Ibodat Rajabova. Yangi she’rlar & Zikri qalb sultoni. Xoja Аbdulxoliq Gʼijduvoniy hayoti qissasi va asarlari tarjimasi

044Узоқ вақт Ибодат Ражабовадан бирон бир хабар келмаганини энди билдим: оғир бетоб экан. Аллоҳи Каримнинг шафоати билан шифо топганини эшитиб, Яратган Парвардигорга ҳамду санолар айтдим ва бугун мамнуният билан ўзига хос шеърий услуб эгаси бўлмиш  шоиранинг янги шеърларини сизга тақдим этмоқдаман. Соҳифада, шунингдек, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳаёти ва фаолиятига бағишланган қисса, буюк муршид рубоийлари ва рисолалари таржималари билан танишасиз.

Ибодат РАЖАБОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


ibodat-rajabovaИбодат Ражабова Пешкў туманидаги Қалаймиришкор қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология ва Тошкент давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетларини тугатган. «Осмондаги фаришта», «Қуш киприги», «Бухорнур ёки етти пир», «Бухорода гужум гуллади» ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўз услубига эга истеъдодли шоиранинг шеърлари шеър ихлосмандларининг назарига тушган.


ҚАРОР

Қаламимни туғдонга қўйдим,
Кароматдан ўрадим рўмол.
“Минг бир шаҳар” ичига боқсам,
Бутун бўлди бор синган сопол.

Қип-қизарди қишда юлғунлар,
Саксавуллар шамолга ҳайкал.
Менинг тарнов бўлиб қолишим,
Шоирликдан минг карра афзал.

Қўшнай билан қўшқатор бўлдим,
Лолалардан пиширдим кабоб.
Олмазорлар тасбеҳин тинглаб,
Сочларимдан тўкилди шароб.

Руҳлар билан рақси гул тушдим,
Кўнгли билан тортишди бодом.
Сенга Румий хабар бердими,
Кўҳи Қофдан ясаб олдим жом.

Қуюнману қумлоқда ботдим,
Чиғаноқдай ичим тўла ғам.
Тупроқдан тоғ бўлармидинг, айт,
Этагимни ўпишга берсам…

* * *

Тўғонларнинг бошин силадим,
Дарёларнинг ўпдим юзидан.
Сувпарига қўл берганимдан,
Бўлиб кетди нурдай муҳтарам.

Сафдан чиқиб сафларга кирдим,
Байроқдорим Ҳофиз Шерозий.
Мен меҳмонни ҳушёр торттирди,
Нам тортмаган туздон овози.

Сут соғмасдан ҳеч туролмайман,
Гул ҳидламай юрсам ҳаво дим.
Искандарнинг об-очиқ қўли,
Мушт бўлсами оғрийди кўнглим.

Ёмғир, шамол, шабнам – худохат,
Тароғимда оқтут ҳиди бор.
Донхум тожин менга кийдирди,
Имзо йиғмай Қодири Қаҳҳор
Тонг, тупроқдан рангимни топдим,
“Авесто”га шеърим гўшангга.
Муҳри бориб, хумдон топдиму
Юрагимдан зарб урдим танга.

* * *

Онам ўпган гуллар кўпайди,
Уруғига осди қўнғироқ.
Ҳар бир тишин мушкхона қилди,
Сочларимни тараб туттароқ.

Сутчелаги – гуллаган бодом,
Ниятига дунё харидор.
Дарвозадан уй шифти қадар,
Ҳовлимизда ҳар куни бозор.

Чорвоқ билан ташвиши битта,
Далага ҳам югурар кетмон.
Боши оғир шолипоялар,
Қўл кафтига тўкиб берар дон.

Ўймоғига уйланган давлат,
Ип-игнаси тангрига пайванд.
Жойнамозим гуллари ҳатто,
Кеча-кундуз дуо билан банд.

Тандир, ўчоқ – кичик хумдонча,
Мадҳияси “пишир, тушир, бер…”
Бмр кун “ухлаб” қолишим ўйлаб,
Пешонамдан чиқиб кетар тер.

* * *

Тожим ёқут, булбулга бердим,
Овозимни олди қўнғироқ.
“Бир бечора шоир” деманг, Сиз,
Гул сувратим – тик турган байроқ!

Боғқалъалар шеъримга кирган,
Боларилар менинг лашкарим.
Гул уруғлар қулоғига чин –
Қиш охири – ҳутазон айтдим.

Ток зулфларин тунда ёғладим,
Чигирткалар туғма қўшиқчи.
Типратикан изидан тўлди,
Қовун пишгач, полизлар ичи.

Қарқаралар кўнгил ёритгич,
Қумриларга мен берганман қўл.
Йўлга чиқсам, йўлдошим – дуо,
Пулдан кўра ҳайротларим мўл.

Нақшбандий нақши – илдизим,
Саждагоҳим ям-яшил туздон.
Оқ махсимдан қумқайиқ ясаб,
Мен сен томон боргум Художон.

* * *

Кошки мени дуо қилса боғ,
Кошки саҳар уйғотса бодом.
Гужум туғлар қаддим қаричлаб,
Бир нурқалам юборса Хайём.

Минор билан қилсам дилсафар,
Токгулларга ботсак, йиғласак.
Тўрт ариғин ўн ботир қилиб,
Тунсоқчилик қилса Работак.

Айланалар қондай айланса,
Тоштасбеҳлар осма тарози.
Тор кўксимда кўпкари тушса,
Мингдолонда қушлар парвози.

Қучиб ётсам болариларни,
Бешикларга йиғиб берсам бол.
Қалб зикрим ижобатидан,
Олтинларга айланса сопол.

Қўлим чўзсам сиз кетган томон,
Масофалар бўлса бир қарич.
Нур ёғилса ёмғир ўрнида,
Девзиралар – Худоелпиғич…

Кошки мени дуо қилса боғ.

* * *

Лайливашлар қақнусга келин,
Тирноқгуллар олтин тарози.
Бухорони зарга тўлдирди,
Зарафшоннинг Ҳақ берган нози.

Кўнглим фақат гулдонга сиғар,
Тахтдан, тождан изламанг мени.
Эрта минг боғ сайрига боргум,
Пайғамбарнинг дулдули қани?

Нақшбандий нақшидан белбоғ,
Тўқиб белга боғлаганим он.
Хонлар чалғи чархлашга тушди,
Қўлкафтларим – очилдастурхон!

Мени бу бахт шоҳшоир қилди,
Қишлоғимни мулки заргарон.
Қушлар боғбон бўлиш пайида,
Учиб кетди хожалар томон.

Дарвозалар хоби бузилди,
Донхумларда ухламас шамол.
Қиш бўлса ҳам гўлпиёламга,
Боларилар солиб кетди бол!

БУХОРОДАН БУХ ОРО ҚАДАР…

Разбоғларнинг мактабига кир,
Устунлардан ўргангин сабоқ.
Лайливашлар сочини ҳидлар,
Азон туриб нафис туттароқ.

Бошинг усти баланддан баланд,
Ортингда тик турар гулдевор.
Бир юз учта зарҳовузида,
Чорлаб кўринг олтин балиқ бор.

Тарих билан сувдони битта,
Дарвеши ҳам дулдул минади.
Макр билан давлат топганнинг,
Шоҳи тугул бели синади.

Маст узумлар майга айланар,
Арки кўкнинг ерилдизи.
Чимилдиғин гулларин ўпган,
Моххоссалар – Худонинг қизи.

Бору-йўғи – ҳумо уруғи,
Оқ тутидан сут соғар ҳилол.
Бу дунёнинг минг зот меъзони,
Бозоридан топади қарор.

* * *

Қоқигуллар руҳлар суврати,
Қалдирғочлар қории қурро.
Сувпарилар базм қилар пайт,
Қулфаклардан туғилди Сино.

Ҳарсангтошлар шамол ёстиғи,
Олтинбалиқ – кўринмас дийдор.
Ниначилар яшил бошида,
Таъна урманг менинг фелим бор.

