Mirkarim Osim. Ibn Sino qissasi

0716 август — Буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино таваллуд топган кунга 1035 йил тўлади.

   Миркарим Осим ўз асарларида улуғ боболаримиз қалбларига назарбин солади ва у қалбларда битмас-туганмас дов, адолат ва инсонпарварлик кўради. Биз унинг асарлари орқали Синони бобомиз деб севганмиз. Абу Райҳон заковатига таъзим қилганмиз. Алишер зеҳни даҳосидан ҳайратга тушганмиз. Кичкина Алишер билан Язд чўлларида от устида ухлаб қолиб йўлдан адашганмиз ва адашганда ўзимизни йўқотиб қўймаганмиз. Миркарим Осим тасвирида Алишер қанчалар содда ва қанчалар одамга яқин ва маҳрам туюлади (Иброҳим Ғафуровнинг «Ўтрор боғлари эссесидан).

08
Миркарим ОСИМ
ИБН СИНО ҚИССАСИ
Қисса

МАЪРИФАТ ДАРВОЗАСИ

I

Боққол Маҳмуд Массоҳ харидор кутиб, оппоқ чўққисоқолини қашиб ўтиради, кўзлари ўтган-кетганда. Унинг дўконида одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса топилади. Қанд-новвот дейсизми, ҳолва, сабзи, пиёз, гуруч дейсизми — ҳаммаси бор. Агар бирор харидорга атторлик буюмлари ёки игна, ип, мих ва бошқа нарсалар керак бўлиб қолса, боққол ўрнидан туриб дўкон орқасидаги ҳужрадан уларни топиб олиб чиқади.

Одатда эрта билан ва кечқурун бозори бир оз қизийди-ю, туш пайтида савдо-сотиқ ётиб қолади. Бундай пайтларда кўчадан кичик болалар ўтса, зерикиб ўтирган боққол уларни чақириб, қўлларига иккитадан ёнғоқ ёки озроқ ширинлик тутқазиб, гапга солади, кейин чопқиллаганича уйига югурган норасидалар орқасидан жилмайиб қараб қолади.

Кунлардан бир кун Маҳмуд Массоҳ харидор кутиб ўтирганида қотмадан келган, қирра бурунли, кўзлари тийрак бир бола келиб салом берди-да, икки пайса1 қора мурч ва тўрт пайса долчин2 сўради.

Оқ кўйлак устидан олача ипак тўн кийган, гавдаси йўғон боққол кичкинагина тарозисида ёш харидоринг айтган нарсаларини тортиб, қўлидан майда чақаларни олдию унга тикилиб:

— Сени илгари кўрмас эдим-ку, қаерликсан? — деб сўради.

— Афшоналик. Дадамлар шу маҳалладан ҳовли сотиб олганлар,уч-тўрт йил бурун. Мен онам билан қишлоқда қолган эдим.
— Афшона атрофи қўрғон билан ўралган катта қишлоқ, Қутайба бинни Муслим ул ерга жомеъ солдирган.
— Яхши билар экансиз, — деди ёш харидор, кўзлари жавдираб.

— Бўлмасам-чи! Теварак-атрофда мен кўрмаган жой йўқ. Ёшлигимда массоҳ, яъни танобчи бўлиб ишлар эдим. Падаринг ким? Отлари нима?
— Абдулло ибн Ҳасан, ибн Сино….
— Бўлди, бўлди, танидим. Ул киши саройда байтул-молда хизмат этадурлар, илгари Ҳурмитанда солиқ йиғувчи эдилар. Обрўли, бадавлат одам. Ўшал кишининг ўғиллариман дегин.
— Ҳовва.
— Волидайи меҳрибон, ўғлим майда-чуйда харид қилишни ўргансин, деб сени чиқарган бўлсалар керак, билдим. Хўш, отинг нима?

— Ҳусайн.
— Неча ёшдасан?
— Тўққиз ёшга тўлиб, ўнга қадам қўйдим. Боққол кўзларини катта очиб:
— Йўғ-е! — деди. — Энди етти ёшга қадам қўйган бўлсанг керак, деб ўйлаган эдим. Новча, бўлсанг ҳам, ориққина бола экансан. Мактабга бориб турурмисан?
— Қишлоғимизда Муҳаммад Восе масжидидаги мактабга қатнаб турардим.
— Ўқиш, ёзишни билурмисан?
— Ҳа, саводим чиққан, қуръонни ёдлаб олганман.
— Жуда соз, аммо илми риёзий ва ҳандасадан бехабардурсан?

— Домламиз бизга бундай илмларни ўқитмаганлар.
— Иқлидус ким?
— Билмайман, ким ул киши?— деб сўради ҳар нарсани билишга қизиқувчи бола, кўзлари чақнаб.
— Қадимги юнон мулкида ўтган донишманд, ҳандаса илмига асос солган: ер ўлчашни ўргатган улуғ олим. Агар олдимга келиб турсанг, хатти мунҳаний, яъни эгри чизиқ, хатти мункасир, яъни синиқ чизиқ нима, мусаллас3, мураббаъ нима, ўргангайсан.

— Хўп, албатта чиқиб тураман, — деди илмга иштиёқманд бўлган Ҳусайн.
Савол берганда одамнинг кўзига тик қараб жавоб берадиган бу бола чолга ўз набирасидек ёқиб қолган эди. У кетгандан кейин кўнгли юмшаб, анчагача жилмайиб ўтирди.

Шундан сўнг ёш Ҳусайн боққол олдига тез-тез чиқадиган бўлиб қолди. Уйга қайтиб келгандан кейин у ҳовлининг бир бурчагидаги нимқоронғи хонага кириб олиб хонтахта ёнига ўтирар, ҳисоб чиқариш, турли шаклларни чизиш билан машғул бўлар эди.

Ўзидан анча кичик, ювош, оғир укаси ҳам унга тақлид қилиб қоғоз қораларди.
Девонга эрта билан кетиб кеч қайтадиган отаси ўғлининг нима билан шуғулланаётганидан бехабар эди. Иттифоқо, бир куни ишдан эртароқ қайтиб келиб Ҳусайннинг нималарнидир чизиб ўтирганини пайқаб, қўлидан қоғозни олди-да, уни ёруққа солиб кўрди.

— Ие, ҳандасий шакллар-ку. Мусаллас, мурабба… ҳаммаси тўғри чизилган.
Ҳусайн отанинг юзи ёришиб кетганини кўриб тилга кирди:
— Дада, Иқлидус, нуқта шудурки, унинг ўлчови йўқ, чизиқ энсиз узунлик, деган эканлар…
— Кимдан эшитдинг бу гапни?
Ўғли оғзини очмасдан бурун онаси жавоб қилди:
— Ҳусайн уч-тўрт кундан бери маҳалламиздаги боққол олдига чиқиб ҳинд илми ҳисобини ўрганмоқда. Уйга қайтиб келгач, алланима балоларнинг сувратини солиб ўлтирадур. Эридан анча ёш бўлган қора қош, қуралай кўзли хушсурат Ситорабону, «дадаси уришиб бермасайди», деб ҳайиқиб турар эди. Эрининг мамнун бўлганини кўриб, у жилмайди-да, орқага сурилган оқ шойи рўмолини тўғрилаб қўйди.
— Жуда соз, — деди сочига қиров туша бошлаган жиккак, қиррабурун Абдулло ибн Ҳасан хурсандлигини яширишга уриниб. — Мен Маҳмуд Массоҳ билан гаплашиб, уни уйимизга таклиф этгайман. Бўш вақтларида келиб Ҳусайнга илмий риёзий ва ҳандасадан дарс берсин. Мактабда ул илми динни ўрганди, энди дунёвий илмларни эгалласин. Болалигида унинг миясига илм уруғи қадалса, кейин сермева дарахт бўлиб униб чиққай.

Шундан кейин Маҳмуд Массоҳ Абдулло ибн Ҳасаннинг уйига келиб унинг ўғлига дарс бера бошлади. Баъзан Ҳусайннинг ўзи унинг дўконига чиқиб сабоқ олар, кекса боққол ёш шогирдининг зеҳнига қойил қолар, шу сабабдан уни завқ билан ўқитар эди.

Орадан икки йил ўтмай Ҳусайн устодининг билганларини ўрганиб олди.
Бир куни устодига қараб:
— Эмди доиранинг сатҳини ўлчашни ўргатинг, — деди.
— Қўлингга паргор4 олиб доира чиз-да, уни тўртга бўл…

Шогирд унинг айтганини қилиб, бош кўтарди.
— Ҳосил бўлган учбурчакларнинг асослари эгри чизиқлар-ку… — Устод лининг нима демоқчи бўлганини англаб, бош қашиди-да:

— Массоҳлар ер майдонини турли шаклларга бўлиб юзасини тахминан ўлчайдурлар, аммо доиранинг сатҳини аниқ белгилаш йўлини билмайдурлар, — деди.
Кечқурун боққол уй эгаси билан ёлғиз қолганида:
— Ўғлингизнинг зеҳни қиличдек ўткир, баъзи саволларга жавоб тополмай қолаётирман, — деди. — Билганларимни ҳаммасини ўргатдим. Куни кеча: «Улғайганингда массоҳ бўлмоқ истайсанми?» — деб сўрасам, «Йўқ, табиб бўлурман, илмий ҳикмат ўрганурман», — деб айтди. Шул кичик ёшдан нимага интилишини, ким бўлишини биладур! Илоҳим умри узоқ бўлсин, мақсудига етсин. Ўғли учун фахрланган отаси хурсандлигини яшириш учун гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди.
— Баъзи ёшлар борки, улар бошқалардан қолмаслик учун мадрасага кириб ўқийдурлар. Таҳсил кўрмоқдан мурод нима эканлигини, нимага интилаётганларини билмайдурлар. Оқибатда илмнинг гардини ҳам юқтирмай, мадрасадан қуруқ чиқадурлар.

— Аммо ўғлингиз улар тоифасидан эмас. Ҳусайн менингўргатганларим билан чекланиб қолмай, камол топмоғи зарур. Унга фикри мунаввар бир муаллим топиб қўйдим.
— Ким экан ул?
— Яқинда Бухорога келиб қолган ёш олим Абу Абдулло Нотилий. Форобийни ўқиб тушунадурган, одобли, билимдон йигит, — деди Маҳмуд Массоҳ кулиб, тавсия қилаётган муаллимнинг фазилатларидан завқланган кишидек.
— Майли, бошлаб келинг, мен гаплашиб кўрай. Шу пайт кўчада болалар билан қувлашиб юриб қизариб кетган Ҳусайн меҳмонхонага кириб отаси билан устодига салом берди.
— Ўғлим жуда шўх, ўйинқароқ, — деди Абдулло ибн Ҳасан тез-тез нафас олаётган Ҳусайнга қараб. — Бир дақиқа тинч турганини кўрмайман.
— Тани соғ, серғайрат бола-да! — деди устод завқланиб. Кейин шогирдига юзланди. — Қани, ўғлим, ёнимга келиб ўлтир, икки оғиз гапимни эшит. Аввало, шуни айтиб қўяйки, сенга бошқа муаллим топиб қўйдим, эртага бошлаб келгайман. Уни ҳурмат қилиб, дарсига диққат билан қулоқ сол. Энди насиҳатирнни эшит. Киши тўғри йўл топган бўлса, бор кучини сарф қилиб, орқага қайтмаслиги, умид ипини йўқотмаслиги керак. Сен тўғри йўлга тушиб олгансан, нимани хоҳлаганингни билурсан, ўз кучингга инонурсан, олға интилсанг, иншооллоҳ, ўз мақсадингга етгайсан!

