Polvonniyozhoji Yusupov. «Yosh xivaliklar» harakati: quvonchlar, iztiroblar, fojialar (01) & Umid Bekmuhammad. Polvonniyozhojining noyob asari haqida

035

   Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Полвонниёз ҳожи Юсупов,табиий, доимий равишда газет-журналларга ошнолик, қолаверса сиёсий воқеаларнинг “қайноқ” жараёнида кечган ҳаёти сабаб, у тарихнинг жонли гувоҳи сифатида кундалик ёзишни одат қилганди. Хива музейидаги сокин ҳаёт уни кундаликлар асосида хотиралар ёзишга ундайди. Натижада эътиборингизга ҳавола қилинаётган хотиралар 1926 йилда юзага келади. Араб алифбосида битилган Полёзҳожининг хотиралари 644 бетдан иборат бўлиб, унда муаллиф ўзи кўрган, кузатган, ўзи бошидан кечирган Хоразмдаги, шунингдек Туркистон ўлкасидаги воқеликни қаламга олади. Катта ҳажмли асар асосан кундалик дафтар асосида ёзилгани боис, унга бирон ном, мавзу, бўлим, боб қўйилмаган.Полёзҳожининг асаридаги воқеалар асосан 1910-25 йилларда кечган жараёнлардир.

011
ПОЛВОННЁЗҲОЖИНИНГ НОЁБ АСАРИ
Умид БЕКМУҲАММАД
033

1936 йил, Хива. 75 ёшли Полвонниёз ҳожи Юсупов кексалиги, бироз хасталиги боис вафот этди.Унинг вафоти тўғрисидаги хабар телеграф орқали тезликда Тошкентдаги партия ва ҳукумат раҳбарларига етказилди. Чунки вафот этган банда, хивалик оддий қария эмас, ўз даврида Хоразм тарихи, тақдирида муҳим рол ўйнаган инсон бўлганди.Қолаверса, Ўзбекистон халқ комиссарлари советининг раиси Файзулла Хўжаев билан Полвонниёз ҳожи олис хонлик давридан таниш эдилар.Ўзкомпартия раҳбари Акмал Икромов эса Полвонниёз ҳожи билан Хоразмга келганида бир неча бор учрашиб, суҳбатини олганди.

Ҳа, Полвонниёз ҳожини нафақат ана шу Ўзбекистон раҳбарлари, балки Москвадаги кўплаб давлат арбоблариям танир, фаолиятини яхши билардилар. Чунки, Полвонниёз Ҳожи Юсупов Хива хонлигига қарши курашган “Ёш хиваликлар” партиясининг раҳбари , хонлик тугатилишида ўз ҳиссасини қўшган, ХХР нинг эса 1-қурултойида сайланган илк ҳукумат раҳбари бўлганди.
Албатта ана шундай фаолият кўрсатган шахс 1937-38 йилдан олдин, ўз ажали билан туғилган юрти Хивада вафот этиб, дафн қилинди.Бироқ тақдир унга яна бир йил яшашни инъом этганида, кексалигига қарамай қатағон домига илиниб кетарди.Чунки, 1937-38 йиллардаги “Катта террор” даврида Полвонниёз ҳожининг сафдошларидан Худойберган Девонов ( 1879-1938), Назир Шоликаров (1881-1938) ва бошқалар қатағон қурбони бўлиб, машъум Юнусободдаги қатлгоҳда отилиб кетишганди.
Ҳа, тақдир Полвонниёз ҳожига катта инъом кўрсатди-ўз ажали билан туғилган юртида, ўз уйида вафот этди…

… Полвонниёз Юсупов 1861 йили Хивада- савдогар оиласида туғилган бўлиб, 10 ёшигача ота-онаси қарамоғида вояга етган.Афсуски, 1871 йилларда ота-онаси вафот этгач амакиси Юсуфбой уни ўз тарбиясига олади.Амакиси Юсуфбой уни Хивадаги мактабда ўқиб савод чиқаришига, ўзи каби савдогарчилик илмини эгаллашига имкон яратади.Савдогарчиликга ихлос қўйган Полёз (Хоразмда уни одатдагидек исмини қисқартириб аташган) амакиси билан 1877 йили Россияга, 1904-05 йилларда Эрон, Туркия, Миср, Сурия ва Арабистонга сафар қилади.Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиб Хоразмга Полёзҳожи сифатида қайтиб келади.

Полёзҳожи савдогарчилик орқали шиддатли равишда ўзгариб бораётган давр янгиликларидан баҳра олади.Рус, форс, араб тилларини ўрганади.Ўз даврининг илғор зиёлиси сифатида Россия, Туркияда нашр этилиб турган газета-журналларни ўқишни одат қилади.Турли давлатларда кўрган-кузатганлари, ўқиб ўрганганлари асосида илғор, тараққийпарвар фикрлар билан танишади.Уни айниқса Исмоил Гаспринскийнинг жадидчилик ғоялари ўзига тортади.
Айни пайтда савдогарчилик ортидан Хивада етук сармоядор, қолаверса ҳожи сифатида ўзига яраша обрў-эътибор топади. Хива хони саройидаги амалдорлар орасидан ҳам ўзига маслакдошлар топади.Полёзҳожини ўзига яқин олган амалдорлар орасида йирик мулкдор, девонбегилар сулоласига мансуб Ҳусайнбек Матмуродов бор эди.

1912 йилда Хива хони Исфандиёрхон Россия ва Кавказга сафар қиларкан, Ҳусайнбекни, шу жумладан Матмуродовга саркотиб сифатида Полёзҳожини ҳам ўз сафардошлари қаторига қўшади.
1913-14 йилларда Исфандиёрхон саройида авж олган турли гуруҳбозлик туфайли хонликда зиддиятли воқеалар авж олиб кетади.Тараққийпарвар бош вазир , хонликда жуда катта ислоҳотларни бошлаб юборган Исломхўжа 1913 йил августида ўлдирилади…

Исфандиёрхон турли гуруҳбозлар иғвосига берилиб ўз амалдорлари фитнаси гирдобига тушиб қолади.Натижада 1904-05 йилларда шакллана бошлаган, одатда ўз дўкон, уйларидаги зиёфатларда бирика бошлаган мулкдор, савдогарлардан иборат қатлам, 1910-14 йилларда манфаатлар гуруҳи сифатида тўпланди.1917 йилга келиб сиёсий жараёнларнинг кучайиши, Петербургдаги императорнинг тахтдан қулатилиши, вақтли ҳукумат берган эркинликлар, қолаверса 1-жаҳон уруши бўлиб турган вазиятдаги бошбошдоқлик туфайли, мустамлака хонлик Хивадаям мухолифат сиёсий куч сифатида намоён бўла бошлади.Ана шу сиёсий кучни юзага келтирганлар сафида Ҳусайнбек Матмуродов, Назир Шоликаров, Бобоохун Салимовлар қаторида Полёзҳожи Юсупов ҳам бор эди.
Ана шу сиёсий куч 1917 йил 5 апрелида Хоразм тарихида илк бор халқни намойишга чорлаб, Исфандиёрхон саройида уни манифест имзолашга, идораи маршрутия –парламентар кенгаш тузишга мажбур қилади. Ўша йилнинг кузида ташкил этилган кенгаш Исфандиёрхон ва унинг мутттассиб амалдорлари томонидан тарқатиб юборилгач, юқоридаги шахслар (Ҳусайнбекдан ташқари) турли шаҳарларга бошпана излаб, сиёсий қочоқ сифатида кетишга мажбур бўлади.

Натижада ўзларини “Ёш хиваликлар” дея атаган гуруҳнинг Тошкент, Тўрткўл шаҳарларида инқилобий қўмиталари юзага кела бошлайди.Шу тариқа Полёзҳожи Юсупов ҳам 1918-20 йилларда Тошкентда муҳожир сифатида яшашга мажбур бўлади.Бу даврда у Тошкентдан ўзлари каби бошпана топган “Ёш бухороликлар” ва бошқа тараққийпарвар кишилар билан танишади.Қолаверса Тошкентда ўтган 2 йил тарихимиздаги энг сиёсий воқеаларга қайноқ, шиддатли ва зиддиятли воқеаларга бой давр эди.

Ана шундай воқеалар силсиласида Полёзҳожи ва унинг сафдошлари фикрлари янада қаътийлашди.”Ёш хиваликлар” партияи 1918 йил 5 июнда ўз дастури, тузилиш, муҳрига эга бўлган расмий ташкилот сифатида тўла шаклланди. Улар дунёқарашининг шаклланиши ва тадрижий ривожланишида хонликдаги мавжуд ижтимоий-сиёсий тузум, Туркия, Эрон, Россия ва Туркистондаги сиёсий ўзгаришлар, 1917 йил ноябр, 1918 йил январидаги Қўқон воқеалари, ўлкада кечган сиёсий ўзгаришлар объектив шароит сифатида катта таъсир кўрсатди.Шу билан бирга рус инқилобчилари, солдат шўролари, Туркистондаги маҳаллий инқилобчилар таъсири субъектив омил сифатида катта роль ўйнади.

Ана шу ташкилот ва унинг маслакдошлари 1918 йил октябрида Исфандиёрхоннинг фитна туфайли ўлдирилиши, 1920 йил Саид Абдуллахоннинг тахтдан қулатилишига сабаб бўлишди.Большевиклар мададига таяниб ХХРни ташкил этган ҳам, унинг илк раҳбарлариям Полёзҳожи ва сафдошлари эди.

09

1920 йил апрелидаги ХХРнинг 1-қурултойида шу боис Полвоннёзҳожи Юсупов ҳукумат бошлиғи қилиб сайланган.Аммо миллий ва мустақил сиёсат юргиза бошлаган П.Юсупов ҳукумати РСФСРнинг Хоразмдаги вакиллари, шовинист шахсларга ёқмади. Натижада 1921 йил мартида Полёзҳожи ва унинг ҳукумат нозирлари мажбурий равишда ишдан олинади, ўзлари бадном қилинади.Полёзҳожи ва баъзи сафдошлари қочиб яширинишга мажбур бўлади.
Гарчи Полёзҳожи кейинчалик Отамахзумохун Муҳаммадраҳимов ҳукумат раислигига келган пайтда “оқланиб” яна ХХСРнинг молия, солиқ ишларида фаолият юрита бошласада, бутунлай сиёсатдан чекинишга ҳаракат қилади.Зеро, кучлар нисбати РСФСРнинг шовинист арбоблари қўлига бутунлай ўтиб кетганди.
Хуллас, 1924-25 йиллар воқеаларидан кейин Полёзҳожи Хива музейида оддий ходим сифатида ишлайди, воқеаларнинг боришини кузатиб боради.
Хасталик, кексалик боис 1936 йилда вафот этади.
Табиийки,ўз даврининг илғор зиёлиси, доимий равишда газет-журналларга ошнолик, қолаверса сиёсий воқеаларнинг “қайноқ” жараёнида кечган умр сабаб, у тарихнинг жонли гувоҳи сифатида кундалик ёзишни одат қилганди.Хива музейидаги сокин ҳаёт уни кундаликлар асосида хотиралар ёзишга ундайди.
Натижада эътиборингизга ҳавола қилинаётган хотиралар 1926 йилда юзага келади.Араб алифбосида битилган Полёзҳожининг хотиралари 644 бетдан иборат бўлиб, унда муаллиф ўзи кўрган, кузатган, ўзи бошидан кечирган Хоразмдаги, шунингдек Туркистон ўлкасидаги воқеликни қаламга олади.
Катта ҳажмли асар асосан кундалик дафтар асосида ёзилгани боис, унга бирон ном, мавзу, бўлим, боб қўйилмаган.Полёзҳожининг асаридаги воқеалар асосан 1910-25 йилларда кечган жараёнлардир.
Маълумки, Хоразм тарихнавислигида Беруний, Ўтамиш ҳожи, Абулғози, Мунис, Огаҳий, Баёний, Бобожон Тарроҳлар воҳада кечган воқеалар силсиласини ўз асарларида ёритиб, келажак авлод учун катта маънавий мерос, мозий илмини эгаллашдаги муҳим манбани эсдалик сифатида қолдиришган.Полвонниёзҳожи Юсуповнинг ушбу хотиралари ҳам ана шундай асарлар сирасидаги асарлардан ҳисобланади.
Хотиралар шу боисдан ҳам ўз даврида, ҳали Полёзҳожи ҳаётлигидаёқ кўпчилик илмли инсонлар эътиборини тортган.Шу боисдан Полёзҳожини яқиндан билган,Хоразмда кечган сўнгги жараёнлар иштирокчиси, рус адиби Борис Чепрунов (1891-1938) “Хотиралар”ни рус тилига таржима қилганди. Рус тилига таржима қилинган нусха ҳажми машинкада 256 саҳифадан иборат.Бир неча нусхада босилган нусхалар Чепрунов томонидан собиқ МЛИ ( марксизм ленинзм институти)нинг Ўзбекистон филиали партия архиви қўлёзмалар фондига, ЎЗФА Қорақалпоғистон филиали кутубхонасига ( 14-фонд, 2-иш ) юборилган.
Чепруновнинг ушбу таржима нусхасидан Хоразмнинг 20 асрдаги биринчи чорагига доир асарлар ёзган кўплаб тадқиқотчилари фойдаланишган.Буларга Г.Непесов ( “Из истории Хорезмскиой революции”, Т, “Узбекистон” 1962 ), К.Муҳаммадбердиев ( “История Хорезмской революции” , Т, “Фан”, 1986), И.В.Погорельский ( “история Хивинской революции и Хорезмской Народной Советской Республики” Л, “Университет, 1984)” Н.Қаландаров ( “ Образование и деятелность ХКП”, Т, “Узбекистон”, 1975) ларни ва уларнинг яратган шу ва бошқа тадқиқот ишларини кўрсатиш мумкин.
Афсуски, уларнинг ва бошқа муаллифларнинг асарларида кўп йилларгача Полёзҳожи Юсупов номи кўрсатилмай келинди.Чунки шўро мафкураси Полвонниёз ҳожи Юсуповни ва у бошчилик қилган ҳукуматни “миллий буржуа ҳукумати” дея атаб бадном қилиб келарди.Шу боис юқоридаги ва шу мавзуга доир асарларда Полвонниёз ҳожи Юсуповнинг фаолияти тўла ёритилмай, фақатгина Юсупов ҳукумати дея чекланган, бирёқлама тарздаги маълумот билан кифояланиб келинди.
Ваҳоланки ўз давридаёқ Полвонниёз ҳожи Юсупов ва уларнинг “инқилобий фаолияти” , ҳукумати тўғрисида К.Хромых ( “Создание фронта в Средней Азии. Хорезмская республика” ( Военная мысль”, 1920, 3 1, стр 7) Г.Б.Скалов ( “Хивинская революция 1920 года”, “Новый Восток”, 1923, № 4, стр 250), А.Виноградова ( Хорезмская Советская Народная Республика” , “Жизнь национальностей”, 1923, Кн.1, стр 183)ларнинг мақолалари яратилганди.
Сталин ҳукмронлиги даврига келиб эса ХХР ва унинг арбоблари тўғрисида фақат бир ёқлама асарлар яратиш анъанаси пайдо бўлиб, кейинги даврдаям бу анъана шу мафкуравий асосда давом этиб келди.
Фақатгина Хрушчёв яратган “илиқлик”, қатағон қурбонларининг оқлана бошлашидан сўнггина Полёзҳожи ва унинг сафдошлари тўғрисидаги айрим таъкидлар пайдо бўла бошлади.Х.Девонов, Н.Шоликаровлар оқланган бўлса, Полвонниёз ҳожининг яратган мемуари тўғрисидаги илк мақола М.Х.Алиакберов томонидан ( “Общественые наука в Узбекистане” журнали, 1968 йил 2-сон) ёзилди.
Ана шундан сўнг то истиқлол давригача Полёзҳожи Юсупов ва унинг фаолияти тўғрисидаги биронта ҳаққоний китоб тугул, мақолаям ёритилмади.Фақатгина истиқлолдан сўнг, “Туркистон” газетасининг 1992 йил 14-15 феврал сонларида “ Отилганлар ва сотилганлар “ ( муаллифлар Рўзимбой Ҳасан ва Абдулла Абдурасулов) мақоласи чоп этилиб, унда Х.Девонов, Н.Шоликаров, Б.Салимовлар қаторида Полёзҳожи фаолияти қисқа бўлсада ёритиб ўтилди.
Истиқлол берган имкониятдан фойдаланиб, тарихшуносликдаги шу даврга оид бўшлиқни тўлдириш, тарихни ҳаққоний ва холис ёритиш бўйича ташланган илк қадам Мақсуд Маткаримовга тегишли бўлди. Иқтисод фанлари номзоди, доцент М.Маткаримов 1993 йилда “Хоразм” нашриётида “Хоразм республикаси: давлат тузилиши, нозирлари ва иқтисоди” дея номланган китобини чоп этдирди.Ушбу асарда илк бора ХХР фаолияти, нозирлари олиб борган сиёсат ҳаққоний ёритилиб, Полёзҳожи фаолияти ҳам қаламга олиб ўтилганди.
1999 йилда эса тарих фанлари номзоди, профессор Матёқуб Матниёзов томонидан “Полвонниёз ҳожи Юсупов ва унинг “Хотиралари” ҳақида”ги мақола яратилди.
2007 йилда эса О.Қўшжонов ва Н.Полвоновлар томонидан “Хоразмдаги ижтимоий сиёсий жараёнлар ва ҳаракатлар”, 2011 йилда эса ЎЗМУ доценти, тарих фанлари номзоди Неъматжон Полвонов томонидан “Хоразмдаги ижтимоий ҳаракатлар ва сиёсий партиялар тарихи” ( 1900-1924) дея номланган, мавзу ҳаққоний ёритилган монография чоп этилди.
Хуллас, истиқлол шарофати боисгина Полвонниёз Ҳожи Юсупов ва ХХР ҳукумати, нозирлари, уларнинг фаолиятини ёритиш кенг кўламда, холислик асосида амалга оширилди.
Энг асосийси Полвонниёз Ҳожи Юсуповнинг “ набираси Анвар Отабоевда сақланиб келинган “Хотиралари” 1995-98 йиллар давомида Болта Давлетов, Бахтиёр Отажоновлар томонидан араб алифбосидан кирилчага айлантирилди.
Маълумки, Болта Давлетов Бодил тахаллуси билан танилган шоир, Хонқа, Хива туманлари биринчи котиби, Хоразм вилоят ижроқўми раиси, обком котиби бўлиб ишлаган раҳбар, зиёли инсон эдилар.Болта Давлетовнинг ўғли, кинорежисёр Солий Давлетов Полёзҳожининг асарини араб алифбосидан кирилчага айлантириш жараёни ҳақида шундай дейди:
— Асли муллалар авлодидан бўлмиш Бахтиёр Отажонов ҳар гал хонадонимизга келиб, катта ҳажмли қўлёзмани эринмай, машаққатлар асосида кирилчага айлантиришди. Тушунмовчилик туғдирган сўзларни қўшнимиз, профессор Отаназар Мадраҳимовдан сўраб суриштиришарди. Хотираларни чоп этиш ташаббускори ҳам отам билан бирга Отаназар ака эди деса бўлади. Машҳур санъаткор Шерозийнинг фарзанди бўлмиш Отаназар ака ғоятда илмли инсон бўлиб, Полёзҳожининг асари ғоятда сифатли, Девонов туширган расмлар асосида нашр этилиш тарафдори эди…
Хуллас,бир неча йиллик машаққатли меҳнатлар натижасида Болта Давлетов ва Бахтиёр Отажоновлар саъйи ҳаракати,Анвар Отабоевнинг интилишлари сабаб “Хотиралар”нинг кирилча варианти юзага келди.
Юзага келган ушбу асарни биз Қорақалпоғистонда сақланаётган русча вариантга таққослаб чиқдик.”Хотиралар” нинг бошланиш қисмидаги ва сўнгидаги миллий тарихнавислигимизга хос яратганга бағишланган мадҳу саноларни , баъзи воқеаларни эса қисқартиришни маъқул топдик.
Полёзҳожи Юсупов 25 йиллик воқеаларни ёритиш жараёнида воқеаларнинг жонли гувоҳи сифатида асарга қўл ураркан, айрим ҳодисаларни қисқа, баъзиларни қолдириб тасвирлаган бўлиши мумкин.Аммо у 20 асрдаги Хоразм тарихининг чорак асрини ўқувчи кўз олдида гавдалантира олишга эришган.
Асар 1926 йилда, шўро мафкураси кучга тўла бошлаган пайтда ёзилгани учун айрим воқеалар, масалан 1924 йилдаги Қаландар Одинаевдек жасоратли арбоб,ХХР раҳбарининг фаолиятига қисқа тўхталган.Шунингдек, 1920 йил кузида Хивада яширинча тўрт ойча бўлган Закий Валидий тўғрисидаям бирон сатр ёзиб ўтмаган.Ваҳоланки, Мулла Бекжон, Худойберган Девонов, Полёзҳожи Юсуповлар ҳар куни, Закий Валидий билан бораётган жараён, келажак истиқболлари тўғрисида суҳбат қуришган.Орадан вақт ўтиб Закий Валидийнинг 1969 йилда Истамбулда чоп этилган “Хотиралари”да бу суҳбатлар қисқача бўлсада ёритиб ўтилди.Шунингдек, 1937 йилда қамоққа олинган Полёзҳожининг сафдоши Назир Шоликаровнинг тергов кўрсатмаларида Закий Валидийнинг Хивада кечирган ҳаёти акс этган.
Асарнинг яна бир қимматли томони унда Бобоохун Салимовнинг Россияга қилган сафари, Кремлда Ленин, Чичерин, Карахан, Бройдолар билан олиб борилган музокаралар, ХХР ва РСФСР ўртасидаги шартноманинг акс этдирилганидир.Полёзҳожи ХХР раҳбари, қолаверса Бобоохуннинг дўсти бўлганидан делегация раҳбарининг сафарномаси унга тақдим қилинганди.
Шу ўринда балки Бобоохун Салимовдек хонлик даврида қозикалон, ХХР даврида нозир бўлган шахс ҳам фақат саёҳатнома эмас, Полёзҳожига ўхшаш ўз бошидан кечирган “Хотиралар” ёзгандир, деган тахмин ҳам пайдо бўлди.Худойберган Девоновлар сулоласига мансуб 74 ёшли Абдулла Юсуповнинг сўзларига кўра, у 1983 йилда Қорқалпоғистонда яшовчи Бобоохуннинг ўғли Соатаддин буванинг уйида бўлган.Ўшандаги суҳбат чоғида ҳажми анча катта, араб алифбосидаги Бобоохуннинг қўлёзмасини у А.Юсуповга кўрсатган.Абдулла Юсупов араб алифбосини яхши билганидан Бобоохуннинг ёзганларини ўқиб кўрган.Унда Бобоохуннинг Ленин билан учрашганига оид тафсилотга қизиқиб, шу мавзугагина кўз югуртирган.
-Ҳозир орадан анча йиллар ўтиб катта ҳажмли асар Бобоохун бошидан кечирган хотиралармиди, ёки Полёзҳожи “Хотиралари”га киритилган сафарномамиди, эслолмайман.Афсуски, Соатаддин бува ҳам оламдан ўтиб кетди,-дейди Абдулла ота.
Меним Гурланлик Бобоохун авлодларидан суриштирувим ва уларнинг Қорқалпоғистондаги изланишларига кўра, Абдулла Юсупов кўздан кечирган қўлёзма сақланмаган.Афсус..
Шу ўринда Полёзҳожи “Хотиралари” каби Хоразм тарихига доир яратилган қўлёзмалар кўпчиликни ташкил этишини айтиб ўтиш керак. Масалан Муҳаммад Ёқуб Ахангаровнинг “Хоразм тарихи “ материаллари”, Жуманиёз ҳожи Бобониёзовнинг “Хива инқилобий ҳаракати тарихига оид материаллар” , Ҳасан Мадаминовнинг “Хива хонлиги тарихидан лавҳалар” (1910-13 йиллар), Абдулла Болтаевнинг 85 дафтардан иборат, қарийиб 50 жилдни ташкил этувчи, ҳозиргача умуман чоп этилмаган, жудаям ноёб, воқеалар холислик асосида ёритилган асарлари, Бобожон Сафаровнинг “Хоразм тарихи”,Матёқуб Отажоновнинг “ Хоразмни ўрганиш учун материаллар” шулар жумласидан.Ушбу қўлёзмалар Хоразмнинг 20 асрнинг биринчи чорагига доир воқеалар ёритилган, манбаларни бир-бирига таққослаб ўрганувчи асарлар ҳисобланади.Қолаверса, муаллифларнинг айримлари айнан шу даврда Хоразмда раҳбарлик вазифасида , баъзилари воқеаларнинг жонли гувоҳи сифатида кўрган кечирганларини қоғозга туширган зиёли шахслардир.
Уларнинг айримларини нашрга тайёрлаш бўйича ҳозирда ишни бошлаб юборганмиз.Ҳозирча эса Хоразм тарихнавислигидаги энг ноёб асарлардан бири-Полвонниёз Ҳожи Юсуповнинг “Хотиралари”ни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Муаллиф асарга сарлавҳа қўймаганлиги, бўлимларга ажратмаганлиги учун, мавзу моҳиятидан келиб чиқиб, уни “ Ёш хиваликлар ҳаракати: қувончлар, изтироблар, фожиалар” дея номлашни, турли бўлимларга ажратишни маъқул кўрдик.
Асарни ноёб мулк сифатида сақлаган Анвар Отабоевга, арабчадан кирилчага айлантирган марҳум Болта Давлетовга,Бахтиёр Отажоновга,уларга кўмакдошлик қилган марҳум профессор Отаназар Мадраҳимовга, ўз қимматли маслаҳатларини берган Матёқуб Матниёзов, Солий Давлетов, Абдулла Юсуповларга миннатдорчилик билдириб қоламиз.

