Eshqobil Shukur. Yangi she’rlar & Ikki kitob

011  Ўзимнинг болалигим ҳақида гапирсам… Кўпроқ бобом ва момомга эргашиб юрганман. Қаерга боришса бирга борганман. Далаларни оралаб, тупроқ йўлларни кечиб бошқа овулларга бориш мен учун ўзга бир оламга саёҳат қилишдай гап эди. Момоларим менга шамол, булут, сув, Ер билан гаплашишни ўргатишган. Улар “Шамол айтар экан, булут айтар экан”, деб ҳикоя бошлашарди. Мен уларнинг тилида шеърият тилини кўрганман… (Эшқобил Шукур билан суҳбатдан. Суҳбатни тўлиқ мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)

Эшқобил ШУКУР
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
07

93a600ea36bb5fbf22a71931865ffc9d.jpg  Эшқобил Шукур 1962 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини битирган (1984). Узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениеси каналларида ишлаган. Бугунги кунда “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳарриридир.

Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.

СУҲБАТ

Оқарсув бўйида, оқшом чоғида,
Қари тол бошида ой порлаган пайт.
Озурда туйғулар қўналгоҳида
Менга сув тилида сирларингни айт.

Илкис тун сайрига шамол чақирса,
Шовқинли шаҳарни айлансанг секин.
Чор тарафда тинмай севинч бақирса,
Сен соғинч тилида бир нарса дегин.

Не кечар дунёнинг ўнгу сўлида
Туйғулар кўзёшдай қалқиб турган пайт.
Ҳамма лаққилласа бозор тилида,
Сен кўнгил тилида бирор жумла айт.

Қандай тушунтирай ҳолимни сенга,
Эгик бошим узра ойдай ёғду соч…
Барини бир четга қўйгин-да, менга
Сукунат тилида юрагингни оч.

БУЮК ЧИЛЛА

Қирқ кеча-кундузда бийдай саҳрони
Ялангоёқ юриб ўтди бу дарвеш.

Қирқ минг томиридан қирқта дарёни
Қумлар узра бунёд этди бу дарвеш.

Қирқ томчи теридан қирқта шаҳарни
Харобалар узра қурди бу дарвеш.

Қирқ кун саҳро бўйлаб қирқта баҳорни
Шамолдай етаклаб юрди бу дарвеш.

Тупроқдай хокисор хоки танидан
Бир тунда қирқ булоқ очди бу дарвеш.

Ҳазрат Сулаймоннинг ўтиб ёнидан
Бир кунда қирқ йилни ошди бу дарвеш.

Ўтдан ялангоёқ, ялангбош ўтган,
Қирқ кунга қирқ ҳикмат битди бу дарвеш.

Қирқ минг йилдан бери уйқуда ётган
Саҳрони уйғотиб кетди бу дарвеш.

КЕЧКИ САЙРДАГИ КУЗАТИШЛАР

Эски бир дўконда бир жанда одам
Шайтон билан “гаҳ”лашиб ўтирарди.

Ташландиқ бир боғда маъюс бир киши
Виждон билан гаплашиб ўтирарди.

Бир хотин бурқсиган қаҳвахонада
Ҳайвон билан наҳслашиб ўтирарди.

Бир кас танглайида қурбақа сайраб,
“Қуръон” билан баҳслашиб ўтирарди.

Кимдир замонига замбарак отиб,
Макон билан чаплашиб ўтирарди.

Сарғайган бир китоб ичра бир Одам
Имон билан гаплашиб ўтирарди.

ТУНГИ ДАЛАДА ЁЛҒИЗ

…Тунги дала…

Ойнинг ёруғида оқариб турар
Ёғизоёқ сўқмоқ.
Соямга эргашиб бормоқдаман жим,
Манзилим йироқ.

…Тунги дала…

Овози тинмайди чирилдоқларнинг –
Мусиқа тинмас.
Олисдан юлдузлар товуши келар,
Кўнглим ҳам жиммас.

