Nazar Eshonqul. Dajjolning tug’ilishi

002
ХХ аср ҳаётида иблис яшамоғи ва ғалаба қилмоғи учун барча қулайликлар, имкониятлар мавжуд эди: бу асрда диёнатли одамлар шусиз ҳам кам қолган, диёнат салкам эскилик сарқити сифатида қарала бошлаганди. Аллоҳ йўлидаги даъватлар ҳам диндорларнинг ўзаро келишмовчиликлари, фисқу фасодларга ўралашиб, заиф ва ишончсиз, зерикарли ва қотиб қолган тарзда давом этарди. Бундан ташқари, ХХ аср одамининг ички дунёси бўм-бўш эди. Ўзига, ўзликка ётлашишдан, маънавий таназзалдан иборат ушбу бўшлиқни иблисваччанинг даъватлари осонгина тўлдира бошлади.

091
Назар Эшонқул
ДАЖЖОЛНИНГ ТУҒИЛИШИ
( «ХХ аср кино санъати» )

Хотини ўлик фарзанд туққан америкалик амалдор изтироб чеккан ҳолатда пайдо бўлади. У бир неча марта ўлик фарзанд туққан хотини навбатдаги йўқотишга дош беролмаслигидан азоб чекмоқда. Бироқ унинг изтироби узоққа чўзилмайди: худди шу куни – 6 июнь, соат 6 да (учта 666) туғилган ва онаси ўлган гўдакни унга тавсия қилишади. Амалдор болани олиб, хотини олдига олиб киради. Шундай қилиб, бўлажак элчи оиласига ота-онаси номаълум фарзанд кириб келади ва унга Демиан деб исм қўядилар. Тезда отани Англияга элчи қилиб жўнатишади. Воқеа ана шу ердан драматик, қизиқарли тус олади.

Демиан меҳрибон ота, меҳрибон она қарамоғида жуда яхши тарбия топади ва соғлом бўлиб ўсади. Боланинг соғломлигидан ҳамма хурсанд, дарвоқе, унинг соғлиғи фавқулодда даражада яхши. Таниш-билишлар, ёру дўстлар боланинг беш ёшга тўлганини нишонлаш учун йиғилишади. Шу ерда фожиа юз беради: боланинг тарбиячиси базм пайти ўзини осиб қўяди, осаркан: у «Демиан, сен учун ўлимга ҳам тайёрман», – деб хитоб қилади. Ана шу ерда томошабинлар боланинг кўзидаги ғайритабиий нигоҳга дуч келадилар. Бу нигоҳ ёвуз, қатъиятли ва қадимий, одамзодга нафрат сочиб турган кўз эди. Тарбиячи ўзини осар экан, боланинг орқасида қандайдир пайдо бўлган қора ит турарди ва бола унга қўл силкиб қўярди. Шу тантанани суратга олиб юрган фотограф эътиборидан тарбиячининг ҳолати ҳам, ит ҳам қочиб қутулолмайди. Эртасига элчи олдига қандайдир руҳоний келиб, унга ғалати, тентакнамо бир гапни айтади: сиз иблисни тарбиялаябсиз, сиз тарбиялаётган бола иблиснинг боласи.

Бу гаплар элчининг ғазабини қўзғайди. Табиийки, у руҳоний ақлдан озган деб ўйлайди ва полиция чақириб, уни элчихонадан чиқариб юборади. Бироқ руҳоний ҳамма жойда: кўчада, меҳмонда, уйда элчини таъқиб этади. Бир куни у элчини элчихонага кираверишда учратади ва «Эртага фалон хиёбонга келинг, майли, ишонмаслигингиз мумкин, лекин гаплашиб олайлик», – дейди. Элчи бу чин дилдан айтилаётган таклифга рози бўлади. Руҳоний бурилиб кетаркан қайдандир пайдо бўлган фотограф уни суратга туширади. Эртасига элчи хиёбонга борса, руҳоний уни туман қоплаган хилват жойда аллақачон кутиб ўтирганди.

У элчига аввалгисидан ҳам ғалати гап айтади: «болангиз иблиснинг боласи. Сиз уни фалон черковдан олгандингиз, мен унинг онасини танирдим. Мен улуғ гуноҳкорман…» «Буни қандай исботлайсиз?» – деб сўрайди элчи. «Болангиз 6 июнь соат 6 да (учта 666) туғилган. иблис боласи туғилиши билан сизнинг ҳақиқий болангиз дунёдан кўз юмди. Бу Иблиснинг иши. Чунки у боласини ижтимоий таъминланган, келажакда катта мансабдор бўлиш имконияти бор оилада тарбия топишини истади. Шундай бўлди ҳам. Бола бошининг қоқ ўртасида ва товонида туғма учта олти рақами бор. Чунки 6 июнь куни Комета сайёраси ер юзига яқин келганди. Сизнинг хотинингиз яна ҳомиладор бўлган. Бироқ Иблис боласи бу болангизни ҳам ўлдиради, хотинингизни, сизни, бутун хонадонингизни ўлдиради ва мулкларингизга ягона хўжайин бўлиб олади. Бу мулк унга ўз режаларини, ёвуз ниятларини амалга ошириш учун зарур… Бу фожианинг олдини олинг».

Булар элчи учун кутилмаган гаплар эди. У оғир шубҳага тушади. Элчи суҳбатдан мутаассир бўлиб уйига келади. Хотини ҳомиладор бўлиб қолганини, уни ҳозир аниқлаганини айтади. Бу элчини гангитиб қўяди. Салдан кейин беш яшар Демиан велосипед билан онасини уриб кетади, ҳомиласи тушади. Руҳонийнинг башоратлари тўғри чиқаётганди. Бир куни элчининг кўзи газетага тушади. Унда ўша таниш руҳоний сирли равишда узун хода билан елкасидан ерга қадаб қўйилган ҳолатда топилгани ҳақида хабар босилганди. Айтгандай, руҳоний ўзини иблис таъқиб этиб юрганини, унинг ўғли ҳақидаги сирни фош қилгани учун ўч олишини айтганди. Энди элчи руҳонийнинг гапларига заррача шубҳа қилмай қўяди. Шунда унинг ёнида фотограф пайдо бўлади ва унга руҳонийнинг гапларидан ҳам ғалатироқ суратлар кўрсатади: унда Демиан билан тарбиячи ва руҳоний акс этганди. Бу суратлар уларнинг ўлимларидан олдинги суратлар эди. Қизиғи шундаки, иккаласининг бўйнида ҳам ғира-шира арқон осмонга боғланган ҳолатда турарди. Элчи бу арқонларнинг тақдири аъзал ҳукмлари эканини энди биларди: арқонлар иблиснинг ҳукми эди.

Фильм давомида руҳонийнинг барча башоратлари тўғри чиқади. Демиан аввал ота-онасини, сўнг аммасини, кейин амакиларини, кимки йўлига тўсиқ бўлса, барчасини ҳалокатга гирифтор этиб, ўз мавқеини тиклаб олади. Энди у қадим суратларда қайд этилган иблиснинг ўзига айланганди. Унинг бош мақсади ўзига издошлар тўплаш, одамларни Худо таълимотидан қайтариш ва ўз отасининг йўлини, таълимотини тарғиб қилишдан иборат эди. У парвардигор ва унинг таълимотидан дарак берувчи барча нарсани вайрон қилишга киришади. Аста-секин унинг издошлари, салафлари ва саҳобалари кўпая боради.

У иблис номидан ер юзига «пайғамбар» этиб жўнатилган, мақсади одамни парвардигорга эмас, иблисга қул қилиш эди. У ўз вазифасини жуда муваффақиятли ўтай бошлади. Путурдан кетган эътиқодлар диний таълимотнинг узоқ йиллар жаҳолат ва мутаассиблик қобиғига ўралиб, парвардигордан кўра шоҳларга, императорларга хизмат қилгани, руҳонийларнинг руҳдан кўра кўпроқ жисмни, танани ўйлашга бериб кетганлари, фаҳш, ёлғон ХХ асрга келиб ўзининг олий мақомига етгани, ёлғонга, хиёнатга, сотқинликка, фаҳшга асосланган бошқарувлар сиёсатида имкон эмас, кўпроқ айёрлик, найрангбозлик русум бўлгани иблисваччанинг ҳокимият зиналаридан тезлик билан юксаклик сари кўтарилишига имкон яратди. У яқин йиллар ичида ўзини ҳукмрон қилиб кўрсатишга тайёрланмоқда эди.

Хуллас, ХХ аср ҳаётида иблис яшамоғи ва ғалаба қилмоғи учун барча қулайликлар, имкониятлар мавжуд эди: бу асрда диёнатли одамлар шусиз ҳам кам қолган, диёнат салкам эскилик сарқити сифатида қарала бошлаганди. Аллоҳ йўлидаги даъватлар ҳам диндорларнинг ўзаро келишмовчиликлари, фисқу фасодларга ўралашиб, заиф ва ишончсиз, зерикарли ва қотиб қолган тарзда давом этарди. Бундан ташқари, ХХ аср одамининг ички дунёси бўм-бўш эди. Ўзига, ўзликка ётлашишдан, маънавий таназзалдан иборат ушбу бўшлиқни иблисваччанинг даъватлари осонгина тўлдира бошлади. Одамлар муқаддас илоҳий китобларгамас, қора китобларга меҳр қўйдилар, қора китобларни муқаддас деб билдилар. Вақтларини эртаю кеч қора китобларни ўқишга бағишладилар, қора китоблар одамларнинг дилларини, шуурларини эгаллади, одамларда ички «мен» ўлди. Иблисваччанинг издошлари кўпайди. Фильмда Демианнинг 24 мартда туғилган (Исонинг издошлари туғилиши керак бўлган кеча) барча гўдакларни қириб ташлаш ҳақидаги буйруғи иблис мавқеининг энг юқори чўққиси бўлди. 24 мартда туғилган болалар аёвсиз қирила бошлади.

Бу ҳол кўплар қатори руҳонийларни ҳам безовта қилиб қўйди. Оқибатда улар воқеанинг тагига етдилар ва Демиан (айтгандай Демиан лотинча сўз бўлиб, демон, иблис маъносини беради) йўқ қилиш пайига тушдилар. Фақат фаол кураш, мустаҳкам эътиқод, инсоният ва парвардигор олдидаги масъулият туфайли улар тўғри йўл топдилар. Демианни фақат Исо ясаган ханжар билангина ўлдириш мумкин эди. Қолган барча уринишлар беҳуда бўлиб чиқди. Иблисвачча барча суиқасдларни бир имо билан йўққа чиқарди, жонига қасд қилганларни эса машинага бостирди, токка урдирди, сувга чўктирди, итларга ем қилди, оловда қовуриб кул қилди. Илоҳий ханжарни топиб келган руҳоний охири иблисваччанинг ер юзидаги ҳаётини сўндирди: ўғлининг иблис издоши бўлганидан ва Демиан айби билан бевақт ўлимга дучор этилганидан ғазабга келган журналист аёл уни илоҳий ханжар билан черковда ўлдирди. Демиан черковга Исонинг устидан ғалаба қилганини тасдиқлаш учун келганди. Яна ақл-идрок зафар қозонди. Бироқ ҳамишами? Бу ғалаба мангуми?

Фильм бизга иблис ичимизда экани, уни маҳв этиш ва ақл-идрок ғалабасини таъминлаш ўз қўлимиздалигини яна бир бор эслатади. Бу фақат мистика эмас, руҳият, инсон иродаси ҳақидаги фильмдир. Аввал ўзини поклаган одамгина дунёни поклай олади. Пок ва диёнатли одамларгина дунёни қутқара билади. Гарчи фильм Исо таълимоти ҳақида бўлса-да, унинг мазмуни христиан дини чегараларидан чиқиб, умумбашарий тус олади – бу фақат Исо ҳақидамас, Аллоҳнинг улуғлиги ва фақат у юборган таълимот-ваҳийгина инсонни чинакам бут қилиши мумкинлиги ҳақидадир.

Фильм уч қисмдан иборат. У бизни фикрлашга, теварак-атрофимизга назар солишга, мушоҳадага, ўзимизни, ўз ички дунёмизни таҳлил қилишга ва санъатни тушунишга ўргатади. Ичингизга боқиб кўринг. Фильм сизни ҳамиша ҳушёрликка чақириб туради, ичингизга, маънавий дунёингизга назар солади, сизни ўз ичкарингизнинг хўжасига айлантиради, ақл-идрокингизни чархлаб, ўзингизга ўзингизни масъул қилиб қўяди. Ўз-ўзига масъуллик маънавий дунёингизни адашишдан асрайди.

Nazar Eshonqul
DAJJOLNING TUG’ILISHI
( «XX asr kino san’ati» )

Xotini o’lik farzand tuqqan amerikalik amaldor iztirob chekkan holatda paydo bo’ladi. U bir necha marta o’lik farzand tuqqan xotini navbatdagi yo’qotishga dosh berolmasligidan azob chekmoqda. Biroq uning iztirobi uzoqqa cho’zilmaydi: xuddi shu kuni – 6 iyun`, soat 6 da (uchta 666) tug’ilgan va onasi o’lgan go’dakni unga tavsiya qilishadi. Amaldor bolani olib, xotini oldiga olib kiradi. Shunday qilib, bo’lajak elchi oilasiga ota-onasi noma’lum farzand kirib keladi va unga Demian deb ism qo’yadilar. Tezda otani Angliyaga elchi qilib jo’natishadi. Voqea ana shu yerdan dramatik, qiziqarli tus oladi. Demian mehribon ota, mehribon ona qaramog’ida juda yaxshi tarbiya topadi va sog’lom bo’lib o’sadi. Bolaning sog’lomligidan hamma xursand, darvoqe, uning sog’lig’i favqulodda darajada yaxshi. Tanish-bilishlar, yoru do’stlar bolaning besh yoshga to’lganini nishonlash uchun yig’ilishadi. Shu yerda fojia yuz beradi: bolaning tarbiyachisi bazm payti o’zini osib qo’yadi, osarkan: u «Demian, sen uchun o’limga ham tayyorman», – deb xitob qiladi. Ana shu yerda tomoshabinlar bolaning ko’zidagi g’ayritabiiy nigohga duch keladilar. Bu nigoh yovuz, qat’iyatli va qadimiy, odamzodga nafrat sochib turgan ko’z edi. Tarbiyachi o’zini osar ekan, bolaning orqasida qandaydir paydo bo’lgan qora it turardi va bola unga qo’l silkib qo’yardi. Shu tantanani suratga olib yurgan fotograf e’tiboridan tarbiyachining holati ham, it ham qochib qutulolmaydi. Ertasiga elchi oldiga qandaydir ruhoniy kelib, unga g’alati, tentaknamo bir gapni aytadi: siz iblisni tarbiyalayabsiz, siz tarbiyalayotgan bola iblisning bolasi.
Bu gaplar elchining g’azabini qo’zg’aydi. Tabiiyki, u ruhoniy aqldan ozgan deb o’ylaydi va politsiya chaqirib, uni elchixonadan chiqarib yuboradi. Biroq ruhoniy hamma joyda: ko’chada, mehmonda, uyda elchini ta’qib etadi. Bir kuni u elchini elchixonaga kiraverishda uchratadi va «Ertaga falon xiyobonga keling, mayli, ishonmasligingiz mumkin, lekin gaplashib olaylik», – deydi. Elchi bu chin dildan aytilayotgan taklifga rozi bo’ladi. Ruhoniy burilib ketarkan qaydandir paydo bo’lgan fotograf uni suratga tushiradi. Ertasiga elchi xiyobonga borsa, ruhoniy uni tuman qoplagan xilvat joyda allaqachon kutib o’tirgandi. U elchiga avvalgisidan ham g’alati gap aytadi: «bolangiz iblisning bolasi. Siz uni falon cherkovdan olgandingiz, men uning onasini tanirdim. Men ulug’ gunohkorman…» «Buni qanday isbotlaysiz?» – deb so’raydi elchi. «Bolangiz 6 iyun` soat 6 da (uchta 666) tug’ilgan. iblis bolasi tug’ilishi bilan sizning haqiqiy bolangiz dunyodan ko’z yumdi. Bu Iblisning ishi. Chunki u bolasini ijtimoiy ta’minlangan, kelajakda katta mansabdor bo’lish imkoniyati bor oilada tarbiya topishini istadi. Shunday bo’ldi ham. Bola boshining qoq o’rtasida va tovonida tug’ma uchta olti raqami bor. Chunki 6 iyun` kuni Kometa sayyorasi yer yuziga yaqin kelgandi. Sizning xotiningiz yana homilador bo’lgan. Biroq Iblis bolasi bu bolangizni ham o’ldiradi, xotiningizni, sizni, butun xonadoningizni o’ldiradi va mulklaringizga yagona xo’jayin bo’lib oladi. Bu mulk unga o’z rejalarini, yovuz niyatlarini amalga oshirish uchun zarur… Bu fojianing oldini oling».

Bular elchi uchun kutilmagan gaplar edi. U og’ir shubhaga tushadi. Elchi suhbatdan mutaassir bo’lib uyiga keladi. Xotini homilador bo’lib qolganini, uni hozir aniqlaganini aytadi. Bu elchini gangitib qo’yadi. Saldan keyin besh yashar Demian velosiped bilan onasini urib ketadi, homilasi tushadi. Ruhoniyning bashoratlari to’g’ri chiqayotgandi. Bir kuni elchining ko’zi gazetaga tushadi. Unda o’sha tanish ruhoniy sirli ravishda uzun xoda bilan yelkasidan yerga qadab qo’yilgan holatda topilgani haqida xabar bosilgandi. Aytganday, ruhoniy o’zini iblis ta’qib etib yurganini, uning o’g’li haqidagi sirni fosh qilgani uchun o’ch olishini aytgandi. Endi elchi ruhoniyning gaplariga zarracha shubha qilmay qo’yadi. Shunda uning yonida fotograf paydo bo’ladi va unga ruhoniyning gaplaridan ham g’alatiroq suratlar ko’rsatadi: unda Demian bilan tarbiyachi va ruhoniy aks etgandi. Bu suratlar ularning o’limlaridan oldingi suratlar edi. Qizig’i shundaki, ikkalasining bo’ynida ham g’ira-shira arqon osmonga bog’langan holatda turardi. Elchi bu arqonlarning taqdiri a’zal hukmlari ekanini endi bilardi: arqonlar  iblisning hukmi edi. Fil`m davomida ruhoniyning barcha bashoratlari to’g’ri chiqadi. Demian avval ota-onasini, so’ng ammasini, keyin amakilarini, kimki yo’liga to’siq bo’lsa, barchasini halokatga giriftor etib, o’z mavqeini tiklab oladi. Endi u qadim suratlarda qayd etilgan iblisning o’ziga aylangandi.

Uning bosh maqsadi o’ziga izdoshlar to’plash, odamlarni Xudo ta’limotidan qaytarish va o’z otasining yo’lini, ta’limotini targ’ib qilishdan iborat edi. U parvardigor va uning ta’limotidan darak beruvchi barcha narsani vayron qilishga kirishadi. Asta-sekin uning izdoshlari, salaflari va sahobalari ko’paya boradi. U iblis nomidan yer yuziga «payg’ambar» etib jo’natilgan, maqsadi odamni parvardigorga emas, iblisga qul qilish edi. U o’z vazifasini juda muvaffaqiyatli o’tay boshladi. Puturdan ketgan e’tiqodlar diniy ta’limotning uzoq yillar jaholat va mutaassiblik qobig’iga o’ralib, parvardigordan ko’ra shohlarga, imperatorlarga xizmat qilgani, ruhoniylarning ruhdan ko’ra ko’proq jismni, tanani o’ylashga   berib ketganlari, fahsh, yolg’on XX asrga kelib o’zining oliy maqomiga yetgani, yolg’onga, xiyonatga, sotqinlikka, fahshga asoslangan boshqaruvlar siyosatida imkon emas, ko’proq ayyorlik, nayrangbozlik rusum bo’lgani iblisvachchaning hokimiyat zinalaridan tezlik bilan yuksaklik sari ko’tarilishiga imkon yaratdi. U yaqin yillar ichida o’zini hukmron qilib ko’rsatishga tayyorlanmoqda edi. Xullas, XX asr hayotida iblis yashamog’i va g’alaba qilmog’i uchun barcha qulayliklar, imkoniyatlar mavjud edi: bu asrda diyonatli odamlar shusiz ham kam qolgan, diyonat salkam eskilik sarqiti sifatida qarala boshlagandi. Alloh yo’lidagi da’vatlar ham dindorlarning o’zaro kelishmovchiliklari, fisqu fasodlarga o’ralashib, zaif va ishonchsiz, zerikarli va qotib qolgan tarzda davom etardi. Bundan tashqari, XX asr odamining ichki dunyosi bo’m-bo’sh edi. O’ziga, o’zlikka yotlashishdan, ma’naviy tanazzaldan iborat ushbu bo’shliqni iblisvachchaning da’vatlari osongina to’ldira boshladi. Odamlar muqaddas ilohiy  kitoblargamas, qora kitoblarga mehr qo’ydilar, qora kitoblarni muqaddas deb bildilar.

Vaqtlarini ertayu kech qora kitoblarni o’qishga bag’ishladilar, qora kitoblar odamlarning dillarini, shuurlarini egalladi, odamlarda ichki «men» o’ldi. Iblisvachchaning izdoshlari ko’paydi. Fil`mda Demianning 24 martda tug’ilgan (Isoning izdoshlari tug’ilishi kerak bo’lgan kecha) barcha go’daklarni qirib tashlash haqidagi buyrug’i iblis mavqeining eng yuqori cho’qqisi bo’ldi. 24 martda tug’ilgan bolalar ayovsiz qirila boshladi.

Bu hol ko’plar qatori ruhoniylarni ham bezovta qilib qo’ydi. Oqibatda ular voqeaning tagiga yetdilar va Demian (aytganday Demian lotincha so’z bo’lib, demon, iblis ma’nosini beradi) yo’q qilish payiga tushdilar. Faqat faol kurash, mustahkam e’tiqod, insoniyat va parvardigor oldidagi mas’uliyat tufayli ular to’g’ri yo’l topdilar. Demianni faqat Iso yasagan xanjar bilangina o’ldirish mumkin edi. Qolgan barcha urinishlar behuda bo’lib chiqdi. Iblisvachcha barcha suiqasdlarni bir imo bilan yo’qqa chiqardi, joniga qasd qilganlarni esa mashinaga bostirdi, tokka urdirdi, suvga cho’ktirdi, itlarga yem qildi, olovda qovurib kul qildi. Ilohiy xanjarni topib kelgan ruhoniy oxiri iblisvachchaning yer yuzidagi hayotini so’ndirdi: o’g’lining iblis izdoshi bo’lganidan va Demian aybi bilan bevaqt o’limga duchor etilganidan g’azabga kelgan jurnalist ayol uni ilohiy xanjar bilan cherkovda o’ldirdi. Demian cherkovga Isoning ustidan g’alaba qilganini tasdiqlash uchun kelgandi. Yana aql-idrok zafar qozondi. Biroq  hamishami? Bu g’alaba mangumi? Fil`m bizga iblis ichimizda ekani, uni mahv etish va aql-idrok g’alabasini ta’minlash o’z qo’limizdaligini yana bir bor eslatadi. Bu faqat mistika emas, ruhiyat, inson irodasi haqidagi fil`mdir. Avval o’zini poklagan odamgina dunyoni poklay oladi. Pok va diyonatli odamlargina dunyoni qutqara biladi. Garchi fil`m Iso ta’limoti haqida bo’lsa-da, uning mazmuni xristian dini chegaralaridan chiqib, umumbashariy tus oladi – bu faqat Iso haqidamas, Allohning  ulug’ligi va faqat u yuborgan ta’limot-vahiygina insonni chinakam but qilishi mumkinligi haqidadir.

Fil`m uch qismdan iborat. U bizni fikrlashga, tevarak-atrofimizga nazar solishga, mushohadaga, o’zimizni, o’z ichki dunyomizni tahlil qilishga va san’atni tushunishga o’rgatadi.
Ichingizga boqib ko’ring. Fil`m sizni hamisha hushyorlikka chaqirib turadi, ichingizga, ma’naviy  dunyoingizga nazar soladi, sizni o’z ichkaringizning xo’jasiga aylantiradi, aql-idrokingizni charxlab, o’zingizga o’zingizni mas’ul qilib qo’yadi. O’z-o’ziga mas’ullik ma’naviy dunyoingizni adashishdan asraydi.

(Tashriflar: umumiy 241, bugungi 1)

Izoh qoldiring