Umarali Normatov. Suhbat va maqolalar.

0993 январ — Таниқли адабиётшунос олим Умарали Норматов таваллуд топган кун

Хўш, ярим асрлик филология соҳасидаги тинимсиз фаолиятдан мен нима топдим? Топганим шу бўлдики, сўз санъати инсоният яратган, аниқроғи Оллоҳ одамларга ҳадя этган ноёб неъмат, сирли олам эканига такрор-такрор иқрор бўлдим. Чинакам санъат асарини ўқиганимда, томоша қилганимда ҳайратдан ўзимда йўқ яйрайман. Кўнглимда шу соҳага майл-меҳр уйғотгани, ризқимни шу соҳада бергани учун Яратганга шукроналар айтаман. Инсон фаолиятидаги ҳеч қайси соҳа адабиётчалик сир-синоатга бой эмас. Инсон ва унинг табиати, қалби, руҳияти ҳақидаги ҳақиқатни кашф этишда ҳеч бир соҳа адабиёт билан тенглаша олмайди, унинг ўрнини босолмайди.

067

Умарали Норматов
ҚОДИРИЙ ҲАҚИДА ҚАЙДЛАР
077

«Ўткан Кунлар» ва Қўрқув Салтанати

    ХХ аср ўзбек насрининг шоҳ асари «Ўткан кунлар» романи илк бор 1922 йили «Инқилоб» журнали саҳифалари орқали дунё юзини кўра бошлаган эди. Ўша дақиқалардан эътиборан бу асар миллатнинг ҳар бир зиёлиси, китобхони руҳиятига, маънавиятига, қолаверса, шахсий ҳаёти ва тақдирига қайсидир даражада дахлдор.

1952 йилнинг кеч кузи. Ҳозирги Амир Темур хиёбони ёнгинасида жойлашган САГУ (бугунги Миллий университет) биносининг иккинчи қаватидаги катта ўқув залида «Адабиёцҳуносликка кириш» фанидан маъруза ўқилмоқда. Икки ярим ойлик пахта терими ҳашаридан қайтган, маърузаларни соғиниб қолган биз — филология факултетининг биринчи курс талабалари — 64 та жон бир тан бўлиб бутун вужудимиз қулоққа айланиб доцент Зикриё Мирҳожиев сўзларини тинглаб ўтирибмиз. Шу пайт бирдан бино қасир-қусур, деразалар шақир-шуқур бўлиб, залда қий-чув кўтарилди. Мирҳожиевнинг қизиқ одати бўларди. Маъруза ўқиётганида доимо юриб, аудиториянинг у бошидан бу бошига бетиним бориб келарди. Ана шу тўс-тўполон онларида ҳам домла одатини тарк этмай, шитоб билан юришда давом этди. Шунда қизлар: «Домла, ер қимирлаяпти, зилзила бўляпти!» деб уввос солдилар. Домла эса парво қилмай юриб туриб: «Окўси, нима қилибди, ер бўлгандан кейин қимирлайди-да!» дедилар. Аудиторияда бирдан гуррос кулги кўтарилди ва шу орада ер силкиниши ҳам тинди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, яна «Адабиёцҳуносликка кириш» дарси, домланинг ўша-ўша шитоб билан юриб туриб маъруза ўқишлари… Бу галги дарс ўзгача тарзда тугади. Орамизда Самарқанднинг қайсидир туманидан келган Саримсоқов деган ниҳоятда кўп ўқиган, китоб жинниси бўларди. Исми хотирамдан кўтарилибди. Яқинда курсдошим Шерали Турдиевдан суриштирсам, у ҳам исмини эслолмади. Ҳар бир дарсда у албатта домлаларга қандайдир савол берар, кўпинча қалтис саволи билан манаман деган профессорларни ҳам довдиратиб қўярди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Дарс охирида: «Жулқунбой деган ёзувчининг «Ўткан кунлар» номли романи бор экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз», деб қолса бўладими! Шунда нима бўлди денг? Ҳамиша, ҳатто таҳликали зилзила пайтида ҳам бетиним юриб турадиган Мирҳожиев домламиз таққа тўхтаб, савол берган талабага анграйиб-бўзариб қарадилар. Бир неча дақиқалик сукутдан сўнг домла: «Окўси, комсомолмисан?» деб сўрадилар. Тасдиқ жавобини олгач: «Комсомол совет студенти давлат университети аудиториясида бунақа саволни бермайди, коммунист совет доценти бунақа провакацион саволга жавоб қайтармайди», деди қатъий қилиб. Ўқув залида ўтирган талабаларнинг дами ичига тушиб кетди.

Эртаси куни қалтис савол берган курсдошимиз дарсда кўринмади. Тўрт йил дараксиз кетди. 1956 йил баҳор кунларидан бирида у Чорсудаги ётоқхонамизга эгнида фуфайка, оёғида кирза этик афтодаҳол ҳолда кириб келди. Нима кор-ҳол бўлганини биз ҳам сўрамадик, у ҳам айтмади. Орада қандайдир ҳадик, қўрқув ҳукм сурарди, гап гапга қовушмади. Буни сезди шекилли, хушламаган меҳмонимиз: «Сафардан қишлоққа қайтишда сизларни бир кўриб ўтай дедим», дея тезгина хайрлашиб йўлга отланди. Ўтган тўрт йил давомида «Ўткан кунлар», «Жулқунбой» сўзларини тилга олиш тугул, ҳатто бу номларни эслашга ҳам қўрқардик. Гарчи тасодифий учрашувда бу номлар тилга олинмаган бўлса-да, бирданига улар хаёлимизни чулғаб олди. Бу пайтга келиб «халқ душманлари» саналмиш адиблар, жумладан, Қодирийга муносабат қисман ўзгара бошлаган, лекин барибир юртда қўрқув салтанати кезиб юрарди.

«Қаллиқ Ўйин» Сурури

«Дилхирож» филми, «Қаллиқ ўйин» спектакли томошаси пайти бирдан ўзимнинг никоҳ тўйим билан боғлиқ воқеалар ёдимга тушди. Тўрт йиллик Конибодом педбилим юрти, беш йиллик САГУ таълимидан сўнг Фарғона вилоятидаги шоир Муқимий «Ким кўрса ҳангу манг экан» деб таърифлаган она қишлоғим Рапқонга, ота-оналарим бағрига бориб мактабда ўқитувчилик қила бошладим. Ота-она орзуси, қолаверса, ўз майлим оқибати ўлароқ Бешариқдаги машҳур зиёлилардан Исоқов домланинг тўнғич қизига уйланадиган бўлдим. Ўзимиз «янгича» бўлсак-да, никоҳ тўйимиз «ескича», қишлоқ удумлари бўйича ўтди. Ўша кезлари бизда ҳам «қаллиқ ўйин» бўларди, бироқ «Дилхирож» ва «Қаллиқ ўйин» асарларидагидан бироз ўзгачароқ ўтарди. Куёвникидаги базмдан сўнг жўралари ҳамроҳлигида куёв келинникига йўл олар, у ерда ҳам қисқа, лекин жўшқин базм-зиёфат бўлар, ёр-ёрлар, ўланлар айтилар, сўнг куёвжўралар келин-куёв учун палаклар билан безатилган хос хонада куёвни ёлғиз қолдириб жўнаб қолишарди. Никоҳ, сўнг энг ҳаяжонли, «Ўткан кунлар»да тасвирланганидек келин билан куёвнинг илк висол дамлари бошланар, куёв уч кунгача келин хонадонида қолиб кетар, ундан кейин ҳафтасига икки бор то «келин туширар» маросимига қадар ойлаб келинникига қатнар, бу «қаллиқ ўйин» деб аталар, бу кунлар йигит билан қизнинг энг тотли дамлари саналарди. Шахсан мен ўша кунларни умримнинг энг файзли онлари, деб биламан.

Қарангки, турмуш ўртоғим ҳам ўзимга ўхшаш китоб шайдоси экан, илк суҳбатимиз китобдан бошланиб, нуқул китоб устида давом этди. Билдимки, яқингинада ўрта мактабни битирган 17 ёшли бу қизнинг ўқимаган китоби қолмаган. Фақат русчага, араб ёзувидаги китобларга тиши ўтмас экан. Менинг арабча ёзувдан хабардорлигимни билгач, хона тўридаги тахмонга жойлашган сандиқни очиб, шоҳи рўмолга ўроғлиқ бир китобни олиб, менга тутқазди. Очиб, не кўз билан кўрайки, илк муқовасида Кумушбиби сурати солинган «Ўткан кунлар» — учта алоҳида китобдан иборат ўша ноёб хазина! Венерахон буни ўқиб берасиз, деб ёпишиб олди, мен жон деб унинг амрига бўйсундим. Бошда бир дақиқа қўрқув салтанати кўнгилга ғулғула солди, бироқ роман қаърига кириб борган сари қўрқувдан асар ҳам қолмади. Уч кеча-кундузлик «қаллиқ ўйин»имиз шу тариқа асосан «Ўткан кунлар» мутолааси билан ўтди. Шу кунлардан бошлаб ҳар иккимиз ҳам бир умрга «Ўткан кунлар» шайдоси ва тарғиботчисига айландик. Мен танқидчи-адабиёцҳунос сифатида «Ўткан кунлар», умуман Қодирий ижоди бўйича иккита китоб, кўплаб мақолалар эълон этдим. Венерахон Миллий университет филология факултетини тугатиб, 30 йил мактабда дарс берган бўлса, асосий дарси «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» теварагида борган. Дастур ва дарсликдаги «Она» романи, «В.И.Ленин» поемаси, «Йўлчи юлдуз» сингари мавзуларни апил-тапил номигагина ўтиб, уларга ажратилган соатларни ҳам Қодирий романларига бағишлагани учун неча бор дакки ҳам эшитган. Энг севимли набираларига Қодирий қаҳрамонларига эҳтиром юзасидан шахсан ўзи Отабек, Раъно исмларини қўйган.

Ҳақиқат Нафсониятдан Улуғ

«Қодирий боғи» китобининг бир неча ўринларида устоз Иззат Султонов фикрлари билан кескин мунозаралар бор. Менга кўп яхшиликлар қилган, ҳам номзодлик, ҳам докторлик диссертацияларимга расмий оппонент бўлиб, мени қўллаб-қувватлаган устоз олдида хижолат тортиб, бу китобни домлага туҳфа этишдан ийманиб юрардим. Шу орада устоз уйимизга телефон қилиб, бирдан: «Қодирий боғи»ни ўқидим. Табриклайман!» дедилар. Довдираб қолганимни сездилар шекилли, домла айтдилар: «Бир «дўстимиз» Қодирий ҳақидаги китобида Умарали Сизни роса дўппослабди, деб ваҳима қилди. Ҳеч ваҳима қиладиган жойи йўқ. Сиз билдирган эътирозли ўринларни ўзим тузатишим керак эди. Аслида менинг мақоламдаги Қодирийдан замонага мос жиҳатларни қидириш ўша кезларда улуғ адибни ҳимоя қилишнинг бир йўли — усули бўлган. У даврлар ўтди, энди Қодирий ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиш, ёзиш имкони келди. Шу ишни Сиз қилибсиз, муборак бўлсин. Қодирий ҳақидаги ҳақиқат Сизу бизнинг нафсониятимиздан юқори туриши лозим. Қодирий ва ҳақиқат ҳимояси йўлида мени ҳар қанча танқид қилсалар, бундан заррача хафа бўлмайман…»

Бу сўзларни эшитиб лол бўлиб қолдим. Чинакам устозлар қалби нақадар кенг, адолат, ҳақиқат туйғуси улар учун ҳар нарсадан муқаддас! Афсус, биз ҳали улар даражасига етишимизга бир неча қовун пишиғи бор.