Қари боғлар – чарчаган рўзғор,
Гулсаватлар – учкунлик савлат.
Шеърларини чақмоқда юклаб,
Бедил томон борди Ибодат.

Йўлда барибир сардоба чиқар,
Туғрол тунни қилади шудгор.
Бухоронинг ҳар нафасида,
Битта Румий туғилиши бор.

Тонг, рақсларни йўлларда тушгум,
Дийдор билан қилгум нонушта.
Учқур отим ёлини ёғлаб,
Рикобдорим бўлар фаришта!

* * *

Ўжар кўнглим Сиз билан кетди,
Гул уруғи кулди устимдан.
Туғлар сочин шамдонда тортиб,
Кулбамга кўп келди Навметан.

Этакларим шамолдан тўлди,
Енгларимни йиртиб чиқди қуш.
Кўз ўнгимда алдоқчи тушлар –
Гирдоб билан қурдилар турмуш.

Ўрикзорлар суврати – сажда,
Хурмозорлар хумори – сариқ.
Неча йилким бошсиғар топмай,
Чап кўксимда яшайди санчиқ.

Йиллар мени оздирди – хомуш,
Пистакўмир ҳиди – дилдори.
Ҳижрон билан қоришиб куйди,
Нурқаламим ноёб оҳори.

Авлиёлар зикр тушди йиғлаб,
Туялардан тушиб келди Ҳут.
Торим синиқ… соямга сиғиб,
Бухорода йиғлар момотут.

Ўжар кўнглим Сиз билан кетди.

* * *

Нега шамол соқоли мовий,
Нега қуруқ ўйилган кўнглим.
Тонгда туриб Аюб булоғин,
Туб-тубидан бориб сув ичдим.

Гулпиёла бўлди ишкомлар,
Суткосага айланди ҳовуз.
Намозгоҳ, шом, ҳовлига келди,
“Тур, менга ҳам разбоғ шароб суз!”

Равшан тортди дуолар туши,
Девзиралар гуллади, ўсди.
Тўмарисга сурмадон бўлди,
Оқ олманинг муаттар пўсти.

Бухородан Бух оро қадар,
Экиб чиқдим шеъримни ҳар кун.
“Шоҳнома”нинг қонунин бузиб,
Сийпирига келди Фаридун.

Гулдонимни туғларга бердим,
Мендан дастхат сўради Ҳумо.
“Бу Ибодат ибодати” деб,
Имзо қўйиб берди Бухоро.

* * *

Аравалар кўниккан тақдир,
Қуш қаноти – Тангри елпиғич.
Хизр соғган кийик сутини,
Этагингга солиб тунда ич!

Олма гулин тасбеҳини топ!
Қўнғироқдан тикиб ол ковуш.
Кеча тушинг вулқон бўлдими?
Сочим бўлгач пишмаган кумуш.

Бору йўғим сопол сиёҳдон –
Суянганим Атфор девори.
Томда ётсам ортимдан келди,
Бухоронинг хом зар бозори.

Кўзларимга туш парда тортдим,
Кипригингдан тўқидим эртак.
Остонангга кўнглимни ёзсам –
Етти пирнинг соқоли патак.

Тошни чалдим тошқудуқ бўлди,
Сени кўриб дийдам Вахшувор…
Мен ўзимни ойга осмасдан,
Иқрор бўлчи кўнглингда ким бор?

ҚИРҚҚИЗ ҚАЛЪА

Қирқта қизнинг сочини ўпдим,
Қирқта қизга югурдим пешвоз.
Қирқта қизнинг жамоли билан,
Маъбудларга тунлар айтдим роз.

Тоштобутлар пахтадай юмшоқ,
Донхумларнинг мулкига ривож.
Субузқалъа осмонга чиқиб,
Дасторимчун олиб келди тож.

Қизилқалъа гулобий бўлди,
Синчиқалъа битди тошбитик.
Кампирқалъа ғозадонидан,
Шамолларга улашди илик.

Варахшанинг ариқларидан,
Зар сув ичдим – шишахумдонман.
Сопол қувур деворларини,
Енги билан артди Зарметан.

Оттуёқлар минг шаҳар муҳри.
Махфий йўллар душманга қопқон.
Учкулоҳнинг кулоҳи чаппа –
У ухлар пайт уйғоқ биёбон.

КАМПИРАК ДЕВОР

Урганч чўлда Ўба тикладим,
Юлғунларга гуллаб бердим тун.
Кампирдевор бошида ётсам,
Яловини юборди Мажнун.

Сардаридан чўғилдиз келди,
Муғонакдан келди мингта жом.
Қайнархумлар рақсини кўриб,
Фирдавсийни уйғотди Хайём.

Қорақирнинг сочи қоп-қора,
Шумғиянинг пишди илдизи.
Суткосамга сариёғ солди,
Хонтушарнинг дуогўй қизи.

Туя миниб Нўъфачга келдим,
Отга миниб тутдим гулдурак.
Оташакдан осмон терганим,
Қумшаъбага айтди сеталак.

Бухор Хотун келди этиги,
Қўнжигача тиллога ботган.
У кўтарган девор ичида,
Оқшўшадай гулларди Ватан!

ЎБА

Ой сутларин шинаклар шимди,
Сопол қувур тортди хомуза.
Қизил қирда олов ёнганин,
Чокардиза қилди овоза.

Садоқдонлар семириб кетди,
Довул кийиб чиқди кўктеппа.
Шумғиялар уйғонди қирққиз,
Сочи билан шамолни чертса.

Деворбитик беминнат жарчи,
Тахтақудуқ сувхумга она.
Оқ кийиклар “шохўйин” қилса,
Босқинчилар бўлди девона.

Шувоқларни бағримга босдим,
Тиззамга бош қўйди Оқработ.
Кампирдевор қирлар ортидан,
Ярим кеча миниб келди от.

Минг шаҳарга кўк садо бердим,
Қайлардасиз олтиндарғалар.
Қишлоқгача ортимдан келди,
Синиб кетган сополпарчалар.

КЎНГЛИМНИ СЎРАБ КЕЛ

Илоҳий нур бу маконим,
Ҳеч кимга югурмас камоним.
Майсанинг тирноғи бу жоним,
Кўнглимни сўраб кел, кўнглимни…

Тўмарис отига шеър бердим,
Бухорий бодомга ер бердим.
Вулқонда исиниб рисқимни тердим,
Кўнглимни сўраб кел, кўнглимни…

Онамнинг тупроғи майсазор,
Отам хом томоқдан қилди ор.
Кўнглимким шукрона, ярими бозор,
Кўнглимни сўраб кел, кўнглимни…

Тоғдонда елкамнинг тошини йиғдим,
Маъбудлар қасрига сув миниб чиқдим.
Ғорларни ювмасам ҳаво дим,
Кўнглимни сўраб кел, кўнглимни…

Бир ўзинг қаричга сиғарим,
Ҳикматда ин қурган каптарим.
Пирлардан тиланган назарим,
Кўнглимни сўраб кел, кўнглимни…

Бухоро девори туздоним,
Болари жуфт шохи товоним.
Хом сутдан хўп тўйган ёмоним,
Кўнглимни сўраб кел, кўнглимни…

БЕШДАРҒАТ

Беш дарғатдан бориб сув ичдим,
Ёғ доғладим тушимда ҳар кун.
Хайригуллар уруғин тўплаб,
Менга камзул тикди бир Мажнун.

Пайшанбадан тиллақош олсам,
Қайроқтошлар тўсди йўлимни.
Қалқонларда чилла ўтирдим,
“Чорлаб беринг, Гулжамол қани?!”

Сўқмоқлардан сурма сўрадим,
Бекатлардан гулли соябон.
Оқ олмадан кўзгу ясасам,
Каттақўрғон Худоси ҳайрон…

Оқ яктаклар ойдинда юрар,
Оқ рўмоллар ёғду ўрмаги.
Бешдарғатни шундай кўрманг сиз,
У – ердаги Тангри тиргаги.