— Айтганингиз келсин! — деб юборди ҳаяжонга келган ота қалтираган овоз билан.

II

Eртасига кечқурун Маҳмуд Массоҳ баланд бўйли, қомати келишган, кўринишда ёшга ўхшаса ҳам сочларига оқ оралаган, кўзлари атрофини ажин босган бир одамни бошлаб келди.
— Абу Абдулло Нотилий, — деди у саломлашганларидан кейин ёнидаги кишини кўрсатиб. — Кеча бу киши тўғрисида гапирган эдим.

— Хуш келибсиз, сафо келибсиз, жуда хурсандман, — деди уй эгаси улар билан кўришиб. — Қани, ичкарига.
Меҳмонхонага кириб, юзларига фотиҳа тортганларидан кейин оқ яктак кийган, қизил белбоғли ёш йигит кириб дастурхон ёзди, баркашда нон, турли ноз-неъ-матлар ва уч коса шарбат келтириб қўйди. Мезбон нон ушата туриб ёш хизматкорга:
— Ҳусайнни чақириб юбор, — деди.
Бир оздан кейин тортинчоқликни билмайдиган Ҳусайн катталардек эшикдан салом бериб келиб, қуйироққа тиз чўкди.

— Ваалайкум ассалом, — Нотилий бошига бахрнал дўппи, эгнига қисқа адрас тўн кийган, икки бети қипқизил, новчагина, қирра бурун янги шогирдига синовчан назар ташлаб, уни ўз ёнига чақирди. Сўнгра Ҳусайннинг отасига юзланиб деди: — Мен бул йигитчанинг таърифини эшитдим, ўн ёшга тўлмасдан қуръонни ёдлаб олиб, кейин Иқлидус таълимоти билан танишибдур. Ҳаммасидан хабардорман. Унинг зеҳни равшан эканлиги кўзларидан акс этиб турадур. Агар рухсат этсангиз, дарсни ҳозироқ бошлаб юборсам.

Мезбон ҳайронбўлиб, Массоҳ билан кўз уриштириб олди-да, кейин ўзини қўлга олиб:
— Майли, биз ҳам дарс эшитайлик, — деди. Нотилий чаққонлик билан дастурхон устидаги бутун нонни синдириб, унинг ёнига қўйди-да, бурдасини кўрсатиб:
— Қайси бири катта? — деб сўради. Иккиланишни билмайдиган Ҳусайн дадиллик билан бир чеккаси ушатилган нонни кўрсатиб:
— Албатта, бу катта, — деди, — буниси кичик.
— Демак, ҳар бир бутун ўз бўлагидан катта бўлар экан. Бошқача таъбир билан айтсак, ҳар нарсанинг бўлаги ўша нарсадан кичик, — деди янги устоз қоматини тик тутиб. — Бу чинлигига шубҳа туғилмайдиган билим. Уни исбот қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Буни илми мантиқда маъқулот деб атайдурлар., Яна бир мисол: ҳар қандай уч сони тоқ, тўрт сони жуфт, бунинг чинлигига шубҳа йўқ. Учинчи бир ўлчовга тенг бўлган икки ўлчов бир-бирига тенг ва ҳоказо.
— Маъқул, маъқул, — деди уй эгаси бош ирғатиб.
— Эртага Ҳусайнни синаб кўргайман. Маъқулот нима эканлигини тушундими, йўқми, билиб олгайман.
— Тушунди, кўзларидан билиб турибман, — деди Массоҳ кулиб, — Мана кўрасиз, ертага у бутун патирни ушатиб, бир бурдасини ўз олдига қўйганда,
бутуннинг бўлакдан катталигини исбот қилиб бергай. Даврада енгил кулги кўтарилди.

— Жуда соз, — деди Нотилий ҳазил аралаш. — Сиз ҳам дарсимга диққат ила қулоқ солганга ўхшайсиз. Эртага келсангиз, «Маъқулот» нима, «Маҳсулот» нима, билиб олурсиз. Қариганда ҳам киши мантиққа риоя қилмоғи керак.
— Рост, — деди боққол кулимсираб. — Баъзан шундай чоллар учрайдурки, на сўзларида мантиқ бор, на ишларида, лекин мен ўзимни улар қаторига қўшмайман.
— Сиз яхши қаригансиз, эс-ҳушингиз жойида, — деб унинг гапини тасдиқлади уй эгаси.
Нотилий хотин, бола-чақасини уйда қолдириб, пул топиш учун шаҳарма-шаҳар кезиб юрувчи жаҳонгашта файласуфлардан эди. У Бухорода иссиққина жой топиб, тузуккина маошга илинганидан хурсанд бўлди. Ёшлигиданоқ араб тилини домлалари ва отасидан ўрганиб олган, зеҳни ўткир шогирдига у ўз билганларини завқ-шавқ билан ўргата бошлади.
Ҳусайн бўш вақтларида отасининг китобхонасини титкилаб, араб, форс тилларидаги адабий асарларни ўқиб чиқар, баъзан табобатга доир китобларни мутолаа қилар эди.
Бир куни Нотилий намоз жумадан қайтаётганда аллаким унинг ўнг томонидан келиб, аста енгидан тортди. Ўгирилиб қараса, йилтираб турган олача чопон кийган кўк саллали Маҳмуд Массоҳ экан. Икковлари ҳол-аҳвол сўрашиб ёнма-ён кетавердилар.

— Қалай, шогирдингиз сизни шошириб қўймаётирми? — деб сўради боққол сўз орасида.
— Шошириш ҳам гапми! — деди Нотилий ҳазил аралаш. — Одам боласида бундай хотира ва заковат қуввати бўладур, деб сира ўйламас эдим. Бир маротаба ўқиган ёки эшитган нарсаси хофизасига михланиб қолур. Гоҳ табобатга, гоҳ мантиққа доир китобларни мутолаа этадур. Бир куни.Аристутолиснинг «Мобаъдат-табиа»5 деган китобини топиб, мутолаа этибдур-да, мағзини чақа олмабдур. Менга мурожаат қилиб, биринчи бобини тушунтириб беришни сўради. Мен қўлидан китобни олиб, кечаси авлоқда ўқиб чиқдим, лекин ҳеч нарса англамадим. Аристутолисни ўқимоққа ҳали ёшлик қилурсан, деб китобни қайтариб бердим. Натижада менинг устодлик шаънимга доғ тушиб, орадан самимият кўтарилди. Уларнинг уйидан кетмоқ ниятидаман. Сўраб-сўроқлаб бошқа бир талаба топдим, ба-давлат одамнинг боласи.

— Ҳай аттанг, сиздек суҳбатдошдан айриладурган бўлибмиз-да,

— деди боққол пешанаси тиришган ёш файласуфга қараб.
— Мен ҳам шунга ачинурман, Абдулло ибн Ҳасан саховатли, хушмуомала одам эди…
Кечқурун уй эгаси билан ёлғиз қолганларида Нотилий Ҳусайннинг табобатга доир китобларни ўқиётгани, уни бир табибга шогирд қилиб бериш зарурлигини гапирди-да, сўзининг охирида:

— Менга жавоб берсангиз, чунки билган нарсаларимнинг ҳаммасини унга ўргатдим, халтамдаги билимларни қоқиб олди ул, — деди қизариб-бўзариб.
Уй эгаси Нотилий ўз вазифасини адо этганини, энди уни ушлаб туриш фойдасиз эканлигини фаҳмлаган эди. Шу сабабдан гапни кўп айлантирмай ўғлига устодлик қилиб, фикрий ривожланишига ёрдам бергани учун миннатдорлик ҳилдириб, уни хурсанд қилди.

III

Бир куни Абдулло ибн Ҳасан девондан эртароқ қайтиб келиб овқатлангандан кейин ўғлига тезроқ кийиниб, кўчага чиқишга тайёр бўлиб туришни буюрдл.
— Қаерга борурмиз? — деб сўради Ҳусайн.
— Табиб Абу Мансур Қамарийнинг уйига. Сен тўғрингда ул кишига икки оғиз гап айтиб, ўғлимга устозлик қилинг, ул тиб назарияси билан бир оз танишган, тибби амалийни ўргансин, деган эдим, илтимосимни қабул қилиб, сени кўришни истадилар. Ўзимни ҳам ул кишига кўрсатмоқчиман, мазам қочиб турибдур.

Ҳусайн шошиб-пишиб оёғига маҳсисини, эгнига ҳошияли калтагина адрас тўнини кийди. Ота бўйи чўзилиб қолган ўғлига қараб, юрагида оталик меҳри мавжланаётганини сезса-да, лекин қовоғини уйиб:
— Юр, кетдик, — деди Бухоронинг машҳур табибларидан Абу Мансурнинг

меҳмонхонасига кирган кишининг димоғига қуритилган ўтлар, турли-туман дориларнинг ҳиди «гуп» этиб уриларди, Оёқ остига пати тўкилган гилам, тўрга кўрпача эмас, айиқ териси ташлаб қўйилган эди.
Тарам-тарам қизил юзли хушсурат уй эгаси билан меҳмон пўстак устига ўтириб, ҳол-аҳвол сўрашар экан, қуйироқдаги гиламга тиз чўккан Ҳусайн токчаларга терилган ранг-баранг шишалар, қуритиб қўйилган ўтлар, гиёҳлардан кўзларини узолмас эди.

— Ўғлингиз дори-дармонларга қизиқар экан, — деди бир оздан кейин уй эгаси кулимсираб. — Кўзлари сизнинг сўзларингизни тасдиқлаб турадур. Агар ёнимда юриб тибби амалийни ўрганса, кечалари «Жолинус» китобларини мутолаа қилса, мақсадига етгай.

