Ahurali Jo’rayev. Labi Hovuzning tilla tabassumlari.

044    Неъмат Аминовнинг доимий кулиб турадиган самимий чеҳраларини ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бу муборак чеҳрада одамни ўзига тортадиган меҳр нури ёғилиб турарди. У кишининг табассуми Лабиҳовузнинг сувларидай тиниқ ва тоза эди. У кишининг кулгиси Лабиҳовуздай сокин, теран ва чуқур эди.

Ашурали Жўраев
ЛАБИҲОВУЗНИНГ ТИЛЛО ТАБАССУМЛАРИ

011

022 Таниқли ҳажв устаси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов 1937 йил 17 июлда Бухоро вилояти Ромитон туманида таваллуд топди. Бухоро давлат педагогика институтида (ҳозирги университет) ўқиб юрган талабалик йилларидан бошлаб адабиётга меҳр қўйди. Истеъдод билан йўғрилган бу самимий меҳр туфайли у машҳур ёзувчи бўлиб танилди. Илк ҳикояси, илк китоби билан ўқувчилар тилига тушди. Узоқ йиллар Бухоро вилоят радиосида бош муҳаррир бўлиб ишлади. Сўнг Тошкентга — “Муштум” журналига ишга таклиф қилинди. Пойтахтда ишлаш Неъмат Аминов ижодининг янги қирраларини очди.

Унинг кўплаб ҳажвий ҳикоялари, фелетонлари ва танқидий мақолалари қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Адибнинг маҳорат билан ёзган “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи унга катта шуҳрат келтирди.

Неъмат Аминов мустақил юртимизнинг адабиёти, маданияти ва маънавияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб кетди. Бу ҳақда ҳали адабиётшунослар, мутахассислар ва адабий жамоатчилик ўз муносабатини билдириши, баҳо бериши табиий.

Ёзувчининг шогирди Ашурали Жўраев устозининг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи хотира китобини ёзди. Қуйида ана шу янги китобдан айрим саҳифаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

9и

Адабиёт ҳақида бўлган суҳбатлардан бирида Неъмат Аминов шундай деган эди:

— Ҳикояда характер бўлиши керак. Агар ёзувчи характер яратолмаса, бирор чиройли, қуйма тасвир ё диалог ўқувчини ҳаяжонга солсин. Буни ҳам эплай олмаса, бир янги сўз ёки ибора ёдида қолсин. Чунки бир бет ҳикоя ёзганда ҳам, роман ёзганда ҳам имон билан ёзиш керак. Адабиёт аввало, бу — имон дегани!

Устоз ўзининг бу ибратли фикрларига умрбод содиқ қолди. Ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам имон билан иш тутди, имон билан ижод қилди, имонга суяниб яшади. Ҳақиқатан ҳам, Неъмат Аминов ҳаёти ва ижодини синчковлик билан кузатарканмиз, у киши умрининг охиригача имон-эътиқодга ҳамиша содиқ қолганлигига гувоҳ бўламиз.

Неъмат Аминовнинг доимий кулиб турадиган самимий чеҳраларини ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бу муборак чеҳрада одамни ўзига тортадиган меҳр нури ёғилиб турарди. У кишининг табассуми Лабиҳовузнинг сувларидай тиниқ ва тоза эди. У кишининг кулгиси Лабиҳовуздай сокин, теран ва чуқур эди. Кўзларида одамларни беғуборлик ва ҳалоллик билан севиш туйғуси ҳамиша барқ урарди. Ҳаёт ва ижоднинг мураккаб ташвишлари билан эрта оқарган нуқрадай сочларида ҳам ёруғлик шуълалари таралиб тургандай эди. Неъмат аканинг қиёфасида кулги булоғининг тўлқинлари доимо жилоланиб турарди.

Неъмат Аминов туғилганида у кишини Насриддин Афандининг фаришталари йўргаклаган бўлса ажаб эмас. Чунки устоз кулги билан туғилиб, кулги билан яшаб ўтди. Умрбод кулгига, ҳажвга содиқ қолди. Бухоро ва бухороликларнинг барҳаёт кулгисини адабиётга муҳрлаб кетди.

“Касб-корим — одамлар лабидан, одамлар тақдиридан табассум излаш бўлди. Ҳар бир кўрганим — табассумни гўё бир тилло топгандек ён дафтарчам варағига авайлаб тугиб, хотирам кавакларига яшириб қўйдим. Вақти келганда шу “тилло”ларни қимматли ўқувчиларим бошидан сочдим. Бундан кўпларнинг руҳи ойдинлашиб, кўпларнинг юзи мунаввар бўлди… Битта-ярим жириллаганлар ҳам йўқ эмас. Начора…”, деб ёзган эди Неъмат Аминов ўзининг “Тилло табассумлар” китоби сўзбошисида.