Адибнинг Туғилган Ой-Куни

Абдулла Қодирий таржимаи ҳолида: «яқинларимнинг сўзларига қараганда, мустабид Николайнинг тахтга ўтирган йилида туғилғонман», деб ёзади. Тарихдан маълумки, Николай II — Россиянинг охирги императори 1894 йили тахтга ўтирган; демак, Қодирий айни ўша йили дунёга келган. Адиб туғилган йилнинг ой-куни хусусида ёзувчининг катта ўғли Ҳабибулла Қодирий «Отам ҳақида» китобида «Қайбир вақт дадамдан: «Қайси ой-кунда туғилгансиз?» деб сўраганимда, у киши кулиб, «Ўрик гулида туғилганман. Тахминан ўнинчи апрелда бўлса керак», деганлари ёдимда…» Ҳабибулла акага шу хусусда эътироз билдириб, ўттиз йилдан бери Тошкентда яшаб, бирор марта апрел бошларида ўрик гуллаганини билмайман, одатда ўрик март ойида гуллаб 10 апрел атрофида довучча тугиб бўлади. Бу пайтда эса олма, аниқроғи беҳи қийғос гулга киради. Дадангиз «беҳи гулида» деб айтмаганмиканлар, деганимда, у киши: «Дарвоқе, гапингизда жон бор, эҳтимол, дадамнинг сўзларини янглиш эшитгандирман, шу жумлани тузатиб қўйиш керак экан», дея жавоб қайтарган эдилар.

«Ўткан Кунлар» Қачон Ёзиб Тугалланган?

«Ўткан кунлар» илк бор «Инқилоб» журнали орқали дунё юзини кўра бошлаган бўлса-да, асар олдинроқ — 1920 йили ёзиб тугатилган. Буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор.

Биринчиси: «Инқилоб» журналининг 1922 йил 9-10-қўшма сонида эълон этилган «Ўткан кунлар»дан боблар аввалида «Ёзғувчидан» деб номланган сўз боши — изоҳнома келтирилади. Унда: «Тошканд, декабр, 1920 нчи йил» деган маълумот бор. Кейинчалик «Ўткан кунлар»нинг китоб ҳолидаги нашрида ҳам ўша сўз боши — изоҳнома бир оз таҳрирлар билан берилган. Бироқ охиридаги макон ва санага оид маълумот негадир тушириб қолдирилган.

Адабий тажрибадан биламизки, бу хилдаги сўз боши — изоҳнома одатда асар ёзиб тугатилгандан кейин битилади. «Меҳробдан чаён»да ҳам айни шундай.

Иккинчиси: «Ўткан кунлар»нинг 1925 йилги алоҳида китоб ҳолида чиққан биринчи бўлимига сўнгсўз тариқасида ёзилган «Узр» сарлавҳали изоҳномада «Рўмон деб сизга тақдим қилинған бу нарса дунёға келиши биланоқ бахцизликка учрай бошлаған эди: беш йиллаб босила олмай ётди» дейилади.

Учинчиси: «Ўткан кунлар» охирида «Ёзғувчидан» деган мухтасаргина сўнгсўз мавжуд. Унда шундай дейилади:

«Кейинги Марғилон боришимда яқин ўртоқлардан Ёдгорбек тўғрисида суриштириб билдим: Ёдгорбек ушбу асрнинг ўн тўққиз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот қилиб, ундан икки ўғул қолибдир. Ўғулларидан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан. Бу кунда ному нишонсиз, ўлук-тириги маълум эмас, дейдилар».

Бу маълумотлар айни 1920 йил охиридаги вазият, руҳ-кайфиятни ифодалайди, улар айни ўша пайтнинг гаплари.

Демак, адибнинг ўзи айтган иқрорлари, маълумотлари «Ўткан кунлар» романи 1920 йил охирида ёзиб тугалланган, деб узил-кесил ҳукм-хулоса чиқариш учун тўла асос беради. Тўғри, асар матни устидаги ишлар кейин ҳам давом этган. Лекин роман айни ўша санада ниҳоясига етган.

«Ўткан Кунлар»нинг Асл Матни Муаммоси

Абдулла Қодирий олти жилдлик «Тўла асарлар тўплами»нинг I жилди 1995 йили чоп этилди-ю, афсус, бу хайрли иш молиявий сабабларга кўра тўхтаб қолди. Адибнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини ўз ичига олган 1992 йили нашр этилган китоб ҳозирча Қодирий романларининг асл нусхаси сифатида қабул қилинмоқда. Бу хусусда ўйлаб кўрадиган бир қатор жумбоқлар бор. Тўпламда негадир «Ўткан кунлар»нинг ёзувчи ҳаётлик чоғида босилган сўнгги 1933 йилги лотин алифбосига асосланган янги ўзбек ёзувидаги нашри эмас, 1926 йилги нашри асос қилиб олинган. Ҳолбуки, бу нашрдан муаллифнинг мутлақо кўнгли тўлмаган.

Қодирий юқорида эслатилган, «Узр» сарлавҳали изоҳномасида афсус-надоматлар билан роман «бу кун босилиши муяссар бўлғанида ҳам турлик зарбаларга учради; имлоси уч-тўртта имлочиларимиз томонидан тузатилиб (!) ажойиб бир қуроқ ҳолига келди, мусаҳҳиҳларимизнинг мусоҳалалари (бепарволиги) орқасида техника жиҳати кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир йўсунда чиқди», деб ёзади. Ёзувчи асарнинг кейинги нашрида имкон қадар йўл қўйилган хатоларни тузатишга уринажагини айтади ва айни пайтда «бундай хатолардан соф бўла олишиға ваъда бера олмаслиги»ни ҳам писанда қилиб ўтади.

«Ўткан кунлар» нашрларини қиёсий ўрганиш, кузатишларнинг дастлабки натижалари шундан далолат бераётирки, романнинг 1926 йилги нашри матни ёзувчи кўнглидагидек амалга ошмаган. Романнинг тўлиқ ва асл нусхаси деб тақдим қилинган 92-йилги нашрини 33-йилги нашри билан солиштириб кўрганимизда, ҳар бир саҳифада ўнлаб, ҳатто юзлаб ўзгартириш, тузатишлар борлиги аниқланди. Ўзгартириш-тузатишлар фақат матн имлосигагина оид бўлмай, айрим саҳифаларда матн структураси, композицияси ҳам қайта ишланган. 92-йилги китоб охирида берилган «Ўткан кунлар» рўмонининг 1926 ва 1933 йиллар нашрларидаги тафовутлар» деб аталган изоҳда бундай ўзгартириш-тузатишларнинг юздан бири ҳам қайд этилган эмас. Шуниси муҳимки, 1933 йил нашридаги ўзгартириш-тузатишларнинг аксарияти роман матни бадииятини мукаммаллаштиришга қаратилган. Тўғри, 33-йилги нашри ҳам хато-қусурлардан холи эмас. Бир саҳифанинг ўзида бир сўз (масалан, «билан» сўзи гоҳ «билан», гоҳ «блан» тарзида) турли шаклда берилган. Сиёсатга дахлдор айрим кескин ибораларни бироз юмшатиш ҳоллари ҳам учрайди. Чунончи, Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек билан учрашувда айтган ҳаяжонли нутқидаги «тўнғизхона» сўзи «оёқ ости» деб ўзгартирилган…

Бу гаплар «Меҳробдан чаён» романи нашрларига ҳам тегишли. Xуллас, Қодирий романларининг ишончли асл матнини тиклаш борасида адабиёцҳунос-матншунослар олдида жиддий вазифалар турибди.

Афсуски, «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён»дан бирор саҳифа ҳам қўлёзма — автограф сақланиб қолмаган, агар у топилса, бу борадаги кўп чалкашликларга ўз-ўзидан аниқлик киритилган бўларди. Умидли дунё дейдилар. Изланишда давом этайлик. Зора, мўъжиза юз бериб, асл матн топилиб қолса…

Москва Таълими Самаралари

Қодирий ўзгаларга ҳам, ўзига ҳам ниҳоятда талабчан, ҳамиша янги замон даражасида фикрлашга мойил зот бўлган. Адиб таржимаи ҳолида янги замон ўзгаришлари «баробарида маданий, илмий эҳтиёжлар ҳам ўсгани»ни айтиб, сўнг бундай ёзади: «Мен тартиблик мактаб кўрмаган нодон бир йигит эдим. Унча-мунча билган нарсаларим ҳам ўз тиришувим орқасида замон шароити ва мажбурияти остидағи чала-чулпи гаплар эди. Кейинги кунларда нодонлиғим ўзимга қаттиқ ҳис этила бошлаб, бу ҳол билан узоққа кета олмасимни сездим. Ва 1924 йилда хизматимдан жавоб олиб, Москвага ўқишга кетдим».

Хўш, Қодирий Москвада қайси ўқув даргоҳида ўқиган? Кейинги 30-40 йил давомида чиққан Қодирий таржимаи ҳолига оид кўп ишларда у Валерий Брюсов номидаги журналистлар институтида ўқигани айтилади. «Ўзбек совет энциклопедияси»даги (1971) «Абдулла Қодирий» мақоласида эса Қодирий «Москвада Валерий Брюсов номли Адабиёт институтида ўқиди» дейилади. Бу маълумот ҳақиқатга яқин, деб ўйлайман. Тарихдан маълумки, В.Брюсов 1921 йили Москвада Олий адабий-бадиий институтни ташкил этган, кейинчалик у Бутуниттифоқ адабий-бадиий институти (ВЛХИ) деб аталган. Ўша йиллари бу институт жаҳон адабий-бадиий тафаккури марказларидан бири, замонавий жаҳон адабиёти, санъати, фалсафасига доир қарашлар, жўшқин баҳс-мунозаралар маскани саналган. В.Брюсовнинг ўзи ҳам бу даргоҳда маърузалар ўқиган. Қодирий уни кўрганми, маърузаларини тинглаганми, бу хусусда бир нарса дейиш қийин, чунки Қодирий институтга кирган ўқув йили бошларида — 1924 йил 9 октябрда бу киши оламдан ўтган. Лекин, аниқки, В.Брюсовга хос тафаккур, баҳс-мунозаралар руҳи бу даргоҳда давом этган. М.Горкий уни «Россиядаги энг маданиятли ёзувчи» деб атаган. Ўз даврида у «модернистик адабиётнинг лидери», «рус символизмининг доҳийси» саналган. Янги ўзбек шеърияти намояндалари, жумладан, Ойбек В.Брюсовдан таъсирланиб, 20-йиллари мароқли изланишлар олиб борган.

