Dilafruz Choriyeva. She’rlar

034Саҳифамизнинг доимий муаллифларининг тавсияси билан шоира Дилафрўз Чориева шеърларини сизга тақдим этмоқдамиз.

Дилафрўз ЧОРИЕВА
ШЕЪРЛАР


Дилафрўз Чориева 1987 йили Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида туғилган. Ўзбекистон миллий университети қошидаги Олий адабиёт курсини ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган.  Шеърлари “Ёшлар китоби”, “Олтин кўприк” сингари баёзларга киритилган. “Қалбим сурати”, “Сарҳад билмас соғинчлар”, “Ўзимни излаб…”, “Бахт қўшиғи” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.


Кўнгил бердик

Кўнгил бердик, кўнгил олдик,03
Қалбимизга солмагин ғам.
Тақдиримиз туташтириб –
Умримизни чийрат, Эгам!

Умр савдоси ҳал бўлар-да,
Битта элнинг ой юзиман.
Ҳар ким эмас менинг тенгим,
Ойбарчиннинг ой қизиман.

Эл орини орим деган,
Ҳамиятли йигитдир ул.
Олис элдан келди алпим,
Иккимизга эй толе, кул!

Юрагида дарди борим,
Ёринг бўлай – оринг бўлай,
Йўлларимда эдинг зорим,
Ёнгинангда ойдек тўлай.

Ота рози – Худо рози,
Доғда қолмай отамга ет…
Совчи қўйиб ололмасанг –
Садқай менинг бўйим кет.

Кўнгил бердик, кўнгил олдик,
Қалбимизга солмагин ғам.
Тақдиримиз туташтириб –
Умримизни чийрат, Эгам!

Хола-я…

Хола, хола, хола-я…
Кўзларимда жола-я…
Дилимдаги дардимни
Сизга айтиб сола-я…

Хола, хола, хола-я…
Ёноғимда лола-я…
Илк муҳаббат ўтида
Куйган жоним тола-я…

Хола, хола, хола-я…
Ўзим билан қола-я…
Чертиб дилда торимни –
Бўлдим афғон-нола-я…

Хола, хола, хола-я…
Ғамим гала-гала-я…
Кўнглимда тонг ёришмас –
Гиёҳ битмас дала-я…

Хола, хола, хола-я…
Сўзларимда нола-я…
Ёр бевафо бўлсаям
Юрагида қола-я…

Шом

– Шомда юрмагин, шомда югурма,
Ҳосиятсиз пайт, – дер эди момам.
Боши кетар ҳар кун неча инсофнинг –
Фано қонялоғи шоммикан, билмам.

Шом ибтидоми ёки интиҳо,
Ёки кун жонталаш бўлган вақтими?
Сел олди жинлар рақс тушгани каби,
Тун олди жинларнинг базм пайтими?

Ҳар кеч қизғалдоқзор олам этаги
Бир лаҳза сукутга солар дунёни.
Етим кўзидаги сўнгги томчи ёш –
Сурати эгаллаб олар дунёни.

* * *

Руҳим изингиздан эргашиб юрса,
Сизсиз зерикишга топмасам имкон.
Гуноҳкор кўнгилни дорга буюрса,
Бўғзимни тутишга шайман, ёрижон.

Лабингизга сингсам ним табассумдек,
Чеҳрангизни чизиб бахтга тутардим.
Юракдаги муҳаббат бекатларида,
Ўзимни унитиб, сизни кутардим.

Мен – бахтнинг йўқолган тоқ бир сирғаси,
Ғам тақай дейди-ю, қулоғин топмас.
Сиз шундай бахтлисиз очун эркаси,
Сизни унутишнинг имкони бўлмас.

Дийдор – жафо қўлда бир инжу шодлик,
Жаннат боғларида етармиз унга.
Ёлғизим, бағрингиз бунчалар кўҳлик,
Дунёдан кечгулик, бир лаҳза онга.

