Sharifjon Ahmedov. Xonamdagi uqubatgul. Hikoya

Ashampoo_Snap_2017.04.24_22h06m56s_007_.png   Шу кунларда иттифоқо Борхеснинг бир ҳикояси қўлимга тушиб қолди. Funes el memorioso, бизнингча эса “Хотирагўй Фунес” тарзида ўгириш мумкин бўлган бу ҳикояда, сарлавҳанинг ўзидан кўриниб турганидек, хотираси бекаму кўст бир йигитнинг ҳолотидан сўзланади…

Шарифжон Аҳмедов
ХОНАМДАГИ УҚУБАТГУЛ
004

13123005_502914929898687_5010704779243749138_s.jpg   Шарифжон Аҳмедов  1969 йилда Андижонда туғилган. 1992 йили ТошДУ журналистика факултетини тамомлаган. Дастлабки ҳикоялари ўтган асрнинг 90-йилларида «Ёш куч» журналида эълон қилинган. Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан шуғулланади. Узоқ йиллар давомида Хорхе Луис Борхес ижодий дунёсини чуқур ўрганиб, машҳур адиб яшаган ўлкаларга бориб илҳомланган ва мунтазам равишда машҳур адиб ҳикоялари билан бизни таништириб келмоқда. «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида унинг Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Жуброн Халил Жуброн асарларидан қилган таржималари билан баробар унинг асарлари ҳам доимий  эълон қилиб борилмоқда.

004

9f750052878fc8934b3f2c02aa85a0b0.jpgЎзим бирмунча вақтдан буён яшай бошлаганим бу мамлакат номини илк дафъа эшитган одамнинг кўз олдига, албатта, бепоён далаларда ястаниб ётган турли ранг ва русумдаги гулзору лолазорлар келиши тушунарлидир. Бунда ҳеч бир муболаға йўқ, чиндан ҳам, агар ўзимизда таомилга кириб, шунчалар кўп такрорлайверганимиздан баъдларга уриб кетган муқим иборани яна такрор қўллашга жазм этсак, баҳор сепини ёйган кезларда атрофни кузатган одамнинг дили яйрайди – қизил, сариқ, бинафшаранг ва яна кўплаб нозик жилваларини ажратиб олишга қурбим етмайдиган бошқа тусдаги гуллар барқ уриб ётган адоғи йўқ манзаралар бу юртнинг табиатига, устига устак, одамларининг ҳам феъл-атворига шу қадар сингиб кетганидан мамлакатнинг номини шунга мувофиқ тарзда “Чечакюрт” ва ё ўзимизбоп “Гулистон” деб расман қайта номланса ҳам бўлаверадиган алфозда. Одамлар ўз уйлари қаршисидаги дўппидек жойларни ҳам гулларга буркаб, бўстонга айлантириш дардида куйиб-ёнишларини-ку айтмай қўяверамиз. Аммо, меъёридан ортиқ соддалигимизни бироз жиловлаб, андак шошмай турсак, айрим нарсалар ойдинлашади. Гап шундаки, далаларда барқ урганча кўзларни қувонтираётган ранго-ранг бу чечакларнинг ҳам умри муайян вегетация даврига қадар ўлчаб берилган; шаҳар шовқинларидан безор бўлиб, кўзларингизни ўша гулузорлар малоҳатига яна бир дафъа ошно этишни истаб, қишлоқ томон йўлга чиқасизки, бора боргунча атрофда бугун нимадир ўзгаргани, бугунги кун кечагидан сағал бошқача экани даракларини юракда туя бошлайсиз. Ҳамиша ҳушёр юрагингиз сизни бу сафар ҳам алдамаган бўлади — дала томон яқинлашаркансиз, атрофдаги кунпаякун парокандаликни кўриб, юрагингиз бир қалқиб, увушиб кетади – кечагина қирмизи ва ё бинафша рангларга бурканиб ётган гулзорлардан бугун нишона ҳам топа олмайсиз, билъакс, машъум қатлиом саҳнасини ёдга солаётган уватларда бошлари кесилган, пажмурда таналари беўхшов қалашиб ётган турли чечак мурдаларига кўзингиз тушади – ана гўзалликка ошуфталигу, мана малоҳатга бандилик! Гўллик ҳам эви билан-да ахир, ҳар қандай гўзалликнинг охири айнан мана шундай аянчли якун топишини билмагандай тутасиз-а ўзингизни! Ҳали замон оразингиздан потирлаб тўкилмоқчи бўлиб турган ёшларни ичингизга ютинг-да, иккиюзламачиликни йиғиштириб, атрофга ҳушёр кўз билан боқинг. Ахир, бу гулларнинг қуруқ малоҳати сиз томон келаётган анави гулчи фермерни, унинг бутун бола-бақраси қорнини тўйдирармиди?!

— Салом, жаноб, даламизга хуш келибсиз. – дейди сўрашишга қўл узатаётган фермер. – Сал кечикибсиз чамаси, узр, лекин бу ёғи энди finito la comedia!

Бошларидан жудо этилиб, бутун дала бўйлаб қаққайиб қолган қуруқ тана-новдаларга ишора қилиб, гулбошлар нега кесиб олингани билан қизиқасиз. Айтадики, хавотир олманг, барча латофатлари ва жаннатий хушбўйлари билан улар энди қорамолларни хушнуд этаётир!

Шунақа гаплар. Гулбошлар кесиб олинганидан кейинги манзара қанчалар аянчли ва мудҳиш кўринмасин, аммо камина ўзимни кўнгли юмшоқ одамлар тоифасига сира ҳам қўшмайман, бағримнинг ўртача метинликдан қаттиқроқлиги ҳам бор гап. Бошқача қилиб айтганда, яъни сўз бораётган мавзуга дахлдор қилиб айтганда, ҳар турли гулларга ошуфталик билан асло мақтана олмайман, бундай инжа туйғуларни атрофингиздаги шоири замонлардан ахтара қолинг, мен учун эса улар (гуллар) ё бор ёки йўқ, тамом-вассалом. Аммо бу жойларни “чечакюрт” ва ё “гулистон” деганларича ҳам бор эканки, ҳар қадамда гул дўконларига дуч келавериб, истасанг-истамасанг-да уларга кўзинг тушар, айрим пайтлари бекорчи вақтингни қаерга яширишни билмай қолганингда, беихтиёр бу дўконларга бош суқиб ўтаркансан. Қайсидир бир куни ҳам шундай бўлди, ишдан ҳориб қайтаётгандим, завжаи муҳтараманинг “бугун фалончининг туғилган куни, шунга боп қилиб, бир тутам фалон чечакдан ола келинг” деган гапи эсимга тушди-ю машинани йўл бўйидаги “Intratuin”га бурдим.

