Aziz Nesin. Qarg’alar saylagan podshoh

055Таниқли адиб Азиз Несин таваллудининг 100 йиллиги олдидан

Бир бор экан, бир йўқ экан. Қадим-қадим замонда бир мамлакатда бир бечора камбағал бўлган экан. Бир кун тўқ бўлса, уч кун оч ётар экан. Шунга қарамай шукрни тилидан туширмас экан. Бутун хаёли ҳаммага ёрдам бериш экан. Яхшилик қилишни хоҳлар экан, аммо қандай ёрдам бериш кераклигини билмас экан. Ора-сира, “Эҳ, кошки, кучим етса-да, ночорларнинг оғирини енгил қилсам…” деб ният қилар экан.

АЗИЗ НЕСИН
ҚАРҒАЛАР САЙЛАГАН ПОДШОҲ
Маъруфжон Йўлдошев таржимаси
055

045Азиз Несин (асл исми Маҳмуд Нусрат) дунёга танилган турк ҳажвий ёзувчиси, драматургидир. У 1915 йилнинг 20 декабрида Мармара денгизидаги Хейбелиада оролида қрим татарлари оиласида туғилган. Нафис санъат академияси (Истанбулда ўқиган (ҳарбий маълумотга ҳам эга). «Марко пошо» (1946) тараққийпарвар ҳажвий газета ва бошқа матбуот органларида ишлаган. «Нуҳ кемаси» (1949) ҳажвий журналини нашр этган. Кўплаб ҳажвий ҳикоя, поема ва романлар муаллифи, сиёсий ва ижтимоий ҳажв устаси. «Жиннилар озод бўлди», «Ишбилармон одам», «Нозиқ ва нафис», «Худога шукур» ва бошқа асарлари сиёсий ўткир ва долзарб. Уларда ёзувчи жамият иллатларини фош қилади, кулгили вазият, хусусият ва ҳолатлар орқали кишиларни беихтиёр ўз нуқсонларидан кулишга мажбур этади.
Азиз Несин асарларининг қаҳрамонлари — иш ахтаравериб безор бўлган майда амалдор, омадсиз зиёли ва қашшоқ ишчи («Яшасин камбағаллик», «Майдон соатлари», «Хотин киши бўлганимда-ю…» ва б.). «Шундай бўлди, бундай бўлмайди» автобиографик қиссаси, «Азизнома» ҳажвий шеърлар ва «Мамлакатлардан бирида» ҳажвий ҳикоялар тўпламлари мавжуд. Ҳажвчи ёзувчилар халқаро танловларида «Дафна чамбари» олган (1956, 1957). Ўзбекистонда бўлиб ўтган Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг Тошкент анжуманлари иштирокчиси. Асарлари ўзбек («Мушт кетди», 1966; «Хуштак афандим», 1969; «Футбол қироли», 1978 ва ҳ.к.) ва бошқа тилларда нашр қилинган.
Азиз Несин 1995 йил 6 июль куни вафот этган.

055

Бир бор экан, бир йўқ экан. Қадим-қадим замонда бир мамлакатда бир бечора камбағал бўлган экан. Бир кун тўқ бўлса, уч кун оч ётар экан. Шунга қарамай шукрни тилидан туширмас экан. Бутун хаёли ҳаммага ёрдам бериш экан. Яхшилик қилишни хоҳлар экан, аммо қандай ёрдам бериш кераклигини билмас экан. Ора-сира, “Эҳ, кошки, кучим етса-да, ночорларнинг оғирини енгил қилсам…” деб ният қилар экан.

Унинг ниятини эшитганлар: “Қани айт-чи, ниятинг ижобат бўлиб, ғойибдан куч келса, қандай яхшилик қилган бўлардинг?” деб сўрашибди.
Камбағал: “Қандай бўларди, яхшилик қилардим ҳаммага… Аввал ўша куч келсин, ўзим биламан қандай яхшилик қилишни…” дебди.
Кунлардан бир кун у тоғ чўққисига чиқиб “Тангрим, менга ёрдам бер, мен ҳам одамзодга яхшилик қилмоқчиман…” дея ёлворибди.