…Тунги дала…

Пишган гиёҳларнинг иси анқийди
Тун салқинида.
Мангулик китобин ўқий бошлайман
Ой талқинида.

Эй тун, менга ҳикматингни оч,
Эй тун, менга ҳикматингни оч!

ХУАН РАМОН ХИМЕНЕС КИТОБИГА ЁЗУВ

Ёнимдан шошилиб ўтади шамол,
Шарқираб қаёққа чопади сувлар?

Шошилиб қай сори учиб борар Ер?
Шошилиб тарк этар мени туйғулар.

Туну кун қайгадир шошади ҳаёт,
Хайр ҳам демасдан мангу кетдинг сен.

Буюк залвор билан шошар коинот,
Қайгадир шошилиб бораяпман мен.

Қаёққа, билмайман, эвоҳ, қаёққа?…
Бобур айтганидай, юз оҳ, қаёққа?

ЭНГ ҚАДИМ, ЭНГ ЯНГИ

Қадимги битикда ўқидим:
“Тангри кимга хайрихоҳ бўлмаса,
Унга хотини хайрихоҳ бўлсин!”.
Энг қадим, энг янги битик бу.
Сўнгра ўзимча бир савол тўқидим:
Агар хотини ҳам хайрихоҳ бўлмаса,
Нима қилсин?.. Нима қилсин? Нима қилсин!?
Энг қадим, энг янги сўроқ шу.

***

Кимсасиз адирда… Ёз кечасида…
Қорайиб ҳурпаяр ёлғиз бир ўтов.
Ерга тушиб қолган кун парчасидай
Ўчоқда тўлғонар бир тутам олов.

Чўпон, бу тунингга мени қўноқ эт,
Адирлар сеники, сеники осмон.
Бир кеча кўнглингга мени ҳамроҳ эт,
Бахши шамоллардан тинглайин достон.

Кимсасиз адирда… Ёз кечасида…
Ҳурпайган ўтовга тушганда йўлим,
Ўчоқнинг бир тутам алангасида
Йўқотган дўстини топганди кўнглим.

КИБРУ ҲАВО

Қўлингни узатсанг юлдузга етар,
Пойингда неча мулк, қанча салламно.
Қовоғинг остида қирқ бир қиш ётар,
Беш кунлик даврон деб мунча таманно.

Ахир бир каллага минг салла нечун,
Қўлдан шамол кетар, тилдан бол кетар.
Зарур бўлганида яшамоқ учун
Одамга қултум сув, парча нон етар.

Бир бешикка сиққан дунёга сиғмас,
Бир йўргакдан чиққан сиғмас осмонга.
Бир кафан, бир қабр сўнг улуши бас,
Шунда ҳам осмон тор, ер тор инсонга.

Кафтингни очсанг бас, сийму зар қўнар,
Пойингни безайди кибру тасанно.
Қовоғинг остида қирқ қилич ўйнар,
Беш кунлик даврон деб шунча таманно.

ҚАРИ ҚАРҒА

У ёшин пеш-пешлаб вайсар доимо
Қари қарға каби назари кўп оч.
Оқ сочларин сотиб яшар-у, аммо
Бир кун тентакда ҳам оқаради соч.

Кўриб-кечирмаган сира эл бўлмас,
Ҳамон юрт оралаб юрар бир мақол:
Ҳар мўйи оқарган оқсоқол бўлмас,
Ахир эчкида ҳам оқарар соқол.

ЖАВЗО

Шамолда чайқалган терак бошида
Порлаб кўринади ўн тўрт кунлик ой.
Фусункор Жавзо балоғат ёшида
Сенинг ёшлигингдай очади чирой.

Кўкда ой, пастда мен бирга борардик,
Майин ёғдуларга кўмилган борлиқ.
Сенинг ёшлигингга тумор сўрардик,
Кибор чоғларингга тилардик соғлиқ.