Улкан ойнаванд бино ичкарисига кираркан, бу жой гуллар дўкони эканини аввалдан билган инсон, чечакларнинг турли ҳидларини туйишга ихтиёрсиз тадорик кўриши табиий, аммо не ажабки, бундай кутув ўзини оқламайди – бу жойнинг гуллари мутлақо бўй таратмайди, улар биргина кўриб мароқланиш учунгина яратилган, шундай экан, кўришдан бошқа туйғуларингизни тежамкорона ўчириб қўйганингиз маъқулроқ. Хуллас, ичкарининг диққинафаслигидан нафасим қайтгудек бўлиб, керакли чечакни излаб юрарканман, улкан тувакларда битган кактуслар ортида ёлғизгина, худди тиканаклари мўл бу зўравонлар панасида қолиб, ўзини хўрланиб-камситилган сезаётган каби мунғайиб турган, авваллари мен ҳеч эътибор қилмаган ғалати гулга кўзим тушди. Бир сонияга диққатимни тортган бўлса ҳам, дастлаб ёнидан ўтиб кетмоқчи бўлдим, сал нари бориб, яна ортимга қайтдим. Синчиклаб назар солиб, ростдан ҳам авваллари бунақасини ҳеч кўрмаганимни билдим.

623c5d6c39b402d7af21c6e8b08b06c9.jpgЧирмовуқсимон танаси ҳар турли шаклларни ҳосил қилиб эгилган, эгриликларнинг муайян бўғинларидан поя чиқариб, охирида эса бир кафтга жойлашгудек бўлиқ гул барпо этган бутача энди росманасига диққатимни ўғирлаган эди. Баркамол, аммо айни пайтнинг ўзида сўлғин бу гулни таърифлаш мушкул эди, ўз истеҳкомини мардонавор қўриқлашга ҳозирланиб, қатъий интизом билан саф тортган найзасимон гулбарглари билан мойчечакни ёдга соларди, гулбарглар ичра қўним топган ва оқу қора, бинафшаранг туслари ажабтовур уйғунликда ҳамоҳанг такрорланаётган найчалари ва энг ғаройиби — қўрғоннинг қоқ марказида мағрур туриб, ё ғаним ва ё ошиқларини такаббурона ўзига чорлаётган уруғдонлари – ушбу манзара, бу қиёфа фақатгина шу гулга хос эди. Боя айтганимдек, табиатимдаги гулларга бефарқликдан энди асар ҳам қолмагандек, шу пайтгача уларга нисбатан бўлган барча лоқайдлигим энди мана шу ғалати гул тимсолида мубталога ўхшаш бир нимага айланаётганди. Дўкондордан гул номини суриштириб билдим – passiflora. Яна айтдики, у билан боғлиқ кўпгина синоатли ривоятлар бор эмиш. Мен эсам уни ортиқ эшитиб ўтиришни истамадим, хотин тайинлаган чечак билан буни ҳам ола солиб тезроқ уйга қайтишни, гулни энг ёруғ, энг кўркам жойга қўйиб, уни яна тадқиқ этишда давом қилишни истардим.

Менинг тадқиқотларим гулни томоша қилиш билангина чекланмас, passiflora – ўзим эсам “уқубатгул” деб номлаганим ботаник бу жониворга доир турли манбаларни излаб кўрдим. Шуларнинг бирида ёзилишича, унинг асил ватани Жанубий Америка бўлиб, ўзаро муҳорабалардан ҳориган маҳаллий ҳиндулар ундан уйқудори ва тинчлантирувчи малҳамлар тайёрлашган. Испан конкистадорлари у ерларни беомон истило қила бошлаган вақтларда эса ушбу гулнинг малоҳатига асир бўлган янги соҳиблар, ўша давр мутаассиблигига тўла мувофиқ тарзда, бир ривоят ихтиро этдиларки, ушбу матал руҳонийлар қўлида узоқ вақтлар дурустгина илоҳий қурол бўлиб хизмат этди — passiflora Исо масеҳ изтиробларининг тимсоли тарзида ифодалана бошланди. Иезуитлар наздида, боғлама ҳосил қилган уч дона уруғдони Исо чормих этилганда қўл ва оёқларига урилган михларни, уруғдон остида қўним топган беш дона ўсимта — илоҳий вужудга етказилган жароҳатларни, турфа ранглар билан товланган найчалари — алайҳиссалом бошига кийдирилган тиканак тож, ўткир гулбарглари эса Халоскор вужудини тилка-пора қилган тиғдор найзалар тарзида тушунтирилган, ҳаттоки гулбарглар орқа тарафида ўттиз кумуш тангаларга ишоралар ҳам топилган эди.

Ёруғликдан баҳра олсин дея чечакни даҳлизнинг кўчага қараган дераза токчасига қўйиб, фурсатим бўлди дегунча ундан кўзимни узмай, соатлаб томоша қиладиган бўлдим. Аммо кундуз кунлари гулнинг асил ёрқин ранглари унниқиб, хира торта боришини кўп вақтгача тушунолмай юрдим. Унга доир адабиётларни варақлаш давомида бунинг сабабини билиб олдим – унинг ғунчалари фақат тун ярмидан оққандагина очилар ва сабоҳнинг илк нурлари атрофга тарала бошлаганда эса тезликда сўлиб, нобуд бўларди. Тунга ошиқ девона, аммо ҳар тарафи тўкис гул. Уқубатгул ҳаётининг авж палласини кузатиш мақсадида дастлабки кеча умуман мижжа қоқмай чиқдим — гулшунослик манбалари алдамаган эди – тун ярмидан оққан маҳал мушт бўлиб тугилган ғунчаларда, ғунчалар эмас — кўсакларда ҳаракат бошланиб, гулкосалари очила бошлади. Буни кузатиш ғаройиб эди, илло, шундоққина кўз ўнгимда бу оламга бегонасираб боқаётган каби эҳтиёткорлик билан янги вужуд таваллуд топаётганди. Тун сукунатида мен гулбаргларнинг бир-бирларидан ажралаётгандаги элас-элас тирсиллашини ҳам, очилаётиб эса баайни узоқ уйқудан тура солиб, баҳузур керишаётган болакайнинг эсноғига ўхшаш сасларни ҳам эшитаётган эдим ёки бу мўъжизага батамом маҳлиё бўлганимдан менга шундай туйилганмиди? Ҳар не бўлганда ҳам, шундоққина кўз ўнгимда, тезлаштирилган лента каби, уқубатгул бутун бўй-басти, бутун ғаройиб ранглари билан бу дунёга очилиб келмоқда эди. Гулнинг очилиш маросимини томоша қилиш чиндан ҳам мароқли эди. Ҳайрат ва таажжуб ичида бу жараённи кузатиб ўтирарканман, мўъжизага шоҳидликни ким биландир баҳам кўргим, ўша ким биландир биргаликда ўтириб, мароқ ва шавқларга баҳамжиҳат чўмгим келди. Аммо атрофимда ҳеч ким йўқ, хотин билан болалар эса юқорида сокин ухлашмоқда эди. Шундай бўлса ҳам ушбу ажабтовур манзара лоақал уларнинг ҳам тушларида бўй кўрсатиб, уйқу ичра кўраётган эртакларига бу гулнинг ранглари каби камалак шуълалари оқиб киришини ният қилганим ёдимда.

