Mirzo Bobur Abdurahmon Jomiy haqida

07

Мирзо Бобурнинг Жомий ижодига ва шахсига бўлган ҳурмати, эътиқоди Навоийдан кам бўлмаганлигини кўришимиз мумкин. Мирзо Бобурнинг ўзи таъкидлаганидек Ҳирот адабий муҳитининг “саромади ва сардафтари” Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг элликдан ортиқ асарлари борлиги илмда қайд этилган. Шоир, адиб, олим, мусиқашунос, адабиётшунос, муаррих, файласуф, мутасаввуф Жомий ижодининг серқирралиги, қамровининг кенглиги ҳам Мирзо Бобурни ҳайратлантирган, ҳаваслантирган ва ўзига чорлаган.

011
МИРЗО БОБУР АБДУРАҲМОН ЖОМИЙ ҲАҚИДА
Юлдуз Каримова,Соҳиб Бойсинов
022

022оҳа мутахассисларининг эътирофича, ХV – ХVI асрлардаги Марказий Осиё тарихини Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си ва Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарлари тадқиқи асосида яратиш мумкин экан.

Дарҳақиқат, ХV – ХVI асрлардаги Моворауннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистон ҳудудида юз берган ижтимоий, сиёсий, адабий, маданий воқеаларни ўрганишда “Бобурнома”нинг ўрни беқиёс эканлигини ҳар бир маърифатли инсон эътироф этади.

ХV асрнинг охири, ХVI асрнинг бошларидаги тарихий воқелик, Мирзо Бобур чекига тушган масъулият, мавқе, ижтимоий, сиёсий фаолият унинг шоир, адабиётшунос сифатидаги дунёқараши, нуқтаи назарининг шаклланишига ҳам, албатта, катта таъсир кўрсатди.

Темурий шаҳзодаларнинг бошини бир ерга жам қилиб, Шайбонийхон босқинига қарши бирлашмоқ қасдида ёнаётган Мирзо Бобур 1506 йили Хуросон пойтахти Ҳиротга келади.

Маишат ва ичкиликка муккасидан кетган, Ҳирот тахтини бир-бирларидан қизғаниб, юртнинг кентларини душманга олдириб қўяётган калтабин, худбин ака-укалар Бадиуззамон ва Музаффар Мирзоларнинг тутимларини кўрган Мирзо Бобур уларни ўзига ҳеч қачон ҳаммаслак бўлолмасликларини англаб, ўртанади.

Ана шундай пайтда Мирзо Бобур таскинни вафот этганига беш-олти йил бўлиб қолганига қарамай ҳали ҳам муборак руҳи, нафаси сезилиб турган Алишер Навоий яшаган хонадонида топади. Бу ҳақда “Бобурнома”да шундай дейилади: “Тонгласи келиб Боғи Навда туштум. Боғи Навда бир кеча бўлдум, ани муносиб кўрмай Алишербекнинг уйларини тайин қилдилар. Ҳирийдан чиққунча Алишербекнинг уйларида эдим” (Бобур “Бобурнома”, Юлдузча нашриёти, 1989 й, 170-бет).

“Ҳирийдан чиққунча Алишербекнинг уйларида кечган Мирзо Бобур кунлари унинг таҳликали, суронли ҳаётининг энг соҳир, ҳузурбахш, файзиёб дамлари бўлганлиги шубҳасиз. Мирзо Бобур бу лаҳзалар сурурини кейинчалик ўзининг ижодий ва илҳомий ҳолатларида қайта ва қайта ҳис этган бўлса, ажаб эмас.

“Бобурнома”нинг тўққиз юз ўн биринчи (1505-1506) йил воқеалари баёни бобини мутолаа қилар эканмиз, кўз ўнгимизда ХV асрнинг иккинчи ярмидаги Хуросон, ўз бағрида Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Камолиддин Биноий, Муҳаммад Солиҳ каби буюк истеъдодлар илҳомига қанот бағишлаган, талантларини камолатга етказган жаннатий маскан, файзиёб Ҳирот қасд ростлайди.

Мирзо Бобур шундай ёзади: “Султон Ҳусайн Мирзонинг замони ажаб замон эди, аҳли фазл ва беназир элдин Хуросон, батахсис Ҳирий шаҳри мамлу эрди. Ҳар кишинингким бир ишға машғуллуғи бор эди, ҳиммати ва ғарази ул эдиким, ул ишни камолга тегурай” (Бобур “Бобурнома” Юлдузча нашриёти, 1989 й, 16-бет).

Мирзо Бобур бу бобда ХV аср иккинчи ярми Ҳирот адабий, илмий, маданий муҳитида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган қирққа яқин фозил инсонлар ҳақида маълумот беради.

