Umid Bekmuhammad. Fattoh Abdullayevning fidoyiligi

022Адабиётшунос олим Фаттоҳ Абдуллаев таваллудининг 100 йиллигига

 Фаттоҳ Абдуллаев тўплаган, таққослаган, тадқиқ қилган илмий ишлари асосида “Хоразм шевалари” (1961), “Хоразм эртаклари” (1961), “Хоразм шевалари фонетикаси “ (1967), , “Ўқиш китоби” Эски ўзбек ёзуви намуналари” ( ҳаммуаллифлар: Т.Шермуҳаммедов, Л.Халилов)-1973), “Сўзлар ўзаро қандай боғланади?”(1974), “Ўзбек тилининг ўғиз лаҳжаси” (1978), “Ўзбек тилида бошқарув” ( ҳамуаллиф Ф.Иброҳимова) сингари илмий-оммабоп китобларини нашр этдиради.

01
УМИД БЕКМУҲАММАД
ФАТТОҲ АБДУЛЛАЕВНИНГ ФИДОЙИЛИГИ
02

07шак минганича овулларни айланиб, кекса чол кампирлардан эртак, мақол, тарихий воқеаларни ёзиб олиб юрган кишини, нафақат оддий колхозчилар, балки фойтун аравали от, “эмадем”, “виллис” маркали машина минган раис-у, райкомбувалар ҳам ҳурмат қилишарди.Эшак минган амакининг Урганчдаги пединститутда домла эканлиги эмас, ғоятда кенг қамровли билими, маданияти, ўзини тутиши одамлар эътиборини жалб қилганди.Шу боисдан ҳам ота-оналар, ёшуллилар, мактаб ўқитувчилари ўқувчиларга яхши ўқишни насиҳат қилишар, “сизлар келажакда Абдулла Фаттоҳдай олим бўласизлар” дейишарди.

Ҳа, Хоразму , Қорақалпоғистон қишлоқларини эшак миниб айланиб фольклор намуналарини тўплаган олимга халқнинг ҳурмати баланд бўлган.Заҳматли меҳнатлари, илми, интилишлари билан нафақат оддий халқ орасида, балки олимлар, китобхонлар орасидаям эътироф этилган шахс, профессор Фаттоҳ Абдуллаев эди.

Фаттоҳ Абдуллаев асли Авлиёота, (ҳозирги Қозоғистоннинг Тароз ) шаҳридаги машҳур қози Абдуллажон оиласида 1914 йилда таваллуд топганди.Абдуллажон қози барпо этдирган масжид ҳозирги кундаям Тароз шаҳри марказида фаолият кўрсатмоқда.Шунингдек, Абдуллажон қозининг маблағига бунёд қилинган ҳаммом биносиям ҳозирда сақланиб қолган.

Маълумки, Фаттоҳ Абдуллаев вояга етган йиллар динга, бой-мулкдорларга қарши кураш авж олган йиллар эди.Шу боис Фаттоҳ Наманганга бориб яшаб, ўзининг ижтимоий келиб чиқишини яширишга мажбур бўлади.Илмга бўлган ихлос туфайли Каттақўрғонга бориб 1929-33 йилларда педагогика техникумида таҳсил олади.Ўқишни тугатиб, бир йил давомида “Каттақўрғон ҳақиқати” газетасида адабий ходим бўлиб ишлайди.Табиийки, интилган, изланганга толе ёр деганларидек, илмга ихлос Фаттоҳни 1934 йилда олис Ленинград шаҳрига бошлаб келади.Шу тариқа у 1934-39 йилларда Ленинград Давлат Университетининг филология факультетида таҳсил олади.

Бу вақт ичида моддий етишмовчилик боис порт ва пиво заводида юк ташувчилик қилиб кун кўради.Ўқиш, иш юзасидан муомила, турли миллат вакиллари билан сўзлашиш натижасида рус тилини мукаммал эгаллайди.Инглиз тилиниям ўргана бошлайди.
Ўқишни тугатиб Тошкентга келгач, 1939-44 йилларда Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтида ўқитувчилик қилади.1944-47 йилларда Наманганга бориб ўқитувчилар тайёрлаш институтида ўзбек тили кафедрасига мудирлик қилади.1947 йилда яна Тошкентга қайтиб ЎзФА тил ва адабиёт институтига бўлим мудири сифатида ишга киради.