Бу даргоҳдаги таълим Қодирий қарашларида, ижодий тақдирида чуқур из қолдирган. Ҳ.Қодирий «Отам ҳақида» китобида Қодирийнинг институтда тинглаган лекцияларидан ёзиб олган конспект дафтарларини неча бор қизиқиб ўқиб чиққани ва уларни 1945 йилгача авайлаб сақлагани ҳақида гапириб, сўнг бундай ёзади: «Русча ёзилган конспектда дунё адабиётидаги баъзи оқимлар ҳақида баҳс боради. Масалан, реализм, идеализм, романтизм, футуризм каби оқимлар; уларнинг кузатган ғоялари, қонуниятлари ва бу оқимларга мансуб кўзга кўринган ёзувчилар қисқа-қисқа баён қилиб ўтилади…»

Бундай ўқиш-ўрганиш самараси адиб фаолиятида яққол кўринади. Қодирийнинг 1925 йилдан кейин ёзган адабий-танқидий мақолалари, хусусан, унинг реализм, янгича адабий-бадиий оқимлар ҳақидаги қарашлари ўша давр замонавий адабий-танқидий тафаккури даражасида экани тасодифий эмас.

Қозон Сафари Воқеаси

Қодирийнинг 1936 йил ёзида Қозон сафари чоғи Амина исмли татар қизига уйланиб қайтгани ҳақида эшитган, бироқ унинг тафсилотларидан бехабар эдим. 1976 йил июнида бод касалига йўлиқиб, Xотинкўприкдаги касалхонада йигирма кунча даволанишимга тўғри келди. Ҳабибулла ака ўша кезлари бу ерда ишлар, ҳафтасига икки кун тунда навбатчи бўлиб қолар, қўли бўшади дегунча хонамга келар, тун бўйи суҳбатлашиб ўтирардик. Кунларнинг бирида Қозон воқеасини сўрадим. У киши хушламайроқ бўлса-да, бўлган воқеани батафсил сўзлаб бердилар. Ш.Турдиев «Маърифат» газетасининг 2004 йил 31 март сонидаги «Дўстлар қалбида» сарлавҳали мақоласида Қодирий-Амина воқеасига доир 1936 йилги Қозон сафарида Қодирийга ҳамроҳ бўлган Шокир Сулаймоннинг турмуш ўртоғи — татар аёли Зайнаб опадан ёзиб олган хотираларини келтирган. Ҳабибулла ака сўзлаб берган воқеа моҳиятан Ш.Турдиев келтирган хотирани тасдиқласа-да, бу ҳодисанинг талқини, тафсилотлари ўзгачароқ. Ҳабибулла аканинг айтишича, Аминанинг отаси Қозон яқинидаги Арча раёнига қарашли Качи овулида яшаган, маърифатли киши бўлган. Бу оила аъзолари Қодирий романларини ўзбек тилида қўлма-қўл ўқишган, айниқса, оиланинг эркатой, романтик табиат қизи Амина «Ўткан кунлар» қаҳрамони Отабекка, роман муаллифига ғойибона ошиқ бўлиб қолган. Ота Қодирийнинг Қозонга келганини эшитиб, уни овулга таклиф этган. Амина «Ўткан кунлар» муаллифини кўриб, ўзини қўярга жой тополмай қолади… Қисқаси, бу иш никоҳ билан якунланади. Қодирий Качида икки ҳафта меҳмон бўлади. Кейинроқ Качи таассуротлари ҳақида ажойиб бир мақола ёзади. Амина Қодирий билан Тошкентга келгач, тез орада Қодирийлар хонадонининг чин аъзосига айланади. Ниҳоятда ширинсўз, чаққон, озода, саранжом-саришталиги, пазандалиги билан обрў-еътибор топади. Афсус, бу тотли дамлар узоққа бормайди. Қодирий хасталикка учрайди, адиб устида ғийбат, ғалвалар, таъқибу таҳдидлар авжига чиқади. Адиб ҳибсга олиниб, бедарак кетгач, Амина Қозондаги қариндош-уруғларини бундан хабардор қилади. Аминанинг акалари Тошкентга келиб, уни юртига олиб кетадилар.

«Наво Куйи» Гурунглари

Ўтган асрнинг 60-80-йиллари Ғулом Каримов бошчилигида 8-10 кишидан иборат гап-улфатчилигимиз бўларди. С.Долимов, О.Шарафиддинов, Ҳ.Ёқубов, А.Алиев, С.Фузаиловдек устозлардан иборат бу даврага мен ва менга тенгдош икки-уч ёш домлалар ҳам таклиф этилган эдик. Ойда бир бор улфатлардан бирининг хонадонида ўтадиган гурунглар ғоят мароқли кечарди. Даврада албатта санъаткор — созанда ва хонандалар иштирок этарди. Машҳур созанда Турғун Алиматов иштирок этган гурунгларни эсласам, ҳамон кўнглим чароғон бўлиб кетади. Турғун акадек санъаткор Субутой домлани мумтоз куй, мақом бобида ўзига устоз деб атардилар. Субутой ака дуторда, Турғун ака танбур ёки сатода ижро этган куйлардан сел бўлиб тўлғонардик.

Турғун ака ҳар гал «Ўткан кунлар»даги «Наво куйи» боби устида сўз очар, бу бобни ёд айтиб, мумтоз куйнинг сўз орқали бу қадар нафис, тиниқ, жонли ифодасидан ҳайратини тўкиб соларди. Субутой ака «Ўткан кунлар»да тасвир этилган дуторда чалинган куйни ёшлигида тинглаганини сўзлар, Турғун акадан уни тиклашни қайта-қайта илтимос қиларди. Турғун ака устоз илтимосини ерда қолдирмай, бу йўлда узоқ изландилар. Ниҳоят, улуғ созанда бир гал: «Устоз, дутор навосини топдим, «Ўткан кунлар»нинг ўзидан олиб тикладим», дедилар. Сўнг дуторни қўлга олиб, одатдагидек уни узоқ созлаб, Қодирий ёзганидек, дуторни созлаш учун реза куйлардангина олиб турган машшоқ биз кутмаган жойда «Наво»дан бошлаб юбордилар. Куй бошланиши биланоқ даврадагиларнинг вужуди «зирр» этиб кетгандек бўлди. Ниҳоят, эшилиб, тўлғаниб теварак-атрофга илоҳий бир сирли-сеҳрли садолар таратган дутор пардалари тинди. Субутой ака «Айни ўзи, қойил! Балли!» деб юбордилар.

Суҳбат уланиб, замонавий адабиётга келиб тақалди. Турғун ака: «Ҳозирги ёзувчи-шоирлар асарларида мумтоз куйнинг шунақа тасвири борми?» деб сўраб қолдилар. Мен: «Бор! — дедим, китоб жавонидан Абдулла Орипов тўпламини олиб «Муножот»ни тинглаб» шеърини ўқий бошладим:

Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй,
Асрлар ғамини сўйлар «Муножот».
Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига
Қандай чидай олган экан одамзод!»

Ана шу сўнгги сатрларга келганда улуғ созанда: «Ҳа, бу шеърдаги «Муножот» тасвири «Ўткан кунлар»даги «Наво» куйи тасвиридан қолишмас экан», дедилар ўзларига хос босиқлик билан.

067

СЎЗГА, СЎЗ САНЪАТИГА ШАЙДОЛИК
077
Таниқли мунаққид ва адабиётшунос олим Умарали Норматов билан суҳбат
Суҳбатдош — Раҳмон Қўчқор

— Умарали ака, умрингизнинг катта қисмини адабиётга, уни ўрганиш ва ўргатиш ишига бахш этдингиз. Айтинг-чи, шу тинимсиз фаолиятдан нима топдингиз? Нималарни билдингиз-у, не муаммоларнинг охирига етолмай қийналдингиз?
— Ёш ҳам етмишни қоралаб қолибди. Шундан эллик йили адабиёт, уни англаш, ўрганиш, ўргатиш йўлида ўтди. Аслида, адабиётга меҳр ундан олдинроқ бошланган. Эсимни танибманки, санъат, адабиёт мени ўзига ром этиб келган: Дадамни «Нормат қори» ёки «Қори ака» дейишарди. Қўқон мадрасаларида таълим олган, араб, форс тилларини пухта эгаллаган, Саъдий, Щофиз, Навоий, Фузулий, Бедил, Машраб асарларининг мухлиси эдилар. Қуръони Карим оятлари, пайғамбаримиз ҳадислари, Саъдий ҳикматлари, Бедил рубоийлари мағзини чақиб, соатлаб гапирардилар. Уйимиз токчаларида «Туркистон вилоятининг газети», «Турон», «Янги Фарғона» тахламлари 50-йилларга қадар ҳам сақланган. Турдиали бойнинг эркатой кенжаси, китоб жинниси Нормат қори Саъдийнинг «Гулистон»ига ўзи миниб Қўқонга қатнайдиган баҳоси йўқ қорабайирни алмаштириб юборгани ҳақида қариндошлар кулиб ҳикоя қилишар эди. Бир саҳифанинг ўзида ҳам форсча, ҳам туркий-ўзбекча матн жойлашган чарм муқовали бу нодир китоб таниш-билишлар орасида яқин-яқинларда ҳам қўлдан-қўлга ўтиб ўқиларди. Онам Сорабиби Яссавий, Сўфи Оллоёр, Фузулий китобларини шундай бир нурли ва ҳазин оҳангда ўқир эдиларки, уларни ички бир шавқ, кўнгилда ажиб бир мунг билан тинглардим. Аҳмад қозининг ўғли, 10-йилларда жадид усулидаги мактаб муаллими сифатида шуҳрат топган тоғам Мулла Маҳмуд (Фарғонанинг Рапқон қишлоғидаги тарих музейида бу одамнинг фотосурати бор) менга бир ҳафтанинг ичида араб ёзувини ўргатганлар. Тез орада уйимиздаги китобларни бемалол ўқийдиган бўлдим. Айниқса, Иброҳим Адҳам, Машраб қиссаларини берилиб мутолаа қила бошладим. Ўзим ҳам Машрабга тақлидан «Умар» тахаллуси билан ғазаллар битишга тушдим. Ўша ишқий ғазаллар битилган дафтарни гоҳо фарзандларим, набираларим қўлида кўриб қоламан. Улар ҳазил қилиб: «Ўзлари ҳам Машраб бўлган эканлар-ку», деб қўйишади.
Уруш ва урушдан кейинги оғир йиллар. Дарслик, китоб, дафтар-қалам етишмайди. Муаллимларимиз 45 минутлик дарсни билганларича гапириб ўтказишади… Кунларнинг бирида адабиёт муаллимимиз синфга янги китобча кўтариб кирдилар. Толстойнинг «Кавказ асири» ҳикоясини ўқий бошладилар. Щикояни тинглаб, лол бўлиб қолдим. Бу асар, мен шу пайтгача танишган, ўқиган китобларга мутлақо ўхшамас эди, у мени тамомила бошқа бир оламга олиб киргандай бўлди. Бир неча кун ўзимга келолмай юрдим, нуқул ҳикоя қаҳрамонлари Жилин, Костилин, Дина билан ўша тоғ овули одамлари орасида юргандай бўлдим… Мен бу ҳикояни ҳозирга қадар қўлга олишдан чўчийман, қайта ўқишга ботина олмайман, ўша болаликдаги — ҳикоя билан илк танишувдаги мислсиз таассурот бузилиб қолмаса деб қўрқаман. Кейинроқ, Миркарим Осимнинг «Ўтрор»и, Ойбекнинг «Қутлуғ қон»и, уруш йиллари ватан қаҳрамони Аҳмаджон Шукуров билан уйимизда меҳмон бўлган Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари, борингки, 40-йилларда ўзбекчада чиққан жамики бадиий асарлар билан танишдим. 1948 йили қишлоғимизга яқин қўшни Тожикистоннинг Конибодом шаҳридаги педбилим юртига илм истаб бордим. Бу билим юрти гарчи бошланғич мактаб муаллимлари тайёрлашга ихтисослашган бўлса ҳам, ўзига хос «адабиёт литсейи» эди. У ерда Тошкентда таълим олган забардаст филологлар дарс беришарди. Билим юртини тугатгач, Тошкент университетининг филология факултетида, сўнг аспирантурасида ўқидим. Орада икки йил мактабда ишладим. 1962 йилдан эса университетда адабиётдан муаллимлик, чорак асрдан бери кафедра мудирлиги… Ярим асрдан буён ўзим суйган шу адабиёт ичидаман, хизматидаман. Бу орада номзодлик, докторлик илмий даражаларини қозондим, доцентлик, профессорлик унвонлари берилди, Республика Давлат мукофоти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Халқ таълими аълочиси..
Майли, булар ўз йўлига. Энди сиз қўйган асосий саволга келсак: хўш, ярим асрлик филология соҳасидаги тинимсиз фаолиятдан мен нима топдим? Топганим шу бўлдики, сўз санъати инсоният яратган, аниқроғи Оллоҳ одамларга ҳадя этган ноёб неъмат, сирли олам эканига такрор-такрор иқрор бўлдим. Чинакам санъат асарини ўқиганимда, томоша қилганимда ҳайратдан ўзимда йўқ яйрайман. Кўнглимда шу соҳага майл-меҳр уйғотгани, ризқимни шу соҳада бергани учун Яратганга шукроналар айтаман. Инсон фаолиятидаги ҳеч қайси соҳа адабиётчалик сир-синоатга бой эмас. Инсон ва унинг табиати, қалби, руҳияти ҳақидаги ҳақиқатни кашф этишда ҳеч бир соҳа адабиёт билан тенглаша олмайди, унинг ўрнини босолмайди.
Бир вақтлар — университетни тугатиб, аспирантурада таълим олган кезларим ўзимни гўё адабиёт илмини миридан-сиригача эгаллаган одам санардим. Жаҳон адабиёти, адабиёт илми қаърига кириб борган сарим, бу соҳада билганларимдан билмаганларим кўплигига, билганларим эса ўта юзаки, жўн нарсалар эканига иқрор бўла бошладим. Биздаги мавжуд адабиёт назариясига оид дарслик ёки илмий китоблардаги сўз санъатининг ўзига хосликлари, вазифалари, адабий тур, жанрлар таърифи, поэтикаси, умуман бадиий ижод табиати хусусидаги фикрларни эслаб кўринг: гарчи бу борада айрим фарқлар, баҳсли ўринлар бўлса-да, бадиий ижод олами гўё «икки карра икки — тўрт» деганларидай аниқ нарса сифатида талқин қилинади, шулар сўз санъати ҳақидаги узил-кесил ҳақиқат деб тақдим этилади. Синчиклаб разм солсангиз, буларнинг деярли барчаси ўта нисбий ва бирёқлама, юзаки эканига амин бўласиз. Инсон фаолиятига оид соҳалар ичида сўз санъатидек тутқич бермайдигани, қолипга, қоидага тушмайдигани топилмаса керак. Жаҳондаги ҳар бир улкан ижодкор, буюк асар ўзича бир дунё; янги асари билан ижодкор ҳар гал янгича йўл, усул, қоидалар кашф этади. Бунинг устига, ижодкор шахсиятидек сирли, ажабтовур хилқат бошқа соҳа кишиларида топилмайди. Оллоҳ инсон зотига хос жамики кучли ва заиф, зиддиятли, мўъжизакор сифатларни мужассам этиш учун ёзувчилик истеъдодини, шоиру ёзувчиларни яратган бўлса ажаб эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Оллоҳ ўзининг мислсиз қудратини намоён этиш учун бу ёруғ оламни, коинот жавҳари саналмиш инсонни яратган. Қарангки, ёзувчи-санъаткор балки Оллоҳнинг шу яратувчилик сифатига тақлидан сўз орқали инсонни, тўғрироғи инсон тимсолини яратишга журъат этади.
Абдулла Қодирийдек биргина мислсиз истеъдод соҳиби яратган бадиий кашфиётларни эслайлик. Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Отабек, Кумуш, Зайнаб, Анвар, Раъно, Солиҳ маҳдум сингари тирик жонларни — ўзбекнинг ранг-баранг табиатли фарзандлари сиймосини айни тирик одамлар каби гавдалантириш чиндан-да мўъжиза, ахир! Адабиёт илми бадиий истеъдод табиати, ижодкор шахси, ижод психологияси бобида ҳали дурустроқ иш қилгани йўқ. Инсоният ҳали улкан истеъдодлар хизматини муносиб қадрлаш даражасига кўтарилгани йўқ. Биз ҳали чинакам истеъдод соҳиблари билан бу соҳага даъвогар тамагир, ҳаваскор ҳунармандларнинг фарқига етолганимиз йўқ. Тақдир мени XX асрнинг бир қатор моҳир сўз усталари билан танишиш, мулоқотда бўлиш, ҳатто яқиндан дўст-улфат тутиниш бахтига муяссар этди…

— Ўрни келиб қолди, ана шундай ижодкорлар тўррисида батафсилроқ гапирсангиз…
— Мен ҳаётда дуч келган, яқиндан билган, ҳамсуҳбат бўлган адиблар ичида, шубҳасиз, энг ёрқин сиймо, беназир истеъдод соҳиби Абдулла Қаҳхордир. 1960 йилдан то 1968 йили Масковга даволаниш учун кетгунига қадар бу улуғ сиймо хонадонида, гоҳ шаҳар ҳовлисида, гоҳ Дўрмондаги боғида кўп бор суҳбатини олганман. Эл-юрт, миллат, миллий адабиёт манфаати, шаъни учун шу қадар ёниб яшаган бошқа бирор ижодкорни кўрган эмасман. Энг муҳими, у, Абдулла Қодирий ибораси билан айтганда, «шахси бутун» зот эди. Уйида тор давраларда ҳам, катта анжуман, минбарларда ҳам фақат дилидагини, ҳақ гапни айтар эди. XX аср иккинчи ярмида бизда ижодкорлар орасида Чўлпоннинг «Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсан!» деган даъватига тўла амал қилган ягона жасур сиймо Қаҳҳор бўлган десам, муболаға бўлмас. Буни тасдиқлайдиган ўнлаб, юзлаб мисоллар бор.
Тилларда достон бўлиб кетган икки воқеа: Абдулла Қодирий таваллудининг 70 йиллигига багишлаб ўтказилган анжуманда сўзлаган оташин нутқи ёки Милчаков деган кимса ҳақидаги ўта кескин, мардона гапи бутун мамлакатни ларзага солган эди. 50-йиллар шароитида рус кишиси, раҳбар ходим, ёзувчилар союзи партия ташкилот секретари Милчаковни «ўзбек халқининг жаллоди» деб аташга журъат этиш аждаҳо комига ўзини тутиб бериш билан баробар эди. Абдулла Қаҳҳор бунга журъат эта олди. Кейинги тадқиқотлардан маълум бўлдики, бу қабиҳ кимса 40-йиллар охири, 50-йиллар бошларида ўнлаб ҳалол истеъдод соҳибларининг қатағон этилишига бевосита алоқадор бўлган экан…
Бундай шижоат, журъат республикадаги маънавий, адабий ҳаётга қанчалар таъсир кўрсатгани, ўнлаб ижодий зиёлилар кўзини очгани, хусусан ёш истеъдодлар кўнглига ўт солгани, мустабид ҳукмдорларни эса ҳушёр торттиргани ҳеч кимга сир эмас. Қаҳҳор ўшандай шижоати, ҳақ сўзи билан виждонли, чин истеъдод соҳибларини худди оҳанрабодек ўзига тортарди.
Ўша кезлари «Қаҳҳорнинг одами» деган гап юрарди. Хўш, «Қаҳҳорнинг одами», яъни, Қаҳҳор даврасига дахлдорлар кимлар эди? 1967 йили Учқун Назаров Абдулла Қаҳҳор ҳақида ҳужжатли филм яратишга чоғланганида филмда суратга олиш учун адибнинг шахсан ўзи дилига яқин бир гуруҳ ёзувчи, шоир, адабиётшуносларни таклиф этди. Булар — О. Ёқубов, П. Қодиров, Э. Воҳидов, А. Орипов, Ў. Щошимов, Ш. Холмирзаев, Г. Нуруллаева, адабиётшунос-танқидчилардан М. Қўшжонов, О. Шарафиддинов… Айни шу «Қаҳҳор одамлари» XX аср иккинчи ярми ўзбек адабиёти ва танқидчилигининг қиёфасини белгилайдиган ижодкорлардир. Не бахтки, филмга таклиф қилинганлар орасида мен ҳам бор эдим! Щали адабиётда ёш бир тадқиқотчи бўлатуриб Қаҳҳордек аллома назарига тушганимни эсласам, ҳозир ҳам юрагим ҳаприқиб кетади.
Шўро тузуми инқирозидан сўнг кўплаб машҳур совет ёзувчилари қатори Абдулла Қаҳҳор ижоди ҳам элакдан ўтказилди: қатор асарлари теварагида қизғин баҳслар бўлди, улар шаънига баъзан асосли, кўпроқ асоссиз таъналар айтилди. Щар қанча жасур, ҳақиқатгўй бўлмасин, ўз даврининг фарзанди сифатида Қаҳҳор асарларида ҳам ҳукмрон мафкура асоратлари у ёки бу кўринишда из қолдирган. Бироқ адибнинг шундай ҳикоялари борки, асрнинг талай машҳур танқидчилари эътироф этганидай, улар замонавий жаҳон ҳикоячилигининг энг яхши намуналари билан бир қаторда туради. «Анор», «Бемор», «Ўғри», «Адабиёт муаллими», «Минг бир жон» каби ўнлаб ҳикоялари персонажлари, шунингдек, «Сароб»даги Мунисхон, Сорахон, «Синчалак»даги Қаландаров ва Саида, комедияларидаги талай комик характерлар, адибнинг ўз ибораси билан айтганда, бутун бошли «адабий аҳоли»ни ташкил этади. Уларга жон бағишлаш чинакам ижодий жасоратдир. Бунинг устига, XX аср ўзбек адабий тилининг шаклланишида, унинг дўстлари, ҳатто рақиблари томонидан бирдек «сўз устаси» деб тан олинган Қаҳҳорнинг ўрни, хизмати беқиёсдир. Давраларда оғзидан чиққан ҳар бир образли гапи, ҳазил-мутойибалари гўё ўзига хос ёмби эди. Афсуски, биз ўзбекларнинг бефарқлигимиз туфайли улар ёзиб қолдирилмаган. Кибриё опа хотираларида айримларигина келтирилади, холос.
Қаҳҳордан кейин мени ўзига ром этган, мен яқиндан мулоқотда бўлган адиблардан бири Саид Аҳмаддир. Бутун вужуди, тани-жони адабий истеъдод нури билан йўғрилган, фақат адабиёт, ижод учун яралган, руҳий оламида ҳам фожиий, ҳам халқона қувноқ ҳазил, кулгини мужассам этган, шахсий ҳаётидаги мислсиз фожиаларни, ёлғизлик изтиробларини ҳазил-кулги қудрати-ла енгиб ўтаётган бу аломат зот XX аср ўзбек адабиётида ноёб ҳодисадир. У асрлардан-асрларга ўтиб келаётган буюк Насриддин афандининг бизга замондош тирик тимсолидир. Яратган асарлари, қаҳрамонларидан кўра ҳам, унинг ўзи, шахсияти қизиқроқ ва жозибадорроқдир.
Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев билан узоқ йиллар дўст, улфат тутунганимдан фахрланаман. Уларнинг ижоди, асарлари ҳақида билганимча, қурбим етганича ёзганман. Неча йиллар яқиндан кузатишимга қарамай, бу ноёб истеъдод соҳиблари табиатида мен учун жумбоқлигича қолаётган жиҳатлар беҳисоб. Ўта андишали, одобли, мулоҳазакор, Шарқ маданиятини ўзида намоён этган аллома дейишга лойиқ Эркинжон истеъдод бобида, очиғи, тенгдошлари орасида ягона. Табиатидаги серандиша ва мулоҳазакорлик, фарғоналиклар қонидан ўтган тортинчоқлик айрим ҳолларда кўнглидаги туғёнларни юзага чиқаришга монелик қилаётгандай, ҳаётда, адабиётда истеъдодига муносиб ўрнини ололмаётгандай туюлади менга. У чиндан дилбар, улфати жонон шахс. Республикада унинг суҳбатини олишга зор одамлар бисёр. Унинг сўзларида қандайдир латофат борлигини кўп кузатганман. Биргина мисол. 1997 йилнинг ёз чилласида устоз Озод ака қаттиқ хасталаниб касалхонага тушди. Узоқ йиллик қанд касаллиги оқибати ўлароқ бир оёғида яра пайдо бўлиб, охири жарроҳлар тиззасини кесишга мажбур бўлишди. Озод акани жарроҳлик столидан палатага олишган куннинг эртаси тонгда Эркинжон билан устозни кўргани бордик. Озод ака каравотда афтодаҳол ётибди. Бизни кўриши билан кўзига ёш олди. Кўнглида умид учқунлари сўна бошлаган, аранг гапиради. Қарасак, секин-аста рози-ризолик тиланишга ўтяпти… Нима қилишни, нима дейишни билмай қолдик. Шунда бирдан Эркинжон ташаббусни қўлга олди. «Қайси оёқни кесишди?» деб сўради билса ҳам. Гап ҳазилга айланаётганини сезди шекилли, Озод ака оқ чойшабдан оёқларини пайпаслаб: «Чапи экан», деб жавоб қилди. Шунда Эркин: «Э, шунгаям кўзёшими, Озод ака, энди бундан бу ёғига «левий»га юриш бўлмас экан-да», дедию бирдан устознинг чеҳрасида табассум пайдо бўлди. Эркинжон, айни шахматдагидай, устама-уст йўл қила бошлади: «Журнал чиқибди-ку», деб Озод аканинг ёстиғи ёнида турган «Жаҳон адабиёти»га ишора қилди. «Дарвоқе», дея Озод ака ўзи муҳаррирлигида чиққан журналнинг илк сонини Эркинга узатди. Щаммамиз бу қутлуғ ҳодиса билан устозни табрикладик. Эркин журнални варақлаб, унда босилган ўзининг туркум шеърларидан бирини — қувноқ халқона кулги билан йўғрилган «Кексалик гашти»ни ўқий бошлади:

Билакдан куч кетган, кўздан эса нур,
Пашшамизни зўрға қўраётирмиз.
Бир маҳал оҳ уриб қилардик ҳузур,
Энди волокордин ураётирмиз.
Келар ичимиздан хўрсиниқ чуқур,
Асқартоғ эдик-ку, нураётирмиз.
Кўнамиз, не илож, шунга ҳам шукр,
Щар қалай кўз тирик, кўраётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.

Шу сатрларга келганда палатада кулги-қийқириқ авжига чиқди, ҳатто кулгимиз садоси йўлакдагиларга ҳам етди шекилли, навбатчи врач, хамширалар эшикни очиб, «ўта оғир касал» ётган палатадаги бу аҳвол-вазиятдан лол қолишди. Озод аканинг чеҳраси бутунлай очилиб кетди, бояги тушкунлик, ваҳм чекинди. Эртасигаёқ у оёққа тура бошлади. Мана, руҳшунос-шоир табиатига хос сеҳрнинг кучи, биргина кўриниши.
Ўткирнинг эътиборга сазовор деярли барча бадиий асарлари совет даврида яратилган. Аммо шуниси қизиқки, айрим публисистик чиқишларини мустасно этганда, у яратган ҳикоя, қисса, роман, драмаларда коммунистик ғоялар тарғиботи, ҳукмрон мафкура асоратлари, ўткинчи майллар таъсири деярли йўқ. Истиқлол даврига келиб қатор қаламкашлар ўз даврида катта довруғ қозонган асарларини қайта нашрга тайёрлаш асносида жиддий таҳрир киритишга мажбур бўлдилар. Ўткир эса бунақа «таҳрир»ларга эҳтиёж сезмади. Ўткир «қайта қуриш» жараёнида ҳам, истиқлол йилларида ҳам ўзлигига содиқ — ўша биз билган Ўткирлигича қолди. Ўткирнинг табиатида, руҳиятида уни ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳимоя этувчи, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатга, виждонига содиқ қолишга ундовчи қандайдир бир куч бор.
Худойберди билан деярли тенгдошмиз. Бир ерликмиз. Етмиш ёшида ҳам болалик қилиқларини сақдаб қолган дўстимнинг ўзбек болалар адабиётида муносиб ўрни борлигидан қувонаман.
Гарчи шахсан яқин бўлмасам-да, яна бир улкан истеъдод соҳиби Рауф Парфи ижодини, шахсиятини кузатиб юраман. Рауф Парфи XX аср иккинчи ярми ўзбек шеъриятининг ёрқин юлдузларидан биридир. Унинг замонавий миллий шеърият равнақидаги ўрни, хизмати Эркин Воҳидов ёки Абдулла Ориповникидан кам эмас, балким янгича шеърий тафаккур жиҳатидан асримиз интиҳосидаги энг олий нуқтаси, десам ҳам бўлади. Шахсий ҳаётда омадсиз, ношуд-нотавон кўринган бу кичик, оппоқ сочли жуссада шу қадар юксак шеърий истеъдод, илоҳий куч-қудрат, акл-заковат, илҳом мужассамлиги кишини ҳайратлантиради, лол қолдиради.
Ниҳоят, сўз санъати, адабиёт илми дунёсида мен дуч келганим ва топганим ноёб хазина — улуғ инсон, буюк истеъдод соҳиби Озод Шарафиддиновдир. Щаётидаги, шахсиятидаги, фаолиятидаги жамики зиддиятли жиҳатларига қарамай, бу одам биздаги XX асрнинг буюк жозибадор ва жумбоқли сиймоларидандир. Унинг XX аср иккинчи ярми ўзбек адабиёти, адабиётшунослиги, маданияти, маънавиятидаги ўрни, хизматини муносиб қадрлайдиганлар қўп эканига аминман. Асримиз иккинчи ярми танқидчилигида бошқа бундай ёрқин, жасур, билимдон, маърифатли сиймо чиқмади. Мен ана шундай одамга биринчи шогирд бўлганим, салкам қирқ йил у билан бирга ишлаганимдан фахрланаман.
Дарвоқе, университетдаги адабий-илмий муҳит, Ғулом Каримов, Субутой Долимовдек алломалар билан бирга ишлаш, улфат тутуниш бахти… бу борадаги ёрқин хотираларни, насиб қилса, батафсил қоғозга тушириш ниятим бор.
Мана, менинг ҳаётда, адабиёт, адабиёт илми йўлида топганларим…

Бироқ… Топганларим мен учун қанчалар ардоқли бўлмасин, мен яшаган, ишлаган йиллари жаҳонда, жаҳон адабиётида, адабиёт илмида майдонга чиққан ёрқин сиймолар, содир бўлган буюк ўзгаришлар, кашфиётлар қаршисида анчайин камтарона ўрин тутишини ўйлаб бир оз ҳушёр тортиб қоламан. Ўзбек адабиёти, адабиёт фани шу йиллар давомида жаҳон адабиёти, тафаккури ривожига таъсир кўрсата оладиган асарлар бера олдими, деган савол мени доимо қийнайди. Бу савол қаршисида мен ўзимни жуда-жуда ожиз сезаман. «Биз зўр деган асарлар Тўйтепадай нарига ўтолмаяпти», дер эди Абдулла Қаҳҳор. Бу гап ҳамон ўз кучида қоляпти. Бир вақтлар асаринг, мақоланг рус тилида, Масковда чиқдими, бўлди, Иттифоқ миқёсига кўтарилдинг, деган қараш кенг ёйилган эди. Иттифоқ, бинобарин жаҳон миқёсига чйқиш, танилиш мақсадида ҳар хил йўллар билан ўртачароқ асарлар ҳам рус тилига таржима этилаверарди. Щатго бунинг энг осон йўли — тўғридан-тўғри рус тилида ёзиш одати пайдо бўлди. Кизиқ, ўша йиллари Саид Аҳмад, Ў. Ҳошимов, Э. Воҳидов, А. Орипов, Рауф Парфи, Тоғай Мурод, О. Шарафиддиновга кўра анчайин ўртамиёна, лекин эпчил, ҳунарманд қаламкашларнинг донғи Иттифоқ миқёсида машҳурроқ эди. Бу чаққон «ижодкор»лар катта совринларни олишга ҳам улгуришди. Хўш, бугун қани ўша Иттифоқ ё жаҳон миқёсига кўтарилган асарлар, совриндор «адиб»лар ўн йил ўтар-ўтмас барчаси унутилди-кетди…

— Бу хусусдаги танқидий фикрларингиз нисбий ва мунозарали. Сиз айтган ҳолатлар билан баробар истеъдодли адибларимизнинг қатор етук асарлари рус тилига яхшигина таржима этилган, айни шу таржималар орқали улар жаҳон адабий жамоатчилиги эътиборини ўзига тортган эди. Масалан, «Синчалак», «Улуғбек хазинаси»…
— Мен бу ерда ўша кезлари кенг тарқалган бутун умидни таржимага қаратишдан иборат бирёқлама, нохуш кайфиятни назарда тутаётирман. Шунақа кайфият бугун ҳам бошқачароқ кўринишда давом этяпти. Бирор хорижий мамлакатда асари, мақоласи чиқса, дарҳол унинг муаллифини жаҳонга чиққан санайверамиз. Жаҳонга чиқишга интилиш яхши; бироқ бундай чиқиш буюк кашфиётлари, ихтиролари билан бўлса, яна ҳам яхши.
Биз жаҳонга не-не даҳоларни берган қадимий улуғ юрт фуқароларимиз. Сўз санъатида, адабиёт илмида бугун доҳиёна кашфиётларга эҳтиёж туғилмоқда. Эркин Воҳидов айтмоқчи:

Унинг сену мендек шоирлари кўп,
Буюк элга энди даҳолар керак.

Шундай дейман-у, инсон боласи фақат улуғ орзулар билангина яшай олмаслигига иқрор бўламан. Шунда файласуф шоир Асқад Мухторнинг мана бу сатрлари ёдга тушади:

Каттасини кут-у, кичигидан қолма,
Кичик мўъжизалар ҳар куни керак.

Мени қийнаган, мен охирига етолмаган муаммолар ана шулар.

— Бугунги ўзбек адабиётшунослик илмининг савияси Сизни қониқтирадими? Щозир, айниқса, замонавий адабиёт атрофидаги аввалги баҳс-мунозараларнинг сўниб қолганини нима билан изоҳлайсиз?
— Биласиз, кейинги йилларда мен кўпроқ 20-йиллар адабиёти масалалари билан шуғулланаётирман. Мени ҳаммадан ҳам янги ўзбек адабиётининг тезкор тусда шаклланиш жараёни, кўп асрлар давомида Шарқ, асосан араб, форс-тожик адабиёти анъаналари, Ислом фалсафаси доирасида ривожланган миллий адабиётимизнинг аср бошларида Оврўпа, замонавий жаҳон адабиёти тажрибаларига юз ўгириб, қисқа фурсат ичида «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Абулфайзхон», «Паранжи сирлари», «Майсаранинг иши» сингари етук реалистик насрий ва драматик асарларнинг, янгича йўналишдаги Чўлпон лирикасининг пайдо бўлиш сабаблари, сирлари қизиқтиради. Жаҳондаги жуда кўп халқлар адабиётида ўшандай кескин бурилиш паллалари тадқиқ этилган илмий ишлар билан танишишга тўғри келди. Жумладан, асримизнинг улкан адабиётшуносларидан бири М. Бахтиннинг Франсуа Рабле ҳақидаги машҳур китобини қайта мутолаа қилдим. Оврўпадаги уйғониш даврининг ёрқин сиймоси саналмиш Рабле ижодининг жаҳон адабиёти ва маданиятидаги ўрни нақадар теран таҳдил этилган бу китобда. Рабленинг энг катта хизмати неча минг йиллик халқ кулгиси, қизиқчилик маданиятига таяниб, унга муайян якун ясаб, кулги санъатини янги босқичга кўтаришдан иборат эканини очиб беради муаллиф. Китоб мутолааси жараёнида беихтиёр 20-йиллар ўзбек адабиётидаги жараёнлар ёдга тушади. Кўп асрлик миллий адабиётимиз ривожида туб бурилиш ясаган етук асарларнинг пайдо бўлишида бошқа кўп омиллар қатори айни Оврўпа уйғониш давридаги, жумладан, Рабле ижодидаги хусусиятларни эслатадиган ҳолатлар содир бўлганини пайқаш қийин эмас. Деярли бир пайтда яратилган «Майсаранинг иши» билан «Меҳробдан чаён», аниқроғи, романдаги «Хон кўнгил очмоқчи», «Қизиқчилар» бобларидаги халқона кулги асосига қурилган янгича реалистик ифода орқали ўзбек адабиётида жиддий бир бадиий кашфиёт, ихтиро содир бўлди.
Буни эслатишдан мурод М. Бахтин ўз тадқиқотида фақат буюк адиб ижодини шунчаки ўрганиш, шарҳлаш билан чекланмаган, балки Рабле романлари таҳлили воситасида жаҳон адабиётига хос муҳим бир қонуниятни кашф этиб берганини таъкидламоқчиман. Ёки олимнинг Ф. Достоевский ҳақидаги китобида улуғ адиб романлари мисолида бадиий тафаккурнинг олий намунаси — полифоник тасвир моҳиятини очади. Бу илмий кашфиёт ҳам барча миллий адабиётлар тараққиёт даражасини белгиловчи муҳим омиллардан бири сифатида эътироф этилган.
Кўряпсизми, гарчи бадиий ижод қолипларни тан олмайдиган соҳа бўлса-да, барибир унда муштарак ички қонуниятлар ҳам мавжуд. Эртадир-кечдир ҳар бир миллий адабиёт тараққиётида ана шу муштарак қонуниятлар қандайдир кўринишда юзага чиқади. Шу хил қонуниятларни кашф этиш бахти, афсуски, ҳар кимга ҳам насиб этавермас экан…
Ана шундай буюк илмий кашфиётлар даражасида туриб қараладиган бўлса, бугунги ўзбек адабиётшунослигининг, умуман, XX аср адабиёт илмимизнинг савияси шахсан мени асло қаноатлантирмайди. Тўғри, бизда Рабле, Достоевскийлар йўқ, лекин Навоий, Бобурлар бор. Бахтинга ўхшаб Навоий, Бобур каби даҳолар ижодининг ҳали фанга маълум бўлмаган жиҳатларини кашф этиш яқин келажакнинг иши. Фитрат, Ойбек, Шайхзода тадқиқотларидан кейин анча йиллар давом этган депсинишдан сўнг истиқлол даврига келиб миллий адабиётшунослигимизда муайян ўзгариш, янгиланиш аломатлари кўзга ташланмоқда. И. Щаққулов, Н. Комиловларнинг ўзбек тасаввуф адабиёти, Б. Қосимов билан Н, Каримовларнинг аср боши адабий ҳаракатчилиги, Щ. Болтабоев билан И. Ғаниевнинг Фитрат, Д. Қуроновнинг Чўлпон насри поэтикаси тўғрисидаги тадқиқотлари адабиётшунослик илмимизда муҳим янгилик бўлди. Айниқса, Д. Қуроновнинг XX аср жаҳон адабиётшунослигида мавжуд структуравий таҳлил, замонавий герменевтика усулларини анъанавий ғоявий-ижтимоий таҳлил билан қўшиб олиб боришдан иборат ўзига хос йўли зукко мутахассислар орасида катта қизиқиш уйғотмокда. Ёш олимнинг Чўлпон насрий асарларига оид салмоқдор иши орқали ўзбек маҳоратшунослиги янги босқичга кўтарилганлиги эътироф этилмоқда. У. Щамдамовнинг 30-йиллар ўзбек адабиёти «соф лирика» муаммосига оид номзоддик иши ҳам таҳсинга сазовор. Ёш тадқиқотчи Ойбек лирикаси, «Наъматак» сингари ноёб рубобий тароналари мисолида тоталитар режим адабий сиёсати қутуриб турган, ҳаммаёқни сиёсий мафкуравий шеърлар босиб кетган бир шароитда ҳам сўз санъати ўзининг азалий анъаналарига, асл табиатига содиқ қолганини, давр шовқин-суронлари ва тазйиқларидан, сиёсатдан, мафкурадан холи «соф кўнгил» розларини ифодалашда давом этганини исботлайди. Шу тариқа XX аср адабий жараёнига хос ғаройиб бир тамойилни кашф этади… Афсуски, бу хил илмий кашфиётлар илмий иш шаклида нари борса йигирма-ўттиз чогли мутахассисларга таниш, холос. Қани энди улар китоб шаклида кенг илмий, адабий жамоатчиликка, филология факультети талабаларию аспирантлари ва адабиёт ўқитувчилари қўлига етиб борса! Бундай янгиликлардан бехабар жамоатчилик адабиёт илмида дурустроқ янгилик йўқ, деб юриши табиий.
Яна бир ёш, ғоят кўп ўқиган, XX аср жаҳон адабиёти, фалсафаси, эстетикаси, руҳшунослигидан чуқур хабардор филолог — Раҳимжон Раҳмат қақида икки оғиз сўз айтгим келади. Унинг Рауф Парфи шеърияти ҳақидаги «Жаннат соғинчи» мақоласи, Улуғбек Абдуваҳобовнинг «Ёлгизлик» тўпламига ёзган сўзбошиси янгича таҳлилнинг гўзал намуналаридир. Очиғи, мен ва менга тенгдош танқидчилар бадиий асарни, ёзувчи ижодини бу тарзда ҳис ва идрок этиш, тахлил қилишга қодир эмасмиз. Булар танқидчилигимизнинг эртасига катта умид уйғотади. Ниҳоят, бир оз ноқулай бўлса ҳам, айтай: Сизнинг Абдулла Қаҳҳор романлари ижодий тарихига бағишланган «Мен билан мунозара қилсангиз…» китобингиз ўқувчини баҳс-мунозараларга даъват этиши, мустабид тузум шароитида яшаб ижод этган улкан санъаткорнинг улкан фожиаси тўгрисидаги ёниқ, ўй-мушоқадалари, янги далиллар асосидаги теран таҳлиллари, энг мухими, санъаткорни тушунишга бўлган майли билан эътиборни тортади. Шунингдек, телевидениедаги чиқишларингиз, хусусан, «Щайрат» деб аталган муаллифлик кўрсатувингиз — телетанқиднинг бу янгича тури, айниқса, «Вабо», «Асрга татигулик кун», «Нellados», «Лолазор», «Отамдан қолган далалар», «Кўзгу олдидаги одам» каби асарларга бағишланган суҳбатларингиз бежиз оғизга тушмади. Бу кўрсатув-суҳбатлар муваффақияти чинакам санъат намуналари моҳиятини очиб бериш учун адабий билимлардан ташқари санъаткорона янгича йўллар, санъат асарини юракдан ҳис этиш ҳам зарурлигини яна бир карра тасдиқлайди.
Адабиётшунос танқидчилар орасида оғизда «марксча-ленинча методология»ни рад этиб, йўлигагина замон руҳига мослашиб, бошқачароқ оҳангда эски қўшиқларни хиргойи қилиб юрганлар кўп. Щозир барча соҳада бўлгани каби адабиётда, адабиёт илмида ҳам ҳамма айбни «қизил истибдод» зуғумига йўйиш удумга айланди. Боя мен тилга олган М. Бахтиннинг Рабле ҳақидаги асари 30-йилларда ёзилган, 1940 йили якунланган, орадан чорак аср ўтиб дунё юзини кўрган. Асарни варақласангиз, бирор ўринда партиявий ҳужжатларга, Ленин ё Сталин фикрларига таяниш йўқ. Уч-тўрт ўринда Марксдан иқтибослар олинган. Щатто улар ҳам ўз ўрнида. Асарнинг бирор жойида замона зуғуми таъсирини, асоратини сезмайсиз. Агар муаллиф ҳаёт бўлганида, орадан олтмиш йил ўтиб, бу китобни ўзи қайта нашрга тайёрласа, аминманки, деярли ўзгартиш киритмаган бўларди. Айни шундай ҳол унинг бошқа ишлари, Достоевский романларига доир китобига ҳам хос. Тўғри, бу забардаст олим саксон йиллик умри давомида таъқибларга учради, қатағон этилди, марказда эмас, чекка шаҳарларда яшашга, ишлашга мажбур қилинди. Бироқ у олимлик шаънига, ўз умрини фидо этган фанга асло гард юқтирмади. Бўлар экан-ку, ахир! Ноёб истеъдоддан ташқари ана шундай букилмас ирода, «шахсий бутунлик» бўлмас экан, фанда ҳеч қачон буюк кашфиётлар яратилмайди.
Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда адабий баҳслар бутунлай сўниб қолгани йўқ, замонавий адабиёт атрофида мунозаралар бўлиб турибди. Бироқ улар сиз кутгандай — кўнгилдагидай ва жўшқин эмас. Айрим ҳамкасбларимиз, бугунги адабиётда жиддий баҳслар олиб бориш учун асос бўладиган асарларнинг ўзи йўқ, дейишади. Бу фикрга унча қўшилиб бўлмайди. Ў. Щошимовнинг «Тушда кечган умрлар», Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асарлари, Омон Мухторнинг туркум романлари, Ш. Холмирзаев билан Назар Эшонқул хикоялари, Зулфиянинг «Хотирам синиқлари» достони, Абдували Қутбиддин, Иқбол сингари забардаст кенжа авлод вакилларининг шеърияти — булар жиддий ва юксак савиядаги баҳс-мунозара учун озиқ бера олишига шубҳа йўқ. Эҳтимол, катта авлод танқидчиларининг бугунги кунда баҳсларга унчалик раъйи йўқлиги, ёш танқидчиларнинг эса баҳс олиб бориш бобида тажрибасизлиги ҳам бу масалада панд бераётгандир. Адабий баҳсларни уюштириш кўп жиҳатдан адабий журнал, газеталар таҳририяти ташаббусига боғлиқ. «Жаҳон адабиёти» журнали 1998 йил 1-сонида XX аср ўзбек адабиёти хусусида жўшқин ва фойдали давра суҳбати ўтказди. «Шарқ юлдузи», «Ёшлик», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» саҳифаларида бугунги ўзбек адабиёти бўйича ўшандай баҳсларни уюштириш мумкин-ку, ахир! Бу борада радио ва телевидениенинг ҳам имкониятлари катта. Шундай қилинганда ҳозирги адабиётимизда биров сезиб, биров сезмай қолаётган муҳим янгиликларга, кўпгина яхши асарларга жамоатчилик эътиборини тортиш имкони туғилармиди…

— Узоқ йиллар олий ўқув юртида ишлаб, бир неча авлоднинг дид-савиясини кузатиш имконига эга бўлдингиз. Бугунги талабанинг аҳволига нима дейсиз? Унинг билимга интилиши, ирода-хоҳиши, одоб ва ахлоқида қандай янгиликларни, ўзгачаликларни кўрасиз?
— Мураббийлик фаолиятим давомида асосан тўрт хил авлод билан ишлашимга тўғри келди: 50-йиллар охири, 60-йиллар талабалари жамиятдаги муайян жонланиш оқибати ўлароқ хийла фаол, жўшқин, баҳс-мунозараларга ўч эди. Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носирнинг ман этилган асарларини яширин ҳолда қўлма-қўл ўқишарди. 70-йиллар ва 80-йилларнинг бошларида давом этган жамиятдаги «барқарорлик», аслида турғунлик талабалар руҳиятига ҳам таъсир кўрсатди, талабалар орасида сусткашлик, бефарқлик майллари кучайди. Сўнг «қайта қуриш», «ошкоралик» мавсуми туфайли, бир томондан, талабаларда ўзига хос уйғониш бошланди, иккинчи томондан, уларда қандайдир жангарилик кайфияти юз берди, улар хийла шапшак, бетгачопар бўла бошладилар; ўқиш, илм олишдан кўра турли анжуманлардаги, телевидениедаги жангари нотиқларнинг даҳанаки жангларини томоша қилишга берилдилар. Орада илм олишга майл сусайди. Ниҳоят, 90-йиллар талабалари… Энди уларни бир хил мезон билан таърифлаш, баҳолаш қийин. Щозирги ҳаётнинг ўзи мураккаб, сержило экани каби, бугунги талаба ёшлар ҳам ниҳоятда хилма-хил. Улар орасида бозор иқтисодига ўтиш даври чигалликлари асносида мўлжални йўқотиб довдираб юрганлари, лоқайдлари, оддий тирикчилик ташвишида ёки чўнтакни қаппайтириш пайида ўзини қар хил юмушларга, бозорга, савдо-сотиққа урганлари, нафс йўлига кириб илмий ишлардан, ўз соҳасига оид дарс ва китоблардан юз ўгирганлари ҳам бор. Шунингдек, «ўзликка қайтиш» баҳонасида қолоқ таомилларга муккасидан кетган, бунинг акси ўлароқ, тараққий этган мамлакатлар оммавий маданиятига тақлидан мода ва магнитафон, видио жиннисига айланган талаба ёшлар ҳам беҳисоб.
Авваллари талабаларнинг «севимли адиблари», «севиб ўқийдиган асарлари» деярли бир хил эди: ҳамма Ч. Айтматов қиссалари, В. Шукшин ҳикоялари, Евг. Евтушенко ва А. Вознесенский шеърлари шайдоси эди. Талабалар ётоқхонасига кирсангиз, деярли ҳар бир хона деворида Э. Хемингуэй ёки С. Есенин суратини кўрар эдингиз. Ўзимизникилардан О. Ёқубов, П. Қодиров, Ў. Ҳошимов, Э. Воҳидов, А. Орипов китоблари қўлма-қўл ўқиларди. Э. Воҳидов, А. Орипов иштирокидаги мушоиралар пайти катта заллар, ҳатто стадионларга одам сиғмасди… Щозир бунақа таомил кескин ўзгарди. Ўнта талабадан «Дилингга яқин шоиринг ким?» «Ёқтирган асаринг қайси?» деб сўрасангиз, ўн хил жавоб оласиз.
Айни пайтда, бугунги ўқувчи-талабалар орасида шундай бир тоифаси борки, улар устида ҳис-ҳаяжонсиз сўзлаш махол. Истиқлол йилларида мен она тили ва адабиёт фани бўйича мактаб ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари олимпиадаларида ҳакамлар қайъати аъзоси, раиси сифатида бир неча бор иштирок этдим. Шунингдек, иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватловчи «Умид» жамғармасида 1997 йилги маънавият ва маърифат масалалари бўйича ўтказилган имтиҳонларда Неъмат Аминов билан бир гуруҳда қатнашдим. Олимпиада қатнашчиларининг, имтиҳон топширувчиларининг аксарияти иқтидорли ўсмирлар, ёшлар. Айниқса, хорижга бориб ўқиш ниятида юрганларнинг кўпчилити ўзлари танлаган соҳанинг пухта билимдонлари. Шуниси муҳимки, улар бир эмас, бир неча хорижий тилларни биладилар; Ватан тарихини, маданий, маънавий бойликларимизни чуқур ўзлаштирган; ҳозирги сиёсатдан, жаҳондаги жараёнлардан хабардор. Жаҳон миқёсида фикрлай оладилар; фанларнинг замонавий техник воситалари, компютер ва интернетдан бемалол фойдалана биладилар. Яна бир муҳим жиҳат — улар фанларни шунчаки билимини ошириш, ўзларини кўрсатиб қўйиш учунгина ўзлаштирмайдилар, уларда жаҳоннинг тараққий этган мамлакатлари илмий зиёлиларига хос амалиётчилик хусусиятлари устивор; олган билими ҳаётда қанчалик зарурийлигини, бирор наф келтиришини ҳам ҳисобга олиб иш кўрувчилардир, аниқроғи, улар бўлғуси амалиётчи зиёлилардир. Ниҳоят, энг муҳими, улар мустақил, шахс сифатида шаклланган, ўз фикрига, қатъий ҳаётий мавқеига эга, бутун вужуди билан истиқлол ғояларига содиқ, истиқлолнинг чин, фидойи фарзандларидир.
Булар ўз номи билан иқтидорли ёшлар. Бунақалар бир олий ўқув юртининг бир курс талабалари орасида бир-иккита топилса топилади ёки умуман топилмайди. Бугунги аксар талабаларнинг билим даражаси, билимга интилиши, хоҳиш-иродаси масаласи, афсус, кўнгилдагидек эмас. Талабалар сафига ёт ёшларнинг кўплаб кириб қолаётгани мени таажжубга солмоқда.
Маълумки, кейинги йилларда республика ўқув юртларига талабалар қабул қилиш марказлашган ҳолда тест синовлари асосида ўтказилаётир. Бу усулни кенг жамоатчилик хуш қабул қилди, бундай тадбир бу соҳада ижтимоий адолатни тиклашда, ҳар хил ҳаром йўллар, ошна-оғайнигарчиликларни бартараф этишда муҳим хизмат қилди. Мен чорак асрдан бери асосан профессор-ўқитувчилар турадиган маҳаллада яшайман. Бир вақтлар кириш имтиқони пайтлари бу маҳаллада туриш мушкул бўлиб қоларди. Имтиҳонга алоқангиз бўлса-бўлмаса, кечаю кундуз эшигингиз олдида «илтимосчи»лар саф тортиб туришарди. Бундан безор бўлган домлалар имтиҳон мавсумида имкон қадар уйидан, маҳалласидан бош олиб чиқиб кетишга ҳаракат қиларди… Шукрки, беш йилдан бери бундай ташвишлардан халос бўлдик, шахсан бизникига «илтимосчи» келганини билмайман. Гоҳо янгича имтиҳонларга ҳам қаллобликлар аралашаётгани ҳақида узун-қулоқ гаплар қулоққа чалинади. Бўлса бордир. Лекин аксар ҳолларда янгича имтиҳон тартиби ҳалол ўтаётганига аминман. Шунга қарамай, нега талабалар сафига тасодифий кимсалар кириб қолаётир? Бошқа ихтисосликларни билмайман-у, филология сохасида бу ташвишли ҳол йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Мен ўттиз йилдан бери ТошДУ ўзбек филологияси факултети биринчи курсларида «Ҳозирги адабий жараён» фани бўйича машғулотлар олиб бораман. Ўқув йили бошидаёқ янги қабул қилинган талабаларнинг адабиётдан билим савиясини, шу соҳага тайёргарлигини, қанчалик мутаносиблигини текшириб кўришга ҳаракат қиламан. 1998 йили қабул қилинган филологлар билан суҳбатда шу нарса маълум бўлдики, қирқ чоғли талабадан «Шарқ юлдузи»ни тўрт, «Ёшлик»ни уч, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»ни олти нафари ўқиб тураркан; бирортаси ҳам «Жаҳон адабиёти» чиқаётганидан хабардор эмас. Булар-ку, майли, ўрта мактаб адабиёт дастурига киритилган энг машҳур асарлар «Улуғбек хазинаси» романини уч, «Кеча ва кундуз»ни беш, «Хамса» достонлари, «Бобурнома», «Асрга татигулик кун» асарларини бор-йўғи бир талаба ўқигани, «Қутлуғ қон» романи, «Абулфайзхон» фожиасини эса ҳеч ким ўқимагани маълум бўлди. «Хамса», «Бобурнома», «Асрга татигулик кун» билан таниш бир талаба эса олимпиада дипломи билан ўқишга кирган қиз эди. Бир-иккита талабани мустасно қилганда кейинги йилларда оғизга тушган асарларни, машҳур адибларни биладиганлари йўқ. Бундан ҳам ажабланарли жиҳати, бир гуруҳ ёшлар дастурга кирган асарлар у ёқда турсин, 11-синф дарслигидаги ўша асарлар таҳлилига бағишланган бобларни ҳам ўқишмаган. Хўш, улар қандай қилиб тест синовларидан «муваффақиятли» ўтган, юқори баллар тўплашга эришган? Суриштириш, кузатишлар шундан далолат бераётирки, абитуриентлар имтиҳонларга адабиёт дастури, дарсликлари, бевосита тавсия қилинган асарлар мутолааси асосида эмас, «Ахборотнома»даги тест саволлари бўйича репетиторлар ёрдамида тайёргарлик кўришган. Щатто айрим чаққон мутахассислар «Ахборотнома»даги саволларга махсус жавоблар кўрсаткичини тайёрлашибди. Тошкентдаги Отчопардан уларни фалон пулга сотиб олиш мумкин экан…
Адабиётдан тест саволлари бўйича ёшларни кириш имтиҳонларига тайёрлайдиган тажрибали педагог-репетиторлар билан олиб борилган суҳбатлардан яна шу нарса маълум бўлдики, абитуриентларнинг 8—10 фоизи тайёргарлик жараёнида тест саволлари моҳиятини тушунган ҳолда билимдонлик билан жавоб беришга қодирдилар. Қарийб 70—80 фоизи саволга бешта жавобдан бирини — тўғрисини ёд олиб олганлардир. Бинобарин, улар тўғри жавобни белгилай олади, бироқ нега шу жавоб тўғри, деган савол берилгудек бўлса, лом-мим деёлмайди. Шу тариқа онгли жавоб берувчилар, аросатдагилар билан баробар 70—80 фоизни ташкил этувчи «ёд олувчилар» ҳам тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафини тўлдирмоқдалар. Бунинг устига, янгича имтиҳон усули филолог-абитуриентнинг ҳиссий майлларини, сўз санъатига бўлган меҳрини, завқ-шавқини, ёзма ва оғзаки нутқ маданиятини, энг муҳими, ижодий фикрлаш иқтидорини аниқлаш имконини бермайди. Ахир, адабиётда бир саволга тўғри деб саналган жавобдан бошқачаси ҳам бўлиши мумкин-ку!
Мана энди шу йўл билан ўқишга кирган талабани филологга айлантириш, сўз санъатини севишга, бадиий асарни ўқишга ўргатишдан иборат нохуш машғулотлар бошланади. Мажбурлаш орқали баъзи нарсаларга эришасиз. Дарслар тугаб, бир илож қилиб «ўтди» баҳосини олгач, талабанинг бу борадаги фаолияти ҳам тўхтайди… Мени ана шу кўнгилсиз ҳол жуда-жуда қийнайди. Биласиз, «филология» қадим юнончада сўзга, бинобарин, сўз санъатига меҳр, шайдолик дегани. Сўзга, сўз санъатига кўнглида заррача меҳр бўлмаган, бадиий асар матни билан нотаниш ҳолда, боя айтилган йўллар билан филология факультетига кирган, олий ўқув юртида эса шоҳ асарларни муаллимнинг зўрлаши билан шунчаки баҳо олиш, имтиҳон синовлардан ўтиш учунгина ўқийдиган филолог талабадан кимлар, қанақа кадрлар чиқиши мумкин? Борингки, улар диплом олишга ҳам эришдилар, муаллим бўлиб мактабларда, коллеж ва литсейларда адабиётдан дарс ҳам бердилар. Кўнглида сўзга, сўз санъатига заррача меҳри йўқ бу қуруқ савлатлар ўқувчиларда қандай қилиб сўзга, сўз санъатига меҳр уйғотсин?! Тўғри, авваллари ҳам филология факультетларига тасодифий кимсалар кириб қолар эди. Янги тизимга ўтилгандан кейин ҳам бу нохуш ҳодиса давом этаётгани, йилдан-йилга кучайиб бораётгани бу хусусда жиддийроқ бош қотиришга ундайди. Агар бу нохуш ҳодисанинг олди олинмаса, жиддий ижтимоий иллатга айланиб кетиши турган гап. Демак, адабиёт бўйича имтиҳон усулларини такомиллаштириш лозим. Шундай қилиш керакки, мактаб дастуридаги билимларни мустақил тарзда пухта эгалламай, тавсия қилинган бадиий асарлар билан бевосита танишмай туриб, саволларга тўғри жавоб бериш имкони мутлақо бўлмасин.

