Rauf Parfi. Ona Turkiston.

Ashampoo_Snap_2017.11.16_22h42m37s_004_.png17 декабр — Боймирза Ҳайит таваллудининг 100 йиллиги

     Турон. Туркистон. Ватан. Кўз ўнгимизда туркийларнинг қадимиятдан Она Ери, Турк дунёсининг тарихий Ватани — салобатли жуғрофий ҳудуд намоён бўлади. Туркистон ғояси халқларимизнинг азалий муқаддас орзуси, миллий мафкурасидир.
Бу орзу,бу ғоя миллатимизнинг икки буюк одами — Боймирза Ҳайит (17 декабр, 1917 – 31 октябр, 2006)  ва Рауф Парфи  ( 27 сентябр,1943 – 28 март, 2005) учун умр,ҳаёт,ижод ва фаолият маслаги бўлиб хизмат қилди.Туркистон мустақиллиги учун туну кун курашган Боймирза Ҳайит туғилган куни арафасида Рауф Парфининг бу улуғ зотга бағишлаган шеърий туркумини сизга тақдим этамиз. Аллоҳдан азиз инсонларга раҳмат тилаб қоламиз.

Рауф Парфи
ОНА ТУРКИСТОН
04

Бир умр Туркистон истиқлоли учун курашиб яшаётган муҳтарам устод
БОЙМИРЗА ҲАЙИТ шарафига таъзим ила

1. ОҒРИҚ

1. О, Она Туркистон, қора дунёда,
Қисмат елкасида югурдим, елдим,
Гоҳ шавқ қанотида, гоҳо пиёда,
Юкиниб, мен сенга сиғиниб келдим.

Мен сени соғиндим ҳаддан зиёда,
Ғамли хотирангга борлиғим тўлди.
Бу узлук уммонда, бу аҳгар боғда
Сирпандим. Мен қаттиқ чирпандим. Сўлдим.

Ўткинчи ғамлардан танамда титроқ,
Ростми шу? Шеър туғар эмиш аламлар?..
Гоҳо хўрлаб, тишлаб ўтдилар, бироқ
Сен билан кечган эй илоҳий дамлар…

Балким, илҳомингни судради кўпроқ
Шон-шуҳрат буржида ёнган санамлар.
Соҳир юрагингни чақмоқ урди-ку,
Ортиқ кулфатларга доимо шайсан.

Кўзингда қотган нур порлаб турди-ку,
Сен ахир тириксан, ёниб яшайсан.
Тугатиб бўлмас ҳеч бу дардни ичиб,
Ўрилган ярадан чечаклар ўсди.

Юрагингнинг йиртиқ кўйлагин ечиб
Бағрингга босарсан — бормисан, дўстим?
Дунёни шопирар ёлғонга, чинга,
Биров роҳат қилар эзғиб, кулдириб,

Изтироб уруғин сепар ичингга.
Ҳай, дейсан, не топар мени ўлдириб,
Қарайсан, кўзингга нурни тўлдириб.
Балли, қобоғингнинг улуғ кучига.

2. Ҳеч нарса юпатмас, шоир, ҳеч нарса,
Ғариб бахтиёрлик энди юпатар.
Юлиб вужудимни титиб ахтарсам
Дунёвий аламнинг тошлари ётар.

Ҳар ким ўз қалбига ўзидир ҳоқон.
Барибир, мен сени севиб сизларман.
Эҳтимол, ноҳақман, эҳтимол ҳақман —
Муқаддас Туркистон сўзин изларман.

Сўз менинг кўксимга санчилар, ҳайҳот!..
Шовулла, гуркира, ҳаёт нафаси.
Руҳга иймон бергил, эй қодир ҳаёт,
Қизғонма самовий сеҳрнинг сасин…
Юрак деб аталган оғриқ бу — нажот.
Кўкрак қафасимиз — нажот қалъаси.

2. СИЁВУШ ФАРЁДИ
Судрар оёғимдан қаро ер қаъри,
Муз тоғлари ўсар кўзим ёшидан.
Дарди йўқдир кўк юзининг, йўқ бағри —
Инсон юракларин қаҳр тошидан.

Наҳот парчаланмас, бу тошлар синмас,
Кимсан, ўзлигингдан қил мени огоҳ,
Силоҳлар, занжирлар олами тинмас,
Қаён оқмоқдасан, эй олампаноҳ?

Тўхта, Сиёвушман, унутдинг, наҳот?
Қонларга ботдим-ку, ёндим, қирилдим,
Сендан, Дамованддан тиладим нажот.
Кўз очиб очунга қайта урилдим.

Тўхта, Сиёвушман, мен яна ҳаёт —
Қайта ўлиш учун қайта тирилдим.

3. ТУРКИСТОН ЁДИ

Нақадар узундир, оғирдир бу йўл,
Далалар ястаниб ётар кўк каби.
Тиғлаб хотирамни осмон — чеки йўқ,
Тизгинсиз бу шиддат кенглик асаби.

Бу кенгликда ўйлар мени ғижимлар,
Ул ўз қофиясин судраб келадир.
Қанча қочсанг шунча қилгай ҳужумлар,
Ўқ сингари хотирамни тиладир.

Теграмда зич ҳаво — она Туркистон,
Ёргай томиримни кўр ҳаяжоним.
Бу майдон ичинда мен тўкмаган қон,
Менинг уни дея аяган жоним.

Яна йироқларга чорлайдир мозий,
Ватан тушунчаси келар етаклаб
Айрилган, хўрланган улус овозин,
Шоирнинг бешиги айтар эртаклар.

Яссавий мақбари мунғаймиш мағрур.
Товушга айланди ҳар бир ғишт ранги.
«Дунё менинг деганлар…» Нидо келур.
«Каркас қушдек…» Қадим сўзлар жарангги.

«Ёлғон даъво қилганлар…» Сўзлар шоир.
«Оқни қаро деганлар…» Айтинг, кимлар?!
Мақбара бошимга йиқилар ҳозир,
Яна товуш: «Ҳаром еган ҳокимлар…»

Парчин-парчин бўлди ёдим симлари,
Симлар — кўзларимга мил тортган чизгу.
Ўтган улуғларни эслайман барин,
Хотирот мозори — Туркистон мангу.

Кеча содиқ ўғлинг ўтди дунёдан,
Сахий инсон эди, у шоир эди.
Санчилиб яшайди бир умр ёдда,
Кетаётиб, мен йиғлаб, бўлдим, деди.

Йиғла энди кўзим, сен-да йиғлаб ол,
Тўйсин кўз ёшингга бу туркий стам.
Тўйсин, Ватан ёди чидар бемалол.

О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон.
Нақадар узундир, оғирдир бу йўл.

4.
Хайр, дада, биз энди кўриша олмаймиз ёруғ дунёда. Биламанки, сиз тупроқда, биламанки сиз, қалбимнинг бағрида очилган япроқда. Биламанки, мумкин эмас сизни бир бор кўрмоқ бахтини тута билмай кўкракда, ер ўпмоқ. Армоним қолди холос. Туркистонимга — армонимга сиғинаман. Сизни соғинаман. Биламанки, мумкин эмас.

5.
ТАВФИҚ ФИКРАТ КИТОБИГА ЎЗУВ

Мен ухлайман, мен ухлайман,
Рўёларга ботаман.
Тушларимда мен йиғлайман,
Булутни уйғотаман.
Боқмам ерлик наволарга,
Билмам қачон қайтаман.
Мен дардимни ҳаволарга,
Шамолларга айтаман.
Мен ухлайман, мен ухлайман.
Аста юмгайман кўзим.
Тушларимда мен йиғлайман,
Сен кулиб тур, Юлдузим.

6. АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЧЎЛПОН

Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?
Чўлпон

1.Она тилим, сен руҳимнинг қаноти,
Абуттурк нафаси, Олтой чечаги.
Хун давридан омон келди Ғиротинг,
Қутлуғ Энасойнинг эзгу эртаги.

Ўрхун бўйларида тошга айландинг,
Кўкларга санчилдинг, Турон бўлдинг Сен,
Мангулик сафарга қачон шайландинг?
Қачон бу аламга — кучга тўлдинг Сен?

Порлоқ осмонингда қузғунлар учди.
Э воҳ, ёғийларинг солди яғмони.
Ёғийларинг жигар қонингни ичди.
Жигар-қон жарангги тутди жаҳонни,

Онасен. Кечирдинг, қонидан кечдинг,
Бироқ кечирмадинг асло ёлғонни.
Дунё оқ эмасдир, йўқ, қора бардош,
Куйиб ёдимиздан кечганлар айтсин.

Сўзларида заҳар, кўзларида тош,
Элидан, тилидан кечганлар айтсин.
Тунлар босиб келар дунё ҳасрати
Кунлар гизли туғён, босиб келар шеър.

Нечук қисмат эрур, шоир қисмати?!
Тушларимни бузар ҳазрат Алишер…
Йиллар баҳоримни учирди чалқиб,
Музларга кўчирди ўтлуқ ёзимни.

Ахтардим муҳитда хас каби қалқиб —
Мен ўз Юлдузимни, ўз Қуёшимни…
Юлдуз сен, Қуёш сен, сен она халқим,
Сен учун синдирдим синмас созимни.

Оҳ, шоир қисмати, ярқироқ, гулгун,
Завқларга тўлар у, бир сўзни излар.
Дунёда ҳеч бир зот билмас, не учун,
Айрича кулар у, айрича бўзлар.

Йўлсизлик йўлдоши, толеи нигун
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар.
Бу халқ душмани, деб тутсалар бир кун,
Барибир, у халқнинг номидан сўзлар.

Бошида қора қиш, оппоқ баҳорлар,
Юраги яриму бутун иймони,
Талотум оламни шивирлаб чорлар.
Тани омонатдир, нақд эрур жони,

Кўкрак қафасида ловуллаб порлар
Буюк муҳаббатнинг қонли нишони.

7. ОМОН АЗИЗ. «КАНДАКОРЛАР»

Ўлтиришар икки жунунваш,
Икки жаҳон билмаган жаҳон —
Икки шоир маъюс, хаёлкаш,
Ўрталикда олов — Туркистон.

Мангу ёнар лаҳзалик оташ,
Қотиб қолган хаёл бепоён:
Асрий ҳасрат, юракдаги тош,
Бир лаҳзалик шодлик намоён.

Титрар олам бир паришонҳол,
Тўрт тарафда зулматдир ғариб,
Тўрт тарафни гўё босмиш ёв.
Келажакка ёғдирар савол,

Гўё тунда имкон ахтариб
Чорлар мисда музлаган олов.

8. ШАМОЛЛАР
Шамоллар бошимда айланур, дарахтлар тебранур шамолларда, дарахтларнинг меваси ларзон, сояси ларзон. Хусусан дарахтлар… Дор: Ювилган кийимлар осилсин, томошо кўрсатсин дорбозлар. Чўян-ошхонада қозон. Дарё: нур. Темир: автомат бармоқ, Қабристон: гулзордир. Бошимда айланур шамоллар. Бошимда одамларнинг, ватанларнинг шамоллар шаклида ҳайқирган овози. Мен бепарво бўла билмасман, эй «бахтли» диёрнинг, эй бепарвоси. Қалбимни асримнинг томирига уларман: Майли, ошсин қон босим, шарт портласин кардиограмма. Кўзларимнинг деворига қараб ўларман.
Сендан аямасман умримни асрим. Бу умрим нимадир?! О, она Туркистон, бир варақ қоғоз каби ўзимни йиртмасам… нарсалар нарса эмас мен учун. Нарсаларда бор менинг ўчим, кесилган дарахтлар-тўнгакдир кесилгувчи бошларга. Дор: Энг гўзал фикрлар осилган — Чўян: осколка. Қайларга қуюлар бу дарё, бу дарё тинарми?.. Ёки яна қайтадан бизнинг ибтидомиз бошланажакми? Бу темир: Бу Ғе эмас, таркиби жон, шаҳидлар қабрига ҳусн-гажакдир. Қуёш фожеъ хотира, асрдош. Йўллар. Икки одам йўл ўртасида, бир-бирига боқар, сирдош, суҳбат қуришар улар. Иккови ҳам кетди бир томон, лекин хайрлашиб олишди асли. Нарсаларга нарсадай қарай билмасам, ёлғиз сен сабаб, шамоллар онаси, ҳей, асрим. Деразамни очади бўрон, бўрон очар эшикларни. Менга бир дам бермайди ором кўрганларим, эшитганларим.

9.
Шамол, сочларимни тарама,
Оқарса оқарсин азобдан.
Қисмат, ҳайрон бўлиб қарама,
Ахир айирмадинг ғазабдан.

Кетмакдаман энди. Тонг отар.
Алвидо, эй, Турон диёри.
Кетмакдаман, ахир, биродар,
Дунё қолур, дунё ғубори…

Олдинда кўринур баҳорлар,
Бу — Туркий Дунёнинг Баҳори.
Пичоқлар бўғзимга етганда
Қалтираб тўкмасман ёшимни,

Ҳеч нарса йўқ менинг елкамда,
Мен сенга бахш этдим бошимни.

