Javlon Jovliyev. Mustabidning hashoratlari

045     Бизнинг журнал фирма биносининг зараркунанда ҳашоратларга қарши курашиш бўлими билан бир қаватда жойлашган эди. Шу туфайли ўзингизни худди касалхонага тушиб қолгандек ҳис қилардингиз. Фарқли томони, у ерда ишлайдиган оқ халатлилар докторлардан кўра самимийроқ, улардан кўра бемалолроқ кўринишарди.

Жавлон Жовлиев
МУСТАБИДНИНГ ҲАШАРОТЛАРИ
Ҳикоя
09

“Яхши, лекин бизда ойлик маош кам”, “Икки ойлардан сўнг учрашиб кўринг”, “Бу жойга, тўғриси, бошқа одамни мўлжалаётгандим, узр, укам”, “Кечиринг, бизда ҳозирча маошсиз ишлайсиз, лекин бир икки ойдан сўнг ҳам ишга олишимиз даргумон”, “Ақлли бола экансиз, лекин, узр ҳозир бўш жойим йўқроғ”, “Кечирасиз, жой йўқ” – бу каби мен эшитган турли баҳоналар қулоғимдан узоқ вақт кетмай айланиб юрадиган бўлди. Бошида салобатли ва ақлли кўринган раҳбар қайтаётганимда бераҳм, муттаҳам, эски қолипларда иш тутаётган ва қандайдир кибрли ҳам бўлиб кўриниб кетарди. Улар столнинг нарги томонидан менга синчков назар билан қарар, жижча суҳбатлашар, натижаси, менинг ишсизлик куним давом этиши билан тугарди.

Қаерда ишласам экан?! Талабалик якунида ҳар бир толиби илм бошида айланадиган бу каби саволлар кўланкаси менинг бошимда лангар ташлагандай. Қўзғалай демайди. Иродамни синайдими, нима бало!
Кирмаган ишхонам, мен қоқмаган эшик қолмагандай эди. Гангиб, умидсизланиб қолдим. Нима қилиш керак?

Талабаликнинг тизгинсиз хаёллари, чексиз орзулар қалбимда мустаҳкам, баланд деворларини тикланган эдики, бу ажиб саройни оддий ҳаёт манзарасидан топа олмай қийналардим. Олтин даврнинг иссиқ тафтида текисланган руҳимни ҳаёт кўчалари аёвсиз ғижимлар, ниятларим биносини куннинг омадсиз ўтган ҳар оқшомида бир чеккасини тепиб ушатардим. «Балки жуда ношуддирман! Қанчалик ношудман?». Ҳеч бўлмаса, бу каби саволларга жавоб топиш учун ҳам иш қидирардим.

Катта муассасаларга бориб, у ерда ишлайдиган ходимлар меҳнатини кузатар, мен уддалай олмайдиган ишлар бор-йўқлигини тушунолмай қийналардим. Улар бажараётган вазифани эплашимга кўзим етарди. Баъзиларидан аълороқ дўндиришга ҳам қодирдек эдим, гўё. Лекин қаерга бормай, минг хил баҳона, турли ишончсиз сабаблар билан мени чиқиш эшигига рўпара қилишарди. Тўғри, уларда бўш ўрин йўқ бўлиши ёки умуман, уларнинг талабига жавоб бермаслигим мумкин. Буни тўғри англардим. Лекин бирон марта мени синаб кўришмай, ақлим етмаслигини исбот қилишмагани ва ишга олишмаганлигининг аниқ сабабини айтмай, тасаллининг асалидан ялатиб чиқариб юборишгани алам қиларди.

Қандай орзуларим бор эди-а?

Бундай пайтда ўзингни ғалати ҳис қилиб кетар экансан. Жазирама кунда шахсий маълумотларинг йиғилган папкани қўлтиқлаганча оёғингни судраб навбатдаги эшикдан қайтиб кетар экансан, аламдан лабингни тишланганча, кимнидир сўкасан. Бироз узоқлашганингдан сўнг яна ўзингдан камчилик қидирасан ва айтарлик нуқсон тополмай, ўзингга ишончинг сўниб, руҳинг тушиб кетади. Ҳа, мен шундай аҳволда эдим. Худди бўйнимдаги шалвираган бўйинбоғ каби чўзилганча бемақсад осилиб тураверардим.

Бу ҳолатимни ота-онам яхши билиб турса-да, менга буни сездиришмасди. Асло! Улар қандай меҳрибон одамлар-а! Аксинча, улар менинг омадсизлигимни хас-пўшлайдиган турли баҳоналарни ўйлаб топишарди. Бутун умр мактабда ишлаб умр ўтказаётган ота-онам менинг омадсизлик билан тугаган кунимни, умид тонги билан отишига яккаю ягона сабабчилар эди.

Ниҳоят, барчаси ортда қолди. Газета ва эълонларни муттасил кузатиб иш топдим. Қанчалик бахтиёр бўлганимни билсангиз эди! Осмонга учай дедим.

