглашарди.

Биринчи ўқиган китобимни эсламасам-да, тинглаган китобларим ёдимда. Улар катталар узоқ қиш тунлари иссиқ сандал устига қўйиб, қироат билан ўқийдиган жангномалар, маҳзун қасидалар эди. Кейинроқ Тўхтасин Жалоловнинг “Олтин қафас”, Стефан Цвейгнинг “Бир аёл мактуби” китобларини ўқитувчиларимиздан яшириб ўқиганман. Одил Ёқубовнинг “Муқаддас”, “Тилла узук”, Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз”, Озод Шарафиддиновнинг “Замон. Қалб. Поэзия” китобларини, олтмишинчи йиллари ёшлар ўртасида бениҳоя машҳур муҳаббат қиссаларини бир эмас, бир неча марта ўқиб чиққанман, кўп ўринларини ёд олганман. Француз озодлик ҳаракати йўлбошчиларидан бири, афсонавий қаҳрамон Жанна д Арк ҳақидаги романни ўқиганимда китобнинг таъсир кучини, бадиий адабиётни англагандай бўлдим. Бу гўзал, фавқулодда жасоратли аёл мени ўзига ром этди, узоқ вақт унинг фожеали тақдирига ачиниб юрдим. Йиллар ўтиб, хизмат сафари билан Францияга борганимда, Версал саройининг маҳобатли залларидан бирида у билан юзма-юз келдим. Моҳир мўйқалам устаси янги Орлеан учун бўлган жангнинг ғолибасини от устида шу қадар жонли тасвирлаган эдики, суюкли қаҳрамонимнинг кўзида нур кўрдим, юрак уришини эшитдим десам ҳам бўлаверади.

Ўсмирлик пайтлари ўқиган китобларимизнинг жасур ва мард, тўғрисўз, одамларга яхшилик қиладиган қаҳрамонларига ҳавас қилиб, кечалари уйқумиз қочиб, эртак қаҳрамонларига тақлидан, бало-қазоларни даф қилишга, одамхўр девларга, йўлтўсар алвастиларга қарши ҳаёлий жангга отланардик. Бугун фан-техника олами бениҳоя ривожланган бир пайтда, таассуфки, болаларни эртаклар оламига бошлаш урф бўлмай қолди. Бу гапга кимдадир иштибоҳ туғилса, эринмай болалар давраларига кириб, улардан сўраб кўрсин-чи, “Алпомиш”ни, “Равшан ва Зулхумор”ни, “Гўрўғли”ни, “Ёзи билан Зебо”ни, Авазхонни, ўиркўкни, Бойчиборни билишадими? Фарзандларимиз кўз ўнгимизда китоб ўқиб эмас, компьютер дастурларига жойлаштирилган жанг, отишма, ур-йиқит ўйинларни ўйнаб, мушук-сичқоннинг адоқсиз қувди-қочдисини томоша қилиб катта бўлишмоқда. Ўқиган китобларини бир-бирларига айтиб бериш, баён, иншо ёзиш эса тобора камайиб бораётир.

Саргузашт китобларни кўп ўқиган бола билан, китоб ўқишга ўргатилмаган бола характерида кескин фарқ бор. Китобхон болаларнинг нутқи равон, фикрлаш доираси кенг, эшитиш ва эшитганларини ўзлаштириш қобилияти анча юқори бўлади. Бундай болаларнинг характерида меҳрибонлик, ўзаро дўстлашиш, орқада қолаётган тенгдошига ёрдам кўрсатиш, бировни беҳуда ранжитмаслик, хасислик қилмаслик, қуш ва уй ҳайвонларига озор бермаслик хусусиятларини кўриш мумкин.