10. БИТИКТОШ

Фирдавсий бир замон айтгани каби
Ҳар не ўткинчидир, фанонинг ўзи,
Фақат икки нарса қолур абадий —
Ботирнинг шавкати, дононинг сўзи.

Аждодлар Ватан деб жон фидо қилган,
Беҳуда гап сотиб юрмаган улар.
Мана, минг йилларни опичлаб келган
Битиктош она-ер ҳақида куйлар.

Вақт қуюнида не давру даврон,
Бу — тошга айланган эркдир, бардошдир.
Бу — Турон аталган муқаддас армон.
Унга қарайману бир ҳис туяман.

Бу юртим тимсоли мангулик тошдир…
Юрагим тошига шеърим ўяман.

11.
Чексиз-чексиз дақиқалардан иборатдир менинг чорак асрлик умрим. Бу қандай иморатдир бунёд этган қўлим. Гап бошқа, устоз, бошқа. Эй умрим, ҳаққимдир ахир бир соатнинг ўзида бир мазмун Нозимнинг дардлари каби узун, ишончлари каби ғолиб яшашга. Эллик ёшлик бефарзанд кишининг: «Бир ўғлим бўлса эди», «бир қизим бўлса эди» — фикрларидай оғир, ёшликнинг ширин армонлари каби олғир, айни орзуларда, айни қайғуларда, айни севинчларда, айни Туркистонда яшамоқ, устоз.
Шундай бўлмаса агар, нега керак бу келбат, бу овоз. Шунчаки дарахтдай ўсмоқми, шунчаки дарёдай оқмоқми дарбадар. У пайт кўзим очиқ лекин асли кўрмасди. У пайт юрак урар лекин асли урмасди. У пайт, дарахт-дарахт, дарё-дарё, Юсуф-Квазимодо.
Мен-ку истамасман ўлимни, бироқ ҳар соатда, ҳар дақиқада бу ёруғ дунёнинг ҳар томонидан ҳукм этмоқдалар ўлимга мени. Мен — Юлиус Фучик — дорга осилди бошим.
Тўйчи Эрйигит ўғли — отим менинг — кўксимда совуган қўрғошин. Ботган кўзларимда жаллоларнинг аянч сурати қотган. Ветнамлик бир гўдакман мен — бағри яра, қўлсиз, оёқсиз ва бошсиз ётган. Мен ҳали ҳам турма панжаси ора сўнгсиз ва озод осмонларга қарайман. Қарайман қуёшга. Мен ҳаёт истайман, гап бошқа, устоз, бошқа…

12. ШЕЪРИЯТ

Сени танимаган шўрликлар аянч.
Асқад Мухтор

Одам Ато ва Момо Ҳаводан олдин ҳорғин кишиларнинг руҳида бўлдинг бунёд, бунёд бўлдинг Ер ва Дунё аталган Юртда. Сен бор эдинг ҳаётбахш сувда, учар шамолда, иссиқ тупроқда, сен бор эдинг Прометей келтирмаган ўтда. Кейин даврлар, асрлар, Атом асри кейин… Дунёни қайта қурмоқ, ишончга ишонтирмоқ мумкин бўлмасди, сени билмасдан. Сени таниганнинг қўлларига дармон бердинг, кўзларига нур.
Бош отганда улуғ жангда ўлимга мағрур — ўлими гўзал эди сени таниганнинг, ўлим — мангу яшамак каби туюлди у дам. Кимдир ёқа йиртди, сени унутди, талвасада бақирди, сени танимасдан увол ўтди оламдан. Ўзи танҳо қолиб кетди қузғунларга ширин емак бўлиб бир бурда.
Шу оддий сув мавжида, заррин япроқларнинг кўксида Навоий туғилар, суронларда Нозимнинг овози. Гардандан гирдоб каби қуюлар — Элюар, Вужудимнинг ҳар бир ҳужайрасида сўзларнинг содиқ қўшини — Туркистон, Туркистон, Туркистон — Туркийнинг дунёвий қўшиғи. Йўқ, ҳали йўқ, шоир экватор бўйлаб сенинг юрагингдан отилган ўқ.
Юксак орзулари бордир шоирнинг, шоирларда бўлар фақат эзгу ният. Қалам-қалам эмас бонгга зарб ила урилгувчи чўқмор, ундан таралгувчи садо ва акс садо сен, Шеърият.
Зарб! Оқ қоғоз узра гўё ёруғ жаҳон узра урилар қалам. Зарб!!! Қасрлар, тахтлар Оъвузликлар шаклида йиқилди. Шоир кулди, Оллоҳни тан олмаган даҳрий оломон таниб олди илоҳий деб сени, Шеърият.

13. АГАР

Агар шундай бўлса агар шундайин…
Ҳаммаси тушунарли, ҳа, ҳаммаси,
Ҳаммаси икки карра икки, яъни беш,
Агар шундай бўлса, агар, дарвоқеъ…

Ҳаёт мураккаб, деб ўйлаймиз ҳайрон,
Гавжум — одам тўла бўшлиққа қараб.
Оқ, қора, қизил, заъфар харита —
Она Туркистонга бош қўйиб маъюс.

Бу ҳаёт мураккаб, деймиз тик боқиб
Юлдузлардек ҳадсиз ҳаёт кўзига.
Хусусан, ҳаёт кўп мураккаб, деймиз
Ўз-ўзимиз бузиб қўйгандан кейин.

Гарчанд ҳамма нарса тушунарлидир…
Барибир, бир фикр берингиз менга
Оддий «ассалому алайкум» каби
«Саломат юрибсизми она?» дегандек,

«Ўғлим қаерларда қолдинг сен, тавба?»
«Уй олдингми? Неча хоналик, иним?»
«Устинг бут, мояна қанча?» — сингари,
Одатий, кундалик гап монанд фикр.

Ва яна бир фикр берингиз менга,
Токи тоғ-тошлоқда кезайин сарсон,
Саҳрони, харсангни сўзлатмак учун,
Пахта каби юмшоқ сўзласин тошлар.

Ҳаммаси тушунарли, ҳа, ҳаммаси,
Агар шундай бўлса, агар… дарвоқеъ…
Йиртқичлар қайтсин ўз болалигига…
Наҳотки, биз қайта билмасмиз, наҳот…

Ҳаммаси тушунарли, ҳа, ҳаммаси,
Тушунарли, агарда шундай бўлса.
Осмонларга бош уриб ўлмак, қизиқ,
Чунки бошинг етмайди. Тушунарли.

Ўйлаб бир фикр берингиз менга,
Токи артмакка шошсинлар одамлар
Майса, япроқларнинг шабнам ёшларин,
Ботаётган кунга қараб йиғлашсин…

14.
Харита
Кўзларимга нур сингари сингиб кетар
Юрагимнинг суврати — харита,
Етар.
Мен ҳали кўрмаган ороллар,
Мен ҳали билмаган ерлар, денгизлар,
Конларимда ором олар.
Қонларимни бузар.
Бунда кўринмайдир бир чайла,
Унда бақираётган бир одам…
Қалқир, қалқар ҳар бир ҳужайра
Кўзимга сачраган ярадан.
Шу парча қоғозни босиб
Ким қалбимни ғижимлар отар?!
Харита — Туркистон — нафасим,
Кўзимнинг иссиғи — харита.

15. БАХТ ВА ТАШВИШ

Онам Сакина Исабекка

Бахт деб сен чеккан ташвишга ўғлинг арзирми, уза биларманми бир замон узиш мумкин бўлмаган қарзимни?! Ташвиш — қўрғошин каби оғир, Ватан каби, Туркистон каби, Бахт каби оғир, шунча ёшга келиб, шамолдай елиб нима қилдим, нима, ахир? Барибир хафа эмассан мендан, тўғрими? Мени деб ташвиш ютасан, мени дунё чоғлаб, бошингдан дунёни баланд тутасан, қизғонасан тўпори ўғлингни. Бир машъум зарб ила тўхташи мумкин тақдирлар умри… Истамайсан ваҳший вулқон ила тўсилиб қолсин Қуёш. Шундандир қуёшлар қайнови қонингда, шундандир кўзларингда доим ёш. Ҳа, дилларнинг доғи бор, умрларнинг адоғи бор бегумон. Аммо Инсон даҳшати билан бир куни, бир зумда оламдан ўтишимни истамайсан онажон. Мени бахтим деганинг менинг
бахтим эканинг. Бироқ қийнар ташвиш — бахтиёрлик каби жиддий иш. Сени хижолат этганим сени маломат этганим — дунёдан бош олиб кетганим. Майли, ҳаммаси олдинда, чекмаган заҳматим, битмаган хатим, олмаган нафасим олдинда, ташвишимни оқларман, Бахтимни ардоқларман қайта туғилган ўғилдай.

16.
Дарё каби доимо уйғоқ,
Интилишим тоғ қадар баланд,
Олис йўлга отландим, бироқ,
Меҳрим билан, муҳаббат билан,
Эй кўнглимга тугилган Ватан.
Хотиралар сўзлар ҳар бир тош,
Эсдаликлар ёғади осмон.
Тирикликнинг шоҳиди Қуёш
Эсламакдан тинмайди ҳамон.
Оҳ, Туркистон, Она Туркистон.
Чақиради тоғлар, дарёлар,
Яна йўлга чорлайди мени.
Мени чорлаб қуёшлар ёнар —
Ўрганадир ёниш илмини.
Чақиради тоғлар, дарёлар.
Ҳали олдда қанчалар довон,
Ўтгунимча то уни босиб,
Сўзла, наҳот битадир дармон
Кўзларимнинг тугар зиёси?!
Ҳали олдда қанчалар довон…
Оҳ, Туркистон энг аччиқ бўса
Каби лабларимда уриндинг.
Мен олисга отланар бўлсам
Куйган юрак бўлиб кўриндинг.
Оҳ, Туркистон, Она Туркистон.
Дарё каби доимо уйғоқ
Интилишим тоғ қадар баланд.
Олис йўлга отландим, бироқ
Сенга бўлган садоқат билан,
Эй, кўнглимга йўғрилган Ватан.

17. СЎЗЛАР

Дарак гап. Инсон. Ундов гап. Инсон!
Сўроқ гап: Инсон? Яшамакни ўргатар сўзлар.
Баъзан кўксимизда ташиган жонни ташламакни ўргатар сўзлар. Сўзлар керак, Бош Ҳарбларда яраланган. Бош Ҳарфлардан яралган сўзлар. Болари сўздони бир ажиб, сўзлардир пешонада тўпланган ажин, қўлларимиз фикрчан сўзлардир. Ҳаддан зиёд гўзал сўздир — Турон. «Ассалому алайкум» бу тонготар, «Ва алайкум ассаламу», «Яхшимисиз» — бу йўл. «Хайрли тун» — бу — Қуёшнинг ботиши. Йўлдаги киши: жуда ажойиб жумлага ўхшайди. Олижаноб сўзларга ўхшайди — Ер шари…
Яшамакни ўргатар Сўзлар.

18. УСМОН НОСИР
Шеърият, йўлларингда сенинг,
Эҳ, кимлар зору зор кезмаган.
Эҳ, кимлар чок этиб кўксини,
Қалбини ғижимлаб эзмаган.

Мен билурман сени, шеърият,
Юрагимнинг сенсан улфати.
Лекин, э воҳ, шу эдими айт,
Шу эдими шоир қисмати?

У Лайло атаган шеърият,
Мажнунингни нечун ташладинг?
Шу эдими ошиққа қисмат,
Муқаддас кўзларни ёшладинг?

Хато йўлга кирган бўлса ул
Нега сен тутмадинг қўлидан?
Шундай кетди яна бир ўғил,
Сақлаб қололмадинг ўлимдан.

Она шеърият, ўйлайсанми,
Қўйдинг-ку шоирни қақшатиб.
У қурбони бўлди, дейсанми
Сўқир замонларнинг ваҳшатин?..

Қандай аянч, бу надир ахир,
Кечирмасман сени ҳеч қачон.
Вужудимни ғижимлар оғир,
Руҳим ичра яланғоч виждон.

Наҳот мумкин эмасди, наҳот,
Лол турганда дунё қаршингда.
Қийнашганда ёвузлар ноҳақ,
Бир қадам тушмадинг аршингдан…

Ён, шеърият, тутунга айлан,
Ён, Туркистон, тамом бўл, жигар,
Ўз шеърини ул ўзи билан
Ёндиргани рост бўлса агар!

Шеърият, йўлларингда сенинг,
Эҳ, кимлар зору зор кезмаган,
Эҳ, кимларчок этиб кўксини
Қалбини ғижимлаб эзмаган.

19. ОНА ТИЛИМ
1.Абут-турк таърихдан балки бир ҳикмат,
Бироқ сен борсан-ку Турон элинда.
Шоир, Сўз айтмакка сен шошма фақат
Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда.

Ул олис қуёшдир куйиниб ёнар,
Олис хотиротдир ўчмас фалакда.
Ҳақдан, Ҳақиқатдан кўринг, ким тонар?
Дунёвий аламнинг тийғи юракда.

Ватан деб аталган бешик, онажон,
Мен учун ёпилган эшик, онажон,
Мен сокин солланиб илғаб борарман,
Ватан деб аталган тобут қўйнида,

Чувалган булутни қордек қорарман
Руҳимнинг панжаси чақмоқ бўйнида.

2. Ҳеч зот уза билмас узилган жонни,
Ҳақиқатни уза билмас ҳеч қачон.
Елим, Она тилим, руҳимнинг қони
Бир имдод сўрайман сендан, онажон.

Чаёнзор йўлидир борар йўлларим,
Таним ёнмакдадир ишқсиз очунда.
Кўкларга тўқинар сўнгак қўлларим,
Оёқларим менинг тупроқ ичинда.

Барчанинг бошида бирдек беомон,
Манхус замонларнинг ўлик шамоли, —
Бузғун йигирманчи аср аъмоли…
Менинг она тилим, мунис, меҳрибон,

Сен Туркий дунёнинг ғолиб хаёли —
Сени ёзажакман, тирилган жаҳон.

3.Улуғ Туркистоним, олтин далалар,
Офтоб сочқи сочар бош узра балқиб.
У сенинг тилингда айтар аллалар,
Қоним, она тилим, оҳ, она халқим.

Навоий байтига ўхшайди йўллар,
Бу тошлар Ҳамзанинг қотили, ҳайҳот!
Наҳотки умрбод ўртаса ўйлар,
Умрбод занжирбанд этса хотирот?!

Занжирбандман, она тилим, Она сўзингга,
Кундайин сўларман, ойдек тўларман,
Мил каби тортарман сени кўзимга.
Мен ғариб бандангман. Бир Сўз тиларман,

Бошимни қўярман Сенинг изингга…
Қудсия анфосин ёдлаб ўларман.

20. ОҲАНГ
Сени оҳанг, эй ғамли оҳанг,
Танимасдим, билмасдим олдин.
Томиримда хун талашур жанг,
Шунча ғамни қаердан олдинг?
Билмасмидим, ёруғ дунёда
Шунча алам, шунча изтироб,
Қайғуларда туйғулар ёнди,
Заҳарми симирди хотирот?!
Ёмғир гўё дийда ёшидан,
Нечун яраланди тушунча?
Аламларга тимсол ўхшайди
Тонг чоғида очилган ғунча.
Дилгир-дилгир юлдузлар ёнар,
Ой ўзини отади ҳозир.
Менинг ўйчан, меҳрибон онам —
Ер шаридан олинган тасвир.
Йўқ, сен оҳанг эмассан. Ёлғон…
Сен қалбимда эшилган нидо.
Сен ҳам менга ўхшаган Инсон,
Сен ҳам дунё, шу Туркий Дунё.

21.
Яна қайтиб келдим. Чанг тўзган
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар ўсган
Уйимизни соғиндим, она.
Азиз даргоҳ остонасида
Сизни қалбим билан қучайин,
Тўйиб-тўйиб сопол косада
Муздек қудуқ сувин ичайин.
Ҳар бир нарса яқиндир менга,
Ҳар бир нарса менга қадрдон.
Қараб қолдингизми йўлимга
Иссиқ нонлар узиб тандирдан?..
Койимангиз мени бу сафар,
Унутди, деб уйни, даламни,
Не чора бор, дил ёнса агар,
Дил соғинса туркий оламни…
О, қишлоқнинг мунис чиройи…
Аччиқ пиёз тўғрайин ўзим.
Дил соғиниб йиғлайди доим
Ҳозир, майли, йиғласин кўзим.
Тарғилланиб бормоқда осмон,
Оппоқ ҳидга тўлмоқда бағрим.
Айтингиз-чи, борми соғ-омон
Шаҳло кўзли менинг тарғилим?
Оғушимда зангори сезги,
Кипригимда суюқ ҳаяжон.
Кўзларимда юмалоқ севги,
Саломатман мен ҳам, онажон.
Қайтиб келдим яна. Чанг тўзган
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар ўсган
Уйимизни соғиндим, она.

22.
Ҳайрон, мағлуб бу коинот,
Ўйнар гуллар, ўйнар насим…
Айтинг, кимга этмиш насиб,
Бу кимнингдир ширин ҳаёт,
Ҳайрон, мағлуб бу коинот?
Майли, ҳали бор имтиҳон,
Ҳув, олдинда буюк орзу,
Уфқ ёриб кетмакда у,
Ҳув, олдинда Улуғ Турон.
Майли, ҳали бор имтиҳон.
Садолар бер, бахтли жаҳон,
Унда йўқми ёвуз ўлим?
Сарбон, қани кетдик, сарбон.
Турон сари карвон йўлим.
Ассалом, эй бахтли жаҳон.

23. «ЧЎЛИ ИРОҚ»

Уфқ ёнар, Уфқ. Уф-ф!
Карвон борар қумликда. Қум. Қум…
Туяларда ҳазин қўнғироқ,
Чўли Ироқ, чўли Ироқ
Тун… Кун… Тун…
Поёни йўқ мунгли бу саҳро
Узра ҳурмо
Ўсадир танҳо.
Ҳурмо ости ложувард булоқ.
Чўли Ироқ. Чўли Ироқ.
Юрак чапак чалади чанқоқ,
Беҳуда севинар Карвон.
Карвон учун
Энг ширин армон —
Улуғ Турон —
Ўша булоқ…
Қуриган бироқ…
Чўли Ироқ, Чўли Ироқ.
Йўли йироқ кўп ёмон…
Тун… Кун… Тун…

24.
Мен ўткинчи, мен фақат меҳмон,
Остонангда эй туркий тилим.
Менга бир шеър керак, эй мезбон,
Ёзилмаган шеър эрур дилим.
Айтгил, нечун бунчалар қизиқ,
Эски жаҳон, бу эски жаҳон?
Бир шеър керак нон каби иссиқ
Менга бир шеър керак, эй мезбон.
Мен ғарибман ва сен беомон,
Сен Қуёшсан, мен сўнган чироқ.
Қийнамагил мени, онажон.
Сен — абадий, мен — лаҳза, бироқ
Итоат эт менга шу замон,
Ё айлагил телбани тупроқ.

25. САМАРҚАНД ОСМОНИДА

Кезар бўлдим фазоларда ман,
Оқ тўлқинлар уммони ичра.
Юрагимда қайғу-шодумон
Айланурман Самарқанд узра.
Кўз ўнгимда қадимий жаҳон,
Асрларни бузар хаёлим.
Осмонида шунча ҳаяжон,
Тушганимда не кечар ҳолим?
Фалакларда муаллақ турдим,
Мени сўнгсиз хаёл этмиш банд.
Сенинг буюк ўтмишинг кўрдим,
Келгусингни кўрдим, Самарқанд.
Таърих айтар, аста жаранглар,
Даҳмаларда қадрдон калом.
Зиё сочар самовий ранглар,
Минорларда абадий илҳом.
Клавихо каби боқурман,
Бошинг узра келдим-ку алҳол.
Асрлик тош янглиғ қотурман
Шоҳизинда қошида беҳол.
Ошиқман-ку мен учун басдир,
Атамассан менга қаҳрингни,
Лекин барча ошиқ эмасдир
Сен уларга очма бағрингни.
Карвон-карвон келиб кетдилар,
Ҳаммасини бағрингга олдинг.
Шамол каби елиб кетдилар,
Фақатгина Сен мангу қолдинг.
Илҳом излаб келди бирови,
Биров сенга қилинди сургун.
Ким дўст эди, ким эди ёвинг,
Барчасини айтолмам бугун.
Ер талашиб келдилар ахир
Ваҳший тўда айҳоннос уриб.
Ҳаммасидан хабардор таърих,
Мен не дейин осмонда туриб.
Бўлган-ку кўп қиёмат-қойим,
Қийин эрур ахтармак қиёс.
Туркистонни ўйлармиз доим,
Келажакка буюк эҳтирос.
Тушлар кўриб ухларсан гўё,
Тушларингда қадимий қисмат,
Эй, Самарқанд, эй кўҳна Дунё,
Сен уйғониб кетмагил фақат.
Кўпдир шаҳар деганнинг оти,
Имкон бўлса кўрарман бир-бир
Бироқ танҳо эрур ҳаётим,
Танҳо эрур Самарқанд ахир.
Бахти кулган элни кўргайман
Хароб бўлган бўстон жойида.
Таъзим бажо қилиб тургайман.
Кўктангрининг қутлуғ пойида.
Кезар бўлдим фазоларда ман,
Оқ тўлқинлар уммони ичра.
Юрагимда қайғу-шодумон
Айланурман Самарқанд узра.

26.
Талпинади, шундай кулади
Кўм-кўк ўрмон ва тиниқ дарё.
Дарё узра ой ҳам қулади
Ер ҳуснига бўлиб маҳлиё.
Талпинади яшил далалар —
Совутади асов отини.
Қуёш ширин ўйларга толар,
Бугун ёзар гул ижодини.
Совуқ юракларга ўт қалаб
Ўзи бериб ўзига баҳо,
Мангуликнинг нағмаси ила
Талпинади Туронда баҳор.

27.
Дилгир мусиқа оқарди,
У пайт сўзсиз ва паришон
Бир-биримизга боқардик:
Сени алдамайман… ишон…
Дилгир мусиқи оқарди.
У пайт кўзинг эди—маъно,
Сохта туюларди сўзлар.
Орзуларим каби наво —
Сенинг каби мислсиз гўзал.
У пайт кўзинг эди—маъно.
Оқшом, Туркистон ва ёмғир,
Сен ёнимда, сен… ёнимда…
Аста тўхтар бу куй оғир.
Куй бўлиб қолдинг ёдимда:
Оқшом, Туркистон ва ёмғир.

28.
ЮРАК
Гўё барибирдир яхши ва ёмон,
Юрак, сенга борар кўчалар очиқ…
Сачраб ёнарсану бўлмассан тамом,
Ўткинчи ғамларга аччиқма-аччиқ.
Юрак, йўлларингда турганман такрор,
Роса сайраганман сенинг тўғрингда.
Ким билар, ақлимга келдинг неча бор,
Неча бор сўзладим сенинг йўғингда.
Балки алдаганман ваҳима ютиб,
Сен ҳам ташвишларга солгансан балким.
Бугунчи дегайман ўзимни тутиб:
Сен ҳақсан, барибир, менинг юрагим.
Шул осмон остида кезгаймиз ҳали,
Мантиқ ахтаргаймиз изғиб изма-из,
Даркор бўла қолсанг йиқилғил майли,
Фақат йиқилмасин шўрлик дунёмиз.
Изн бер, ҳайқирай иймоним ҳаққи
Кўкларга термулиб солайин уввос.
Мен фақат Туркистон аталган ёрқин
Бир бутун юртимни истайман холос.
Гарчи тутқунман-ку эркин сеҳрингга,
Унда собит турар мақсуд—манзилим.
Қолиб кетмасайдим сенинг меҳрингдан,
Қолиб кетмасайдим йўлда узилиб.
Ажойиб диёрсан, қалбим, на чора,
Шодлик ва ҳасратнинг маскани санда.
Овоз бер, айтарманми эшитиб зора
Еслаб қўярлар-ку ҳеч бўлмаганда.
Айтгил, зорингни бир кун, юрагим,
Айтгил, куйларманми боқмай ўзимга.
Сени жарроҳ каби совуққон ва жим
Юлиб қўярманми қоғоз юзига?!
У пайт алдамасдинг кўзимга боқиб,
Шодумон дардингни тўкардинг буткул.
Унгача илҳомлар келмагай оқиб,
Унгача дунёни англамак мушкул.

29. БОҒЧАСАРОЙ ФОНТАНИ

Ғамли фонтан, ҳали йиғлайсан,
Ҳасратларда бўлмайсан адо.
Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан,
Кимлардандир кутасан садо.
Неча-неча малак қошингда
Тўкиб солган қонли ёшини.
Сен йиғлайсан балки ўшандан
Ғамли фонтан, эгиб бошингни.
Кўнгил учун ахир кулмайсан,
Сен ҳамон йиғлайсан бечора,
Кўрганингни айта билмайсан,
Бир сўз айта олсайдинг зора…
Шу зангори осмон остида
Хаёлотдек бепоён олам,
Нуқта каби олам устида
Қрим деган бир мамлакат ҳам.
Қаҳрли, бешафқат гаройлар…
Ўзинг гувоҳ, кўз ёшинг гувоҳ,
Кечди аср. Йиллар ва ойлар,
Нелар кечди бошингдан, эйвоҳ.
Кўкка етди сабр дарахти,
Йиғла, Қрим, йиғла, тангри кўк.
Не бўлмоқда инсонлар, айтинг,
Қрим бору қримликлар йўқ.
Айтинг менга, қайда адолат,
Қайда, айтинг, инсоний ҳуқуқ.
Бу не ҳолдир, қандайин ҳолат,
Қрим бору қримликлар йўқ.
Ғамли фонтан, ҳали йиғлайсан,
Ҳасратларда бўлмайсан адо.
Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан,
Кимлардандир бўлгансан жудо.