Афсуски, бу тун ҳам ўтару кетар,
Ой ҳам қолиб кетмас терак бошида.
Шаббодалар ҳар кун менга эслатар
Сени ўн тўрт кунлик Жавзо ёшида.

1943 ЙИЛ. УРУШДАН ХАТ КЕЛДИ.

Ҳарф танимас эди бу аёл…
Савод чиқармаган, мактаб кўрмаган.

Хатни шомда ўғли унга тутқазди.
Почтачи келганда уйда бўлмаган…

Титроқ қўлларида бир энлик қоғоз
Оқ қалдирғоч каби потирлар эди.

Аёлнинг лабида дуои салом
Жон шамоли каби шитирлар эди.

Хатми бу, хатмми, ё хатми Ҳаёт,
Қоғозга айланиб борарди Аёл.

Жонажон ҳарфларни ўқишни истаб
Бир парча хат узра қадди, руҳи дол.

Ҳарф танимас эди бу Аёл…
Лекин сирлар бордир муҳаббатга хос.

Ўша кун эридан келган хатни у
Ҳарфма-ҳарф, сўзма-сўз ўқигани рост.

***
Азал дафтарида не ғам, не тараб,
Қандай ажр бордир ё қандай жазо?
Мунча безовтасан, эй булбули таъб,
Қара, пойингга гул тўшамиш жавзо.

Гарчи бир бош узра минг битта савол,
Ҳукмлар забтида жонлару шонлар.
Лекин сен титрама, эй қизғалдоқҳол,
Сенга деб шудринглар йиғмоқда тонглар.

Шафақларга боқиб чекмагил андуҳ,
Умрим беш кунлик деб кўтарма фарёд.
Шу беш кун ҳаққига, эй капалакруҳ,
Сенга деб бир боғни тиклабди ҳаёт.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 2019 йил, 14 июн

055  O’zimning bolaligim haqida gapirsam… Ko’proq bobom va momomga ergashib yurganman. Qayerga borishsa birga borganman. Dalalarni oralab, tuproq yo’llarni kechib boshqa ovullarga borish men uchun o’zga bir olamga sayohat qilishday gap edi. Momolarim menga shamol, bulut, suv, Yer bilan gaplashishni o’rgatishgan. Ular “Shamol aytar ekan, bulut aytar ekan”, deb hikoya boshlashardi. Men ularning tilida she’riyat tilini ko’rganman (Eshqobil Shukur bilan suhbatdan. Suhbatni to’liq mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

Eshqobil SHUKUR
YANGI SHE’RLAR
12

08Eshqobil Shukur 1962 yil Surxondaryo viloyatining Qumqo’rg’on tumanidagi Boymoqli qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakulьtetini bitirgan (1984). Uzoq yillar O’zbekiston televideniyesi kanallarida ishlagan. Bugungi kunda “Ma’naviy hayot” jurnali bosh muharriridir.
Ilk she’rlar to’plami — «Yurakni o’rganish» (1984). Shundan so’ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko’hna bog’ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko’chishi» kabi qissalari ham bor.

SUHBAT

Oqarsuv bo’yida, oqshom chog’ida,
Qari tol boshida oy porlagan payt.
Ozurda tuyg’ular qo’nalgohida
Menga suv tilida sirlaringni ayt.

Ilkis tun sayriga shamol chaqirsa,
Shovqinli shaharni aylansang sekin.
Chor tarafda tinmay sevinch baqirsa,
Sen sog’inch tilida bir narsa degin.

Ne kechar dunyoning o’ngu so’lida
Tuyg’ular ko’zyoshday qalqib turgan payt.
Hamma laqqillasa bozor tilida,
Sen ko’ngil tilida biror jumla ayt.

