Usmon Azim. Yulduzlar sen uchun porlar ehtimol

05   Мен Худо кўнглимга қандай солса, шундай ёзаман. Анъанавий ёзишни ҳам, замонавий ёзишни маълум бир даражада удда қиламан. Шоир фақат бу тарзда ёзиши лозим деб туриб оладиган нодонлардан узоқроқ юраман. Улар фақат ўзи қўлидан келадиган бир услубни мақташга киришадилар. Менинг назаримда эса, шоир шеъриятдаги ҳамма йўналишни ўзлаштирган бўлиши керак. Бу унинг ижодида ранг-барангликка олиб келади ( Усмон Азим билан суҳбатдан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

06
Усмон АЗИМ
Ўзбекистон Халқ шоири
ЮЛДУЗЛАР СЕН УЧУН ПОРЛАР ЭҲТИМОЛ
05

090Усмон Азим 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида таваллуд топган. Ўзбекистон халқ шоири (2000). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). Илк китоби — «Инсонни тушуниш» (1979). «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари» (1985), «Дарс» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса» (1994), «Узун тун» (1994), «Сайланма» (1995), «Куз» (2001) каби шеърий ва «Жоду» (2003) насрий тўпламлари нашр этилган. Драмалар ҳам ёзган («Бир қадам йўл». 1997; «Алпомишнинг кайтиши», 1998 ва бошқа). «Алишер Навоий» киноқиссаси (1990), «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» (2000) фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган. Поль Элюар, Ояр Вациетис, Фозил Ҳусни Доғларжа, А. Вознесенский, Ю. Марцинкявичюс ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). «Дўстлик» ордени соҳиби (1998).

05

* * *

Дарахт шиддатини
яширди танга,
аммо нима кечган — шундоқ эсида:
хазонрез, изғирин; барглар —
аланга —
йўқотишга дунё таслим кезида.
Ўзига чекинди дарахт, чекинди
(вақт билан курашиб бўлмайди, ахир),
томиру танига умид бекинди —
ногоҳ киргизмасин қиш совуқ таҳрир.
Орзуни яширди навдаларига,
гулламоқ шавқини куртакка солди.
Шохларнинг бужмайган гавдаларида
меваларнинг ранги пинҳона қолди.
Музлаган тупроққа илдизин тараб,
муздай сукунатга босиб бағрини,
январнинг қаҳрига бемалол қараб,
қорларга кўмилди чигал яғрини.
Дарахт шиддатини яширди — орзу
қоронғу карахтлик ичида равшан…
Баҳор етиб келса, қандай гуллар у —
тангри таолонинг режаси билан!

Шу дарахт деразам тагида яшар,
у қорли бошимга боқади ўктам.
Ўйлар: — Бу ҳам қайта гуллашни
бошлар,
менга жуда ўхшар, ахир, бу одам.

Ўзимга ўзимни ютиб турибман.
Бу гапдан кўзларим ёшланмайдими?
Сўнгимда нимани кутиб турибман?
Нима бошланади?.. Бошланмайдими?..

* * *

Қор аралаш увлади шамол.
Ҳилпиради ҳаво. Юлинди.
Қисмат бу дам — соғинчинг аро —
Минг айланиб — қишга урилди.

Жонни совуқ айлади қамал —
Бўри довул ўради — ёвуз.
Сенсиз қишда қолдим беамал —
Изилладим соғинчда ёлғиз.

Мен чақирдим: — Кел, етди завол!
Мен қичқирдим — кимга? — эланиб!..
Саросима увлади шамол —
Тилка-пора қорга беланиб…

Кел! Борлигинг кетмоқда йироқ,
Кўмилмоқда армонлар изи —
Печкаларнинг тафтидан мудроқ
Уйда совуқ қотган азизим.

* * *

Сен, бу кунлар ўтмайди, дема,
Умр — мангу: кетмайди, дема,
Паризодим, бу дунё — сайёд.
Қисмат бизга етмайди, дема,
Ҳижрон вайрон этмайди, дема —
Сен кетган кун тугайди ҳаёт.
Лабларингда сассиз айтар дод
Эс-ҳушидан айри табассум…
Қара, қандай чиройли бу кун —
Туманлару булутдан озод!
Худди сўнгги нафасдай айтгум:
— Кетма! Кетсанг, тугайди ҳаёт!