Уқубатгулнинг очилиши қанча вақт олганини билмайман, тахминимча бу чорак соатдан узоқ давом этгани йўқ эди. Чорак соатлик тўлғоқдан сўнг кулбамнинг тўрида ҳар жиҳати баркамол, шакл ва ранглари бекаму кўст ғаройиб гулвужуд савлат тўкиб турарди. Унинг барча аъзоларини, гулбарг ва гулкосаларини, барча қабариқ ва ботиқларини диққат билан назардан кечириб, ҳиндулар салтанатини маҳв этган келгиндилар назаридаги илоҳий бақамтиликни барибир тополмадим, аммо ботаник бир ниҳолдан бутун бошли илоҳий ривоят яратиб, таслим этилган халқларнинг бошини айлантирган мутаассиб руҳонийлар товламачилик маҳоратига тасаннолар айтдим.

Уқубатгулга тикилганим кўйи шулар ҳақида ўйлаб, ухлаб қолганимни сезмадим. Сезиб билганим эса — тушимда тирик вужуд каби бошим узра чайқалиб турган уқубатгулни кўрганим эди. У чиндан ҳам тирик эди. Ўнг-сўлга тинмай чайқаларкан, аҳён-аҳёнда бошини эгиб, қулоқларимга алланарсаларни шивирлар, аммо нима ҳақида сўйламоқчи эканини ҳеч англай олмасдим. Фақат гунг-соқов бўлиб, унинг бир соҳибжамол каби малоҳатидан тилим калимага кела олмай, ораста чеҳрасига, тувакка жипс ўтқазилган бўлса-да, аммо аллақандай сеҳр билан ҳавода муаллақ сузиб юрган бўй-бастига суқ билан тикилардим. Бунга сайин эса у ҳам атрофимда гир айланиб, рақслар жазавасида давом этаркан, бир маҳал ўзини қучоғимга отди ва зум ўтмай у менинг ёки мен унинг бағрига сингиб кетдим.

У ёғи нима бўлганини билмайман, фақат эрталаб уйғонгач, бу тунги туш тафсилотларини хаёлан қайта тиклай бошладим, аммо, ҳарчанд уринмай, уйғонаётган шуур тирқишларидан атиги узуқ-юлуқ манзараларгина сизиб чиқар, қолганлари эса батамом унут бўлгандек эди. Атрофда ҳукмига кира бошлаган кундуз ёруғлигида хона ўртасида, тувакда турган ўсимликка қарарканман, бу тун таваллуд топиб, яшнаган чечаклари энди сўлий бошлаганини кўрдим. Бир тунгина яшаб, шунга ҳам қаноат қилиб, ўз қисматига рози бўлаётган гулга ачиниб кетдим. Ачиниш билан бирга, бу тунги тушнинг айрим тафсилотлари ёдимга тушиб, уялишга ўхшаш ҳижолатпазлик туйдим…

Мен тобора уқубатгул борлиғидан таралаётган, кўзга кўринмас тўлқинларга боғланиб бораётганимни, унинг баркамол қиёфасига қарам бўлаётганимни сезиб турардим. Кейинги тун ҳам чечаклари очилишини аллақандай муштоқлик билан, худди узоқ айрилиқдан сўнг қадрдон чеҳрани соғиниб, тезроқ дийдорига етишиш дардида юраги ҳаприқаётган маъшуқ бетоқатлиги билан кута бошладим. Бир тунлик қисматини бошидан кечириб, шу туннинг ўзидаёқ бутун умрини яшаб бўлган кечаги гул ёнида энди бошқа ғунчанинг таваллуд дамлари бошланар экан, ниҳолнинг бу галги тўлғоқ шивирлари яна шууримда, юрагимнинг узоқ овлоқларида акс-садолар бериб янграб кетарди. Ниҳоят, янги чечак ҳам бор малоҳати билан очилиб, хона ўртасида сезилар-cезилмас чайқалиб турар ва мен аввалги тун каби тушуниксиз эҳтиросларга яна қайта ғарқ бўлардим. Тонг яқинлаша бошлаган дамларда бу чечакнинг ҳам умри тугаб, юзларидан тириклик ранглари ўча бошлаганда эса юракда адоқсиз қайғу билан яна уйқуга кетардим. Уйқуда эса яна ўша уқубатгул йўллаётган манзаралар, ундан таралаётган синоатли ишоралар билан тўйинган туший саҳналар…

Шу тариқа, таъбир жоиз бўлса, ҳар тунги тушларимни хотирада қайта тиклаб, уларнинг ҳар бирини хаёлимнинг яширин бисотларига қат-қат қила солиб қўявердим. Аммо гуллар ва бу гуллардан бино бўлган тушларга андармонлик узоққа чўзилмади. Кунлар ўтган сайин тунларда туғилиб, тонг шуълаларида нобуд бўлаётган уқубатгулга тааллуқли самараси йўқ бу эҳтирос ва бу майллар тобора баъдимга ура бошлади. Унга доир тушлар ҳам аста-секин мени тарк эта бошлаган, аммо энди уйқуларимдан мутлақо ҳаловат йўқолиб, уйқусизликка дучор бўлаётгандим. Қисқа пайтга ухлаб қолган дамларимда эса фақат босинқирашлар, таҳликалар остида алланарсалардан аллақаёққа қочишларга уринишлар таъқиб этар ва худди мусибатларга лиммо-лим бутун умримни лоақал шу тун мобайнида яшаб адо қилган каби (бу тунги тушлардан) навбатдаги куннинг эрталабига қайтиш азоби зўриқиб борарди…

