Nabijon Boqiy. Asqar Mahkam Kofarnihonga qaytdi…

04
Асқарнинг шеърлари ўқилаверади. Асқарнинг шеърлари ҳар куни ўқиладиган шеърлар эмас, улар умр бўйи ўқилади, умр бўйи китоб жавонимизнинг кўзга кўринадиган жойида туради. биз Асқарнинг китобидан битта шеърни ўқиб бир неча кун ўйлаб юрамиз, бир неча кун бирга юрамиз. Бирга юрадиган дўст, бирга турадиган дўст вафот этиши мумкинми?! Фақат олис сафарга кетган, холос.

055

Набижон Боқий
АСҚАР МАҲКАМ КОФАРНИҲОНГА ҚАЙТДИ

(Ўлмас Жамол, Саййид Неъмат Иброҳим, Абдулла Зуҳур ва бошқа биродарларимизга очиқ хат)

Ўзимизни кундалик ташвишлар билан чалғитиб андак совудик, шекилли.
Бир ҳафта бурун таниқли шоир Ўткир Раҳмат: “Набижон, илтимос Асқаржон ҳақида бирор нарса ёзиб беринг, “Ҳаёт” ҳафтаномасида саҳифа эълон қиламиз”, деди. Биз Ўткир ака билан қўшнимиз, Дўрмон ёзувчилар боғида яшаймиз. У киши ҳар куни ўша илтимосни эслатади. Лекин ёзишга қўлим бормайди: нима деб ёзаман?
Мана, бугун 24 мартдан 25 мартга ўтар кечаси тунги соат 2 30 да уйғондим. Ташқарида сим-сим ёмғир ёғяпти. Жимжитлик. Фақат соатнинг чиққиллаши эшитилади, холос. Асқарни эсладим, сўнг Ўткир аканинг илтимоси ёдимга тушди… Йўқ, хотира ёзолмайман. Ундан кўра, Душанбеда туз-намак бўлганим дўстларимга хат ёзаман. Ҳойнаҳой, улар “нима бало, Набижон ҳам балиққа ўхшаб оғзимни очсам, сув кириб кетади деб биққинафас бўлиб қолганми?” деб ўйлаётгандир… майли, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли Асқаржонни сўнгги йўлга кузатиб келмади, аммо дўстлик бунақа бўлмайди-да!.. Хуллас, хаёлларимга ғарқ бўлиб машинкамни чиққиллата бошладим.
Ўлмас ака, Неъмат ака, Абдуллажон! Ҳозир бир-бир кўз ўнгимдан ўтяпсизлар.
Эсимда, биз бундан бир ой муқаддам Асқаржоннинг меҳмонхонасида ўтирганимизда Душанбедан Неъмат акам телефон қилиб, “Асқаржон билан икки оғиз гаплашай”, деб илтимос қилди. Телефон сими узун, Асқаржон ётган жойга бемалол етарди, лекин ўзи гаплашадиган аҳволда эмасди. Биз эрта-индин енгиллашади, кейин Неъмат ака билан бемалол гаплашади деб умид қилдик. Афсус, ўша умидимиз энди армон бўлиб қолди, Неъмат ака.
Неъмат ака, эсингиздами, биз сиз билан Асқарнинг ўғиллари Бобур билан Довуд-Акбаралининг суннат тўйидан кейинги куни Кофарниҳон соҳилларида танишган эдик. Ўша тўйга Шавкат Раҳмон ўз машинасида Ўшдан Хорог орқали келган. Шерали Жўраев тонг отгунча қўшиқ айтган, сўнг меҳмонхонада гурунглашган эдик. Ўшандан буён қанча-қанча сувлар оқиб кетди, эҳ-ҳе!
Мен тўй баҳонасида Иброҳимбекнинг авлодларини, Фузайл Махсум от сурган муборак заминни кўрмоқчи, билмоқчи эдим. Душанбеда юрганимизда Садриддин ҳув наридаги дарахт соясида тақя кийиб турган нотаниш бир кишини кўрсатиб: “Мана шу одам лақай” деган эди. “Ие, лақайлар шунақа бўладими?” деб сўраган эдим ҳайратланиб. Чунки мен лақайларни фақат КГБ хужжатлари бўйича ғойибона билардим, холос. Бизнинг Фарғонада лақайлар яшамайди, Тошкентда ҳам “лақайман!” деган одамни учратмаган эдим. Эртаси куни Неъмат акам, Садриддин, Асқаржон мени эргаштириб Кўктошга бордик. Лақайлар билан илк бор шунда танишдим. Туз-насибам қўшилган экан, уч йилга яқин уларнинг хонадонида яшадим, дўстлар орттирдим.
Ҳаммасига, дўстим Асқар сабабчи бўлди. Эсингиздами, Неъмат ака, мен Тошкентдаги КГБ архивидан нусхасини олиб борган араб имлосидаги терговномаларни Ҳабибулла Солиҳ тун бўйи ўқиб берар, мен матнни крилл имлосида ёзиб олар эдим. Биз Анвар акамнинг меҳмонхонасида тонг оттириб юрардик (яқинда Анвар акам Тошкентда ўша кунларни эслади).
Ҳаммасига Асқар сабабчи, дедим. Чиндан ҳам шундай. Мен 1998 йилда КГБ архивидан кеч соат 19 дан сўнг “бир кунлик ҳосил”ни кўтариб чиқардим, Асқар эса “Санъат” журналидаги кабинетида чой дамлаб ўтирарди. Ундан: “Иброҳимбекнинг терговномасида “Азим марқа” деган жиловмерган тилга олинган, сўнг Азим Остонақулов сўроқ қилинган. “Марқа” дегани нима ўзи? Лақабми?” деб сўрардим. Асқар хохолаб юборар, сўнг: “Шунақа элат бор, лақайларга ётади. Душанбега борсангиз марқа ошналар билан таништириб қўяман”, деб изоҳ берарди. Хуллас, метронинг тўхтайдиган вақти яқинлашгунча Асқарнинг кабинетидан чиқмасдик.
Бу орада мен “Қатлнома”ни ёзиб тугатдим. Қўлим бўшагач, Асқар билан Душанбега жўнадим.
Ҳозир бехос ўйлаб қолдим: Асқар билан қачон танишган эдим?.. Худо ҳаққи, эслолмайман. Ҳар ҳолда, 1985 йил бўлса керак. Асқар битта ҳовлида ижарада турарди. Кечалари бориб ётиб қолардим (ўзимнинг ижарахонам Бодомзорда эди). Маҳмулани қачон кўрганимни билмайман-у, лекин Бобур билан Довуднинг боғчага қатнаб юрганини аниқ биламан. Бир неча марта Асқар икковимиз уларни боғчага элтиб қўйганимиз ҳам эсимда. Бошқа бир куни эрталаб боғчага бормаймиз деб, “араз” қилиб олишди: битта хонага кирсам, уларнинг сочлари тап-тақир қилиб устарада олинган, бурчакка қараб ёнма-ён миқ этмасдан ўтиришарди. “Нега боғчага бормайман дейишяпти?” деб сўрадим Асқардан. “Бошимизни ялтиратиб сочимизни олдингиз, энди қизлар устимиздан кулишади деяпти”, деди Асқар. “Ўҳ-ҳў, демак буларнинг танлаган қизлари ҳам бор экан-да! Тўғри, одам уялади-да!” деб болаларнинг ёнини олгандим. Ўша куни, янглишмасам, ака-ука боғчага бормаган, “бойкот” эълон қилган эди.