Ишга қабул қилинишим ҳам ажойиб бўлди. Столнинг у томонида ўтирган бошлиқ мен билан узоқ суҳбат қуриб ўтирмади. Мақсадни аниқ айтди. Аниқ жавоб бердим. Комьютерида синов учун имтиҳон топширдим. Ҳаммаси яхши. Агар у хонадан ишсиз чиқиб кетганимда ҳам аввал борган жойларимга ўхшатиб сўкмасмидим, балки! Тағин билмадим!

Бошлиқ муваффақият тилаб кадрлар хонасини кўрсатиб қўяр экан, менга жилмайиб ҳам қўйди. Бундай замонавий раҳбардан хурсанд бўлиб кетдим. Ўша куни уйимизда байрам бўлди. Дадам қўй ёғида ош дамлади. Бирам ширин чиқди. Ошдан кейин онам рақсга ҳам тушиб кетди. Кейин расмга тушиб, ишга кирган кунимни тарихга мухрладик.

Ойлик-маош унчалик кўп эмасди. Ўзимга аранг етади. Лекин сен кимгадир кераксан. Яна кимдир келишингни кутади. Аввал устозлар, энди касбдошларинг. Ахир, буни жамиятнинг ўзи бизга ўргатиб қўйган-ку!

Ҳаммаси ўз изига тушгани жуда яхши бўлди-да! Марҳамат, ўқиганларингни амалиётда бемалол қўлла! Ҳаёт ҳам кўзимга бошқача кўрина бошлади. Ёз қуёши ҳам унчалик куйдирмасди. Димлик ўрнини, мусаффолик тутгандай.

Шаҳар марказида жойлашган каттагина фирманинг кичкинагина журналига мусаҳҳиҳ бўлиб ишга қабул қилинган эдим. Журнал фақат қишлоқ хўжалик соҳасига зарур бўлган биологик припаратлар, доривор ўсимликлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рекламаси ва унда фаолият олиб борувчи инсонлар ҳақида ҳикоя қиларди. Журналда мендан ташқари ҳамма ўша соҳа вакиллари бўлиб, уларнинг кўпчилиги фирмада узоқ вақт ишлаган, сўнг тинч маскан дея, журналга ишга ўтишганди. Бунинг устига, журналга бошлиқнинг эътибори ўзгача экан. Хуллас, ишни бошлаб юбордик.

Эртадан-кечгача ўтириб, газета ва журналларда катта тажриба кўрсатган бош муҳаррирдан касб сирларини ўргана бошладим. Чунки матнлар нафақат хатоларга, балки ғализликларга ҳам тўла эди. Уларни одам ўқийдиган қилиш узоқ тер тўкишни талаб қиларди. Бош муҳарриримиз кўзлари бироз қисиқ, юзлари буришган, пешонаси кенг, камгап, миқтигина. Лекин бир оғиз сўзлаганда бу дўриллоқ овоз шу одамдан чиқдим, дея ажабланиб қоласан.

Ёшлигида томоғини шамоллатгандир-да, деб қўйди ишхонам ҳақидаги ҳикоямни эшитиб ўтирар экан онам. Лекин жуда сирли кўринишига қарамай, оқ кўнгил инсонлиги юз-кўзидан аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Биз у билан эртадан-кечгача матнларни текширар, баъзан мақолани қайта ёзиб чиқишга ҳам тўғри келарди. Нима ҳам қилардик. Иш деганлари шу экан-да. Орқага чекиниш йўқ. Ахир, буни қанча орзиқиб кутдим.

Бизнинг журнал фирма биносининг зараркунанда ҳашоратларга қарши курашиш бўлими билан бир қаватда жойлашган эди. Шу туфайли ўзингизни худди касалхонага тушиб қолгандек ҳис қилардингиз. Фарқли томони, у ерда ишлайдиган оқ халатлилар докторлардан кўра самимийроқ, улардан кўра бемалолроқ кўринишарди. Хонамиздан ҳам турли кимёвий дориларнинг ҳиди кетмас, бу ёқимсиз “тароват” журнал бош муҳаррирининг кастюм-шимларига аллақачон ўтириб қолганди. Чунки бошқа ходимлар асосан оқ халат кийиб ишлар, биз журнал ходимлари эса, одатий либосда келар эдик. Ишхонадан чиқиб автобусга суқилиб кирар эканман, ён-атрофимдагилар бурунларини жийириб, ниманидир аниқлашга ҳаракат қилишларидан билардимки, менинг устимга ҳам ўша ачимсиқ, қўланса ҳид ўтириб бормоқда.

Турли доривор ўсимликлар, тажриба ва амалиёт хоналаридан бизнинг эшик томонга бўйлаган ходимлар, бироз одатий ва ўзлари учун зерикарли бўлиб қолган ишдан бир дам бўлса-да, узоқлашгандан мамнун бўлишарди. Бош муҳарирга дамланган аччиқ кўк чойни ичиб, кундалик гап-сўзларни жаврашарди. Ўша пайтда уларнинг юзлари ёришиб кетар, мақолалари қачон чиқишини, суратга қандай тушганлиги, ёки норози бўлса, фикрларини билдиришарди.