09

ПОЛВОННИЁЗҲОЖИ ЮСУПОВ
“ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИ:
ҚУВОНЧЛАР, ИЗТИРОБЛАР, ФОЖИАЛАР
Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Умид БЕКМУҲАММАД
033

1-БЎЛИМ
ХИВА ХОНИ МУҲАММАД РАҲИМХОН СОНИЙНИНГ ВАФОТИ
ВА ЎҒЛИ ИСФАНДИЁРНИНГ ХИВА ХОНЛИГИ ТАХТИГА КЎТАРИЛИШИ

Исфандиёрхон ибни Муҳаммад Раҳимхоний соний ибни Сайид Муҳаммадхон ибни Муҳаммад Раҳимхон ибни Аваз иноқ ибн Муҳаммад Амин иноқ ибни Эшмуҳаммадбий бўлган.Буларнинг катта боболари Умбой деган қўнғиротлик бир йигит бўлган.
Воқеа шундай бўлган: Арабхоннинг 9 ўғли бўлган.Шундан икки ўғли отасига ёғий бўлиб, уруш бўлган.Мазкур икки ўғли Арабхонни алдаб асир олган.Абулғозихон ёш бўлган, қочиб кетган.Йўлда оти сурнигиб ( қоқилиб-У.Б.) йиқилган.Абулғозихон шунда саросимада бўлиб, жондин умидини узиб турган вақтида ушбу баён этилаётган қўнғирот йигити отини бериб, қочириб юборган.Абулғозихон дарёдин ўтиб, ушбу балодин қутилган.Шунинг бирлан Эрон тарафларига асир бўлиб, шулардин халос бўлиб Хоразмга келиб хон бўлган.
Юқорида баён қилинган Умбой деган қўнғирот йигитини топиб, ўзига иноқ қилиб ёнида сақлаган.
Махфий қолмасинким, Абулғозихоннинг ўзи ёзган мукаммал тарихи бор турур ( “Шажарайи турк” асари назарда тутилаяпти-У.Б.)Ҳатто шул тарих Оврўпа тилларига ҳам таржима қилинган.Машҳур тарихи асар турур.
Энди келдик муддаога, Муҳаммад Раҳимхон соний палиж (фалаж-инсульт-У.Б.) касалига мубтало бўлиб тўққиз ойдан сўнг дунёдин ўтди.
Исфандиёр валиаҳд эди.1329 ҳижрий, милодий 1910 йилда Тўрткўлдаги генерал Кушнов эски Хивага келиб марҳум хонни дафн қилиб, Исфандиёр тўрани хон қилди.Исломхўжанинг кўрсатмаси билан тамоми шаҳар ва қишлоқ оқсоқоллари, мулла ва фуқаролари келиб байт қила бошладилар (яъни табриклай бошладилар-У.Б.).
Ондин сўнг хон отасидан қолган сипоҳи ( ҳарбий-У.Б.)-уламоларни баъзисини гумол, баъзисини насаб қилиб ( насабини, келиб чиқишини эътироф қилиб, кимгадир мансаб бериб, тақдирлаб -У.Б.) бир неча вақт ўтказди.
1912 йилда Петербургга сафар қилмоқчи бўлиб оқ подшоҳ ва министрларга ҳадялар қила бошлади.Ҳам ўзи бирлан олиб кетатурган сипаҳийларни номзод қилиб қўйди.Бош вазир Исломхўжа, Ҳусинбек Девонбеги ( Матмуродов-У.Б.), Карвонбоши (Матвафо Баққолов-У.Б.), Ҳожибой (Аминаддинов-У.Б.),Яхшимуродбой, Абдураҳмонбой,Солиҳбой, Мамат Маҳрам, Ота Маҳрам, Муҳаммад Ёқуббой, Толибхўжа,Ашур маҳрам,Саййид Маҳмуд ва бошқа шуларга яқин одамлар бирлан Петербургга сафар қилди.Фақир ҳам шул сафарда Ҳусайинбекнинг ёнида саркотиб бўлиб, ҳамроҳ эрдим.Москвада ҳам турмасдан тўғри Петербургга бориб, оқ подшоҳнинг қишки саройига тушдик.Оқ подшоҳни кўриб ҳам тамоми министрларга ҳадялар улаштуриб турилди.
Махфий қолмасинким,хоннинг олдида хизматга генерал Цель,полковник Куров,ҳам Волошин деганларни қўйдилар.Таржимонликка Тошкентдин Бахтиғани Илкин, таржимонликка Каназалкин аскарларини қўшиб эрдилар.Петербургга борганда машҳур таржимон Султон Исфандиёров ҳам келиб ҳамроҳ бўлди.Яхши томошо ва яхши зиёфатлар бўлди.

022Асфандиёрхон (ўртада) ўз аъёнлари билан Санкт- Петербургда. Унинг ўнг томонида Сайид Исломхўжа ва Матниёз Девонбеги, чап томонидан иккинчи
Матвапо карвонбоши ўтирибди (1911 йил)

Оқподшоҳ тарафидин хонга генераллик рутбаси бердилар.Ҳусинбекка полковниклик,Исломхўжа ва Муҳаммад Вафо Карвонбошига ҳам катта юлдуз нишонларини бердилар.Бошқа ҳамма хизматкорлар, маҳрамларга олтин, кумуш соатлар бердилар.Шунинг бирлан 13 кун туриб, Кавказга бормоқчи бўлиб, рухсат олиб экстренний поезд билан чиқдилар ҳам келиб Пятигорскка тушдилар.Хон учун алоҳида бир яхши жой тайёр қилган эрканлар.Хизматкорлар ушбу жойнинг олдидаги меҳмонхонага жойлашдилар.Шунда хон 6 кун турди. Шул ўртада Кисловодск, Есентукиларни томоша қилдик.Кавказнинг ушбу баён бўлган ерларида ҳар турли касалга фойдали маъдан сувлари бор турур.Ҳар йилда олти ой ҳар турли касалга мубтало бўлган одамлар келиб давои қилдируб сиҳат бўлиб қайтадилар.
Шул вақтларда ҳар ерда биринчиликни қозонган докторлар бўлса шунда келурлар.Ҳатто Оврўпадин ҳам яхши докторлар келурлар.Докторлар турли касалларни маъдан сувлари бирлан даволадилар.
Кавказда кўп ажойиб жойлар бор турур ва ҳавоси кўп яхши эрур.Касал одам давои қилмасдин бир неча вақт турса ҳам ўз-ўзидан сиҳат бўлур.Бир неча кундин сўнг хон ёнида бўлган сипоҳийлар бирлан Хивага қайтмоқчи бўлди. Бош вазир Исломхўжа касал эрди.Ўзига давои қилдирмоқ учун докторларнинг маслаҳатлари бирлан қолмоққа қарор қилди.
Махфий қолмасинким, ушбу бир неча кун турганда Исфандиёрхон Кавказ гўзалларини келтириб, ҳар оқшомда хусусий базм қилиб, гўзалларга кўп нимарсалар-брилёнт, исирға, оқчалар бериб турди.
Шундай қилиб хон Москавга қараб йўлга чиқди.Бош вазир Исломхўжа Пятигорскийда қолди.Ман Отажон маҳрам бирлан унинг олдига кириб хўшлашдик. Исломхўжа йиғлаб айтди:
-Ҳожи, мани дуодин фаромуш қилманглар, ман сизлардин ҳамиша дуо умидворман,-деди.
Бизлар ҳам йиғлашиб йўлга равона бўлдик.Йўлда бир оқшом қўниб, Москавга келдик.Маскавда қишки аркга тушурдилар.Маскавдаги катталар пешвоз чиқиб кутиб олдилар.Бир неча кун Маскавда катталар пешвоз чиқиб кутиб олдилар.Бир неча кун Маскавда кайфу-сафо қилиб Хивага қараб қайтдилар.Бир неча кун юриб Чоржавга келиб пароходга чиқдилар.Хивадин бош вазир Исломхўжанинг одами Бобожон қатоғон деган келиб эркан, пароходда ўз ёнига чақириб тамоми Хивадин хабарлар сўраб, сарполар бериб юборди.Пароход ҳаракат қилиб Хива тарафга юрди.Учланчи куни Хонқа гузаридин чиқиб, Хивага равона бўлди. Хонқада чой ичиб ўтиб Хивага келиб тушиб фароҳат бўлдик.

07

2-БЎЛИМ
ИСФАНДИЁРХОН САРОЙИДАГИ ЗИДДИЯТЛАР.
ХОННИНГ ИСЛОҲОТЧИ ҲУРРИЯТПАРВАРЛАРГА ҚАРШИ СИЁСАТИ

Исфандиёр Кавказда дам олиб келгандин сўнг, ўз сипоҳийлари ҳақинда макруҳ ҳийла қила бошлади.Шунинг учунким, ҳозирдағи бўлиб турғон сипоҳийлар бўлса Муҳаммад Раҳимхондин қолғон одамлар бўлиб, ( яъни отаси Ферузхон давридаги амалдорлар авлоди—У.Б.), девонбеги авлоди (Матмурод девонбегининг фарзандлари-У.Б.), ҳам хўжа авлоди (Иброҳимхўжа авлоди-У.Б.), меҳтар ( Сойибназар меҳтар авлоди-У.Б.) қушбеги авлодидурлар.Булар ўртада турғон вақтларда ўзининг олдидаги беҳуда одамлари (яъни Исфандиёрнинг ёшликдан ёнида бўлган амалдорлар-У.Б.) ҳеч бир ишга ярамас турур, ҳам алар олдида ҳеч бир эътибори йўқ турур.Шунинг учун Хивада ёнида бўлғон сипоҳийларни шундай иғво қилди: “ бош вазир Исломхўжа тамоми ишларни ўз қўлига олиб, ҳатто манга ҳам ихтиёр бермас турур.Шунга сизлар нечук розилик қилурсизлар? деган сўзига хоннинг бу ҳийлаларидан бехабар соддадил сипоҳийлари дарҳол бирга жамлашиб Исломхўжадин шикоят қилганлар.Онда хон айтган:
-Сизлар мақсадларингизни ариза хат қилиб ҳаммаларингиз иттифоқ бўлиб муҳр қилиб келтиринглар,-деб.( яъни Исфандиёрхон ўз қайнотаси бош вазир Исломхўжага қарши бўлган гуруҳбозларни янада жипслаштириб, ниятларини қоғозда акс этдириб ҳужжатлаштиришни истаган-У.Б.).
Булар дарҳол бошлиқ хоннинг қайнотаси Нақиб эшон, Иброҳимхўжа, Сойибназар меҳтар, Ҳусинмамат Девонбеги, Шихназар ясовулбоши, Сардорбой, Муҳаммад Соли оталиқ, Нурилла мироб ва бошқалар хонга бир ариза ёзғонлар.Тамоми Исломхўжани ёмонлаб ҳам сўраганлар:-Исломхўжани ҳукуматдин чиқариб юбормакни.
034 Хон ушбу аризани олиб қўйғон ҳам буларни ҳар кунда иғволар қилиб Исломхўжа билан душман қилғон. Шунинг бирлан бир неча кунлар ўтиб кетди.
Бир куни Исломхўжа Кавказдин соғ-саломат қайтиб келди.Хон эса аввалги одати бўйича сипоҳийларни иғво қилиб уруштира бошлади.Соддадил сипоҳийлар хоннинг бу ҳийласини англамасдин Исломхўжага қаршилик қила бошладилар.
Махфий қолмасинким, Исфандиёрхон Исломхўжанинг бир қизига ( исми Азизапошша бика бўлган-У.Б.) уйланганди.Исломхўжа қизининг жиҳозига кўп зару-жавоҳирлар, матолар сарф қилди. Шунинг бирлан Исломхўжани агпол қилиб юриди. Ҳам ўғли Темурғози тўрага (Исфандиёрхоннинг ўғли-У.Б.) суннат тўйи қилмоқчи бўлиб Исломхўжага тўй сарполари буюрди.Саддройи тўй (ҳашамдор-У.Б.) учун кўп ҳозирликлар қилиб суннат тўйини тамом қилдилар. Исломхўжа бу нарсаларни ўз маҳрами Раҳимберган маҳрамга буюрди.Ва яна Нуриллабой ( хоннинг боғ-ҳовлиси-У.Б.)да Оврўпа усулинда бир жой солдирмоқчи бўлиб Исломхўжага буюрди.Исломхўжа асбобларини Руссиядин олдириб, яхши усталар ҳозир қилиб, мазкур Раҳимберган маҳрамни сойибкор қилиб итмомига (ниҳоясига-У.Б.) етказди.Ҳа, ушбу йилда почтахона, кўприклар, касалхоналар учун кўп ҳозирликлар кўрилди.
Махфий қолмасинким, хон Петербургга борганда подшо валиаҳди бўлғон боласини кўрганда 10000 минг манот хайрият қилмоқчи бўлди.Шул баён бўлғон хайриятни Исломхўжа валиаҳд Алексей Николаевич исмига Хивада касалхона очмоқ деб эълон қилди.Алҳосил Исломхўжа мамлакатни тараққий қилмоққа ғайрат қилди.Бир неча усули жадид мактаблар очди.Мамлакатдин мавжуд бўлғон оқчаларни мамлакат халқининг фойдасига сарф қилмоққа киришди.Ҳам баён бўлғон ишларни ( яъни ислоҳот дастурини-У.Б.) ишламакка бошлади.Ҳам Оврўпа усулинда маҳбусхона солдирди.Ушбу йил Хоразмда экинлар ёмон бўлди.Дарҳол Руссиядин буғдой келтириб фуқароларга тарқата бошлади.

