Kitob taqdimoti: Maxdumi A’zam Dahbediy. Risolai Boburiya.

Махдуми Аъзам Даҳбедий., “Рисолаи Бобурия”
Самарқанд,“Махдуми Аъзам Даҳбедий илмий-тадқиқот Фонди”
2011. 100-бет.

Таржима,сўзбоши,тадқиқот ва изоҳлар муаллифи — Комилхон Каттаев

      Тасаввуф тариқатига доир ушбу рисола муаллифи – Нақшбандия тариқатининг буюк назариётчи олими Махдуми Аъзам Даҳбедий (Мавлоно Хожагий Косоний) бўлиб, асар Ҳиндистон подшоҳи, мутафаккир шоир, темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур мирзога атагани боис “Рисолаи Бобурия” деб номлаган.
Ўз замонасида ушбу рисола Нақшбандия, Яссавия ва ўзга тариқатларга доир долзарб масалаларни ечишда ҳал қилувчи рол ўйнаган. Шу билан бирга, ушбу китоб таржимасидаги тадқиқотда тарихимизнинг баъзи чалкаш масалалари ҳам кўтарилган.
Китоб тарих, адабиёт ва шарқшунослик соҳаси билан шуғулланувчи мутахассислар ва қизиқувчи китобхонларга мўлжалланган.

Оят ва ҳадисларни текшириб чиқарувчи  —  Самарқанд шаҳар “Хожа Зудмурод” масжиди имом хатиби  Ҳожи Мустафоқул Маликзода

89

СЎЗБОШИ
Сўзбошини тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада, Махдуми Аъзамнинг «Рисолаи Бобурия» асарини мана  бу саҳифада ўқишингиз мумкин.

МАХДУМИ АЪЗАМ ВА БОБУР МИРЗОЛАР МАЪНАВИЯТИНИ АНГЛАШ

       Мустақиллик сабаб, юртимиз маънавий қадрияти асосларидан бири – буюк алломаларимиз хотиралари тикланмоқда, асарлари таржима ва чоп этилмоқда, анжуманлари ўтказилмоқда.
Алломаларимизнинг аксарият қисми тасаввуф таълимотлари замирида фаолият кўрсатишган. Ўрта асрларда бу таълимотлар маркази бўлган юртимизда Нақшбандия, Яссавия, Қодирия, Кубравия, Чиштия ва Неъматуллоия каби тариқатлар фаолият кўрсатишган бўлиб, улар орасида айниқса Нақшбандия силсиласи Хожа Аҳрори Вали фаолиятлари сабаб, устувор даражага етишади.
Нақшбандия тариқатининг йирик назариётчи олими, Хожа Аҳрори Валидан кейинги буюк вакили Махдуми Аъзам бўлиб, бу тариқатнинг улуғлигини илк бора илмий жиҳатдан асослаб берган шахс эди.
Ушбу муборак зотнинг асл исми Сайид Аҳмад ибн Жалолиддини Косоний, илмий-китобий номи Мавлоно Хожагий Косоний, халқ орасида машҳур бўлиб кетган тариқий-маърифий лақаб-номи эса Махудми Аъзами Даҳбедий бўлиб, Нақшбандия тариқатининг машҳур муршиди бўлган бу зот ўз даврининг халқ ва ҳукмдорлари эргашувчи замон муқтадоси эди. қизиғи шундаким, ўша давр темурий мирзолар етакчиси Ҳиндистон подшоҳи Бобур мирзо ва шайбоний султонлари сардори Мовароуннаҳр хони Убайдуллохон каби икки машҳур сулола ҳукмдорлари бир-бирларига қондош душман бўлишларига қарамай, тариқий пирлари бир шахс – Махдуми Аъзам эди. шу билан бирга, Искандархон, Жонибек Султон каби бир қанча ҳукмдорлар ҳам ул зотга мурид бўлганлар.
Тариқат муршиди Махдуми Аъзам Даҳбедий (1461-1542) ва у зотнинг тариқий муриди, назмдаги шогирди, буюк маърифатпарвар шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур мизо (1483-1530) мукаммал тадқиқот талаб шахслар сифатида юртимиз тарихида алоҳида ўрин эгаллаб келишмоқда.
Махдуми Аъзам ва Бобур мирзолар тўғрисида Хожа Абулбақонинг “Жомеъул-мақомот” ҳамда “Бобурнома” каби дунёга машҳур асарлардан ташқари, бевосита ҳамда у ёки бу тарзда мазкурлар зикр этилган бир қатор тарихий манбалар кўп бўлиб, жумладан Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккирул-аҳбоб”, Ҳофизи Танишнинг “Шарафномаи шоҳи”, Шарафиддин Ҳусайннинг “Жодатул-ошиқин”, бобурийзода шаҳзода Доро Шукуҳнинг “Сафинатул-авлиё”, Олим Шайх Азизоннинг “Ламаҳот мин нафаҳотул-қудс”, Муҳаммад Юсуфи Муншийнинг “Торихи Муқумхоний”, Шоҳ Маҳмуд Чароснинг “ат-Таърих”, Мақсуди Бухорийнинг “Равойиҳул-қудс”, Носириддин Бухорийнинг “Туҳфат уз-зоъирин”, Абу Тоҳирхожанинг “Самария”, Мўсонхонхожанинг туркум асарлари, Жумақули Ургутийнинг “Маноқиби Эшони Мўсонхожа”, Каттахонхожаи Даҳбедийнинг “Рисолаи торихи Даҳбедия”, Садриддин Айнийнинг “Намунаи адабиёти точик” асарлари ҳамда замондош устоз олимларимиздан академиклар Бўрибой Ахмедов, Ботурхон Валихўжаев, Расулхон Ҳодизода ва Олег Акимушкинларнинг бу борадаги бир қатор илмий мақолаларини ҳам мисол тариқасида келтириш мумкин. шулар жумласидан, ушбу сатрлар муаллифи ҳам 1989-90 йилларда Самарқанд вилоят газетаси ва республика журналида эълон этилган мақолалари ҳамда 1994 йилда чоп этилган “Махдуми Аъзам ва Даҳбед тарихи” номли китоби Махдуми Аъзам ва Бобур мирзо тарихи ва муаммолар кўтарилган юртимиздаги илк ёзишмалар эди.

М У Н Д А Р И Ж А

Сўзбоши
Махдуми Аъзам ва Бобур мирзоларни англаш……………………3
Соҳадаги баъзи илмий чалкашликлар………………………………..5
“Мажмуа ар-расоил” тўплами ҳақида…………………………………18
“Рисолаи Бобурия” асари ҳақида………………………………………..29
“Рисолаи Бобурия” матни…………………………………………………..35
Мундарижа ва қайдлар……………………………………………………….98

(Tashriflar: umumiy 301, bugungi 1)

Izoh qoldiring