Ланг очиқ темир дарвозадан кириб келган уринганроқ «Нексия» ўнг тарафдаги вагон-уйдан бироз ўтиб тўхтади. Унинг орқа эшигидан юз-кўзию ҳаракатларидан чинакам амалдорлардек кўри¬нишга астойдил чиранаётганлиги сезилиб турган қирқ ёшлардаги эркак шошилмай тушди. Эшикни ёпиши биланоқ машина нари кетди. Бирпас у ён-бу ён синчков назар ташлаган бўлди-да, вагон-уй олдидаги қават-қават алламбало кийимларнинг устидан «йўлчи»ларнинг сариқ камзулини кийиб, биқсиган, қалин, беўхшов қўлқопини ечаётган аёлга қаради. Аёл оёғидаги кигиз этик туфайли ҳамда эски жун рўмолини оғзи-бурнигача ўраб, тепасидан туссиз қалпоқ ҳам бостириб олганидан, бир қарашда, хийла семизга ўхшаб кўринади.
– Шура, – дея чақирди раҳбар аёлга хўмрайиб.
Аёл қўлқопини қўлтиғига қисиб, қўлларини қовуштирганча унга яқинлашди.
– Ну как, тинчликми? – сўради раҳбар аёлга бошдан оёқ бир қур нописанд назар солиб. – Кечаси ҳеч гап бўлмадими?
– Да, тинчлик, ҳеч гап бўлгани йўқ.
– Ҳм-м, хорошо…
Раҳбар кечқурун ёққан юпқа қор хафсала билан супурилганидан ичида ўзича мамнун бўлиб машинаси кетган ёққа юрди. Пича юриб тўхтади. Ортига қайрилди.
– Davomini o'qish