Шу ўринда адабиётшунос олим Ваҳоб Раҳмоннинг: “Агар “Бобурнома” ёзилмаса, бизнинг Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий ҳаётлари, фаолиятлари ва ижодлари, хусусан, шахслари ҳақида тасаввурларимиз анчайин юзаки бўлиб қолган бўларди”,-(З.М.Бобур. Бобурнома. В.Раҳмон, К.Муллаҳўжаева табдили. Т.: Ўқитувчи, 2008, 16-бет) деган сўзларини эслаш ўринли бўларди. Шу маънода “Бобурнома”да ХV аср Ҳирот адабий муҳитининг яна бир улкан вакили Абдураҳмон Жомий билан боғлиқ ўринларга эътиборимизни қаратсак: “…Мавлоно Абдураҳмон Жомий эдиким, зоҳир ва ботин улумида ул замонда ул миқдор киши йўқ эди. Шеъри худ маълумдир. Муллонинг жаноби андин олийроқдурким, таърифқа эҳтиёж бўлғай” (Бобур. “Бобурнома” Юлдузча нашриёти, 1989 й, 160 бет).

Бу эътирофдан Мирзо Бобурнинг Жомий ижодига ва шахсига бўлган ҳурмати, эътиқоди Навоийдан кам бўлмаганлигини кўришимиз мумкин. Мирзо Бобурнинг ўзи таъкидлаганидек Ҳирот адабий муҳитининг “саромади ва сардафтари” Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг элликдан ортиқ асарлари борлиги илмда қайд этилган. Шоир, адиб, олим, мусиқашунос, адабиётшунос, муаррих, файласуф, мутасаввуф Жомий ижодининг серқирралиги, қамровининг кенглиги ҳам Мирзо Бобурни ҳайратлантирган, ҳаваслантирган ва ўзига чорлаган.

“Бобурнома”нинг бир неча ўринларида Мирзо Бобурнинг Жомий ижоди билан яхши таниш эканлиги, асарларининг мазмун моҳиятидан яхши хабардорлиги кўзга ташланади. Хусусан, 1506 йилда Хуросонга келган Мирзо Бобур Абдураҳмон Жомий қабрини зиёрат қилади ва шу билан биргаликда буюк мутафаккирнинг яқин шогирди, ўша пайтлари Абдураҳмон Жомий мадрасасида яшаётган, бетоб бўлиб қолган Мулло Абдуғафур Лорийни ҳам бориб кўради. Шу ўринда “Бобурнома”га мурожаат қилсак: “Яна Мулло Абдуғафур Лорий эди. Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг ҳам муриди, ҳам шогирди эди. Муллонинг аксар мусаннафатини мулло қошида ўткариб эди. “Нафаҳот”қа шарҳ йўсунлуқ бир нима битибтур” (Бобур “Бобурнома” Юлдузча нашриёти, 1989 й, 160 бет).

Кўриб турганимиздек, насрга мойиллиги кучли бўлган Мирзо Бобур Жомийнинг шу йўлда ёзилган “Нафаҳот ул-унс”, шунингдек, “Баҳористон” асарлари билан яхши таниш бўлгани ҳолда, шогирди Абдулғафур Лорийнинг ўз устози асарига ёзган шарҳи – “Такмила бар “Нафаҳот ул-унс” (“Нафаҳот ул-унс”га қўшимча) ҳақида ҳам маълумотга эга. Яна худди шундай бир мисолни Алишер Навоийга бағишланган саҳифаларда ҳам кўриш мумкин. “Бобурнома”да Алишер Навоий қаламига мансуб асарларни бирма–бир санаб туриб: “Ул жумладин, иншоларини Мавлоно Абдураҳмон Жомийга тақлид қилиб жамъ қилибтур. Ҳосила калом, ҳар кимга ҳар иш учун ҳар хатким битибтур, йиғиштирибтур”,-дейди (Бобур ”Бобурнома” Юлдузча нашриёти, 1989 й, 154 бет). Бу маълумотдан ҳам кўриниб турибдики Мирзо Бобур Жомийнинг форсча руқъаларидан, яъни “Муншаот” асаридан ҳам яхши хабардор.

“Бобурнома”да Абдураҳмон Жомийнинг ижодкор сифатидаги эстетик тамойилини, адабий қарашларини яққол кўрсатадиган бир маълумот бор. Аслида бу маълумот Ҳирот шоирларидан бири Шайхим Сухайлийга бағишланган ўринда келтирилган: “Сухайлий” тахаллус қилур учун Шайхим Сухайлий дерлар эди. Бир тавр шеър айтур эди. Қўрққудик алфоз ва маоний дарж қилур эди. Анинг абётидин бир будур:

Шаби ғам гирд-боди оҳам аз жо бурд гардунро.
Фурў бурд аждаҳои сайли ашкам рубъи маскунро.

(Бобур ”Бобурнома” Юлдузча нашриёти, 1989 й, 150-бет)

(Мазмуни: Ғам кечаси оҳимнинг қуюни осмонни ўрнидан қўзғатди,
Кўз ёшим селининг аждаҳоси ер юзини ютиб юборди.)

Машҳурдуркум, бир қатла бу байтни Мавлоно Абдураҳмон Жомий хизматида ўқубтур. Мавлоно айтибдурким: “Мирзо, шеър айтасиз ё одам қўрқутасиз?”

Биз ушбу парча орқали Абдураҳмон Жомий шахсидаги бағрикенглик, устозга хос маънавият, маданиятнинг юксаклиги, муомала этикети, мутойибага мойиллик хусусиятларини кўришимиз мумкин. Юқорида Абдураҳмон Жомий ва Шайхим Сухайлий ўртасидаги ижодий суҳбат Жомийнинг эстетик қарашларини кўрсатади, деган эдик. Аслида Жомийнинг Суҳайлийга эътирози қайсидир маънода Мирзо Бобурнинг ҳам адабий-танқидий қарашларига мос. Илми бадиъадан муболаға санъатининг табиатини барчамиз яхши билсакда, Мирзо Бобур каби “баёни воқеини… рост битилгай” тамойилига амал қиладиган реалист ижодкорлар муболағали тасвирни ҳам воқеликда мавжуд бўлиш имкони бор ё йўқлигига эътибор қаратадилар, меъёрни унутмайдилар.

Хулоса қилиб айтганда, “Бобурнома”да Абдураҳмон Жомий ижодига махсус тўхталинмаган бўлсада, юқорида келтирилган мухтасар маълумотларнинг ўзидаёқ Мирзо Бобурнинг Жомий адабий-илмий меросига, шахсиятига бўлган чексиз ҳурмати ва эътиқодини кўриш мумкин. Шу билан бирга бу маълумотлар бугунги кун китобхонини Абдураҳмон Жомийдек буюк мутафаккирнинг инсоний ва ижодий даҳосига яқинлаштиради.

022

011
MIRZO BOBUR ABDURAHMON JOMIY HAQIDA
Yulduz Karimova,Sohib Boysinov
022

022oha  mutaxassislarining e’tiroficha, XV – XVI asrlardagi Markaziy Osiyo tarixini Zahiriddin Muhammad Boburning “Boburnoma”si va Muhammad Haydar Mirzoning “Tarixi Rashidiy” asarlari tadqiqi asosida yaratish mumkin ekan.

Darhaqiqat, XV – XVI asrlardagi Movoraunnahr, Xuroson va Hindiston hududida yuz bergan ijtimoiy, siyosiy, adabiy, madaniy voqealarni o’rganishda “Boburnoma”ning o’rni beqiyos ekanligini har bir ma’rifatli inson e’tirof etadi.

XV asrning oxiri, XVI asrning boshlaridagi tarixiy voqelik, Mirzo Bobur chekiga tushgan mas’uliyat, mavqe, ijtimoiy, siyosiy faoliyat uning shoir, adabiyotshunos sifatidagi dunyoqarashi, nuqtai nazarining shakllanishiga ham, albatta, katta ta’sir ko’rsatdi.

Temuriy shahzodalarning boshini bir yerga jam qilib, Shayboniyxon bosqiniga qarshi birlashmoq qasdida yonayotgan Mirzo Bobur 1506 yili Xuroson poytaxti Hirotga keladi.

Maishat va ichkilikka mukkasidan ketgan, Hirot taxtini bir-birlaridan qizg’anib, yurtning kentlarini dushmanga oldirib qo’yayotgan kaltabin, xudbin aka-ukalar Badiuzzamon va Muzaffar Mirzolarning tutimlarini ko’rgan Mirzo Bobur ularni o’ziga hech qachon hammaslak bo’lolmasliklarini anglab, o’rtanadi.

Ana shunday paytda Mirzo Bobur taskinni vafot etganiga besh-olti yil bo’lib qolganiga qaramay hali ham muborak ruhi, nafasi sezilib turgan Alisher Navoiy yashagan xonadonida topadi. Bu haqda “Boburnoma”da shunday deyiladi: “Tonglasi kelib Bog’i Navda tushtum. Bog’i Navda bir kecha bo’ldum, ani munosib ko’rmay Alisherbekning uylarini tayin qildilar. Hiriydan chiqquncha Alisherbekning uylarida edim” (Bobur “Boburnoma”, Yulduzcha nashriyoti, 1989 y, 170-bet).

“Hiriydan chiqquncha Alisherbekning uylarida kechgan Mirzo Bobur kunlari uning tahlikali, suronli hayotining eng sohir, huzurbaxsh, fayziyob damlari bo’lganligi shubhasiz. Mirzo Bobur bu lahzalar sururini keyinchalik o’zining ijodiy va ilhomiy holatlarida qayta va qayta his etgan bo’lsa, ajab emas.

“Boburnoma”ning to’qqiz yuz o’n birinchi (1505-1506) yil voqealari bayoni bobini mutolaa qilar ekanmiz, ko’z o’ngimizda XV asrning ikkinchi yarmidagi Xuroson, o’z bag’rida Abdurahmon Jomiy, Alisher Navoiy, Kamoliddin Behzod, Kamoliddin Binoiy, Muhammad Solih kabi buyuk iste’dodlar ilhomiga qanot bag’ishlagan, talantlarini kamolatga yetkazgan jannatiy maskan, fayziyob Hirot qasd rostlaydi.

Mirzo Bobur shunday yozadi: “Sulton Husayn Mirzoning zamoni ajab zamon edi, ahli fazl va benazir eldin Xuroson, bataxsis Hiriy shahri mamlu erdi. Har kishiningkim bir ishg’a mashg’ullug’i bor edi, himmati va g’arazi ul edikim, ul ishni kamolga teguray” (Bobur “Boburnoma” Yulduzcha nashriyoti, 1989 y, 16-bet).

Mirzo Bobur bu bobda XV asr ikkinchi yarmi Hirot adabiy, ilmiy, madaniy muhitida o’z o’rni va mavqeiga ega bo’lgan qirqqa yaqin fozil insonlar haqida ma’lumot beradi.

Shu o’rinda adabiyotshunos olim Vahob Rahmonning: “Agar “Boburnoma” yozilmasa, bizning Husayn Boyqaro va Alisher Navoiy hayotlari, faoliyatlari va ijodlari, xususan, shaxslari haqida tasavvurlarimiz anchayin yuzaki bo’lib qolgan bo’lardi”,-(Z.M.Bobur. Boburnoma. V.Rahmon, K.Mullaho’jaeva tabdili. T.: O’qituvchi, 2008, 16-bet) degan so’zlarini eslash o’rinli bo’lardi. Shu ma’noda “Boburnoma”da XV asr Hirot adabiy muhitining yana bir ulkan vakili Abdurahmon Jomiy bilan bog’liq o’rinlarga e’tiborimizni qaratsak: “…Mavlono Abdurahmon Jomiy edikim, zohir va botin ulumida ul zamonda ul miqdor kishi yo’q edi. She’ri xud ma’lumdir. Mulloning janobi andin oliyroqdurkim, ta’rifqa ehtiyoj bo’lg’ay” (Bobur. “Boburnoma” Yulduzcha nashriyoti, 1989 y, 160 bet).

Bu e’tirofdan Mirzo Boburning Jomiy ijodiga va shaxsiga bo’lgan hurmati, e’tiqodi Navoiydan kam bo’lmaganligini ko’rishimiz mumkin. Mirzo Boburning o’zi ta’kidlaganidek Hirot adabiy muhitining “saromadi va sardaftari” Mavlono Abdurahmon Jomiyning  ellikdan ortiq asarlari borligi ilmda qayd etilgan. Shoir, adib, olim, musiqashunos, adabiyotshunos, muarrix, faylasuf, mutasavvuf Jomiy ijodining serqirraligi, qamrovining kengligi ham Mirzo Boburni hayratlantirgan, havaslantirgan va o’ziga chorlagan.

“Boburnoma”ning bir necha o’rinlarida Mirzo Boburning Jomiy ijodi bilan yaxshi tanish ekanligi, asarlarining mazmun mohiyatidan yaxshi xabardorligi ko’zga tashlanadi. Xususan, 1506 yilda Xurosonga kelgan Mirzo Bobur Abdurahmon Jomiy qabrini ziyorat qiladi va shu bilan birgalikda buyuk mutafakkirning yaqin shogirdi, o’sha paytlari Abdurahmon Jomiy madrasasida yashayotgan, betob bo’lib qolgan Mullo Abdug’afur Loriyni ham borib ko’radi. Shu o’rinda “Boburnoma”ga murojaat qilsak: “Yana Mullo Abdug’afur Loriy edi. Mavlono Abdurahmon Jomiyning ham muridi, ham shogirdi edi. Mulloning aksar musannafatini mullo qoshida o’tkarib edi. “Nafahot”qa sharh yo’sunluq bir nima bitibtur” (Bobur “Boburnoma” Yulduzcha nashriyoti, 1989 y, 160 bet).

Ko’rib turganimizdek, nasrga moyilligi kuchli bo’lgan Mirzo Bobur Jomiyning shu yo’lda yozilgan “Nafahot ul-uns”, shuningdek, “Bahoriston” asarlari bilan yaxshi tanish bo’lgani holda, shogirdi Abdulg’afur Loriyning o’z ustozi asariga yozgan sharhi – “Takmila bar “Nafahot ul-uns” (“Nafahot ul-uns”ga qo’shimcha) haqida ham ma’lumotga ega. Yana xuddi shunday bir misolni Alisher Navoiyga bag’ishlangan sahifalarda ham ko’rish mumkin. “Boburnoma”da Alisher Navoiy qalamiga mansub asarlarni birma–bir sanab turib: “Ul jumladin, insholarini Mavlono Abdurahmon Jomiyga taqlid qilib jam’ qilibtur. Hosila kalom, har kimga har ish uchun har xatkim bitibtur, yig’ishtiribtur”,-deydi (Bobur ”Boburnoma” Yulduzcha nashriyoti, 1989 y, 154 bet). Bu ma’lumotdan ham ko’rinib turibdiki Mirzo Bobur Jomiyning forscha ruq’alaridan, ya’ni “Munshaot” asaridan ham yaxshi xabardor.

“Boburnoma”da Abdurahmon Jomiyning ijodkor sifatidagi estetik tamoyilini, adabiy qarashlarini yaqqol ko’rsatadigan bir ma’lumot bor. Aslida bu ma’lumot Hirot shoirlaridan biri Shayxim Suxayliyga bag’ishlangan o’rinda keltirilgan: “Suxayliy” taxallus qilur uchun Shayxim Suxayliy derlar edi. Bir tavr she’r aytur edi. Qo’rqqudik alfoz va maoniy darj qilur edi. Aning abyotidin bir budur:

Shabi g’am gird-bodi oham az jo burd gardunro.
Furo’ burd ajdahoi sayli ashkam rub’i maskunro.

(Bobur ”Boburnoma” Yulduzcha nashriyoti, 1989 y, 150-bet)

(Mazmuni: G’am kechasi ohimning quyuni osmonni o’rnidan qo’zg’atdi,
Ko’z yoshim selining ajdahosi yer yuzini yutib yubordi.)

Mashhurdurkum, bir qatla bu baytni Mavlono Abdurahmon Jomiy xizmatida o’qubtur. Mavlono aytibdurkim: “Mirzo, she’r aytasiz yo odam qo’rqutasiz?”

Biz ushbu parcha orqali Abdurahmon Jomiy shaxsidagi bag’rikenglik, ustozga xos ma’naviyat, madaniyatning yuksakligi, muomala etiketi, mutoyibaga moyillik xususiyatlarini ko’rishimiz mumkin. Yuqorida Abdurahmon Jomiy va Shayxim Suxayliy o’rtasidagi ijodiy suhbat Jomiyning estetik qarashlarini ko’rsatadi, degan edik. Aslida Jomiyning Suhayliyga e’tirozi qaysidir ma’noda Mirzo Boburning ham adabiy-tanqidiy qarashlariga mos. Ilmi badi’adan mubolag’a san’atining tabiatini barchamiz yaxshi bilsakda, Mirzo Bobur kabi “bayoni voqeini… rost bitilgay” tamoyiliga amal qiladigan realist ijodkorlar mubolag’ali tasvirni ham voqelikda mavjud bo’lish imkoni bor yo yo’qligiga e’tibor qaratadilar, me’yorni unutmaydilar.

Xulosa qilib aytganda, “Boburnoma”da Abdurahmon Jomiy ijodiga maxsus to’xtalinmagan bo’lsada, yuqorida keltirilgan muxtasar ma’lumotlarning o’zidayoq Mirzo Boburning Jomiy adabiy-ilmiy merosiga, shaxsiyatiga bo’lgan cheksiz hurmati va e’tiqodini ko’rish mumkin. Shu bilan birga bu ma’lumotlar bugungi kun kitobxonini Abdurahmon Jomiydek buyuk mutafakkirning insoniy va ijodiy dahosiga yaqinlashtiradi.

022

(Tashriflar: umumiy 886, bugungi 1)

Izoh qoldiring