* * *

5675757.jpgШу кунларда иттифоқо Борхеснинг бир ҳикояси қўлимга тушиб қолди. Funes el memorioso, бизнингча эса “Хотирагўй Фунес” тарзида ўгириш мумкин бўлган бу ҳикояда, сарлавҳанинг ўзидан кўриниб турганидек, хотираси бекаму кўст бир йигитнинг ҳолотидан сўзланади. Айтилишича, бир фалокат туфайли жароҳат олиб, тўшакка батамом михланиб қолар экан, уззу-кун қимир этмай ётишга маҳкум беморнинг ушбу қобилияти – бу оламнинг оддий бандаларга номаълум таассуротларини яққол кўра олиш, дунёда неки бўлса, барини бепоён хотирасига мангу муҳрлай олишдек фавқулодда қобилияти зўрайиб бораверади. “Менинг хотираларим башарият ибтидосидан бошлаб, ер юзида яшаган барча инсонлар хотираларидан ҳам мўлроқдир”, дейди у. Тўшакда ётган жойида бир қанча хориж тилларини осонгина ўзлаштириб олган Иренео Фунес улуғ мутафаккирлар ҳам журъат этмаган бутун бошли илмий тизимлар ишлаб чиқади. Аммо шу қадар чексиз таассуротлар, адоғи кўринмас хаёлот ва хотираларни биргина шуурига сиғдира олган Фунес воқеаси аслида унинг учун адоқсиз мусибатлар манбаси эди. Ухлаш, уйқуга кетиш унинг учун ростдан ҳам улкан азобга айланади. Қоронғуликда қимир этмай ётишга маҳкум Фунес шуурини ҳоритиб, ниҳоят ухлай олиш илинжида қўшни уйлар деворидаги энг кичик дарзларни, ўзаро чок қилиб терилган ҳар бир ғиштнинг жойлашувини кўз олдига келтирарди. Ва азобли бу ҳолатларнинг ҳеч адоғи кўринмасди.

Фунес воқеасини Борхес айнан унинг ўзи бошидан кечирган азобли уйқусизликдан халос бўлиш учун ўйлаб топилган бир маъжозий воқеа, деб тушунтиради. “Мен ҳам худди Фунес каби уйқунинг ҳавзаларида ниҳоят ором топиш учун ўзимни, атрофда тинимсиз кечаётган мана шу борлиқни тамоман унутишни истардим. Аммо бунга сайин, ўрнимда ётарканман, ўзим ҳақимда, танамнинг барча аъзолари ҳақида, китоблару улар тартиб билан териб қўйилган токчалар ҳақида, уй ва чорбоғ ҳақида, қўшни уйлар ва бутун коинот ва унинг олис жисмлари ҳаракатлари ҳақида бетиним ўйлашда давом этардим. Хаёлан Буэнос-Айрес кўчалари бўйлаб юрганча, ўзим қачонлардир мутолаа қилган китоблар саҳифаларидаги суратлар ҳақида ўйларга чўмардим. Ва шунда сиз танишган мана шу Фунес воқеасини ўйлаб топиб, уни қоғозга туширдим. Шундан буён уйқусизлик чекиниб, хотираларим ҳам ўз ўрнига туша бошлади”, деб ёзади Борхес.

Агар яна ҳикоянинг ўзига қайтсак, унинг дастлабки сатрлари айнан уқубатгул иштироки билан бошланади: “Мен Иренео Фунесни қўлидаги у қ у б а т г у л ни худди унинг туб замиридаги охирги зарраларига қадар яққол кўраётган каби, синчиклаб томоша қилаётган ҳолатида эслайман.” Ҳушёр бўлмаган ўқувчи бу ҳолатга эътибор бериб ўтирмайди ва Фунеснинг ғаройиб қобилиятига маҳлиё бўлиб, мутолаада давом этаверади. Аммо биз биламизки, сатрлар аро алланарсаларни яшириб қўйишни хуш кўрган Борхес, дастлабиданоқ бекорга бу гулни матнга киритган эмас. Назаримда, Фунеснинг бутун ҳаёти бошқалар кўзига кўринмас, аммо муттасил уқубатлар ичра кечишига шу билан ишоралар қилинаётир. Баайни чормих этилиб, сазойи қилинган Халоскор янглиғ. Уқубатгул ҳақидаги афсоналарга айнан бақамтилик. Уқубатгул Исо Масеҳ азобларининг бир тимсоли эди ва ҳикоя матнида ушбу рамзий гулни қўлида тутган Иренео Фунес воқеаси эса Борхес учун хасталикни ортда қолдириш чораси, уйқусизлик тимсолига айланди.

Ва шунда мен яна ҳам илгари боришни истадим – хотирагўй Фунес воқеасидан руҳланиб, бу асарнинг тамом акси бўлажак ва неки таассуротлар бўлса, барини шуурига жойлагувчи Иренеодан тамоман фарқли тарзда — бутун умрини, барча хотираларини аста-секин унутиб боришга маҳкум, алалоқибат эса ҳатто яшашни ҳам унутиб қўяжак бир кимса ҳақида ҳикоя битишни кўнгилга тугдим…

* * *

Хонамдаги уқубатгул эса негадир узоқ яшамади. Кўз ўнгимда муттасил дуркунлигини йўқотиб, танасини ҳаёт шарбатлари тарк этиб борарди. Охири ҳеч бўлмади — яшнаб кетишига бошқа умид қолмаган чалажон уқубатгулни кунларнинг бирида дала четига ташлаб келдим.

2017, январь.

1705038-SGBSSTFE-7.jpg Shu kunlarda ittifoqo Borxesning bir hikoyasi qo‘limga tushib qoldi. Funes el memorioso, bizningcha esa “Xotirago‘y Funes” tarzida o‘girish mumkin bo‘lgan bu hikoyada, sarlavhaning o‘zidan ko‘rinib turganidek, xotirasi bekamu ko‘st bir yigitning holotidan so‘zlanadi…

Sharifjon Ahmedov
XONAMDAGI UQUBATGUL
004

0_sharifjon-ahmedov.jpgSharifjon Ahmedov  1969 yilda Andijonda tug‘ilgan. 1992 yili ToshDU jurnalistika fakultetini tamomlagan. Dastlabki hikoyalari o‘tgan asrning 90-yillarida «Yosh kuch» jurnalida e’lon qilingan. Lotin Amerikasi adabiyoti tadqiqi bilan shug‘ullanadi. Uzoq yillar davomida Xorxe Luis Borxes ijodiy dunyosini chuqur o‘rganib, mashhur adib yashagan o‘lkalarga borib ilhomlangan va muntazam ravishda mashhur adib hikoyalari bilan bizni tanishtirib kelmoqda. «Xurshid Davron kutubxonasi» sahifalarida uning Xorxe Luis Borxes, Xulio Kortasar, Jubron Xalil Jubron asarlaridan qilgan tarjimalari bilan barobar uning asarlari ham doimiy e’lon qilib borilmoqda.

004

fb7471cbb7833b43ef46681ff19ae77f.jpgO‘zim birmuncha vaqtdan buyon yashay boshlaganim bu mamlakat nomini ilk daf’a eshitgan odamning ko‘z oldiga, albatta, bepoyon dalalarda yastanib yotgan turli rang va rusumdagi gulzoru lolazorlar kelishi tushunarlidir. Bunda hech bir mubolag‘a yo‘q, chindan ham, agar o‘zimizda taomilga kirib, shunchalar ko‘p takrorlayverganimizdan ba’dlarga urib ketgan muqim iborani yana takror qo‘llashga jazm etsak, bahor sepini yoygan kezlarda atrofni kuzatgan odamning dili yayraydi – qizil, sariq, binafsharang va yana ko‘plab nozik jilvalarini ajratib olishga qurbim yetmaydigan boshqa tusdagi gullar barq urib yotgan adog‘i yo‘q manzaralar bu yurtning tabiatiga, ustiga ustak, odamlarining ham fe’l-atvoriga shu qadar singib ketganidan mamlakatning nomini shunga muvofiq tarzda “Chechakyurt” va yo o‘zimizbop “Guliston” deb rasman qayta nomlansa ham bo‘laveradigan alfozda. Odamlar o‘z uylari qarshisidagi do‘ppidek joylarni ham gullarga burkab, bo‘stonga aylantirish dardida kuyib-yonishlarini-ku aytmay qo‘yaveramiz. Ammo, me’yoridan ortiq soddaligimizni biroz jilovlab, andak shoshmay tursak, ayrim narsalar oydinlashadi. Gap shundaki, dalalarda barq urgancha ko‘zlarni quvontirayotgan rango-rang bu chechaklarning ham umri muayyan vegetatsiya davriga qadar o‘lchab berilgan; shahar shovqinlaridan bezor bo‘lib, ko‘zlaringizni o‘sha guluzorlar malohatiga yana bir daf’a oshno etishni istab, qishloq tomon yo‘lga chiqasizki, bora borguncha atrofda bugun nimadir o‘zgargani, bugungi kun kechagidan sag‘al boshqacha ekani daraklarini yurakda tuya boshlaysiz. Hamisha hushyor yuragingiz sizni bu safar ham aldamagan bo‘ladi — dala tomon yaqinlasharkansiz, atrofdagi kunpayakun parokandalikni ko‘rib, yuragingiz bir qalqib, uvushib ketadi – kechagina qirmizi va yo binafsha ranglarga burkanib yotgan gulzorlardan bugun nishona ham topa olmaysiz, bil’aks, mash’um qatliom sahnasini yodga solayotgan uvatlarda boshlari kesilgan, pajmurda tanalari beo‘xshov qalashib yotgan turli chechak murdalariga ko‘zingiz tushadi – ana go‘zallikka oshuftaligu, mana malohatga bandilik! Go‘llik ham evi bilan-da axir, har qanday go‘zallikning oxiri aynan mana shunday ayanchli yakun topishini bilmaganday tutasiz-a o‘zingizni! Hali zamon orazingizdan potirlab to‘kilmoqchi bo‘lib turgan yoshlarni ichingizga yuting-da, ikkiyuzlamachilikni yig‘ishtirib, atrofga hushyor ko‘z bilan boqing. Axir, bu gullarning quruq malohati siz tomon kelayotgan anavi gulchi fermerni, uning butun bola-baqrasi qornini to‘ydirarmidi?!

— Salom, janob, dalamizga xush kelibsiz. – deydi so‘rashishga qo‘l uzatayotgan fermer. – Sal kechikibsiz chamasi, uzr, lekin bu yog‘i endi finito la comedia!

Boshlaridan judo etilib, butun dala bo‘ylab qaqqayib qolgan quruq tana-novdalarga ishora qilib, gulboshlar nega kesib olingani bilan qiziqasiz. Aytadiki, xavotir olmang, barcha latofatlari va jannatiy xushbo‘ylari bilan ular endi qoramollarni xushnud etayotir!

Shunaqa gaplar. Gulboshlar kesib olinganidan keyingi manzara qanchalar ayanchli va mudhish ko‘rinmasin, ammo kamina o‘zimni ko‘ngli yumshoq odamlar toifasiga sira ham qo‘shmayman, bag‘rimning o‘rtacha metinlikdan qattiqroqligi ham bor gap. Boshqacha qilib aytganda, ya’ni so‘z borayotgan mavzuga daxldor qilib aytganda, har turli gullarga oshuftalik bilan aslo maqtana olmayman, bunday inja tuyg‘ularni atrofingizdagi shoiri zamonlardan axtara qoling, men uchun esa ular (gullar) yo bor yoki yo‘q, tamom-vassalom. Ammo bu joylarni “chechakyurt” va yo “guliston” deganlaricha ham bor ekanki, har qadamda gul do‘konlariga duch kelaverib, istasang-istamasang-da ularga ko‘zing tushar, ayrim paytlari bekorchi vaqtingni qayerga yashirishni bilmay qolganingda, beixtiyor bu do‘konlarga bosh suqib o‘tarkansan. Qaysidir bir kuni ham shunday bo‘ldi, ishdan horib qaytayotgandim, zavjai muhtaramaning “bugun falonchining tug‘ilgan kuni, shunga bop qilib, bir tutam falon chechakdan ola keling” degan gapi esimga tushdi-yu mashinani yo‘l bo‘yidagi “Intratuin”ga burdim.