Абдулла Қаҳҳор ибораси билан айтганда, Неъмат Аминов адабиётга ёниб кирган истеъдодлардан эди. Ёниб яшаш, ёниб ижод қилиш, ёниб сўзлаш Неъмат акага хос фазилат эди. У кишининг биринчи китоби — “Икки пуллик обрў” чоп этилиши билан адабиётда воқеа сифатида баҳоланди, ўз ўқувчиларини топди. Илк китоби билан шуҳрат қозониш, тилга тушиш камдан кам ёзувчига насиб этади. Шундан сўнг турли йилларда чоп этилган “Қирқ учинчи почча”, “Лабиҳовуз хандалари”, “Тилло табассумлар”, “Жигари тўкилди”, “Чинорлар қўшиғи”, “Қаҳқаҳа” цингари китоблари ҳам қўлма-қўл бўлиб ўқилди, адабий жамоатчиликнинг юксак баҳоларига сазовор бўлди. Адибнинг номини машҳур қилган “Елвизак” ва “Суварак” қиссалари негизида “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи дунёга келди. Баралла айтиш мумкинки, ёзувчининг истеъдод билан ёзган бу йирик асари ҳам адабиётда ўз ўрнини топди. Биринчи бўлиб таниқли олим Озод Шарафиддинов катта мақола ёзиб, асарни юксак баҳолади.

Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад Неъмат Аминов хотирасига бағишлаб ёзган ёдномасида шундай дейди: “Ёлғончи фаришталар” бугунги адабиётимизнинг дурдона асари бўлиб қолди. Шамси Тўраевич, Баширжон Зайнишев, Вафо Аттор, Қиёмхон, Қирмизхонлар цингари яхлит қуйма образлар сенинг чинакам портрет устаси, унча-мунча ижодкорларга насиб қилмаган ноёб сўз рассоми эканингни намойиш қилди”. Аслида Неъмат Аминовдек фавқулодда истеъдоднинг ўзи адабиётимизда ноёб ҳодиса эди.

Баъзи жамиятларнинг сатира, юморга, айниқса, танқидга тоби йўқлиги тарихий манбалардан маълум. Масалан, собиқ шўро даврида ҳажвчи бўлиш машаққат ва азоб эди. Лекин танлаган йўли қанчалар оғир ва мураккаб бўлмасин, Неъмат Аминов умрининг охиригача унга содиқ қолди ва мардона туриб ижод қилди. Уни бу йўлдан машҳур йирик порахўрларнинг пўписаси, туллак юлғич ва такаббурларнинг дўқи, ғийбатчи ва туҳматчиларнинг дағдағаси, катта-катта мансабдор ва бюрократларнинг стол остидан кўрсатган муштлари асло қайтара олмади. Айрим ўткир фелетонлари туфайли Марказқўмга бориб сўроқ беришлар, айрим фелетонларнинг тасдиқланиш жараёнидаги тўсиқлар, ўйинлар, баъзи ҳажвиялар туфайли бўлган машмашалардан Неъмат Аминовнинг жасорат ва ҳалоллик билан тутган қалами асло титрамади. Масалан, “Кўтариб уриш операцияси” номли интермедияси телевидениеда намойиш этилгач, бир гуруҳ ишчилар телевидениега айнан шундай воқеа уларнинг корхонасида рўй бераётганидан ташвишланиб шикоят ёзишган. Текширилгач, корхона раҳбарининг барча кирдикорлари очилиб, ишдан четлаштирилиб, жазоланган. Адолат қарор топган. Ёки “Республиканский эшон”, “Қора юрак”, “Кўкчироқ, қизил чироқ”, “Айбдор сигир” цингари фелетонлари жиддий шов-шувларга сабаб бўлган. Баъзи фелетонлар сабабли тегишли идоралар ўз соҳалари бўйича махсус қарорлар қабул қилган.

Ёзувчининг танқиди ҳамиша нишонга теккани боис ҳам зарбаси кучли бўларди. Танқидни ёқтирмайдиганлар, танқиддан чўчийдиганлар Неъмат Аминовдан ҳамиша ҳайиқиб турганларига гувоҳ бўлганмиз.
Халқимизнинг ягона сатира ва юмор журнали “Муштум”нинг оммавийлашувида, мазмунан янада бойишида дастлаб масъул котиб, сўнг бош муҳаррир вазифасида ишлаган Неъмат Аминовнинг хизматлари катта. Лекин ўзлари ҳам “Муштум”дан ноҳақ мушт еган пайтлари бўлган. Масалан, 80-йилларнинг ўрталарида журналда босилган “Арслоннинг ўлими” масали туфайли ишдан ҳайдалган журнал бош муҳаррири Иброҳим Раҳим ва бир гуруҳ ходимлар орасида Неъмат Аминов ҳам бор эди. У киши беш йил ишсиз юрди. Бир муддат асарлари босилмади. Айби — бўлим мудири сифатида масалнинг чоп этилишига имзо чеккани эди. Мустақиллик арафасида Президентимиз Ислом Каримовнинг тавсияси билан Неъмат Аминов 1989 йил 6 декабрда “Муштум”га бош муҳаррир этиб тайинланди. Бу ҳақиқий адолат тантанаси эди…

***

Неъмат ака билан сафарларда юриш доимо мароқли эди. У киши ниҳоятда беозор ҳамроҳ эди, бировга асло зиёни тегмасди. Дабдабаларни, зиёфатларни унчалик ёқтирмасди. Ҳамиша оддий одамлар билан бўлишни, камтар дастурхонлар атрофида ўтиришни хуш кўрарди. Казо-казолардан кўра оддий кишилар билан тез тил топишиб, суҳбати бир зумда қовушиб кетарди.

Неъмат аканинг даврасида, албатта, қаҳқаҳа янграб турарди. Кулги бўлгандаям аминовча кулги. У киши самимий ва беғараз кулги борасида андак шафқатсизроқ эдилар. Неъмат аканинг кулгисида юмордан кўра сатира кучли эди. Шу боис бу кулгининг салмоғи кенг, тоши оғирроқ эди. У киши даврага қараб, у ерда ўтирганларни ҳисобга олиб баъзан кулгили воқеалар ёки ҳангомаларни тўқиб юборардилар. Лекин бунинг тўқима кулгилиги сезилмасди. Ҳаммаси табиий чиқарди.