Исфандиёрхонга мамлакатда мавжуд бўлиб дурғон пуллардин харжисидан (харажатидан) зиёда пул бермади, ҳам беҳуда ношаяста ишлар қилмоққа йўл бермади.
Исломхўжа ҳаққинда сипоҳийлардин келган аризаларни амалга оширмоқ учун бир кун Исломхўжага кўрсатиб сипоҳийларни ёмонлағон( яъни ўзи ёздиртирган шикоят аризаларни атайин Исломхўжага кўрсатиб, ўз амалдорларини бош вазирга ёмон кўрсатдирган-У.Б.).
Махфий қолмасинким, хоннинг ҳийласи шул бўлғонки, ушбу кўна хондин қолғон сипоҳийларни бир-бирлари билан душман қилмоқ ҳам шунинг орқасинда буларни йўқ қилмоқ.Нечунким, буларнинг халқлар ҳузуринда эътибори кўптурур.Агар булар иттифоқ бўлиб турсалар хон ўз ихтиёри бирлан ҳеч иш қила билмас.Шунинг бирлан аризада баён қилғон сипоҳийларни нақиб Иброҳимхўжадин бошқасини уйига навкарларни мўролаб ( кузатувчи қилиб қўйиб-У.Б.) юбориб, ўзларини ҳибсга олиб, тамоми молу мулкини ҳукуматга мусодара қилмоққа ҳукм қилиб, дарҳол ижро қилмоққа буюрғон.Дарҳол бир неча отлиқ навкарлар билан пирмамур девонбеги Ҳусинбекнинг (Матмуродовнинг-У.Б.) уйига бориб, тамоми бола-чақаларини уйидин чиқариб, уйларини печатлаб, ўзларини ҳибсга олган.Шихназарбойни ҳам, Сардорбойни ҳам, Сойибназар меҳтарни ҳам ушбу баён бўлғон одамларга дарак одамларни ҳам уйларини мусодара қилиб, печатлаб, ўзларини ҳибсга олдилар.Шу жумладин, фақирни ҳам уйини печатлаб, бола-чақаларини чиқариб, манга киши юборганлар.Фақир саройида Отажон маҳрам Сафоев билан газета ўқиб ўлтуриб эрдик.Хабар бердилар, “уйларингизни хоннинг навкарлари келиб печатлаб, бола-чақаларингизни чиқариб юборди”, деб.Бизлар ҳайрон бўлдик, нима воқеа бўлғон эркан, деб уйларимизга кеттик.Келиб ўзимни маълум қилдим.Исломхўжанинг девони Маҳмуд кўса эркан, айтди:
-Ҳожи эшон ҳеч қайга кетмай туринг,-деди.
Ўзи бош вазир Исломхўжанинг олдига кетди.Бориб келиб, ўз отига миндириб қаъла аркига келтириб хоннинг миршаббошиси Худойназар юзбошига топшириб ўзи кетди.Ман миршабхонада намози асирни ўқидим.Арк олдида одатдагидан кўп одамлар бор эркани маълум бўлди, бошқа бир воқеалар бўлса керак.
Махфий қолмасинким, ман кўп хўноб бўлғон эрдим, ушбу иш фақат манинг ҳаққимда бўлғон турур, деб.Нечунким, ман газеталар ўқиб, халқни инқилобий руҳ билан руҳлантирар эрдим.Руссия ҳукумати тарафидин буйруқ бўлиб мани тутдиларми эркан, деб.Бир неча минут ўтмас ҳамон Отажон маҳрам, Матпано махсим девон, Муҳаммадлатиф махсим, Қобил маҳрам,Бобо девон, Мадирим девонларни ҳам олиб келдилар.Шундан кейин ман парахат бўлдим, бошқа воқеа эркан, деб.
Бизлар ҳеч бир-биримиздин хабарсиз эрдик.Сўрашиб воқеаларни билдик, ҳаммалар кимнинг уйида бўлғон нарсаларни хат қилиб келтирди.Мани ўзимнинг уйимга борғон Раҳмонберган маҳрам девон, Муҳаммадлатифхўжа девон кўп суст навис девон эркан.Ярим оқшомгача уй асбоби, бола-чақаларнинг кийим тузукларини ёзиб бўлиб, мани қайтариб ҳибсхонага топширдилар.Шунингдек тамоми маҳбус сипоҳийларни ҳам молларни, асбоби хоналарини хат қилиб олғонлар.Лекин ушбу баён бўлғон сипоҳийларни бир-биров бирлан кўрсатмай сақлағонлар, ҳар қайсиларини бир жойда қўйганлар.Шундай қилиб, эртанг хон Нуриллабой ҳовлига келди.Бизларни ҳам Худойназар юзбоши қоровул билан олиб келди.Шаҳар одамлари ушбу воқеага ҳайрон бўлиб павж-павхи келур эрдилар.Бизларни келтуриб Нуриллабой ҳовлисининг олдиндаги миршабхонанинг бир ҳужрасига ҳибс қилиб қўйдилар.Бир икки кундин сўнг Ҳусинмамат девонбегининг тамоми ер-ҳовли жойларини Хоразмнинг тамоми қаълаларида бўлғонларни мусодара қилиб, Исфандиёрхон исмига қози хати олдилар.Ва бошқа Шихназарбой, Омонгалди, Сардорбой девонбеги болаларини ҳам тамоми мол-мулкларини шул тариқада мусодара қилиб, қози хати олиб, бола-чақаларини уйларидин чиқариб, бош очиқ, оёқ яланг қилиб юбордилар.Хотун бола-чақалари қариндош-дўғонларининг уйларига келиб ўрнашдилар.Меҳтарнинг ҳам тамоми нарсаларини олдилар.
Махфий қолмасинким, бир оқшом Муҳаммад Вафо карвонбоши мани хоннинг маҳрамхонасига олдириб, “ Ҳусинмуҳаммад девонбегининг олтин-кумуш оқчалари қайда, сан билурсан”, деб тафтиш қилиб сўради.Ман билганларимни баён қилдим. “Сизнинг баён қилган нарсаларингиз Ҳусинмуҳаммад девонбегида ҳеч йўқ турур”, дедим.Бир-икки марта сўраб жавоб бериб юборди.Қоровул яна келтириб ўз ўрнимизга қўйди.
Махфий қолмасинким, Махсим девонни олиб кетиб “ Ҳусинмуҳаммад девонбегининг уйинда девонбегининг ёшириб қўйғон нимарсаларини топиб берурсан”, деб қўрқитиб, ўлдирмакчи бўлиб, кўп озор берганлар.Ва бошқа бизлар билан ҳибсда бўлғонларни бир-бир озод қилиб юбордилар.Бир неча кундин сўнг мани чиқариб, “бир минг бир юз тилло берурсан”, деб Мамат ясовулбоши эълон қилди.Ман рози бўлғоним йўқ.Айтдимки, “ман нима учун ушбу маблағни берурман, манда ҳеч пул йўқ”, дедим. Онда Мамат ясовулбоши айтди: “қози хат бериб қўйгил”, деб мани қоровул билан Ҳикматулло қози эшоннинг олдига юборди.Бир минг тиллога Тўражоннинг исмига хат қилиб бермоқ учун, котиб Муҳаммад Шарифхўжа кўп афсуслар билан хат ёзиб берди.Ман ўзимга ҳукм қилдим, қози эшон мани иқрор қилдирса, ман ҳеч рози эрмасман, мандин жабр қилиб олмоқчи турурлар, деб айтмоққа.Қози эшонимиз эса мани ҳеч иқрор қилдирмасдан муҳр қилиб бердилар.Хатни қоровул бирлан Мамат ясовулбошига топширдик. Мамат ясовулбоши айтди:” бир юз тилло ясовул ҳақи берурсан”, деди.Ман кўп норози бўлиб жанжал қилдим.Онда Мамат ясовулбоши Назар юзбошига айтди: “Ҳожи эшонни кўп қистама, тангани бир-икки ҳафтада топиб берса бўлур”, деб уйимизга узотиб юборди.
Махфий қолмасинким, бечора Худойназар юзбоши бизларнинг олдимизда туриб кўп хизмат қилиб, ҳеч бизларни ранжур қилгони йўқ турур.Оллоҳ рози бўлсин.
Махфий қолмасинким, девонбегининг болаларининг тамоми нарсаларини хат қилиб олиб бўлғондин сўнг, йўлларига юбориб, олдинда қоравул қўйдилар.Шундай қилиб, Меҳтарнинг ҳам тамоми нарсаларини олиб уйига юбордилар.
Махфий қолмасинким, ушбу баён бўлғон воқеалар Тошкентда маълум бўлғон.Тафтиш учун Тошкантдин генерал Галкин чиқиб бир кун Тўрткўл бош ҳокими генерал Лягушкин бирлан келиб қолди.Икки кун туриб хон бирлан, Исломхўжа бирлан сўзлашиб қайтиб кетди.Нима сўзлашгани ҳеч кимга маълум бўлмади.
Махфий қолмасинким, генерал кетган ҳамон моҳишариф рамазон эрди.Таровеҳ намоздин чиққан ҳамон хоннинг ясовулларидин Муҳаммад Шариф девон деган манга эълон қилди: “ дарҳол сизда бўлган Тўражоннинг минг тиллосини топиб беринг”, деди.Ман ҳайрон бўлдим, бул вақтда минг тилло қайда турур? Карвонбошининг олдига бориб арзи-дод қилдим: “Манинг овқатим учун ҳам бир пулим йўқ турур.Ман бу минг тиллони қайдин олиб берурман”, дедим. Матвафо карвонбоши: “ яхши, Исломхўжа, Абдуллажонларга ўзим айтурман”, деб мани қайтаруб юборди.Ман ўйлаб кўрдим, “бу фақат бир сиёсат турур.Девонбегининг болалари гумон қилмасинлар, генерал Галкин ушбу ишлар учун келди.Агар Полвонниёз Ҳожини дарҳол ақчани бер”, деб сўрамас эрди”, деб.Шунинг бирлан ман эртанг Ҳусинмуҳаммад девонбегига хат қилиб юбордим: “ Фақат генерал Галкин сизларнинг ишларингиз учун келган.Агар иш бирлан келган бўлса, онда мандин оқшомнинг ичинда танга сўраб юбормас эрдилар.Шунинг учун ман жазм қилурман”, дедим.
Ондин сўнг бир неча вақтлар ўтиб кетди.Карвонбоши оро ман орқали девонбеги Ҳусинбекка баъзи хабарлар қилиб турди.Шунинг бирла икки-уч ойлар ўтиб кетди.Охири ёвмутлар ичинда ҳам Шомми кал деган ўкиз тийрасидин (уруғидан) бир ёвмут саркашлик қилиб йўлларини талон-тарож қила бошлади.Иттифоқо ийди қурбон яқин келди.Хон Муҳаммадвафо карвонбоши бирлан маслаҳат қилиб шул қарорга келганлар,” девонбегининг болалари ийд намози баҳонаси бирлан Нуриллабойга келиб ўз гуноҳларини, Тўражонни восита қилиб, ўзлари тиласинлар “деб.
Муҳаммадвафо карвонбоши манга айтди: “сан пинҳоний суратда девонбегининг болаларига айтгил, ийд намозида Нуриллабой масчитида намоз ўқиб, Тўрамизнинг қўшига келиб ўзларини ташласинлар” деди.Ман бориб айтдим.Қурбон намози куни булар Нуриллабой масчитида намоз ўқиб Темурғози тўранинг қўшига келиб ўлтирғонлар.Хон буни эшитиб билмаган бўлиб, Муҳаммадвафо карвонбошига буюрган,” девонбегининг болалари келган, деб эшитдим, сўраб кўргил олар берухсат нечун келибтурлар”.
Карвонбоши буларнинг олдига келиб кўришиб сўрашган, “нечун келдингизлар?”, деб.Онда булар айтғонлар, “бизлар ҳар нечук гуноҳ қилғон бўлсак, Тўражонни восита қилиб сўрармиз, бизларнинг ҳар на гуноҳимиз бўлса афу қилсинлар”.
Карвонбоши бу сўзни хонга айтган.Бошқалар ҳам восита бўлиб сўрағон.Шунинг бирлан гуноҳларини афу қилғон, ҳам айтғон: “ҳар ҳафтада бир келиб салом бериб юрсинлар”, деб жавоб бериб юборган.Бир неча кун ўтгандин сўнг ёвмут Шомми кал ҳам Бек оталиқлар ҳужум қилиб йўлларни талон-тарож қила бошладилар.Хива фуқароларидин арзу дод кўп, маслаҳат қилиб Шихназарбой Муҳаммадмурод девонбегининг ўғлини аскарлар бирлан юбормоқчи бўлди.Шихназарбойни келтириб , тамоми навкарлар бирлан Шомми калнинг устига юборди.
Махфий қолмасинким, Шихназарбой Муҳаммад девонбегининг вақтинда ҳам ёвмутлар устида ҳоким бўлиб юрган эрди.Шунинг билан Шихназарбой навкарлар билан чиқиб Ғозиобод устидан Теракли мавзеъига кетди.Ёвмут Шомми кал эса ўз қаъласига қамалиб урушиб турди. Шу аснода Тўрткўл бош ҳокими генерал Лягушкин, Исломхўжа бир неча казак аскарлари бирлан ёвмут ичига кетдилар.Тошҳовузга келиб тушган ушбу кун Шихназарбой ғайрат қилиб ҳужумга буюрган.Биродар Яхшимуродбой, Жумақули юзбоши бирлан қаълага югурганлар.Жумақули юзбошига ўқ тегиб ўлган.Шунинг бирлан ҳам ғайрат қилиб, бир неча ёвмутларни тутқонлар.Шомми кал ва Бек оталиқлар қочиб кетган.Эртанг бош ҳоким Исломхўжа билан Шихназарбойнинг ёнига бир оқшом қўниб, Кўҳна Урганчга ўтиб кетган.Бир неча кундин сўнг Шихназарбой Шомми кал, Бек оталиқ, Гўклан болаларнинг гуноҳларини хондин сўраб, афу қилмоққа ваъда қилғон.Шунинг бирлан муҳрдорлар уларни Шихназарбойга келтириб топширғон.Шихназарбой уларни Хивага олиб келди.
Хоннинг амри билан маҳбусларни Яхшимуродбойнинг жойида сақлаб қўйдилар.Бир неча кундин сўнг Исфандиёрхон Исломхўжа, Муҳаммадвафо карвонбоши, Сардорбой ва бошқа одамларни олиб Петербургга сафар қилди.Хивада бир Ҳусинмуҳаммад девонбеги,Шихназарбой, Мамад ясавулбоши ва бошқалар қолди.Келгандин сўнг Шомми кални ёвмут катхудоларининг сўрови билан ҳибсдан бўшатиб юборди.Дурди вакилнинг сўрови билан Бек оталиқни ўкиз жамоасига оталиқ қилди.Шомурод бахши ҳам Хива бирлан адоват пайдо қилди.Ушбу вақтларда Исломхўжа касалхона ҳам почтахоналарни битказди, ҳам темир кўприкларни қура бошлади.Харажат кўп бўлиб кетди.Хонни ўз ҳайи-ҳавасига қўймай, закот ва солғитларни ўзига сарфу-харажат қилди.Хоннинг бу ишларга ҳеч розилиги бўлмади.Нечук қилиб Исломхўжани ўлдирмакка тараддуд қилди.
Оқибат ўз одамларига кўп инъом қилиб, кўп ёлғон ваъдалар бериб, бир оқшом бош вазир Исломхўжа Нуриллабой саройидан ўз уйига қайтиб келаётганда қоронғу оқшомда Ропаник боғининг остинда Ўғлон Азизбобо(қабристон назарда тутилаяпди-У.Б.)нинг ёнинда бир неча маъмур турғон одамлар қаттиқ юриб бораётган араванинг отини уриб тўхтатиб, Исломхўжани аравадин олиб, ваҳшиёна бўғизлаб ташладилар.
Дарҳол қотиллар қочиб пинҳон бўлғонлар.Марҳум Исломхўжанинг от-араваси қочиб Чорсуға борган.Моҳи Шариф Рамазон бўлғон сабабли Чорсуда савдо қилиб ўлтирар эрдилар.Бу воқеа ҳаммага маълум бўлиб, Исломхўжанинг болалари огоҳ бўлиб келиб марҳумнинг мейитини аравага солиб, ўз уйларига олиб кетдилар.Дарҳол ушбу ишга мубошил бўлиб юрган Ашир маҳрам бу воқеани телефон орқали хонга маълум қилғон.Хон ичкаридан чиқиб, билмаган бўлиб ҳар кўчаларга, қаъла дарвозаларига тафтишчи қоровуллар юборди, ҳам ушбу оқшом кўп шўру шар бирлан ўтди.Эртанг марҳум Исломхўжанинг такпин ва таъжхири учун Соибназар меҳтарга минг тилло бериб, Исломхўжанинг хонасига юборди.Намози пешиндан сўнг жанозага Исфандиёрхон бориб тамоми сипоҳийлар бирла жаноза ўқиб, Саидмуҳаммад Моҳи рўйи Жаҳон қабристонида ўзи учун тайёр қилиб қўйғон қорихонасига дафн қилдилар.
Махфий қолмасинким, марҳумни уламолар шайиди аъло ҳукм қилдилар.Мунофиқ Исфандиёрхон қайтиб Исломхўжанинг ўғли Абдусаломхўжани ҳузурига олдириб, ёлғондин дилдорликлар қилган.
Махфий қолмасинким, Исломхўжанинг баҳонаси бирлан Шихназарбойни ҳам йўқ қилмоқчи бўлиб Исҳоқхўжага айтғон” албатта Исломхўжани Шихназарбой ўлтурғон” деб уни ҳам ўз уйида ҳибс қилиб олдига қоровул қилиб қўйди.Нечунки Исломхўжанинг ҳаққинда Петербургдин албатта тафтишчи келур, шу вақтда Шихназарбойни ҳам йўқ қилмоқчи турур.
Махфий қолмасинким, бир неча кунлардин сўнг Петербургдин генерал Цел деган Исломхўжанинг ишларини тафтиш қилмоқ учун келди.Исфандиёрхон ўзининг ёқин вазири Матвафо карвонбоши орқали қирқ минг манот яна қанча ҳадялар бериб, ҳар йилда икки минг сўм мояна бериб турмоққа ваъда бериб, касалхонанинг расми кушодини қилиб қайтартириб юборади.
Махфий қолмасинким,генерал Цел ушбу иш учун олган рушут ақчаларини (пораларини-У.Б.) ўзи бирлан олиб кетмакка қўрқонидин Муҳаммадвафо карвонбошининг бир одами-Муҳаммад Шариф деган бирлан юборди.Мазкур Муҳаммад Шариф ўзи бирлан бирга генерал Целнинг бир одамига топширди.Ондин сўнг Муҳаммадвафо Карвонбоши катта вазир бўлди.1914 йилда Исфандиёрхон Муҳаммадвафо карвонбошини Петербургга ҳарбия министри Соколников олдига юборди.
Матвафо карвонбоши май числосинда Руссияга сафарга чиқди.Фақир ҳам ушбу сафарда ҳамроҳ эрдим.Тўрткўлга келиб, пароходга ўтирдик.Дарҳол Петербургдин телеграм келди: “жаҳон муҳорабаси бошланиб кетган”.Дарҳол Тўрткўлда бўлғон аскарларни, офицерларни ,дўхтирларни мўблизовот қилиб пароходга солдилар.Пароходларимизда бўлғон ажнабий одамларни қолдириб ҳаракат қилди.Бир неча кунда Чоржавга келиб чиқди.Петербургга телеграмм қилди: бормоққами ё қайтмоққа? Тўрт кундин сўнг ҳарбий министрдан телеграмм келди: “келмакка “деб.Ондин ўт аравага ўлтуруб равона бўлуб Ўрунбургдин келиб тушдик.Ўрунбургдин чиқиб Маскавга келиб тушдик.
Махфий қолмасинким, ўт-аравада аскарлар шундай кўп турур, ҳисобини Оллоҳ билур.Маскавда ҳар кунда урушдин телеграмм кўчаларда ҳар соатда сотиб юрарлар-гўё қиёмат турур.Бир неча кун Маскавда туриб қолдик.Карвонбоши Петербургга бориб ҳарбий министр Сухамлиновдан сўраб, бир минг дона отли казак бешотаридан олғон.Баҳоси 25 минг манот. Ман ҳам Марказий ярмаркадин ишларимни битказиб Маскавга қайтиб келдим.Карвонбоши ҳам Петербургдин келди.Маскавдин чиқиб бир неча кун йўл юриб Хивага қайтиб келдик.Бир кун Шомурод бахши ёвмут муҳрдори келиб карвонбошига эълон қилди: “ ўрис қушчи тирасидин Ҳасан Омон ёрли деганни катхудо қилиб ёрлиқ олиб беринг”.Сабаби шулким, ўрис қушчи муҳрдори Дурди вакил ўкуз уруғига Бек оталиқни оталиқ қилиб эрди.Шомурод бахши ҳам Ҳасан Омонни катхудо қилмоқчи бўлди.Шунинг бирлан бахши ва вакил ўртасида норозиликлар бўлиб қолди, карвонбоши буни хонга маълум қилди.Ҳасан Омонга муҳр бермакка хон қабул қилмади.Шомурод бахши қаҳр қилиб кетиб отлилар чиқариб, йўлларни талон-тарож қилишга машғул бўлди.
Ондин сўнг хон бориб хон Жунайиддин илтимос қилди-Шомурод бахшини ушлаб бермакка.Хон Жунайид уни ушлаб берди.Хивага олиб келдилар.Хон буюрди: Шихназарбойнинг уйинда ҳибс қилиб қўйдилар.Талон-тарож қилиб олғон нимарсаларини қайтариб олмоққа буюрди, ҳам олдилар.
Бир куни Шихназарбой хонга айтғон:” Шомурод бахшини ё ўлдирмак керак ё озод қилиб юбормак керак.Нечунким ёвмутларнинг қоидалари шул турур.Гуноҳкорни тутиб берган сўнг ўлтуриб юборса ҳеч воқеаси йўқ турур.Агар бир неча ойлар сақлаб қўйилса, шул ушлаб берган одамга бола-чақа ва оқсоқоллари бориб гуноҳини илтимос қилурлар.Ондин сўнг ҳақу-ноҳақ сиздин сўрар, агар бермасангиз сизнинг билан душман бўлиб уришур”.
Хон бу сўзни қабул қилмоғон.Бир кун Бахшининг бола-чағалари Хон Жунайиднинг олдига бориб йиғлаб сўраганлар, хон Жунайид рози бўлиб хонга хат юборди.Бахшини озод қилиб юбормакка.Хон қабул қилмади.Шундан кейин хон Жунайид қаҳрланиб бир кун эрта билан Хиванинг қибло тарафидин келиб қаълага ҳужум қилиб, бир-икки қоровулларни ўлдириб, Сирчали қишлоғини талон-тарож қилиб кетди.Хон дарҳол Тўрткўлга бош ҳокимга телеграмм юборди.Бош ҳоким Колосовский бир юз отлиқ казак аскар билан Хивага келди.Ҳам ушбу кун Шомурод бахшини ҳибсдан чиқариб, Тўрткўл бўлиси Қозоқбой бирлан бир неча отли аскарларга қўшиб, хон Жунайидга бериб юборди.Уч кундин сўнг хабарлашиб ўзи ҳам Матвафо карвонбоши, Ҳусинмат девонбеги, Абдуллажон маҳкама боши Ғозиободга бордилар.
Махфий қолмасинким, Ғозиободни ёвмутлар талон-тарож қилиб кетган эркан.Бош ҳоким ёвмут катхудоларига хабар юборди.Эртанг ёвмут катхудолари Дурди вакил, Шомурод бахши, Жонмуҳаммад бек, Ҳасан Омон ёрли ва бошқалари келдилар.Кўп сўйлашиб, Дурди вакил жойига -Бадиркентга бориб хон Жунайид бирлан сўзлашмакчи бўлдилар.Эртанг бош ҳоким, карвонбоши, девонбеги, Абдуллажонлар Бадиркентга равона бўлдилар.Бориб Дурди вакилнинг жойига тушдилар.Эртанг хон Жунайид ўз отлиқлари бирлан келиб сўйлашди.Ёрошиб қайтиб Хивага келдилар.Шунинг бирлан ёвмутлар ёрошиб бир неча фарағатлик бўлди.
Махфий қолмасинким,ёвмутлар Хивага келиб карвонбошига меҳмон бўлиб ҳар турли инъом-эҳсонлар олиб турдилар.Карвонбоши ёвмутларнинг сиёсатидин бехабар, ёвмутларнинг ҳар турли ёлғон сўзларига ишониб иш қила бошлади.Ёвмут Хива хонининг нечук одамлигидан огоҳ бўлдилар.
Махфий қолмасинким, Исфандиёрхон карвонбошидан ҳам норози бўлиб, уни йўқ қилмоқчи бўлиб ҳийла қила бошлади.Пинҳоний равишда Тошкантга элчи юбормакчи бўлди ва бошқа турли чоралар қила бошлади.
Махфий қолмасинким, карвонбоши ўз биродари Абдураҳмонбойни Маскавга юбормакчи бўлиб, хондин жавоб олиб Урганчга кетди.Ҳам Абдураҳмонбойни Тўрткўлга пароходда узатиб юборди.Маълум бўлсинким, хон Хивадин карвонбошига хат ёзғон, энди қайтиб Хивага келмасликка.Ҳам пароходга хат ёзғон, тўхтаб элчиларни олмоққа.Ҳам Урганч ҳокими Оллаберганбой Авазниёз маҳрам ўғлини Хивага келтуриб аскарбоши қилиб, карвонбошининг ўрнига қўйди.Матвафо карвонбоши буни эшитиб, пиғони жонидан чиққан.Нечунким, ушбу маккор хонга кўп хизмат қилғон турур.Ондин сўнг Толиб махсимни юборган ҳисоблашиб келмак учун.Толиб махсим бориб ҳисоблашиб келди.
Махфий қолмасинким, Исломхўжани ўлдиргандин сўнг ўғли Абдусаломхўжадин ҳисоб талаб қилиб, карвонбоши уни олдириб, ҳисоб талаб қилди.Исломхўжа хоннинг буйруғи бирлан хоннинг исмига кўприк олдида катта бир мадраса бино қилиб эрди.Бу битиб тамом бўлиб эрди.Исфандиёрхон хохламай йиқтириб, сарф бўлғон пулларни Абдусаломхўжадин тўлатиб олди.
Махфий қолмасинким, Матвафо карвонбоши Урганчда бўлиб, иниси Абдураҳмонбой,Шарифбойларга телеграм бирлан маълум қилди.Тошкантда ўзининг ҳаққинда иш кўрмакка.Ҳам ушбу элчилар бирлан Тўрткўл бош ҳокими Колосовский ҳам Тошкентга чиқиб эрди.Элчилар бирлан Тошкантга борди.Абдураҳмонбойлар бирлан ховорлашиб, карвонбоши ҳаққинда яхши тараддуд қилдилар.Хон тарафдин борган элчилар ҳеч бир иш қилаолмасдин Хивага қайтдилар.
Маълум бўлсинким, ёвмутлар яна бузилишиб йўлларни талон-тарож қилиб, халқни нофароҳат қила бошладилар.Ондин сўнг хон ўз аскарбоши Оллаберганбойни бир неча юз отлиқ навкарлар бирлан ёвмутларнинг устига юборди.Оқдарбанд боғининг олдида ёвмутлар билан урушдилар.Ёвмутлар ҳужум қилиб ўзбек навкарларини қочирдилар.Оллаберганбой, Муҳаммад ясовулбоши ва яна бир неча одамларни ўлдурдилар.Шунинг бирлан хон Хивадин қози-эшонларни юбориб ислоҳ қилдилар.Ушбу воқеаларни Тошкантга маълум қилдилар.Тошкантдин генерал Канафсер бирлан Колосовскийлар Хивага келдилар.Бош ҳоким Колосовский хонга буюрди.Муҳаммадвафо карвонбошини Хивага келтирмакка.Хон бир неча ёлғон хушомат сўзларни ёзиб, карвонбошини Хивага олдирди ва меҳтарлик унвонини берди.Генерал Канафсер почта хонада ўтирди.Карвонбоши генерал Канафсерга айтиб Шихназарбой бирлан Ашир маҳрамни дарҳол Тошкантга сургун қилиб юборди.Ёвмутлар катхудоларини олдириб ислоҳ қилиб, хатлашиб Тошкантга қайтиб кетди.Муҳаммадвафо карвонбоши меҳтар бўлиб Хоразмни идора қилиб турди.Хон фароғат бўлиб ҳар қаълаларга ароба бирлан хотунлар юборди.Ҳар кимнинг хушрўй қизи ё хотуни бўлса олиб келиб, ҳарам саройида сақлади.Мусулмонларнинг пиғони жонидан чиқди.Бир куни Гурлан катхудолари келиб арз қилдилар, карвонбоши койиш қилиб уларни Хивадан қувлаб чиқариб юборди.Исфандиёрхоннинг зулми-жабри халқни кўп беҳузур қилди.Оқибат мусулмонлар чидай билмасдин Хўжаэли, Гурлан,Манғит, Қипчоқ, Хитой ўзбеклари маслаҳат қилиб Эшону-мулло, катхудоларни олиб Хивага хонга арзга келдилар.Муҳаммадвафо меҳтар хонга маълум қилди.Ушбу фуқароларнинг ҳужуми ёмон турур, унинг чорасини кўрмак керак.Уларнинг бошлиқларидин бир нечаларини тутиб ҳибс қилиб, фуқароларни қайтариб юбормак керак, деди.Хон бу сўзни қабул қилди.Ондин сўнг Муҳаммадвафо меҳтар бош ҳоким Колосовскийга маълум қилиб, ёрим оқшомда қаъланинг олдида фуқароларнинг меҳмонжойиси бўлғон Тўрамурод тўранинг ҳовлисини аскарлар қуршаб олиб, эртанг эрта бирлан ёш-катталарини аскарлар тутиб ҳибсхонага олиб келдилар.Қолган арзга келган фуқаролар қочиб кетдилар.Ҳибсга олинган одамлар Хўжаэли қаъласининг беги Авазхонхўжа, Маҳмуджонхўжа, валади Авазбейхўжа, Қозоқ Соллоҳ, Исомаддин эшон, Хударганбек, Оташ мироб, Қутлимурод иноқ ва бошқалар,Катдин Абдуллабек, Манғитдан Дорғабекларни тафтиш қилиб, Дарғабекнинг қаррилигини ҳисобга олиб ҳибсдан чиқариб юбордилар.Бошқа эшон-муллаларни ҳам қайтариб юбордилар.Шунинг бирлан Исфандиёрхон ўз кайфу-сафоси бирлан машғул бўлаверди.Фуқароларнинг доду-фарёди осмонга чиқди.Унинг ҳузурида бўлғон маҳрамлари кўнглига тушган зулм-жабрларини фуқароларга қила бошладилар.Ал-ҳосил фуқаролар тоқат қила олмасдин ёвмут хон Жунайидга мурожаат қилиб йиғладилар.Ҳам ҳибсда бўлғон катхудоларнинг бола-чағалари зор йиғлаб арз қилдилар.Хон Жунайид ўзига ёқин бўлғон одамлардин бир нечасини Хивага юбориб ҳибсда бўлғонларни озод қилишни тилади.Хон эса буни қабул қилмади.Яна бир неча вақт ўтди.Ҳибсда бўлғонларнинг авлодлари хон Жунайидга бориб зору тавалло қилдилар.Хон Жунайид иккинчи марта хонга одам юборди.Хон буни яна қабул қилмади.Оқибат хон Жунайид қаҳрланиб, бир неча юз отлилар бирлан Ғўвик кўл бўйига келиб тушди.Қаъла қамал бўлди.Дарҳол бош ҳоким Колосовский элчилар юбориб мақсадини сўради.Хон Жунайид ҳибсда бўлган одамларни чиқариб юборишни сўради.Ондин сўнг бош ҳоким Колосовский бу сўзни қабул қилиб, “Сиз қайтиб кетинг, биз чиқариб юборурмиз, агар бовар қилмасангиз одам қолдириб кетинг”, деган.Хон Жунайид одам қолдириб, қайтиб кетди.Яна маҳбусларни чиқармадилар.Хоннинг , меҳтарларнинг мундай қарши бўлиб турғонларининг сабаби шулдирким, агар буларни чиқариб юборсалар, бу одамлар албатта хонга ёри бўлурлар.Шундан кейин хон Жунайиднинг қўйғон одами ҳам қайтиб кетди.Оқибат Хон Жунайид қорланиб (аччиқланиб-У.Б.), ўз навкарларини жамлаб, Хитой, Манғит, Қипчоқ, Гурланга келиб тамоми фуқароларни жамлаб, маслаҳат қилғон.Золим Исфандиёрнинг жабр-зулмидин жонларидан тўйғон фуқаролар рози бўлиб тилларидан хат қилиб берганлар.
Шундай қилиб,Хўжаэли, Кўҳна Урганч, Пўрси одамларининг тилларидан ҳам хат олинган, гўё тамоми Хоразм ўзбек фуқароларининг тилидан хат олиб, шулардин ҳам ёроғлиқ одамлар олиб Тоза Урганчга юрган.Урганч қишлоқларига келиб ўрнашиб олиб, шул тариқа Урганч қаъласи ўраб олинған.
Махфий қолмасинким, Урганчда бир рота аскар бор эди.Шунинг учун қаълага кирмай қишлоқларда бўлган.Урганч фуқаролари мулла эшонларни юбориб Урганч қаъласига дахл қилмасликни сўраганлар.Хон Жунайид ёнида бўлғон отлиқ навкарларнинг харажати учун эллик минг тилло сўрағон.Маълум бўлсинким, Урганчдин Абдураҳмонбойдин Муҳаммадвафо меҳтарга телеграмм келди, нечук қилмоққа.Мехтар телеграмм берди, сўрағон оқчани бериб ўткариб юбормакка.Урганчлилар сўрағон оқчани бериб қутилиб қолганлар.Ондин Хонқаға киши юбориб, ондин ҳам бир неча минг тилло олған.Ондин ўтиб Хива тарафга юрган.Келиб Пишканик-Ангариқ қишлоғига тушган, йўллар тамом банд бўлғон.Хивага кириш-чиқиш мутлақо тўхтаған.Бир куни Урганч тарафидин қозоқ Иноят бўлишини бир одами Хивағо келиб қолди.Йўлда ёвмут қоровуллари унга дохил қилмоғон эркан.Шундан кейин Муҳаммадвафо мехтар ҳам ўзининг бир хизматкорини қозоқ либоси кийдириб мазкур қозоқ бирлан Урганчга юборган.Йўлда ёвмут қоровуллари уларни тутиб, хон Жунайиднинг ёниғо олиб борғонлар.Хон Жунайид дарҳол отиб ўлдурмакка буйруқ берган.Шундай қилиб, рус аскарлари бор эрди, бир рота пулимётчилар отишиб турдилар.
Махфий қолмасинким, Хиванинг ичинда Муҳаммадвафо мехтар бир неча кўҳна сипоҳийлардин Муҳаммад Солиҳ Оталиқ, Нурилло миробларни тутиб ҳибс қилдириб, ҳибсда ўлдурди.Ангарикдаги Оталиғни ҳовлисига бориб, бир неча одамларни тутиб келиб, дарҳол отиб ўлдурдилар.Охири бир куни Муҳаммадвафо мехтар Муҳаммад Шариф девонбеги хон одамига буюрди ”сан элчи бўлиб хон Жунайидга бориб кел”, деб.
Рус қоровуллардин ўтказиб юбормакка хат берди.Мазкур Машариф девон хон Жунайиднинг ёнига борғон.Элчи бўлғони учун хон Жунайид унга доҳил қилмоғон, ҳамда айтғон, “ушбу ҳибсда ётғон одамларни чиқариб юборсалар, дарҳол ушбу ердан қайтиб кетарман, агар қилмасалар, эртанг оқшом Хиванинг қаъласига кираман”, деган.Муҳаммад Шариф девон келиб Матвафо мехтарга воқеаларни баён қилғон.Муҳаммадвафо меҳтарнинг қаҳри келиб, Муҳаммадшариф девонга дашном бўлғон қилди, ҳам айтди: “ сан бу сўзларни бизларни қўрқитиб ойтурсан”, деб сўкиб юборди.Шунинг бирлан эртанг Муҳаммадвафо меҳтар Колосовский ва хон бирлан маслаҳат қилиб фуқароларнинг қўлинда ҳар нечук ёроғи бўлса ҳукуматга олинсин, деб.Дарҳол Худойназар миршаб фуқароларга жар чекдурди6 “ҳар кимда ёроғ бўлса дарҳол ҳукуматга келтириб топширсин, бўлмаса уйларини қарормиз, агар ёроғ топилса, тамоми молу-мулкини мусодара қилиб, ўзини ўлдурурмиз”, деб.Бу сўзни эшитиб, ҳамма ёвмутлар бирлан отишиб турғон йигитлар ҳам милтиқларини келтириб ҳукуматга топширдилар.Ҳеч кимда ёроғ қолмади.Оқибат ушбу кечада номозшомдан сўнг кўп отишма бўлиб, рус аскарлари ҳам қайтдилар.Шунинг бирлан қаъланинг ичидин ҳам ташқарига қаратиб милтиқ отилғон, аскарлар шундин гумонзода бўлиб қайтғонлар.Колосовскийнинг олдига келганлар.Ушбу вақтда кўп отишма бўлиб, ёвмутлар ҳужум қилиб қаълага кирдилар.Қаълани эса уруғ-уруғ бўлишиб қўйган эканлар, ҳар қайсилари ўз бўлимига келиб эга бўлиб ўлтурдилар.
Муҳаммадвафо меҳтарнинг жойини талон-тарож қилиб олдилар.Ҳам Нуриллабой саройининг олдига келиб, ёпнинг ичидан чиқиб, ҳовлининг олдида турғон пулимётчини отиб ўлдирдилар.Шул оқшом кўп ғайрат қилиб руслар отишиб турдилар.Тонг отғон ҳамон рўйи ҳовлида турғон пулимётни ичкарига хоннинг катта залига киргизуб, ўзлари ҳам тамоми шунда жойлашдилар.Хон, Муҳаммадвафо меҳтар, Абдуллажон ҳам ўз маҳрамлари бирлан ичкари жойда ўлтурдилар.Бизлар сейисхонанинг (отхонанинг-У.Б.) девори тешигидан чиқиб, бир кўҳна харобаға яшириндик.Шунинг бирлан ёвмутлар ҳужум қилиб Нуриллабой саройини олдилар.Дарҳол хонни чикаридан чиқариб, Хон Жунайиднинг олдига келтирганлар.Хон Жунайид Исфандиёрхоннинг гуноҳини ўтиб 36 минг манот олиб, Муҳаммавафо меҳтар, Абдуллажон, Қодирберган маҳрамларни олиб кетиб, Ангариқ дарвозасига олиб бориб, отиб ўлдирганлар.Ондин сўнг тамоми ёвмут аскарлари Колосовскийни олмоқ учун ҳужум қилиб қаъладин чиқмоқчи бўлдилар.Лекин қаъладин чиқиш ҳеч мумкин бўлмади.Ташқарида тўп, пулимёт ҳозир бўлиб турди.Охири ҳибсхонани ич тарафини бузиб, маҳбусларни чиқардилар.Агар шул куни чиқарилмағон тақдирда ўзлари очликдан ўлур эрканлар.Шундай қилиб, икки кун қаълани талон-тарож қилдилар.Мусулмонларда ҳеч бир нимарса қўймадилар.Фақир уч кун Нуриллабой мадрасасида пинҳон бўлиб турдим.
Махфий қолмасинким, Тошкантдин генерал Галкин кўплаб аскар билан йўлга чиқиб эрди, дарёда сув оз бўлғонлиги сабабли кечга қолиб эрди.Февралнинг ўн бешинчисида Хонқага келиб парохотдан чиқиб онда турғон бир рота аскарларни олиб, Паҳлавон ёпнинг ичиндан сап бўлиб кўчадин ўтган.Хон Жунайиднинг йўлга қўйғон қоровуллари рус аскарларини кўриб, қочиб келиб хон Жунайидга хабар қилғонлар.Хон Жунайид буни эшитган ҳамон тайёр бўлиб турғон наҳорларни ҳам ташлаб қочиб кетган.Бошқа ёвмутлар ҳам эшитиб қоча бошладилар.Шул оқшомда тамоми ёвмутлар қочиб кетдилар.Эртанг эрта бирлан маълум бўлди, қаълада ҳеч бир ёвмут қолмади.Бир ёрим йўл одошиб қолғон ёвмутларни қаъланинг одамлари тутиб кела бошладилар.
Ман ҳам мадрасидан чиқиб Нуриллабой саройига келдим.Ҳусинмуҳаммад девонбеги, Сардорбой ҳам Нуриллабойга келиб хонни кўриб чиқдилар.Шул вақтда бир киши келиб маълум қилди, “қаъланинг устинда бир неча ўрислар келиб чақириб турдилар”, деб. Ман бир мулла бирлан бордим, отли казак эркан.Қаъланинг аҳволатини сўради ҳам генерал Галкиннинг келганини баён қилди.
Ман унга жавоб бериб, қаълада бир ёвмут ҳам қолғони йўқ, кеча ҳаммалари қочиб кетдилар, дедим.Ҳусинмамадбей хонга бу воқеани маълум қилди.Хон дарҳол Сардорбойни, мани юборди, ман унинг бирлан қаъладин бир неча мартаба чиқдик, келиб генерал Галкинни кўрдик. Генерал ҳол-аҳвол сўрашиб, эртага хонни кўрмакка борурман, деб бизларни қайтариб юборди.Бизлар келиб хонга буларни маълум қилдик.Шунинг бирлан келган ёвмутларни аскарлар чопиб ўлдурдилар.Мусулмонлар фароғат бўлдилар.Эртанг генерал Галкин келиб хонни кўриб сўзлашиб қайтиб кетди.
Махфий қолмасинким, Тошкантдин чиққан аскарлар кела бошладилар.Бир неча куннинг ичида Хива аскар билан тўлди.Ўрунбург ( Оренбург-У.Б.)нинг бир полк отли казак аскари келиб, ҳамда тўпчилар, пиёдалар, жами олти ярим минг аскар бўлдилар.Галкин аскар саранжоми бирлан машғул бўлди.Шундай қилиб ўн бешинчи март куни ёвмут устига юрди.Хон Жунайид Ғозиободда қарши туриб отишди.Икки-уч соатдин сўнг қочиб кетдилар.Фақат ўрис аскаридин уч-тўрт одам захмдор (ярадор-У.Б.) бўлди.Шунинг бирлан ёвмут ичида киши қолмасдин ҳаммалари қумга юриб, халқдин талон-тарож қилиб олғон нимарсаларини қайтариб олиб, уларга контрибуция оқчалар солди.Қайтиб Хўжаэлига келиб ёвмутларнинг ҳибсдан чиқарғон Авазбой, Муҳаммадбой, Исомаддин эшон ва бир неча бошқаларни хоннинг сўрови бўйича осиб ўлдурдилар.Ондин ўтиб Гурланга келиб, Худойберганбек, Қилич иноқ, Оташ миробларни ҳам осиб ўлдурдилар.Ондин чиқиб Хивага келди.
Махфий қолмасинким,Исфандиёрхон Тошҳовузда пешвоз чиқиб, генерал билан Хивага келди, деб. Галкин полкни Колосовскийга қолдириб, май ойида Тошкантга кетди.Июл-август ойларида Тошкантда рабўччи воқеаси бўлиб қолган.Жиззахда уруш бўлиб кўп мусулмонларни отиб ўлдурдилар.Тошкантда ҳам кўп отишув бўлди.Оқибат генерал Галкинни Руссияга чақирдилар.Тошкантга генерал губернатор бўлиб машҳур генерал Куропаткин келди.Жаҳон муҳорабаси ҳар кун бир ранг олиб турди.1916 йил январ ойи бошида Исфандиёрхон Тошкантга сафар қилди. Ёнида Сойибназар меҳтар, Ҳожимамадбой, Давлатмурод маҳрам бирлан Хиванинг тақдири ҳаққинда аҳднома ёзишиб, Сойибназар меҳтар, Ғожибойларга қўл қўйдириб, меҳтарни Хивага қайтариб юборди.Ўзи Маскав тарафларга саёҳатга кетди.Маскавга бориб, ондин ўтиб Қрим, Ялтага кетган.