Тоғда гиёҳ териб юрган бир кекса одам унинг ёлворишларини эшитиб:
— Салом, ўғлим! — дебди.
Камбағал қайрилиб қараса, қаршисида оппоқ соқолли бир нуроний бир чол турибди.
— Салом, отахон, — дебди ҳайратланиб.
— Боядан бери нима деб ёлворяпсан, Тангридан нималарни сўраяпсан?

Камбағал дардини чолга айтибди. Одамларга яхшилик қилиш истагида ёниб қоврулаётганини тўлиб-тошиб тушунтирибди.
Оқсоқол унинг сўзларини тинглаб бўлгач дебди:
— Сенга ўхшаб жуда кўп инсонлар бошқаларга яхшилик қилишни хоҳлаб ўтишди бу оламдан. Яхшилик қандай қилинишини билганингда эди, бу савдодан воз кечган бўлардинг. Одамзодга яхшилик қилиш, ёмонлик қилишдан кўра мушкул ишдир. Дунё бино бўлгандан бери бу ишни уддалаш жуда оз инсонгагина насиб қилган.

Оқсоқол қанча тушунтирса ҳам камбағал ўз билганини такрорлайверибди.
— Эҳ, қанийди, менга ҳам шундай имкон насиб қилса! Мен бошқаларга ўхшамайман. Менга шундай мартаба берилса, дунёдаги барча ёмонликларни ер юзидан супуриб ташлайман. Бу дунёда камбағал одам қолмайди. Уриш-жанжалларни батамом унуттириб юбораман. Барча муаммоларни ҳал қиламан…
— Ниятинг дуруст, аммо қандай амалга оширишни билмайсан. Сендан аввал ҳам нима қилишни билмайдиган хаёлпарастларнинг кўпи келиб кетди.
Камбағал:
— Яхшилик қилишдан осони бор эканми? Бунинг нимаси қийин? — дебди.

Оқсақол унга жавобан:
— Ҳа, майли, демак яхшилик қилишни шунчалик истаётган экансан, бу ерда турма, юрт кезиб, оқ-у қорани танигин. Вақти келганда сенга ўзинг хоҳлаган имкон берилади. — дебди.

Яхшилик қилишни хоҳлаган одам оқсоқолнинг гапини дилига тугиб йўлга отланибди. Бир неча йил давомида турли мамлакатларни кезибди. Турфа халқ, турфа одатларни кўрибди, эл-юртни танибди. Қаерда тўхтаса, яхшилик қилиш истагида юрганлигини тилга келтирибди.

Шундай кунларнинг бирида, қуёш уфққа бош қўйишга чоғланган бир маҳалда бир қалъага етиб келибди. Қалъа айланасига баланд девор билан ўралган экан. Дарвозасини топиб, ичкарига кирибди. Қалъа ичига киргач хайратдан эси оғибди. Кенг майдонда тумонат одам. Ҳаммаси кўкка қараб ҳайқириб ётганмиш. Камбағал ҳам беихтиёр оломонга қўшилибди. Камбағал айтилаётган гапларга қулоқ солибди. Ҳамма бор овозда деярли бир хил гапларни айтиб бақиришаётган экан:
— Юртдошлар! Мен сизга яхшиликни раво кўраман. Қарғаларга айтинг, мени сайласинлар. Подшоҳ бўлсам, кўрасиз, сизларга беҳисоб яхшиликлар қиламан. Бу қалъанинг ариқларидан сув эмас, шарбат оқади. Йўлакларга тош эмас олтин тўшалади. Уйингиз қанд-у шакарга тўлади, ширинлик ейишдан безиб кетасиз. Шу даражада роҳат қиласиз-ки, ҳузур-ҳаловат сизни тинч қўймайдиган бўлади. Азиз, ватандошларим! Қарғаларга айтинг, мени сайласинлар…

Барчанинг оғзидан бир хил нидо чиқаётганини кўриб таажжубланибди камбағал. Бир ёнига қараса, не кўз билан кўрсин-ки, йиллар аввал тоғ тепасида учратган оқсоқол турганмиш.
— Салом, отахон! — дебди камбағал шоша-пиша.
Оқсоқол унга қараб:
— Салом, ўғлим! — дебди.

Камбағал:
— Қизиқ, ҳамма бир хил гапни такрорлаяпти… Нега бақиришаётганини тушунолмай қолдим, —  дебди оқсоқолга.

Оқсоқол:
— Ҳамма фақат ўзининг яхшилик қилиши мумкинлигини таъкидламоқ истайди. Аммо ҳеч бири ўша яхшиликни қандай амалга ошира олишини тасаввур ҳам қилолмайди. Шунинг учун бақириш билан овора, — деб жавоб берибди.
— Бу одамлар, ҳар доим шундай бақиришадими?
— Йўқ, сайлов арафасида бақиришади. Бу мамлакатда ҳар йили бир марта сайлов бўлади. Сайлов маҳали ҳамма ўзининг сайланишини хоҳлаб шовқин кўтаради.
— Нега?
— Чунки ҳамма ўзини ҳақ деб билади. Сайлангач яхшилик қила олишини ўйлайди. Ёмонлик қилишни ҳеч бири хоҳламайди.

— Кимни сайлашади бу сайловда?
— Подшоҳни сайлашади… Бу мамлакат бошқа мамлакатларга ўхшамайди. Баъзи давлатлардаги каби тахт отадан ўғилга мерос бўлиб ўтмайди. Ҳар йили халқ ичидан бир кишини сайлаб подшоҳ деб эълон қилишади. Танланган одам подшоҳлик муддати ичида халққа яхшилик қилса, ваъдасини амалга оширса подшоҳ бўлиб қолаверади. Акс ҳолда сайлов ўтказилиб, тахтдан узоқлаштиришади. Ҳозиргача бир йилдан кўп подшоҳлик қилган одам чиқмади бу мамлакатда.
— Тушунарли, нега ҳаммаси “қарға, қарға” деб бақиришмоқда?
— Бу ўлкада подшоҳни қарғалар танлайди-да шунга… — дебди оқсоқол.

Шу пайт осмонни қоронғилик қоплабди. Кўкда қуюқ қора  булут мисоли қарға галаси пайдо бўлибди. Қарғалар қуёш нурларини тўсиб, қағиллашиб юрт осмонида айлана бошлашибди. Оломон бараварига:
— Қарғалар, қарғалар, қадрдон қарғалар… Мени сайланг, мени сайланг… — деб бақириша бошлабди.

Бир дона қарға айланиб-айланиб камбағалнинг бошига яқинлашибди ва бошига ахлат қўндириб яна осмон-у фалакка кўтарилибди.
— Учдан бир ҳисса подшоҳ бўлдинг, —  дейишибди оломон унга қараб.
Нима рўй берганини англолмаган камбағал ёнида турган оқсоқолдан сўрабди:
— Нима бўлди, нималар дейишяпти?
— Бу ерда подшоҳ сайлаш шу тарзда амалга оширилади. Бир қарға бир кишининг бошига уч марта ахлатини ташласа ўша киши подшоҳ бўлади. Сен ҳозир учдан бир ҳисса подшоҳсан. Дуо қилгинки, қарға яна икки марта бошингга ахлатини ташласин.

Кўп ўтмай, ҳалиги қарға яна ерга яқинлашибди ва камбағалнинг боши узра айланиб аҳлатини ташлаб ўтибди. Оломон ҳайқирибди:
— Учдан икки ҳисса подшоҳ бўлдинг!
Қарға учинчи бор яқаинлашганда халойиқ янада бадтар шовқин кўтарибди:
— Қарғажон, қарға, менинг бошимга … — деб бор овозда ёлвора бошлашибди.