Масалан, устозлари — машҳур адиб Саид Аҳмад аканинг 75 йиллигига бағишланган тантанали кечада сўзга чиқиб: “Устоз бир суҳбатингизда шогирдларингиздан Ўлмас Умарбеков билан Ўткир Ҳошимовни қанотларим, деб тўғри айтдингиз. Улар қанотларингиз бўлса, мен думингизман. Чунки нозик жойларни дум бекитиб туради-да”, дейишлари билан залда қаҳқаҳа янграган.

Ёки бир куни собиқ шўро даврида инқилоб (ҳозирги Амир Темур) хиёбонидаги баҳайбат Карл Маркс ҳайкали ёнидан ёзувчи Шукур Холмирзаев, Неъмат ака ва камина ўтиб қолдик. Шунда Неъмат ака: “Орқасидан қарасанг гувалага, олдидан қарасанг, “доҳий”га ўхшайди”, деди. Шукур ака куларкан: “Неъмат даҳшатсан. Бу ҳайкални бундан ортиқ таърифлаб бўлмайди”, деганди.

Неъмат аканинг “Елвизак” қиссаси қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган кезларда “Муштум”да ўтирсак, ўрта ёшлардаги бир ёзувчи кириб келиб: “Кеча бир даврага бориб қолдим. Ҳамма нуқул қиссангизни мақтайди. Охири, чидолмай “Ҳў, ўртоқлар, мани ўн олтита китобим чиққан. Шундан тўрттаси роман, ўнтаси қисса, қолганлари ҳикоялар. Неъматнинг бор-йўғи бир қиссаси чиқибди”, десам ҳам қулоқ солишмайди. Уйга келиб ўқисам, ҳақиқатан, мақтайдиган китоб ёзибсиз. Табриклайман, ука”, деди ҳаяжонланиб.

***

Ҳаётда қайнаб-жўшиб юрган устоз умрининг сўнгги ойларида анча ҳорғин ва сокин кайфиятга берилиб қолган эди. Суҳбатларда, гап-сўзларда Неъмат Аминовга хос бўлган жўшқин эҳтирос сезилмасди. Бир умр кулиб, кулдириб юрган чеҳраларига қандайдир ғамгинлик, тушкунлик соя сола бошлаганди. “Энди ҳаммаси Аллоҳдан. Яратган Эгам тақдирга нима ёзган бўлса, шуни кўраман”, деган сўзларни тез-тез такрорларди. Ҳатто бир сафар суҳбатлашиб ўтирганимизда: “Ҳажвчи бўлиб, фелетончи бўлиб тўғри қилганмиканман?” деган саволни ҳам берган эди…

Буларнинг барчаси у кишига кутилмаганда ёпишиб олган оғир хасталикнинг таъсири эди. Ана шу хасталик туфайли тез-тез касалхонага тушадиган бўлиб қолди. Хаёллари, фикру ёдлари ана шу касалликни енгишда ва ундан тезроқ қутилишда эди. Иродали инсон бўлганлиги учун ҳам дард билан олишдилар. Уни енгиш йўлларини изладилар. Кутилмаганда ҳамла қилган бу дарддан қутулиш осон бўлмади. Дард умр саҳифаларига ўз муҳрини боса бошлади.

Вафотларидан бир ойча муқаддам Чкалов номли авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси касалхонасига тушдилар. Кирсам, ҳансираб нафас оляптилар. Ёнларида комага тушган бир одам алаҳсираб ётибди. Устозга ўзимча далда бердим, лекин кўзларидан оққан ёшларни тўхтатишнинг иложи йўқ эди. Устознинг йиғлаганларини биринчи бор кўрганим учун ҳам довдираб қолдим. Нега, нима учун? Бу мунгли саволларнинг жавобини ўзлари билан олиб кетдилар. Бу саволлар қиёматгача жавобсиз қолди.

Бир вақтлар у кишининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Нодиржон Турсунов билан устозни кўргани бордик. Палата эшигини секин очиб қарасак, Неъмат ака ўнг томонга ёнбошлаб чиройли ухлаб ётибдилар. Шу ётишда у киши фариштага ўхшарди. Устозни бундай гўзал уйқуда биринчи бор кўришимиз эди. Шу боис уйғотиб юборишдан ҳадиксираб, бироз термулиб ўтирдик. Узоқ йиллар меҳнат қилиб, ҳаловат нималигини билмаган, ҳаёт, ижод ва турмуш ташвишларидан бениҳоя толиққан, ўткинчи дунёнинг майда-чуйда ишларидан, ташвишларию беҳуда югур-югурларидан зериккан Аллоҳнинг оддий бир бандаси эртаклардаги фариштадек қирқ кечаю қирқ кундуз уйқуга кетган эди. Эҳтимол, Неъмат ака бу уйқуни бир умр кутгандир, бир умр орзу қилгандир. Эҳтимол, шу беғубор, покиза уйқу учун умрбод елиб-югургандир. Эҳтимол, фаришталар у кишининг уйқудаги суратини чизаётгандир, у кишидан ҳалол бир инсоннинг андозасини олаётгандир. Бу ёлғиз Аллоҳга маълум…