3-БЎЛИМ: ”ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ ВА УНИНГ ХОНЛИК ТУЗУМИГА ҚАРШИ КУРАШИ.

    Махфий қолмасинким, жаҳон муҳорабаси кўп узоқ бўлиб фуқаролар жонларидин безор бўлиб, ҳар бир хонада мотам аломатлари бўлиб, Руссия фуқаролари ўлимни ўзларига муқаррар қилиб, Государский Думага мурожаат қилганлар.Государский Думада бўлғон вакиллар қарор қилиб, фуқаролар бирлан бирга ҳужум қилиб, феврал ойинда оқ подшо-Николайни тутиб, министрлари билан ҳибс қилғонлар.Муваққат ҳукумат тузиб Керенскийни передседатель қилиб иш бошлағонлар.Ҳар бир Руссия қаълаларинда инқилоб бўлиб, золим маъмурларини тушириб, ўрнига фуқаролардин ақлли одамлар қўйғонлар.Ондин сўнг Исфандиёрхон Ялтадин қўрқиб қайтмоқчи бўлган.

ДАВОМИ БОР

«Хуршид Даврон кутубхонаси» учун махсус тайёрланди.

056

011
POLVONNYOZHOJINING NOYOB ASARI
Umid BEKMUHAMMAD
033

1936 yil, Xiva. 75 yoshli Polvonniyoz hoji Yusupov keksaligi, biroz xastaligi bois vafot etdi.Uning vafoti to’g’risidagi xabar telegraf orqali tezlikda Toshkentdagi partiya va hukumat rahbarlariga yetkazildi. Chunki vafot etgan banda, xivalik oddiy qariya emas, o’z davrida Xorazm tarixi, taqdirida muhim rol o’ynagan inson bo’lgandi.Qolaversa, O’zbekiston xalq komissarlari sovetining raisi Fayzulla Xo’jaev bilan Polvonniyoz hoji olis xonlik davridan tanishedilar.O’zkompartiya rahbari Akmal Ikromov esa Polvonniyoz hoji bilan Xorazmga kelganida bir necha bor uchrashib, suhbatini olgandi.
Ha, Polvonniyoz hojini nafaqat ana shu O’zbekiston rahbarlari, balki Moskvadagi ko’plab davlat arboblariyam tanir, faoliyatini yaxshi bilardilar. Chunki, Polvonniyoz Hoji Yusupov Xiva xonligiga qarshi kurashgan “Yosh xivaliklar” partiyasining rahbari , xonlik tugatilishida o’z hissasini qo’shgan, XXR ning esa 1-qurultoyida saylangan ilk hukumat rahbari bo’lgandi.
Albatta ana shunday faoliyat ko’rsatgan shaxs 1937-38 yildan oldin, o’z ajali bilan tug’ilgan yurti Xivada vafot etib, dafn qilindi.Biroq taqdir unga yana bir yil yashashni in’om etganida, keksaligiga qaramay qatag’on domiga ilinib ketardi.Chunki, 1937-38 yillardagi “Katta terror” davrida Polvonniyoz hojining safdoshlaridan Xudoybergan Devonov ( 1879-1938), Nazir Sholikarov (1881-1938) va boshqalar qatag’on qurboni bo’lib, mash’um Yunusoboddagi qatlgohda otilib ketishgandi.
Ha, taqdir Polvonniyoz hojiga katta in’om ko’rsatdi-o’z ajali bilan tug’ilgan yurtida, o’z uyida vafot etdi…
… Polvonniyoz Yusupov 1861 yili Xivada- savdogar oilasida tug’ilgan bo’lib, 10 yoshigacha ota-onasi qaramog’ida voyaga yetgan.Afsuski, 1871 yillarda ota-onasi vafot etgach amakisi Yusufboy uni o’z tarbiyasiga oladi.Amakisi Yusufboy uni Xivadagi maktabda o’qib savod chiqarishiga, o’zi kabi savdogarchilik ilmini egallashiga imkon yaratadi.Savdogarchilikga ixlos qo’ygan Polyoz (Xorazmda uni odatdagidek ismini qisqartirib atashgan) amakisi bilan 1877 yili Rossiyaga, 1904-05 yillarda Eron, Turkiya, Misr, Suriya va Arabistonga safar qiladi.Makka va Madina shaharlarini ziyorat qilib Xorazmga Polyozhoji sifatida qaytib keladi.
Polyozhoji savdogarchilik orqali shiddatli ravishda o’zgarib borayotgan davr yangiliklaridan bahra oladi.Rus, fors, arab tillarini o’rganadi.O’z davrining ilg’or ziyolisi sifatida Rossiya, Turkiyada nashr etilib turgan gazeta-jurnallarni o’qishni odat qiladi.Turli davlatlarda ko’rgan-kuzatganlari, o’qib o’rganganlari asosida ilg’or, taraqqiyparvar fikrlar bilan tanishadi.Uni ayniqsa Ismoil Gasprinskiyning jadidchilik g’oyalari o’ziga tortadi.
Ayni paytda savdogarchilik ortidan Xivada yetuk sarmoyador, qolaversa hoji sifatida o’ziga yarasha obro’-e’tibor topadi. Xiva xoni saroyidagi amaldorlar orasidan ham o’ziga maslakdoshlar topadi.Polyozhojini o’ziga yaqin olgan amaldorlar orasida yirik mulkdor, devonbegilar sulolasiga mansub Husaynbek Matmurodov bor edi.
1912 yilda Xiva xoni Isfandiyorxon Rossiya va Kavkazga safar qilarkan, Husaynbekni, shu jumladan Matmurodovga sarkotib sifatida Polyozhojini ham o’z safardoshlari qatoriga qo’shadi.
1913-14 yillarda Isfandiyorxon saroyida avj olgan turli guruhbozlik tufayli xonlikda ziddiyatli voqealar avj olib ketadi.Taraqqiyparvar bosh vazir , xonlikda juda katta islohotlarni boshlab yuborgan Islomxo’ja 1913 yil avgustida o’ldiriladi…
Isfandiyorxon turli guruhbozlar ig’vosiga berilib o’z amaldorlari fitnasi girdobiga tushib qoladi.Natijada 1904-05 yillarda shakllana boshlagan, odatda o’z do’kon, uylaridagi ziyofatlarda birika boshlagan mulkdor, savdogarlardan iborat qatlam, 1910-14 yillarda manfaatlar guruhi sifatida to’plandi.1917 yilga kelib siyosiy jarayonlarning kuchayishi, Peterburgdagi imperatorning taxtdan qulatilishi, vaqtli hukumat bergan erkinliklar, qolaversa 1-jahon urushi bo’lib turgan vaziyatdagi boshboshdoqlik tufayli, mustamlaka xonlik Xivadayam muxolifat siyosiy kuch sifatida namoyon bo’la boshladi.Ana shu siyosiy kuchni yuzaga keltirganlar safida Husaynbek Matmurodov, Nazir Sholikarov, Bobooxun Salimovlar qatorida Polyozhoji Yusupov ham bor edi.
Ana shu siyosiy kuch 1917 yil 5 aprelida Xorazm tarixida ilk bor xalqni namoyishga chorlab, Isfandiyorxon saroyida uni manifest imzolashga, idorai marshrutiya –parlamentar kengash tuzishga majbur qiladi. O’sha
yilning kuzida tashkil etilgan kengash Isfandiyorxon va uning mutttassib amaldorlari tomonidan tarqatib yuborilgach, yuqoridagi shaxslar (Husaynbekdan tashqari) turli shaharlarga boshpana izlab, siyosiy qochoq sifatida ketishga majbur
bo’ladi.

Natijada o’zlarini “Yosh xivaliklar” deya atagan guruhning Toshkent, To’rtko’l shaharlarida inqilobiy qo’mitalari yuzaga kela boshlaydi.Shu tariqa Polyozhoji Yusupov ham 1918-20 yillarda Toshkentda muhojir sifatida yashashga majbur bo’ladi.Bu davrda u Toshkentdan o’zlari kabi boshpana topgan “Yosh buxoroliklar” va boshqa taraqqiyparvar kishilar bilan tanishadi.Qolaversa Toshkentda o’tgan 2 yil tariximizdagi eng siyosiy voqealarga qaynoq, shiddatli va ziddiyatli voqealarga boy davr edi.
Ana shunday voqealar silsilasida Polyozhoji va uning safdoshlari fikrlari yanada qa’tiylashdi.”Yosh xivaliklar” partiyai 1918 yil 5 iyunda o’z dasturi, tuzilish, muhriga ega bo’lgan rasmiy tashkilot sifatida to’la shakllandi. Ular dunyoqarashining shakllanishi va tadrijiy rivojlanishida xonlikdagi mavjud ijtimoiy-siyosiy tuzum, Turkiya, Eron, Rossiya va Turkistondagi siyosiy o’zgarishlar, 1917 yil noyabr, 1918 yil yanvaridagi Qo’qon voqealari, o’lkada kechgan siyosiy o’zgarishlar ob’ektiv sharoit sifatida katta ta’sir ko’rsatdi.Shu bilan birga rus inqilobchilari, soldat sho’rolari, Turkistondagi mahalliy inqilobchilar ta’siri sub’ektiv omil sifatida katta rol` o’ynadi.
Ana shu tashkilot va uning maslakdoshlari 1918 yil oktyabrida Isfandiyorxonning fitna tufayli o’ldirilishi, 1920 yil Said Abdullaxonning taxtdan qulatilishiga sabab bo’lishdi.Bol`sheviklar madadiga tayanib
XXRni tashkil etgan ham, uning ilk rahbarlariyam Polyozhoji va safdoshlari edi.

09

1920 yil aprelidagi XXRning 1-qurultoyida shu bois Polvonnyozhoji Yusupov hukumat boshlig’i qilib saylangan.Ammo milliy va mustaqil siyosat yurgiza boshlagan P.Yusupov hukumati RSFSRning Xorazmdagi vakillari, shovinist shaxslarga yoqmadi. Natijada 1921 yil martida Polyozhoji va uning hukumat nozirlari majburiy ravishda ishdan olinadi, o’zlari badnom qilinadi.Polyozhoji va ba’zi safdoshlari qochib yashirinishga majbur bo’ladi.
Garchi Polyozhoji keyinchalik Otamaxzumoxun Muhammadrahimov hukumat raisligiga kelgan paytda “oqlanib” yana XXSRning moliya, soliq ishlarida faoliyat yurita boshlasada, butunlay siyosatdan chekinishga harakat
qiladi.Zero, kuchlar nisbati RSFSRning shovinist arboblari qo’liga butunlay o’tib ketgandi.

Xullas, 1924-25 yillar voqealaridan keyin Polyozhoji Xiva muzeyida oddiy xodim sifatida ishlaydi, voqealarning borishini kuzatib boradi.
Xastalik, keksalik bois 1936 yilda vafot etadi.
Tabiiyki,o’z davrining ilg’or ziyolisi, doimiy ravishda gazet-jurnallarga oshnolik, qolaversa siyosiy voqealarning “qaynoq” jarayonida kechgan umr sabab, u tarixning jonli guvohi sifatida kundalik yozishni odat qilgandi.Xiva muzeyidagi sokin hayot uni kundaliklar asosida xotiralar yozishga undaydi.
Natijada e’tiboringizga havola qilinayotgan xotiralar 1926 yilda yuzaga keladi.Arab alifbosida bitilgan Polyozhojining xotiralari 644 betdan iborat bo’lib, unda muallif o’zi ko’rgan, kuzatgan, o’zi boshidan kechirgan Xorazmdagi, shuningdek Turkiston o’lkasidagi voqelikni qalamga oladi.
Katta hajmli asar asosan kundalik daftar asosida yozilgani bois, unga biron nom, mavzu, bo’lim, bob qo’yilmagan.Polyozhojining asaridagi voqealar asosan 1910-25 yillarda kechgan jarayonlardir.
Ma’lumki, Xorazm tarixnavisligida Beruniy, O’tamish hoji, Abulg’ozi, Munis, Ogahiy, Bayoniy, Bobojon Tarrohlar vohada kechgan voqealar silsilasini o’z asarlarida yoritib, kelajak avlod uchun katta ma’naviy meros, moziy ilmini egallashdagi muhim manbani esdalik sifatida qoldirishgan.Polvonniyozhoji Yusupovning ushbu xotiralari ham ana shunday asarlar sirasidagi asarlardan hisoblanadi.
Xotiralar shu boisdan ham o’z davrida, hali Polyozhoji hayotligidayoq ko’pchilik ilmli insonlar e’tiborini tortgan.Shu boisdan Polyozhojini yaqindan bilgan,Xorazmda kechgan so’nggi jarayonlar ishtirokchisi, rus adibi Boris Cheprunov (1891-1938) “Xotiralar”ni rus tiliga tarjima qilgandi. Rus tiliga tarjima qilingan nusxa hajmi mashinkada 256 sahifadan iborat.Bir necha nusxada bosilgan nusxalar Cheprunov tomonidan sobiq MLI ( marksizm leninzm instituti)ning O’zbekiston filiali partiya arxivi qo’lyozmalar fondiga, O’ZFA Qoraqalpog’iston filiali kutubxonasiga ( 14-fond, 2-ish ) yuborilgan.
Cheprunovning ushbu tarjima nusxasidan Xorazmning 20 asrdagi birinchi choragiga doir asarlar yozgan ko’plab tadqiqotchilari foydalanishgan.Bularga G.Nepesov ( “Iz istorii Xorezmskioy revolyutsii”, T, “Uzbekiston” 1962 ), K.Muhammadberdiev ( “Istoriya Xorezmskoy revolyutsii” , T, “Fan”, 1986), I.V.Pogorel`skiy ( “istoriya Xivinskoy revolyutsii i Xorezmskoy Narodnoy Sovetskoy Respubliki” L, “Universitet, 1984)” N.Qalandarov ( “ Obrazovanie i deyatelnost` XKP”, T, “Uzbekiston”, 1975) larni va ularning yaratgan shu va boshqa tadqiqot ishlarini ko’rsatish mumkin.
Afsuski, ularning va boshqa mualliflarning asarlarida ko’p yillargacha Polyozhoji Yusupov nomi ko’rsatilmay kelindi.Chunki sho’ro mafkurasi Polvonniyoz hoji Yusupovni va u boshchilik qilgan hukumatni “milliy burjua hukumati” deya atab badnom qilib kelardi.Shu bois yuqoridagi va shu mavzuga doir asarlarda Polvonniyoz hoji Yusupovning faoliyati to’la yoritilmay, faqatgina Yusupov hukumati deya cheklangan, biryoqlama tarzdagi ma’lumot bilan kifoyalanib kelindi.
Vaholanki o’z davridayoq Polvonniyoz hoji Yusupov va ularning “inqilobiy faoliyati” , hukumati to’g’risida K.Xromix ( “Sozdanie fronta v Sredney Azii. Xorezmskaya respublika” ( Voennaya misl`”, 1920, 3 1, str 7) G.B.Skalov ( “Xivinskaya revolyutsiya 1920 goda”, “Noviy Vostok”, 1923, № 4, str 250), A.Vinogradova ( Xorezmskaya Sovetskaya Narodnaya Respublika” , “Jizn` natsional`nostey”, 1923, Kn.1, str 183)larning maqolalari yaratilgandi.
Stalin hukmronligi davriga kelib esa XXR va uning arboblari to’g’risida faqat bir yoqlama asarlar yaratish an’anasi paydo bo’lib, keyingi davrdayam bu an’ana shu mafkuraviy asosda davom etib keldi.
Faqatgina Xrushchyov yaratgan “iliqlik”, qatag’on qurbonlarining oqlana boshlashidan so’nggina Polyozhoji va uning safdoshlari to’g’risidagi ayrim ta’kidlar paydo bo’la boshladi.X.Devonov, N.Sholikarovlar oqlangan bo’lsa, Polvonniyoz hojining yaratgan memuari to’g’risidagi ilk maqola M.X.Aliakberov tomonidan ( “Obshestvenie nauka v Uzbekistane” jurnali, 1968 yil 2-son) yozildi.
Ana shundan so’ng to istiqlol davrigacha Polyozhoji Yusupov va uning faoliyati to’g’risidagi bironta haqqoniy kitob tugul, maqolayam yoritilmadi.Faqatgina istiqloldan so’ng, “Turkiston” gazetasining 1992 yil 14-15 fevral sonlarida “ Otilganlar va sotilganlar “ ( mualliflar Ro’zimboy Hasan va Abdulla Abdurasulov) maqolasi chop etilib, unda X.Devonov, N.Sholikarov, B.Salimovlar qatorida Polyozhoji faoliyati qisqa bo’lsada yoritib o’tildi.
Istiqlol bergan imkoniyatdan foydalanib, tarixshunoslikdagi shu davrga oid bo’shliqni to’ldirish, tarixni haqqoniy va xolis yoritish bo’yicha tashlangan ilk qadam Maqsud Matkarimovga tegishli bo’ldi. Iqtisod fanlari nomzodi, dotsent M.Matkarimov 1993 yilda “Xorazm” nashriyotida “Xorazm respublikasi: davlat tuzilishi, nozirlari va iqtisodi” deya nomlangan kitobini chop etdirdi.Ushbu asarda ilk bora XXR faoliyati, nozirlari olib borgan siyosat haqqoniy yoritilib, Polyozhoji faoliyati ham qalamga olib o’tilgandi.
1999 yilda esa tarix fanlari nomzodi, professor Matyoqub Matniyozov tomonidan “Polvonniyoz hoji Yusupov va uning “Xotiralari” haqida”gi maqola yaratildi.
2007 yilda esa O.Qo’shjonov va N.Polvonovlar tomonidan “Xorazmdagi ijtimoiy siyosiy jarayonlar va harakatlar”, 2011 yilda esa O’ZMU dotsenti, tarix fanlari nomzodi Ne’matjon Polvonov tomonidan “Xorazmdagi ijtimoiy harakatlar va siyosiy partiyalar tarixi” ( 1900-1924) deya nomlangan, mavzu haqqoniy yoritilgan monografiya chop etildi.
Xullas, istiqlol sharofati boisgina Polvonniyoz Hoji Yusupov va XXR hukumati, nozirlari, ularning faoliyatini yoritish keng ko’lamda, xolislik asosida amalga oshirildi.
Eng asosiysi Polvonniyoz Hoji Yusupovning “ nabirasi Anvar Otaboevda saqlanib kelingan “Xotiralari” 1995-98 yillar davomida Bolta Davletov, Baxtiyor Otajonovlar tomonidan arab alifbosidan kirilchaga aylantirildi.
Ma’lumki, Bolta Davletov Bodil taxallusi bilan tanilgan shoir, Xonqa, Xiva tumanlari birinchi kotibi, Xorazm viloyat ijroqo’mi raisi, obkom kotibi bo’lib ishlagan rahbar, ziyoli inson edilar.Bolta Davletovning o’g’li, kinorejisyor Soliy Davletov Polyozhojining asarini arab alifbosidan kirilchaga aylantirish jarayoni haqida shunday deydi:
— Asli mullalar avlodidan bo’lmish Baxtiyor Otajonov har gal xonadonimizga kelib, katta hajmli qo’lyozmani erinmay, mashaqqatlar asosida kirilchaga aylantirishdi. Tushunmovchilik tug’dirgan so’zlarni qo’shnimiz, professor Otanazar Madrahimovdan so’rab surishtirishardi. Xotiralarni chop etish tashabbuskori ham otam bilan birga Otanazar aka edi desa bo’ladi. Mashhur san’atkor Sheroziyning farzandi bo’lmish Otanazar aka g’oyatda ilmli inson bo’lib, Polyozhojining asari g’oyatda sifatli, Devonov tushirgan rasmlar asosida nashr etilish tarafdori edi…
Xullas,bir necha yillik mashaqqatli mehnatlar natijasida Bolta Davletov va Baxtiyor Otajonovlar sa’yi harakati,Anvar Otaboevning intilishlari sabab “Xotiralar”ning kirilcha varianti yuzaga keldi.
Yuzaga kelgan ushbu asarni biz Qoraqalpog’istonda saqlanayotgan ruscha variantga taqqoslab chiqdik.”Xotiralar” ning boshlanish qismidagi va so’ngidagi milliy tarixnavisligimizga xos yaratganga bag’ishlangan madhu sanolarni , ba’zi voqealarni esa qisqartirishni ma’qul topdik.
Polyozhoji Yusupov 25 yillik voqealarni yoritish jarayonida voqealarning jonli guvohi sifatida asarga qo’l urarkan, ayrim hodisalarni qisqa, ba’zilarni qoldirib tasvirlagan bo’lishi mumkin.Ammo u 20 asrdagi Xorazm tarixining chorak asrini o’quvchi ko’z oldida gavdalantira olishga erishgan.
Asar 1926 yilda, sho’ro mafkurasi kuchga to’la boshlagan paytda yozilgani uchun ayrim voqealar, masalan 1924 yildagi Qalandar Odinaevdek jasoratli arbob,XXR rahbarining faoliyatiga qisqa to’xtalgan.Shuningdek, 1920 yil kuzida Xivada yashirincha to’rt oycha bo’lgan Zakiy Validiy to’g’risidayam biron satr yozib o’tmagan.Vaholanki, Mulla Bekjon, Xudoybergan Devonov, Polyozhoji Yusupovlar har kuni, Zakiy Validiy bilan borayotgan jarayon, kelajak istiqbollari to’g’risida suhbat qurishgan.Oradan vaqt o’tib Zakiy Validiyning 1969 yilda Istambulda chop etilgan “Xotiralari”da bu suhbatlar qisqacha bo’lsada yoritib o’tildi.Shuningdek, 1937 yilda qamoqqa olingan Polyozhojining safdoshi Nazir Sholikarovning tergov ko’rsatmalarida Zakiy Validiyning Xivada kechirgan hayoti aks etgan.
Asarning yana bir qimmatli tomoni unda Bobooxun Salimovning Rossiyaga qilgan safari, Kremlda Lenin, Chicherin, Karaxan, Broydolar bilan olib borilgan muzokaralar, XXR va RSFSR o’rtasidagi shartnomaning aks etdirilganidir.Polyozhoji XXR rahbari, qolaversa Bobooxunning do’sti bo’lganidan delegatsiya rahbarining safarnomasi unga taqdim qilingandi.
Shu o’rinda balki Bobooxun Salimovdek xonlik davrida qozikalon, XXR davrida nozir bo’lgan shaxs ham faqat sayohatnoma emas, Polyozhojiga o’xshash o’z boshidan kechirgan “Xotiralar” yozgandir, degan taxmin ham paydo
bo’ldi.Xudoybergan Devonovlar sulolasiga mansub 74 yoshli Abdulla Yusupovning so’zlariga ko’ra, u 1983 yilda Qorqalpog’istonda yashovchi Bobooxunning o’g’li Soataddin buvaning uyida bo’lgan.O’shandagi suhbat chog’ida hajmi ancha katta, arab alifbosidagi Bobooxunning qo’lyozmasini u A.Yusupovga ko’rsatgan.Abdulla Yusupov arab alifbosini yaxshi bilganidan Bobooxunning yozganlarini o’qib ko’rgan.Unda Bobooxunning Lenin bilan uchrashganiga oid tafsilotga qiziqib, shu mavzugagina ko’z yugurtirgan.

