Besh daqiqaga sig’magan gaplar.

087
Минг афсуски, айрим журна­листлар «Мендан кетгунча, эгасига еткунча» қабилида қоғоз қоралайдилар. Мустақил изланмайди. Кунора ўзгараётган ва журналистиканинг имкониятларини тобора кенгайтираётган ахборот технологияларини яхши ўзлаштирмайди, ҳатто билмайди ҳам. Улар ахборот ўрмонида адашиб юрган одамларга ўхшайди. Талабалик давридаги имконият бой берилса, ўқишни битиргач улар манзилини тополмай, сарсон-саргардон изсиз бўлиб қоладилар.

07
БЕШ ДАҚИҚАГА СИҒМАГАН ГАПЛАР
Ёзувчи,адабиётшунос олим ва журналист Хуршид Дўстмуҳам мад билан суҳбат
011

“…Журналистика воқелик билан изма-из яшайди, унинг ҳавосидан нафас олади. Воқелик эса ўзгарувчан. Шундан келиб чиқиб, унинг изидан бориб, ўзгаришга мажбур бўладиган журналистикани касб ва соҳа сифатида беқарорликда, унинг ўзгармас ақидаларини ақидасизликда айблаш асосли эмас. Чунки журналистиканинг азалий мустаҳкам ва ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда ўзгармас ақидалари — таянч-асослари бор. Улар ҳаққонийлик ҳозиржавоблик ва холислик деб аталади…”

Ушбу фикрлар ЎзДЖТУ хал­қаро журналистика факултетида ўтказилган «Замонавий ОАВда журналист кадрларнинг малакаси» мавзусидаги илмий конференсияда филология фанлари доктори, ёзувчи, журналист Хуршид Дўстмуҳаммад маърузасидан ўрин олганди. Ушбу фикр қуйидаги мусоҳабага асос бўлди. У кишидаги ўша илмий конференсияда беш дақиқалик регламентга сиғмай қолган нималар ҳақида эди, деб сўрадик. Агар иложи бўлса, айта оласизми, ўшанда бизга яна нималар ҳақида гапириб бермоқчи эдингиз, деб савол беришдан ўзимизни тиёлмадик.

————————————
055 Таниқли ёзувчи, адабиётшунос олим ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғлган. Ўрта мактабдан кейин Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факултетини тамомлаган. Филология фанлари доктори. “Фан ва турмуш” журналида бўлим муҳаррири, “Ёш куч” журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, “Ҳуррият” мустақил газетасига бош муҳаррир, Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ҳамраиси, “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Олий мажлиси депутати, Олий мажлис қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган.
1980 йилдан буён матбуотда ҳикоя ва қиссалари, романи, очерк, бадиа, адабиётшуносликка оид мақоллари билан қатнашади. Унинг “Ҳовли этагидаги уй” , “Жажман” , “Қазо бўлган намоз” , ,”Ҳижроним мингдир менинг” , “Бозор” , «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари”, «Журналист бўлмоқчимисиз?», «Чаёнгул», «Куза» номли ва бошқа бир қатор китоблари чоп этилган.
———————————

— Журналистлар — жамият қон томирида оқаётган ахборотнинг яратувчиларидир, — дейди устоз фикримизни англагач. — Бу инкор этиб бўлмайдиган таъриф. Шундай экан улар замоннинг зайлини тез илғайдиган малакали, теран дунёқарашли инсонлар бўлиши керак. Мен ушбу хусусиятларни ўзида жо қилган кўп журналистларни биламан. Улар билан суҳбатлашсам ёки ёзган бирор мақоласини ўқисам, қайта яшаргандек бўламан.

Минг афсуски, айрим журна­листлар «Мендан кетгунча, эгасига еткунча» қабилида қоғоз қоралайдилар. Мустақил изланмайди. Кунора ўзгараётган ва журналистиканинг имкониятларини тобора кенгайтираётган ахборот технологияларини яхши ўзлаштирмайди, ҳатто билмайди ҳам. Улар ахборот ўрмонида адашиб юрган одамларга ўхшайди. Талабалик давридаги имконият бой берилса, ўқишни битиргач улар манзилини тополмай, сарсон-саргардон изсиз бўлиб қоладилар.

Шундай журналистларни кўриб, «менга нима?» дея жим ўтиролмайсан. Соҳанинг нонини егандан кейин, барибир виждонинг қийналади. Шу боис ҳар гал журналистиканинг табиати, журналистнинг малакаси ҳақида гап кетса, куюниб гапираман.