Йироқлар фироқни улғайтар ўпиб,
Хаёлларга сиғмай қолди бу севги.
Ишқнинг қучоғида ўлимни топиб,
Яшай – чеҳрангизда бўлиб ҳур кулгу.

* * *

Юлдузлар йироқлашиб борар тобора,
Ё мен тубанликка юз тутаяпманми?!
Самон йўли адаштирди…
Зуҳрожон, изингга бир қара.
Ўзингмисан, бери кел,
Дийдоринга етдимми?!
Тилим тишлаб, чопиб келяпман,
Кел, Муштарий, сирлашайлик,
Чери чиқсин юрагимнинг.
Айтолмадим дарахтларга,
Келинлигин орзу қилиб,
Ажин юзин юлмасин деб.
Қушларга ҳам айтолмадим,
Дунёга жар солиб яна,
Қузғунлари кулмасин деб.
Сувларга-да, сир бермадим,
Шопирмасин шаршаралар.
Саболарга дил бермадим,
Ҳасаддан бўрон бўлиб,
Буришмасин башаралар.
Юрагимни қўлга олган,
Ҳисни ҳатто,
Ўзимга ҳам айтолмадим.
Онам айтар:
«Қуварчаларда қулоқ бор»,
Гунг бўлиб, юрагимдан кетолмадим.
Эй, зулматнинг кўксидаги армони,
Одамзотнинг қадам етмас ўрмони.
Заминга сиғмаган самодил қизнинг,
Ортиқ сир сақларга етмас дармони.
Борлиқ…
Уйғон…
Тингла!
Мен севиб қолдим!
Севиб қолдим!
Севиииииб…

***

Бойчиборнинг туёғига қоқилган гулмих,
Бугун менинг юрагимга қоқиляпти.
Орзуларим зирак бўлиб,
Танноз армон қулоғига тақиляпти.
Бармоғимга узук эмас,
Пойларимга хиёнат тишовлари солиняпти,
Муҳаббатим мозорига
Шомлар беҳол йиқиляпти.
Сиқиляпти…
Юраккинам… сиқиляпти…
Ҳижронларнинг чангалида.
Адашганман ўз кўксимда –
Сизсизликнинг жангалида.
Тонг – дастрўмол, кўзда ёшим,
Ҳар кун секин артиб қўйган.
Нечун сизмас, сабо бўлди,
Сочларимдан майин силаб –
Пешонамдан ўпиб қўйган.
Ҳижрон кишанини парчалаб бир кун…
Юракдаги гулмих билан
Қиёматда сизга етгум.
Дилозор ёр ҳозир эса,
Дилингизга кириб олиб,
Ёлғизликнинг диёрига
Ёнингиздан секин кетгум…

***

Бахт уйимнинг деворлари алвон кашта,
Бошланади баҳор менинг юрагимдан.
Ранго-ранг ул сўзаналар сувга ташна
Гулзор каби меҳр ичган тилагимдан.

Девордаги гулбоғ аро булбул саси,
Юракдир бу – ишқ комига тутилган у.
Сўзанамас, йўқ-йўқ, асли ишқ қиссаси,
Муҳаббатнинг қўлларида битилган у.

Зардеволнинг нақши каби туташ-туташ,
Бахт йўллари ҳаётимни чоғлаб борар.
Бўғжамада шамс кулади, дилда оташ –
Белқарсдайин умрингизга боғлаб борар.

Тизмадаги қўзигулдек тизилиб шод,
Кулиб турар фарзандларим қаршингизда.
Сажжоданинг йўлларидан ўрлаб, шояд,
Шукроналар ҳаққа етса аршингизда.

Ташқарида сепин ёйган баҳоройнинг
Чиройлидир ул зангори гиламидан.
Онам қўшган ғажари-ю ойгиламлар,
Сарала-ю терма турар аламидан…

Ой ухлайди ойгиламнинг энларида,
Тушларида менга ойдай бахтлар тилаб…
Қуроқ кўрпа, кўрпачалар қиқирлайди,
“Қуралишиб юрингизлар биздай йиллаб…”

Ўрмакларни ўрилтириб тўқиганда,
Ҳар термага орзуларин терган онам.
Қайнанамни керилтириб сеп йиққан-да,
Кўзда нурин, қалбда қўрин берган онам.

