Eshqobil Shukur. Olis qishloq xotiralari.

088

Жанубий Кореянинг Пажу шаҳрида 2013 йилнинг кузида Халқаро Адабиёт симпозиуми бўлиб ўтди. Анжуман қатнашчиларининг барчаси битта мавзуда “Мен туғилган қишлоқ (шаҳар)” мавзусида нутқ сўзлашлари керак эди.Таниқли шоир Эшқобил Шукур ўзбек адабиёти вакили сифатида анжуманда иштирок этиб, турли мамлакатлардан йиғилган ижодкорларга ва корейс адабиёт ихлосмандларига “Олис қишлоқ хотиралари” эссесини тақдим этди.

07

ХАЛҚАРО АДАБИЁТ ВА КИТОБ БАЙРАМИ
099

065  Жанубий Кореянинг Пажу шаҳрида Китоблар шаҳарчаси деган ғаройиб бир шаҳарча бор. 2013 йилнинг 2-октябридан 6-октябрига қадар бу шаҳарчада Халқаро Адабиёт Симпозиуми бўлиб ўтди. Симпозиумда Осиё мамлакатларининг таниқли адиблари ва шоирлари қатнашдилар. Анжуманда Хитой, Япония, Корея, Индонезия, Сингапур, Малайзия, Ҳиндистон, Тибет каби давлатлардан вакиллар жам бўлдилар. Ушбу анжуманда Ўзбекистондан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур иштирок этди. Анжуман давомида Халқаро китоб фестивали ҳам ўтказилди. Бу тадбир Осиё мамлакатлари адабиёти байрамига айланиб кетди. Бу байрамда йигирмага яқин давлатлардан келган адиблар ва шоирлар иштирок этишди. Жанубий Кореяда Китоблар шаҳарчасининг бунёд этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин бу шаҳарча бор-йўғи тўрт-беш йил ичида бутунжаҳон жамоатчилигининг эътиборини қозона олган.

001

Симпозиум қатнашчиларининг барчаси битта мавзуда “Мен туғилган қишлоқ (шаҳар)” мавзусида нутқ сўзлашлари керак эди. Яъни, ҳар бир адиб ё шоирнинг адабиёт оламига кириб келишида унинг туғилган қишлоғи ё шаҳри қандай ўринга эгалиги ҳақида эссе ёзиши керак эди. Эшқобил Шукурнинг бу эссеси “Олис қишлоқ хотиралари” номи билан Жанубий Кореяда ҳам корейс, ҳам ўзбек тилида нашр этилди.

Анжуманда биринчи шарт она қишлоғингиз ҳақидаги нутқингиз бўлса, иккинчи шарт ўз ижодингиздан кичик бир намунани ўз тилингизда ўқишингиз керак ва бу билан ўз она тилингизнинг жозибасини, сеҳрини, қудратини имкон даражасида қатнашчиларга сездира олишингиз керак. Бу жараёнда шоирнинг ўз она тилида ўқиётган шеърининг таржимаси корейс ва инглиз тилларида ёзувда катта экранда ёзиб борилади. Бу босқичда шоир халқ оҳангидаги “Руҳим” номли шеърини ўқиди. Учинчи босқичда эса, у ердаги китобхонлар билан ҳар бир шоирнинг ижодий учрашуви ўтказилди.

002

Биз Эшқобил Шукурдан сафар таассуротлари ҳақида сўраганимизда, у: “Шу ўринда бир-иккита муҳим мулоҳазаларни айтиб ўтишим керак, — деди, — Мен Жанубий Кореянинг таниқли адиблари билан суҳбатлашганимда, улар ҳозирги пайтда одамлари ҳаётида кўпроқ нималарга эътибор қилишаётгани ҳақида сўрадим. “Китоб мутолаа қилишга ва спортга!” деб жавоб беришди улар. Бу икки жиҳатга бизнинг мамлакатимизда ҳам қанчалик жиддий эътибор қаратилаётганлиги ўзингизга маълум.

Болалар учун чиқарилаётган китобларнинг шакли, дизайни ҳайратланарли даражада гўзал. Баъзи китоб магазинларига кирсангиз, у жойни ўйинчоқлар магазиними деб ўйлаб қоласиз. Ўйинчоқ машина деб қўлингизга олган нарса бундоқ қарасангиз, варақланадиган китобча бўлиб чиқади. Аждар тимсолидаги ўйинчоқ, “Аждарнинг саргузаштлари” деган китоб бўлиб чиқади. Ёки олма шаклидаги, қуён ё тарвуз, ғоз ёки поезд шаклидаги китобларни кўп кўрасиз.

Уларнинг айтишича бир ё икки ёшдаги гўдакнинг полда сочилиб ётган ўйинчоқлари орасида болалар учун махсус чиқарилган китоблар ҳам бўлиши керак. Болалар китобларга ўйинчоқлар билан баравар кўникиб боришлари керак. Пажу шаҳрида кўплаб ота-оналар китоб дўконларига албатта болаларини эргаштириб борадилар ва улар билан эринмай расталарни айландилар, ғаройиб китобларни харид қиладилар. Илғор ота-оналар интернетдаги ҳар хил салбий хуружлардан болаларни китоблар ҳимоя қилади деб билар эканлар. “Унли ва Ундош” деб номланган адабий журналнинг бош муҳарриридан Кореядаги бугунги китобхонлик даражаси ҳақида сўраганимда, у: “Ўртача олганда бизда ҳар бир киши бир йилда ўнта китоб ўқийди” деб жавоб берди.

004

Китоблар шаҳарчасига саёҳатим давомида яна бир нарсага эътибор қилдим. Бу шаҳарчада атроф-муҳитни, табиатни асраб-авайлашга гўё ҳар бир одам масъулдай туюлади. Ниҳолларга, дарахтларга, гулларга гўё одамга қарагандай қараш шаклланган. Дарҳақиқат, китобга яқин одамлар табиатни теранроқ англайдилар. Ёш ниҳолларга алоҳида ҳимоя воситалари, кекса дарахтларга яна алоҳида ҳимоя воситаларини қўллашади. Муҳими, ҳар бир одам бу жараёнларда ўз масъуллигини сезади.

Таъкидлагнимдай, Жанубий Кореяда бўлиб ўтган бу анжуманда Осиё мамлакатларининг таниқли адиблари ва шоирлари иштирок этдилар. Улар билан адабиётларимиз, халқларимиз, ижодий жараёнлардаги янгиланишлар ҳақида кўп суҳбатлашдик. Бу адиблар бизнинг мамлакатимизнинг бугунги ҳаёти билан, эришаётган ютуқларимиз ва тараққиёт йўлимиз билан қанчалар қизиқишларига, шунингдек, юртимизга катта эҳтиром билан қарашларига гувоҳ бўлдим”

Биз қуйида шоирнинг халқаро Адабиёт симпоизумида қилган нутқи ва шу анжуманда ўқиган шеърини эътиборигизга ҳавола этаяпмиз.

001
Эшқобил Шукур
ОЛИС ҚИШЛОҚ ХОТИРАЛАРИ
099

033Менинг туғилиб ўсган қишлоғим ҳозирги пайтда мен яшаётган пойтахтдан 800 чақирим узоқда, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида жойлашган. Уни “Боймоқли” деб атайдилар. Мен бу жойларда ўтган кунларим ва йилларимни, болалигим ва ўсмирлигимни ҳаяжон билан эслайман.

Қишлоғим дарё бўйидан бошланиб, адирлар ва қирларга туташиб кетади. Адирлар ортидан тоғ бошланади. Бу тоғни Боботоғ деб атайдилар. Алқисса, мен туғилиб ўсган жуда хушманзара бу қишлоқ Боботоғ билан Она Дарё оралиғида жойлашган. Дарҳақиқат, бу тоғ – менинг бобом, бу дарё – менинг онам!

Мен учун Ватан адабиёти ҳам, жаҳон адабиёти ҳам шу қишлоқ этагидан бошланади. Мен минг-минг йиллик эртаклар ва афсоналар ичида улғайганман. Момоларимдан эшитган бу эртакларни оддий чўпчак деб эмас, балки ҳаёт деб тушунганман ва ҳаётнинг ўзи катта адабиёт эканлигини англаб борганман.

Болалик йилларимда қишлоқдошларим билан оқинларнинг ҳайқириб айтган достонларини тонггача тинглаганмиз. “Алпомиш” эпоси шу қадар катта ҳажмга эгаки, оқинлар уни баъзан ўн кечагача куйлаб ҳам тугатолмасдилар. Мен оқинлар куйлаётган бу достонда халқим ва ватанимнинг тарихини, энг муҳими, қалбини ҳис этиб борганлигимни энди англаяпман. Мен дунёнинг бир чеккасидаги хилват бир қишлоқда эртак ва достонлар тинглаб, Тилнинг қудрати ва мўъжизасини ҳис этиб борардим.

Кейин англадимки, бу эртак ва афсоналар, достонлар менинг мўъжазгина қишлоғимдан бошланиб, жаҳон адабиётига туташадиган ғаройиб йўллар экан. Мени она қишлоғимда эртаклар ва афсоналар оламига етаклаб кирган ўша момоларим ва боболарим энди йўқ. Улар аллақачонлар бу ёруғ оламни тарк этишган. Лекин мен бир нарсани англадимки, улар халқ даҳоси билан яратилган нодир дурдоналарни онггу шуурида муқаддас оятлардай асраб-авайлаб келганлар. Қоғоз ё китобга эмас, балки ўзларининг онгги ва руҳига тошбитиклардай ўйиб ёзилган бу асарларни ўз авлодларига ҳадя қилганлар.

Улар шу билан миллий адабиётнинг қадимий булоқларининг кўзларини ёпилиб қолишдан асраганлар. Қишлоғимдаги бу момолар бизга ўргатган оғзаки адабиётда бутун ватанимнинг тарихи, маданияти яшириниб ётар экан. Ўша ривоятларда тотемизм, зороастризм, буддизм, ислом динларининг эзгу ғоялари ва амаллари бир-бирига қоришиқ ҳолда намоён бўларди. Ҳозирги пайтда ҳам бизнинг одамларимиз бўрига катта ҳурмат билан қарашади (Тотемизм). Гўдакларнинг бешикларига тўдана тақишиб қўйишади (Буддизм). Тўй вақтида келин-куёвни олов атрофида айлантиришади (зороастризм).

Шу жараёнда мен яна бир моҳиятни англадимки, миллатнинг руҳи азал-абад унинг адабиётида яшар экан. Мен тарих китобларини қаттиқ ҳурмат қилган ҳолда шуни айтмоқчиманки, улар ўзларидаги фактлар ва маълумотлар билан адабиётга манбалар берадилар холос. Улардан руҳ ва ҳаётни талаб қилиб бўлмайди. Адабиёт эса, ўлиб кетган тарихга ҳам жон киритиши, унга руҳ бағишлаши керак бўлади, тошни ҳам тирик жон сифатида намоён қилиши зарур. “Ёрилтош” эртагидаги Тош ёрилиб паноҳсиз қолган қизни ўз бағрига олиб ҳимоя қилиш эпизодини эсланг. Мен қишлоғимдаги ўша момоларимдан адабиётда ҳамма нарсанинг тирик бўлиши кераклигини ўргандим. У тошми, гулми, кесакми, янтоқми, дарахтми, инсонми, осмонми, булутми, барибир, адабиётнинг объектига айландими, бас, улар тирик бўлишлари ва инсон қалби билан муносабатга кириша олишлари керак. Шунинг учун шоир гул ё ўтин билан мулоқотга киришган бўлса, бундан ажабланмай, балки ҳикмат излаш керак. Буларнинг ҳаммаси эса, инсон қалбини ҳимоялаш учун экан. Менга “Ёрилтош” эртагини айтиб бераётган момом, бу билан ўзи билмаган ҳолда менинг туйғуларимни парвариш қилган, руҳимни ажиналар ва алвастилар ёмонлигидан ҳимоялаган.

“Кўҳна боғ ривоятлари” деб номланган китобимга кирган ҳикоятларимнинг ҳар бирида қишлоғимнинг руҳини сингдиришга ҳаракат қилганман. “Зиёратчи йўлбарс” деб аталган ҳикоямдаги ҳафтанинг ҳар чоршанба кечаси дарёни сузиб ўтиб, авлиёлар қабрига зиёратга борадиган йўлбарс билан тўқайдаги капада ёлғиз яшайдиган кекса кампирнинг учрашуви ҳикояси болалигимдан менга катта таъсир қилиб келган. Бу воқеада инсон ва ҳайвон ўртасида бир-бирини тушуниши ва бир-бирига меҳр кўрсатиши учун номаълум бир руҳий тил борлигини сезганман.

“Шамолнинг онаси нимадан қўрқади?” номли ҳикоятимда эса, болаликдаги тасаввурларим билан қирқ ёшимдаги қарашларим уйғунлашган. Ўжар ва қайсар шамолнинг меҳрибон онаси ҳақидаги ҳикояни беш-олти ёшимда онамдан эшитганман. Мен кейинчалик шамолнинг онаси ўзимнинг онамга ўхшашини ҳис этганман. Мен ҳам ҳаётда шамолдай елиб ўтаяпман, онам эса, қишлоғимда ғорда яшайдиган шамолнинг онаси каби жаҳонгашта ўғлини кутади.

“Учкунлик бузоғи ўлган сигирга атаб айтилган қўшиқ” бадеъамда боласи ўлиб қолган сигирини юпатиб Ойжамолнинг айтган қўшиқлари болалик йилларимда қишлоқ аёллари айтган ғамгин қўшиқларнинг акс-садосидай садо беради. Бундай ҳолатда аёл шунчаки бир ҳайвонга эмас, йўқ, сигирга эмас, балки ўз опаси ё синглисига ҳамдардлик билдираётгандай туюлган менга. “Ёриқ тут” воқеасида ёвуз кучлардан қочиб келаётган бир одамни тут ёрилиб, ўз бағрига яширади. “Ўлиб-тирилган кампир” номли ҳикоятда нариги дунёга бориб, ҳур қизларни кўриб қайтган кампир саргузаштлари ёки “Дарёдаги никоҳ” ҳикоятида чўлоқлиги, ногиронлигидан қаттиқ изтироб чекиб яшаган йигитнинг сув парисига ошиқ бўлиши ва унинг тўйи дарё тубида ўтиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу сувга чўкиб ўлган ногирон йигит ҳақидаги умидли ҳикоя эди. Муҳими шундаки, шу каби ишларимнинг аксариятида воқеа-ҳодисалар ҳам, тасвирланаётган одамлар ва жойлар ҳам, табиат ҳам, хуллас ҳаммаси она қишлоғим билан боғлиқ.

Шеърларимдаги руҳ ҳам шундан. Шунинг учун адабиётшунослар шеърларимда халқ оғзаки ижодининг таъсири кучли эканлиги ҳақида кўп айтадилар. Мен қадимий ўзбек халқ оғзаки ижоди анъаналарини бугунги замонавий адабий янгиланишлар билан синтез қилишга ҳаракат қилганман. Яъни кўҳна оҳангларга замонавий образлар ва талқинларни сингдиришга уриндим. Мацуо Басё хайкуларидай гўзал қадимги туркий дунё битиктошларидаги шеърларнинг, Рабиндранат Тагор романларидай залворли “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонларнинг сири ва қудратини сезишимга она қишлоғим ва у ерда сақланиб қолган ривоятлар ва қўшиқлар сабабчи бўлди десам янглишмайман. Чунки, болалик одам ҳаётининг шундай бир фаслики, унда ким нимани тинглаган, нимани кўрган бўлса, нималарни ҳис этган бўлса, унинг тафаккури ҳам, руҳий олами ҳам шулар асосида шаклланиб боради. Балки, шунинг учун одамнинг ёши ўтган сари унда болалик соғинчи кучайиб боради.

Туғилиб ўсган қишлоғинг ҳақида гапириш ўз онанг ё отанг ҳақида, ёки ўз боланг ҳақида гапиришдай масъулиятли ва завқли экан. Шунинг учун ҳам ушбу Халқаро Адабиёт симпозиумида, “Халқаро китоб фестивали”да эсселар учун танланган мавзу мени илҳомлантириб юборди. Ушбу мақолани ёзаётганимда яна шуни англадимки, бизни улғайтирган кичкина бешик катта оламга олиб чиқадиган эшикдир.

Эшқобил Шукур Жан. Кореянинг «Storytelling Asia — Asian Cities and Writers: журналида
099

Эшқобил Шукурнинг «Олис қишлоқ хотираси» эссеси корейс тилида
099

хдк

(Tashriflar: umumiy 275, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring