Куни кеча АҚШнинг Техас штати Хюстон шаҳридан қайғули хабар олдик: ўша ердаги шифохоналардан бирида икки ойдан буён даволанаётган улуғ шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, мустақил Ўзбекистон мадҳияси матни муаллифи, давлат ва жамоат арбоби, элимиз суйган азиз инсон Абдулла Орипов оғир хасталикдан сўнг вафот этибди…
Бу хабар адабиёт, шеърият мухлисларини, бутун халқимизнинг қалбини ларзага солди. Барчамиз яна бир катта йўқотишдан чуқур қайғуга ботдик.
Абдулла Орипов халқимизнинг буюк фарзандларидан бири эди. Унинг бадиий юксак ижоди халқимизнинг қалбидан муносиб ўрин олган, сермаҳсул фаолияти эса барча учун намуна эди.
Шундай мусибатли дамларда севимли шоиримизнинг сафдош дўстларидан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамдан айни пайтда кўнглидан ўтаётган изтиробли туйғуларини қоғозга тушириб беришини сўрадик.
Таҳририят
«ТУЙДИМ ЭҲТИРОСНИНГ САМОВИЙ КУЧИН…»
Эркин АЪЗАМ
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Абдулла Орипов дунёдан шоирлик яловини баланд кўтариб ўтди…
Ҳар жиҳатдан баракали бу умр китобида унча-мунча ижодкорга насиб этмайдиган ардоғу эъзозга бой ёруғ, шодумон саҳифалар мўл бўлгани каби алам-андуҳли, турткилаш-тирсаклашлардан иборат нохуш ўринлар ҳам кам эмас эди. Дарвоқе, «аччиқ ва тахир» ҳаёт таъмини туймаган, мудом бахтиёрлик дўмбирасини тинғирлатиб юрадиган шоир – шоирми?! Асл ўтли мисралар изтироблар оловида тобланиб, ранжу аламлар фарзанди бўлиб дунёга келмайдими, ахир?! Рисолабоп рўзгузаронликни афзал билган кимса қалам ишини ҳавас қилмай, беғамлик ялласини айтиб юравергани маъқул, нима дедингиз! Шу тоифани назарда тутибмикан, «Ўгай эрсак не тонг соғлар орасида!» дея тантилик қилингандир.
Шоир умри якун топгач, бу улкан шахсият ва ижодга турлича баҳо беришлар, уни бошқа улуғларимиз билан қиёслашлар, ўзимизча фахрли ўрин ҳадя этишлар авжга минди. Шу кунларда, лоф дейилса ҳам, телефон занглари-ю интернет пучмоқларида энг кўп тилга олинаётган ном Абдулла Орипов бўлса, эҳтимол. Биз каби китоб аҳли-ку, шоир баёзларини варақлаганда, бир чоғлар ўқилгандаёқ дилга муҳрланиб қолган юзлаб, минглаб қадрдон сатрлар қайтадан хотирага қуйилиб келаверишига ажабланмаса бўлади, бироқ бу халқчил шеъриятдан бебаҳра, ҳечқурса, беш-ўн мисрасини ёд билмайдиган одам бормикан мамлакатда?!
Кимдир кўрмай кетган бахтни мен кўрдим,
Кимдир айтмай кетган сўзни айтдим мен...
Мунозаралар ўринсиз — Абдулла Орипов ўхшаши йўқ шоир эди!
Шубҳасиз, ҳаётда шоирнинг тенгсиз шеъриятига, шуҳратига завқ ва ҳайрат кўзи билан боқиб ҳавас қилгувчилар беҳисоб, аммо унга очиқдан-очиқ ҳасад қилгувчилар, гоҳо оёғидан тортиб, ўзлари билан бўйлаштиришга уринувчилар ҳам топиларди.
Бундан ўттиз-қирқ йил бурунги Ёзувчилар уюшмасида ўтган мушоирани эслайман. Шеър ўқиш навбати Абдулла Ориповга берилганда анжуман зали чапагу олқишлардан ёрилгудек бўлган, шунда ёнимда ўтирган ўша кезлардаги хийла таниқли бир ижодкор энсаси қотиброқ «Намунча, Абдулласи ҳам ўзимиз қатори бир шоир-да!» деб минғирлаган эди. Мухлислар талабига кўра, қайта-қайта шеър ўқиб, олқишлар остида минбардан тушаётган ёш шоирни тўрдаги ҳайъатда қўр тўккан оқсоқолларимиздан бири пичинг билан кузатиб қолган: «Биламиз, биламиз! Булар бари Абдуллага чапак уриш учун Озод (Шарафиддинов домлани айтмоқчи) атай олиб келган устудент болалар, ҳайдаб солиш керак бу безориларни!».
