Jontemir. She’rlar (2014-2016 yillar )

Ashampoo_Snap_2017.03.17_09h11m47s_007_.png    Бундан салкам бир ярим йилча аввал ёш шоир шеърларини тақдим этар эканман, жумладан, мана бу гапларни ҳам ёзган эканман: «…Ҳамма шеъри бир текис эмас, аммо ҳамма шеърида ўзини ёзишга уринади. Шеърида фақат ва фақат ўзи айтиши мумкин сўзларни ёзади, фақат ўзига хос ҳис-туйғуларни ифодалайди. Гарчи шеър ва сатр билан ишлаш малакаси унча мукаммал бўлмаса-да, ҳар бир машқида ҳаваскорликдан мукаммаллик сари интилаётган, энди йигирмадан ошган бу йигит ижод машаққатларидан ва энг аввало турмуш қийинчиликларидан чўчимаса, аксинча уларнинг оловида юрагини тобласа, ишончим комил, асл адабиёт синчилари назарига тушишга муносиб ижодкор бўла олади.» (Тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада ўқинг)

Орадан шунча вақт ўтиб, Жонтемирдан яна шеърлар етиб келди. Уларни тақдим этар эканман, шоир шеърларининг қай тарафга ва қанчалик ўзгаргани, уларда акс этган туйғулар табиати ҳақида  ёзиб ўтирмайман.  Қолаверса, улар  хусусида хулоса чиқариш ҳар бир ўқувчининг ўзига ҳавола.

Мен фақат Жонтемирга  ўзи суйган шоирлар шеърларини суйиб, аммо уларга  ортиқча маҳлиё бўлмасдан (зеро, маҳлиёлик кўпинча  ўз йўлингни топишингга халақит беради), шеъриятнинг машаққатли йўлидан, фақат ва фақат  ўзигагина хос йўлдан  боришда сабр-тоқат тилайман;  Шоир дўстим бир шеър баъзан  дақиқаларда ёзилса-да, уни таҳририга шеър ёзишга сарф бўлган вақтдан кўпроқ соатлар керак бўлишини унутмасин. Таҳрир деганимда қоғоздаги шеър сатрларини тўғирлашу тузатишни эмас, юракда, онгу шуурда шеърни фикран тартибга солишни назарда тутмоқдаман.

Шу ерга келганда, Булат Окуджаванинг бир гапини эсладим. У шундай деган эди: «Шеър ёзаётганда сенда илоҳий сифатлар уйғонади, аммо, шеърни ёзиб бўлганингдан кейин сен яна оддий одамга айланасан». Шоир бу гапи билан «Шеър ёзаётганингда сармастсан, аммо, уни тугатгач, ҳушёр одамга айланиб, сармастликда ёзганингга бегона ва совуқ назарингни ташла», демоқчи. Сармастлик ҳам, ҳушёрлик ҳам  асл истеъдод эгаларининг сифати, деб ўйлайман.

Жонтемирнинг ўзига хос олами борлигини  эътироф  этган ҳолда, бу оламнинг мукаммаллиги ҳам фақатгина унинг ўзига боғлиқлигини қатъий таъкидлайман. Қолаверса, Жонтемир ҳам буни англашига ишонаман.

Хуршид ДАВРОН

ЖОНТЕМИР
ШЕЪРЛАР
005

Жонтемир (Тоштемиров) 1994 йилнинг 18 сентябрида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. 2013 йил Қарши давлат университети қошидаги 2-академик лицейни тамомлаган.

005

* * *

Ashampoo_Snap_2017.03.17_12h39m23s_003_.png

Тун сеп ёяр. Кундуз қариди,
Йўғонлашар заиф товушлар.
Ёритай деб осмон қаърини,
…Юлдуз сочар ҳовуч-ҳовучлаб.

Ёмғир… кўча томоғин ҳўллаб,
Юмшоқ юзи айланар лойга.
Симёғочлар – пичилган қуллар,
Тикилишар яланғоч ойга.

Иймон ўқиб қайтгач хуфтонни,
Соат ўнгга урганида бонг.
Биз учрашган ҳу-ув хиёбонни,
Хотирамда қилгайман меҳмон.

Ахир, билсанг, сенга тегишли
Ёшлигимнинг катта бўлаги.
…Чак-чакиллаб қўзғайди ғашлиқ
Тарновларнинг муздек сўлаги.

Уйқу бермас эртаклар хасис,
Тун. Хаёлга ўтмиш қуйилар.
У ҳам мени ўйлар шубҳасиз,
Балки менга шундай туюлар…

2.12.2015

«ЖЎРАМ»

Бобо… Йўқ. Бу сўз ғализ!
Дўст. Ўртоқ. Жўра…
Ҳа, ҳа, ахир, сен энг яқин жўрам эдинг-ку!
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…
Жўралар эса бир-бирларини сизлашмайди.
Қара,
Худди сенга ўхшаб ўсдим —
Ғирт дайди.
На маконим бор
На манзил тайин,
Дийдам тош қотгану
Юрагим майин.
Биласанми,
Худога яқинлашяпман
Сени ўйлаган сайин…

Борингда беркитиб чекардим,
Энди… Энди эркинман!
Етар шунча эркалатганинг,
Ҳеч йўқ
Тушларимдан беркинма.

Айтганингдеқ
Калапўшингдан тор экан дунё,
Чопонинг баридек кенг экан дунё.
Бир чақага арзимас, гоҳо
Минг тиллога тенг экан дунё.
Мен буни кеч англадим,
Билсамда парво қилмасдимми ё?!

Кетганингдан бери:
Майсалар сир айтмай қўйишди менга,
Суҳбатига қўшмайдиган бўлди дарахтлар.
Ён-веримда қора-қизғиш кийинган
Шарпалар юрипти ҳушни карахтлаб.
Ортиқ ёзолмасам керақ
Қўрқаман.
Ёзсамда алмойи-жалмойи чиқар.
Англаганим мени сўз туққан,
Тиқса ҳам ўша сўз тупроққа тиқар.

Тепакал жўқам-а…
Соқолли жўрам…
Келажак кунларим — маҳбусларга боқ,
Кулдонга босилган афсусларга боқ…
Нафсини қул этган Машрабим, Тўрам!
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…

Шиша синиғидек ботар бўғзимга,
Сенсиз ютилётган бир бурда оқ нон.
Хаёлимда жаннат — боғ, зимдан
Мени кузатяпсан қўлингда қоқ нон.

Силкиниб-силкиниб тушяпти елкам,
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…

Ичимда ҳайқириқ,
Кўзимда вулқон!
Ичаман барини унутмоқ бўлиб,
Жомдаги май эмас,
УЛ ҚОН!
(юрак ҳам бормоқда нураб)
Ва сени чорлайман-
Айқири-иб,
Айқири-иб,
«Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…»

23.08.2016

* * *

Анча йиллар бунда бўлмадим,
Юртни кездим ризқимни териб.
Бироқ сенсиз бахтим кулмади,
Қорапойча — соғинган ерим.
Анча йиллар бунда бўлмадим.

Тағин қайтдим бағринга бу кез,
Айни ўрим, терим маҳали.
Тор кўчангда дуч келди бир қиз,
Исмини ҳам билмайман ҳали.
Тағин қайтдим бағринга бу кез.

Чўчиб кетди кўринишимдан,
Хўрпайган соч, беўхшов мўйлаб.
Муз устида юрган кишидай,
Аранг келдим уйга той-тойлаб.
Чўчиб кетди кўринишимдан.

Бош устимда зангори осмон,
Рус гўзалин кўзлари янглиғ.
Ҳадя этар қўшиғу достон,
Энди менга шу кенг яланглик.
Бош устимда зангори осмон.

Тағин қайтдим бағринга бу кез,
Айни ўрим, терим маҳали.
Тор кўчангда дуч келди бир қиз,
Исмини ҳам билмайман ҳали.
Тағин қайтдим бағринга бу кез.

Тор кўчада дуч келган дилдор,
Ортиқ қочма қошинг қайириб.
Бўлмаса-да, у йигит пулдор,
Шу қишлоқнинг танҳо шоири.
Ортиқ қочма қошинг қайириб.

Унга жондай қадрдон шу ер,
Кулгуларинг сачраган ҳаво.
Буғдойзорда ёзилажак шеър,
Шўх жилғалар чалгувчи наво.
Унга жондай қадрдон шу ер.

Йўнғичқанинг бўйига хумор,
Чигрткалар қўшиғидан маст.
Чопиб юрган бўйнида тумор,
Тойчоқларга қилади ҳавас.
Чигрткалар қўшиғидан маст.

Йўқ, чўчима зинҳор, дилрабо,
Балки ўтли муҳаббатдир бу.
Тўртта уммон турганда ё раб,
Кўзларинга чўкиб кетди у.
Балки ўтли муҳаббатдир бу!

29.10.2016

AЛAM

Сиғмасада инсон ақлига,
Мен исталган нарса шаклига
Кира оламан.
Бемалол айтаверинг дўстим Раҳмиддин,
Сизнингча нимага айланган лозим?
Каминага ярашар қандай лавозим?

-Кулдон!

О, ажойиб таклиф.
Мана, мен кулдон!
Қани, чекаверинг,
Турманг тортиниб.
Куйдириб гардишларимни
Бўғзимгача кулга тўлдириб.

Пушкин, Лермонтов,
Панд берган Есененга,
Владимир Владимирович умрига нуқта қўйиб,
Ҳеменгуэйни енгган
Тўппончага айлансаммикан?!
Атом бомба шаклида
Қўрқитайми дунёни?
Гугуртчўпга тақлидан
Кўрсатайинми ёниб?

Менга кўпроқ айғир бўлиш ёқади.
Тутқунликда яшасам
Емрилар тоқатим.
Дарё қўшиғин куйлаб,
Тоғларда кишнаб, ўйнаб
Дарду ташвишдан ҳоли,
Бўронларга қасдма-қасд
Шамолда тўзғиб ёлим
Кўрганда қўзғаб ҳавас
Чопиб юргим келади…

Хўш,
Яна кимда таклиф бор?
-Гул!
-Ханжар!
-Парижга виза!
Яхши, яхши, чаккимас,
Марҳамат жаноб:
-Юлий Цезар!
Эпласа бўлади.
Гапир болакай:
-Қирол Артур қиличи!
(Жодугар Маргана солдими таҳдид)
Қулоғим сенда қария.
-Ильич…
-Тсс. Ахир бу сиёсатга зид!
О, тўпори аҳли оломон,
Ҳу азалдан мўъжизага ўч.

Мен ҳар нега дўна оламан,
Фақат руҳни қийнар оғир куч.
(Эгам бир тарафдан заифлатиб қўяр экан кўнгил — қалъани)
Онамнинг кўзёши ва
Севгилимнинг юрагига
Айланолмаслик алами…

6.10.2016

ИҚРОР

Сарварга

Кезиб чиқдим Россияни ҳам,
Босилмади қалбдаги олов.
Этолмади кўзингдек, эркам,
Ҳеч бир гўзал мени мубтало.

Шаҳрисабз ирмоқларида,
Олма юзин чайиб олган қиз.
Оқдарёнинг қирғоқларида,
Шеърим ўқиб ўйга толган қиз.

Бунда шаҳар сершовқин, тирбанд,
Бунда орзу ҳар кун бўлар кул.
Москванинг чиройи, дилбар,
Кулгичларинг олдида бир пул.

Одамлари юрсада бардам,
Бисёр экан ташвишу ғами.
Тополмадим ресторанлардан,
Сен саҳарда соққан сут таъмин.

Тил бошқаю динимиз бошқа,
Шароб деса ташлашар томдан.
Худоданмас, беюрак тошқалб,
Қўрқишаркан митти атомдан.

Рязанда бўлдим бир маддат,
Ёзайин деб шеър хуморини.
Серёжани қилдим зиёрат —
Мовий кўзли ул безорини.

Улуғ Кавказ чорлади тағин,
Шамолларга бердим дилимни.
Булутга бош урган тоғларга,
Салом йўллаб келдим элимдан.

Ватан ишқи кул қилди ёқиб,
Юрак оҳу нолага тўлди.
Зангор осмон кўксига боқиб,
Ўйлаганим яна сен бўлдинг.

Кўп соғиндим тошлоқларимни,
Имиллади кунлар — ғаламис.
Чайқалтириб бошоқларини,
Тушларимга кирди даламиз.

Уйғотмади боғлари ҳавас,
Англаб етдим соғинчнинг кучин.
Қайтдим, севгинг оташида маст,
Роҳанланиб ёнмоқлик учун.

Мен йўғимда остонангни, ёр,
Суллон итим ётдими қўриб.
Кишнаганда жигарим тулпор,
Тинчлатдингми ёлини ўриб?

Ойдин тунлар ўйлаган сари,
Қишлоқи хаёллар битмайди.
Ўша машҳур Кремллари,
Лойсувоқ уйимга етмайди!

О гўзалим, сафарим тинди,
Кечир, бироз айб ўтди биздан.
Мени қуч ва дуо қил энди,
Айирмасин Шаҳрисабздан.

Кезиб чиқдим Россияни ҳам,
Босилмади қалбдаги олов.
Этолмади кўзингдек эркам,
Ҳеч бир гўзал мени мубтало.

12.12.2016

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Ғанимларим, эҳтиёт бўлинг,
Дўстларим сиз ҳам.
Чап кўксимга жойланган бомба милларининг
Чиқирлаши
Тобора тезлашиб бормоқда
(Хайриятки ота-онам ташлаб кетишган).
Ижара уйим қулфин очиб ухлайман ҳар тун,
Нохосдан портлаб кетса,
Жасадимни олиб чиқиш
Қийин кечмасин учун.

Қачондир портлаши тайин!
Севгилим кулади
Десам:
Кел, сени сўнги бор кўраётгандек қучайин…
Ҳаммадан кучугимга ачинаман.
Портлашдан кейин ким унга
Нонининг бир тишламини беради?
Озғин оёқларига ёпишган
Каналарни теради?