* * *

Сени
кўрмоқ учун
телбавор юрибман
кўнгил тарафларда.

Йўлларингга
қараб
қовжираб турибман
кўнгил тарафларда.

Тош дунёларингдан
сен қачон келасан
кўнгил тарафларга?

Кўнгилсизим,
ҳеч ишинг тушмайдими
кўнгил тарафларга?

БОЛАЛИКДАН ХОТИРА

Куз
Тоғу даштга етган.
Куз қисматимни айлаган пайхон:
Онам тоғлар ошиб,
пахта теримга кетган,
Отам вафот этган
аллақачон.

Чўл бор
бу баланд тоғлардан нарида,
Тоғлардан ҳайдалган Бойсун унда
сарсон.
«Пахта зарур!» деган
зулмнинг қаҳридан
Қутулмоқ беимкон.

Тепалардан ошиб,
келса эди онам! —
Соғинчга тўлганман, армонга
тўлганман.
Онам тоғлар ортига —
пахта теримга кетган,
Отамнинг йўқлигига эса
кўнганман.

Мол боқиб, дала-даштни кезаман.
Ғуссалиман —
жоним борар титилиб.
Боз устига,
кузнинг ситамини сезаман —
Кўзимдан
ёш оқар
ситилиб.

Мезонлар
парвоздан толади дашту қирда —
Ёмғирли ноябрь,
совуқ декабрь.
Мен аниқ биламан, отам Сибирдан
Касал бўлиб қайтгач, вафот этгандир…
Бу гапларни бобом гурунгда айтган.
Мен эшитганман.
Тушунганман. Аниқ…
Ҳозир чўлда пахта терар онам
Менинг ва отамнинг ғуссасин кўтариб.

Мен эса юрибман даштда — мол
боқиб —
ўамда уваланган — қариган бола.
Бесадо оғриқда
кунлар ўтар оқиб,
Кўксимда куз каби жим нола.

Эшитганман:
яратганда ихтиёр —
Ўзи ўлим бермаса, ўлмайман.
Нима бўлсам бўлай,
фақат, парвардигор,
Онамнинг кетишига кўнмайман!..
…Мана энди,
умрим ҳам сўнггига етгандай.
Аммо бир соғинчда яшайман ҳануз:
Онам тоғлар ошиб,
пахтага кетгандай.
Отам йўқ.
Теграмда куздир, куздир…
Куз.

* * *

Қуш нимадир деди япроққа —
Барг тушунди, тушунмадим мен.
Фақат кўрдим — тани титроқда.
Сездим: ҳоли — зилзиладан кенг.

Боғ нимадир деди тупроққа —
Муҳим бир гап… Англамоқ маҳол.
Унга соя ташлаб турмоққа
Яна рухсат сўрар. Эҳтимол.

Кўшиқ айтди майсага ариқ,
Булут тоққа нимадир деди.
Бу суҳбатлар мағзини ёриб,
Дардларини тушунсам эди!

Ари гулга очди дилини,
Ел дарахтни қучоқлаб суйди…

Шеър, кел! Сенсиз дунё тилини
Бир лаҳзада унутиб қўйдим.

СЎНГГИ УЧРАШУВ

Қаҳвахона — саратон тартиб —
Йўлакчада стол тузатган,
Тувакда гул — қирмиз! — безатган.
Мажнунтоллар — елга қўл артиб —
Сочларингга дастин узатган.

Кўнглинг нима тусайди, сўйла?
Пепсими, ё шарбат? Музқаймоқ?
Фақат боқма менга бу кўйда!
“Ҳижрон етди…” деган гунг ўйда —
Мени ҳозир ўлдирар қийноқ!

Аввалгидек ўлтиргин кулиб,
Майда-чуйда гаплардан гапир,
Бирор-бир сўз қолгандир, ахир!..
Қай хавф борар жонимни ютиб —
Биз нимага тушяпмиз асир?

О, ҳасрат ҳам сенга ярашган…
Адо бўлдим ғуссанг бўйида!
Қисмат билан бизми талашган,
Ўртамизда йиллар қалашган —
Кўнамизми мантиқ кўйига?