Журналнинг навбатдаги сони чиқиши кечикар, бунга учта сабаб бор эди. Биринчиси, кўпчиликнинг оддий имло ва граматик қонун-қоидалар билан умуман таниш эмаслиги бўлиб, биз деярли барча мақолани қайтадан ёзиб чиқардик. Иккинчидан, журнални бош муҳаррир эмас, фирма раҳбари очиб бераётган эди. Аммо унинг мақоласини ёзиб бераётган йигит яқиндагина уйланганлиги сабабли, унинг ишга чиқиши кутилмоқда эди ва учинчи, охирги сабаб, бир нечта бўлим раҳбари мақола ёзиб ҳалигача тақдим этишмаганди. Бу ҳол журналда ишлайдиганлар – икки дизайнер, масъул котиб, бош муҳаррир ва мени жуда қийнаб қўярди.

Ишхонанинг қўланса ҳидига шунчалик ўрганиб қолгандимки, дўстларим билан бирон жойга борганимизда улар ҳам бу ҳидни сезишар, мен эса, ҳеч ҳижолатсиз уларга ишлайдиган жойим ҳақида батафсил гапириб беришимга тўғри келарди. Эрта тонгдан гилос рангидаги бўйинбоғимни таққанча ишга шошилар, ўша “ифор” туфайли ғижиниб қараган одамларга беъэтибор ўтиб кетадиган бўлдим.

Кейин бирдан ишлар тезлашиб кетди. Куёв чимилдиқдан бироз мўралаб, биз кутган мақолани ёзиб берди. (У ҳам хатоларга тўла эди, лекин биз шунисига ҳам хурсанд эдик). Таҳририятга келиб тушган ҳамма мақолаларни ишлаб бўлдик. Битта кекса бўлим бошлиғидан ташқари ҳамма мақола берганди. Энди эса, менга ўша бўлим бошлиғидан тезда мақола олиб келишимни дўриллоқ овоз билан бош муҳарриримиз тайинлади.

Зарарли ҳашоратларга қарши турли хил дорилар тайёрлайдиган бу бўлимга киришим билан “қадрдон ифорнинг” марказини аниқладим. У ерда ҳамма лобаротория ишлари билан машғул эди. Бўлим бошлиғи кўринишидан файзли, хушмуомала, олтмиш ёшлар атрофидаги ҳолсизгина кўринадиган одам экан. Бошидаги дўпписи ўзига ярашиб турарди. У ҳар бир гапни мулойим оҳангда гапирар ва менинг гапимни ҳам янада мулойимлик билан тасдиқлаб турарди. У менга асалли чой узатди. Ичиб, маза қилдим. Ўзбекчилик қандай яхши-а? Сўнгра мени ерда юрадиган ҳашоратларга қарши курашиш бўлими билан яқиндан таништирди. Эътибор қилмас эканмиз, заминимизни кўплаб табиий ва сунъий олиш йўли билан пайдо қилинган ҳашоратлар кезиб юрар экан. Мен унга: “Ўз мақолангизда ердаги биронта ҳашорат, унинг инсоният ривожига қўшган таъсири ҳақида ёзинг” – дедим. “Қандай бўларкан, ҳеч ёзмаганмиз-да” – деб кулганча қолди бўлим бошлиғи. Мен эртага битса яхши бўлишини айтиб, хайрлашсам-да, мақоланинг шу ҳафтада ҳам тайёр бўлмаслигига ишончим комил эди.

Лекин мен янглишган эканман. Эртасига ерда учрайдиган турли ҳашоратлар ҳақидаги қизиқарли мақолани ёзиб келибди. Биз бундан жуда хурсанд бўлдик. Лекин мақола рус тилида эди. Бизда русча мақолалар ҳам чоп этиларди. Муаллиф бошидаги дўппини бир олиб–бир кийганча бизнинг мақолани ўқиб бўлишимизни ва қандай фикр билдиришимизни интизор бўлиб кутиб турди. Биз уни кўп кутдирмадик ва мақола жуда маъқул келганлигини айтдик. У мамнун бўлганча “ташаккурлар” улашиб чиқиб кетди. Ҳаққатан муаллиф бошқалардан кўра анча тузук ва жўяли фикрларни ўртага ташлаган эди. Энг муҳими рус тили бўйича мутахассисимизнинг айтишича ёзганлари хатолардан ҳол экан.

