Nodir Jonuzoq. Tomchimiz & Gulsara Ismoilova. Butun shoir

084

Нодирда миллийлик кучли. Ўзбек миллатига хос анъаналарга кўп эътибор беради. “Ўз миллатининг урф-одатларини тарғиб қилган ёзувчи обрў-эътиборга эга бўлади”,– деб ўқиган эдим бир чет эллик ёзувчининг асарида. Нодир шу томондан ҳам ютган. Унинг шеърларида халқимизнинг урф-одатларига нисбатан чуқур эҳтиром ётади. Бу унинг хокисорлиги ва камтарлигидан далолат беради. “…Уйга қайтай десам–тўним йўқ; Қаердадир қоб кетган дўппим…”

01
Гулсара Исмоилова
БУТУН ШОИР
02

004Яқинда Нодир Жонузоқнинг 2008 йилда чоп этилган “Меҳрибоним” китобини сотиб олдим. “2008 йил?”… Ҳайрон бўлдим – расталарда китоблар шунча вақт туриб қоладими? Вақтим бўлди дегунча китоб расталарини айланаман. Нега вақтида унга кўзим тушмаган экан? Орадан ўтган ғафлатли фурсатнинг сабабчиси муаллифнинг ҳафсаласизлигими ёки китобхоннинг… Агар айб китобхонда бўлса… шундай китобни қўлига олмай пештахтада чанг бостириб қўйган “китобхон”дан (ва ўзимдан-да) кўнглим оғриди.

Сўзбоши муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо шоирнинг баҳосини топиб айтибди – “бутун шоир”. Бутун сўзининг зимнида бир истиҳола яширинганини илғадим. Шоир сифатида ҳали танилиб улгурмаган ҳамкасбининг ижодини тасодифан илғаб, илғаши билан унга тан берган “оқ йўл”чи уни кўкларга кўтаришдан эҳтиёт бўлган. “Етук, буюк” ташбиҳларига ҳали эрталигини, бироқ ижодкорда бу мезонга етиша олиш салоҳияти борлигини сезган муаллиф сарҳисобни шу атамада жамлаган. Баҳони камтарона белгилагану бироқ таассуротларини ўзининг ўлчовига сиғдиролмаган. Бу ҳолатни бир пайтлари ўзим ҳам бошимдан кечирганман – ўн беш йиллар олдин ўзининг чиройли хулқ-одоби билан Ўзбекистон телевидениесидаги ҳамкасбларининг эътиборини қозонган журналистнинг “Туркистон” газетасида туркум шеърлар билан “портлаши” уни менга шоир сифатида кашф қилдирган.

Бармоқ вазни бадиияти хусусида жўяли фикрларни айта оладиган тор мутахассис бўлмасам ҳам оддий мухлис сифатида Нодирнинг бошқаларга ўхшамайдиган бир сифатини илғадим. Нодирнинг шеърларида фалсафа оқади. Қофияларнинг биронтаси ҳам мазмунга атай бўйсундирилмаган. Шакл ва мазмун бир-бирини шундай етаклаганки иккаласи ўртасидаги мутаносибликни кўриб, кўнглингиз яйрайди. Мазмун ва шаклнинг мос ва холислигига гувоҳ бўлганингизда:– “Мана буни шеър деса бўлади!” –дейсиз беихтиёр.
Инсоннинг қисмати, бошига тушган синовлари турли-туман. Бирларини ўз кучинг билан енга оласан, бирларида қон-қардошга суянасан. Аллоҳга илтижоларнинг-ку ҳадди йўқ. Илтижоларнинг эса ижобати ё бор, ё йўқ. Ижобат бўлмаган жойда ўзингни айбдор ҳисобласанг шусиз ҳам шикаста руҳият бадтар синади. Бефарзандлик ана шундай чорасизликлардан бири. Бу дард ҳақида кўпинча аёллар тилидан эшитардим. Дардни чеккан дардман-да. Лекин Нодир қаламида бу фожиа шундай очиб берилганки, гарчи бу дарддан узоқда бўлсам ҳам шеърнинг охирги сатрларини кўз ёшсиз ўқий олмадим.

Биродарлар,
Ҳақ ҳукми етиб,
Қабоғлари ёпилар куни –
Мозорига бешикда элтиб,
Алла айтиб кўминглар уни!…

Қофиянинг силлиқлиги дарров эътиборингизга тушгандир. Гап ким ҳақида кетаётганини ҳам илғадингиз-а? Илғаб, вужудингиз бир сескандими? Рисолада юрагингизни қалқитадиган бу тахлит шеърлар анчагина.

Айниқса шоирнинг туғилиб ўсган қишлоғи ҳақидаги ўйлари акс этган шеърлар кўп. Бошидан мусофирлик ўтган ҳар бир инсон бу ҳисни яхши англайди. Инсон энг гўзал шаҳарнинг энг гўзал биносида яйраб-яшнаб, бой-бадавлат ҳаёт кечирса ҳам у киндик қони кўмилган жойини қўмсайверади. Туғилган жойидан мосуволик унинг дарди. Бу дард уни қабргача олиб кетади. Ана шу дард балки уни руҳан улғайтирар. Зеро, “мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан”. Шаҳарнинг пўрим ҳаётига ўралашиб кетган баъзилар балки чанг-тўзонлардан қутулганига шукр қилиб, янги маконни ўзига омад билиб умрини ўтказар, бироқ кўнгил одамларига бу мезон тўғри келмайди. Бундай инсонлар ичида бир туйғу муқим ўрнашади: “Ҳар кимга ўз тупроғи тўтиё”. Тупроқларни ялангоёқ чангитиб ўсган кўнгил ҳеч қачон одим изларини унутмайди. Шаҳардаги энг олди имконларга, жами бадастирликка эришган бўлса ҳам чироғи ҳадеб ўчаверадиган, қишни сандалга тиқилиб ўтказадиган имконсиз ҳовлисини соғинаверади. Бир нарсани очиқ айтишни истардим. Бу азим шаҳарда эллик йилдан бери юрганлар ҳам унга ботиниб кетолмайди. Унинг муқим халқи орасида ўзини бирқадар мунғайиб тутади. Нима сабабдан очиқ гапиришга жазм этяпман? Чунки…
Нодирнинг шеърларида мусофирликнинг аламларидан тарқалган фикрлар кўп. Нима учун ўзларимиз истаб келганимиз шаҳар барча мақсадимизни амалга оширса ҳам қишлоғимизни қўмсайверамиз? Нима учун ҳашаматдор машинамизни кенг, равон кўчаларда юргизсак ҳам эшак аравалар ботиб қоладиган лойли йўлларимизни эслайверамиз. Нега қишнинг совуғида қайноққина сувларда чўмилиб, иссиққина хоналарда ястаниб ётсак ҳам изғириндан ҳувиллаб ётувчи полсиз хоналаримизни ўйлаб хўрсинамиз? Рисолада икки макон ўртасидаги фарқланишни ва бу орқали ички соғинч туғёнини акс эттирувчи шеърлар талайгина.

Қишлоқ бизга оқ йўл тилади,
Тўғрироғи қилиб қўйди оқ.
Ҳолимизга осмон йиғлади,
Бошимизни силади чақмоқ.

Лой кўпчиган йўллардан сузиб,
Кетдик…Шаҳар кўрсатди-ку бўй.
Биздан умидларини узиб,
Қанча қизлар бўлиб кетди тўй.

… Биз-чи, ростин айта олмаймиз,
Нетайликки, қилиндик банди.
Қишлоққа ҳам қайта олмаймиз,
Биз-шаҳарнинг ўгай фарзанди.

Ҳаракатларимизни руҳиятимиз бошқариши ҳақида биламиз. Шу жиҳатдан қараганда мусофирчиликни қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Иродаси мустаҳкам инсонлар ҳамма жойда ўзлигини тиклай олади. Улар чиғириқларда айлангани сайин макон ётлигини кўнгил яқинлиги билан бекитган тарзда йўқликдан имконларни яратишади – бўшлиқни тошлиққа айлантиришади.

Ўзимни қайрағоч шохига осдим,
Ўзимни айладим ўзим жувонмарг.
Ва сўнгги шеъримни кўзимга ёздим:
Мен–осон узилиб тушмайдиган барг”…

Нодирни шахсан танимаган мухлис уни шоирларнинг кекса авлодидан бўлса керак, деб ўйлаши мумкин. Чунки одатда турмуш чиғириқларида обдон тобланиб, кераклича сабоқ олган инсонларгина ҳаёт ҳақида аниқ мулоҳазалар билдиради. Шоир қаҳрамонларини кўйлакни керагидан ортиқ йиртиб қўйганлардан дейиш мумкин.

Бу ҳаёт–гирдобли, кучли, пўртана,
Шафқат қилмагайдир бегона, ётга.
Сен каби “янги”лар ёниб-ўртаниб,
Чўкиб кетяптилар асов ҳаётга.

Соҳилга қарама кўзёш оқизиб,
Улар банд–кўрмайди–қилмагин умид.
Ғийбатдан чарчаса уларнинг оғзи,
Қабрингнинг бошида сақлайди сукут…

Соҳил– сузиб бораётган одам учун етишув нуқтаси. Нуқта атрофида айланаётганлар мақсад-аъмолларига эришганлар. Улар соҳилдан туриб, сувда келаётганларнинг аҳволини кузатишади–қирғоққа етиб келишадими ёки йўқ. Охирига етиб боролмаганларга балки чўкиб ўлмасликлари учун ноилож ёрдам қўлларини чўзишар. Бироқ пўртананинг ўртасида силлиқ кетаётганлар уммони уларни қизиқтирмайди. Мадад беришдан кўра томоша қилиш уларга мароқлироқ.

Она образисиз китоб бунёдга келтириб бўлмаса керак. Аслида китобнинг ўзи уларнинг дуосидан бунёд бўлади. Нодир Жонузоқнинг бу образга ёндашувида ҳам ўзига хослик сезилади. Шеърларда она тавсифи баён қилинмайди. Имон туйғусига қоришиқ қисқа мисралардан кутилганидан ортиқ маъни топасиз:

Меҳрингиз туяман ҳар бир қаричда,
Олисдан сезаман дуонгиз кучин.
Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.

Қандай ажойиб сатрлар!

Ҳар бир сатр, ҳар бир сўз эгасининг дарди билан ёнади. Сўзларнинг сирти кулиб, ичи йиғлайди. Сизни ўйлашга, хаёл суришга мажбур этади.

Барибир қайтаман…
Олифта шаҳар–
Ялтироқ йўллар-у сунъий гузарлар
Илон-у чаёндай чирмашиб чақар…
Дод солиб қолса-да дардсиз гўзаллар–
Барибир қайтаман,
Қайтмасам бўлмас;
Қайтаман энг тоза шеърларим билан.
Қишлоқ пешвоз чиқар,
Чиқар басма-бас–
Мен суйган қизлар ҳам…
…эрлари билан!

Китобдаги бир мавзу мени ўйлантириб қўйди, очиғини айтсам ёқмади. Руҳшуносликда бир гап бор–ким нима ҳақида ўйласа шу вожиб бўлиши мумкин. Негадир шоир қайта-қайта ўлим мавзусига юзланган. Шавкат Раҳмон ва Равшан Файзларнинг ижодларида шу мавзуга кўпроқ ёндашилганини кўриб, ҳайрон бўлган эдим. Уларнинг ҳаёти ва шеърияти ўртасидаги боғлиқлик Нодирга сабоқ бўлишини истардим. Нодир биз учун нодир. Бутун шоирларни асраш мухлисларнинг бурчи. Бунингдек шоирлар ҳадеб дунёга келавермайди. Иқбол Мирзонинг ҳам кўнгли безовта бўлибди шекилли: –“ Бу шоирга кўз тегмасин”, – дебди. Тўғрисини айтсам, шундай сатрлардан мисол келтиришга ҳам қўлим бормаяпти. Бироқ, фикрларимнинг исботини беришим лозим-ку: ”Ўлаяпман-ранжиманг тағин; Қололмайман бу ерда собит; Атиргулнинг шохчаларидан; Ясаганман ўзимга тобут.” Ўзи ҳам бизлардан олдин даккисини еган экан:

Не қилай?
Не ҳақда ёзай?
Ҳар дафъа
Бўғзимни куйдирар янги ой ҳиди.
Севги ҳақда ёзсам хотиним хафа,
Ўлим ҳақда ёзсам онам койийди.

Қабристонларни безаш ҳақида кейинги пайтларда бир-бирига қарши мулоҳазалар билдирилмоқда. Илгари мозористонлар юлғунлар, қамишлар ўсиб ётган қўрқинчли ҳолатда бўларди. Ҳозир эса қабристонлар мармар тошлардан безанган қабрларга тўла. Манбаларда айтилишича, ҳар юз йилда қабр чўкиб, ерни бошқа майитга бўшатиши керак. Бироқ, ҳозирги ҳолатда қабрлар ҳеч қачон ерни бўшатмайди. Тош майитнинг устига оғирлик солади, деган гапни ҳам ўқиганман. Кимлардир: –“Илгаригидек ҳувиллаб ётганидан кўра ҳозиргидек файзли бўлиб тургани яхши”,–деса, бошқа биров:–“Оромгоҳга ўхшаб қолса уни босқилаб, майитларни безовта қилишади”,–деган фикрни билдирмоқда. Нодир бу масалага муносабатини пардага ўраб айта олган:

Умр бўйи тошу калтак еб,
Умр бўйи қамоқда бўлди.
Ва бир куни “ў, қутулдим1” деб,
Севинч ёши тўкдию…ўлди.

Таъзияси. Ёлғонми, чинми,
Ўғли шундай тортдики наъра…
Ва қабри бошига тош қўйиб,
Ўрнатди бир темир панжара.

“Мамлакатнинг қай даражада маданиятли эканлиги унинг аёлларга муносабати билан белгиланади”, – деган экан бир аллома. Шунингдек, эркакларнинг ҳам қай даража маънавий юкка эгалиги унинг хотин-қизларга эътибори билан ўлчанади. Дардга кўмилган аёлларга мурожаатидан шоир қалбининг қай даража озурдалиги сезилади. Бефарзандлар ҳақида юракдан ёза олган шоирнинг қалами ёши ўтиб қолган аёлларни ҳам четлаб ўтмайди:

Осуда, тинч йўлдан ҳам юрак ютиб ўтар жим,
Топилмайди оламда юрагига мутаржим.
Ким билсин, балки у ҳам шаҳзодасин кутар жим,
Ахир ўз бахтин кутиб яшайди-ку бари қиз,
Синглисини узатиб, ўзи қолган қариқиз.

Шоир юпанчлардан зада кўнгилга эҳтиёт билан юзланади. Ҳолатни тасвирлашда чиройли ташбиҳларни ишлатади– “Чеҳраси доғли дея ҳавас қилади ойга”. Бир инсон айтган эди: –“Энг чиройли аёл–ҳомиладор аёл”,– деб. Юзи ойдай оппоқ қиз ҳомиладорликдан тушган доғга ҳавас қилади.

Нодирда миллийлик кучли. Ўзбек миллатига хос анъаналарга кўп эътибор беради. “Ўз миллатининг урф-одатларини тарғиб қилган ёзувчи обрў-эътиборга эга бўлади”,– деб ўқиган эдим бир чет эллик ёзувчининг асарида. Нодир шу томондан ҳам ютган. Унинг шеърларида халқимизнинг урф-одатларига нисбатан чуқур эҳтиром ётади. Бу унинг хокисорлиги ва камтарлигидан далолат беради. “…Уйга қайтай десам–тўним йўқ; Қаердадир қоб кетган дўппим…”

“Ўзингизни асранг” шеърида кўнглида кин сақловчи ғаразгўй одамлар тавсифини салбий сўзлар билан баҳолаш ўрнига уларни инсофга чақириш орқали тарбиялашни маъқул кўради. “…Раъйингизга Худо кўнмайди; Ўзингизни асранг…Ўлсангиз ўрнингизга мени кўммайди!”…

Нодирнинг шеърлари жуда таъсирчан. Уни дардларни ўзига олувчи шоир деб аташ мумкин. Зеро, дардни билмаган инсондан шоир чиқмайди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай деган:

Ўйлаб қолдим биринчи марта:
Не ўзи шоир бўлмоқ?
Ҳеч ким қабул қилмаган дардни
Юқтириб ўлмоқ!

Руҳшуносларнинг айтишича, ўтмишдаги салбий ҳодисаларни эслаш худди шу воқеа қайта юз бераётгандек таъсир қилар экан. Нодирнинг дардга тўла сатрларини ўқисангиз шундай таъсирга берилиб, юрагингиз ўртанади. Бесланда террорлар қўлида ҳалок бўлган болалар ҳақидаги шеърини хотиржам ўқий олмайсиз:

Не қилай, қандай бўлайин бир ён!?
Кафтимни Худога очиб ёлвордим.
Тунлари алаҳлаб, безовта, гирён
Ҳар кеча…Ҳар кеча Бесланга бордим.

Мактаб эшигига термулдим узоқ,
Зор кутдим…(Кўксимга юрак сиғмади)
Кўпларнинг боласи чиқдию, бироқ
Менинг ўғлим билан қизим чиқмади.

Ҳадеб дард ҳақида гапиравериб, ўзим ҳам дард ичига кўмилдим шекилли. Ҳолбуки, шоирнинг ҳаётбахш шеърлари ҳам анчагина. Шулардан бирини келтириб, гапимни тугата қолай:

Унгача дилимда ҳали қувват мўл,
Унгача писандмас ҳар қандай тузоқ.
Самога юксалиб бораяпти йўл,
Қуёшга талпинар нодир жон узоқ.

07
НОДИР ЖОНУЗОҚ
ТЎРТЛИКЛАР
08

001
002
004

005

(Tashriflar: umumiy 301, bugungi 1)

Izoh qoldiring