Ulkan oynavand bino ichkarisiga kirarkan, bu joy gullar do‘koni ekanini avvaldan bilgan inson, chechaklarning turli hidlarini tuyishga ixtiyorsiz tadorik ko‘rishi tabiiy, ammo ne ajabki, bunday kutuv o‘zini oqlamaydi – bu joyning gullari mutlaqo bo‘y taratmaydi, ular birgina ko‘rib maroqlanish uchungina yaratilgan, shunday ekan, ko‘rishdan boshqa tuyg‘ularingizni tejamkorona o‘chirib qo‘yganingiz ma’qulroq. Xullas, ichkarining diqqinafasligidan nafasim qaytgudek bo‘lib, kerakli chechakni izlab yurarkanman, ulkan tuvaklarda bitgan kaktuslar ortida yolg‘izgina, xuddi tikanaklari mo‘l bu zo‘ravonlar panasida qolib, o‘zini xo‘rlanib-kamsitilgan sezayotgan kabi mung‘ayib turgan, avvallari men hech e’tibor qilmagan g‘alati gulga ko‘zim tushdi. Bir soniyaga diqqatimni tortgan bo‘lsa ham, dastlab yonidan o‘tib ketmoqchi bo‘ldim, sal nari borib, yana ortimga qaytdim. Sinchiklab nazar solib, rostdan ham avvallari bunaqasini hech ko‘rmaganimni bildim.

Chirmovuqsimon tanasi har turli shakllarni hosil qilib egilgan, egriliklarning muayyan bo‘g‘inlaridan poya chiqarib, oxirida esa bir kaftga joylashgudek bo‘liq gul barpo etgan butacha endi rosmanasiga diqqatimni o‘g‘irlagan edi. Barkamol, ammo ayni paytning o‘zida so‘lg‘in bu gulni ta’riflash mushkul edi, o‘z istehkomini mardonavor qo‘riqlashga hozirlanib, qat’iy intizom bilan saf tortgan nayzasimon gulbarglari bilan moychechakni yodga solardi, gulbarglar ichra qo‘nim topgan va oqu qora, binafsharang tuslari ajabtovur uyg‘unlikda hamohang takrorlanayotgan naychalari va eng g‘aroyibi — qo‘rg‘onning qoq markazida mag‘rur turib, yo g‘anim va yo oshiqlarini takabburona o‘ziga chorlayotgan urug‘donlari – ushbu manzara, bu qiyofa faqatgina shu gulga xos edi. Boya aytganimdek, tabiatimdagi gullarga befarqlikdan endi asar ham qolmagandek, shu paytgacha ularga nisbatan bo‘lgan barcha loqaydligim endi mana shu g‘alati gul timsolida mubtaloga o‘xshash bir nimaga aylanayotgandi. Do‘kondordan gul nomini surishtirib bildim – passiflora. Yana aytdiki, u bilan bog‘liq ko‘pgina sinoatli rivoyatlar bor emish. Men esam uni ortiq eshitib o‘tirishni istamadim, xotin tayinlagan chechak bilan buni ham ola solib tezroq uyga qaytishni, gulni eng yorug‘, eng ko‘rkam joyga qo‘yib, uni yana tadqiq etishda davom qilishni istardim.

a3eb1d4f8c17c6059e6ba6b2c5fab26d.jpgMening tadqiqotlarim gulni tomosha qilish bilangina cheklanmas, passiflora – o‘zim esam “uqubatgul” deb nomlaganim botanik bu jonivorga doir turli manbalarni izlab ko‘rdim. Shularning birida yozilishicha, uning asil vatani Janubiy Amerika bo‘lib, o‘zaro muhorabalardan horigan mahalliy hindular undan uyqudori va tinchlantiruvchi malhamlar tayyorlashgan. Ispan konkistadorlari u yerlarni beomon istilo qila boshlagan vaqtlarda esa ushbu gulning malohatiga asir bo‘lgan yangi sohiblar, o‘sha davr mutaassibligiga to‘la muvofiq tarzda, bir rivoyat ixtiro etdilarki, ushbu matal ruhoniylar qo‘lida uzoq vaqtlar durustgina ilohiy qurol bo‘lib xizmat etdi — passiflora Iso maseh iztiroblarining timsoli tarzida ifodalana boshlandi. Iezuitlar nazdida, bog‘lama hosil qilgan uch dona urug‘doni Iso chormix etilganda qo‘l va oyoqlariga urilgan mixlarni, urug‘don ostida qo‘nim topgan besh dona o‘simta — ilohiy vujudga yetkazilgan jarohatlarni, turfa ranglar bilan tovlangan naychalari — alayhissalom boshiga kiydirilgan tikanak toj, o‘tkir gulbarglari esa Xaloskor vujudini tilka-pora qilgan tig‘dor nayzalar tarzida tushuntirilgan, hattoki gulbarglar orqa tarafida o‘ttiz kumush tangalarga ishoralar ham topilgan edi.