Қарға бу сўзларга қулоқ солмай яна камбағал боши узра айланишда давом этибди ва яна бир бор унинг бошига ахлатини ташлабди. Халойиқ:
— Подшоҳ бўлдинг, энди подшоҳ сенсан… — дея бақиришиб қўл силкишибди. Камбағални елкаларига кўтариб саройга олиб боришибди. Тахтга ўтиргандан кейин биринчи қилган иши қарғанинг яхшилигига жавоб тариқасида боғ-роғлардаги бутун қўриқчиларни олиб ташлаш ҳақидаги фармонни имзолаш бўлибди. Қарғага тош отганларни, уни боғидан қувганларни жазолабди. Бу ҳам камлик қилгандай, кунда бир бор атрофга дон-дун сочиб қарғаларни меҳмон қилишни амр қилибди.

Халқ эътироз қилса ҳам подшоҳ эътибор қилмабди. Унинг кўзи қарғадан бошқасини кўрмас эмиш. Шу тариқа йил ўтибди. Халқ яна сайлов учун майдонга тўпланибди. Яна айни ҳол, ҳамма ўзининг эзгу ниятларини тилга келтириб бақира бошлабди. Яна кўк юзини қарғалар қоплабди. Қарғаларнинг қағиллаши оламни тутибди. Ҳар йил подшоҳни бир қарға танлар экан. Бу йилги подшоҳдан беадад яхшилик кўрган қарғалар шукрона рамзи сифатида ичларидан ўн нафарини ер юзига юборибди. Ўн қарға ўтган йилги подшоҳ бошига яқинлашиб бир вақтининг ўзида ахлатини ташлашибди.

Подшоҳ яна қайта сайланибди. Подшоҳ ҳам қарғаларга миннатдорчилик маъносида янги фармонини эълон қилибди. Энди ҳар бир оила уйида йигирма донадан қарға боқиши шарт эмиш. Қарғаларни турли табиий офатлардан ҳимоя қилиш мақсадида махсус уйчалар қуришни тайинлабди. Қарғалар бундай парваришдан мамнун бўлиб семириб-шишиб кетишибди. Ҳар бири ҳинди куркадай бўлиб кетибди.

Вақт ўтиб яна сайлов яқинлашибди. Халқ майдонга тўпланибди. Шикоятини тилига тўкса нима ўзгарарди-ки?! Куркадай юз қарға учиб келиб яна эски подшоҳни танлаганликларини намойиш қилибди. Учинчи бор подшоҳ бўлган одам:
— Қарғаларда бир дона ҳам бит қолмаслиги керак. Қарғалар тозалансин! Битлардан ҳимоя қилинсин! Қарғаларнинг тирноқлари жилолансин! Ёғлаб ялтиратилсин! — дея халққа буйруқ берибди.

Қарғалар эътибор ва эъзоздан семириб қўйдай бўлибди. Урчиб кўпаяверибди. Аҳвол шу даражага борибди-ки, қарғалар кўпайиб қалъага сиғмай қолибди. Вақт айланиб яна сайлов куни яқинлашибди. Қарғалар подшоҳга миннатдорчилик билдирмоқчи бўлибди. Бу сафар беш юзта қарға келиб ҳар бири уч мартадан подшоҳга “ҳурмат” бажо келтирибди.

Подшоҳ ҳам қарғаларга миннатдорчилик билдириш мақсадида янги фармонлар чиқарибди. Ҳаддан зиёд эъзозланган қарғалар туфайли шаҳарда инсонларга жой қолмабди. Одамлар уй-жойини, мол-мулкини ташлаб кўчиб кета бошлашибди.

Орадан бир йил ўтибди. Сайлов замони яқинлашибди. Бу вақт мобайнида боқилган қарғалар бўрдоқи сигирдай бўлиб катталашиб кетибди. Шаҳар осмонида сигирдай-сигирдай қарғалар пайдо бўлибди. Уларнинг шовқинидан қулоқлар батанг бўлибди. Қарғалар миннатдорчилик эвазига ҳаммалари тўпланишиб подшоҳнинг устига “ташаккур”ларини ёғдиришибди.

Халқ сайланган подшоҳни саройга элтиш учун майдон марказига йўл олибди. Келиб қарашса, подшоҳ қарға ахлатига ботиб ўлиб ётган эмиш.

Олдинига таажжубланган халқ кўп ўтмай яна шодон ҳайқира бошлашибди:
— Қарғалар, қарғалар, қадрдон қарғалар… Мени сайланг, мени сайланг…

1965

Манба: www.marufjonyuldashev.com

066

AZIZ NESIN
QARG’ALAR SAYLAGAN PODSHOH
Ma’rufjon Yo’ldoshev tarjimasi
055

045Aziz Nesin (asl ismi Mahmud Nusrat) dunyoga tanilgan turk hajviy yozuvchisi, dramaturgidir. U 1915 yilning 20 dekabrida Marmara dengizidagi Xeybeliada orolida qrim tatarlari oilasida tug’ilgan. Nafis san’at akademiyasi (Istanbulda o’qigan (harbiy ma’lumotga ham ega). «Marko posho» (1946) taraqqiyparvar hajviy gazeta va boshqa matbuot organlarida ishlagan. «Nuh kemasi» (1949) hajviy jurnalini nashr etgan. Ko’plab hajviy hikoya, poema va romanlar muallifi, siyosiy va ijtimoiy hajv ustasi. «Jinnilar ozod bo’ldi», «Ishbilarmon odam», «Noziq va nafis», «Xudoga shukur» va boshqa asarlari siyosiy o’tkir va dolzarb. Ularda yozuvchi jamiyat illatlarini fosh qiladi, kulgili vaziyat, xususiyat va holatlar orqali kishilarni beixtiyor o’z nuqsonlaridan kulishga majbur etadi.
Aziz Nesin asarlarining qahramonlari — ish axtaraverib bezor bo’lgan mayda amaldor, omadsiz ziyoli va qashshoq ishchi («Yashasin kambag’allik», «Maydon soatlari», «Xotin kishi bo’lganimda-yu…» va b.). «Shunday bo’ldi, bunday bo’lmaydi» avtobiografik qissasi, «Aziznoma» hajviy she’rlar va «Mamlakatlardan birida» hajviy hikoyalar to’plamlari mavjud. Hajvchi yozuvchilar xalqaro tanlovlarida «Dafna chambari» olgan (1956, 1957). O’zbekistonda bo’lib o’tgan Osiyo va Afrika mamlakatlari yozuvchilarining Toshkent anjumanlari ishtirokchisi. Asarlari o’zbek («Musht ketdi», 1966; «Xushtak afandim», 1969; «Futbol qiroli», 1978 va h.k.) va boshqa tillarda nashr qilingan.
Aziz Nesin 1995 yil 6 iyul` kuni vafot etgan.

055

Bir bor ekan, bir yo’q ekan. Qadim-qadim zamonda bir mamlakatda bir bechora kambag’al bo’lgan ekan. Bir kun to’q bo’lsa, uch kun och yotar ekan. Shunga qaramay shukrni tilidan tushirmas ekan. Butun xayoli hammaga yordam berish ekan. Yaxshilik qilishni xohlar ekan, ammo qanday yordam berish kerakligini bilmas ekan. Ora-sira, “Eh, koshki, kuchim yetsa-da, nochorlarning og’irini yengil qilsam…” deb niyat qilar ekan.

Uning niyatini eshitganlar: “Qani ayt-chi, niyating ijobat bo’lib, g’oyibdan kuch kelsa, qanday yaxshilik qilgan bo’larding?” deb so’rashibdi.
Kambag’al: “Qanday bo’lardi, yaxshilik qilardim hammaga… Avval o’sha kuch kelsin, o’zim bilaman qanday yaxshilik qilishni…” debdi.
Kunlardan bir kun u tog’ cho’qqisiga chiqib “Tangrim, menga yordam ber, men ham odamzodga yaxshilik qilmoqchiman…” deya yolvoribdi.

Tog’da giyoh terib yurgan bir keksa odam uning yolvorishlarini eshitib:
— Salom, o’g’lim! — debdi.
Kambag’al qayrilib qarasa, qarshisida oppoq soqolli bir nuroniy bir chol turibdi.
— Salom, otaxon, — debdi hayratlanib.
— Boyadan beri nima deb yolvoryapsan, Tangridan nimalarni so’rayapsan?

Kambag’al dardini cholga aytibdi. Odamlarga yaxshilik qilish istagida yonib qovrulayotganini to’lib-toshib tushuntiribdi.
Oqsoqol uning so’zlarini tinglab bo’lgach debdi:
— Senga o’xshab juda ko’p insonlar boshqalarga yaxshilik qilishni xohlab o’tishdi bu olamdan. Yaxshilik qanday qilinishini bilganingda edi, bu savdodan voz kechgan bo’larding. Odamzodga yaxshilik qilish, yomonlik qilishdan ko’ra mushkul ishdir. Dunyo bino bo’lgandan beri bu ishni uddalash juda oz insongagina nasib qilgan.

Oqsoqol qancha tushuntirsa ham kambag’al o’z bilganini takrorlayveribdi.
— Eh, qaniydi, menga ham shunday imkon nasib qilsa! Men boshqalarga o’xshamayman. Menga shunday martaba berilsa, dunyodagi barcha yomonliklarni yer yuzidan supurib tashlayman. Bu dunyoda kambag’al odam qolmaydi. Urish-janjallarni batamom unuttirib yuboraman. Barcha muammolarni hal qilaman…
— Niyating durust, ammo qanday amalga oshirishni bilmaysan. Sendan avval ham nima qilishni bilmaydigan xayolparastlarning ko’pi kelib ketdi.
Kambag’al:
— Yaxshilik qilishdan osoni bor ekanmi? Buning nimasi qiyin? — debdi.

Oqsaqol unga javoban:
— Ha, mayli, demak yaxshilik qilishni shunchalik istayotgan ekansan, bu yerda turma, yurt kezib, oq-u qorani tanigin. Vaqti kelganda senga o’zing xohlagan imkon beriladi. — debdi.

Yaxshilik qilishni xohlagan odam oqsoqolning gapini diliga tugib yo’lga otlanibdi. Bir necha yil davomida turli mamlakatlarni kezibdi. Turfa xalq, turfa odatlarni ko’ribdi, el-yurtni tanibdi. Qaerda to’xtasa, yaxshilik qilish istagida yurganligini tilga keltiribdi.

Shunday kunlarning birida, quyosh ufqqa bosh qo’yishga chog’langan bir mahalda bir qal’aga yetib kelibdi. Qal’a aylanasiga baland devor bilan o’ralgan ekan. Darvozasini topib, ichkariga kiribdi. Qal’a ichiga kirgach xayratdan esi og’ibdi. Keng maydonda tumonat odam. Hammasi ko’kka qarab hayqirib yotganmish. Kambag’al ham beixtiyor olomonga qo’shilibdi. Kambag’al aytilayotgan gaplarga quloq solibdi. Hamma bor ovozda deyarli bir xil gaplarni aytib baqirishayotgan ekan:
— Yurtdoshlar! Men sizga yaxshilikni ravo ko’raman. Qarg’alarga ayting, meni saylasinlar. Podshoh bo’lsam, ko’rasiz, sizlarga behisob yaxshiliklar qilaman. Bu qal’aning ariqlaridan suv emas, sharbat oqadi. Yo’laklarga tosh emas oltin to’shaladi. Uyingiz qand-u shakarga to’ladi, shirinlik yeyishdan bezib ketasiz. Shu darajada rohat qilasiz-ki, huzur-halovat sizni tinch qo’ymaydigan bo’ladi. Aziz, vatandoshlarim! Qarg’alarga ayting, meni saylasinlar…

Barchaning og’zidan bir xil nido chiqayotganini ko’rib taajjublanibdi kambag’al. Bir yoniga qarasa, ne ko’z bilan ko’rsin-ki, yillar avval tog’ tepasida uchratgan oqsoqol turganmish.
— Salom, otaxon! — debdi kambag’al shosha-pisha.
Oqsoqol unga qarab:
— Salom, o’g’lim! — debdi.

Kambag’al:
— Qiziq, hamma bir xil gapni takrorlayapti… Nega baqirishayotganini tushunolmay qoldim, — debdi oqsoqolga.

Oqsoqol:
— Hamma faqat o’zining yaxshilik qilishi mumkinligini ta’kidlamoq istaydi. Ammo hech biri o’sha yaxshilikni qanday amalga oshira olishini tasavvur ham qilolmaydi. Shuning uchun baqirish bilan ovora, — deb javob beribdi.
— Bu odamlar, har doim shunday baqirishadimi?
— Yo’q, saylov arafasida baqirishadi. Bu mamlakatda har yili bir marta saylov bo’ladi. Saylov mahali hamma o’zining saylanishini xohlab shovqin ko’taradi.
— Nega?
— Chunki hamma o’zini haq deb biladi. Saylangach yaxshilik qila olishini o’ylaydi. Yomonlik qilishni hech biri xohlamaydi.

— Kimni saylashadi bu saylovda?
— Podshohni saylashadi… Bu mamlakat boshqa mamlakatlarga o’xshamaydi. Ba’zi davlatlardagi kabi taxt otadan o’g’ilga meros bo’lib o’tmaydi. Har yili xalq ichidan bir kishini saylab podshoh deb e’lon qilishadi. Tanlangan odam podshohlik muddati ichida xalqqa yaxshilik qilsa, va’dasini amalga oshirsa podshoh bo’lib qolaveradi. Aks holda saylov o’tkazilib, taxtdan uzoqlashtirishadi. Hozirgacha bir yildan ko’p podshohlik qilgan odam chiqmadi bu mamlakatda.
— Tushunarli, nega hammasi “qarg’a, qarg’a” deb baqirishmoqda?
— Bu o’lkada podshohni qarg’alar tanlaydi-da shunga… — debdi oqsoqol.

Shu payt osmonni qorong’ilik qoplabdi. Ko’kda quyuq qora bulut misoli qarg’a galasi paydo bo’libdi. Qarg’alar quyosh nurlarini to’sib, qag’illashib yurt osmonida aylana boshlashibdi. Olomon baravariga:
— Qarg’alar, qarg’alar, qadrdon qarg’alar… Meni saylang, meni saylang… — deb baqirisha boshlabdi.

Bir dona qarg’a aylanib-aylanib kambag’alning boshiga yaqinlashibdi va boshiga axlat qo’ndirib yana osmon-u falakka ko’tarilibdi.
— Uchdan bir hissa podshoh bo’lding, — deyishibdi olomon unga qarab.
Nima ro’y berganini anglolmagan kambag’al yonida turgan oqsoqoldan so’rabdi:
— Nima bo’ldi, nimalar deyishyapti?
— Bu yerda podshoh saylash shu tarzda amalga oshiriladi. Bir qarg’a bir kishining boshiga uch marta axlatini tashlasa o’sha kishi podshoh bo’ladi. Sen hozir uchdan bir hissa podshohsan. Duo qilginki, qarg’a yana ikki marta boshingga axlatini tashlasin.

Ko’p o’tmay, haligi qarg’a yana yerga yaqinlashibdi va kambag’alning boshi uzra aylanib ahlatini tashlab o’tibdi. Olomon hayqiribdi:
— Uchdan ikki hissa podshoh bo’lding!
Qarg’a uchinchi bor yaqainlashganda xaloyiq yanada badtar shovqin ko’taribdi:
— Qarg’ajon, qarg’a, mening boshimga … — deb bor ovozda yolvora boshlashibdi.

Qarg’a bu so’zlarga quloq solmay yana kambag’al boshi uzra aylanishda davom etibdi va yana bir bor uning boshiga axlatini tashlabdi. Xaloyiq:
— Podshoh bo’lding, endi podshoh sensan… — deya baqirishib qo’l silkishibdi. Kambag’alni yelkalariga ko’tarib saroyga olib borishibdi. Taxtga o’tirgandan keyin birinchi qilgan ishi qarg’aning yaxshiligiga javob tariqasida bog’-rog’lardagi butun qo’riqchilarni olib tashlash haqidagi farmonni imzolash bo’libdi. Qarg’aga tosh otganlarni, uni bog’idan quvganlarni jazolabdi. Bu ham kamlik qilganday, kunda bir bor atrofga don-dun sochib qarg’alarni mehmon qilishni amr qilibdi.

