Ишонасизми, баъзан адамни эслаб ёки адам билан боғлиқ бирор нарсани сўраб қўнғироқ қилишса, ўша куни яхши кайфиятда юраман, хурсанд бўламан, ич-ичимдан ўша одамдан миннатдор бўлиб кетаман, ҳаётимга мазмун киргандек бўлади. Адамга айтгим келиб кетади: «Адажон, сиз ҳақингизда яхши гаплар гапирди, мени кўнглимни кўтарди, невараларингизнинг хол-аҳволи билан кизиқди», деб…
САЙЁРА ХОЛМИРЗАЕВА: «АДАМСИЗ КУНЛАРИМ ЎТАЁТГАНИГА ИШОНМАЙ ҚОЛАМАН…»
Суҳбатдош — Хурсандбек Тўлибоев
— Сайёра опа, адабиётимиз фидойиси Шукур Холмирзаев асарларига бўлган талаб кундан-кун ошиб боряпти. Бу — қувонарли ҳол. Уларнинг 70 йилликлари ҳам кенг нишонланди. Бу адабий ҳаётимизда муҳим саналардан бири эди. Шундай кунларда қандай ўй-фикрлар ҳаёлингиздан ўтди?
— Тўғриси, энг аввало, қўмсаш, соғиниш ҳисси қийнаб юборади. Қани эди, адажоним ҳаёт бўлганларида, шундай кунларда қувониб, ўзимни қўйишга жой тополмай, ҳаяжонланиб, ёнларида юрган бўлар эдим. Албатта, ижод билан шуғулланиб, қанчадан-қанча асарлар яратган бўлардилар. Чала қолган ўнга яқин ҳикояларини, эсселарини якунлаган, «Динозавр» романини (2 ва 3 асарини) охирига етказган бўлар эдилар. Яқинлари — қариндошлар, дўстлар, шогирдлар ва адабиёт ихлосмандлари-қуршовида яхши гапларни, табрикларни эшитиб қувонардилар. Фарзандларимни ҳамма нарсани тушунадиган, ақлли йигитчалар бўлиб қолганидан канчалик хурсанд бўлар эдилар. Улар кун-кунора буваларидан хабар олиб, уларнинг хизматларини қилардилар. Адам уларга ҳам маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатган бўлардилар. Уларнинг маслаҳатларига, далдаларига, суҳбатларига, илиқ гапларига фарзандларимгина эмас, ўзим ҳам қанчалик зор эканлигимни сўз билан айта олмайман. Баъзан, адамсиз кунларим ўтаётганига — яшаётганимга ишонмай қоламан. Қўлимиздан ҳеч нарса келмас экан…
Ишонасизми, баъзан адамни эслаб ёки адам билан боғлиқ бирор нарсани сўраб қўнғироқ қилишса, ўша куни яхши кайфиятда юраман, хурсанд бўламан, ич-ичимдан ўша одамдан миннатдор бўлиб кетаман, ҳаётимга мазмун киргандек бўлади. Адамга айтгим келиб кетади: «Адажон, сиз ҳақингизда яхши гаплар гапирди, мени кўнглимни кўтарди, невараларингизнинг хол-аҳволи билан кизиқди», деб…Қувончли воқеалардан бири, «Шукур Холмирзаев ҳақида замондошлари хотирасида» тўплами Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилаётганлигидир. Мен тўпловчи сифатида барча мақола муаллифларига, нашриёт ходимларига ва бунга бош-қош бўлган барча инсонларга ташаккур билдираман.
Рус адабиёти вакили Н.В.Гоголнинг қуйидаги айтган гаплари қанчалик ҳақиқат эканлиги ёдимга тушади: «Адабиёт оламида ўлим йўқ, бунда марҳумлар ҳам худди тириклар каби ишларимизга аралашиб, ўзимиз билан ёнма-ён юрадилар.»
— Сиз ёзувчининг фарзандисиз, адабиётшунос олима сифатида, айтинг-чи, Шукур аканинг кичик наср устаси дея шуҳрат қозонишида нималар сабаб бўлиши мумкин. Бу жаҳон ҳикоячилик мактаби билан яхши таниш бўлганими ёки…?
— Бу саволингизга жавобни адамнинг ўзлари кўплаб мақолаларида, суҳбатларида бериб бўлганлар. Улар 4 та улуғ ҳикоянавис — Чехов, Жек Лондон, Тагор ва А.Қаҳҳорлардан олган сабоқлари ҳикоя ёзиш борасида маълум бир хулосалар — қарорларга келишга ёрдам берганлигини 1970 йилда ёзилган «Ҳикоя ҳақида» номли мақолаларидаёқ айтиб ўтганлар. Улар билан қилинган суҳбатларда баъзи фикрларини эслатиб ўтмоқчиман: «Ёзувчилик касбмас, бу қисмат. Оллоҳ берган яна нимадир бўлар экан, лекин мен буни қисмат, деб биламан. Ўзида бўлса, тинимсиз ишласа ёзувчи бўлади»; «Бадиий ижодда сифат ҳақида ўйлаш — маҳорат ҳақида ўйлаш бўлса керак.. Маҳорат ҳар бир ёзувчининг ўзига боғлиқ, унинг таъби ва қобилиятига боғлиқ чуқур изланишлар оқибати ҳамдирки бу изланишларнинг бошида (умумадабий меросдан узоқлашмаган ҳолда) ижодий тажрибалар — экспериментлар туради»; «Менинг бутун онгли ҳаётим — ижод бобидаги изланишларим — мумкин қадар соддаликка етишиш, асар воқеаларининг мумкин қадар ҳаётга ва унинг табиий жараёнларига ўхшашлигига, қолаверса, асар ғояси — бадиий ниятнинг ҳам ана ўша воқеа-жараён тизимидан беихтиёр ситилиб чиқиши йўлида кечиб келаётир. Бу изланишларни синтезга эришиш, деб баҳолаш ҳам мумкин».
Жаҳон ҳикоячилиги мактаби билан яхши таниш бўлган адабиётшуносларни, ёзувчиларни кўплаб учратиш мумкиндир, лекин улардан «кичик наср устаси» чиқавермайди-ку! Демак, албатта, ёки…си муҳимроқдир.
Биламизки, умуман ҳар бир касбда ҳам ўзининг устаси бўлиши учун инсон ўзи бажараётган ишни сидқидилдан яхши кўриши, шу соҳадаги иқтидори, қобилияти билан ажралиб туриши, маъсулият ва талабчанлик билан ёндашиши зарур.
— Шукур ака насрнинг турфа хил жанрида баракали ижод қилди. Бир суҳбатларида «роман» жанрида ижод қилиш мен учун ҳикоядек осон эмас. Романларимни хали бир бошдан ишлаб кейин чоп килдирарман» деган эдилар… У киши табиатан ҳикоянавис бўлишига қарамай «романдан катта ҳикоялари бор-ку»?
— Адамнинг биринчи «Сўнгги бекат» романлари мен ҳали мактабда ўқиб юрган чоғларим — 1976 йилда чоп этилган эди. Бу роман ҳақида турли мақолаларда хали-хануз илиқ гаплар айтиб турилади. Ундан кейин «Қил кўприк» (1984), «Йўловчи» (1987), «Олабўжи» (1992), «Динозавр» (1996) каби романларини ёзганлар. Буларнинг ичида фақат «Қил кўприк» романи китоб ҳолида чоп этилган. Ўшанда ҳам замон талаби билан турли ўзгартиришлар киритилган, қисқартирилган ҳолда чоп этилганки, бундан адамнинг кўнгиллари тўлмаган (бу ҳақида суҳбатларда кўп айтганлар). 2001 йиллари бу романнинг сўнгги нусхаси устида ишлаётганлари ҳақида кундалик дафтарларида ёзилган. Кундалик дафтардан айрим парчаларни келтирмоқчиман.
«Бугун 2001 йил, 5 октябрь. Тун.
«Динозавр»ни қайта бошладим. Илгарилардан фарқи — бош қаҳрамонни ўзимдан ажратмадим.
Шундай силлиқ ва равон кетдики, ўзим ўзимни яхши кўриб кетдим. Демак, энг иблисни ҳам тасвирлаганда, ўзим бўлай!!!
6 октябръ
Энг муҳим «нарса»ни биринчи навбатда ёзиш керак экан!!!
Мен «Қил кўприк» ва бошқа романларимни қайта «кўриб» чиққунча умр охирлаб қолиши мумкин экан. Демак, «Динозавр» (энг муҳим асар)дан ортган (кейин келадиган) вакт — ўша романларники! Ш.Х.»
«2002 йил, 25 январь
«Динозавр»ни (уч асарнинг) сўнгги қандай тугайди?
— Менинг азобим — шу эди!
Бугун С.В. ва бошқалар мени суҳбатга таклиф этишди. Мен ғамгин эдим.
— Биз ғамнокмиз, Сиздан қувват олмоқчимиз, — деди С.В.
— Мен — ўзим шунга зорман-ку! — дедим.
Сўнг, ҳужрамда (қизим Сайёра бериб қўйган уйчада) чироқларни ўчириб, газ ёниб турган хонага чиқиб, шу газнинг шуъласида чекиб ўтириб… ўйлаб.».
…Асарнинг хулосасини топдим: бу — Ҳаёт давом этади (Сенсиз ҳам…) экан, холос.
Кўнглим ёришиб, бағрим кенгайиб кетди.
— Кимим бор?!
Сайёра!
Қўнғироқ қилиб айтаман: «Йўлим очиқ…»
Аданг Шукур
25 январь»
«Динозавр» бошланди. Дастлабки 5 бети ёзилди. Нега бунча кечикиб? Сабаби — ғояни аниқлаштиришдан ҳам қийин бўлган бир ҳол эди. Яъни, «ўзим» учунми, «биров» учунми ёзиш керак?
«Биров» — ким ўзи? Файласуфми, оми одамми? Ва ҳоказо. Барибир уларга мослашишга тўғри келарди.
Мослашилди — энг содда, билишни истовчи, самимий инсонга -ҲАСРАТДОШга!!!
(Бу улуғ проблема мени ўнлаб йиллар бурун ҳам кўп ўйлатган, ўнлаб йилларим шу йўлда совурилган эди…).
Ниҳоят, I шахс тилидан ҳикоя қилинган асарларим менга қўл келди: I шахс кимга ҳикоя қилган экан?!
Ана шуни кавлаштириб топдим: У — ушбу самимий ҲАСРАТДОШ экан…
«Қандай ва Кимга ёзиш керак?»
Шу азобли саволга, ниҳоят, бугун (неча-неча «ниҳоят»лардан сўнг) жавоб топганимни «Динозавр»да тоғ тасвирини ёза туриб, ҳис қилдим.
Яъни, конкрет одам (одамлар) рўпарангда турсин-у, сен уларга қарама! Борлигини, «эшитаёт»ганини ҳис этиб турсанг, бас.
У (улар) узра асар майдони ёки қаҳрамонга мағрур ва кенг қараб «айтарингни айтавер!»
Аммо одам (одамлар) ҳикоянгни қандай қабул қилаётганини ҳис этиб тур!»
«28 январь, кундуз соат 5
Дарвоқе!
Бу усулни дафъатан синаб кўриш учун («Динозавр»ни қўя туриб) «От йили» деган ҳикоямни ёзиб кўрмоқчиман.
Ш.Х.»
2001-2002 йилларда «Динозавр»ни ёзиш жараёнида «От йили» ҳикоясини ҳам ёзишга киришганлар. Ёзиш жараёнида асар кенгайиб, қиссага айланиб кетди. «От йили» қиссаси адамнинг сўнгги йирик асарларидан бири. Худди шу пайт «Бу кишим — устоз, мен — шогирд» эссесини, «Ўзбек бобо», «Кузда баҳор ҳавоси» ҳикояларини ҳам ёздилар. Яна бу ўртада бир неча адабий суҳбатлар бўлиб ўтди, мақолалар ҳам ёзилди.
2004 йилда қилинган суҳбатлардан бирида шундай деган эдилар: «Мен «Динозавр»ни ўзимнинг суянган тоғим, ишонган боғим, деб ҳисоблайман. Энди бу ёғига худо умр берса, «Динозавр» романимни мукаммал ҳолатга келтирсам, армоним йўк».
«Динозавр» (уч асар) тўлиқ бир тартибга келтирилмай иш столида қолиб кетди, яхлит холда чоп эттириш насиб этмади…
— Демоқчиманки, Шукур ака доим бадиий адабиётнинг муаммолари, ижодкорлар, шогирдлари ва чоп этилаётган бадиий китоблар ҳақида ўз фикрларини билдириб келганлар. Биз Шукур аканинг мақолаларини, суҳбатларини ҳам интиқлик билан кутардик…
— Адам 60-70 йилларданоқ адабий мақолалари, тақризлари, суҳбатлари орқали айтганингиздек, доимо «адабий жараён»да фаол қатнашиб келган. Уларнинг Иброхим Ғафуровга йўлланган «Танқидчига уч мактуб»и, Неъмат Аминовнинг «Қирқ учинчи почча» китобига ёзилган тақризи, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов ҳақидаги ва ижод жараёни, асар ёзилиш сирлари, ҳамда ёш ижодкорлар ҳақида «Ёзувчиликнинг мактаби йўқ…», «Ёзувчи ким?», «Мўъжиза бўлиб қолсин», «Кечирасиз, жаноб Карпентер вақтим зиқроқ», «Адабиёт ўладими?» каби мақолаларини ва йигирмадан ортиқ суҳбатларини алоҳида айтиб ўтиш керак(«Адабиёт, адабиёт, адабиёт…», «Муаммоларнинг муаммоси одам», «Адиб шахс бўлиши керак», «Инсонни кашф этиш бахти», «Жаҳонбоп асар ёза оламан лекин…», «Айтар сўзимизга масъул бўлайлик» ва бошқалар). «Яшасин табиат, яшасин инсон!», «Бойсунтоғ ҳимоя сўрайди», «Чирчиқнинг яшил маскани», «Қадриятларимизнинг қаърига боқсак» каби мақолаларида табиатни асраш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш масалалари кўтарилган.
Макола ва суҳбатларда айтилган фикрлар, қарашлар, ўйлар, ва кўтарилган муаммолар йиллар ўтиши билан мутлақо ўз қадрини йўқотмаганлигига гувоҳ бўламиз.
Адамнинг адабий ўйлари, суҳбатлари, мақолалари жамланган ҳолда, яъни бу борадаги 45 йиллик ишлари бирор марта ҳам жамланган ҳолда чоп этилмаган. Буларни китоб ҳолида чоп эттириш режадаги ишларимиздан бири.
— «Сайланма» жилдларининг сони мана тўрттага етди. Агар ҳаёт бўлганларида эсселар тўпламиниям бир китоб ҳолида кўриш орзуси бор эди. Эссе «эркин ижод» жанри экан, бунга қандай эришган деб ўйлайсиз?!
— Шу саволингизга ҳам жавобни адам билан 2002 йилда эссе жанри ҳақида қилинган суҳбатдан излаш керак деб ўйлайман. «Эссе… ёзувчига беҳад кенг эркинликлар беради: яъни эссе ёзувчи адиб тасвирлаётган ёхуд баён этаётган воқеа-ҳодисаларга… инсон қисматининг маълум даври-бўлагига нисбатан ўз муносабатини очиқ-ошкор билдириб туриши баробарида ўз кўнглида туғилган қандайдир ҳис-ҳаяжондан ҳам, хатто шахсий мулоҳазаларини ҳам бемалол ёзиш имконига эгадир» деган эдилар мақолада. Адам 1968-йилдан то умриларининг охиригача шу жанрда ҳам ижод қилиб келдилар. Улар эссенавислардан — Озод Шарафиддинов, Одил Ёқубов, Дадахон Нурий, Карим Баҳриев, Қулман Очил, Собиржон Қодировларни мамнуният билан тилга олган эдилар. Мен адамни ҳам ўзбек адабиётида эссе жанрини ривожланишида муҳим ўз ўрнилари бор деб ҳисоблайман. Уларнинг Р.Чориев, Ш.Бурҳонов, О.Ёқубов, Шуҳрат, А.Қаҳҳор, М.Қўшжонов, У.Умарбеков, А.Орипов каби шахслар ҳақидаги эсселарини ўқир экансиз, улар шу даражада жонли, ҳаётий-табиий тасвирланганки, уларнинг қиёфаси кўз олдингизда муҳрланиб қолади. Адам айтганларидек, «ҳаётнинг ўзидек қилиб ёзиш — тасвирлашга зўр машаққатлар, изланишлар оқибатида эришилади».Уларнинг «Қадимий Бақтрия тупроғида», «Тоғларга қор тушди», «Жамиятнинг мақсади, яъни мафкура бобидаги ўйлар» каби эсселари тарихий публицистик йўналишларда ёзилган. «Эссега мурожаат қилишимнинг боиси -феълимда бўлса керак: болалиқдан эркинликни севардим…» деб жавоб берган эдилар суҳбат чоғида.
«Адабиётда бўлсин, ҳаётда бўлсин умрим йўлида из қолдирган Шахслар ҳақида бир-бир эссе ёзиб қолдиришни илгаритдан ўйлаб юрардим» — бу ҳам адамнинг мақолаларидан бир парча.
Ҳа, адам ёзиб қолдирган эсселари билан хам адабиётимизни янада бойитдилар. Улар эсселарни жанр талабларига амал килган ҳолда, энг муҳими маҳорат билан, бадиий жиҳатдан етук қилиб ёзишга интилганлар…
— Сайёра опа, сир бўлмаса «Сайланма» жилдлар сонини нечтага етказиш ниятингиз бор?
— Жилдларнинг чоп этилиши, яъни маълум сабабларга кўра тўхтаб қолмаслиги мени ягона орзуимдир. Ҳозирги кунга кадар асосан ҳикоялар ва эсселарнинг бир қисми чоп этилди. «Сайланма»ларнинг 5-жилдининг корректурасини куни кеча нашриётга топширдим. Бу жилдга асосан қиссалар жамланган. Адам ўзбек адабиётига 1960 йилда «Оқ отли» қиссалари билан кириб келган эдилар ва ижодларининг охиригача бу жанрдан узоқлашмадилар. «Букри тол», «Ўн саккизга кирмаган ким бор…», «Юр, тоғларга кетамиз!», «Йўллар, йўлдошлар», «Тупроқ кўчалар» каби қиссалари ва сўнгги асарларидан бири — «От йили» ҳам шу тўпламдан жой олган. 4 жилдда чоп этилган ва 5-жилдда чоп этилаётган асарлар адамнинг адабий меросларининг бир қисмидир.
Демак, 5та романлари, 4та саҳна асарлари, мақола ва суҳбатлари, эсселарининг қолган қисмларини ҳам чоп эттиришни кейинги жилдларга режалаштарганмиз. Саҳна асарларининг («Ҳожи бобо», «Зиёфат», «Булут тўсган ой» (ҳикоя асосида сценарий ёзилган), «Қор ёғаётир») ўзи ҳам бир жилдни ташкил этади.
Мақолалар, суҳбатлар, эсселар, айрим қиссалар икки жилд бўлади, яна романлар бор… Агар «Шарқ» нашриёти мана шундай хайрли ишни давом эттириб, бир адибимизнинг тўпланиб қолган асарларини китоб ҳолида чиқишига ёрдам бериб турса, «Сайланма» жилдларнинг сони Ютага етади.
— Сайёра опа, Шукур аканинг чоп этилмай қолган асарлари ҳақида нималар дея оласиз? Биз биламизки, уларнинг вафотларидан кейин сиз айрим асарларини, хатларини чоп эттирдингиз. Шулар ҳақида ҳам бир-икки оғиз тўхталсангиз.
— Адамдан қолган бир нечта қўлёзма жилдларни тартибга солиш пайтида уларни маълум бир қисмларга ажратган эдим. Бир жилдга якунланмай қолиб кетган ҳикоялар, қисса, қораламалар, мақолалар, яна бирига сўнгги вақтларда ёзилган эссе ва ҳикояларнинг бир нечта вариантлари, бир нечта жилдга «Қил кўприк» ва «Динозавр» романларининг тугалланмаган вариант нусхалари, яна бирига эса охирги нуқта қўйилган, тугалланган асарларни жойлаштирганман. Сўнгги жилддаги асарларни кўриб-чиқиб, маъқул топганларимни матбуот орқали бирин-кетин чоп эттиряпман. «Мустақиллик нима ўзи» мақоласи, («Ёш куч» 2006.№8), «Жўнатилмаган мактуб» («Ёш куч» 2006.№7), «Орзуларнинг аламли юки» («Тафаккур» 2007.№3), «Кундаликдаги қайдлар» («Жаннатмакон» 2007. 1), «Ҳожи бобо» сценарийси («Шарқ юлдузи» 2007.№5) шулар жумласидандир. «Шарқ юлдузи» журналида «Алпомиш неча ёшда?» номли эсселари ҳам чоп этиляпти. «Булут тўсган ой» ҳикояси асосида ёзилган сценарийни (160 бет. 1997Й.), «Қор ёғаётир» номли тарихий мавзудаги киносценарий баёнини (169 бет. 1996Й.) ҳам столда қолиб кетмай, матбуот юзини кўришини истайман. Бу икки асар ҳам тўла якунланган, уларни саҳналаштириш учун (режиссёрларнинг илтимосига кўра) ёзгандилар. Кейин моддий томонлари сабаб бўлиб, қолиб кетган. Мен адамнинг фотоальбомлари (изоҳлари билан) босилиб чиқишини ҳам кўргим келади…
— Сайёра опа, яна бир саволни беришга журъат қилдим. Айтингчи, сизни билганлар меҳрибон, ғамхўр фарзанд сифатида тилга олишади. Сўнгги 4-5 йилларда адасига суяниб қолган қиз қандай яшаяпти?
— Менга бу йиллар оғир кечди. Бу йиллар мени янада улғайтирди, сабр-қаноатга, чидамга, муаммоларни мустақил равишда ҳал қилишга ўргатди. Қай маънода? Адамсиз қандай яшаш мумкинлигини тушунмасдим, билмасдим. Йўлини йўқотган йўловчидек гаранг эдим. Чунки улар мени ҳеч қачон ташлаб кетмайдигандек туюлар эди. Инсон умри ҳеч қачон ўзи хохлаганидек доим бир текисда, силлиқ бўлмаслиги, кутилмаган ўзгаришларга, синовларга ҳам дуч келишини ҳам шу йилларда чуқур ҳис қилдим. Дўст танлашда жуда сезгир бўлиш кераклигини ўргандим. Керағидан ортиқ ишонувчанлик, соддалик ҳасад, худбинлик каби энг ёмон хислатларни кўришга имкон бермай қолар экан. Мен буни ҳам ўз бошимдан ўтказдим. Сўнгги йилларда ўзини жуда яқин олиб юрган, мени тўла ишончимга кириб олган дугонам ўзини асл қиёфасини кўрсатди. Энди ўйлаб кўрсам, бу воқеалар ҳам менга ҳаётни чуқурроқ тушунишга, атрофимдаги одамларни тўғри баҳолашга ўргатди.
Бежиз, қадимдан дўст ўзинг билан тенг бўлиши, руҳан бир-бирига яқин бўлгандагина ўзаро тушуниш, ҳурмат қилиш, яхши-ёмон кунларда бир-бирига суяниш мумкинлиги ҳақида гапирилмаган. Доим сенинг ёнингда гапингни маъқуллаб юрадиган ёки сени райингга сўзсиз қарайдиган ва айтганларингни бажарган инсонларга ишониб қолмаслик керак экан. Улар мутлақо кутилмаган пайтда ўзини фош қилар экан. Майли, бу ҳам ҳаётнинг бир сабоғидир. Худога шукур, йиллар синовидан ўтган, бир-биримизни сўзсиз тушунадиган, суянадиган, садоқатли, чин дилдан бир-биримизга ғамхўрлик қиладиган дўстларим оз бўлса ҳам бор…
— Сайёра опа, сизни касб танлашингизда ота-онангиз қандай ўрин эгаллаган?
— Мен мактабда ўқиётганимда она тили ва адабиёт дарслари- менинг энг севимли дарсларим эди. Доим «адабиёт ўқитувчиси бўламан» дердим. Шунинг учун касб танлаш деган нарсанинг ўзи бўлмаган. Биринчидан, албатта тарбия топган муҳитнинг ўрни катта. Адабиётни яхши кўриб, меҳр кўйиб катта бўлганман. Адабиёт ўқитувчимиз Зарифа опани (Мўминова) жуда ҳурмат қилардим, уларга ўхшагим келарди. У пайтлар мактабда иншо кўп ёзилар эди, битта мавзуга битта дафтарни тўлдириб ёзар эдим. Иншо ёзишни яхши кўрардим, Зарифа опанинг энг «аълочи» ўқувчилари эдим. Ўзимдан 1-2 пастки синфда ўқийдиган ўқувчиларнинг иншоларини Зарифа опа ишониб менга текширгани уйга бериб юборардилар, мен кечқурунлари ўзимни дарс столимда қизил ручкани олиб дафтар текшириб ўтирардим, баҳосини ҳам қўярдим. Уларга ўхшаб мен ҳам катта рўмолни елкамга ташлаб дарс ўтишни, қоғозга ўралган бўрни жемпиримнинг чўнтагидан олиб доскага ёзишни ўйлардим. Бир нарса аниқки, агар бошқа касбни — психологликними, санъатшуносликними ёки бутунлай бошқа соҳани танлаганимда ҳам ота-онам қаршилик қилмаган бўлардилар.
Ҳозир эса талабаларга таълим ва тарбия бериб келяпман, улар билан адабиёт ҳақида, қадриятларимиз, маънавиятимиз, уларни кизиқтирган мавзулар бўйича суҳбатлашишни яхши кўраман. Умуман, талабалар билан ишлаш, улар билан’ яқин дўстдек, уларни тушуниб, турли муаммоларини ечишга ёрдам бериш менга ёқади. Кўз олдимда ёшгина йигит ва қизлар касбга, билим ва тарбияга эга бўлиб, катта ҳаётга қадам қўядилар. Уларни кўриб мен ҳам қувонаман. Ўзимни ёлғиз ҳис қилганимда, тушкунликка тушганимда, ҳамда қувончли кунларимда адамнинг асарларини нашрга тайёрлаш ва тўплаш ишлари, фарзандларим, севимли касбим менга мадад бўлади.
— Шукур аканинг уй — музейини ташкил қилиш режангиз борми? Масалан, ўша нимаки адабиётимизга ёзиб қолдирган битиклари бўлса барчасини, умуман дадангизнинг ўқиб илҳомланган китобларини ўша жойга қўйшп керакдир балким?
— Адамнинг уй — музейларини ташкил қилиш бу менгагина боғлиқ бўлган нарса эмас. Режада, албатта бор. Бу энг яхши ниятларимиздан бири. Худо хоҳласа, амалга ошиб ҳам қолар. Ўшанда мендан лозим бўлган, қўлимдан келган барча ишларни қилишга тайёрман. Мен адамни кийим-кечаклари, машинкалари, дипломатлари, картиналари, қўлсоатлари, кутубхоналари, (шляпа, галстук ва бошқалар) ва барча хоналаридаги жиҳозларни асраб келяпман. Ҳатто, кофеларининг қолган қисми-ю, охирги очиқ қолган сигарета пачкалари билан кулдонигача асраб келяпман. Мен учун буларнинг барчаси адамни ёдга солади, уларнинг қўллари теккан. Ҳали охиригача ишлатмаган оқ қоғозлари-ю, копировка — қора қоғозлари ҳам менга қадрли. Энди, қўлёзмалари, ён дафтарлари, қоралама қоғозлари, асарлари, китоблари (ўзлари сотиб олиб тўплаган ҳамда тақдим қилинган китоблар ҳам албатта) ва турли ҳужжатлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Албатта, насиб этса, буларни барчасини музейга топшираман. Мендан кейин ҳам музейда сақланиб, асраб келинишини истайман. Турли йилларда тушган суратларини йиғиб юрар эканман, уларни ҳар бирини каттайтириб, рамкага солиб музейни безашни ҳам ҳаёлан ўйлайман.Уй-музей билан боглиқ бўлган савол берганингиз учунгина шуни айтиб ўтмоқчиманки, адам уй-музейни Дўрмондаги ўз севимли дала- боғларида очилишини васият қилганлар.
— Сайёра опа, ҳаётингизда бирор нарсага афсусланасизми?
— Менимча, ҳар бир инсон йиллар ўтган сайин, ҳаётий тажрибалари ошган сари кўп нарсаларни чуқурроқ тушуна бораркан. албатта, нималаргадир афсусланади. Мен доим ўзимни хатти-харакатимни, айтган гап-сўзимни таҳлил қилиб ўрганганман. Ҳозирги кунда яшаб ўтган йилларимни бирма-бир кўз олдимдан ўтказсам, нималарга афсусланарканман-а? Энг аввало, аввал айтганимдек, доимий равишда кундалик дафтари тутмаганимга. Баъзи воқеаларни, холатларни қоғозларга туширадиган одатим бор. Лекин барибир бу кундалик дафтари эмас-да. Адам билан бўлган қанчадан-қанча суҳбатлар, воқеалар, айтилган фикрларни ёзиб олмаганимга афсусланаман. Менинг ҳаётимдаги биринчи зарба — бувимнинг кутилмаганда вафот эттанлари эди(1989 й.). Раҳматли бувим жуда меҳрибон, ширинсўз, бағри кенг аёл эдилар. Уларнинг ўлими менга қаттиқ таъсир қилгаи, бошқача айтганда эрка қиздан ҳаётнинг паст-баландини фарқлайдиган қизга айлантирган эди. Уларни жудаям яхши кўрганлигимни, меҳримни етарли даражада ҳаётлик пайтларида кўрсата олмаганимга афсусланаман. Бувимнинг вафоти мени атрофдагиларга — яқинларимга янада меҳрибон, ғамхўр бўлишга, бизни яхши кўрган инсонларнинг муҳаббати қайтмаслигини, улар билан ўтган ҳар бир куннинг ғаниматлиги, кадрлашимиз зарурлигини англатди. Мен ўзимиз яхши кўрган яқинларимизни ёнимиздалигида авайлаб, ардоқлаб, уларга кўлимиздан келганча ёрдам беришимиз кераклигини юракдан ҳис қилган эдим. Кейин бутун умр армон бўлиб қолмаслиги учун. Мен доим адамнинг ёнларида бўлдим. Уларни тушуниб, авайлаб, энг асосийси яхши кўриб, оғирларини енгил қилишга ҳаракат қилиб келдим. Яна ҳаётимдаги баъзи нарсаларга афсусланаман, лекин улар фақат менинг ўзимга тегишли.
— Дадангизнинг мухлисларига тилакларингиз…
— Адабиётимиз ҳар қанча мақтаса арзигулик адабиёт. Негаки, бизни инсоний фазилатларимиз, руҳимиз қалбимизни тарбиялай оладиган бирдан-бир илоҳий санъат адабиётдир. Ана шундай санъат билан яшайдиган инсон, шубҳасиз, энг бахтли инсондир. Жамиятимизнинг эртанги тараққиёти бу албатта, ёш авлод билан ўлчаланади. Маърифатли инсонларгина ўз келажаги сари дадил қадам ташлай оладилар. Шу жиҳатдан бизнинг баркамол авлод тарбияси ҳақидаги ниятларимизнинг маънавий асоси бор. Маънавий баркамоллик энг аввало тилга эътибор, билимга чанкоқлик, каттага ҳурмат, меҳр-оқибат,сабр-қаноат, одоб ва аҳлоқ каби инсоний қадриятларни ўзига сингдиришдир. Ёшларимизни тўғри, ақлли, халол, илмли, диёнатли ва юртсевар қилиб тарбиялашдаги энг асосий куч — бу адабиётдир. Шунинг учун ёшларга тилагим — энг яқин дўстингиз доим китоб бўлсин.
Ота-онангизнинг хизматларини қилишдан чарчаманг. Доим бағрингиз бутун бўлиб, энг катта бойлигингиз — бу ота-онангиз эканлигини бир дақиқа ҳам унутманг. Ҳар куни сиз билан яшаётган, суҳбатлашаётган, сизга ғамхўрлик кўрсатаётган яқинларингиз ғанимат эканлигини ёдда тутинг. Ширин гапингизни, меҳрли қарашингизни улардан аяманг. Уларнинг дуосини олинг.
Барча мухлисларга эса энг аввало соғлиқ-омонлик, яхши кайфият, хотиржамлик, бахт, омад, ўзига ишонч ва барча ниятларини амалга ошишини чин дилдан истаб қоламан.
— Сайёра опа, улуғ ёзувчимиз Шукур Холмирзаевнинг маънавий меросини халқимизга, китобхонларга етказаётганингиз учун ҳамда дилдан қилган суҳбатингиз учун катта раҳмат. Сизнинг ҳам барча истакларингиз амалга ошишига тилакдошмиз.
— Сизга ҳам раҳмат.
(Суҳбат «Ёзувчининг сўнгги армони» сарлавҳаси остида «Аъло кайфият» (2012 . №4-5) журналида чоп этилган).
Мен Сайёра опани бир марта кўрганман. Шукур аканинг Дўрмондаги уйида. Ва ўша бир учрашувдаёк фарзанднинг отага ҳурмати-ю, отанинг унга чексиз муҳаббатига гувоҳ бўлганман… Шукур ака ҳақида учта эссе ёзганман, маҳаллий газеталарда чоп этилган. Бироқ бирортасини улуғ адиб ҳақидаги хотиралар китобига лойиқ топмадим…
Men yozuvchi Shukur Xolmirzayevning muxlisiman. Shu sabab u kushining ijodi bo’yicha ilmiy ish yozyapman. Ijodkor psixologiyasi to’g’risida. Sayyora opa bilan dadalari haqda suhbatlasha olsam yaxshi bo’lardi.
Tilovova Muyassar raqamim 99 579 7830