Yorug‘likdan bahra olsin deya chechakni dahlizning ko‘chaga qaragan deraza tokchasiga qo‘yib, fursatim bo‘ldi deguncha undan ko‘zimni uzmay, soatlab tomosha qiladigan bo‘ldim. Ammo kunduz kunlari gulning asil yorqin ranglari unniqib, xira torta borishini ko‘p vaqtgacha tushunolmay yurdim. Unga doir adabiyotlarni varaqlash davomida buning sababini bilib oldim – uning g‘unchalari faqat tun yarmidan oqqandagina ochilar va sabohning ilk nurlari atrofga tarala boshlaganda esa tezlikda so‘lib, nobud bo‘lardi. Tunga oshiq devona, ammo har tarafi to‘kis gul. Uqubatgul hayotining avj pallasini kuzatish maqsadida dastlabki kecha umuman mijja qoqmay chiqdim — gulshunoslik manbalari aldamagan edi – tun yarmidan oqqan mahal musht bo‘lib tugilgan g‘unchalarda, g‘unchalar emas — ko‘saklarda harakat boshlanib, gulkosalari ochila boshladi. Buni kuzatish g‘aroyib edi, illo, shundoqqina ko‘z o‘ngimda bu olamga begonasirab boqayotgan kabi ehtiyotkorlik bilan yangi vujud tavallud topayotgandi. Tun sukunatida men gulbarglarning bir-birlaridan ajralayotgandagi elas-elas tirsillashini ham, ochilayotib esa baayni uzoq uyqudan tura solib, bahuzur kerishayotgan bolakayning esnog‘iga o‘xshash saslarni ham eshitayotgan edim yoki bu mo‘’jizaga batamom mahliyo bo‘lganimdan menga shunday tuyilganmidi? Har ne bo‘lganda ham, shundoqqina ko‘z o‘ngimda, tezlashtirilgan lenta kabi, uqubatgul butun bo‘y-basti, butun g‘aroyib ranglari bilan bu dunyoga ochilib kelmoqda edi. Gulning ochilish marosimini tomosha qilish chindan ham maroqli edi. Hayrat va taajjub ichida bu jarayonni kuzatib o‘tirarkanman, mo‘’jizaga shohidlikni kim bilandir baham ko‘rgim, o‘sha kim bilandir birgalikda o‘tirib, maroq va shavqlarga bahamjihat cho‘mgim keldi. Ammo atrofimda hech kim yo‘q, xotin bilan bolalar esa yuqorida sokin uxlashmoqda edi. Shunday bo‘lsa ham ushbu ajabtovur manzara loaqal ularning ham tushlarida bo‘y ko‘rsatib, uyqu ichra ko‘rayotgan ertaklariga bu gulning ranglari kabi kamalak shu’lalari oqib kirishini niyat qilganim yodimda.

Uqubatgulning ochilishi qancha vaqt olganini bilmayman, taxminimcha bu chorak soatdan uzoq davom etgani yo‘q edi. Chorak soatlik to‘lg‘oqdan so‘ng kulbamning to‘rida har jihati barkamol, shakl va ranglari bekamu ko‘st g‘aroyib gulvujud savlat to‘kib turardi. Uning barcha a’zolarini, gulbarg va gulkosalarini, barcha qabariq va botiqlarini diqqat bilan nazardan kechirib, hindular saltanatini mahv etgan kelgindilar nazaridagi ilohiy baqamtilikni baribir topolmadim, ammo botanik bir niholdan butun boshli ilohiy rivoyat yaratib, taslim etilgan xalqlarning boshini aylantirgan mutaassib ruhoniylar tovlamachilik mahoratiga tasannolar aytdim.

Uqubatgulga tikilganim ko‘yi shular haqida o‘ylab, uxlab qolganimni sezmadim. Sezib bilganim esa — tushimda tirik vujud kabi boshim uzra chayqalib turgan uqubatgulni ko‘rganim edi. U chindan ham tirik edi. O‘ng-so‘lga tinmay chayqalarkan, ahyon-ahyonda boshini egib, quloqlarimga allanarsalarni shivirlar, ammo nima haqida so‘ylamoqchi ekanini hech anglay olmasdim. Faqat gung-soqov bo‘lib, uning bir sohibjamol kabi malohatidan tilim kalimaga kela olmay, orasta chehrasiga, tuvakka jips o‘tqazilgan bo‘lsa-da, ammo allaqanday sehr bilan havoda muallaq suzib yurgan bo‘y-bastiga suq bilan tikilardim. Bunga sayin esa u ham atrofimda gir aylanib, raqslar jazavasida davom etarkan, bir mahal o‘zini quchog‘imga otdi va zum o‘tmay u mening yoki men uning bag‘riga singib ketdim.

U yog‘i nima bo‘lganini bilmayman, faqat ertalab uyg‘ongach, bu tungi tush tafsilotlarini xayolan qayta tiklay boshladim, ammo, harchand urinmay, uyg‘onayotgan shuur tirqishlaridan atigi uzuq-yuluq manzaralargina sizib chiqar, qolganlari esa batamom unut bo‘lgandek edi. Atrofda hukmiga kira boshlagan kunduz yorug‘ligida xona o‘rtasida, tuvakda turgan o‘simlikka qararkanman, bu tun tavallud topib, yashnagan chechaklari endi so‘liy boshlaganini ko‘rdim. Bir tungina yashab, shunga ham qanoat qilib, o‘z qismatiga rozi bo‘layotgan gulga achinib ketdim. Achinish bilan birga, bu tungi tushning ayrim tafsilotlari yodimga tushib, uyalishga o‘xshash hijolatpazlik tuydim…

Men tobora uqubatgul borlig‘idan taralayotgan, ko‘zga ko‘rinmas to‘lqinlarga bog‘lanib borayotganimni, uning barkamol qiyofasiga qaram bo‘layotganimni sezib turardim. Keyingi tun ham chechaklari ochilishini allaqanday mushtoqlik bilan, xuddi uzoq ayriliqdan so‘ng qadrdon chehrani sog‘inib, tezroq diydoriga yetishish dardida yuragi hapriqayotgan ma’shuq betoqatligi bilan kuta boshladim. Bir tunlik qismatini boshidan kechirib, shu tunning o‘zidayoq butun umrini yashab bo‘lgan kechagi gul yonida endi boshqa g‘unchaning tavallud damlari boshlanar ekan, niholning bu galgi to‘lg‘oq shivirlari yana shuurimda, yuragimning uzoq ovloqlarida aks-sadolar berib yangrab ketardi. Nihoyat, yangi chechak ham bor malohati bilan ochilib, xona o‘rtasida sezilar-cezilmas chayqalib turar va men avvalgi tun kabi tushuniksiz ehtiroslarga yana qayta g‘arq bo‘lardim. Tong yaqinlasha boshlagan damlarda bu chechakning ham umri tugab, yuzlaridan tiriklik ranglari o‘cha boshlaganda esa yurakda adoqsiz qayg‘u bilan yana uyquga ketardim. Uyquda esa yana o‘sha uqubatgul yo‘llayotgan manzaralar, undan taralayotgan sinoatli ishoralar bilan to‘yingan tushiy sahnalar…