Шеърият, сен-да нимжонсан,
Нафис жисминга қозиқ тишларин ботириб,
Она сутидек пок қонингни сўриб ётган
Лўттибоз, сўзсотар, қоринқулларни
Тўкиб юбориш учун
Портлаш зарур.
Меникидан минг кара даҳшатлироқ портлаш!
Билки, ўшанда менинг руҳим
Тушларимда такрор кўргувчи
Сеҳргар Парижу
Ўлжас таърифлаган қиз кўксидек
Миср эҳромлари,
Эверестнинг қорли чўққилари аро
Шодон кезиб юрган бўлади.

О менинг, чўнтаклари қуруқ,
Юраклари бутун шоир дўстларим…
Қай бир тоғ устидан учиб ўтаётганингизда
Портлашдан қолган жисмим зарраларин
Самалёт ойнасидан сочиб юборинг.
Токи бутун умр чўққиларга интилиб ўтган
руҳим таскин топсин бахтиёрликдан!

…кўксимдаги бомба милларининг
Чиқирлаши
тобора тезлашиб бормоқда…

17.11.2015

ТАЛАБ

Тўнка ҳам яшайди
Бу кенг ўрмонда,
Яна қарағайлар,
Эман, қайинлар…
Ҳозирча нимжон ниҳолсан, гарчи,
Ўсмоқ истасанг
Шу ўрмон учун,
Ундаги жамики мавжудот учун,
Жон бериб яшашни ўрган, деб
Чинор тайинлар.

Танлов сенинг қўлингда тағин,
Яшолмасанг ўрмон-чун жўшиб.
Қочмоқ бўлсанг чиққанда ёнғин
Илдизларинг ботган заминни –
Эшакқуртлар кемириб ётган
Тўнкаларга тез бориб қўшил.
Бизга фақат ўрмони учун
Яшайдиган дарахтлар керак!

13.11.2015

ЁМҒИРГА БАРИБИР

Сўнги кунларини яшаётган
заминни тирилтирар ёмғир,
Ундан паналатиб сигар ёқаман.
Шундай ажойиб тунда ухлаб ётиш нақадар оғир,
Уй ёнидан ўткич жилғага қўшилиб оқаман…

Оқаман баҳайбат уйлар оралаб,
Барининг ойнаси зулматга чўмган.
Эҳ сиз ғафлат босган манглайи қоралар,
Ҳиссиз ҳаётингиз қиммат бир сўмга!

Ёмғирга эса барибир…

Деразадан чехрангиз кўринмадими-кўринди,
Барибир ёғаверар миннатдан ҳоли.
Сиз хуррак отасиз юмшоқ ўринда,
Нақадар бешавқат золимсиз, золим.
(Мен шаҳарни ёмон кўраман)

Ҳайрат туйғусидан жудо бўлар
бунда келса ким.
Ҳолва битирмоқ учун ғўрадан
Шаҳарда яшаётган шоирларга
ачийди ичим.

Энг алам қилгани:
Тонга яқин ҳамхонанг ёнига қайтсанг,
Қувончли хабарни шодланиб айтсанг,
— Сездингми, тунда ёмғир сийлади шаҳарни, — десанг,
Кўзини лўқ қилиб, жеркиб берар беписанд:
— Ёғса нима бўпти?
Шу гап учун уйқумни бузиш шартмиди,
Тағин бугун якшанба бўлса?!.

Мен шаҳарни ёмон кўраман!

Ёмғирга эса барибир…

28.07.2016

ЙЎҚЛОВ

Тош кўчалар, жонон кўчалар,
Маъзур тутинг темир пошнамни.
Қўмсаб келдим.
Соғиниб келдим.
Ҳовлимизни…
Чўпон ошнамни…

О, қаранг-а, тикилиб қаранг,
Теракларда юзлаб яшил мушт.
Тортилганда тун ёйи таранг,
Ариқларда оқади кумуш.

Илк бўсамнинг гувоҳи, пастқам,
Ранги учган девор бормисан.
Момом эккан анжир — маҳбубам,
Менга мендек интизормисан?!

Осилтириб узун тилини,
Дайдиб юрган кучуклар салом!
Ўйнаётган юзи тилиниб,
Болакайлар — пучуқлар салом!

Салом шудринг тутган бўғотлар,
Бедил сажда қилган пок даҳа.
Бобом «Ёсин» ўқиб уйғотган,
Салом сенга эй субҳи саҳар!

Ечиб отдим киборлигимни,
Чопонимни кўрсатинг, қани!
Акбар жўра, ҳайда қўйларни,
Далалаймиз сурув боққани.

Сой сувидан қониб ичамиз,
Соя берар арчалар мўмин.
Тоғ қўйнида ўтар кечамиз,
Ўт ёқамиз картошка кўмиб.

Бери келчи, учқунимиз суст,
Ҳе, Ҳисорнинг эгаси — қашқир.
Сен сабабли о, дуппа-дуруст,
Шеърга дўнган биринчи машқим.

Дўлананинг шохига чиқиб,
Аввалгидек юлдуз тераман.
Илҳом берсанг бўлди бир сиқим,
Тангрим, шеърлар ўқиб бераман!

Қалқиб чиқар сўзнинг қаймоғи,
Юракнинг энг чуқур еридан.
Тун чайқалар эсидан оғиб,
Жонтемирнинг қайноқ шеъридан.

Уйғонганда қари ҳарсанглар,
Шоҳ кўйлагим ёқасин очиб.
Тутаману тонги шамолга,
Юбораман дардларим сочиб…

Сўнг қайтади тоза руҳ билан,
Тандири йўқ уйига боди.
Фақат олиб кетар опичлаб,
Болаликнинг бокира ёдин…

Тош кўчалар, жонон кўчалар,
Маъзур тутинг темир пошнамни.

24.03.16

ЎРДА

Эркалайди шамоллар майин,
Роҳат борар томирлардан
Юракка сизиб.
Ҳу-у-в анави фонусдан кейин,
Тунга сингиб кетар трамвай изи.

Сал нарида шеър ўқир анҳор,
Ўриндиқлар унга чин мухлис.
…Варганзада ёрилар анор,
Суяб турар шохларин хачча
Чўкканича тиз.

Тоққа ўрмалаган қишлоқ четида
Тутзор мудрар афти буришиб.
Узуқ-юлуқ эшитилар
Безовта итларнинг ҳуриши.

Осмон — оқ қашқали қора байир,
Ютиб юборган юлдузин Қутб.
Шир яланғоч чўмилар
муздек сойда ой
Бўйдоқ бақаларнинг ҳирсин уйғотиб…

2015

ДАРД

Ёмғир шимиб кўпчиган йўлак
Тинглаб ётар барглар қарсагин.
Аламзада момогулдирак
Булутларга тортар тарсаки.

Сувилондек семиз мезонлар,
Оғочларга симдай чувалган.
Судраларкан хазонлар аро,
Қитиқлайди ерни чувалчанг.

Ширинсухан қушларни Шошдан,
Баджаҳл куз қилди бадарға.
Симёғочнинг тақир бошида,
Ёнғоқ чақар мўйсафид қарға.

…қўзғалади.
Ёлғиз ўриндиқ,
Чўкар кўзин ботиқларига.
Тўлиб кетар хиёбон тутун
ва
Куйган юрак қолдиқларига…

12.11.2015

АНГЛАШ

Эрмаклайди руҳни ёлғизлик,
Тобора кичрайиб бормоқда соям.
Силламни қуритар ҳолсизлик,
Мусаллас тутади улфатим Мо Ян.

Парфича бетартиб ҳаётим,
Урушқоқлик мерос Амир Барқулдан.
…Оғриқ олдим боримни сотиб,
Бурқситиб чекяпти умримни кулдон.

Қадрдоним — онам олисда,
Душманим — очликни тунга кўмаман.
Тахминимча, Толстой бобо,
Қачондир сен каби киприк юмаман.

Ғўр туйғулар узра бораман,
Изимдан қув сўзлар қилади таъқиб.
Қил ўтмасин Тангрим орадан,
Парчаланиш они соямдек яқин.

Парчаланиш ОНИ соямдек яқин…

07.01.2016

АЧИНИШ

Севги — қалдирғоч!
Шодлик — қалдирғоч!
Бахт — қалдирғоч!
Қалдирғоч — соғинч!
Тириклик?

Қалдирғочлар эса
Симёғочларда тизилиб
чуғурлашишни хуш кўришади.

О, менинг бечора севгилим,
Қанчалик раҳмим келишини билсанг эди,
Сенинг симёғочсиз туйғуларинга…

Бечоралар ичра бечора
Ўз симёғочи бўлмаган одам.

2015

ҚОРАПОЙЧА

Босриқиб чиқаман ўн кундан бери,
Упқондек тортқилар комига бўшлиқ.
Бобом-ла ёнимдан ўтар қад кериб,
Чаккасига райҳон қистирган қишлоқ.

Қорапойча — дилимнинг тили,
Қорапойча — тилимнинг дили.
Бурнимни қонатгим келяпти,
Сангзор кўчаларингда йиқилиб…

Энди тўғри келмас калишчам,
Иштончанг чопқинлаб кетолмам молга.
Негаки болалигим
мусича тухумин оламан, деб
Ёнғоғинг шохида осилиб қолган.

Бежизга тушимга кирмайсан бот-бот,
Ё Қоплон кетдими эшилиб?
Э, соғингансан!
Шундайми?
-Ҳа!
-Тилингга новвот!
Бобом ҳам соғинган сенга қўшилиб.

Куюнма…
Олифта қизларга қош қоққаним йўқ,
Суюклигим қўйнингда.
Бу ёғи оила, рўзғор дегандай…
Шаҳар: қолсанг жонинг турар бўғзингда,
Кетсанг ҳаёт тухтаб қоладигандай.

Ичикманг, бобо…
Шотутлар қонига буялганда ер,
Нашватига битганида эт.
Ҳусайнимиз ширага бўкканда,
Соғинч ҳақда шеърларим
Бўлганда минг бет,
Бораман!

Қорапойча — эгилмас орим!
Қорапойча — мен чиққан қорин!
Қорапойча — очил дастурхон!
Қорапойча — битта мен шоир,
Қолган барча туққанлари хон!

05.09.2015

* * *

Буғдой еб жаннатдан ҳайдалган
Иккинчи Одам,
Жуфтсиз яшаётг ул Хизр — Менман!
Қовурғамдан Ҳаво яралмас, зотан,
Раббим яктагига бичилган енгман.

Ҳуснимга ер ошиқ
Осмонлар ошиқ,
Фақат Офтоб билан бўламан бирга.
Кетмасин-чун кундуз тунга қоришиб,
Борлиқ тарозусин тураман тергаб.

Яна бир гап:
Сочимни санашни ойга топширдим,
Туфлимни тозалар, моҳтоблар тизлаб.
Бокира қалбимни эркалаб ётар,
Ўн олтига кирган-кирмаган қизлар.

04.09.2015

БАШОРАТ

«СЕН» дейман уни,
«СИЗ» дейди у майин товушда.
Ва биламанки бир куни,
Бу икки сўз қовушгай.

Шунда мени бурдалаб ташлар,
«СЕНСИЗ» деган улкан аждаҳо…

ҒАРОЙИБ ТУН

Тунги бекат.
Кутиш бурчаги.
Тамакимдан ўрлайди тутун…
«94 ни кутябсизми?»
(Бош чайқайман)
Шунчаки…
Эрк излаб юрибман
бир ютум.

Автобус келади, кетади.
Кимдир итин олиб чиқар сайрга.
Нурини аямас фонуслар.
Автолар имлайди «қаерга?»
Менга шу ўриндиқ етади.

Тонгача қоласан ҳо, музлаб,
Шивирлаб қўяди шабада.
Жилмаяман кўкка қўл ниқтаб,
Эгам борку ахир тепада!

Яқин ўртадаги емакхонадан
Гитара овози янграр,
Ёқимли.
Мен хаёлан нотани ушлаб
Чаламан!
Ётгандек соҳилда,
Қумли…
Чаламан…
Ҳавода рақс этар панжам,
Чаламан…
Ўзни буткул йўқотиб.
Чаламан…
Азобни юракка санчиб,
Чалғитиб кўрингчи,
энди ўқ отиб.

Тун яримдан оққан маҳалда,
Судраганча сафар тўрвасин
Гадой келар
Ва ўтирар жим.
(Қўланса ҳид қоплар атрофни)
Чўпдай озғин,
Чеҳраси ғижим.
Тамаки узатаман,
Сўнг эркингдан бер дейман бир сиқим.
У мийиғида кулиб
нон узатади.
Ҳа, эркни ҳар ким ўзича тушунади.
Нафас оламан зўриқиб…

Унинг овқат қолдиқлари қотиб қолган сарғиш соқолига тикилганча сўрайман:
— Сен кимсан?
Ерни кўрсатади.
— Қаердан келяпсан?
Яна ерни кўрсатади.
— Қаерга кетяпсан?
Тағин ерни…
Ўлай агар
ҳеч нимага тушунмадим дейман,
У берган нондан ейман.
Жудаям ширин туюлади,
Онгимга шеър қуйилади.

Кўзларимни юмиб очаман
баногоҳ,
Қарайман, гадой йўқ,
Астағфируллоҳ!
Аллоҳ, Аллоҳ
Астағфируллоҳ!
Атроф жим-жит.
На ишқ бор на эрк на бахт…
Мен билан қолгани
Ёлғизлик ва сукунат!