Ўша кишиларнинг номини тутгим келмаяпти ҳозир. Бефойда — бугунги авлод уларни эшитмаган ҳам чиқар.
Абдулла ака ҳар қанча топқиру донишманд бўлмасин, кундалик турмушда «ўзимиз қатори» бир одам эди. Қўлига қалам тутганда эса уни таниб бўлмасди, гўёки қаторимиздан узилиб чиқиб, осмоннинг биз етолмайдиган сирли манзилларига юксалиб кетарди. Самовий ҳислар бағрига — уларни қучмоқ, уларни туймоқ, сўнг эса шеърга айлантирмоқ учун!
Авом назарида, катта шоирларнинг шеър битиши осон, ўтириб олиб шартта ёзиб ташлайверади — қонун-қоидасини билиб кетган, қўл қургур ҳам қичиб турибди денг! Назмбоз, қофиябозларга нисбатан айтилса, бу гап тўғри. Лекин юрак қони билан ёзадиган ижодкорнинг йўриғи бошқа, ижод иши унга тобора оғирлашиб, азоб-машаққатга дўниб бораверади, негаки китобхон ҳузурига ҳар гал янгиланиб, янги фикр, янгича руҳ билан чиқмоғи шарт — чин шоирлик талаби шу!
Абдулла аканинг шеърларини журналга тайёрлаш асносида неча бор шунга амин бўлдимки, биз ҳавас қиладиган, бизни ҳайратларга соладиган ўша қуйма сатрлар, авом ўйлаганидек, бир нафасда эмас, не бир азобу изланишлар, иккиланишлар ҳисобига дунёга келар экан. Бундайин муттасил руҳий таранглик, тайинки, ҳар қандай одамни ҳоритади, жисман емиради. Начора, руҳ ила яшамоқни қисмат деб билган шоирнинг куни шу — «вужуднинг ғамини емоқ» фидойи кўнгилга бегона…
Шу ўринда ўзимча бир тусмолимни айтай. Эшитганмиз, Абдулла аканинг оталари Ориф бобо қарийб юз йил умр кўрган экан. Дейлик, Абдулла ака «бошини зўр ишга бериб қўймаган»ида, ким билсин, бул азиз бош ҳали-вери омон бўлармиди… Лекин унда Абдулла Орипов отлиғ буюк шоир қайда эди денг!
Қаранг, сўнгги кезларда қаторлашиб келган жудоликларни санаб, ўтаётган йилимизни хосиятсизликда айбламоққа тушиб кетдик. Бизнингча, бу мусибатлардан ғойибона бир маъно ёки табиий қонуният ахтариш соддаликдир, худойимнинг йилида айб йўқ. Турли башорату кароматларни қўйиб, бунда рамзий бир боғлиқлик, бошқа бир ҳикматлар борлигини ҳам англасак, оддий инсоний ва ўзга муносабатлар бобида маълум хулосаларга келсак маъқулроқ бўларди…
Тўрт-беш ижодкор бир даврада «Абдулла Ориповдан ким энг кўп шеър билиши» мусобақаси ўйнаганимиз эсимда. Ғолибни аниқлаш иложи бўлмагач, бошқа масалага ўтилган: Абдулла ака шеър қилиб ёзмаган нима бор? Бунисига ҳам аниқ жавоб топилмаган.
Дарҳақиқат, кечаги ва бугунги воқелигимизда Абдулла Ориповнинг шеърига тушмаган гап қолганми? Қайси бир мавзуни олманг, бу улкан бисотдан албатта шунга мос бир сатр топилади. Шоир бор умрини, ҳаётда кўрган-кечирганларини, ўй-хаёлларини бус-бутун шеърга кўчирган, шеърга солган дейиш мумкин. Айниқса, хасталик сабаб кейинги йилларда турли ҳайъату минбарлардан четлашиб, хонанишинликни касб этганида бирор кун қўлидан қалам тушмади, бамисоли «истеъдоди сўнганидан башорат» қилганларга «ҳамон навқирон Абдулла Орипов» шижоатини яна бир карра намойиш қилди.
Ёруғ бу оламда бормикан, ахир,
Шоир вафотидан ортиқроқ мотам!
Шоир бу фиғонли сатрларни бундан эллик йил муқаддам устози Ғафур Ғулом вафотига битган эди.
Бугун биз — буюк замондошимизнинг дўстлари, укалари, шогирдлари, барча миннатдор мухлислар кўзда ёш ила унинг ана шу сатрларини такрорламоққа мажбурмиз.