Ойнадайин ёруғ бўлсин изларим деб,
Уй тўрига ойна халта осдим, мана.
Қуралишиб юрсин ўғил-қизларим деб,
Қўлбовига турна қуроқ тикдим яна.

Болишга бош қўйса ёрим толиқиб шом,
Маст қилади, яшнаб турган гул ифори.
Йўқ, матомас, ипак эмас, бу каҳкашон –
Гул кўнглимнинг яшнаб турган чаманзори.

Ўзбегимнинг уйи шундай кўшк азалдан,
Тўрт фаслда баҳордайин яшнаб турар.
Ҳар буржида нақшлари бир ғазалдай
Ўтмиш ҳамда келажакдан сўзлаб турар…

Онажон

Онажон!
Дўст топмадим ўзингдан ўзга,
Хазон янглиғ тентидим дилгир.
Симлар торлик қиляпти сўзга,
Қайга элти бу тақдир қурғур.

Онажон!
Олғирлари сероб дунёда,
Митти жонни асрамоқ оғир.
Ғам карвони ҳаддан зиёда,
Қалб сарҳади эзилди – яғир.

Онажон!
Овозингни элтган бу матоҳ,
Тафтингни ҳис эттира олмас.
Офтоб янглиғ ҳар куни чошгоҳ,
Қучсам сени армоним қолмас.

Умрим

Шовуллаган тераклар
Шардоздайин терилган.
Олтин рангли калава
Ўрмак қилиб югрилган.
Оппоқ гилам тўқилар.

Қўлга олган қиличин
Дунё чевар аёлми,
Орқов қилиб умримни,
Тўқигани хаёлми.
Менинг умрим тўқилар.

Тизилади юлдузлар,
Кўз бўлгани ловуллаб.
Парисини йиттирган
Осмон турар ҳувиллаб.
Қора гилам тўқилар.

Оппоқ гилам тўқилар,
Қаро гилам тўқилар.
Иккиси аро Эгам,
Ёзиғларим ўқилар

***

Туннинг кипригида ўлтирибман жим,
Айрилиқ дарахтига суяниб маюс.
Мени сочларимга танғиб кетти ким,
Суйганим гуноҳим минг йилки афсус.

Бошда рўмолимга жо бўлди дунё,
Оёқни унутдим ишққа тиз чўкиб.
Қароғларим қаро қумғондир гўё,
Қалбим ўчоғида қайнайди ўксиб.

Кўкларга тенглашиб боряпман ўзим,
Бунёд бўлиб борар аламдан тоғлар.
Ёниб кетмасайди кўзлар, азизим,
Сизни сиғдиролмай бахтиёр чоғлар.

Юлдузлардан сизга тўн тикиб қўйдим,
Жудоликда жонинигизга титроқ бўлай.
Келинг, бегим, қароғимга тўлиб келинг,
Анов ойни белингизга боғлаб қўяй.

Куз

Кўҳнагина кўйлагингдан
Ийманмагин, эгачим-ов.
Не ошиқлар бошин эгган
Гул эдинг-а, бекачим-ов.

Бошинг узра булут эмас,
Ўйнар тинмай тегирмон тош.
Кел, қалбимга бекиниб ол,
Ўксиб-ўксиб тўкмагин ёш.

Ўтлиғ-ўтлиғ оҳларингдан
Тўкилмоқда ҳазин олов.
Чиқиб келса чоҳларидан,
Алпомишинг тикар ялов…

***

Улуғ ёшга етдим деб,
Тилла сочар тийрамоҳ.
Шамол ўйнар боладай,
Терар олтин танга гоҳ.

Файзсизгина боғларга
Қўноқ ташлар қарғалар.
Чиммат тутиб моҳтобга,
Булут тинмай йўрғалар.

