Shamsiya. Ko’ngli haqqa talpingan shoir

08     2 октябрь — Шавкат Раҳмон хотираси куни

    Шавкат Раҳмон ўз фикрий юксаклигидан туриб ўтмиш ва келажак орасига солинган кўприкнинг шонли, мустаҳкам, шу билан бир қаторда заиф, ожиз, чирик нуқталарини ҳам теран нигоҳлари билан аниқ кўра олган ва ўқувчига кўрсата олган фозил, ростгўй ва жасоратли шоир.

КЎНГЛИ ҲАҚҚА ТАЛПИНГАН ШОИР
Шамсия
055

    СЎЗ уммонида юзиб юрган юзлаб шоирлар бор. Аммо ”…султону гадонинг қаърини кўрдим, Ғаззолий сиғмаган тубан оламда шайтондан тўралган ғайирни кўрдим”, — дея дадил айта оладигани камдир.

Бунинг учун ”Фақат ишқ… Фақат ишқ… Бошқаси сароб, бошқаси шамолнинг оний сурони” эканлигини англаган, кўнгли самовий ишққа боғланиб МУНОЖОТ айлаган, ”Туҳмат мурдалари қалашиб ёттан, иғволар қуртлаган шўрлик диёрда замону маконин буткул йўқотган бир улуғ фарёднинг боласи” бўлиб зору нидо қиладиган , Ғаззолий ҳазратларининг маъно денгизига чўмиб, покланган юраги бўлиши керак шоирнинг.

Замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин вакили Шавкат Раҳмон ана шундай ”мусаффо чашма”нинг ташнаси, “гунафша атирли тансиқ туйғулар” муаллифи.

”Ўшни кезганда ўйлаганларим” шеъри орқали майда манфаатлар учун катта ҳақиқатларини бой бериб келаётган инсониятнинг аччиқ фожеасини кўзгудай “ярқ” эткизиб, кўзингизга тутқазади:

…қани улар,
замин алқаган,
умидвор тикилган митти даҳолар?
Бирининг кўзида ғалат дард кўрдим,
бирининг кўзида кўрдим жаҳолат.

Тобора кичрайиб кўринар улар
кичкина ташвишлар исканжасида.
Шундоқ сўниб борар ер орзулари
ҳирсу таъмаларнинг кир панжасида.

Наъра тортаймикин
тўқсон тўққиз минг
паҳлавон бобомнинг овозин йиғиб,
даҳмалар қопқоғин тақиллатайми,
фарёд қилаймикин осмонни йиртиб?!

Бу фарёдларларга тўла СЎЗнинг ўткир тиғи ногаҳон юрагингизни шиғиллатиб кесиб юборади… “Оҳ” дейишга улгурмай қоласиз нур тезлигида кўнглингизни кесиб юборган Сўзнинг шиддатидан. Жисму жонингиз сирқираб кетади, қорачиқларингиз беихтиёр кенгайиб кетади гўё дунёни энди кўраётгандек. Аслида ҳам шоирнинг сўзлари сизнинг ҳали кашф этишга улгурмаганингиз ёхуд назар ташлашга журъат этолмаганингиз – дунёнинг асл ҳақиқатларига тик қарашга, уни қайтадан кашф қилишга мажбур этади. Аммо ўқувчи бу “мажбурият”дан – шоирнинг юракка “санчилган” сўзларидан малолланмайди, аксинча, қалбини симиллатиб бўлса-да, ғафлат тўсинидан халос этгани, шеъриятнинг ширин азобларидан баҳраманд этгани учун миннатдорлик ҳиссини туяди.

Ҳеч ким айтмаган, ҳеч ким эътироф этмаган тақдирда ҳам комилликка, инсоний етукликка интилган ижодкор ўзини юксакликнинг қай нуқтасида турганлигини ўзи яхши билади, чуқур ҳис қилади. Уни эътироф этмасликлари, эта олмасликларининг сабабини ҳам тўғри тушунади ва ҳеч кимдан ранжимайди. Аксинча ҳали олдда комронликнинг инсон қадамини, маънавий жасоратини кутиб ётган ҳийла баланд довонлари борлигини ҳис этарак, шу олис, юксак довонларга ҳавас ва шаҳд билан тикиларкан, айни дамда забт этган юксаклик нуқтасида бир дам ўйга чўмиб, бош эгади. Замондошларининг ҳам ана юксалиш шарафига муяссар бўлишини чин юракдан истайди. Аммо қадамлар тезлиги, хаёлот учқурлиги, фикрий ўсиш даражаси ҳаммада бир хил эмас…

“Сулаймонтоғда ўйлаганларим” шеърида ана шу ҳолатнинг нозик чизгисини кўрамиз. Ўз халқини шовқин солмай, меҳру муҳаббатини иддао этмай, миннат қилмай, чуқур бир қайғу, чуқур эҳтиром билан сева олган жўмард ИНСОНнинг некбин ва ўйчан қиёфаси кўз ўнгимизда гавдаланади.

Юксакда бўлса-да
бошим эгилган —
юксакка чиқдим деб керилганим йўқ.
Бир дам кулганим йўқ,
суюлганим йўқ,
сокин лаҳзаларга берилганим йўқ.

Ё беғам ёнбошлаб тўралар каби,
ўткир коньяк ичиб,
қази емадим
ёки бармоғимни пастликка нуқиб:
«Э, афсус, шулар ҳам халқми?» демадим.