— Илоё айтганингиз келсин, — деди меҳмон хурсанд бўлиб. Мезбон Ҳусайнга қараб:
— Ўғлим, токчадаги дори-дармонларни кўздан кечириб чиқ, сенга рухсат этаман, — деди, кейин ранги синиққан меҳмонга юзланди. — Тобингиз қочиб турганга ўхшайдур. Қани, ёнбошланг, мен томирингизни кўрай.
У жиякли олабайроқ ипак тўнининг этакларини тиззалари орасига олиб, пўстак устига ёнбошлаган меҳмоннинг томирини ушлаб, шифтга қаради-да, Ҳусайнга эшиттириб, шундай деди:

—Томирингиз бетартиб, нотекис урмоқда, бугун ё овқатни кўп еб қўйгансиз, ё биров сизни хафа қилган, аммо билурман, таомни оз ейсиз, иккинчи тахминим тўғри бўлса керак.
— Топдингиз, соҳиби девон бугун менга ноҳақ озор берди. На қилай, подшонинг муқаррабига эътироз билдириб бўлурми? Замонанинг зайли, номуносиб, нодон одамлар ҳалол ва тўғри одамлар устига миниб олиб вақти-вақти билан жиловни қаттиқ тортиб қўядурлар.
— Кучингиз толиққан, асабларингиз бўшашган, дам олишга муҳтожсиз. Агар иложини топсангиз, саройдаги ишингизни тарк этинг.
— Фарзандларим ёш. Ҳеч бўлмаса мана бу ўғлим сизнинг ҳунарингизни эгаллаб олсайди. Ҳамма умидим шунда.
— Рост, бул ўғлингиз серғайрат ва зеҳнли эканлиги юриш-туриши, важоҳатидан билиниб турибдур. Кичиги ҳам шундайми?
Ҳусайннинг дадаси маъюс ҳолда, билинар-билинмас бош чайқаб қўйди. «Зеҳни пастроқ, ювош бола» демоқчи эди-ю, лекин:

— Бир ота-онадан ҳар хил бола туғилар экан, — деб жавоб қилди. Қамарий гапни айлантириб ўтирмай мақсадга кўчди.
— Бошингиз омон бўлса, шул ўғлингиздан барака топгайсиз. Мен уни йўлга солиб юборишни ўз устимга олурман. Эрта, йўқ, индинга сизни йўқлаб борурман, қолган гапни ўшанда айтгайман.

* * *

Абу Мансур шогирдининг уйига келганда у кўчада ўйнаб юрар эди.

— Қани ёш Жолинус? — деб сўради табиб, уни ҳурмат билан қарши олиб, меҳмонхонага таклиф этган уй эгасига.
— Кўча-кўйда ўйнаб юрган чиқар. Ерга урса, осмонга сапчийдур. Ўн тўртга қадам қўйса-да, шўхлиги қолмаган.
— Шўхлик ғайрат ва шижоат белгиси. Ювош боладан қўрқиш керак, катта бўлганда ишёқмас бўлиши мумкин, — деди Қамарий кулимсираб.
Меҳмон билан мезбон овқатланиб, шарбат ичиб, уёқдан-буёқдан гаплашиб ўтирганларида Ҳусайн салом бериб кириб келди-да, қуйироққа чўккалаб ўтирди.
— Вааллайкум ассалом, ишларингиз қалай, «Мобаъдаттабиа»ни мутолаа қилиб турибсизми?
— Йўқ, тақсир. Тушунмагандан кейин на қилайин ўқиб?
— Тўғри, ҳозирча Арастуни қўйиб, Жолинус, асарларини ўқий бошлаш керак. Энди болалик бўстонидан ҳатлаб ўтиб, ўспиринлик даврига қадам қўйгансиз, ҳаёт учун керакли касб-ҳунар орттирмоқ лозим. Тибби амалийни ўрганиб олмоқ керак, илми ҳикмат сиздан қочиб қутулмас. Хўш, энди менинг ёнимга келингчи, набзингизни кўрай.
У олдига келиб чўк тушган шогирдининг афтига қараб жилмайди-да, томирини ушлаб кўриб:

— Совуқ сувда чўмилибсизу, лекин бир-икки шўнғиб, баданингизни ишқалаб, қуруқликка чиқибсиз-да, дарҳол кийимингизни кийиб олибсиз, — деди.
— Ие, қаёқдан билдингиз? Жўйи Мулиёнда чўмилаётганимни кўрдингизми?
— Келганларига анча вақт бўлди, қаёқдан кўрадурлар сенинг чўмилаётганингни? — деди отаси ҳайратланганидан кўзлари чақнаб кетган Ҳусайнга қараб, — ҳаммасини набзингиздан билган бўлсалар керак.
— Рост, — деди Қамарий унинг гапини тасдиқлаб. — Совуқ сувда узоқ чўмилган кишининг томир уриши заифлашадур, агар баданга совуқ ўтмаган бўлса — кучаядур, лекин тезлашмайдур.
Ҳусайн томир уришидан одамнинг ички ҳолатини биладиган янги устодига ҳурмат аралаш ҳайрат билан қараб, унинг касб-ҳунарини эгаллаб олишга аҳд қилди. Маърифат дарвозасидан илм-фаннинг тиканли гуллар билан қопланган чаманзори кўзига ташланиб турарди.

КИТОБГА ИХЛОС

Ярим кеча, осмонда чарақлаган юлдузлар маст уйқуда ётган ерга назар ташлаб, бир-бирларига кўз қисиб қўйишади. Кундузи бозорчиларнинг ғала-ғовуридан чарчаган Бухоро сукунат қўйнида ором олмоқда. Аҳён-аҳёнда узоқлардан довул товуши эшитилади: тун посбонлари уйқудаги шаҳарни қўриқлаб юрадилар.

Шимол томонга қаратиб солинган баланд бир айвоннинг ўртасида, хонтахта устида милтиллаб ёнган шамнинг сарғиш нури остида ўн етти-ўн саккиз ёшдаги бир йигитча мутолаа қилиб ўтиради. Унинг қотмадан келган тиниқ юзида, катта-катта кўзларида заковат нури порлайди. Назари сатрлар оралаб йўрғаларкан, ер остидан хазина топган кишидек қўллари аста титрайди, юзига ғалати табассум югуради, кенг ва ёрқин пешонасида маржондек тер пайдо бўлади. У бутун коинотни унутган, бутун фикри сатрлар орасига яширинган сирларни топиш ташвишида.

Айвоннинг чеккасида ётган Ситорабону бир уйқуни олиб, ўрнидан туриб ўтирди, ўғлининг ҳалигача ётмаганини кўриб:
— Ҳой ўғлим, шу маҳалгача ўтирибсанму? Ёш жонингга мунча жавр қилмасанг? Ёт ҳозир, — деди.
— Онажон, яна бир оз ўтиришга ижозат беринг. Жуда ажойиб китоб экан.
— Қўявер, мутолаа қилаверсин, — деган товуш эшитилди даричалари ланг очиқ хона ичидан. Киши шавқ-завқ билан ишласа, ҳеч толиқмагай… — Ҳусайннинг отаси шу гапни айтди-ю, йўтали тутиб қолди. Ўғли тайёрлаб берган доридан ичиб тинчиди-да, бошини ёстиққа қўйди. Табиби ҳозиқ деб ном чиқарган ўғлидан у хурсанд эди.

Қирқларга бориб қолган бўлса-да, тароватини йўқотмаган Ситорабону эрининг гапидан қаноат ҳосил қилиб ўғлидан сўради:

— Кеча бир тангага сотиб олган китобингми?
— Ҳа, буни қарангки, шу маҳалгача бошимни қотириб юрган муаммоларни осонликча ҳал қилиб берди-я, бул китоб.
Онаси унинг гапига яхши тушунмаган бўлса ҳам, риёзат чекиб илм ўрганаётган ўғлининг юксак мартабага яқинлашиб қолганини ички ҳис билан англади ва майин жилмайиб, бошини ёстиққа қўйди.
Ҳусайн ҳар куни ярим кечагача ўтириб, юнон ва араб ҳукамоларининг тиб ва фалсафага доир китобларини ўқир эди. Уйқуси келиб, кўзига «қум тиқилганда» аллақандай бир ўтни қайнатиб тайёрланган доридан бир ҳўплам ичар, кўзи яна очилиб, зеҳни равшанлашарди. Бугун эса онасининг сўзини қолдирмай, ўша дорисидан ичмади. Келган жойига хатчўп солиб, китобни токчага олиб қўйди-да, ўрнига кириб ётди.
Ҳусайн шу бугун эрталаб саҳоф бозор6ни айланиб. юрганда чодра ичидан қўлини чиқариб, китоб ушлаб турган бир кампирга кўзи тушиб қолган эди.

— Онажон, китобингизни сотурмисиз?
— Ҳа, жуда яхши китоб.
Йигитча унинг қўлидан китобни олиб, варақлай бошлади. Бу — Форобийнинг «Фасуси ал-ҳикам» деган китоби бўлиб, Арастунинг «Мобаъдаттабиа» деган китобига ёзган шарҳи эди. Ҳусайн шу маҳалгача «Мобаъдаттабиа»ни бир неча маротаба ўқиган бўлса ҳам, сира тушунмаган эди. Мана энди унинг калитини топди. Форобий улуғ юнон ҳакимининг жуда чигал фалсафий мулоҳазалари мағзини чақиб берган эди.

* * *

Сомонийлар шажарасининг сўнгги бутоқларидан бири бўлган подшо Нуҳ бинни Мансур касалманд одам, Бухоронинг машҳур табиблари уни даволаш билан овора эдилар. Бироқ ҳеч бирининг берган дори-дармони тождор беморга кор қилмас, дардини енгиллатмас эди.

Сарой ўлик чиққан уйга ўхшайди. Аъёнлар, сарой амалдорлари, соқчилар оёқ учида юрардилар, бир-бирлари билан шивирлашиб гаплашардилар.
Сарой вазири Ҳусайнни қўлидан ушлаб, қиличларини яланғочлаб елкаларига қўйиб турган соқчилар орасидан олиб ўтди ва энг ичкаридаги бир хона олдига олиб бориб тўхтатди. Эшикнинг икки томонида чиройли икки туркман йигит соқчилик қилиб турарди. Вазир бармоғи билан шу ерда туришни буюриб, ўзи хона ичига кириб кетдл. Орадан беш-ўн дақиқа ўтгач, эшик очилиб, ёш ҳакимни ичкарига таклиф этдилар. Узун, ранг-баранг ойнали дарчадан хира нур тушиб турган, шифтлари музайян, деворлари ўймакор хонага кириб, ибн Сино тўрдаги ипак тўшак устида ёстиққа суяниб ўтирган рангпар кишига таъзим қилди. Сўнгра унинг ишораси билан тўшак ёнига бориб , чўкка тушди. Ёш ҳакимнинг дадил боқишидан, тип-тиниқ нурли юзидан, катта-катта кўзларидан камтарлиги ва шу билан бирга ўзига ишонганлиги билиниб турарди.
Нуҳ бинни Мансур ўз ҳузурида улуғ истеъдўд эгаси бўлган бир ҳаким ўтирганини пайқади ва унинг шаънига муносиб муомала қилиб ҳол-аҳвол сўради. Ибн Сино ўзини бардам тутиб, унинг саволларига шошмай жавоб берди. У подшонинг касали нима эканлигини табиблардан эшитган бўлса-да, ўз ҳамкасбларининг одатига мувофиқ, кескин ҳаракат билан тождор беморнинг томирини ушлаб кўрди. У ўз олдида Мовароуннаҳрнинг подшоси эмас, балки оддий касал киши ётгандек, унинг сарғайган юзига тикилар, тилини кўрсатишини сўрар, подшонинг шаънига номуносиб саволлар берарди. (Бир неча хил касали бўлган бинни Мансур «бобосир» касалига ҳам мубтало эди.) Сарой вазири подшо ҳузурида ўзини сокин ва бетакаллуф тутган ҳакимни биринчи маротаба кўриши эди.