Мақола журналда босилиш арафасида эди. Лекин бизнинг журналимизда рус тилидаги мақолаларга ўзбекча, ўзбек тилидаги мақолаларга русча қисқача шарҳ ҳам ёзиш белгиланган. Шу мақсад билан бўлим бошлиғи эшигини яна қоқдим. Унинг хонасига кирар эканман, унинг ўзбекона самимият уфуриб турган юзларини кўриб, менда ҳам қандайдир қувноқ кайфият пайдо бўлди. Кекса ходим оқ халат кийганча кўк чой ичиб, “Ўртар” ашуласини тинглаб ўтирарди. Мен у билан ўзимизга хос тарзда узоқ сўрашгандан сўнг она тилимизда аннотация ёзиб беришини сўрадим. Унинг самимий нигоҳини бирдан ғалати манзара эгаллаб олди. У жилмаймай қўйди. Кўзини олиб қочди ва ўрнидан туриб кетди. Худди бир оғир хотира сандиғи очилгандай букилиб қолди. У ерга қараб бир оз жим турди-да. Кейин менинг, адашмасам, иякларимга қараб, титроқ овозда деди:
– Кечирасиз, болам, мен ўзбекча ёза оламайман…

“Ҳазиллашманг-ай” – деб юборишимга озгина қолди. Тилимни тишлаб қолдим. Кўриниши, юриш-туруши, фикрлаши, гап-сўзи ўзбекча бўлса-ю, нега она тилида саводи йўқ? Ахир, бу йил юртимиз мустақиллигига 25 йил тўлади-ку! Шунча йилдан бери, наҳотки? Унга қараб туриб ғалати бўлиб кетдим. Унинг кўзларидан сония ўтмай ёш томчилаши аниқ эди. У ўрнидан туриб кетди-да, худди ёш болалардек енги билан кўзини артганча, ҳўнграб йиғлаб юборди. Нима дейишни билмай қолдим. Бошқа сабаб бўлганда мен уни юпатган бўлардим. Аниқ юпатардим. Лекин ҳозир…

Уйга бориб ота-онамга бўлган воқеани айтиб бердим. Улар негадир бирдан хомуш бўлиб қолишди. Онам пиширган мошхўрдани иштаҳа билан ўзим ер эдим, холос. Дадам ўрнидан туриб, у ёқдан бу – ёқа юра бошлади. Онам ҳам бошини эгиб олганди. “У одамни айблама, тушун” – деди сўнгра дадам. – Уни шундай тарбия қилган ота-онасида ҳам айб йўқдир, балки. Ўша даврда. Ўша ҳавода. Нафс бандаларидадир айб, болам! У ҳам ўзбек бўлиб яшашни хоҳлайди. Лекин мустамлака ҳашоратлари бизнинг илдизни, эшитяпсанми, бизнинг илдизни йўқ қилишга уринган эди. Тилни, динни, сўнгра миллатни. Аммо улар мақсадига ета олмади. Лекин анча-мунча ожиз инсонларнинг илдизларини заҳарлаб, йўқ қилиб юборди. Баъзиларини бутун умрга касал қилди. Улар касаллиги шу қадар асорат қолдирдики, бемор бу касалликдан умрбод халос бўлолмай қолади. Сен шуларнинг баъзиларини ҳаётингда кўраяпсан, бизлар-чи! Анчасини кўрдик, болам”. Мен ҳозир онам билан отам ҳам йиғлаб юбормаса деб қўрқардим. Нима деб қўйдим ўзи?! Йўқ ундай бўлмади. Улар, қайтанга, менга қараб бирдан севиниб кетишди. Ўша севинч руҳи билан 1989 йилдаги тилимиз, 1991 йилдаги юртимиз мустақилигини яна эслашди. Ўша пайтларда уларнинг кўзларида ҳайрат, севинч, ишонч туйғулари дилбар куйга рақсга тушарди

Мен эртаси куни оқ ҳалат сотиб олдим. Ялпиз ифорини берувчи атир ҳам харид қилдим. Энди ишхонада алоҳида кийимда бўлишга қарор қилдим.

Интернет сайтларидан фойдаланиб, соҳада кузатилаётган ўзгаришларни журналга кирита бошладим. Бу ҳаммага маъқул келди. Айниқса, бош муҳарриримиз ўзи узоқ кутган одами мен бўлиб чиққандай жуда иноқлашиб кетди. Замонавий бошлиғимиз ҳам тайёрлаган саҳифаларимни кўриб, ўша жилмайиш билан илиқ табриклаб қўйди.

Бир ҳафта вақт ўтиб ходимларимизнинг қўлларига чиройли муқовали журналнинг навбатдаги сони келиб тушди. Унда ўша кекса бўлим бошлиғининг ҳам мақоласи бор эди. Муаллифнинг сурати ҳам бўлиб, у дўппи кийганча, мулойим жилмайиш билан турарди. Мақолада она тилимизда ёзилган шарҳ ҳам бўлиб, унга кўпчилик эътибор ҳам бермагани аниқ. Уни мен ёзгандим ва у қуйидаги сўзлар билан тугаганди. “У ҳашорат ўсимликнинг илдизига етиб боришни истайди. Бунинг учун у аввало қўланса ҳиди билан заҳарлайди. Сўнгра эса гангиган новдани илдизига аста-секин йўл очиб, уни емиради. Деҳқон буни сезмайди, чунки ўсимлик ҳеч лат емагандек туради. Ваҳоланки унинг илдизи аллақачон зараркунанда ҳашоратлар томонидан еб битирилган бўлади.”

09

Javlon Jovliev
MUSTABIDNING HASHAROTLARI
Hikoya
09

“Yaxshi, lekin bizda oylik maosh kam”, “Ikki oylardan so’ng uchrashib ko’ring”, “Bu joyga, to’g’risi, boshqa odamni mo’ljalayotgandim, uzr, ukam”, “Kechiring, bizda hozircha maoshsiz ishlaysiz, lekin bir ikki oydan so’ng ham ishga olishimiz dargumon”, “Aqlli bola ekansiz, lekin, uzr hozir bo’sh joyim yo’qrog’”, “Kechirasiz, joy yo’q” – bu kabi men eshitgan turli bahonalar qulog’imdan uzoq vaqt ketmay aylanib yuradigan bo’ldi. Boshida salobatli va aqlli ko’ringan rahbar qaytayotganimda berahm, muttaham, eski qoliplarda ish tutayotgan va qandaydir kibrli ham bo’lib ko’rinib ketardi. Ular stolning nargi tomonidan menga sinchkov nazar bilan qarar, jijcha suhbatlashar, natijasi, mening ishsizlik kunim davom etishi bilan tugardi.

Qaerda ishlasam ekan?! Talabalik yakunida har bir tolibi ilm boshida aylanadigan bu kabi savollar ko’lankasi mening boshimda langar tashlaganday. Qo’zg’alay demaydi. Irodamni sinaydimi, nima balo!  Kirmagan ishxonam, men qoqmagan eshik qolmaganday edi. Gangib, umidsizlanib qoldim. Nima qilish kerak?

Talabalikning tizginsiz xayollari, cheksiz orzular qalbimda mustahkam, baland devorlarini tiklangan ediki, bu ajib saroyni oddiy hayot manzarasidan topa olmay qiynalardim. Oltin davrning issiq taftida tekislangan ruhimni hayot ko’chalari ayovsiz g’ijimlar, niyatlarim binosini kunning omadsiz o’tgan har oqshomida bir chekkasini tepib ushatardim. «Balki juda noshuddirman! Qanchalik noshudman?». Hech bo’lmasa, bu kabi savollarga javob topish uchun ham ish qidirardim.

Katta muassasalarga borib, u yerda ishlaydigan xodimlar mehnatini kuzatar, men uddalay olmaydigan ishlar bor-yo’qligini tushunolmay qiynalardim. Ular bajarayotgan vazifani eplashimga ko’zim yetardi. Ba’zilaridan a’loroq do’ndirishga ham qodirdek edim, go’yo. Lekin qaerga bormay, ming xil bahona, turli ishonchsiz sabablar bilan meni chiqish eshigiga ro’para qilishardi. To’g’ri, ularda bo’sh o’rin yo’q bo’lishi yoki umuman, ularning talabiga javob bermasligim mumkin. Buni to’g’ri anglardim. Lekin biron marta meni sinab ko’rishmay, aqlim yetmasligini isbot qilishmagani va ishga olishmaganligining aniq sababini aytmay, tasallining asalidan yalatib chiqarib yuborishgani alam qilardi.

Qanday orzularim bor edi-a?

Bunday paytda o’zingni g’alati his qilib ketar ekansan. Jazirama kunda shaxsiy ma’lumotlaring yig’ilgan papkani qo’ltiqlagancha oyog’ingni sudrab navbatdagi eshikdan qaytib ketar ekansan, alamdan labingni tishlangancha, kimnidir so’kasan. Biroz uzoqlashganingdan so’ng yana o’zingdan kamchilik qidirasan va aytarlik nuqson topolmay, o’zingga ishonching so’nib, ruhing tushib ketadi. Ha, men shunday ahvolda edim. Xuddi bo’ynimdagi shalviragan bo’yinbog’ kabi cho’zilgancha bemaqsad osilib turaverardim.

Bu holatimni ota-onam yaxshi bilib tursa-da, menga buni sezdirishmasdi. Aslo! Ular qanday mehribon odamlar-a! Aksincha, ular mening omadsizligimni xas-po’shlaydigan turli bahonalarni o’ylab topishardi. Butun umr maktabda ishlab umr o’tkazayotgan ota-onam mening omadsizlik bilan tugagan kunimni, umid tongi bilan otishiga yakkayu yagona sababchilar edi.

Nihoyat, barchasi ortda qoldi. Gazeta va e’lonlarni muttasil kuzatib ish topdim. Qanchalik baxtiyor bo’lganimni bilsangiz edi! Osmonga uchay dedim.

Ishga qabul qilinishim ham ajoyib bo’ldi. Stolning u tomonida o’tirgan boshliq men bilan uzoq suhbat qurib o’tirmadi. Maqsadni aniq aytdi. Aniq javob berdim. Kom`yuterida sinov uchun imtihon topshirdim. Hammasi yaxshi. Agar u xonadan ishsiz chiqib ketganimda ham avval borgan joylarimga o’xshatib so’kmasmidim, balki! Tag’in bilmadim!

Boshliq muvaffaqiyat tilab kadrlar xonasini ko’rsatib qo’yar ekan, menga jilmayib ham qo’ydi. Bunday zamonaviy rahbardan xursand bo’lib ketdim. O’sha kuni uyimizda bayram bo’ldi. Dadam qo’y yog’ida osh damladi. Biram shirin chiqdi. Oshdan keyin onam raqsga ham tushib ketdi. Keyin rasmga tushib, ishga kirgan kunimni tarixga muxrladik.

Oylik-maosh unchalik ko’p emasdi. O’zimga arang yetadi. Lekin sen kimgadir keraksan. Yana kimdir kelishingni kutadi. Avval ustozlar, endi kasbdoshlaring. Axir, buni jamiyatning o’zi bizga o’rgatib qo’ygan-ku! Hammasi o’z iziga tushgani juda yaxshi bo’ldi-da! Marhamat, o’qiganlaringni amaliyotda bemalol qo’lla! Hayot ham ko’zimga boshqacha ko’rina boshladi. Yoz quyoshi ham unchalik kuydirmasdi. Dimlik o’rnini, musaffolik tutganday.

Shahar markazida joylashgan kattagina firmaning kichkinagina jurnaliga musahhih bo’lib ishga qabul qilingan edim. Jurnal faqat qishloq xo’jalik sohasiga zarur bo’lgan biologik priparatlar, dorivor o’simliklar, qishloq xo’jaligi mahsulotlari reklamasi va unda faoliyat olib boruvchi insonlar haqida hikoya qilardi. Jurnalda mendan tashqari hamma o’sha soha vakillari bo’lib, ularning ko’pchiligi firmada uzoq vaqt ishlagan, so’ng tinch maskan deya, jurnalga ishga o’tishgandi. Buning ustiga, jurnalga boshliqning e’tibori o’zgacha ekan. Xullas, ishni boshlab yubordik.

Ertadan-kechgacha o’tirib, gazeta va jurnallarda katta tajriba ko’rsatgan bosh muharrirdan kasb sirlarini o’rgana boshladim. Chunki matnlar nafaqat xatolarga, balki g’alizliklarga ham to’la edi. Ularni odam o’qiydigan qilish uzoq ter to’kishni talab qilardi. Bosh muharririmiz ko’zlari biroz qisiq, yuzlari burishgan, peshonasi keng, kamgap, miqtigina. Lekin bir og’iz so’zlaganda bu do’rilloq ovoz shu odamdan chiqdim, deya ajablanib qolasan.

Yoshligida tomog’ini shamollatgandir-da, deb qo’ydi ishxonam haqidagi hikoyamni eshitib o’tirar ekan onam. Lekin juda sirli ko’rinishiga qaramay, oq ko’ngil insonligi yuz-ko’zidan aniq-tiniq ko’rinib turardi. Biz u bilan ertadan-kechgacha matnlarni tekshirar, ba’zan maqolani qayta yozib chiqishga ham to’g’ri kelardi. Nima ham qilardik. Ish deganlari shu ekan-da. Orqaga chekinish yo’q. Axir, buni qancha orziqib kutdim.

Bizning jurnal firma binosining zararkunanda hashoratlarga qarshi kurashish bo’limi bilan bir qavatda joylashgan edi. Shu tufayli o’zingizni xuddi kasalxonaga tushib qolgandek his qilardingiz. Farqli tomoni, u yerda ishlaydigan oq xalatlilar doktorlardan ko’ra samimiyroq, ulardan ko’ra bemalolroq ko’rinishardi. Xonamizdan ham turli kimyoviy dorilarning hidi ketmas, bu yoqimsiz “tarovat” jurnal bosh muharririning kastyum-shimlariga allaqachon o’tirib qolgandi. Chunki boshqa xodimlar asosan oq xalat kiyib ishlar, biz jurnal xodimlari esa, odatiy libosda kelar edik. Ishxonadan chiqib avtobusga suqilib kirar ekanman, yon-atrofimdagilar burunlarini jiyirib, nimanidir aniqlashga harakat qilishlaridan bilardimki, mening ustimga ham o’sha achimsiq, qo’lansa hid o’tirib bormoqda.

Turli dorivor o’simliklar, tajriba va amaliyot xonalaridan bizning eshik tomonga bo’ylagan xodimlar, biroz odatiy va o’zlari uchun zerikarli bo’lib qolgan ishdan bir dam bo’lsa-da, uzoqlashgandan mamnun bo’lishardi. Bosh muharirga damlangan achchiq ko’k choyni ichib, kundalik gap-so’zlarni javrashardi. O’sha paytda ularning yuzlari yorishib ketar, maqolalari qachon chiqishini, suratga qanday tushganligi, yoki norozi bo’lsa, fikrlarini bildirishardi.

Jurnalning navbatdagi soni chiqishi kechikar, bunga uchta sabab bor edi. Birinchisi, ko’pchilikning oddiy imlo va gramatik qonun-qoidalar bilan umuman tanish emasligi bo’lib, biz deyarli barcha maqolani qaytadan yozib chiqardik. Ikkinchidan, jurnalni bosh muharrir emas, firma rahbari ochib berayotgan edi. Ammo uning maqolasini yozib berayotgan yigit yaqindagina uylanganligi sababli, uning ishga chiqishi kutilmoqda edi va uchinchi, oxirgi sabab, bir nechta bo’lim rahbari maqola yozib haligacha taqdim etishmagandi. Bu hol jurnalda ishlaydiganlar – ikki dizayner, mas’ul kotib, bosh muharrir va meni juda qiynab qo’yardi.

Ishxonaning qo’lansa hidiga shunchalik o’rganib qolgandimki, do’stlarim bilan biron joyga borganimizda ular ham bu hidni sezishar, men esa, hech hijolatsiz ularga ishlaydigan joyim haqida batafsil gapirib berishimga to’g’ri kelardi. Erta tongdan gilos rangidagi bo’yinbog’imni taqqancha ishga shoshilar, o’sha “ifor” tufayli g’ijinib qaragan odamlarga be’etibor o’tib ketadigan bo’ldim.

Keyin birdan ishlar tezlashib ketdi. Kuyov chimildiqdan biroz mo’ralab, biz kutgan maqolani yozib berdi. (U ham xatolarga to’la edi, lekin biz shunisiga ham xursand edik). Tahririyatga kelib tushgan hamma maqolalarni ishlab bo’ldik. Bitta keksa bo’lim boshlig’idan tashqari hamma maqola bergandi. Endi esa, menga o’sha bo’lim boshlig’idan tezda maqola olib kelishimni do’rilloq ovoz bilan bosh muharririmiz tayinladi.

Zararli hashoratlarga qarshi turli xil dorilar tayyorlaydigan bu bo’limga kirishim bilan “qadrdon iforning” markazini aniqladim. U yerda hamma lobarotoriya ishlari bilan mashg’ul edi. Bo’lim boshlig’i ko’rinishidan fayzli, xushmuomala, oltmish yoshlar atrofidagi holsizgina ko’rinadigan odam ekan. Boshidagi do’ppisi o’ziga yarashib turardi. U har bir gapni muloyim ohangda gapirar va mening gapimni ham yanada muloyimlik bilan tasdiqlab turardi. U menga asalli choy uzatdi. Ichib, maza qildim. O’zbekchilik qanday yaxshi-a? So’ngra meni yerda yuradigan hashoratlarga qarshi kurashish bo’limi bilan yaqindan tanishtirdi. E’tibor qilmas ekanmiz, zaminimizni ko’plab tabiiy va sun’iy olish yo’li bilan paydo qilingan hashoratlar kezib yurar ekan. Men unga: “O’z maqolangizda yerdagi bironta hashorat, uning insoniyat rivojiga qo’shgan ta’siri haqida yozing” – dedim. “Qanday bo’larkan, hech yozmaganmiz-da” – deb kulgancha qoldi bo’lim boshlig’i. Men ertaga bitsa yaxshi bo’lishini aytib, xayrlashsam-da, maqolaning shu haftada ham tayyor bo’lmasligiga ishonchim komil edi.

Lekin men yanglishgan ekanman. Ertasiga yerda uchraydigan turli hashoratlar haqidagi qiziqarli maqolani yozib kelibdi. Biz bundan juda xursand bo’ldik. Lekin maqola rus tilida edi. Bizda ruscha maqolalar ham chop etilardi. Muallif boshidagi do’ppini bir olib–bir kiygancha bizning maqolani o’qib bo’lishimizni va qanday fikr bildirishimizni intizor bo’lib kutib turdi. Biz uni ko’p kutdirmadik va maqola juda ma’qul kelganligini aytdik. U mamnun bo’lgancha “tashakkurlar” ulashib chiqib ketdi. Haqqatan muallif boshqalardan ko’ra ancha tuzuk va jo’yali fikrlarni o’rtaga tashlagan edi. Eng muhimi rus tili bo’yicha mutaxassisimizning aytishicha yozganlari xatolardan hol ekan.

