Usmon Temur. Abadiyat oralab…

087
Уни илк бор кўрганимни эслайман. Адабиёт ихлосманди, ижод аҳлининг чин дўсти, мактаб муаллими Сирожиддин Нажмиддинов бир куни Турсунбой Адашбоев билан мени шаҳардаги 10- мактабга, учрашувга таклиф қилди. Юқори синф ўқувчилари ижодимиздан наъмуналар ўқишди, кутилган ва кутилмаган саволлар беришди. Сўнг домла иккимизга анча қўли келиб қолган икки ўқувчи ёзган шеърни тинглашни тавсия қилди. Буғдойранг, ориқ чирой, ерга қараганроқ йигит баҳор ҳақида ийманибгина шеър ўқиди.

07
АБАДИЯТ ОРАЛАБ…
Усмон ТЕМУР
«Шавкат Раҳмон замондошлар хотирасида» китобидан
02

  Уни илк бор кўрганимни эслайман. Адабиёт ихлосманди, ижод аҳлининг чин дўсти, мактаб муаллими Сирожиддин Нажмиддинов бир куни  Турсунбой Адашбоев билан мени шаҳардаги 10- мактабга, учрашувга таклиф қилди. Юқори синф ўқувчилари ижодимиздан наъмуналар ўқишди, кутилган ва кутилмаган саволлар беришди. Сўнг домла иккимизга анча қўли келиб қолган икки ўқувчи ёзган шеърни тинглашни тавсия қилди. Буғдойранг, ориқ чирой, ерга қараганроқ йигит баҳор ҳақида ийманибгина шеър ўқиди. Иккинчи ўсмир ёшлик ҳақидаги машқини эътиборимизга ҳавола қилди. Уларнинг ташбеҳи ва хулосавий фикри диққатни тортди. У кезда Ўшда адабий жараён бошланган, шеър ёзганлар кўп бўлганлиги учун, одатдагидай, кўп ўқишса, ўрганса шоир бўлиши мумкин, дедик.

Мен унда ҳарбий хизматдан қайтиб, газетада Аравон, Новқат туманлари ва Қизилқия шаҳри бўйича сайёр муҳбир бўлиб ишлардим. Илк тўпламим чиққан, ёзганларим Ўшда ҳам, Тошкентда ҳам босилиб турарди. Вақт бўлганда ўшлик ижодкорлар вилоят таҳририятида, кўпинча чойхоналарда учрашиб, ёзганларимизни ўқиб, муҳокама қилардик. Ўн-ўн икки кунда ишхонага келиб навбатчилик қилиб, газетанинг янги сонини чиқарардик.

Бир куни келсам, ўша кезда маъсул котиб муовини бўлиб ишлаётган Мирзоҳид Мирзараҳимов шундай деб қолди:
— Яхши келдинг. Навбатчи бўлиб кет. Сафингга битта шоир қўшилган, танишиб оласан.
— Ким келди?
Мирзоҳид кулимсираб деди:
— Шавкат Раҳмон деган шоирни эшитганмисан?
— Маҳмуд Раҳмоннинг ўғли эмасми?
— Йўқ, Маҳмуд oғa Тошкентда, «Муштум»да ишлайди. Бу Раҳмон Ўшдан. Ёш йигит. Уч-тўрт кун бўлди ишга олдик. Корректурада ишлаяпти.

Мирзоҳид ҳазиллашиб, шоирлар кўпаймокда, носир йўқ, дерди. Шу гапни эслаб, дедим:
— Абдуллалар туғиляпти, Қодирийлар йўқ. Кейинги беш йилликда бирон ёзувчи пайдо бўлар. Кут.
Хонага  кирган Холдоржон Қурбонбоев ҳам Шавкат ҳақида қуйдагиларни айтди:
— Камгапроқ  экан, аммо ишни яхши қиляпти. Бекор қолсаёқ қўлига китоб олиши ёқди.

Шу куни тушдан сўнг Шавкатни кўрдим. Бу ўша мактабда шеър ўқиган йигит эди. Илиқ  сўрашдик. Ишга келганидан хурсандлигимни айтдим. Анча суҳбатдан сўнг, индамасроқ экан деган ўй келди. Балки шу хислати  ўзига хосдир, деган фикр устуворлик қилди.

Шошилинч ахборотлар камлиги учун газета соат ўн бирларда тайёр бўлди. Ўз саҳифасини биринчи бўлиб чоп этишга тайёрлаган Шавкат уйига кетмади. Сабабини сўрадим.
— Бизникига борасиз,- деди, — Бу ерда дам ололмайсиз. Аравон олис,тунда улов бўлмайди.
У худди шундай бўлиши керакдай, хотиржам гапирди.
Босмахона машинаси бизни Қирариққа ташлаб қўйди. Уйларида ҳеч ким йўқ экан. Бир-икки пиёла чой ичгач ётдик.

Эрталаб кеч уйғондик. Нонушта чоғи ота–онаси ва синглиси Олайга кетганини айтди. Сўнг илтимосимга кўниб, дафтар келтириб берди. Унда бешта ё олтита шеър бор эди. Ўқидим. Бошловчи шоирларга хос шеърлар. Ишлатилган ташбеҳлар. Мавзулар ҳам унча янги эмас. Лекин ҳар бирида ўзига хос ечим, ўзига хос фалсафа бор. Одатимга кўра таҳлил қилиб, ҳар бирини ҳали шеър қилиш керак, дедим. Сўнг негадир Миртемир домланинг “Сурат” лирик қиссасини ёд билганим учун ундан парчалар ўқидим. Шавкат тинглаб ўтирди.

— Ҳар бирини алоҳида олсак шеърми? Шеър. Қўшсак – чи? Яхлит асар. Яна эшит.

Бу гал Эркин Воҳидовнинг “Азгануш” шеърини ёддан айтдим. Сўнг Асқад Мухторнинг миниатюралари тилимдан учди. Шавкат тинглар экан,  шундай қилишим яхшими, бу унга ёқадими, деган ўй келди. Ўша ондаги ниятим битта эди: Шеър аниқ мақсадни ифода этиши ва мароқ билан ўқилиши керак. У шоир ва китобхоннинг мулоқоти, бундан икки томон фойда кўрсагина шеърият қалб мулкига айланади.

У пайтда Шавкат бу асарларни ўқиганмиди ё йўқми, билмадим. Сўраш ноқулай эди. У эса қунт билан тинглади. Майин жилмайди. Бу шеърхонлик унга макбул бўлганидан дарак эди.

Иккинчи учрашувимизда ҳам босмахонада бўлди. Яна навбатчилик қилгани келгандим. Илиқ сўрашдик. Сўнг шоирни бир синай деб, мушоирага таклиф қилдим. Мен бошладим:

Барча жойдан Ўшда кўп куйдирмажон кизлар,
Ўн етти ёш пинжида қалби ниҳон қизлар.

Шавкат уни ўқигач, қоғозни олиб дераза ёнига борди. Анча ўй сургач ёзишга тутинди. Битди шекилли, индамай қоғозни менга узатди. Мен ўқидим.

Шаҳри каби гўзал, дарёсидай шўхчан,
Уларни шундай қилган ишқми, замон, қизлар?

Мушоирага Холдоржон ака, Турсунбой, Талъат Солиев, Холматжон Юсупов ҳатто Мирзоҳид ҳам қўшилди. У бир соатча давом этди. Унинг ягона нусхаси менда ҳамон сақланади. Шавкат унга дадил қатнашди ва қисталанг пайтида ҳам кенг фикрлашидан воқиф бўлдик.

Шавкат қандай ва қачон ижод қилишини ҳамон билмасдик. Аммо биз билан чойхоналарга тушиб, адабиёт, шеърият ва шоирлар ҳақидаги суҳбатларимизда бирга бўлди. Турсунбой Адашбоевнинг болаларнинг жиддий ва кулгили ҳаёти ҳақидаги шеърларини, Мирзоҳид Мирзараҳимовнинг жажжи ва ўйлатадиган ҳикояларини, Абдуғани Абдуғафуровнинг ҳангома ва ҳажвияларини эшитиб, кўп қистов ва илтимослардан сўнг ўзининг шеърларини ҳам ўқирди.

Ёз бошида Шавкат Турсунбойга ўқишга боришини айтибди. Сўнг менга ҳам тиш ёрди. Бахтимизга атоқли шоир Темирқул Умматалиевнинг 60 ёшини нишонлаш учун Ўшга Чингиз Айтматов келиб қолди. Унга Шавкат ҳақида айтдик.

Москвалик талаба куз ўрталарида Ўшга келди. Одатимизга кўра чойхонада тўпландик. Ош қилдик. Бир неча ойлик ўқиш уни анча ўзгартириб юборганлиги сезилиб турарди.
— Ўқи, ахир ёзгандирсан анчагина.

У ён дафтарчасини олди ва менга узатди. Сездим-ки ҳамон ўз шеърини ўқишдан уяларди. Яна хафа бўлиб қолмасин деб, дафтарчадаги олтита-еттита шеърни ҳар биримиз овоз чиқармай ўқидик. Менга унинг айниқса, “Мен йўғимда…” деб бошланадиган шеъри ёқди. Сўнги сатрлари ёд бўлиб қолди:

Мен йўғимда
фиғон этармиш
Кўкка қараб карнай- сурнайлар,
Мен йўғимда ташлаб кетармиш
Фарғонани оппоқ турналар…

— Энди Тошкентга ҳам юбориш керак, — деди Турсунбой . Бу таклифни ҳаммамиз маъқулладик.. У эса ўйчанлик билан деди:
— Бир-икки йил ёзай,  кейин…

Ёзда келиб бизда ишлади. У пайтда нафақат қишлоқдагилар, улар билан бирга шаҳар зиёлилари ҳам, жумладан, газетачилар ҳам чорва учун озуқа тайёрлаш ишига жалб қилинарди. Келишиб олиб , Шавкат иккимиз Ўзган туманидаги “Ясси” хўжалигида ўн беш кун пичан жамғардик. Мен ҳам тоғда ўсгандим, мен ҳам тоғлар, яйловлар, арчалар , кўм-кўк майсалар шайдоси эдим. Лекин шулар ҳақида ёзишда Шавкатнинг олдида ип эшолмаслигимни сездим.

Ижод қилиши ҳам бошқача эди. У биз каби туйқусдан келган фикрни ён дафтарчасига ёзиб қўйиб, сўнг пайт топиб шеър қилмасди. У шу фикрни миясида пишириб, қўшадиганини қўшиб, оладиганини олиб, тайёр ҳолга келтириб, сўнг қоғозга туширарди.

Шавкат аста–секин тилга тушди. Бу унинг табиатан оғир-босиқлигидан эмас, шеърларининг вазминлигидан эди. Бора-бора унинг ўзигагина хос  фалсафага чўмилган шеърларини тушунадиган ўқувчи пайдо бўлди.

1978 йили илк тўплами чоп этилди. Уни олиб тахририятга келди. Қутловларимизни жон қулоғи билан эшитди. Ҳаммамизга китоб берди. Менга текканида “Ёш ва бахтиёр шоир Усмон Темурга ижодий равнақ тилаб” деган сўз ёзилган ва имзо чекилганди. Дасхатдан сал ўйга толиб қолганимни сезиб деди:
— Сиз юз ёшда ҳам қаримайсиз. Юрагингиз тоза. Ўша юрак ёниб бўлгандаям хушчақчақликни қўлдан бермайсиз…

Ёзувчилар уюшмасида ишлаганида кам кўришдик. Мабодо Ўшга келса ота-онасини кўриб, Турсунбойни, ё мени йўқларди.

Бора–бора Шавкатнинг  Ўшга келиши воқеа бўла бошлади. Бир гал уни Аравонга олиб кетдик. У суйган драманавис Абдуқаҳҳор Манноновникида меҳмон бўлди. Сўнг Олишбоши деган жойга бордик. Болалар, айниқса, яйрашди. Биз соя-салқин жойда суҳбат қурдик, улар эса Аравонсойда чўмилишиб, мазза қилишди. Унинг Турсунбой ва Абдуқаҳҳорга бағшлаган “Аравон кўринишлари” шеъри ўшандан кейин яралди. Унда биз ўсган, лекин биз қаламга ололмаган манзара, Аравоннинг икки минг йиллик тарихи бор.

Ёмонни айтмасанг, яхши йўқ, — деган гап бор. Истеъдодли қирғиз шоири Жўлон Мамитовнинг шеърларини таржима қилаётиб ажиб бир нарсага дуч келдим.

Тилагим шундайдир, сақламадим кек,
Чунки мен одаммас, чунки мен қушман…”

Баъзан шоир  тутқунлик ибтидосини қидиради. Сангин салтанатнинг макру-ҳийлаларидан азобланади. Кўнгилни жунбушга келтириб оқиб келаётган саволларга жавоб қидиради… Баъзан умидсизликка ҳам тушади. Лекин у шоир. Умидсизлик – шоир учун ёт. У юксак ишончлар, умидлар билан яшашга маҳкум. Бу унинг тариқати, бу унинг қисмати.

Шоир шеърларида “Яқинда мен ўтаман”, “ Қулайман асрларнинг қудуғига ”, “Жим ётамиз ўтгандан кейин”  каби нохуш сатрлар анчагина ёзилган эди. Бирдан Шавкат ёдимга тушди. Унда ҳам  “Мен ўламан”, “Мен келаман навбаҳор бўлиб”, “Парчаланаман, мангу кулиб ётарман, қулоқ солиб ернинг тагида” каби ғалати сатрлар кўп учрарди. Бу нима? Бундай дейишга сабаб борми?

Унда мен Бобур номидаги ўзбек театрида адабий эмакдош эдим. Шавкат мени йўқлаб келганда, шу ҳақда сўз очдим. Чинорлар остида сайр қилиб юрар эканмиз, шоир ўйланиб қолди.
— Ростданми?
— Шундай сатрлари ёддан ўқиш мумкин.

У жим қолди. Анчадан сўнг:
— Эсладим…Мен ҳам ҳамма каби бир кун ўлишга маҳкум одамман. Энди ёзмайман…

— Биласизми, — деди у ўшанда, — нега Турсунбой акам сизни турк деб, барлосча гапир деб ҳазллашганини яқинда тушундим. Туркийлар ҳақида бир шеър ёзмоқчиман. Ўнлаб китоб ўқидим. Сизлар ростдан ҳам “шағал”ни “шағил”, “йигитлар”ни “йигилтар” , “чигитлар”ни “чигилтар” дейсизлар экан. Шунақа сўзлардан кўпроқ айтинг.

Мен айтдим . Унинг  машҳур “Туркийлар ” шеъри шундан кейин яралган бўлса ажаб эмас.

Мустақилликдан сўнг кўп учрашдик. У беҳад шод эди.

1995 йили Ўш вилояти ўзбек миллий–маданий марказининг илтимосига билан Бобур номидаги театрда шоирлар билан учрашув ўтказилди. Тошкентдан Шавкат билан Турсунбой Адашбоев, Аҳмаджон Мелибоев, Андижондан Холдоржон Қуронбоев келишди. Шеърхонлик роса уч соат давом этди.

Кўп ўтмай Турсунбой Адашбоев Шавкатнинг оғриб ётганини айтди… Ҳозир бироз дуруст, деди. Бу хабардан суюндим. Шавкат бардам-бақувват йигит, касалликка енгилмайдиган, ҳали ёш, деб ўйладим. Хато ўйлабман. Касали жиддий экан. Буни куз ўртасида шум хабар келганидан кейин билдим. Ўш оҳ уриб қолди…

021

07
ABADIYAT ORALAB…
Usmon TEMUR
«Shavkat Rahmon zamondoshlar xotirasida» kitobidan
02

Uni ilk bor ko’rganimni eslayman. Adabiyot ixlosmandi, ijod ahlining chin do’sti, maktab muallimi Sirojiddin Najmiddinov bir kuni Tursunboy Adashboev bilan meni shahardagi 10- maktabga, uchrashuvga taklif qildi. Yuqori sinf o’quvchilari ijodimizdan na’munalar o’qishdi, kutilgan va kutilmagan savollar berishdi. So’ng domla ikkimizga ancha qo’li kelib qolgan ikki o’quvchi yozgan she’rni tinglashni tavsiya qildi. Bug’doyrang, oriq chiroy, yerga qaraganroq yigit bahor haqida iymanibgina she’r o’qidi. Ikkinchi o’smir yoshlik haqidagi mashqini e’tiborimizga havola qildi. Ularning tashbehi va xulosaviy fikri diqqatni tortdi. U kezda O’shda adabiy jarayon boshlangan, she’r yozganlar ko’p bo’lganligi uchun, odatdagiday, ko’p o’qishsa, o’rgansa shoir bo’lishi mumkin, dedik.

Men unda harbiy xizmatdan qaytib, gazetada Aravon, Novqat tumanlari va Qizilqiya shahri bo’yicha sayyor muhbir bo’lib ishlardim. Ilk to’plamim chiqqan, yozganlarim O’shda ham, Toshkentda ham bosilib turardi. Vaqt bo’lganda o’shlik ijodkorlar viloyat tahririyatida, ko’pincha choyxonalarda uchrashib, yozganlarimizni o’qib, muhokama qilardik. O’n-o’n ikki kunda ishxonaga kelib navbatchilik qilib, gazetaning yangi sonini chiqarardik.

Bir kuni kelsam, o’sha kezda ma’sul kotib muovini bo’lib ishlayotgan Mirzohid Mirzarahimov shunday deb qoldi:
— Yaxshi kelding. Navbatchi bo’lib ket. Safingga bitta shoir qo’shilgan, tanishib olasan.
— Kim keldi?
Mirzohid kulimsirab dedi:
— Shavkat Rahmon degan shoirni eshitganmisan?
— Mahmud Rahmonning o’g’li emasmi?
— Yo’q, Mahmud og’a Toshkentda, «Mushtum»da ishlaydi. Bu Rahmon O’shdan. Yosh yigit. Uch-to’rt kun bo’ldi ishga oldik. Korrekturada ishlayapti.

Mirzohid hazillashib, shoirlar ko’paymokda, nosir yo’q, derdi. Shu gapni eslab, dedim:
— Abdullalar tug’ilyapti, Qodiriylar yo’q. Keyingi besh yillikda biron yozuvchi paydo bo’lar. Kut.
Xonaga kirgan Xoldorjon Qurbonboev ham Shavkat haqida quydagilarni aytdi:
— Kamgaproq ekan, ammo ishni yaxshi qilyapti. Bekor qolsayoq qo’liga kitob olishi yoqdi.

Shu kuni tushdan so’ng Shavkatni ko’rdim. Bu o’sha maktabda she’r o’qigan yigit edi. Iliq so’rashdik. Ishga kelganidan xursandligimni aytdim. Ancha suhbatdan so’ng, indamasroq ekan degan o’y keldi. Balki shu xislati o’ziga xosdir, degan fikr ustuvorlik qildi.

Shoshilinch axborotlar kamligi uchun gazeta soat o’n birlarda tayyor bo’ldi. O’z sahifasini birinchi bo’lib chop etishga tayyorlagan Shavkat uyiga ketmadi. Sababini so’radim.
— Biznikiga borasiz,- dedi, — Bu yerda dam ololmaysiz. Aravon olis,tunda ulov bo’lmaydi.
U xuddi shunday bo’lishi kerakday, xotirjam gapirdi.  Bosmaxona mashinasi bizni Qirariqqa tashlab qo’ydi. Uylarida hech kim yo’q ekan. Bir-ikki piyola choy ichgach yotdik.

Ertalab kech uyg’ondik. Nonushta chog’i ota–onasi va singlisi Olayga ketganini aytdi. So’ng iltimosimga ko’nib, daftar keltirib berdi. Unda beshta yo oltita she’r bor edi. O’qidim. Boshlovchi shoirlarga xos she’rlar. Ishlatilgan tashbehlar. Mavzular ham uncha yangi emas. Lekin har birida o’ziga xos yechim, o’ziga xos falsafa bor. Odatimga ko’ra tahlil qilib, har birini hali she’r qilish kerak, dedim. So’ng negadir Mirtemir domlaning “Surat” lirik qissasini yod bilganim uchun undan parchalar o’qidim. Shavkat tinglab o’tirdi.

— Har birini alohida olsak she’rmi? She’r. Qo’shsak – chi? Yaxlit asar. Yana eshit.

Bu gal Erkin Vohidovning “Azganush” she’rini yoddan aytdim. So’ng Asqad Muxtorning miniatyuralari tilimdan uchdi. Shavkat tinglar ekan, shunday qilishim yaxshimi, bu unga yoqadimi, degan o’y keldi. O’sha ondagi niyatim bitta edi: She’r aniq maqsadni ifoda etishi va maroq bilan o’qilishi kerak. U shoir va kitobxonning muloqoti, bundan ikki tomon foyda ko’rsagina she’riyat qalb mulkiga aylanadi.

U paytda Shavkat bu asarlarni o’qiganmidi yo yo’qmi, bilmadim. So’rash noqulay edi. U esa qunt bilan tingladi. Mayin jilmaydi. Bu she’rxonlik unga makbul bo’lganidan darak edi.

Ikkinchi uchrashuvimizda ham bosmaxonada bo’ldi. Yana navbatchilik qilgani kelgandim. Iliq so’rashdik. So’ng shoirni bir sinay deb, mushoiraga taklif qildim. Men boshladim:

Barcha joydan O’shda ko’p kuydirmajon kizlar,
O’n yetti yosh pinjida qalbi nihon qizlar.

Shavkat uni o’qigach, qog’ozni olib deraza yoniga bordi. Ancha o’y surgach yozishga tutindi. Bitdi shekilli, indamay qog’ozni menga uzatdi. Men o’qidim.

Shahri kabi go’zal, daryosiday sho’xchan,
Ularni shunday qilgan ishqmi, zamon, qizlar?

Mushoiraga Xoldorjon aka, Tursunboy, Tal’at Soliev, Xolmatjon Yusupov hatto Mirzohid ham qo’shildi. U bir soatcha davom etdi. Uning yagona nusxasi menda hamon saqlanadi. Shavkat unga dadil qatnashdi va qistalang paytida ham keng fikrlashidan voqif bo’ldik.

Shavkat qanday va qachon ijod qilishini hamon bilmasdik. Ammo biz bilan choyxonalarga tushib, adabiyot, she’riyat va shoirlar haqidagi suhbatlarimizda birga bo’ldi. Tursunboy Adashboevning bolalarning jiddiy va kulgili hayoti haqidagi she’rlarini, Mirzohid Mirzarahimovning jajji va o’ylatadigan hikoyalarini, Abdug’ani Abdug’afurovning hangoma va hajviyalarini eshitib, ko’p qistov va iltimoslardan so’ng o’zining she’rlarini ham o’qirdi.

Yoz boshida Shavkat Tursunboyga o’qishga borishini aytibdi. So’ng menga ham tish yordi. Baxtimizga atoqli shoir Temirqul Ummatalievning 60 yoshini nishonlash uchun O’shga Chingiz Aytmatov kelib qoldi. Unga Shavkat haqida aytdik.

Moskvalik talaba kuz o’rtalarida O’shga keldi. Odatimizga ko’ra choyxonada to’plandik. Osh qildik. Bir necha oylik o’qish uni ancha o’zgartirib yuborganligi sezilib turardi.
— O’qi, axir yozgandirsan anchagina.

U yon daftarchasini oldi va menga uzatdi. Sezdim-ki hamon o’z she’rini o’qishdan uyalardi. Yana xafa bo’lib qolmasin deb, daftarchadagi oltita-yettita she’rni har birimiz ovoz chiqarmay o’qidik. Menga uning ayniqsa, “Men yo’g’imda…” deb boshlanadigan she’ri yoqdi. So’ngi satrlari yod bo’lib qoldi:

Men yo’g’imda
fig’on etarmish
Ko’kka qarab karnay- surnaylar,
Men yo’g’imda tashlab ketarmish
Farg’onani oppoq turnalar…

— Endi Toshkentga ham yuborish kerak, — dedi Tursunboy . Bu taklifni hammamiz ma’qulladik.. U esa o’ychanlik bilan dedi:
— Bir-ikki yil yozay, keyin…

Yozda kelib bizda ishladi. U paytda nafaqat qishloqdagilar, ular bilan birga shahar ziyolilari ham, jumladan, gazetachilar ham chorva uchun ozuqa tayyorlash ishiga jalb qilinardi. Kelishib olib , Shavkat ikkimiz O’zgan tumanidagi “Yassi” xo’jaligida o’n besh kun  pichan jamg’ardik. Men ham tog’da o’sgandim, men ham tog’lar, yaylovlar, archalar , ko’m-ko’k maysalar shaydosi edim. Lekin shular haqida yozishda Shavkatning oldida ip  esholmasligimni sezdim.

Ijod qilishi ham boshqacha edi. U biz kabi tuyqusdan kelgan fikrni yon daftarchasiga yozib qo’yib, so’ng payt topib she’r qilmasdi. U shu fikrni miyasida pishirib, qo’shadiganini qo’shib, oladiganini olib, tayyor holga keltirib, so’ng qog’ozga tushirardi.

Shavkat asta–sekin tilga tushdi. Bu uning tabiatan og’ir-bosiqligidan emas, she’rlarining vazminligidan edi. Bora-bora uning o’zigagina xos falsafaga cho’milgan she’rlarini tushunadigan o’quvchi paydo bo’ldi.

1978 yili ilk to’plami chop etildi. Uni olib taxririyatga keldi. Qutlovlarimizni jon qulog’i bilan eshitdi. Hammamizga kitob berdi. Menga tekkanida “Yosh va baxtiyor shoir Usmon Temurga ijodiy ravnaq tilab” degan so’z yozilgan va imzo chekilgandi. Dasxatdan sal o’yga tolib qolganimni sezib dedi:
— Siz yuz yoshda ham qarimaysiz. Yuragingiz toza. O’sha yurak yonib bo’lgandayam xushchaqchaqlikni qo’ldan bermaysiz…

Yozuvchilar uyushmasida ishlaganida kam ko’rishdik. Mabodo O’shga kelsa ota-onasini ko’rib, Tursunboyni, yo meni yo’qlardi.

Bora–bora Shavkatning O’shga kelishi voqea bo’la boshladi. Bir gal uni Aravonga olib ketdik. U suygan dramanavis Abduqahhor Mannonovnikida mehmon bo’ldi. So’ng Olishboshi degan joyga bordik. Bolalar, ayniqsa, yayrashdi. Biz soya-salqin joyda suhbat qurdik, ular esa Aravonsoyda cho’milishib, mazza qilishdi. Uning Tursunboy va Abduqahhorga bag’shlagan “Aravon ko’rinishlari” she’ri o’shandan keyin yaraldi. Unda biz o’sgan, lekin biz qalamga ololmagan manzara, Aravonning ikki ming yillik tarixi bor.

Yomonni aytmasang, yaxshi yo’q, — degan gap bor. Iste’dodli qirg’iz shoiri Jo’lon Mamitovning she’rlarini tarjima qilayotib ajib bir narsaga duch keldim.

Tilagim shundaydir, saqlamadim kek,
Chunki men odammas, chunki men qushman…”

Ba’zan shoir tutqunlik ibtidosini qidiradi. Sangin saltanatning makru-hiylalaridan azoblanadi. Ko’ngilni junbushga keltirib oqib kelayotgan savollarga javob qidiradi… Ba’zan umidsizlikka ham tushadi. Lekin u shoir. Umidsizlik – shoir uchun yot. U yuksak ishonchlar, umidlar bilan yashashga mahkum. Bu uning tariqati, bu uning qismati.

Shoir she’rlarida “Yaqinda men o’taman”, “ Qulayman asrlarning qudug’iga ”, “Jim yotamiz o’tgandan keyin” kabi noxush satrlar anchagina yozilgan edi. Birdan Shavkat yodimga tushdi. Unda ham “Men o’laman”, “Men kelaman navbahor bo’lib”, “Parchalanaman, mangu kulib yotarman, quloq solib yerning tagida” kabi g’alati satrlar ko’p uchrardi. Bu nima? Bunday deyishga sabab bormi?

Unda men Bobur nomidagi o’zbek teatrida adabiy emakdosh edim. Shavkat meni yo’qlab kelganda, shu haqda so’z ochdim. Chinorlar ostida sayr qilib yurar ekanmiz, shoir o’ylanib qoldi.
— Rostdanmi?
— Shunday satrlari yoddan o’qish mumkin.

U jim qoldi. Anchadan so’ng:
— Esladim…Men ham hamma kabi bir kun o’lishga mahkum odamman. Endi yozmayman…

— Bilasizmi, — dedi u o’shanda, — nega Tursunboy akam sizni turk deb, barloscha gapir deb hazllashganini yaqinda tushundim. Turkiylar haqida bir she’r yozmoqchiman. O’nlab kitob o’qidim. Sizlar rostdan ham “shag’al”ni “shag’il”, “yigitlar”ni “yigiltar” , “chigitlar”ni “chigiltar” deysizlar ekan. Shunaqa so’zlardan ko’proq ayting.

Men aytdim . Uning mashhur “Turkiylar ” she’ri shundan keyin yaralgan bo’lsa ajab emas.

Mustaqillikdan so’ng ko’p uchrashdik. U behad shod edi.

1995 yili O’sh viloyati o’zbek milliy–madaniy markazining iltimosiga bilan Bobur nomidagi teatrda shoirlar bilan uchrashuv o’tkazildi. Toshkentdan Shavkat bilan Tursunboy Adashboev, Ahmadjon Meliboev, Andijondan Xoldorjon Quronboev kelishdi. She’rxonlik rosa uch soat davom etdi.

Ko’p o’tmay Tursunboy Adashboev Shavkatning og’rib yotganini aytdi… Hozir biroz durust, dedi. Bu xabardan suyundim. Shavkat bardam-baquvvat yigit, kasallikka yengilmaydigan, hali yosh, deb o’yladim. Xato o’ylabman. Kasali jiddiy ekan. Buni kuz o’rtasida shum xabar kelganidan keyin bildim. O’sh oh urib qoldi…

021

(Tashriflar: umumiy 535, bugungi 1)

Izoh qoldiring