Xalq e’tiroz qilsa ham podshoh e’tibor qilmabdi. Uning ko’zi qarg’adan boshqasini ko’rmas emish. Shu tariqa yil o’tibdi. Xalq yana saylov uchun maydonga to’planibdi. Yana ayni hol, hamma
o’zining ezgu niyatlarini tilga keltirib baqira boshlabdi. Yana ko’k yuzini qarg’alar qoplabdi. Qarg’alarning qag’illashi olamni tutibdi. Har yil podshohni bir qarg’a tanlar ekan. Bu yilgi podshohdan beadad yaxshilik ko’rgan qarg’alar shukrona ramzi sifatida ichlaridan o’n nafarini yer yuziga yuboribdi. O’n qarg’a o’tgan yilgi podshoh boshiga yaqinlashib bir vaqtining o’zida axlatini tashlashibdi.

Podshoh yana qayta saylanibdi. Podshoh ham qarg’alarga minnatdorchilik ma’nosida yangi farmonini e’lon qilibdi. Endi har bir oila uyida yigirma donadan qarg’a boqishi shart emish. Qarg’alarni turli tabiiy ofatlardan himoya qilish maqsadida maxsus uychalar qurishni tayinlabdi. Qarg’alar bunday parvarishdan mamnun bo’lib semirib-shishib ketishibdi. Har biri hindi kurkaday bo’lib ketibdi.

Vaqt o’tib yana saylov yaqinlashibdi. Xalq maydonga to’planibdi. Shikoyatini tiliga to’ksa nima o’zgarardi-ki?! Kurkaday yuz qarg’a uchib kelib yana eski podshohni tanlaganliklarini namoyish qilibdi. Uchinchi bor podshoh bo’lgan odam:
— Qarg’alarda bir dona ham bit qolmasligi kerak. Qarg’alar tozalansin! Bitlardan himoya qilinsin! Qarg’alarning tirnoqlari jilolansin! Yog’lab yaltiratilsin! — deya xalqqa buyruq beribdi.

Qarg’alar e’tibor va e’zozdan semirib qo’yday bo’libdi. Urchib ko’payaveribdi. Ahvol shu darajaga boribdi-ki, qarg’alar ko’payib qal’aga sig’may qolibdi. Vaqt aylanib yana saylov kuni yaqinlashibdi. Qarg’alar podshohga minnatdorchilik bildirmoqchi bo’libdi. Bu safar besh yuzta qarg’a kelib har biri uch martadan podshohga “hurmat” bajo keltiribdi.

Podshoh ham qarg’alarga minnatdorchilik bildirish maqsadida yangi farmonlar chiqaribdi. Haddan ziyod e’zozlangan qarg’alar tufayli shaharda insonlarga joy qolmabdi. Odamlar uy-joyini, mol-mulkini tashlab ko’chib keta boshlashibdi.

Oradan bir yil o’tibdi. Saylov zamoni yaqinlashibdi. Bu vaqt mobaynida boqilgan qarg’alar bo’rdoqi sigirday bo’lib kattalashib ketibdi. Shahar osmonida sigirday-sigirday qarg’alar paydo bo’libdi. Ularning shovqinidan quloqlar batang bo’libdi. Qarg’alar minnatdorchilik evaziga hammalari to’planishib podshohning ustiga “tashakkur”larini yog’dirishibdi.

Xalq saylangan podshohni saroyga eltish uchun maydon markaziga yo’l olibdi. Kelib qarashsa, podshoh qarg’a axlatiga botib o’lib yotgan emish.

Oldiniga taajjublangan xalq ko’p o’tmay yana shodon hayqira boshlashibdi:
— Qarg’alar, qarg’alar, qadrdon qarg’alar… Meni saylang, meni saylang…

1965

Manba: www.marufjonyuldashev.com

034

(Tashriflar: umumiy 849, bugungi 1)

Izoh qoldiring