Maqola jurnalda bosilish arafasida edi. Lekin bizning jurnalimizda rus tilidagi maqolalarga o’zbekcha, o’zbek tilidagi maqolalarga ruscha qisqacha sharh ham yozish belgilangan. Shu maqsad bilan bo’lim boshlig’i eshigini yana qoqdim. Uning xonasiga kirar ekanman, uning o’zbekona samimiyat ufurib turgan yuzlarini ko’rib, menda ham qandaydir quvnoq kayfiyat paydo bo’ldi. Keksa xodim oq xalat kiygancha ko’k choy ichib, “O’rtar” ashulasini tinglab o’tirardi. Men u bilan o’zimizga xos tarzda uzoq so’rashgandan so’ng ona tilimizda annotatsiya yozib berishini so’radim. Uning samimiy nigohini birdan g’alati manzara egallab oldi. U jilmaymay qo’ydi. Ko’zini olib qochdi va o’rnidan turib ketdi. Xuddi bir og’ir xotira sandig’i ochilganday bukilib qoldi. U yerga qarab bir oz jim turdi-da. Keyin mening, adashmasam, iyaklarimga qarab, titroq ovozda dedi:
– Kechirasiz, bolam, men o’zbekcha yoza olamayman…

“Hazillashmang-ay” – deb yuborishimga ozgina qoldi. Tilimni tishlab qoldim. Ko’rinishi, yurish-turushi, fikrlashi, gap-so’zi o’zbekcha bo’lsa-yu, nega ona tilida savodi yo’q? Axir, bu yil yurtimiz mustaqilligiga 25 yil to’ladi-ku! Shuncha yildan beri, nahotki? Unga qarab turib g’alati bo’lib ketdim. Uning ko’zlaridan soniya o’tmay yosh tomchilashi aniq edi. U o’rnidan turib ketdi-da, xuddi yosh bolalardek yengi bilan ko’zini artgancha, ho’ngrab yig’lab yubordi. Nima deyishni bilmay qoldim. Boshqa sabab bo’lganda men uni yupatgan bo’lardim. Aniq yupatardim. Lekin hozir…

Uyga borib ota-onamga bo’lgan voqeani aytib berdim. Ular negadir birdan xomush bo’lib qolishdi. Onam pishirgan moshxo’rdani ishtaha bilan o’zim yer edim, xolos. Dadam o’rnidan turib, u yoqdan bu – yoqa yura boshladi. Onam ham boshini egib olgandi. “U odamni ayblama, tushun” – dedi so’ngra dadam. – Uni shunday tarbiya qilgan ota-onasida ham ayb yo’qdir, balki. O’sha davrda. O’sha havoda. Nafs bandalaridadir ayb, bolam! U ham o’zbek  bo’lib yashashni xohlaydi. Lekin mustamlaka hashoratlari bizning ildizni, eshityapsanmi, bizning ildizni yo’q qilishga uringan edi. Tilni, dinni, so’ngra millatni. Ammo ular maqsadiga yeta olmadi. Lekin ancha-muncha ojiz insonlarning ildizlarini zaharlab, yo’q qilib yubordi. Ba’zilarini butun umrga kasal qildi. Ular kasalligi shu qadar asorat qoldirdiki, bemor bu kasallikdan umrbod xalos bo’lolmay qoladi. Sen shularning ba’zilarini hayotingda ko’rayapsan, bizlar-chi! Anchasini ko’rdik, bolam”. Men hozir onam bilan otam ham yig’lab yubormasa deb qo’rqardim. Nima deb qo’ydim o’zi?! Yo’q unday bo’lmadi. Ular, qaytanga, menga qarab birdan sevinib ketishdi. O’sha sevinch ruhi bilan 1989 yildagi tilimiz, 1991 yildagi yurtimiz mustaqiligini yana eslashdi. O’sha paytlarda ularning ko’zlarida hayrat, sevinch, ishonch tuyg’ulari dilbar kuyga raqsga tushardi

Men ertasi kuni oq halat sotib oldim. Yalpiz iforini beruvchi atir ham xarid qildim. Endi ishxonada alohida kiyimda bo’lishga qaror qildim.

Internet saytlaridan foydalanib, sohada kuzatilayotgan o’zgarishlarni jurnalga kirita boshladim. Bu hammaga ma’qul keldi. Ayniqsa, bosh muharririmiz o’zi uzoq kutgan odami men bo’lib chiqqanday juda inoqlashib ketdi. Zamonaviy boshlig’imiz ham tayyorlagan sahifalarimni ko’rib, o’sha jilmayish bilan iliq tabriklab qo’ydi.

Bir hafta vaqt o’tib xodimlarimizning qo’llariga chiroyli muqovali jurnalning navbatdagi soni kelib tushdi. Unda o’sha keksa bo’lim boshlig’ining ham maqolasi bor edi. Muallifning surati ham bo’lib, u do’ppi kiygancha, muloyim jilmayish bilan turardi. Maqolada ona tilimizda yozilgan sharh ham bo’lib, unga ko’pchilik e’tibor ham bermagani aniq. Uni men yozgandim va u quyidagi so’zlar bilan tugagandi. “U hashorat o’simlikning ildiziga yetib borishni istaydi. Buning uchun u avvalo qo’lansa hidi bilan zaharlaydi. So’ngra esa gangigan novdani ildiziga asta-sekin yo’l ochib, uni yemiradi. Dehqon buni sezmaydi, chunki o’simlik hech lat yemagandek turadi. Vaholanki uning ildizi allaqachon zararkunanda hashoratlar tomonidan yeb bitirilgan bo’ladi.”

09

(Tashriflar: umumiy 228, bugungi 1)

Izoh qoldiring