Азиз Саид ўзбек шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири, 80 йиллар шеърияти майдонига ўз дунёқараши, овози, мусиқаси ва тили билан кириб келган шоир. Унинг шеърларида намоён бўлган дунё сеҳрли ва рангин. Бу дунё рангларида ҳам олис афсонанинг шивири, ҳам бугунги куннинг шиддатли овози бор.
Азиз Саид
ШЕЪРЛАР
ДАРС
Бир пайтлар
Хаёлнинг илоҳий шамолларидан
Ранг олиб умрнинг қоғозларига
Қушлар сайроғини чизмоқчи бўлган,
Сўнг эса
Ҳаётнинг бешафқат дастгоҳларида
Кунларни рандалаб, тунларни қирқиб,
Кафтлари қаварган, тирноғи синган
Баҳайбат қўлларин солиб чўнтакка
(Ғилофга солинган болтами дейсиз)
Тарих муаллими кирар синфга.
– Такрорлаймиз ўтган сабоқни,
Қани сен, эй, ўрнингдан тургин.
Сўроқ бераётган маҳбусдай бошлар
«Р»ни айтолмайдиган Турғун:
– Каптазм деган ейда
Қойа тан туўилган ҳай бола
Ҳай куни оч қолай,
Ишлай
Саҳайдан то шомга қадай,
Яъни экспахта бўлай.
Бизда эса
Ҳамма пионей,
Пайтия йаҳнамо
Кўзимизга йавшан бейай.
Ўқиш учун пул тўлай
Улай.
Биз эса фақат
Қизил яйим ой жамиятига,
Сувдан қутқайувчилай жамиятига,
Табиатни асйаш,
Ёдгойликлайни асйаш,
Китобсевайлай жамиятлайига,
Яна
Календайдаги қизил баййамлайга,
Синфни йемонт қилишга…
Юракдай ёрилар тоқат бўғзида,
Муаллим қаламни олар пичоқдай
Ва кесар рўйхатни ярим белидан:
– Ўтир! Баҳонг уч, айтганинг тўғри.
Муаллим тўрт қўя олмайди
Чунки Турғун ўзининг ўғли.
Жангдан сўнг берилган талафотларни
Кўришчун келган саркарда мисол
Муаллим бизларга ташлайди нигоҳ –
Қайғу-ю хавотир, озгина савол.
– Қандай тушунтирсам, фурсат бу уммон,
Синфимиз кемадир, бизлар эшкакчи.
Коммунизм деган сирли шаҳарга
Боряпмиз, олдинда доно етакчи.
Гарчи зафар бизда, ялов қўлдадир,
Осмонда қуюн бор, олдинда гирдоб.
Мустақил сузишнинг ҳадисин олинг,
Ҳар ҳолда бу гапни айтмайди китоб.
Сўнгра пичирлади кўз юмиб секин:
– Ҳавасим келмайди сизларга лекин…
ДАРСДАН СЎНГ
Йўқлик тикиб берган китоб халталардан
Остона ва айвонларга
Замонлар тўкилар шалдираб.
Сўнг ўқий бошлайди ўзбек тилини
Рим гладиаторлари
Кўзларда қиличу қалқонлар ялтираб.
Пётр I эса Саҳройи Кабирда сарсон
Ўрганар
Сут эмизувчилар оиласини.
Нур йиғиб қавариқ ойнага
Рейхстагга ўт қўяр Чингизхон.
Барча қонунларин фаромуш қилиб
Кўкан батрак билан ҳасратлашади
Колхозга аъзо бўлган Исаак Ньютон.
Биз эса
Ҳаётнинг темир деворли
Қуршовин ёриб чиққан партизанлардай
Пайдо бўламиз
Давомли давомсиз темир йўлларда.
Бир қўлда
Бўм-бўш китоб халталарга сиғмаган орзу.
Бир қўлда
Муҳтожликнинг учи қайрилган симлари.
Юракда дукуллар сулҳ ҳамда ҳужум
Қабоқда титрайди милтиқ ниллари.
Гар рози бўлишса
Тарвуз юклаймиз вагонларга,
Картошка туширамиз вагонлардан,
Чиллакдай билаклар толиққунича,
Чиллакдай оёқлар толиққунича.
Мабодо вагонга йўлатмасалар,
Ғазабга айланиб тарқаймиз
Халоскор шаҳримиз кўчаларига,
Ва ҳужум бошлаймиз қароқчилардай
Лиқ тўла картошка карвонларига.
Чанг-тупроқ ҳарсиллар биз билан,
Йўллар буралади ҳарна мадад деб.
Қайрилган симларни санчамиз аччиқ,
Бўлмаса қоламиз ҳаммамиз панд еб.
Ҳар бир машинадан битта картошка,
Тўлиб бораверар китоб халталар.
Йўқ, бу шўхлик эмас, ўйин эмас, бу
Муҳтожликнинг сўнгсиз жанги аталар.
Бир куни ҳадик оёғидан чалди Додонни,
Сакролмай шимидан илиниб қолди.
Шаҳар четигача мошин судраган
Дўстимиз қонидан кўчалар ёнди.
У биз берган биринчи қурбон
Эмасди тенгсизлик кўчаларида.