Кетмон тушиб узала,
Чарчоғини чиқарар.
Тарнов боғлаб белини,
Ёмғиройни чақирар.

Қиров қучган далалар,
Юрагимда исининг.
Мўри чекар нолалар,
Изғиринлар, қисининг.

Тиниб қолган ариқлар
Ялпизлар-ла мумлашар,
Бўйга етган тераклар
Кўнглим билан бўйлашар.

***
Қиш тикканди оппоқ ялов,
Қалбимизнинг қалъасига.
Дилда оташ, кўзда олов,
Жўр бўлди най ноласига.

Изларимиз терар эди,
Нигоҳларим қор қўйнидан.
Шода юлдуз учиб келди,
Қароғимга тун бўйнидан.

Оқ либосли боғда кезиб,
Ишқ достонин битар эдик.
Исмимиз-ла қорхат ёзиб,
Орзуларга тутар эдик.

Оллоҳ бугун бизни сийлар,
Бахт саройин бекасиман.
Икки дил бир қўшиқ куйлар,
Ҳаётингиз эркасиман…

***
Тонгга арғимчоқлар солиб бермоқ-чун
Ойнинг узун-узун сочларин ўрдим.
Умримиз нурафшон, дил уйинг гулгун,
Жоним, ҳаётингга шуъладай кирдим.

Руҳим поклансин бу ишқ эҳромингда,
Қалбингни қибла деб сиғинаяпман.
Гарчи турсам ҳамки мен, эҳ, ёнингда,
Меҳрингга ташнаман – соғинаяпман.

Мен бир фариштаман, пинҳон асрорим,
Қувончли дамларинг муҳрлайман шан.
Ёхуд бахт гулиман, мушку ифорим
Бутун ҳаётингни сеҳрлар – гулшан…

Зулмат кўзасини тўлдиради нур,
Кўзларингдан зиё тошган чоғида.
Бахтимиз, орзумиз учади масрур
Тонгнинг нурли, ойдин арғимчоғида…

21Sahifamizning doimiy mualliflarining tavsiyasi bilan shoira Dilafro‘z Chorieva she’rlarini sizga taqdim etmoqdamiz.

Dilafro’z CHORIEVA
SHE’RLAR


    Dilafro’z Choriyeva 1987 yili Qashqadaryo viloyati Dehqonobod tumanida tug’ilgan. O’zbekiston milliy universiteti qoshidagi Oliy adabiyot kursini hamda O’zbekiston davlat san’at va madaniyat institutini tamomlagan. She’rlari “Yoshlar kitobi”, “Oltin ko’prik” singari bayozlarga kiritilgan. “Qalbim surati”, “Sarhad bilmas sog’inchlar”, “O’zimni izlab…”, “Baxt qo’shig’i” nomli she’riy to’plamlari nashr etilgan.


Ko’ngil berdik

Ko’ngil berdik, ko’ngil oldik,
Qalbimizga solmagin g’am.
Taqdirimiz tutashtirib –
Umrimizni chiyrat, Egam!

Umr savdosi hal bo’lar-da,
Bitta elning oy yuziman.
Har kim emas mening tengim,
Oybarchinning oy qiziman.

El orini orim degan,
Hamiyatli yigitdir ul.
Olis eldan keldi alpim,
Ikkimizga ey tole, kul!

Yuragida dardi borim,
Yoring bo’lay – oring bo’lay,
Yo’llarimda eding zorim,
Yonginangda oydek to’lay.

Ota rozi – Xudo rozi,
Dog’da qolmay otamga yet…
Sovchi qo’yib ololmasang –
Sadqay mening bo’yim ket.

Ko’ngil berdik, ko’ngil oldik,
Qalbimizga solmagin g’am.
Taqdirimiz tutashtirib –
Umrimizni chiyrat, Egam!