30.
Уйғонар Туркистон, уйғонар Дунё,
Порлоқ умидларга тўлиб кун ботар.
Бахт сингари олис юлдузлар гўё
Азал гўзалликнинг шаъмини ёқар.
Кўнглим осмон янглиғ, ёришди осмон,
Келур от ўйнатиб Халоскор Сарбоз.
Оърқин саҳарларда Сен, Руҳим, омон
Юксак-юксакларга қилабер парвоз.
Эй Само, эй Замин, эй Инсон — қодир,
Гуллар, чечакларга тўлсин ойдин йўл,
Нафосатга ахир чидамли одам.
Бу кун Сен бошқасан, Дунё бошқадир.
Сен-да Ҳур туғилдинг. Бир сўзла. Бир ўл,
Ва билгил қайларда сарсондир Алам…

31.
Почта. Телеграф. Телефон. Кирдим.
Базўр олиб келдим оёқларимни.
Танбал, эринчак бир вужудки бу, эҳ,
Оёғим маъюсликнинг оёғидир.
Гоҳ шундай бўлурки, миямда ғашлик,
Ўзим бир челак қон, сув ва бошқалар,
На Ветнам, на Исроил, на АҚШ,
Дунё ўз йўлига, мен ўз йўлимга.
Шоҳкурсига ташлаб қўйдим ўзимни,
Юмшоқ, шилимшиқ шоҳкурсига чўкиб
Кута бошладим рағбатномалар,
Дўстларимнинг ёзмаган мактубларин.
Бошин зўрға тутар оғир устунлар
Залда уймалашган жонларга қараб,
Бу ер ғовурига бепарво, беҳис
Почта қутилари туришар узун.
Қопқоқли оғзини очару ёпар
Бу ерда елим ва сиёҳ ҳидлари.
Бу ерда қоғозлар бўлмоқда нобуд,
Гарчи воқиф эрурлар ҳар нарсадан.
Эй, бечора варақ, қафасга тушдинг,
Телефончи қизнинг овози чиқар,
Жаранглар совуқ: «Фалон Фалончиев,
Жавоб бермаётир… алло, Фарғона…
Туркистон?! Олтинчи хонага киринг…
Бу ерда сўррайиб турманг, азизим…»
Омонат кассасин қулоғи тирбанд
Ўликнинг оғзидек очиқ дарича.
Биров пул қўйишга шошар, бахтиёр,
Биров олар сўнгги сўмин паришон.
Менинг унга раҳмим келмайди. Ажаб.
Бу ерда ўйин тушар шодлик ва ғам.
Оёқларин кериб оҳанг пуркайди
Тахталар. Қандиллар жўр бўлар шошқин.
Булғаниб маст ҳолда ёзғичлар ётар
Ғижим қоғозларга боқишиб ҳайрон.
Телефонхонанинг бирида кулгу,
Бирида кулгунинг тескарисидир.
Бунда сувратлар ҳам қандайдир дардли,
Тўғриси, дардларнинг шаклидир булар.
Гоҳ шундай бўлурки миямда ғашлик,
Бурчакда оқ, жиддий туфдонлар фақат
Туфукларин сочиб турар илжайиб,
Нофелет. Фаргелет. Атчоп. Кетаман…

32. ОНА ТУРКИСТОН

Абдулла Қодирий хотирасига

1.Хотирамнинг қаър-қаърида таърих
Доим сўзлаб турар эзгин ҳикоя.
Тутқин қуш сингари қолурман ғариб
Руҳимга булутлар ташлайдир соя.
Бот-бот хаёлимдан чекинди мубҳам,
Фикримдан юлқинди Ватан қораси.
Олисда милтираб сўнаётган шаъм
Кўҳна ҳасратимнинг машъум яраси.
Кишанбанд қилинар қўлларим гўё,
Тупроққа қўшила бошлайди таним.
Шу қадар юраги тормидир — дунё.
Наҳот фарзандига — ўзига ғаним,
Ўзи юрагига жо бўлди, аммо
Нечун сиғдирмади, нечун Ватаним?!
2. Кўрингиз тарихни, эй туркий халқим,
Кўзимга эртанинг севинчи холос.
Ул Турондир, Туркистондир? У балким
Ичимни кемирган қадимий қасос.
Кўрингиз таърихни. Кўз олдим парда,
Қўлимдан учмоқда бу ер, бу Ватан…
Ошно тутинардим пўлат ханжарга…
Жанг майдони сари отилардим ман…
Ватан, айланарман бир кескир тошга,
Қошинга ўқ каби учиб борарман…
Наҳот тил бошқадир, наҳот дил бошқа?!
Йўқ! Фармон кутарман, энг сўнгги фармон,
Шакланиб қарарман қалққан қуёшга.
Барибир, қасос, деб ёнарман ҳамон.
3.Умр деганлари ўтмакда шошқин,
Тилла баргларини элаб йўлимга.
Сенинг мангулигинг берадир таскин
Ерта узилгувчи менинг умримга.
Оҳ, Она Туркистон, куйлайин ёниб,
Дунё журъатини бердинг қўлимга.
Мен энди англадим туркий дунёни,
Мана мен, тайёрман энди ўлимга…
Эй менинг заҳматкаш, эй қутлуғ халқим,
Бергил фақат куйиб куйламак ҳаққин.
Ортиқ масъул этар топилган бу Бахт.
«Ишқ сўзидан куйди булбул маскани»,
Тил билан куйланмас она-Ватаним,
Мен сени куйламак истайман фақат.

33.
Муаллақ қўлларидек булутлар
Сира раво кўрмас қуёшни.
Ташна саҳро ёмғирни кутар
Қўйган каби кундага бошни.
Сира раво кўрмас қуёшни
Учишган булутлар саргардон.
Англамайдир бу қайноқ тошни.
Бу саҳро-қонталаш жигардан.
Ташна саҳро ёмғирни кутар
Кутар-туғилмаган ўт, гиёҳ.
Булутлар саҳрони унутар,
Қақраган саҳрода не гуноҳ?!
Қўйган каби кундага бошни
Сабрсиз, бу саҳро, сабрсиз.
Қайга кўмсин бу чексиз лошни,
Қабрсиз, бу саҳро, қабрсиз.

34. ХУДБИН

Ҳеч кимга инонмадим ёруғ дунёда,
Инонмадим отамга, онамга инонмадим,
Боламга инонмадим, мен — шўрлик,
Бошқасини тилга олмадим ҳатто.
Қаттиқ севдим ўзимни —
Яшадим мен унинг
Ўлимин кутиб —
Мозорида бир тўйиб йиғламак учун.

35.
Сен айт. Букун сенинг айтганинг айтган, узун каломингдан увишади жон. Туркистон сўзига кимлар ҳам ётган, Сўзнинг ҳисобига етибмиз қачон? Сўзлардан дераза, сўзлардан эшик. Сўзинг остонадир, кошона сўзинг. Сен айт. Миннатдормиз. Бошимиз егик. Сўзлар салтанатин султони ўзинг. Кимдир бузди Сўзни; кимлар ўнглади. Ким сўзнинг жаллоди, кимлар қурбони. Олимлар тинглади, яқин тинглади. Қўйнимизга тўлди Сўзлар хирмони.
Бошимизга қўниб сўзлар инглади. Кўнглимизга ботди сўзлар ҳижрони.

36. ЭСКИ ТУРКИЙЛАРДАН

Чиқмасми қуёш балқиб
Боқмасми қодир худо!
Алвидо, она халқим,
Алвидо эй, алвидо.
Ўзбекмомо авлоди,
Ўзота ўғлонлари,
Рост бўлди юрак доди,
Қонларга тўлғонлари.
Денгизи қуриб битди,
Дарёлари оқмасми,
Наҳот бизни ер ютди,
Қодир худо боқмасми?
Туркистонни бўлдилар,
Парчаланди бемажол.
Устимиздан кулдилар
Ул ёвузлар бемалол.
Чиқмасми қуёш балқиб…

37. САЙЁД НАВО

Бас эй маккор, ғайри иймон истамам,
Бори фитна, бори ёлғон, истамам,
Менга онсиз икки жаҳон истамам,
Инсонманам, ўзга унвон истамам.
Кезиб шоир тинглагай фарёдлар,
Шоир тили ўз элидан додлар,
Ёраб! Боғбони йўқ, элбони йўқ.
Бори ўғри, каззобу жаллодлар.
Онча гуноҳ, онча шафқатдурур, ёраб,
Онча зиён онча рағбатдурур, ёраб,
Онча қайғу, онча раҳматдурур, ёраб,
Онча бунёд, онча ғоратдурур, ёраб.
Куйди очун, мен учун фарёд қил,
Тутқунманам, сен мени озод қил,
Исодин кечадурмен, дейил Сендан,
Ўзни қутқор ва Сайёдни сен ёд қил.
Маним мулким, маним сўзим — жавҳарим,
Сўзимнинг шуъласи ёнган аҳгарим,
Инонмаки, ўлмас бу мулкни йитиб
Дард мулким, дарди олам меҳварим.
Бу фалак бедодидин ўртонди дил,
Ёри ағёр шевасига қонди дил,
Не наво қилди вале Сайёд Наво,
Ёнди Одам, ёнди Олам, ёнди Дил.

38. ЁНАЁТГАН АЁЛ

Тентирар Касофат ғолиб Ахраман,
Ҳақорат жар солар бунда бемалол.
Қаён кетмоқдасан ёниб, қаҳрамон,
Қаён кетмоқдасан Эй ёнғин-Аёл.

Кўксингда Ҳарорат сўниб бўлдими?
Кўзингда сўнгги шаъм ўчдими, наҳот?
Тўхта! Қолган қолди, ўлган-ўлдими?
Тўхта, дейман, бордир, бор ўзга ҳаёт.

Ёнаётган Аёл, шафқат қил, уйғон,
Ёнаётган Аёл, Хурузм паноҳинг,
Болангга қарагил у тирик Туғён.
Тирик Жасоратдир, тирик Оллоҳинг…

Қани туркийларинг, Туронинг қани?!
Ёнаётган Аёл, ёндир Дунёни.

39.
Ухлама, сен, Ҳақиқат,
Чидам билан бориб қайт,
Оқ бўлсин босган изинг
Суйиб айтгин, туйиб айт,
Ловуллаб турсин Сўзинг,
Куйиб айтгин, тўйиб айт,
Ухламагин сен ўзинг
Ухламагин сен фақат.
Мудроқ, қўрқоқ жонларни
Уйқудаги муваққат
Басирларни уйғотгин,
Норасо маконларни
Қасрларни уйғотгин.
Уйғотгин замонларни
Асирларни уйғотгин,
Ухламагин сен фақат.
Чидам билан бориб қайт,
Елни тўплаб уйғотгин.
Заҳар хўплаб уйғотгин.
Сўзларингнинг Қуёши
Аччиқ ёшга айлансин.
Ботирларнинг кўзёши
Бир кун тошга айлансин…
Сен-да дам ол ўша пайт.

40.
Эй сиз, тўйганлар,
Эй Сиз, башанг оломон,
Юзингизга сепаман сўзларимни…
Ҳа, ҳеч нарса йўқ менда, ҳеч нарса.
Хотин — йўқ,
Фарзанд — йўқ,
Дўст — йўқ
Ватан — йўқ.
Йўқотганларимнинг алами-заҳри,
Кўксимдаги санчиқ олами,
Шеъриятдан бошқа,
Ҳеч нарса, ҳеч нарса, ҳеч нарса.

2007

0_1640cf_a74ba154_orig.png17 DEKABR — BOYMIRZA HAYIT TAVALLUDINING 100 YILLIGI

   Turon. Turkiston. Vatan. Ko‘z o‘ngimizda turkiylarning qadimiyatdan Ona Yeri, Turk dunyosining tarixiy Vatani — salobatli jug‘rofiy hudud namoyon bo‘ladi. Turkiston g‘oyasi xalqlarimizning azaliy muqaddas orzusi, milliy mafkurasidir.

a1c7fce004829f03fe32aeb7eac59a44.jpg Bu orzu,bu g‘oya millatimizning ikki buyuk odami — Boymirza Hayit (17 dekabr, 1917 – 31 oktyabr, 2006) va Rauf Parfi ( 27 sentyabr,1943 – 28 mart, 2005) uchun umr,hayot,ijod va faoliyat maslagi bo‘lib xizmat qildi.Turkiston mustaqilligi uchun tunu kun kurashgan Boymirza Hayit tug‘ilgan kuni arafasida Rauf Parfining bu ulug‘ zotga bag‘ishlagan she’riy turkumini sizga taqdim etamiz. Allohdan aziz insonlarga rahmat tilab qolamiz.

Rauf Parfi
ONA TURKISTON
04

Bir umr Turkiston istiqloli uchun kurashib yashayotgan muhtaram ustod
BOYMIRZA HAYIT sharafiga ta’zim ila

1. OG‘RIQ

1. O, Ona Turkiston, qora dunyoda,
Qismat yelkasida yugurdim, yeldim,
Goh shavq qanotida, goho piyoda,
Yukinib, men senga sig‘inib keldim.

Men seni sog‘indim haddan ziyoda,
G‘amli xotirangga borlig‘im to‘ldi.
Bu uzluk ummonda, bu ahgar bog‘da
Sirpandim. Men qattiq chirpandim. So‘ldim.

O‘tkinchi g‘amlardan tanamda titroq,
Rostmi shu? She’r tug‘ar emish alamlar?..
Goho xo‘rlab, tishlab o‘tdilar, biroq
Sen bilan kechgan ey ilohiy damlar…

Balkim, ilhomingni sudradi ko‘proq
Shon-shuhrat burjida yongan sanamlar.
Sohir yuragingni chaqmoq urdi-ku,
Ortiq kulfatlarga doimo shaysan.

Ko‘zingda qotgan nur porlab turdi-ku,
Sen axir tiriksan, yonib yashaysan.
Tugatib bo‘lmas hech bu dardni ichib,
O‘rilgan yaradan chechaklar o‘sdi.

Yuragingning yirtiq ko‘ylagin yechib
Bag‘ringga bosarsan — bormisan, do‘stim?
Dunyoni shopirar yolg‘onga, chinga,
Birov rohat qilar ezg‘ib, kuldirib,

Iztirob urug‘in separ ichingga.
Hay, deysan, ne topar meni o‘ldirib,
Qaraysan, ko‘zingga nurni to‘ldirib.
Balli, qobog‘ingning ulug‘ kuchiga.

2. Hech narsa yupatmas, shoir, hech narsa,
G‘arib baxtiyorlik endi yupatar.
Yulib vujudimni titib axtarsam
Dunyoviy alamning toshlari yotar.

Har kim o‘z qalbiga o‘zidir hoqon.
Baribir, men seni sevib sizlarman.
Ehtimol, nohaqman, ehtimol haqman —
Muqaddas Turkiston so‘zin izlarman.

So‘z mening ko‘ksimga sanchilar, hayhot!..
Shovulla, gurkira, hayot nafasi.
Ruhga iymon bergil, ey qodir hayot,
Qizg‘onma samoviy sehrning sasin…
Yurak deb atalgan og‘riq bu — najot.
Ko‘krak qafasimiz — najot qal’asi.

2. SIYOVUSH FARYODI
Sudrar oyog‘imdan qaro yer qa’ri,
Muz tog‘lari o‘sar ko‘zim yoshidan.
Dardi yo‘qdir ko‘k yuzining, yo‘q bag‘ri —
Inson yuraklarin qahr toshidan.

Nahot parchalanmas, bu toshlar sinmas,
Kimsan, o‘zligingdan qil meni ogoh,
Silohlar, zanjirlar olami tinmas,
Qayon oqmoqdasan, ey olampanoh?

To‘xta, Siyovushman, unutding, nahot?
Qonlarga botdim-ku, yondim, qirildim,
Sendan, Damovanddan tiladim najot.
Ko‘z ochib ochunga qayta urildim.

To‘xta, Siyovushman, men yana hayot —
Qayta o‘lish uchun qayta tirildim.

3. TURKISTON YODI

Naqadar uzundir, og‘irdir bu yo‘l,
Dalalar yastanib yotar ko‘k kabi.
Tig‘lab xotiramni osmon — cheki yo‘q,
Tizginsiz bu shiddat kenglik asabi.

Bu kenglikda o‘ylar meni g‘ijimlar,
Ul o‘z qofiyasin sudrab keladir.
Qancha qochsang shuncha qilgay hujumlar,
O‘q singari xotiramni tiladir.

Tegramda zich havo — ona Turkiston,
Yorgay tomirimni ko‘r hayajonim.
Bu maydon ichinda men to‘kmagan qon,
Mening uni deya ayagan jonim.

Yana yiroqlarga chorlaydir moziy,
Vatan tushunchasi kelar yetaklab
Ayrilgan, xo‘rlangan ulus ovozin,
Shoirning beshigi aytar ertaklar.

Yassaviy maqbari mung‘aymish mag‘rur.
Tovushga aylandi har bir g‘isht rangi.
«Dunyo mening deganlar…» Nido kelur.
«Karkas qushdek…» Qadim so‘zlar jaranggi.

«Yolg‘on da’vo qilganlar…» So‘zlar shoir.
«Oqni qaro deganlar…» Ayting, kimlar?!
Maqbara boshimga yiqilar hozir,
Yana tovush: «Harom yegan hokimlar…»

Parchin-parchin bo‘ldi yodim simlari,
Simlar — ko‘zlarimga mil tortgan chizgu.
O‘tgan ulug‘larni eslayman barin,
Xotirot mozori — Turkiston mangu.

Kecha sodiq o‘g‘ling o‘tdi dunyodan,
Saxiy inson edi, u shoir edi.
Sanchilib yashaydi bir umr yodda,
Ketayotib, men yig‘lab, bo‘ldim, dedi.

Yig‘la endi ko‘zim, sen-da yig‘lab ol,
To‘ysin ko‘z yoshingga bu turkiy stam.
To‘ysin, Vatan yodi chidar bemalol.

O, sabr daraxti, qutlug‘ Turkiston.
Naqadar uzundir, og‘irdir bu yo‘l.

4.
Xayr, dada, biz endi ko‘risha olmaymiz yorug‘ dunyoda. Bilamanki, siz tuproqda, bilamanki siz, qalbimning bag‘rida ochilgan yaproqda. Bilamanki, mumkin emas sizni bir bor ko‘rmoq baxtini tuta bilmay ko‘krakda, yer o‘pmoq. Armonim qoldi xolos. Turkistonimga — armonimga sig‘inaman. Sizni sog‘inaman. Bilamanki, mumkin emas.

5.
TAVFIQ FIKRAT KITOBIGA O‘ZUV

Men uxlayman, men uxlayman,
Ro‘yolarga botaman.
Tushlarimda men yig‘layman,
Bulutni uyg‘otaman.
Boqmam yerlik navolarga,
Bilmam qachon qaytaman.
Men dardimni havolarga,
Shamollarga aytaman.
Men uxlayman, men uxlayman.
Asta yumgayman ko‘zim.
Tushlarimda men yig‘layman,
Sen kulib tur, Yulduzim.

6. ABDULHAMID SULAYMON CHO‘LPON

Shu ojiz holimda shoirmanmi men?
Cho‘lpon

1.Ona tilim, sen ruhimning qanoti,
Abutturk nafasi, Oltoy chechagi.
Xun davridan omon keldi G‘iroting,
Qutlug‘ Enasoyning ezgu ertagi.

O‘rxun bo‘ylarida toshga aylanding,
Ko‘klarga sanchilding, Turon bo‘lding Sen,
Mangulik safarga qachon shaylanding?
Qachon bu alamga — kuchga to‘lding Sen?

Porloq osmoningda quzg‘unlar uchdi.
E voh, yog‘iylaring soldi yag‘moni.
Yog‘iylaring jigar qoningni ichdi.
Jigar-qon jaranggi tutdi jahonni,

Onasen. Kechirding, qonidan kechding,
Biroq kechirmading aslo yolg‘onni.
Dunyo oq emasdir, yo‘q, qora bardosh,
Kuyib yodimizdan kechganlar aytsin.

So‘zlarida zahar, ko‘zlarida tosh,
Elidan, tilidan kechganlar aytsin.
Tunlar bosib kelar dunyo hasrati
Kunlar gizli tug‘yon, bosib kelar she’r.

Nechuk qismat erur, shoir qismati?!
Tushlarimni buzar hazrat Alisher…
Yillar bahorimni uchirdi chalqib,
Muzlarga ko‘chirdi o‘tluq yozimni.

Axtardim muhitda xas kabi qalqib —
Men o‘z Yulduzimni, o‘z Quyoshimni…
Yulduz sen, Quyosh sen, sen ona xalqim,
Sen uchun sindirdim sinmas sozimni.

Oh, shoir qismati, yarqiroq, gulgun,
Zavqlarga to‘lar u, bir so‘zni izlar.
Dunyoda hech bir zot bilmas, ne uchun,
Ayricha kular u, ayricha bo‘zlar.

Yo‘lsizlik yo‘ldoshi, tolei nigun
Hech qachon to‘yarmi axir yovuzlar.
Bu xalq dushmani, deb tutsalar bir kun,
Baribir, u xalqning nomidan so‘zlar.

Boshida qora qish, oppoq bahorlar,
Yuragi yarimu butun iymoni,
Talotum olamni shivirlab chorlar.
Tani omonatdir, naqd erur joni,

Ko‘krak qafasida lovullab porlar
Buyuk muhabbatning qonli nishoni.

7. OMON AZIZ. «KANDAKORLAR»

O‘ltirishar ikki jununvash,
Ikki jahon bilmagan jahon —
Ikki shoir ma’yus, xayolkash,
O‘rtalikda olov — Turkiston.

Mangu yonar lahzalik otash,
Qotib qolgan xayol bepoyon:
Asriy hasrat, yurakdagi tosh,
Bir lahzalik shodlik namoyon.

Titrar olam bir parishonhol,
To‘rt tarafda zulmatdir g‘arib,
To‘rt tarafni go‘yo bosmish yov.
Kelajakka yog‘dirar savol,

Go‘yo tunda imkon axtarib
Chorlar misda muzlagan olov.

8. SHAMOLLAR
Shamollar boshimda aylanur, daraxtlar tebranur shamollarda, daraxtlarning mevasi larzon, soyasi larzon. Xususan daraxtlar… Dor: Yuvilgan kiyimlar osilsin, tomosho ko‘rsatsin dorbozlar. Cho‘yan-oshxonada qozon. Daryo: nur. Temir: avtomat barmoq, Qabriston: gulzordir. Boshimda aylanur shamollar. Boshimda odamlarning, vatanlarning shamollar shaklida hayqirgan ovozi. Men beparvo bo‘la bilmasman, ey «baxtli» diyorning, ey beparvosi. Qalbimni asrimning tomiriga ularman: Mayli, oshsin qon bosim, shart portlasin kardiogramma. Ko‘zlarimning devoriga qarab o‘larman.
Sendan ayamasman umrimni asrim. Bu umrim nimadir?! O, ona Turkiston, bir varaq qog‘oz kabi o‘zimni yirtmasam… narsalar narsa emas men uchun. Narsalarda bor mening o‘chim, kesilgan daraxtlar-to‘ngakdir kesilguvchi boshlarga. Dor: Eng go‘zal fikrlar osilgan — Cho‘yan: oskolka. Qaylarga quyular bu daryo, bu daryo tinarmi?.. Yoki yana qaytadan bizning ibtidomiz boshlanajakmi? Bu temir: Bu G‘ye emas, tarkibi jon, shahidlar qabriga husn-gajakdir. Quyosh foje’ xotira, asrdosh. Yo‘llar. Ikki odam yo‘l o‘rtasida, bir-biriga boqar, sirdosh, suhbat qurishar ular. Ikkovi ham ketdi bir tomon, lekin xayrlashib olishdi asli. Narsalarga narsaday qaray bilmasam, yolg‘iz sen sabab, shamollar onasi, hey, asrim. Derazamni ochadi bo‘ron, bo‘ron ochar eshiklarni. Menga bir dam bermaydi orom ko‘rganlarim, eshitganlarim.

9.
Shamol, sochlarimni tarama,
Oqarsa oqarsin azobdan.
Qismat, hayron bo‘lib qarama,
Axir ayirmading g‘azabdan.

Ketmakdaman endi. Tong otar.
Alvido, ey, Turon diyori.
Ketmakdaman, axir, birodar,
Dunyo qolur, dunyo g‘ubori…

Oldinda ko‘rinur bahorlar,
Bu — Turkiy Dunyoning Bahori.
Pichoqlar bo‘g‘zimga yetganda
Qaltirab to‘kmasman yoshimni,

Hech narsa yo‘q mening yelkamda,
Men senga baxsh etdim boshimni.

10. BITIKTOSH

Firdavsiy bir zamon aytgani kabi
Har ne o‘tkinchidir, fanoning o‘zi,
Faqat ikki narsa qolur abadiy —
Botirning shavkati, dononing so‘zi.