Ўзимиз сайд эдик, ўзимиз сайёд
Болаликнинг эртаксиз кечаларида.
Қабоқдай юмилгач Додоннинг қабри
Қасос симларини йўлларга тортдик.
Мошинлар карвонин тошбўрон қилиб
Йиғладик, бир бурда тасалли топдик.
Улар ёвузлашди, биз ҳам басма-бас,
Гулханлар ёндирдик тор кўчаларда.
Биз мудҳиш рақсни ўрганар эдик,
Ҳақсизлик қарс уриб, куйлар чаларди…
Дастгоҳини ёйиб ҳабаш мусаввир
Юлдузлар суратин солган чоқ,
Уйларга қайтамиз ғолиб ё мағлуб,
Соядай эргашар мудраган чарчоқ.
Ота-онамиз-ла кутиб ўлтирар
Таҳдиду пўписа эшик ёнида.
Тавба-тазарруга ўраниб қат-қат
Ухлаймиз тонггача илинж қорнида.
Биламиз, келтирдик уйда йўқ нарсани,
Биламиз, хурсанддир ота-онамиз,
Биламиз, эртага яна борамиз.
Додонни сўраяпсизми?
Бу унинг лақаби эди.
Йўқ эди лақабсиз боланинг ўзи ҳам,
Бирови «Маймун», бирови «Шалғам»,
Бирови «Антенна», бири эса «Туз»,
Энг даҳшатлиси меники эди –
«Коммунист»…
УЙ
Тонг отади,
Нон-чой,
Жан-жал,
Туш бўлади,
Нон-чой,
Жан-жал.
Кун ботади,
Ёв-ғон,
Жан-жал.
Агар ҳар бир оиланинг
Давлатники каби
Гимни бўлганда
Бу сўзлар
Гимни бўларди
Бизнинг оиланинг.
Тўққиз жоннинг
Қорни тўймасдан
Бўшаб қоладиган
Дастурхонимиз
Байроғимиз бўларди балким.
Янги йилга тўрт дақиқа қолганда
Тўхтаганидай соат миллари
Келгуси маошга тўрт кун қолганда
Тугарди дадамнинг пуллари.
Онамнинг бағрига ўт тушиб, фиғон
Ҳасрат зинасидан ўрлар фалакка:
– Эр бўлиб, ота бўлиб сизда ҳам ахир
Жой борми юракда бирор истакка.
Бошқалар қўлига тушган нарсани
Ташийди, дунёни ётибди ямлаб.
Қўлингиздан юз минглаб пул ўтса ҳамки
Олиб қўёлмайсиз бир сўмни ғамлаб.
Емайсиз, бермайсиз бошқаларга ҳам,
Дўсту оғайнилар қочар шу учун.
Мол-дунё демайман, муҳтожлик ўлсин
Олдинда қиш ахир, болалар юпун.
Сўнг ўртага тушар
Ямоқ кийимлару ўн олти йиллик
Пошнаси ейилган оёқ кийимлар,
Ва икки синглим ҳам кийиб тўздирган
Куйлакдан қирқилган пионер галстугим.
Кулади дадам:
– Қамалсам,
Сўнгра сен
Кўргани
Тугунни кўтариб борсанга-а…
Мен эса ўйлайман:
Онам
Тугунга нимани солса экана-а?..
Бечора онамнинг сўнгги чораси –
Йиғи бошланар:
– Сизга ҳамма нарса ҳазил,
Ҳамма нарса кулги.
Тўйдим,
Ажрашмасак бўлмайди энди.
Яна кулади дадам:
– Ажрашсак,
меҳмон бўлиб келарсана-а
Бизларни сўраб?..
Онам эса
Ухлаб қолади йиғлаб.
Мен эса
Ҳар ойнинг сўнггида
Тўрт кеча
Олишиб чиқаман
Ўзим билан ўзим:
«Дадам билан қоламанми, онам билан,
онам билан қоламанми, дадам билан».
Эрталаб
Мен ёлғон «эълон»ни эълон қиламан:
«Мактабга боринглар,
мажлис бор бугун».
Ва яхши биламан у ерда
Ечилиб кетади ҳар қандай тугун.
Боришар,
Мажлис йўқ, ўзлари ҳайрон,
Муаллим ҳайрондир
Директор ҳайрон.
Сўнг раҳмат айтилар ота-онага
Ғамхўрлик учун-у
Тарбия учун,
Ва мени мақташар узундан-узун.
Ҳаммамиз йиққанда яна кечқурун,
Пулсизлик хаёлга келмайди сира.
Қўлда бурда нон,
Косада ёвғон,
Ширин орзуларга
Тўла дастурхон.
Дадам жилмаяди:
– Ҳали э-э онаси улғайса булар…
Онам жилмаяди:
– Ўғлимиз ё олим, ё раис бўлар…
Йўқ, улар билишмас, танаффусларда
Ечгандай ялмоғиз тилсимларини
Тенглама ечишлар жанг эканлигин.
Йўқ, улар билишмас, футбол ўйнашлар
Истагин ўлдириб, бўғиб юракда
Достон ёдлашларим жанг эканлигин.