Айтайинми бирор латифа,
Ўқийинми Навоийдан байт?
Нима қилай? Нима қилай? Айт!..

Тамом. Битти сўнгги саҳифа.
“Севги”. Қисса. Муаллиф: Қисмат.

* * *

Дилда тушнуксиз кадар —
Тан оғриққа тўлади:
Номаълум соғинчларда
Ўртана бошлайди жон.
Ногаҳон бир кабутар
Деразамга қўнади —
Қўнган каби бир илинж,
Қўнган каби бир имкон.

Қаердан келаяпсан?
Қайдан учдинг, жонивор?
Қайдадир биров мен деб
Ақлидан озмадими?
«Кабутар хат ташийди» —
Бирда эшитганим бор…
Касбингдан кечдингми? Ё
Ҳеч ким хат ёзмадими?..

25. 12. 2014

* * *

Нечун ҳеч ким очолмас
Дардим эшикларини —
Кўнглимнинг иморати
Қай баланд боғда барпо?
Дўст! Юксалгин! Жўр бўлгин!
Кузнинг қўшиқларини —
Сўнгги авж баҳрларда
Бирга этайлик ижро!

Кузнинг юксаклигида
Хазон ичра бир ўзим.
Хат ёзсам ҳам келмайсан,
Эшитмайсан йиғласам.
Йўлингда икки кўзим,
Йўлингда икки кўзим —
Борай десам, бу куздан
Чиқиш йўлин билмасам…

30. 12. 2014

* * *

Абдулла акага

Хазон ва мен — кузда ёнган,
Сўзда ёнган — бир ўзим…
Бир ўзимми ғамда қолган,
Нечун йиғлайсан, кўзим?

Бир ўзимми — коинотнинг
Шивирини шеър этган?
Бир ўзимми — бу ҳаётни
Тўрт сатрга тенг этган?

Ёр не деди? Ёв не деди?
Биродарлар не деди?
Бу дунёда ўзим каби
Бир кимса бўлса эди…

8. 01. 2015

БАЛЛАДА

Тулпорлар елади йўлларда —
Сен томон елади, сен томон.

Ошиқлар жон берар чўлларда —
Сен — армон, барчага сен — армон.

Рубоб ҳам, қонун ҳам сеники,
Соғинчни куйлашдан толмайсан.

Олсанг-чи! Бу жоним сеники…
Олмайсан ҳеч қачон, олмайсан.

13. 01. 2015

* * *

Юлдузлар
сен учун порлар эҳтимол.

Сен учун эҳтимол
баҳорлар келар.

Эҳтимол бу дунё сен учун
яралган…

Анов, тақдир эса —
Фақат сен учун.

Нега у
ташландиқ уй каби ғариб?

Нечун
тақдирингда
яшамаяпсан?

Уни
бировларга
нечун топширдинг?

22. 01 2015

* * *

Тошкентда туш каби юрибсан.
Кетаяпсан,
ёмғир ювган шаҳарни оралаб —
қандай чиройлисан!

Уйғонсам,
эсимда қоласанми?

Йўлкалар
пойингга
узун чўзилган,
мошинлар беовоз сузарлар
кўчаларда.
Чорраҳаларда чироқлар баҳордай
ям-яшил.
Сен учунми,
ё сенинг сеҳрингми бу мўъжизалар?

Сен — одам шаклидаги туманим —
тарқаб кетмайсанми
уйғонсам?

Ортингдан кетишга рухсат бер.

Бу ҳушёр дунёда,
бу ишчан дунёда,
бу бедор дунёда —
ҳеч бўлмаса,
биргина одам
тушининг ортидан кетсин!..

Айтгандай,
сен
неча кунлик тушсан?

Ҳар хил хаёлга борма.

Умрим неча кун? —
билмоқчиман,
холос.