Абу Али подшонинг жавобини тинглаб, пешонасини ушлаганича ўйлаб қолди. Кейин аччиқ овқат, ичкиликдан парҳез қилиб, кўпроқ ширгуруч еб, ҳўл мева истеъмол қилишни тайинлаб ўрнидан турди.

— Зоти олийлари, бандаларига ижозат берсинлар, кечқурун дори тайёрлаб юборгайман. Кўпроқ тар мева истеъмол қилсинлар, аммо Бухоро меваси жанобларига зарарлидир. Мевани Самарқанддин келтириб есинлар. — Зийрак табиб ўзининг хулқ-атвори сарой вазирида ношойиста таъсир қолдирганини пайқаган эди.— Агар ҳурмат шартларини жойига келтирмаган бўлсам, афв этгайлар.

Бинни Мансур билинар-билинмас жилмайиш билан ундан хафа бўлмаганини билдиргандек бўлди. Ёш ҳаким таъзим қилиб, орқаси билан юриб чиқиб кетди.
Бир ҳафтадан кейин саройга келган ибн Сино дори-дармонлари беморга яхши таъсир қилганини кўрди. Ранги тозарган Нуҳ бинни Мансур уни очиқ чеҳра билан қарши олди ва ёш табибдан беҳад миннатдор бўлиб, нима тиласа беришга тайёр эканини билдирди. Ёш табиб унинг олдига тиз чўкиб, имкон хорижида бўлган бир нарсани сўрагандек паст товуш билан:

— Менга сарой китобхонасида мутолаа қилмоққа ижозат берсалар бас, — деди. — Пул керак эмас.
— Баракалла! Умримда пулдан илм-урфонни юқори қўятурган одамни биринчи кўришим. — Подшо илжайиб унинг илтимосини бажону дил қабул қилганини изҳор этди. Сўнгра сарой вазирига қараб деди: — Китобдорга айтиб қўйинг, Ҳусайнга ҳар кун китобхонада машғулот ўтказмоққа ижозат бердим.

Вазир индамай бош эгиб қўйди.

** *

Х асрда бутун Ўрта Осиё, Эрон ва Афғонистонда тенги бўлмаган Бухоро кутубхонасида қадимги Юнонистон, Ҳиндистон ҳукамоларининг араб тилига таржима қилинган асарлари сақланарди
ҳукамоларининг араб тилига таржима қилинган асарлари сақланарди. Оппоқ соқоли кўксига тушган китобдор ибн Синони мамнунлик билан қарши олиб, ўз қўл остидаги бойликлар билан уни таништириб чиқди. Ҳар бир ҳужрада бир фанга доир китоблар сақланар, қатор-қатор сандиқлар китоб билан лиқ тўла эди, Китобдор,ҳар бир ҳужранинг қулфини очиб, бунда қандай китоблар борлигини айтар эди. У сандиқ очиб нодир қўлёзма асарларни кўрсатар экан, ибнСинонинг кўзлари чақнаб кетар эди.
— Қадрдон ота, мен энди сизга ҳар кун меҳмон бўлғайман, — деди у ҳаяжонланиб.
— Мамнуният билан, китобхонанинг тўри сизники. Жанобларига ҳеч бир бухороликнинг қўли тегмаган китобларни топиб бергайман.

* * *

Жоме пештоқи остидаги мармар супа устида икки киши гаплашиб турарди. Уларнинг бири — мошгуруч соқолли, бошига мисқоли салла ўраган ўрта ёшли киши. Иккинчиси эса оппоқ соқоли кўкрагига тушган, қуюқ қошлари қордек оқарган чол. Унинг пешонаси тиришган, кўзлари ўқрайиб қарайди.

— Тақсир, қариган чоғингизда дунёнинг ғамини еб на қилурсиз?

— деди ўрта ёшли киши. — Ҳамма ишни бизга қўяверинг, ўз жонингизни роҳатидан бўлак нарсани ўйламанг.
— Хўп гапирасиз-да, мулло Садриддин, дунёнинг бузилиб кетаётганини кўрганингдан кейин кўнгил қандай тинч бўлсин. Ахир, кўриб турибсиз, ёшлар қарияларни ҳурмат қилмай қўйди, ўртадан шарм-ҳаё кўтарилди. — Ҳар бир даврнинг мияси айниб қолган чолларига хос шикоятдан сўнг Мағоқиатторон мачитининг имоми чуқур хўрсиниб қўйди.

— Мадрасаларда илми ҳол7 ўгай ўғил ҳолатига тушиб қолди. Ёшлар масоил диния эмас, ҳикмат, мантиқ, илм риёзий ва ҳоказоларга қизиқадурлар. Лавҳалари устида қуръон эмас, машойихларнинг китоблари эмас, балки мажусий олимларнинг китобларини кўрасиз. Афсуски, сарой аҳлида ҳам динга рағбат қолмади. Сарой китобхонаси ёшларнинг миясини заҳарлайдурган маконга айланди. Кошки эди унга ўт тушиб, кули кўкка совурилса…
— Сабр қилсинлар, тақсирим, ҳаммаси сиз айтгандек бўлғусидир. Шарқдан келмоқда бўлган тўфон Нуҳнинг тахт-салтанатини олиб кетажакдир. Қорабурғохон бошлиқ кўчманчилар ўрдуси ҳозир Самарқанд бўсағасида. Қорахонийлар яқиндагина дини исломни қабул қилганликлари учун динга қаттиқ берилганлар, сомонийларнинг эса эътиқоди сусайган. Кўчманчилар гарчи ўз жинсимиздан бўлмасалар ҳам, эътиқод жиҳатидан бизга яқиндирлар.

— Илоё, уларнинг қўли баланд бўлсин.
Шу пайтда китобхонадан хушнуд бўлиб қайтаётган ибн Сино бу икки мутаассиб дин пешвосига дуч келиб қолиб, қўнғироқдай товуш билан:
— Марҳабо, тўтий мулло! — деб салом берди.
— Марҳабо! — деб жавоб қайтарди мулла Садриддин, — ҳа, мулла, йўл бўлсин?
— Уйга.
— Эшитдик, сизга китобхона эшиги очилибдур.
— Ҳа, илм толиблари учун маърифат эшиги доим очиқ.
— Китобхона — ибодатхонаю мажусий олимлар сиз учун раҳнамо бўлиб қолди шекилли.
— Илмни Чин Мочинга бориб ўргансанг ҳам жоиздир, деганлар расули худо. Китобхона мен учун муқаддас жойдур. Китоб ҳақиқатни ўрганмоқ ва табиат сирларини англамоққа ёрдам берадур.

— Менимча, мажусий олимларнинг ёзган китоблари киши кўнглида шубҳа илонини уйғотиб, эътиқодни сусайтирса керак…
— Мен учун шубҳадек мустаҳкам қўрғон йўқ, тўтий мулло, чунки

у жоҳиллиги туфайли ўзини доно ҳисоблаган шахслар макридан сақлайдур, — деди ёш олим мулланинг сўзини бўлиб.

Мулла Садриддин унинг гапига яхши тушунолмай, лабини буриштириб қўйди.
— Энг олдин илми ҳолни ўрганиб, эътиқодингизни мустаҳкамлаб олинг, илми қолни кейин ўргансангиз ҳам бўладур, акс ҳолда, кофир бўлиб кетмоқ ҳеч гап эмас.
— Баъзи нодонлар доно кишиларни кофир деб ҳисоблайдурлар.

— Тавба, бу маҳмадонанинг гапини қаранг. Беш-ўн китобни ўқиб, ўзини доно деб билур. Илоё, китобхонага ўт тушиб кетсин, сен жувонмарг бўл! — деди Мағоқиатторон домла имоми.
— Мен ўн-ўн беш китоб эмас, юзлаб китобни ўқиб, мазмунини миямга жойлаб олдим, — деди ибн Сино бошини ғоз кўтариб. — Мабодо китобхонага ўт тушиб кетгудек бўлса, ундаги китобларни қайтадан ёзиб, сандиқларни яна тўлдирмоққа қодирдурман.

Ибн Сино бош эгиб муллалар билан ҳайрлашди-да, яна йўлга тушди. Нарироқ боргандан кейин жаҳл устида айтган гапларига пушаймон бўлди: «Ёшлик ғурури ҳали бошимдан кетмаганга ўхшайди, — деб ғижинди у. — Менга мақтанишни ким қўйибди! Юзта китоб ўқиган билан олим бўлиб қоладими киши? Тавба, минбаъд бундай қизиққон бўлмаслик керак. Ҳозирги замонда тилинг қанчалик ўткир бўлса, шунчалик кескир қилич билан кесилади!»

Мулла Садриддин ёш ҳакимнинг орқасидан қараб сукутга кетди. Кейин бошини кўтариб, домла имомдан:

— Шумтаканинг: «Мабодо китобхонага ўт тушиб кетса…» деганини эшитдингиз-а? — деб сўради.
— Ҳа, бир эмас, икки қулоғим билан эшитдим.
— Агар ўшал мажусийлар китоблари йиғилган маконга ўт тушиб кетсаю сизни гувоҳликка чақиртирсалар, эшитганингизни тасдиқлашдан бош тортмайсизми?
— Йўқ.
— Бўлди, қолган ишни менга қўйиб беринг! Орадан кўп ўтмай, сомонийлар тарихида кетма-кет икки фожиали воқеа рўй берди. Қорабуғрохон бошчилигида шарқдан босиб келаётган кўчманчилар Самарқанд яқинида Аяч бошчилигидаги қўшинни тор-мор келтириб, ўзини асир қилиб олдилар ва Самарқандни ишғол этиб, юришни давом эттирдилар. Нуҳ бинни Мансур томонидан юборилган сипоҳсолар8 Фоиқ хиёнат қилиб, душман томонига ўтди. Шаҳар аҳолиси Бухоро деворлари остига келиб қолган истилочилар билан жанг қила бошлади.

