Faxriyor. Ko’z yosh soyasi. Sonetlar turkumi

056
Тўғриси, бу сатрни қайси газетдан ўқиганим эсимда йўқ. Ёки кейинги пайтларда тиним бермаётган тушларнинг ҳосиласимикан? Билмадим. Билганим, унинг борлиги. Оҳорлилиги, ўзи суйиб, ўзи озор берган ошиқ кўнглини аяши. Қолгани – ўқувчининг иши.
Бизда қисқартмалар унчалик ҳам урф эмас. Шунинг учун дастлаб ушбу қисқартманинг маъноси бошқа тиллардаги луғатлардан қидириб кўрилди. Эҳтимол, бу хатодир. Аммо излаш ҳеч қачон хато эмас. Яратган ҳам кечирса, хато қилмаганларни эмас, излаганларни кечиради.

022

Фахриёр
КЎЗ ЁШ СОЯСИ
Сонетлар туркуми

Мен суйган кўнгилга ҳеч озор берманг…
М.А.

Муқаддима

Тўғриси, бу сатрни қайси газетдан ўқиганим эсимда йўқ. Ёки кейинги пайтларда тиним бермаётган тушларнинг ҳосиласимикан? Билмадим. Билганим, унинг борлиги. Оҳорлилиги, ўзи суйиб, ўзи озор берган ошиқ кўнглини аяши. Қолгани – ўқувчининг иши.
Бизда қисқартмалар унчалик ҳам урф эмас. Шунинг учун дастлаб ушбу қисқартманинг маъноси бошқа тиллардаги луғатлардан қидириб кўрилди. Эҳтимол, бу хатодир. Аммо излаш ҳеч қачон хато эмас. Яратган ҳам кечирса, хато қилмаганларни эмас, излаганларни кечиради.

1. М.А. – Master of Arts – (ингл.) ижтимоий фанлар магистри.
2. ma – Mental Age (ингл.) ақлнинг ёшга муносиб ривожланиши.
3. ma – mamma (ингл.) ойи
4. ma – mon (фр.) меники
5. MA – Mondaufgang (нем.) ой чиқиши
6. ma (ит.) – йўқ
7. MA – Madelene Allbright – собиқ АҚШ Давлат котибининг рақс тушганини ҳамма билади, лекин шеър ёзганмикин?
8. М.А. – Мавлоно Атоийми?
9. М.А. – Мухторов Асқадми?
10. М.А. – Муҳаммад Алими?

1

Сен бирор марта кўзёш соясини кўрганмисан?..
У оддий сояга ўхшамайди… У юракларимизга
мутлақо бошқа, узоқ дунёлардан келади…
Харуки Мураками

1) Томиб бўлган кўз ёшларингнинг –
сояси муаллақ. Инмайди.
Йиғлагин, сиқтагин, урин минг,
соя тўкилмайди, синмайди.

У тунларга кириб боради
муаллақ кўй, қадам-бақадам.
Кўтарилиб кетмас орадан,
кўтарилиб кетса ҳам одам.

Нурсиз соя – кўз ёш сояси,
армон янглиғ у ҳам ўчмайди,
сояларни тунга ёясан.

Соя юлдуз бўлиб живирлар,
лекин юлдуз каби учмайди,
олис муҳаббатдан шивирлар.

2005 йил, 23 апрел

2) Ёш сояси бағримни кесди,
оғриқларим сенсиз, муттасил.
Шамолдайин қайлардан эсди
кўзёшинг сояси бу фасл –

муҳаббатнинг яраларига
пешонамнинг шўрлари бўлиб?
Мен сояга тикилдим нега
кўнглим бузуқ, юрагим тўлиб?

Хаёлларим орама-сарсон,
соя катталашар, ўсади.
Сонга кирмас, кириб борар сон –

Орамизга, бир, икки, уч кун…
Йироқлашар, сени тўсади
ҳижрон қадар узайган бир тун…

2005 йил, 26 апрел

3) Ботаётган кундай қизарар
кўзёшнинг томмаган сояси.
Нур ўрнига ҳижронлар тарар,
ранг ўрнига – ҳасрат оятин…

Ишқ тўлдирган ҳужайраларга
соя тўлиб қолар бирма-бир.
Вақт емирар ҳайратларимни:
сирма-сир, бирма-бир, сирма-сир…

Кўзёш кетар, соя кетмайди,
соя – умидларнинг арвоҳи,
арвоҳларнинг куни битмайди.

Кўзёш қай умидга нуқтадир?
Йўқ нимарса сояси, моҳим,
не балони бошлар? У надир?

2005 йил, 26 апрел

4) Соялана бошлар муҳаббат,
хотирага туйғулар кўчар.
Эҳтирослар кули билан хат –
битар роқим манглайга. Ўчар –

дилдан умид, билмадим, қаён?
Кўнгил ойнасига доғ тушар
эҳтирослар кулидан ваё
кўзёш соясидан. Бу тушлар –

чертилган соз симидай титрар –
гулсизликнинг хазон дараги –
келгусидан келади. Митрá* –

нур ўрнига зулматни қамар
сенсиз кунларимга, қарагин,
гулсизликлар чаман ва чаман…

2005 йил, 30 апрел

2

…кўзёшларим менга ватан бўлди…
Мирзо Абдулқодир Бедил

Бу кўнгилга озорлар келар,
кўзёш каби озор ҳам ватан.
Вақт умрни сўз қилиб элар:
муҳаббатим – энг буюк хато.

Хатойимга топиндим – гуноҳ,
гуноҳимни севдим мен шундай.
Чечак эмас, ўрмалади оҳ
кўнглим даштларида тутундай.

Кўнгил озорингни чекадир,
ун сайин, тун сайин, кун сайин,
япроғига хазон тегади…

Озорингдан кўзим ёшланар,
тун ҳам манглай қароликдайин
кўзёш соясидан бошланар…

2005 йил, 30 апрел

3

Сен кетарсан. Қолмоқ хатоси
куймоқ хунларидай бўйнимда.
Кўнгил ёвлар босган ватаннинг
байроғидай нимта ва нимта…

Мен енгилган лашкардай ўнгни
топшираман тушлар ҳукмига.
Енгиб бўлмас сенсиз бу мунгни
енгиб бўлармикин ва нега?

Мунг ҳам қисмат ва ғам сингари
енгилмайди, чекилар. Тутун.
Мунграрим сен, сендир синграрим,

боғларимдан кетаётган гул,
ўзга дилнинг барини тутиб.
Бошларимга ёға бошлар кул…

2005 йил, 4 май

4

…у ўзга тушлар ибодатхонасида юкинар эди…
Милорад Павич

1) Тушларингни бир кун қаландар
юзкўрарга жойнамоз қилиб,
кўнгли йиртиқ, ишқи таланган
мен шўрликка қаю бир иқлим –

тарафлардан келтирган эди:
бўй етмаган тушлар, севарим.
Кўнглим менинг йиртилган эди,
тушингли бўлдимми эвази?

Айт, не учун қилай ибодат,
зор учунми, ҳижрон учунми?
ҳар бир савол бўғзимга ботар…

Сен аяган кўнгил озорли,
сен аяган юрак учинди,
бу не қисмат битилган ёрлиқ?

2005 йил, 5 май

2) Тушларингни қиблага ўнглаб
юкунмоққа жой ҳозирладим.
Саждага мажбурланган кўнглим
гул истайдур. Қул озурдадир.

Кўзёш сояси тусдаги
тушларингдан мен не орттирдим?
Сени кўрмоқ истагиними,
наҳот шунга тушингга кирдим?

Бу истакни тушларингсиз ҳам
йўғирарди кўнгил армонга,
соат сай, тоат сай, дамодам…

Худо сени бермас, биламан,
ташна қилар бир савол қонга:
мен ўзимни нима қиламан?

2005 йил, 10 май

3) Чакмон каби юнгдан тўқилган
тушларингни еб ташлар куя.
Иссиқ-совуқ, на ўқилгани
наф бермайди. Уринчлар куяр.

Тушларинг ўнглана бошлайди,
кўча бошлар фожиа ўнгга.
Ибодат сўнглана бошлайди,
наҳот энди бу кўнгил ўнгган?

Қаландар йўқ алиштиргани
янгисига кўҳна тушингни
ва ижозат йўқдир киргани –

энди тушларингга – номаҳрам.
Сеники эмасман, тушунгин,
на Мажнунман ва на бир Баҳром.

2005 йил, июн

4) Сеники эмаслик шўриши
сингиб борар суякларимга
зирқираб, сирқираб. Ёз-қишин.
Армон – бутун, кўнгил – яримта.

Ўқимадим, этмадим хатм,
мен кўнглимни тугатдим йиғлаб.
Тугамайди манглайнинг хати,
пешонани тирнайди михлар.

Унда на юрак, на муҳаббат,
на тушларинг ижобати бор.
Ҳушлар қайда қолди, раббано?

Кўнгил тугар, сен тугамайсан,
хор вужудда буюк бир зорлик:
осмонни қоплайди ёйсам…

2005 йил, 17 июн

5

Гурс этиб тушади кўз ёш томчиси…
Асқад Мухтор

Исо чормих қилинган оғоч –
узра йиғлаб турган тангрининг*
шафоатин ёш билан сочиб,
кўнганидай банда амрига,
гулга бўйинсунади юрак,
гулнинг ҳижронида – гулсизлик.
Кўзёш гулни излаб юради,
ҳар қадами гурсиллар – бизлик.

Кўзёш қадамлари остида
пайҳон бўлар юрак дегани.
Кўнгилни кўзёшлар босдими?

Қўл босмади, гуллар босмади,
кўзёшлар топтади – бегона…
хазон бўлган эҳтиросмиди?

6

Макон, замон, кечинмаларда
кўзёш соясининг давомийлиги…
Таъқиб этар кечирилмаган –
бир гуноҳдай – кўҳна, минг йиллик…

Соя нурдан узаб боради,
зулматларни кечар… белгили.
Нур ўчар, ўчмайди қораси,
ишғол қилиб борар келгуни.

Давомийлик муаллақлиги
кесиб ўтар ҳаяжонингни,
қараб ўтирмайди ақлингга,

ақлсизлигингга қарамас,
жонни кесар, кесар қонингни,
соя умидингга ярамас.

20-09-2005

faxriyor
Фахриёр (Фахриддин Низомов) 1963 йилда Самарқанд вилоятидаги Сангижумон қишлоғида туғилган.1988 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат Университетининг филология факультетини тамомлаган.Шу пайтгача бир қатор шеърий китоблари нашр этилган.

(Tashriflar: umumiy 350, bugungi 1)

2 izoh

  1. men magistraturada o’qiyman. Faxriyor she’rlarini ayni damlarda tahlil qilyapmiz

Izoh qoldiring