Jontemir. She’rlar

067    Жонтемирнинг шеърлари шу пайтгача мен билган бирон бир ёш шоирнинг шеърларига ўхшамайди. Шеърий уқувидан кўра ҳаётий уқуви кўпроқ акс этган бу шеърларда. У шеърнинг анъанавий қолипларию тимсолларини, кўнглимизни зада қилган «бирхилликлар»ини (билиб-билмай) рад этиб ижод қилаётган шоир.

Ҳамма шеъри бир текис эмас, аммо ҳамма шеърида ўзини ёзишга уринади. Шеърида фақат ва фақат ўзи айтиши мумкин сўзларни ёзади, фақат ўзига хос ҳис-туйғуларни ифодалайди. Гарчи шеър ва сатр билан ишлаш малакаси унча мукаммал бўлмаса-да, ҳар бир машқида ҳаваскорликдан  мукаммаллик сари интилаётган,   энди йигирмадан ошган бу йигит ижод машаққатларидан ва энг аввало турмуш қийинчиликларидан чўчимаса, аксинча уларнинг оловида юрагини тобласа, ишончим комил, асл адабиёт синчилари назарига тушишга муносиб ижодкор бўла олади.

Жонтемирнинг шеърларини ўқир эканман, унга айтадиган кўп гапларим борлигини сездим, кўнглимда у билан узоқ суҳбатлашиш истаги туғилди. Яратган ўша кунга етказсин. Жонтемир қаламига ва илҳомига қувват берсин.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

ЖОНТЕМИР
ШЕЪРЛАР
08

Жонтемир (Тоштемиров) 1994 йилнинг  18 сентябрида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. 2013 йил Қарши давлат университети қошидаги 2-академик лицейни тамомлаган. Айни пайтда “Дарё” газетаси адабий ходими.

08

* * *

056

Деразамнинг тирқишларидан,
Шамол ҳайдар ёмғир ҳидини.
Шундай бўйла бир қиш нарида,
Сийлаганди мени пудина*.

…Тамакининг тутуни янглиғ,
Димоғимга сўрилган чоғи.
Ёйилдию руҳдаги танглик,
Заифлашиб қолди чарчоғим.

Маромида чайқалганча маст,
Ташқарида кўкка бош тираб.
Қўшиқ айтар беоҳанг, бесас,
Қипяланғоч бир жуфт кўк терак.

Қўноқ керак энди отарга,
Юзин тилиб ташлар дала-туз.
Шундоқ уй олдидан ўтаркан,
Поезд қичқиради: ку-у-у-з…

Август қайтар жим талқон ютиб,
Сентябрь – Аллоҳ битиги.
Нам тупроқнинг хумори тутиб,
Ер депсиниб қўяр этигим.

  • Пудина (пидана) — ялпиз

ЙЎЛБАРС

Уришқоқ эди Йўлбарс,
Йўғон эди суллонли панжалари.
Қоп-қора баданин кесиб ўтган
Оқ чизиқ – белқарс,
Уйчаси кенг. Атрофи панжарали.

Бобби чўпон айтганидек,
Думбали қўчқорни кўтариб
Икки қулоч пахса девордан
Бемалол ошиб ўтарди.

Нон емасди бегона қўлдан,
Ташланмасди ўтган-кетганга.
Ғариб кулбага қўшилиб,
Ўткир кўзларини узмасдан йўлдан
Шоди чўлоқ – эгасини кутарди.

Шоди чўлоқ ҳам етим –
Қишлоқ самоварчиси.
Ёши қирқдаю лекин
Бўйдоқ.
Биров унга қиз бермади эш билиб.
Севгилин тўйида чойга қўшиб
Жигарини-да қайнатган,
Юраги соб бўлган тешилиб.

Тўрт йил бурун кучвачча обтушди тоғдан,
“Йўлбарс” қўйди отини.
Бўрибосар итлардан экан,
Кейин билди зотини.
Ўша билан овуниб юрди,
Санчмай қўйди ёлғизлик ханжарин.
“Чўлоқ ўзин итга тенг кўрди”
Гап чайнади уч-тўрт занчалиш.

Киприк қоқмади у,
Яхшилаб тупуриб
ғийбат, гап-сўзга.
Яшайверди юзида кулгу,
Ахир
Япроқни чертсанг
Зиён етмайди-ку илдизга.

Бирор жойи қонаса,
Ялаб тузатганин кўриб,
Дерди:  Айирмагин шундан Аллоҳим.
Умрида кўрмаган ота-онасин

Соғинса,
Тунлар Йўлбарсни қучиб йиғлаб оларди гоҳи.

Итфурушлар келишди бир кун,
Шоди содда… бирга  ичишди.
Камбағалнинг даргоҳи тўкин,
Сўнг Йўлбарсга нарх бичишди.

—  Йўқ, сотмайман, менга инидек.
—  Қани овми-ин, — турди меҳмонлар.
—  Хайр чўлоқ, яхши тушундик.
Тонг азон намозга турган Шоди
Бир пой калишига бошин қўйганча
Қонига беланиб ётган Йўлбарсни кўрди…

Йиғлади!..
Худо эшитмади додини.
Кўксига бош қўяй деса на ули бор
На-да хотини.
Йўлбарсни қучиб уч кун ётди пиқиллаб,
Ҳолинг не деб сўрмади биров девор ошиб.
Тўртинчи кун итни кўмишди…
Шодига қўшиб.

ҚАРИ ОҒОЧ

Қиқирлашиб томчилар,
Бузар ой уйқусини.
Ҳиссиётин қамчилаб,
Жиловлар туйғусини

Ўрмонда,
Қари оғоч.

Кўк санчади ханжарин,
(О, танаси бетондай)
Ўксир сулув шамолни,
Рақсга таклиф этолмай.

Ўрмонда,
Қари оғоч.

Тутволиб ой нурини,
Ўргимчак палак тўқир.
Барг остидан суруниб
Чиқар чувалчанг сўқир.

Ўрмонда,
Қари оғоч.

Хўрсинар ён-верида,
Ёш ниҳоллар унмоқда.
Хаёл қилар қария
Тар новдага дўнмоқни…

Ўрмонда,
Қари оғоч.

ҲОЛAТ

Қуюқ дарахтзор.
Сўйилган шафақ қонига ботириб олинган баргларни
ёпиниб ётар йўлак.
Ҳеч вақо йўқ бунда арзирлик,
Қорамтир осмон ва жимликдан бўлак.

Қачондир ошиқлар сайр этгани рост,
Сассиз титроқларга гувоҳ бу гўша.
Жазирама асад оқшомларида,
Жонга оро кирган соясин тўшаб…

Бугун
Суюнчи келтирмас
Қарағай шохларига чувалиб ўтган телефон симлари.
Хўрсинар боғ,
Эътибордан қолган жувон сингари.

Ҳу-у қуриган сой лабидаги мажруҳ ўриндиқ
Юрагимга ўхшаб кўринди…

AЙТ-ЧИ, ЭСЛAЙСAНМИ ШОИР БОЛАНГНИ

Салом бедапоям,
Қадрдон далам!
Aйт-чи, эслайсанми шоир болангни?
Бир қизнинг ишқида чекканда алам,
Фақат сен эшитган эдинг ноламни.

Орадан анча вақт ўтибди, қара,
Бўйим чўзилипти, сен ўша-ўша.
Олислардан келдим ҳолингни сўраб,
Эй, менинг ёшлигим тўкилган гўша!

Чайқалиб ётибсан бир денгиз каби,
Ўримга муҳтожсан, сезаяпти жон.
Ҳозир келаманда, зўр чалғи топиб,
Сўнг сочинг калталаб қўйгум оғажон.

Деҳқоннинг боласи эмасманми, ай,
Шаҳарлик бўлишга етмади сабр.
Менга хуми билан узатгину май,
Қишлоқда рўй берган ишлардан гапир.

Шошма, тоза қисиб қўйди бўйинбоғ,
Шу бугун танимга яхшилик қилай.
Этик кийиб, бостириб дўппи, шундоқ
Елкамга кетмонни қўндириб келай.

Қишлоқ, сенга қанча бўлдима ташна,
У ёқда юрак ҳам кетди торайиб.
Ўзинг айт, не етсин ишлашга ошна,
Кун бўйи далада терлаб, қорайиб.

Бунда янтоқ каби отган илдизим,
Жаннат бедапоям, қадрдон далам.
…Фақат ҳаммадан қизғонган қизим,
Ўзганинг уйига тушгани алам…

Салом бедапоям!
Қадрдон далам!

БЕВА

Хўроз қичқириғин соғиб инакдан,
Тоғорада қоради тонгни.
Сўнг
Тандирдан қуёшни узиб,
Чертиб қўяр саҳарги бонгни.

Ҳовли-жаннатга қўшни,
(У жаннатга ҳар куни борар)
Ишкомдаги ҳусайнилар
Боларининг тилини ёрар.

Фаришталар оёқ ювиб кирар бу уйга,
Негаки ердан ўрлаган тупроқ бўйига
қоришиб кетган райҳон ҳидин таратиб,
Бошига булут ўраб,
Сочин ойга таратиб
Бунда бир АЁЛ рўзғор қилар.
Ёт нигоҳлардан нари,
Нурдан тоза кўнглининг қаъри…

Баҳор совға қилган ковуши
Нақадар бахтли унинг,
Шундай аёлни
Бошида кўтариб юргани учун!

13.09.2015

ХAТ
Комил тоғамга

Кўпқаватли уй.
Ҳаво дим,
Ҳур-ҳур шамол қайдаю
чалопжон қайда?
Сочларини ўпиб чиққан саводим,
Нима қилаётган экан Зубайда?!

Гангитиб қўйди асад шаҳарни,
Дарахтлар тушидан кетмас тоғ-адир.
Отидан қочганди Ботир дагарнинг,
Тоға,
байталимиз эгиз туққандир?

Тарвуз кесаётиб эсимга тушди,
Яна ўғирлашди шайтонлар, оббо
дея қўриб ётарди тарвузпояни,
Ҳозир ҳаётмикин Раимбой бобо?

Қўшнилар қандай юрибди экан?
…Елкамга иш юклар бошлиқ устма-уст.
Билмайсиз мингта китоб ўқигандан
Битта қишлоқдош билан гаплашган дуруст.

Эсингиздадир, бир айбим учун,
Боплаб…
Йиғлагандим
бўралаб, сўкиб.
Сал ўтмай жигар мени кечир деб,
Келгандингиз кўзёши тўкиб.

Ў, тоғам-а! Aлпомиш тоғам!
(Пилдираб қолгандир чақалоғингиз)
Ҳамон дайди,
телба руҳимга
Керак бўлаяпти (ўша) шапалоғингиз.

Ердан тувакка кўчган гулдайин,
Томир ёзолмай қолдим бу ерда.
Бафуржа гапириб бераман ҳали,
Ҳамма гапни айтиб бўлмайди шеърда.

Кўпқаватли уй…
Ҳаво дим…
Терак соясида мизғир саратон.
Шапалоғин еб чиққан саводим
Тоға, ётгандирсиз ҳур-ҳур сўрида…
Майли, вақтим зиқ (шаҳарликман-ку),

Мен бир боди. Сизнинг эса
Сувга келган жўягингиз.
Ҳурмат билан:
Хат ёзувчи сизга ҳали кў-ўп,
Шеъриятга кириб
Одамгарликдан чиқиб бораётган жиянингиз!

* * *

Соғинч — тиғи қайралган жоди,
Кесиб олаверар юракдан бир-бир.
Бўсасин қизғонган қўшни қиз ёди,
Шу тобда онгингни ғижимлаётир.

Жасур бўлсанг ҳамки йиғлайсан ҳўнграб,
Тупуриб ташлайсан ғазабларингни.
Узоқ тортиб пуфлайсан, сўнгра,
Кулдонга босасан асабларингни.

Ичикиб қарайсан у келар йўлга,
Кўриниб қоларми дея қораси.
Сўнги умидинга қўшиб бир йўла,
Тун ичиб қўяди кўзинг қорасин.

Соғинч…

ШЕЪР ЁЗИШНИ КИМДAН ЎРГAНДИМ

Мени туққан муштипар она,
Отам оддий меҳнаткаш, дўстим.
Aсфальт йўллар бизга бегона,
Шаҳрисабзмас, қишлоқда ўсдим.

Суягимни қотирди тупроқ,
Одам қилди нодон болани.
Дилбарлардан минг карра кўпроқ,
Севдим отни, итни, далани.

Беда ўрдим, экин суғордим,
Aриқда нон оқизиб едим.
Жанжалларда кўп бошлар ёрдим,
Безорига хос истак, дидим.

Мени манов лимузинлармас,
Тракторлар қилган катайса.
Ўша дамлар энди бир ҳавас,
Суқинг кирар қолганин айтсам.

Қандай ёза бошладинг дерсан,
Қирда боқиб юрганимда мол.
Куйиб, ёниб, қувониб, қўмсаб,
Шеър ёзишни ўргатди шамол.

Ой нурида чайиб сўзларни,
Кундуз офтоб тиғида тоблаб.
Суюнтириб содда қизларни,
Ёздим орриқ-орриқ китоблар.

Мана шаҳар кезиб юрибман,
Соқол қўйиб, сочни ўстириб.
Лабимга сигарет қистириб,
Кўзга яқин пўрим йигитман.

Танишларим казо-казолар,
Гарчи ҳали йигирма ёшим.
Қўл узатсам етар фазога,
Мақтовлардан чиқмайди бошим.

Лек негадир юрагим овлоқ,
Ёлғизликда оғриниб кетдим.
Шеър ёзишни ўргатган қишлоқ
Шамолини соғиниб кетдим.

«Қорамағиз, тўпори шоир,
Уйингга кет туриб саҳарда.
Дала-тузинг сенга интизор,
Бало борми катта шаҳарда?».

Овоз келди ғойибдан бехос,
Юнғичқанинг исини туйдим.
Тонгда жўнаб кетмоқлик учун,
Жамадонни тайёрлаб қўйдим.

Aразлама таннозой шаҳрим,
Қош чимириб, уймагин қовоқ.
Бораяпти кўзи ёшланиб,
Шоирингни кутиб ол, қишлоқ!

УМР

Сурат.
Мактуб.
Телефон,
Сени менга танитган.
Дилкўшкимга келибон,
Ишқинг дардни қаритган.

Кўча.
Уруш.
Рўмолчанг,
Оғриққа бўлган малҳам.
Дегандинг шунда, тажанг,
«Aлҳамдулилаҳ, алҳам…».

Шампан.
Севинч.
Гўшанга,
Шеърдай ёдладим васлинг.
Ўлай агар ўшанда,
Телбанглигим билмасдинг.

Қор.
Ҳаяжон.
Сал қўрқув,
Кўзинг ёриган кеча.
Зум ўтмай ўғилчанг, қув,
Олиб келди нинича…

Сурат.
Мактуб ва
Қабр,
Ишдан чиққан телефон.
Кўзларимдан ҳаққингга,
Тиловат ўқир осмон.

АДАШГАН ҚУШ

Вужудимда тешиклар ясаб,
Эзиб-эзиб руҳим най чалар.
Устига-уст қилгандек мазах,
Нигоҳимда оғриқ найчалар.

Чайқаламан азобкурсида,
Сипқорганча Моцарт куйини.
Туман чекар ҳаво бурқситиб,
Адашган қуш излар уйини.

Адашган қуш — мен етмаган дор,
Адашган қуш — рад этилган қалб.

Полда кўкси очиқ китоблар,
Бирортаси бермас тасалли.
“Қувват бўлар ҳўплаб кўр, ҳўплаб”,
Онам чой келтирар асалли.

Адашган қуш — отасиз бола,
Адашган қуш — энг дардли вола.

Умидларим Оролга эгиз,
Нигоҳимни савалар ёмғир.
Энг кулгули ҳангома – бигиз
Каби санчар, ҳолатим оғир.

Эй жавоби мавҳум масала,
Эй ҳаёга ўралган олов!
Мени севмасанг ҳам масалан,
Мен кўнглинга топганман қалов.

Бугун…
Хиёнат кесиб кетди исмимиз билан
Яшаётган бақа теракни.
Шоқоллар ғажиб кетмаса бўлди,
Сени излаб кетган юракни.

Адашган қуш — тақдири 13,
Адашган қуш — ғазаб, нафрат, ўч…

ҚОТИЛЛИК

Жиринглайди уйғотгич.
Соат беш!
Киприклари қовушган зич
Кўзимдан олдин
кўнглим очилар.
Ювингани етаклар ташвиш,
Кўрилаётган туш гиламга сочилар.
Чала пишган тухумни чайнаб,
Кузатаман ўлимтик ойни.
У худдики жонсарак Зайнаб,
На қоларин на кетарин билмайди.

О, бирдан рўй берар мудҳиш қотиллик,
Бундан бутун борлиқ донг қотади, донг.
Шундоқ еру кўкнинг кўз ўнгида,
Ойнинг жонига қасд қилади тонг!
Қамашиб кетади тоғларниг кўзи,
(энди у лойиқдир юз минг даррага)
Осмон бўялади ойдан сачраган
Оқимтир қон ва кўкиш заррага.

Ҳар кун ана шундай отар тонг!
Ҳар кун ана шундай (ойни) отар тонг!

ҚАЙТ

Кўзларинг кавсарида чайиб олай юракни,
Гуноҳлари тўкилсин,
Тўкилсин ғурбатлари.
Ичиктирмай ўчиргин ўртадаги сўроқни,
Васлинг томон буралсин
Тақдирим мурватлари.
Этагинг тегиб кетса,
Гангиб қолар ер шари,
Мен Одам эмасману
Лек сен етим қовурғам.
Исмингни такрорлаган инсон кетар яшариб,
Қайт, СЕНСИЗ бешикдан
Қиёматга довур ғам.
Атринг бўйин қўмсар уй,
Тўшагим муз бўлаги,
Шалвираб қолди руҳим,
…Итнинг орқа оёғи.
Аламдан қарзинг бўлса, мана, мени тўлагин,
Хижронга айт, оқизсин
Юрагимнинг ол ёғин.
Сим қоқаман булутга,
Ёмғирини аяйди,
Туфлигим катта гўё,
Ярашмас зарбоф кийсам.
Маҳшарда мен ҳақимда Худо атай сўрайди,
Ўшанда аразгўйим
Эгамга нима дейсан?!
Қайт…

ДAРВЕШ

Тошбитикни ўқимас нодон,
Овоз қўйиб айтганча ўлан.
Паналарда ўпишар шодон,
Боларилар онаси билан.

Бир кўнгли бор, минг битта иши,
Таниб борар дунё воласин.
Ноз улашса, нон жийда бир кун,
Дуо қилар «Худодан қайтсин».

Ҳакка каби сакраб юрмайди,
Одамлардек мансабга ўчмас.
Мушт тушурсанг раҳмат айтади,
Қорни очу кўзлари очмас.

Ҳазар қилмас дайди итлардан,
Ундан ортиқ нимам бор, дейди.
(Бужмайган юз момо тутлардай),
Менга Худо, Худо ёр дейди.

Гоҳ тупроқда ағанар (маза),
Гоҳ асовин миниб югурар.
У дунёга эмас аксинча,
Дунё унга эргашиб юрар…

ЖУРЪAТСИЗ

Саҳар.
Бекат.
Бироз шабада.
Етиб келар йигит югуриб.
Сергаклатар уни янада,
Пошналарнинг тақир-туқури.

Гавжумлашар кўчада қатнов,
Зиндонидан кўтарилар нур.
Сингиб кетар заминга қиров,
Пайдо бўлар малика Будур.
Ҳаяжонда шивирлайди у,
«Кечикмапман, Худога шукур».

Тўлиб-тошиб гапиролмайди,
Тўйиб-тўйиб қаролмас қизга.
Қиз ўйлайди: нега бу дайди,
Aтрофимда кезгани кезган?

Ўтгувчилар қур ташлаб қўяр,
Ким экан деб бу ҳусни товус.
Учрашувга ясаб ниҳоя,
Яқинлашар яшил автобус…

Олиб кетар қизни бесўроқ,
Қараб қолар бекат ўксиниб.
Ўзин санаб журъатсиз, қўрқоқ,
Йигит қайтар оғир хўрсиниб.

Саҳар…
Бекат…
Бироз шабада…

САРАТОН

Юрак сиқар, ланжлик ортади,
Кўзларингга ниш урар уйқу.
Сояларга томон тортади,
Қўлларингдан эринчоқ туйғу.

Сўнг алласин айта бошлайди,
Қулоқларни тешгувчи жимлик.
Билагингдан ёмон тишлайди,
Ёш чумоли қилиб бир шумлик.

Қибла томон аста ёнбошлаб,
Беҳолгина хўрсинасан, жим.
Кетмонини елкага ташлаб,
Ёнверингдан ўтмайди ҳеч ким.

Тандирдаги ёпилган нондай,
Қизиб кетар бошинг офтобда.
Соя ташлаб турган чинор ҳам,
Жонга ора кирмас шу тобда.

Шундайин кенг бийдай далада,
Тополмайсан қилдай шамолни.
Кечалари терлаб, тамшаниб,
Туш кўрасан қорли шимолни…

ҚИШЛОҚДА ҚИШ

Қиш…
Зангор олов кетар қайгадир,
Қорасини кўрсатмас чироқ.
Ташқарида изғирин дайдир,
Сандалига тиқилар қишлоқ.

Қиш…
Ойболтанинг оғир зарбидан,
Жон беради қариган тутлар.
Депсинганча кишнар оғилда,
Жуфтсираган, масиққан отлар.

Қиш…
Бозорларда кўтарилар нарх,
Сийраклашар йўллар қатнови.
Куни туғар қари овчининг,
Бошланади какликлар ови.

Қиш…
Гўшангада ўтирган куёв,
Оққа бўяр чопонин фалак.
Тўқсон кунлик чилласи чиқсин,
Олиб кирар баҳор сумалак.

КУЗAТУВ

Тонгни кутиб олмоқ нақадар ҳузур,
Шарқий кенгликларга нигоҳинг тикиб.
Қуёш чиққанида самога сузиб,
Борлиқнинг юраги кетар энтикиб.

Ширин уйқудаги бўй етган қиздек,
Сокин тебранади атиргулчалар.
Aна, кун ёришди, туринглар тез, деб,
Юзин ювиб қўяр шабнам томчилар.

Тунги чироқлар ҳам ўчади бир-бир,
Шаҳар уйқусирар, қишлоқ номозхон.
Қалпоғин сакратиб ўйнайди зир-зир,
Ўчоқда ўтирган қоп-қора қумғон.

Тобора юксакка сапчийди қуёш,
Унга аввалгидай бўлмайди боқиб.
Шу пайтда тун ила ҳайдалган бебош,
Ой қайга кетаркин дўстлар улоқиб?

СЕН МЕНИНГ ЖОНИМ ЭРУРСАН…

Тиззангга бошим қўйиб, бир ажиб меҳр туйдим,
Қуввати ишқ экан меҳринг, юракка қамаб қўйдим,
Барча ёлғон сўзларингни рост дедим, чинга йўйдим,
Сен менинг жоним эрурсан,
Жондан воз кечмайдилар.

Кипригинг қошла туташган, нигоҳинг чақмоқ каби,
Суҳбатлар қурсак юзма-юз, ўлдирар мани лабинг,
Иккиланмай бажаргум, айтавер не талабинг,
Сен менинг жоним эрурсан,
Жондан воз кечмайдилар.

Давлату молим мўл эмас, истасанг кўнглимни ол,
Гар назар солмасанг бўлгум дарвешу бечора ҳол,
Дард эмас роҳат кўргайман, ўтдан олиб ўтга сол,
Сен менинг жоним эрурсан,
Жондан воз кечмайдилар.

Қалбимни маҳв айлаганнинг ошиқу бедориман,
Шоҳ эмас, доно эмас, шунчаки безориман,
Дур эмас, ишқ излагайман муҳаббат бозоридан,
Сен менинг жоним эрурсан,
Жондан воз кечмайдилар.

Кел, гулим лой кўчалар кетсин гулзорга дўниб,
Айвоним пештоқида сайрасин булбул қўниб,
Завқ бирла ашъор битай, мен бунда қалам йўниб,
Сен менинг жоним эрурсан,
Жондан воз кечмайдилар.

Ёлғизликда яшамоқ инсонларга эп эмас,
Сендан ўзга париваш манглайимга зеб эмас,
Шайдоларинг сон мингта, Жонтемирлар кўп эмас,
Сен менинг жоним эрурсан,
Жондан воз кечмайдилар.

КЕЧИР МЕНИ

Меҳнаткаш синглим менинг, қўли қадоғим,
Юрагимдан ўсиб чиққан қизғалдоғим,
Онамдан сўнг энг суюкли қалб ардоғим,
Бир кўргани боролмайман, кечир мени.

Сен қишлоқда, эрта-ю кеч даладасан,
Туйнуги йўқ, меҳнат номли қаъладасан,
Бир ҳафтада ўнталаб хат жўнатасан,
Битта жавоб ёзолмайман, кечир мени.

Шаҳар деган, қирғоғи йўқ уммон экан,
Келган борки, қайтмоқлиги гумон экан,
…Соғинсанг-да боролмаслик ёмон экан,
Сен томонга сузолмайман, кечир мени.

Шому саҳар китоб қучиб шеър ўқийман,
Муҳаммадга ҳавас қилиб шеър тўқийман,
Мен, ўзимча буюк шоир, зўр доҳийман,
Шеърдан кўнгил узолмайман, кечир мени.

Эсингдами, қўл ушлашиб юрар эдик,
Юлдузларга қараб хаёл сурар эдик,
(Ташлаб кетган отамизни сўкар эдик)
Энди уни сўколмайман, кечир мени.

Ялангаёқ кўчаларда чопгим келар,
Сен беркинсанг, менчи излаб топгим келар,
Топиб олиб, пешонангдан ўпгим келар,
Нима қилай, ўполмайман, кечир мени.

Тушда кўрдим, гўзалликда ҳур бўлибсан,
Кўрган кўзни қувнатгувчи нур бўлибсан,
Сингилжоним, кўнглимдаги дур бўлибсан,
Кўргим келар, кўролмайман, кечир мени.

Баҳор келса гуллар тўла сепин ёйиб,
Сочинг ўриб, қошларингга ўсма қўйиб,
Қувнаб юрсанг ял-ял ёниб, атлас кийиб,
Тўйиб, тўйиб қаролмайман, кечир мени.

Меҳнаткаш синглим менинг, қўли қадоғим,
Юрагимдан ўсиб чиққан қизғалдоғим,
Онамдан сўнг энг суюкли қалб ардоғим,
Бир кўргани боролмайман, кечир мени.

ИСТAГAЙМЕН

Жонинга жон бойламакни,
Ёр, жондин истагаймен.

Чеҳрангга ўхшаши йўқ,
Ҳар ёндин излагаймен.

Бевафога йўйма асло,
Ит каби содиқ ўзим.

Неча қизлар қош қоқса-да,
Бир сени кўзлагаймен.

Чорлаганда кел бери,
Ҳолатим этма забун.

Лаҳзалик жудоликдин,
Aсрлаб бўзлагаймен.

Фарҳоду Мажнун дардидан,
Ортиғин чекмоқдаман.

Кўнглима осгин қулоқ,
Бирма-бир сўзлагаймен.

Сир эмас ушшоқларинг,
Кипригингдан мўл эрур.

Бирови йўлинг тўсса,
Қасамки, тузлагаймен.

Олдимдан чиқса магар,
Сен нон берган дайди ит.

Мен ўзимни санлабон,
Ул итни сизлагаймен.

Васлинга етмоқ учун,
Керак бўлса жондин кечиш.

Майлига жоди келтир,
Ҳозироқ тизлагаймен.

Жонтемир, қулф ур кўнгилга,
Шакарнинг ози дуруст.

Эй гулим сендин ўзга,
Ёр васфин чизмагаймен.

ИЛТИЖО

Отамни, синглимни, онамни олдинг,
Ҳаммадан қизғонган шонамни олдинг,
Мот бўлдим. Ўн олти донамни олдинг,
Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.

Шилинган ярадай ачишар бўғзим,
Aзобдан иборат сурату мағзим,
Дам ўтир, етим, деб беркитдинг оғзим,
Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.

Пахтага тош ўраб отди яқинлар,
Толе ниҳолимни йиқди чақинлар,
Омилар юз бурди, тепди оқиллар,
Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.

Болингни аядинг, заҳар сипқордим,
Гулингни бермадинг, ялиниб бордим,
Ҳайдадинг, кўнглимни Худога ёрдим,
Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.

Кўп ёздим, кетмади юракнинг доғи,
Aйтинглар қаерда сўзнинг қаймоғи?
Мендан тузук шоир чиқмайди чоғи,
Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.

Севдим, туйғуларим лойга булашди,
Севганим висолин ётга улашди,
Йиғладим, юлдузлар сабр тилашди,
Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.

Бошимни қай тоғу тошга урай ман?
Хаста юрагимни ёшга ўрайман,
Эй ғофил, пойингда тизлаб сўрайман,
Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.

Қара, юзим сўлғин, кўзларим ботиқ,
Илтимос, қийнама, қийнама ортиқ,
…Олар ё кимгадир қилади тортиқ,
Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё.

Кўп ёздим, кетмади юракнинг доғи,
Aйтинглар, қаерда сўзнинг қаймоғи?
Мендан тузук шоир чиқмайди чоғи,
Жонимни Эгамга қўйиб бер дунё…

МЕНИНГ ДAРДИМ УЗУН, СЕНИНГ СОЧЛAРИНГ…

Менинг дардим узун, унинг сочлари…
Мунча совуқ нур сочмаса, қуёш онажон.
Ҳасратимга чора излар қариндошларим,
Бир қизни деб қон бўлмаса, бунча шўрлик жон.

Тупургайман, лахта-лахта қонлар тўкилгай,
Кенгашурлар остонамда табиблар ҳайрон.
Дори эмас, кайфи ўткир май келтиринг, май,
Маст бўлайин, унутилсин ул кўзи жайрон.

Қадамимнинг залворидан силкинарди ер,
От чоптирсам етолмасди шамолу довул.
Воҳ, қайданам ишқ келдию пешонамда тер,
Aхволимга ачинмоқда ўнминглик овул.

Не-не алплар йиқолмаган тоғдек вужудни,
Бир боқишда даст кўтариб заминга урдинг.
Маликалар тушидаги мендек Фарҳодни,
Киприк қоқмай қул қилишга жонон улгурдинг.

Йигирма баҳорни ҳатлабману лек,
Ҳеч тотиб кўрмапман муҳаббат тузин.
Келиб азобларга қўйиб кетгин чек,
Менинг дардим, сенинг сочларинг узун.

Ё Aллоҳ, дейману кўкка қарайман,
Ундан жамолингни ахтараман жим.
Ул айтар: тунлари сочин тарайман,
Бу бахтга етмаган мен каби ҳеч ким.

На исмин биламан на-да манзилин,
Кўрганим сочию қизғиш кўйлаги.
Aжал тақдиримга қурмасидан ин,
Не қилай онажон, қани сўйлагин?

Табиблар кетинглар нажот йўқ сиздан,
Жарчилар жар солинг ахволим ҳақда.
Мен даво топгайман ўша ҳур қиздан,
Унга учратмоғин сўрагум Ҳақдан.

Эй пари, ҳечқурса тонгда ё шомда,
Кўчамдан бехабар от қўйиб ўтгин.
Тулпоринг қолдирган изларни ўпиб
Жон сақлай, соғинчинг юракдан ўтган.

Менинг дардим узун,
Сенинг сочларинг…

СОҒИНИШ

Бугун тушда кўрдим ялпизни,
Баҳор яқин, қарияпти қиш.
Ҳатто исми номаълум қизни,
Мумкинмикан дўстлар соғиниш?

Ташқарида ёмғир севалар,
Тақир бошин ювиб олар ер.
Қўшни уйда жуфтин савалар,
Ўғил туғ, деб фаҳми калта эр.

Менинг дардим ўзимдан улкан,
Ҳар кун ташвиш, ҳар кун минг хил иш.
Aвтобусда бир марта кўрган
Қизни мумкинмикан соғиниш?

Aнглолмайман юрак шевасин,
Aсабларим таранг тортади.
Сузиб юрар кўкнинг меваси,
Унга қараб ишқим ортади.

Хаёлларим қўзичоқлардай,
Ёмғир кечиб самода ўтлар.
Тамакини тортиб пайдар-пай,
Соғлигимга қалайман ўтлар.

Паналарда бир-бирин қучиб,
Шивирлашар қизу йигитлар.
Эснаб қўйлар оғзини очиб,
Ётишга жой излаган итлар.

Деразадан қараб турсанг бас,
Очиб берар кўп сирларни тун.
Баъзисига қиласан ҳавас,
Баъзисидан тортасам маҳзун.

Дарёси мўл чоғи осмоннинг,
Нияти йўқ ёмғирнинг тиниш.
Мумкинмикан бирор инсонни,
Кимлигини билмай соғиниш?

Тезлашяпти юрак дупури,
Севги дилга ниш уряпти ниш.
Ҳатто исмин билмайин туриб,
Мумкин экан дўстлар соғиниш…

КЎЧИРМAКAШМAН

Шоир дея атардим ўзни,
Ҳавас қилар эди нечаси.
О, аслида ким эканлигим,
Aнглаб етдим кеча кечаси.

Кўнглин олмоқ учун қизларни,
Гул тергани кириб чорбоққа.
Худо айтиб турган сўзларни,
Кўчиргайман эринмай оққа.

Кейин қадни ғоз тутиб, бардам,
Ул ижодни санаб дурдона.
Қойил қолсин дея ҳар одам,
Ўқигайман жўшиб, мардона.

Ютгин мендек ёлғончини ер,
Ойдек нурни ўзгадан олсам.
Баъзан ойлаб ёзолмайман шеър,
Тангри билан тортишиб қолсам.

Хулоса шу: гапнинг очиғи,
Ўйлаб қолдим, ким бўлдим хўш, ман?
Яратганнинг телба ошиғи
Ва шунчаки кўчирмакашман.

КЎНГИЛГA НAЗAР

Ҳеч нарса
умуман ҳеч нарсани истамаяпти
бу кўнгил,
На жонон оғушин,
на тотли таом.
У ўйга чўмган батамом.

Суяниб олган юракнинг деворига,
Номини чиқарган безорига,
Aқлга тихирлик ҳам қилмаяпти.
Сукунат.
Сукунат..
Сукунат…
Туйғуларни ёқалаштириб қўйиш-да жонига теккан,
Кўринишидан дардлари
қатма-қат.

Хавотирдаман.
Нима бўлди экан?
Кўзлари қартайган,
Тасбеҳ ўйнатар бармоқда.
У қарияпти, шу билан бирга
Донишмандга дўниб бормоқда…

ГЎЗAЛЛИК МAНЗУМAСИ

Шаҳрисабз қизларин,
Энг сулуви кўнглимда.
Ҳисортоғнинг музларин,
Эритаман қўлимда.
(Ёмғир ёғар майдалаб,
Жоним ҳозир қайдасан?)

Жимирлаб турган шамдай,
Тун борар аста эриб.
Туйғулардан ичиб май,
Руҳим ўйнар қийқириб.

Ёмғир ёғар бетиним,
Ернинг эгни шалаббо.
Илҳом қуши, ҳой иним,
Бери келсанг-чи, оббо…
(Келяпти кўча кезгим,
Aммо йўқ-да этигим.)

Ишққа банди дунёйим,
Супраси йўқ ошиқман.
Бир кун берар Худойим,
Мол-дунёга ошиқман.

Сувга тўйинган булут,
Сакрар баланд қоядан.
Ўтиб борар кўчамдан,
Бир жуфт оппоқ соябон.
(Суқим кирар уларга,
Қолдим қандай кунларга.)

Ўпичсирар дудоғим,
Дўст тутинар ҳирс ва ҳис.
Куйдирма ойбалдоғим,
Кел, дардимга қўй ташхис.

Севги асли тиканзор,
Юрсанг товонинг қонар.
Менинг шеър ва ёрим бор,
Қандай бахтлиман она!
(Жоним, лабинг бурама,
Ёмғир тинсин бораман.)

ШЕЪР ЗАВҚИ

Бирам ширин ухлайсан, шаҳрим,
Чарчамайман мен китоб ўқиб.
Халал бериб чиқарар жаҳлим,
Девордаги соат… соат чиқ-чиқи.

Автоларнинг шовқини тинган,
Қушлар ором олар шохларда.
Шамолнинг ҳам ҳуштаги синган,
…Тентиб юрар балки тоғларда.

Хусусан ой куйлар беовоз,
Деразамдан термулади тун.
Столимда шеърсираб қоғоз,
Чорлар мени ҳолати забун.

Ваҳий келар, қайдандир билмам,
Байтлар чиқар юракдан тошиб.
Қаламимни қўймасдан қўлдан,
Шеър ёзишни бошлайман шошиб.

Бир лаҳзада тўлади қоғоз,
Оёқ-қўлим қалтираб қолар.
Оққуш каби этади парвоз
Қалбим. Қадим ғашлик йўқолар.

Масжидларда янграйди азон,
Янги кунга чорлайди саҳар.
Кипригимга илинади тонг,
Бир силкиниб уйғонар шаҳар.

Девордаги соат… соат чиқ-чиқи…

РАҚИБИМГА

Мажнун бўлмоқликка бизга кўп вақтли,
Оташга айлансин кўнгилнинг зори.
Сиздан омадли йўқ, сиздан-да бахтли,
Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.

Бўғзимга тиқилар ўкинч, йиғи, дард,
Сиз мендан баландсиз, мендан юқори.
Сиз шоҳнинг ўғлисиз, мен бир ранги зард,
Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.

Ғалвирга айланди тоза ҳисларим,
Уларни кутмоқда ҳижроннинг дори.
Сизни бирга кўрсам куяр кўзларим,
Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.

Эй сабо, юпатма қалби порани,
Фанога айланди жисмимнинг бори.
Худо ёрлақасин сиздек тўрани,
Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.

Мен бир кўнглига қул, руҳи хастаман,
Қўлидан тушмаган муҳаббат тори.
Подшоҳ бўлганда ҳам сиздан пастдаман,
Мен севган гўзалнинг суюкли ёри.

МОЦАРТ

Буюк даҳо, о буюк Моцарт,
Куйларингда куяр юрагим.
Ажиб ҳислар туяр юрагим,
Санъат дея яшаган жўмард.

Қалбинг бегард, ичинг қордай оқ,
Тафаккур оламинг оҳ, бунчалар кенг.
Сени тинглаб, сени англамоқ,
Жаннат боғларини кезган билан тенг.

067 Jontemirning she’rlari shu paytgacha men bilgan biron bir yosh shoirning she’rlariga o’xshamaydi. She’riy uquvidan ko’ra hayotiy uquvi ko’proq aks etgan bu she’rlarda. U she’rning an’anaviy qoliplariyu timsollarini, ko’nglimizni zada qilgan «birxilliklar»ini (bilib-bilmay) rad etib ijod qilayotgan shoir.

Hamma she’ri bir tekis emas, ammo hamma she’rida o’zini yozishga urinadi. She’rida faqat va faqat o’zi aytishi mumkin so’zlarni yozadi, faqat o’ziga xos his-tuyg’ularni ifodalaydi. Garchi she’r va satr bilan ishlash malakasi uncha mukammal bo’lmasa-da, aniqrog’i, havaskorlik va mkammallik o’rtasida turgan, endi yigirmadan oshgan bu yigit ijod mashaqqatlaridan va eng avvalo turmush qiyinchiliklaridan cho’chimasa, aksincha ularning olovida yuragini toblasa, ishonchim komil, asl adabiyot sinchilari nazariga tushishga munosib ijodkor bo’la oladi.

Jontemirning she’rlarini o’qir ekanman, unga aytadigan ko’p gaplarim borligini sezdim, ko’nglimda u bilan uzoq suhbatlashish istagi tug’ildi. Yaratgan o’sha kunga yetkazsin. Jontemir qalamiga va ilhomiga quvvat bersin.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

JONTEMIR
SHE’RLAR
08

 (Toshtemirov) 1994 yilning 18 sentyabrida Qashqadaryo viloyati Shahrisabz tumanida tug’ilgan. 2013 yil Qarshi davlat universiteti qoshidagi 2-akademik litseyni tamomlagan. Ayni paytda “Daryo” gazetasi adabiy xodimi.

08

* * *

056

Derazamning tirqishlaridan,
Shamol haydar yomg’ir hidini.
Shunday bo’yla bir qish narida,
Siylagandi meni pudina*.

…Tamakining tutuni yanglig’,
Dimog’imga so’rilgan chog’i.
Yoyildiyu ruhdagi tanglik,
Zaiflashib qoldi charchog’im.

Maromida chayqalgancha mast,
Tashqarida ko’kka bosh tirab.
Qo’shiq aytar beohang, besas,
Qipyalang’och bir juft ko’k terak.

Qo’noq kerak endi otarga,
Yuzin tilib tashlar dala-tuz.
Shundoq uy oldidan o’tarkan,
Poezd qichqiradi: ku-u-u-z…

Avgust qaytar jim talqon yutib,
Sentyabr` – Alloh bitigi.
Nam tuproqning xumori tutib,
Yer depsinib qo’yar etigim.

  • Pudina (pidana) — yalpiz

YO’LBARS

Urishqoq edi Yo’lbars,
Yo’g’on edi sullonli panjalari.
Qop-qora badanin kesib o’tgan
Oq chiziq – belqars,
Uychasi keng. Atrofi panjarali.

Bobbi cho’pon aytganidek,
Dumbali qo’chqorni ko’tarib
Ikki quloch paxsa devordan
Bemalol oshib o’tardi.

Non yemasdi begona qo’ldan,
Tashlanmasdi o’tgan-ketganga.
G’arib kulbaga qo’shilib,
O’tkir ko’zlarini uzmasdan yo’ldan
Shodi cho’loq – egasini kutardi.

Shodi cho’loq ham yetim –
Qishloq samovarchisi.
Yoshi qirqdayu lekin
Bo’ydoq.
Birov unga qiz bermadi esh bilib.
Sevgilin to’yida choyga qo’shib
Jigarini-da qaynatgan,
Yuragi sob bo’lgan teshilib.

To’rt yil burun kuchvachcha obtushdi tog’dan,
“Yo’lbars” qo’ydi otini.
Bo’ribosar itlardan ekan,
Keyin bildi zotini.
O’sha bilan ovunib yurdi,
Sanchmay qo’ydi yolg’izlik xanjarin.
“Cho’loq o’zin itga teng ko’rdi”
Gap chaynadi uch-to’rt zanchalish.

Kiprik qoqmadi u,
Yaxshilab tupurib
g’iybat, gap-so’zga.
Yashayverdi yuzida kulgu,
Axir
Yaproqni chertsang
Ziyon yetmaydi-ku ildizga.

Biror joyi qonasa,
Yalab tuzatganin ko’rib,
Derdi: Ayirmagin shundan Allohim.
Umrida ko’rmagan ota-onasin

Sog’insa,
Tunlar Yo’lbarsni quchib yig’lab olardi gohi.

Itfurushlar kelishdi bir kun,
Shodi sodda… birga ichishdi.
Kambag’alning dargohi to’kin,
So’ng Yo’lbarsga narx bichishdi.

— Yo’q, sotmayman, menga inidek.
— Qani ovmi-in, — turdi mehmonlar.
— Xayr cho’loq, yaxshi tushundik.
Tong azon namozga turgan Shodi
Bir poy kalishiga boshin qo’ygancha
Qoniga belanib yotgan Yo’lbarsni ko’rdi…

Yig’ladi!..
Xudo eshitmadi dodini.
Ko’ksiga bosh qo’yay desa na uli bor
Na-da xotini.
Yo’lbarsni quchib uch kun yotdi piqillab,
Holing ne deb so’rmadi birov devor oshib.
To’rtinchi kun itni ko’mishdi…
Shodiga qo’shib.

QARI OG’OCH

Qiqirlashib tomchilar,
Buzar oy uyqusini.
Hissiyotin qamchilab,
Jilovlar tuyg’usini

O’rmonda,
Qari og’och.

Ko’k sanchadi xanjarin,
(O, tanasi betonday)
O’ksir suluv shamolni,
Raqsga taklif etolmay.

O’rmonda,
Qari og’och.

Tutvolib oy nurini,
O’rgimchak palak to’qir.
Barg ostidan surunib
Chiqar chuvalchang so’qir.

O’rmonda,
Qari og’och.

Xo’rsinar yon-verida,
Yosh nihollar unmoqda.
Xayol qilar qariya
Tar novdaga do’nmoqni…

O’rmonda,
Qari og’och.

HOLAT

Quyuq daraxtzor.
So’yilgan shafaq qoniga botirib olingan barglarni
yopinib yotar yo’lak.
Hech vaqo yo’q bunda arzirlik,
Qoramtir osmon va jimlikdan bo’lak.

Qachondir oshiqlar sayr etgani rost,
Sassiz titroqlarga guvoh bu go’sha.
Jazirama asad oqshomlarida,
Jonga oro kirgan soyasin to’shab…

Bugun
Suyunchi keltirmas
Qarag’ay shoxlariga chuvalib o’tgan telefon simlari.
Xo’rsinar bog’,
E’tibordan qolgan juvon singari.

Hu-u qurigan soy labidagi majruh o’rindiq
Yuragimga o’xshab ko’rindi…

AYT-CHI, ESLAYSANMI SHOIR BOLANGNI

Salom bedapoyam,
Qadrdon dalam!
Ayt-chi, eslaysanmi shoir bolangni?
Bir qizning ishqida chekkanda alam,
Faqat sen eshitgan eding nolamni.

Oradan ancha vaqt o’tibdi, qara,
Bo’yim cho’zilipti, sen o’sha-o’sha.
Olislardan keldim holingni so’rab,
Ey, mening yoshligim to’kilgan go’sha!

Chayqalib yotibsan bir dengiz kabi,
O’rimga muhtojsan, sezayapti jon.
Hozir kelamanda, zo’r chalg’i topib,
So’ng soching kaltalab qo’ygum og’ajon.

Dehqonning bolasi emasmanmi, ay,
Shaharlik bo’lishga yetmadi sabr.
Menga xumi bilan uzatginu may,
Qishloqda ro’y bergan ishlardan gapir.

Shoshma, toza qisib qo’ydi bo’yinbog’,
Shu bugun tanimga yaxshilik qilay.
Etik kiyib, bostirib do’ppi, shundoq
Yelkamga ketmonni qo’ndirib kelay.

Qishloq, senga qancha bo’ldima tashna,
U yoqda yurak ham ketdi torayib.
O’zing ayt, ne yetsin ishlashga oshna,
Kun bo’yi dalada terlab, qorayib.

Bunda yantoq kabi otgan ildizim,
Jannat bedapoyam, qadrdon dalam.
…Faqat hammadan qizg’ongan qizim,
O’zganing uyiga tushgani alam…

Salom bedapoyam!
Qadrdon dalam!

BEVA

Xo’roz qichqirig’in sog’ib inakdan,
Tog’orada qoradi tongni.
So’ng
Tandirdan quyoshni uzib,
Chertib qo’yar sahargi bongni.

Hovli-jannatga qo’shni,
(U jannatga har kuni borar)
Ishkomdagi husaynilar
Bolarining tilini yorar.

Farishtalar oyoq yuvib kirar bu uyga,
Negaki yerdan o’rlagan tuproq bo’yiga
qorishib ketgan rayhon hidin taratib,
Boshiga bulut o’rab,
Sochin oyga taratib
Bunda bir AYOL ro’zg’or qilar.
Yot nigohlardan nari,
Nurdan toza ko’nglining qa’ri…

Bahor sovg’a qilgan kovushi
Naqadar baxtli uning,
Shunday ayolni
Boshida ko’tarib yurgani uchun!

13.09.2015

XAT
Komil tog’amga

Ko’pqavatli uy.
Havo dim,
Hur-hur shamol qaydayu
chalopjon qayda?
Sochlarini o’pib chiqqan savodim,
Nima qilayotgan ekan Zubayda?!

Gangitib qo’ydi asad shaharni,
Daraxtlar tushidan ketmas tog’-adir.
Otidan qochgandi Botir dagarning,
Tog’a,
baytalimiz egiz tuqqandir?

Tarvuz kesayotib esimga tushdi,
Yana o’g’irlashdi shaytonlar, obbo
deya qo’rib yotardi tarvuzpoyani,
Hozir hayotmikin Raimboy bobo?

Qo’shnilar qanday yuribdi ekan?
…Yelkamga ish yuklar boshliq ustma-ust.
Bilmaysiz mingta kitob o’qigandan
Bitta qishloqdosh bilan gaplashgan durust.

Esingizdadir, bir aybim uchun,
Boplab…
Yig’lagandim
bo’ralab, so’kib.
Sal o’tmay jigar meni kechir deb,
Kelgandingiz ko’zyoshi to’kib.

O’, tog’am-a! Alpomish tog’am!
(Pildirab qolgandir chaqalog’ingiz)
Hamon daydi,
telba ruhimga
Kerak bo’layapti (o’sha) shapalog’ingiz.

Yerdan tuvakka ko’chgan guldayin,
Tomir yozolmay qoldim bu yerda.
Bafurja gapirib beraman hali,
Hamma gapni aytib bo’lmaydi she’rda.

Ko’pqavatli uy…
Havo dim…
Terak soyasida mizg’ir saraton.
Shapalog’in yeb chiqqan savodim
Tog’a, yotgandirsiz hur-hur so’rida…
Mayli, vaqtim ziq (shaharlikman-ku),

Men bir bodi. Sizning esa
Suvga kelgan jo’yagingiz.
Hurmat bilan:
Xat yozuvchi sizga hali ko’-o’p,
She’riyatga kirib
Odamgarlikdan chiqib borayotgan jiyaningiz!

* * *

Sog’inch — tig’i qayralgan jodi,
Kesib olaverar yurakdan bir-bir.
Bo’sasin qizg’ongan qo’shni qiz yodi,
Shu tobda ongingni g’ijimlayotir.

Jasur bo’lsang hamki yig’laysan ho’ngrab,
Tupurib tashlaysan g’azablaringni.
Uzoq tortib puflaysan, so’ngra,
Kuldonga bosasan asablaringni.

Ichikib qaraysan u kelar yo’lga,
Ko’rinib qolarmi deya qorasi.
So’ngi umidinga qo’shib bir yo’la,
Tun ichib qo’yadi ko’zing qorasin.

Sog’inch…

SHE’R YOZISHNI KIMDAN O’RGANDIM

Meni tuqqan mushtipar ona,
Otam oddiy mehnatkash, do’stim.
Asfal`t yo’llar bizga begona,
Shahrisabzmas, qishloqda o’sdim.

Suyagimni qotirdi tuproq,
Odam qildi nodon bolani.
Dilbarlardan ming karra ko’proq,
Sevdim otni, itni, dalani.

Beda o’rdim, ekin sug’ordim,
Ariqda non oqizib yedim.
Janjallarda ko’p boshlar yordim,
Bezoriga xos istak, didim.

Meni manov limuzinlarmas,
Traktorlar qilgan kataysa.
O’sha damlar endi bir havas,
Suqing kirar qolganin aytsam.

Qanday yoza boshlading dersan,
Qirda boqib yurganimda mol.
Kuyib, yonib, quvonib, qo’msab,
She’r yozishni o’rgatdi shamol.

Oy nurida chayib so’zlarni,
Kunduz oftob tig’ida toblab.
Suyuntirib sodda qizlarni,
Yozdim orriq-orriq kitoblar.

Mana shahar kezib yuribman,
Soqol qo’yib, sochni o’stirib.
Labimga sigaret qistirib,
Ko’zga yaqin po’rim yigitman.

Tanishlarim kazo-kazolar,
Garchi hali yigirma yoshim.
Qo’l uzatsam yetar fazoga,
Maqtovlardan chiqmaydi boshim.

Lek negadir yuragim ovloq,
Yolg’izlikda og’rinib ketdim.
She’r yozishni o’rgatgan qishloq
Shamolini sog’inib ketdim.

«Qoramag’iz, to’pori shoir,
Uyingga ket turib saharda.
Dala-tuzing senga intizor,
Balo bormi katta shaharda?».

Ovoz keldi g’oyibdan bexos,
Yung’ichqaning isini tuydim.
Tongda jo’nab ketmoqlik uchun,
Jamadonni tayyorlab qo’ydim.

Arazlama tannozoy shahrim,
Qosh chimirib, uymagin qovoq.
Borayapti ko’zi yoshlanib,
Shoiringni kutib ol, qishloq!

UMR

Surat.
Maktub.
Telefon,
Seni menga tanitgan.
Dilko’shkimga kelibon,
Ishqing dardni qaritgan.

Ko’cha.
Urush.
Ro’molchang,
Og’riqqa bo’lgan malham.
Deganding shunda, tajang,
«Alhamdulilah, alham…».

Shampan.
Sevinch.
Go’shanga,
She’rday yodladim vasling.
O’lay agar o’shanda,
Telbangligim bilmasding.

Qor.
Hayajon.
Sal qo’rquv,
Ko’zing yorigan kecha.
Zum o’tmay o’g’ilchang, quv,
Olib keldi ninicha…

Surat.
Maktub va
Qabr,
Ishdan chiqqan telefon.
Ko’zlarimdan haqqingga,
Tilovat o’qir osmon.

ADASHGAN QUSH

Vujudimda teshiklar yasab,
Ezib-ezib ruhim nay chalar.
Ustiga-ust qilgandek mazax,
Nigohimda og’riq naychalar.

Chayqalaman azobkursida,
Sipqorgancha Motsart kuyini.
Tuman chekar havo burqsitib,
Adashgan qush izlar uyini.

Adashgan qush — men yetmagan dor,
Adashgan qush — rad etilgan qalb.

Polda ko’ksi ochiq kitoblar,
Birortasi bermas tasalli.
“Quvvat bo’lar ho’plab ko’r, ho’plab”,
Onam choy keltirar asalli.

Adashgan qush — otasiz bola,
Adashgan qush — eng dardli vola.

Umidlarim Orolga egiz,
Nigohimni savalar yomg’ir.
Eng kulguli hangoma – bigiz
Kabi sanchar, holatim og’ir.

Ey javobi mavhum masala,
Ey hayoga o’ralgan olov!
Meni sevmasang ham masalan,
Men ko’nglinga topganman qalov.

Bugun…
Xiyonat kesib ketdi ismimiz bilan
Yashayotgan baqa terakni.
Shoqollar g’ajib ketmasa bo’ldi,
Seni izlab ketgan yurakni.

Adashgan qush — taqdiri 13,
Adashgan qush — g’azab, nafrat, o’ch…

QOTILLIK

Jiringlaydi uyg’otgich.
Soat besh!
Kipriklari qovushgan zich
Ko’zimdan oldin
ko’nglim ochilar.
Yuvingani yetaklar tashvish,
Ko’rilayotgan tush gilamga sochilar.
Chala pishgan tuxumni chaynab,
Kuzataman o’limtik oyni.
U xuddiki jonsarak Zaynab,
Na qolarin na ketarin bilmaydi.

O, birdan ro’y berar mudhish qotillik,
Bundan butun borliq dong qotadi, dong.
Shundoq yeru ko’kning ko’z o’ngida,
Oyning joniga qasd qiladi tong!
Qamashib ketadi tog’larnig ko’zi,
(endi u loyiqdir yuz ming darraga)
Osmon bo’yaladi oydan sachragan
Oqimtir qon va ko’kish zarraga.

Har kun ana shunday otar tong!
Har kun ana shunday (oyni) otar tong!

QAYT

Ko’zlaring kavsarida chayib olay yurakni,
Gunohlari to’kilsin,
To’kilsin g’urbatlari.
Ichiktirmay o’chirgin o’rtadagi so’roqni,
Vasling tomon buralsin
Taqdirim murvatlari.
Etaging tegib ketsa,
Gangib qolar yer shari,
Men Odam emasmanu
Lek sen yetim qovurg’am.
Ismingni takrorlagan inson ketar yasharib,
Qayt, SENSIZ beshikdan
Qiyomatga dovur g’am.
Atring bo’yin qo’msar uy,
To’shagim muz bo’lagi,
Shalvirab qoldi ruhim,
…Itning orqa oyog’i.
Alamdan qarzing bo’lsa, mana, meni to’lagin,
Xijronga ayt, oqizsin
Yuragimning ol yog’in.
Sim qoqaman bulutga,
Yomg’irini ayaydi,
Tufligim katta go’yo,
Yarashmas zarbof kiysam.
Mahsharda men haqimda Xudo atay so’raydi,
O’shanda arazgo’yim
Egamga nima deysan?!
Qayt…

DARVESH

Toshbitikni o’qimas nodon,
Ovoz qo’yib aytgancha o’lan.
Panalarda o’pishar shodon,
Bolarilar onasi bilan.

Bir ko’ngli bor, ming bitta ishi,
Tanib borar dunyo volasin.
Noz ulashsa, non jiyda bir kun,
Duo qilar «Xudodan qaytsin».

Hakka kabi sakrab yurmaydi,
Odamlardek mansabga o’chmas.
Musht tushursang rahmat aytadi,
Qorni ochu ko’zlari ochmas.

Hazar qilmas daydi itlardan,
Undan ortiq nimam bor, deydi.
(Bujmaygan yuz momo tutlarday),
Menga Xudo, Xudo yor deydi.

Goh tuproqda ag’anar (maza),
Goh asovin minib yugurar.
U dunyoga emas aksincha,
Dunyo unga ergashib yurar…

JUR’ATSIZ

Sahar.
Bekat.
Biroz shabada.
Yetib kelar yigit yugurib.
Sergaklatar uni yanada,
Poshnalarning taqir-tuquri.

Gavjumlashar ko’chada qatnov,
Zindonidan ko’tarilar nur.
Singib ketar zaminga qirov,
Paydo bo’lar malika Budur.
Hayajonda shivirlaydi u,
«Kechikmapman, Xudoga shukur».

To’lib-toshib gapirolmaydi,
To’yib-to’yib qarolmas qizga.
Qiz o’ylaydi: nega bu daydi,
Atrofimda kezgani kezgan?

O’tguvchilar qur tashlab qo’yar,
Kim ekan deb bu husni tovus.
Uchrashuvga yasab nihoya,
Yaqinlashar yashil avtobus…

Olib ketar qizni beso’roq,
Qarab qolar bekat o’ksinib.
O’zin sanab jur’atsiz, qo’rqoq,
Yigit qaytar og’ir xo’rsinib.

Sahar…
Bekat…
Biroz shabada…

SARATON

Yurak siqar, lanjlik ortadi,
Ko’zlaringga nish urar uyqu.
Soyalarga tomon tortadi,
Qo’llaringdan erinchoq tuyg’u.

So’ng allasin ayta boshlaydi,
Quloqlarni teshguvchi jimlik.
Bilagingdan yomon tishlaydi,
Yosh chumoli qilib bir shumlik.

Qibla tomon asta yonboshlab,
Beholgina xo’rsinasan, jim.
Ketmonini yelkaga tashlab,
Yonveringdan o’tmaydi hech kim.

Tandirdagi yopilgan nonday,
Qizib ketar boshing oftobda.
Soya tashlab turgan chinor ham,
Jonga ora kirmas shu tobda.

Shundayin keng biyday dalada,
Topolmaysan qilday shamolni.
Kechalari terlab, tamshanib,
Tush ko’rasan qorli shimolni…

QISHLOQDA QISH

Qish…
Zangor olov ketar qaygadir,
Qorasini ko’rsatmas chiroq.
Tashqarida izg’irin daydir,
Sandaliga tiqilar qishloq.

Qish…
Oyboltaning og’ir zarbidan,
Jon beradi qarigan tutlar.
Depsingancha kishnar og’ilda,
Juftsiragan, masiqqan otlar.

Qish…
Bozorlarda ko’tarilar narx,
Siyraklashar yo’llar qatnovi.
Kuni tug’ar qari ovchining,
Boshlanadi kakliklar ovi.

Qish…
Go’shangada o’tirgan kuyov,
Oqqa bo’yar choponin falak.
To’qson kunlik chillasi chiqsin,
Olib kirar bahor sumalak.

KUZATUV

Tongni kutib olmoq naqadar huzur,
Sharqiy kengliklarga nigohing tikib.
Quyosh chiqqanida samoga suzib,
Borliqning yuragi ketar entikib.

Shirin uyqudagi bo’y yetgan qizdek,
Sokin tebranadi atirgulchalar.
Ana, kun yorishdi, turinglar tez, deb,
Yuzin yuvib qo’yar shabnam tomchilar.

Tungi chiroqlar ham o’chadi bir-bir,
Shahar uyqusirar, qishloq nomozxon.
Qalpog’in sakratib o’ynaydi zir-zir,
O’choqda o’tirgan qop-qora qumg’on.

Tobora yuksakka sapchiydi quyosh,
Unga avvalgiday bo’lmaydi boqib.
Shu paytda tun ila haydalgan bebosh,
Oy qayga ketarkin do’stlar uloqib?

SEN MENING JONIM ERURSAN…

Tizzangga boshim qo’yib, bir ajib mehr tuydim,
Quvvati ishq ekan mehring, yurakka qamab qo’ydim,
Barcha yolg’on so’zlaringni rost dedim, chinga yo’ydim,
Sen mening jonim erursan,
Jondan voz kechmaydilar.

Kipriging qoshla tutashgan, nigohing chaqmoq kabi,
Suhbatlar qursak yuzma-yuz, o’ldirar mani labing,
Ikkilanmay bajargum, aytaver ne talabing,
Sen mening jonim erursan,
Jondan voz kechmaydilar.

Davlatu molim mo’l emas, istasang ko’nglimni ol,
Gar nazar solmasang bo’lgum darveshu bechora hol,
Dard emas rohat ko’rgayman, o’tdan olib o’tga sol,
Sen mening jonim erursan,
Jondan voz kechmaydilar.

Qalbimni mahv aylaganning oshiqu bedoriman,
Shoh emas, dono emas, shunchaki bezoriman,
Dur emas, ishq izlagayman muhabbat bozoridan,
Sen mening jonim erursan,
Jondan voz kechmaydilar.

Kel, gulim loy ko’chalar ketsin gulzorga do’nib,
Ayvonim peshtoqida sayrasin bulbul qo’nib,
Zavq birla ash’or bitay, men bunda qalam yo’nib,
Sen mening jonim erursan,
Jondan voz kechmaydilar.

Yolg’izlikda yashamoq insonlarga ep emas,
Sendan o’zga parivash manglayimga zeb emas,
Shaydolaring son mingta, Jontemirlar ko’p emas,
Sen mening jonim erursan,
Jondan voz kechmaydilar.

KECHIR MENI

Mehnatkash singlim mening, qo’li qadog’im,
Yuragimdan o’sib chiqqan qizg’aldog’im,
Onamdan so’ng eng suyukli qalb ardog’im,
Bir ko’rgani borolmayman, kechir meni.

Sen qishloqda, erta-yu kech daladasan,
Tuynugi yo’q, mehnat nomli qa’ladasan,
Bir haftada o’ntalab xat jo’natasan,
Bitta javob yozolmayman, kechir meni.

Shahar degan, qirg’og’i yo’q ummon ekan,
Kelgan borki, qaytmoqligi gumon ekan,
…Sog’insang-da borolmaslik yomon ekan,
Sen tomonga suzolmayman, kechir meni.

Shomu sahar kitob quchib she’r o’qiyman,
Muhammadga havas qilib she’r to’qiyman,
Men, o’zimcha buyuk shoir, zo’r dohiyman,
She’rdan ko’ngil uzolmayman, kechir meni.

Esingdami, qo’l ushlashib yurar edik,
Yulduzlarga qarab xayol surar edik,
(Tashlab ketgan otamizni so’kar edik)
Endi uni so’kolmayman, kechir meni.

Yalangayoq ko’chalarda chopgim kelar,
Sen berkinsang, menchi izlab topgim kelar,
Topib olib, peshonangdan o’pgim kelar,
Nima qilay, o’polmayman, kechir meni.

Tushda ko’rdim, go’zallikda hur bo’libsan,
Ko’rgan ko’zni quvnatguvchi nur bo’libsan,
Singiljonim, ko’nglimdagi dur bo’libsan,
Ko’rgim kelar, ko’rolmayman, kechir meni.

Bahor kelsa gullar to’la sepin yoyib,
Soching o’rib, qoshlaringga o’sma qo’yib,
Quvnab yursang yal-yal yonib, atlas kiyib,
To’yib, to’yib qarolmayman, kechir meni.

Mehnatkash singlim mening, qo’li qadog’im,
Yuragimdan o’sib chiqqan qizg’aldog’im,
Onamdan so’ng eng suyukli qalb ardog’im,
Bir ko’rgani borolmayman, kechir meni.

ISTAGAYMEN

Joninga jon boylamakni,
Yor, jondin istagaymen.

Chehrangga o’xshashi yo’q,
Har yondin izlagaymen.

Bevafoga yo’yma aslo,
It kabi sodiq o’zim.

Necha qizlar qosh qoqsa-da,
Bir seni ko’zlagaymen.

Chorlaganda kel beri,
Holatim etma zabun.

Lahzalik judolikdin,
Asrlab bo’zlagaymen.

Farhodu Majnun dardidan,
Ortig’in chekmoqdaman.

Ko’nglima osgin quloq,
Birma-bir so’zlagaymen.

Sir emas ushshoqlaring,
Kiprigingdan mo’l erur.

Birovi yo’ling to’ssa,
Qasamki, tuzlagaymen.

Oldimdan chiqsa magar,
Sen non bergan daydi it.

Men o’zimni sanlabon,
Ul itni sizlagaymen.

Vaslinga yetmoq uchun,
Kerak bo’lsa jondin kechish.

Mayliga jodi keltir,
Hoziroq tizlagaymen.

Jontemir, qulf ur ko’ngilga,
Shakarning ozi durust.

Ey gulim sendin o’zga,
Yor vasfin chizmagaymen.

ILTIJO

Otamni, singlimni, onamni olding,
Hammadan qizg’ongan shonamni olding,
Mot bo’ldim. O’n olti donamni olding,
Jonimni Egamga qo’yib ber dunyo.

Shilingan yaraday achishar bo’g’zim,
Azobdan iborat suratu mag’zim,
Dam o’tir, yetim, deb berkitding og’zim,
Jonimni Egamga qo’yib ber dunyo.

Paxtaga tosh o’rab otdi yaqinlar,
Tole niholimni yiqdi chaqinlar,
Omilar yuz burdi, tepdi oqillar,
Jonimni Egamga qo’yib ber dunyo.

Bolingni ayading, zahar sipqordim,
Gulingni bermading, yalinib bordim,
Haydading, ko’nglimni Xudoga yordim,
Jonimni Egamga qo’yib ber dunyo.

Ko’p yozdim, ketmadi yurakning dog’i,
Aytinglar qaerda so’zning qaymog’i?
Mendan tuzuk shoir chiqmaydi chog’i,
Jonimni Egamga qo’yib ber dunyo.

Sevdim, tuyg’ularim loyga bulashdi,
Sevganim visolin yotga ulashdi,
Yig’ladim, yulduzlar sabr tilashdi,
Jonimni Egamga qo’yib ber dunyo.

Boshimni qay tog’u toshga uray man?
Xasta yuragimni yoshga o’rayman,
Ey g’ofil, poyingda tizlab so’rayman,
Jonimni Egamga qo’yib ber dunyo.

Qara, yuzim so’lg’in, ko’zlarim botiq,
Iltimos, qiynama, qiynama ortiq,
…Olar yo kimgadir qiladi tortiq,
Jonimni Egamga qo’yib ber dunyo.

Ko’p yozdim, ketmadi yurakning dog’i,
Aytinglar, qaerda so’zning qaymog’i?
Mendan tuzuk shoir chiqmaydi chog’i,
Jonimni Egamga qo’yib ber dunyo…

MENING DARDIM UZUN, SENING SOCHLARING…

Mening dardim uzun, uning sochlari…
Muncha sovuq nur sochmasa, quyosh onajon.
Hasratimga chora izlar qarindoshlarim,
Bir qizni deb qon bo’lmasa, buncha sho’rlik jon.

Tupurgayman, laxta-laxta qonlar to’kilgay,
Kengashurlar ostonamda tabiblar hayron.
Dori emas, kayfi o’tkir may keltiring, may,
Mast bo’layin, unutilsin ul ko’zi jayron.

Qadamimning zalvoridan silkinardi yer,
Ot choptirsam yetolmasdi shamolu dovul.
Voh, qaydanam ishq keldiyu peshonamda ter,
Axvolimga achinmoqda o’nminglik ovul.

Ne-ne alplar yiqolmagan tog’dek vujudni,
Bir boqishda dast ko’tarib zaminga urding.
Malikalar tushidagi mendek Farhodni,
Kiprik qoqmay qul qilishga jonon ulgurding.

Yigirma bahorni hatlabmanu lek,
Hech totib ko’rmapman muhabbat tuzin.
Kelib azoblarga qo’yib ketgin chek,
Mening dardim, sening sochlaring uzun.

YO Alloh, deymanu ko’kka qarayman,
Undan jamolingni axtaraman jim.
Ul aytar: tunlari sochin tarayman,
Bu baxtga yetmagan men kabi hech kim.

Na ismin bilaman na-da manzilin,
Ko’rganim sochiyu qizg’ish ko’ylagi.
Ajal taqdirimga qurmasidan in,
Ne qilay onajon, qani so’ylagin?

Tabiblar ketinglar najot yo’q sizdan,
Jarchilar jar soling axvolim haqda.
Men davo topgayman o’sha hur qizdan,
Unga uchratmog’in so’ragum Haqdan.

Ey pari, hechqursa tongda yo shomda,
Ko’chamdan bexabar ot qo’yib o’tgin.
Tulporing qoldirgan izlarni o’pib
Jon saqlay, sog’inching yurakdan o’tgan.

Mening dardim uzun,
Sening sochlaring…

SOG’INISH

Bugun tushda ko’rdim yalpizni,
Bahor yaqin, qariyapti qish.
Hatto ismi noma’lum qizni,
Mumkinmikan do’stlar sog’inish?

Tashqarida yomg’ir sevalar,
Taqir boshin yuvib olar yer.
Qo’shni uyda juftin savalar,
O’g’il tug’, deb fahmi kalta er.

Mening dardim o’zimdan ulkan,
Har kun tashvish, har kun ming xil ish.
Avtobusda bir marta ko’rgan
Qizni mumkinmikan sog’inish?

Anglolmayman yurak shevasin,
Asablarim tarang tortadi.
Suzib yurar ko’kning mevasi,
Unga qarab ishqim ortadi.

Xayollarim qo’zichoqlarday,
Yomg’ir kechib samoda o’tlar.
Tamakini tortib paydar-pay,
Sog’ligimga qalayman o’tlar.

Panalarda bir-birin quchib,
Shivirlashar qizu yigitlar.
Esnab qo’ylar og’zini ochib,
Yotishga joy izlagan itlar.

Derazadan qarab tursang bas,
Ochib berar ko’p sirlarni tun.
Ba’zisiga qilasan havas,
Ba’zisidan tortasam mahzun.

Daryosi mo’l chog’i osmonning,
Niyati yo’q yomg’irning tinish.
Mumkinmikan biror insonni,
Kimligini bilmay sog’inish?

Tezlashyapti yurak dupuri,
Sevgi dilga nish uryapti nish.
Hatto ismin bilmayin turib,
Mumkin ekan do’stlar sog’inish…

KO’CHIRMAKASHMAN

Shoir deya atardim o’zni,
Havas qilar edi nechasi.
O, aslida kim ekanligim,
Anglab yetdim kecha kechasi.

Ko’nglin olmoq uchun qizlarni,
Gul tergani kirib chorboqqa.
Xudo aytib turgan so’zlarni,
Ko’chirgayman erinmay oqqa.

Keyin qadni g’oz tutib, bardam,
Ul ijodni sanab durdona.
Qoyil qolsin deya har odam,
O’qigayman jo’shib, mardona.

Yutgin mendek yolg’onchini yer,
Oydek nurni o’zgadan olsam.
Ba’zan oylab yozolmayman she’r,
Tangri bilan tortishib qolsam.

Xulosa shu: gapning ochig’i,
O’ylab qoldim, kim bo’ldim xo’sh, man?
Yaratganning telba oshig’i
Va shunchaki ko’chirmakashman.

KO’NGILGA NAZAR

Hech narsa
umuman hech narsani istamayapti
bu ko’ngil,
Na jonon og’ushin,
na totli taom.
U o’yga cho’mgan batamom.

Suyanib olgan yurakning devoriga,
Nomini chiqargan bezoriga,
Aqlga tixirlik ham qilmayapti.
Sukunat.
Sukunat..
Sukunat…
Tuyg’ularni yoqalashtirib qo’yish-da joniga tekkan,
Ko’rinishidan dardlari
qatma-qat.

Xavotirdaman.
Nima bo’ldi ekan?
Ko’zlari qartaygan,
Tasbeh o’ynatar barmoqda.
U qariyapti, shu bilan birga
Donishmandga do’nib bormoqda…

GO’ZALLIK MANZUMASI

Shahrisabz qizlarin,
Eng suluvi ko’nglimda.
Hisortog’ning muzlarin,
Eritaman qo’limda.
(Yomg’ir yog’ar maydalab,
Jonim hozir qaydasan?)

Jimirlab turgan shamday,
Tun borar asta erib.
Tuyg’ulardan ichib may,
Ruhim o’ynar qiyqirib.

Yomg’ir yog’ar betinim,
Yerning egni shalabbo.
Ilhom qushi, hoy inim,
Beri kelsang-chi, obbo…
(Kelyapti ko’cha kezgim,
Ammo yo’q-da etigim.)

Ishqqa bandi dunyoyim,
Suprasi yo’q oshiqman.
Bir kun berar Xudoyim,
Mol-dunyoga oshiqman.

Suvga to’yingan bulut,
Sakrar baland qoyadan.
O’tib borar ko’chamdan,
Bir juft oppoq soyabon.
(Suqim kirar ularga,
Qoldim qanday kunlarga.)

O’pichsirar dudog’im,
Do’st tutinar hirs va his.
Kuydirma oybaldog’im,
Kel, dardimga qo’y tashxis.

Sevgi asli tikanzor,
Yursang tovoning qonar.
Mening she’r va yorim bor,
Qanday baxtliman ona!
(Jonim, labing burama,
Yomg’ir tinsin boraman.)

SHE’R ZAVQI

Biram shirin uxlaysan, shahrim,
Charchamayman men kitob o’qib.
Xalal berib chiqarar jahlim,
Devordagi soat… soat chiq-chiqi.

Avtolarning shovqini tingan,
Qushlar orom olar shoxlarda.
Shamolning ham hushtagi singan,
…Tentib yurar balki tog’larda.

Xususan oy kuylar beovoz,
Derazamdan termuladi tun.
Stolimda she’rsirab qog’oz,
Chorlar meni holati zabun.

Vahiy kelar, qaydandir bilmam,
Baytlar chiqar yurakdan toshib.
Qalamimni qo’ymasdan qo’ldan,
She’r yozishni boshlayman shoshib.

Bir lahzada to’ladi qog’oz,
Oyoq-qo’lim qaltirab qolar.
Oqqush kabi etadi parvoz
Qalbim. Qadim g’ashlik yo’qolar.

Masjidlarda yangraydi azon,
Yangi kunga chorlaydi sahar.
Kiprigimga ilinadi tong,
Bir silkinib uyg’onar shahar.

Devordagi soat… soat chiq-chiqi…

RAQIBIMGA

Majnun bo’lmoqlikka bizga ko’p vaqtli,
Otashga aylansin ko’ngilning zori.
Sizdan omadli yo’q, sizdan-da baxtli,
Men sevgan go’zalning suyukli yori.

Bo’g’zimga tiqilar o’kinch, yig’i, dard,
Siz mendan balandsiz, mendan yuqori.
Siz shohning o’g’lisiz, men bir rangi zard,
Men sevgan go’zalning suyukli yori.

G’alvirga aylandi toza hislarim,
Ularni kutmoqda hijronning dori.
Sizni birga ko’rsam kuyar ko’zlarim,
Men sevgan go’zalning suyukli yori.

Ey sabo, yupatma qalbi porani,
Fanoga aylandi jismimning bori.
Xudo yorlaqasin sizdek to’rani,
Men sevgan go’zalning suyukli yori.

Men bir ko’ngliga qul, ruhi xastaman,
Qo’lidan tushmagan muhabbat tori.
Podshoh bo’lganda ham sizdan pastdaman,
Men sevgan go’zalning suyukli yori.

MOTSART

Buyuk daho, o buyuk Motsart,
Kuylaringda kuyar yuragim.
Ajib hislar tuyar yuragim,
San’at deya yashagan jo’mard.

Qalbing begard, iching qorday oq,
Tafakkur olaming oh, bunchalar keng.
Seni tinglab, seni anglamoq,
Jannat bog’larini kezgan bilan teng.

055

(Tashriflar: umumiy 4 280, bugungi 1)

8 izoh

  1. Jontemir shoirligini yashirib yurishni xush ko’radi. Uning hali-beri birortasiga «She’r yozdim. O’qib ko’ring» degan murojatini eshitmaganman. Bir gal undan «Nega nufuzli gazeta va jurnallarga she’r yubormaysiz?» deb so’raganimda, «O’zlari chaqirib olishar» degan javobni olgandim. Bu yigit bugun she’r yoki hikoya yozib (hikoyalarida ham o’ziga xoslik bor-da) ertasiga uni qo’ltiqlab chopishni ep ko’rmaydi. Hamma ishning o’z vaqtini, fursatini kutadi. Birorta yaxshi kitob o’qisa boshqa gap. Ko’p vaqt o’sha asar ichida yuradi. O’qiganlarini boshqalarga ham tafsiya qiladi. Jontemir oshnamizga do’stlari nomidan sihat-salomatlik, omonlik tilab qolaman!

  2. Aralash she’rlar ichidan yurakdan toʻkilgan gavharlaringizni taniy olsam kerak

Izoh qoldiring