Ўнта ҳовли эшигин қоқсам,
Алплар чиқди қаторасига.
Дуолардан кўп совға олдим,
Бухоронинг минорасига.

ОНАМ ВАФОТИ КУНИ

Қудуқларни ковлади шамол,
Кўприкларни кўтарди довул.
Ҳовлимиздан қабристон қадар,
Қалдирғочлар бўлди қоровул.

Тўмариснинг тори узилди,
Широққа ҳам етмади ҳаво.
Пилла ичин очиб қарасам,
Ғумбаклари қилибди қазо.

Бухорхудот жуняктак кийди,
Бухорхотун абраю махси.
Момотутлар кўзёшларидан,
Тўлиб кетди ҳовузлар ичи.

Шу тонг мушук сутдан тўймади,
Боғ эшигин буздириб саҳар.
Шоир туғган аёл ўлди деб,
Титраб, қақшаб келди шамшодлар.

Қибла йўлдан кўтарилди чанг,
Ваҳи зикри бўлди овоза…
Етти Пирнинг руҳсати билан,
Қушлар ўқиб ўқиб берди жаноза.

Киприк ёғдан шишди қўлрўмол,
Гулбоғични музлатди сукут.
Саман отин теракка боғлаб,
Алпомиш ҳам кўтарди тобут.

ХАЙРИЯТ…

Онам боғдай гўзал қариди,
Сочлар оппоқ, кўйлаклар узун.
Дуолардан саҳар бўларди,
Бобом, Ҳофиз, Бобур кўрган тун.

Махсисига гулоб суртарди,
Ўнг қошига тўйпаловдан ёғ.
Кўксомсага кўнгли кетарди,
Ҳут-ҳут келиб яшиллангач боғ.

Дарчаларни очиб қўярди,
Хомтуш кўрса чиқарарди ис.
Кўкчойига қаймоқ бўларди,
Гулмихларда қуриган ялпиз.

Қишлоқ рўзгор, ҳандалак қоқи,
Гужумяпроқ бўлганда совун.
Қўшнига ҳам чиқиб борарди,
Сандалида исинган қовун.

Нима топса қирққа бўларди,
Шукронасин Худога йўллаб…
Қачон борсам тўйчапон тикиб,
Ўтирарди қиблага қараб.

ҚУШ ҚИЧҚИРИҒИ

Онам кетди – сут тортди хийра,
Отам кетди – белбоғлар бетоб.
Ойни буғдой қилиб сепсам ҳам,
Нимагадир чап кўксим хароб.

Хонқизининг отаси хонми?
Сачратқигул бўлмади қоғоз.
Давраларда бир гап айланди:
– Кесаклар ҳам қиларкан парвоз.

Булбулларнинг кўзида кўрхат…
Қўшнайлар ҳам қуриган япроқ.
Мисмас, олтин бўлиб туғилган
Уйилгичда ётар қўнғироқ.

Бир йиғладим, шабнамда титроқ,
Гужумгуллар пуштида оташ.
Меҳробни ҳам гангитиб қўйди,
Айрим ғўра саллали қараш.

Ё, Ҳуу дедим, ҳурлар уйғонди,
Ё, Ҳақ дедим, меърожда исён.
Бор туғларнинг сочидан тутдим:
– Сен Алпомиш бўласан қачон?!

АЙРИЛИҚ

Отам Абдулла Ражаб хотирасига

Ота,
Яктагингиз илгичда қолди.
Маҳсингизни тарс ёрди шамол.
Қумрингизни қуйиб юбордик:
“Қайга борсанг майли, яхши бор!”

Отингизни ёлғизлик эзди,
У тақасин синдириб олди.
Бўрибосар зотдор итингиз,
Келинларнинг қўлида қолди.

Боғимизни гир айланди куз,
Қандак ўрик кам берди ҳосил.
Ғалвирингиз кўзи юмилгач,
Қиш чилласи гуллади анжир.

Дарвозамиз занжири синди,
Кетмонларни босиб кетди занг.
Уйишкомни талаган чумчуқ,
Фил бўлмасдан юрганин қаранг.

Давраларда бир жуфт ковуш кам,
Халта унлар энди бир қадоқ…
Ҳаққуш сасин излаб чарчади,
Абдулласин йўқотган қишлоқ.

* * *

Жамолбой,
Онамнинг тандири совиди.
Чўғларни уйғотмас косови.
Илгичда зериккан камзулин кўриб,
Кўзимдан тўкилди кўнглим олови.

Сочиқда қўлининг изи йўқ,
Отамнинг яктаги йиртилган…
Ит ғажиб ташлаган мушугин,
Боласи кўчадан излади ватан.

Боғҳовли ҳовлиқиб сарғайди,
Белини синдирди толкўприк.
Оқ, серсут сигири кўп маъраб,
Бир ҳафта ичида тўктирди илик.

Нонжийда халтаси қадрсиз,
Ялпизни соғиниб бужмайди туршак.
Кўмилган ҳолича кўмилиб қолди,
Кўканжир остида бир дўппи данак.

Гулчопиқ кетмонин босди занг,
Ғарамни ғалвирлар чумчуқлар.
Уйшифтда интизор қалдирғоч,
Онамнинг дийдорин Аллоҳдан сўрар.

Қишлоқнинг чаккаси райҳонсиз,
Қировда нам тортди исириқ.
Мен катта шоирни соғиниб,
Энди ким ҳам кутарди интиқ…

БОЛАЛИГИМ

Чорвоқлардан нонжийда терди,
Томга чиқиб: “Бу осмон деди”.
“Сочим ўсиб ерга тегар” деб,
Шакархорнинг гулларин еди.

Чўнтаклари майиздан хушбўй,
Қўлкафтида қушлар суврати.
Укамга деб йиғган туршагим,
Битта қўймай чумоли еди.

Сузмахалта, олашақшақа,
Қуёшларда қуриган қурут.
Полизлардан ҳандалак узиб,
Гоҳ ковуши бўларди унут.

Қўй боқарди эчкилар айёр,
Токзорларга югуриб ҳар кун.
Қўриқчилар уйқусин бузса,
Таёғидан чиқарди тутун.

Мактаб йўли далага борди,
Эгат, терим, шийпонда тушлик.
Терда қотган читкўйлагини,
Кўп ҳидлади кўр олтин балиқ.

“Зебинисо” равоқда ётди,
Навоийни унутди Мажнун.
Болалигим:
Аравага миниб чўл кетди,
Янтоқ чопиб келгани ҳар кун.

** *

Туғлар туздонида тузлангим келди,
Қаймоққа кўнглимни тўғрагим келди.
Онамдай сочимни қатиқда ювиб,
Бедил чопонига ўрангим келди.

Қўлимни узатсам ўзимга етар,
Ўзимни ўзимдан сўрагим келди.
Фарходга қарасам қуёш ҳам ташна,
Мингбулоқ мисоли керагим келди.

Гавҳарлар гирдобин ортидан чопдим,
Гирдобдан Худога қарагим келди.
Машрабнинг салласин бошимга ташлаб,
Йиғлагим, йиғлагим, йиғлагим келди.

Кўнглим атрофидан айландим такрор,
Ё майман, ё майхум, дарагим келди.
Ҳут келиб “Сен уруғ” дегандан бошлаб,
Ёки тўқ, ёки пуч, сарагим келди.

Бу дунё мезонин ёқамга бойлаб,
Зар билан зардобни ўлчагим келди.
Қушлар тиззасида бошимни қўйиб,
Боладай бир ширин ухлагим келди.

* * *

Мен туш кўрсам, Сизни кўраман,
Хутба ўқир дунё эртаги.
Фариштага кўзтумор бўлар,
Лайли тиккан Мажнун яктаги.

Мен туш кўрсам Сизни кўраман,
Сувга тегар ойнинг нафаси.
Соясини излаб чарчайди,
Байроқ бўлган қушлар қафаси.

Мен туш кўрсам Сизни кўраман,
Ёмғирлардан туғилар дарё.
Зиндонларда пуштин занг босган,
Занжирлардан чиқади садо.

Мен туш кўрсам Сизни кўраман,
Ҳул-ҳул бўлар Искандар шохи.
Илдизига чуқурроқ ботар,
Отқозиқдай доғларнинг ёғи.

Мен туш кўрсам Сизни кўраман,
Юзларимда соғинчдан ниқоб.
Туш калитин сиздан яширар,
Рўмол боғлаб югурган азоб.

** *

Буғдойзор гуллари дуойим,
Кўзмунчоқ кўзимнинг боласи.
Бормай қўйсам қишлоққа уч кун,
Эшитилар қушлар ноласи.

Чирмовуқлар яшил чирманда,
Уруғ тугиб бўлар хотиржам.
Аччиқ бодом асалга ошиқ,
Шом жилмайиб унга шеър айтсам.

Укпар мингта ўпич юборди,
Саломида ухлайди эрта.
Отқулоқлар кўк от бўлғуси,
Белларига ёғқаймоқ суртса.

Нима десам фаришта бўлар?
Қип-қизарар осмон ёноғи.
Жойномозга ўралиб ухлар,
Фиришкентнинг ёнғоқзор боғи.

Бугун билан ариқ чиқардик,
Индин билан қурамиз кўприк.
Мен токкўчат қучиб ётган пайт,
Чопиб чиқар майхумдан кўпик.

ЯШИЛ ҲАЙРАТ

Дунё кездим, ғўр уруғ тердим,
Учратмадим илдиз отган тахт.
Вой тавбаей, шум карвон кўрдим,
Туяларнинг лунжи тўла вақт.

Қўлим чўздим шамол йиртилди,
Ёмғир шимдим тоштахта юмшоқ…
Мурчғўрага: “Ким бўлдинг?” десам,
Йўлларимни тўсди туттароқ.

Лолаларнинг ичида жоним,
Гоҳ буғ бўлдим, гоҳ муз, гоҳ олов.
Меҳвар расмин фаришта чизди,
Яктаги йўқ яп-янги косов.

Совутгичлар йиғлаб юборди,
Ер ичидан чиқди ертандир.
Чиғириққа кимдир гап отди,
Аччиқтошдан пишириб чоғир.

Камзулимнинг пахтаси ялпиз,
Сизга ёзган хатларим Ҳумо.
Капалаклар зотиданман лек,
О, сиз учун қилмайман қазо.

***

Болагим:
Туш кўраман хонқизилар хон.
Жуфт шохларим силайди шамол,
Олча гулин дув-дув тўктирган,
Ой нурига кетади хаёл.

Ариқ лаби чумоли мулки,
Сўфитўрғай қайда қўяр ин.
Тиллақўнғиз овлай дейману,
Мўйловидан тутмоғим қийин.

Ҳўтикчалар кўзи сурмали,
Емишига қўшилар чумчуқ.
Қора қарға ақли бўлсайди,
Ёнғоқлардан ясарди урчуқ.

Нима десам тўти шуни дер,
Такроридан ҳаво бўлар дим.
Қафаслардан тандир ёқсам ҳам,
Тўтиларга келади раҳмим.

Капалаклар бир кунлик меҳмон,
Қалдирғочлар яқин қариндош.
Суткосани ағдариб қочган,
Мушукбола бебошдан бебош.

Болалигим:
Ора-ора қуш ини титди.
Қўлларидан болари чақди.
Дўпписидан келарди ёзда,
Қандак ўрик муаттар ҳиди.

***

Йиғиб қўйган мактубларим кул,
Гужумсандиқ ташвишдан ҳоли.
Булутчапон кийиб югурсам,
Дув тўкилди тойчоқлар ёли.

Султон тожи қўлимдан тушди,
Румий ҳамон мендан умидвор.
Йўлбайроқлар қўлин силкитар:
“У томондан сенга хабар бор”.

Саломлашмай қўйди каптарлар,
Болалади чумчуқ саволи.
Қумсоатдай тўкилсам иллоҳ,
Чап кўксимда пишди зардоли.

Соҳилларнинг дарсига бордим,
Чағал йўллар тешди товоним.
Ойқулоқлар кўкка сакраса,
Синиб кетди олтин мушкдоним.

Қари боғдай тушлигим шамол,
Синган кўприк шеърим нуқтаси.
Вой товбаей, ортимдан келар,
Майдони йўқ кўпкари саси…

***

Алпомишнинг йўлларин кутдим,
Бойчиборга тиктирдим полон.
Қўлкафтимнинг чизиқларидан,
Широқ изи бўлди намоён.

Буғдой ичин бутхона қилдим,
Анжир териб бўлиб кетдим маст.
Эҳ, Ёсуман мардлиги тутиб,
Ўз жонига қилиб қўйди қасд.

Наршахийни бир бор чақирдим,
Вобкентдарё кетди уйғониб.
Балиқларин киприкларидан,
Чок кўнглимчун тўқиб олдим ип.

Шоҳим дедим тош игналарни,
Нуҳ кафтида ухларди соҳил.
Дарё сувин шеъримда ювсам,
Сандиқ топмай йиғлади Тоҳир.

АЙРИЛИШ

Энди дарё суви ачийди,
Қумқайиқлар туш кўрар чаппа.
Ниначилар ниначапонмас,
Тумшуқ кийиб кирмайди гапга.

Қўлрўмолим қўлимдан учди,
Чирмовиқгул юзида ажин.
Мен ханжарни алдашим мумкин,
Лек ўзимни алдашим қийин.

Синай деди буғулар шохи,
“Йўқ-йўқ дедим, эрта кураш бор”
Ертандирлар ер куйди деса,
Адоғимда тўкилди чилтор.

Қари чимни қирмочлар қирди,
Уруғ тугди тақиртиканак.
Гужумлардан бориб сўрайчи,
Не довулдан бераркан дарак.

Минорйўлдан ортимга қайтдим,
Ошиқлигим сомонга дасхат.
Қулга мени тансоқчи қилди,
Икки кўзи ғилай оқибат.

***

Қишлоқ борсам Ҳут-Ҳут уйғонар,
Токзор шинни берар мўл-у кўл.
Қандак ўрик шоир келди деб,
Тўрт томондан чўзади минг қўл.

Қишлоқ борсам қари кент Яздон,
Боғчайлалар, шўрқурут соҳир…
Ковушимнинг орқасин босар,
Мен сув ичган ариқлар шоир.

Қишлоқ борсам гулқоқи гулёр,
Соямайиз қуритар шамол.
Тошомборлар шивирлар: “Биз бор,
Бу қишлоқлар топмайди завол”.

Қишлоқ борсам шотутлар қатор,
Бола очган қалдирғоч келин…
Қовун тўла араваларни,
Дуо қилиб бирам яйрадим.

Қишлоқ борсам эски ҳамёндан,
Мен томонга чиқиб келди хат…
Ўзимга кўп тўзим тиладим,
Ярим туни қиблага қараб.

073Uzoq vaqt Ibodat Rajabovadan biron bir xabar kelmaganini endi bildim: ogʼir betob ekan. Аllohi Karimning shafoati bilan shifo topganini eshitib, Yaratgan Parvardigorga hamdu sanolar aytdim va bugun mamnuniyat bilan oʼziga xos sheʼriy uslub egasi boʼlmish shoiraning yangi sheʼrlarini sizga taqdim etmoqdaman. Sohifada, shuningdek, Xoja Аbdulxoliq Gʼijduvoniy hayoti va faoliyatiga bagʼishlangan qissa, buyuk murshid ruboiylari va  risolalari tarjimalari bilan tanishasiz.

Ibodat RАJАBOVА
YANGI SHE’RLАR


Ibodat Rajabova Peshkoʼ tumanidagi Qalaymirishkor qishlogʼida tugʼilgan. Samarqand davlat universitetining filologiya va Toshkent davlat universiteti (hozir Oʼzbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakulьtetlarini tugatgan. «Osmondagi farishta», «Qush kiprigi», «Buxornur yoki yetti pir», «Buxoroda gujum gulladi» va boshqa sheʼriy toʼplamlari nashr etilgan. Oʼz uslubiga ega isteʼdodli shoiraning sheʼrlari sheʼr ixlosmandlarining nazariga tushgan.


QАROR

Qalamimni tugʼdonga qoʼydim,
Karomatdan oʼradim roʼmol.
“Ming bir shahar” ichiga boqsam,
Butun boʼldi bor singan sopol.

Qip-qizardi qishda yulgʼunlar,
Saksavullar shamolga haykal.
Mening tarnov boʼlib qolishim,
Shoirlikdan ming karra afzal.

Qoʼshnay bilan qoʼshqator boʼldim,
Lolalardan pishirdim kabob.
Olmazorlar tasbehin tinglab,
Sochlarimdan toʼkildi sharob.

Ruhlar bilan raqsi gul tushdim,
Koʼngli bilan tortishdi bodom.
Senga Rumiy xabar berdimi,
Koʼhi Qofdan yasab oldim jom.

Quyunmanu qumloqda botdim,
Chigʼanoqday ichim toʼla gʼam.
Tuproqdan togʼ boʼlarmiding, ayt,
Etagimni oʼpishga bersam…
22
* * *

Toʼgʼonlarning boshin siladim,
Daryolarning oʼpdim yuzidan.
Suvpariga qoʼl berganimdan,
Boʼlib ketdi nurday muhtaram.

Safdan chiqib saflarga kirdim,
Bayroqdorim Hofiz Sheroziy.
Men mehmonni hushyor torttirdi,
Nam tortmagan tuzdon ovozi.

Sut sogʼmasdan hech turolmayman,
Gul hidlamay yursam havo dim.
Iskandarning ob-ochiq qoʼli,
Musht boʼlsami ogʼriydi koʼnglim.

Yomgʼir, shamol, shabnam – xudoxat,
Tarogʼimda oqtut hidi bor.
Donxum tojin menga kiydirdi,
Imzo yigʼmay Qodiri Qahhor
Tong, tuproqdan rangimni topdim,
“Аvesto”ga sheʼrim goʼshangga.
Muhri borib, xumdon topdimu
Yuragimdan zarb urdim tanga.

* * *

Onam oʼpgan gullar koʼpaydi,
Urugʼiga osdi qoʼngʼiroq.
Har bir tishin mushkxona qildi,
Sochlarimni tarab tuttaroq.

Sutchelagi – gullagan bodom,
Niyatiga dunyo xaridor.
Darvozadan uy shifti qadar,
Hovlimizda har kuni bozor.

Chorvoq bilan tashvishi bitta,
Dalaga ham yugurar ketmon.
Boshi ogʼir sholipoyalar,
Qoʼl kaftiga toʼkib berar don.

Oʼymogʼiga uylangan davlat,
Ip-ignasi tangriga payvand.
Joynamozim gullari hatto,
Kecha-kunduz duo bilan band.

Tandir, oʼchoq – kichik xumdoncha,
Madhiyasi “pishir, tushir, ber…”
Bmr kun “uxlab” qolishim oʼylab,
Peshonamdan chiqib ketar ter.

* * *

Tojim yoqut, bulbulga berdim,
Ovozimni oldi qoʼngʼiroq.
“Bir bechora shoir” demang, Siz,
Gul suvratim – tik turgan bayroq!

Bogʼqalʼalar sheʼrimga kirgan,
Bolarilar mening lashkarim.
Gul urugʼlar qulogʼiga chin –
Qish oxiri – hutazon aytdim.

Tok zulflarin tunda yogʼladim,
Chigirtkalar tugʼma qoʼshiqchi.
Tipratikan izidan toʼldi,
Qovun pishgach, polizlar ichi.

Qarqaralar koʼngil yoritgich,
Qumrilarga men berganman qoʼl.
Yoʼlga chiqsam, yoʼldoshim – duo,
Puldan koʼra hayrotlarim moʼl.

Naqshbandiy naqshi – ildizim,
Sajdagohim yam-yashil tuzdon.
Oq maxsimdan qumqayiq yasab,
Men sen tomon borgum Xudojon.

* * *

Koshki meni duo qilsa bogʼ,
Koshki sahar uygʼotsa bodom.
Gujum tugʼlar qaddim qarichlab,
Bir nurqalam yuborsa Xayyom.

Minor bilan qilsam dilsafar,
Tokgullarga botsak, yigʼlasak.
Toʼrt arigʼin oʼn botir qilib,
Tunsoqchilik qilsa Rabotak.

Аylanalar qonday aylansa,
Toshtasbehlar osma tarozi.
Tor koʼksimda koʼpkari tushsa,
Mingdolonda qushlar parvozi.

Quchib yotsam bolarilarni,
Beshiklarga yigʼib bersam bol.
Qalb zikrim ijobatidan,
Oltinlarga aylansa sopol.

Qoʼlim choʼzsam siz ketgan tomon,
Masofalar boʼlsa bir qarich.
Nur yogʼilsa yomgʼir oʼrnida,
Devziralar – Xudoelpigʼich…

Koshki meni duo qilsa bogʼ.

* * *

Laylivashlar qaqnusga kelin,
Tirnoqgullar oltin tarozi.
Buxoroni zarga toʼldirdi,
Zarafshonning Haq bergan nozi.

Koʼnglim faqat guldonga sigʼar,
Taxtdan, tojdan izlamang meni.
Erta ming bogʼ sayriga borgum,
Paygʼambarning dulduli qani?

Naqshbandiy naqshidan belbogʼ,
Toʼqib belga bogʼlaganim on.
Xonlar chalgʼi charxlashga tushdi,
Qoʼlkaftlarim – ochildasturxon!

Meni bu baxt shohshoir qildi,
Qishlogʼimni mulki zargaron.
Qushlar bogʼbon boʼlish payida,
Uchib ketdi xojalar tomon.

Darvozalar xobi buzildi,
Donxumlarda uxlamas shamol.
Qish boʼlsa ham goʼlpiyolamga,
Bolarilar solib ketdi bol!

BUXORODАN BUX ORO QАDАR…

Razbogʼlarning maktabiga kir,
Ustunlardan oʼrgangin saboq.
Laylivashlar sochini hidlar,
Аzon turib nafis tuttaroq.

Boshing usti balanddan baland,
Ortingda tik turar guldevor.
Bir yuz uchta zarhovuzida,
Chorlab koʼring oltin baliq bor.

Tarix bilan suvdoni bitta,
Darveshi ham duldul minadi.
Makr bilan davlat topganning,
Shohi tugul beli sinadi.

Mast uzumlar mayga aylanar,
Аrki koʼkning yerildizi.
Chimildigʼin gullarin oʼpgan,
Moxxossalar – Xudoning qizi.

Boru-yoʼgʼi – humo urugʼi,
Oq tutidan sut sogʼar hilol.
Bu dunyoning ming zot meʼzoni,
Bozoridan topadi qaror.

* * *

Qoqigullar ruhlar suvrati,
Qaldirgʼochlar qorii qurro.
Suvparilar bazm qilar payt,
Qulfaklardan tugʼildi Sino.

Harsangtoshlar shamol yostigʼi,
Oltinbaliq – koʼrinmas diydor.
Ninachilar yashil boshida,
Taʼna urmang mening felim bor.

Qari bogʼlar – charchagan roʼzgʼor,
Gulsavatlar – uchkunlik savlat.
Sheʼrlarini chaqmoqda yuklab,
Bedil tomon bordi Ibodat.

Yoʼlda baribir sardoba chiqar,
Tugʼrol tunni qiladi shudgor.
Buxoroning har nafasida,
Bitta Rumiy tugʼilishi bor.

Tong, raqslarni yoʼllarda tushgum,
Diydor bilan qilgum nonushta.
Uchqur otim yolini yogʼlab,
Rikobdorim boʼlar farishta!

* * *

Oʼjar koʼnglim Siz bilan ketdi,
Gul urugʼi kuldi ustimdan.
Tugʼlar sochin shamdonda tortib,
Kulbamga koʼp keldi Navmetan.

Etaklarim shamoldan toʼldi,
Yenglarimni yirtib chiqdi qush.
Koʼz oʼngimda aldoqchi tushlar –
Girdob bilan qurdilar turmush.

Oʼrikzorlar suvrati – sajda,
Xurmozorlar xumori – sariq.
Necha yilkim boshsigʼar topmay,
Chap koʼksimda yashaydi sanchiq.

Yillar meni ozdirdi – xomush,
Pistakoʼmir hidi – dildori.
Hijron bilan qorishib kuydi,
Nurqalamim noyob ohori.

Аvliyolar zikr tushdi yigʼlab,
Tuyalardan tushib keldi Hut.
Torim siniq… soyamga sigʼib,
Buxoroda yigʼlar momotut.

Oʼjar koʼnglim Siz bilan ketdi.

* * *

Nega shamol soqoli moviy,
Nega quruq oʼyilgan koʼnglim.
Tongda turib Аyub bulogʼin,
Tub-tubidan borib suv ichdim.

Gulpiyola boʼldi ishkomlar,
Sutkosaga aylandi hovuz.
Namozgoh, shom, hovliga keldi,
“Tur, menga ham razbogʼ sharob suz!”

Ravshan tortdi duolar tushi,
Devziralar gulladi, oʼsdi.
Toʼmarisga surmadon boʼldi,
Oq olmaning muattar poʼsti.

Buxorodan Bux oro qadar,
Ekib chiqdim sheʼrimni har kun.
“Shohnoma”ning qonunin buzib,
Siypiriga keldi Faridun.

Guldonimni tugʼlarga berdim,
Mendan dastxat soʼradi Humo.
“Bu Ibodat ibodati” deb,
Imzo qoʼyib berdi Buxoro.

* * *

Аravalar koʼnikkan taqdir,
Qush qanoti – Tangri yelpigʼich.
Xizr sogʼgan kiyik sutini,
Etagingga solib tunda ich!

Olma gulin tasbehini top!
Qoʼngʼiroqdan tikib ol kovush.
Kecha tushing vulqon boʼldimi?
Sochim boʼlgach pishmagan kumush.

Boru yoʼgʼim sopol siyohdon –
Suyanganim Аtfor devori.
Tomda yotsam ortimdan keldi,
Buxoroning xom zar bozori.

Koʼzlarimga tush parda tortdim,
Kiprigingdan toʼqidim ertak.
Ostonangga koʼnglimni yozsam –
Yetti pirning soqoli patak.

Toshni chaldim toshquduq boʼldi,
Seni koʼrib diydam Vaxshuvor…
Men oʼzimni oyga osmasdan,
Iqror boʼlchi koʼnglingda kim bor?

QIRQQIZ QАL’А

Qirqta qizning sochini oʼpdim,
Qirqta qizga yugurdim peshvoz.
Qirqta qizning jamoli bilan,
Maʼbudlarga tunlar aytdim roz.

Toshtobutlar paxtaday yumshoq,
Donxumlarning mulkiga rivoj.
Subuzqalʼa osmonga chiqib,
Dastorimchun olib keldi toj.

Qizilqalʼa gulobiy boʼldi,
Sinchiqalʼa bitdi toshbitik.
Kampirqalʼa gʼozadonidan,
Shamollarga ulashdi ilik.

Varaxshaning ariqlaridan,
Zar suv ichdim – shishaxumdonman.
Sopol quvur devorlarini,
Yengi bilan artdi Zarmetan.

Ottuyoqlar ming shahar muhri.
Maxfiy yoʼllar dushmanga qopqon.
Uchkulohning kulohi chappa –
U uxlar payt uygʼoq biyobon.

KАMPIRАK DEVOR

Urganch choʼlda Oʼba tikladim,
Yulgʼunlarga gullab berdim tun.
Kampirdevor boshida yotsam,
Yalovini yubordi Majnun.

Sardaridan choʼgʼildiz keldi,
Mugʼonakdan keldi mingta jom.
Qaynarxumlar raqsini koʼrib,
Firdavsiyni uygʼotdi Xayyom.

Qoraqirning sochi qop-qora,
Shumgʼiyaning pishdi ildizi.
Sutkosamga sariyogʼ soldi,
Xontusharning duogoʼy qizi.

Tuya minib Noʼʼfachga keldim,
Otga minib tutdim guldurak.
Otashakdan osmon terganim,
Qumshaʼbaga aytdi setalak.

Buxor Xotun keldi etigi,
Qoʼnjigacha tilloga botgan.
U koʼtargan devor ichida,
Oqshoʼshaday gullardi Vatan!

OʼBА

Oy sutlarin shinaklar shimdi,
Sopol quvur tortdi xomuza.
Qizil qirda olov yonganin,
Chokardiza qildi ovoza.

Sadoqdonlar semirib ketdi,
Dovul kiyib chiqdi koʼkteppa.
Shumgʼiyalar uygʼondi qirqqiz,
Sochi bilan shamolni chertsa.

Devorbitik beminnat jarchi,
Taxtaquduq suvxumga ona.
Oq kiyiklar “shoxoʼyin” qilsa,
Bosqinchilar boʼldi devona.

Shuvoqlarni bagʼrimga bosdim,
Tizzamga bosh qoʼydi Oqrabot.
Kampirdevor qirlar ortidan,
Yarim kecha minib keldi ot.

Ming shaharga koʼk sado berdim,
Qaylardasiz oltindargʼalar.
Qishloqgacha ortimdan keldi,
Sinib ketgan sopolparchalar.

KOʼNGLIMNI SOʼRАB KEL

Ilohiy nur bu makonim,
Hech kimga yugurmas kamonim.
Maysaning tirnogʼi bu jonim,
Koʼnglimni soʼrab kel, koʼnglimni…

Toʼmaris otiga sheʼr berdim,
Buxoriy bodomga yer berdim.
Vulqonda isinib risqimni terdim,
Koʼnglimni soʼrab kel, koʼnglimni…

Onamning tuprogʼi maysazor,
Otam xom tomoqdan qildi or.
Koʼnglimkim shukrona, yarimi bozor,
Koʼnglimni soʼrab kel, koʼnglimni…

Togʼdonda yelkamning toshini yigʼdim,
Maʼbudlar qasriga suv minib chiqdim.
Gʼorlarni yuvmasam havo dim,
Koʼnglimni soʼrab kel, koʼnglimni…

Bir oʼzing qarichga sigʼarim,
Hikmatda in qurgan kaptarim.
Pirlardan tilangan nazarim,
Koʼnglimni soʼrab kel, koʼnglimni…

Buxoro devori tuzdonim,
Bolari juft shoxi tovonim.
Xom sutdan xoʼp toʼygan yomonim,
Koʼnglimni soʼrab kel, koʼnglimni…

BESHDАRGʼАT

Besh dargʼatdan borib suv ichdim,
Yogʼ dogʼladim tushimda har kun.
Xayrigullar urugʼin toʼplab,
Menga kamzul tikdi bir Majnun.

Payshanbadan tillaqosh olsam,
Qayroqtoshlar toʼsdi yoʼlimni.
Qalqonlarda chilla oʼtirdim,
“Chorlab bering, Guljamol qani?!”

Soʼqmoqlardan surma soʼradim,
Bekatlardan gulli soyabon.
Oq olmadan koʼzgu yasasam,
Kattaqoʼrgʼon Xudosi hayron…

Oq yaktaklar oydinda yurar,
Oq roʼmollar yogʼdu oʼrmagi.
Beshdargʼatni shunday koʼrmang siz,
U – yerdagi Tangri tirgagi.

Oʼnta hovli eshigin qoqsam,
Аlplar chiqdi qatorasiga.
Duolardan koʼp sovgʼa oldim,
Buxoroning minorasiga.

ONАM VАFOTI KUNI

Quduqlarni kovladi shamol,
Koʼpriklarni koʼtardi dovul.
Hovlimizdan qabriston qadar,
Qaldirgʼochlar boʼldi qorovul.

Toʼmarisning tori uzildi,
Shiroqqa ham yetmadi havo.
Pilla ichin ochib qarasam,
Gʼumbaklari qilibdi qazo.

Buxorxudot junyaktak kiydi,
Buxorxotun abrayu maxsi.
Momotutlar koʼzyoshlaridan,
Toʼlib ketdi hovuzlar ichi.

Shu tong mushuk sutdan toʼymadi,
Bogʼ eshigin buzdirib sahar.
Shoir tugʼgan ayol oʼldi deb,
Titrab, qaqshab keldi shamshodlar.

Qibla yoʼldan koʼtarildi chang,
Vahi zikri boʼldi ovoza…
Yetti Pirning ruhsati bilan,
Qushlar oʼqib oʼqib berdi janoza.

Kiprik yogʼdan shishdi qoʼlroʼmol,
Gulbogʼichni muzlatdi sukut.
Saman otin terakka bogʼlab,
Аlpomish ham koʼtardi tobut.

XАYRIYAT…

Onam bogʼday goʼzal qaridi,
Sochlar oppoq, koʼylaklar uzun.
Duolardan sahar boʼlardi,
Bobom, Hofiz, Bobur koʼrgan tun.

Maxsisiga gulob surtardi,
Oʼng qoshiga toʼypalovdan yogʼ.
Koʼksomsaga koʼngli ketardi,
Hut-hut kelib yashillangach bogʼ.

Darchalarni ochib qoʼyardi,
Xomtush koʼrsa chiqarardi is.
Koʼkchoyiga qaymoq boʼlardi,
Gulmixlarda qurigan yalpiz.

Qishloq roʼzgor, handalak qoqi,
Gujumyaproq boʼlganda sovun.
Qoʼshniga ham chiqib borardi,
Sandalida isingan qovun.

Nima topsa qirqqa boʼlardi,
Shukronasin Xudoga yoʼllab…
Qachon borsam toʼychapon tikib,
Oʼtirardi qiblaga qarab.

QUSH QICHQIRIGʼI

Onam ketdi – sut tortdi xiyra,
Otam ketdi – belbogʼlar betob.
Oyni bugʼdoy qilib sepsam ham,
Nimagadir chap koʼksim xarob.

Xonqizining otasi xonmi?
Sachratqigul boʼlmadi qogʼoz.
Davralarda bir gap aylandi:
– Kesaklar ham qilarkan parvoz.

Bulbullarning koʼzida koʼrxat…
Qoʼshnaylar ham qurigan yaproq.
Mismas, oltin boʼlib tugʼilgan
Uyilgichda yotar qoʼngʼiroq.

Bir yigʼladim, shabnamda titroq,
Gujumgullar pushtida otash.
Mehrobni ham gangitib qoʼydi,
Аyrim gʼoʼra sallali qarash.

Yo, Huu dedim, hurlar uygʼondi,
Yo, Haq dedim, meʼrojda isyon.
Bor tugʼlarning sochidan tutdim:
– Sen Аlpomish boʼlasan qachon?!

АYRILIQ

Otam Аbdulla Rajab xotirasiga

Ota,
Yaktagingiz ilgichda qoldi.
Mahsingizni tars yordi shamol.
Qumringizni quyib yubordik:
“Qayga borsang mayli, yaxshi bor!”

Otingizni yolgʼizlik ezdi,
U taqasin sindirib oldi.
Boʼribosar zotdor itingiz,
Kelinlarning qoʼlida qoldi.

Bogʼimizni gir aylandi kuz,
Qandak oʼrik kam berdi hosil.
Gʼalviringiz koʼzi yumilgach,
Qish chillasi gulladi anjir.

Darvozamiz zanjiri sindi,
Ketmonlarni bosib ketdi zang.
Uyishkomni talagan chumchuq,
Fil boʼlmasdan yurganin qarang.

Davralarda bir juft kovush kam,
Xalta unlar endi bir qadoq…
Haqqush sasin izlab charchadi,
Аbdullasin yoʼqotgan qishloq.

* * *

Jamolboy,
Onamning tandiri sovidi.
Choʼgʼlarni uygʼotmas kosovi.
Ilgichda zerikkan kamzulin koʼrib,
Koʼzimdan toʼkildi koʼnglim olovi.

Sochiqda qoʼlining izi yoʼq,
Otamning yaktagi yirtilgan…
It gʼajib tashlagan mushugin,
Bolasi koʼchadan izladi vatan.

Bogʼhovli hovliqib sargʼaydi,
Belini sindirdi tolkoʼprik.
Oq, sersut sigiri koʼp maʼrab,
Bir hafta ichida toʼktirdi ilik.

Nonjiyda xaltasi qadrsiz,
Yalpizni sogʼinib bujmaydi turshak.
Koʼmilgan holicha koʼmilib qoldi,
Koʼkanjir ostida bir doʼppi danak.

Gulchopiq ketmonin bosdi zang,
Gʼaramni gʼalvirlar chumchuqlar.
Uyshiftda intizor qaldirgʼoch,
Onamning diydorin Аllohdan soʼrar.

Qishloqning chakkasi rayhonsiz,
Qirovda nam tortdi isiriq.
Men katta shoirni sogʼinib,
Endi kim ham kutardi intiq…

BOLАLIGIM

Chorvoqlardan nonjiyda terdi,
Tomga chiqib: “Bu osmon dedi”.
“Sochim oʼsib yerga tegar” deb,
Shakarxorning gullarin yedi.

Choʼntaklari mayizdan xushboʼy,
Qoʼlkaftida qushlar suvrati.
Ukamga deb yigʼgan turshagim,
Bitta qoʼymay chumoli yedi.

Suzmaxalta, olashaqshaqa,
Quyoshlarda qurigan qurut.
Polizlardan handalak uzib,
Goh kovushi boʼlardi unut.

Qoʼy boqardi echkilar ayyor,
Tokzorlarga yugurib har kun.
Qoʼriqchilar uyqusin buzsa,
Tayogʼidan chiqardi tutun.

Maktab yoʼli dalaga bordi,
Egat, terim, shiyponda tushlik.
Terda qotgan chitkoʼylagini,
Koʼp hidladi koʼr oltin baliq.

“Zebiniso” ravoqda yotdi,
Navoiyni unutdi Majnun.
Bolaligim:
Аravaga minib choʼl ketdi,
Yantoq chopib kelgani har kun.

** *

Tugʼlar tuzdonida tuzlangim keldi,
Qaymoqqa koʼnglimni toʼgʼragim keldi.
Onamday sochimni qatiqda yuvib,
Bedil choponiga oʼrangim keldi.

Qoʼlimni uzatsam oʼzimga yetar,
Oʼzimni oʼzimdan soʼragim keldi.
Farxodga qarasam quyosh ham tashna,
Mingbuloq misoli keragim keldi.

Gavharlar girdobin ortidan chopdim,
Girdobdan Xudoga qaragim keldi.
Mashrabning sallasin boshimga tashlab,
Yigʼlagim, yigʼlagim, yigʼlagim keldi.

Koʼnglim atrofidan aylandim takror,
Yo mayman, yo mayxum, daragim keldi.
Hut kelib “Sen urugʼ” degandan boshlab,
Yoki toʼq, yoki puch, saragim keldi.

Bu dunyo mezonin yoqamga boylab,
Zar bilan zardobni oʼlchagim keldi.
Qushlar tizzasida boshimni qoʼyib,
Boladay bir shirin uxlagim keldi.

* * *

Men tush koʼrsam, Sizni koʼraman,
Xutba oʼqir dunyo ertagi.
Farishtaga koʼztumor boʼlar,
Layli tikkan Majnun yaktagi.

Men tush koʼrsam Sizni koʼraman,
Suvga tegar oyning nafasi.
Soyasini izlab charchaydi,
Bayroq boʼlgan qushlar qafasi.