Ибн Сино ўқишини йиғиштириб қўйиб, бошқа жарроҳлар қаторида қилич зарбидан, ўқ заҳмидан азоб тортаётган жангчиларга ёрдам беришга киришди. Аркнинг рўпарасидаги кўҳна сарой ярадорларга тўлиб кетганди. Ёш ҳаким кечгача қилич ярасига қов қўйиб, малҳам суртиш, баданга санчилган ўқни олиб , ярасини боғлаб қўйиш билан овора бўлди. У ҳориб-чарчаб дам олиш учун ўтирмоқчи бўлганда, сонига ўқ санчилиб қолган бир косиб йигитни олиб келдилар. Ибн Сино ечиб ташлаган қонли яктагини яна кийиб, қўлида наштар билан ярадорнинг тепасига келди. Ўқнинг учи чиқиб қолса, уни суғуриб олиш қийин эмасди, аммо учи чиқмай қолган ўқни олиш амримаҳол.

Ибн Сино ўйланқираб туриб деди:
— Беҳуш дори бериб, ёриб олишга тўғри келадур.
— Йўқ, — деди ранги сарғайиб кетган бўлса-да, ўзини бардам тутишга уринган ярадор. .— Қирққа чидаган қирқ бирга ҳам чидагай.

— Баракалла, азамат йигит экансиз. Сизга азоб бермай, чиқариб олғайман. Мени танирсиз-а?
— Ҳа, амирни даволаган атоқли ҳакимсиз. Сизга ишонадурмен.

— Жуда соз, — деди ибн Сино унинг қаншарига қаттиқ тикилиб туриб. — Ўқни худди хамирдан қил суғургандек суғуриб олгаймен, сезмай ҳам қолурсиз.
Ёш ҳаким унинг сон гўштини икки паллага ажратиб ўқни олди, сўнгра малҳам қўйиб, ёпиштирди-да, тикиб, боғлаб қўйди. Ташриҳ вақтида тишини тишига босиб ётган йигитдан садо чиқмади.

— Баракалла, азамат экансиз, кошки эди ҳамма сиздек мард бўлса!
Ёш ҳаким йигитга кулиб боқди-да, қўлининг қонини ювиб, дам олгани кетди.

* * *

Сипоҳсолар Фоиқнинг хиёнати қимматга тушган эди. Мунтазам қўшиндан ажраб, заифлашиб қолган Бухоро сонсиз-саноқсиз кўчманчилар томонидан босиб олинди. Қорабуғрохон шаҳарни ишғол этиб, саройдаги бойликларни қўлга киритди, ўз аскарларига бозорни талатди, кўп иморатларга ўт тушиб кетди, 922 йил май ойида аччиқ тутун шаҳарни ўраб олди. Ўз мол-дунёсини сақлаб қолмоқчи бўлганда қилич еб йиқилган кишиларнинг фарёди, асир қилиб олиб кетилаётган аёлларнинг доди, қутурган душман аскарларининг сурони қулоқларни қоматга келтирарди. Уч ой аҳвол шу зайлда давом этди.
Ибн Сино эса аламини китобдан олар, ярим тунгача ўтириб мутолаа қилар, ёзар эди. Бир кун кечаси ётгиси келиб, кўзига қум тиқила бошлаганда уйқу қочирадиган дорисини ичиб, ҳовлига тушди. Одати бўйича, осмонга қараб, Ҳулкар юлдузи қаерга келганини билмоқчи бўлди, шу пайт Регистон томон қизариб, осмонга учқунлар сачраб турганини сезди. Ўқтин- ўқтин оловнинг қип-қизил тиллари қоронғи осмонни ялар, узоқдан қий-чув овозлар эшитиларди. Ёш ҳакимнинг юраги бир фалокатни сезгандек дукуллаб уриб кетди. Дарров кавуш-маҳсисини, чопонини кийиб, онасини уйғотди.

— Онажон, Регистон майдони яқинида бир уйга ўт кетганга ўхшайдур, бориб билиб келай, қўлимдан келганича ўт ўчиришга ёрдам берай.
— Э, қўйсанг-чи, ўғлим. Сенсиз ҳам ўт ўчирувчилар топилиб қолар.
— Йўқ, онажон. Бормасам бўлмайдур. Уйқум ҳам ўчиб кетди. — Ёш йигит кўнглига келган шубҳани онасига айтишдан ҳам қўрқарди; «Борди-ю, агар… йўқ, йўқ, бу мумкин эмас. Неча юз йиллаб тўпланган илм-фан хазинасининг кули кўкка совурилиши мумкин эмас».

Ситорабону унинг афтига қараб ижозат бермасликнинг иложи йўқлигини англади.

— Майли, борсанг бора қол, аммо кечикма… Ибн Сино ҳаллослаб Регистон майдонига келганда кўнглини эзаётган шубҳа ҳақиқат бўлиб чиққанини англади. Юзлаб кишилар қўлма-қўл челак узатиб майдон ўртасидаги ҳовуздан олинган сув билан китобхонага тушган ўтни ўчиришга уринар эдилар. Мадраса талабаларининг, теварак-атрофдаги маҳалла аҳлининг жонбозлигига қарамай, ёнғин борган сари кучаяр, қимматли китобларни аждаҳодек ютаётган аланга қутуриб, ҳужра эшигидан тутун аралаш чиқиб турарди. Челаклаб сепилган сув унга кор қилмас, аксинча, мойдек таъсир қилаётгандек эди. Баъзилар меҳнатлари бекорга кетаётганини кўриб, қўлларини қўлтиққа урдилар. Одамлар орасида асрлардан бери тўпланган бойликнинг тутунга айланиб, осмонга учишидан завқланиб илжаяётган саллали кишиларни кўриш мумкин эди.
Ибн Сино бошда челаклаб сув ташиб, ўт ўчираётганларга қарашиб турди. Кейин кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлганини кўриб, ғазабига чидолмай, олов чиқиб турган бир ҳужрага ўзини урди. Бунда тибга доир китоблар сақланарди. Одамлар уни тутиб қололмадилар. Бир неча дақиқадан кейин, этагининг ёнаётганига парво қилмай бир неча китобни қучоқлаб олиб чиқди. Одамлар югуриб бориб, уни чопон билан ўраб олдилар, бўлмаса устидаги кийими билан ўзи ҳам ёниб кетиши турган гап эди. Ибн Сино яна ўзини ўтга урмоқчи эди, бир неча қўл уни маҳкам ушлаб қолди. Шу орада аллаким: «Ҳой йигитча, ҳушингизни йиғиб олинг. Ортиқ уринишнинг фойдаси йўқ!»

— деди. Ёш ҳаким аланглаб, товуш эшитилган тарафга қаради, чап томонида кўзлари чўккан кекса китобдор турарди.
— Бу қандай фалокат, қандай мудҳиш фалокат! — деди ибн Сино йиғламоқдан бери бўлиб.
Чол хўрсиниб қўйди:
— Ҳа, бахтсизлик, аммо билиб қўйингки, дунёвий илм душманлари маърифат чироғини ўчиролмайдилар. Улар ота-боболардан қолган нодир китобларни ёндириб, кулга айлантириб юборсалар-да, заковат нурини сўндиролмайдилар.
Шунча уриниб ёнғинни сўндиролмаган одамлар бирин-кетин уй-уйларига жўнашди. Оловнинг озиғи камайган сари ҳовури пасаярди. Тўда-тўда куллар устини қоплаган тутун куйиб шакли қолган қоғоз парчалари билан шамолда аста тебранаркан, қурум иси ҳар ёққа тараларди.
Ибн Сино худди яқин бир кишисини кўмиб, қабристондан қайтган кишидек бошини қуйи солиб, ярим-ёрти куйган бир неча китобни қўлтиқлаган ҳолда уйига жўнади…
Орадан икки ойча вақт ўтди. Шу вақтгача ўзини қўярга жой тополмай юрган ибн Сино бир куни уйига хурсанд бўлиб келди.
— Суюнчи беринг, онажон. Қорабуғрохон қўшини Бухорони ташлаб чиқиб кетмоқда. Қўлига яроғ олган Бухоро халқи туркманлар билан бирликда уларни ҳайдаб чиқармоқда, талаб олинган молларини қайтариб олмоқда.

Кармана томон чекинаётган истилочиларнинг орқада қолган қисми билан бухороликлар ўртасида бўлаётган жангнинг сурони узоқдан сал-пал эшитилиб турарди. Ситорабонунинг ранги ўчиб:

— Охири бахайр бўлсин! — деб қўйди.
Бир неча кундан кейин «тайёрга айёр» бўлиб Амулдан (Чоржўйдан) Нуҳ бинни Мансур Бухорога кириб келди. Ҳаёт яна аввалги изига тушгандек эди. Яна савдогарлар дўконларини очиб, косиблар дастгоҳларини юргизиб юбордилар. Бироқ вазирлар ўртасидаги нифоқ, айрим вилоят ҳокимларининг исёни, кўчманчиларнинг ҳужуми сомонийлар сулоласи қурган иморатни кундан-кунга емирмоқда эди. Кекса Нуҳ вазирларини бир-бири билан яраштиролмай, мамлакатда тинчлик ўрнатолмай, доғ-ҳасратда ўлиб кетди. Унинг ўғли Абдулҳорис Мансур ҳам бебош вазирлар, исёнчи ҳокимларни жиловлай олмади. Қорабуғрохоннинг ўғли Насрга қарши юборилган саркарда Янолтакин унинг томонига ўтиб кетди. Сомонийлар давлати худди ичи қуртлаган олмадек узиллб, яна истилочилар қўлига тушди (9 Қўрабуғрохоннинг ўғли 999 йил 23 октябр, душанба куни Бухорога кириб келди. (Автор.)).

Бухоро кўчманчииар қўлига ўтгандан кейин мутаассиб муллоларнинг дасти дароз бўлиб, фалсафа ва дунёвий илм-фан аҳллари қувғин остига тушди. Ибн Сино қора қузғунлар уясига айланган шаҳарни тарк этиб, ўзига маърифатпарвар бир ҳоким, ҳомий излаш тўғрисида ўйлай бошлади. Лекин унинг отаси вафот этиб, онаси бева қолган, уни ташлаб кетишга кўзи қиймас эди. Сочларига оқ оралаб, кўзларининг атрофини ажин босган Ситорабону ўғлининг қандай аҳволга тушиб қолганини , нима учун пешонасини тириштириб юрганини яхши билар эди. Бир куни кечки овқатдан кейин шарбат ичиб дам олиб ўтирганларида, ранги бир оз синиққан Ҳусайнга қараб:

— Ўғлим, нима тўғрисида бош қотираётганингни билиб турибман, — деди хўрсиниб. — Ўз шаҳринг ўзингга торлик қилиб қолди. Хоразмлик қўшнимиз Абу Бакр бобо хотинига: «Ҳусайн зудлик билан Бухородан чиқиб кетсин, муллолар уни кофир деб эълон қилиб бошини ейишлари мумкин, чиқиб айт», — дебдур. Шу гапни эшитдиму кечаси билан ухлай олмай чиқдим. Абу Бакр Баракий ўқимишли одам, уламоларнинг сирри асроридан бохабар, бир нарсани билмай гапирмайдур. Жон болам, бошим омон бўлсин десанг, шаҳардан чиқиб кет, ўзингга тинчгина бир жой топ. Менга хат ёзиб турсанг шунинг ўзи кифоя, сенинг эсон-омон юрганингни билиб, тинчгина умр кечираман.