Shu tariqa, ta’bir joiz bo‘lsa, har tungi tushlarimni xotirada qayta tiklab, ularning har birini xayolimning yashirin bisotlariga qat-qat qila solib qo‘yaverdim. Ammo gullar va bu gullardan bino bo‘lgan tushlarga andarmonlik uzoqqa cho‘zilmadi. Kunlar o‘tgan sayin tunlarda tug‘ilib, tong shu’lalarida nobud bo‘layotgan uqubatgulga taalluqli samarasi yo‘q bu ehtiros va bu mayllar tobora ba’dimga ura boshladi. Unga doir tushlar ham asta-sekin meni tark eta boshlagan, ammo endi uyqularimdan mutlaqo halovat yo‘qolib, uyqusizlikka duchor bo‘layotgandim. Qisqa paytga uxlab qolgan damlarimda esa faqat bosinqirashlar, tahlikalar ostida allanarsalardan allaqayoqqa qochishlarga urinishlar ta’qib etar va xuddi musibatlarga limmo-lim butun umrimni loaqal shu tun mobaynida yashab ado qilgan kabi (bu tungi tushlardan) navbatdagi kunning ertalabiga qaytish azobi zo‘riqib borardi…

* * *

6a00d8341ca0b653ef01539435ac61970b.jpgShu kunlarda ittifoqo Borxesning bir hikoyasi qo‘limga tushib qoldi. Funes el memorioso, bizningcha esa “Xotirago‘y Funes” tarzida o‘girish mumkin bo‘lgan bu hikoyada, sarlavhaning o‘zidan ko‘rinib turganidek, xotirasi bekamu ko‘st bir yigitning holotidan so‘zlanadi. Aytilishicha, bir falokat tufayli jarohat olib, to‘shakka batamom mixlanib qolar ekan, uzzu-kun qimir etmay yotishga mahkum bemorning ushbu qobiliyati – bu olamning oddiy bandalarga noma’lum taassurotlarini yaqqol ko‘ra olish, dunyoda neki bo‘lsa, barini bepoyon xotirasiga mangu muhrlay olishdek favqulodda qobiliyati zo‘rayib boraveradi. “Mening xotiralarim bashariyat ibtidosidan boshlab, yer yuzida yashagan barcha insonlar xotiralaridan ham mo‘lroqdir”, deydi u. To‘shakda yotgan joyida bir qancha xorij tillarini osongina o‘zlashtirib olgan Ireneo Funes ulug‘ mutafakkirlar ham jur’at etmagan butun boshli ilmiy tizimlar ishlab chiqadi. Ammo shu qadar cheksiz taassurotlar, adog‘i ko‘rinmas xayolot va xotiralarni birgina shuuriga sig‘dira olgan Funes voqeasi aslida uning uchun adoqsiz musibatlar manbasi edi. Uxlash, uyquga ketish uning uchun rostdan ham ulkan azobga aylanadi. Qorong‘ulikda qimir etmay yotishga mahkum Funes shuurini horitib, nihoyat uxlay olish ilinjida qo‘shni uylar devoridagi eng kichik darzlarni, o‘zaro chok qilib terilgan har bir g‘ishtning joylashuvini ko‘z oldiga keltirardi. Va azobli bu holatlarning hech adog‘i ko‘rinmasdi.

Funes voqeasini Borxes aynan uning o‘zi boshidan kechirgan azobli uyqusizlikdan xalos bo‘lish uchun o‘ylab topilgan bir ma’joziy voqea, deb tushuntiradi. “Men ham xuddi Funes kabi uyquning havzalarida nihoyat orom topish uchun o‘zimni, atrofda tinimsiz kechayotgan mana shu borliqni tamoman unutishni istardim. Ammo bunga sayin, o‘rnimda yotarkanman, o‘zim haqimda, tanamning barcha a’zolari haqida, kitoblaru ular tartib bilan terib qo‘yilgan tokchalar haqida, uy va chorbog‘ haqida, qo‘shni uylar va butun koinot va uning olis jismlari harakatlari haqida betinim o‘ylashda davom etardim. Xayolan Buenos-Ayres ko‘chalari bo‘ylab yurgancha, o‘zim qachonlardir mutolaa qilgan kitoblar sahifalaridagi suratlar haqida o‘ylarga cho‘mardim. Va shunda siz tanishgan mana shu Funes voqeasini o‘ylab topib, uni qog‘ozga tushirdim. Shundan buyon uyqusizlik chekinib, xotiralarim ham o‘z o‘rniga tusha boshladi”, deb yozadi Borxes.

Agar yana hikoyaning o‘ziga qaytsak, uning dastlabki satrlari aynan uqubatgul ishtiroki bilan boshlanadi: “Men Ireneo Funesni qo‘lidagi u q u b a t g u l ni xuddi uning tub zamiridagi oxirgi zarralariga qadar yaqqol ko‘rayotgan kabi, sinchiklab tomosha qilayotgan holatida eslayman.” Hushyor bo‘lmagan o‘quvchi bu holatga e’tibor berib o‘tirmaydi va Funesning g‘aroyib qobiliyatiga mahliyo bo‘lib, mutolaada davom etaveradi. Ammo biz bilamizki, satrlar aro allanarsalarni yashirib qo‘yishni xush ko‘rgan Borxes, dastlabidanoq bekorga bu gulni matnga kiritgan emas. Nazarimda, Funesning butun hayoti boshqalar ko‘ziga ko‘rinmas, ammo muttasil uqubatlar ichra kechishiga shu bilan ishoralar qilinayotir. Baayni chormix etilib, sazoyi qilingan Xaloskor yanglig‘. Uqubatgul haqidagi afsonalarga aynan baqamtilik. Uqubatgul Iso Maseh azoblarining bir timsoli edi va hikoya matnida ushbu ramziy gulni qo‘lida tutgan Ireneo Funes voqeasi esa Borxes uchun xastalikni ortda qoldirish chorasi, uyqusizlik timsoliga aylandi.

Va shunda men yana ham ilgari borishni istadim – xotirago‘y Funes voqeasidan ruhlanib, bu asarning tamom aksi bo‘lajak va neki taassurotlar bo‘lsa, barini shuuriga joylaguvchi Ireneodan tamoman farqli tarzda — butun umrini, barcha xotiralarini asta-sekin unutib borishga mahkum, alaloqibat esa hatto yashashni ham unutib qo‘yajak bir kimsa haqida hikoya bitishni ko‘ngilga tugdim…

* * *

Xonamdagi uqubatgul esa negadir uzoq yashamadi. Ko‘z o‘ngimda muttasil durkunligini yo‘qotib, tanasini hayot sharbatlari tark etib borardi. Oxiri hech bo‘lmadi — yashnab ketishiga boshqa umid qolmagan chalajon uqubatgulni kunlarning birida dala chetiga tashlab keldim.

2017, yanvar

007

(Tashriflar: umumiy 272, bugungi 1)

Izoh qoldiring