Унинг 1946 йилда “Ўзбек тилида арабизмлар” мавзусида ёқлаган диссертацияси “ ижтимоий бегона элемент томонидан динни тарғиб қилиш”да айбланишига бир баҳя қолади.Унинг устидан 1950 йилда аноним хат тушиб,Ф.Абдуллаев , академик Н.Я.Маррнинг “ илмий асосланмаган яфестик назарияси”га хайриҳоҳликда айбланганди.Маълумки, ўша йилларда партия томонидан илм-фан доираларидаги яширин душманларни фош қилиш ва уларнинг иғволаридан огоҳ бўлиш борасида кўплаб чақириқлар эълон қилинганди.Аноним хат айни шу паллада кўзланган нишонга бориб тегди.Тил ва адабиёт институтининг партияга ихлосли, илмга эса бефарқ ҳовлиқма раҳбарияти, анонимни асос қилиб, тутуриқсиз баҳоналар асосида “маррист” Ф.Абдуллаевни ишдан бўшатиб юборади.

Ваҳоланки,ўша пайтлардаям фан номзодлари Тошкентда камдан кам эди.Қолаверса, Фаттоҳ Абдуллаевнинг 1940, 1941, 1942-47, 48, 49, 50 йилларда 7 синфлар учун яратган “Ватан адабиёти” хрестоматия дарслиги қайта-қайта нашрдан чиққанди.Бундан ташқари бир қанча ўқув қўлланмалари ўқитувчилар учун мактабда асосий таянч манба вазифасини ўтар, 1940 йилда нашр этилган “Умар Хайём”-улуғ шоир ва файласуф”, 1941 йилда чоп қилинган “ Камина-туркман шоири тўғрисида” ва бошқа мақолалари илмий доиралардаям анча довруқ қозонганди.Бироқ шунга қарамай, Фаттоҳ Абдуллаев ишдан четлатилади.

Натижада у пойтахтдаги бирон бир илмий, педагогик муассасага ишга жойлаша олмай, Тошкентдан анча узоқ бўлган,унчалик катта ва гавжум бўлмаган олис Урганчга бориб қўним топади.Кўнгилни чўктирувчи, илмни нохолис баҳоловчи дарғалар даккисидан сўнг у янаям фанга боғлиқ тадқиқотлар устида иш олиб борди.Хоразм шеваларига оид диалектологик материалларни ,эртак, мақоллар, афсоналарни тўплаш, ёшларни илмга ихлосли авлод сифатида вояга етказишга интилди.

Фаттоҳ Абдуллаев қишлоқма қишлоқ тўплаган бой шева манбаси асосида Хоразм шеваларининг этник ва лингвинистик харитасини тузади ва ана шу асосда воҳадаги шеваларнинг илмий тасинфини беради. Айнан у ўзбек тилшунослари ичида биринчи бўлиб диалектал луғатнинг намунасини яратади.

Сталин вафоти ва жамиятдаги илиқлик-“Хрушчёв баҳори” сабаб Фаттоҳ Абдуллаев 1956 йилдан Тошкентга қайтиб келади.Дастлаб Низомий номли Тошкент Давлат педагогика институтида, кейинчалик эса 1985 йил-вафотигача бўлган даврда ЎЗФА тил ва адабиёт институтида фаолият кўрсатади.

Тўплаган, таққослаган, тадқиқ қилган илмий ишлари асосида “Хоразм шевалари” (1961), “Хоразм эртаклари” (1961), “Хоразм шевалари фонетикаси “ (1967), , “Ўқиш китоби” Эски ўзбек ёзуви намуналари” ( ҳаммуаллифлар: Т.Шермуҳаммедов, Л.Халилов)-1973), “Сўзлар ўзаро қандай боғланади?”(1974), “Ўзбек тилининг ўғиз лаҳжаси” (1978), “Ўзбек тилида бошқарув” ( ҳамуаллиф Ф.Иброҳимова) сингари илмий-оммабоп китобларини нашр этдиради.

1961 йилда “Ўзбек тили Хоразм шеваларининг фонетикаси” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлайди.
Нафақат ўзбек тили ва қардош туркий тилларини, балки рус, инглиз тилларини ҳам чуқур эгаллаган олим сифатида, Жек Лондоннинг ҳикоялар тўпламини инглиз тилидан, Умар Хайём рубойиларини форс тилидан, Каминанинг шеърлари, Б.Кербобоевнинг “Дадил қадам”, “Небитдоғ” романлари, “Ойсултон” қиссасини туркман, Эм.Казакевичнинг “Одерда баҳор” романини рус тилидан таржима қилиб нашр этдиради.

Ҳа, Фаттоҳ Абдуллаев нафақат ўз етук тилшунос,тажрибали таржимон, айни пайтда адабиётшунослик, тарих, этнография сингари фанларга доир кузатишлар олиб борган серқиррра олим ҳам эди.Энг асосийси у ҳаётининг ҳар бир дақиқасини, одатий суҳбатлардаям илмга қаратарди.Бу ҳақда домланинг Хоразмлик шогирдларидан бири, профессор Зарифбой Дўсимов шундай дейди:
-Домла билан дастлабки учрашувимиз ўтган асрнинг 60 йилларининг ёз ойларида бўлган эди. Мени у кишининг уйларига ўша вақтда тил ва адабиёт институтида ишлаётган ҳамюртимиз Аҳмад Ишаев бошлаб борди.Ҳовлига кирганимизда бизни дўппи кийган, ўрта бўйли, думалоқ кўзлари кулиб турган, жилмайганида икки кулгичи диққатни тортадиган бир киши қарши олди.
-Мана, олиб келдим,-деди Аҳмад ака. У киши бироз бизга разм солиб,-Қани келинг, келинглар!-деб катта ўрик тагидаги сўрига бошладилар.

Суҳбат чоғида бизга саволлар берардилар-у эътибор билан тинглардилар. Гоҳо ўринларидан туриб тезгина уйларига кириб кетардилар. Қайтиб чиқиб яна суҳбатни давом қилдирар, яна кириб кетардилар. Домланинг бу ҳаракатлари мени анча ҳайрон қолдирди. Ўқитувчимизнинг баъзан бизга “катта олимларнинг ғалати одатлари ҳам бўлади” деган гапи эсимга келди. Барибир бу ғалати одамнинг самимий сўзлари ва табиий ҳаракатлари менга ёқиб қолган эди. Кейинчалик билсам, у киши биз билан суҳбат чоғидаям шевага хос бўлган янги сўзлар ва талаафузларга эътибор бериб, тезда уларни ёзиб чиқар эканлар. Бу учрашувимизнинг сабаби эса у кишининг Жанубий Қозоғистонга экспедиция қилиш учун сафарга тайёрланаётганида экан.
Фаттоҳ Абдуллаевнинг Хоразмлик шогирдларидан яна бири филология фанлари номзоди Фазилат Иброҳимова ҳам домлани шундай хотирлайдилар:

-Мен Қўқондан Хоразмга келин бўлиб тушган, Хоразм пединститутида ишлаётган эдим.Пединститутда Отаназар Мадраҳимовдек машҳур санъаткор Шерозийнинг ўғли ҳам ишлар эди.У киши менга тилшунослик бўйича бошлаётган илмий ишимга Фаттоҳ домлани илмий раҳбар қилиб олишни таклиф қилди.Ф.Абдуллаев Хоразмда ишлаб кетгани, меним водийдан бўлганим, қолаверса суҳбатлашишим давомида СЎЗга эътибор берганим боисми, илмий раҳбарликка рози бўлдилар.Вақт ўтиб 1971 йилда у кишининг илмий раҳбарлигида номзодлик ишимни муваффақиятли ёқладим.Бир нечата мақола, рисолаларни домла билан ҳамуаллифликда ёқладим. Меним домлани шогирд сифатида кузатиб чиқарган фикрим шундаки, у илмий ишни шунчаки керак бўлиб қоладиган диплом сифатида эмас, фанга қўшиладиган ҳисса деб биларди.Шунингдек шарқ шоирларининг шеърларини, улардаги СЎЗ, бадиий жозибани ҳис этиш туйғуси кучли эди.Агарки, Фаттоҳ домла тилшунос олим бўлмаганида, албатта у кишидаги бадиий завқ шоирликка айланарди , деб ўйлайман.

Хоразм педагогика институтидаги талабалик даврида Фаттоҳ Абдуллаевдан сабоқ олган шогирдларидан бири, шоир ва драматург Эркин Самандар ҳам домлани хотирлаб шундай фикр юритдилар:
-Домла дарсга биринчи кирган куниёқ қайсимиз қаердан эканимизни сўраб, ёзиб олганлар ҳамда ҳар биримизга ўз туман ва қишлоқларимизда эшитган ҳикоят, ривоят , достонларни, халқ мақол-маталлари, ҳикматли сўзларни ёзиб келишимизни топширганлар. Ҳаммамиз ишга тез киришиб кетганмиз, дафтарларимиз қизиқарли гапларга тўлиб кетган.
Ёшлик қилибми, ҳаддим сиғибми, домлага кўп савол берар, билмаган сўзларимнинг маъносини бемалол сўраб олаверар эдим. Саволларим ҳаддан ошиб кетган бўлса керак, бир ўзнинг маъносини сўраганимда юр, кутубхонага деб қолдилар. Биринчи қаватга тушдик. Кутубхоначидан луғатни сўраб олдилар. Менга кўрсатиб у сўзни излай бошладилар. Охири топдилар ва менга бериб ўқи, дедилар. Сўнг чиқиб кетдилар. Ўқиб нималигини англар эканман, хаёлимга домла шу сўзни ўзлари ҳам билмас эканлар-да, деган фикр келди.Кейин чуқурроқ ўйлаб қарасам, домла менга ўзига хос дарс берган эканлар. Ҳар нарсани сўрайверма, ўқиб-билиб ол, деганлари экан бу.

Менга қаттиқ таъсир этган ибрат қувватларидан бири шу бўлди.
Эсимда, ўқиш машғулотлари бошидаёқ домла биздан:
-Тилчи, адабиётчи бўлишни астойдил истаб бу факультетга ўқишга кирганмисизлар?-деб сўрадилар.
-Шундай , домла,-дедик.
-Эса, ҳар ҳафтада бир марта диктант ёзасизлар, -дея сўзини давом эттирдилар.-Имлонгизга қараб юқорида айтган сўзингизнинг тўғри-нотўғрилигини билиб оламиз. Саводни, ихлосни билдирувчи асосий нарса-бу имло. Сўзни тўғри, бехато ёзолмайдиган талабанинг эртаси йўқ.

..Имтиҳонлар кетаётган пайт. Мақтаниш эмас, барча фанлардан аълога топшираётган эдим, она тилидан ҳам айни шундай бўлишига юз фоиз ишонардим. Билетни олиб, саволларга кўз югуртирибоқ ( ўтирмасдан):
-Мен ҳозир жавоб бераман,-дебманда.
Домла менга ғалати қараш қилдилар ва яхши, бошла, дедилар, нохуш бир ҳолатда.
Саволларга тезгина жавоб бердим.Домла на бир савол бердилар, на бир оғиз сўз айтдилар.
-Зачёткани бер,-дедилар.
Бердим.”4” қўйдилар. Бошимга гўё гурзи тушгандай бўлди.

Имтиҳондан чиқибоқ ўзимни ташқари отибман. Қанча юрдим, билмайман, бир вақт қарасам, шаҳар истироҳат боғида турибман.Ҳеч ким йўқ ( иш, ўқиш вақти), бир пайт, кўл бўйидаги мажнунтолларга кўзим тушиб қолди. Улар савлатли, файзли ва баланд, лекин бошлари ерга эгик…

Кўлга ёндош, олмазорга қарадим, ҳосиллари мўллигидан барчаси солланиб, эгилиб туришибди…
Сен нега кеккаясан, дедим ўзимга ўзим, табиатдан ибрат олгин-да, тез бориб домладан узр сўрагил.

Юқоридаги икки ҳолатда ҳам ( кутубхонага тушганимизда ва имтиҳон пайти) домла менга бир сўз демай ўз саъйи-ҳаракатлари билан пурмаъно дарс берган эканлар. Ибрат кучи-қуввати дегани шу бўлса керак!

Ҳа, Фаттоҳ Абдуллаев ҳақида яна кўплаб шогирдлари томонидан шу сингари кўплаб самимий сўзларни эшитиш мумкин. Энг асосийси, СЎЗга, тилшуносликка умрини бағишлаган фидойи олимнинг асарларини қайтадан нашр этишда. Чунки, профессор Фаттоҳ Абдуллаевнинг асарлари илк бора нашр этилганига ҳам ярим асрдан кўпроқ вақт бўлди.Бу вақт ичида бир нечта янги авлод шаклланди.Аммо домланинг асарларини баъзан кутубхоналардан ҳам топиш қийин бўлиб қолди. Масалан, болалар ва ёшлар учун “Хоразм эртаклари” китобини қайта нашр этиш, ҳаётимизда тилга эътиборсизлик бўлиб турган паллада домланинг асарларини қайта чоп қилдириш заруратини туғдирмоқда.Шу каби Фаттоҳ Абдуллаев асарларининг электрон вариантини тайёрлаб, соҳага доир сайтларда бериб борилса, домла илмий тадқиқ этган қўшни Қозоғистондаги тилшунослар, миллатдошларимиз ҳам илмдан баҳра олган бўлардилар.Зеро, илм вақт, чегара билмайди.Қолаверса, инсонни иложи бўлса ҳаётлигида, агарки бунинг иложини топаолмаган эканмиз, вафотидан сўнг ҳам яратган асарларини қайта нашр қилдириб қадрини ўз ўрнига қўйишимиз керак.

022

(Tashriflar: umumiy 219, bugungi 1)

Izoh qoldiring