Men tush koʼrsam Sizni koʼraman,
Yomgʼirlardan tugʼilar daryo.
Zindonlarda pushtin zang bosgan,
Zanjirlardan chiqadi sado.

Men tush koʼrsam Sizni koʼraman,
Hul-hul boʼlar Iskandar shoxi.
Ildiziga chuqurroq botar,
Otqoziqday dogʼlarning yogʼi.

Men tush koʼrsam Sizni koʼraman,
Yuzlarimda sogʼinchdan niqob.
Tush kalitin sizdan yashirar,
Roʼmol bogʼlab yugurgan azob.

** *

Bugʼdoyzor gullari duoyim,
Koʼzmunchoq koʼzimning bolasi.
Bormay qoʼysam qishloqqa uch kun,
Eshitilar qushlar nolasi.

Chirmovuqlar yashil chirmanda,
Urugʼ tugib boʼlar xotirjam.
Аchchiq bodom asalga oshiq,
Shom jilmayib unga sheʼr aytsam.

Ukpar mingta oʼpich yubordi,
Salomida uxlaydi erta.
Otquloqlar koʼk ot boʼlgʼusi,
Bellariga yogʼqaymoq surtsa.

Nima desam farishta boʼlar?
Qip-qizarar osmon yonogʼi.
Joynomozga oʼralib uxlar,
Firishkentning yongʼoqzor bogʼi.

Bugun bilan ariq chiqardik,
Indin bilan quramiz koʼprik.
Men tokkoʼchat quchib yotgan payt,
Chopib chiqar mayxumdan koʼpik.

YASHIL HАYRАT

Dunyo kezdim, gʼoʼr urugʼ terdim,
Uchratmadim ildiz otgan taxt.
Voy tavbaey, shum karvon koʼrdim,
Tuyalarning lunji toʼla vaqt.

Qoʼlim choʼzdim shamol yirtildi,
Yomgʼir shimdim toshtaxta yumshoq…
Murchgʼoʼraga: “Kim boʼlding?” desam,
Yoʼllarimni toʼsdi tuttaroq.

Lolalarning ichida jonim,
Goh bugʼ boʼldim, goh muz, goh olov.
Mehvar rasmin farishta chizdi,
Yaktagi yoʼq yap-yangi kosov.

Sovutgichlar yigʼlab yubordi,
Yer ichidan chiqdi yertandir.
Chigʼiriqqa kimdir gap otdi,
Аchchiqtoshdan pishirib chogʼir.

Kamzulimning paxtasi yalpiz,
Sizga yozgan xatlarim Humo.
Kapalaklar zotidanman lek,
O, siz uchun qilmayman qazo.

***

Bolagim:
Tush koʼraman xonqizilar xon.
Juft shoxlarim silaydi shamol,
Olcha gulin duv-duv toʼktirgan,
Oy nuriga ketadi xayol.

Аriq labi chumoli mulki,
Soʼfitoʼrgʼay qayda qoʼyar in.
Tillaqoʼngʼiz ovlay deymanu,
Moʼylovidan tutmogʼim qiyin.

Hoʼtikchalar koʼzi surmali,
Yemishiga qoʼshilar chumchuq.
Qora qargʼa aqli boʼlsaydi,
Yongʼoqlardan yasardi urchuq.

Nima desam toʼti shuni der,
Takroridan havo boʼlar dim.
Qafaslardan tandir yoqsam ham,
Toʼtilarga keladi rahmim.

Kapalaklar bir kunlik mehmon,
Qaldirgʼochlar yaqin qarindosh.
Sutkosani agʼdarib qochgan,
Mushukbola beboshdan bebosh.

Bolaligim:
Ora-ora qush ini titdi.
Qoʼllaridan bolari chaqdi.
Doʼppisidan kelardi yozda,
Qandak oʼrik muattar hidi.

***

Yigʼib qoʼygan maktublarim kul,
Gujumsandiq tashvishdan holi.
Bulutchapon kiyib yugursam,
Duv toʼkildi toychoqlar yoli.

Sulton toji qoʼlimdan tushdi,
Rumiy hamon mendan umidvor.
Yoʼlbayroqlar qoʼlin silkitar:
“U tomondan senga xabar bor”.

Salomlashmay qoʼydi kaptarlar,
Bolaladi chumchuq savoli.
Qumsoatday toʼkilsam illoh,
Chap koʼksimda pishdi zardoli.

Sohillarning darsiga bordim,
Chagʼal yoʼllar teshdi tovonim.
Oyquloqlar koʼkka sakrasa,
Sinib ketdi oltin mushkdonim.

Qari bogʼday tushligim shamol,
Singan koʼprik sheʼrim nuqtasi.
Voy tovbaey, ortimdan kelar,
Maydoni yoʼq koʼpkari sasi…

***

Аlpomishning yoʼllarin kutdim,
Boychiborga tiktirdim polon.
Qoʼlkaftimning chiziqlaridan,
Shiroq izi boʼldi namoyon.

Bugʼdoy ichin butxona qildim,
Аnjir terib boʼlib ketdim mast.
Eh, Yosuman mardligi tutib,
Oʼz joniga qilib qoʼydi qasd.

Narshaxiyni bir bor chaqirdim,
Vobkentdaryo ketdi uygʼonib.
Baliqlarin kipriklaridan,
Chok koʼnglimchun toʼqib oldim ip.

Shohim dedim tosh ignalarni,
Nuh kaftida uxlardi sohil.
Daryo suvin sheʼrimda yuvsam,
Sandiq topmay yigʼladi Tohir.

АYRILISH

Endi daryo suvi achiydi,
Qumqayiqlar tush koʼrar chappa.
Ninachilar ninachaponmas,
Tumshuq kiyib kirmaydi gapga.

Qoʼlroʼmolim qoʼlimdan uchdi,
Chirmoviqgul yuzida ajin.
Men xanjarni aldashim mumkin,
Lek oʼzimni aldashim qiyin.

Sinay dedi bugʼular shoxi,
“Yoʼq-yoʼq dedim, erta kurash bor”
Yertandirlar yer kuydi desa,
Аdogʼimda toʼkildi chiltor.

Qari chimni qirmochlar qirdi,
Urugʼ tugdi taqirtikanak.
Gujumlardan borib soʼraychi,
Ne dovuldan berarkan darak.

Minoryoʼldan ortimga qaytdim,
Oshiqligim somonga dasxat.
Qulga meni tansoqchi qildi,
Ikki koʼzi gʼilay oqibat.

***

Qishloq borsam Hut-Hut uygʼonar,
Tokzor shinni berar moʼl-u koʼl.
Qandak oʼrik shoir keldi deb,
Toʼrt tomondan choʼzadi ming qoʼl.

Qishloq borsam qari kent Yazdon,
Bogʼchaylalar, shoʼrqurut sohir…
Kovushimning orqasin bosar,
Men suv ichgan ariqlar shoir.

Qishloq borsam gulqoqi gulyor,
Soyamayiz quritar shamol.
Toshomborlar shivirlar: “Biz bor,
Bu qishloqlar topmaydi zavol”.

Qishloq borsam shotutlar qator,
Bola ochgan qaldirgʼoch kelin…
Qovun toʼla aravalarni,
Duo qilib biram yayradim.

Qishloq borsam eski hamyondan,
Men tomonga chiqib keldi xat…
Oʼzimga koʼp toʼzim tiladim,
Yarim tuni qiblaga qarab.

0111

(Tashriflar: umumiy 259, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ибодат Ражабова шеърларини ўқиб чиқдим.Бухорони бошдан оёқ кезиб чиққандай бўлдим. Бунча соҳир бўлмаса бу шоиранинг ёзганлари…
    Нодира Нуритдинова.

  2. Ибодат Ражабова шеърларини ўқиб чиқдим.Бухорони бошдан оёқ кезиб чиққандай бўлдим. Бунча соҳир бўлмаса бу шоиранинг ёзганлари…

Izoh qoldiring