Шунда англайман,
Шоирнинг содиқ дўсти — ёлғизлик!
У ёлғизликда туғилади.
Ёлғизликда яшайди.
Ёлғизликда ўлим топади…

Саҳар.
Тўсатдан борлигимни пайқаб қолган кўча фарроши
Мени сўроққа тутади:
— Сен кимсан?
Мен эса ҳеч иккиланмай
Ерни кўрсатаман…

28.08.2016

ЖАВОБГАРЛИК

Ўпилмаган лаблар
Силанмаган сочлар
Эгалланмаган қалблар
Суянилмаган оғочлар
Ҳар тун бағрини очиб ташрифим кутгувчи
Аммо мен ҳатто қаерда эканини билмайдиган
Дераза
Ғижимланмаган чойшаб
Босиб ўтилмаган йўл
Кўрилмаган тушлар
Тугилмаган муштлар
Йўлиққилмаган тасодифлар
Чекилмаган азоблар
Айтилмаган фикр
Фойдаланилмаган журъат
Занглаган қилич
Минилмаган от
Ҳатто қийноққа солишганда
Баралла айтилмаган ДОД
Тўкилмаган кўзёшлар
Тушилмаган чоҳ
Вақтида эсланмаган Аллоҳ
Эхтироссиз ўтган ҳар бир тун
Совиб қолган ўч
Олинмаган хун
Ҳарид қилинмаган билетлар
Бўшатилмаган қадаҳлар
Қилинмаган гуноҳлар
Қондирлмаган хоҳиш
Барҳам топган соғинч
Кулга тўймаган кулдон
Охирига етмай чертиб юборилган тамаки қолдиқлари
Чўлоқ кресло
Тегмаган қарғиш
«Мен албатта қайтаман»
Ёлғонига лаққа тушган қишлоқ
Ёзилмаган шеър
Висолсиз ўтган 16 ёшим
Мағрур тикилганча кутиб олинмаган
Ҳар бир тонг
Ва яна минг-минглаб
…лар олдида
Жавоб бераман ҳали
Ҳа, ҳа…
Сония бўлсин ўзини қанот дея ҳис этмаган қўллар
Босилмаган тепки
Ютиб юборилган
Ёки
Тупуриб ташланган ҳақиқат
Бузиб ўтилмаган деворлар қаршисида
Қўрқоқ юрагим билан
Жавоб беражакман

14.09.2016

ЭВРИЛИШ

Кузак оқшомлари тентирар шамол,
Кимнинг азоби у?
Оғриғи кимнинг?
Кўз юмолмас дунё бемалол,
Теракзор пинжига беркинар жимлик.

Ҳарамдаги қуллар сингари,
Кўкка қараб увлар бўрилар.
Ололмасдан ўзин ўнгариб,
Ғамгин тушлар ётар сўрида.

Ой шуласи — минглаб оқ илон,
Ўрмалайди чинор шохида.
Ҳабаш осмон юзида кулгу —
Чақмоқ чақиб қўяр гоҳида.

Енгиллашган боғларнинг оҳи,
Юзиб юрар бўм-бўш кемадай.
Олдинда катта бир ўзгариш зоҳир,
Замин саросимада,
Замин саросимада!!!

15.10.2016

ТЕНГДОШ ШОИРЛАРГА

Бош эгишни билмадим мен ўр,
Яшамадим қўрқиб, ер шохлаб.
Дарвешларга дедим: жойинг тўр,
Қарашимдан қочди маддоҳлар.

Нигоҳимга чақмоқни қамаб,
Кўчкидан сўз олдим Худойим.
Мурғакликда дерди бобом ҳам:
Қуёшга тик қарагин доим.

Шундай қилдим, мағрурлик мерос,
Кўр қилмади кўзни зар, тилло.
Ор дарахтим гуллади қийғос,
Жон ҳовучлаб юрмадим илло —

Қабрида тик турар Қодирий!
Саванглар! Аямай саванглар!
Ўзбекнинг қайси бир шоири,
Яшаса бошини авайлаб.

17.10.2016

* * *

Йигирмадан узайди ёшим,
Ҳамон сизга бераман фириб.
Югураман боладай шошиб,
Ўзгармайман ўттизга кириб.

Тарк этмайди ёшлик — бебошлик,
Хўрозлар айрилар думидан.
Кўрсин дея ул қалам қошлик
Чўмиламан қишлоқ гумида.

Безориман, мен ўша қитмир,
Қўшиқсевар, жўмарду дангал.
Кўчаларда уриб кимнидир,
Чиқараман ҳар куни жанжал.

Ташлаб кетган отам бир замон,
Гоҳ-гоҳида йўқлайди онам.
Юрт кезаман шу сабаб сарсон,
Шеър ёзаман юрагим қонаб.

Қарамайман ҳеч раъйингизга,
Оҳумасман қўрқоғу ҳуркак.
Туғилганда, шоирингизга
Кенг ўтлоқлар бўлгандир йўргак.

Чорлар эди тоғлар олисдан,
«Ла илаҳа…» содиқ туморим.
Қорним очса тунлар полиздан,
Тўйинардим тарвуз ўмариб.

Ялангаёқ юрмоқнинг завқин,
Ҳеч ким мендек ҳис этмаган, рост.
Майхонада: ур-йиқит, шовқин
Дўстлар аро айтар эдим тост.

Ўсиб кетган учун соқолим,
Қария деб атарди қизлар.
Севганману бир бор ақалли,
Гул тутмадим пойида тизлаб.

Қулоғимдан кетмади сира,
Бобомлардан қолган хотира:
«Тоғнинг тоғга бош экканин ким кўрган,
Сен улардан мағрур яшашни ўрган».

Ҳамон шундай ўтмоқда умрим,
Исёнкор қалб, шиддатлар аро.
Бош устимда қўшиқ айт, қумрим,
Қолган ҳамма-ҳаммаси сароб!

31.10.2016

* * *

Келганимни кўрди бекатга,
Яқинлашди,
Вақтни сўради.
«Пешонамга шу гўзал битган,
Шу қиз мени яхши кўради».

Оловланди қадимий қоним,
Улканлашиб кетдим минг карра.
Бир лаҳзада кул бўлдим ёниб,
Сўнг тикландим заррама-зарра.

Қувонардим қирқ йил хор яшаб,
Топиб олган каби минг дирҳам.
Белангандай шуурга башар,
Хуш ёқарди оғриқларим ҳам.

Автобусни кутмасдим сира,
Ложувард кўк,
Бокира замин.
Ёнда қолар ҳар на йўл кира,
Биргамиз-ку, бекат, қиз ва мен.

Уни илк бор кўришим эмас,
Ҳар гал мени кутади гўзал.
«Соат неча бўлдийкин» деса,
Учиб чиқар лабидан сўзлар.

Бахт ўтлайди кўнглим қирида —
(Худо кулиб қарайди Аршдан) —
Қадр тунларининг бирида,
Ерга тушиб қолган фаришта.

Титранаман ўқ овозидан
Бўкирворган тоғлардай ғолиб.
Эркалангим келар тозидай
Оёғига йиқилиб олиб.

Ўзингни тут, дейман тўсатдан
Номалум куч инар танимга.
«Довдирама нўноқ курсантдай,
Тик қарагин ишқга, ғанимга!»

Оқмай қўяр пешонамдан тер,
Гувранади ичимда бўрон.
Зангор осмон,
Остимда пок ер,
Кўкайимда ватаним — Турон!

Майлику-я, лекин… барибир…
Яқинлашди,
Вақтни сўради.
Пешонамга шу гўзал битган,
Шу қиз мени яхши кўради!

2.11.2016

СИР

Олмазорга юзтубан
Йиқилган сукунатни
Турғазсангизчи —
атроф
Бунчалар рутубатли.

Чопқинлар боғ анҳори,
Эринар тик турмакка.
Эрта учун зардоли
Шохларини турмаклар.

Ўтлоқ бермайди ҳалал,
Бир-бирин қучиб, суйиб.
Чирилдоқлар баралла
Куйлаворар тун куйин.

Навқирон тар елвизак
Ой қизни — кеча таққан –
Уринар кўксин эзиб
Номусига тегмоққа.

Жовдирайди хонгуллар,
Япроғида ўйнар нур.
Айтайин деса кулранг
Кўрсичқоннинг кўзи кўр.

Қора байталдек туси,
Олхўрилар ғарқ пишган.
Боққа сездирмай, пусиб
Кирди икки севишган.

Воқиф бўлай деб сирдан,
Йиғмас ой пояларин.
Қўшилиб кетди бирдан
Икковин соялари…

Осмон юмди кўзини,
Мизғир худди қўзичоқ.
Туман тортиб юзига,
Бир силкиниб қўйди боғ.

4.11.2016

* * *

Балки автобусда кетиб боряпсан,
Балки метродадир…
Тағин билмадим.
Топганинг дард бўлди,
Дардларинг сафсан,
Қўнғироқ ҳам қилмадим.

Тошкент кўчаларин эркалар ёмғир,
Ресторан.
Жаз тинглаб, ўқийман китоб.
Балки айни чоғда аҳволинг оғир
Ётгандирсан ижара уйингда бетоб.

Балки орзуйингдек
Балзак яшаган
Шаҳарларда кезиб юрибсан танҳо.
Балки ҳамроҳингдир ҳазон тўшалган
Ўрдадаги биз севган анҳор.

Эсингдами?
Моцартни севардим,
…билганинг Шопен.
Асабим бузишга устайдинг.
Шаҳар айланардик
Дўконлар «опен».

Бахтли бўлишимизни истардинг.
Серсавол қиз эдинг серсавол,
– Нега кўп чекасиз?
– Қошингиз қалин…
Ҳаммаси тугаган,
Ҳаммаси завол…
У кунлар қайтмайди минг ёлвор, ялин.

Тошкент – катта шаҳар,
Бардошдай катта,
Бахтингни топасан…
Азизам… Тушун.
Кечир, ўша оқшом
Сен ёмғирдан қочиб келган бекатда
Автобус кутиб турганим учун.

5.11.2016

ЭРК

Қувғин қилдим кўнгил айғирин,
Аршдан мени қувганинг каби.
Чорламайман ортиқ ҳайқириб,
Озодликдир унинг талаби.

Борсин мағрур тоғлари томон,
Покиза булоқлар сувидан ичсин.
Мен — ношуд соҳибдан батамом,
Оғринмайман, майлига кечсин.

Ла илаҳа… қулингман, бироқ,
Кўпроқ севдим тоғни каъбадан.
Сенга яқин жойда яшамоқ,
Насиб этсин унга абадий.

Ишонаман, чўққилар сахий,
Айғиримни улар эл қилар.
Қайлардадир яшар-ку ахир,
Эркин чопиб юрган йилқилар!

19.10.2016

ДАРВЕШ ҚЎШИҒИ

Чанглатилмаган қалб,
Чанглатилмаган туйғулар,
Чанглатилмаган ишқ,
Осмон ва
Сир.
Барчаси менинг орзуларим каби
Қисир.

Тонглар узоқ
Шомлар яқин,
Армон тўймас
Дилни чақиб.
Жовидонга элтар Оқим,
Чақир, девонангни чақир.

Дарахтим йўқ чойлашгани,
Аён қалбнинг лойлашгани.
Кундузимни безбет шамол,
Тунни босган ой лашкари.

Ютай десам дардлар йирик,
Оғриқ шерик, азоб шерик.
Аллақачон руҳ Аршингда,
Вужуд юрган билан тирик.

Тош қолмади ямланмаган,
Кўрдим:
Дунё англанмаган.
Ай юрагим,
Бепушт дилим,
Ҳақ йўлида чангланмаган.

Муҳаббат деб қилдим хониш,
Деди: танла шароб ё ниш?
Етганим йўқ ёр васлига,
Фақат
Ёниш!
Ёниш!
Ёниш!

Меҳр билан хўрласангчи,
Кофур кўзим кўрласангчи.
Совуганман дунёйингдан,
Ҳузуринга чорласангчи,
Ҳузуринга чорласангчи.

Сўз илоҳий мўъжиза дер,
Қийноқларим маҳсули — шеър.
Бўлди, етар яллоларим,
Юрагимни чанглатиб бер.
Юрагимни чанглатиб бер!

Ишқ ҳадисин англатиб бер…

27.11.2016

КУТИШ

Март осмони хира, ғуборли,
Шеърга солиб бўлмас авзойин.
Қовоғини очмайди борлиқ,
Қилингандек юртда сазойи.

Қушларни чорламас дарахтлар,
Аламзада, тутаб ётар дашт.
Бултургидек кулмас шарақлаб,
Беғубор сойларнинг кўнгли ғаш.

Осмон билан туташган келбат-
Ялтирайди тоғлар яғрини.
Фурсат кутиб шамоллар- телба,
Тошга босиб ётар бағрини.

Олам нотинч, ер талвасада,
Сукут сақлар табиат- даҳо.
Капалаклар кажавасида,
Ҳали етиб келмади баҳор…

2.03.2017

МАЯКОВСКИЙ

Тун. Шамчироқ. Сигара.
(Кумуш ханжар.)

Тун. Шамчироқ.
(Ой ва сиртмоқ.)

Тун. Сигара.
(Тўппонча.)

Тун.
(Оғриқ!)

Тўппонча…

22.12.2016

ТУН ТАШБЕҲЛАРИ

Эснаб қўяр чўққилар шомда,
Инсон кўзи буни илғамас.
Тебранади узум ишкомда,
Хаёлида оқар жилғалар.

Етиб келар қитмир елвизак,
Дарахтларни ўтади чимчиб.
Эринмасдан осмонни безар,
Улуғ тангри юлдузлар санчиб.

Ойга ихлос қўйган бақалар
Хонишидан парчаланар тун.
Томоғингга чўғдай тақалар,
Ёлғизликда қоп-қора сукун.

Чинқиради жарликлар лаби,
Ҳид таратар қўрқув кўлмакдай.
Бўй қизларнинг сочлари каби,
Қоришиб кетасан зулматга.

15.10.2016

* * *

Тун — қуюқ шоколад ялаётган боланинг
Момиқ панжаси.

Бола ой сийнасини
Тўйиб-тўйиб сўраркан,
Шамол ҳулво исини
Олиб кирар юракка.

Шоколадга буланган
Болакай панжасига
Қўнар минглаб ёнарқурт.

Олхўри мевасидек
Осмон бирам хушсурат.
Сойликда дайди тушлар
Суҳбат қурмоқда сув-ла.

Уюрлардан ҳориган
Ўтлоқ адирда мизғир.
Кўкнинг нурли коптоги
Қайда юрганкин изғиб?!

1.11.2016

* * *

Тунги осмон нақадар сулув,
Юлдуз санар терак учлари.
Шамол билан ўйнашар булут…
Шеър ўқийман ёлғиз ҳужрада.

Ташқарида изиллар руҳим,
Уни оҳанг, ғамгин куй қувлар.
(Ўзни тутиб олмоғим муҳим),
Ва жавобсиз қолган туйғулар.