Qanday tushuntiray holimni senga,
Egik boshim uzra oyday yog’du soch…
Barini bir chetga qo’ygin-da, menga
Sukunat tilida yuragingni och.

BUYUK CHILLA

Qirq kecha-kunduzda biyday sahroni
Yalangoyoq yurib o’tdi bu darvesh.

Qirq ming tomiridan qirqta daryoni
Qumlar uzra bunyod etdi bu darvesh.

Qirq tomchi teridan qirqta shaharni
Xarobalar uzra qurdi bu darvesh.

Qirq kun sahro bo’ylab qirqta bahorni
Shamolday yetaklab yurdi bu darvesh.

Tuproqday xokisor xoki tanidan
Bir tunda qirq buloq ochdi bu darvesh.

Hazrat Sulaymonning o’tib yonidan
Bir kunda qirq yilni oshdi bu darvesh.

O’tdan yalangoyoq, yalangbosh o’tgan,
Qirq kunga qirq hikmat bitdi bu darvesh.

Qirq ming yildan beri uyquda yotgan
Sahroni uyg’otib ketdi bu darvesh.

KECHKI SAYRDAGI KUZATISHLAR

Eski bir do’konda bir janda odam
Shayton bilan “gah”lashib o’tirardi.

Tashlandiq bir bog’da ma’yus bir kishi
Vijdon bilan gaplashib o’tirardi.

Bir xotin burqsigan qahvaxonada
Hayvon bilan nahslashib o’tirardi.

Bir kas tanglayida qurbaqa sayrab,
“Qur’on” bilan bahslashib o’tirardi.

Kimdir zamoniga zambarak otib,
Makon bilan chaplashib o’tirardi.

Sarg’aygan bir kitob ichra bir Odam
Imon bilan gaplashib o’tirardi.

TUNGI DALADA YOLG’IZ

…Tungi dala…

Oyning yorug’ida oqarib turar
Yog’izoyoq so’qmoq.
Soyamga ergashib bormoqdaman jim,
Manzilim yiroq.

…Tungi dala…

Ovozi tinmaydi chirildoqlarning –
Musiqa tinmas.
Olisdan yulduzlar tovushi kelar,
Ko’nglim ham jimmas.

…Tungi dala…

Pishgan giyohlarning isi anqiydi
Tun salqinida.
Mangulik kitobin o’qiy boshlayman
Oy talqinida.

Ey tun, menga hikmatingni och,
Ey tun, menga hikmatingni och!

XUAN RAMON XIMENES KITOBIGA YOZUV

Yonimdan shoshilib o’tadi shamol,
Sharqirab qayoqqa chopadi suvlar?

Shoshilib qay sori uchib borar Yer?
Shoshilib tark etar meni tuyg’ular.

Tunu kun qaygadir shoshadi hayot,
Xayr ham demasdan mangu ketding sen.

Buyuk zalvor bilan shoshar koinot,
Qaygadir shoshilib borayapman men.

Qayoqqa, bilmayman, evoh, qayoqqa?…
Bobur aytganiday, yuz oh, qayoqqa?

ENG QADIM, ENG YANGI

Qadimgi bitikda o’qidim:
“Tangri kimga xayrixoh bo’lmasa,
Unga xotini xayrixoh bo’lsin!”.
Eng qadim, eng yangi bitik bu.
So’ngra o’zimcha bir savol to’qidim:
Agar xotini ham xayrixoh bo’lmasa,
Nima qilsin?.. Nima qilsin? Nima qilsin!?
Eng qadim, eng yangi so’roq shu.

***

Kimsasiz adirda… Yoz kechasida…
Qorayib hurpayar yolg’iz bir o’tov.
Yerga tushib qolgan kun parchasiday
O’choqda to’lg’onar bir tutam olov.

Cho’pon, bu tuningga meni qo’noq et,
Adirlar seniki, seniki osmon.
Bir kecha ko’nglingga meni hamroh et,
Baxshi shamollardan tinglayin doston.

Kimsasiz adirda… Yoz kechasida…
Hurpaygan o’tovga tushganda yo’lim,
O’choqning bir tutam alangasida
Yo’qotgan do’stini topgandi ko’nglim.

KIBRU HAVO

Qo’lingni uzatsang yulduzga yetar,
Poyingda necha mulk, qancha sallamno.
Qovog’ing ostida qirq bir qish yotar,
Besh kunlik davron deb muncha tamanno.

Axir bir kallaga ming salla nechun,
Qo’ldan shamol ketar, tildan bol ketar.
Zarur bo’lganida yashamoq uchun
Odamga qultum suv, parcha non yetar.

Bir beshikka siqqan dunyoga sig’mas,
Bir yo’rgakdan chiqqan sig’mas osmonga.
Bir kafan, bir qabr so’ng ulushi bas,
Shunda ham osmon tor, yer tor insonga.

Kaftingni ochsang bas, siymu zar qo’nar,
Poyingni bezaydi kibru tasanno.
Qovog’ing ostida qirq qilich o’ynar,
Besh kunlik davron deb shuncha tamanno.

QARI QARG’A

U yoshin pesh-peshlab vaysar doimo
Qari qarg’a kabi nazari ko’p och.
Oq sochlarin sotib yashar-u, ammo
Bir kun tentakda ham oqaradi soch.

Ko’rib-kechirmagan sira el bo’lmas,
Hamon yurt oralab yurar bir maqol:
Har mo’yi oqargan oqsoqol bo’lmas,
Axir echkida ham oqarar soqol.

JAVZO

Shamolda chayqalgan terak boshida
Porlab ko’rinadi o’n to’rt kunlik oy.
Fusunkor Javzo balog’at yoshida
Sening yoshligingday ochadi chiroy.

Ko’kda oy, pastda men birga borardik,
Mayin yog’dularga ko’milgan borliq.
Sening yoshligingga tumor so’rardik,
Kibor chog’laringga tilardik sog’liq.

Afsuski, bu tun ham o’taru ketar,
Oy ham qolib ketmas terak boshida.
Shabbodalar har kun menga eslatar
Seni o’n to’rt kunlik Javzo yoshida.

1943 YIL. URUSHDAN XAT KELDI

Harf tanimas edi bu ayol…
Savod chiqarmagan, maktab ko’rmagan.

Xatni shomda o’g’li unga tutqazdi.
Pochtachi kelganda uyda bo’lmagan…

Titroq qo’llarida bir enlik qog’oz
Oq qaldirg’och kabi potirlar edi.

Ayolning labida duoi salom
Jon shamoli kabi shitirlar edi.

Xatmi bu, xatmmi, yo xatmi Hayot,
Qog’ozga aylanib borardi Ayol.

Jonajon harflarni o’qishni istab
Bir parcha xat uzra qaddi, ruhi dol.

Harf tanimas edi bu Ayol…
Lekin sirlar bordir muhabbatga xos.

O’sha kun eridan kelgan xatni u
Harfma-harf, so’zma-so’z o’qigani rost.

***

Azal daftarida ne g’am, ne tarab,
Qanday ajr bordir yo qanday jazo?
Muncha bezovtasan, ey bulbuli ta’b,
Qara, poyingga gul to’shamish javzo.

Garchi bir bosh uzra ming bitta savol,
Hukmlar zabtida jonlaru shonlar.
Lekin sen titrama, ey qizg’aldoqhol,
Senga deb shudringlar yig’moqda tonglar.

Shafaqlarga boqib chekmagil anduh,
Umrim besh kunlik deb ko’tarma faryod.
Shu besh kun haqqiga, ey kapalakruh,
Senga deb bir bog’ni tiklabdi hayot.

Manba: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi 2019 yil, 14 iyun

03

(Tashriflar: umumiy 656, bugungi 1)

Izoh qoldiring