Faxriyor. She’rlar

08

Шоир Фахриёр бутун ижоди давомида шеър ихлосмандларининг тасаввур чегараларини бузишга ҳаракат қилади, тўғрироғи, уларни шунга ундайди. Умуман, адабиётга, образга, фикрга қараш дастлаб бу ҳақдаги тасаввурни ўзгартиришдан бошланади. Биз кўникиб қолган шеърлар бир пайтлар ўз даврининг тасаввурини бузганди. Аслида, адабиёт янгиланмайди. Тасааввур, сўзга, инсонга, фикрга, гўзалликка бўлган тасаввур янгиланади (Назар Эшонқулнинг Фахриёрнинг «Геометрик баҳор» китоби ҳақида ёзган «Тасаввурга дош берсанг бўлди…» мақоласидан).

08
ФАХРИЁР
ШЕЪРЛАР
09

05Фахриёр (Фахриддин Низомов) 1963 йилда Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти, Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1988). «Дарднинг шакли» (1987), «Аёлғу» (2000), «Геометрик баҳор» (2004) шеърий тўпламлари, «Янгиланиш анъаналари» (1988) публицистик мақолалар тўплами нашр этилган. Унинг таржимасида Т. Уинтер (Абдулҳаким Мурод)нинг «21-асрда ислом: постмодерн дунёда қиблани топиш» (2001) диний-фалсафий китоби нашр этилган.

01

сўз

бир сўз бор қамалган ичингда
қўйиб юбормайсан ҳеч қачон

умрбод қамайсан шу сўзни ичга

одам ўлдирмаган
ватанни сотмаган
жамоат олдида ўзингни
шарманда қилмаган бўлса ҳам гарчи

мангу ҳибсдаги сўз
ичингда жаранглар
бағринг тошларига урилиб
ҳеч ким эшитмайди лекин бу сўзни

шар мисол
ботинингга тўлиб қолган сўз
кўтара бошлайди осмонга

бир кун шу сўзни
гуллаб қўймасанг бўлди

сенга ҳеч кимнинг қўли етмайди
ерга тоблаб урмоқлик учун

ёриб ташламаса бўлди бир куни
сени ўша сўз

беш

беш
ёш ҳисобланса
ўғил боланинг
аллақачон
суннат тўйи бўлиб ўтган бўлар эди

беш
йил ҳисобланса
бир одам
диплом олар эди эски замонда

беш
кун ҳисобланса
шуларнинг ҳаммаси

кириб кетар эди битта умрга

Et cetera

*
У ювиб олади гуноҳларини
онасининг кўзёши билан…

*
Суяк сурар… тақдир ҳам.

*
Сўнгги япроқ каби осилиб турар
вужудда юрак –
юпун умид.

*
Кўнгил бу кеча ҳам уйда ётмади.

*
Вақт кун бўлиб,
кўзёшлар бўлиб,
қоча бошлар вужуддан,
армон эса – тузалмайдиган бемор ташхиси.

*
Худо билан менинг орамга
суқилиб туради тинмай бировлар.

*
дан
Вақт айирар ҳамма нарса
ни.

*
Ҳар бир айтган сўзим ўзимга
келтирган шак бўлар.
Одам қилса,
шак мени бир куни одам қилади.

*
Тушларимда учмай қўйдим сўнгги кунларда,
оёғимга тошдай осилар
гуноҳсиз кунларнинг енгил залвори.

*
Ёзилмаган шеърлар гуноҳи
қандоқ ювилар?

*
Сен аёлга беролмай қолиб
кетган бахт
юракнинг қай чеккасидадир
азоб бериб, аччиқ симиллар.

*
Армонлар зирқирар тиш оғриқдайин…

*
Ит ҳурар, карвондан дарак йўқ, аммо…

*
мойланмаган ошиқ-мошиқдай
товуш ғижирлайди
тишлар орасидан тўкилар
шовуллаб…

*
Ҳислар такрорини енгиб яшамоқ,
исм топиб бермоқ ҳар қалқинишга,
идраган дунёга шеър билан ямоқ
солмоқ машаққатин кўр талқинига
ишониб яшайди бояқиш юрак…

*
Таланган карвондай қолмади юки
Сўзнинг ҳам.

07

сен туғилган кун

севгилим
умидларимни узиб
гулдаста ясадим
сен учун

узилган кўнгилни қоғоздай ёйиб
дастани ўрадим
чирррройли қилиб

умид япроқларида
шабнам каби
минг қатим нурни
товлантирар кўзим ёшлари
бирам гўзал
бирам чиройли

таассуфки узоқлардасан
ҳеч бўлмаса гулдаста суратини
wifi ёки email билан
узатай десам

афсус кўнгил узиб қўйилган
умид ҳам узиқ

кул

1

хотира
куйган ҳислар култепасидир

туш
култепада ўйнаган бола
афт ангорини кўриб бўлмайди

тушни
култепанинг жинлари чалиб кетган

гиёҳвандга ўхшаган бир туш
култепани титиб юрар
бир учқун
бир қўр ахтариб
туйғу очлигини қондирмоқ учун

лекин туш билмаски
ҳисланмайди кул
эҳтиросга айланмайди армонлар қайта
бебахт аёлни
бошингга кўтариб севмоғинг учун

бошингдаги қора шарор ҳам
кул тортиб борар тобора

2

кул
cool*

донишманддай совуққон ва хотиржам
кул

юрак эҳтиросларин
бутунлайин ёндириб бўлган
кулдай донишманд

кулнинг донишмандлиги

арвоҳлар шам билан ўйнаганидай
кул билан ўйнашар ажина

ажина
ўтмишнинг арвоҳи

нарсаларнинг фойдалилиги
эскириб вақт ўтиши билан
аста секин кўчиб ўтар бошқа ўлчамга
арвоҳ бўлиб
ажина бўлиб

ўтмишнинг ҳам донишманд каби
жуссаси қоқлана бошлайди
кул тортиб боради
хотира каби

3

култегиннинг қабртошига
совуқ ҳарфлар билан битилган
жангномасин видоли эҳтироси
шовуллаб тўкилар миллатнинг шуурига

тепадан осмон босмаган бўлса
пастда ер ёрилмаган бўлса
турк халқи
давлатингни ҳукуматингни ким бузди

хаёлни бузади кул тортиб қолган
олис хотиранинг
сўнган юлдузнинг
сўниб улгурмаган живири каби
ҳасратли қўри

дунёни сўраган
шавкатли кунларнинг туманли ёди

ҳасрат иситади шууримизни

4

кулдан тикланади салтанатлар ҳам
култепа ўрнида тикланар сарой
ва саройни забт этмоқ учун
қақнус эмас
кулдан тўраган малика келар
ва ҳукм юргизар кул салтанатда
бахтиёр кулиб

кулгини ҳам хотира каби
енгиб бўлмас

кулгига қаршилик кўрсатмас ҳеч ким
кулга уруш очмайди

ерга уриб бўлмайди кулни
кул билан кулгининг олдида лашкар
ҳимоясиздир

кул ҳам хотирадай мутлақ бир қиймат
ўзгармас
сўзгармас
кулнинг сукутида хотира ҳайқириғи
кул сукути очар маъни дарвозасини

мадҳ қилиш шартмикин кулни
ўша дарвозанинг ёнига бориб

кул бўлса-чи маъни ўзи ҳам
маликадай масалан

*cool( ингл.) “салқин”, “совуққон” дегани. “кул” деб ўқилади.

 

Уч битик

туш

тушларимга кирар тибет тоғлари
учиб юрар эмишман ўша тоғлар узра марҳумлар билан
қўлларим қанот
ҳайрон боқар эмиш тириклар менга
учиб юрганимдан арвоҳ қатори
ҳаёт гўзал эди менинг тушимда
маъсумият қоплаб ётар эди борлиқни
тик қараб бўлмас экан ажабо
майсаларнинг илоҳий кўклигига
мовий поклигига Кўккўлнинг
тоғлар қудсийлигин уйғотар тушлар
тушларда нафсингу гуноҳ баробар
қоннинг хотираси уйғонар
ўнгга тошиб чиқар тушлардан
қон хотираси
тангритоғнинг тикка зовлари
рўпара бўлади йўлимга
ошиб ўтолмайман ундан учиб ҳам
ҳатто тушлар бермас ўша имконни
йўлларимни зов бўлиб тўсган
нима эди
қандай куч эди
нечун учиради йўл бермай туриб
ер бағирлатиб
бу ҳам етмагандай марҳумлар билан
бу чинҳайликларга
бир шеър ёзмоқ ваъдасин бериб
илҳом келишини кутиб яшаш гуноҳимикин…

ўнг

қоннинг хотираси ўнгга тошади
осмон илоҳийлашар
тангриланиб боради тоғлар
кўкаради “турк” калимаси
ва кўлга айланиб қолар дафъатан
салорланар гоҳо калима
салор қизнинг ишвасида самарқандланар
олти юз йил наридаги ота юрт
самарқанд
сўнг
тўфон каби тинади сўнг қон хотираси
ўнгга қайта бошлар ҳуш ҳам бир нави
воажаб ўнгда
сокин таралади замзама
тибетликлар
маҳзун хониш қилар жўровоз
қанот қоқмай учаётган қушдай рақсга
тушар жуфт-жуфт бўлишиб
қўлларини ёзиб оҳиста
ўзлари сиғинган
юксак тоғларга
осмонларга учиб чиқмоқлик учун
осмон эса мезбон тоғларнинг
тутган косаси Кўккўлга

қўл ­

оққушни ботирар ва унинг қанотларин
уч марта силкитар
будда учун
тоғлар учун
ва ер учун
осмон ерда юрар тибетда

 

02

08
FAXRIYOR
SHE’RLAR
09

097Faxriyor (Faxriddin Nizomov) 1963 yilda Samarqand (hozirgi Navoiy) viloyati, Xatirchi tumanidagi Sangijumon qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetining o’zbek filologiyasi fakul`tetini tugatgan (1988). «Dardning shakli» (1987), «Ayolg’u» (2000), «Geometrik bahor» (2004) she’riy to’plamlari, «Yangilanish an’analari» (1988) publitsistik maqolalar to’plami nashr etilgan. Uning tarjimasida T. Uinter (Abdulhakim Murod)ning «21-asrda islom: postmodern dunyoda qiblani topish» (2001) diniy-falsafiy kitobi nashr etilgan.

01

so’z

bir so’z bor qamalgan ichingda
qo’yib yubormaysan hech qachon

umrbod qamaysan shu so’zni ichga

odam o’ldirmagan
vatanni sotmagan
jamoat oldida o’zingni
sharmanda qilmagan bo’lsa ham garchi

mangu hibsdagi so’z
ichingda jaranglar
bag’ring toshlariga urilib
hech kim eshitmaydi lekin bu so’zni

shar misol
botiningga to’lib qolgan so’z
ko’tara boshlaydi osmonga

bir kun shu so’zni
gullab qo’ymasang bo’ldi

senga hech kimning qo’li yetmaydi
yerga toblab urmoqlik uchun

yorib tashlamasa bo’ldi bir kuni
seni o’sha so’z

besh

besh
yosh hisoblansa
o’g’il bolaning
allaqachon
sunnat to’yi bo’lib o’tgan bo’lar edi

besh
yil hisoblansa
bir odam
diplom olar edi eski zamonda

besh
kun hisoblansa
shularning hammasi

kirib ketar edi bitta umrga

Et cetera

*
U yuvib oladi gunohlarini
onasining ko’zyoshi bilan…

*
Suyak surar… taqdir ham.

*
So’nggi yaproq kabi osilib turar
vujudda yurak –
yupun umid.

*
Ko’ngil bu kecha ham uyda yotmadi.

*
Vaqt kun bo’lib,
ko’zyoshlar bo’lib,
qocha boshlar vujuddan,
armon esa – tuzalmaydigan bemor tashxisi.

*
Xudo bilan mening oramga
suqilib turadi tinmay birovlar.

*
dan
Vaqt ayirar hamma narsa
ni.

074

*
Har bir aytgan so’zim o’zimga
keltirgan shak bo’lar.
Odam qilsa,
shak meni bir kuni odam qiladi.

*
Tushlarimda uchmay qo’ydim so’nggi kunlarda,
oyog’imga toshday osilar
gunohsiz kunlarning yengil zalvori.

*
Yozilmagan she’rlar gunohi
qandoq yuvilar?

*
Sen ayolga berolmay qolib
ketgan baxt
yurakning qay chekkasidadir
azob berib, achchiq simillar.

*
Armonlar zirqirar tish og’riqdayin…

*
It hurar, karvondan darak yo’q, ammo…

*
moylanmagan oshiq-moshiqday
tovush g’ijirlaydi
tishlar orasidan to’kilar
shovullab…

*
Hislar takrorini yengib yashamoq,
ism topib bermoq har qalqinishga,
idragan dunyoga she’r bilan yamoq
solmoq mashaqqatin ko’r talqiniga
ishonib yashaydi boyaqish yurak…

*
Talangan karvonday qolmadi yuki
So’zning ham.

sen tug’ilgan kun

sevgilim
umidlarimni uzib
guldasta yasadim
sen uchun

uzilgan ko’ngilni qog’ozday yoyib
dastani o’radim
chirrrroyli qilib

umid yaproqlarida
shabnam kabi
ming qatim nurni
tovlantirar ko’zim yoshlari
biram go’zal
biram chiroyli

taassufki uzoqlardasan
hech bo’lmasa guldasta suratini
wifi yoki email bilan
uzatay desam

afsus ko’ngil uzib qo’yilgan
umid ham uziq

kul

1

xotira
kuygan hislar kultepasidir

tush
kultepada o’ynagan bola
aft angorini ko’rib bo’lmaydi

tushni
kultepaning jinlari chalib ketgan

giyohvandga o’xshagan bir tush
kultepani titib yurar
bir uchqun
bir qo’r axtarib
tuyg’u ochligini qondirmoq uchun

lekin tush bilmaski
hislanmaydi kul
ehtirosga aylanmaydi armonlar qayta
bebaxt ayolni
boshingga ko’tarib sevmog’ing uchun

boshingdagi qora sharor ham
kul tortib borar tobora

2

kul
cool*

donishmandday sovuqqon va xotirjam
kul

yurak ehtiroslarin
butunlayin yondirib bo’lgan
kulday donishmand

kulning donishmandligi

arvohlar sham bilan o’ynaganiday
kul bilan o’ynashar ajina

ajina
o’tmishning arvohi

narsalarning foydaliligi
eskirib vaqt o’tishi bilan
asta sekin ko’chib o’tar boshqa o’lchamga
arvoh bo’lib
ajina bo’lib

o’tmishning ham donishmand kabi
jussasi qoqlana boshlaydi
kul tortib boradi
xotira kabi

3

kulteginning qabrtoshiga
sovuq harflar bilan bitilgan
jangnomasin vidoli ehtirosi
shovullab to’kilar millatning shuuriga

tepadan osmon bosmagan bo’lsa
pastda yer yorilmagan bo’lsa
turk xalqi
davlatingni hukumatingni kim buzdi

xayolni buzadi kul tortib qolgan
olis xotiraning
so’ngan yulduzning
so’nib ulgurmagan jiviri kabi
hasratli qo’ri

dunyoni so’ragan
shavkatli kunlarning tumanli yodi

hasrat isitadi shuurimizni

4

kuldan tiklanadi saltanatlar ham
kultepa o’rnida tiklanar saroy
va saroyni zabt etmoq uchun
qaqnus emas
kuldan to’ragan malika kelar
va hukm yurgizar kul saltanatda
baxtiyor kulib

kulgini ham xotira kabi
yengib bo’lmas

kulgiga qarshilik ko’rsatmas hech kim
kulga urush ochmaydi

yerga urib bo’lmaydi kulni
kul bilan kulgining oldida lashkar
himoyasizdir

kul ham xotiraday mutlaq bir qiymat
o’zgarmas
so’zgarmas
kulning sukutida xotira hayqirig’i
kul sukuti ochar ma’ni darvozasini

madh qilish shartmikin kulni
o’sha darvozaning yoniga borib

kul bo’lsa-chi ma’ni o’zi ham
malikaday masalan

*cool( ingl.) “salqin”, “sovuqqon” degani. “kul” deb o’qiladi.

Uch bitik

tush

tushlarimga kirar tibet tog’lari
uchib yurar emishman o’sha tog’lar uzra marhumlar bilan
qo’llarim qanot
hayron boqar emish tiriklar menga
uchib yurganimdan arvoh qatori
hayot go’zal edi mening tushimda
ma’sumiyat qoplab yotar edi borliqni
tik qarab bo’lmas ekan ajabo
maysalarning ilohiy ko’kligiga
moviy pokligiga Ko’kko’lning
tog’lar qudsiyligin uyg’otar tushlar
tushlarda nafsingu gunoh barobar
qonning xotirasi uyg’onar
o’ngga toshib chiqar tushlardan
qon xotirasi
tangritog’ning tikka zovlari
ro’para bo’ladi yo’limga
oshib o’tolmayman undan uchib ham
hatto tushlar bermas o’sha imkonni
yo’llarimni zov bo’lib to’sgan
nima edi
qanday kuch edi
nechun uchiradi yo’l bermay turib
yer bag’irlatib
bu ham yetmaganday marhumlar bilan
bu chinhayliklarga
bir she’r yozmoq va’dasin berib
ilhom kelishini kutib yashash gunohimikin…

o’ng

qonning xotirasi o’ngga toshadi
osmon ilohiylashar
tangrilanib boradi tog’lar
ko’karadi “turk” kalimasi
va ko’lga aylanib qolar daf’atan
salorlanar goho kalima
salor qizning ishvasida samarqandlanar
olti yuz yil naridagi ota yurt
samarqand
so’ng
to’fon kabi tinadi so’ng qon xotirasi
o’ngga qayta boshlar hush ham bir navi
voajab o’ngda
sokin taraladi zamzama
tibetliklar
mahzun xonish qilar jo’rovoz
qanot qoqmay uchayotgan qushday raqsga
tushar juft-juft bo’lishib
qo’llarini yozib ohista
o’zlari sig’ingan
yuksak tog’larga
osmonlarga uchib chiqmoqlik uchun
osmon esa mezbon tog’larning
tutgan kosasi Ko’kko’lga

qo’l ­

oqqushni botirar va uning qanotlarin
uch marta silkitar
budda uchun
tog’lar uchun
va yer uchun
osmon yerda yurar tibetda

02

(Tashriflar: umumiy 21 257, bugungi 2)

5 izoh

  1. Kuymoqqa dil berdi suymoqqa ayol
    cho’kmoqqa tiz berdi egmoq uchun bosh degan satrlar bor sherni joylanglar izlab esim chiqib ketyabdi….

  2. * * *

    Осмон яратганнинг мовий кўзидир,
    кўзидан яратди борлиқни худо.
    Тоғ ҳам, боғ ҳам, зоғ ҳам унинг сўзидир,
    сўзидан яратди борлиқни худо.

    Ёмғирлар сим-симлаб ерларга сингди,
    ёшидан яратди борлиқни худо.
    Чақмоқлар чақилди, тошлари синди,
    тошидан яратди борлиқни худо.

    Кўнгилга доғ берди, дийдаларга – ёш.
    Куймоққа дил берди, cевмоққа – аёл.
    Чўкмоққа тиз берди, эгмоқ учун – бош.

    Жон берди аёлга этгудай нисор,
    уни деб ёнмоққа – шам каби ҳаёт.
    Берилмай қолгани – биргина висол.

  3. * * *

    Осмон яратганнинг мовий кўзидир,
    кўзидан яратди борлиқни худо.
    Тоғ ҳам, боғ ҳам, зоғ ҳам унинг сўзидир,
    сўзидан яратди борлиқни худо.

    Ёмғирлар сим-симлаб ерларга сингди,
    ёшидан яратди борлиқни худо.
    Чақмоқлар чақилди, тошлари синди,
    тошидан яратди борлиқни худо.

    Кўнгилга доғ берди, дийдаларга – ёш.
    Куймоққа дил берди, cевмоққа – аёл.
    Чўкмоққа тиз берди, эгмоқ учун – бош.

    Жон берди аёлга этгудай нисор,
    уни деб ёнмоққа – шам каби ҳаёт.
    Берилмай қолгани – биргина висол.

Izoh qoldiring