Манба: «Оила даврасида» газетаси
Kuni kecha AQShning Texas shtati Xyuston shahridan qayg’uli xabar oldik: o’sha yerdagi shifoxonalardan birida ikki oydan buyon davolanayotgan ulug’ shoirimiz, O’zbekiston Qahramoni, xalq shoiri, mustaqil O’zbekiston madhiyasi matni muallifi, davlat va jamoat arbobi, elimiz suygan aziz inson Abdulla Oripov og’ir xastalikdan so’ng vafot etibdi…
Bu xabar adabiyot, she’riyat muxlislarini, butun xalqimizning qalbini larzaga soldi. Barchamiz yana bir katta yo’qotishdan chuqur qayg’uga botdik.
Abdulla Oripov xalqimizning buyuk farzandlaridan biri edi. Uning badiiy yuksak ijodi xalqimizning qalbidan munosib o’rin olgan, sermahsul faoliyati esa barcha uchun namuna edi.
Shunday musibatli damlarda sevimli shoirimizning safdosh do’stlaridan biri, O’zbekiston xalq yozuvchisi Erkin A’zamdan ayni paytda ko’nglidan o’tayotgan iztirobli tuyg’ularini qog’ozga tushirib berishini so’radik.
Tahririyat
«TUYDIM EHTIROSNING SAMOVIY KUCHIN…»
Erkin A’ZAM
O’zbekiston xalq yozuvchisi
Abdulla Oripov dunyodan shoirlik yalovini baland ko’tarib o’tdi…
Har jihatdan barakali bu umr kitobida uncha-muncha ijodkorga nasib etmaydigan ardog’u e’zozga boy yorug’, shodumon sahifalar mo’l bo’lgani kabi alam-anduhli, turtkilash-tirsaklashlardan iborat noxush o’rinlar ham kam emas edi. Darvoqe, «achchiq va taxir» hayot ta’mini tuymagan, mudom baxtiyorlik do’mbirasini ting’irlatib yuradigan shoir – shoirmi?! Asl o’tli misralar iztiroblar olovida toblanib, ranju alamlar farzandi bo’lib dunyoga kelmaydimi, axir?! Risolabop ro’zguzaronlikni afzal bilgan kimsa qalam ishini havas qilmay, beg’amlik yallasini aytib yuravergani ma’qul, nima dedingiz! Shu toifani nazarda tutibmikan, «O’gay ersak ne tong sog’lar orasida!» deya tantilik qilingandir.
Shoir umri yakun topgach, bu ulkan shaxsiyat va ijodga turlicha baho berishlar, uni boshqa ulug’larimiz bilan qiyoslashlar, o’zimizcha faxrli o’rin hadya etishlar avjga mindi. Shu kunlarda, lof deyilsa ham, telefon zanglari-yu internet puchmoqlarida eng ko’p tilga olinayotgan nom Abdulla Oripov bo’lsa, ehtimol. Biz kabi kitob ahli-ku, shoir bayozlarini varaqlaganda, bir chog’lar o’qilgandayoq dilga muhrlanib qolgan yuzlab, minglab qadrdon satrlar qaytadan xotiraga quyilib kelaverishiga ajablanmasa bo’ladi, biroq bu xalqchil she’riyatdan bebahra, hechqursa, besh-o’n misrasini yod bilmaydigan odam bormikan mamlakatda?!
Kimdir ko’rmay ketgan baxtni men ko’rdim,
Kimdir aytmay ketgan so’zni aytdim men...
Munozaralar o’rinsiz — Abdulla Oripov o’xshashi yo’q shoir edi!
Shubhasiz, hayotda shoirning tengsiz she’riyatiga, shuhratiga zavq va hayrat ko’zi bilan boqib havas qilguvchilar behisob, ammo unga ochiqdan-ochiq hasad qilguvchilar, goho oyog’idan tortib, o’zlari bilan bo’ylashtirishga urinuvchilar ham topilardi.
Bundan o’ttiz-qirq yil burungi Yozuvchilar uyushmasida o’tgan mushoirani eslayman. She’r o’qish navbati Abdulla Oripovga berilganda anjuman zali chapagu olqishlardan yorilgudek bo’lgan, shunda yonimda o’tirgan o’sha kezlardagi xiyla taniqli bir ijodkor ensasi qotibroq «Namuncha, Abdullasi ham o’zimiz qatori bir shoir-da!» deb ming’irlagan edi. Muxlislar talabiga ko’ra, qayta-qayta she’r o’qib, olqishlar ostida minbardan tushayotgan yosh shoirni to’rdagi hay’atda qo’r to’kkan oqsoqollarimizdan biri piching bilan kuzatib qolgan: «Bilamiz, bilamiz! Bular bari Abdullaga chapak urish uchun Ozod (Sharafiddinov domlani aytmoqchi) atay olib kelgan ustudent bolalar, haydab solish kerak bu bezorilarni!».
O’sha kishilarning nomini tutgim kelmayapti hozir. Befoyda — bugungi avlod ularni eshitmagan ham chiqar.
