Nodir Normatov. Kamoliddin Behzod. Hikoya

беҳзод

Нодир Норматов

КАМОЛИДДИН БЕҲЗОД
ҳикоя

     Шоҳ Исмоил вафотидан сўнг, унинг ўрнига ўғли шаҳзода Тухмасп тахтга чиққан кезларда ҳам устоз Камолиддин Беҳзод сарой кутубхонаси сардори эди. Аммо, кейинги вақтларда сарой нигористонига кам қадам босар, борганида, дарҳол ўзининг содиқ шогирди Қосим Алига китобат сайқали юзасидан баъзи юмушларни юклаб, ўзи Табриз шаҳридан бир уй сотиб олган жияни Рустам Алиникига қайтар, ўша ерда тасвир такмил қилмоқ ила машғул бўлар эди. Рустам Али ҳам мусаввир, шу боис унинг ҳовлисида ижодга тегишли не лозим бўлса, барчаси муҳайё. Рустам Али шу кунларда хасталаниб қолган онасидан хабар олгани Ҳиротга кетган эди.
Рустам Алининг боғли ҳовлиси шаҳар чеккасида, ҳавоси ёқимли, мусаффо, йилнинг тўрт фаслида ҳам хуш насимлар айланиб юрар, Беҳзод шу ерга келсагина, ўзини анча енгил сезарди.
Бугун ҳам бир пиёла майиз сувини ичганидан сўнг, эрталаб бошлаб қўйган «Зуҳак тасвири»ни ишламоққа ўтирди. Шаҳарнинг кўзга кўринган бойларидан саналмиш Козим деган санъаткор ҳозирлаётган мураққаси учун ундан бирон бир манзара ишлаб беришни ўтинган эди.
Дарвоза зулфини шақиллаб, тақ-тақ этди. Беҳзод «Келган киши Козим оғойи бўлса керак» деган ўйда ўрнидан турди. Дарвозани очганида, рўпарасида мусаввир Мир Саид Алини кўрди. Қўлидаги чўб саватда туксиз тилларанг шафтоли бор эди.
— Ассолому алайкум, устоз, – деди Мир Саид Али. – Сиз Самарқанди шафтолиларни хуш кўрардингиз. Илк нишонасидан келтирдим.
Мусаввир алик олиб, меҳмонни ёзги айвонга бошлади.
— Ажаб етилмишдир. Аларни ҳар гал пишиқчиликда тасвир этмакни ният қилурмен, аммо тановул чоғи фаромуш этамен. Қани, сўйлангангиз, падари бузрукворингизнинг аҳволлари нечук? – деди Беҳзод.
— Ул киши кеча карвонсарой ёнида тирмизлик қариндошларимизни учратиб қолибдилар. Ҳаждан қайтишаётган экан. Бугун аларни Табриз бозорини айлантирмоққа кетдилар.
— Ҳа, дарвоқе, ота-боболарингиз аслан Тирмиздан деб эшитиб эдим. Хўш, Табризда аҳволларингиз не кечмоқда?
Мир Саид Али айвоннинг зарҳал нақшларига тикилиб, хомуш сўзлади:
— Бу кишварларни кўрмоқ менга айни муддао эрди. Аммо падари бузрукворимиз ҳануз юрт соғинчи ила бедордирлар. Аввал Бадахшонда, кейин Балхда, сўнг Кобулда умргузаронлик қилдик. Мана, энди Табриздамиз. Дарбадарлик қисматимиз экан.
— Дарбадарликка сабаб недур? – Устоз Беҳзод бу саволни худди ўзига ҳам бергандек кўзларини юмиб, оғир тин олди.
— Ғавғолардан қочиб, осойишталик излаб келадурмиз. Аммо бу ғавғоларнинг чеки кўринмайдур.
— Сиз-ку ҳали ёшсиз, дунё кезмоқ маъқул. Аммо падарингиз Мир Мусаввирга қийин. Буни ёшингиз бир жойга етганда англарсиз. Мана, камина қарийб йигирма йилдирким, Ҳиротдан берида, Табриздамен. Бу орада-ку Ҳиротда бир неча маротаба бориб келдим. Аммо энди ёшим етмишдан ошди. Ҳиротга кетсам дейман. Майли, фақирона рўзгузаронлик бўлса ҳам, кўнглим Ҳиротни тилайдур.
— Ҳирот унчалик олис эмас-ку. Менинг эса тағин олисларга кетгим келадур, – деди Мир Саид Али.
— Ҳиротнинг ҳар бир гўшаси, мадрасалари, зангори минорлари, муаззам қўрғону баланд қалъалари, сершовқин бозорлари тез-тез тушларимда зоҳир бўладир. Қани энди, бозор растасида тандирдан янги узилган нону бир бўлак кесма ҳалводан еб, бир пиёла чой ичиб, дўстлар даврасида ўтирсам…
— Устоз, жами шогирду биродарларингиз Ҳироту Кобулдан шу ерга, Табризга, сизнинг илкингиздан тутиб келишган-ку, – деди Мир Саид Али. – Мавлоно Қосим Али Чеҳракушо, Дарвеш Муҳаммад, Султон Муҳаммад, жиянингиз Музаффар Али… Айниқса, Музаффар Али билан биз оға-инидек бўлиб кетдик.
— Ҳа, Музаффар Али кўп яхши йигит, феъл-атвори ҳам инимга тортибдур. Нақшаси хўб нозик. Аммо менга синглимизнинг ўғли Рустам Али амали хуш келадур. Афсус, нимадандур ранжиган кўринадур, Ҳиротга кетиб қолди. Мана, неча вақтким, дараги йўқ.
— Бунинг сабаби бор экан, кеча эшитдим, – деди Мир Саид Али. – Хўжа Абдулазиз наққош воқеасидан хабардорсиз. Рустам Али шу гапдан сўнг Ҳиротга кетиб қолган бўлса ажаб эрмас…
Хўжа Абдулазиз сарой кутубхонасининг наққошию мусаввири эди. Беҳзодга шогирд тушган, тасвири хўб нафис. Хўжа Кабоҳат Жарроҳнинг ўғли Мирзо Муҳаммад бир неча наққош қатори уни ҳам Ҳиндистонга, бобурийлар салтанатига олиб кетмоқчи бўлибди. Йўл асносида улар подшоҳ муҳрини тақлид қилиб, юз туманлик бир барот (нақд пул олиш учун ишончнома) ясаган. Аммо қўлга тушган. Уларни Тухмасп ҳузурига олиб келишган. Шоҳ жазо сифатида Хўжа Абдулазиз билан мавлоно Али Аскарнинг қулоқ-бурунларини кестирган. Хўжа Абдулазиз ҳозир Ҳиндистонда эмиш, кўрганларнинг айтишича, ўзига аввалгисидан ҳам чиройлироқ қулоқ-бурун ясаб, қўндириб олган эмиш.
Беҳзоднинг бутун вужуди қулоққа айланди.
— Рустам Али ана шу Хўжа Абдулазиздан мактуб олган эркан. Унинг ёзишича, шоҳ хизмат ҳақини бермагани учун ночорликдан барот ясаган эмиш. Биларсиз, Хўжа Абдулазизнинг синглисига Рустам Алининг кўнгли бор эди. Шул хабардан сўнг Рустам Алининг шохдан ихлоси совиган эмиш.
— Сиз бул хабарни қайдан олдингиз? – деди Беҳзод дили оғриб.
— Кеча карвонсаройда мусофирлардан эшитдим, – деди Мир Саид Али. – Камина бундан хабардорсиз деган ўйда эрдим.
— Иним, бул гапни менга айтдингиз, бошқа бир жойда сўзламангиз, – деди Беҳзод. – Аҳли кўча, аҳли мусофир кўнгулларига не келса, сўзлагай…
— Шафтолидан олингиз, – деди Мир Саид Али. – Мен энди борай.
У ўрнидан турди. – Дарвоқе, бир гапни айтмоқни фаромуш этибмен, – деди эшик олдига борганда. – Кеча шоҳ падари бузрукворимизни ҳузурларига чорлаб, сиз битган бир нақшани кўрсатиб, бунда не маъно бор, деб сўрамиш.
— Қайси нақша экан? – деди Беҳзод ҳушёр тортиб.
— Туялар жанги чекилган тасвир деб эшитдим.
— Не дебмишлар жаноби Мир Мусаввир?
— Ул киши дебдиларким, бундай манзарани Тирмиз яқинида ҳам кўриб эрдим, хўб ўхшатибдилар. Шоҳ эса, буни мен ҳам кўриб турибмен, аммо ундаги маъно недир, деб яна сўрабди. «Маъноси шулким, одамзод туялар ҳолига тушиб қолмасин. Фикри ожизимча, шундай», дебдилар падари бузрукворимиз. Шоҳ бу масалани балки мусаввири олам Беҳзод жаноблари ечиб берарлар, деганмиш. Не бўлганда ҳам, сиз бу саволга ҳозироқ тадорик кўрсангиз – айни муддао деган ўйда огоҳ қилай деб келиб эрдим.
— Ташаккур, – деди мусаввир. – Миннатдормен.
Мир Саид Алининг хавотири бежиз эмас экан. У чиқиб кетгач, хиёл ўтмай шоҳнинг чопари келиб, мусаввирни шоҳ йўқлаётганини хабар қилди.
Беҳзод шоҳ Тухмасп ҳузурига кирганда барча аъёнларга жавоб бўлган, фақат хос мулозимлардан икки киши ҳамда мусаввир Султон Муҳаммад билан Қосим Али бор эди. Беҳзод таъзим бажо келтиргач, одатга кўра, кутубхона сардорига белгиланган жойга ўтирди. Тухмаспнинг иккала юзи ботаётган шафақдек гуногун бўлиб, зиёфатдан қайтгани сезилиб турар эди. Шаҳзодалик даврида бундай ичимликларни жуда кам ичар, вақтини кўпроқ санойи нафисаю китоб мутолаасига бағишлар эди. Султон Муҳаммадга, кейин устоз Беҳзодга шогирд тушиб, нафис тасвирлар ҳам битган эди.
Тухмасп Беҳзоддан ҳол-аҳвол сўраб бўлгач, тахт яқинидаги мулозимга имо қилди. Мулозим ён томондаги хонадон Беҳзод нақша этган тасвирни олиб чиқди.
— Мусаввир жанобларининг ушбу нақшаларини томоша айлаб, маҳоратларига тасанно айтдик, – деди шоҳ. – Хўб жозибали, хўб маънодор! – Сўнг сохта табассум қилди: – Нақшанинг чеккасида бундай ёзув ҳам бор эркан: «Мазкур тасвир мураққадан бир шингил бўлиб,»…улар туяларнинг қандай яратилганига қарамайдиларми» демиш оят мазмунига бир ишораким, қалами шикаста, фақир ва номурод Беҳзод умри етмишдан ошиб, тажрибага бой бўлиб, ушбу ишга қўл урди». Буларни ўқиб, андак хавотирга тушдик. Мусаввири оламнинг битикларидаги бу қадар ҳазинликнинг маъниси недир? – Тухмасп қўлларини ёзиб, тахтнинг иккала ёнидан ушлади, қошлари чимирилди.
Беҳзод шунга шафе келтирдиким, шоҳ ҳар гал тахтнинг иккала ёнини ушлаганда ёки тахтга ўтирганида унда бошқа бир ҳолат содир бўлгай. Тухмасп бошқа пайтлари «устози олам» деб сўзларди.
— Бундан бир неча йил бурун Табриз атрофида маст бўлган туялар жангини кўриб эрдим. Аларни бир-бирига рўбарў қилган соҳиблари хотирамга ўрнашиб эрди. Шул воқеани тасвирга олмоқ ҳамда ояти каримадаги маънога ишора қилмоқ муддао эрди.
— Жанобларининг самимийлигига шубҳамиз йўқ, – деди Тухмасп. – Аммо тасвирда ўзгача тимсоллар бор. Шундоқ эрмасму?
Тухмасп анча зийрак, боз устига, аҳли санъатнинг таълим-тарбиясини кўрган, қўлидан унча-бунча тасвир этмак ҳам келади.
— Кеча карвонсаройда бир турк ўғлон сўйламишким, устоз Беҳзод «Туялар жанги» нақшасида шоҳлар жангини тимсол этмиш. Турк ҳамда Эрон шоҳларига ишора эрмиш. Мен буни аллақачон фаҳмлаган эрдим. Аммо халойиқ ҳам сезган бўлса, бу саройнинг, бу тахтнинг обрўси қолурму? Гўри нурга тўлгур қиблагоҳимиз сизга не ёмонлиқ қилиб эрдиким, буни лойиқ кўрдингиз?
Карвонсаройда айтилган бу гап Беҳзоднинг ҳам қулоғига етгани маълум. «Салим пошшо ҳам, шоҳ Исмоил ҳам турк бўлсалар, нега бир-бирларига от солишади?» деган экан ўша турк ўғлон кўпроқ ўз шоҳини айблаб. Фақат, ўша турк «Туялар жанги»ни қаерда кўрди экан, шуниси таажжубланарли. Нақша нигористонда эрди-ку?
— Шу боис, – деб сўзида давом этди шоҳ қўлига ўрама қоғоз олар экан, – жанобларига падари бузрукворимиз чиқариб кетган фармоннинг айрим ўринларини эслатиб қўймоқчимиз. Жанобларига сарой кутубхонаси саркори рутбаси берилганда фармони олийда дейилмишким… – Шоҳ ёрлиғини текислаб, қироат ва иддао ила ўқиди: – «Устод… ушбу хизматга ростлик йўли билан киришуви, иккиюзламачилик майлидан ўзини йироқ тутиб, содиқлик ва савоблик қоидасидан четланмаслиги керак, атрофдагилари ҳам шу йўлдан борсин…»
Тухмасп ўқишдан тўхтаб, чуқур тин олди.
— Қиблагоҳимиз бир нарсани фаҳм этганким, ушбуни битиб кетмиш.
— Жаннатмакон шоҳимиз учун мен қўлимдан келғон неки юмуш бўлса, адо этиб келдим, куч-қувватимни аямадим, – дея оҳиста жавоб қилди Беҳзод бошини қуйи эгиб.
— Каминага шул нарса аёнки, – деди шоҳ киноя билан, – жаннатмакон шоҳимиз мусаввири оламни ўз мулкию хазинасидан ҳам устун қўйиб эрди. Ёки буни жаноблари фаромуш этдиларми?
Йўқ, йўқ, ул илтифотни Беҳзод хотиридан фаромуш қилган эрмас. Усмонли турк султони Салим пошшо Табризни босиб олмоқ ниятида жанг бошлаган кезлар эди. Муҳораба Табриздан йигирма фарсанг нарида, Чилдорон деган жойда рўй берди. Фармон бўлдиким, Беҳзод ва хаттот Шоҳ Маҳмуд Нишопурий хос навкарлар ила хилват жойда яшаб тургай. Шоҳ бошқа ҳеч кимни, хатто хазинани ҳам бу қадар муҳофаза этган эрмас. Шоҳ Исмоил жангдан енгилиб чиққач, яқин мулозимига берган илк саволи ҳам шул бўлибдур: “Устоз Беҳзоднинг тани-жони омонми?»
— Шундай эрмасму? – деди Тухмасп Беҳзоднинг хаёлини бўлиб.
— Жаноблари рост айтадурлар, – деди Беҳзод.
— Қиблаи оламнинг фармонлари бизга мерос эрур, – деди шоҳ. – Биз ҳам шу йўлдан борурмиз. Салтанатнинг омонлиги шоҳ фармонларининг сўзсиз адо этилмоғидур. Умидворманким, жанобларининг муборак мўйқаламлари фақат салтанат йўлида хизмат қилгай. – Тухмасп хиёл кулимсиради. – Энди жанобларига рухсат. Туяларни жанг қилмоққа эрмас, аларга қўнғироқлар осиб, «Чўли Ироқ»ни чалмоққа бошламоқ лозим. Тасвирлар кинояю мажозларга эрмас, кўнгул найларини чалмоққа хизмат қилсун.
Беҳзод таъзим ила ташқарига йўл олди.
Тухмасп «қўнғироқ чалган» туяларни бежиз эслатгани йўқ. У Хўжа Абдулқодир воқеасига ишора қилмоқда эди.
Хўжа Абдулқодир машҳур хонанда, машшоқ ҳамда мусаввир бўлиб, Табризда Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ ҳизматида бўлган. Мироншоҳ ҳокимлик даврида базму ишратга, ичкиликка берилади. Бундан хабар топган Соҳибқирон ўғлини ўлимга буюради. Аммо шариат пешволари Мироншоҳнинг шу кўйга тушишига сабабчи бўлганларни жазолаш лозимлигини айтади. Хабаркашлар бундай базми жамшидни уюштирадиганлар Мироншоҳнинг учта надими эканини билдиради. Улардан бири Хўжа Абдулқодир экан. Икки надим ясоққа келтирилади, аммо Хўжа Абдулқодир ҳибсдан қочиб қолади. Ўзини қаландар, гоҳо девоналикка солиб, мулкдан-мулкка ўтиб юради.
Амир Темур Ироққа кирганида, Хўжа Абдулқодир Бағдодда эди. Соҳибқирон истиқболига туялар карвони пешвоз чиқади. Хўжа Абдулқодир ҳар бир туяга маълум бир пардада овоз берадиган қўнғироқ тақади. Карвон юрганида, қўнғироқлар садосидан латиф бир оҳанг таралади. Бу «Чўли Ироқ» куйи бўлиб, Амир Темурни таажжубга солади. Карвон эгаси – Амири Лорни чақириб, бу ҳол асрорини сўрайди. Амири Лор ҳукмдордан куй ижодкорининг бир томчи қонидан кечишни сўрайди. Ижобат бўлгач, у ҳукмдорга Хўжа Абдулқодир шу оҳанг билан пешвоз чиққанини айтади. Олий ҳукмдор унинг истеъдодига таҳсин айтиб, саройга хизматга олади. Ривоят қилишларича, Хўжа Абдулқодир хийла моҳир мусаввир ҳам бўлган, Қуръони каримни жуда ширали товушда қироат қилган. Ёши юзлардан ошиб, қазо қилган экан. Ул зот-ку замона зайлини англаб, хатосини топқирлик ила тузатган эрса, Беҳзод не айб-нуқсон қилибдурким, узрхоҳлик этар? Кўнглидагини холисанилиллоҳ тасвирга кўчирса, ҳукмдору раиятни қутқуга эмас, ҳар ишнинг оқибатини англашга чорласа, бу хатолик бўлурми?!
Умрининг кўпи кетиб, ози қолганда, Беҳзод шунга иймон келтирдики, кўнгил Оллоҳдан ўзгага майл қилгудек бўлса, бундан хатолигу кулфатлар ёғилгай. Тўрт ҳукмдорни кўрган мусаввирнинг хаёлида бир-бирига зид, ечимини излаётган саволлар кўп эди. Султон Ҳусайн Мирзо ҳам, Шайбонийхон ҳам, Шоҳ Исмоил ҳам – бари турк улусидан, барининг ҳам санъатга, санойи нафисага ихлоси баланд эрди. Аммо улар нечун жанги жадалга бунчалик ўч эрдики, мудом бир-бирини ғорат қилиш ниятида бўларди? Рост, улар Беҳзодга кўп меҳру иноятлар кўрсатди, нигористон учун неки лозим бўлса, муҳайё этди. Бироқ улар орасида Султон Ҳусайн Мирзонинг меҳри бўлакча эрди. Бу меҳр вазири аъзам Мир Алишербек жаноблари туфайли эканини Беҳзод зинҳор-базинҳор унутмагай. Алишербек жаноблари билан илк дафъа учрашганлари ҳамон куни кечагидек хотирида.
Ҳиротда, ҳунармандлар маҳалласида умргузаронлик қилар эрди. Бир куни кулба эшиги оҳиста тақиллади. Беҳзод апил-тапил чиқиб, эшикни очди. Рўпарасида либослари одми, аммо қиёфасидан аслзодалиги билиниб турган бир жаноб турарди. У Беҳзод ила аҳволлашгач, уй ичидаги тасвирларни кўришга изн сўради. Тасвирларда турли манзаралар, достонларга бағишланган лавҳалар, шоҳ ҳамда Алишербек сиймолари чекилган эди. Улар нисбатида вазири аъзамнинг тасвирлари кўпроқ эрди. Келган меҳмон таажжуб ила сўради: «Бу тасвирлар кимники?»
Беҳзод рўпарасида ким турганини дафъатан фаҳм этди. Тавозе ила жавоб қилди: «Ҳунармандларнинг ҳомийси Амир Алишер жаноблариникиким, мен ул зотнинг ҳузурларида турибмен».
Вазири аъзам деди: «Нега шул вақтгача ҳузуримга келмадингиз?»
Беҳзод жавоб қилди: «Боришимга ҳожат не? Борсам, сиз менга аксингиз битилган бу тасвирлар учун туҳфа берардингиз .Яъни, уларни сизга сотган бўлардим. Ҳолбуки, бу тасвирларга шундоқ ҳам ҳаридор кўп, сизга навбат етмагай…»
Амир Алишер табассум қилди: «Қадр-қимматимни ҳаммаёқдан ҳам кўра бу ерда, наққош кулбасида топганимдан бағоят шодмен. Аммо сизни улуғ ишлар кутмоқдаки, бунга ҳозир туринг. Таърифингизни устозингиз Мирак Наққошдан эшитиб, сабрим чидамай ўзим хуфёна келиб эрдим. Сизни яқин кунларда ҳузуримга чорлагаймен».
Амири аъзам лафзида турди: уни тез орада саройга чақириб, муборак юмушларга жалб этди. Яъниким, хаттотлар томонидан қайта кўчирилаётган улуғ алломаларнинг қадимги қўлёзмаларидан тортиб, замондош олимлару шоирларнинг асарларига тасвирлар битмак лозим эрди.
Санойи нафисанинг улуғ ҳомийси, илҳомчиси Мир Алишер Навоий унга нигористоннинг жилвакор дарвозасини ланг очиб бериб эрди. Бунинг учун у тоабад миннатдор. Фақат кўнгли бу кунда меҳр ва саховат, далда ва мурувват тилар эди, холос. Қолган умрнинг вақту соатларини шодумон ўтказмакка энди хийла кеч эканини англаса-да, нечукким, ҳар гал Ҳирот томон юз буриб, унга элтувчи йўлларга нигоҳ тикканида, вужудини титратиб, қалбини аллаловчи аллақандай бир умидбахш эпкинларни туймиш. Ёлғиз шу эпкинлар унга таскин ва нажот йўли сари бошловчи, янги нақшалар чекмакка ундовчи бир илоҳий куч-қувват бўлиб туюлгай.
Кекса мусаввир шуларни ўйлаб, қизғиш тепаликлар аро ғойиб бўлгувчи Ҳирот йўли сари беихтиёр қадам ташларди.

2004 йил.

nodir normatov

Муаллиф ҳақида

Таниқли ўзбек адиби Нодир Норматов Сурхондарёнинг Шеробод туманидаги Пашхурд қишлоғида туғилган. У «Баригал» романи,бир неча қисса ва ҳикоялар тўпламлари,хусусан, унинг Сурхон элини, унинг этнографияси, санъати ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи, чуқур ўйга толдирувчи асарлари ўзбек китобхонига яхши таниш. Фаолиятининг дастлабки паллаларидаёқ намоён бўлган тасвирий санъат тарихи,буюк мусаввирлар ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқиши самарали ижодий натижалар келтирди. Унинг Камолиддин Беҳзод,Мир Саид Али,Чингиз Ахмаров,Рўзи Чориев ва бошқа машҳур мусаввирлар ҳақида ёзган қисса,ҳикоя ва эсселари бунинг ёрқин мисолидир.
Биз адибнинг мана шу кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган асарларини сизга тақдим этииб боришни ният қилиб қўйдик.

КАМОЛИДДИН  БЕҲЗОД  АСАРЛАРИДАН  НАМУНАЛАР 

 Катталаштириш учун суратни босинг
Image

Image
Image
Image
Image
Image
Image
Image
Image

Асарлар ҳақида маълумот олишни истасангиз мана бу сафиҳага ўтинг.

(Tashriflar: umumiy 390, bugungi 1)

Izoh qoldiring