Асқар энаси тўғрисида кўп гапирарди, илк шеърлари ҳам энасига бағишланган эди. Фарғонада менинг ҳам энам бор эди (1982 йилда вафот этган, худо раҳмат қилсин). Асқарнинг энаси “қанақа эна экан?” деб ўйлардим. Кофарниҳонга борганимда кўрдим, худди менинг энамга ўхшар экан. Жуда ажабландим. Кейин, эҳтимол, ҳамма эналар бир-бирига ўхшаса керак деб ўйладим. Ростдан ҳам Асқарнинг энаси Фарғонанинг Бағдод районидаги Чуваланчи қишлоғида яшаб ўтган энамнинг ўзгинаси эди. Меҳнатдан бошқа нарсани билмайди, азобларини сездирмайди; томорқада ўрик пишса битта шохини неварасига илинади, овқат қилса албатта бир косасини асраб қўяди – неварам йўл юриб очиқиб келса ейди, дейди. Пастқамгина кулбада ўтиради. Кўйлакларининг этаклари ҳам, енглари ҳам узун, хаёллари-ўйлари ҳам узун-узун… Энди Фарғонадан кўчирма қилинган пайтларини гапириб берди, очарчилик, қахатчилик йилларини гапириб берди. Кейин Асқаржон билан Фарғонанинг “Ўзбекистон” районидаги Давлат ботир қишлоғини қидириб топдик, чол-кампирлар билан гаплашдик. Кампирнинг таниш-билишларини топдик.
Энди билсам, Асқар билан мени Энамлар ҳам бирлаштириб турар экан. Эналари катта қилган болалар бир хил бўлади, шекилли. Мен ҳам қишлоғимиз четидаги энамнинг ҳовлисида катта бўлганман.
Дадам оламдан ўтганда, бувим (онам) вафот этганда Асқар Фарғонага борган эди. Кейин ўзим қачон уйимизга борсам ҳамқишлоқларим албатта Асқарни сўрарди: «Набижон, ўша ўртоғингни бир чуваланчига олиб келгин, меҳмон қилайлик, суҳбатига тўймай қолганмиз”, дейишади. Чуваланчилик эсли-ҳушли одалар Асқарни соғиниб яшайди. Энди “Асқаржон қачон келади?” дейишса, нима дейман?..
Яқинда тақдир тақозоси билан асли Сариосиёнинг Ҳуфар қишлоғидан бўлган Асадуллло Қаландаров деган ҳофиз йигит билан танишиб қолдим. Бир кеча гурунглашдик. У гап орасида: “Фалончи шоир Тошкентда ҳам ўзининг тожиклигини яшириб юрадими?” деб сўраб қолди. Асадулло номини тилга олган шоирни яхши танийман, лекин нима деб жавоб беришни билмай қолдим: “Нега бундай деяпсиз?” дедим ҳайрон бўлиб. “Чунки унинг ота-онаси ҳам тожиклигини яхши биламан, аммо менга “тожикчани тушунмайман, ўзбекча гапиринг”, деди; ҳазилми деб ўйласам, уч-тўрт марта шунақа деди. Наҳотки, одам унвонми, орденми олиш учун ўз миллатидан тонса?!” деди Асадулло жирканиб. Уф тортдим, ўзимни уёқ-буёққа ташлаб кўрдим, лекин бўлмади, охири ростини айтдим: “Асадулло дўстим, бундан йигирма йилча аввал ўша сиз айтган йигит Тошкентда квартира олди, “уй тўйи” қилди. бордик, устоз адиблар ҳам борди. Шоирнинг онаси ҳам ташриф буюрган экан, биз у кишини зиёрат қилмоқчи бўлдик. Шоир эса йўлимизни тўсди, ҳар хил баҳоналарни рўкач қилди, хуллас, ичкарига қўймади. Билдик, умр бўйи қишлоқда яшаган онахон ўзбекчани яхши билмас экан. Шоир муштипар онасини бизга кўрсатишдан уялди… Сизнинг гапингиз мен учун янгилик эмас”, дедим.
Бу борада Асқар анови шоир дўстимиздан ер билан осмонча фарқ қиларди. У тожик билан ўзбекни эт билан тирноқ деб биларди, бир-биридан ажратиш мумкин эмас деб ўйларди. Тирноқ этдан ажралса, эт ҳимоясиз қолади, дардга чалинади. Этнинг ўзи тирноқдан ажратилса ҳам тирноқ озуқасидан маҳрум бўлади, қорасон бўлиб кўчиб тушади. Фақат аҳмоқ одамгина ўз тирноғини этдан ажратиши мумкин. Боз устига, қон қўшилиб кетган бўлса-чи?! Ҳув уёқда ҳазрат Навоий “пирим, бузрукворим” деб Жомий ҳазратларига оёқ букиб юкиниб турган бўлса-чи?!.
Биз 2000 йилда Асқар, Фарида Афрўз, Тилаб Маҳмуд ва мен Табризга халқаро китоб ярмаркасига бордик. Маълумки, Табриз – Эрон Озарбайжонининг пойтахти ҳисобланади. Анжуман кунлари Табризни зиёрат қилдик. Бир куни мезбонлар бизни кўҳна қабристонга олиб боришди. Дастлаб, ҳайрон бўлдик: нега бу ерга келдик?.. Кейин Асқар ёнма-ён барпо этилган мақбаралардаги лавҳани ўқидию бирдан ёқасини ушлади: “Тавба!” деди юзига фотиҳа тортиб. Қизиқиб турганимни кўриб: “Ишонасизми, Камол Хўжандий билан Камолиддин Беҳзод ёнма-ён ётибди!” деди. Сўнг мезбонлардан: “Бу зотлар ростдан ҳам биз билган улуғ шоир билан мусаввирми?” деб сўради. “Албатта, оғойи Аскар, албатта!” деб тасдиқлади мезбон. Икки буюк зот Табриздан мангу макон топган экан.
Табриздан Теҳронга қайтар кунимиз оқшом чоғи Асқарнинг таклифи бўйича мўъжазгина мушоира ташкил этилди. “Биз эрта тонгда Теҳронга қайтамиз, кейин юртимизга жўнаб кетамиз. Мана, ҳозир орамизда Теҳрондан келган шоирлар ҳам бор. Янглишмасам, табризлик мезбонлар ҳам соҳиби қалам экан. Қирғизистондан, Туркманистондан, Гуржистондан, Афғонистондан келган меҳмонлар ҳам ёзувчи-шоир, ношир, адабиётга яқин кишилар. Шу боис бир-биримизни яхшироқ билишимиз учун биттадан шеър ўқиб берсак. Бўпти, мен собиқ Иттифоқдан келган шоирларнинг шеърларини қўлимдан келганча аслиятдан ёки рус тилидан форсчага ўгириб, тилмочлик қиламан”, деди Асқар. Бу таклиф кўпчиликка маъқул бўлди. Мушоирани Асқарнинг ўзи бошлаб берди: “Афсус, ҳозир орамизда Тожикистондан вакиллар йўқ… Яқинда атоқли тожик шоири Лойиқ вафот этди. У беназир шоир эди. Мен ҳозир Лойиқнинг видо шеърини аввал тожик тилида, сўнг ўзим таржима қилган ўзбекчасини ўқиб бераман”, деди. Даврага сукунат чўкди. Асқар бирпас тин олиб, Лойиқнинг шеърини таъкидлаб, урғуларни жой-жойига қўйиб, чин юракдан ўқий бошлади, айрим сатрларни қайта-қайта ёддан ўқиди. Шеърнинг тожикча матни тугагач, ўзбекчасини бошлади:

Ул лаъли дилхунга дегил, Лойиқ видо деб кетди,
Ул ёри маҳзунга дегил, Лойиқ видо деб кетди.

Тарк айласам қолип агар зору ҳазин, жоним маним,
Зангори соч Мажнунга айт, Лойиқ видо деб кетди.

Тобутим устида агар гулбарглар хушлашсалар,
Ул гулга айт, гулбунга айт, Лойиқ видо деб кетди.

Икки кўзим Жайхун эди халқнинг ўлик армонидан,
Боргил ўша Жайхунга айт, Лойиқ видо деб кетди.

Дунё ғаму озорлари чўкди дилимга қум каби,
Бор, Карбалода қумга айт, Лойиқ видо деб кетди.

Кўнгил бериб, кўнгил олиб, жомлар паёпай сипқориб,
Ул жоми чилпарчинга айт, Лойиқ видо деб кетди.

Бу дафтару шеъру ғазал ўлмас менингдек, эй ажал,
Бор, чархи гардунга дегил, Лойиқ видо деб кетди.

Асқар шеърни тугатгандан кейин ҳам бир нуқтага тикилиб узоқ турди. Билмадим, жимлик қанча давом этди, сукунат қанча давом этди… Ҳеч ким миқ этмасди, ҳеч кимдан сас-садо чиқмасди. Сукунатни бузишга ҳеч ким журъат этмасди: ҳамма хаёлан буюк шоир билан видолашар эди гўё… Охири Асқарнинг ўзи сукунатни вайрон қилди: “Эътиборларинг учун ташаккур, узр”, деди. Ҳаммани ғамга ботиргани учун “узр” сўради. Бирдан кўпчилик уф тортиб юбордию гулдурос қарсак янгради. Қарсакбозлик ҳам узоқ давом этди. Сўнг Теҳроний исмли мажнунсифат (сочларини турмаклаб, елкасига ташлаб олган) барваста шоир Асқарнинг ёнига келиб: “Оғойи Аскар, илтимос, Лойиқнинг девонини менга юборсангиз”, деб адресини ёзиб берди. Тошкентга қайтганимиздан сўнг Асқар элчихона орқали Лойиқнинг девонларини Теҳронга жўнатди.

* * *

Асқар Табриздаги мушоира оқшомида Лойиқнинг видо шеърини тасодифан ўқимаган эди. У Лойиқни шахсан танирди, ижодкор оламини яхши биларди. Лойиқ чинакамига Асқар Маҳкам ҳурмат қиладиган, Асқар меҳр қўйган замондош шоирлардан биттаси эди. У ҳақда Асқар махсус рисола ҳам ёзган. Унинг “Жоми саршор” девонини деярли ёддан билар; суҳбатлашиб ўтирган чоғимизда пешонасини кафтига тираган ҳолатда ўйга толиб мавзуга ҳамоҳанг ғазалларини ифодали ўқий бошларди:

Мо сол хўрда ҳастем, ё сол хўрда моро?!
Мо умр бурда бар сар, ё умр бурда моро?!

Мо жонсупор будем бар ҳожати замона,
Ё азми жонсупорий осон супурда моро?!

Бо ёри норпистон хуфтем, ғофил аз он
Ҳамчун анори ширин дасте фушурда моро!

Роҳи дароз тай шуд дар умри кўтаҳи мо,
Роҳи фасурда кардем раҳ фасурда моро?!

Дар пеши чашми хуршид арчанд кам набудем,
Кам дида чашми камбин, камтар шумурда моро!

Гумкардаҳои моро ҳар зандадил биёбад,
Дилмурдагон валекин хананд мурда моро!

Лойиқ Шерали,
(“Жоми саршор» девонидан)
1991 йил, апрел

* * *

Лойиқ 1941 йил 20 май куни туғилган. 2007 йил 20 май куни 66 ёшга кирарди, 2000 йилда вафот этган (биркам олтмиш ёшда).