Ajdodlar Vatan deb jon fido qilgan,
Behuda gap sotib yurmagan ular.
Mana, ming yillarni opichlab kelgan
Bitiktosh ona-yer haqida kuylar.

Vaqt quyunida ne davru davron,
Bu — toshga aylangan erkdir, bardoshdir.
Bu — Turon atalgan muqaddas armon.
Unga qaraymanu bir his tuyaman.

Bu yurtim timsoli mangulik toshdir…
Yuragim toshiga she’rim o‘yaman.

11.
Cheksiz-cheksiz daqiqalardan iboratdir mening chorak asrlik umrim. Bu qanday imoratdir bunyod etgan qo‘lim. Gap boshqa, ustoz, boshqa. Ey umrim, haqqimdir axir bir soatning o‘zida bir mazmun Nozimning dardlari kabi uzun, ishonchlari kabi g‘olib yashashga. Ellik yoshlik befarzand kishining: «Bir o‘g‘lim bo‘lsa edi», «bir qizim bo‘lsa edi» — fikrlariday og‘ir, yoshlikning shirin armonlari kabi olg‘ir, ayni orzularda, ayni qayg‘ularda, ayni sevinchlarda, ayni Turkistonda yashamoq, ustoz.
Shunday bo‘lmasa agar, nega kerak bu kelbat, bu ovoz. Shunchaki daraxtday o‘smoqmi, shunchaki daryoday oqmoqmi darbadar. U payt ko‘zim ochiq lekin asli ko‘rmasdi. U payt yurak urar lekin asli urmasdi. U payt, daraxt-daraxt, daryo-daryo, Yusuf-Kvazimodo.
Men-ku istamasman o‘limni, biroq har soatda, har daqiqada bu yorug‘ dunyoning har tomonidan hukm etmoqdalar o‘limga meni. Men — Yulius Fuchik — dorga osildi boshim.
To‘ychi Eryigit o‘g‘li — otim mening — ko‘ksimda sovugan qo‘rg‘oshin. Botgan ko‘zlarimda jallolarning ayanch surati qotgan. Vetnamlik bir go‘dakman men — bag‘ri yara, qo‘lsiz, oyoqsiz va boshsiz yotgan. Men hali ham turma panjasi ora so‘ngsiz va ozod osmonlarga qarayman. Qarayman quyoshga. Men hayot istayman, gap boshqa, ustoz, boshqa…

12. SHE’RIYAT

Seni tanimagan sho‘rliklar ayanch.
Asqad Muxtor

Odam Ato va Momo Havodan oldin horg‘in kishilarning ruhida bo‘lding bunyod, bunyod bo‘lding Yer va Dunyo atalgan Yurtda. Sen bor eding hayotbaxsh suvda, uchar shamolda, issiq tuproqda, sen bor eding Prometey keltirmagan o‘tda. Keyin davrlar, asrlar, Atom asri keyin… Dunyoni qayta qurmoq, ishonchga ishontirmoq mumkin bo‘lmasdi, seni bilmasdan. Seni taniganning qo‘llariga darmon berding, ko‘zlariga nur.
Bosh otganda ulug‘ jangda o‘limga mag‘rur — o‘limi go‘zal edi seni taniganning, o‘lim — mangu yashamak kabi tuyuldi u dam. Kimdir yoqa yirtdi, seni unutdi, talvasada baqirdi, seni tanimasdan uvol o‘tdi olamdan. O‘zi tanho qolib ketdi quzg‘unlarga shirin yemak bo‘lib bir burda.
Shu oddiy suv mavjida, zarrin yaproqlarning ko‘ksida Navoiy tug‘ilar, suronlarda Nozimning ovozi. Gardandan girdob kabi quyular — Elyuar, Vujudimning har bir hujayrasida so‘zlarning sodiq qo‘shini — Turkiston, Turkiston, Turkiston — Turkiyning dunyoviy qo‘shig‘i. Yo‘q, hali yo‘q, shoir ekvator bo‘ylab sening yuragingdan otilgan o‘q.
Yuksak orzulari bordir shoirning, shoirlarda bo‘lar faqat ezgu niyat. Qalam-qalam emas bongga zarb ila urilguvchi cho‘qmor, undan taralguvchi sado va aks sado sen, She’riyat.
Zarb! Oq qog‘oz uzra go‘yo yorug‘ jahon uzra urilar qalam. Zarb!!! Qasrlar, taxtlar O’vuzliklar shaklida yiqildi. Shoir kuldi, Ollohni tan olmagan dahriy olomon tanib oldi ilohiy deb seni, She’riyat.

13. AGAR

Agar shunday bo‘lsa agar shundayin…
Hammasi tushunarli, ha, hammasi,
Hammasi ikki karra ikki, ya’ni besh,
Agar shunday bo‘lsa, agar, darvoqe’…

Hayot murakkab, deb o‘ylaymiz hayron,
Gavjum — odam to‘la bo‘shliqqa qarab.
Oq, qora, qizil, za’far xarita —
Ona Turkistonga bosh qo‘yib ma’yus.

Bu hayot murakkab, deymiz tik boqib
Yulduzlardek hadsiz hayot ko‘ziga.
Xususan, hayot ko‘p murakkab, deymiz
O‘z-o‘zimiz buzib qo‘ygandan keyin.

Garchand hamma narsa tushunarlidir…
Baribir, bir fikr beringiz menga
Oddiy «assalomu alaykum» kabi
«Salomat yuribsizmi ona?» degandek,

«O‘g‘lim qayerlarda qolding sen, tavba?»
«Uy oldingmi? Necha xonalik, inim?»
«Usting but, moyana qancha?» — singari,
Odatiy, kundalik gap monand fikr.

Va yana bir fikr beringiz menga,
Toki tog‘-toshloqda kezayin sarson,
Sahroni, xarsangni so‘zlatmak uchun,
Paxta kabi yumshoq so‘zlasin toshlar.

Hammasi tushunarli, ha, hammasi,
Agar shunday bo‘lsa, agar… darvoqe’…
Yirtqichlar qaytsin o‘z bolaligiga…
Nahotki, biz qayta bilmasmiz, nahot…

Hammasi tushunarli, ha, hammasi,
Tushunarli, agarda shunday bo‘lsa.
Osmonlarga bosh urib o‘lmak, qiziq,
Chunki boshing yetmaydi. Tushunarli.

O‘ylab bir fikr beringiz menga,
Toki artmakka shoshsinlar odamlar
Maysa, yaproqlarning shabnam yoshlarin,
Botayotgan kunga qarab yig‘lashsin…

14.
Xarita
Ko‘zlarimga nur singari singib ketar
Yuragimning suvrati — xarita,
Yetar.
Men hali ko‘rmagan orollar,
Men hali bilmagan yerlar, dengizlar,
Konlarimda orom olar.
Qonlarimni buzar.
Bunda ko‘rinmaydir bir chayla,
Unda baqirayotgan bir odam…
Qalqir, qalqar har bir hujayra
Ko‘zimga sachragan yaradan.
Shu parcha qog‘ozni bosib
Kim qalbimni g‘ijimlar otar?!
Xarita — Turkiston — nafasim,
Ko‘zimning issig‘i — xarita.

15. BAXT VA TASHVISH

Onam Sakina Isabekka

Baxt deb sen chekkan tashvishga o‘g‘ling arzirmi, uza bilarmanmi bir zamon uzish mumkin bo‘lmagan qarzimni?! Tashvish — qo‘rg‘oshin kabi og‘ir, Vatan kabi, Turkiston kabi, Baxt kabi og‘ir, shuncha yoshga kelib, shamolday yelib nima qildim, nima, axir? Baribir xafa emassan mendan, to‘g‘rimi? Meni deb tashvish yutasan, meni dunyo chog‘lab, boshingdan dunyoni baland tutasan, qizg‘onasan to‘pori o‘g‘lingni. Bir mash’um zarb ila to‘xtashi mumkin taqdirlar umri… Istamaysan vahshiy vulqon ila to‘silib qolsin Quyosh. Shundandir quyoshlar qaynovi qoningda, shundandir ko‘zlaringda doim yosh. Ha, dillarning dog‘i bor, umrlarning adog‘i bor begumon. Ammo Inson dahshati bilan bir kuni, bir zumda olamdan o‘tishimni istamaysan onajon. Meni baxtim deganing mening
baxtim ekaning. Biroq qiynar tashvish — baxtiyorlik kabi jiddiy ish. Seni xijolat etganim seni malomat etganim — dunyodan bosh olib ketganim. Mayli, hammasi oldinda, chekmagan zahmatim, bitmagan xatim, olmagan nafasim oldinda, tashvishimni oqlarman, Baxtimni ardoqlarman qayta tug‘ilgan o‘g‘ilday.

16.
Daryo kabi doimo uyg‘oq,
Intilishim tog‘ qadar baland,
Olis yo‘lga otlandim, biroq,
Mehrim bilan, muhabbat bilan,
Ey ko‘nglimga tugilgan Vatan.
Xotiralar so‘zlar har bir tosh,
Esdaliklar yog‘adi osmon.
Tiriklikning shohidi Quyosh
Eslamakdan tinmaydi hamon.
Oh, Turkiston, Ona Turkiston.
Chaqiradi tog‘lar, daryolar,
Yana yo‘lga chorlaydi meni.
Meni chorlab quyoshlar yonar —
O‘rganadir yonish ilmini.
Chaqiradi tog‘lar, daryolar.
Hali oldda qanchalar dovon,
O‘tgunimcha to uni bosib,
So‘zla, nahot bitadir darmon
Ko‘zlarimning tugar ziyosi?!
Hali oldda qanchalar dovon…
Oh, Turkiston eng achchiq bo‘sa
Kabi lablarimda urinding.
Men olisga otlanar bo‘lsam
Kuygan yurak bo‘lib ko‘rinding.
Oh, Turkiston, Ona Turkiston.
Daryo kabi doimo uyg‘oq
Intilishim tog‘ qadar baland.
Olis yo‘lga otlandim, biroq
Senga bo‘lgan sadoqat bilan,
Ey, ko‘nglimga yo‘g‘rilgan Vatan.

17. SO‘ZLAR

Darak gap. Inson. Undov gap. Inson!
So‘roq gap: Inson? Yashamakni o‘rgatar so‘zlar.
Ba’zan ko‘ksimizda tashigan jonni tashlamakni o‘rgatar so‘zlar. So‘zlar kerak, Bosh Harblarda yaralangan. Bosh Harflardan yaralgan so‘zlar. Bolari so‘zdoni bir ajib, so‘zlardir peshonada to‘plangan ajin, qo‘llarimiz fikrchan so‘zlardir. Haddan ziyod go‘zal so‘zdir — Turon. «Assalomu alaykum» bu tongotar, «Va alaykum assalamu», «Yaxshimisiz» — bu yo‘l. «Xayrli tun» — bu — Quyoshning botishi. Yo‘ldagi kishi: juda ajoyib jumlaga o‘xshaydi. Olijanob so‘zlarga o‘xshaydi — Yer shari…
Yashamakni o‘rgatar So‘zlar.

18. USMON NOSIR
She’riyat, yo‘llaringda sening,
Eh, kimlar zoru zor kezmagan.
Eh, kimlar chok etib ko‘ksini,
Qalbini g‘ijimlab ezmagan.

Men bilurman seni, she’riyat,
Yuragimning sensan ulfati.
Lekin, e voh, shu edimi ayt,
Shu edimi shoir qismati?

U Laylo atagan she’riyat,
Majnuningni nechun tashlading?
Shu edimi oshiqqa qismat,
Muqaddas ko‘zlarni yoshlading?

Xato yo‘lga kirgan bo‘lsa ul
Nega sen tutmading qo‘lidan?
Shunday ketdi yana bir o‘g‘il,
Saqlab qololmading o‘limdan.

Ona she’riyat, o‘ylaysanmi,
Qo‘yding-ku shoirni qaqshatib.
U qurboni bo‘ldi, deysanmi
So‘qir zamonlarning vahshatin?..

Qanday ayanch, bu nadir axir,
Kechirmasman seni hech qachon.
Vujudimni g‘ijimlar og‘ir,
Ruhim ichra yalang‘och vijdon.

Nahot mumkin emasdi, nahot,
Lol turganda dunyo qarshingda.
Qiynashganda yovuzlar nohaq,
Bir qadam tushmading arshingdan…

Yon, she’riyat, tutunga aylan,
Yon, Turkiston, tamom bo‘l, jigar,
O‘z she’rini ul o‘zi bilan
Yondirgani rost bo‘lsa agar!

She’riyat, yo‘llaringda sening,
Eh, kimlar zoru zor kezmagan,
Eh, kimlarchok etib ko‘ksini
Qalbini g‘ijimlab ezmagan.

19. ONA TILIM
1.Abut-turk ta’rixdan balki bir hikmat,
Biroq sen borsan-ku Turon elinda.
Shoir, So‘z aytmakka sen shoshma faqat
Ulug‘ Alisherning qutlug‘ tilinda.

Ul olis quyoshdir kuyinib yonar,
Olis xotirotdir o‘chmas falakda.
Haqdan, Haqiqatdan ko‘ring, kim tonar?
Dunyoviy alamning tiyg‘i yurakda.

Vatan deb atalgan beshik, onajon,
Men uchun yopilgan eshik, onajon,
Men sokin sollanib ilg‘ab borarman,
Vatan deb atalgan tobut qo‘ynida,

Chuvalgan bulutni qordek qorarman
Ruhimning panjasi chaqmoq bo‘ynida.

2. Hech zot uza bilmas uzilgan jonni,
Haqiqatni uza bilmas hech qachon.
Yelim, Ona tilim, ruhimning qoni
Bir imdod so‘rayman sendan, onajon.

Chayonzor yo‘lidir borar yo‘llarim,
Tanim yonmakdadir ishqsiz ochunda.
Ko‘klarga to‘qinar so‘ngak qo‘llarim,
Oyoqlarim mening tuproq ichinda.

Barchaning boshida birdek beomon,
Manxus zamonlarning o‘lik shamoli, —
Buzg‘un yigirmanchi asr a’moli…
Mening ona tilim, munis, mehribon,

Sen Turkiy dunyoning g‘olib xayoli —
Seni yozajakman, tirilgan jahon.

3.Ulug‘ Turkistonim, oltin dalalar,
Oftob sochqi sochar bosh uzra balqib.
U sening tilingda aytar allalar,
Qonim, ona tilim, oh, ona xalqim.

Navoiy baytiga o‘xshaydi yo‘llar,
Bu toshlar Hamzaning qotili, hayhot!
Nahotki umrbod o‘rtasa o‘ylar,
Umrbod zanjirband etsa xotirot?!

Zanjirbandman, ona tilim, Ona so‘zingga,
Kundayin so‘larman, oydek to‘larman,
Mil kabi tortarman seni ko‘zimga.
Men g‘arib bandangman. Bir So‘z tilarman,

Boshimni qo‘yarman Sening izingga…
Qudsiya anfosin yodlab o‘larman.

20. OHANG
Seni ohang, ey g‘amli ohang,
Tanimasdim, bilmasdim oldin.
Tomirimda xun talashur jang,
Shuncha g‘amni qayerdan olding?
Bilmasmidim, yorug‘ dunyoda
Shuncha alam, shuncha iztirob,
Qayg‘ularda tuyg‘ular yondi,
Zaharmi simirdi xotirot?!
Yomg‘ir go‘yo diyda yoshidan,
Nechun yaralandi tushuncha?
Alamlarga timsol o‘xshaydi
Tong chog‘ida ochilgan g‘uncha.
Dilgir-dilgir yulduzlar yonar,
Oy o‘zini otadi hozir.
Mening o‘ychan, mehribon onam —
Yer sharidan olingan tasvir.
Yo‘q, sen ohang emassan. Yolg‘on…
Sen qalbimda eshilgan nido.
Sen ham menga o‘xshagan Inson,
Sen ham dunyo, shu Turkiy Dunyo.

21.
Yana qaytib keldim. Chang to‘zgan
Yo‘limizni sog‘indim, ona.
Tom ustida maysalar o‘sgan
Uyimizni sog‘indim, ona.
Aziz dargoh ostonasida
Sizni qalbim bilan quchayin,
To‘yib-to‘yib sopol kosada
Muzdek quduq suvin ichayin.
Har bir narsa yaqindir menga,
Har bir narsa menga qadrdon.
Qarab qoldingizmi yo‘limga
Issiq nonlar uzib tandirdan?..
Koyimangiz meni bu safar,
Unutdi, deb uyni, dalamni,
Ne chora bor, dil yonsa agar,
Dil sog‘insa turkiy olamni…
O, qishloqning munis chiroyi…
Achchiq piyoz to‘g‘rayin o‘zim.
Dil sog‘inib yig‘laydi doim
Hozir, mayli, yig‘lasin ko‘zim.
Targ‘illanib bormoqda osmon,
Oppoq hidga to‘lmoqda bag‘rim.
Aytingiz-chi, bormi sog‘-omon
Shahlo ko‘zli mening targ‘ilim?
Og‘ushimda zangori sezgi,
Kiprigimda suyuq hayajon.
Ko‘zlarimda yumaloq sevgi,
Salomatman men ham, onajon.
Qaytib keldim yana. Chang to‘zgan
Yo‘limizni sog‘indim, ona.
Tom ustida maysalar o‘sgan
Uyimizni sog‘indim, ona.

22.
Hayron, mag‘lub bu koinot,
O‘ynar gullar, o‘ynar nasim…
Ayting, kimga etmish nasib,
Bu kimningdir shirin hayot,
Hayron, mag‘lub bu koinot?
Mayli, hali bor imtihon,
Huv, oldinda buyuk orzu,
Ufq yorib ketmakda u,
Huv, oldinda Ulug‘ Turon.
Mayli, hali bor imtihon.
Sadolar ber, baxtli jahon,
Unda yo‘qmi yovuz o‘lim?
Sarbon, qani ketdik, sarbon.
Turon sari karvon yo‘lim.
Assalom, ey baxtli jahon.

23. «CHO‘LI IROQ»

Ufq yonar, Ufq. Uf-f!
Karvon borar qumlikda. Qum. Qum…
Tuyalarda hazin qo‘ng‘iroq,
Cho‘li Iroq, cho‘li Iroq
Tun… Kun… Tun…
Poyoni yo‘q mungli bu sahro
Uzra hurmo
O‘sadir tanho.
Hurmo osti lojuvard buloq.
Cho‘li Iroq. Cho‘li Iroq.
Yurak chapak chaladi chanqoq,
Behuda sevinar Karvon.
Karvon uchun
Eng shirin armon —
Ulug‘ Turon —
O‘sha buloq…
Qurigan biroq…
Cho‘li Iroq, Cho‘li Iroq.
Yo‘li yiroq ko‘p yomon…
Tun… Kun… Tun…

24.
Men o‘tkinchi, men faqat mehmon,
Ostonangda ey turkiy tilim.
Menga bir she’r kerak, ey mezbon,
Yozilmagan she’r erur dilim.
Aytgil, nechun bunchalar qiziq,
Eski jahon, bu eski jahon?
Bir she’r kerak non kabi issiq
Menga bir she’r kerak, ey mezbon.
Men g‘aribman va sen beomon,
Sen Quyoshsan, men so‘ngan chiroq.
Qiynamagil meni, onajon.
Sen — abadiy, men — lahza, biroq
Itoat et menga shu zamon,
Yo aylagil telbani tuproq.

25. SAMARQAND OSMONIDA

Kezar bo‘ldim fazolarda man,
Oq to‘lqinlar ummoni ichra.
Yuragimda qayg‘u-shodumon
Aylanurman Samarqand uzra.
Ko‘z o‘ngimda qadimiy jahon,
Asrlarni buzar xayolim.
Osmonida shuncha hayajon,
Tushganimda ne kechar holim?
Falaklarda muallaq turdim,
Meni so‘ngsiz xayol etmish band.
Sening buyuk o‘tmishing ko‘rdim,
Kelgusingni ko‘rdim, Samarqand.
Ta’rix aytar, asta jaranglar,
Dahmalarda qadrdon kalom.
Ziyo sochar samoviy ranglar,
Minorlarda abadiy ilhom.
Klavixo kabi boqurman,
Boshing uzra keldim-ku alhol.
Asrlik tosh yanglig‘ qoturman
Shohizinda qoshida behol.
Oshiqman-ku men uchun basdir,
Atamassan menga qahringni,
Lekin barcha oshiq emasdir
Sen ularga ochma bag‘ringni.
Karvon-karvon kelib ketdilar,
Hammasini bag‘ringga olding.
Shamol kabi yelib ketdilar,
Faqatgina Sen mangu qolding.
Ilhom izlab keldi birovi,
Birov senga qilindi surgun.
Kim do‘st edi, kim edi yoving,
Barchasini aytolmam bugun.
Yer talashib keldilar axir
Vahshiy to‘da ayhonnos urib.
Hammasidan xabardor ta’rix,
Men ne deyin osmonda turib.
Bo‘lgan-ku ko‘p qiyomat-qoyim,
Qiyin erur axtarmak qiyos.
Turkistonni o‘ylarmiz doim,
Kelajakka buyuk ehtiros.
Tushlar ko‘rib uxlarsan go‘yo,
Tushlaringda qadimiy qismat,
Ey, Samarqand, ey ko‘hna Dunyo,
Sen uyg‘onib ketmagil faqat.
Ko‘pdir shahar deganning oti,
Imkon bo‘lsa ko‘rarman bir-bir
Biroq tanho erur hayotim,
Tanho erur Samarqand axir.
Baxti kulgan elni ko‘rgayman
Xarob bo‘lgan bo‘ston joyida.
Ta’zim bajo qilib turgayman.
Ko‘ktangrining qutlug‘ poyida.
Kezar bo‘ldim fazolarda man,
Oq to‘lqinlar ummoni ichra.
Yuragimda qayg‘u-shodumon
Aylanurman Samarqand uzra.

26.
Talpinadi, shunday kuladi
Ko‘m-ko‘k o‘rmon va tiniq daryo.
Daryo uzra oy ham quladi
Yer husniga bo‘lib mahliyo.
Talpinadi yashil dalalar —
Sovutadi asov otini.
Quyosh shirin o‘ylarga tolar,
Bugun yozar gul ijodini.
Sovuq yuraklarga o‘t qalab
O‘zi berib o‘ziga baho,
Mangulikning nag‘masi ila
Talpinadi Turonda bahor.

27.
Dilgir musiqa oqardi,
U payt so‘zsiz va parishon
Bir-birimizga boqardik:
Seni aldamayman… ishon…
Dilgir musiqi oqardi.
U payt ko‘zing edi—ma’no,
Soxta tuyulardi so‘zlar.
Orzularim kabi navo —
Sening kabi mislsiz go‘zal.
U payt ko‘zing edi—ma’no.
Oqshom, Turkiston va yomg‘ir,
Sen yonimda, sen… yonimda…
Asta to‘xtar bu kuy og‘ir.
Kuy bo‘lib qolding yodimda:
Oqshom, Turkiston va yomg‘ir.

28.
YURAK
Go‘yo baribirdir yaxshi va yomon,
Yurak, senga borar ko‘chalar ochiq…
Sachrab yonarsanu bo‘lmassan tamom,
O‘tkinchi g‘amlarga achchiqma-achchiq.
Yurak, yo‘llaringda turganman takror,
Rosa sayraganman sening to‘g‘ringda.
Kim bilar, aqlimga kelding necha bor,
Necha bor so‘zladim sening yo‘g‘ingda.
Balki aldaganman vahima yutib,
Sen ham tashvishlarga solgansan balkim.
Bugunchi degayman o‘zimni tutib:
Sen haqsan, baribir, mening yuragim.
Shul osmon ostida kezgaymiz hali,
Mantiq axtargaymiz izg‘ib izma-iz,
Darkor bo‘la qolsang yiqilg‘il mayli,
Faqat yiqilmasin sho‘rlik dunyomiz.
Izn ber, hayqiray iymonim haqqi
Ko‘klarga termulib solayin uvvos.
Men faqat Turkiston atalgan yorqin
Bir butun yurtimni istayman xolos.
Garchi tutqunman-ku erkin sehringga,
Unda sobit turar maqsud—manzilim.
Qolib ketmasaydim sening mehringdan,
Qolib ketmasaydim yo‘lda uzilib.
Ajoyib diyorsan, qalbim, na chora,
Shodlik va hasratning maskani sanda.
Ovoz ber, aytarmanmi eshitib zora
Yeslab qo‘yarlar-ku hech bo‘lmaganda.
Aytgil, zoringni bir kun, yuragim,
Aytgil, kuylarmanmi boqmay o‘zimga.
Seni jarroh kabi sovuqqon va jim
Yulib qo‘yarmanmi qog‘oz yuziga?!
U payt aldamasding ko‘zimga boqib,
Shodumon dardingni to‘karding butkul.
Ungacha ilhomlar kelmagay oqib,
Ungacha dunyoni anglamak mushkul.

29. BOG‘CHASAROY FONTANI

G‘amli fontan, hali yig‘laysan,
Hasratlarda bo‘lmaysan ado.
Ehtimol, kimnidir yo‘qlaysan,
Kimlardandir kutasan sado.
Necha-necha malak qoshingda
To‘kib solgan qonli yoshini.
Sen yig‘laysan balki o‘shandan
G‘amli fontan, egib boshingni.
Ko‘ngil uchun axir kulmaysan,
Sen hamon yig‘laysan bechora,
Ko‘rganingni ayta bilmaysan,
Bir so‘z ayta olsayding zora…
Shu zangori osmon ostida
Xayolotdek bepoyon olam,
Nuqta kabi olam ustida
Qrim degan bir mamlakat ham.
Qahrli, beshafqat garoylar…
O‘zing guvoh, ko‘z yoshing guvoh,
Kechdi asr. Yillar va oylar,
Nelar kechdi boshingdan, eyvoh.
Ko‘kka yetdi sabr daraxti,
Yig‘la, Qrim, yig‘la, tangri ko‘k.
Ne bo‘lmoqda insonlar, ayting,
Qrim boru qrimliklar yo‘q.
Ayting menga, qayda adolat,
Qayda, ayting, insoniy huquq.
Bu ne holdir, qandayin holat,
Qrim boru qrimliklar yo‘q.
G‘amli fontan, hali yig‘laysan,
Hasratlarda bo‘lmaysan ado.
Ehtimol, kimnidir yo‘qlaysan,
Kimlardandir bo‘lgansan judo.

30.
Uyg‘onar Turkiston, uyg‘onar Dunyo,
Porloq umidlarga to‘lib kun botar.
Baxt singari olis yulduzlar go‘yo
Azal go‘zallikning sha’mini yoqar.
Ko‘nglim osmon yanglig‘, yorishdi osmon,
Kelur ot o‘ynatib Xaloskor Sarboz.
O’rqin saharlarda Sen, Ruhim, omon
Yuksak-yuksaklarga qilaber parvoz.
Ey Samo, ey Zamin, ey Inson — qodir,
Gullar, chechaklarga to‘lsin oydin yo‘l,
Nafosatga axir chidamli odam.
Bu kun Sen boshqasan, Dunyo boshqadir.
Sen-da Hur tug‘ilding. Bir so‘zla. Bir o‘l,
Va bilgil qaylarda sarsondir Alam…

31.
Pochta. Telegraf. Telefon. Kirdim.
Bazo‘r olib keldim oyoqlarimni.
Tanbal, erinchak bir vujudki bu, eh,
Oyog‘im ma’yuslikning oyog‘idir.
Goh shunday bo‘lurki, miyamda g‘ashlik,
O‘zim bir chelak qon, suv va boshqalar,
Na Vetnam, na Isroil, na AQSH,
Dunyo o‘z yo‘liga, men o‘z yo‘limga.
Shohkursiga tashlab qo‘ydim o‘zimni,
Yumshoq, shilimshiq shohkursiga cho‘kib
Kuta boshladim rag‘batnomalar,
Do‘stlarimning yozmagan maktublarin.
Boshin zo‘rg‘a tutar og‘ir ustunlar
Zalda uymalashgan jonlarga qarab,
Bu yer g‘ovuriga beparvo, behis
Pochta qutilari turishar uzun.
Qopqoqli og‘zini ocharu yopar
Bu yerda yelim va siyoh hidlari.
Bu yerda qog‘ozlar bo‘lmoqda nobud,
Garchi voqif erurlar har narsadan.
Ey, bechora varaq, qafasga tushding,
Telefonchi qizning ovozi chiqar,
Jaranglar sovuq: «Falon Falonchiyev,
Javob bermayotir… allo, Farg‘ona…
Turkiston?! Oltinchi xonaga kiring…
Bu yerda so‘rrayib turmang, azizim…»
Omonat kassasin qulog‘i tirband
O‘likning og‘zidek ochiq daricha.
Birov pul qo‘yishga shoshar, baxtiyor,
Birov olar so‘nggi so‘min parishon.
Mening unga rahmim kelmaydi. Ajab.
Bu yerda o‘yin tushar shodlik va g‘am.
Oyoqlarin kerib ohang purkaydi
Taxtalar. Qandillar jo‘r bo‘lar shoshqin.
Bulg‘anib mast holda yozg‘ichlar yotar
G‘ijim qog‘ozlarga boqishib hayron.
Telefonxonaning birida kulgu,
Birida kulguning teskarisidir.
Bunda suvratlar ham qandaydir dardli,
To‘g‘risi, dardlarning shaklidir bular.
Goh shunday bo‘lurki miyamda g‘ashlik,
Burchakda oq, jiddiy tufdonlar faqat
Tufuklarin sochib turar iljayib,
Nofelet. Fargelet. Atchop. Ketaman…

32. ONA TURKISTON

Abdulla Qodiriy xotirasiga

1.Xotiramning qa’r-qa’rida ta’rix
Doim so‘zlab turar ezgin hikoya.
Tutqin qush singari qolurman g‘arib
Ruhimga bulutlar tashlaydir soya.
Bot-bot xayolimdan chekindi mubham,
Fikrimdan yulqindi Vatan qorasi.
Olisda miltirab so‘nayotgan sha’m
Ko‘hna hasratimning mash’um yarasi.
Kishanband qilinar qo‘llarim go‘yo,
Tuproqqa qo‘shila boshlaydi tanim.
Shu qadar yuragi tormidir — dunyo.
Nahot farzandiga — o‘ziga g‘anim,
O‘zi yuragiga jo bo‘ldi, ammo
Nechun sig‘dirmadi, nechun Vatanim?!
2. Ko‘ringiz tarixni, ey turkiy xalqim,
Ko‘zimga ertaning sevinchi xolos.
Ul Turondir, Turkistondir? U balkim
Ichimni kemirgan qadimiy qasos.
Ko‘ringiz ta’rixni. Ko‘z oldim parda,
Qo‘limdan uchmoqda bu yer, bu Vatan…
Oshno tutinardim po‘lat xanjarga…
Jang maydoni sari otilardim man…
Vatan, aylanarman bir keskir toshga,
Qoshinga o‘q kabi uchib borarman…
Nahot til boshqadir, nahot dil boshqa?!
Yo‘q! Farmon kutarman, eng so‘nggi farmon,
Shaklanib qararman qalqqan quyoshga.
Baribir, qasos, deb yonarman hamon.
3.Umr deganlari o‘tmakda shoshqin,
Tilla barglarini elab yo‘limga.
Sening manguliging beradir taskin
Yerta uzilguvchi mening umrimga.
Oh, Ona Turkiston, kuylayin yonib,
Dunyo jur’atini berding qo‘limga.
Men endi angladim turkiy dunyoni,
Mana men, tayyorman endi o‘limga…
Ey mening zahmatkash, ey qutlug‘ xalqim,
Bergil faqat kuyib kuylamak haqqin.
Ortiq mas’ul etar topilgan bu Baxt.
«Ishq so‘zidan kuydi bulbul maskani»,
Til bilan kuylanmas ona-Vatanim,
Men seni kuylamak istayman faqat.

33.
Muallaq qo‘llaridek bulutlar
Sira ravo ko‘rmas quyoshni.
Tashna sahro yomg‘irni kutar
Qo‘ygan kabi kundaga boshni.
Sira ravo ko‘rmas quyoshni
Uchishgan bulutlar sargardon.
Anglamaydir bu qaynoq toshni.
Bu sahro-qontalash jigardan.
Tashna sahro yomg‘irni kutar
Kutar-tug‘ilmagan o‘t, giyoh.
Bulutlar sahroni unutar,
Qaqragan sahroda ne gunoh?!
Qo‘ygan kabi kundaga boshni
Sabrsiz, bu sahro, sabrsiz.
Qayga ko‘msin bu cheksiz loshni,
Qabrsiz, bu sahro, qabrsiz.

34. XUDBIN

Hech kimga inonmadim yorug‘ dunyoda,
Inonmadim otamga, onamga inonmadim,
Bolamga inonmadim, men — sho‘rlik,
Boshqasini tilga olmadim hatto.
Qattiq sevdim o‘zimni —
Yashadim men uning
O‘limin kutib —
Mozorida bir to‘yib yig‘lamak uchun.

35.
Sen ayt. Bukun sening aytganing aytgan, uzun kalomingdan uvishadi jon. Turkiston so‘ziga kimlar ham yotgan, So‘zning hisobiga yetibmiz qachon? So‘zlardan deraza, so‘zlardan eshik. So‘zing ostonadir, koshona so‘zing. Sen ayt. Minnatdormiz. Boshimiz yegik. So‘zlar saltanatin sultoni o‘zing. Kimdir buzdi So‘zni; kimlar o‘ngladi. Kim so‘zning jallodi, kimlar qurboni. Olimlar tingladi, yaqin tingladi. Qo‘ynimizga to‘ldi So‘zlar xirmoni.
Boshimizga qo‘nib so‘zlar ingladi. Ko‘nglimizga botdi so‘zlar hijroni.

36. ESKI TURKIYLARDAN

Chiqmasmi quyosh balqib
Boqmasmi qodir xudo!
Alvido, ona xalqim,
Alvido ey, alvido.
O‘zbekmomo avlodi,
O‘zota o‘g‘lonlari,
Rost bo‘ldi yurak dodi,
Qonlarga to‘lg‘onlari.
Dengizi qurib bitdi,
Daryolari oqmasmi,
Nahot bizni yer yutdi,
Qodir xudo boqmasmi?
Turkistonni bo‘ldilar,
Parchalandi bemajol.
Ustimizdan kuldilar
Ul yovuzlar bemalol.
Chiqmasmi quyosh balqib…

37. SAYYOD NAVO

Bas ey makkor, g‘ayri iymon istamam,
Bori fitna, bori yolg‘on, istamam,
Menga onsiz ikki jahon istamam,
Insonmanam, o‘zga unvon istamam.
Kezib shoir tinglagay faryodlar,
Shoir tili o‘z elidan dodlar,
Yorab! Bog‘boni yo‘q, elboni yo‘q.
Bori o‘g‘ri, kazzobu jallodlar.
Oncha gunoh, oncha shafqatdurur, yorab,
Oncha ziyon oncha rag‘batdurur, yorab,
Oncha qayg‘u, oncha rahmatdurur, yorab,
Oncha bunyod, oncha g‘oratdurur, yorab.
Kuydi ochun, men uchun faryod qil,
Tutqunmanam, sen meni ozod qil,
Isodin kechadurmen, deyil Sendan,
O‘zni qutqor va Sayyodni sen yod qil.
Manim mulkim, manim so‘zim — javharim,
So‘zimning shu’lasi yongan ahgarim,
Inonmaki, o‘lmas bu mulkni yitib
Dard mulkim, dardi olam mehvarim.
Bu falak bedodidin o‘rtondi dil,
Yori ag‘yor shevasiga qondi dil,
Ne navo qildi vale Sayyod Navo,
Yondi Odam, yondi Olam, yondi Dil.

38. YONAYOTGAN AYOL

Tentirar Kasofat g‘olib Axraman,
Haqorat jar solar bunda bemalol.
Qayon ketmoqdasan yonib, qahramon,
Qayon ketmoqdasan Ey yong‘in-Ayol.

Ko‘ksingda Harorat so‘nib bo‘ldimi?
Ko‘zingda so‘nggi sha’m o‘chdimi, nahot?
To‘xta! Qolgan qoldi, o‘lgan-o‘ldimi?
To‘xta, deyman, bordir, bor o‘zga hayot.

Yonayotgan Ayol, shafqat qil, uyg‘on,
Yonayotgan Ayol, Xuruzm panohing,
Bolangga qaragil u tirik Tug‘yon.
Tirik Jasoratdir, tirik Ollohing…

Qani turkiylaring, Turoning qani?!
Yonayotgan Ayol, yondir Dunyoni.

39.
Uxlama, sen, Haqiqat,
Chidam bilan borib qayt,
Oq bo‘lsin bosgan izing
Suyib aytgin, tuyib ayt,
Lovullab tursin So‘zing,
Kuyib aytgin, to‘yib ayt,
Uxlamagin sen o‘zing
Uxlamagin sen faqat.
Mudroq, qo‘rqoq jonlarni
Uyqudagi muvaqqat
Basirlarni uyg‘otgin,
Noraso makonlarni
Qasrlarni uyg‘otgin.
Uyg‘otgin zamonlarni
Asirlarni uyg‘otgin,
Uxlamagin sen faqat.
Chidam bilan borib qayt,
Yelni to‘plab uyg‘otgin.
Zahar xo‘plab uyg‘otgin.
So‘zlaringning Quyoshi
Achchiq yoshga aylansin.
Botirlarning ko‘zyoshi
Bir kun toshga aylansin…
Sen-da dam ol o‘sha payt.

40.
Ey siz, to‘yganlar,
Ey Siz, bashang olomon,
Yuzingizga sepaman so‘zlarimni…
Ha, hech narsa yo‘q menda, hech narsa.
Xotin — yo‘q,
Farzand — yo‘q,
Do‘st — yo‘q
Vatan — yo‘q.
Yo‘qotganlarimning alami-zahri,
Ko‘ksimdagi sanchiq olami,
She’riyatdan boshqa,
Hech narsa, hech narsa, hech narsa.

2007

021

(Tashriflar: umumiy 4 366, bugungi 4)

Izoh qoldiring