Xola-ya…

Xola, xola, xola-ya…
Ko’zlarimda jola-ya…
Dilimdagi dardimni
Sizga aytib sola-ya…

Xola, xola, xola-ya…
Yonog’imda lola-ya…
Ilk muhabbat o’tida
Kuygan jonim tola-ya…

Xola, xola, xola-ya…
O’zim bilan qola-ya…
Chertib dilda torimni –
Bo’ldim afg’on-nola-ya…

Xola, xola, xola-ya…
G’amim gala-gala-ya…
Ko’nglimda tong yorishmas –
Giyoh bitmas dala-ya…

Xola, xola, xola-ya…
So’zlarimda nola-ya…
Yor bevafo bo’lsayam
Yuragida qola-ya…

Shom

– Shomda yurmagin, shomda yugurma,
Hosiyatsiz payt, – der edi momam.
Boshi ketar har kun necha insofning –
Fano qonyalog’i shommikan, bilmam.

Shom ibtidomi yoki intiho,
Yoki kun jontalash bo’lgan vaqtimi?
Sel oldi jinlar raqs tushgani kabi,
Tun oldi jinlarning bazm paytimi?

Har kech qizg’aldoqzor olam etagi
Bir lahza sukutga solar dunyoni.
Yetim ko’zidagi so’nggi tomchi yosh –
Surati egallab olar dunyoni.

* * *

Ruhim izingizdan ergashib yursa,
Sizsiz zerikishga topmasam imkon.
Gunohkor ko’ngilni dorga buyursa,
Bo’g’zimni tutishga shayman, yorijon.

Labingizga singsam nim tabassumdek,
Chehrangizni chizib baxtga tutardim.
Yurakdagi muhabbat bekatlarida,
O’zimni unitib, sizni kutardim.

Men – baxtning yo’qolgan toq bir sirg’asi,
G’am taqay deydi-yu, qulog’in topmas.
Siz shunday baxtlisiz ochun erkasi,
Sizni unutishning imkoni bo’lmas.

Diydor – jafo qo’lda bir inju shodlik,
Jannat bog’larida yetarmiz unga.
Yolg’izim, bag’ringiz bunchalar ko’hlik,
Dunyodan kechgulik, bir lahza onga.

Yiroqlar firoqni ulg’aytar o’pib,
Xayollarga sig’may qoldi bu sevgi.
Ishqning quchog’ida o’limni topib,
Yashay – chehrangizda bo’lib hur kulgu.

* * *

Yulduzlar yiroqlashib borar tobora,
Yo men tubanlikka yuz tutayapmanmi?!
Samon yo’li adashtirdi…
Zuhrojon, izingga bir qara.
O’zingmisan, beri kel,
Diydoringa yetdimmi?!
Tilim tishlab, chopib kelyapman,
Kel, Mushtariy, sirlashaylik,
Cheri chiqsin yuragimning.
Aytolmadim daraxtlarga,
Kelinligin orzu qilib,
Ajin yuzin yulmasin deb.
Qushlarga ham aytolmadim,
Dunyoga jar solib yana,
Quzg’unlari kulmasin deb.
Suvlarga-da, sir bermadim,
Shopirmasin sharsharalar.
Sabolarga dil bermadim,
Hasaddan bo’ron bo’lib,
Burishmasin basharalar.
Yuragimni qo’lga olgan,
Hisni hatto,
O’zimga ham aytolmadim.
Onam aytar:
«Quvarchalarda quloq bor»,
Gung bo’lib, yuragimdan ketolmadim.
Ey, zulmatning ko’ksidagi armoni,
Odamzotning qadam yetmas o’rmoni.
Zaminga sig’magan samodil qizning,
Ortiq sir saqlarga yetmas darmoni.
Borliq…
Uyg’on…
Tingla!
Men sevib qoldim!
Sevib qoldim!
Seviiiiib…

***

Boychiborning tuyog’iga qoqilgan gulmix,
Bugun mening yuragimga qoqilyapti.
Orzularim zirak bo’lib,
Tannoz armon qulog’iga taqilyapti.
Barmog’imga uzuk emas,
Poylarimga xiyonat tishovlari solinyapti,
Muhabbatim mozoriga
Shomlar behol yiqilyapti.
Siqilyapti…
Yurakkinam… siqilyapti…
Hijronlarning changalida.
Adashganman o’z ko’ksimda –
Sizsizlikning jangalida.
Tong – dastro’mol, ko’zda yoshim,
Har kun sekin artib qo’ygan.
Nechun sizmas, sabo bo’ldi,
Sochlarimdan mayin silab –
Peshonamdan o’pib qo’ygan.
Hijron kishanini parchalab bir kun…
Yurakdagi gulmix bilan
Qiyomatda sizga yetgum.
Dilozor yor hozir esa,
Dilingizga kirib olib,
Yolg’izlikning diyoriga
Yoningizdan sekin ketgum…

***

Baxt uyimning devorlari alvon kashta,
Boshlanadi bahor mening yuragimdan.
Rango-rang ul so’zanalar suvga tashna
Gulzor kabi mehr ichgan tilagimdan.

Devordagi gulbog’ aro bulbul sasi,
Yurakdir bu – ishq komiga tutilgan u.
So’zanamas, yo’q-yo’q, asli ishq qissasi,
Muhabbatning qo’llarida bitilgan u.

Zardevolning naqshi kabi tutash-tutash,
Baxt yo’llari hayotimni chog’lab borar.
Bo’g’jamada shams kuladi, dilda otash –
Belqarsdayin umringizga bog’lab borar.

Tizmadagi qo’ziguldek tizilib shod,
Kulib turar farzandlarim qarshingizda.
Sajjodaning yo’llaridan o’rlab, shoyad,
Shukronalar haqqa yetsa arshingizda.

Tashqarida sepin yoygan bahoroyning
Chiroylidir ul zangori gilamidan.
Onam qo’shgan g’ajari-yu oygilamlar,
Sarala-yu terma turar alamidan…

Oy uxlaydi oygilamning enlarida,
Tushlarida menga oyday baxtlar tilab…
Quroq ko’rpa, ko’rpachalar qiqirlaydi,
“Quralishib yuringizlar bizday yillab…”

O’rmaklarni o’riltirib to’qiganda,
Har termaga orzularin tergan onam.
Qaynanamni keriltirib sep yiqqan-da,
Ko’zda nurin, qalbda qo’rin bergan onam.

Oynadayin yorug’ bo’lsin izlarim deb,
Uy to’riga oyna xalta osdim, mana.
Quralishib yursin o’g’il-qizlarim deb,
Qo’lboviga turna quroq tikdim yana.

Bolishga bosh qo’ysa yorim toliqib shom,
Mast qiladi, yashnab turgan gul ifori.
Yo’q, matomas, ipak emas, bu kahkashon –
Gul ko’nglimning yashnab turgan chamanzori.

O’zbegimning uyi shunday ko’shk azaldan,
To’rt faslda bahordayin yashnab turar.
Har burjida naqshlari bir g’azalday
O’tmish hamda kelajakdan so’zlab turar…

Onajon

Onajon!
Do’st topmadim o’zingdan o’zga,
Xazon yanglig’ tentidim dilgir.
Simlar torlik qilyapti so’zga,
Qayga elti bu taqdir qurg’ur.

Onajon!
Olg’irlari serob dunyoda,
Mitti jonni asramoq og’ir.
G’am karvoni haddan ziyoda,
Qalb sarhadi ezildi – yag’ir.

Onajon!
Ovozingni eltgan bu matoh,
Taftingni his ettira olmas.
Oftob yanglig’ har kuni choshgoh,
Quchsam seni armonim qolmas.

Umrim

Shovullagan teraklar
Shardozdayin terilgan.
Oltin rangli kalava
O’rmak qilib yugrilgan.
Oppoq gilam to’qilar.

Qo’lga olgan qilichin
Dunyo chevar ayolmi,
Orqov qilib umrimni,
To’qigani xayolmi.
Mening umrim to’qilar.

Tiziladi yulduzlar,
Ko’z bo’lgani lovullab.
Parisini yittirgan
Osmon turar huvillab.
Qora gilam to’qilar.

Oppoq gilam to’qilar,
Qaro gilam to’qilar.
Ikkisi aro Egam,
Yozig’larim o’qilar

***

Tunning kiprigida o’ltiribman jim,
Ayriliq daraxtiga suyanib mayus.
Meni sochlarimga tang’ib ketti kim,
Suyganim gunohim ming yilki afsus.

Boshda ro’molimga jo bo’ldi dunyo,
Oyoqni unutdim ishqqa tiz cho’kib.
Qarog’larim qaro qumg’ondir go’yo,
Qalbim o’chog’ida qaynaydi o’ksib.

Ko’klarga tenglashib boryapman o’zim,
Bunyod bo’lib borar alamdan tog’lar.
Yonib ketmasaydi ko’zlar, azizim,
Sizni sig’dirolmay baxtiyor chog’lar.

Yulduzlardan sizga to’n tikib qo’ydim,
Judolikda joninigizga titroq bo’lay.
Keling, begim, qarog’imga to’lib keling,
Anov oyni belingizga bog’lab qo’yay.

Kuz

Ko’hnagina ko’ylagingdan
Iymanmagin, egachim-ov.
Ne oshiqlar boshin eggan
Gul eding-a, bekachim-ov.

Boshing uzra bulut emas,
O’ynar tinmay tegirmon tosh.
Kel, qalbimga bekinib ol,
O’ksib-o’ksib to’kmagin yosh.

O’tlig’-o’tlig’ ohlaringdan
To’kilmoqda hazin olov.
Chiqib kelsa chohlaridan,
Alpomishing tikar yalov…

***

Ulug’ yoshga yetdim deb,
Tilla sochar tiyramoh.
Shamol o’ynar boladay,
Terar oltin tanga goh.

Fayzsizgina bog’larga
Qo’noq tashlar qarg’alar.
Chimmat tutib mohtobga,
Bulut tinmay yo’rg’alar.

Ketmon tushib uzala,
Charchog’ini chiqarar.
Tarnov bog’lab belini,
Yomg’iroyni chaqirar.

Qirov quchgan dalalar,
Yuragimda isining.
Mo’ri chekar nolalar,
Izg’irinlar, qisining.

Tinib qolgan ariqlar
Yalpizlar-la mumlashar,
Bo’yga yetgan teraklar
Ko’nglim bilan bo’ylashar.

***

Qish tikkandi oppoq yalov,
Qalbimizning qal’asiga.
Dilda otash, ko’zda olov,
Jo’r bo’ldi nay nolasiga.

Izlarimiz terar edi,
Nigohlarim qor qo’ynidan.
Shoda yulduz uchib keldi,
Qarog’imga tun bo’ynidan.

Oq libosli bog’da kezib,
Ishq dostonin bitar edik.
Ismimiz-la qorxat yozib,
Orzularga tutar edik.

Olloh bugun bizni siylar,
Baxt saroyin bekasiman.
Ikki dil bir qo’shiq kuylar,
Hayotingiz erkasiman…

***

Tongga arg’imchoqlar solib bermoq-chun
Oyning uzun-uzun sochlarin o’rdim.
Umrimiz nurafshon, dil uying gulgun,
Jonim, hayotingga shu’laday kirdim.

Ruhim poklansin bu ishq ehromingda,
Qalbingni qibla deb sig’inayapman.
Garchi tursam hamki men, eh, yoningda,
Mehringga tashnaman – sog’inayapman.

Men bir farishtaman, pinhon asrorim,
Quvonchli damlaring muhrlayman shan.
Yoxud baxt guliman, mushku iforim
Butun hayotingni sehrlar – gulshan…

Zulmat ko’zasini to’ldiradi nur,
Ko’zlaringdan ziyo toshgan chog’ida.
Baxtimiz, orzumiz uchadi masrur
Tongning nurli, oydin arg’imchog’ida…

9

(Tashriflar: umumiy 482, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring