Зилола Хўжаниёзованинг шеърлари кўзгусида пайдо бўлган шоира сиймосида жамиятда фаол яшаётган – оила қуриб фарзандлар кўрган, уларни тарбиялаб элга қўшган (қўшаётган), айни дамда, ўзи ҳам жамиятнинг бир керакли парчасига айланишга жону дили билан интилаётган жонкуяр онани, аёлни, инсонни кўрдим (Улуғбек Ҳамдамнинг «Шеър – суянчиқ» номли мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқинг).
Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА
ШЕЪРЛАР
Зилола Хўжаниёзова 1973 йил 16 июнда туғилган. Қарши давлат университети филология факультети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Юрагимда бир гул ўсади”, “Дил шеваси”, “Кўнгилга йўл” шеърий тўпламлари ҳамда қатор илмий-публицистик рисолалар муаллифи.
У Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мулк қўмитаси нашрида, ҳозирда эса Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Агентлик “Стандарт” журналида масъул муҳаррир лавозимида иш фаолиятини олиб бормоқда.
Республика матбуотида илмий, публицистик мақолалари ҳамда ижод намуналари билан мунтазам иштирок этиб келади.
БАЪЗАН
Баъзан соғинасан кимнидир тинмай,
Баъзан қайларгадир келади кетгинг.
Яна хос кунларга кўникмай, сиғмай,
Қалбинг шамолга фош келади этгинг.
Керакмас ўткинч шон, керакмас дунё,
Хаёллар беқўним, бебош, дарбадар.
Руҳинг самоларга интилар гўё.
Учмоққа шай, олис юлдузга қадар.
Сезимлар, кечимлар беун, саросар,
Кўксинг оғирлашар, надир чораси?.
Совургинг келади боринг ҳавога,
Охир, қабаради дийданг яраси..
Ишонч йўқолганда, гўё ҳақорат,
Туюлар дўстнинг ҳар такаллуф лутфи.
Аслинг йиғлаганда, кулмоқ — маҳорат,
Сабр тугаб, занглайди кўнгилнинг қулфи.
Шунда соғинасан ёруғ маъвони,
Келар кенгликларга бош олиб кетгинг.
Умид-ла юракка жойлаб дунёни,
Боладай қалбингни учириқ этгинг…
***
Боқаман, найрангбоз дунёи ҳашам,
Теграмда, кўз сузиб муқом, ноз этар.
Солланар такаббур, риёга жазман,
Раққосдай саҳнада рақсин соз этар.
Ол борим,
қўй мени
ишқ бирла..
Сен учун кўнгил не, нафс буюк матлаб,
Такаллуф эт, турлан, зорланиб тила.
Мен-чи бағрихунман, гумроҳ ишқталаб,
Илло, ҳеч фанодин кечгум бир йўла!…
Ол борим,
қўй мени
ишқ бирла…
Ҳар назар, ҳар ўйда бир фисқ ўрлайди,
Бас, мен ёр, ошиқман, дарвеш ҳалафман.
Кимга не насибу, ким не тилайди…
Мен кўнгил тарафман, мен дил тарафман.
Ол борим,
қўй мени
ишқ бирла…
Не ажаб, шу кўҳна дард билан борман,
Ситилсаму бунёд бўлсам минг карра…
Ибтидодан буён ҳамон машғулман,
Аслим топмоқ учун заррама зарра…
Ол борим,
қўй мени
Ишқ бирла…
***
Соғинч саҳросида излаганим ишқ,
Орзу осмонимда гуллаб нафамон.
Минг йилларки, бенур, бенаво қалбга,
Ям-яшил фаслда йўллади инъом.
Дилда қанот қоқиб умид қушларим,
Чуғурлаб кўнглимни эттилар ошкор.
Ўнгидан келдими оппоқ тушларим,
Тунларим паришон, беором, бедор.
Қалбимда нурлардан тоза бир туйғу,
Бир ниҳол унмоқда — ишқ деган дарахт.
Ҳар они фараҳбахш, жилвагар ёғду,
Минг йиллар кутганим, балки шудир.. бахт.
Жонимда, қонимда ҳисларим сармаст,
Гар у шароб бўлса, тоабад ичгум.
Карбало даштида ёлғиз эдим, бас…
Ишқки, гуноҳ бўлса, мен абад маҳкум.
Кўксимда асрадим осмоний исминг,
Ғанимим қаричлаб ҳар босган изим.
Риёкор, зим-зиё тун кечаларга,
Сочимни силашга бермадим изн.
Мени чорлаётган илоҳий бир сас,
Тилим тушунмайди ўзга лаҳжани.
Соғинчимга ватан этгумдир абас,
Руҳимга инган у ёруғ лаҳзани.
Энди қароғингда яшайман абад..
Муҳаббат юртида каъбам, маҳшарим.
Қалбинг ошёним то, рўзи қиёмат,
Кўксимга чўғ солган шамсим-қамарим.
Энди қароғингда яшайман абад..
ИҚРОР
Коинот қўйнида, юлдузлар аро,
Замин заррадан ҳам кичикроқ урвоқ.
Дунёдан бездимми, ё мендан дунё,
Мен урвоқ бағрига сиғмаган гумроҳ.
Мулзамман, тин олар таланган жоним,
Ҳамрозим, тунд бўлсам мендан ранжима.
Тинглаб тушунмаган саркаш руҳимни,
Ҳисларим ўзимга қилар таржима.
Айт, чўғни беркитиб бўларми кафтда,
Кўксимда бир исён – кўҳна алам, доғ.
Мен баҳор ишқидан забт ҳаволаниб,
Қирларни ёндириб сўнган қизғалдоқ.
Ичмасам ташнаман, сипқорсам осий,
Ҳаёт-шароб ҳеч ким қонмаган ютум.
Қалқир синоатга йўғрилган мозий,
Изтироби ширин, шодлиги заққум.
Билсам, узилмайди изнсиз япроқ,
Кўрсатган ҳар куни азалий қисмат.
Битта имо билан битилур аъмол,
Ҳар-ки, тортиғида мужассам ҳикмат.
Аюбнинг сабрини йўллади Тангрим,
Берган синовин сев, ғамин кулиб енг.
Кўнглим, олисдамас энг асл “ғаним”,
Эврилар, чиврилар ичимдаги “мен”.
АЁЛ
Ҳали тонг пардозин қилиб улгурмай,
Ёноғига сурмай ҳали қизил ранг.
Қишлоқ ҳовлисига жон кирар бирдай,
Шаҳар кўзларини ишқалар аранг.
Рўзғори, ташвиши, бошда минг хаёл,
Кунни уйғотади қишлоқда аёл.
Далага отланар, рўйи заъфарон,
Бошга рўмол танғир, товон қатқалоқ
Бир қўлда гўдаги, бирида кетмон,
Ориқ бармоқлари қуриган чаноқ.
Жигар азоб берар, ранглари бир ҳол,
Дардлари далага экилган аёл.
Сояни ўлдирар жавзо иссиғи,
Шаҳар тўрт деворга сиғмай кетади.
Эгатлар – умр йўли, қисмат чизиғи,
Аёл ғамларини унга экади.
Нигоҳлар сўниқ, қоматлари дол,
Дардлари далага экилган аёл.
Рангпар юзларини ялар гармсел,
Эркин пайкалларга тамғаган тақдир.
Даъвосиз темиртан бўлмиш нозик бел,
Кўз очиб кўргани шу дала, шу қир.
Чеҳралари сўлғин, ўзи бежамол,
Дардлари далага экилган аёл.
Шом тушар, шаҳар ҳам мургилар аста,
Манглайи қораяр, ҳовурли дала.
Тупроқ кечиб уйга қайтади ҳорғин,
Бир олам юмуши қаршилар яна.
Тоқат-бардошига тоғ қолади лол,
Ташвиши кулгусин юлқиган аёл.
Кўкда ой жамолин минг кўз-кўз этган,
Маҳзун чўзилади тун оққан палла.
Ой ҳавас қилгудек ҳуснин мунг ютган,
Мадор йўқ гўдакка айтмоққа алла.
Болишга бош қўяр, тин олар хиёл,
Орзуси далага кўмилган аёл…
Тонг саҳар… Бугунни уйғотар аёл…
ЎЗИМНИКИЛАР
Тилимни тишладим, тилимни ютдим,
Дарду туғёнларим жалага тутдим,
Ўкинчим дилимнинг тубига кўмиб,
Ернинг ўз ўқидан силжишин куттим.
Ўзагимни узгач ўзимникилар.
Кўзимнинг ёғини обдон ялашиб,
Ортимдан ғийбатга ўтин қалашиб,
Юзсизларча яна кулиб қарашиб,
Ор-номус, ғурур ва обрў талашиб,
Ўзагимни узар ўзимникилар.
Боримда айтишиб ширин сўз, мақтов,
Ёлғон мулозамат, меҳри беўхшов,
Йўғимда йўқламас шунчаки, бирров,
Асли у оёғим қотанган тушов,
Ўзагимни узган ўзимникилар.
Ризққа шерик, дастурхонимдагилар,
Баъзан дилдош, дардкаш ёнимдагилар,
Душман ишин қилар қонимдагилар,
Жонимни берганим, жонимдагилар,
Ўзагимни узар ўзимникилар.
Тўрам деб турланиб тўримга чиқиб,
Даврон суриб, тахту-сўримга чиқиб,
Ишим юришмаса, омадим кетса,
Тепкилашга тайёр гўримга чиқиб.
Ўзагимни узган ўзимникилар.
Яхшиликни билмас, дунё деб сотар,
Заҳарханда сўзи юракка ботар,
Қадамдош, қаламдош қондошларим,
Ногоҳ санчган тиғи куракка ботар,
Ўзагимни узса ўзимникилар.
Охират бўй бериб, бузилса тархи,
Бир куни тўхтаса фалакнинг чархи,
Кўнгил оғриғига арзирми фано,
Шунча қадрсизми меҳрнинг нархи,
Ўзагимни узган ўзимникилар.
Дунё бевафо деб айтарди онам,
Бундайлар Худодан қўрқмайди болам.
Кўксим қафасини бузганда нолам,
Кўзиммас, юракдан оқади жолам.
Ўзагимни узса ўзимникилар.
Қайғудан туғилар шеърим — тавобим.
Тазарру айладим, кечдим гуноҳин,
Яхшилик қилдиму балиқ билмади,
Билса Ҳолиқ берар ажру савобим.
Ўзагимни узган “ўзимникилар”.
ҲУЛВО
Cенда йўқ атиргул сумбати, кўрки,
Лоладай гўзалмас, қоматинг расо.
Ёлғон дунёларда кўнглимнинг дўсти,
Қалбим яросига малҳамим ҳулво.
Гулмисан, майсами, ё андуҳ-титроқ,
Нафис бўйларингдан яйрайди дилим.
Онамнинг исини таратган япроқ,
Отамни сўнгйўлга кузатдинг сўлим.
Сен Ҳақнинг ердаги жаннатий гули,
Самбиттол тагида ниш уриб баҳор.
Дунёга чинқириб келганим куни,
Бешигимда хушбўй таратдинг илк бор.
Тириклик юкини ташласам хориб,
Чорласа чин дунё-гардуни маъво.
Бир кун албат ҳоки туробим қориб,
Тупроғимдан униб чиқасан ҳулво,
Юрагимдан униб чиқасан ҳулво.
Гулмисан, майсами, андуҳми ё оҳ…
***
Нураган пахсаси қаддини кўмган,
Олисда кўринар бир манзил овлоқ.
Қуюқ туман сингиб, сукунат чўмган,
Икки дунё орасида — дўнгқишлоқ.
Найқамиш зикр тушиб ўқийди Ёсин.
Олисдан лоппиллаб келади тобут,
Ҳур-ғилмон шопирар гуноҳ-савобин,
Ёмонга хавотир, яхшига таскин.
Умр йўл, ҳаммамиз йўловчи гумроҳ,
Йўриқ йўқ, белги йўқ, на тақиқ, инкор.
Амалинг, маслагинг, матлабинг гувоҳ,
Яратгангагина маълум ва ошкор.
Жисмим ва руҳим тин олади лоҳас,
Аналҳақ айтади жунунваш шамол.
Қиёматга қадар шу зайил, абас,
Тасбеҳдай ўгрилар номаи аъмол.
Қайрағоч пичирлаб тортар фотиҳа,
Майсалар саждадан турар юзи нам.
Қўшалоқ қабрда бўлиб жуфтгина,
Бунда ётар менинг отам, ҳам онам…
Етти қават осмон ортида Эгам,
Уларга маъводан насиб эт макон.
Бир кун меҳмон бўлиб келурман мен ҳам,
Фанодан бақога эшик — қабристон.
***
Ё раб, кимга сўйлай дилда аламни,
Боримни бағримдан юлиб кетди куз.
Бир он тингламади, додим ноламни,
Фурсат қолдирмади айтмоққа сўнгсўз.
Қулоғим остида онамнинг саси,
“Узоқ йўлдан толмай келдингми, болам..”
Дилим қовжирайди, куяр нафасим,
Онамсиз кенгайиб қолдингми олам?…
Битдими қисматим нурли куни, ё…
Руҳавзо тушларим келмасми ўнгги.
Тиллоранг рақсига этиб маҳлиё,
Куз ютди шодлигим, умидим… сўнгги.
Ўтар ғариб кунлар далли, дилозор,
Кимдан меҳр тилай, сиздан зиёда.
Соғиндим отажон, сизсизман ночор,
Она, дийдор энди қайси дунёда?!.
Тун, борлиғим карахт, бедор ўйларим,
Англаб улгурмайман росту рўёни.
Умрнинг лаҳзалик эканин сўйлар,
Отамнинг устунда қолган чопони…
***
Интиҳо
Қари итдай ғингшиб, улийди шамол,
Деразам кўзидан боқаман аста.
Чопонин елкага ташлаб бемажол,
Эски йил кетмоқда, эгик бўй басти…
Бонг уради соат ўн иккига нақ,
Ҳовлиқиб эшигим қоқади биров.
Остонадан уйим кулгуга тўлар,
Янги йил киради, шодон-шўх, асов.
Азалдан бу чархнинг эртаги мунгли,
Келмоқ доим қувонч, кетиш эса ғам.
Тангрим, менга шундай қисмат битгинки,
Қаҳ-қаҳ отиб кулай кетишимда ҳам…
Zilola Xo’janiyozovaning she’rlari ko’zgusida paydo bo’lgan shoira siymosida jamiyatda faol yashayotgan – oila qurib farzandlar ko’rgan, ularni tarbiyalab elga qo’shgan (qo’shayotgan), ayni damda, o’zi ham jamiyatning bir kerakli parchasiga aylanishga jonu dili bilan intilayotgan jonkuyar onani, ayolni, insonni ko’rdim (Ulug’bek Hamdamning «She’r – suyanchiq» nomli maqolasidan. Maqolani mana bu sahifada o’qing).
Zilola XO’JANIYOZOVA
SHE’RLAR
Zilola Xo’janiyozova 1973 yil 16 iyunda tug’ilgan. Qarshi davlat universiteti filologiya fakulьteti hamda O’zbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat boshqaruvi akademiyasida tahsil olgan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. “Yuragimda bir gul o’sadi”, “Dil shevasi”, “Ko’ngilga yo’l” she’riy to’plamlari hamda qator ilmiy-publitsistik risolalar muallifi.
U O’zbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat boshqaruvi akademiyasida, O’zbekiston Respublikasi Davlat Mulk qo’mitasi nashrida, hozirda esa O’zbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Agentlik “Standart” jurnalida mas’ul muharrir lavozimida ish faoliyatini olib bormoqda.
Respublika matbuotida ilmiy, publitsistik maqolalari hamda ijod namunalari bilan muntazam ishtirok etib keladi.
BAЪZAN
Ba’zan sog’inasan kimnidir tinmay,
Ba’zan qaylargadir keladi ketging.
Yana xos kunlarga ko’nikmay, sig’may,
Qalbing shamolga fosh keladi etging.
Kerakmas o’tkinch shon, kerakmas dunyo,
Xayollar beqo’nim, bebosh, darbadar.
Ruhing samolarga intilar go’yo.
Uchmoqqa shay, olis yulduzga qadar.
Sezimlar, kechimlar beun, sarosar,
Ko’ksing og’irlashar, nadir chorasi?.
Sovurging keladi boring havoga,
Oxir, qabaradi diydang yarasi..
Ishonch yo’qolganda, go’yo haqorat,
Tuyular do’stning har takalluf lutfi.
Asling yig’laganda, kulmoq — mahorat,
Sabr tugab, zanglaydi ko’ngilning qulfi.
Shunda sog’inasan yorug’ ma’voni,
Kelar kengliklarga bosh olib ketging.
Umid-la yurakka joylab dunyoni,
Boladay qalbingni uchiriq etging…
***
Boqaman, nayrangboz dunyoi hasham,
Tegramda, ko’z suzib muqom, noz etar.
Sollanar takabbur, riyoga jazman,
Raqqosday sahnada raqsin soz etar.
Ol borim,
qo’y meni
ishq birla..
Sen uchun ko’ngil ne, nafs buyuk matlab,
Takalluf et, turlan, zorlanib tila.
Men-chi bag’rixunman, gumroh ishqtalab,
Illo, hech fanodin kechgum bir yo’la!…
Ol borim,
qo’y meni
ishq birla…
Har nazar, har o’yda bir fisq o’rlaydi,
Bas, men yor, oshiqman, darvesh halafman.
Kimga ne nasibu, kim ne tilaydi…
Men ko’ngil tarafman, men dil tarafman.
Ol borim,
qo’y meni
ishq birla…
Ne ajab, shu ko’hna dard bilan borman,
Sitilsamu bunyod bo’lsam ming karra…
Ibtidodan buyon hamon mashg’ulman,
Aslim topmoq uchun zarrama zarra…
Ol borim,
qo’y meni
Ishq birla…
***
Sog’inch sahrosida izlaganim ishq,
Orzu osmonimda gullab nafamon.
Ming yillarki, benur, benavo qalbga,
Yam-yashil faslda yo’lladi in’om.
Dilda qanot qoqib umid qushlarim,
Chug’urlab ko’nglimni ettilar oshkor.
O’ngidan keldimi oppoq tushlarim,
Tunlarim parishon, beorom, bedor.
Qalbimda nurlardan toza bir tuyg’u,
Bir nihol unmoqda — ishq degan daraxt.
Har oni farahbaxsh, jilvagar yog’du,
Ming yillar kutganim, balki shudir.. baxt.
Jonimda, qonimda hislarim sarmast,
Gar u sharob bo’lsa, toabad ichgum.
Karbalo dashtida yolg’iz edim, bas…
Ishqki, gunoh bo’lsa, men abad mahkum.
Ko’ksimda asradim osmoniy isming,
G’animim qarichlab har bosgan izim.
Riyokor, zim-ziyo tun kechalarga,
Sochimni silashga bermadim izn.
Meni chorlayotgan ilohiy bir sas,
Tilim tushunmaydi o’zga lahjani.
Sog’inchimga vatan etgumdir abas,
Ruhimga ingan u yorug’ lahzani.
Endi qarog’ingda yashayman abad..
Muhabbat yurtida ka’bam, mahsharim.
Qalbing oshyonim to, ro’zi qiyomat,
Ko’ksimga cho’g’ solgan shamsim-qamarim.
Endi qarog’ingda yashayman abad..
IQROR
Koinot qo’ynida, yulduzlar aro,
Zamin zarradan ham kichikroq urvoq.
Dunyodan bezdimmi, yo mendan dunyo,
Men urvoq bag’riga sig’magan gumroh.
Mulzamman, tin olar talangan jonim,
Hamrozim, tund bo’lsam mendan ranjima.
Tinglab tushunmagan sarkash ruhimni,
Hislarim o’zimga qilar tarjima.
Ayt, cho’g’ni berkitib bo’larmi kaftda,
Ko’ksimda bir isyon – ko’hna alam, dog’.
Men bahor ishqidan zabt havolanib,
Qirlarni yondirib so’ngan qizg’aldoq.
Ichmasam tashnaman, sipqorsam osiy,
Hayot-sharob hech kim qonmagan yutum.
Qalqir sinoatga yo’g’rilgan moziy,
Iztirobi shirin, shodligi zaqqum.
Bilsam, uzilmaydi iznsiz yaproq,
Ko’rsatgan har kuni azaliy qismat.
Bitta imo bilan bitilur a’mol,
Har-ki, tortig’ida mujassam hikmat.
Ayubning sabrini yo’lladi Tangrim,
Bergan sinovin sev, g’amin kulib yeng.
Ko’nglim, olisdamas eng asl “g’anim”,
Evrilar, chivrilar ichimdagi “men”.
AYoL
Hali tong pardozin qilib ulgurmay,
Yonog’iga surmay hali qizil rang.
Qishloq hovlisiga jon kirar birday,
Shahar ko’zlarini ishqalar arang.
Ro’zg’ori, tashvishi, boshda ming xayol,
Kunni uyg’otadi qishloqda ayol.
Dalaga otlanar, ro’yi za’faron,
Boshga ro’mol tang’ir, tovon qatqaloq
Bir qo’lda go’dagi, birida ketmon,
Oriq barmoqlari qurigan chanoq.
Jigar azob berar, ranglari bir hol,
Dardlari dalaga ekilgan ayol.
Soyani o’ldirar javzo issig’i,
Shahar to’rt devorga sig’may ketadi.
Egatlar – umr yo’li, qismat chizig’i,
Ayol g’amlarini unga ekadi.
Nigohlar so’niq, qomatlari dol,
Dardlari dalaga ekilgan ayol.
Rangpar yuzlarini yalar garmsel,
Erkin paykallarga tamg’agan taqdir.
Da’vosiz temirtan bo’lmish nozik bel,
Ko’z ochib ko’rgani shu dala, shu qir.
Chehralari so’lg’in, o’zi bejamol,
Dardlari dalaga ekilgan ayol.
Shom tushar, shahar ham murgilar asta,
Manglayi qorayar, hovurli dala.
Tuproq kechib uyga qaytadi horg’in,
Bir olam yumushi qarshilar yana.
Toqat-bardoshiga tog’ qoladi lol,
Tashvishi kulgusin yulqigan ayol.
Ko’kda oy jamolin ming ko’z-ko’z etgan,
Mahzun cho’ziladi tun oqqan palla.
Oy havas qilgudek husnin mung yutgan,
Mador yo’q go’dakka aytmoqqa alla.
Bolishga bosh qo’yar, tin olar xiyol,
Orzusi dalaga ko’milgan ayol…
Tong sahar… Bugunni uyg’otar ayol…
O’ZIMNIKILAR
Tilimni tishladim, tilimni yutdim,
Dardu tug’yonlarim jalaga tutdim,
O’kinchim dilimning tubiga ko’mib,
Yerning o’z o’qidan siljishin kuttim.
O’zagimni uzgach o’zimnikilar.
Ko’zimning yog’ini obdon yalashib,
Ortimdan g’iybatga o’tin qalashib,
Yuzsizlarcha yana kulib qarashib,
Or-nomus, g’urur va obro’ talashib,
O’zagimni uzar o’zimnikilar.
Borimda aytishib shirin so’z, maqtov,
Yolg’on mulozamat, mehri beo’xshov,
Yo’g’imda yo’qlamas shunchaki, birrov,
Asli u oyog’im qotangan tushov,
O’zagimni uzgan o’zimnikilar.
Rizqqa sherik, dasturxonimdagilar,
Ba’zan dildosh, dardkash yonimdagilar,
Dushman ishin qilar qonimdagilar,
Jonimni berganim, jonimdagilar,
O’zagimni uzar o’zimnikilar.
To’ram deb turlanib to’rimga chiqib,
Davron surib, taxtu-so’rimga chiqib,
Ishim yurishmasa, omadim ketsa,
Tepkilashga tayyor go’rimga chiqib.
O’zagimni uzgan o’zimnikilar.
Yaxshilikni bilmas, dunyo deb sotar,
Zaharxanda so’zi yurakka botar,
Qadamdosh, qalamdosh qondoshlarim,
Nogoh sanchgan tig’i kurakka botar,
O’zagimni uzsa o’zimnikilar.
Oxirat bo’y berib, buzilsa tarxi,
Bir kuni to’xtasa falakning charxi,
Ko’ngil og’rig’iga arzirmi fano,
Shuncha qadrsizmi mehrning narxi,
O’zagimni uzgan o’zimnikilar.
Dunyo bevafo deb aytardi onam,
Bundaylar Xudodan qo’rqmaydi bolam.
Ko’ksim qafasini buzganda nolam,
Ko’zimmas, yurakdan oqadi jolam.
O’zagimni uzsa o’zimnikilar.
Qayg’udan tug’ilar she’rim — tavobim.
Tazarru ayladim, kechdim gunohin,
Yaxshilik qildimu baliq bilmadi,
Bilsa Holiq berar ajru savobim.
O’zagimni uzgan “o’zimnikilar”.
HULVO
Cenda yo’q atirgul sumbati, ko’rki,
Loladay go’zalmas, qomating raso.
Yolg’on dunyolarda ko’nglimning do’sti,
Qalbim yarosiga malhamim hulvo.
Gulmisan, maysami, yo anduh-titroq,
Nafis bo’ylaringdan yayraydi dilim.
Onamning isini taratgan yaproq,
Otamni so’ngyo’lga kuzatding so’lim.
Sen Haqning yerdagi jannatiy guli,
Sambittol tagida nish urib bahor.
Dunyoga chinqirib kelganim kuni,
Beshigimda xushbo’y taratding ilk bor.
Tiriklik yukini tashlasam xorib,
Chorlasa chin dunyo-garduni ma’vo.
Bir kun albat hoki turobim qorib,
Tuprog’imdan unib chiqasan hulvo,
Yuragimdan unib chiqasan hulvo.
Gulmisan, maysami, anduhmi yo oh…
***
Nuragan paxsasi qaddini ko’mgan,
Olisda ko’rinar bir manzil ovloq.
Quyuq tuman singib, sukunat cho’mgan,
Ikki dunyo orasida — do’ngqishloq.
Nayqamish zikr tushib o’qiydi Yosin.
Olisdan loppillab keladi tobut,
Hur-g’ilmon shopirar gunoh-savobin,
Yomonga xavotir, yaxshiga taskin.
Umr yo’l, hammamiz yo’lovchi gumroh,
Yo’riq yo’q, belgi yo’q, na taqiq, inkor.
Amaling, maslaging, matlabing guvoh,
Yaratgangagina ma’lum va oshkor.
Jismim va ruhim tin oladi lohas,
Analhaq aytadi jununvash shamol.
Qiyomatga qadar shu zayil, abas,
Tasbehday o’grilar nomai a’mol.
Qayrag’och pichirlab tortar fotiha,
Maysalar sajdadan turar yuzi nam.
Qo’shaloq qabrda bo’lib juftgina,
Bunda yotar mening otam, ham onam…
Yetti qavat osmon ortida Egam,
Ularga ma’vodan nasib et makon.
Bir kun mehmon bo’lib kelurman men ham,
Fanodan baqoga eshik — qabriston.
***
Yo rab, kimga so’ylay dilda alamni,
Borimni bag’rimdan yulib ketdi kuz.
Bir on tinglamadi, dodim nolamni,
Fursat qoldirmadi aytmoqqa so’ngso’z.
Qulog’im ostida onamning sasi,
“Uzoq yo’ldan tolmay keldingmi, bolam..”
Dilim qovjiraydi, kuyar nafasim,
Onamsiz kengayib qoldingmi olam?…
Bitdimi qismatim nurli kuni, yo…
Ruhavzo tushlarim kelmasmi o’nggi.
Tillorang raqsiga etib mahliyo,
Kuz yutdi shodligim, umidim… so’nggi.
O’tar g’arib kunlar dalli, dilozor,
Kimdan mehr tilay, sizdan ziyoda.
Sog’indim otajon, sizsizman nochor,
Ona, diydor endi qaysi dunyoda?!.
Tun, borlig’im karaxt, bedor o’ylarim,
Anglab ulgurmayman rostu ro’yoni.
Umrning lahzalik ekanin so’ylar,
Otamning ustunda qolgan choponi…
***
Intiho
Qari itday g’ingshib, uliydi shamol,
Derazam ko’zidan boqaman asta.
Choponin yelkaga tashlab bemajol,
Eski yil ketmoqda, egik bo’y basti…
Bong uradi soat o’n ikkiga naq,
Hovliqib eshigim qoqadi birov.
Ostonadan uyim kulguga to’lar,
Yangi yil kiradi, shodon-sho’x, asov.
Azaldan bu charxning ertagi mungli,
Kelmoq doim quvonch, ketish esa g’am.
Tangrim, menga shunday qismat bitginki,
Qah-qah otib kulay ketishimda ham…