Китобларни уч ҳолатда ўқиганман, деган гапни кўп айтаман. Биринчи ўқиганимда, домлаларимиз айтгандай, зўр одам бўлиш учун қўлимга нима тушса, тушунсаму тушунмасам, ўқийверганман. Тошкент Давлат дорилфунунига ўқишга келгач, кўплаб асарларни талабчан ўқитувчиларимизга имтиҳон топшириш учун у ер-бу ерини “чўқилаб”, мазмунини билиб олишга тўғри келди. Тасаввур қилинг — имтиҳонга бир ҳафта қолганида “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина” каби машҳур асарларни, Оноре де Балзак, Эмил Золя, Фенимор Купер сингари классикларнинг залворли китобларини ўқиб чиқишнинг ўзи бўладими? Йиллар ўтиб ўзбек тилига маҳорат билан ўгирилган бундай асарларни ўзим учун, ички бир эҳтиёж сабаб қайта ўқиб чиқишимга тўғри келди. Бу ўқиш ҳақиқий ўқиш бўлди.

Китоб ўзи нима? У қандай пайдо бўлади? Битта асар ғояси ёзувчи кўнглида туғилиб, қўлёзма ҳолида қоғозга тушгунча, кўчирилиб, муҳокамадан ўтиб, хато-камчиликлари тузатилиб, қайта-қайта ишланиб, яна қайта кўчирилиб, тақриздан омон-эсон чиқиб босмахонага топширилгунча, талабчан муҳаррир қанча жойини қисқартириб, қанча жойини таниб бўлмас даражада таҳрир қилиб, муаллиф билан неча бор сан-манга бориб, бир-бирларига таъна-дашномлар айтишиб, ниҳоят, икки томон ўзаро келишгунча, муқоваси ишланиб, бўёқлари танланиб, адади, қоғози, ҳажми аниқланиб, корректураси ўқилиб, хатолари тузатилиб, муқоваси елимланиб, саҳифалари тикилиб, намуна нусха тайёр бўлгунча, ишлаб чиқариш бўлими муҳрини босгунча қанча вақт ўтади, қанча меҳнат, қанча асаб сарфланади? Китобнинг тўла адади босмахонадан чиққандан кейинги чоп-чопларни айтмай қўя қолай. Бу жараённи, афсуски, ҳамма ҳам тўла тасаввур қилмайди.

Бозорда меванинг сархилини танлаётган харидор, машҳур мақолга амал қилмай, аҳён-аҳёнда бўлса ҳам, боғи билан навини сўраб қўяди. Деҳқон шунга хурсанд. Аксарият китобхон муаллифнинг номини билади, холос. Битта китоб ўқувчи қўлига бориб етгунча ёзувчидан кам заҳмат чекмайдиган ноширни, босмахона ходимини, рассомни эса мутлақо танимайди, улар меҳнатини қадрламайди. “Ёзувчига мазза, кунига ўн саҳифадан ёзса, бир ойда уч юз бетлик китоб тайёр-да”, деб ўйлайди. Илҳом қочиб, кунда эмас, ҳафтада, ойда бир жумла қоғозга тушмаслигини, тушганлари қайта-қайта ўчирилишини ҳисобга олмайди. Китоб ёзиш машаққатидан хабари йўқ одамга китоб совға қилсангиз, дарҳол қалам ҳақига қизиқади. Бунинг боиси, кейинги пайтларда куну тун “ижод” қиладиган, чарчоқ билмас муаллифлар пайдо бўлди, улар учун навбатдаги роман ёки қиссани чоп эттириш тижорат йўналишидаги газетада эълон бостиришдан ҳам осон бўлиб қолди. Шундай муаллифлардан бири: “Бу йил ўн бешта қисса, учта роман ёзишни режалаштирганман…”, дебди. Яшавор шоввоз. Бундай “режа”ни ўқиган мундайроқ китобхонда: “Нима, мен ёза олмайманми, саводим бўлса бор, ёзувчилик деганлари жарақ-жарақ пул экан-ку”, деган ҳаёл пайдо бўлади ва қўлига қалам олади. Қарабсизки, бозор адабиёти яна битта ишбилармон муаллифга кўпайиб турибди-да.

Яна бир ташвишли ҳол — баъзи ота-оналар фарзандларида шоирлик, ёзувчилик иқтидори борми-йўқми, бу билан ҳисоблашмай, уларнинг хом-хатала машқларини китоб қилиб чоп эттириш учун тинимсиз елиб-югуришади. Хусусий нашриётлар бўлса бундай қўлёзмаларни қучоқ очиб кутиб олади. Савияси билан нима ишлари бор, така бўлсин — сут берсин. Натижа шуки, ҳали ўрта мактабни тугалламаган баъзи “шоира”ларимизнинг икки-учтадан китоби чиқиб улгурди. Навбатдагилари шитоб билан ёзилмоқда. Бу дунёни жуда эрта тарк этган ўзига хос овозли, тиниқ фикрли шоир Абдулла Турдиевга эса, афсуски, яккаю ягона китобини кўриш насиб этмади. Ҳар тўртинчи қатори: “Мен, китоби чиқмаган шоир…” деб якунланадиган ҳиссиётли шеърини ўқиб юриб, оламдан ўтиб кетди. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида эллик ёшни қоралаб қолган, Миртемир домладай улуғ устознинг назарига тушган шоир Робиддин Исҳоқов китоб чиқариш учун вилоятдан Тошкентга келди, ижара уйда амал-тақал қилиб яшади. Бухоролик бир шоир шу мақсадда Тошкентда ўн йилдан ортиқ умргузаронлик қилди, бу кунни интиқлик билан кутди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

У йиллари нашриётларнинг йил давомида чоп этадиган китоблари режаси (темплан) Москвада тасдиқланарди. Унга ўзгартириш киритиш учун ҳам Москвадан рухсат сўраларди. 1984 йили ёшлар нашриётида режалаштирилган китоблардан бирининг номини ўзгартирмоқчи бўлдик. Темпланда “Аския — сўз санъати” дейилган. Шу китобнинг номини “Аския қадимий санъат” деб ўзгартирмоқчи бўлиб, белгиланган тартибда Москвага, комсомол марказқўмининг ишлар бошқармасига хат ёздик. Орадан икки ҳафта ўтгач, телефон орқали дағдағали жавоб олдик: «Эй вы, узбеки, бросьте свои аскию-маскию, занимайтесь делом…».

Бугун бу гаплар латифага ўхшайди. Ўша йиллари кимдир: “Шундай вақт келадики, мамлакатимизда юздан ортиқ мустақил нашриётлар фаолият олиб боради, ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан ўн минг, йигирма минг нусхада чоп этилади, турли танловлар эълон қилинади, рағбат устига рағбат бўлади” деса, бу гап ҳам латифага ўхшаб кетарди.

Ўқувчи эътиборини ноширлик заҳматларига бураётганимнинг сабаби бор, албатта. Турли даражадаги қўлёзмаларни муаллиф билан ёнма-ён ўтириб ишлаб, пишитиб, жумла, диалогларини қиёмига етказиб, имлосини тўғрилаб, китоб ҳолига келтирадиган ким — нашриёт муҳаррири. Аммо у саҳна ортидаги санъаткорга ўхшаб, кўзга деярли ташланмайди. Умрининг ўттиз-қирқ йилини китобларга муҳаррирлик билан ўтказган, не-не асарларни қойилмақом қилиб таҳрир қилган, мазмунига мазмун, кўркига кўрк, салмоғига салмоқ қўшган китоб муҳаррирларидан кимларни биламиз, аниқроғи бугун улардан қай бирини эслаймиз? “Декамерон”дай асар таржимасига муҳаррирлик қилган, “А зори здесь тихие” фильмини “Ҳур қизлар”, “Служебный роман”ни “Ишдаги ишқ” деб ўзбекчалаштирган Мирзиёд Мирзоидовни, бир сўз, бир ибора устида ҳафталаб бош қотирадиган, уззу-кун турфа хил луғатларни эринмай варақлайдиган Эркин Миробидовни, Ҳасан Тўрабековни-чи? Тарихий асарлар таҳрир қилинаётганида бирор савол чиқса, дарҳол ҳал қилиб берадиган устоз Миркарим Осимни, қолиб кетган ёки тушиб қолган битта тиниш белгиси учун муҳаррирга танбеҳ нишини урадиган Ваҳоб ака Рўзиматовни-чи? Лола Тожиева, Носир Фозилов, Низом Комилов, Одил Шаропов, Ҳикоят опа каби ҳассос муҳаррирларнинг тажрибалари кимга қолди экан-а?

Собиқ “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида Абдуворис Абдумажидов, Сурайё Сайдалиева, Муборак Фозилова, Маҳмуд Яҳёев каби тажрибали муҳаррирлар жамоаси тўпланган эди. Ижтимоий-сиёсий адабиётларни босмахонага тушириш олдидан бош муҳаррир ўринбосари Ҳамид Жалолов қўлёзмани шу қадар синчковлик билан ўқир эдики, унда битта орфографик хато ёки стилистик ноаниқлик ўтган бўлса ҳам, муҳаррирга жиддий танбеҳ берарди. Ноширлик қоидаси шундай эди. Нашриётга ишга келган ёш муҳаррирлар бу устозлардан кўп нарсаларни ўрганишган. Ўша йиллари нашриётларда ишлаш, бир вақтлар “Гулистон” журналидаги каби, муҳаррирлар учун ўзига хос мактаб бўлган.

Авваллари муаллифлар танқидий мулоҳазаларни самимий қабул қилишарди, қўлёзмани нашриётдан қайтиб олиб, икки-уч ой жиддий қайта ишлашарди. Энди-чи? Энди бўлса, минг киши фикр билдирсин, жўяли таклиф айтсин, хўб деб эшитишади, аммо битта-яримта жойини хўжакўрсинга ўзгартирган бўлишади, холос. Шунинг ўзи етарлидай — муҳокама қилиндими, қилинди, қайта ишландими, ишланди, тамом-вассалом. Холбуки, катта устозлар бундай қилишмаган. Билдирилган ҳар бир фикрни жиддий қабул қилишган.

Адабиёт газетасида ишлаб юрган кезларим Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор таҳририятга бирор қўлёзма олиб келса, камтаринлик билан: “Ўқиб кўринглар-чи, маъқул келса берарсизлар, таҳрир қиладиган жойлари бўлса, бемалол…” дер эди. Баъзан Озод домланинг қўлёзмаларига ҳам озроқ қалам урганмиз. Аҳмад Алиев, Матёқуб Қўшжонов, Норбой Худойберганов каби таниқли танқидчиларни эса аямай таҳрир қилганмиз. Таҳрир пайтида қўлёзманинг хато-камчиликлари тузатилади, лекин фақат шугина эмас — бу жараёнда фикр янада кучаяди, муаллифнинг ўзига янги фикрлар келиб қолиши мумкин. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг газетада эълон қилинаётган битта тўртлиги газетага қўл қўйгунимизча етти бор қайта ишланган, уни муҳаррир эмас, муаллифнинг ўзи қайта ишлаган. Шундай муаллифлар борки, бир сўзига қалам урмоқчи бўлсангиз бас, хизмат хоналарининг деразаларигача зириллаб кетади.

Баъзи муаллифлар бундан ўн-ўн беш йил аввал қоралаб қўйган нарсаларини, лоақал устидан бир марта ўқиб чиқмай ҳам, таҳририятларга олиб келаверишади. Шундай ижодкорлардан бирининг ҳикоясида ёш қизча ўгай отасидан уч сўм пул сўрайди. — “Пулни нима қиласан, тирранча?”, дейди ота важоҳат билан. Қизча: “Дугоналарим билан суратга тушмоқчиман”, деб жавоб беради мўлтиллаб. Кўриниб турибдики, бу ҳикоя бундан камида йигирма беш йил аввал, уч сўм пулга бемалол суратга тушиш мумкин бўлган кезлари ёзилган.

Абдулла ака хотирлайди: “Ёш гвардия” нашриётида ишлаб юрган кезларим эди. Миртемир домла П. Ершовнинг “Конёк-горбунок” асарини “Букри тойчоқ” номи билан ўзбек тилига ўгирдилар. Шу китобга муҳаррирлик қилиш менга юклатилди. Қўлёзмани ўқиб кўрсам, домла асарни асл нусхасидан ҳам ўтказиб, қойилмақом қилиб таржима қилибдилар. Ҳаммаси ўзбекона, халқчил, таъсирчан сўзлар. Билмаган киши бу асар асли ўзбекча ёзилган экан, деб ҳам ўйлаши мумкин. Мана, эшитиб кўринг:

“Деҳқон чолда уч ўғил,
Каттаси ўктам, норғул.
Ўртанчаси мундайроқ,
Кенжа ўғил ғирт ахмоқ…”

Таржимани бир бошдан ўқиб чиқдим, қайта-қайта ўқидим, аммо қалам теккизадиган бирорта сўз ёки иборани топа олмадим. Домла келиб, “Ўқиб чиқдингизми?”, деб сўрадилар. “Ўқиб чиқдим, ҳаммаси жойида”, дедим. “Таҳрир қилдингизми?”, деб қайта сўрадилар домла. “Таҳрир қиладиган жойи йўқ экан”, дедим. “Э бўтам, яхши кўрмабсиз-да, чуқур кўриш керак, таҳрир қилиш керак эди”, дедилар астойдил ранжиб. Домланинг шу битта гапи у кишининг сўзга нақадар эътиборли эканликларини кўрсатади.

Пешқадам нашриётларимиздан бири мендан беш-олтита саргузашт китоблар чиқариб улгурган бир муаллифнинг уч юз саҳифалик қўлёзмасини ўқиб, фикр билдиришимни илтимос қилди. Катта ёзувчиларимиздан бир эмас, икки киши ижобий маънода тақриз ёзиб, уни кўкларга кўтариб мақташибди. Бундан бироз тараддудланиб, қўлёзмани мен ҳам ўқиб чиқдим. Аммо… мутлақо десам, сал оширворган бўламан — деярли хом иш. Бадиий асар талабларига жавоб бермайди. Услуб бениҳоя ночор, орфографик, стилистик хато деганингиз тўлиб-тошиб ётибди. Диалоглар сохта.

Фикримни ноширларга айтдим. Улар, иложи бўлса, муаллиф билан боғланишимни илтимос қилишди. Боғландим ҳам, аммо боғланганимга пушаймон бўлдим. Дағдағани кўринг: “Ие, сиз нима деяпсиз, қўлёзмани ўн беш киши ўқиди, муҳокамадан ўтди, қалам теккизадиган жойи йўқ…”.

Муаллиф шундай дея номдор ёзувчиларни санай кетди.

Алқисса, қўлёзманинг дастлабки йигирма саҳифасини таҳрир қилиб, хато-камчиликларини кўрсатиб, нашриётга қайтардим, нашриёт муаллифга қайтарди ва.. орадан кўп ўтмай у хусусий нашриётлардан бирида ялтироқ муқовада чоп этилди. Бунга ким айбдор? Муаллифнинг ўзи ёзиб келган тақризга ҳотамтойлик билан қўл қўйиб бераётган, қўлёзмани ўқимаган бўлса ҳам, муҳаррирликка рози бўлаётган баъзи ҳамкасбларимиз эмасми?!

Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобга муносабат, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Бугун дунёнинг мана-ман деган давлатлари молиявий инқирозга юз тутиб, иқтисодий муаммолар гирдобида қолаётган, ижтимоий дастурлар, ишчи ўринлари қисқараётган ва бу муаммолар маънавият илдизларини аёвсиз кемираётган бир пайтда Ўзбекистонда, пойтахтимизнинг қоқ марказида муҳташам зиё маскани — замонавий кутубхона қурилгани, адабиёт оламига кириб келаётган ёш ижодкорлар иқтисодий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ахир, қадим-қадимдан илм-маърифатга, зиёга интилган, кўп муаммоларни маънавий-интеллектуал идрокимиз билан ҳал қилган халқмиз. Дунё тамаддуни ривожига беадоқ ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз эришган оламшумул ютуқларнинг бирламчи сабаби китоб мутолааси эканини яхши биламиз. Шундай экан, хонадонларимизни, фарзандларимиз онг-шуурини китоблар ва улар саҳифаларидаги бебаҳо ҳикматлар билан ҳам безайлик. Китоб мутолаасидан чарчамайлик. Бир-биримизга яхши китоблар совға қилайлик.

Иш столим устида иккита китоб турибди. Биринчиси устоз Нажмиддин Комиловнинг “Тамаддун” нашриётида чоп этилган “Маънолар оламига сафар” китоби. Ҳазрат Алишер Навоий ғазалларига ёзилган шарҳларни бир эмас, бир неча марта ўқиб чиқдим. “Жоним ол, эй, ҳажру жононсиз манга ранж айлама, Чунки жононсиз Навоий жонидин ринжон эрур”, деб якунланадиган ғазалда келадиган “жон” ва “жонон” сўзларининг маъносини англагандай бўлдим. “Жоннинг доимий суратда жононга талпиниши, висолга ташналигини инсоннинг ўз Идеалига, бутун файзу фазилати, пок ахлоқи, ички маънавий дунёсининг кўркам, нурафшонлиги билан жозибали бўлган Дўст сари интилиши деб билмоқ керак. Дўст — кишининг севган ёри, эътиқод-имон тимсоли, мукаммал инсон, одамзот ҳеч қачон тўймайдиган ҳаёт, эзгулик, адолат ва ҳақиқат ёки Худо ҳамдир. Яхши инсонни севиш — ҳаётни севиш, ҳаётни севиш — ҳақиқатни, Ҳақни севиш демак”.

Иккинчи китоб “Армуғон” “Фан” нашриётида чоп этилган (Масъул муҳаррир Наим Каримов, нашрга тайёрловчи Ойнур Тошмуҳамедова). Бу китобни жуда синчиклаб ўқидим. Талабаларимдан бири: “Устоз, сиз Ойбекни кўрганмисиз, у киши билан суҳбатлашганмисиз?” деб сўраб қолганида, мен афсус билан: “Ойбек домлани фақат бир марта, у ҳам бўлса, тобутда Чиғатой қабристонига олиб боришаётганида кўрганман”, деб жавоб берганим ёдимга тушиб кетди. “Армуғон”ни ўқиб, Ойбек домла билан жуда яхши танишиб олдим, талабалар билан узоқ суҳбат қилдик.

“Бу дунёда жуда кўп нарсалар ўткинчи,— деб ёзади адабиётшунос олим Наим Каримов “Армуғон”га ёзган сўзбошисида. — Аммо шу ўткинчи дунёнинг гўзаллиги шундаки, у ўз бағрида Сония балан бирга Абадиятни ҳам олиб юради. Шундай кишилар бўладики, уларнинг борлиги сизнинг ҳаётингизни, бутун бир халқнинг ҳаётини безайди. Улар умрнинг, ёру дўстларнинг, ҳатто замоннинг бевафолигига қарамай, бутун умрлари давомида ҳатто баҳор майсасининг кечикаётганидан ҳам куюниб, халқ дарди билан яшаб ўтадилар”.

Китобни варақлай бошлайман. Устоз Миртемирнинг қуйидаги сатрларини ўқир эканман, кўз ўнгимда Ойбек сиймоси тиниқлаша бошлайди: “Бағри бир хазина — бебаҳо дурдан, Тозалиги ўтар тоза биллурдан, Яралибсан гўё бир дарё нурдан, Нурини нур бўлиб қучолсам дейман…”. Шоир устози ижодини қудратли тўлқинга қиёс этади ва шу тўлқин мавжларига тўш уриб учишни орзулайди.

Ойбек домлага унга бир умр садоқатли ҳамроҳ бўлган Зарифа опа кўзлари билан боқайлик-чи: “Булутсиз самодир кўзларинг — шаффоф, Муҳаббат китобин ўқидим унда. Танишдим, татиндим кундуз ва тунда, Дунёнинг севинчин, фараҳ, сурурин, Кўзларингдан ичдим юлдузлар нурин”.

Мақсуд Шайхзоданинг таърифича, Ойбек: “Кечалар илҳомбахш саҳарни кутиб, Мунаққаш бобларни қоғозга битиб, Соатни ютқизса, йилларни ютиб.., Аср биносига бир гумбаз қўшиб, Тиколди ложувард ранглардан адиб”.

Аср биносига гумбаз қўшиш осон бўлмаган. “Ёғдирса-да сотқин замон қанча туҳмат тошини, Омон қолди бу ширин жон, эголмади бошини. Ҳақиқатга у боқди тик, яшади ҳалол, мағрур! Холиқ билан қолди Ойбек халқин қалбида масрур” (Нормурод Нарзуллаев).

Яна чизги: “Маҳалладошлари чекига тушган, Мажбурий заёмни қоп-қоплаб олиб, Одамларга яна тарқатиб текин, Етим-есирларнинг неча-нечасин, Қутқазиб қолди у уруш йиллари”(Муҳаммад Раҳмон).

Яна: “Тарих жароҳати, халқнинг офати — йиқиқ салтанатнинг ғиштин ирғитиб, Шаҳид, қурбонларнинг унут қоматин, Суяб олиб, қутлуғ қонларин артиб…”(Зулфия).

Ҳалима Худойбердиева шоир сиймосини истеъдодли мўйқалам соҳибасидай тиниқ ва таъсирчан қилиб чизади: “Бу катта-катта кўзлар — кўзми ё катта исён, Дунёнинг гоҳи майда ишларидан ҳайратда. У минглаб харсангларга урилиб синмаган жон, У уриб турган юрак ўзи қолдирган хатда. Айтилмаган сўзларнинг қолмоғига офарин, Тилсиз сўзлаб… дунёни олмоғига офарин”.

Ойдин Ҳожиева бу тасвирни янада тўлдиради: “Асрлар қаъридан миннатдор боққан Навоийнинг ҳайрат кўзидир Ойбек, Саҳрода дарёдай гулдираб оққан қудратли халқимнинг ўзидир Ойбек”.

Ойбекнинг сукунати: “Сукунат тиллардир. Тоғларимнинг оғир тош тили, Кўзнинг киприк тили, ёш тили, Бутун самовотнинг бош тили…” (Омон Матжон).

Хуршид Давроннинг наздида: “Ойбек — бу улкан бир чорбоғ ортида, Ёввойи узумзор оралаб титроқ — қуёш тангалари ўйнаб сиртида, Бирдан ёруғликка чиққан шўх ирмоқ”.

Саъдулла Ҳакимнинг иқрори: “Ёдимда ёниб қолди қуёшдек порлаган кўз, Сўзга айланган олтин, Олтинга айланган сўз”.

Зебо Мирзаева умид қилади: “Ечилади Ойбек тиллари, Худо “сир” деб солган тугундан. Сўйлай кетар “қуш тили”да у, Туғилгандай гўё бугундан!”.

Усмон Азимнинг нияти қатъий: “Ойбекнинг руҳидан мадад ол, юрак, Тилим тутилгунча энди куйлайман, Тилим тутилса ҳам… куйлашим керак…”.

Ойбекинг вафоти қалбини ларзага келтирган Рауф Парфи дейдики: “Тоғлар аро бир ойдин булоқ, Атрофида шивирлар ўтлоқ, Булоқда шаън ва собит чирой, Нур йўлидек ўйлари йироқ, Сувда мангуликдек сузар ой… Бироқ, ҳайҳот, бир қуюн келди… Ойдин булоқ қайга беркинди? Қайдадир шаън ва собит чирой? Фалакларга қарайман энди — Фалакларда сузиб юрар ой”.

Сирожиддин Саййид маҳзун кўнгилларга таскин беради: “Ўзича тушмаган осмондан Ойбек, Яралмиш меҳр ила армондан Ойбек. Агарчи давр уни тилдан аюрди, Вале айрилмади иймондан Ойбек… Ўзи йўқ, жисми йўқ, лек кўзлари бор, Навоийдек боқар айвондан Ойбек”.
Ва ниҳоят, Ҳалима Худойбердиева Ойбек суратини якунлайди: “…сиздек ҳар шон ўлмагай, Сиздек даҳо ўстирган Ўзбекистон ўлмагай!”.

Бу — менинг бир китобдан топган дурларим.
Китобга меҳр қўйган, унга ошно тутинган киши дур топмай, нур топмай қолмайди. Фақат, китобни китобдан фарқ қилсак, бу буюк ихтиро мақомини тушириб юбормасак бўлгани.

Манба: “Китоб дунёси” газетаси, 2012 йил 1 ноябрь.

(Tashriflar: umumiy 242, bugungi 1)

Izoh qoldiring