Йўқ, улар билишмас, совуқ сув билан
Тонггача юз ювиб такрор ва такрор
Китоб ўқишларим жанг эканлигин.
Йўқ, улар билишмас, буларнинг бари
Ҳар ойнинг пулсиз тўрт кунидан
Биттасин сал хуррам ўтказмоқ учун
Дунёда энг оғир жанг эканлигин.
“КОММУНИСТ”
Маъюс бахтиёрлик чалди қарсаклар,
Пахта мавсумига бир даста олқиш.
Чўтир юзларида исмлар куйлаб
Парта кутар бўлди, кутади ўқиш.
– Она Ватан кутмоқда, — деди муаллим,
Сизлардан беминнат мадад қўлларин.
Хотирга олинглар тенгдошларингиз
Зар билан битилган мардлик йўлларин.
Эсладик
Ватан учун деб
Жонини жабборга
Сотган Олегни.
Эсладик
Ватан учун деб
Отасин душманга
Сотган Павликни.
Биласиз,
Пулсирот доридан ўтиш осонроқ
Намчил эгатларда этак судрашдан.
Ҳар қандай Ватаннинг ботинкалари
Йиртилар кечгача «ўрдак» юришдан.
Оёқ яланг бўлиб ҳаммамиз
Кафандай этакка чулғанган маҳал,
Шудринг ялаб бармоқларимиз
Пахтага жунжикиб узалган маҳал,
Уфқдан гувиллаб чиқди темирқуш
Кумушранг қорнида ёзувлар зарҳал –
СССР, рақамлар
Ва яна
Беш тиғли юлдуз –
Ватанимиз
Бошимизни силагудай
Бўлиб пастлади
Ва бутун дунёни дафъатан
Гўдакнинг кўзини оналар соққан
Кўкракнинг сутидай
Туман қоплади.
Туман
Пардасини йиртиб муаллим
Бақирди:
– Осмонга қарашни қилманглар ҳавас,
Эгилинг,
Бир лаҳза
Олманглар нафас.
Эгилдик бошимиз ерга теккунча,
Теравердик.
Эгилдик бошимиз ерга теккунча,
Теравердик.
Тупроққа юз ювиб, лой билан артиб
Оч қолсак тердик биз, сувсасак тердик.
Билардик,
Жанггоҳда одатдир эгилиб юриш.
Лекин билмас эдик
Йилларнинг бақрайган кўзи остида
Эгилиб-букилиб
Умуртқасиз одам
Эгилиб-букилиб ўсётганлигин.
(Ва бу ҳам чархпалак айланиб бир кун
Карлми, Энгелсми деган авлодга
«Одамнинг маймунга айланишида
Меҳнатнинг роли» деган иш учун
Ажойиб бир мавзу бўлиши мумкин).
Яна билмас эдик
Энг пишиқ ботинкаларни
Бизларнинг Ватан
Фақат маҳбусларга атаб тикишин.
Бизлардан билмасди бирорта одам
Эртага келгуси авлод эмас, йўқ,
Кўзлари ўлигу, томоғи зулук,
Мияси йирингу, суяги ковак.
Меҳнаткаш қўл кучи бўлиб қолишин.
Ва яна билмасдик, тенгдошларимиз
Қайдадир оққушдай либослар кийиб
Конькида рақс тушиб куйлаётганин;
Мўйқалам қўлида, оппоқ матога
Хаёллар суратин cолаётганин;
Ёруғ хоналарда пианинода
Моцартнинг куйларин чалаётганин;
Шу осмон остида бизнинг ҳам
Ғўзалар ичида бор эканимиз
Хаёлларига ҳам келмаётганин
Билмасдик
Ва яна билмасдик…
Сўнг ишбоши келдию муртин тоблади:
– Уч тийиндан тўлайман ҳар килосига,
(Кўкйўтал кўксида юлдуз порлади)
Қайтариб ташлайман ҳўлу хасига…
(Мен яна эсладим дадамнинг бугун
Қирқ уч тийин пули қолганлигини.
Ўттиз кило териб, тўқсон тийин элтсам
Кўраман онамнинг шодмонлигини).
Ўйимни
Тишимда маҳкам тишладим,
Умидим тош қилдим
Бўйнимга боғлаб
Дилимнинг тубига ташладим.
Зах ўтиб кўкарган товонми –
Билмайман,
Заҳру чанг қўшилган ҳавоми –
Билмайман, билмайман,
Мен пахта тергайман.
Қуёшми нафаси оловли –
Билмайман,
Осмонми булутлар ялови –
Билмайман, билмайман,
Мен пахта тергайман.
Ловуллаган кўзимми, билмайман,
Лўққиллаган қўлимми, билмайман,
Гувиллаган тилимми,
Билмайман,
Билмайман,
Мен пахта тергайман.
– Юр, чўмилишга борамиз,—
Деди Эркин.
– Йўқ, – дедим.
– Юр, – деди эрким.
Йўқ деган ўқ билан
Уни ўлдирдим.
Болалар кулдилар,
Жўралар кулдилар:
– Коммунист!
Сўнгра тушликка чиқдилар,
Очлик ҳамда болалик
Ичимдан қичқирдилар –
Рўпарада мана боғ
Симтўр билан ўралган.
Меваси кетар эрта
Сибиргами, Уралга.
Бундай пайтда ҳеч қачон
Орқада қолмагансан.
Ахир сен ҳам уйингдан
Нон олиб келмагансан.
Залдори еб қайтамиз
Кутиб туради терим.
– Йўқ, – дедим.
– Юр, – деди яна эрким.
– Йўқ, – дедим.
– Юр, – деди яна Эркин.
– Йўқ, – дедим.
Кулди яна болалар,
Кулди яна жўралар:
– Коммунист!..
Ишбоши қарсиллатар тарозининг тошини,
Менга келади навбат, ҳисобини айтади,
Овози қалтирайди, чимиради қошини:
– Ўттиз кило терибсан, беш килоси қайтади.
(Мен эса ҳисоблайман –
Етмиш беш тийин бўларкан,
Қўшсак уйдагини ҳам…)
Ишбоши эълон қилар:
– Терибсизлар жуда кам.
Этак бердик сизларга
Бир сўму ўн тийинлик.
Ҳеч ким тўлай олмади
Бизлар жуда куйиндик.
Бугун майли кечирдим,
“Теппа”га гап тўқийман.
Давлатдан қарз бўлганлар
Рўйхатини ўқийман –
Фалончиев шунчадир,
Фалончиев мунчадир…
Қуёш ҳам ботаётир
Тугаб борар нур ўйин.
Шафақ қўлида коса
Томчилар қонли қуюн.
Гўё қатл кунидай
Бунчалар кутмоқ қийин.
Менга ҳам келди навбат
—Ўттиз беш тийин.
(Дадам тўласа қолар
Чўнтагида саккиз тийин)
Қаҳ-қаҳ урди болалар,
Қаҳ-қаҳ урди жўралар:
– Қа-лай-сан!..
Ком-му-нист!..
ЯНА ДАРС
Бир пайтлар
Дарахтнинг ўсмаранг япроқларида
Шабнам-ла уйғониб
Тонг даргоҳига
Парвоз этмоқ учун нурга айланиб,
Дафтар — дафтар ғазаллар битган,
Сўнг эса
Ҳаёт бозорининг расталарида
Ҳар тонгда нон сотиб,
Бола етаклаб,
Кўзида мунг қора чайласин тиккан
Она тили муаллимаси
Синф дафтарининг
Қатига яширди
Хамир қотиб қолган тирноқларини:
– Бугун сўз ясашни ўрганамиз
Сўзларни бузиб.
Масалан
ТЕНГЛИКнинг
«Т» ҳарфини
Халқларнинг ўртасига қўйиб
Унга Исони хочга михлагандай
Имонни михласак
ЕНГЛИК ҳосил бўлар.
Энди
Бу енгликни кийиб олиб
Хоҳлаган тандирга
Қўл суқса бўлар.
Масалан, ушбу сўз –
МЕҲР.
«Р»ни Турғун яхши айтолмас,
Шуни ҳам ҳисобга оламиз,
Ва унинг ўрнига
«нат»ни қўямиз.
Шундай қилиб
МЕҲ-НАТ.
Меҳнат ўлдиради ғамни, қайғуни,
Қандай яхши.
Меҳнат ўлдиради армонни, ҳавасни,
Қандай яхши.
Меҳнат ўлдиради ғурурни, эркни –
Қандай яхши.
Қандай осон яшаш,
Қандай бахтиёр бу ҳаёт.
Сенга шон-шарафлар
Эй, тинимсиз меҳнат!
Овози бўғилиб,
Титраб лаблари
Йиғлаб юборар муаллима.
– Мана, сизлар
Менга ҳайрон қараяпсизлар.
Энди шу сўзни ҳам олайлик –
ҚАРАМОҚ.
Тасввур қилинглар
Ҳарфларни ютмоқда очкўз бир маҳлуқ.
«Ҳап» этар
«а-а-а»… қисирлаб синади
Тишлар орасида
Фиғоннинг ҳарфи,
Қолади –
ҚАРМОҚ.
Яна «ҳап»
Томоқни йиртиб ўтади «р-р-р-…»
Қолди –
ҚАМОҚ.
«Ҳап» этар, ютилади «қам»,
Энди ҳаммамиз
Ҳамма ёқ
…ОҚ, …ОҚ, …ОҚ.
Ростми, бу ёлғонми
Барибир.
Ер қаттиқ,
Осмон йироқ.
Ғўлдираб интиҳо куйини
Чалади дарз кетган қўнғироқ.
Тугади.
Нуқталар.
Бу эса
Варракка аталган энг сўнгги вароқ.
– Йўқ,— дейди муаллима,—
Қўнғироқ тугашмас, бошланиш,
Чорлов бу, уйқудан уйғониш,
Чиқиш учун бургутдай темир қафасдан
Энг сўнгги кунгача сарфланиш.
1987
Азиз Саид 1961 йил, 25 сентябрда Душанбе шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тутатган (1984). «Чилтор» (1988), «Дили қани Бедилнинг» (1996), «Ғойибдан дўст билан суҳбатлар» (2001), «Фурсат дарвозаси» (2007) номли шеърий китоблар муаллифи. У. Уитменнинг «Майса япроқлари», Н. Ҳикматнинг «Юсуф ва Зулайҳо», Б. Брехтнинг «Театр ва реализм», Пауло Коэлонинг «Алкимёгар» китобларини ўзбек тилига таржима қилган.
Aziz Said 1961 yil, 25 sentyabrda Dushanbe shahrida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tutatgan (1984). «Chiltor» (1988), «Dili qani Bedilning» (1996), «G’oyibdan do’st bilan suhbatlar» (2001), «Fursat darvozasi» (2007) nomli she’riy kitoblar muallifi. U. Uitmenning «Maysa yaproqlari», N. Hikmatning «Yusuf va Zulayho», B. Brextning «Teatr va realizm», Paulo Koeloning «Alkimyogar» kitoblarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.
Aziz Said
SHE’RLAR
DARS
Bir paytlar
Xayolning ilohiy shamollaridan
Rang olib umrning qog’ozlariga
Qushlar sayrog’ini chizmoqchi bo’lgan,
So’ng esa
Hayotning beshafqat dastgohlarida
Kunlarni randalab, tunlarni qirqib,
Kaftlari qavargan, tirnog’i singan
Bahaybat qo’llarin solib cho’ntakka
(G’ilofga solingan boltami deysiz)
Tarix muallimi kirar sinfga.
– Takrorlaymiz o’tgan saboqni,
Qani sen, ey, o’rningdan turgin.
So’roq berayotgan mahbusday boshlar
«R»ni aytolmaydigan Turg’un:
– Kaptazm degan yeyda
Qoya tan tuo’ilgan hay bola
Hay kuni och qolay,
Ishlay
Sahaydan to shomga qaday,
Ya’ni ekspaxta bo’lay.
Bizda esa
Hamma pioney,
Paytiya yahnamo
Ko’zimizga yavshan beyay.
O’qish uchun pul to’lay
Ulay.
Biz esa faqat
Qizil yayim oy jamiyatiga,
Suvdan qutqayuvchilay jamiyatiga,
Tabiatni asyash,
Yodgoyliklayni asyash,
Kitobsevaylay jamiyatlayiga,
Yana
Kalendaydagi qizil bayyamlayga,
Sinfni yemont qilishga…
Yurakday yorilar toqat bo’g’zida,
Muallim qalamni olar pichoqday
Va kesar ro’yxatni yarim belidan:
– O’tir! Bahong uch, aytganing to’g’ri.
Muallim to’rt qo’ya olmaydi
Chunki Turg’un o’zining o’g’li.
Jangdan so’ng berilgan talafotlarni
Ko’rishchun kelgan sarkarda misol
Muallim bizlarga tashlaydi nigoh –
Qayg’u-yu xavotir, ozgina savol.
– Qanday tushuntirsam, fursat bu ummon,
Sinfimiz kemadir, bizlar eshkakchi.
Kommunizm degan sirli shaharga
Boryapmiz, oldinda dono yetakchi.
Garchi zafar bizda, yalov qo’ldadir,
Osmonda quyun bor, oldinda girdob.
Mustaqil suzishning hadisin oling,
Har holda bu gapni aytmaydi kitob.
So’ngra pichirladi ko’z yumib sekin:
– Havasim kelmaydi sizlarga lekin…
DARSDAN SO’NG
Yo’qlik tikib bergan kitob xaltalardan
Ostona va ayvonlarga
Zamonlar to’kilar shaldirab.
So’ng o’qiy boshlaydi o’zbek tilini
Rim gladiatorlari
Ko’zlarda qilichu qalqonlar yaltirab.
Pyotr I esa Sahroyi Kabirda sarson
O’rganar
Sut emizuvchilar oilasini.
Nur yig’ib qavariq oynaga
Reyxstagga o’t qo’yar Chingizxon.
Barcha qonunlarin faromush qilib
Ko’kan batrak bilan hasratlashadi
Kolxozga a’zo bo’lgan Isaak N`yuton.
Biz esa
Hayotning temir devorli
Qurshovin yorib chiqqan partizanlarday
Paydo bo’lamiz
Davomli davomsiz temir yo’llarda.
Bir qo’lda
Bo’m-bo’sh kitob xaltalarga sig’magan orzu.
Bir qo’lda
Muhtojlikning uchi qayrilgan simlari.
Yurakda dukullar sulh hamda hujum
Qaboqda titraydi miltiq nillari.
Gar rozi bo’lishsa
Tarvuz yuklaymiz vagonlarga,
Kartoshka tushiramiz vagonlardan,
Chillakday bilaklar toliqqunicha,
Chillakday oyoqlar toliqqunicha.
Mabodo vagonga yo’latmasalar,
G’azabga aylanib tarqaymiz
Xaloskor shahrimiz ko’chalariga,
Va hujum boshlaymiz qaroqchilarday
Liq to’la kartoshka karvonlariga.
Chang-tuproq harsillar biz bilan,
Yo’llar buraladi harna madad deb.
Qayrilgan simlarni sanchamiz achchiq,
Bo’lmasa qolamiz hammamiz pand yeb.
Har bir mashinadan bitta kartoshka,
To’lib boraverar kitob xaltalar.
Yo’q, bu sho’xlik emas, o’yin emas, bu
Muhtojlikning so’ngsiz jangi atalar.
Bir kuni hadik oyog’idan chaldi Dodonni,
Sakrolmay shimidan ilinib qoldi.
Shahar chetigacha moshin sudragan
Do’stimiz qonidan ko’chalar yondi.
U biz bergan birinchi qurbon
Emasdi tengsizlik ko’chalarida.
O’zimiz sayd edik, o’zimiz sayyod
Bolalikning ertaksiz kechalarida.
Qaboqday yumilgach Dodonning qabri
Qasos simlarini yo’llarga tortdik.
Moshinlar karvonin toshbo’ron qilib
Yig’ladik, bir burda tasalli topdik.
Ular yovuzlashdi, biz ham basma-bas,
Gulxanlar yondirdik tor ko’chalarda.
Biz mudhish raqsni o’rganar edik,
Haqsizlik qars urib, kuylar chalardi…
Dastgohini yoyib habash musavvir
Yulduzlar suratin solgan choq,
Uylarga qaytamiz g’olib yo mag’lub,
Soyaday ergashar mudragan charchoq.
Ota-onamiz-la kutib o’ltirar
Tahdidu po’pisa eshik yonida.
Tavba-tazarruga o’ranib qat-qat
Uxlaymiz tonggacha ilinj qornida.
Bilamiz, keltirdik uyda yo’q narsani,
Bilamiz, xursanddir ota-onamiz,
Bilamiz, ertaga yana boramiz.
Dodonni so’rayapsizmi?
Bu uning laqabi edi.
Yo’q edi laqabsiz bolaning o’zi ham,
Birovi «Maymun», birovi «Shalg’am»,
Birovi «Antenna», biri esa «Tuz»,
Eng dahshatlisi meniki edi –
«Kommunist»…
UY
Tong otadi,
Non-choy,
Jan-jal,
Tush bo’ladi,
Non-choy,
Jan-jal.
Kun botadi,
Yov-g’on,
Jan-jal.
Agar har bir oilaning
Davlatniki kabi
Gimni bo’lganda
Bu so’zlar
Gimni bo’lardi
Bizning oilaning.
To’qqiz jonning
Qorni to’ymasdan
Bo’shab qoladigan
Dasturxonimiz
Bayrog’imiz bo’lardi balkim.
Yangi yilga to’rt daqiqa qolganda
To’xtaganiday soat millari
Kelgusi maoshga to’rt kun qolganda
Tugardi dadamning pullari.
Onamning bag’riga o’t tushib, fig’on
Hasrat zinasidan o’rlar falakka:
– Er bo’lib, ota bo’lib sizda ham axir
Joy bormi yurakda biror istakka.
Boshqalar qo’liga tushgan narsani
Tashiydi, dunyoni yotibdi yamlab.
Qo’lingizdan yuz minglab pul o’tsa hamki
Olib qo’yolmaysiz bir so’mni g’amlab.
Yemaysiz, bermaysiz boshqalarga ham,
Do’stu og’aynilar qochar shu uchun.
Mol-dunyo demayman, muhtojlik o’lsin
Oldinda qish axir, bolalar yupun.
So’ng o’rtaga tushar
Yamoq kiyimlaru o’n olti yillik
Poshnasi yeyilgan oyoq kiyimlar,
Va ikki singlim ham kiyib to’zdirgan
Kuylakdan qirqilgan pioner galstugim.
Kuladi dadam:
– Qamalsam,
So’ngra sen
Ko’rgani
Tugunni ko’tarib borsanga-a…
Men esa o’ylayman:
Onam
Tugunga nimani solsa ekana-a?..
Bechora onamning so’nggi chorasi –
Yig’i boshlanar:
– Sizga hamma narsa hazil,
Hamma narsa kulgi.
To’ydim,
Ajrashmasak bo’lmaydi endi.
Yana kuladi dadam:
– Ajrashsak,
mehmon bo’lib kelarsana-a
Bizlarni so’rab?..
Onam esa
Uxlab qoladi yig’lab.
Men esa
Har oyning so’nggida
To’rt kecha
Olishib chiqaman
O’zim bilan o’zim:
«Dadam bilan qolamanmi, onam bilan,
onam bilan qolamanmi, dadam bilan».
Ertalab
Men yolg’on «e’lon»ni e’lon qilaman:
«Maktabga boringlar,
majlis bor bugun».
Va yaxshi bilaman u yerda
Yechilib ketadi har qanday tugun.
Borishar,
Majlis yo’q, o’zlari hayron,
Muallim hayrondir
Direktor hayron.
So’ng rahmat aytilar ota-onaga
G’amxo’rlik uchun-u
Tarbiya uchun,
Va meni maqtashar uzundan-uzun.
Hammamiz yiqqanda yana kechqurun,
Pulsizlik xayolga kelmaydi sira.
Qo’lda burda non,
Kosada yovg’on,
Shirin orzularga
To’la dasturxon.