Устоз ўлимидан ўн кун олдин Ёзувчилар уюшмасининг раиси Абдулла Орипов раҳбарлигида ўринбосарлари Сирожиддин Саййид, Минҳожиддин Мирзо ва камина у кишини кўргани бордик. Бундан Неъмат аканинг кайфиятлари кўтарилди. Ва бир кун илгари таниқли олим Тўра Мирзаев бошчилигида олимлар, ижодкорлар келиб-кетганини айтдилар. Бироз ҳол-аҳвол сўраб бўлгач, Абдулла Орипов шундай деди:

— “Ёлғончи фаришталар” романингиз шифобахш дорига ўхшайди. Баъзан ўқиб, худди осма укол олгандай мазза қиламан. Баширжон Зайнишев — ўлмайдиган тип. Адабиётга катта хизматлар қилдингиз. Энди ҳузурини ҳам кўринг, ака! Ҳали Бухорога бориб етмиш йиллик тўйингизни бирга ўтказамиз, сайланмаларингизни чиқарамиз…

Во дариғ, Бухорога бориш ҳам, етмиш йиллик тўйини кўриш ҳам устозга насиб этмади. Абдулла Ориповнинг дил сўзлари, самимий ниятлари у кишининг умрини бир неча кунга узайтирган бўлса ажаб эмас…

Яна бир шогирди Анвар Обиджон билан устозимизни зиёрат қилгани бордик. Ўша куни 2005 йилнинг 12 октябри эди. Ҳаво очиқ, куз қуёши чарақлаб, ҳовлидаги хурмо дарахтлари худди янги йил арчасининг чироқларидек ловуллаб турибди. Устоз билан анча суҳбатлашиб ўтирдик. Анвар ака у-бу ҳангома айтиб, у кишини кулдирган бўлди. Лекин кулги ҳам Неъмат акага малол келаётгандек синиқ эди. Гўё у кишининг бир умр кулиб келган юзлари, кўзлари, лаблари кулгидан тўйган, кулгидан ҳоригандек эди. Шундай бўлса-да, у киши анча очилиб, суҳбатлашиб ўтирдилар. Бир неча марта турмоқчи бўлсак, рухсат бермадилар. Афсус ва надоматлар бўлсинки, бу сўнгги суҳбат, сўнгги дийдорлашув, сўнгги учрашув ва бир-биримизни сўнгги бор кўришимиз эканлигини ҳеч биримиз билмадик. Бандаси ожиз, деганлари шу бўлса керак-да.

Орадан беш кун ўтиб, адабиётимизнинг забардаст адибларидан бири, машҳур ҳажвчи Неъмат Аминов ҳаётдан кўз юмди. Ҳузурбахш кулги тинди. Узоқ йиллар янграб келган беозор ва беғубор қаҳқаҳа сўнди.
Бу барҳаёт кулги фақат жисмонан тўхтади. Энди у устознинг китобларида, баркамол асарларида давом этади. Чунки Неъмат Аминов адабиётда ўзига хос кулги мактабини яратиб кетган ҳажвчи. Унинг қаҳрамонлар галереяси ранг-баранг, бир-бирига ўхшамайдиган, бир-бирини такрорламайдиган ноёб характерлар гулдастасидир. 40 йиллик ижод маҳсулининг самараси бўлган ушбу кулги дастасидан турфа қаҳқаҳалар, самимий табассумлар, беозор ва беғубор кулги уфуриб туради. Бу кулгидаста кулгисевар ўзбек халқи қалбидан саралаб олиниб, унга пайванд қилинган. Таниқли адиб Худойберди Тўхтабоев ибораси билан айтганда: “Неъмат Аминов Саид Аҳмад ака ҳам, биз ҳам ёзишни орзу қилган биринчи ўзбек ҳажвий романини зўр маҳорат билан яратди. Унинг қаҳрамони Зайнишевга ҳам ачинасиз, ҳам ундан куласиз. Аслида, адабиётда бундай мураккаб образ яратиш жуда қийин. Лекин Неъмат Аминов бунинг уддасидан чиқди. Адабиётимиз умрбоқий образ билан бойиди”.

Неъмат Аминов ҳар жиҳатдан ҳалол, имонда собит ва пок инсон эди. Бу инсоний фазилатлар у кишининг турмуш тарзига, ҳаётига сингиб кетган эди. Устоз одамларга: яқинлари ва шогирдларига имони ва ҳалоллиги қай даражадалигига қараб баҳо берарди. Неъмат ака имонсизларга, порахўрларга, ёлғончиларга, амалпарастларга фақат ўткир ва жасоратли қалами билангина эмас, балки иродали инсон сифатида ҳаётда ҳам курашиб ўтди. Шу боис Неъмат Аминов адабиётда, ҳаётда, яшашда виждон қўнғироғини мардона чалиб кетдилар, десак муболаға бўлмайди. Бу бебаҳо ва беозор қўнғироқ устозни билганлар, кўрганлар ва асарларини ўқиб-уқиганлар қалбида, хотирасида ҳамиша акс садо бериб туришига ишонамиз.