Онасининг гапи қай томонга оғишни билмай турган тарозунинг бир палласига қўйилган тошдек таъсир кўрсатди. Ҳусайн қатъий қарорга келиб, қаддини кўтарди-да:

— Майли, сизнинг айтганингиз бўлсин. Бул ерда қолсам, бир кун мени кофирга чиқариб, оёғимга болта урадурлар. Мен эркин ўйлаб, эркин яшашга ўрганиб қолганман. Менга оқ фотиҳа беринг, сафар отини эгарлаб йўлга чиқай! Сиз ҳам тинч бўлинг, мен ҳам.

— Қаерга борсанг ҳам Бирубор сени ўз паноҳида асрасин, ишларингга ривож бериб, фалокатлардан сени асрасин… Аммо хат ёзиб туришни унутма!
Ибн Сино онаси билан хайрлашар экан, токчадан бир китобни олиб ўпди-да, уни пешонасига тегизиб, сўнгра онасининг қўлига тутқазди. Бу — Форобийнинг «Фасуси ал-ҳикам» деган китоби эди.

— Онажон, шу китобни бирор серижтиҳод толибул илмга совға қиларсиз.
— Хўп. Сенинг бош-кўзингдан садақа бўлсин бул китоб. Хайр, қаерда бўлсанг ҳам савдогарлардан хат бериб юбориб, сиҳат-саломатлигингни билдириб тур.
Ибн Сино орқасига қарашдан қўрқиб, дарвозадан чиқди-да, Гурганж томон йўл олди.

Изоҳлар

1 Пайса – тахминан 50 грамм.
2 Долчин – Бир турли тропик ўсимликнинг қуритилган жигарранг пўстлоғи (зиравор ва доривор сифатида ишлатилади)
3 Мусаллас – Математик ўлчов: уч қат; уч бурчакли маъносида.
4 Паргор — тсиркул
5 «М о б а ъ д а т т а б и а» — метафизика.
6 Саҳоф бозори – китоб бозори.

АСАР ДАВОМИНИ CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ

08
Mirkarim OSIM
IBN SINO QISSASI
Qissa

MA’RIFAT DARVOZASI

I

Boqqol Mahmud Massoh xaridor kutib, oppoq cho’qqisoqolini qashib o’tiradi, ko’zlari o’tgan-ketganda. Uning do’konida odamning jonidan boshqa hamma narsa topiladi. Qand-novvot deysizmi, holva, sabzi, piyoz, guruch deysizmi — hammasi bor. Agar biror xaridorga attorlik buyumlari yoki igna, ip, mix va boshqa narsalar kerak bo’lib qolsa, boqqol o’rnidan turib do’kon orqasidagi hujradan ularni topib olib chiqadi.
Odatda erta bilan va kechqurun bozori bir oz qiziydi-yu, tush paytida savdo-sotiq yotib qoladi. Bunday paytlarda ko’chadan kichik bolalar o’tsa, zerikib o’tirgan boqqol ularni chaqirib, qo’llariga ikkitadan yong’oq yoki ozroq shirinlik tutqazib, gapga soladi, keyin chopqillaganicha uyiga yugurgan norasidalar orqasidan jilmayib qarab qoladi.
Kunlardan bir kun Mahmud Massoh xaridor kutib o’tirganida qotmadan kelgan, qirra burunli, ko’zlari tiyrak bir bola kelib salom berdi-da, ikki paysa1 qora murch va to’rt paysa dolchin2 so’radi.

Oq ko’ylak ustidan olacha ipak to’n kiygan, gavdasi yo’g’on boqqol kichkinagina tarozisida yosh xaridoring aytgan narsalarini tortib, qo’lidan mayda chaqalarni oldiyu unga tikilib:
— Seni ilgari ko’rmas edim-ku, qaerliksan? — deb so’radi.
— Afshonalik. Dadamlar shu mahalladan hovli sotib olganlar, uch-to’rt yil burun. Men onam bilan qishloqda qolgan edim.
— Afshona atrofi qo’rg’on bilan o’ralgan katta qishloq, Qutayba binni Muslim ul yerga jome’ soldirgan.
— Yaxshi bilar ekansiz, — dedi yosh xaridor, ko’zlari javdirab.
— Bo’lmasam-chi! Tevarak-atrofda men ko’rmagan joy yo’q. Yoshligimda massoh, ya’ni tanobchi bo’lib ishlar edim. Padaring kim? Otlari nima?
— Abdullo ibn Hasan, ibn Sino….
— Bo’ldi, bo’ldi, tanidim. Ul kishi saroyda baytul-molda xizmat etadurlar, ilgari Hurmitanda soliq yig’uvchi edilar. Obro’li, badavlat odam. O’shal kishining o’g’illariman degin.
— Hovva.
— Volidayi mehribon, o’g’lim mayda-chuyda xarid qilishni o’rgansin, deb seni chiqargan bo’lsalar kerak, bildim. Xo’sh, oting nima?
— Husayn.
— Necha yoshdasan?
— To’qqiz yoshga to’lib, o’nga qadam qo’ydim. Boqqol ko’zlarini katta ochib:
— Yo’g’-e! — dedi. — Endi yetti yoshga qadam qo’ygan bo’lsang kerak, deb o’ylagan edim. Novcha, bo’lsang ham, oriqqina bola ekansan. Maktabga borib tururmisan?
— Qishlog’imizda Muhammad Vose masjididagi maktabga qatnab turardim.
— O’qish, yozishni bilurmisan?
— Ha, savodim chiqqan, qur’onni yodlab olganman.
— Juda soz, ammo ilmi riyoziy va handasadan bexabardursan?
— Domlamiz bizga bunday ilmlarni o’qitmaganlar.
— Iqlidus kim?
— Bilmayman, kim ul kishi?— deb so’radi har narsani bilishga qiziquvchi bola, ko’zlari chaqnab.
— Qadimgi yunon mulkida o’tgan donishmand, handasa ilmiga asos solgan: yer o’lchashni o’rgatgan ulug’ olim. Agar oldimga kelib tursang, xatti munhaniy, ya’ni egri chiziq, xatti munkasir, ya’ni siniq chiziq nima, musallas3, murabba’ nima, o’rgangaysan.

— Xo’p, albatta chiqib turaman, — dedi ilmga ishtiyoqmand bo’lgan Husayn.
Savol berganda odamning ko’ziga tik qarab javob beradigan bu bola cholga o’z nabirasidek yoqib qolgan edi. U ketgandan keyin ko’ngli yumshab, anchagacha jilmayib o’tirdi.
Shundan so’ng yosh Husayn boqqol oldiga tez-tez chiqadigan bo’lib qoldi. Uyga qaytib kelgandan keyin u hovlining bir burchagidagi nimqorong’i xonaga kirib olib xontaxta yoniga o’tirar, hisob chiqarish, turli shakllarni chizish bilan mashg’ul bo’lar edi.
O’zidan ancha kichik, yuvosh, og’ir ukasi ham unga taqlid qilib qog’oz qoralardi.
Devonga erta bilan ketib kech qaytadigan otasi o’g’lining nima bilan shug’ullanayotganidan bexabar edi. Ittifoqo, bir kuni ishdan ertaroq qaytib kelib Husaynning nimalarnidir chizib o’tirganini payqab, qo’lidan qog’ozni oldi-da, uni yoruqqa solib ko’rdi.
— Ie, handasiy shakllar-ku. Musallas, murabba… hammasi to’g’ri chizilgan.
Husayn otaning yuzi yorishib ketganini ko’rib tilga kirdi:
— Dada, Iqlidus, nuqta shudurki, uning o’lchovi yo’q, chiziq ensiz uzunlik, degan ekanlar…
— Kimdan eshitding bu gapni?
O’g’li og’zini ochmasdan burun onasi javob qildi:
— Husayn uch-to’rt kundan beri mahallamizdagi boqqol oldiga chiqib hind ilmi hisobini o’rganmoqda. Uyga qaytib kelgach, allanima balolarning suvratini solib o’ltiradur. Eridan ancha yosh bo’lgan qora qosh, quralay ko’zli xushsurat Sitorabonu, «dadasi urishib bermasaydi», deb hayiqib turar edi. Erining mamnun bo’lganini ko’rib, u jilmaydi-da, orqaga surilgan oq shoyi ro’molini to’g’rilab qo’ydi.
— Juda soz, — dedi sochiga qirov tusha boshlagan jikkak, qirraburun Abdullo ibn Hasan xursandligini yashirishga urinib. — Men Mahmud Massoh bilan gaplashib, uni uyimizga taklif etgayman. Bo’sh vaqtlarida kelib Husaynga ilmiy riyoziy va handasadan dars bersin. Maktabda ul ilmi dinni o’rgandi, endi dunyoviy ilmlarni egallasin. Bolaligida uning miyasiga ilm urug’i qadalsa, keyin sermeva daraxt bo’lib unib chiqqay.
Shundan keyin Mahmud Massoh Abdullo ibn Hasanning uyiga kelib uning o’g’liga dars bera boshladi. Ba’zan Husaynning o’zi uning do’koniga chiqib saboq olar, keksa boqqol yosh shogirdining zehniga qoyil qolar, shu sababdan uni zavq bilan o’qitar edi.
Oradan ikki yil o’tmay Husayn ustodining bilganlarini o’rganib oldi. Bir kuni ustodiga qarab:
— Emdi doiraning sathini o’lchashni o’rgating, — dedi.
— Qo’lingga pargor4 olib doira chiz-da, uni to’rtga bo’l…

