Ўз сўзимизни рост, очиқ сўзлашга ҳаракат қилсак ҳамки, бунга аксар эришолмаганимизни англадим. Фақат адабиёт эмас, ҳаётнинг ўзида БАЪЗАН ЁЛҒОН, БАЪЗАН ҚАБОҲАТ «ўрмалаб» келган пайтлар топилар экан. Ижодкор СЎЗНИ севиш, ўз касбини пухта ўрганиш баробарида, СЎЗдан эҳтиёт бўлиш, ҳатто ундан қўрқишга, ақлини мудом ишлатиш, қалбини асрашга бурчли экан.
Омон Мухтор
СЎЗИНГНИ АЙТА ОЛИШ БАХТИ
Сўнгги пайтлар озми-кўпми элга танилган, эътиборли кишилар билан, шу қаторда жумладан, оталаримиз айтмоқчи, каминаи камтарин билан ҳам газета-журналлар муттасил суҳбатлар уюштириб туради. Бунинг учун уларга миннатдорлик билдирмай илож йўқ. Лекин очиғи, бундай суҳбатлардан аксар суюнишдан кўра кўпроқ нохуш бир асорат қолгандек ҳолатни сезаман. Гап шундаки, саволлар юзаки, жўн, сен берган жавоблар узуқ-юлуқ, бунинг устига ғиж-ғиж хато босилганини кўрасан. Ана, бир мухбирга фарғоналик акамиз Йўлдош Сулаймонни эслаб: «У лутф кўрсатиб, ўзидан ёши кичикларни ҳам «Улуғим» дер эди» мазмунида гапирган эдим, кейин кўрсам, бу жумла: «У барчани «Уйғуним» дер эди» қабилида босилибди. Умуман, сен билан суҳбатлашадиган киши бу суҳбатга тайёр, билимли, фаҳм-фаросатли бўлиши, жаҳон адабиёти-ю, ўзбек адабиётини жилла қурса йигирма-ўттиз фоиз билиши керак. Ҳарҳолда, сен Экзюпери деганингда бу қиз боланинг исмими, деб сўрамаслиги керак.
Бундан анча йил муқаддам «Шарқ юлдузи» журнали «Ёзувчи ижодхонасида бир соат» деган рукн очган эди. «Ёшлик» журналимиз шу анъанани давом эттириб, янгилаб, адибларни ўз саҳифаларида меҳмон қилаётгани ёки улар хонадонида меҳмон бўлаётгани хайрли иш. Бу шакл ижодкорга кўнглида тўпланиб қолган гапларини айтиш, ўқувчига ўз навбатида ижодкорни яқинроқдан билиш имконини беради.
«Ёшлик» журналини доим ўқиб бораман, десам ёлғон бўлади. Дўконга чиқмайди. Ҳар гал редакциядан олиш ноқулай. Обуна бўлишим керак. Аммо бунга баъзан шароит тўғри келмаса, баъзан ҳафсала етишмайди. Шунга қарамай, журнал менга қадрли. Бу – ора-орада қатнашганим учун эмас. Қачон уни қўлга олиб варақласам, ёшлик нафаси уфуриб келгандек туюлади. Ўзимни ҳам ёшаргандек ҳис этаман. Жўн гап бўлса-да, айтай, бу дунёда кекса бўлгандан ёш бўлган яхши.
Ниҳоят, мақсадга кўчсам, тахминан йигирма йилдан ошди, ёшим улғая бошлаганини сезганим ва орқага қайрилиб қарагим келгани учунми, ҳаётдаги воқеалар таъсиридами, қандай бўлмасин, кўнглимда ёшлик ва ёшлар тўғрисида бир асар ёзиш нияти туғилди. Ёзувчилар кўпинча «асар ёзиш жараёни қийин» эканлигини гапириб юришади. Аслида ният туғилганидан асарни ёзишга киришгунча ўтган давр энг машаққатли, азоб-лидир.
Ўша кунга қадар ҳам болалик кунлари, ёшлик, талабалик йиллари ҳақида шеърлар, ҳикоялар ёзган, катта асарларда айрим ҳолатларни акс эттирган эдим. Барчага ўхшаб хотирамда кечаги манзаралар, ҳолатлар тиниқ сақланган эди. Бироқ алоҳида-яхлит асар ёзиш ҳалиги «машаққатли, азобли давр»ни талаб қилаётган эди. Шу боис, эслаган, хаёлимдан кечган гапларни узуқ-юлуқ ҳолда ёзиб-белгилаб бора бошладим.
Мана, қораламалардан бир қисми қўлим остида турибди.
Болалик кунлари ҳақида ёзган эканман:
«Ўн икки-ўн уч ёшдаман.
Бухорода, мактабда юрган пайтим.
Бухоро – буюк бир достон. Қолаверса, кечагина биздан олисда тўнтариш рўй бериб, тўс-тўполони бу ерга ҳам етиб келган, амир Олимхон ва унинг салтанатини ўз кўзи билан кўрганлар бор. Буёғи Иккинчи жаҳон муҳорабаси ва ундан кейинги йиллар, кўчаларда «қўлтиқтаёқ таққан» аскар кийимидаги йигитлару Бухорога хос оқ сурп мотам либоси кийган момолар, оналар, ёш келинчаклар. Атрофда қайнаб ётган ҳасратли, умидли, бахтли, озурда бир ҳаёт. Мен эсам, булардан гўёки четда, бўм-бўш оламдаман. Шоир ёки ёзувчи (иложи бўлса иккиси ҳам) бўлишни орзу қилиб, билим, тажриба етмаганидан қаёқдаги йўқ нарсаларни «тўқиб» юрибман…
Отам Сулаймон хўжа мадраса кўриб мударрис бўлган, устоз Айнийдан олти ёш кичик, Фитрат домладан икки ёш катта (1884 йил), буларни таниган-билган уламо киши эдилар. Ўшанда ҳатто номи тилга олинмаган Фитрат ҳақида: «У кучлироқ эди, зиёли, маърифатли эди» дердилар (дадам амир Олимхонни унча хуш кўрмас, у тўғрида гап чиққанида ҳам доим: «Ундан кўра отаси амир Аҳадхон ақлли, тадбирли эди» дердилар). Айнийни ҳурмат қилардилар. Фақат, бир гал бундай дегандилар: «Ёзганлари гоҳо баҳсли. Бир ерда, Минораи-Калон остидаги мисгарлик (рехтагарлик) дўконида етмишта халфа-шогирд бўлган, оч-наҳор кун кўрган, деб ёзибди. Етмиш киши бир дўконга сиғмайди, еттита халфа-шогирд бор эди. Эрталаб патиру қаймоқчой, кундузи шўрва, кечқурунлари ош билан уларни сийлашарди. Мен ўзим ўша ерда бўлганман».
Узоқ йиллардан кейин, бу гап хаёлимдан кетмай, устоз Айнийнинг нега ундай рақам чекканларига тушундим. Адабиёт ўзи РОСТ билан ЁЛҒОН (тўқима, умумлаштириш, хаёл эпкини) орасидаги ҳолат экан. Шу билан бирга, одамлар воқиф, ҳаётда юз берган воқеалардан иложи борича узоқлашмаган дуруст…»
Ёшлик, талабалик йиллари ҳақида ҳам бетартиб ёзилган уч-тўрт варақ:
«Университетга қийналиб ўқишга кирдим.
Тўрт фандан ўн олти бал олган «резервист» бўлиб кирганман. На стипендия, на ётоқхона. Ижара бир уйда турдим, Себзорда, тубида тўлқинланиб сув оққан жар бўйидаги эски ҳовли эди.
Ўшанда «шахсга сиғиниш» тугатилиб кишанлар, занжирлар синдириб-узиб ташлангандек кайфият ҳукм сура бошлаган. Домлаларимиз Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмовлар ҳаёт бобида ўз фикрига эга, ўз сўзини очиқ, дадил сўзлайдиган кишилар эди.
Биздан юқори курсларда Эркин Воҳидов, Анвар Исроилов, Анвар Эшонов, Тўлқин, Ўктам Усмонов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Иброҳим Ғафуров ва бошқалар ўқир эди. Менинг курсдошларим кейинчалик танилган адиб ва журналистлар – Ўткир Ҳошимов, Алиназар Эгамназаров, Тўлқин Алимов, Ринат Рисқиев, Обиджон Жуманазаров, Нурмат Ражабов, икки Насиба – Насиба Иброҳимова ва Насиба Қамбарова, Тожиддин Ғозиев, Мурод Аминов, Раҳима Шомансурова, Темур Хўжаев, Эргаш Мусаев, менинг икки адашим – Омонулла Мадаев, Омон Жарқинбоев ва бошқалар эди. Шу таълим олиш йилларидаёқ бу номлар матбуотда кўрина бошлаган эди.
Хадрадаги ўқув корпуси Мажлислар залида адиблар, санъаткорлар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб туриларди. Устозлар Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Ғулом, Саид Аҳмад ака ва Саида опалар билан учрашувлар ёдимда. Бир гал Миртемир ака билан ҳам учрашганмиз. Ўшанда устознинг «Киприкларим» деган китоби янги чиққан, кўпчилик талабалар кўтариб келган, эсдаликка имзо чектириб олмоқчи. Учрашувда шу номдаги шеър ҳам ўқилди:
Киприкларим қўнғирмикан ё қора,
Киприкларим юзтамикан ёки минг.
Киприкларим мунча суюк ва сара,
Кўзгинамнинг киприклари…
Миртемир аканинг шогирдлари чиндан бир саф, улардан ҳар бири бу шеърни ўзига бағишланган деб билар эди.
Ёшлар, талабалар орасида ўша йиллари Пиримқул Қодировнинг «Уч илдиз» романи, Одил Ёқубовнинг «Муқаддас», Ўлмас Умарбековнинг «Севгим, севгилим» қиссалари машҳур. Орамизда бу китобларни ўқимаган, билмаган талаба йўқ. Йигитлар қизларга уларни совға қилишарди… Менда шу асарлардан кейин ёшлар, талабалар ҳақида улар даражасидаги асар ёзилмагандек таассурот қолган…»
Бу узуқ-юлуқ ёзувлардан ташқари, – мен ёзадиган асарга дахли борми-йўқми, – негадир адабиёт борасидаги айрим мулоҳазаларимни ҳам ёзиб-белгилаб қўйган эканман.
Ана, улар ҳам қўлим остида. Тўғрироғи, эски жилд ичидан, асар ёзиш учун йиғиб қўйилган варақлар орасидан чиқди:
«Акамиз Эркин Воҳидов «Ёшлик девони»да бўлса керак: «Сенга не бор Мир Алишер ёнида…» деган мисрани келтирган. Даҳо адиблар номини шунчаки эслаганда ҳам, киши ўзингни Шоир ёки Ёзувчи деб таништиришга гоҳида хижолат чекасан. Бу сўзлар нақадар юксакда турганини ҳис этасан.
Яна… Бундай ҳикоят учрайди. Бир адиб иккинчи адибнинг уйига бораётиб ўн марта кийимини алмаштирган экан. Минглаб одам (адабиётчи ва оддий ўқувчи)нинг «уй»ига кирганингда қандай кўриниш (қиёфа) касб этишингни ўйлашга мажбурсан. Ёзувчи учун ҳамиша сўз олдида, одамлар олдида Масъулият бор. Албатта, мен истаган «кийим»да кўчага чиқавераман, дейиш мумкин. Аммо бу – енгилтаклик, холос…»
«Одатда, ёзувчи асосан ЎЗИНИ ёзади. Бу – ўзи ҳақида ёзади, деган маънони билдирмайди. Шубҳасиз, ўз ҳаёти, кузатганлари, умрида туйган оғриқлари асарга «кўчади». Лекин бундан ҳам муҳими, сенинг ёзганингда қандай шахс эканлигинг, афт-ангорингдан тортиб кўнгил оламинггача (одамий даражанг ва билим даражанг) қоғозда муҳрланади. Қоғоз аталмиш КЎЗГУдан қочиб қутулолган Ёзувчи топилмайди… Умуман, адабиёт – энг аввал, тавба-тазарру. У – покланиш, демак. Бир сўз билан, адабиёт қиёфага боғлиқ ҳодиса. Буюк Алишер Навоийнинг «Жаҳондин нотамом ўтмак» деганлари-ю, «Ҳаммомдин нопок чиқмоқ»қа қиёслаганлари шу мазмунда бўлиши керак. Яна буюк Бобораҳим Машрабнинг машҳур «Дилда дардинг бўлмаса» деб бошлаб, кейинги мисрада «Сардафтаримни кавлама» деганлари ҳам эҳтимолки, шу мазмунни ифодалайди…»
Қисқаси, шунақа ҳар хил ёзувлар.
Бундай қораламалар бир куни асарга ўзгариб, аниқ маъно касб этиб кириши ҳам, кейинчалик «аҳамиятсиз» кўриниб, «сиғмай», мутлақо кирмаслиги ҳам ижодда учраб турадиган ҳол. Қанчалик сен учун қадрли бўлмасин, улардан баъзан «воз кечасан».
Хўп.
Асар-чи? Асар нима бўлди?
Ният қилиб, маълум муддат ҳаяжонланиб ўйлаб, қайта-қайта ёзишга ҳам шахд этсам-да, асар ёзилмай қолаверди. Нега?
Орадан кўп ўтмай, мамлакатимиз мустақилликка эришди. Катта ўзгаришлар рўй бера бошлади. Яшаш тарзи билан бирга, тафаккур олдингидан буткул фарқ қиладиган бўлди. Ҳаётни (оламни) янгидан идрок қилиш барчамиз учун кундалик-оддий эҳтиёжга айланди.
Ёзувчи (олим, санъаткор) учун сўзини айтиши ва сўзи ўқувчига етиб бориши муҳим.
Ҳурматли устозларимиздан ўзимизгача кечаги кунлар ҳар жиҳатдан «чекланиш» ҳолатида юрганимизни сездим. Ўз сўзимизни рост, очиқ сўзлашга ҳаракат қилсак ҳамки, бунга аксар эришолмаганимизни англадим. Фақат адабиёт эмас, ҳаётнинг ўзида БАЪЗАН ЁЛҒОН, БАЪЗАН ҚАБОҲАТ «ўрмалаб» келган пайтлар топилар экан. Ижодкор СЎЗНИ севиш, ўз касбини пухта ўрганиш баробарида, СЎЗдан эҳтиёт бўлиш, ҳатто ундан қўрқишга, ақлини мудом ишлатиш, қалбини асрашга бурчли экан… Ёшлар, талабалар ҳақида мафкурадан айри ҳолда асар ёзиб бўлмайди.
Мустақиллик даври мен учун омадли келди. Бел боғлаб қаттиқ ишладим. Олдинроқ икки роман ёзган бўлсам, бу даврда ўн икки романим ёзилиб эълон қилинди. Ёшлик йилларимдан шоир ва ёзувчи сифатида танилган бўлсам-да, кейинги пайтда номим «хутбага қўшилди». Эътибор кўрдим…
Ўйланган асар ҳамон ёзилмай турибди.
Насиб этса, ёзарман. Бугунги ёшлар, талабалар ҳақида. Лекин бу мавзуни янгидан ўрганиш керак. Биз таълим олган йилларга нисбатан бугун талабалар кам китоб ўқишаётгани, жаҳон адабиёти эмас, ўз адабиётимизни ҳам “унутишаётгани” мен учун ўкинчли. Сўзни ҳис этиш, ҳар бир сўздан баҳра топиб завқланиш – китоб ўқишга ўрганмаган кишига буюрмайди.
Ҳаётнинг доим кишини қаноатлантирадиган, суюнтирадиган ва аксинча, қаноатлантирмайдиган, етишмайдиган жиҳатлари бўлади. Ижодкор булар ҳақида ўйламаслиги мумкин эмас.
Яширмайман, ўзимни бир умр ёшлар ва ёшлик олдида («Ёшлик» журнали олдида ҳам) алланечук қарздор ҳис этиб юраман…
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 8 (237)-сон.