* * *
ҒУНЧАЛАР ПУШТИРАНГ ВА ЗАЪФАР
Зангори япроқлар шаҳрида.
Ғунчалар орзумдек ҳар сафар,
Ғунчалар қалбимнинг бағрида.
Қалбимнинг бағрида бир жаҳон
Ғаройиб эртаклар айтади.
Мен қайтиб келмасман ҳеч қачон,
Ғунчалар, албатта, қайтади.
1962
* * *
ДЕРАЗАМГА УРИЛАДИ ҚОР,
Жаранглайди жарангсиз кумуш.
Деразамга урилади қор,
Қор сингари оппоқ бўлди туш.
Бир ажойиб қор ёғар бу кеч,
Учиб тушар менинг ёнимга…
Мен-ку, сени ўйламасман ҳеч,
Сен тушасан аммо ёдимга…
1963
* * *
БАЛКИ ЎЧГАН ЭДИМ ЁДИНГДАН,
Ширин хаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Япроқ каби кўрдим ўзимни,
Ширин хаёлингни буздимми?
Сени ўйлаб келмайди уйқу –
Қора туннинг ўзга сеҳри бор.
Тушларимда топай деб гулрў
Мен ухларман мангу, эҳтимол.
Гўзал тушлар тилайман, Лайло…
Яна пайдо бўлдинг йўлимда,
Яна йўлларингда бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим.
Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?..
1963
* * *
ШИРИН УХЛАР ТОНГ ЧОҒИ ГЎДАК,
Ухлар гўдак ё тонг кўксида,
Ёки гўдак қучоғида тонг
Ухлар ширин ҳам тинч, осуда.
1964
* * *
СЕНИ ТОПГУНГА ҚАДАР,
Қандай яшадим мен?
Наҳотки яшадим?
1964
* * *
ЁМҒИР ЁҒАР, ШИҒАЛАБ ЁҒАР,
Томчилар томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Мен унга очаман бағримни.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Аста унутаман ёмғирни.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Охир мени асир этар ул.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил.
1965
* * *
ЯНА ҚАЙТИБ КЕЛДИМ. ЧАНГ ТЎЗГАН
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар ўсган
Уйимизни соғиндим, она.
Азиз даргоҳ остонасида
Сизни қалбим билан қучайин,
Тўйиб-тўйиб сопол косада
Муздек қудуқ сувин ичайин.
Ҳар бир нарса яқиндир менга,
Ҳар бир нарса менга қадрдон.
Қараб қолдингизми йўлимга
Иссиқ нонлар узиб тандирдан?
Койимангиз мени бу сафар
Унутди деб уйни, даламни,
Не чора бир дил ёнса агар,
Севиб қолсам бутун оламни.
О, қишлоқнинг мунис чиройи…
Аччиқ пиёз тўғрайин ўзим.
Дил соғиниб йиғлади доим,
Ҳозир, майли йиғласин кўзим.
Тарғилланиб бормоқда осмон,
Оппоқ ҳидга тўлмоқда бағрим.
Айтингиз-чи, борми соғ-омон
Шаҳло кўзли менинг тарғилим?
Оғушимда зангори сезги,
Кипригимда суюқ ҳаяжон.
Кўзларимда юмалоқ севги,
Саломатман мен ҳам, онажон!
Қайтиб келдим яна. Чанг тўзган
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар ўсган
Уйимизни соғиндим, она.
1966
* * *
УЙҒОН, ЭЙ, МАЛАГИМ, ТУР ЎРНИГДАН, ТУР,
Оташин музларда исинайлик, юр.
Ёнғинли дарёда қулоч отайлик,
Бу ердан кетайлик, фақат кетайлик.
Ундан ҳам олисроқ кетармиз ҳали,
Ундан ҳам олисроқ, менинг гўзалим.
Қарагил, энг ёрқин бир юлдуз ёнар,
Ёруғ бир чаман бу … кетармиз яна.
Бугун шоҳ эрурман, тилак тилагил,
Бугун мен гадоман, тингла, малагим.
1966
ОЙБЕК ХОТИРАСИГА
Тоғлар аро бир ойдин булоқ,
Атрофида шивирлар ўтлоқ.
Булоқда шаън ва собит чирой.
Нур йўлидек ўйлари йироқ
Сувда мангуликдек сузар ой…
Бироқ, ҳайҳот, бир қуюн келди…
Ойдин булоқ қайга беркинди?!
Қайдадир шаън ва собит чирой?
Фалакларга қарайман энди,
Фалакларда сузиб юрар ой…
1968
* * *
ПАҒА-ПАҒА ОППОҚ ҚОР ЁҒАР,
Боғлар киймиш илоҳий либос.
Юрагимни бир оташ доғлар –
Қуёш тутиб келаётир ёз.
Нима бўлди? Кипригинг намли,
Кўзларингда яширин асрор.
Девордаги суратим қани?
Нима бўлди? Қалбингда не бор?
Ёғар оппоқ, паға-паға қор,
Дардим қорлар каби сочилар.
Ҳув, йироқда гуллаган баҳор
Бўйлари кўксимга санчилар…
1969
* * *
ВУЖУДИМ ЯЛЛИҒЛАНАР НАФАСИНГДАН,
Сен шундай яқинсанки, жон қадар, ахир,
Барибир, сени соғинаман, севгилим.
1975
* * *
ЁШЛИК ЗАНГОР ФАСЛ. КЕЧДИ, САРҒАРДИ,
Тўкилди у. Шафқат билмас баргрезон.
Қора совуқларга отиб юборди,
Шамоллар пойида синмоқда хазон.
Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди.
Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл,
Қанча фарёд қилмай қайтариб бўлмас.
Ҳар қалай олдинда бордир сўнгги йўл,
Токи етгунингча хотирот ўлмас,
Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл!
Видо табассумли олам, ёшлигим,
Кўзларимда қотган жолам, ёшлигим,
Кўкларга етмаган нолам, ёшлигим,
Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим,
Видо табассумли олам, ёшлигим.
1977
“Шарқ юлдузи” журналининг 2011 йил № 3 сонидан олинди