Shogird uning aytganini qilib, bosh ko’tardi.
— Hosil bo’lgan uchburchaklarning asoslari egri chiziqlar-ku… — Ustod lining nima demoqchi bo’lganini anglab, bosh qashidi-da:
— Massohlar yer maydonini turli shakllarga bo’lib yuzasini taxminan o’lchaydurlar, ammo doiraning sathini aniq belgilash yo’lini bilmaydurlar,
— dedi.
Kechqurun boqqol uy egasi bilan yolg’iz qolganida:
— O’g’lingizning zehni qilichdek o’tkir, ba’zi savollarga javob topolmay qolayotirman, — dedi. — Bilganlarimni hammasini o’rgatdim. Kuni kecha: «Ulg’ayganingda massoh bo’lmoq istaysanmi?» — deb so’rasam, «Yo’q, tabib bo’lurman, ilmiy hikmat o’rganurman», — deb aytdi. Shul kichik yoshdan nimaga intilishini, kim bo’lishini biladur! Ilohim umri uzoq bo’lsin, maqsudiga yetsin. O’g’li uchun faxrlangan otasi xursandligini yashirish uchun gapni boshqa yoqqa burmoqchi bo’ldi.
— Ba’zi yoshlar borki, ular boshqalardan qolmaslik uchun madrasaga kirib o’qiydurlar. Tahsil ko’rmoqdan murod nima ekanligini, nimaga intilayotganlarini bilmaydurlar. Oqibatda ilmning gardini ham yuqtirmay, madrasadan quruq chiqadurlar.
— Ammo o’g’lingiz ular toifasidan emas. Husayn mening o’rgatganlarim bilan cheklanib qolmay, kamol topmog’i zarur. Unga fikri munavvar bir muallim topib qo’ydim.
— Kim ekan ul?
— Yaqinda Buxoroga kelib qolgan yosh olim Abu Abdullo Notiliy. Forobiyni o’qib tushunadurgan, odobli, bilimdon yigit, — dedi Mahmud Massoh kulib, tavsiya qilayotgan muallimning fazilatlaridan zavqlangan kishidek.
— Mayli, boshlab keling, men gaplashib ko’ray. Shu payt ko’chada bolalar bilan quvlashib yurib qizarib ketgan Husayn mehmonxonaga kirib otasi bilan ustodiga salom berdi.
— O’g’lim juda sho’x, o’yinqaroq, — dedi Abdullo ibn Hasan tez-tez nafas olayotgan Husaynga qarab. — Bir daqiqa tinch turganini ko’rmayman.
— Tani sog’, serg’ayrat bola-da! — dedi ustod zavqlanib. Keyin shogirdiga yuzlandi. — Qani, o’g’lim, yonimga kelib o’ltir, ikki og’iz gapimni eshit. Avvalo, shuni aytib qo’yayki, senga boshqa muallim topib qo’ydim, ertaga boshlab kelgayman. Uni hurmat qilib, darsiga diqqat bilan quloq sol. Endi nasihatirnni eshit. Kishi to’g’ri yo’l topgan bo’lsa, bor kuchini sarf qilib, orqaga qaytmasligi, umid ipini yo’qotmasligi kerak. Sen to’g’ri yo’lga tushib olgansan, nimani xohlaganingni bilursan, o’z kuchingga inonursan, olg’a intilsang, inshoolloh, o’z maqsadingga yetgaysan!
— Aytganingiz kelsin! — deb yubordi hayajonga kelgan ota qaltiragan ovoz bilan.

II

Ertasiga kechqurun Mahmud Massoh baland bo’yli, qomati kelishgan, ko’rinishda yoshga o’xshasa ham sochlariga oq oralagan, ko’zlari atrofini ajin bosgan bir odamni boshlab keldi.
— Abu Abdullo Notiliy, — dedi u salomlashganlaridan keyin yonidagi kishini ko’rsatib. — Kecha bu kishi to’g’risida gapirgan edim.
— Xush kelibsiz, safo kelibsiz, juda xursandman, — dedi uy egasi ular bilan ko’rishib. — Qani, ichkariga.
Mehmonxonaga kirib, yuzlariga fotiha tortganlaridan keyin oq yaktak kiygan, qizil belbog’li yosh yigit kirib dasturxon yozdi, barkashda non, turli noz-ne’-matlar va uch kosa sharbat keltirib qo’ydi. Mezbon non ushata turib yosh xizmatkorga:
— Husaynni chaqirib yubor, — dedi.
Bir ozdan keyin tortinchoqlikni bilmaydigan Husayn kattalardek eshikdan salom berib kelib, quyiroqqa tiz cho’kdi.
— Vaalaykum assalom, — Notiliy boshiga baxrnal do’ppi, egniga qisqa adras to’n kiygan, ikki beti qipqizil, novchagina, qirra burun yangi shogirdiga sinovchan nazar tashlab, uni o’z yoniga chaqirdi. So’ngraHusaynning otasiga yuzlanib dedi: — Men bul yigitchaning ta’rifini eshitdim, o’n yoshga to’lmasdan qur’onni yodlab olib, keyin Iqlidus ta’limoti bilan tanishibdur. Hammasidan xabardorman. Uning zehni ravshan ekanligi ko’zlaridan aks etib turadur. Agar ruxsat etsangiz, darsni hoziroq boshlab yuborsam.
Mezbon hayronbo’lib, Massoh bilan ko’z urishtirib oldi-da, keyin o’zini qo’lga olib:
— Mayli, biz ham dars eshitaylik, — dedi. Notiliy chaqqonlik bilan dasturxon ustidagi butun nonni sindirib, uning yoniga qo’ydi-da, burdasini ko’rsatib:
— Qaysi biri katta? — deb so’radi. Ikkilanishni bilmaydigan Husayn dadillik bilan bir
chekkasi ushatilgan nonni ko’rsatib:
— Albatta, bu katta, — dedi, — bunisi kichik.
— Demak, har bir butun o’z bo’lagidan katta bo’lar ekan. Boshqacha ta’bir bilan aytsak, har narsaning bo’lagi o’sha narsadan kichik, — dedi yangi ustoz qomatini tik tutib. — Bu chinligiga shubha tug’ilmaydigan bilim. Uni isbot qilib o’tirishning hojati yo’q. Buni ilmi mantiqda ma’qulot deb ataydurlar., Yana bir misol: har qanday uch soni toq, to’rt soni juft, buning chinligiga shubha yo’q. Uchinchi bir o’lchovga teng bo’lgan ikki o’lchov bir-biriga teng va hokazo.
— Ma’qul, ma’qul, — dedi uy egasi bosh irg’atib.
— Ertaga Husaynni sinab ko’rgayman. Ma’qulot nima ekanligini tushundimi, yo’qmi, bilib olgayman.
— Tushundi, ko’zlaridan bilib turibman, — dedi Massoh kulib, — Mana ko’rasiz,
ertaga u butun patirni ushatib, bir burdasini o’z oldiga qo’yganda, butunning bo’lakdan kattaligini isbot qilib bergay.
Davrada yengil kulgi ko’tarildi.
— Juda soz, — dedi Notiliy hazil aralash. — Siz ham darsimga diqqat ila quloq solganga o’xshaysiz. Ertaga kelsangiz, «Ma’qulot» nima, «Mahsulot» nima, bilib olursiz. Qariganda ham kishi mantiqqa rioya qilmog’i kerak.
— Rost, — dedi boqqol kulimsirab. — Ba’zan shunday chollar uchraydurki, na so’zlarida mantiq bor, na ishlarida, lekin men o’zimni ular qatoriga qo’shmayman.
— Siz yaxshi qarigansiz, es-hushingiz joyida, — deb uning gapini tasdiqladi uy egasi.
Notiliy xotin, bola-chaqasini uyda qoldirib, pul topish uchun shaharma-shahar kezib yuruvchi jahongashta faylasuflardan edi. U Buxoroda issiqqina joy topib, tuzukkina maoshga ilinganidan xursand bo’ldi. Yoshligidanoq arab tilini domlalari va otasidan o’rganib olgan, zehni o’tkir shogirdiga u o’z bilganlarini zavq-shavq bilan o’rgata boshladi.
Husayn bo’sh vaqtlarida otasining kitobxonasini titkilab, arab, fors tillaridagi adabiy asarlarni o’qib chiqar, ba’zan tabobatga doir kitoblarni mutolaa qilar edi.
Bir kuni Notiliy namoz jumadan qaytayotganda allakim uning o’ng tomonidan kelib, asta yengidan tortdi. O’girilib qarasa, yiltirab turgan olacha chopon kiygan ko’k sallali Mahmud Massoh ekan. Ikkovlari hol-ahvol so’rashib yonma-yon ketaverdilar.
— Qalay, shogirdingiz sizni shoshirib qo’ymayotirmi? — deb so’radi boqqol so’z orasida.
— Shoshirish ham gapmi! — dedi Notiliy hazil aralash. — Odam bolasida bunday xotira va zakovat quvvati bo’ladur, deb sira o’ylamas edim. Bir marotaba o’qigan yoki eshitgan narsasi xofizasiga mixlanib qolur. Goh tabobatga, goh mantiqqa doir kitoblarni mutolaa etadur. Bir kuni.Aristutolisning «Moba’dat-tabia»5 degan kitobini topib, mutolaa etibdur-da, mag’zini chaqa olmabdur. Menga murojaat qilib, birinchi bobini tushuntirib berishni so’radi. Men qo’lidan kitobni olib, kechasi avloqda o’qib chiqdim, lekin hech narsa anglamadim. Aristutolisni o’qimoqqa hali yoshlik qilursan, deb kitobni qaytarib berdim. Natijada mening ustodlik sha’nimga dog’ tushib, oradan samimiyat ko’tarildi. Ularning uyidan ketmoq niyatidaman. So’rab-so’roqlab boshqa bir talaba topdim, ba-davlat odamning bolasi.

— Hay attang, sizdek suhbatdoshdan ayriladurgan bo’libmiz-da, — dedi boqqol peshanasi tirishgan yosh faylasufga qarab.
— Men ham shunga achinurman, Abdullo ibn Hasan saxovatli, xushmuomala odam edi…

Kechqurun uy egasi bilan yolg’iz qolganlarida Notiliy Husaynning tabobatga doir kitoblarni o’qiyotgani, uni bir tabibga shogird qilib berish zarurligini gapirdi-da, so’zining oxirida:
— Menga javob bersangiz, chunki bilgan narsalarimning hammasini unga o’rgatdim, xaltamdagi bilimlarni qoqib oldi ul, — dedi qizarib-bo’zarib.
Uy egasi Notiliy o’z vazifasini ado etganini, endi uni ushlab turish foydasiz ekanligini fahmlagan edi. Shu sababdan gapni ko’p aylantirmay o’g’liga ustodlik qilib, fikriy rivojlanishiga yordam bergani uchun minnatdorlik hildirib, uni xursand qildi.