16. 02. 2015

07

 Men Xudo ko’nglimga qanday solsa, shunday yozaman. An’anaviy yozishni ham, zamonaviy yozishni ma’lum bir darajada udda qilaman. Shoir faqat bu tarzda yozishi lozim deb turib oladigan nodonlardan uzoqroq yuraman. Ular faqat o’zi qo’lidan keladigan bir uslubni maqtashga kirishadilar. Mening nazarimda esa, shoir she’riyatdagi hamma yo’nalishni o’zlashtirgan bo’lishi kerak. Bu uning ijodida rang-baranglikka olib keladi (Usmon Azim bilan suhbatdan. Uni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

06
Usmon AZIM
O’zbekiston Xalq shoiri
YULDUZLAR SEN UCHUN PORLAR EHTIMOL
05

Usmon Azim 1950 yil 13 avgustda Surxondaryo viloyati, Boysun tumanida tavallud topgan. O’zbekiston xalq shoiri (2000). ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tugatgan (1972). Ilk kitobi — «Insonni tushunish» (1979). «Holat» (1979), «Oqibat» (1980), «Ko’zgu» (1983), «Surat parchalari» (1985), «Dars» (1985), «Ikkinchi aprel`» (1987), «Baxshiyona» (1989), «G’aroyib ajdarho» (1990), «Uyg’onish azobi» (1991), «G’ussa» (1994), «Uzun tun» (1994), «Saylanma» (1995), «Kuz» (2001) kabi she’riy va «Jodu» (2003) nasriy to’plamlari nashr etilgan. Dramalar ham yozgan («Bir qadam yo’l». 1997; «Alpomishning kaytishi», 1998 va boshqa). «Alisher Navoiy» kinoqissasi (1990), «Alpomish» kinodostoni (1997), «Sevgi» (1998, shu nomli hikoya asosida) va 2 seriyali «Alpomish» (2000) fil`mlarining stsenariysiga mualliflik qilgan. Pol` Elyuar, Oyar Vatsietis, Fozil Husni Dog’larja, A. Voznesenskiy, YU. Martsinkyavichyus va boshqa shoirlarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. Gruziyaning Mayakovskiy nomidagi Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan (1982). «Do’stlik» ordeni sohibi (1998).

05

* * *

Daraxt shiddatini
yashirdi tanga,
ammo nima kechgan — shundoq esida:
xazonrez, izg’irin; barglar —
alanga —
yo’qotishga dunyo taslim kezida.
O’ziga chekindi daraxt, chekindi
(vaqt bilan kurashib bo’lmaydi, axir),
tomiru taniga umid bekindi —
nogoh kirgizmasin qish sovuq tahrir.
Orzuni yashirdi navdalariga,
gullamoq shavqini kurtakka soldi.
Shoxlarning bujmaygan gavdalarida
mevalarning rangi pinhona qoldi.
Muzlagan tuproqqa ildizin tarab,
muzday sukunatga bosib bag’rini,
yanvarning qahriga bemalol qarab,
qorlarga ko’mildi chigal yag’rini.
Daraxt shiddatini yashirdi — orzu
qorong’u karaxtlik ichida ravshan…
Bahor yetib kelsa, qanday gullar u —
tangri taoloning rejasi bilan!

Shu daraxt derazam tagida yashar,
u qorli boshimga boqadi o’ktam.
O’ylar: — Bu ham qayta gullashni
boshlar,
menga juda o’xshar, axir, bu odam.

O’zimga o’zimni yutib turibman.
Bu gapdan ko’zlarim yoshlanmaydimi?
So’ngimda nimani kutib turibman?
Nima boshlanadi?.. Boshlanmaydimi?..

* * *

Qor aralash uvladi shamol.
Hilpiradi havo. Yulindi.
Qismat bu dam — sog’inching aro —
Ming aylanib — qishga urildi.

Jonni sovuq ayladi qamal —
Bo’ri dovul o’radi — yovuz.
Sensiz qishda qoldim beamal —
Izilladim sog’inchda yolg’iz.

Men chaqirdim: — Kel, yetdi zavol!
Men qichqirdim — kimga? — elanib!..
Sarosima uvladi shamol —
Tilka-pora qorga belanib…

Kel! Borliging ketmoqda yiroq,
Ko’milmoqda armonlar izi —
Pechkalarning taftidan mudroq
Uyda sovuq qotgan azizim.

* * *

Sen, bu kunlar o’tmaydi, dema,
Umr — mangu: ketmaydi, dema,
Parizodim, bu dunyo — sayyod.
Qismat bizga yetmaydi, dema,
Hijron vayron etmaydi, dema —
Sen ketgan kun tugaydi hayot.
Lablaringda sassiz aytar dod
Es-hushidan ayri tabassum…
Qara, qanday chiroyli bu kun —
Tumanlaru bulutdan ozod!
Xuddi so’nggi nafasday aytgum:
— Ketma! Ketsang, tugaydi hayot!

087

* * *

Seni
ko’rmoq uchun
telbavor yuribman
ko’ngil taraflarda.

Yo’llaringga
qarab
qovjirab turibman
ko’ngil taraflarda.

Tosh dunyolaringdan
sen qachon kelasan
ko’ngil taraflarga?

Ko’ngilsizim,
hech ishing tushmaydimi
ko’ngil taraflarga?

BOLALIKDAN XOTIRA

Kuz
Tog’u dashtga yetgan.
Kuz qismatimni aylagan payxon:
Onam tog’lar oshib,
paxta terimga ketgan,
Otam vafot etgan
allaqachon.

Cho’l bor
bu baland tog’lardan narida,
Tog’lardan haydalgan Boysun unda
sarson.
«Paxta zarur!» degan
zulmning qahridan
Qutulmoq beimkon.

Tepalardan oshib,
kelsa edi onam! —
Sog’inchga to’lganman, armonga
to’lganman.
Onam tog’lar ortiga —
paxta terimga ketgan,
Otamning yo’qligiga esa
ko’nganman.

Mol boqib, dala-dashtni kezaman.
G’ussaliman —
jonim borar titilib.
Boz ustiga,
kuzning sitamini sezaman —
Ko’zimdan
yosh oqar
sitilib.

Mezonlar
parvozdan toladi dashtu qirda —
Yomg’irli noyabr`,
sovuq dekabr`.
Men aniq bilaman, otam Sibirdan
Kasal bo’lib qaytgach, vafot etgandir…
Bu gaplarni bobom gurungda aytgan.
Men eshitganman.
Tushunganman. Aniq…
Hozir cho’lda paxta terar onam
Mening va otamning g’ussasin ko’tarib.

Men esa yuribman dashtda — mol
boqib —
o’amda uvalangan — qarigan bola.
Besado og’riqda
kunlar o’tar oqib,
Ko’ksimda kuz kabi jim nola.

Eshitganman:
yaratganda ixtiyor —
O’zi o’lim bermasa, o’lmayman.
Nima bo’lsam bo’lay,
faqat, parvardigor,
Onamning ketishiga ko’nmayman!..
…Mana endi,
umrim ham so’nggiga yetganday.
Ammo bir sog’inchda yashayman hanuz:
Onam tog’lar oshib,
paxtaga ketganday.
Otam yo’q.
Tegramda kuzdir, kuzdir…
Kuz.

* * *

Qush nimadir dedi yaproqqa —
Barg tushundi, tushunmadim men.
Faqat ko’rdim — tani titroqda.
Sezdim: holi — zilziladan keng.

Bog’ nimadir dedi tuproqqa —
Muhim bir gap… Anglamoq mahol.
Unga soya tashlab turmoqqa
Yana ruxsat so’rar. Ehtimol.

Ko’shiq aytdi maysaga ariq,
Bulut toqqa nimadir dedi.
Bu suhbatlar mag’zini yorib,
Dardlarini tushunsam edi!

Ari gulga ochdi dilini,
Yel daraxtni quchoqlab suydi…

She’r, kel! Sensiz dunyo tilini
Bir lahzada unutib qo’ydim.

SO’NGGI UCHRASHUV

Qahvaxona — saraton tartib —
Yo’lakchada stol tuzatgan,
Tuvakda gul — qirmiz! — bezatgan.
Majnuntollar — yelga qo’l artib —
Sochlaringga dastin uzatgan.

Ko’ngling nima tusaydi, so’yla?
Pepsimi, yo sharbat? Muzqaymoq?
Faqat boqma menga bu ko’yda!
“Hijron yetdi…” degan gung o’yda —
Meni hozir o’ldirar qiynoq!

Avvalgidek o’ltirgin kulib,
Mayda-chuyda gaplardan gapir,
Biror-bir so’z qolgandir, axir!..
Qay xavf borar jonimni yutib —
Biz nimaga tushyapmiz asir?

O, hasrat ham senga yarashgan…
Ado bo’ldim g’ussang bo’yida!
Qismat bilan bizmi talashgan,
O’rtamizda yillar qalashgan —
Ko’namizmi mantiq ko’yiga?

Aytayinmi biror latifa,
O’qiyinmi Navoiydan bayt?
Nima qilay? Nima qilay? Ayt!..

Tamom. Bitti so’nggi sahifa.
“Sevgi”. Qissa. Muallif: Qismat.

* * *

Dilda tushnuksiz kadar —
Tan og’riqqa to’ladi:
Noma’lum sog’inchlarda
O’rtana boshlaydi jon.
Nogahon bir kabutar
Derazamga qo’nadi —
Qo’ngan kabi bir ilinj,
Qo’ngan kabi bir imkon.

Qaerdan kelayapsan?
Qaydan uchding, jonivor?
Qaydadir birov men deb
Aqlidan ozmadimi?
«Kabutar xat tashiydi» —
Birda eshitganim bor…
Kasbingdan kechdingmi? YO
Hech kim xat yozmadimi?..

25. 12. 2014

* * *

Nechun hech kim ocholmas
Dardim eshiklarini —
Ko’nglimning imorati
Qay baland bog’da barpo?
Do’st! Yuksalgin! Jo’r bo’lgin!
Kuzning qo’shiqlarini —
So’nggi avj bahrlarda
Birga etaylik ijro!

Kuzning yuksakligida
Xazon ichra bir o’zim.
Xat yozsam ham kelmaysan,
Eshitmaysan yig’lasam.
Yo’lingda ikki ko’zim,
Yo’lingda ikki ko’zim —
Boray desam, bu kuzdan
Chiqish yo’lin bilmasam…

30. 12. 2014

* * *

Abdulla akaga

Xazon va men — kuzda yongan,
So’zda yongan — bir o’zim…
Bir o’zimmi g’amda qolgan,
Nechun yig’laysan, ko’zim?

Bir o’zimmi — koinotning
Shivirini she’r etgan?
Bir o’zimmi — bu hayotni
To’rt satrga teng etgan?

Yor ne dedi? Yov ne dedi?
Birodarlar ne dedi?
Bu dunyoda o’zim kabi
Bir kimsa bo’lsa edi…

8. 01. 2015

BALLADA

Tulporlar yeladi yo’llarda —
Sen tomon yeladi, sen tomon.

Oshiqlar jon berar cho’llarda —
Sen — armon, barchaga sen — armon.

Rubob ham, qonun ham seniki,
Sog’inchni kuylashdan tolmaysan.

Olsang-chi! Bu jonim seniki…
Olmaysan hech qachon, olmaysan.

13. 01. 2015

* * *

Yulduzlar
sen uchun porlar ehtimol.

Sen uchun ehtimol
bahorlar kelar.

Ehtimol bu dunyo sen uchun
yaralgan…

Anov, taqdir esa —
Faqat sen uchun.

Nega u
tashlandiq uy kabi g’arib?

Nechun
taqdiringda
yashamayapsan?

Uni
birovlarga
nechun topshirding?

22. 01 2015

* * *

Toshkentda tush kabi yuribsan.
Ketayapsan,
yomg’ir yuvgan shaharni oralab —
qanday chiroylisan!

Uyg’onsam,
esimda qolasanmi?

Yo’lkalar
poyingga
uzun cho’zilgan,
moshinlar beovoz suzarlar
ko’chalarda.
Chorrahalarda chiroqlar bahorday
yam-yashil.
Sen uchunmi,
yo sening sehringmi bu mo»jizalar?

Sen — odam shaklidagi tumanim —
tarqab ketmaysanmi
uyg’onsam?

Ortingdan ketishga ruxsat ber.

Bu hushyor dunyoda,
bu ishchan dunyoda,
bu bedor dunyoda —
hech bo’lmasa,
birgina odam
tushining ortidan ketsin!..

Aytganday,
sen
necha kunlik tushsan?

Har xil xayolga borma.

Umrim necha kun? —
bilmoqchiman,
xolos.

16. 02. 2015

07

(Tashriflar: umumiy 21 851, bugungi 1)

Izoh qoldiring