Ўйладим
юксакка чиққан чоғимда
ўз зотин,
ўз отин унутганларни,
қадимий булоқлар кўзини кўмиб,
азим дарёларни қуритганларни…

Шавкат Раҳмон ўз фикрий юксаклигидан туриб ўтмиш ва келажак орасига солинган кўприкнинг шонли, мустаҳкам, шу билан бир қаторда заиф, ожиз, чирик нуқталарини ҳам теран нигоҳлари билан аниқ кўра олган ва ўқувчига кўрсата олган фозил, ростгўй ва жасоратли шоир. Унинг лирик қаҳрамони фано кўчасидан биздан аввал от солиб ўтганларнинг хатолари сабаб юзага келган баъзи маънавий ўпирилишлар, синиқликларни бутлаш ўрнига уни кўриб-кўрмасликка олаётган, катта орзу-умидлар билан келаётган саф-саф авлодларни тап тортмай ана шу хатарли йўлларга бошлаб бораётган “ҳай, баракалла”чиларнинг ҳалиям борлигидан, “энг қаттол душман ҳам қилмаган ишни тўнғизфеъл бир нокас бажариб кетиши” мумкинлигидан ҳасрат чекади, хавотирланади. “Абадиятнинг нурли изларини йўқотаётганлар, элнинг қалбин бузиб, ёдини бузиб, қарғишу лаънатга ботиб ётганлар”дан нафратланади. “Кўриб бўлармикан бу нокасларнинг қора курсиларга ўтирар чоғин?”- дея ҳақли саволни ўртаниш ила ўртага ташлайди. Сатрларда ҳеч бир сирғанишсиз тафаккур чўққиси сари ўрлаб бораркан, фожеани қамраб ётган сабабларни пиёзнинг пўсти каби бир-бир “арчиб” ташлаб, ҳақиқатнинг тиниқ шакли ва моҳиятига эътиборни қаратади: ”…Аммо тўлармикин кўнгил шу билан, шу билан кетарми хотирдан ғашлик, юраклар куларми, қуларми буткул шу билан юксакда ўсган пасткашлик?”

Ўта жиддий бўлган бу мулоҳаза қошида фано мулкининг ақли, иймони бўлган ҳар бир йўловчиси бир лаҳза бўлса-да тўхтайди. Ўз сувратию сийратига, босиб ўтган йўлига бир назар ташлаб, маънавий кемтиклигини тўлдиришга, хатолари учун тазарру қилишга, ботиний ва зоҳирий оламини ислоҳ қилишга киришади. Лекин, афсус, замон саҳнидаги йўлчиликда шундай тоифалар ҳам борки, улар ўз пасткашликларидан воз кечмайдилар, ялтоқиликларидан уялмайдилар, аксинча ўз гумроҳликлари ва гуноҳларидан ғурурланадилар, бу “ғурур”ларининг нақадар чиркинлигини ҳис этмайдилар ҳам. Бундай бедодликдан ”Агар мен бақирсам, ёрилар осмон – ҳар дамим оламнинг дамин тўзитар”, — дея исёнга келган шоир элнинг кўзига қарашга уяладиган ҳеч бир айби йўқлигини яхши билса-да, бедилларга дил очиш бенафлигига иқрор бўларкан, эл, миллат учун бор масъулиятни мардлик, бағрикенглик билан ўз бўйнига олиб, улуғ бир одамийлик сўзини айтади: “…Барокўҳда бошим эгилди, қарашга ор қилдим элнинг кўзига…”

Ор-номусни туғдай баланд тутган шоир – кўнгли Ҳаққа қараган Шоирдир. Бундай Шоирлар ҳар бир сўзини гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга қараб оғиб турадиган сиёсатнинг қош-қабоғига қараб эмас, Ҳаққа қараб айтадилар. Миллий шеъриятимизнинг жасур сиймоларидан бири, “элнинг бахти учун умрини тиккан” Шавкат Раҳмоннинг Ҳаққа қараб айтилган ҳақиқатлари ҳам замонлар оша олис авлодларнинг юрагига қадар етиб боради, дея айтишга ҳақлимиз.

М: BBC  Ўзбек хизмати

Шавкат РАҲМОН
ШЕЪРЛАР
055

***

Кел, яшириб қўяйин сени055
юракнинг энг чуқур ерига.
Кейин сен ҳам яширгин мени
юракнинг энг чуқур ерига.

Тополмасин бизларни биров!

ВАҚТ

Вақт сенга қул бўлмас асло,
ундан кутма мурувват, таъма.
Сиғин унга, ёлворгин, авра,
бир амаллаб вужудга қама —
Қул бўлолмас сенга, барибир,
вақт ҳамиша ҳушёр, жангари —
ериб ташлар жисмингни ногоҳ,
чиқиб кетар сендан ташқари.

МУҲАББАТ

Муҳаббат — чиройли капалак,
қўрқаман шўрликни тутгани.
Капалак қувганим ёнимда,
ёдимда йўқ аммо етганим.

Юрагим ранжиган боладай
на эрмак, таскинга кўнади.
Муҳаббат — чиройли капалак,
ҳали ҳам гулларга қўнади.

Ортидан ҳаллослаб чопаман,
хижолат бўламан ғўрликдан —
қанчалик югурмай, барибир
орқада қолардим шўрликдан.

***

Ечиб оппоқ кўйлагани вақт,
кийди яшил гулли кўйлагин.
Юрак, уйғон, капалак каби
чечакларга қўниб ўйнагин.

Майсаларин тараб, парвозга
шайланади чексиз далалар.
Ўспиринлар қучоғида маст
Қирда асир тушган лолалар.

Боғларда оқ аланга гурлар,
телба қилар шамоллар иси,
гилос гулин кийган кўчада
оқиб борар қизлар кулгиси.

Гуркираган бу рангин олам
туйғуларни ўйнатиб ташлар
ва ажойиб кунлар умримда
атиргулдай очила бошлар.

***

Дунё ҳали норасо, ҳали
ўртамизда чопар айрилиқ,
чақирамиз бир-биримизни,
оғзимизни ёпар айрилиқ.
Нафрат яшар дунёда, ҳали
ёзилгандай қайси китобда
Муҳаббатнинг асрини кутиб,
ўтирибмиз икки қутбда…

***

Кунлар пиша бошлайди яна,
рангларини бошингда элар,
Хаёлингни чақмоқлар каби
ёритгувчи лаҳзалар келар.
Яна япроқ ёзган дарахтга,
атиргулга дўнарсан нуқул.
Кечалари чап кўкрагингда
қафасини синдирар булбул.
Бор кадарни енгмоққа яна
етиб ортиб қолар бардошинг.
Энди ўзинг истамасанг ҳам
юлдузларга тегади бошинг.

НИГОР

Катталарга қарардинг сирли,
катталарга тутдинг гулингни,
катта бўлдим мен бола шўрлик,
кечалари пойлаб йўлингни.

Энди сени кутмасман ортиқ,
деразангга боқмасман маҳтал.
Кўзларингга қарайман қаттиқ,
белларингдан қучаман дағал.

Бироқ жисму жонингни ёққан
девонаваш қудратни енгиб,
деразангга жовдираб боққан
болакайга қарайсан ғамгин.