Қани эди, гапим баҳор шамолидек тентирамаса-да, тўғри эгаларини топиб, қулоғига бориб кирса, мақсадга мувофиқ бўларди. Журналистикада соҳанинг сеҳри, жозибаси, эркалиги билан севадиганлар кўпаярди.

— Хуршид ака, ёзувчига қандай ёзишни ўргатиб бўлмайди, улар қобилият билан тарбияланади, дейишади. Журналистларга-чи?!

— Ёзувчи ва журналист. Ҳар иккиси сўз оламининг санъаткорлари. Ёзувчилик ижодий сўзлар боғи. Унда хоҳлаганча, кўнгил истаган пайт сўз меваларини теришинг мумкин. Журналистика эса ахборот боғи. Унда ҳақиқатдан пишган сўз меваларини вақтида узишинг керак.

Ёзувчининг устози бўлмайди, дейишади. Таърифга таъриф сифатида айтмоқчиманки, ёзувчидаги туғма қобилиятни жамият тарбиялайди. Журналист эса журналистика мактабини кўради. Соҳанинг қонуниятлари, нозик нуқталарини ўрганади. Ўрганиш ўз нав­батида қандай ёзишни ҳам ўргатади. Ўрганиш ва ўргатиш учун одамда иштиёқ, қизиқиш, шижоат бўлиши керак. Айримларнинг табиатида шу хусусиятлар йўқлиги учун, яхши ёзолмайди, деб ўйлайман.

— Журналис­тика ҳар қандай жамият кўзгуси ҳисобланади. Бу қараш тўғри. Бироқ унинг вазифаси шу билан тугайди, десак журналистика ижтимоий-сиёсий муҳитга, умуман, инсон хаётига нисбатан иккиламчи мавқега эга, яъни у воқеликка бўйсунувчи фао­лият тури, холос деган ҳукм чиқариш билан баробар. Бундай янг­лиш қарашлар асосли эътирозга лойиқ.

— Оммавий ахборот воситаларининг «тўртинчи ҳокимият» сифатидаги кучи, афзалликларини санаб ўтган таниқли матбуотшунос олим Файзулла Мўминов унинг камчиликлари хусусида ҳам тўхталган: «Биринчидан, — деб ёзади олим, — жур­налистика кенг қамровли ҳокимият бўлгани билан у чуқур илдизли, ўзгармайдиган ҳокимият эмас». «Иккинчидан, — деб фикрини давом эттиради муаллиф, — ижтимоий фикр­да яқдиллик йўқ».
Бўлиши мумкин, бироқ жамиятда ижтимоий фикрнинг яқдиллигини таъминлаш вазифаси, биринчи навбатда, журналистика, матбуот зиммасига тушади. Бундай вазифани адо эта олаётган ОАВни ана шу мавқега муносиб, деб ҳисоблаш мумкин, адо эта олмаётгани эса… чала журналистикадир.

Иқтибосни давом эттирамиз: «Учинчидан, журналистиканинг, давлат каби унинг қарорларини бажаришга мажбурлайдиган кучи йўқ. Тўртинчидан, тезкорлик билан фаолият юритишга мажбур бўлган журналистлар турли хатоларга йўл қўйишлари мумкин. Бешинчидан, ўзларига ҳаддан таш­қари кўп ваколат берган журналистлар (шахсий ҳаётга аралашиш, туҳмат) тўртинчи ҳокимият обрўсини туширадилар».

Бу борада менинг қарашларим аниқ: инсон ҳаётида, ҳар қандай ижтимоий-сиёсий тузумда ҳаққонийликдан кўра кучлироқ, қудратлироқ куч йўқ, ҳаққонийлик принсипи, ҳатто, давлатнинг барча кучларидан-да қудратлироқдир. Тезкорлик ёки бошқа сабабларга кўра хатога йўл қўйилиши, тўртинчи ҳокимиятни обрўсизланиши учун эса айбни журналистикадан эмас, журналистлар фаолиятидаги айрим иллатлардан изласак тўғри бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, журналистикани «тўртинчи ҳокимият» даражасидаги соҳа, деб ҳисоблайман.

Журналистика сиёсат цингари ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида намоён бўлади. Ҳокимият йўлакларида қандай воқеалар юз бераётганидан оммани хабардор қилиб туради. Агар соҳа вакиллари давлат ва жамиятнинг воситачиси бўлмаса, одамлар сиёсий сўқирга айланиб қолади.

Журналистика публитсистика орқали сиёсатга сайқал беради. Сиё­сат публитсистиканинг мундарижаси, публитсистика эса сиёсат тўғрисидаги мулоҳазалардир. Сиёсатсиз публитсистиканинг бўлиши мумкин бўлмаганидек, публитсистикасиз яхши сиёсатнинг бўлиши ҳам асло мумкин эмас. Шу маънода сиёсий ҳаёт ва оммавий ахборот воситалари ҳаёти бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Ҳар икки ҳаёт ҳам бир-бирининг тимсолий кенгликларида аралашиб юради.

— ХХI аср одамлар олдига жуда катта вазифаларни қўйяпти. Энди янги замон ва янги давр талабларига қандай журналистика жавоб бера олади? Бу қадар шиддатли кечаётган ҳаёт талатўпларига нисбатан журналистлар қандай йўл тутишлари керак?

— Ҳар қандай жамиятда ахборот алмашинувини яратмай туриб, яхши ҳаёт тарзини вужудга келтириб бўлмайди. Ҳатто феодал тузум ҳукмронлик қилган замонларда ҳам даврга хос оммавий коммуникация воситаларидан фойдаланилган. Лекин ахборот тар­қатиш воситаларининг тараққиёти, хусусан, компютер, интернет ва мобил телефонининг яратилиши омма­вий коммуникация борасида том маънода инқилоб ясади.
Ҳозирга қадар жамиятда ахборот айланишини йўлга қўйиш, ахборот майдони эҳтиёжларини қондириш, ахборотга боғлиқ барча катта-кичик муаммоларни ҳал қилиш журналистика зиммасида бўлиб келган. Эндиликда эса бу вазифалар оммавий коммуникация «тасарруфи»га ўтиб бормоқда.

Мухтасар айтганда, бугунги журналистикани кечагиси билан мутлақо таққослаб бўлмайди. Айниқса, ахборот коммуникация технологиялари борасида. Қолаверса, бу соҳадаги мамлакатимиз қонунчилида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, журналистиканинг келгусидаги ривожи умуман, ҳаётдаги ўрни янада мустаҳкамланади, деб ўйлайман.

Қумар БЕГНИЯЗОВА тайёрлади

07
BESH DAQIQAGA SIG’MAGAN GAPLAR
Yozuvchi,adabiyotshunos olim va jurnalist Xurshid Do’stmuham mad bilan suhbat
011

“…Jurnalistika voqelik bilan izma-iz yashaydi, uning havosidan nafas oladi. Voqelik esa o’zgaruvchan. Shundan kelib chiqib, uning izidan borib, o’zgarishga majbur bo’ladigan jurnalistikani kasb va soha sifatida beqarorlikda, uning o’zgarmas aqidalarini aqidasizlikda ayblash asosli emas. Chunki jurnalistikaning azaliy mustahkam va hech qachon, hech qanday sharoitda o’zgarmas aqidalari — tayanch-asoslari bor. Ular haqqoniylik hozirjavoblik va xolislik deb ataladi…”

Ushbu fikrlar O’zDJTU xal­qaro jurnalistika fakultetida o’tkazilgan «Zamonaviy OAVda jurnalist kadrlarning malakasi» mavzusidagi ilmiy konferensiyada filologiya fanlari doktori, yozuvchi, jurnalist Xurshid Do’stmuhammad ma’ruzasidan o’rin olgandi. Ushbu fikr quyidagi musohabaga asos bo’ldi. U kishidagi o’sha ilmiy konferensiyada besh daqiqalik reglamentga sig’may qolgan nimalar haqida edi, deb so’radik. Agar iloji bo’lsa, ayta olasizmi, o’shanda bizga yana nimalar haqida gapirib bermoqchi edingiz, deb savol berishdan o’zimizni tiyolmadik.

————————————
022 Taniqli yozuvchi, adabiyotshunos olim va jurnalist Xurshid Do’stmuhammad 1951 yilda Toshkent shahrida tug’lgan. O’rta maktabdan keyin Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O’zMU) Jurnalistika fakultetini tamomlagan. Filologiya fanlari doktori. “Fan va turmush” jurnalida bo’lim muharriri, “Yosh kuch” jurnalida bo’lim muharriri, bosh muharrir o’rinbosari, bosh muharrir, “Hurriyat” mustaqil gazetasiga bosh muharrir, O’zbekiston Ommaviy axborot vositalarini demokratlashtirish va qo’llab-quvvatlash ijtimoiy-siyosiy jamg’armasi hamraisi, “O’zbekiston matbuoti” jurnali bosh muharriri bo’lib ishlagan. O’zbekiston Oliy majlisi deputati, Oliy majlis qo’mitasi raisi sifatida faoliyat yuritgan.
1980 yildan buyon matbuotda hikoya va qissalari, romani, ocherk, badia, adabiyotshunoslikka oid maqollari bilan qatnashadi. Uning “Hovli etagidagi uy” , “Jajman” , “Qazo bo’lgan namoz” , ,”Hijronim mingdir mening” , “Bozor” , «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari”, «Jurnalist bo’lmoqchimisiz?», «Chayongul», «Kuza» nomli va boshqa bir qator kitoblari chop etilgan.
———————————

— Jurnalistlar — jamiyat qon tomirida oqayotgan axborotning yaratuvchilaridir, — deydi ustoz fikrimizni anglagach. — Bu inkor etib bo’lmaydigan ta’rif. Shunday ekan ular zamonning zaylini tez ilg’aydigan malakali, teran dunyoqarashli insonlar bo’lishi kerak. Men ushbu xususiyatlarni o’zida jo qilgan ko’p jurnalistlarni bilaman. Ular bilan suhbatlashsam yoki yozgan biror maqolasini o’qisam, qayta yashargandek bo’laman.

Ming afsuski, ayrim jurna­listlar «Mendan ketguncha, egasiga yetkuncha» qabilida qog’oz qoralaydilar. Mustaqil izlanmaydi. Kunora o’zgarayotgan va jurnalistikaning imkoniyatlarini tobora kengaytirayotgan axborot texnologiyalarini yaxshi o’zlashtirmaydi, hatto bilmaydi ham. Ular axborot o’rmonida adashib yurgan odamlarga o’xshaydi. Talabalik davridagi imkoniyat boy berilsa, o’qishni bitirgach ular manzilini topolmay, sarson-sargardon izsiz bo’lib qoladilar.

Shunday jurnalistlarni ko’rib, «menga nima?» deya jim o’tirolmaysan. Sohaning nonini yegandan keyin, baribir vijdoning qiynaladi. Shu bois har gal jurnalistikaning tabiati, jurnalistning malakasi haqida gap ketsa, kuyunib gapiraman.

Qani edi, gapim bahor shamolidek tentiramasa-da, to’g’ri egalarini topib, qulog’iga borib kirsa, maqsadga muvofiq bo’lardi. Jurnalistikada sohaning sehri, jozibasi, erkaligi bilan sevadiganlar ko’payardi.

— Xurshid aka, yozuvchiga qanday yozishni o’rgatib bo’lmaydi, ular qobiliyat bilan tarbiyalanadi, deyishadi. Jurnalistlarga-chi?!

— Yozuvchi va jurnalist. Har ikkisi so’z olamining san’atkorlari. Yozuvchilik ijodiy so’zlar bog’i. Unda xohlagancha, ko’ngil istagan payt so’z mevalarini terishing mumkin. Jurnalistika esa axborot bog’i. Unda haqiqatdan pishgan so’z mevalarini vaqtida uzishing kerak.

Yozuvchining ustozi bo’lmaydi, deyishadi. Ta’rifga ta’rif sifatida aytmoqchimanki, yozuvchidagi tug’ma qobiliyatni jamiyat tarbiyalaydi. Jurnalist esa jurnalistika maktabini ko’radi. Sohaning qonuniyatlari, nozik nuqtalarini o’rganadi. O’rganish o’z nav­batida qanday yozishni ham o’rgatadi. O’rganish va o’rgatish uchun odamda ishtiyoq, qiziqish, shijoat bo’lishi kerak. Ayrimlarning tabiatida shu xususiyatlar yo’qligi uchun, yaxshi yozolmaydi, deb o’ylayman.

— Jurnalis­tika har qanday jamiyat ko’zgusi hisoblanadi. Bu qarash to’g’ri. Biroq uning vazifasi shu bilan tugaydi, desak jurnalistika ijtimoiy-siyosiy muhitga, umuman, inson xayotiga nisbatan ikkilamchi mavqega ega, ya’ni u voqelikka bo’ysunuvchi fao­liyat turi, xolos degan hukm chiqarish bilan barobar. Bunday yanglish qarashlar asosli e’tirozga loyiq.

— Ommaviy axborot vositalarining «to’rtinchi hokimiyat» sifatidagi kuchi, afzalliklarini sanab o’tgan taniqli matbuotshunos olim Fayzulla Mo’minov uning kamchiliklari xususida ham to’xtalgan: «Birinchidan, — deb yozadi olim, — jur­nalistika keng qamrovli hokimiyat bo’lgani bilan u chuqur ildizli, o’zgarmaydigan hokimiyat emas». «Ikkinchidan, — deb fikrini davom ettiradi muallif, — ijtimoiy fikr­da yaqdillik yo’q».Bo’lishi mumkin, biroq jamiyatda ijtimoiy fikrning yaqdilligini ta’minlash vazifasi, birinchi navbatda, jurnalistika, matbuot zimmasiga tushadi. Bunday vazifani ado eta olayotgan OAVni ana shu mavqega munosib, deb hisoblash mumkin, ado eta olmayotgani esa… chala jurnalistikadir.

Iqtibosni davom ettiramiz: «Uchinchidan, jurnalistikaning, davlat kabi uning qarorlarini bajarishga majburlaydigan kuchi yo’q. To’rtinchidan, tezkorlik bilan faoliyat yuritishga majbur bo’lgan jurnalistlar turli xatolarga yo’l qo’yishlari mumkin. Beshinchidan, o’zlariga haddan tash­qari ko’p vakolat bergan jurnalistlar (shaxsiy hayotga aralashish,tuhmat) to’rtinchi hokimiyat obro’sini tushiradilar».

Bu borada mening qarashlarim aniq: inson hayotida, har qanday ijtimoiy-siyosiy tuzumda haqqoniylikdan ko’ra kuchliroq, qudratliroq kuch yo’q, haqqoniylik prinsipi, hatto, davlatning barcha kuchlaridan-da qudratliroqdir. Tezkorlik yoki boshqa sabablarga ko’ra xatoga yo’l qo’yilishi, to’rtinchi hokimiyatni obro’sizlanishi uchun esa aybni jurnalistikadan emas, jurnalistlar faoliyatidagi ayrim illatlardan izlasak to’g’ri bo’ladi. Shu nuqtai nazardan qaraganda, jurnalistikani «to’rtinchi hokimiyat» darajasidagi soha, deb hisoblayman.

Jurnalistika siyosat singari ijtimoiy hayotning barcha sohalarida namoyon bo’ladi. Hokimiyat yo’laklarida qanday voqealar yuz berayotganidan ommani xabardor qilib turadi. Agar soha vakillari davlat va jamiyatning vositachisi bo’lmasa, odamlar siyosiy so’qirga aylanib qoladi.

Jurnalistika publitsistika orqali siyosatga sayqal beradi. Siyo­sat publitsistikaning mundarijasi, publitsistika esa siyosat to’g’risidagi mulohazalardir. Siyosatsiz publitsistikaning bo’lishi mumkin bo’lmaganidek, publitsistikasiz yaxshi siyosatning bo’lishi ham aslo mumkin emas. Shu ma’noda siyosiy hayot va ommaviy axborot vositalari hayoti bir-biriga chambarchas bog’liq. Har ikki hayot ham bir-birining timsoliy kengliklarida aralashib yuradi.

— XXI asr odamlar oldiga juda katta vazifalarni qo’yyapti. Endi yangi zamon va yangi davr talablariga qanday jurnalistika javob bera oladi? Bu qadar shiddatli kechayotgan hayot talato’plariga nisbatan jurnalistlar qanday yo’l tutishlari kerak?

— Har qanday jamiyatda axborot almashinuvini yaratmay turib, yaxshi hayot tarzini vujudga keltirib bo’lmaydi. Hatto feodal tuzum hukmronlik qilgan zamonlarda ham davrga xos ommaviy kommunikatsiya vositalaridan foydalanilgan. Lekin axborot tar­qatish vositalarining taraqqiyoti, xususan, kompyuter, internet va mobil telefonining yaratilishi omma­viy kommunikatsiya borasida tom ma’noda inqilob yasadi.Hozirga qadar jamiyatda axborot aylanishini yo’lga qo’yish, axborot maydoni ehtiyojlarini qondirish, axborotga bog’liq barcha katta-kichik muammolarni hal qilish jurnalistika zimmasida bo’lib kelgan. Endilikda esa bu vazifalar ommaviy kommunikatsiya «tasarrufi»ga o’tib bormoqda.

Muxtasar aytganda, bugungi jurnalistikani kechagisi bilan mutlaqo taqqoslab bo’lmaydi. Ayniqsa, axborot kommunikatsiya texnologiyalari borasida. Qolaversa, bu sohadagi mamlakatimiz qonunchilida ham katta o’zgarishlar yuz berdi. Yuqoridagilardan kelib chiqib, jurnalistikaning kelgusidagi rivoji umuman, hayotdagi o’rni yanada mustahkamlanadi, deb o’ylayman.

Qumar BEGNIYAZOVA tayyorladi

хдк

(Tashriflar: umumiy 165, bugungi 1)

Izoh qoldiring