III

Bir kuni Abdullo ibn Hasan devondan ertaroq qaytib kelib ovqatlangandan keyin o’g’liga tezroq kiyinib, ko’chaga chiqishga tayyor bo’lib turishni buyurdl.
— Qaerga borurmiz? — deb so’radi Husayn.
— Tabib Abu Mansur Qamariyning uyiga. Sen to’g’ringda ul kishiga ikki og’iz gap aytib, o’g’limga ustozlik qiling, ul tib nazariyasi bilan bir oz tanishgan, tibbi amaliyni o’rgansin, degan edim, iltimosimni qabul qilib, seni ko’rishni istadilar. O’zimni ham ul kishiga ko’rsatmoqchiman, mazam qochib turibdur.
Husayn shoshib-pishib oyog’iga mahsisini, egniga hoshiyali kaltagina adras to’nini kiydi. Ota bo’yi cho’zilib qolgan o’g’liga qarab, yuragida otalik mehri mavjlanayotganini sezsa-da, lekin qovog’ini uyib:
— Yur, ketdik, — dedi
Buxoroning mashhur tabiblaridan Abu Mansurning mehmonxonasiga kirgan kishining dimog’iga quritilgan o’tlar, turli-tuman dorilarning hidi «gup» etib urilardi, Oyoq ostiga pati to’kilgan gilam, to’rga ko’rpacha emas, ayiq terisi tashlab qo’yilgan edi.
Taram-taram qizil yuzli xushsurat uy egasi bilan mehmon po’stak ustiga o’tirib, hol-ahvol so’rashar ekan, quyiroqdagi gilamga tiz cho’kkan Husayn tokchalarga terilgan rang-barang shishalar, quritib qo’yilgan o’tlar, giyohlardan ko’zlarini uzolmas edi.
— O’g’lingiz dori-darmonlarga qiziqar ekan, — dedi bir ozdan keyin uy egasi kulimsirab. — Ko’zlari sizning so’zlaringizni tasdiqlab turadur. Agar yonimda yurib tibbi amaliyni o’rgansa, kechalari «Jolinus» kitoblarini mutolaa qilsa, maqsadiga yetgay.
— Iloyo aytganingiz kelsin, — dedi mehmon xursand bo’lib. Mezbon Husaynga qarab:
— O’g’lim, tokchadagi dori-darmonlarni ko’zdan kechirib chiq, senga ruxsat etaman, — dedi, keyin rangi siniqqan mehmonga yuzlandi. — Tobingiz qochib turganga o’xshaydur. Qani, yonboshlang, men tomiringizni ko’ray.
U jiyakli olabayroq ipak to’nining etaklarini tizzalari orasiga olib, po’stak ustiga yonboshlagan mehmonning tomirini ushlab, shiftga qaradi-da, Husaynga eshittirib, shunday dedi:
—Tomiringiz betartib, notekis urmoqda, bugun yo ovqatni ko’p yeb qo’ygansiz, yo birov sizni xafa qilgan, ammo bilurman, taomni oz yeysiz, ikkinchi taxminim to’g’ri bo’lsa kerak.
— Topdingiz, sohibi devon bugun menga nohaq ozor berdi. Na qilay, podshoning muqarrabiga e’tiroz bildirib bo’lurmi? Zamonaning zayli, nomunosib, nodon odamlar halol va to’g’ri odamlar ustiga minib olib vaqti-vaqti bilan jilovni qattiq tortib qo’yadurlar.
— Kuchingiz toliqqan, asablaringiz bo’shashgan, dam olishga muhtojsiz. Agar ilojini topsangiz, saroydagi ishingizni tark eting.
— Farzandlarim yosh. Hech bo’lmasa mana bu o’g’lim sizning hunaringizni egallab olsaydi. Hamma umidim shunda.
— Rost, bul o’g’lingiz serg’ayrat va zehnli ekanligi yurish-turishi, vajohatidan bilinib turibdur. Kichigi ham shundaymi?
Husaynning dadasi ma’yus holda, bilinar-bilinmas bosh chayqab qo’ydi. «Zehni pastroq, yuvosh bola» demoqchi edi-yu, lekin:
— Bir ota-onadan har xil bola tug’ilar ekan, — deb javob qildi. Qamariy gapni aylantirib o’tirmay maqsadga ko’chdi.
— Boshingiz omon bo’lsa, shul o’g’lingizdan baraka topgaysiz. Men uni yo’lga solib yuborishni o’z ustimga olurman. Erta, yo’q, indinga sizni yo’qlab borurman, qolgan gapni o’shanda aytgayman.

* * *

Abu Mansur shogirdining uyiga kelganda u ko’chada o’ynab yurar edi.

— Qani yosh Jolinus? — deb so’radi tabib, uni hurmat bilan qarshi olib, mehmonxonaga taklif etgan uy egasiga.
— Ko’cha-ko’yda o’ynab yurgan chiqar. Yerga ursa, osmonga sapchiydur. O’n to’rtga qadam qo’ysa-da, sho’xligi qolmagan.
— Sho’xlik g’ayrat va shijoat belgisi. Yuvosh boladan qo’rqish kerak, katta bo’lganda ishyoqmas bo’lishi mumkin, — dedi Qamariy kulimsirab.
Mehmon bilan mezbon ovqatlanib, sharbat ichib, uyoqdan-buyoqdan gaplashib o’tirganlarida Husayn salom berib kirib keldi-da, quyiroqqa cho’kkalab o’tirdi.
— Vaallaykum assalom, ishlaringiz qalay, «Moba’dattabia»ni mutolaa qilib turibsizmi?
— Yo’q, taqsir. Tushunmagandan keyin na qilayin o’qib?
— To’g’ri, hozircha Arastuni qo’yib, Jolinus, asarlarini o’qiy boshlash kerak. Endi bolalik bo’stonidan hatlab o’tib, o’spirinlik davriga qadam qo’ygansiz, hayot uchun kerakli kasb-hunar orttirmoq lozim. Tibbi amaliyni o’rganib olmoq kerak, ilmi hikmat sizdan qochib qutulmas. Xo’sh, endi mening yonimga kelingchi, nabzingizni ko’ray.
U oldiga kelib cho’k tushgan shogirdining aftiga qarab jilmaydi-da, tomirini ushlab ko’rib:
— Sovuq suvda cho’milibsizu, lekin bir-ikki sho’ng’ib, badaningizni ishqalab, quruqlikka chiqibsiz-da, darhol kiyimingizni kiyib olibsiz, — dedi.
— Ie, qayoqdan bildingiz? Jo’yi Muliyonda cho’milayotganimni ko’rdingizmi?
— Kelganlariga ancha vaqt bo’ldi, qayoqdan ko’radurlar sening cho’milayotganingni? — dedi otasi hayratlanganidan ko’zlari chaqnab ketgan Husaynga qarab, — hammasini nabzingizdan bilgan bo’lsalar kerak.
— Rost, — dedi Qamariy uning gapini tasdiqlab. — Sovuq suvda uzoq cho’milgan kishining tomir urishi zaiflashadur, agar badanga sovuq o’tmagan bo’lsa — kuchayadur, lekin tezlashmaydur.
Husayn tomir urishidan odamning ichki holatini biladigan yangi ustodiga hurmat aralash hayrat bilan qarab, uning kasb-hunarini egallab olishga ahd qildi. Ma’rifat darvozasidan ilm-fanning tikanli gullar bilan qoplangan chamanzori ko’ziga tashlanib turardi.

tinchgina umr kechiraman.
Onasining gapi qay tomonga og’ishni bilmay turgan tarozuning bir pallasiga qo’yilgan toshdek ta’sir ko’rsatdi. Husayn qat’iy qarorga kelib, qaddini ko’tardi-da:
— Mayli, sizning aytganingiz bo’lsin. Bul yerda qolsam, bir kun meni kofirga chiqarib, oyog’imga bolta uradurlar. Men erkin o’ylab, erkin yashashga o’rganib qolganman. Menga oq fotiha bering, safar otini egarlab yo’lga chiqay! Siz ham tinch bo’ling, men ham.
— Qaerga borsang ham Birubor seni o’z panohida asrasin, ishlaringga rivoj berib, falokatlardan seni asrasin… Ammo xat yozib turishni unutma!
Ibn Sino onasi bilan xayrlashar ekan, tokchadan bir kitobni olib o’pdi-da, uni peshonasiga tegizib, so’ngra onasining qo’liga tutqazdi. Bu — Forobiyning «Fasusi al-hikam» degan kitobi edi.
— Onajon, shu kitobni biror serijtihod tolibul ilmga sovg’a qilarsiz.
— Xo’p. Sening bosh-ko’zingdan sadaqa bo’lsin bul kitob. Xayr, qaerda bo’lsang ham savdogarlardan xat berib yuborib, sihat-salomatligingni bildirib tur.
Ibn Sino orqasiga qarashdan qo’rqib, darvozadan chiqdi-da, Gurganj tomon yo’l oldi.

ASAR DAVOMINI CALAMEO DASTURI YORDAMIDA MUTOLAA QILING

043

(Tashriflar: umumiy 3 098, bugungi 3)

4 izoh

  1. Ассалому алайкум, мен бугун вакт топиб ушбу кисса билан танишиб чикдим. Сизга катта рахмат. Ибн Сино хакида оз булса-да хаётий тасаввур пайдо булди менда. Бадиийлик яхши-да, тарихни урганишни осонлаштиради.
    Кисса бирмунча саёз ёзилган. Аммо уни танкид килишга хакли эмасман. Ташаккур.

  2. Баъзан содда ёзиш услуби саёзликдек туюлиши мумкин. Агар қиссанинг бундан ярим аср йилча аввал ёзилганини ва у Ибн Сино ҳақидаги дастлабки асарлардан бири эканини инобатга олсак асарнинг нақадар қимматли эканини билиб оласиз. Мен сизга жавоб ёзишимнинг сабаби битта: Мен бундан роппа-роса 2 йил олдин Миркарим Осим ҳақида ёзганимда (http://kh-davron.uz/yangiliklar/muborak-kin/mirkarim-osimga-bagishlov.html), худди Сиз унинг асарини саёд деб ёзишингизни билгандек, мана бундай фикр билдирган эканман: Миркарим Осим асарлари бошқа тарихнавис адиблар ёзган китобларга ўхшамайди. У кўпроқ тарихий солномаларга таяниб ёзар, бадиий тўқимадан кўра тарихий матн, факт ва воқеалар ўзанидан чиқмасди. Балки, кимгадир унинг ҳикоя ва қиссалари жўн кўринар, аммо бу жўнликда бадиий уқувсизлик эмас, ҳамма қаламкашга ҳам насиб бўлмайдиган табиий соддалик мужассам эди.
    Китобни ўқиганингиз ва фикрингиз учун Сизга раҳмат!

  3. Киссани сабр ва диккат билан сунгигача укиб чикдим. Алломанинг огир ва айни дамда синовларга тула булган хаёти ажойиб ёзилган. Жуда таъсирландим. Менимча бунга асосланиб бир кино ишланса яхши булар эди. Тарихий вокеаларни акс эттирган замонавий фильмларни куришни жуда хохлайман. Хозирги узбеккиноларини умуман курмай куйганман. Махоратли ёш актёр ва актрисаларимиз куп. Факат уларни уйната олишмаяпти.

Izoh qoldiring