077
Ahurali Jo’rayev
LABIHOVUZNING TILLO TABASSUMLARI

011

033   Taniqli hajv ustasi, O‘zbekiston xalq yozuvchisi Ne’mat Aminov  1937 yil 17 iyulda Buxoro viloyati Romiton tumanida tavallud topdi. Buxoro davlat pedagogika institutida (hozirgi universitet) o‘qib yurgan talabalik yillaridan boshlab adabiyotga mehr qo‘ydi. Iste’dod bilan yo‘g‘rilgan bu samimiy mehr tufayli u mashhur yozuvchi bo‘lib tanildi. Ilk hikoyasi, ilk kitobi bilan o‘quvchilar tiliga tushdi. Uzoq yillar Buxoro viloyat radiosida bosh muharrir bo‘lib ishladi. So‘ng Toshkentga — “Mushtum” jurnaliga ishga taklif qilindi. Poytaxtda ishlash Ne’mat Aminov ijodining yangi qirralarini ochdi.
Uning ko‘plab hajviy hikoyalari, feletonlari va tanqidiy maqolalari qo‘lma-qo‘l bo‘lib o‘qildi. Adibning mahorat bilan yozgan “Yolg‘onchi farishtalar” hajviy romani unga katta shuhrat keltirdi.
Ne’mat Aminov mustaqil yurtimizning adabiyoti, madaniyati va ma’naviyati rivojiga munosib hissa qo‘shib ketdi. Bu haqda hali adabiyotshunoslar, mutaxassislar va adabiy jamoatchilik o‘z munosabatini bildirishi, baho berishi tabiiy.
style=»text-align: justify;»>Yozuvchining shogirdi Ashurali Jo‘rayev ustozining hayoti va ijodi haqida hikoya qiluvchi xotira kitobini yozdi. Quyida ana shu yangi kitobdan ayrim sahifalarni e’tiboringizga havola etamiz.

9и

Adabiyot haqida bo‘lgan suhbatlardan birida Ne’mat Aminov shunday degan edi:

— Hikoyada xarakter bo‘lishi kerak. Agar yozuvchi xarakter yaratolmasa, biror chiroyli, quyma tasvir yo dialog o‘quvchini hayajonga solsin. Buni ham eplay olmasa, bir yangi so‘z yoki ibora yodida qolsin. Chunki bir bet hikoya yozganda ham, roman yozganda ham imon bilan yozish kerak. Adabiyot avvalo, bu — imon degani!

Ustoz o‘zining bu ibratli fikrlariga umrbod sodiq qoldi. Har qanday vaziyat va sharoitda ham imon bilan ish tutdi, imon bilan ijod qildi, imonga suyanib yashadi. Haqiqatan ham, Ne’mat Aminov hayoti va ijodini sinchkovlik bilan kuzatarkanmiz, u kishi umrining oxirigacha imon-e’tiqodga hamisha sodiq qolganligiga guvoh bo‘lamiz.

Ne’mat Aminovning doimiy kulib turadigan samimiy chehralarini hech qachon unutib bo‘lmaydi. Bu muborak chehrada odamni o‘ziga tortadigan mehr nuri yog‘ilib turardi. U kishining tabassumi Labihovuzning suvlariday tiniq va toza edi. U kishining kulgisi Labihovuzday sokin, teran va chuqur edi. Ko‘zlarida odamlarni beg‘uborlik va halollik bilan sevish tuyg‘usi hamisha barq urardi. Hayot va ijodning murakkab tashvishlari bilan erta oqargan nuqraday sochlarida ham yorug‘lik shu’lalari taralib turganday edi. Ne’mat akaning qiyofasida kulgi bulog‘ining to‘lqinlari doimo jilolanib turardi.

Ne’mat Aminov tug‘ilganida u kishini Nasriddin Afandining farishtalari yo‘rgaklagan bo‘lsa ajab emas. Chunki ustoz kulgi bilan tug‘ilib, kulgi bilan yashab o‘tdi. Umrbod kulgiga, hajvga sodiq qoldi. Buxoro va buxoroliklarning barhayot kulgisini adabiyotga muhrlab ketdi.

“Kasb-korim — odamlar labidan, odamlar taqdiridan tabassum izlash bo‘ldi. Har bir ko‘rganim — tabassumni go‘yo bir tillo topgandek yon daftarcham varag‘iga avaylab tugib, xotiram kavaklariga yashirib qo‘ydim. Vaqti kelganda shu “tillo”larni qimmatli o‘quvchilarim boshidan sochdim. Bundan ko‘plarning ruhi oydinlashib, ko‘plarning yuzi munavvar bo‘ldi…

Bitta-yarim jirillaganlar ham yo‘q emas. Nachora…”, deb yozgan edi Ne’mat Aminov o‘zining “Tillo tabassumlar” kitobi so‘zboshisida.

Abdulla Qahhor iborasi bilan aytganda, Ne’mat Aminov adabiyotga yonib kirgan iste’dodlardan edi. Yonib yashash, yonib ijod qilish, yonib so‘zlash Ne’mat akaga xos fazilat edi. U kishining birinchi kitobi — “Ikki pullik obro‘” chop etilishi bilan adabiyotda voqea sifatida baholandi, o‘z o‘quvchilarini topdi. Ilk kitobi bilan shuhrat qozonish, tilga tushish kamdan kam yozuvchiga nasib etadi. Shundan so‘ng turli yillarda chop etilgan “Qirq uchinchi pochcha”, “Labihovuz xandalari”, “Tillo tabassumlar”, “Jigari to‘kildi”, “Chinorlar qo‘shig‘i”, “Qahqaha” singari kitoblari ham qo‘lma-qo‘l bo‘lib o‘qildi, adabiy jamoatchilikning yuksak baholariga sazovor bo‘ldi. Adibning nomini mashhur qilgan “Yelvizak” va “Suvarak” qissalari negizida “Yolg‘onchi farishtalar” hajviy romani dunyoga keldi. Baralla aytish mumkinki, yozuvchining iste’dod bilan yozgan bu yirik asari ham adabiyotda o‘z o‘rnini topdi. Birinchi bo‘lib taniqli olim Ozod Sharafiddinov katta maqola yozib, asarni yuksak baholadi.

O‘zbekiston Qahramoni Said Ahmad Ne’mat Aminov xotirasiga bag‘ishlab yozgan yodnomasida shunday deydi: “Yolg‘onchi farishtalar” bugungi adabiyotimizning durdona asari bo‘lib qoldi. Shamsi To‘raevich, Bashirjon Zaynishev, Vafo Attor, Qiyomxon, Qirmizxonlar singari yaxlit quyma obrazlar sening chinakam portret ustasi, uncha-muncha ijodkorlarga nasib qilmagan noyob so‘z rassomi ekaningni namoyish qildi”. Aslida Ne’mat Aminovdek favqulodda iste’dodning o‘zi adabiyotimizda noyob hodisa edi.

Ba’zi jamiyatlarning satira, yumorga, ayniqsa, tanqidga tobi yo‘qligi tarixiy manbalardan ma’lum. Masalan, sobiq sho‘ro davrida hajvchi bo‘lish mashaqqat va azob edi. Lekin tanlagan yo‘li qanchalar og‘ir va murakkab bo‘lmasin, Ne’mat Aminov umrining oxirigacha unga sodiq qoldi va mardona turib ijod qildi. Uni bu yo‘ldan mashhur yirik poraxo‘rlarning po‘pisasi, tullak yulg‘ich va takabburlarning do‘qi, g‘iybatchi va tuhmatchilarning dag‘dag‘asi, katta-katta mansabdor va byurokratlarning stol ostidan ko‘rsatgan mushtlari aslo qaytara olmadi. Ayrim o‘tkir feletonlari tufayli Markazqo‘mga borib so‘roq berishlar, ayrim feletonlarning tasdiqlanish jarayonidagi to‘siqlar, o‘yinlar, ba’zi hajviyalar tufayli bo‘lgan mashmashalardan Ne’mat Aminovning jasorat va halollik bilan tutgan qalami aslo titramadi. Masalan, “Ko‘tarib urish operatsiyasi” nomli intermediyasi televidenieda namoyish etilgach, bir guruh ishchilar televideniega aynan shunday voqea ularning korxonasida ro‘y berayotganidan tashvishlanib shikoyat yozishgan. Tekshirilgach, korxona rahbarining barcha kirdikorlari ochilib, ishdan chetlashtirilib, jazolangan. Adolat qaror topgan. Yoki “Respublikanskiy eshon”, “Qora yurak”, “Ko‘kchiroq, qizil chiroq”, “Aybdor sigir” singari feletonlari jiddiy shov-shuvlarga sabab bo‘lgan. Ba’zi feletonlar sababli tegishli idoralar o‘z sohalari bo‘yicha maxsus qarorlar qabul qilgan.

Yozuvchining tanqidi hamisha nishonga tekkani bois ham zarbasi kuchli bo‘lardi. Tanqidni yoqtirmaydiganlar, tanqiddan cho‘chiydiganlar Ne’mat Aminovdan hamisha hayiqib turganlariga guvoh bo‘lganmiz.

Xalqimizning yagona satira va yumor jurnali “Mushtum”ning ommaviylashuvida, mazmunan yanada boyishida dastlab mas’ul kotib, so‘ng bosh muharrir vazifasida ishlagan Ne’mat Aminovning xizmatlari katta. Lekin o‘zlari ham “Mushtum”dan nohaq musht yegan paytlari bo‘lgan. Masalan, 80-yillarning o‘rtalarida jurnalda bosilgan “Arslonning o‘limi” masali tufayli ishdan haydalgan jurnal bosh muharriri Ibrohim Rahim va bir guruh xodimlar orasida Ne’mat Aminov ham bor edi. U kishi besh yil ishsiz yurdi. Bir muddat asarlari bosilmadi. Aybi — bo‘lim mudiri sifatida masalning chop etilishiga imzo chekkani edi. Mustaqillik arafasida Prezidentimiz Islom Karimovning tavsiyasi bilan Ne’mat Aminov 1989 yil 6 dekabrda “Mushtum”ga bosh muharrir etib tayinlandi. Bu haqiqiy adolat tantanasi edi…

***

Ne’mat aka bilan safarlarda yurish doimo maroqli edi. U kishi nihoyatda beozor hamroh edi, birovga aslo ziyoni tegmasdi. Dabdabalarni, ziyofatlarni unchalik yoqtirmasdi. Hamisha oddiy odamlar bilan bo‘lishni, kamtar dasturxonlar atrofida o‘tirishni xush ko‘rardi. Kazo-kazolardan ko‘ra oddiy kishilar bilan tez til topishib, suhbati bir zumda qovushib ketardi.

Ne’mat akaning davrasida, albatta, qahqaha yangrab turardi. Kulgi bo‘lgandayam aminovcha kulgi. U kishi samimiy va beg‘araz kulgi borasida andak shafqatsizroq edilar. Ne’mat akaning kulgisida yumordan ko‘ra satira kuchli edi. Shu bois bu kulgining salmog‘i keng, toshi og‘irroq edi. U kishi davraga qarab, u yerda o‘tirganlarni hisobga olib ba’zan kulgili voqealar yoki hangomalarni to‘qib yuborardilar. Lekin buning to‘qima kulgiligi sezilmasdi. Hammasi tabiiy chiqardi.

Masalan, ustozlari — mashhur adib Said Ahmad akaning 75 yilligiga bag‘ishlangan tantanali kechada so‘zga chiqib: “Ustoz bir suhbatingizda shogirdlaringizdan O‘lmas Umarbekov bilan O‘tkir Hoshimovni qanotlarim, deb to‘g‘ri aytdingiz. Ular qanotlaringiz bo‘lsa, men dumingizman. Chunki nozik joylarni dum bekitib turadi-da”, deyishlari bilan zalda qahqaha yangragan.

Yoki bir kuni sobiq sho‘ro davrida inqilob (hozirgi Amir Temur) xiyobonidagi bahaybat Karl Marks haykali yonidan yozuvchi Shukur Xolmirzaev, Ne’mat aka va kamina o‘tib qoldik. Shunda Ne’mat aka: “Orqasidan qarasang guvalaga, oldidan qarasang, “dohiy”ga o‘xshaydi”, dedi. Shukur aka kularkan: “Ne’mat dahshatsan. Bu haykalni bundan ortiq ta’riflab bo‘lmaydi”, degandi.

Ne’mat akaning “Yelvizak” qissasi qo‘lma-qo‘l bo‘lib o‘qilayotgan kezlarda “Mushtum”da o‘tirsak, o‘rta yoshlardagi bir yozuvchi kirib kelib: “Kecha bir davraga borib qoldim. Hamma nuqul qissangizni maqtaydi. Oxiri, chidolmay “Ho‘, o‘rtoqlar, mani o‘n oltita kitobim chiqqan. Shundan to‘rttasi roman, o‘ntasi qissa, qolganlari hikoyalar. Ne’matning bor-yo‘g‘i bir qissasi chiqibdi”, desam ham quloq solishmaydi. Uyga kelib o‘qisam, haqiqatan, maqtaydigan kitob yozibsiz. Tabriklayman, uka”, dedi hayajonlanib.

***

Hayotda qaynab-jo‘shib yurgan ustoz umrining so‘nggi oylarida ancha horg‘in va sokin kayfiyatga berilib qolgan edi. Suhbatlarda, gap-so‘zlarda Ne’mat Aminovga xos bo‘lgan jo‘shqin ehtiros sezilmasdi. Bir umr kulib, kuldirib yurgan chehralariga qandaydir g‘amginlik, tushkunlik soya sola boshlagandi. “Endi hammasi Allohdan. Yaratgan Egam taqdirga nima yozgan bo‘lsa, shuni ko‘raman”, degan so‘zlarni tez-tez takrorlardi. Hatto bir safar suhbatlashib o‘tirganimizda: “Hajvchi bo‘lib, feletonchi bo‘lib to‘g‘ri qilganmikanman?” degan savolni ham bergan edi…

Bularning barchasi u kishiga kutilmaganda yopishib olgan og‘ir xastalikning ta’siri edi. Ana shu xastalik tufayli tez-tez kasalxonaga tushadigan bo‘lib qoldi. Xayollari, fikru yodlari ana shu kasallikni yengishda va undan tezroq qutilishda edi. Irodali inson bo‘lganligi uchun ham dard bilan olishdilar. Uni yengish yo‘llarini izladilar. Kutilmaganda hamla qilgan bu darddan qutulish oson bo‘lmadi. Dard umr sahifalariga o‘z muhrini bosa boshladi.

Vafotlaridan bir oycha muqaddam Chkalov nomli aviatsiya ishlab chiqarish birlashmasi kasalxonasiga tushdilar. Kirsam, hansirab nafas olyaptilar. Yonlarida komaga tushgan bir odam alahsirab yotibdi. Ustozga o‘zimcha dalda berdim, lekin ko‘zlaridan oqqan yoshlarni to‘xtatishning iloji yo‘q edi. Ustozning yig‘laganlarini birinchi bor ko‘rganim uchun ham dovdirab qoldim. Nega, nima uchun? Bu mungli savollarning javobini o‘zlari bilan olib ketdilar. Bu savollar qiyomatgacha javobsiz qoldi.

Bir vaqtlar u kishining yordamchisi bo‘lib ishlagan Nodirjon Tursunov bilan ustozni ko‘rgani bordik. Palata eshigini sekin ochib qarasak, Ne’mat aka o‘ng tomonga yonboshlab chiroyli uxlab yotibdilar. Shu yotishda u kishi farishtaga o‘xshardi. Ustozni bunday go‘zal uyquda birinchi bor ko‘rishimiz edi. Shu bois uyg‘otib yuborishdan hadiksirab, biroz termulib o‘tirdik. Uzoq yillar mehnat qilib, halovat nimaligini bilmagan, hayot, ijod va turmush tashvishlaridan benihoya toliqqan, o‘tkinchi dunyoning mayda-chuyda ishlaridan, tashvishlariyu behuda yugur-yugurlaridan zerikkan Allohning oddiy bir bandasi ertaklardagi farishtadek qirq kechayu qirq kunduz uyquga ketgan edi. Ehtimol, Ne’mat aka bu uyquni bir umr kutgandir, bir umr orzu qilgandir. Ehtimol, shu beg‘ubor, pokiza uyqu uchun umrbod yelib-yugurgandir. Ehtimol, farishtalar u kishining uyqudagi suratini chizayotgandir, u kishidan halol bir insonning andozasini olayotgandir. Bu yolg‘iz Allohga ma’lum…

Ustoz o‘limidan o‘n kun oldin Yozuvchilar uyushmasining raisi Abdulla Oripov rahbarligida o‘rinbosarlari Sirojiddin Sayyid, Minhojiddin Mirzo va kamina u kishini ko‘rgani bordik. Bundan Ne’mat akaning kayfiyatlari ko‘tarildi. Va bir kun ilgari taniqli olim To‘ra Mirzaev boshchiligida olimlar, ijodkorlar kelib-ketganini aytdilar. Biroz hol-ahvol so‘rab bo‘lgach, Abdulla Oripov shunday dedi:

— “Yolg‘onchi farishtalar” romaningiz shifobaxsh doriga o‘xshaydi. Ba’zan o‘qib, xuddi osma ukol olganday mazza qilaman. Bashirjon Zaynishev — o‘lmaydigan tip. Adabiyotga katta xizmatlar qildingiz. Endi huzurini ham ko‘ring, aka! Hali Buxoroga borib yetmish yillik to‘yingizni birga o‘tkazamiz, saylanmalaringizni chiqaramiz…

Vo darig‘, Buxoroga borish ham, yetmish yillik to‘yini ko‘rish ham ustozga nasib etmadi. Abdulla Oripovning dil so‘zlari, samimiy niyatlari u kishining umrini bir necha kunga uzaytirgan bo‘lsa ajab emas…

Yana bir shogirdi Anvar Obidjon bilan ustozimizni ziyorat qilgani bordik. O‘sha kuni 2005 yilning 12 oktyabri edi. Havo ochiq, kuz quyoshi charaqlab, hovlidagi xurmo daraxtlari xuddi yangi yil archasining chiroqlaridek lovullab turibdi. Ustoz bilan ancha suhbatlashib o‘tirdik. Anvar aka u-bu hangoma aytib, u kishini kuldirgan bo‘ldi. Lekin kulgi ham Ne’mat akaga malol kelayotgandek siniq edi. Go‘yo u kishining bir umr kulib kelgan yuzlari, ko‘zlari, lablari kulgidan to‘ygan, kulgidan horigandek edi. Shunday bo‘lsa-da, u kishi ancha ochilib, suhbatlashib o‘tirdilar. Bir necha marta turmoqchi bo‘lsak, ruxsat bermadilar. Afsus va nadomatlar bo‘lsinki, bu so‘nggi suhbat, so‘nggi diydorlashuv, so‘nggi uchrashuv va bir-birimizni so‘nggi bor ko‘rishimiz ekanligini hech birimiz bilmadik. Bandasi ojiz, deganlari shu bo‘lsa kerak-da.

Oradan besh kun o‘tib, adabiyotimizning zabardast adiblaridan biri, mashhur hajvchi Ne’mat Aminov hayotdan ko‘z yumdi. Huzurbaxsh kulgi tindi. Uzoq yillar yangrab kelgan beozor va beg‘ubor qahqaha so‘ndi.

Bu barhayot kulgi faqat jismonan to‘xtadi. Endi u ustozning kitoblarida, barkamol asarlarida davom etadi. Chunki Ne’mat Aminov adabiyotda o‘ziga xos kulgi maktabini yaratib ketgan hajvchi. Uning qahramonlar galereyasi rang-barang, bir-biriga o‘xshamaydigan, bir-birini takrorlamaydigan noyob xarakterlar guldastasidir. 40 yillik ijod mahsulining samarasi bo‘lgan ushbu kulgi dastasidan turfa qahqahalar, samimiy tabassumlar, beozor va beg‘ubor kulgi ufurib turadi. Bu kulgidasta kulgisevar o‘zbek xalqi qalbidan saralab olinib, unga payvand qilingan. Taniqli adib Xudoyberdi To‘xtaboev iborasi bilan aytganda: “Ne’mat Aminov Said Ahmad aka ham, biz ham yozishni orzu qilgan birinchi o‘zbek hajviy romanini zo‘r mahorat bilan yaratdi. Uning qahramoni Zaynishevga ham achinasiz, ham undan kulasiz. Aslida, adabiyotda bunday murakkab obraz yaratish juda qiyin. Lekin Ne’mat Aminov buning uddasidan chiqdi. Adabiyotimiz umrboqiy obraz bilan boyidi”.

Ne’mat Aminov har jihatdan halol, imonda sobit va pok inson edi. Bu insoniy fazilatlar u kishining turmush tarziga, hayotiga singib ketgan edi. Ustoz odamlarga: yaqinlari va shogirdlariga imoni va halolligi qay darajadaligiga qarab baho berardi. Ne’mat aka imonsizlarga, poraxo‘rlarga, yolg‘onchilarga, amalparastlarga faqat o‘tkir va jasoratli qalami bilangina emas, balki irodali inson sifatida hayotda ham kurashib o‘tdi. Shu bois Ne’mat Aminov adabiyotda, hayotda, yashashda vijdon qo‘ng‘irog‘ini mardona chalib ketdilar, desak mubolag‘a bo‘lmaydi. Bu bebaho va beozor qo‘ng‘iroq ustozni bilganlar, ko‘rganlar va asarlarini o‘qib-uqiganlar qalbida, xotirasida hamisha aks sado berib turishiga ishonamiz.

Manba: http://uzhurriyat.uz

xdk

(Tashriflar: umumiy 203, bugungi 1)

Izoh qoldiring