Shavkat Rahmon: Shoirlik — qismat.

shavkat-rahmon

   Инсон қалби ҳақидаги ҳар қандай китоб ўқилишга муҳтождир. Шубҳасиз,у Инсон ҳақидаги билимдир. Бу билимдан бебаҳра яшаш инсон ўз исмини билмай яшаш билан баробардир. Адабиётнинг қисмати ижодкорнинг қалами қудратига,салоҳиятига,онгу шуури даражасига,қалби кенглиги ва албатта,виждонига боғлиқ.»Шоирлик – қисмат» эканлигини эрта англаб улгурган Шавкат Раҳмон учун шеър тирикликнинг мазмунига айланган эди.

Раъно Муллахўжаева
ШАВКАТ РАҲМОН: ШОИРЛИК — ҚИСМАТ
09

   Адабиётнинг қисмати ижодкорнинг қалами қудратига, салоҳиятига, онгу шуур даражасига, қалби кенглиги ва албатта, виждонига боғлиқ.

Инсоннинг қалби ҳақидаги ҳар кандай китоб ўқилишга муҳтождир. Шубҳасиз, у Инсон ҳақидаги билимдир. Бу билимдан бебаҳра яшаш инсон ўз исмини билмай яшаш билан баробардир, деб бежиз айтмайдилар.

“Шоирлик – қисмат” эканлигини эрта англаб улгурган Шавкат Раҳмон учун шеър умрининг, тирикликнинг маъно-мазмунига айланган эди. 80-йиллардан шеърият аҳлига таниш бу шоирнинг шеърлари бошданоқ шахсий дардлар ифодасидан анча баланд эди. Унинг дарду армонлари, изтироблари халқнинг дарди, миллатнинг дарди билан, жамиятнинг муаммолари билан чамбарчас боғланиб кетганди. У дастлабки шеърларида:

Яшамоғим зарур
 Ҳар дақиқани
 Ғазаб билан, севги билан тўлдириб,
 дунёдаги барча қора нарсани
 ёруғ  лаҳзаларда ўлдириб.

–  деб ёзган эди.
Шоир ҳалқининг тарихини ўрганди, уни шеърга солди, тақдирини англашга уринди. Унинг ютуқларидан – тарихдаги улуғ сиймоларнинг – аждодларининг кашфиётларидан, жасоратидан қувонди. Айни пайтда ҳалқининг, миллатининг бутун фожеаси, биринчи навбатда, шу ҳалқнинг ўз ютуги камчиликларига бориб такалиши уни ўйга толдирди, миллат бошига тушган фожеаларнинг сабаб ва илдизини рўйи рост айтишга, миллатни уйғотишга шошилди. Чунки бундай яшаш тарзи ҳали ҳам давом этарди:

Бунда ҳар бир чечак,
 Ҳар бир гиёҳнинг
 осмонни тўсгудай ҳайбати бордир.
 Бу диёр нақадар улуғ  бўлса-да,
 улкан одамларга нақадар зордир.

Замон ҳар доим ҳам шоирнинг кўнглидаги гапларни очиқ айтишга имкон бермади. Шу боис у чечаклару гиёҳлардан, тошларнинг гуллаши-ю, юлдузларнинг қулашидан, тоғларнинг уйғоқлигидан биз ва сиз излаб топгандан ҳам кўпроқ маъно истади. Уларни ўз фикрларини ифодалаш воситасига – тимсолу рамзларга, мажозий ифодаларга айлантирди:

Тош хам гулларми деб,
минглаб калтабин
 гурзисин дўлайиб йиқилган пайтда,
мардона илжайиб, кўрасиз, дедим,
бир кун гуллайди бу тош, албатта.
 Балки тош ҳозироқ
гуллаётгандир,
минг рангли жилода яшнаб, ўзгариб,
балки бу гулларни кўрмаётгандир
 ҳаттоки шоирнинг ўткир кўзлари…

Шавкат Раҳмон ижодининг гуллаган даври энг оғир кунларга – мустабид Шўро тузумининг сўнгги йилларига тўғри келди. Халқнинг оғир аҳволи, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ва ижтимоий қарамликка қарши исёнкорлик руҳи шеърга кўчгани сир эмас. Бунинг оқибатида шеъриятда, хусусан Шавкат Раҳмон ижодида ижтимоий мавзунинг муҳимроқ ўринга чиққанини кўрамиз. Аммо шуниси эътиборлики, Шавкат Раҳмон шеърни публицистикага – фикрнинг қурбонига айлантириб юбормади. Уни қурбон қилгани йўқ. Унга содиқ қолди.

«Туркийлар», «Кенглик соғинчи», «Бўрилар» сингари шеърларида она юртнинг, миллатнинг дарди, уларнинг тақдири ҳақидаги шоир қайғуси ҳам мажоз, ҳам очиқ ифодаларда берилади. Жумладан:

Армоним улғайди…
кеча сўйлардим –
 Қанийди бўлса деб бирорта мард дўст.
 Бугун қон йиғларман –
денгиз бўлсайди,
 бўлсайди улуғвор уммонларга йўл.

Ҳалкимиз ҳаётида кечаётган воқеаларнинг ҳеч бири Шавкат Раҳмон назаридан четда қолган эмас. У ҳар доим шеърга хос жасорат билан биринчилардан бўлиб яқинлашиб келаётган ҳар қандай хавфдан элни огоҳ килди, ҳар қандай зулмга, жаҳолатга қарши курашди.

Бир вақтлар дўсти йўқлигидан куйиниб шеър ёзган шоир энди қуриб тугаётган денгизнинг ҳасратида. Миллатининг манқуртлашиб, жисмонан заифлашиб бораётганидан аламда. У яна сўзи – шеъри билан бирга бу дарду машаққатларни бошида ўтказади, у орқали ҳасратини тўкиб солади:

…Сўнгги зурёдимни заҳарлар куллар,
сўнгги чечакларим айниб сўлажак.
Эй, беклар,
 заҳар ич – ўзбегинг қолиб,
ўзгага бўйсундинг,
ўлганинг шулдир.
Шунданми, бошида теридан колип,
саксовул сингари майишган будун.

Шоир замон муаммолари — миллатнинг дардини ифодалар экан,тарихга бот-бот мурожаат қилади:

Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.
Илавсин йигитлар,
бобир йигитлар
саждага бош қўйди тескари қараб,
гулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.

Шавкат Раҳмон шеърлари фақат дилнинг эмас,жасоратнинг ҳам таржимонидир.Шоир ижодини кузатиб борган ўқувчи унинг шеърдан-шеърга юксалиб,курашчанлиги ортиб борганлигини кўради.

Руҳ  манзараларини тасвиру талқин этган шеър – изтиробнинг меваси, соғинчу армоннинг маҳсули, севги ва нафратнинг намойиши сифатида дунё юзини кўради.

Шоир бу серғалва, фоний дунёда ИШҚни ягона таянч деб билади. Ундан бошқа нарсаларнинг ҳаммаси бекор:

Фақат ишқ…
 Фақат ишқ…
 Бошқаси сароб,
 Бошқаси шамолнинг оний сурони…

Ишқ орқали англанган дунёни комилликсиз тасаввур этиб бўлмайди. Дунёнинг ўзи ҳам мукаммал уйғунликдан ташкил топган. Инсон ҳам унинг бир бўлаги сифатида камолотга етишмоғи лозим. Ахир одамзоднинг ўз-ўзини англашга бўлган қизиқиши, интилиши ҳеч качон тинч қўймаган. Ўзни англаш эса бир умр давом этадиган узлуксиз жараён. Инсоннинг камолоти хам худди мана шу ўзликни англашдан бошланади.

Камолот – абадий,
Камолот – чексиз…
Аммо Камолотнинг йўли равонмас –
Соддадил йўловчи арчалар, мана,
 Таажубда тўхтабди қорли довонда.
 Мангу юрардилар агар роҳ бўлса,
Сира турмасдилар юксакда эпсиз, –

деб ёзади шоир.
Шавкат Раҳмон ёш ўзбек шоирларига мурожаат килиб битган бир шеърида шундай деган эди:

Сўзларни қайрайлик,
 тағин қайрайлик,
токим кескир бўлсин бамисли олмос,
 Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз колмаса…
 Ҳеч нарса қолмас.

Чиндан, шоирдан фақат сўз қолади. Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Фитратдан фақат сўз қолди. Буюк Навоийдан сўз қолди. Дилни ўртайдиган, борлиқни куйдириб-кул қиладиган, – руҳни камолотга элта биладиган сўз қолди. Бу сўз вақтнинг шамолларида қаддини тутди, исён-оташларда ўзини тоблади – ўлмади, балки яшарди – яшади. Чунки бу сўз мангуликка дахлдор эди. Инсоннинг азалий ва абадий дардлари, муаммоларини англаш ва англатишга уринган қалбнинг ўз-ўзини намойиш қилиши эди. Шавкат Раҳмон ҳам сўз қудратини шундай ҳис этди. Бўлмаса, шоир бир шеърида шундай деб ёзармиди:

Мендан нима қолур,
абадий нурлар
 барқ  уриб яшнаган дунё томонда?
Уриниб, суриниб сира тўлмаган
 бир кўнгил қолади
 қолса ҳам мендан…

Яна ўша сўз. У кўнгилнинг таржимони, орзуларни яширган бир хазина.
Кўплаб шоирлар каби Шавкат Раҳмон учун ҳам яшашнинг маъно-мақсадини, умр ва ҳаёт мазмунини, тирикликнинг моҳиятини англашга, инсоннинг инсонлик шаънига, қадр-қимматини, миллатнинг тақдири ўзининг бўйидан бир неча энлик(қарич) баландрок эканлигини англашга йўл топиб берган мўъжизавий қурол сўз бўлди. Бору йўқлик ичида буларнинг барчасини англатишга уриниб, изтироб ичида қолган, оташлар бағрида ўзини излаб топгани сўз бўлди.

Абадият оралаб ўзини, сўзини ва ҳатто ватанини излаган шоир учун сўз идрокка, ифодага айланди. “Абадият оралаб  Ўшга қачон етамиз?..” – дейди бир шеърида шоир. Сўзнинг – ёниқ  овознинг ўлмаслигига ишонч эса мана бундай жаранглади:

Агар етти кават ернинг қаърида
 ётсам-да, ларзага солиб ҳавони,
элимнинг юрагин
топар барибир
жисмимни куйдириб учган овозим.

Шеър – дилнинг таржимони, дедик. Бироқ Шавкат Раҳмон шеърлари фақат дилнинг эмас, жасоратнинг таржимаси, шоирнинг ўзи – жасорат таржимони, деган баҳони  ҳам олиб улгурган.
Шавкат Раҳмон шеърлари ўзи мансуб бўлган авлод шеърияти каби ватан ичида ватанни соғиниб яшаган шеърият эди. Шоир умри давомида ўзини англаш йўлида нечоғли ҳаракат қилган бўлса, босган ҳар бир қадамида ватанни англашга уринди. Шу боис халк, жасорат, кураш сингари муҳим мавзу ва ғоялар ёнида Ватан, унинг тарихи ва тақдири ҳақидаги ўйлар, қалбдаги чўнг оғриқлар ифодаси шеърхонни ҳам ўзлиги, ватани ҳақида ўйлашга ундайди, унинг мудраб ётган руқу юрагини уйғотади(чинакам шеъриятнинг вазифаси ҳам шу-да!):

Ҳали бирор ишни уддаламадим,
 Ҳали хеч кимсани қилмадим рози
 Беҳуда ўтибди гўзал умримнинг
 Қанчалаб чиройли баҳори, ёзи.
 Фароғат борлиигин унутиб кўйдим,
 бағримга чақинлар тегди дафъатан.
 Сендан улуғроқ нарса йўқлигин
 сочим оқарганда англадим, Ватан.

Маълумки, ҳар қандай ҳаёт ҳодисаси, инсон қалбига доир ҳар қанака фикр-туйғу шеъриятда образ орқали, бевосита образли тилда аксини топади. Шавкат Раҳмон шеърларида хам табиат бағридан танлаб олинган тимсоллар гўзал ва бетакрордир.

Шоир шеъриятидаги тоғ  – шоирнинг юксалиб кетган руҳи,  изтиробу қувончлари. Шунинг учун бўлса керак, шоирнинг илк шеърларидан то сўнггисигача тоғлар у билан яшайди.

Тоғ хўрсиниб юборди оғир–
водийларга югурди шамол,
 юзларини яширди ҳилол.

Тоғ хўрсиниб юборди оғир,
 Теран хобдан уйғонди юрак,
 Тоғлар каби хўрсинмоқ керак.

Шавкат Рахмон сўнгги нафасигача тоғларга талпиниб яшади, оғир дамларда улардан мадад кутди:

Нодиражон, Шоиражон,
 танам қимир этмайди,
 олис-олис воҳалардан
 тоғларимни чақиринг,
 осмон тўла ҳаволар
 фақат менга етиайди…
Нодиражон, Шоиражон
 Танам қимир этмайди,
 боринг қорли тоғларга:
бир шоир ётибди, денг,
 Худонинг ҳовлисида…
 Осмон тўла ҳаволар
 фақат менга етмайди…

Буларнинг ҳаммаси Ватанга, туғилган заминга боғланганлик, ундан узилолмаслик – муҳаббат эди. Шоир ватанини юракнинг энг чуқур тубларига жойлаб сева билди:

Жойлашгансан шунчалар чуқур,
Ўз тубига яшринган юрак
Сенга етиб боргунча, менинг
Узун умрим етмаса керак.

Шавкат Раҳмон жаҳон адабиётига мурожаат этар экан,аввало,испан шоирлари ижодига таржимон сифатида ёндашди.Гарсиа Лорканинг мактабидан маънавий озуқ олди. Шунингдек,Хуан Рамон Хименес,Рафаэль Альберти шеърларини испанчадан ўгирди. Уларнинг ижоди Шавкат Раҳмонга ўзлигини таниш ва бетакрор истеъдодини кўрсата билиш имкониятини берди.Шавкат Раҳмон Чўлпон,Усмон Носир,Рауф Парфи сингари ХХ аср ўзбек шеъриятида шоир шахси билан жиддий ўзгаришлар ярата олди. У қисқа умри давомида ХХ аср ўзбек шеърияти хазинасидан муҳим ўрин эгаллаган асарлар қолдиришга улгурди.

«Энг қайғули шодлик — шоирликдир. Қолган ҳаммаси бекор. Ҳатто ўлим ҳам»,- дея ёзган эди машҳур испан шоири Гарсиа Лорка. Шеър Шавкат Раҳмоннинг ҳам бахти,ҳам бахтсизлиги эди. У Муҳаббатнинг энг тоза сарҳадлари,Ироданинг юксакликларида,ИНСОН яшашга лойиқ бўлган энг баланд пардаларда яшади:

Энг бахтиёр лаҳзаларда ҳам
Унинг сокин исёни сўнмас,
Туғилмаган шунчаки асло,
У ҳеч қачон шунчаки ўлмас.

Матн «ЖннатМакон» журналидан (сентябрь/2007) олинди,интернетда эълон қилинган нусхаси билан тўлдирилди.

04

(Tashriflar: umumiy 187, bugungi 1)

1 izoh

  1. Shavkat Rahmon she’riyati badiiy va g’oyaviy jihatdan ham, obrazlilik jihatidan ham juda yuksak she’riyat. Garchi U inson bilan yuz ko’rishmagan bo’lsam-da, dunyoda do’st, ustoz deb bilganlarimdan ham ko’proq narsalarni uning she’rlaridan o’rgandim. Haqiqiy So’z jonkuyari, deb bilaman Shavkat akani. Hozirgi kunimizga, adabiyotga ham mana shunday mardonavor kuychilar kerak, nazarimda. Bu bilan hech kimni tanqid qilmoqchimasman… mana ko’rdingizmi o’zimni darrov soqid qilyapman. Haqiqatdan ham mardonavorlikni, chin jasurlikni Shavkat Rahmondan o’rgansak, arziydi.

Izoh qoldiring