Abdulla aka har qancha topqiru donishmand bo’lmasin, kundalik turmushda «o’zimiz qatori» bir odam edi. Qo’liga qalam tutganda esa uni tanib bo’lmasdi, go’yoki qatorimizdan uzilib chiqib, osmonning biz yetolmaydigan sirli manzillariga yuksalib ketardi. Samoviy hislar bag’riga — ularni quchmoq, ularni tuymoq, so’ng esa she’rga aylantirmoq uchun!
Avom nazarida, katta shoirlarning she’r bitishi oson, o’tirib olib shartta yozib tashlayveradi — qonun-qoidasini bilib ketgan, qo’l qurgur ham qichib turibdi deng! Nazmboz, qofiyabozlarga nisbatan aytilsa, bu gap to’g’ri. Lekin yurak qoni bilan yozadigan ijodkorning yo’rig’i boshqa, ijod ishi unga tobora og’irlashib, azob-mashaqqatga do’nib boraveradi, negaki kitobxon huzuriga har gal yangilanib, yangi fikr, yangicha ruh bilan chiqmog’i shart — chin shoirlik talabi shu!
Abdulla akaning she’rlarini jurnalga tayyorlash asnosida necha bor shunga amin bo’ldimki, biz havas qiladigan, bizni hayratlarga soladigan o’sha quyma satrlar, avom o’ylaganidek, bir nafasda emas, ne bir azobu izlanishlar, ikkilanishlar hisobiga dunyoga kelar ekan. Bundayin muttasil ruhiy taranglik, tayinki, har qanday odamni horitadi, jisman yemiradi. Nachora, ruh ila yashamoqni qismat deb bilgan shoirning kuni shu — «vujudning g’amini yemoq» fidoyi ko’ngilga begona…
Shu o’rinda o’zimcha bir tusmolimni aytay. Eshitganmiz, Abdulla akaning otalari Orif bobo qariyb yuz yil umr ko’rgan ekan. Deylik, Abdulla aka «boshini zo’r ishga berib qo’ymagan»ida, kim bilsin, bul aziz bosh hali-veri omon bo’larmidi… Lekin unda Abdulla Oripov otlig’ buyuk shoir qayda edi deng!
Qarang, so’nggi kezlarda qatorlashib kelgan judoliklarni sanab, o’tayotgan yilimizni xosiyatsizlikda ayblamoqqa tushib ketdik. Bizningcha, bu musibatlardan g’oyibona bir ma’no yoki tabiiy qonuniyat axtarish soddalikdir, xudoyimning yilida ayb yo’q. Turli bashoratu karomatlarni qo’yib, bunda ramziy bir bog’liqlik, boshqa bir hikmatlar borligini ham anglasak, oddiy insoniy va o’zga munosabatlar bobida ma’lum xulosalarga kelsak ma’qulroq bo’lardi…
To’rt-besh ijodkor bir davrada «Abdulla Oripovdan kim eng ko’p she’r bilishi» musobaqasi o’ynaganimiz esimda. G’olibni aniqlash iloji bo’lmagach, boshqa masalaga o’tilgan: Abdulla aka she’r qilib yozmagan nima bor? Bunisiga ham aniq javob topilmagan.
Darhaqiqat, kechagi va bugungi voqeligimizda Abdulla Oripovning she’riga tushmagan gap qolganmi? Qaysi bir mavzuni olmang, bu ulkan bisotdan albatta shunga mos bir satr topiladi. Shoir bor umrini, hayotda ko’rgan-kechirganlarini, o’y-xayollarini bus-butun she’rga ko’chirgan, she’rga solgan deyish mumkin. Ayniqsa, xastalik sabab keyingi yillarda turli hay’atu minbarlardan chetlashib, xonanishinlikni kasb etganida biror kun qo’lidan qalam tushmadi, bamisoli «iste’dodi so’nganidan bashorat» qilganlarga «hamon navqiron Abdulla Oripov» shijoatini yana bir karra namoyish qildi.
Yorug’ bu olamda bormikan, axir,
Shoir vafotidan ortiqroq motam!
Shoir bu fig’onli satrlarni bundan ellik yil muqaddam ustozi G’afur G’ulom vafotiga bitgan edi.
Bugun biz — buyuk zamondoshimizning do’stlari, ukalari, shogirdlari, barcha minnatdor muxlislar ko’zda yosh ila uning ana shu satrlarini takrorlamoqqa majburmiz.
Manba: «Oila davrasida» gazetasi
Абдулла Арипов — поэт, достойный Нобелевской премии, даже более достойный чем многие лауреаты, не удостоенный ею, между прочим, так же как Лев Толстой, Чингиз Айтматов, Азиз Несин