-Hozir oradan ancha yillar o’tib katta hajmli asar Bobooxun boshidan kechirgan xotiralarmidi, yoki Polyozhoji “Xotiralari”ga kiritilgan safarnomamidi, eslolmayman.Afsuski, Soataddin buva ham olamdan o’tib ketdi,-deydi Abdulla ota.
Menim Gurlanlik Bobooxun avlodlaridan surishtiruvim va ularning Qorqalpog’istondagi izlanishlariga ko’ra, Abdulla Yusupov ko’zdan kechirgan qo’lyozma saqlanmagan.Afsus..
Shu o’rinda Polyozhoji “Xotiralari” kabi Xorazm tarixiga doir yaratilgan qo’lyozmalar ko’pchilikni tashkil etishini aytib o’tish kerak. Masalan Muhammad Yoqub Axangarovning “Xorazm tarixi “ materiallari”, Jumaniyoz hoji Boboniyozovning “Xiva inqilobiy harakati tarixiga oid materiallar” , Hasan Madaminovning “Xiva xonligi tarixidan lavhalar” (1910-13 yillar), Abdulla Boltaevning 85 daftardan iborat, qariyib 50 jildni tashkil etuvchi, hozirgacha umuman chop etilmagan, judayam noyob, voqealar xolislik asosida yoritilgan asarlari, Bobojon Safarovning “Xorazm tarixi”,Matyoqub Otajonovning “ Xorazmni o’rganish uchun materiallar” shular jumlasidan.Ushbu qo’lyozmalar Xorazmning 20 asrning birinchi choragiga doir voqealar yoritilgan, manbalarni bir-biriga taqqoslab o’rganuvchi asarlar hisoblanadi.Qolaversa, mualliflarning ayrimlari aynan shu davrda Xorazmda rahbarlik vazifasida , ba’zilari voqealarning jonli guvohi sifatida ko’rgan kechirganlarini qog’ozga tushirgan ziyoli shaxslardir.
Ularning ayrimlarini nashrga tayyorlash bo’yicha hozirda ishni boshlab yuborganmiz.Hozircha esa Xorazm tarixnavisligidagi eng noyob asarlardan biri-Polvonniyoz Hoji Yusupovning “Xotiralari”ni e’tiboringizga havola qilamiz.
Muallif asarga sarlavha qo’ymaganligi, bo’limlarga ajratmaganligi uchun, mavzu mohiyatidan kelib chiqib, uni “ Yosh xivaliklar harakati: quvonchlar, iztiroblar, fojialar” deya nomlashni, turli bo’limlarga ajratishni ma’qulko’rdik.
Asarni noyob mulk sifatida saqlagan Anvar Otaboevga, arabchadan kirilchaga aylantirgan marhum Bolta Davletovga,Baxtiyor Otajonovga,ularga ko’makdoshlik qilgan marhum professor Otanazar Madrahimovga, o’z qimmatli maslahatlarini bergan Matyoqub Matniyozov, Soliy Davletov, Abdulla Yusupovlarga minnatdorchilik bildirib qolamiz.

09

POLVONNIYOZHOJI YUSUPOV
“YOSH XIVALIKLAR” HARAKATI:
QUVONCHLAR, IZTIROBLAR, FOJIALAR
Nashrga tayyorlovchi va izohlar muallifi: Umid BEKMUHAMMAD
033

1-BO’LIM
XIVA XONI MUHAMMAD RAHIMXON SONIYNING VAFOTI
VA O’G’LI ISFANDIYORNING XIVA XONLIGI TAXTIGA KO’TARILISHI

89Isfandiyorxon ibni Muhammad Rahimxoniy soniy ibni Sayid Muhammadxon ibni Muhammad Rahimxon ibni Avaz inoq ibn Muhammad Amin inoq ibni Eshmuhammadbiy bo’lgan.Bularning katta bobolari Umboy degan qo’ng’irotlik bir yigit bo’lgan.
Voqea shunday bo’lgan: Arabxonning 9 o’g’li bo’lgan.Shundan ikki o’g’li otasiga yog’iy bo’lib, urush bo’lgan.Mazkur ikki o’g’li Arabxonni aldab asir olgan.Abulg’ozixon yosh bo’lgan, qochib ketgan.Yo’lda oti surnigib ( qoqilib-U.B.) yiqilgan.Abulg’ozixon shunda sarosimada bo’lib, jondin umidini uzib turgan vaqtida ushbu bayon etilayotgan qo’ng’irot yigiti otini berib, qochirib yuborgan.Abulg’ozixon daryodin o’tib, ushbu balodin qutilgan.Shuning birlan Eron taraflariga asir bo’lib, shulardin xalos bo’lib Xorazmga kelib xon bo’lgan.
Yuqorida bayon qilingan Umboy degan qo’ng’irot yigitini topib, o’ziga inoq qilib yonida saqlagan.
Maxfiy qolmasinkim, Abulg’ozixonning o’zi yozgan mukammal tarixi bor turur ( “Shajarayi turk” asari nazarda tutilayapti-U.B.)Hatto shul tarix Ovro’pa tillariga ham tarjima qilingan.Mashhur tarixi asar turur.
Endi keldik muddaoga, Muhammad Rahimxon soniy palij (falaj-insul`t-U.B.) kasaliga mubtalo bo’lib to’qqiz oydan so’ng dunyodin o’tdi.
Isfandiyor valiahd edi.1329 hijriy, milodiy 1910 yilda To’rtko’ldagi general Kushnov eski Xivaga kelib marhum xonni dafn qilib, Isfandiyor to’rani xon qildi.Islomxo’janing ko’rsatmasi bilan tamomi shahar va qishloq oqsoqollari, mulla va fuqarolari kelib bayt qila boshladilar (ya’ni tabriklay boshladilar-U.B.).
Ondin so’ng xon otasidan qolgan sipohi ( harbiy-U.B.)-ulamolarni ba’zisini gumol, ba’zisini nasab qilib ( nasabini, kelib chiqishini e’tirof qilib, kimgadir mansab berib, taqdirlab -U.B.) bir necha vaqt o’tkazdi.
1912 yilda Peterburgga safar qilmoqchi bo’lib oq podshoh va ministrlarga hadyalar qila boshladi.Ham o’zi birlan olib ketaturgan sipahiylarni nomzod qilib qo’ydi.Bosh vazir Islomxo’ja, Husinbek Devonbegi (
Matmurodov-U.B.), Karvonboshi (Matvafo Baqqolov-U.B.), Hojiboy (Aminaddinov-U.B.),Yaxshimurodboy, Abdurahmonboy,Solihboy, Mamat Mahram, Ota Mahram, Muhammad Yoqubboy, Tolibxo’ja,Ashur mahram,Sayyid Mahmud va boshqa shularga yaqin odamlar birlan Peterburgga safar qildi.Faqir ham shul safarda Husayinbekning yonida sarkotib bo’lib, hamroh erdim.Moskvada ham turmasdan to’g’ri Peterburgga borib, oq podshohning qishki saroyiga tushdik.Oq podshohni ko’rib ham tamomi ministrlarga hadyalar ulashturib turildi.

Maxfiy qolmasinkim,xonning oldida xizmatga general Sel`,polkovnik Kurov,ham Voloshin deganlarni qo’ydilar.Tarjimonlikka Toshkentdin Baxtig’ani Ilkin, tarjimonlikka Kanazalkin askarlarini qo’shib erdilar.Peterburgga borganda mashhur tarjimon Sulton Isfandiyorov ham kelib hamroh bo’ldi.Yaxshi tomosho va yaxshi ziyofatlar bo’ldi.

022

Oqpodshoh tarafidin xonga generallik rutbasi berdilar.Husinbekka polkovniklik,Islomxo’ja va Muhammad Vafo Karvonboshiga ham katta yulduz nishonlarini berdilar.Boshqa hamma xizmatkorlar, mahramlarga oltin, kumush soatlar berdilar.Shuning birlan 13 kun turib, Kavkazga bormoqchi bo’lib, ruxsat olib ekstrenniy poezd bilan chiqdilar ham kelib Pyatigorskka tushdilar.Xon uchun alohida bir yaxshi joy tayyor qilgan erkanlar.Xizmatkorlar ushbu joyning oldidagi mehmonxonaga joylashdilar.Shunda xon 6 kun turdi. Shul o’rtada Kislovodsk, Yesentukilarni tomosha qildik.Kavkazning ushbu bayon bo’lgan yerlarida har turli kasalga foydali ma’dan suvlari bor turur.Har yilda olti oy har turli kasalga mubtalo bo’lgan odamlar kelib davoi qildirub sihat bo’lib qaytadilar.
Shul vaqtlarda har yerda birinchilikni qozongan doktorlar bo’lsa shunda kelurlar.Hatto Ovro’padin ham yaxshi doktorlar kelurlar.Doktorlar turli kasallarni ma’dan suvlari birlan davoladilar.
Kavkazda ko’p ajoyib joylar bor turur va havosi ko’p yaxshi erur.Kasal odam davoi qilmasdin bir necha vaqt tursa ham o’z-o’zidan sihat bo’lur.Bir necha kundin so’ng xon yonida bo’lgan sipohiylar birlan Xivaga qaytmoqchi bo’ldi. Bosh vazir Islomxo’ja kasal erdi.O’ziga davoi qildirmoq uchun doktorlarning maslahatlari birlan qolmoqqa qaror qildi.
Maxfiy qolmasinkim, ushbu bir necha kun turganda Isfandiyorxon Kavkaz go’zallarini keltirib, har oqshomda xususiy bazm qilib, go’zallarga ko’p nimarsalar-brilyont, isirg’a, oqchalar berib turdi.
Shunday qilib xon Moskavga qarab yo’lga chiqdi.Bosh vazir Islomxo’ja Pyatigorskiyda qoldi.Man Otajon mahram birlan uning oldiga kirib xo’shlashdik. Islomxo’ja yig’lab aytdi:
-Hoji, mani duodin faromush qilmanglar, man sizlardin hamisha duo umidvorman,-dedi.
Bizlar ham yig’lashib yo’lga ravona bo’ldik.Yo’lda bir oqshom qo’nib, Moskavga keldik.Maskavda qishki arkga tushurdilar.Maskavdagi kattalar peshvoz chiqib kutib oldilar.Bir necha kun Maskavda kattalar peshvoz chiqib kutib oldilar.Bir necha kun Maskavda kayfu-safo qilib Xivaga qarab qaytdilar.Bir necha kun yurib Chorjavga kelib paroxodga chiqdilar.Xivadin bosh vazir Islomxo’janing odami Bobojon qatog’on degan kelib erkan, paroxodda o’z yoniga chaqirib tamomi Xivadin xabarlar so’rab, sarpolar berib yubordi.Paroxod harakat qilib Xiva tarafga yurdi.Uchlanchi kuni Xonqa guzaridin chiqib, Xivaga ravona bo’ldi. Xonqada choy ichib o’tib Xivaga kelib tushib farohat bo’ldik.

2-BO’LIM
ISFANDIYORXON SAROYIDAGI ZIDDIYATLAR.
XONNING ISLOHOTCHI HURRIYATPARVARLARGA QARSHI SIYOSATI

Isfandiyor Kavkazda dam olib kelgandin so’ng, o’z sipohiylari haqinda makruh hiyla qila boshladi.Shuning uchunkim, hozirdag’i bo’lib turg’on sipohiylar bo’lsa Muhammad Rahimxondin qolg’on odamlar bo’lib, ( ya’ni otasi Feruzxon davridagi amaldorlar avlodi—U.B.), devonbegi avlodi (Matmurod devonbegining farzandlari-U.B.), ham xo’ja avlodi (Ibrohimxo’ja avlodi-U.B.), mehtar ( Soyibnazar mehtar avlodi-U.B.) qushbegi avlodidurlar.Bular o’rtada turg’on vaqtlarda o’zining oldidagi behuda odamlari (ya’ni Isfandiyorning yoshlikdan yonida bo’lgan amaldorlar-U.B.) hech bir ishga yaramas turur, ham alar oldida hech bir e’tibori yo’q turur.Shuning uchun Xivada yonida bo’lg’on sipohiylarni shunday ig’vo qildi: “ bosh vazir Islomxo’ja tamomi ishlarni o’z qo’liga olib, hatto manga ham ixtiyor bermas turur.Shunga sizlar nechuk rozilik qilursizlar? degan so’ziga xonning bu hiylalaridan bexabar soddadil sipohiylari darhol birga jamlashib Islomxo’jadin shikoyat qilganlar.Onda xon aytgan:
-Sizlar maqsadlaringizni ariza xat qilib hammalaringiz ittifoq bo’lib muhr qilib keltiringlar,-deb.( ya’ni Isfandiyorxon o’z qaynotasi bosh vazir Islomxo’jaga qarshi bo’lgan guruhbozlarni yanada jipslashtirib, niyatlarini qog’ozda aks etdirib hujjatlashtirishni istagan-U.B.).
Bular darhol boshliq xonning qaynotasi Naqib eshon, Ibrohimxo’ja, Soyibnazar mehtar, Husinmamat Devonbegi, Shixnazar yasovulboshi, Sardorboy, Muhammad Soli otaliq, Nurilla mirob va boshqalar xonga bir ariza yozg’onlar.Tamomi Islomxo’jani yomonlab ham so’raganlar:-Islomxo’jani hukumatdin chiqarib yubormakni.
034 Xon ushbu arizani olib qo’yg’on ham bularni har kunda ig’volar qilib Islomxo’ja bilan dushman qilg’on. Shuning birlan bir necha kunlar o’tib ketdi.
Bir kuni Islomxo’ja Kavkazdin sog’-salomat qaytib keldi.Xon esa avvalgi odati bo’yicha sipohiylarni ig’vo qilib urushtira boshladi.Soddadil sipohiylar xonning bu hiylasini anglamasdin Islomxo’jaga qarshilik qila boshladilar.
Maxfiy qolmasinkim, Isfandiyorxon Islomxo’janing bir qiziga ( ismi Azizaposhsha bika bo’lgan-U.B.) uylangandi.Islomxo’ja qizining jihoziga ko’p zaru-javohirlar, matolar sarf qildi. Shuning birlan Islomxo’jani agpol qilib yuridi. Ham o’g’li Temurg’ozi to’raga (Isfandiyorxonning o’g’li-U.B.) sunnat to’yi qilmoqchi bo’lib Islomxo’jaga to’y sarpolari buyurdi.Saddroyi to’y (hashamdor-U.B.) uchun ko’p hozirliklar qilib sunnat to’yini tamom qildilar. Islomxo’ja bu narsalarni o’z mahrami Rahimbergan mahramga buyurdi.Va yana Nurillaboy ( xonning bog’-hovlisi-U.B.)da Ovro’pa usulinda bir joy soldirmoqchi bo’lib Islomxo’jaga buyurdi.Islomxo’ja asboblarini Russiyadin oldirib, yaxshi ustalar hozir qilib, mazkur Rahimbergan mahramni soyibkor qilib itmomiga (nihoyasiga-U.B.) yetkazdi.Ha, ushbu yilda pochtaxona, ko’priklar, kasalxonalar uchun ko’p hozirliklar ko’rildi.
Maxfiy qolmasinkim, xon Peterburgga borganda podsho valiahdi bo’lg’on bolasini ko’rganda 10000 ming manot xayriyat qilmoqchi bo’ldi.Shul bayon bo’lg’on xayriyatni Islomxo’ja valiahd Aleksey Nikolaevich ismiga Xivada kasalxonaochmoq deb e’lon qildi.Alhosil Islomxo’ja mamlakatni taraqqiy qilmoqqa g’ayrat qildi.Bir necha usuli jadid maktablar ochdi.Mamlakatdin mavjud bo’lg’on oqchalarni mamlakat xalqining foydasiga sarf qilmoqqa kirishdi.Ham bayon bo’lg’on ishlarni ( ya’ni islohot dasturini-U.B.) ishlamakka boshladi.Ham Ovro’pa usulinda mahbusxona soldirdi.Ushbu yil Xorazmda ekinlar yomon bo’ldi.Darhol Russiyadin bug’doy keltirib fuqarolarga tarqata boshladi.