Кеча оғиб бўлди ярмидан,
Тар юрагим саросимада.
Нохос келган қўшиқ зарбидан,
Сочиламан Хиросимадай.

Тунги осмон нақадар ёрқин,
Қовушолмас тоғ арчалари.
Тера бошлар фаррош — ой ҳорғин,
Сочилган тан — сўз парчаларин.

Таҳайюлим бетин, сарсондир,
Уйқулари каби тулларнинг.
Қондир фақат юрагим қондир,
Унга ботиб турар қўлларим…

8.11.2016

* * *

Адирларга чўкар тун,
Қораяди арчалар.
Осмонга сочар учқун,
Худо нурни парчалаб.

Қўққисдан турган шамол,
Бошлайди долғаларин.
Хомиладор боғ беҳол,
Тўкворар олмаларин.

Синар мўртлашган шохлар,
Анорлар тарс ёрилар.
Олтин бошли бошоқлар,
Ой нурига қорилар.

Авж олар бақа куйи —
Кўлга сочиб аламин.
Етилган қовун бўйи,
Тутиб кетар далани…

30.10.2016

* * *

Бошлаб кирар тунни қишлоққа,
Безовта итларнинг ҳуриши.
Борлиқни бўяган қиш оққа,
Тутзор мудрар афти буришиб.

Чопонлар, пальтолар кезар кўчада,
Тезак ҳидин бурқситар ўчоқ.
(Ҳали замон чироқ ўчади,)
Жой тўшайди эринчоқ чарчоқ.

Зерикканми, бетус осмонда,
Дафатан ой бир совуқ порлар.
Ҳув юксалган тоғлар томонда
Ой нурида эрийди қорлар…

17.11.2016

ДАРБАДАР РУҲ

Чўзилиб ётган қайрағоч соясидан ажралиб чиқаман-да,
Оломонга сингиб кетаман.
Яланғоч, бақувват елкалар,
Нозик ва қўпол оёқлар орасида
Туртиниб-суртиниб,
Аллақачон хотирамдан ўчиб кетган
Вужудимни излайман.

Ҳеч ким пайқамайди мени,
Кўрмайди ҳеч ким.

Бюк Хитой Девори қурилишида
Тош босиб қолган,
Жасади деворга суваб юборилган муҳандис,

Қулбозорда арзимас чақага сотилиб
Хўжайинлар қўлида калтакланавериб
Қийноқдан,
Очликдан
Жон берган ҳабаш,

Хиросимада
Уйқуга кетгану
Қайтиб уйғонмаган гўдак,

42-йил минага йўлиқиб
Бурдаланиб кетган аскар —
Менман.

Кинотеатр, метро,
Автобуслардан излайман вужудимни.
Кафе,
Тунги барларга кириб чиқаман бир-бир.

Хиёбонларга бораман:
«Бирор ҳурлиқо билан
Қўлтиқлашиб юргандир».

Зах босган ертўлаларга тушаман,
Осмонўпар бинолар томидан ҳайқираман,
Ҳеч ким эшитмайди мени,
Кўрмайди ҳеч ким.

Сершовқин кўчаларда
Тентираб юрганимда
Малласоч қизалоқ етаклаб келаётган пахмоқ ит
Тўсатдан пайқаб қолади мени.
«Эй, бормисан, дўстим» —
Унга яқинлашаман —
«Вужудимни кўрмадингми?»
У эса жавоб ўрнига
Ташланмоқчи бўлади…

Дуч келган одамнинг жисмига
Жойлашмоққа уринаман,
Банд!
Вужудим кўринишини эслолмасам-да,
Биламанки унинг ичи бўм-бўш.

Саҳроларни элакдан ўтказдим,
Шопирдим уммонларни,
Ағдар-тўнтар қилдим
Етти қават осмонни — Йўқман.

Тонг отади — излайман.
Кун ботади — излайман.

Ўз бармоқларим билан
Гитара чалишни,
Ер чопишни,
Оққуш патларини силашни қанчалик исташимни билсангиз эди,
Эҳ-ҳ!

Бутунликни хоҳлайман ахир!

Танҳоликдан чарчадим,
Ҳатто чумолининг ўз вужуди бор,
Анави захарли илонларнинг ҳам.

…Оломонга сингиб кетаман.
Ҳеч ким пайқамайди мени,
Кўрмайди ҳеч ким.

Вужудим — ўзимни излайман.
Алам қилгани
Ўн,
Юз,
Балки минг йилдан бери
Қайрағоч соясида ўтяпти умрим…

8.03.2017

* * *

ҚОР ЁҒАР, ЮРАКДА ЖАРАНГИ,
Сочларим, кафтим-да оқармиш.
Бу сержило лаҳзалар рангин,
Сокин қалбда қўзғолур дарвеш.

Учқунларга қарайман тўниб,
Ҳар бирида Аллоҳ намоён.
Қарайману бир дам ўксуниб,
Туюладир умрим бепоён.

Теваракда учар оққушлар,
Истаклари қўнмоқ кўзимга.
Сийпалолмам бировин ушлаб,
Аччиқ зардоб тўлар бўғзимга.

Юпатмоққа тушаман ўзни,
(Бедор кеча. Кўчалар гавжум)
Такрорлайман тағин шу сўзни:
Чексизлик бор,
Чексизлик мавжуд!

Йўқса қорда сайр этмоқ нечун?
Нечун юракларда жаранги?
Оғир қалқиб уйғонмиш вужуд,
Нечун оқшом бунчалар рангин?!

Оғриқларни енгди-ку ҳавас,
Қуламади бошинга само.
Сўнган туйғуларга қасдма-қасд,
Қор ёғмоқда, ёғмоқда ҳамон…

Теваракда учар оққушлар,
Ўриндиқлар, боғлар оқармиш.
Шляпасин сирти кумушранг,
Кезиб юрар шаҳарда дарвеш.

* * *

ТОШКЕНТ. ЯРИМ ТУН. ЎРДА.
Сирпанар оҳанг
Анҳорда
Ой нурин тутиб.
Қайинлар, қарағайлар
Ҳайратда боқар
Яна
Тебранма стул —
Унда чайқалар ёниқ сигара.
Оҳанг!
Паганини қўлида
Сўйилаётган юрак —
Скрипка йиғлар маҳзун…
Тебранма стул ёнидан
Қоп-қора сонларин
Лорсиллатиб ўтар тун.
Чалқанча ётавериб
Ҳориган асфальт
Ёнбошлаганча ўқир
Тунчироқ ёруғида
Қишлоқдош дўсти —
Тупроқкўчадан келган мактубни.
Оҳанг эзар уни мактубга қўшиб.
Скрипка — сўзи йўқ қўшиқ.
Тўсатдан жонланиб
Чуғурлай бошлар
Ташландиқ қуш инларида
ётган инжа туйғу,
Ҳиссиётлар.
Оҳанг масиҳ эканин
Шу тариқа берар исботлаб.
Паганини — афти бурушган,
Саккизоёқ панжаларидек беўхшов бармоқлари.
Қийшиқ оёқлари қийналар юришга.
Навбат скрипкага келганда…
Ажални йиғлатиш мумкинми наҳот?
У — даҳо!
Анҳорда сув эмас, куй оқар тўлиқиб,
Шамол — гитар жўрлигида ўйнаётган лўли қиз.
Тўлишган осмон кўксин
Қитиқлар нигоҳлар
Нафис толадек.
Айни дам борлиққа қўшилиб
Худо ҳам куй тингламаётганига
Ким гувоҳлик бера олади?!
Паганини қўлида
Сўйилаётган юрак —
Скрипка йиғлар маҳзун…
Сукунат шаклида оғриқ таралар.
Бўлиқ сийналарин
Лорсиллатиб ҳўнграр тун.
Бу азоб-роҳатга борми
Чегара-а!
Чайқалар бўм-бўш тебранма стул,
Илоҳий тушлар оралаб
Кетиб борар ёниқ сигара…

24.11.2016

ИЖОДХОНАМДА

Кавшаб ўтирибман ёзув столин,
Китоблар тўрт ёнда чала ғажилган.
Гитар йиғлар айюҳаннос солиб,
Бўлиқ кўкрагига панжам санчилган.

Сиёҳни симирдим, жонланди юрак,
Кулдонни бутунлай ютвордим бекам.
Тамакини улаб чекишдан кўра,
Рости, чайнамоқнинг гашти зўр экан.

Яқинлашманг менга, узоқроқ туринг,
Ахир очман, ваҳший кўзларимда қон.
Яхшиси кетинглар, тезроқ югуринг,
Ташланиб қолишим мумкин ногаҳон.

Бир бош узум каби чайқалар қандил,
Бўғзимга қуюлиб кирар ой ёғи.
Баҳайбат тарвузни эслатар сандал,
Титрар креслонинг тўртта оёғи.

Қаранг, карсиллатиб ейман чойнакни,
Иштаҳани очар қулфдаги занжир.
Майдалаб ютаман пушти ойнакни,
Чироқ чироқ эмас, сарғайган анжир…

Севгилим, илҳомнинг азоби чексиз,
Ҳозир на кўкдаман ва на ердаман.
Қучиб йиғлардиму бағрингда ўксиб,
Хушбўй сочларингдан хавотирдаман.

21.11.2016

ТОҒДА

Ўқ узинг.
Вақанглаб кетсин қоялар!
Тошларга жон кирсин,
Уйғотсин тоғлар қулласин.
Минг йилки адирда ётган соялаб,
Ҳарсанглар пастликка томон қуласин.
Сиз нега чўчийсиз ўзгаришлардан?
Жонингизни қўйиб ўртага,
Учиб кетишингиз мумкин тўсатдан,
Чўққилардан сакранг жўрттага.
Пусиб юрманг бунда қўрқоқдеқ
Ичи ёниб тутаётгандир.
Кўз очолмай ётган булоқдек,
Бир жўмардни кутаётгандир.
Сиз қайдан биласиз оҳларин,
Миллионни оёқлаб қўйишган салкам.
Кўзлари илинган ботир тоғларни,
Уйғотиб юбориш керакдир балки?!

3.11.2016

ҲАЛОВАТ

Эзилган шотутни эслатар шафақ,
Узоқ кузатаман. Кўзларим тинар.
Шошиб чироқларин ёқади шаҳар,
Кузак офтобидан қилгандек гина.

Тун ҳайдаб юборар юлдуз уюрин,
(Қандай таъриф бериш сенга ҳавола).
Толиққан руҳимни эркин қўйириб,
Сайр қиламан бахмал ҳавода.

Шаҳрисабз, о, сирли макон!
Кезинаман кўнгилни хушлаб.
Осмонингда мисоли пайкон,
Учиб юрар бокира тушлар…

14.10.2016

ЖУМБОҚ

Сувчи Акбар  сувга чўкиб ўлди…

Ай, бечора
Ай, содда одам,
Сузишни билмасдинг-ку!
Ким сабабчи бу фожиага?
Сувчи: бўйлари баланд
Эшакка минса ерга тегарди оёғи.
Кетмонини елкалаб буғдойзордан чиқмасди,
Чиқмасди пахтазордан.
Этикдўзнинг ковуши йиртиқ,
Сувчи эса сузишни билмасди.

…Тонг қуёшни етаклаб борар тупроқ кўчадан,
Йўл бўйи, лойқа ҳовузда
Сузиб юрар кўм-кўк сувчи жасади.
Шошиб қолди оломон.
Хайриятки қутқариб қолишди
Жасадни…

Илтимос, олиб кетманг уни,
Акбар оддий одамлар ичида ётолмайди.
Далада туғилди,
Далада ўсди,
Далада ўлди.
Уни сув бўйига қўйинглар.
Эшитиб ётсин сувнинг жилдир-жилдири-ю
Буғдойзорнинг шовуллашини.

Мени қиймалайди бир савол.
Сузишни билмасди сувчи.
Қутурган итдек қўрқарди сувдан.
Ким уни ҳовузга етаклаб борган?
Ким уни итариб юборган сувга?
Кимга керак бўлган фариштанинг ўлими?!

Тунлар намиққан чопонга ўралганча
ёп-ёруғ юлдузларга тикилиб ётганимда
Мана шу далалар бизники, Жони, деб ким айтади энди менга?!
Ай, бечора
Ай, содда одам.
Гулдай хотини,
Ойдай қизалоғи қолди чинқириб.

Бўғзимни куйдирмакда оташин йиғи.
Ахир устозим эди у!
Ҳа, ҳа, менинг сувчи устозим…

2014

ТУШ

Чинқиради, кеча увлайди,
Ёйилади руҳимга қўрқув.
Чопсам кимдир мени қувлайди,
Тўхтасам, соямга беркинади у.

Теракзорда адашган шамол,
Йўл қидириб силкир шохларни.
Ё қиёмат нишони Дажжол,
Тунлар шундай кўнгил чоғларми?

Зулмат кўксин илдиздек ёриб,
Бормакдаман
Қайга? Қай томон?
О, Фано ва Бақо Сарвари,
Қайтмоқ бўлсам қандай қайтаман?

Ортимдан таъқиб этаётган ким?
Музлатиб қўйдинг-ку руҳимни, дунё.
Балки игна ютиб жон берган итим,
Қўққисдан уйғонган виждонимми ё?!

4.10.2016

0 hodzhikent.jpg Bundan salkam bir yarim yilcha avval yosh shoir she’rlarini taqdim etar ekanman, jumladan, mana bu gaplarni ham yozgan ekanman: “…Hamma she’ri bir tekis emas, ammo hamma she’rida o‘zini yozishga urinadi. She’rida faqat va faqat o‘zi aytishi mumkin so‘zlarni yozadi, faqat o‘ziga xos his-tuyg‘ularni ifodalaydi. Garchi she’r va satr bilan ishlash malakasi uncha mukammal bo‘lmasa-da, har bir mashqida havaskorlikdan mukammallik sari intilayotgan, endi yigirmadan oshgan bu yigit ijod mashaqqatlaridan va eng avvalo turmush qiyinchiliklaridan cho‘chimasa, aksincha ularning olovida yuragini toblasa, ishonchim komil, asl adabiyot sinchilari nazariga tushishga munosib ijodkor bo‘la oladi.” (To‘liq holda mana bu sahifada o‘qing)

Oradan shuncha vaqt o‘tib, Jontemirdan yana she’rlar yetib keldi. Ularni taqdim etar ekanman, shoir she’rlarining qay tarafga va qanchalik o‘zgargani, ularda aks etgan tuyg‘ular tabiati haqida yozib o‘tirmayman. Qolaversa, ular xususida xulosa chiqarish har bir o‘quvchining o‘ziga havola.

Men faqat Jontemirga o‘zi suygan shoirlar she’rlarini suyib, ammo ularga ortiqcha mahliyo bo‘lmasdan (zero, mahliyolik ko‘pincha o‘z yo‘lingni topishingga xalaqit beradi), she’riyatning mashaqqatli yo‘lidan, faqat va faqat o‘zigagina xos yo‘ldan borishda sabr-toqat tilayman; Shoir do‘stim bir she’r ba’zan daqiqalarda yozilsa-da, uni tahririga she’r yozishga sarf bo‘lgan vaqtdan ko‘proq soatlar kerak bo‘lishini unutmasin. Tahrir deganimda qog‘ozdagi she’r satrlarini to‘g‘irlashu tuzatishni emas, yurakda, ongu shuurda she’rni fikran tartibga solishni nazarda tutmoqdaman.

Jontemirning o‘ziga xos olami borligini e’tirof etgan holda, bu olamning mukammalligi ham faqatgina uning o‘ziga bog‘liqligini qat’iy ta’kidlayman. Qolaversa, Jontemir ham buni anglashiga ishonaman.

Xurshid DAVRON

JONTЕMIR
SHE’RLAR
005

Jontemir (Toshtemirov) 1994 yilning 18 sentyabrida Qashqadaryo viloyati Shahrisabz tumanida tug‘ilgan. 2013 yil Qarshi davlat universiteti qoshidagi 2-akademik litseyni tamomlagan.

005

* * *

Ashampoo_Snap_2017.03.17_12h31m56s_001_b.png

Tun sep yoyar. Kunduz qaridi,
Yo‘g‘onlashar zaif tovushlar.
Yoritay deb osmon qa’rini,
…Yulduz sochar hovuch-hovuchlab.

Yomg‘ir… ko‘cha tomog‘in ho‘llab,
Yumshoq yuzi aylanar loyga.
Simyog‘ochlar – pichilgan qullar,
Tikilishar yalang‘och oyga.

Iymon o‘qib qaytgach xuftonni,
Soat o‘ngga urganida bong.
Biz uchrashgan hu-uv xiyobonni,
Xotiramda qilgayman mehmon.

Axir, bilsang, senga tegishli
Yoshligimning katta bo‘lagi.
…Chak-chakillab qo‘zg‘aydi g‘ashliq
Tarnovlarning muzdek so‘lagi.

Uyqu bermas ertaklar xasis,
Tun. Xayolga o‘tmish quyilar.
U ham meni o‘ylar shubhasiz,
Balki menga shunday tuyular…

2.12.2015

“JO‘RAM”

Bobo… Yo‘q. Bu so‘z g‘aliz!
Do‘st. O‘rtoq. Jo‘ra…
Ha, ha, axir, sen eng yaqin jo‘ram eding-ku!
Tepakal jo‘ram-a…
Soqolli jo‘ram…
Jo‘ralar esa bir-birlarini sizlashmaydi.
Qara,
Xuddi senga o‘xshab o‘sdim —
G‘irt daydi.
Na makonim bor
Na manzil tayin,
Diydam tosh qotganu
Yuragim mayin.
Bilasanmi,
Xudoga yaqinlashyapman
Seni o‘ylagan sayin…

Boringda berkitib chekardim,
Endi… Endi erkinman!
Yetar shuncha erkalatganing,
Hech yo‘q
Tushlarimdan berkinma.

Aytganingdeq
Kalapo‘shingdan tor ekan dunyo,
Choponing baridek keng ekan dunyo.
Bir chaqaga arzimas, goho
Ming tilloga teng ekan dunyo.
Men buni kech angladim,
Bilsamda parvo qilmasdimmi yo?!

Ketganingdan beri:
Maysalar sir aytmay qo‘yishdi menga,
Suhbatiga qo‘shmaydigan bo‘ldi daraxtlar.
Yon-verimda qora-qizg‘ish kiyingan
Sharpalar yuripti hushni karaxtlab.
Ortiq yozolmasam keraq
Qo‘rqaman.
Yozsamda almoyi-jalmoyi chiqar.
Anglaganim meni so‘z tuqqan,
Tiqsa ham o‘sha so‘z tuproqqa tiqar.

Tepakal jo‘qam-a…
Soqolli jo‘ram…
Kelajak kunlarim — mahbuslarga boq,
Kuldonga bosilgan afsuslarga boq…
Nafsini qul etgan Mashrabim, To‘ram!
Tepakal jo‘ram-a…
Soqolli jo‘ram…

Shisha sinig‘idek botar bo‘g‘zimga,
Sensiz yutilyotgan bir burda oq non.
Xayolimda jannat — bog‘, zimdan
Meni kuzatyapsan qo‘lingda qoq non.

Silkinib-silkinib tushyapti yelkam,
Tepakal jo‘ram-a…
Soqolli jo‘ram…

Ichimda hayqiriq,
Ko‘zimda vulqon!
Ichaman barini unutmoq bo‘lib,
Jomdagi may emas,
UL QON!
(yurak ham bormoqda nurab)
Va seni chorlayman-
Ayqiri-ib,
Ayqiri-ib,
«Tepakal jo‘ram-a…
Soqolli jo‘ram…»

23.08.2016

* * *

Ancha yillar bunda bo‘lmadim,
Yurtni kezdim rizqimni terib.
Biroq sensiz baxtim kulmadi,
Qorapoycha — sog‘ingan yerim.
Ancha yillar bunda bo‘lmadim.

Tag‘in qaytdim bag‘ringa bu kez,
Ayni o‘rim, terim mahali.
Tor ko‘changda duch keldi bir qiz,
Ismini ham bilmayman hali.
Tag‘in qaytdim bag‘ringa bu kez.

Cho‘chib ketdi ko‘rinishimdan,
Xo‘rpaygan soch, beo‘xshov mo‘ylab.
Muz ustida yurgan kishiday,
Arang keldim uyga toy-toylab.
Cho‘chib ketdi ko‘rinishimdan.

Bosh ustimda zangori osmon,
Rus go‘zalin ko‘zlari yanglig‘.
Hadya etar qo‘shig‘u doston,
Endi menga shu keng yalanglik.
Bosh ustimda zangori osmon.

Tag‘in qaytdim bag‘ringa bu kez,
Ayni o‘rim, terim mahali.
Tor ko‘changda duch keldi bir qiz,
Ismini ham bilmayman hali.
Tag‘in qaytdim bag‘ringa bu kez.

Tor ko‘chada duch kelgan dildor,
Ortiq qochma qoshing qayirib.
Bo‘lmasa-da, u yigit puldor,
Shu qishloqning tanho shoiri.
Ortiq qochma qoshing qayirib.

Unga jonday qadrdon shu yer,
Kulgularing sachragan havo.
Bug‘doyzorda yozilajak she’r,
Sho‘x jilg‘alar chalguvchi navo.
Unga jonday qadrdon shu yer.

Yo‘ng‘ichqaning bo‘yiga xumor,
Chigrtkalar qo‘shig‘idan mast.
Chopib yurgan bo‘ynida tumor,
Toychoqlarga qiladi havas.
Chigrtkalar qo‘shig‘idan mast.

Yo‘q, cho‘chima zinhor, dilrabo,
Balki o‘tli muhabbatdir bu.
To‘rtta ummon turganda yo rab,
Ko‘zlaringa cho‘kib ketdi u.
Balki o‘tli muhabbatdir bu!

29.10.2016

ALAM

Sig‘masada inson aqliga,
Men istalgan narsa shakliga
Kira olaman.
Bemalol aytavering do‘stim Rahmiddin,
Sizningcha nimaga aylangan lozim?
Kaminaga yarashar qanday lavozim?

-Kuldon!

O, ajoyib taklif.
Mana, men kuldon!
Qani, chekavering,
Turmang tortinib.
Kuydirib gardishlarimni
Bo‘g‘zimgacha kulga to‘ldirib.

Pushkin, Lermontov,
Pand bergan Yesenenga,
Vladimir Vladimirovich umriga nuqta qo‘yib,
Hemengueyni yenggan
To‘pponchaga aylansammikan?!
Atom bomba shaklida
Qo‘rqitaymi dunyoni?
Gugurtcho‘pga taqlidan
Ko‘rsatayinmi yonib?

Menga ko‘proq ayg‘ir bo‘lish yoqadi.
Tutqunlikda yashasam
Yemrilar toqatim.
Daryo qo‘shig‘in kuylab,
Tog‘larda kishnab, o‘ynab
Dardu tashvishdan holi,
Bo‘ronlarga qasdma-qasd
Shamolda to‘zg‘ib yolim
Ko‘rganda qo‘zg‘ab havas
Chopib yurgim keladi…

Xo‘sh,
Yana kimda taklif bor?
-Gul!
-Xanjar!
-Parijga viza!
Yaxshi, yaxshi, chakkimas,
Marhamat janob:
-Yuliy Sezar!
Eplasa bo‘ladi.
Gapir bolakay:
-Qirol Artur qilichi!
(Jodugar Margana soldimi tahdid)
Qulog‘im senda qariya.
-Ilich…
-Tss. Axir bu siyosatga zid!
O, to‘pori ahli olomon,
Hu azaldan mo‘’jizaga o‘ch.

Men har nega do‘na olaman,
Faqat ruhni qiynar og‘ir kuch.
(Egam bir tarafdan zaiflatib qo‘yar ekan ko‘ngil — qal’ani)
Onamning ko‘zyoshi va
Sevgilimning yuragiga
Aylanolmaslik alami…

6.10.2016

IQROR

Sarvarga

Kezib chiqdim Rossiyani ham,
Bosilmadi qalbdagi olov.
Etolmadi ko‘zingdek, erkam,
Hech bir go‘zal meni mubtalo.

Shahrisabz irmoqlarida,
Olma yuzin chayib olgan qiz.
Oqdaryoning qirg‘oqlarida,
She’rim o‘qib o‘yga tolgan qiz.

Bunda shahar sershovqin, tirband,
Bunda orzu har kun bo‘lar kul.
Moskvaning chiroyi, dilbar,
Kulgichlaring oldida bir pul.

Odamlari yursada bardam,
Bisyor ekan tashvishu g‘ami.
Topolmadim restoranlardan,
Sen saharda soqqan sut ta’min.

Til boshqayu dinimiz boshqa,
Sharob desa tashlashar tomdan.
Xudodanmas, beyurak toshqalb,
Qo‘rqisharkan mitti atomdan.

Ryazanda bo‘ldim bir maddat,
Yozayin deb she’r xumorini.
Seryojani qildim ziyorat —
Moviy ko‘zli ul bezorini.

Ulug‘ Kavkaz chorladi tag‘in,
Shamollarga berdim dilimni.
Bulutga bosh urgan tog‘larga,
Salom yo‘llab keldim elimdan.

Vatan ishqi kul qildi yoqib,
Yurak ohu nolaga to‘ldi.
Zangor osmon ko‘ksiga boqib,
O‘ylaganim yana sen bo‘lding.

Ko‘p sog‘indim toshloqlarimni,
Imilladi kunlar — g‘alamis.
Chayqaltirib boshoqlarini,
Tushlarimga kirdi dalamiz.

Uyg‘otmadi bog‘lari havas,
Anglab yetdim sog‘inchning kuchin.
Qaytdim, sevging otashida mast,
Rohanlanib yonmoqlik uchun.

Men yo‘g‘imda ostonangni, yor,
Sullon itim yotdimi qo‘rib.
Kishnaganda jigarim tulpor,
Tinchlatdingmi yolini o‘rib?

Oydin tunlar o‘ylagan sari,
Qishloqi xayollar bitmaydi.
O‘sha mashhur Kremllari,
Loysuvoq uyimga yetmaydi!

O go‘zalim, safarim tindi,
Kechir, biroz ayb o‘tdi bizdan.
Meni quch va duo qil endi,
Ayirmasin Shahrisabzdan.

Kezib chiqdim Rossiyani ham,
Bosilmadi qalbdagi olov.
Etolmadi ko‘zingdek erkam,
Hech bir go‘zal meni mubtalo.

12.12.2016

EHTIYOT BO‘LING

G‘animlarim, ehtiyot bo‘ling,
Do‘stlarim siz ham.
Chap ko‘ksimga joylangan bomba millarining
Chiqirlashi
Tobora tezlashib bormoqda
(Xayriyatki ota-onam tashlab ketishgan).
Ijara uyim qulfin ochib uxlayman har tun,
Noxosdan portlab ketsa,
Jasadimni olib chiqish
Qiyin kechmasin uchun.

Qachondir portlashi tayin!
Sevgilim kuladi
Desam:
Kel, seni so‘ngi bor ko‘rayotgandek quchayin…
Hammadan kuchugimga achinaman.
Portlashdan keyin kim unga
Nonining bir tishlamini beradi?
Ozg‘in oyoqlariga yopishgan
Kanalarni teradi?

She’riyat, sen-da nimjonsan,
Nafis jisminga qoziq tishlarin botirib,
Ona sutidek pok qoningni so‘rib yotgan
Lo‘ttiboz, so‘zsotar, qorinqullarni
To‘kib yuborish uchun
Portlash zarur.
Menikidan ming kara dahshatliroq portlash!
Bilki, o‘shanda mening ruhim
Tushlarimda takror ko‘rguvchi
Sehrgar Pariju
O‘ljas ta’riflagan qiz ko‘ksidek
Misr ehromlari,
Everestning qorli cho‘qqilari aro
Shodon kezib yurgan bo‘ladi.

O mening, cho‘ntaklari quruq,
Yuraklari butun shoir do‘stlarim…
Qay bir tog‘ ustidan uchib o‘tayotganingizda
Portlashdan qolgan jismim zarralarin
Samalyot oynasidan sochib yuboring.
Toki butun umr cho‘qqilarga intilib o‘tgan
ruhim taskin topsin baxtiyorlikdan!

…ko‘ksimdagi bomba millarining
Chiqirlashi
tobora tezlashib bormoqda…

17.11.2015

TALAB

To‘nka ham yashaydi
Bu keng o‘rmonda,
Yana qarag‘aylar,
Eman, qayinlar…
Hozircha nimjon niholsan, garchi,
O‘smoq istasang
Shu o‘rmon uchun,
Undagi jamiki mavjudot uchun,
Jon berib yashashni o‘rgan, deb
Chinor tayinlar.

Tanlov sening qo‘lingda tag‘in,
Yasholmasang o‘rmon-chun jo‘shib.
Qochmoq bo‘lsang chiqqanda yong‘in
Ildizlaring botgan zaminni –
Eshakqurtlar kemirib yotgan
To‘nkalarga tez borib qo‘shil.
Bizga faqat o‘rmoni uchun
Yashaydigan daraxtlar kerak!

13.11.2015

YOMG‘IRGA BARIBIR

So‘ngi kunlarini yashayotgan
zaminni tiriltirar yomg‘ir,
Undan panalatib sigar yoqaman.
Shunday ajoyib tunda uxlab yotish naqadar og‘ir,
Uy yonidan o‘tkich jilg‘aga qo‘shilib oqaman…

Oqaman bahaybat uylar oralab,
Barining oynasi zulmatga cho‘mgan.
Eh siz g‘aflat bosgan manglayi qoralar,
Hissiz hayotingiz qimmat bir so‘mga!

Yomg‘irga esa baribir…

Derazadan chexrangiz ko‘rinmadimi-ko‘rindi,
Baribir yog‘averar minnatdan holi.
Siz xurrak otasiz yumshoq o‘rinda,
Naqadar beshavqat zolimsiz, zolim.
(Men shaharni yomon ko‘raman)

Hayrat tuyg‘usidan judo bo‘lar
bunda kelsa kim.
Holva bitirmoq uchun g‘o‘radan
Shaharda yashayotgan shoirlarga
achiydi ichim.

Eng alam qilgani:
Tonga yaqin hamxonang yoniga qaytsang,
Quvonchli xabarni shodlanib aytsang,
— Sezdingmi, tunda yomg‘ir siyladi shaharni, — desang,
Ko‘zini lo‘q qilib, jerkib berar bepisand:
— Yog‘sa nima bo‘pti?
Shu gap uchun uyqumni buzish shartmidi,
Tag‘in bugun yakshanba bo‘lsa?!.

Men shaharni yomon ko‘raman!

Yomg‘irga esa baribir…

28.07.2016

YO‘QLOV

Tosh ko‘chalar, jonon ko‘chalar,
Ma’zur tuting temir poshnamni.
Qo‘msab keldim.
Sog‘inib keldim.
Hovlimizni…
Cho‘pon oshnamni…

O, qarang-a, tikilib qarang,
Teraklarda yuzlab yashil musht.
Tortilganda tun yoyi tarang,
Ariqlarda oqadi kumush.

Ilk bo‘samning guvohi, pastqam,
Rangi uchgan devor bormisan.
Momom ekkan anjir — mahbubam,
Menga mendek intizormisan?!

Osiltirib uzun tilini,
Daydib yurgan kuchuklar salom!
O‘ynayotgan yuzi tilinib,
Bolakaylar — puchuqlar salom!

Salom shudring tutgan bo‘g‘otlar,
Bedil sajda qilgan pok daha.
Bobom “Yosin” o‘qib uyg‘otgan,
Salom senga ey subhi sahar!

Yechib otdim kiborligimni,
Choponimni ko‘rsating, qani!
Akbar jo‘ra, hayda qo‘ylarni,
Dalalaymiz suruv boqqani.

Soy suvidan qonib ichamiz,
Soya berar archalar mo‘min.
Tog‘ qo‘ynida o‘tar kechamiz,
O‘t yoqamiz kartoshka ko‘mib.

Beri kelchi, uchqunimiz sust,
He, Hisorning egasi — qashqir.
Sen sababli o, duppa-durust,
She’rga do‘ngan birinchi mashqim.

Do‘lananing shoxiga chiqib,
Avvalgidek yulduz teraman.
Ilhom bersang bo‘ldi bir siqim,
Tangrim, she’rlar o‘qib beraman!

Qalqib chiqar so‘zning qaymog‘i,
Yurakning eng chuqur yeridan.
Tun chayqalar esidan og‘ib,
Jontemirning qaynoq she’ridan.

Uyg‘onganda qari harsanglar,
Shoh ko‘ylagim yoqasin ochib.
Tutamanu tongi shamolga,
Yuboraman dardlarim sochib…

So‘ng qaytadi toza ruh bilan,
Tandiri yo‘q uyiga bodi.
Faqat olib ketar opichlab,
Bolalikning bokira yodin…

Tosh ko‘chalar, jonon ko‘chalar,
Ma’zur tuting temir poshnamni.

24.03.16

O‘RDA

Erkalaydi shamollar mayin,
Rohat borar tomirlardan
Yurakka sizib.
Hu-u-v anavi fonusdan keyin,
Tunga singib ketar tramvay izi.

Sal narida she’r o‘qir anhor,
O‘rindiqlar unga chin muxlis.
…Varganzada yorilar anor,
Suyab turar shoxlarin xachcha
Cho‘kkanicha tiz.

Toqqa o‘rmalagan qishloq chetida
Tutzor mudrar afti burishib.
Uzuq-yuluq eshitilar
Bezovta itlarning hurishi.

Osmon — oq qashqali qora bayir,
Yutib yuborgan yulduzin Qutb.
Shir yalang‘och cho‘milar
muzdek soyda oy
Bo‘ydoq baqalarning hirsin uyg‘otib…

2015

DARD

Yomg‘ir shimib ko‘pchigan yo‘lak
Tinglab yotar barglar qarsagin.
Alamzada momoguldirak
Bulutlarga tortar tarsaki.

Suvilondek semiz mezonlar,
Og‘ochlarga simday chuvalgan.
Sudralarkan xazonlar aro,
Qitiqlaydi yerni chuvalchang.

Shirinsuxan qushlarni Shoshdan,
Badjahl kuz qildi badarg‘a.
Simyog‘ochning taqir boshida,
Yong‘oq chaqar mo‘ysafid qarg‘a.

…qo‘zg‘aladi.
Yolg‘iz o‘rindiq,
Cho‘kar ko‘zin botiqlariga.
To‘lib ketar xiyobon tutun
va
Kuygan yurak qoldiqlariga…

12.11.2015

ANGLASH

Ermaklaydi ruhni yolg‘izlik,
Tobora kichrayib bormoqda soyam.
Sillamni quritar holsizlik,
Musallas tutadi ulfatim Mo Yan.

Parficha betartib hayotim,
Urushqoqlik meros Amir Barquldan.
…Og‘riq oldim borimni sotib,
Burqsitib chekyapti umrimni kuldon.

Qadrdonim — onam olisda,
Dushmanim — ochlikni tunga ko‘maman.
Taxminimcha, Tolstoy bobo,
Qachondir sen kabi kiprik yumaman.

G‘o‘r tuyg‘ular uzra boraman,
Izimdan quv so‘zlar qiladi ta’qib.
Qil o‘tmasin Tangrim oradan,
Parchalanish oni soyamdek yaqin.

Parchalanish ONI soyamdek yaqin…

07.01.2016

ACHINISH

Sevgi — qaldirg‘och!
Shodlik — qaldirg‘och!
Baxt — qaldirg‘och!
Qaldirg‘och — sog‘inch!
Tiriklik?

Qaldirg‘ochlar esa
Simyog‘ochlarda tizilib
chug‘urlashishni xush ko‘rishadi.

O, mening bechora sevgilim,
Qanchalik rahmim kelishini bilsang edi,
Sening simyog‘ochsiz tuyg‘ularinga…

Bechoralar ichra bechora
O‘z simyog‘ochi bo‘lmagan odam.

2015

QORAPOYCHA

Bosriqib chiqaman o‘n kundan beri,
Upqondek tortqilar komiga bo‘shliq.
Bobom-la yonimdan o‘tar qad kerib,
Chakkasiga rayhon qistirgan qishloq.

Qorapoycha — dilimning tili,
Qorapoycha — tilimning dili.
Burnimni qonatgim kelyapti,
Sangzor ko‘chalaringda yiqilib…

Endi to‘g‘ri kelmas kalishcham,
Ishtonchang chopqinlab ketolmam molga.
Negaki bolaligim
musicha tuxumin olaman, deb
Yong‘og‘ing shoxida osilib qolgan.

Bejizga tushimga kirmaysan bot-bot,
Yo Qoplon ketdimi eshilib?
E, sog‘ingansan!
Shundaymi?
-Ha!
-Tilingga novvot!
Bobom ham sog‘ingan senga qo‘shilib.

Kuyunma…
Olifta qizlarga qosh qoqqanim yo‘q,
Suyukligim qo‘yningda.
Bu yog‘i oila, ro‘zg‘or deganday…
Shahar: qolsang joning turar bo‘g‘zingda,
Ketsang hayot tuxtab qoladiganday.

Ichikmang, bobo…
Shotutlar qoniga buyalganda yer,
Nashvatiga bitganida et.
Husaynimiz shiraga bo‘kkanda,
Sog‘inch haqda she’rlarim
Bo‘lganda ming bet,
Boraman!

Qorapoycha — egilmas orim!
Qorapoycha — men chiqqan qorin!
Qorapoycha — ochil dasturxon!
Qorapoycha — bitta men shoir,
Qolgan barcha tuqqanlari xon!

05.09.2015

* * *

Bug‘doy yeb jannatdan haydalgan
Ikkinchi Odam,
Juftsiz yashayotg ul Xizr — Menman!
Qovurg‘amdan Havo yaralmas, zotan,
Rabbim yaktagiga bichilgan yengman.

Husnimga yer oshiq
Osmonlar oshiq,
Faqat Oftob bilan bo‘laman birga.
Ketmasin-chun kunduz tunga qorishib,
Borliq tarozusin turaman tergab.

Yana bir gap:
Sochimni sanashni oyga topshirdim,
Tuflimni tozalar, mohtoblar tizlab.
Bokira qalbimni erkalab yotar,
O‘n oltiga kirgan-kirmagan qizlar.

04.09.2015

BASHORAT

“SЕN” deyman uni,
“SIZ” deydi u mayin tovushda.
Va bilamanki bir kuni,
Bu ikki so‘z qovushgay.

Shunda meni burdalab tashlar,
“SЕNSIZ” degan ulkan ajdaho…

G‘AROYIB TUN

Tungi bekat.
Kutish burchagi.
Tamakimdan o‘rlaydi tutun…
“94 ni kutyabsizmi?”
(Bosh chayqayman)
Shunchaki…
Erk izlab yuribman
bir yutum.

Avtobus keladi, ketadi.
Kimdir itin olib chiqar sayrga.
Nurini ayamas fonuslar.
Avtolar imlaydi “qayerga?”
Menga shu o‘rindiq yetadi.

Tongacha qolasan ho, muzlab,
Shivirlab qo‘yadi shabada.
Jilmayaman ko‘kka qo‘l niqtab,
Egam borku axir tepada!

Yaqin o‘rtadagi yemakxonadan
Gitara ovozi yangrar,
Yoqimli.
Men xayolan notani ushlab
Chalaman!
Yotgandek sohilda,
Qumli…
Chalaman…
Havoda raqs etar panjam,
Chalaman…
O‘zni butkul yo‘qotib.
Chalaman…
Azobni yurakka sanchib,
Chalg‘itib ko‘ringchi,
endi o‘q otib.

Tun yarimdan oqqan mahalda,
Sudragancha safar to‘rvasin
Gadoy kelar
Va o‘tirar jim.
(Qo‘lansa hid qoplar atrofni)
Cho‘pday ozg‘in,
Chehrasi g‘ijim.
Tamaki uzataman,
So‘ng erkingdan ber deyman bir siqim.
U miyig‘ida kulib
non uzatadi.
Ha, erkni har kim o‘zicha tushunadi.
Nafas olaman zo‘riqib…

Uning ovqat qoldiqlari qotib qolgan sarg‘ish soqoliga tikilgancha so‘rayman:
— Sen kimsan?
Yerni ko‘rsatadi.
— Qayerdan kelyapsan?
Yana yerni ko‘rsatadi.
— Qayerga ketyapsan?
Tag‘in yerni…
O‘lay agar
hech nimaga tushunmadim deyman,
U bergan nondan yeyman.
Judayam shirin tuyuladi,
Ongimga she’r quyiladi.

Ko‘zlarimni yumib ochaman
banogoh,
Qarayman, gadoy yo‘q,
Astag‘firulloh!
Alloh, Alloh
Astag‘firulloh!
Atrof jim-jit.
Na ishq bor na erk na baxt…
Men bilan qolgani
Yolg‘izlik va sukunat!

Shunda anglayman,
Shoirning sodiq do‘sti — yolg‘izlik!
U yolg‘izlikda tug‘iladi.
Yolg‘izlikda yashaydi.
Yolg‘izlikda o‘lim topadi…

Sahar.
To‘satdan borligimni payqab qolgan ko‘cha farroshi
Meni so‘roqqa tutadi:
— Sen kimsan?
Men esa hech ikkilanmay
Yerni ko‘rsataman…

28.08.2016

JAVOBGARLIK

O‘pilmagan lablar
Silanmagan sochlar
Egallanmagan qalblar
Suyanilmagan og‘ochlar
Har tun bag‘rini ochib tashrifim kutguvchi
Ammo men hatto qayerda ekanini bilmaydigan
Deraza
G‘ijimlanmagan choyshab
Bosib o‘tilmagan yo‘l
Ko‘rilmagan tushlar
Tugilmagan mushtlar
Yo‘liqqilmagan tasodiflar
Chekilmagan azoblar
Aytilmagan fikr
Foydalanilmagan jur’at
Zanglagan qilich
Minilmagan ot
Hatto qiynoqqa solishganda
Baralla aytilmagan DOD
To‘kilmagan ko‘zyoshlar
Tushilmagan choh
Vaqtida eslanmagan Alloh
Extirossiz o‘tgan har bir tun
Sovib qolgan o‘ch
Olinmagan xun
Harid qilinmagan biletlar
Bo‘shatilmagan qadahlar
Qilinmagan gunohlar
Qondirlmagan xohish
Barham topgan sog‘inch
Kulga to‘ymagan kuldon
Oxiriga yetmay chertib yuborilgan tamaki qoldiqlari
Cho‘loq kreslo
Tegmagan qarg‘ish
“Men albatta qaytaman”
Yolg‘oniga laqqa tushgan qishloq
Yozilmagan she’r
Visolsiz o‘tgan 16 yoshim
Mag‘rur tikilgancha kutib olinmagan
Har bir tong
Va yana ming-minglab
…lar oldida
Javob beraman hali
Ha, ha…
Soniya bo‘lsin o‘zini qanot deya his etmagan qo‘llar
Bosilmagan tepki
Yutib yuborilgan
Yoki
Tupurib tashlangan haqiqat
Buzib o‘tilmagan devorlar qarshisida
Qo‘rqoq yuragim bilan
Javob berajakman

14.09.2016

EVRILISH

Kuzak oqshomlari tentirar shamol,
Kimning azobi u?
Og‘rig‘i kimning?
Ko‘z yumolmas dunyo bemalol,
Terakzor pinjiga berkinar jimlik.

Haramdagi qullar singari,
Ko‘kka qarab uvlar bo‘rilar.
Ololmasdan o‘zin o‘ngarib,
G‘amgin tushlar yotar so‘rida.

Oy shulasi — minglab oq ilon,
O‘rmalaydi chinor shoxida.
Habash osmon yuzida kulgu —
Chaqmoq chaqib qo‘yar gohida.

Yengillashgan bog‘larning ohi,
Yuzib yurar bo‘m-bo‘sh kemaday.
Oldinda katta bir o‘zgarish zohir,
Zamin sarosimada,
Zamin sarosimada!!!

15.10.2016

TЕNGDOSH SHOIRLARGA

Bosh egishni bilmadim men o‘r,
Yashamadim qo‘rqib, yer shoxlab.
Darveshlarga dedim: joying to‘r,
Qarashimdan qochdi maddohlar.

Nigohimga chaqmoqni qamab,
Ko‘chkidan so‘z oldim Xudoyim.
Murg‘aklikda derdi bobom ham:
Quyoshga tik qaragin doim.

Shunday qildim, mag‘rurlik meros,
Ko‘r qilmadi ko‘zni zar, tillo.
Or daraxtim gulladi qiyg‘os,
Jon hovuchlab yurmadim illo —

Qabrida tik turar Qodiriy!
Savanglar! Ayamay savanglar!
O‘zbekning qaysi bir shoiri,
Yashasa boshini avaylab.

17.10.2016

* * *

Yigirmadan uzaydi yoshim,
Hamon sizga beraman firib.
Yuguraman boladay shoshib,
O‘zgarmayman o‘ttizga kirib.

Tark etmaydi yoshlik — beboshlik,
Xo‘rozlar ayrilar dumidan.
Ko‘rsin deya ul qalam qoshlik
Cho‘milaman qishloq gumida.

Bezoriman, men o‘sha qitmir,
Qo‘shiqsevar, jo‘mardu dangal.
Ko‘chalarda urib kimnidir,
Chiqaraman har kuni janjal.

Tashlab ketgan otam bir zamon,
Goh-gohida yo‘qlaydi onam.
Yurt kezaman shu sabab sarson,
She’r yozaman yuragim qonab.

Qaramayman hech ra’yingizga,
Ohumasman qo‘rqog‘u hurkak.
Tug‘ilganda, shoiringizga
Keng o‘tloqlar bo‘lgandir yo‘rgak.

Chorlar edi tog‘lar olisdan,
“La ilaha…” sodiq tumorim.
Qornim ochsa tunlar polizdan,
To‘yinardim tarvuz o‘marib.

Yalangayoq yurmoqning zavqin,
Hech kim mendek his etmagan, rost.
Mayxonada: ur-yiqit, shovqin
Do‘stlar aro aytar edim tost.

O‘sib ketgan uchun soqolim,
Qariya deb atardi qizlar.
Sevganmanu bir bor aqalli,
Gul tutmadim poyida tizlab.

Qulog‘imdan ketmadi sira,
Bobomlardan qolgan xotira:
«Tog‘ning tog‘ga bosh ekkanin kim ko‘rgan,
Sen ulardan mag‘rur yashashni o‘rgan».

Hamon shunday o‘tmoqda umrim,
Isyonkor qalb, shiddatlar aro.
Bosh ustimda qo‘shiq ayt, qumrim,
Qolgan hamma-hammasi sarob!

31.10.2016

* * *

Kelganimni ko‘rdi bekatga,
Yaqinlashdi,
Vaqtni so‘radi.
«Peshonamga shu go‘zal bitgan,
Shu qiz meni yaxshi ko‘radi».

Olovlandi qadimiy qonim,
Ulkanlashib ketdim ming karra.
Bir lahzada kul bo‘ldim yonib,
So‘ng tiklandim zarrama-zarra.

Quvonardim qirq yil xor yashab,
Topib olgan kabi ming dirham.
Belanganday shuurga bashar,
Xush yoqardi og‘riqlarim ham.

Avtobusni kutmasdim sira,
Lojuvard ko‘k,
Bokira zamin.
Yonda qolar har na yo‘l kira,
Birgamiz-ku, bekat, qiz va men.

Uni ilk bor ko‘rishim emas,
Har gal meni kutadi go‘zal.
“Soat necha bo‘ldiykin” desa,
Uchib chiqar labidan so‘zlar.

Baxt o‘tlaydi ko‘nglim qirida —
(Xudo kulib qaraydi Arshdan) —
Qadr tunlarining birida,
Yerga tushib qolgan farishta.

Titranaman o‘q ovozidan
Bo‘kirvorgan tog‘larday g‘olib.
Erkalangim kelar toziday
Oyog‘iga yiqilib olib.

O‘zingni tut, deyman to‘satdan
Nomalum kuch inar tanimga.
«Dovdirama no‘noq kursantday,
Tik qaragin ishqga, g‘animga!»

Oqmay qo‘yar peshonamdan ter,
Guvranadi ichimda bo‘ron.
Zangor osmon,
Ostimda pok yer,
Ko‘kayimda vatanim — Turon!

Mayliku-ya, lekin… baribir…
Yaqinlashdi,
Vaqtni so‘radi.
Peshonamga shu go‘zal bitgan,
Shu qiz meni yaxshi ko‘radi!

2.11.2016

SIR

Olmazorga yuztuban
Yiqilgan sukunatni
Turg‘azsangizchi —
atrof
Bunchalar rutubatli.

Chopqinlar bog‘ anhori,
Erinar tik turmakka.
Erta uchun zardoli
Shoxlarini turmaklar.

O‘tloq bermaydi halal,
Bir-birin quchib, suyib.
Chirildoqlar baralla
Kuylavorar tun kuyin.

Navqiron tar yelvizak
Oy qizni — kecha taqqan –
Urinar ko‘ksin ezib
Nomusiga tegmoqqa.

Jovdiraydi xongullar,
Yaprog‘ida o‘ynar nur.
Aytayin desa kulrang
Ko‘rsichqonning ko‘zi ko‘r.

Qora baytaldek tusi,
Olxo‘rilar g‘arq pishgan.
Boqqa sezdirmay, pusib
Kirdi ikki sevishgan.

Voqif bo‘lay deb sirdan,
Yig‘mas oy poyalarin.
Qo‘shilib ketdi birdan
Ikkovin soyalari…

Osmon yumdi ko‘zini,
Mizg‘ir xuddi qo‘zichoq.
Tuman tortib yuziga,
Bir silkinib qo‘ydi bog‘.

4.11.2016

* * *

Balki avtobusda ketib boryapsan,
Balki metrodadir…
Tag‘in bilmadim.
Topganing dard bo‘ldi,
Dardlaring safsan,
Qo‘ng‘iroq ham qilmadim.

Toshkent ko‘chalarin erkalar yomg‘ir,
Restoran.
Jaz tinglab, o‘qiyman kitob.
Balki ayni chog‘da ahvoling og‘ir
Yotgandirsan ijara uyingda betob.

Balki orzuyingdek
Balzak yashagan
Shaharlarda kezib yuribsan tanho.
Balki hamrohingdir hazon to‘shalgan
O‘rdadagi biz sevgan anhor.

Esingdami?
Motsartni sevardim,
…bilganing Shopen.
Asabim buzishga ustayding.
Shahar aylanardik
Do‘konlar “open”.

Baxtli bo‘lishimizni istarding.
Sersavol qiz eding sersavol,
– Nega ko‘p chekasiz?
– Qoshingiz qalin…
Hammasi tugagan,
Hammasi zavol…
U kunlar qaytmaydi ming yolvor, yalin.

Toshkent – katta shahar,
Bardoshday katta,
Baxtingni topasan…
Azizam… Tushun.
Kechir, o‘sha oqshom
Sen yomg‘irdan qochib kelgan bekatda
Avtobus kutib turganim uchun.

5.11.2016

ERK

Quvg‘in qildim ko‘ngil ayg‘irin,
Arshdan meni quvganing kabi.
Chorlamayman ortiq hayqirib,
Ozodlikdir uning talabi.

Borsin mag‘rur tog‘lari tomon,
Pokiza buloqlar suvidan ichsin.
Men — noshud sohibdan batamom,
Og‘rinmayman, mayliga kechsin.

La ilaha… qulingman, biroq,
Ko‘proq sevdim tog‘ni ka’badan.
Senga yaqin joyda yashamoq,
Nasib etsin unga abadiy.

Ishonaman, cho‘qqilar saxiy,
Ayg‘irimni ular el qilar.
Qaylardadir yashar-ku axir,
Erkin chopib yurgan yilqilar!

19.10.2016

DARVЕSh QO‘SHIG‘I

Changlatilmagan qalb,
Changlatilmagan tuyg‘ular,
Changlatilmagan ishq,
Osmon va
Sir.
Barchasi mening orzularim kabi
Qisir.

Tonglar uzoq
Shomlar yaqin,
Armon to‘ymas
Dilni chaqib.
Jovidonga eltar Oqim,
Chaqir, devonangni chaqir.

Daraxtim yo‘q choylashgani,
Ayon qalbning loylashgani.
Kunduzimni bezbet shamol,
Tunni bosgan oy lashkari.

Yutay desam dardlar yirik,
Og‘riq sherik, azob sherik.
Allaqachon ruh Arshingda,
Vujud yurgan bilan tirik.

Tosh qolmadi yamlanmagan,
Ko‘rdim:
Dunyo anglanmagan.
Ay yuragim,
Bepusht dilim,
Haq yo‘lida changlanmagan.

Muhabbat deb qildim xonish,
Dedi: tanla sharob yo nish?
Yetganim yo‘q yor vasliga,
Faqat
Yonish!
Yonish!
Yonish!

Mehr bilan xo‘rlasangchi,
Kofur ko‘zim ko‘rlasangchi.
Sovuganman dunyoyingdan,
Huzuringa chorlasangchi,
Huzuringa chorlasangchi.

So‘z ilohiy mo‘’jiza der,
Qiynoqlarim mahsuli — she’r.
Bo‘ldi, yetar yallolarim,
Yuragimni changlatib ber.
Yuragimni changlatib ber!

Ishq hadisin anglatib ber…

27.11.2016

KUTISH

Mart osmoni xira, g‘uborli,
She’rga solib bo‘lmas avzoyin.
Qovog‘ini ochmaydi borliq,
Qilingandek yurtda sazoyi.

Qushlarni chorlamas daraxtlar,
Alamzada, tutab yotar dasht.
Bulturgidek kulmas sharaqlab,
Beg‘ubor soylarning ko‘ngli g‘ash.

Osmon bilan tutashgan kelbat-
Yaltiraydi tog‘lar yag‘rini.
Fursat kutib shamollar- telba,
Toshga bosib yotar bag‘rini.

Olam notinch, yer talvasada,
Sukut saqlar tabiat- daho.
Kapalaklar kajavasida,
Hali yetib kelmadi bahor…

2.03.2017

MAYAKOVSKIY

Tun. Shamchiroq. Sigara.
(Kumush xanjar.)

Tun. Shamchiroq.
(Oy va sirtmoq.)

Tun. Sigara.
(To‘pponcha.)

Tun.
(Og‘riq!)

To‘pponcha…

22.12.2016

TUN TASHBЕHLARI

Esnab qo‘yar cho‘qqilar shomda,
Inson ko‘zi buni ilg‘amas.
Tebranadi uzum ishkomda,
Xayolida oqar jilg‘alar.

Yetib kelar qitmir yelvizak,
Daraxtlarni o‘tadi chimchib.
Erinmasdan osmonni bezar,
Ulug‘ tangri yulduzlar sanchib.

Oyga ixlos qo‘ygan baqalar
Xonishidan parchalanar tun.
Tomog‘ingga cho‘g‘day taqalar,
Yolg‘izlikda qop-qora sukun.

Chinqiradi jarliklar labi,
Hid taratar qo‘rquv ko‘lmakday.
Bo‘y qizlarning sochlari kabi,
Qorishib ketasan zulmatga.

15.10.2016

* * *

Tun — quyuq shokolad yalayotgan bolaning
Momiq panjasi.

Bola oy siynasini
To‘yib-to‘yib so‘rarkan,
Shamol hulvo isini
Olib kirar yurakka.

Shokoladga bulangan
Bolakay panjasiga
Qo‘nar minglab yonarqurt.

Olxo‘ri mevasidek
Osmon biram xushsurat.
Soylikda daydi tushlar
Suhbat qurmoqda suv-la.

Uyurlardan horigan
O‘tloq adirda mizg‘ir.
Ko‘kning nurli koptogi
Qayda yurgankin izg‘ib?!

1.11.2016

* * *

Tungi osmon naqadar suluv,
Yulduz sanar terak uchlari.
Shamol bilan o‘ynashar bulut…
She’r o‘qiyman yolg‘iz hujrada.

Tashqarida izillar ruhim,
Uni ohang, g‘amgin kuy quvlar.
(O‘zni tutib olmog‘im muhim),
Va javobsiz qolgan tuyg‘ular.

Kecha og‘ib bo‘ldi yarmidan,
Tar yuragim sarosimada.
Noxos kelgan qo‘shiq zarbidan,
Sochilaman Xirosimaday.

Tungi osmon naqadar yorqin,
Qovusholmas tog‘ archalari.
Tera boshlar farrosh — oy horg‘in,
Sochilgan tan — so‘z parchalarin.

Tahayyulim betin, sarsondir,
Uyqulari kabi tullarning.
Qondir faqat yuragim qondir,
Unga botib turar qo‘llarim…

8.11.2016

* * *

Adirlarga cho‘kar tun,
Qorayadi archalar.
Osmonga sochar uchqun,
Xudo nurni parchalab.

Qo‘qqisdan turgan shamol,
Boshlaydi dolg‘alarin.
Xomilador bog‘ behol,
To‘kvorar olmalarin.

Sinar mo‘rtlashgan shoxlar,
Anorlar tars yorilar.
Oltin boshli boshoqlar,
Oy nuriga qorilar.

Avj olar baqa kuyi —
Ko‘lga sochib alamin.
Yetilgan qovun bo‘yi,
Tutib ketar dalani…

30.10.2016

* * *

Boshlab kirar tunni qishloqqa,
Bezovta itlarning hurishi.
Borliqni bo‘yagan qish oqqa,
Tutzor mudrar afti burishib.

Choponlar, paltolar kezar ko‘chada,
Tezak hidin burqsitar o‘choq.
(Hali zamon chiroq o‘chadi,)
Joy to‘shaydi erinchoq charchoq.

Zerikkanmi, betus osmonda,
Dafatan oy bir sovuq porlar.
Huv yuksalgan tog‘lar tomonda
Oy nurida eriydi qorlar…

17.11.2016

DARBADAR RUH

Cho‘zilib yotgan qayrag‘och soyasidan ajralib chiqaman-da,
Olomonga singib ketaman.
Yalang‘och, baquvvat yelkalar,
Nozik va qo‘pol oyoqlar orasida
Turtinib-surtinib,
Allaqachon xotiramdan o‘chib ketgan
Vujudimni izlayman.

Hech kim payqamaydi meni,
Ko‘rmaydi hech kim.

Byuk Xitoy Devori qurilishida
Tosh bosib qolgan,
Jasadi devorga suvab yuborilgan muhandis,

Qulbozorda arzimas chaqaga sotilib
Xo‘jayinlar qo‘lida kaltaklanaverib
Qiynoqdan,
Ochlikdan
Jon bergan habash,

Xirosimada
Uyquga ketganu
Qaytib uyg‘onmagan go‘dak,

42-yil minaga yo‘liqib
Burdalanib ketgan askar —
Menman.

Kinoteatr, metro,
Avtobuslardan izlayman vujudimni.
Kafe,
Tungi barlarga kirib chiqaman bir-bir.

Xiyobonlarga boraman:
«Biror hurliqo bilan
Qo‘ltiqlashib yurgandir».

Zax bosgan yerto‘lalarga tushaman,
Osmono‘par binolar tomidan hayqiraman,
Hech kim eshitmaydi meni,
Ko‘rmaydi hech kim.

Sershovqin ko‘chalarda
Tentirab yurganimda
Mallasoch qizaloq yetaklab kelayotgan paxmoq it
To‘satdan payqab qoladi meni.
“Ey, bormisan, do‘stim” —
Unga yaqinlashaman —
“Vujudimni ko‘rmadingmi?”
U esa javob o‘rniga
Tashlanmoqchi bo‘ladi…

Duch kelgan odamning jismiga
Joylashmoqqa urinaman,
Band!
Vujudim ko‘rinishini eslolmasam-da,
Bilamanki uning ichi bo‘m-bo‘sh.

Sahrolarni elakdan o‘tkazdim,
Shopirdim ummonlarni,
Ag‘dar-to‘ntar qildim
Yetti qavat osmonni — Yo‘qman.

Tong otadi — izlayman.
Kun botadi — izlayman.

O‘z barmoqlarim bilan
Gitara chalishni,
Yer chopishni,
Oqqush patlarini silashni qanchalik istashimni bilsangiz edi,
Eh-h!

Butunlikni xohlayman axir!

Tanholikdan charchadim,
Hatto chumolining o‘z vujudi bor,
Anavi zaxarli ilonlarning ham.

…Olomonga singib ketaman.
Hech kim payqamaydi meni,
Ko‘rmaydi hech kim.

Vujudim — o‘zimni izlayman.
Alam qilgani
O‘n,
Yuz,
Balki ming yildan beri
Qayrag‘och soyasida o‘tyapti umrim…

8.03.2017

* * *

QOR YOG‘AR, YURAKDA JARANGI,
Sochlarim, kaftim-da oqarmish.
Bu serjilo lahzalar rangin,
Sokin qalbda qo‘zg‘olur darvesh.

Uchqunlarga qarayman to‘nib,
Har birida Alloh namoyon.
Qaraymanu bir dam o‘ksunib,
Tuyuladir umrim bepoyon.

Tevarakda uchar oqqushlar,
Istaklari qo‘nmoq ko‘zimga.
Siypalolmam birovin ushlab,
Achchiq zardob to‘lar bo‘g‘zimga.

Yupatmoqqa tushaman o‘zni,
(Bedor kecha. Ko‘chalar gavjum)
Takrorlayman tag‘in shu so‘zni:
Cheksizlik bor,
Cheksizlik mavjud!

Yo‘qsa qorda sayr etmoq nechun?
Nechun yuraklarda jarangi?
Og‘ir qalqib uyg‘onmish vujud,
Nechun oqshom bunchalar rangin?!

Og‘riqlarni yengdi-ku havas,
Qulamadi boshinga samo.
So‘ngan tuyg‘ularga qasdma-qasd,
Qor yog‘moqda, yog‘moqda hamon…

Tevarakda uchar oqqushlar,
O‘rindiqlar, bog‘lar oqarmish.
Shlyapasin sirti kumushrang,
Kezib yurar shaharda darvesh.

* * *

TOSHKЕNT. YARIM TUN. O‘RDA.
Sirpanar ohang
Anhorda
Oy nurin tutib.
Qayinlar, qarag‘aylar
Hayratda boqar
Yana
Tebranma stul —
Unda chayqalar yoniq sigara.
Ohang!
Paganini qo‘lida
So‘yilayotgan yurak —
Skripka yig‘lar mahzun…
Tebranma stul yonidan
Qop-qora sonlarin
Lorsillatib o‘tar tun.
Chalqancha yotaverib
Horigan asfalt
Yonboshlagancha o‘qir
Tunchiroq yorug‘ida
Qishloqdosh do‘sti —
Tuproqko‘chadan kelgan maktubni.
Ohang ezar uni maktubga qo‘shib.
Skripka — so‘zi yo‘q qo‘shiq.
To‘satdan jonlanib
Chug‘urlay boshlar
Tashlandiq qush inlarida
yotgan inja tuyg‘u,
Hissiyotlar.
Ohang masih ekanin
Shu tariqa berar isbotlab.
Paganini — afti burushgan,
Sakkizoyoq panjalaridek beo‘xshov barmoqlari.
Qiyshiq oyoqlari qiynalar yurishga.
Navbat skripkaga kelganda…
Ajalni yig‘latish mumkinmi nahot?
U — daho!
Anhorda suv emas, kuy oqar to‘liqib,
Shamol — gitar jo‘rligida o‘ynayotgan lo‘li qiz.
To‘lishgan osmon ko‘ksin
Qitiqlar nigohlar
Nafis toladek.
Ayni dam borliqqa qo‘shilib
Xudo ham kuy tinglamayotganiga
Kim guvohlik bera oladi?!
Paganini qo‘lida
So‘yilayotgan yurak —
Skripka yig‘lar mahzun…
Sukunat shaklida og‘riq taralar.
Bo‘liq siynalarin
Lorsillatib ho‘ngrar tun.
Bu azob-rohatga bormi
Chegara-a!
Chayqalar bo‘m-bo‘sh tebranma stul,
Ilohiy tushlar oralab
Ketib borar yoniq sigara…

24.11.2016

IJODXONAMDA

Kavshab o‘tiribman yozuv stolin,
Kitoblar to‘rt yonda chala g‘ajilgan.
Gitar yig‘lar ayyuhannos solib,
Bo‘liq ko‘kragiga panjam sanchilgan.

Siyohni simirdim, jonlandi yurak,
Kuldonni butunlay yutvordim bekam.
Tamakini ulab chekishdan ko‘ra,
Rosti, chaynamoqning gashti zo‘r ekan.

Yaqinlashmang menga, uzoqroq turing,
Axir ochman, vahshiy ko‘zlarimda qon.
Yaxshisi ketinglar, tezroq yuguring,
Tashlanib qolishim mumkin nogahon.

Bir bosh uzum kabi chayqalar qandil,
Bo‘g‘zimga quyulib kirar oy yog‘i.
Bahaybat tarvuzni eslatar sandal,
Titrar kresloning to‘rtta oyog‘i.

Qarang, karsillatib yeyman choynakni,
Ishtahani ochar qulfdagi zanjir.
Maydalab yutaman pushti oynakni,
Chiroq chiroq emas, sarg‘aygan anjir…

Sevgilim, ilhomning azobi cheksiz,
Hozir na ko‘kdaman va na yerdaman.
Quchib yig‘lardimu bag‘ringda o‘ksib,
Xushbo‘y sochlaringdan xavotirdaman.

21.11.2016

TOG‘DA

O‘q uzing.
Vaqanglab ketsin qoyalar!
Toshlarga jon kirsin,
Uyg‘otsin tog‘lar qullasin.
Ming yilki adirda yotgan soyalab,
Harsanglar pastlikka tomon qulasin.
Siz nega cho‘chiysiz o‘zgarishlardan?
Joningizni qo‘yib o‘rtaga,
Uchib ketishingiz mumkin to‘satdan,
Cho‘qqilardan sakrang jo‘rttaga.
Pusib yurmang bunda qo‘rqoqdeq
Ichi yonib tutayotgandir.
Ko‘z ocholmay yotgan buloqdek,
Bir jo‘mardni kutayotgandir.
Siz qaydan bilasiz ohlarin,
Millionni oyoqlab qo‘yishgan salkam.
Ko‘zlari ilingan botir tog‘larni,
Uyg‘otib yuborish kerakdir balki?!

3.11.2016

HALOVAT

Ezilgan shotutni eslatar shafaq,
Uzoq kuzataman. Ko‘zlarim tinar.
Shoshib chiroqlarin yoqadi shahar,
Kuzak oftobidan qilgandek gina.

Tun haydab yuborar yulduz uyurin,
(Qanday ta’rif berish senga havola).
Toliqqan ruhimni erkin qo‘yirib,
Sayr qilaman baxmal havoda.

Shahrisabz, o, sirli makon!
Kezinaman ko‘ngilni xushlab.
Osmoningda misoli paykon,
Uchib yurar bokira tushlar…

14.10.2016

JUMBOQ

Suvchi Akbar suvga cho‘kib o‘ldi…

Ay, bechora
Ay, sodda odam,
Suzishni bilmasding-ku!
Kim sababchi bu fojiaga?
Suvchi: bo‘ylari baland
Eshakka minsa yerga tegardi oyog‘i.
Ketmonini yelkalab bug‘doyzordan chiqmasdi,
Chiqmasdi paxtazordan.
Etikdo‘zning kovushi yirtiq,
Suvchi esa suzishni bilmasdi.

…Tong quyoshni yetaklab borar tuproq ko‘chadan,
Yo‘l bo‘yi, loyqa hovuzda
Suzib yurar ko‘m-ko‘k suvchi jasadi.
Shoshib qoldi olomon.
Xayriyatki qutqarib qolishdi
Jasadni…

Iltimos, olib ketmang uni,
Akbar oddiy odamlar ichida yotolmaydi.
Dalada tug‘ildi,
Dalada o‘sdi,
Dalada o‘ldi.
Uni suv bo‘yiga qo‘yinglar.
Eshitib yotsin suvning jildir-jildiri-yu
Bug‘doyzorning shovullashini.

Meni qiymalaydi bir savol.
Suzishni bilmasdi suvchi.
Quturgan itdek qo‘rqardi suvdan.
Kim uni hovuzga yetaklab borgan?
Kim uni itarib yuborgan suvga?
Kimga kerak bo‘lgan farishtaning o‘limi?!

Tunlar namiqqan choponga o‘ralgancha
yop-yorug‘ yulduzlarga tikilib yotganimda
Mana shu dalalar bizniki, Joni, deb kim aytadi endi menga?!
Ay, bechora
Ay, sodda odam.
Gulday xotini,
Oyday qizalog‘i qoldi chinqirib.

Bo‘g‘zimni kuydirmakda otashin yig‘i.
Axir ustozim edi u!
Ha, ha, mening suvchi ustozim…

2014

TUSH

Chinqiradi, kecha uvlaydi,
Yoyiladi ruhimga qo‘rquv.
Chopsam kimdir meni quvlaydi,
To‘xtasam, soyamga berkinadi u.

Terakzorda adashgan shamol,
Yo‘l qidirib silkir shoxlarni.
Yo qiyomat nishoni Dajjol,
Tunlar shunday ko‘ngil chog‘larmi?

Zulmat ko‘ksin ildizdek yorib,
Bormakdaman
Qayga? Qay tomon?
O, Fano va Baqo Sarvari,
Qaytmoq bo‘lsam qanday qaytaman?

Ortimdan ta’qib etayotgan kim?
Muzlatib qo‘yding-ku ruhimni, dunyo.
Balki igna yutib jon bergan itim,
Qo‘qqisdan uyg‘ongan vijdonimmi yo?!

4.10.2016

005

(Tashriflar: umumiy 2 876, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring