Мана шу одамларнинг ҳеч қачон кўнгли қолмайдиган тўйимли, мазали тандирда пишган буғдой ноннинг улуғ неъмат, буюк химмат эканлигини мен 1996 йил 10 сентябр куни Шавкат Раҳмон касалхонада умрининг охирги соатларини яшаётган дамларида, касалхона палатасига қўнғироқ қилган кайнэгачиси — Муҳаббатхонга: «Муҳаббат опа, агар Тошкентга келсангиз тандирда ёпилган нондан олиб келинг?», — дея илтимос қилган ва мана шу воқеа сабаб, Шавкат Раҳмон оддийгина инсон эмаслигини, ажабтовур шоир эканлигида бир ҳикмат борлигини ҳис қилиб келаман.
НОН ҲИДИ
Улфатхон ИБРОҲИМОВА
Маъориф аълочиси
Биз ҳаётдаги ажойиб воқеаларга, ходисаларга баъзан бефарқ қараймиз. Чунки булар кундалик воқеаларга айланиб, одатдаги ҳол бўлиб қолган. Ахир, тандирда пишган бўрсилдоққина буғдой нонни синдириб ейилаётганда, мана шу ҳам Аллоҳнинт неъмати, инсоният донолигининг буюк кашфиёти эканлиги ҳамманинг ҳам ёдига келавермайди-да.
Мана шу одамларнинг ҳеч қачон кўнгли қолмайдиган тўйимли, мазали тандирда пишган буғдой ноннинг улуғ неъмат, буюк химмат эканлигини мен 1996 йил 10 сентябр куни Шавкат Раҳмон касалхонада умрининг охирги соатларини яшаётган дамларида, касалхона палатасига қўнғироқ қилган кайнэгачиси — Муҳаббатхонга: «Муҳаббат опа, агар Тошкентга келсангиз тандирда ёпилган нондан олиб келинг?», — дея илтимос қилган ва мана шу воқеа сабаб, ҳанузгача Шавкат Раҳмон оддийгина инсон эмаслигини, ажабтовур шоир эканлигида бир ҳикмат борлигини ҳис қилиб келаман.
Муҳаббатхон яқин дугонам бўлганлиги учун телефон гўшагини қўйибоқ, кабинетидан менга қўнғироқ қилди. Хозиргина Тошкент билан боғланганлиги, синглиси Шавкатбекнинг аҳволи бироз яхшилигини айтиб, мана, ўзи билан гаплашинг, деб гўшакни Шавкатбекка бериб, хол-аҳвол сўраганида, шоир юқоридаги илтижосини айтган экан. Мен дугонамга, дарҳол бориб келинг, бугун шанба, эртага дам олиш, кечқурун автобусга ўтирсангиз, эрталаб етасиз, куни билан бирга бўлиб, кечқурун автобусга ўтирсангиз, эрталаб ишингизга улгурасиз, дедим. Муҳаббатхон эса уйда ҳеч ким йўқ, онам Тошкентда, келин ишда, нон ёпишга имконияти йўқлигини айтди. Мен бу хизматни бажаришим мумкинлигини, кечга қадар нонни ёпиб, улчитиб беришимни айтдим-да, тездан ун, сут, ёғ тайёрлаб, тез ва чиройли бўрсилдоқ, бўлиб чиқиши учун сунъий хамиртуруш (дрожжи) солиб, ихлос билан хамир қориб, патирчалар ёпиб, қовоқдан сомсалар қилиб, соат 6 да «Ўш — Тошкент» автобуси бекатига олиб бориб бердим. Хайрлашиб, салом айтишини тайинладим. Эрталаб Мухаббатхон Тошкентга етиб бориб, тўғри касалхонага боргани, нон учун Шавкатбек раҳмат айтиб, битта нонни қўлига олиб бағрига босиб, кўзига суртиб, анча вақт юзига қўйиб, ҳидлаб, кўзидан ёш оқиб, сўнг Манзурахонга «Менга ярмини қўйиб, ярмини ея беринг…» деганларини ва яна Муҳаббат опа, нон учун Улфатхон опага раҳмат айтиб қўйинг, аммо келаси сафар табиий ҳамиртурушда қилинган нондан олиб келинг, —деган гапларини вафотидан сўнг айтиб берди.
Қаерда, қачон Шавкат Раҳмон ҳақида гап кетганда, мана шу воқеа ёдимга тушиб, мени ҳайратга солади. Нега мен, ноннинг ҳақиқий таъмини, табиий тайёрлаш ҳикматини, сунъий хамиртарушда эмас, ўзидан олиб, ўзига қўшилиш ҳодисасини англамаганимни, одам ҳам тупроқдан тайёрланиб, яна тупроққа қайтиб қўшилиши Аллоҳнинг улуғ бир ҳикмати эканлигини ҳис қилмаганимдан афсусланаман. Шавкат Раҳмондаги ҳаммада ҳам бўлмайдиган руҳий комиллик, ҳамма ҳам тушуниб етолмаётган шеърларидаги фикрат, Шавкат Раҳмон кўнгли тусаган табиийлик, илоҳийликни ҳамма ҳам ҳис қила билмайдиган ҳиссиёт, ботиний куч-қувват улуғ одамларгина бўлишини орадан 1 кун ўтиб, 2 октябр куни Муҳаббатхон ҳали Ўшга етиб келмай автобусдалигидаёқ, Шавкатбек бу дунёни тарк этгани ҳақида хабар эшитганимда, ажиб бир туйғуни ҳис этиб, чуқур ўйга толдим.
Шавкатбек тандирда ёпилган нонни қўмсаганда, нонни бағрига босиб, кўзига суртиб, юзига қўйиб ҳидлаганда нималарни ўйлаганини ҳис қила бошладим. Билмадим, ўша сонияларда Шавкат Раҳмон онаси — Офтобхон аянинг тандирдан узиб саватга солаётган бўрсилдоқ нонларини ўйладими? Тупроқли кўчалардаги, ариқларида кулча нонларни оқизиб еган дамлар ёдидан ўтдими? Онасининг бошига «нондай азиз бўлсин», деб қўйган кулча нонларни эсладими? Билмадим, инсониятнинг буюк кашфиёти деб тан олинган, ҳанузгача хамиртуруш қандай пайдо бўлганлиги сирлигича қолиб, илоҳийлаштирилган азиз неъмат, табиий хамиртурушда бўлган ноннинг таъмини эхтиросли юрак, тоза қалб, поёнига етиб бораётган кўнгил тусаб, қўмсаб қолдими? Умрининг энг охирги нафас олишларида бу оламда озайиб бораётган табиийликни илоҳий мўъжизанинг ҳиди билан нафас олиши Аллохнинг иродасими? Билмадим, бу воқеада қандай ҳикмат бор. Ҳали шу ёшга етгунимга қадар мен билган, эшитган одамлар ўлими олдида, умрининг сўнгги нафасларида нон сўраганини, нонни ҳидлаганларини, кўзига суртиб, бағрига босиб, юзига қўйиб анча вақт тин олиб ўйга толганларини эшитмаганман.
Бу фақат, Шавкат Раҳмонгагина хос бўлган имон-эътиқоднинг, «зулфиқор руҳнинг» бир кўриниши бўлса, не ажаб.
NON HIDI
Ulfatxon IBROHIMOVA
Ma’orif a’lochisi
Biz hayotdagi ajoyib voqealarga, xodisalarga ba’zan befarq qaraymiz. Chunki bular kundalik voqealarga aylanib, odatdagi hol bo’lib qolgan. Axir, tandirda pishgan bo’rsildoqqina bug’doy nonni sindirib yeyilayotganda, mana shu ham Allohnint ne’mati, insoniyat donoligining buyuk kashfiyoti ekanligi hammaning ham yodiga kelavermaydi-da.
Mana shu odamlarning hech qachon ko’ngli qolmaydigan to’yimli, mazali tandirda pishgan bug’doy nonning ulug’ ne’mat, buyuk ximmat ekanligini men 1996 yil 10 sentyabr kuni Shavkat Rahmon kasalxonada umrining oxirgi soatlarini yashayotgan damlarida, kasalxona palatasiga qo’ng’iroq qilgan kaynegachisi — Muhabbatxonga: «Muhabbat opa, agar Toshkentga kelsangiz tandirda yopilgan nondan olib keling?», — deya iltimos qilgan va mana shu voqea sabab, hanuzgacha Shavkat Rahmon oddiygina inson emasligini, ajabtovur shoir ekanligida bir hikmat borligini his qilib kelaman.
Muhabbatxon yaqin dugonam bo’lganligi uchun telefon go’shagini qo’yiboq, kabinetidan menga qo’ng’iroq qildi. Xozirgina Toshkent bilan bog’langanligi, singlisi Shavkatbekning ahvoli biroz yaxshiligini aytib, mana, o’zi bilan gaplashing, deb go’shakni Shavkatbekka berib, xol-ahvol so’raganida, shoir yuqoridagi iltijosini aytgan ekan. Men dugonamga, darhol borib keling, bugun shanba, ertaga dam olish, kechqurun avtobusga o’tirsangiz, ertalab yetasiz, kuni bilan birga bo’lib, kechqurun avtobusga o’tirsangiz, ertalab ishingizga ulgurasiz, dedim. Muhabbatxon esa uyda hech kim yo’q, onam Toshkentda, kelin ishda, non yopishga imkoniyati yo’qligini aytdi. Men bu xizmatni bajarishim mumkinligini, kechga qadar nonni yopib, ulchitib berishimni aytdim-da, tezdan un, sut, yog’ tayyorlab, tez va chiroyli bo’rsildoq, bo’lib chiqishi uchun sun’iy xamirturush (drojji) solib, ixlos bilan xamir qorib, patirchalar yopib, qovoqdan somsalar qilib, soat 6 da «O’sh — Toshkent» avtobusi bekatiga olib borib berdim. Xayrlashib, salom aytishini tayinladim. Ertalab Muxabbatxon Toshkentga yetib borib, to’g’ri kasalxonaga borgani, non uchun Shavkatbek rahmat aytib, bitta nonni qo’liga olib bag’riga bosib, ko’ziga surtib, ancha vaqt yuziga qo’yib, hidlab, ko’zidan yosh oqib, so’ng Manzuraxonga «Menga yarmini qo’yib, yarmini yeya bering…» deganlarini va yana Muhabbat opa, non uchun Ulfatxon opaga rahmat aytib qo’ying, ammo kelasi safar tabiiy hamirturushda qilingan nondan olib keling, —degan gaplarini vafotidan so’ng aytib berdi.
Qaerda, qachon Shavkat Rahmon haqida gap ketganda, mana shu voqea yodimga tushib, meni hayratga soladi. Nega men, nonning haqiqiy ta’mini, tabiiy tayyorlash hikmatini, sun’iy xamirtarushda emas, o’zidan olib, o’ziga qo’shilish hodisasini anglamaganimni, odam ham tuproqdan tayyorlanib, yana tuproqqa qaytib qo’shilishi Allohning ulug’ bir hikmati ekanligini his qilmaganimdan afsuslanaman. Shavkat Rahmondagi hammada ham bo’lmaydigan ruhiy komillik, hamma ham tushunib yetolmayotgan she’rlaridagi fikrat, Shavkat Rahmon ko’ngli tusagan tabiiylik, ilohiylikni hamma ham his qila bilmaydigan hissiyot, botiniy kuch-quvvat ulug’ odamlargina bo’lishini oradan 1 kun o’tib, 2 oktyabr kuni Muhabbatxon hali O’shga yetib kelmay avtobusdaligidayoq, Shavkatbek bu dunyoni tark etgani haqida xabar eshitganimda, ajib bir tuyg’uni his etib, chuqur o’yga toldim.
Shavkatbek tandirda yopilgan nonni qo’msaganda, nonni bag’riga bosib, ko’ziga surtib, yuziga qo’yib hidlaganda nimalarni o’ylaganini his qila boshladim. Bilmadim, o’sha soniyalarda Shavkat Rahmon onasi — Oftobxon ayaning tandirdan uzib savatga solayotgan bo’rsildoq nonlarini o’yladimi? Tuproqli ko’chalardagi, ariqlarida kulcha nonlarni oqizib yegan damlar yodidan o’tdimi? Onasining boshiga «nonday aziz bo’lsin», deb qo’ygan kulcha nonlarni esladimi? Bilmadim, insoniyatning buyuk kashfiyoti deb tan olingan, hanuzgacha xamirturush qanday paydo bo’lganligi sirligicha qolib, ilohiylashtirilgan aziz ne’mat, tabiiy xamirturushda bo’lgan nonning ta’mini extirosli yurak, toza qalb, poyoniga yetib borayotgan ko’ngil tusab, qo’msab qoldimi? Umrining eng oxirgi nafas olishlarida bu olamda ozayib borayotgan tabiiylikni ilohiy mo»jizaning hidi bilan nafas olishi Alloxning irodasimi? Bilmadim, bu voqeada qanday hikmat bor. Hali shu yoshga yetgunimga qadar men bilgan, eshitgan odamlar o’limi oldida, umrining so’nggi nafaslarida non so’raganini, nonni hidlaganlarini, ko’ziga surtib, bag’riga bosib, yuziga qo’yib ancha vaqt tin olib o’yga tolganlarini eshitmaganman.
Bu faqat, Shavkat Rahmongagina xos bo’lgan imon-e’tiqodning, «zulfiqor ruhning» bir ko’rinishi bo’lsa, ne ajab.
Ўтган асрнинг 80-йилларида Журфакда ўқиган талабалар Шавкат Раҳмоннинг шеърлари, мақолаларини қизиқиш билан ўқирдик. Раҳматли шоир ҳақидаги ушбу мақола ҳам жуда таъсирли, сермазмун экан… Бу мақолани ўқиш бугунги талабаларимиз учун ҳам фойдали бўлади, деган умидда уни uchildiz.uz сайтига кўчиришни лозим деб топдик. Бунинг учун муаллифга ва мазкур сайт ижодкорларига самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.