САВОЛ

Ким эдиму
ким бўлдим энди,
қайга кетар ёшлигим, кучим,
исёнларга, ғазаб, нафратга,
оғриқларга тўладир ичим…
Кўпроқ яшаб қўйдим шекилли:
ой, кун сайин хотирам — оғир,
етти қават осмон тепамда,
елкаларим сирқираб оғрир.
Ташладими ёки бир умр
кўзимга ғам кўлкаларини,
парвардигор,
бор бўлсанг агар,
эзма ўғлим елкаларини…
Ким эдиму
ким бўлдим энди,
кўриб турар қуёш, сув, тупроқ.
Кўзларимдан кўра ҳаётни
елкаларим кўрибди кўпроқ…

***
Совқотдим,
қўлларим музлади,
осмондай сидирға ялангда
гулханга қўлларим қалайман
кўккача ўрласин аланга.
Ёнмоқлик мунчалар ёқимли!
Аланга, ўсавер, ўс тағин.
Ачинма,
чинакам дўст бўлсанг,
нари тур, шамолни тўсмагин.

ХОТИМА

Хотиржамлик,
вазминлик керак
чизган маҳал олам тасвирин,
ҳар бир рангда ҳақиқат бордир,
ҳар чизиқда сирлар яширин.

Худо яшар
ҳар бир гиёҳда,
ҳар дарахтда бордир диёнат.
Айирмагин ранглардан рангни,
сен рангларга қилма хиёнат.

Дунё қизил,
дунё сариқ деб,
бекор бизга беришган сабоқ.
дунё азал рангиндир ва биз
ўйлагандан кўра рангинроқ.

Чиза олсанг
рангин дунёни,
рангин бўлса қуёши, ойи,
сендан буюк мусаввир бўлмас,
бўлмас сендан буюкроқ шоир.

ЁШ ЎЗБEК ШОИРЛАРИГА

Сўзларни қайрайлик,
обдон тоблайлик,
идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин ҳайратлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,
Чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,
мусаффо хаёллар,
самолар қолсин.
Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин,
болаларга қолсин жаннат еримиз.

Сўзларни қайрайлик,
тағин қайрайлик,
токим кескир бўлсин бамисли олмос.
Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса…
ҳеч нарса қолмас.

СОЯ

Кўп нарсага
кўникса бўлар,
лоқайд караб ёлғону чинга,
руҳнинг буюк изтиробларин,
қудратларин қамаб ичингга.
Кўзингни юм,
қулоқни беркит —
кундуздан-да ёруғдир йўлинг.
Бир кун келиб алқару сени
юксакларга кўтарар кўрлик.
Бироқ қийин,
Кўникмоқ қийин —
ҳаракатга кўнгил ташнадир.
Отиласан бу тор оламдан
калтакланган итдай ташқари.
Югурасан,
баҳайбат ойнинг
ёғдусида, мана, ниҳоят,
кувиб келиб изингдан сени
босиб кетар баҳайбат соянг.

АВЖ

Мен, шубҳасиз, парчаланаман, —
шундай тугар буюк хизматим.
Кимга, кўзим, кимга пешонам,
кимга тегар қизиқ қисматим.

Ғалаёнга тўла вужуддан
охир дунё бўладир халос.
Ер остига кириб кетарман
барча мўмин бандаларга хос…

Бироқ ерда мангу яшайдир
кўҳна юзим, ўйчан кўзларим, —
демак, ўлмас бу дунёда ҳеч
худо берган эзгу сўзларим.

Улар янграб тинмай айланар
разолатнинг теварагида.
Мен-чи, мангу кулиб ётарман
қулоқ солиб ернинг тагида.

СУЛАЙМОНТОҒДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

«Ҳавоси хўб ва оқар суйи фаровондур. Баҳори бисёр яхши бўлур. Ўшнинг фазилатида хейли аҳодис ворид бўлибтур. Қўрғонининг шарқи-жанубий жонибида бир мавзун тоғ тушибтур, Барокўҳка мавсум. Бу тоғнинг қулласида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солдирибтур, ул ҳужрадан қуйироқ ушбу тоғнинг тумшуғида тарих тўққуз юз иккида мен бир айвонлиқ ҳужра солдим. Агарчи ул ҳужра мундин муртафеъдир, вале бу ҳужра бисёр яхшироқ воқе бўлибтур: тамом шаҳр ва маҳаллот оёғ остиндадур…»
Бобур, 1495 йил.

Юксакда бўлса-да
бошим эгилган —
юксакка чиқдим деб керилганим йўқ.
Бир дам кулганим йўқ,
суюлганим йўқ,
сокин лаҳзаларга берилганим йўқ.
Ё беғам ёнбошлаб тўралар каби,
ўткир коньяк ичиб,
қази емадим
ёки бармоғимни пастликка нуқиб:
«Э, афсус, шулар ҳам халқми?» демадим.

Ўйладим
юксакка чиққан чоғимда
ўз зотин,
ўз отин унутганларни,
қадимий булоқлар кўзини кўмиб,
азим дарёларни қуритганларни.
Ўлсам-да ёдимдан чиқмайди бири:
кибру ҳаво билан пастни кузатиб,
буздириб ташлади ярим кечаси
тўрт юзу олмиш йил турган ҳужрани.
Тўрт юз олтмиш йиллик
қуёш ҳам, сув ҳам,
энг қаттол душман ҳам қилмаган ишни
тўнғизфеъл бир нокас бажариб кетди,
авлод-аждодига олиб қарғишни.

Бундайлар ким ўзи –
абадиятнинг
нурли изларини йўқотётганлар,
элнинг қалбин бузиб,
ёдини бузиб,
қарғишу лаънатга ботиб ётганлар?!
Юксакда бўлса-да
бошим эгилган,
юрагим йиғлайди, Барокўҳ тоғим.
Кўриб бўлармикан бу нокасларнинг
қора курсиларга ўтирар чоғин?

Аммо тўлармикин кўнгил шу билан,
шу билан кетарми хотирдан ғашлик,
юраклар куларми,
қуларми буткул
шу билан юксакда ўсган пасткашлик?
Агар мен бақирсам, ёрилар осмон –
ҳар дамим оламнинг дамин тўзитар.
Аммо Барокўҳда бошим эгилди,
қарашга ор қилдим элнинг кўзига.

Эй мирзо,
бошимни қандоқ кўтарай?!
Эй мирзо,
эгикдир мирзолар боши –
кўтариб бўлмайди,
оёқ тагида
бўлса-да баҳайбат тоғларнинг тоши.

МУНОЖОТ

Фақат ишқ…
Фақат ишқ…
Бошқаси сароб,
бошқаси шамолнинг оний сурони.

Қирқта тар гулимни айладим хароб,
қирқта қул кўзи-ла кўрдим дунёни.
Қирқта қора қул ётар мозийда,
қирқта черигини йўқотган бекман.
Абадий айрилдим қирқта ғозийдан,
бошимни тошларга урсамми дейман.
Бу дунё нимадир?
Барини кўрдим,
султону гадонинг қаърини кўрдим,
Ғаззолий сиғмаган тубан оламда
шайтондан тўралган ғайирни кўрдим.
Фақат ишқ…
Ишқ гули…
Самовий гулим…
бир нафас дилимга посибон бўлсин,
токим шул нафасда қирқ биринчи қулнинг
ёруғ лабларида хўрсиниқ сўлсин.
Туҳмат мурдалари қалашиб ёттан,
иғволар қуртлаган шўрлик диёрда
замону маконин буткул йўқотган
бир улуғ фарёднинг
боласи зорман.
Ай, қиличдай туйғу,
ай, қотил туйғу,
бас, ортиқ қийнама кимсасиз даштда,
юзимга юзини қўйсин ўшал гул,
дилимнинг қаърини чавақлаб ташла!

ТАРИҚАТ

Дунёга сиғмадим,
сиғмади дунё
ғурбатдан торайган табиатимга,
қоп-қора чечакдай сочилмиш ҳулё
жўмардлар кўмилган тариқатимга.
Майлига,
чечаклар қоп-қора бўлсин,
йиқитса шу йўлда йиқитсин тақдир,
қуртлаган истаклар шуъласи сўлсин,
худойим сийлаган ҳурлигим яхши.
Бичилган қулларнинг,
қулзодаларнинг
малак сиймоларин ўйнатган дунё,
яралган лаҳзадан ҳур одамларни
иблислар тилида сўйлатган дунё.
Чиройли эрмаклар маҳзанидир ул,
мағизи қайғудан,
пўстлоғи зардан,
сарғарар очилмай туриб қизил гул,
тупроғи жимгина қусган заҳардан.
Чайқалар жаҳолат оғочларида
неча минг Машрабу
Мансури Ҳаллож…
ҳамон юксалади йўл бошларида
одамзот қонига тўймаган жаллод.
Токай бу иблислик,
токай бу ёлғон,
токай тиғ кўтарар қора гуруҳлар,
токай бижғиб ётар ғариб аламон
ичига тириклай кўмилган руҳлар.
Зулфиқор руҳ керак,
керак чин ёғду,
чин ишқ ёғдулари бағримга тўлсин,
жисмимни тобласин фақат чин оғриқ,
чечаклар қоп-қора бўлса-да бўлсин.
Бағрикенг худойим
кечириб қўяр,
йиқилсам етмай ул ҳақиқатимга,
кўмилсам, кўмилай ўлими гўзал —
жўмардлар кўмитган тариқатимга.

ЎШНИ КЕЗГАНДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

Баҳайбат япроқлар диёридаман,
улкандир бу ернинғ гулу тошлари.
Айланар кўк осмон ёйилмасида
баҳайбат сувларнинг
гулдурослари…

Сабру иродадан тўралган тоғлар
улкан даврларнинг йўлчиларидай.
Адирлар —
уммоннинг бир кўтарилиб,
мангу тўхтаб қолган тўлқинларидай.

Бунда ҳар бир чечак,
ҳар бир гиёҳнинг
осмонни тўсгудай ҳайбати бордир.
Қадим оҳанглардай улуғ диёрнинг
ўзидан улуғроқ ҳасрати бордир.

Мен буни уқаман
ҳар бир нарсадан
ёғилган чоғида баҳайбат бир нур,
чўян ўзанларга сиғмасдан сувлар
гулдираб чопганда уюр ва уюр.

Мен буни уқаман
эркалаб замин,
ҳам асраб бағрида куз қароғидай,
баҳайбат бўлгин деб,
ҳар бир боланинг
митти товонларни ўпган чоғида.

Аммо, қани улар,
замин алқаган,
умидвор тикилган митти даҳолар?
Бирининг кўзида ғалат дард кўрдим,
бирининг кўзида кўрдим жаҳолат.

Тобора кичрайиб кўринар улар
кичкина ташвишлар исканжасида.
Шундоқ сўниб борар ер орзулари
ҳирсу таъмаларнинг кир панжасида.

Наъра тортаймикин
туқсон тўққиз минг
паҳлавон бобомнинг овозин йиғиб,
даҳмалар қопқоғин тақиллатайми,
фарёд қилаймикин осмонни йиртиб?!

Қўпордим
юрагим ҳайқириғини,
ҳайқириқ замину кўкка сиғмади.
Бу ёмон ҳолимдан ёрилди тоғлар,
«Сувлари сирқираб тошлар йиғлади».

Мана шу лаҳзада полапонларин
парвоздан, осмондан йироқ гўшада,
суйибмас, чўқилаб улғайтаётган
бир йиртқич,
бир ваҳший қушга ухшайман.

ҚАСАМ

Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.
Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар —
Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.
Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,
пуштиранг пардали минглаб дарчадан
мўралаб ўтирган гўзал сўзларни,
қолдириб кетаман энди барчага.
Аслида атиргул бўйин таратган
бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.
Менга нондай зарур, қиличдай кескир,
заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.
Сайладим сўзларнинг сараларини,
курашлар шамоли кирди назмимга.
Юртимни кезаман,
энди ҳар нарса —
эгилган нарсалар тегар ғашимга.
Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни
қиличлар кессин.

 

033

KO’NGLI HAQQA TALPINGAN SHOIR
Shamsiya
055

SO’Z ummonida yuzib yurgan yuzlab shoirlar bor. Ammo ”…sultonu gadoning qa’rini ko’rdim, G’azzoliy sig’magan tuban olamda shaytondan to’ralgan g’ayirni ko’rdim”, — deya dadil ayta oladigani kamdir.

Buning uchun ”Faqat ishq… Faqat ishq… Boshqasi sarob, boshqasi shamolning oniy suroni” ekanligini anglagan, ko’ngli samoviy ishqqa bog’lanib MUNOJOT aylagan, ”Tuhmat murdalari qalashib yottan, ig’volar qurtlagan sho’rlik diyorda zamonu makonin butkul yo’qotgan bir ulug’ faryodning bolasi” bo’lib zoru nido qiladigan , G’azzoliy hazratlarining ma’no dengiziga cho’mib, poklangan yuragi bo’lishi kerak shoirning.

Zamonaviy o’zbek adabiyotining yorqin vakili Shavkat Rahmon ana shunday ”musaffo chashma”ning tashnasi, “gunafsha atirli tansiq tuyg’ular” muallifi.

”O’shni kezganda o’ylaganlarim” she’ri orqali mayda manfaatlar uchun katta haqiqatlarini boy berib kelayotgan insoniyatning achchiq fojeasini ko’zguday “yarq” etkizib, ko’zingizga tutqazadi:

…qani ular,
zamin alqagan,
umidvor tikilgan mitti daholar?
Birining ko’zida g’alat dard ko’rdim,
birining ko’zida ko’rdim jaholat.

Tobora kichrayib ko’rinar ular
kichkina tashvishlar iskanjasida.
Shundoq so’nib borar yer orzulari
hirsu ta’malarning kir panjasida.

Na’ra tortaymikin
to’qson to’qqiz ming
pahlavon bobomning ovozin yig’ib,
dahmalar qopqog’in taqillataymi,
faryod qilaymikin osmonni yirtib?!

Bu faryodlarlarga to’la SO’Zning o’tkir tig’i nogahon yuragingizni shig’illatib kesib yuboradi… “Oh” deyishga ulgurmay qolasiz nur tezligida ko’nglingizni kesib yuborgan So’zning shiddatidan. Jismu joningiz sirqirab ketadi, qorachiqlaringiz beixtiyor kengayib ketadi go’yo dunyoni endi ko’rayotgandek. Aslida ham shoirning so’zlari sizning hali kashf etishga ulgurmaganingiz yoxud nazar tashlashga jur’at etolmaganingiz – dunyoning asl haqiqatlariga tik qarashga, uni qaytadan kashf qilishga majbur etadi. Ammo o’quvchi bu “majburiyat”dan – shoirning yurakka “sanchilgan” so’zlaridan malollanmaydi, aksincha, qalbini simillatib bo’lsa-da, g’aflat to’sinidan xalos etgani, she’riyatning shirin azoblaridan bahramand etgani uchun minnatdorlik hissini tuyadi.

Hech kim aytmagan, hech kim e’tirof etmagan taqdirda ham komillikka, insoniy yetuklikka intilgan ijodkor o’zini yuksaklikning qay nuqtasida turganligini o’zi yaxshi biladi, chuqur his qiladi. Uni e’tirof etmasliklari, eta olmasliklarining sababini ham to’g’ri tushunadi va hech kimdan ranjimaydi. Aksincha hali oldda komronlikning inson qadamini, ma’naviy jasoratini kutib yotgan hiyla baland dovonlari borligini his etarak, shu olis, yuksak dovonlarga havas va shahd bilan tikilarkan, ayni damda zabt etgan yuksaklik nuqtasida bir dam o’yga cho’mib, bosh egadi. Zamondoshlarining ham ana yuksalish sharafiga muyassar bo’lishini chin yurakdan istaydi. Ammo qadamlar tezligi, xayolot uchqurligi, fikriy o’sish darajasi hammada bir xil emas…

“Sulaymontog’da o’ylaganlarim” she’rida ana shu holatning nozik chizgisini ko’ramiz. O’z xalqini shovqin solmay, mehru muhabbatini iddao etmay, minnat qilmay, chuqur bir qayg’u, chuqur ehtirom bilan seva olgan jo’mard INSONning nekbin va o’ychan qiyofasi ko’z o’ngimizda gavdalanadi.

Yuksakda bo’lsa-da
boshim egilgan —
yuksakka chiqdim deb kerilganim yo’q.
Bir dam kulganim yo’q,
suyulganim yo’q,
sokin lahzalarga berilganim yo’q.

YO beg’am yonboshlab to’ralar kabi,
o’tkir kon`yak ichib,
qazi yemadim
yoki barmog’imni pastlikka nuqib:
«E, afsus, shular ham xalqmi?» demadim.

O’yladim
yuksakka chiqqan chog’imda
o’z zotin,
o’z otin unutganlarni,
qadimiy buloqlar ko’zini ko’mib,
azim daryolarni quritganlarni…

Shavkat Rahmon o’z fikriy yuksakligidan turib o’tmish va kelajak orasiga solingan ko’prikning shonli, mustahkam, shu bilan bir qatorda zaif, ojiz, chirik nuqtalarini ham teran nigohlari bilan aniq ko’ra olgan va o’quvchiga ko’rsata olgan fozil, rostgo’y va jasoratli shoir. Uning lirik qahramoni fano ko’chasidan bizdan avval ot solib o’tganlarning xatolari sabab yuzaga kelgan ba’zi ma’naviy o’pirilishlar, siniqliklarni butlash o’rniga uni ko’rib-ko’rmaslikka olayotgan, katta orzu-umidlar bilan kelayotgan saf-saf avlodlarni tap tortmay ana shu xatarli yo’llarga boshlab borayotgan “hay, barakalla”chilarning haliyam borligidan, “eng qattol dushman ham qilmagan ishni to’ng’izfe’l bir nokas bajarib ketishi” mumkinligidan hasrat chekadi, xavotirlanadi. “Abadiyatning nurli izlarini yo’qotayotganlar, elning qalbin buzib, yodini buzib, qarg’ishu la’natga botib yotganlar”dan nafratlanadi. “Ko’rib bo’larmikan bu nokaslarning qora kursilarga o’tirar chog’in?”- deya haqli savolni o’rtanish ila o’rtaga tashlaydi. Satrlarda hech bir sirg’anishsiz tafakkur cho’qqisi sari o’rlab borarkan, fojeani qamrab yotgan sabablarni piyozning po’sti kabi bir-bir “archib” tashlab, haqiqatning tiniq shakli va mohiyatiga e’tiborni qaratadi: ”…Ammo to’larmikin ko’ngil shu bilan, shu bilan ketarmi xotirdan g’ashlik, yuraklar kularmi, qularmi butkul shu bilan yuksakda o’sgan pastkashlik?”

O’ta jiddiy bo’lgan bu mulohaza qoshida fano mulkining aqli, iymoni bo’lgan har bir yo’lovchisi bir lahza bo’lsa-da to’xtaydi. O’z suvratiyu siyratiga, bosib o’tgan yo’liga bir nazar tashlab, ma’naviy kemtikligini to’ldirishga, xatolari uchun tazarru qilishga, botiniy va zohiriy olamini isloh qilishga kirishadi. Lekin, afsus, zamon sahnidagi yo’lchilikda shunday toifalar ham borki, ular o’z pastkashliklaridan voz kechmaydilar, yaltoqiliklaridan uyalmaydilar, aksincha o’z gumrohliklari va gunohlaridan g’ururlanadilar, bu “g’urur”larining naqadar chirkinligini his etmaydilar ham. Bunday bedodlikdan ”Agar men baqirsam, yorilar osmon – har damim olamning damin to’zitar”, — deya isyonga kelgan shoir elning ko’ziga qarashga uyaladigan hech bir aybi yo’qligini yaxshi bilsa-da, bedillarga dil ochish benafligiga iqror bo’larkan, el, millat uchun bor mas’uliyatni mardlik, bag’rikenglik bilan o’z bo’yniga olib, ulug’ bir odamiylik so’zini aytadi: “…Baroko’hda boshim egildi, qarashga or qildim elning ko’ziga…”

Or-nomusni tug’day baland tutgan shoir – ko’ngli Haqqa qaragan Shoirdir. Bunday Shoirlar har bir so’zini goh o’ngga, goh so’lga qarab og’ib turadigan siyosatning qosh-qabog’iga qarab emas, Haqqa qarab aytadilar. Milliy she’riyatimizning jasur siymolaridan biri, “elning baxti uchun umrini tikkan” Shavkat Rahmonning Haqqa qarab aytilgan haqiqatlari ham zamonlar osha olis avlodlarning yuragiga qadar yetib boradi, deya aytishga haqlimiz.

М: BBC O’zbek xizmati

Shavkat RAHMON
SHE’RLAR
055

***

088

Kel, yashirib qo’yayin seni
yurakning eng chuqur yeriga.
Keyin sen ham yashirgin meni
yurakning eng chuqur yeriga.

Topolmasin bizlarni birov!

VAQT

Vaqt senga qul bo’lmas aslo,
undan kutma muruvvat, ta’ma.
Sig’in unga, yolvorgin, avra,
bir amallab vujudga qama —
Qul bo’lolmas senga, baribir,
vaqt hamisha hushyor, jangari —
yerib tashlar jismingni nogoh,
chiqib ketar sendan tashqari.

MUHABBAT

Muhabbat — chiroyli kapalak,
qo’rqaman sho’rlikni tutgani.
Kapalak quvganim yonimda,
yodimda yo’q ammo yetganim.

Yuragim ranjigan boladay
na ermak, taskinga ko’nadi.
Muhabbat — chiroyli kapalak,
hali ham gullarga qo’nadi.

Ortidan halloslab chopaman,
xijolat bo’laman g’o’rlikdan —
qanchalik yugurmay, baribir
orqada qolardim sho’rlikdan.

***

Yechib oppoq ko’ylagani vaqt,
kiydi yashil gulli ko’ylagin.
Yurak, uyg’on, kapalak kabi
chechaklarga qo’nib o’ynagin.

Maysalarin tarab, parvozga
shaylanadi cheksiz dalalar.
O’spirinlar quchog’ida mast
Qirda asir tushgan lolalar.

Bog’larda oq alanga gurlar,
telba qilar shamollar isi,
gilos gulin kiygan ko’chada
oqib borar qizlar kulgisi.

Gurkiragan bu rangin olam
tuyg’ularni o’ynatib tashlar
va ajoyib kunlar umrimda
atirgulday ochila boshlar.

***

Dunyo hali noraso, hali
o’rtamizda chopar ayriliq,
chaqiramiz bir-birimizni,
og’zimizni yopar ayriliq.
Nafrat yashar dunyoda, hali
yozilganday qaysi kitobda
Muhabbatning asrini kutib,
o’tiribmiz ikki qutbda…

***

Kunlar pisha boshlaydi yana,
ranglarini boshingda elar,
Xayolingni chaqmoqlar kabi
yoritguvchi lahzalar kelar.
Yana yaproq yozgan daraxtga,
atirgulga do’narsan nuqul.
Kechalari chap ko’kragingda
qafasini sindirar bulbul.
Bor kadarni yengmoqqa yana
yetib ortib qolar bardoshing.
Endi o’zing istamasang ham
yulduzlarga tegadi boshing.

NIGOR

Kattalarga qararding sirli,
kattalarga tutding gulingni,
katta bo’ldim men bola sho’rlik,
kechalari poylab yo’lingni.

Endi seni kutmasman ortiq,
derazangga boqmasman mahtal.
Ko’zlaringga qarayman qattiq,
bellaringdan quchaman dag’al.

Biroq jismu joningni yoqqan
devonavash qudratni yengib,
derazangga jovdirab boqqan
bolakayga qaraysan g’amgin.

SAVOL

Kim edimu
kim bo’ldim endi,
qayga ketar yoshligim, kuchim,
isyonlarga, g’azab, nafratga,
og’riqlarga to’ladir ichim…
Ko’proq yashab qo’ydim shekilli:
oy, kun sayin xotiram — og’ir,
yetti qavat osmon tepamda,
yelkalarim sirqirab og’rir.
Tashladimi yoki bir umr
ko’zimga g’am ko’lkalarini,
parvardigor,
bor bo’lsang agar,
ezma o’g’lim yelkalarini…
Kim edimu
kim bo’ldim endi,
ko’rib turar quyosh, suv, tuproq.
Ko’zlarimdan ko’ra hayotni
yelkalarim ko’ribdi ko’proq…

***
Sovqotdim,
qo’llarim muzladi,
osmonday sidirg’a yalangda
gulxanga qo’llarim qalayman
ko’kkacha o’rlasin alanga.
Yonmoqlik munchalar yoqimli!
Alanga, o’saver, o’s tag’in.
Achinma,
chinakam do’st bo’lsang,
nari tur, shamolni to’smagin.

XOTIMA

Xotirjamlik,
vazminlik kerak
chizgan mahal olam tasvirin,
har bir rangda haqiqat bordir,
har chiziqda sirlar yashirin.

Xudo yashar
har bir giyohda,
har daraxtda bordir diyonat.
Ayirmagin ranglardan rangni,
sen ranglarga qilma xiyonat.

Dunyo qizil,
dunyo sariq deb,
bekor bizga berishgan saboq.
dunyo azal rangindir va biz
o’ylagandan ko’ra ranginroq.

Chiza olsang
rangin dunyoni,
rangin bo’lsa quyoshi, oyi,
sendan buyuk musavvir bo’lmas,
bo’lmas sendan buyukroq shoir.

YOSH O’ZBEK SHOIRLARIGA

So’zlarni qayraylik,
obdon toblaylik,
idrok-la sovutib tag’in qayraylik,
O’zbekning qorako’z bolalariga
bitta dunyo qolsin hayratlik.
Bitta dunyo qolsin mustahkam,
eshilgan po’latday daryolar qolsin,
Chaqilmas toshlarday bir tog’lar qolsin,
musaffo xayollar,
samolar qolsin.
So’zlarni qayraylik,
do’stlar, jo’ralar,
g’aflat to’shagida yotmay, shoshaylik:
yashamoq, kurashmoq, o’lmoq sirlarin
bolakaylar uchun ochaylik.
Bitta dunyo qolsin mustahkam,
unga posbon bo’lsin o’tkir she’rimiz,
tokim bu daryolar bemalol oqsin,
bolalarga qolsin jannat yerimiz.

So’zlarni qayraylik,
tag’in qayraylik,
tokim keskir bo’lsin bamisli olmos.
O’tkir so’z qolmasa shoirlaridan,
o’tkir so’z qolmasa…
hech narsa qolmas.

SOYA

Ko’p narsaga
ko’niksa bo’lar,
loqayd karab yolg’onu chinga,
ruhning buyuk iztiroblarin,
qudratlarin qamab ichingga.
Ko’zingni yum,
quloqni berkit —
kunduzdan-da yorug’dir yo’ling.
Bir kun kelib alqaru seni
yuksaklarga ko’tarar ko’rlik.
Biroq qiyin,
Ko’nikmoq qiyin —
harakatga ko’ngil tashnadir.
Otilasan bu tor olamdan
kaltaklangan itday tashqari.
Yugurasan,
bahaybat oyning
yog’dusida, mana, nihoyat,
kuvib kelib izingdan seni
bosib ketar bahaybat soyang.

AVJ

Men, shubhasiz, parchalanaman, —
shunday tugar buyuk xizmatim.
Kimga, ko’zim, kimga peshonam,
kimga tegar qiziq qismatim.

G’alayonga to’la vujuddan
oxir dunyo bo’ladir xalos.
Yer ostiga kirib ketarman
barcha mo’min bandalarga xos…

Biroq yerda mangu yashaydir
ko’hna yuzim, o’ychan ko’zlarim, —
demak, o’lmas bu dunyoda hech
xudo bergan ezgu so’zlarim.

Ular yangrab tinmay aylanar
razolatning tevaragida.
Men-chi, mangu kulib yotarman
quloq solib yerning tagida.

SULAYMONTOG’DA O’YLAGANLARIM

«Havosi xo’b va oqar suyi farovondur. Bahori bisyor yaxshi bo’lur. O’shning fazilatida xeyli ahodis vorid bo’libtur. Qo’rg’onining sharqi-janubiy jonibida bir mavzun tog’ tushibtur, Baroko’hka mavsum. Bu tog’ning qullasida Sulton Mahmudxon bir hujra soldiribtur, ul hujradan quyiroq ushbu tog’ning tumshug’ida tarix to’qquz yuz ikkida men bir ayvonliq hujra soldim. Agarchi ul hujra mundin murtafe’dir, vale bu hujra bisyor yaxshiroq voqe bo’libtur: tamom shahr va mahallot oyog’ ostindadur…»
Bobur, 1495 yil.

Yuksakda bo’lsa-da
boshim egilgan —
yuksakka chiqdim deb kerilganim yo’q.
Bir dam kulganim yo’q,
suyulganim yo’q,
sokin lahzalarga berilganim yo’q.
YO beg’am yonboshlab to’ralar kabi,
o’tkir kon`yak ichib,
qazi yemadim
yoki barmog’imni pastlikka nuqib:
«E, afsus, shular ham xalqmi?» demadim.

O’yladim
yuksakka chiqqan chog’imda
o’z zotin,
o’z otin unutganlarni,
qadimiy buloqlar ko’zini ko’mib,
azim daryolarni quritganlarni.
O’lsam-da yodimdan chiqmaydi biri:
kibru havo bilan pastni kuzatib,
buzdirib tashladi yarim kechasi
to’rt yuzu olmish yil turgan hujrani.
To’rt yuz oltmish yillik
quyosh ham, suv ham,
eng qattol dushman ham qilmagan ishni
to’ng’izfe’l bir nokas bajarib ketdi,
avlod-ajdodiga olib qarg’ishni.

Bundaylar kim o’zi –
abadiyatning
nurli izlarini yo’qotyotganlar,
elning qalbin buzib,
yodini buzib,
qarg’ishu la’natga botib yotganlar?!
Yuksakda bo’lsa-da
boshim egilgan,
yuragim yig’laydi, Baroko’h tog’im.
Ko’rib bo’larmikan bu nokaslarning
qora kursilarga o’tirar chog’in?

Ammo to’larmikin ko’ngil shu bilan,
shu bilan ketarmi xotirdan g’ashlik,
yuraklar kularmi,
qularmi butkul
shu bilan yuksakda o’sgan pastkashlik?
Agar men baqirsam, yorilar osmon –
har damim olamning damin to’zitar.
Ammo Baroko’hda boshim egildi,
qarashga or qildim elning ko’ziga.

Ey mirzo,
boshimni qandoq ko’taray?!
Ey mirzo,
egikdir mirzolar boshi –
ko’tarib bo’lmaydi,
oyoq tagida
bo’lsa-da bahaybat tog’larning toshi.

MUNOJOT

Faqat ishq…
Faqat ishq…
Boshqasi sarob,
boshqasi shamolning oniy suroni.

Qirqta tar gulimni ayladim xarob,
qirqta qul ko’zi-la ko’rdim dunyoni.
Qirqta qora qul yotar moziyda,
qirqta cherigini yo’qotgan bekman.
Abadiy ayrildim qirqta g’oziydan,
boshimni toshlarga ursammi deyman.
Bu dunyo nimadir?
Barini ko’rdim,
sultonu gadoning qa’rini ko’rdim,
G’azzoliy sig’magan tuban olamda
shaytondan to’ralgan g’ayirni ko’rdim.
Faqat ishq…
Ishq guli…
Samoviy gulim…
bir nafas dilimga posibon bo’lsin,
tokim shul nafasda qirq birinchi qulning
yorug’ lablarida xo’rsiniq so’lsin.
Tuhmat murdalari qalashib yottan,
ig’volar qurtlagan sho’rlik diyorda
zamonu makonin butkul yo’qotgan
bir ulug’ faryodning
bolasi zorman.
Ay, qilichday tuyg’u,
ay, qotil tuyg’u,
bas, ortiq qiynama kimsasiz dashtda,
yuzimga yuzini qo’ysin o’shal gul,
dilimning qa’rini chavaqlab tashla!

TARIQAT

Dunyoga sig’madim,
sig’madi dunyo
g’urbatdan toraygan tabiatimga,
qop-qora chechakday sochilmish hulyo
jo’mardlar ko’milgan tariqatimga.
Mayliga,
chechaklar qop-qora bo’lsin,
yiqitsa shu yo’lda yiqitsin taqdir,
qurtlagan istaklar shu’lasi so’lsin,
xudoyim siylagan hurligim yaxshi.
Bichilgan qullarning,
qulzodalarning
malak siymolarin o’ynatgan dunyo,
yaralgan lahzadan hur odamlarni
iblislar tilida so’ylatgan dunyo.
Chiroyli ermaklar mahzanidir ul,
mag’izi qayg’udan,
po’stlog’i zardan,
sarg’arar ochilmay turib qizil gul,
tuprog’i jimgina qusgan zahardan.
Chayqalar jaholat og’ochlarida
necha ming Mashrabu
Mansuri Halloj…
hamon yuksaladi yo’l boshlarida
odamzot qoniga to’ymagan jallod.
Tokay bu iblislik,
tokay bu yolg’on,
tokay tig’ ko’tarar qora guruhlar,
tokay bijg’ib yotar g’arib alamon
ichiga tiriklay ko’milgan ruhlar.
Zulfiqor ruh kerak,
kerak chin yog’du,
chin ishq yog’dulari bag’rimga to’lsin,
jismimni toblasin faqat chin og’riq,
chechaklar qop-qora bo’lsa-da bo’lsin.
Bag’rikeng xudoyim
kechirib qo’yar,
yiqilsam yetmay ul haqiqatimga,
ko’milsam, ko’milay o’limi go’zal —
jo’mardlar ko’mitgan tariqatimga.

O’SHNI KEZGANDA O’YLAGANLARIM

Bahaybat yaproqlar diyoridaman,
ulkandir bu yerning’ gulu toshlari.
Aylanar ko’k osmon yoyilmasida
bahaybat suvlarning
gulduroslari…

Sabru irodadan to’ralgan tog’lar
ulkan davrlarning yo’lchilariday.
Adirlar —
ummonning bir ko’tarilib,
mangu to’xtab qolgan to’lqinlariday.

Bunda har bir chechak,
har bir giyohning
osmonni to’sguday haybati bordir.
Qadim ohanglarday ulug’ diyorning
o’zidan ulug’roq hasrati bordir.

Men buni uqaman
har bir narsadan
yog’ilgan chog’ida bahaybat bir nur,
cho’yan o’zanlarga sig’masdan suvlar
guldirab chopganda uyur va uyur.

Men buni uqaman
erkalab zamin,
ham asrab bag’rida kuz qarog’iday,
bahaybat bo’lgin deb,
har bir bolaning
mitti tovonlarni o’pgan chog’ida.

Ammo, qani ular,
zamin alqagan,
umidvor tikilgan mitti daholar?
Birining ko’zida g’alat dard ko’rdim,
birining ko’zida ko’rdim jaholat.

Tobora kichrayib ko’rinar ular
kichkina tashvishlar iskanjasida.
Shundoq so’nib borar yer orzulari
hirsu ta’malarning kir panjasida.

Na’ra tortaymikin
tuqson to’qqiz ming
pahlavon bobomning ovozin yig’ib,
dahmalar qopqog’in taqillataymi,
faryod qilaymikin osmonni yirtib?!

Qo’pordim
yuragim hayqirig’ini,
hayqiriq zaminu ko’kka sig’madi.
Bu yomon holimdan yorildi tog’lar,
«Suvlari sirqirab toshlar yig’ladi».

Mana shu lahzada polaponlarin
parvozdan, osmondan yiroq go’shada,
suyibmas, cho’qilab ulg’aytayotgan
bir yirtqich,
bir vahshiy qushga uxshayman.

QASAM

Shavkat Rahmon degan
bir o’jar shoir,
bir kuni qaytadan yaraladimi?
Hayotim ma’nisin juda ko’p o’ylab,
sayladim so’zlarning
saralarini.
Har bir so’z
yuz so’zning o’rnini bosar —
Vatan, Xalq, Jasorat, Kurash, Ozodlik.
Har bir so’z yetajak yuzta umrimga,
har biri baxsh etar
ruhimga shodlik.
Hozirlik ko’rarkan buyuk safarga,
pushtirang pardali minglab darchadan
mo’ralab o’tirgan go’zal so’zlarni,
qoldirib ketaman endi barchaga.
Aslida atirgul bo’yin taratgan
bu o’ynoqi so’zlar menikimasdir.
Menga nonday zarur, qilichday keskir,
zaharday mard so’zlar bo’lsayoq basdir.
Sayladim so’zlarning saralarini,
kurashlar shamoli kirdi nazmimga.
Yurtimni kezaman,
endi har narsa —
egilgan narsalar tegar g’ashimga.
Endi ishlash kerak bu kengliklarda,
tokim so’ylamasin yolg’onni hech kim,
tokim buyuk tog’lar saltanatida
egilgan boshlarni
qilichlar kessin.

 

033

(Tashriflar: umumiy 422, bugungi 1)

Izoh qoldiring