Isfandiyorxonga mamlakatda mavjud bo’lib durg’on pullardin xarjisidan (xarajatidan) ziyoda pul bermadi, ham behuda noshayasta ishlar qilmoqqa yo’l bermadi.
Islomxo’ja haqqinda sipohiylardin kelgan arizalarni amalga oshirmoq uchun bir kun Islomxo’jaga ko’rsatib sipohiylarni yomonlag’on( ya’ni o’zi yozdirtirgan shikoyat arizalarni atayin Islomxo’jaga ko’rsatib, o’z amaldorlarini bosh vazirga yomon ko’rsatdirgan-U.B.).
Maxfiy qolmasinkim, xonning hiylasi shul bo’lg’onki, ushbu ko’na xondin qolg’on sipohiylarni bir-birlari bilan dushman qilmoq ham shuning orqasinda bularni yo’q qilmoq.Nechunkim, bularning xalqlar huzurinda e’tibori ko’pturur.Agar bular ittifoq bo’lib tursalar xon o’z ixtiyori birlan hech ish qila bilmas.Shuning birlan arizada bayon qilg’on sipohiylarni naqib Ibrohimxo’jadin boshqasini uyiga navkarlarni mo’rolab ( kuzatuvchi qilib qo’yib-U.B.) yuborib, o’zlarini hibsga olib, tamomi molu mulkini hukumatga musodara qilmoqqa hukm qilib, darhol ijro qilmoqqa buyurg’on.Darhol bir necha otliq navkarlar bilan pirmamur devonbegi Husinbekning (Matmurodovning-U.B.) uyiga borib, tamomi bola-chaqalarini uyidin chiqarib, uylarini pechatlab, o’zlarini hibsga olgan.Shixnazarboyni ham, Sardorboyni ham, Soyibnazar mehtarni ham ushbu bayon bo’lg’on odamlarga darak odamlarni ham uylarini musodara qilib, pechatlab, o’zlarini hibsga oldilar.Shu jumladin, faqirni ham uyini pechatlab, bola-chaqalarini chiqarib, manga kishi yuborganlar.Faqir saroyida Otajon mahram Safoev bilan gazeta o’qib o’lturib erdik.Xabar berdilar, “uylaringizni xonning navkarlari kelib pechatlab, bola-chaqalaringizni chiqarib yubordi”, deb.Bizlar hayron bo’ldik, nima voqea bo’lg’on erkan, deb uylarimizga kettik.Kelib o’zimni ma’lum qildim.Islomxo’janing devoni Mahmud ko’sa erkan, aytdi:
-Hoji eshon hech qayga ketmay turing,-dedi.
O’zi bosh vazir Islomxo’janing oldiga ketdi.Borib kelib, o’z otiga mindirib qa’la arkiga keltirib xonning mirshabboshisi Xudoynazar yuzboshiga topshirib o’zi ketdi.Man mirshabxonada namozi asirni o’qidim.Ark oldida odatdagidan ko’p odamlar bor erkani ma’lum bo’ldi, boshqa bir voqealar bo’lsa kerak.
Maxfiy qolmasinkim, man ko’p xo’nob bo’lg’on erdim, ushbu ish faqat maning haqqimda bo’lg’on turur, deb.Nechunkim, man gazetalar o’qib, xalqni inqilobiy ruh bilan ruhlantirar erdim.Russiya hukumati tarafidin buyruq bo’lib mani tutdilarmi erkan, deb.Bir necha minut o’tmas hamon Otajon mahram, Matpano maxsim devon, Muhammadlatif maxsim, Qobil mahram,Bobo devon, Madirim devonlarni ham olib keldilar.Shundan keyin man paraxat bo’ldim, boshqa voqea erkan, deb.
Bizlar hech bir-birimizdin xabarsiz erdik.So’rashib voqealarni bildik, hammalar kimning uyida bo’lg’on narsalarni xat qilib keltirdi.Mani o’zimning uyimga borg’on Rahmonbergan mahram devon, Muhammadlatifxo’ja devon ko’p sust navis devon erkan.Yarim oqshomgacha uy asbobi, bola-chaqalarning kiyim tuzuklarini yozib bo’lib, mani qaytarib hibsxonaga topshirdilar.Shuningdek tamomi mahbus sipohiylarni ham mollarni, asbobi xonalarini xat qilib olg’onlar.Lekin ushbu bayon bo’lg’on sipohiylarni bir-birov birlan ko’rsatmay saqlag’onlar, har qaysilarini bir joyda qo’yganlar.Shunday qilib, ertang xon Nurillaboy hovliga keldi.Bizlarni ham Xudoynazar yuzboshi qorovul bilan olib keldi.Shahar odamlari ushbu voqeaga hayron bo’lib pavj-pavxi kelur erdilar.Bizlarni kelturib Nurillaboy hovlisining oldindagi mirshabxonaning bir hujrasiga hibs qilib qo’ydilar.Bir ikki kundin so’ng Husinmamat devonbegining tamomi yer-hovli joylarini Xorazmning tamomi qa’lalarida bo’lg’onlarni musodara qilib, Isfandiyorxon ismiga qozi xati oldilar.Va boshqa Shixnazarboy, Omongaldi, Sardorboy devonbegi bolalarini ham tamomi mol-mulklarini shul tariqada musodara qilib, qozi xati olib, bola-chaqalarini uylaridin chiqarib, bosh ochiq, oyoq yalang qilib yubordilar.Xotun bola-chaqalari qarindosh-do’g’onlarining uylariga kelib o’rnashdilar.Mehtarning ham tamomi narsalarini oldilar.
Maxfiy qolmasinkim, bir oqshom Muhammad Vafo karvonboshi mani xonning mahramxonasiga oldirib, “ Husinmuhammad devonbegining oltin-kumush oqchalari qayda, san bilursan”, deb taftish qilib so’radi.Man bilganlarimni bayon qildim. “Sizning bayon qilgan narsalaringiz Husinmuhammad devonbegida hech yo’q turur”, dedim.Bir-ikki marta so’rab javob berib yubordi.Qorovul yana keltirib o’z o’rnimizga qo’ydi.
Maxfiy qolmasinkim, Maxsim devonni olib ketib “ Husinmuhammad devonbegining uyinda devonbegining yoshirib qo’yg’on nimarsalarini topib berursan”, deb qo’rqitib, o’ldirmakchi bo’lib, ko’p ozor berganlar.Va boshqa bizlar bilan hibsda bo’lg’onlarni bir-bir ozod qilib yubordilar.Bir necha kundin so’ng mani chiqarib, “bir ming bir yuz tillo berursan”, deb Mamat yasovulboshi e’lon qildi.Man rozi bo’lg’onim yo’q.Aytdimki, “man nima uchun ushbu mablag’ni berurman, manda hech pul yo’q”, dedim. Onda Mamat yasovulboshi aytdi: “qozi xat berib qo’ygil”, deb mani qorovul bilan Hikmatullo qozi eshonning oldiga yubordi.Bir ming tilloga To’rajonning ismiga xat qilib bermoq uchun, kotib Muhammad Sharifxo’ja ko’p afsuslar bilan xat yozib berdi.Man o’zimga hukm qildim, qozi eshon mani iqror qildirsa, man hech rozi ermasman, mandin jabr qilib olmoqchi tururlar, deb aytmoqqa.Qozi eshonimiz esa mani hech iqror qildirmasdan muhr qilib
berdilar.Xatni qorovul birlan Mamat yasovulboshiga topshirdik. Mamat yasovulboshi aytdi:” bir yuz tillo yasovul haqi berursan”, dedi.Man ko’p norozi bo’lib janjal qildim.Onda Mamat yasovulboshi Nazar yuzboshiga aytdi: “Hoji eshonni ko’p qistama, tangani bir-ikki haftada topib bersa bo’lur”, deb uyimizga uzotib yubordi.

Maxfiy qolmasinkim, bechora Xudoynazar yuzboshi bizlarning oldimizda turib ko’p xizmat qilib, hech bizlarni ranjur qilgoni yo’q turur.Olloh rozi bo’lsin.
Maxfiy qolmasinkim, devonbegining bolalarining tamomi narsalarini xat qilib olib bo’lg’ondin so’ng, yo’llariga yuborib, oldinda qoravul qo’ydilar.Shunday qilib, Mehtarning ham tamomi narsalarini olib uyiga yubordilar.
Maxfiy qolmasinkim, ushbu bayon bo’lg’on voqealar Toshkentda ma’lum bo’lg’on.Taftish uchun Toshkantdin general Galkin chiqib bir kun To’rtko’l bosh hokimi general Lyagushkin birlan kelib qoldi.Ikki kun turib xon birlan, Islomxo’ja birlan so’zlashib qaytib ketdi.Nima so’zlashgani hech kimga ma’lum bo’lmadi.
Maxfiy qolmasinkim, general ketgan hamon mohisharif ramazon erdi.Taroveh namozdin chiqqan hamon xonning yasovullaridin Muhammad Sharif devon degan manga e’lon qildi: “ darhol sizda bo’lgan To’rajonning ming tillosini topib bering”, dedi.Man hayron bo’ldim, bul vaqtda ming tillo qayda turur? Karvonboshining oldiga borib arzi-dod qildim: “Maning ovqatim uchun ham bir pulim yo’q turur.Man bu ming tilloni qaydin olib berurman”, dedim. Matvafo karvonboshi: “ yaxshi, Islomxo’ja, Abdullajonlarga o’zim ayturman”, deb mani qaytarub yubordi.Man o’ylab ko’rdim, “bu faqat bir siyosat turur.Devonbegining bolalari gumon qilmasinlar, general Galkin ushbu ishlar uchun keldi.Agar Polvonniyoz Hojini darhol aqchani ber”, deb so’ramas erdi”, deb.Shuning birlan man ertang Husinmuhammad devonbegiga xat qilib yubordim: “ Faqat general Galkin sizlarning ishlaringiz uchun kelgan.Agar ish birlan kelgan bo’lsa, onda mandin oqshomning ichinda tanga so’rab yubormas erdilar.Shuning uchun man jazm qilurman”, dedim.
Ondin so’ng bir necha vaqtlar o’tib ketdi.Karvonboshi oro man orqali devonbegi Husinbekka ba’zi xabarlar qilib turdi.Shuning birla ikki-uch oylar o’tib ketdi.Oxiri yovmutlar ichinda ham Shommi kal degan o’kiz tiyrasidin (urug’idan) bir yovmut sarkashlik qilib yo’llarini talon-taroj qila boshladi.Ittifoqo iydi qurbon yaqin keldi.Xon Muhammadvafo karvonboshi birlan maslahat qilib shul qarorga kelganlar,” devonbegining bolalari iyd namozi bahonasi birlan Nurillaboyga kelib o’z gunohlarini, To’rajonni vosita qilib, o’zlari tilasinlar “deb.
Muhammadvafo karvonboshi manga aytdi: “san pinhoniy suratda devonbegining bolalariga aytgil, iyd namozida Nurillaboy maschitida namoz o’qib, To’ramizning qo’shiga kelib o’zlarini tashlasinlar” dedi.Man borib aytdim.Qurbon namozi kuni bular Nurillaboy maschitida namoz o’qib Temurg’ozi to’raning qo’shiga kelib o’ltirg’onlar.Xon buni eshitib bilmagan bo’lib, Muhammadvafo karvonboshiga buyurgan,” devonbegining bolalari kelgan, deb eshitdim, so’rab ko’rgil olar beruxsat nechun kelibturlar”.
Karvonboshi bularning oldiga kelib ko’rishib so’rashgan, “nechun keldingizlar?”, deb.Onda bular aytg’onlar, “bizlar har nechuk gunoh qilg’on bo’lsak, To’rajonni vosita qilib so’rarmiz, bizlarning har na gunohimiz bo’lsa afu qilsinlar”.
Karvonboshi bu so’zni xonga aytgan.Boshqalar ham vosita bo’lib so’rag’on.Shuning birlan gunohlarini afu qilg’on, ham aytg’on: “har haftada bir kelib salom berib yursinlar”, deb javob berib yuborgan.Bir necha kun o’tgandin so’ng yovmut Shommi kal ham Bek otaliqlar hujum qilib yo’llarni talon-taroj qila boshladilar.Xiva fuqarolaridin arzu dod ko’p, maslahat qilib Shixnazarboy Muhammadmurod devonbegining o’g’lini askarlar birlan yubormoqchi bo’ldi.Shixnazarboyni keltirib , tamomi navkarlar birlan Shommi kalning ustiga yubordi.
Maxfiy qolmasinkim, Shixnazarboy Muhammad devonbegining vaqtinda ham yovmutlar ustida hokim bo’lib yurgan erdi.Shuning bilan Shixnazarboy navkarlar bilan chiqib G’oziobod ustidan Terakli mavze’iga ketdi.Yovmut Shommi kal esa o’z qa’lasiga qamalib urushib turdi. Shu asnoda To’rtko’l bosh hokimi general Lyagushkin, Islomxo’ja bir necha kazak askarlari birlan yovmut ichiga ketdilar.Toshhovuzga kelib tushgan ushbu kun Shixnazarboy g’ayrat qilib hujumga buyurgan.Birodar Yaxshimurodboy, Jumaquli yuzboshi birlan qa’laga yugurganlar.Jumaquli yuzboshiga o’q tegib o’lgan.Shuning birlan ham g’ayrat qilib, bir necha yovmutlarni tutqonlar.Shommi kal va Bek otaliqlar qochib ketgan.Ertang bosh hokim Islomxo’ja bilan Shixnazarboyning yoniga bir oqshom qo’nib, Ko’hna Urganchga o’tib ketgan.Bir necha kundin so’ng Shixnazarboy Shommi kal, Bek otaliq, Go’klan bolalarning gunohlarini xondin so’rab, afu qilmoqqa va’da qilg’on.Shuning birlan muhrdorlar ularni Shixnazarboyga keltirib topshirg’on.Shixnazarboy ularni Xivaga olib keldi.
Xonning amri bilan mahbuslarni Yaxshimurodboyning joyida saqlab qo’ydilar.Bir necha kundin so’ng Isfandiyorxon Islomxo’ja, Muhammadvafo karvonboshi, Sardorboy va boshqa odamlarni olib Peterburgga safar qildi.Xivada bir Husinmuhammad devonbegi,Shixnazarboy, Mamad yasavulboshi va boshqalar qoldi.Kelgandin so’ng Shommi kalni yovmut katxudolarining so’rovi bilan hibsdan bo’shatib yubordi.Durdi vakilning so’rovi bilan Bek otaliqni o’kiz jamoasiga otaliq qildi.Shomurod baxshi ham Xiva birlan adovat paydo qildi.Ushbu vaqtlarda Islomxo’ja kasalxona ham pochtaxonalarni bitkazdi, ham temir ko’priklarni qura boshladi.Xarajat ko’p bo’lib ketdi.Xonni o’z hayi-havasiga qo’ymay, zakot va solg’itlarni o’ziga sarfu-xarajat qildi.Xonning bu ishlarga hech roziligi bo’lmadi.Nechuk qilib Islomxo’jani o’ldirmakka taraddud qildi.
Oqibat o’z odamlariga ko’p in’om qilib, ko’p yolg’on va’dalar berib, bir oqshom bosh vazir Islomxo’ja Nurillaboy saroyidan o’z uyiga qaytib kelayotganda qorong’u oqshomda Ropanik bog’ining ostinda O’g’lon Azizbobo(qabriston nazarda tutilayapdi-U.B.)ning yoninda bir necha ma’mur turg’on odamlar qattiq yurib borayotgan aravaning otini urib to’xtatib, Islomxo’jani aravadin olib, vahshiyona bo’g’izlab tashladilar.
Darhol qotillar qochib pinhon bo’lg’onlar.Marhum Islomxo’janing ot-aravasi qochib Chorsug’a borgan.Mohi Sharif Ramazon bo’lg’on sababli Chorsuda savdo qilib o’ltirar erdilar.Bu voqea hammaga ma’lum bo’lib, Islomxo’janing bolalari ogoh bo’lib kelib marhumning meyitini aravaga solib, o’z uylariga olib ketdilar.Darhol ushbu ishga muboshil bo’lib yurgan Ashir mahram bu voqeani telefon orqali xonga ma’lum qilg’on.Xon ichkaridan chiqib, bilmagan bo’lib har ko’chalarga, qa’la darvozalariga taftishchi qorovullar yubordi, ham ushbu oqshom ko’p sho’ru shar birlan o’tdi.Ertang marhum Islomxo’janing takpin va ta’jxiri uchun Soibnazar mehtarga ming tillo berib, Islomxo’janing xonasiga yubordi.Namozi peshindan so’ng janozaga Isfandiyorxon borib tamomi sipohiylar birla janoza o’qib, Saidmuhammad Mohi ro’yi Jahon qabristonida o’zi uchun tayyor qilib qo’yg’on qorixonasiga dafn qildilar.
Maxfiy qolmasinkim, marhumni ulamolar shayidi a’lo hukm qildilar.Munofiq Isfandiyorxon qaytib Islomxo’janing o’g’li Abdusalomxo’jani huzuriga oldirib, yolg’ondin dildorliklar qilgan.
Maxfiy qolmasinkim, Islomxo’janing bahonasi birlan Shixnazarboyni ham yo’q qilmoqchi bo’lib Is’hoqxo’jaga aytg’on” albatta Islomxo’jani Shixnazarboy o’lturg’on” deb uni ham o’z uyida hibs qilib oldiga qorovul qilib qo’ydi.Nechunki Islomxo’janing haqqinda Peterburgdin albatta taftishchi kelur, shu vaqtda Shixnazarboyni ham yo’q qilmoqchi turur.
Maxfiy qolmasinkim, bir necha kunlardin so’ng Peterburgdin general Sel degan Islomxo’janing ishlarini taftish qilmoq uchun keldi.Isfandiyorxon o’zining yoqin vaziri Matvafo karvonboshi orqali qirq ming manot yana qancha hadyalar berib, har yilda ikki ming so’m moyana berib turmoqqa va’da berib, kasalxonaning rasmi kushodini qilib qaytartirib yuboradi.
Maxfiy qolmasinkim,general Sel ushbu ish uchun olgan rushut aqchalarini (poralarini-U.B.) o’zi birlan olib ketmakka qo’rqonidin Muhammadvafo karvonboshining bir odami-Muhammad Sharif degan birlan yubordi.Mazkur Muhammad Sharif o’zi birlan birga general Selning bir odamiga topshirdi.Ondin so’ng Muhammadvafo Karvonboshi katta vazir bo’ldi.1914 yilda Isfandiyorxon Muhammadvafo karvonboshini Peterburgga harbiya ministri Sokolnikov oldiga yubordi.
Matvafo karvonboshi may chislosinda Russiyaga safarga chiqdi.Faqir ham ushbu safarda hamroh erdim.To’rtko’lga kelib, paroxodga o’tirdik.Darhol Peterburgdin telegram keldi: “jahon muhorabasi boshlanib ketgan”.Darhol To’rtko’lda bo’lg’on askarlarni, ofitserlarni ,do’xtirlarni mo’blizovot qilib paroxodga soldilar.Paroxodlarimizda bo’lg’on ajnabiy odamlarni qoldirib harakat qildi.Bir necha kunda Chorjavga kelib chiqdi.Peterburgga telegramm qildi: bormoqqami yo qaytmoqqa? To’rt kundin so’ng harbiy ministrdan telegramm keldi: “kelmakka “deb.Ondin o’t aravaga o’lturub ravona bo’lub O’runburgdin kelib tushdik.O’runburgdin chiqib Maskavga kelib tushdik.
Maxfiy qolmasinkim, o’t-aravada askarlar shunday ko’p turur, hisobini Olloh bilur.Maskavda har kunda urushdin telegramm ko’chalarda har soatda sotib yurarlar-go’yo qiyomat turur.Bir necha kun Maskavda turib qoldik.Karvonboshi Peterburgga borib harbiy ministr Suxamlinovdan so’rab, bir ming dona otli kazak beshotaridan olg’on.Bahosi 25 ming manot. Man ham Markaziy yarmarkadin ishlarimni bitkazib Maskavga qaytib keldim.Karvonboshi ham Peterburgdin keldi.Maskavdin chiqib bir necha kun yo’l yurib Xivaga qaytib keldik.Bir kun Shomurod baxshi yovmut muhrdori kelib karvonboshiga e’lon qildi: “ o’ris qushchi tirasidin Hasan Omon yorli deganni katxudo qilib yorliq olib bering”.Sababi shulkim, o’ris qushchi muhrdori Durdi vakil o’kuz urug’iga Bek otaliqni otaliq qilib erdi.Shomurod baxshi ham Hasan Omonni katxudo qilmoqchi bo’ldi.Shuning birlan baxshi va vakil o’rtasida noroziliklar bo’lib qoldi, karvonboshi buni xonga ma’lum qildi.Hasan Omonga muhr bermakka xon qabul qilmadi.Shomurod baxshi qahr qilib ketib otlilar chiqarib, yo’llarni talon-taroj qilishga mashg’ul bo’ldi.
Ondin so’ng xon borib xon Junayiddin iltimos qildi-Shomurod baxshini ushlab bermakka.Xon Junayid uni ushlab berdi.Xivaga olib keldilar.Xon buyurdi: Shixnazarboyning uyinda hibs qilib qo’ydilar.Talon-taroj qilib olg’on nimarsalarini qaytarib olmoqqa buyurdi, ham oldilar.
Bir kuni Shixnazarboy xonga aytg’on:” Shomurod baxshini yo o’ldirmak kerak yo ozod qilib yubormak kerak.Nechunkim yovmutlarning qoidalari shul turur.Gunohkorni tutib bergan so’ng o’lturib yuborsa hech voqeasi yo’q turur.Agar bir necha oylar saqlab qo’yilsa, shul ushlab bergan odamga bola-chaqa va oqsoqollari borib gunohini iltimos qilurlar.Ondin so’ng haqu-nohaq sizdin so’rar, agar bermasangiz sizning bilan dushman bo’lib urishur”.
Xon bu so’zni qabul qilmog’on.Bir kun Baxshining bola-chag’alari Xon Junayidning oldiga borib yig’lab so’raganlar, xon Junayid rozi bo’lib xonga xat yubordi.Baxshini ozod qilib yubormakka.Xon qabul qilmadi.Shundan keyin xon Junayid qahrlanib bir kun erta bilan Xivaning qiblo tarafidin kelib qa’laga hujum qilib, bir-ikki qorovullarni o’ldirib, Sirchali qishlog’ini talon-taroj qilib ketdi.Xon darhol To’rtko’lga bosh hokimga telegramm yubordi.Bosh hokim Kolosovskiy bir yuz otliq kazak askar bilan Xivaga keldi.Ham ushbu kun Shomurod baxshini hibsdan chiqarib, To’rtko’l bo’lisi Qozoqboy birlan bir necha otli askarlarga qo’shib, xon Junayidga berib yubordi.Uch kundin so’ng xabarlashib o’zi ham Matvafo karvonboshi, Husinmat devonbegi, Abdullajon mahkama boshi G’oziobodga bordilar.
Maxfiy qolmasinkim, G’oziobodni yovmutlar talon-taroj qilib ketgan erkan.Bosh hokim yovmut katxudolariga xabar yubordi.Ertang yovmut katxudolari Durdi vakil, Shomurod baxshi, Jonmuhammad bek, Hasan Omon yorli va boshqalari keldilar.Ko’p so’ylashib, Durdi vakil joyiga -Badirkentga borib xon Junayid birlan so’zlashmakchi bo’ldilar.Ertang bosh hokim, karvonboshi, devonbegi, Abdullajonlar Badirkentga ravona bo’ldilar.Borib Durdi vakilning joyiga tushdilar.Ertang xon Junayid o’z otliqlari birlan kelib so’ylashdi.Yoroshib qaytib Xivaga keldilar.Shuning birlan yovmutlar yoroshib bir necha farag’atlik bo’ldi.
Maxfiy qolmasinkim,yovmutlar Xivaga kelib karvonboshiga mehmon bo’lib har turli in’om-ehsonlar olib turdilar.Karvonboshi yovmutlarning siyosatidin bexabar, yovmutlarning har turli yolg’on so’zlariga ishonib ish qila boshladi.Yovmut Xiva xonining nechuk odamligidan ogoh bo’ldilar.
Maxfiy qolmasinkim, Isfandiyorxon karvonboshidan ham norozi bo’lib, uni yo’q qilmoqchi bo’lib hiyla qila boshladi.Pinhoniy ravishda Toshkantga elchi yubormakchi bo’ldi va boshqa turli choralar qila boshladi.
Maxfiy qolmasinkim, karvonboshi o’z birodari Abdurahmonboyni Maskavga yubormakchi bo’lib, xondin javob olib Urganchga ketdi.Ham Abdurahmonboyni To’rtko’lga paroxodda uzatib yubordi.Ma’lum bo’lsinkim, xon
Xivadin karvonboshiga xat yozg’on, endi qaytib Xivaga kelmaslikka.Ham paroxodga xat yozg’on, to’xtab elchilarni olmoqqa.Ham Urganch hokimi Ollaberganboy Avazniyoz mahram o’g’lini Xivaga kelturib askarboshi qilib, karvonboshining o’rniga qo’ydi.Matvafo karvonboshi buni eshitib, pig’oni jonidan chiqqan.Nechunkim, ushbu makkor xonga ko’p xizmat qilg’on turur.Ondin so’ng Tolib maxsimni yuborgan hisoblashib kelmak uchun.Tolib maxsim borib hisoblashib keldi.