* * *

Шавкат Раҳмон ҳам Асқар меҳр қўйган шоир эди. Асқар Шавкат Раҳмонни “оғам” деган бўлса, Шавкат Раҳмон ҳам Асқарни “иним” деган эди. Улар туғишган оға-инидан ҳам яқинроқ эди. Туғишган оға-ини бир-бири билан жисмоний жиҳатдан яқин бўлса, улар руҳан яқин эди, маънан маслакдош эди. Маслак деганда улар Ватан, Миллат тақдирини тушунарди. Истиқлолдан илгари Алпомиш, Фитрат, Чўлпон ёки мустақиллик тўғрисида шеър ёзган шоирлар устидан КГБга “донос” — чақувнома ёзиб берган чиллашир пиёнистадан беқиёс жирканарди, уни кўрганда юзини тескари буриб, бурнини беркитиб ўтарди. Асқар ўша доносчикни “қари итнинг улфати” деб масхара қилади, маслак тимсоли бўлмиш гўшани сакхонага айлантириб қўйган малъун деб тарифлайди. Ўртада Ватан, Миллат тақдири турганда, маслак масаласи ўртага чиққанда Шавкат Раҳмон каби Асқар ҳам муроса нелигини унутарди. Албатта, шийпон остига қантариб қўйилган эски “ГАЗ-24” машинасини эслатадиган нафс бандаси ўзини нишабликка итариб юборилгандай ҳис этардию пақур-пуқир товуш чиқариб, дудбуронидан қоп-қора, сассиқ тутун буруқситиб диконглаб қоларди. Эшикма-эшик юриб амалдор тўралардан тиланчилик қиладиган одатий “маршрут”ини ўзгартириб, елкасига тўрва осиб кўчама-кўча “оши ҳало-ол!” деб қичқириб ўтадиган гаранг подавонни ёнига олиб, Қори Ишкамба ҳузурига дод-вой қилиб боради, мавлоно Муқимий тилидан шикоят қилади:

“Бўлди қизиқ ажиб ҳангомалар,
Арз этайин эмди ёзиб номалар…”

– Номалар битилсун! – деб марҳамат кўрсатади Қори Ишкамба. – Номаларни мамнуният ила инобатға олғайбиз. Локигин, олмоқнинг бермоқғи ҳам бордур.
– Қайтарурбиз, қайтарурбиз! Мана, подавоним, илкингизда гаровда қолғай. Табоқни муҳлат етганда қайтармасам, ана қулбозорға чиқориб сотғайсиз, ман рози!
– Сан-чи, сан ҳам розибисан, подавон? – деб сўрайди Қори Ишкамба ўсмоқчилаб.
– Ман рози, ман кўндим, — дейди подавон бош эгиб.
Савдо пишади.
Нақадар аянч манзара. Нақадар ожиз ул бандалар…
Асқар ожизу нотавон кимсалар билан эмас, Шавкат Раҳмон билан ҳамсуҳбат бўлади. Шавкат Раҳмон Асқарнинг сирдоши эди. Асқар Шавкат ака тўғрисида ҳам махсус рисола ёзди.

Ишонгил,
ҳеч қачон сени алдамас
софдил элатларнинг асотирлари,
бирорта баҳодир ўлганмас жангда,
қўрқоқлар ўлдирган баҳодирларни.

* * *

Асқар Тожикистоннинг ҳақиқий фарзанди эди, Ўзбекистоннинг забардаст шоири эди. Биз шоиримиздан, чин дўстимиздан жудо бўлдик, Тожикистон фарзандидан жудо бўлди. Йўқ, Асқар Маҳкамга нисбатан “жудолик” калимасини ишлатиб бўлмайди. Менинг назаримда, Асқар Кофарниҳонга қайтди, холос. Мен уни ҳали кўп йўқлаб бораман. Тожикистонлик дўст-биродарларим билан Асқарни зиёрат қиламиз.
Яна бир гап. Мен Тожикистонга борсам ўзимни бегонадек ҳис қилмайман; ўз уйимга, ўз юртимга келгандек бемалол юраман, кўпинча Тошкенга қайтишим кераклиги ҳам эсимдан чиқиб кетади. Асқар менинг кўнглимда Тожикистонга нисбатан, тожикларга нисбатан фарзандлик муҳаббатини уйғотди. Буни “муҳаббат” дейиш ҳам унчалик тўғри эмас. Бу бошқа нарса, муҳаббатдан ҳам улуғроқ, самимийроқ бир нарса. Тахминимча, Ўлмас ака, сиз кўпроқ биласиз, мен нима демоқчи эканимни яхши тушунасиз. Абдуллажон, ростини айтсам, мен сизнинг тожик йигити эканингизни билмасдим. Сиз мен учун Абдулла Зуҳур эдингиз; Асқар сизни қандай эъзозласа, мен ҳам укам деганман, укамдай муомала қилиб кетаверганман. Шундай бўлиб қолди. Ака-ука бир-бирини кўрсатиб: “Анавининг онаси бошқа, отаси бошқа”, дейиши мумкинми?! Эси бор одам бундай демайди, умуман бундай гапни ҳатто хаёлига келтирмайди.
Асқар номусли йигит эди. Мен суронли йилларга алоқадор архив хужжатларини кўп титганман, не-не мард йигитлар номус учун жон берганини, номусини сақлаб қолиш учун ватанидан мосуво бўлганини яхши биламан.номус – жондан ҳам азиз. Ватан ҳам номуснинг ичида бўлади. Аксинча бўлмайди. Агар номус ҳижратни ихтиёр этган бўлса, билингки, Ватан ҳам муҳожирликка кетади. Асқар мана шундай номуснинг тимсоли эди. У Кофарниҳонга қайтди… Бизнинг номусимиз Кофарниҳонда мангу қўним топишни ихтиёр этди. Бундан ортиқ яна нима дейиш мумкин?.. Изоҳга на ҳожат, дўстларим!
Кўпинча ҳазил-ҳузил аралаш Асқарга: “Агар бошимга мушкул иш тушса, кўчага чиқишдан аввал бирорта шеърингизни ўқийман, фақат эрталаб ўқийман. Чунки кечаси ўқисам, жанговар тушлар кўраман,уйқумда ҳаловат бўлмайди”, дердим. Дарҳақиқат, Асқарнинг шеърлари ҳаловатимизни бузади; виждонимизни бедор қилади, уйғотади. Токи номусимиз бор экан, Асқарнинг шеърлари ўқилаверади. Асқарнинг шеърлари ҳар куни ўқиладиган шеърлар эмас, улар умр бўйи ўқилади, умр бўйи китоб жавонимизнинг кўзга кўринадиган жойида туради. биз Асқарнинг китобидан битта шеърни ўқиб бир неча кун ўйлаб юрамиз, бир неча кун бирга юрамиз. Бирга юрадиган дўст, бирга турадиган дўст вафот этиши мумкинми?! Фақат олис сафарга кетган, холос.
Биродарларим, юракларингни эзган бўлсам, маъзур кўрасиз. Менимча, Асқар ҳақида гаплашганда, Асқар ҳақида ўйлаганда юраклар эзилмайди, аксинча, кўнгил равшан тортади. У номусдек юракдан жой олган, юрак уришдан тўхтагандагина номус ҳам вужудни тарк этади.
Асқар, сафарингиз бехатар бўлсин!

Набижон Боқий,
Тошкент, Дўрмон Ёзувчилар боғи.
2007 йил 25 март.