Dadam jilmayadi:
– Hali e-e onasi ulg’aysa bular…
Onam jilmayadi:
– O’g’limiz yo olim, yo rais bo’lar…
Yo’q, ular bilishmas, tanaffuslarda
Yechganday yalmog’iz tilsimlarini
Tenglama yechishlar jang ekanligin.
Yo’q, ular bilishmas, futbol o’ynashlar
Istagin o’ldirib, bo’g’ib yurakda
Doston yodlashlarim jang ekanligin.
Yo’q, ular bilishmas, sovuq suv bilan
Tonggacha yuz yuvib takror va takror
Kitob o’qishlarim jang ekanligin.
Yo’q, ular bilishmas, bularning bari
Har oyning pulsiz to’rt kunidan
Bittasin sal xurram o’tkazmoq uchun
Dunyoda eng og’ir jang ekanligin.
“KOMMUNIST”
Ma’yus baxtiyorlik chaldi qarsaklar,
Paxta mavsumiga bir dasta olqish.
Cho’tir yuzlarida ismlar kuylab
Parta kutar bo’ldi, kutadi o’qish.
– Ona Vatan kutmoqda, — dedi muallim,
Sizlardan beminnat madad qo’llarin.
Xotirga olinglar tengdoshlaringiz
Zar bilan bitilgan mardlik yo’llarin.
Esladik
Vatan uchun deb
Jonini jabborga
Sotgan Olegni.
Esladik
Vatan uchun deb
Otasin dushmanga
Sotgan Pavlikni.
Bilasiz,
Pulsirot doridan o’tish osonroq
Namchil egatlarda etak sudrashdan.
Har qanday Vatanning botinkalari
Yirtilar kechgacha «o’rdak» yurishdan.
Oyoq yalang bo’lib hammamiz
Kafanday etakka chulg’angan mahal,
Shudring yalab barmoqlarimiz
Paxtaga junjikib uzalgan mahal,
Ufqdan guvillab chiqdi temirqush
Kumushrang qornida yozuvlar zarhal –
SSSR, raqamlar
Va yana
Besh tig’li yulduz –
Vatanimiz
Boshimizni silaguday
Bo’lib pastladi
Va butun dunyoni daf’atan
Go’dakning ko’zini onalar soqqan
Ko’krakning sutiday
Tuman qopladi.
Tuman
Pardasini yirtib muallim
Baqirdi:
– Osmonga qarashni qilmanglar havas,
Egiling,
Bir lahza
Olmanglar nafas.
Egildik boshimiz yerga tekkuncha,
Teraverdik.
Egildik boshimiz yerga tekkuncha,
Teraverdik.
Tuproqqa yuz yuvib, loy bilan artib
Och qolsak terdik biz, suvsasak terdik.
Bilardik,
Janggohda odatdir egilib yurish.
Lekin bilmas edik
Yillarning baqraygan ko’zi ostida
Egilib-bukilib
Umurtqasiz odam
Egilib-bukilib o’syotganligin.
(Va bu ham charxpalak aylanib bir kun
Karlmi, Engelsmi degan avlodga
«Odamning maymunga aylanishida
Mehnatning roli» degan ish uchun
Ajoyib bir mavzu bo’lishi mumkin).
Yana bilmas edik
Eng pishiq botinkalarni
Bizlarning Vatan
Faqat mahbuslarga atab tikishin.
Bizlardan bilmasdi birorta odam
Ertaga kelgusi avlod emas, yo’q,
Ko’zlari o’ligu, tomog’i zuluk,
Miyasi yiringu, suyagi kovak.
Mehnatkash qo’l kuchi bo’lib qolishin.
Va yana bilmasdik, tengdoshlarimiz
Qaydadir oqqushday liboslar kiyib
Kon`kida raqs tushib kuylayotganin;
Mo’yqalam qo’lida, oppoq matoga
Xayollar suratin colayotganin;
Yorug’ xonalarda pianinoda
Motsartning kuylarin chalayotganin;
Shu osmon ostida bizning ham
G’o’zalar ichida bor ekanimiz
Xayollariga ham kelmayotganin
Bilmasdik
Va yana bilmasdik…
So’ng ishboshi keldiyu murtin tobladi:
– Uch tiyindan to’layman har kilosiga,
(Ko’kyo’tal ko’ksida yulduz porladi)
Qaytarib tashlayman ho’lu xasiga…
(Men yana esladim dadamning bugun
Qirq uch tiyin puli qolganligini.
O’ttiz kilo terib, to’qson tiyin eltsam
Ko’raman onamning shodmonligini).
O’yimni
Tishimda mahkam tishladim,
Umidim tosh qildim
Bo’ynimga bog’lab
Dilimning tubiga tashladim.
Zax o’tib ko’kargan tovonmi –
Bilmayman,
Zahru chang qo’shilgan havomi –
Bilmayman, bilmayman,
Men paxta tergayman.
Quyoshmi nafasi olovli –
Bilmayman,
Osmonmi bulutlar yalovi –
Bilmayman, bilmayman,
Men paxta tergayman.
Lovullagan ko’zimmi, bilmayman,
Lo’qqillagan qo’limmi, bilmayman,
Guvillagan tilimmi,
Bilmayman,
Bilmayman,
Men paxta tergayman.
– Yur, cho’milishga boramiz,—
Dedi Erkin.
– Yo’q, – dedim.
– Yur, – dedi erkim.
Yo’q degan o’q bilan
Uni o’ldirdim.
Bolalar kuldilar,
Jo’ralar kuldilar:
– Kommunist!
So’ngra tushlikka chiqdilar,
Ochlik hamda bolalik
Ichimdan qichqirdilar –
Ro’parada mana bog’
Simto’r bilan o’ralgan.
Mevasi ketar erta
Sibirgami, Uralga.
Bunday paytda hech qachon
Orqada qolmagansan.
Axir sen ham uyingdan
Non olib kelmagansan.
Zaldori yeb qaytamiz
Kutib turadi terim.
– Yo’q, – dedim.
– Yur, – dedi yana erkim.
– Yo’q, – dedim.
– Yur, – dedi yana Erkin.
– Yo’q, – dedim.
Kuldi yana bolalar,
Kuldi yana jo’ralar:
– Kommunist!..
Ishboshi qarsillatar tarozining toshini,
Menga keladi navbat, hisobini aytadi,
Ovozi qaltiraydi, chimiradi qoshini:
– O’ttiz kilo teribsan, besh kilosi qaytadi.
(Men esa hisoblayman –
Yetmish besh tiyin bo’larkan,
Qo’shsak uydagini ham…)
Ishboshi e’lon qilar:
– Teribsizlar juda kam.
Etak berdik sizlarga
Bir so’mu o’n tiyinlik.
Hech kim to’lay olmadi
Bizlar juda kuyindik.
Bugun mayli kechirdim,
“Teppa”ga gap to’qiyman.
Davlatdan qarz bo’lganlar
Ro’yxatini o’qiyman –
Falonchiev shunchadir,
Falonchiev munchadir…
Quyosh ham botayotir
Tugab borar nur o’yin.
Shafaq qo’lida kosa
Tomchilar qonli quyun.
Go’yo qatl kuniday
Bunchalar kutmoq qiyin.
Menga ham keldi navbat
—O’ttiz besh tiyin.
(Dadam to’lasa qolar
Cho’ntagida sakkiz tiyin)
Qah-qah urdi bolalar,
Qah-qah urdi jo’ralar:
– Qa-lay-san!..
Kom-mu-nist!..
YANA DARS
Bir paytlar
Daraxtning o’smarang yaproqlarida
Shabnam-la uyg’onib
Tong dargohiga
Parvoz etmoq uchun nurga aylanib,
Daftar — daftar g’azallar bitgan,
So’ng esa
Hayot bozorining rastalarida
Har tongda non sotib,
Bola yetaklab,
Ko’zida mung qora chaylasin tikkan
Ona tili muallimasi
Sinf daftarining
Qatiga yashirdi
Xamir qotib qolgan tirnoqlarini:
– Bugun so’z yasashni o’rganamiz
So’zlarni buzib.
Masalan
TENGLIKning
«T» harfini
Xalqlarning o’rtasiga qo’yib
Unga Isoni xochga mixlaganday
Imonni mixlasak
YENGLIK hosil bo’lar.
Endi
Bu yenglikni kiyib olib
Xohlagan tandirga
Qo’l suqsa bo’lar.
Masalan, ushbu so’z –
MEHR.
«R»ni Turg’un yaxshi aytolmas,
Shuni ham hisobga olamiz,
Va uning o’rniga
«nat»ni qo’yamiz.
Shunday qilib
MEH-NAT.
Mehnat o’ldiradi g’amni, qayg’uni,
Qanday yaxshi.
Mehnat o’ldiradi armonni, havasni,
Qanday yaxshi.
Mehnat o’ldiradi g’ururni, erkni –
Qanday yaxshi.
Qanday oson yashash,
Qanday baxtiyor bu hayot.
Senga shon-sharaflar
Ey, tinimsiz mehnat!
Ovozi bo’g’ilib,
Titrab lablari
Yig’lab yuborar muallima.
– Mana, sizlar
Menga hayron qarayapsizlar.
Endi shu so’zni ham olaylik –
QARAMOQ.
Tasvvur qilinglar
Harflarni yutmoqda ochko’z bir mahluq.
«Hap» etar
«a-a-a»… qisirlab sinadi
Tishlar orasida
Fig’onning harfi,
Qoladi –
QARMOQ.
Yana «hap»
Tomoqni yirtib o’tadi «r-r-r-…»
Qoldi –
QAMOQ.
«Hap» etar, yutiladi «qam»,
Endi hammamiz
Hamma yoq
…OQ, …OQ, …OQ.
Rostmi, bu yolg’onmi
Baribir.
Yer qattiq,
Osmon yiroq.
G’o’ldirab intiho kuyini
Chaladi darz ketgan qo’ng’iroq.
Tugadi.
Nuqtalar.
Bu esa
Varrakka atalgan eng so’nggi varoq.
– Yo’q,— deydi muallima,—
Qo’ng’iroq tugashmas, boshlanish,
Chorlov bu, uyqudan uyg’onish,
Chiqish uchun burgutday temir qafasdan
Eng so’nggi kungacha sarflanish.