Maxfiy qolmasinkim, Islomxo’jani o’ldirgandin so’ng o’g’li Abdusalomxo’jadin hisob talab qilib, karvonboshi uni oldirib, hisob talab qildi.Islomxo’ja xonning buyrug’i birlan xonning ismiga ko’prik oldida katta bir madrasa bino qilib erdi.Bu bitib tamom bo’lib erdi.Isfandiyorxon xoxlamay yiqtirib, sarf bo’lg’on pullarni Abdusalomxo’jadin to’latib oldi.
Maxfiy qolmasinkim, Matvafo karvonboshi Urganchda bo’lib, inisi Abdurahmonboy,Sharifboylarga telegram birlan ma’lum qildi.Toshkantda o’zining haqqinda ish ko’rmakka.Ham ushbu elchilar birlan To’rtko’l bosh hokimi Kolosovskiy ham Toshkentga chiqib erdi.Elchilar birlan Toshkantga bordi.Abdurahmonboylar birlan xovorlashib, karvonboshi haqqinda yaxshi taraddud qildilar.Xon tarafdin borgan elchilar hech bir ish qilaolmasdin Xivaga qaytdilar.
Ma’lum bo’lsinkim, yovmutlar yana buzilishib yo’llarni talon-taroj qilib, xalqni nofarohat qila boshladilar.Ondin so’ng xon o’z askarboshi Ollaberganboyni bir necha yuz otliq navkarlar birlan yovmutlarning ustiga yubordi.Oqdarband bog’ining oldida yovmutlar bilan urushdilar.Yovmutlar hujum qilib o’zbek navkarlarini qochirdilar.Ollaberganboy, Muhammad yasovulboshi va yana bir necha odamlarni o’ldurdilar.Shuning birlan xon Xivadin qozi-eshonlarni yuborib isloh qildilar.Ushbu voqealarni Toshkantga ma’lum qildilar.Toshkantdin general Kanafser birlan Kolosovskiylar Xivaga keldilar.Bosh hokim Kolosovskiy xonga buyurdi.Muhammadvafo karvonboshini Xivaga keltirmakka.Xon bir necha yolg’on xushomat so’zlarni yozib, karvonboshini Xivaga oldirdi va mehtarlik unvonini berdi.General Kanafser pochta xonada o’tirdi.Karvonboshi general Kanafserga aytib Shixnazarboy birlan Ashir mahramni darhol Toshkantga surgun qilib yubordi.Yovmutlar katxudolarini oldirib isloh qilib, xatlashib Toshkantga qaytib ketdi.Muhammadvafo karvonboshi mehtar bo’lib Xorazmni idora qilib turdi.Xon farog’at bo’lib har qa’lalarga aroba birlan xotunlar yubordi.Har kimning xushro’y qizi yo xotuni bo’lsa olib kelib, haram saroyida saqladi.Musulmonlarning pig’oni jonidan chiqdi.Bir kuni Gurlan katxudolari kelib arz qildilar, karvonboshi koyish qilib ularni Xivadan quvlab chiqarib yubordi.Isfandiyorxonning zulmi-jabri xalqni ko’p behuzur qildi.Oqibat musulmonlar chiday bilmasdin Xo’jaeli, Gurlan,Mang’it, Qipchoq, Xitoy o’zbeklari maslahat qilib Eshonu-mullo, katxudolarni olib Xivaga xonga arzga keldilar.Muhammadvafo mehtar xonga ma’lum qildi.Ushbu fuqarolarning hujumi yomon turur, uning chorasini ko’rmak kerak.Ularning boshliqlaridin bir nechalarini tutib hibs qilib, fuqarolarni qaytarib yubormak kerak, dedi.Xon bu so’zni qabul qildi.Ondin so’ng Muhammadvafo mehtar bosh hokim Kolosovskiyga ma’lum qilib, yorim oqshomda qa’laning oldida fuqarolarning mehmonjoyisi bo’lg’on To’ramurod to’raning hovlisini askarlar qurshab olib, ertang erta birlan yosh-kattalarini askarlar tutib hibsxonaga olib keldilar.Qolgan arzga kelgan fuqarolar qochib ketdilar.Hibsga olingan odamlar Xo’jaeli qa’lasining begi Avazxonxo’ja, Mahmudjonxo’ja, valadi Avazbeyxo’ja, Qozoq Solloh, Isomaddin eshon, Xudarganbek, Otash mirob, Qutlimurod inoq va boshqalar,Katdin Abdullabek, Mang’itdan Dorg’abeklarni taftish qilib, Darg’abekning qarriligini hisobga olib hibsdan chiqarib yubordilar.Boshqa eshon-mullalarni ham qaytarib yubordilar.Shuning birlan Isfandiyorxon o’z kayfu-safosi birlan mashg’ul bo’laverdi.Fuqarolarning dodu-faryodi osmonga chiqdi.Uning huzurida bo’lg’on mahramlari ko’ngliga tushgan zulm-jabrlarini fuqarolarga qila boshladilar.Al-hosil fuqarolar toqat qila olmasdin yovmut xon Junayidga murojaat qilib yig’ladilar.Ham hibsda bo’lg’on katxudolarning bola-chag’alari zor yig’lab arz qildilar.Xon Junayid o’ziga yoqin bo’lg’on odamlardin bir nechasini Xivaga yuborib hibsda bo’lg’onlarni ozod qilishni tiladi.Xon esa buni qabul qilmadi.Yana bir necha vaqt o’tdi.Hibsda bo’lg’onlarning avlodlari xon Junayidga borib zoru tavallo qildilar.Xon Junayid ikkinchi marta xonga odam yubordi.Xon buni yana qabul qilmadi.Oqibat xon Junayid qahrlanib, bir necha yuz otlilar birlan G’o’vik ko’l bo’yiga kelib tushdi.Qa’la qamal bo’ldi.Darhol bosh hokim Kolosovskiy elchilar yuborib maqsadini so’radi.Xon Junayid hibsda bo’lgan odamlarni chiqarib yuborishni so’radi.Ondin so’ng bosh hokim Kolosovskiy bu so’zni qabul qilib, “Siz qaytib keting, biz chiqarib yuborurmiz, agar bovar qilmasangiz odam qoldirib keting”, degan.Xon Junayid odam qoldirib, qaytib ketdi.Yana mahbuslarni chiqarmadilar.Xonning , mehtarlarning munday qarshi bo’lib turg’onlarining sababi shuldirkim, agar bularni chiqarib yuborsalar, bu odamlar albatta xonga yori bo’lurlar.Shundan keyin xon Junayidning qo’yg’on odami ham qaytib ketdi.Oqibat Xon Junayid qorlanib (achchiqlanib-U.B.), o’z navkarlarini jamlab, Xitoy, Mang’it, Qipchoq, Gurlanga kelib tamomi fuqarolarni jamlab, maslahat qilg’on.Zolim Isfandiyorning jabr-zulmidin jonlaridan to’yg’on fuqarolar rozi bo’lib tillaridan xat qilib berganlar.
Shunday qilib,Xo’jaeli, Ko’hna Urganch, Po’rsi odamlarining tillaridan ham xat olingan, go’yo tamomi Xorazm o’zbek fuqarolarining tilidan xat olib, shulardin ham yorog’liq odamlar olib Toza Urganchga yurgan.Urganch qishloqlariga kelib o’rnashib olib, shul tariqa Urganch qa’lasi o’rab oling’an.
Maxfiy qolmasinkim, Urganchda bir rota askar bor edi.Shuning uchun qa’laga kirmay qishloqlarda bo’lgan.Urganch fuqarolari mulla eshonlarni yuborib Urganch qa’lasiga daxl qilmaslikni so’raganlar.Xon Junayid yonida bo’lg’on otliq navkarlarning xarajati uchun ellik ming tillo so’rag’on.Ma’lum bo’lsinkim, Urganchdin Abdurahmonboydin Muhammadvafo mehtarga telegramm keldi, nechuk qilmoqqa.Mextar telegramm berdi, so’rag’on oqchani berib o’tkarib yubormakka.Urganchlilar so’rag’on oqchani berib qutilib qolganlar.Ondin Xonqag’a kishi yuborib, ondin ham bir necha ming tillo olg’an.Ondin o’tib Xiva tarafga yurgan.Kelib Pishkanik-Angariq qishlog’iga tushgan, yo’llar tamom band bo’lg’on.Xivaga kirish-chiqish mutlaqo to’xtag’an.Bir kuni Urganch tarafidin qozoq Inoyat bo’lishini bir odami Xivag’o kelib qoldi.Yo’lda yovmut qorovullari unga doxil qilmog’on erkan.Shundan keyin Muhammadvafo mextar ham o’zining bir xizmatkorini qozoq libosi kiydirib mazkur qozoq birlan Urganchga yuborgan.Yo’lda yovmut qorovullari ularni tutib, xon Junayidning yonig’o olib borg’onlar.Xon Junayid darhol otib o’ldurmakka buyruq bergan.Shunday qilib, rus askarlari bor erdi, bir rota pulimyotchilar otishib turdilar.
Maxfiy qolmasinkim, Xivaning ichinda Muhammadvafo mextar bir necha ko’hna sipohiylardin Muhammad Solih Otaliq, Nurillo miroblarni tutib hibs qildirib, hibsda o’ldurdi.Angarikdagi Otalig’ni hovlisiga borib, bir necha odamlarni tutib kelib, darhol otib o’ldurdilar.Oxiri bir kuni Muhammadvafo mextar Muhammad Sharif devonbegi xon odamiga buyurdi ”san elchi bo’lib xon Junayidga borib kel”, deb.
Rus qorovullardin o’tkazib yubormakka xat berdi.Mazkur Masharif devon xon Junayidning yoniga borg’on.Elchi bo’lg’oni uchun xon Junayid unga dohil qilmog’on, hamda aytg’on, “ushbu hibsda yotg’on odamlarni chiqarib yuborsalar, darhol ushbu yerdan qaytib ketarman, agar qilmasalar, ertang oqshom Xivaning qa’lasiga kiraman”, degan.Muhammad Sharif devon kelib Matvafo mextarga voqealarni bayon qilg’on.Muhammadvafo mehtarning qahri kelib, Muhammadsharif devonga dashnom bo’lg’on qildi, ham aytdi: “ san bu so’zlarni bizlarni qo’rqitib oytursan”, deb so’kib yubordi.Shuning birlan ertang Muhammadvafo mehtar Kolosovskiy va xon birlan maslahat qilib fuqarolarning qo’linda har nechuk yorog’i bo’lsa hukumatga olinsin, deb.Darhol Xudoynazar mirshab fuqarolarga jar chekdurdi6 “har kimda yorog’ bo’lsa darhol hukumatga keltirib topshirsin, bo’lmasa uylarini qarormiz, agar yorog’ topilsa, tamomi molu-mulkini musodara qilib, o’zini o’ldururmiz”, deb.Bu so’zni eshitib, hamma yovmutlar birlan otishib turg’on yigitlar ham miltiqlarini keltirib hukumatga topshirdilar.Hech kimda yorog’ qolmadi.Oqibat ushbu kechada nomozshomdan so’ng ko’p otishma bo’lib, rus askarlari ham qaytdilar.Shuning birlan qa’laning ichidin ham tashqariga qaratib miltiq otilg’on, askarlar shundin gumonzoda bo’lib qaytg’onlar.Kolosovskiyning oldiga kelganlar.Ushbu vaqtda ko’p otishma bo’lib, yovmutlar hujum qilib qa’laga kirdilar.Qa’lani esa urug’-urug’ bo’lishib qo’ygan ekanlar, har qaysilari o’z bo’limiga kelib ega bo’lib o’lturdilar.
Muhammadvafo mehtarning joyini talon-taroj qilib oldilar.Ham Nurillaboy saroyining oldiga kelib, yopning ichidan chiqib, hovlining oldida turg’on pulimyotchini otib o’ldirdilar.Shul oqshom ko’p g’ayrat qilib ruslar otishib turdilar.Tong otg’on hamon ro’yi hovlida turg’on pulimyotni ichkariga xonning katta zaliga kirgizub, o’zlari ham tamomi shunda joylashdilar.Xon, Muhammadvafo mehtar, Abdullajon ham o’z mahramlari birlan ichkari joyda o’lturdilar.Bizlar seyisxonaning (otxonaning-U.B.) devori teshigidan chiqib, bir ko’hna xarobag’a yashirindik.Shuning birlan yovmutlar hujum qilib Nurillaboy saroyini oldilar.Darhol xonni chikaridan chiqarib, Xon Junayidning oldiga keltirganlar.Xon Junayid Isfandiyorxonning gunohini o’tib 36 ming manot olib, Muhammavafo mehtar, Abdullajon, Qodirbergan mahramlarni olib ketib, Angariq darvozasiga olib borib, otib o’ldirganlar.Ondin so’ng tamomi yovmut askarlari Kolosovskiyni olmoq uchun hujum qilib qa’ladin chiqmoqchi bo’ldilar.Lekin qa’ladin chiqish hech mumkin bo’lmadi.Tashqarida to’p, pulimyot hozir bo’lib turdi.Oxiri hibsxonani ich tarafini buzib, mahbuslarni chiqardilar.Agar shul kuni chiqarilmag’on taqdirda o’zlari ochlikdan o’lur erkanlar.Shunday qilib, ikki kun qa’lani talon-taroj qildilar.Musulmonlarda hech bir nimarsa qo’ymadilar.Faqir uch kun Nurillaboy madrasasida pinhon bo’lib turdim.
Maxfiy qolmasinkim, Toshkantdin general Galkin ko’plab askar bilan yo’lga chiqib erdi, daryoda suv oz bo’lg’onligi sababli kechga qolib erdi.Fevralning o’n beshinchisida Xonqaga kelib paroxotdan chiqib onda turg’on bir rota askarlarni olib, Pahlavon yopning ichindan sap bo’lib ko’chadin o’tgan.Xon Junayidning yo’lga qo’yg’on qorovullari rus askarlarini ko’rib, qochib kelib xon Junayidga xabar qilg’onlar.Xon Junayid buni eshitgan hamon tayyor bo’lib turg’on nahorlarni ham tashlab qochib ketgan.Boshqa yovmutlar ham eshitib qocha boshladilar.Shul oqshomda tamomi yovmutlar qochib ketdilar.Ertang erta birlan ma’lum bo’ldi, qa’lada hech bir yovmut qolmadi.Bir yorim yo’l odoshib qolg’on yovmutlarni qa’laning odamlari tutib kela boshladilar.
Man ham madrasidan chiqib Nurillaboy saroyiga keldim.Husinmuhammad devonbegi, Sardorboy ham Nurillaboyga kelib xonni ko’rib chiqdilar.Shul vaqtda bir kishi kelib ma’lum qildi, “qa’laning ustinda bir necha o’rislar kelib chaqirib turdilar”, deb. Man bir mulla birlan bordim, otli kazak erkan.Qa’laning ahvolatini so’radi ham general Galkinning kelganini bayon qildi.
Man unga javob berib, qa’lada bir yovmut ham qolg’oni yo’q, kecha hammalari qochib ketdilar, dedim.Husinmamadbey xonga bu voqeani ma’lum qildi.Xon darhol Sardorboyni, mani yubordi, man uning birlan qa’ladin bir necha martaba chiqdik, kelib general Galkinni ko’rdik. General hol-ahvol so’rashib, ertaga xonni ko’rmakka borurman, deb bizlarni qaytarib yubordi.Bizlar kelib xonga bularni ma’lum qildik.Shuning birlan kelgan yovmutlarni askarlar chopib o’ldurdilar.Musulmonlar farog’at bo’ldilar.Ertang general Galkin kelib xonni ko’rib so’zlashib qaytib ketdi.
Maxfiy qolmasinkim, Toshkantdin chiqqan askarlar kela boshladilar.Bir necha kunning ichida Xiva askar bilan to’ldi.O’runburg ( Orenburg-U.B.)ning bir polk otli kazak askari kelib, hamda to’pchilar, piyodalar, jami olti yarim ming askar bo’ldilar.Galkin askar saranjomi birlan mashg’ul bo’ldi.Shunday qilib o’n beshinchi mart kuni yovmut ustiga yurdi.Xon Junayid G’oziobodda qarshi turib otishdi.Ikki-uch soatdin so’ng qochib ketdilar.Faqat o’ris askaridin uch-to’rt odam zaxmdor (yarador-U.B.) bo’ldi.Shuning birlan yovmut ichida kishi qolmasdin hammalari qumga yurib, xalqdin talon-taroj qilib olg’on nimarsalarini qaytarib olib, ularga kontributsiya oqchalar soldi.Qaytib Xo’jaeliga kelib yovmutlarning hibsdan chiqarg’on Avazboy, Muhammadboy, Isomaddin eshon va bir necha boshqalarni xonning so’rovi bo’yicha osib o’ldurdilar.Ondin o’tib Gurlanga kelib, Xudoyberganbek, Qilich inoq, Otash miroblarni ham osib o’ldurdilar.Ondin chiqib Xivaga keldi.
Maxfiy qolmasinkim,Isfandiyorxon Toshhovuzda peshvoz chiqib, general bilan Xivaga keldi, deb. Galkin polkni Kolosovskiyga qoldirib, may oyida Toshkantga ketdi.Iyul-avgust oylarida Toshkantda rabo’chchi voqeasi bo’lib qolgan.Jizzaxda urush bo’lib ko’p musulmonlarni otib o’ldurdilar.Toshkantda ham ko’p otishuv bo’ldi.Oqibat general Galkinni Russiyaga chaqirdilar.Toshkantga general gubernator bo’lib mashhur general Kuropatkin keldi.Jahon muhorabasi har kun bir rang olib turdi.1916 yil yanvar oyi boshida Isfandiyorxon Toshkantga safar qildi. Yonida Soyibnazar mehtar, Hojimamadboy, Davlatmurod mahram birlan Xivaning taqdiri haqqinda ahdnoma yozishib, Soyibnazar mehtar, G’ojiboylarga qo’l qo’ydirib, mehtarni Xivaga qaytarib yubordi.O’zi Maskav taraflarga sayohatga ketdi.Maskavga borib, ondin o’tib Qrim, Yaltaga ketgan.

3-BO’LIM: ”YOSH XIVALIKLAR” HARAKATINING VUJUDGA KELISHI VA UNING XONLIK TUZUMIGA QARSHI KURASHI.

Maxfiy qolmasinkim, jahon muhorabasi ko’p uzoq bo’lib fuqarolar jonlaridin bezor bo’lib, har bir xonada motam alomatlari bo’lib, Russiya fuqarolari o’limni o’zlariga muqarrar qilib, Gosudarskiy Dumaga murojaat qilganlar.Gosudarskiy Dumada bo’lg’on vakillar qaror qilib, fuqarolar birlan birga hujum qilib, fevral oyinda oq podsho-Nikolayni tutib, ministrlari bilan hibs qilg’onlar.Muvaqqat hukumat tuzib Kerenskiyni peredsedatel` qilib ish boshlag’onlar.Har bir Russiya qa’lalarinda inqilob bo’lib, zolim ma’murlarini tushirib, o’rniga fuqarolardin aqlli odamlar qo’yg’onlar.Ondin so’ng Isfandiyorxon Yaltadin qo’rqib qaytmoqchi bo’lgan.

DAVOMI BOR

«Xurshid Davron kutubxonasi» uchun maxsus tayyorlandi.

056

(Tashriflar: umumiy 2 641, bugungi 1)

Izoh qoldiring