055

Nabijon Boqiy
ASQAR MAHKAM KOFARNIHONGA QAYTDI

(O’lmas Jamol, Sayyid Ne’mat Ibrohim, Abdulla Zuhur va boshqa birodarlarimizga ochiq xat)

O’zimizni kundalik tashvishlar bilan chalg’itib andak sovudik, shekilli.
Bir hafta burun taniqli shoir O’tkir Rahmat: “Nabijon, iltimos Asqarjon haqida biror narsa yozib bering, “Hayot” haftanomasida sahifa e’lon qilamiz”, dedi. Biz O’tkir aka bilan qo’shnimiz, Do’rmon yozuvchilar bog’ida yashaymiz. U kishi har kuni o’sha iltimosni eslatadi. Lekin yozishga qo’lim bormaydi: nima deb yozaman?
Mana, bugun 24 martdan 25 martga o’tar kechasi tungi soat 2 30 da uyg’ondim. Tashqarida sim-sim yomg’ir yog’yapti. Jimjitlik. Faqat soatning chiqqillashi eshitiladi, xolos. Asqarni esladim, so’ng O’tkir akaning iltimosi yodimga tushdi… Yo’q, xotira yozolmayman. Undan ko’ra, Dushanbeda tuz-namak bo’lganim do’stlarimga xat yozaman. Hoynahoy, ular “nima balo, Nabijon ham baliqqa o’xshab og’zimni ochsam, suv kirib ketadi deb biqqinafas bo’lib qolganmi?” deb o’ylayotgandir…
mayli, o’ziga bog’liq bo’lmagan sabablar tufayli Asqarjonni so’nggi yo’lga kuzatib kelmadi, ammo do’stlik bunaqa bo’lmaydi-da!.. Xullas, xayollarimga g’arq bo’lib mashinkamni chiqqillata boshladim.
O’lmas aka, Ne’mat aka, Abdullajon! Hozir bir-bir ko’z o’ngimdan o’tyapsizlar.
Esimda, biz bundan bir oy muqaddam Asqarjonning mehmonxonasida o’tirganimizda Dushanbedan Ne’mat akam telefon qilib, “Asqarjon bilan ikki og’iz gaplashay”, deb iltimos qildi.
Telefon simi uzun, Asqarjon yotgan joyga bemalol yetardi, lekin o’zi gaplashadigan ahvolda emasdi. Biz erta-indin yengillashadi, keyin Ne’mat aka bilan bemalol gaplashadi deb umid qildik. Afsus, o’sha umidimiz endi armon bo’lib qoldi, Ne’mat aka.
Ne’mat aka, esingizdami, biz siz bilan Asqarning o’g’illari Bobur bilan Dovud-Akbaralining sunnat to’yidan keyingi kuni Kofarnihon sohillarida tanishgan edik. O’sha to’yga Shavkat Rahmon o’z mashinasida O’shdan Xorog orqali kelgan. Sherali Jo’raev tong otguncha qo’shiq aytgan, so’ng mehmonxonada gurunglashgan edik. O’shandan buyon qancha-qancha suvlar oqib ketdi, eh-he!
Men to’y bahonasida Ibrohimbekning avlodlarini, Fuzayl Maxsum ot surgan muborak zaminni ko’rmoqchi, bilmoqchi edim. Dushanbeda yurganimizda Sadriddin huv naridagi daraxt soyasida taqya kiyib turgan notanish bir kishini ko’rsatib: “Mana shu odam laqay” degan edi. “Ie, laqaylar shunaqa bo’ladimi?” deb so’ragan edim hayratlanib. Chunki men laqaylarni faqat KGB xujjatlari bo’yicha g’oyibona bilardim, xolos. Bizning Farg’onada laqaylar yashamaydi, Toshkentda ham “laqayman!” degan odamni uchratmagan edim. Ertasi kuni Ne’mat akam, Sadriddin, Asqarjon meni ergashtirib Ko’ktoshga bordik. Laqaylar bilan ilk bor shunda tanishdim. Tuz-nasibam qo’shilgan ekan, uch yilga yaqin ularning xonadonida yashadim, do’stlar  orttirdim. Hammasiga, do’stim Asqar sababchi bo’ldi. Esingizdami, Ne’mat aka, men Toshkentdagi KGB  arxividan nusxasini olib borgan arab imlosidagi tergovnomalarni Habibulla Solih tun bo’yi o’qib berar, men matnni krill imlosida yozib olar edim. Biz Anvar akamning mehmonxonasida tong ottirib yurardik (yaqinda Anvar akam Toshkentda o’sha kunlarni esladi).
Hammasiga Asqar sababchi, dedim. Chindan ham shunday. Men 1998 yilda KGB arxividan kech soat 19 dan so’ng “bir kunlik hosil”ni ko’tarib chiqardim, Asqar esa “San’at” jurnalidagi  kabinetida choy damlab o’tirardi. Undan: “Ibrohimbekning tergovnomasida “Azim marqa” degan jilovmergan tilga  olingan, so’ng Azim Ostonaqulov so’roq qilingan. “Marqa” degani nima o’zi? Laqabmi?” deb so’rardim. Asqar xoxolab yuborar, so’ng: “Shunaqa elat bor, laqaylarga yotadi. Dushanbega borsangiz marqa oshnalar bilan tanishtirib qo’yaman”, deb izoh berardi. Xullas, metroning to’xtaydigan vaqti yaqinlashguncha Asqarning kabinetidan chiqmasdik.
Bu orada men “Qatlnoma”ni yozib tugatdim. Qo’lim bo’shagach, Asqar bilan Dushanbega jo’nadim. Hozir bexos o’ylab qoldim: Asqar bilan qachon tanishgan edim?.. Xudo haqqi, eslolmayman. Har holda, 1985 yil bo’lsa kerak. Asqar bitta hovlida ijarada turardi. Kechalari borib yotib qolardim (o’zimning ijaraxonam Bodomzorda edi). Mahmulani qachon ko’rganimni bilmayman-u, lekin Bobur bilan Dovudning bog’chaga qatnab yurganini aniq bilaman. Bir necha marta Asqar ikkovimiz ularni bog’chaga eltib qo’yganimiz ham esimda. Boshqa bir kuni ertalab bog’chaga bormaymiz deb, “araz” qilib olishdi: bitta xonaga kirsam, ularning sochlari tap-taqir qilib ustarada olingan, burchakka qarab yonma-yon miq etmasdan o’tirishardi. “Nega bog’chaga bormayman deyishyapti?” deb so’radim Asqardan. “Boshimizni yaltiratib sochimizni oldingiz, endi qizlar ustimizdan kulishadi deyapti”, dedi Asqar. “O’h-ho’, demak bularning tanlagan qizlari ham bor ekan-da! To’g’ri, odam uyaladi-da!” deb bolalarning yonini olgandim. O’sha kuni, yanglishmasam, aka-uka bog’chaga bormagan, “boykot” e’lon qilgan edi.
Asqar enasi to’g’risida ko’p gapirardi, ilk she’rlari ham enasiga bag’ishlangan edi. Farg’onada mening ham enam bor edi (1982 yilda vafot etgan, xudo rahmat qilsin). Asqarning enasi “qanaqa ena ekan?” deb o’ylardim. Kofarnihonga borganimda ko’rdim, xuddi mening enamga o’xshar ekan. Juda ajablandim. Keyin, ehtimol, hamma enalar bir-biriga o’xshasa kerak deb o’yladim. Rostdan ham Asqarning enasi Farg’onaning Bag’dod rayonidagi Chuvalanchi qishlog’ida yashab o’tgan enamning o’zginasi edi. Mehnatdan boshqa narsani bilmaydi, azoblarini sezdirmaydi; tomorqada o’rik pishsa bitta shoxini nevarasiga ilinadi, ovqat qilsa albatta bir kosasini asrab qo’yadi – nevaram yo’l yurib ochiqib kelsa yeydi, deydi. Pastqamgina kulbada o’tiradi. Ko’ylaklarining etaklari ham, yenglari ham uzun, xayollari-o’ylari ham uzun-uzun…
Endi Farg’onadan ko’chirma qilingan paytlarini gapirib berdi, ocharchilik, qaxatchilik yillarini gapirib berdi. Keyin Asqarjon bilan Farg’onaning “O’zbekiston” rayonidagi Davlat botir qishlog’ini qidirib topdik, chol-kampirlar bilan gaplashdik. Kampirning tanish-bilishlarini topdik.
Endi bilsam, Asqar bilan meni Enamlar ham birlashtirib turar ekan. Enalari katta qilgan bolalar bir xil bo’ladi, shekilli. Men ham qishlog’imiz chetidagi enamning hovlisida katta bo’lganman.
Dadam olamdan o’tganda, buvim (onam) vafot etganda Asqar Farg’onaga borgan edi. Keyin o’zim qachon uyimizga borsam hamqishloqlarim albatta Asqarni so’rardi: «Nabijon, o’sha o’rtog’ingni bir chuvalanchiga olib kelgin, mehmon qilaylik, suhbatiga to’ymay qolganmiz”, deyishadi.
Chuvalanchilik esli-hushli odalar Asqarni sog’inib yashaydi. Endi “Asqarjon qachon keladi?” deyishsa, nima deyman?..
Yaqinda taqdir taqozosi bilan asli Sariosiyoning Hufar qishlog’idan bo’lgan Asadulllo Qalandarov degan hofiz yigit bilan tanishib qoldim. Bir kecha gurunglashdik. U gap orasida: “Falonchi shoir Toshkentda ham o’zining tojikligini yashirib yuradimi?” deb so’rab qoldi. Asadullo nomini tilga olgan shoirni yaxshi taniyman, lekin nima deb javob berishni bilmay qoldim: “Nega bunday deyapsiz?” dedim hayron bo’lib. “Chunki uning ota-onasi ham tojikligini yaxshi bilaman, ammo menga “tojikchani tushunmayman, o’zbekcha gapiring”, dedi; hazilmi deb o’ylasam, uch-to’rt marta shunaqa dedi. Nahotki, odam unvonmi, ordenmi olish uchun o’z millatidan tonsa?!” dedi Asadullo jirkanib. Uf tortdim, o’zimni uyoq-buyoqqa tashlab ko’rdim, lekin bo’lmadi, oxiri rostini aytdim: “Asadullo do’stim, bundan yigirma yilcha avval o’sha siz aytgan yigit Toshkentda kvartira oldi, “uy to’yi” qildi. bordik, ustoz adiblar ham bordi. Shoirning onasi ham tashrif buyurgan ekan, biz u kishini ziyorat qilmoqchi bo’ldik. Shoir esa yo’limizni to’sdi, har xil bahonalarni ro’kach qildi, xullas, ichkariga qo’ymadi. Bildik, umr bo’yi qishloqda  yashagan onaxon o’zbekchani yaxshi bilmas ekan. Shoir mushtipar onasini bizga ko’rsatishdan uyaldi… Sizning gapingiz men uchun yangilik emas”, dedim.
Bu borada Asqar anovi shoir do’stimizdan yer bilan osmoncha farq qilardi. U tojik bilan o’zbekni et bilan tirnoq deb bilardi, bir-biridan ajratish mumkin emas deb o’ylardi. Tirnoq etdan ajralsa, et himoyasiz qoladi, dardga chalinadi. Etning o’zi tirnoqdan ajratilsa ham tirnoq ozuqasidan mahrum bo’ladi, qorason bo’lib ko’chib tushadi. Faqat ahmoq odamgina o’z tirnog’ini etdan ajratishi mumkin. Boz ustiga, qon qo’shilib ketgan bo’lsa-chi?! Huv uyoqda hazrat Navoiy “pirim, buzrukvorim” deb Jomiy hazratlariga oyoq bukib yukinib turgan bo’lsa-chi?!.
Biz 2000 yilda Asqar, Farida Afro’z, Tilab Mahmud va men Tabrizga xalqaro kitob yarmarkasiga bordik. Ma’lumki, Tabriz – Eron Ozarbayjonining poytaxti hisoblanadi.
Anjuman kunlari Tabrizni ziyorat qildik. Bir kuni mezbonlar bizni ko’hna qabristonga olib borishdi. Dastlab, hayron bo’ldik: nega bu yerga keldik?.. Keyin Asqar yonma-yon barpo etilgan maqbaralardagi lavhani o’qidiyu birdan yoqasini ushladi: “Tavba!” dedi yuziga fotiha tortib. Qiziqib turganimni ko’rib: “Ishonasizmi, Kamol Xo’jandiy bilan Kamoliddin Behzod yonma-yon yotibdi!” dedi. So’ng mezbonlardan: “Bu zotlar rostdan ham biz bilgan ulug’ shoir bilan musavvirmi?” deb so’radi. “Albatta, og’oyi Askar, albatta!” deb tasdiqladi mezbon. Ikki buyuk zot Tabrizdan mangu makon topgan ekan.
Tabrizdan Tehronga qaytar kunimiz oqshom chog’i Asqarning taklifi bo’yicha mo»jazgina mushoira tashkil etildi. “Biz erta tongda Tehronga qaytamiz, keyin yurtimizga jo’nab ketamiz.
Mana, hozir oramizda Tehrondan kelgan shoirlar ham bor. Yanglishmasam, tabrizlik mezbonlar ham sohibi qalam ekan. Qirg’izistondan, Turkmanistondan, Gurjistondan, Afg’onistondan kelgan mehmonlar ham yozuvchi-shoir, noshir, adabiyotga yaqin kishilar. Shu bois bir-birimizni yaxshiroq bilishimiz uchun bittadan she’r o’qib bersak. Bo’pti, men sobiq Ittifoqdan kelgan shoirlarning she’rlarini qo’limdan kelgancha asliyatdan yoki rus tilidan forschaga o’girib, tilmochlik qilaman”, dedi Asqar. Bu taklif ko’pchilikka ma’qul bo’ldi. Mushoirani Asqarning o’zi boshlab berdi: “Afsus, hozir oramizda Tojikistondan vakillar yo’q… Yaqinda atoqli tojik shoiri Loyiq vafot etdi. U benazir shoir edi. Men hozir Loyiqning vido she’rini avval tojik tilida, so’ng o’zim tarjima qilgan o’zbekchasini o’qib beraman”, dedi. Davraga sukunat cho’kdi. Asqar birpas tin olib, Loyiqning she’rini ta’kidlab, urg’ularni joy-joyiga qo’yib, chin yurakdan o’qiy boshladi, ayrim satrlarni qayta-qayta yoddan o’qidi. She’rning tojikcha matni tugagach, o’zbekchasini boshladi:

Ul la’li dilxunga degil, Loyiq vido deb ketdi,
Ul yori mahzunga degil, Loyiq vido deb ketdi.

Tark aylasam qolip agar zoru hazin, jonim manim,
Zangori soch Majnunga ayt, Loyiq vido deb ketdi.

Tobutim ustida agar gulbarglar xushlashsalar,
Ul gulga ayt, gulbunga ayt, Loyiq vido deb ketdi.

Ikki ko’zim Jayxun edi xalqning o’lik armonidan,
Borgil o’sha Jayxunga ayt, Loyiq vido deb ketdi.

Dunyo g’amu ozorlari cho’kdi dilimga qum kabi,
Bor, Karbaloda qumga ayt, Loyiq vido deb ketdi.

Ko’ngil berib, ko’ngil olib, jomlar payopay sipqorib,
Ul jomi chilparchinga ayt, Loyiq vido deb ketdi.

Bu daftaru she’ru g’azal o’lmas meningdek, ey ajal,
Bor, charxi gardunga degil, Loyiq vido deb ketdi.

Asqar she’rni tugatgandan keyin ham bir nuqtaga tikilib uzoq turdi. Bilmadim, jimlik qancha davom etdi, sukunat qancha davom etdi… Hech kim miq etmasdi, hech kimdan sas-sado chiqmasdi. Sukunatni buzishga hech kim jur’at etmasdi: hamma xayolan buyuk shoir bilan vidolashar edi go’yo… Oxiri Asqarning o’zi sukunatni vayron qildi: “E’tiborlaring uchun tashakkur, uzr”, dedi. Hammani g’amga botirgani uchun “uzr” so’radi. Birdan ko’pchilik uf tortib yubordiyu gulduros qarsak yangradi. Qarsakbozlik ham uzoq davom etdi. So’ng Tehroniy ismli majnunsifat (sochlarini turmaklab, yelkasiga tashlab olgan) barvasta shoir Asqarning yoniga kelib: “Og’oyi Askar, iltimos, Loyiqning devonini menga yuborsangiz”, deb adresini yozib berdi. Toshkentga qaytganimizdan so’ng Asqar elchixona orqali Loyiqning devonlarini Tehronga jo’natdi.

*     *    *

Asqar Tabrizdagi mushoira oqshomida Loyiqning vido she’rini tasodifan o’qimagan edi. U Loyiqni shaxsan tanirdi, ijodkor olamini yaxshi bilardi. Loyiq chinakamiga Asqar Mahkam hurmat qiladigan, Asqar mehr qo’ygan zamondosh shoirlardan bittasi edi. U haqda Asqar maxsus risola ham yozgan. Uning “Jomi sarshor” devonini deyarli yoddan bilar; suhbatlashib o’tirgan chog’imizda peshonasini kaftiga tiragan holatda o’yga tolib mavzuga hamohang g’azallarini ifodali o’qiy boshlardi:

Mo sol xo’rda hastem, yo sol xo’rda moro?!
Mo umr burda bar sar, yo umr burda moro?!

Mo jonsupor budem bar hojati zamona,
YO azmi jonsuporiy oson supurda moro?!

Bo yori norpiston xuftem, g’ofil az on
Hamchun anori shirin daste fushurda moro!

Rohi daroz tay shud dar umri ko’tahi mo,
Rohi fasurda kardem rah fasurda moro?!

Dar peshi chashmi xurshid archand kam nabudem,
Kam dida chashmi kambin, kamtar shumurda moro!

Gumkardahoi moro har zandadil biyobad,
Dilmurdagon valekin xanand murda moro!

Loyiq Sherali,
(“Jomi sarshor» devonidan)
1991 yil, aprel

*    *    *

Loyiq 1941 yil 20 may kuni tug’ilgan. 2007 yil 20 may kuni 66 yoshga kirardi, 2000 yilda  vafot etgan (birkam oltmish yoshda).

*     *    *

Shavkat Rahmon ham Asqar mehr qo’ygan shoir edi. Asqar Shavkat Rahmonni “og’am” degan bo’lsa, Shavkat Rahmon ham Asqarni “inim” degan edi. Ular tug’ishgan og’a-inidan ham yaqinroq edi. Tug’ishgan og’a-ini bir-biri bilan jismoniy jihatdan yaqin bo’lsa, ular ruhan yaqin edi, ma’nan maslakdosh edi. Maslak deganda ular Vatan, Millat taqdirini tushunardi. Istiqloldan ilgari Alpomish, Fitrat, Cho’lpon yoki mustaqillik to’g’risida she’r yozgan shoirlar ustidan KGBga “donos” — chaquvnoma yozib bergan chillashir piyonistadan beqiyos jirkanardi, uni ko’rganda yuzini teskari burib, burnini berkitib o’tardi. Asqar o’sha donoschikni “qari itning ulfati” deb masxara qiladi, maslak timsoli bo’lmish go’shani sakxonaga aylantirib qo’ygan mal’un deb tariflaydi. O’rtada Vatan, Millat taqdiri turganda, maslak masalasi o’rtaga chiqqanda Shavkat Rahmon kabi Asqar ham murosa neligini unutardi. Albatta, shiypon ostiga qantarib qo’yilgan eski “GAZ-24” mashinasini eslatadigan nafs bandasi o’zini nishablikka itarib yuborilganday his etardiyu paqur-puqir tovush chiqarib, dudburonidan qop-qora, sassiq tutun buruqsitib
dikonglab qolardi. Eshikma-eshik yurib amaldor to’ralardan tilanchilik qiladigan odatiy “marshrut”ini o’zgartirib, yelkasiga to’rva osib ko’chama-ko’cha “oshi halo-ol!” deb qichqirib o’tadigan garang podavonni yoniga olib, Qori Ishkamba huzuriga dod-voy qilib boradi, mavlono Muqimiy tilidan shikoyat qiladi:

“Bo’ldi qiziq ajib hangomalar,
Arz etayin emdi yozib nomalar…”

– Nomalar bitilsun! – deb marhamat ko’rsatadi Qori Ishkamba. – Nomalarni mamnuniyat ila inobatg’a olg’aybiz. Lokigin, olmoqning bermoqg’i ham bordur.
– Qaytarurbiz, qaytarurbiz! Mana, podavonim, ilkingizda garovda qolg’ay. Taboqni muhlat yetganda qaytarmasam, ana qulbozorg’a chiqorib sotg’aysiz, man rozi!
– San-chi, san ham rozibisan, podavon? – deb so’raydi Qori Ishkamba o’smoqchilab.
– Man rozi, man ko’ndim, — deydi podavon bosh egib.
Savdo pishadi.
Naqadar ayanch manzara. Naqadar ojiz ul bandalar…
Asqar ojizu notavon kimsalar bilan emas, Shavkat Rahmon bilan hamsuhbat bo’ladi. Shavkat Rahmon Asqarning sirdoshi edi. Asqar Shavkat aka to’g’risida ham maxsus risola yozdi.

Ishongil,
hech qachon seni aldamas
sofdil elatlarning asotirlari,
birorta bahodir o’lganmas jangda,
qo’rqoqlar o’ldirgan bahodirlarni.

*    *   *

Asqar Tojikistonning haqiqiy farzandi edi, O’zbekistonning zabardast shoiri edi. Biz shoirimizdan, chin do’stimizdan judo bo’ldik, Tojikiston farzandidan judo bo’ldi. Yo’q, Asqar Mahkamga nisbatan “judolik” kalimasini ishlatib bo’lmaydi. Mening nazarimda, Asqar Kofarnihonga qaytdi, xolos. Men uni hali ko’p yo’qlab boraman. Tojikistonlik do’st-birodarlarim bilan Asqarni ziyorat qilamiz.
Yana bir gap. Men Tojikistonga borsam o’zimni begonadek his qilmayman; o’z uyimga, o’z yurtimga kelgandek bemalol yuraman, ko’pincha Toshkenga qaytishim kerakligi ham esimdan chiqib ketadi. Asqar mening ko’nglimda Tojikistonga nisbatan, tojiklarga nisbatan farzandlik muhabbatini uyg’otdi. Buni “muhabbat” deyish ham unchalik to’g’ri emas. Bu boshqa narsa, muhabbatdan ham ulug’roq, samimiyroq bir narsa. Taxminimcha, O’lmas aka, siz ko’proq bilasiz, men nima demoqchi ekanimni yaxshi tushunasiz. Abdullajon, rostini aytsam, men sizning tojik yigiti ekaningizni bilmasdim. Siz men uchun Abdulla Zuhur edingiz; Asqar sizni qanday e’zozlasa, men ham ukam deganman, ukamday muomala qilib ketaverganman. Shunday bo’lib qoldi.
Aka-uka bir-birini ko’rsatib: “Anavining onasi boshqa, otasi boshqa”, deyishi mumkinmi?! Esi bor odam bunday demaydi, umuman bunday gapni hatto xayoliga keltirmaydi.
Asqar nomusli yigit edi. Men suronli yillarga aloqador arxiv xujjatlarini ko’p titganman, ne-ne mard yigitlar nomus uchun jon berganini, nomusini saqlab qolish uchun vatanidan mosuvo bo’lganini yaxshi bilaman.nomus – jondan ham aziz. Vatan ham nomusning ichida bo’ladi. Aksincha bo’lmaydi. Agar nomus hijratni ixtiyor etgan bo’lsa, bilingki, Vatan ham muhojirlikka ketadi.
Asqar mana shunday nomusning timsoli edi. U Kofarnihonga qaytdi… Bizning nomusimiz Kofarnihonda mangu qo’nim topishni ixtiyor etdi. Bundan ortiq yana nima deyish mumkin?..
Izohga na hojat, do’stlarim!
Ko’pincha hazil-huzil aralash Asqarga: “Agar boshimga mushkul ish tushsa, ko’chaga chiqishdan avval
birorta she’ringizni o’qiyman, faqat ertalab o’qiyman. Chunki kechasi o’qisam, jangovar tushlar ko’raman,uyqumda halovat bo’lmaydi”, derdim. Darhaqiqat, Asqarning she’rlari halovatimizni buzadi; vijdonimizni bedor qiladi, uyg’otadi. Toki nomusimiz bor ekan, Asqarning she’rlari o’qilaveradi. Asqarning she’rlari har kuni o’qiladigan she’rlar emas, ular umr bo’yi o’qiladi, umr bo’yi kitob javonimizning ko’zga ko’rinadigan joyida turadi. biz Asqarning kitobidan bitta she’rni o’qib bir necha kun o’ylab yuramiz, bir necha kun birga yuramiz. Birga yuradigan do’st, birga turadigan do’st vafot etishi mumkinmi?! Faqat olis safarga ketgan, xolos.
Birodarlarim, yuraklaringni ezgan bo’lsam, ma’zur ko’rasiz. Menimcha, Asqar haqida gaplashganda, Asqar haqida o’ylaganda yuraklar ezilmaydi, aksincha, ko’ngil ravshan tortadi. U nomusdek yurakdan joy olgan, yurak urishdan to’xtagandagina nomus ham vujudni tark etadi.
Asqar, safaringiz bexatar bo’lsin!

Nabijon Boqiy,
Toshkent, Do’rmon Yozuvchilar bog’i.
2007 yil 25 mart.

(Tashriflar: umumiy 178, bugungi 1)

3 izoh

  1. assalomualaykum nabijonaka men ne’mat ibrohimni o’gillari bo’laman elektron adresingizni jo’nating mening ismim komil.

  2. Salom Komil,Nabijon Boqiyning el. adresi yo’q. Ammo siz haqingizda Nabijon Boqiyga albatta xabar beramiz.
    Hurmat bilan Xurshid Davron

  3. Rahmat Xurshidaka, albatta mening salomimni etkazing biz uchun qiblagohimizning do’stlari qadrlidir.(telnomerim +7 925 343 24 80 )

Izoh qoldiring