— Энди айни ўша филолог талабаларга дарс берадиган, сўз санъати бўйича тадқиқотлар олиб борадиган, илмий-ижодий зиёлилар ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим… Устозимиз Озод Шарафиддинов 1998 йил ёзида республика телевидениесининг «Сурат ва сийрат» кўрсатувидаги суҳбатида ўқиган-билган кишилар билан ҳақиқий зиёли инсон орасидаги фарқ борасида куйиниб гапирди…
— Кейинги ўн йиллик давомида барча зиёлилар, хусусан бевосита ижтимоий фанлар, жумладан, адабиёшунослик соҳасида иш олиб борадиган зиёлилар ҳаётида чуқур эврилишлар содир бўлди; узоқ йиллар марксча-ленинча методологияга асосланган мафкура ва фанлар тизими остин-устин бўлиб кетди, Тасаввур қилинг: кечагина марксча мафкурани ёшлар онгига сингдириш билан машғул бўлган, шу туфайли тирикчилик ўтказган олим бугун унинг тескарисини, яъни, бу мафкуранинг яроқсизлигини тушунтиришга тўғри келмоқда… Аслида, бу ҳол инсон зоти учун мислсиз фожиа! Қизиқ, кутилган катта фожиа юз бермади. Одам боласи ҳар нарсага кўникаверар экан. Аксар домлалар янги шароитга осон мослашиб олди, янгича қарашларни қабул қилиб уни тарғиб қилиш йўлига ўтди. Тарихда не-не буюк алломалар ҳам қарашини, эътиқодини ўзгартирган. Бироқ бу жараён жиддий маънавий-руҳий изланишлар, оғриқлар билан кечган. Лоақал Толстойни эслайлик. Бизда кейинги ўн йилликда ижодий-илмий зиёлилар орасида фақат биргина шахс — Озод Шарафиддинов эътиқодини қай тарзда ўзгартиргани, ҳақида рўй-рост ёзди.
Биласизми, «янгиланган» илмий зиёлилар қонида ўз ихтиёрларига бўйсунмайдиган эски қарашларнинг қандайдир унсурлари, асоратлари барибир бўлади, буни ҳар қадамда пайқаш мумкин. Бунинг устига, ҳар қанча замонавий бўлмасин, шўро замонидан ўтган, шўроларга хизмат қилган зиёлиларнинг «тили қисиқлик» жойи бор. Янги замоннинг қўшиғини айтаётганда кўнглининг бир чеккасида «яқин ўтмишда бу хусусда нималар деган эдинг?» деган саволи уни хижолатга солиб туради. Бу ҳол ҳали бирмунча фурсат давом этса керак.
Бир нарса аниқ аён бўлдики, шўро замонида минглаб, милёнлаб зиёлилар амал қилган коммунистик мафкура уларнинг чин шахсий эътиқодига айланмаган экан. Щукмрон мафкура ва қарашни ошкора қабул қилмаганларнинг тақдири не кечгани маълум. Демак, аксар зиёлилар яшаш, жон сақлаш учун ўзлари билиб-билмай мунофиқлик кўчасига кирганлар. Бу XX асрнинг энг катта фожиаси. Шукрки, инсон зотини, зиёлини «шахси бутун»ликдан маҳрум этадиган бу хилдаги балодан халос бўлдик. Энди у қолдирган мудҳиш асоратлардан ҳоли янги шахси бутун зиёлилар авлоди етишиб келаётгани буюк тарихий ҳодисадир.
Бозор иқтисодига ўтиш мураккабликлари ҳам ижодий зиёлиларни элакдан ўтказмоқда. Щозирги арзимас маошларга қаноат қилмаган айрим зиёлилар аллақачон бошқа соҳаларга ўтиб кетди. Илм-фанда, домлачиликда ҳақиқий фидойилар қолди. Адабиёт фанларини ўқитишни тубдан янгилаш айни ўша фидойилар зиммасига тушмоқда. Биласиз, адабиёт ўқитишни янгилаш мактабларда олдинроқ бошланди.
Мен биз филолог олимларнинг бугунги кунда яққол кўзга ташланаётган яна бир ожиз жиҳатимиз ҳақида гапирмай ўтолмайман. Бундан уч йилча муқаддам вазирликдан хорижий мамлакатлардаги донгдор олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиётидан инглиз, олмон, франсуз тилларида маъруза ўқий оладиган профессорлар рўйхатини сўрашди. Ўшанда факультетда ишлайдиган ўндан ортиқ фан доктори-профессордан бирортаси қам бу рўйхатга ёзилишга журъат этолмади… 1998 йил сентябрида махсус комиссия таркибида қатнашиб Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институти фаолиятини ўрганиш-текшириш асносида менга шу нарса маълум бўлдики, институтда ишлайдиган йигирма беш нафар филолог фан докторидан бирортаси ҳам боя тилга олинган хорижий тилларда маъруза ўқий олмас эканлар. Щолбуки, бугунги фан докторлари бир вақтлар аспирантурада таълим олган, хорижий тиллар бўйича номзодлик имтиҳонлари топширган; имтиҳондан сўнг бу тилларга уларнинг иши тушмаган, шунга кўра тезда унутилган. Ўша давр тақозосига кўра рус тилини эгалласанг бўлди, бошқасига ҳожат йўқ эди. Бугун ана шу ожизлигимиз ўзимизга панд бермоқда. Аччиқ сабоқ шуки, эндиги ёш филолог тадқиқотчилар биз йўл қўйган бу хатони такрорламасинлар.

— Умарали ака, дунёда камчиликсиз инсон бўлмайди. Шунинг баробарида ҳар бир одамда уни ғурурлантириб-илҳомлантириб тургувчи яхши амалларнинг кучи яшайди. Сиз бугун қай хатоларингиздан афсусланасиз ва қилган қайси ишларингиз кўнглингизни кўтаради?
— Ўта шахсий, айни пайтда, мушкул савол бердингиз. Йўл қўйган хатоларим ўзимдан кўра Яратганга, яқинларим, дўстларим, ҳамкасабаларимга аён. Бир нарса кўнглимга таскин беради: мен бирор гуноҳ ишга онгли равишда қўл урган эмасман; оиламга, турмуш ўртогимга, фарзандларим, дўстларим, устозларимга энг кескин вазиятларда ҳам хиёнат қилмадим. Щамиша ҳаромдан ҳазар қилиб яшадим. Щеч кимга тамагирлик билан ялтоқилик қилмадим. Эҳтимол, бу нарса мен туғилиб ўсган оилавий муҳит, тарбиянинг оқибатидир. Тўғри, кафедра мудири сифатида иш юзасидан ҳамкасабаларимга айрим ҳолатларда қаттиққўллик қилгандирман, адабий бахс-мунозаралар чоғида, асарлар танқидида кимларнингдир кўнглига озор етказгандирман. Лекин мен ҳеч кимга дилимда кек сақламадим, ғанимлардан ўч олиш пайида бўлмадим. Бевосита илмий-танқидий фаолиятга келсак, бу борада афсус-надоматлар учун асослар етарли. Щозирга қадар йигирмага яқин китобларим, беш юз чоғли мақолаларим чиқибди. Ўзимча хомчўт қилиб чиқсам, уларнинг деярли тўртдан уч қисми бугун аҳамиятини йўқотибди. Бунинг боиси шундаки, ўша аҳамиятини йўқотган ишлар адабий жараёндаги ўткинчи, танқиддан тубан нарсалар хақидадир; арзимас масалалар хусусидаги баҳс мулоҳазалардир. Бугун уларнинг ҳеч кимга, ҳатто ўзимга ҳам кераги йўқ. Оллоҳ томонидан бир бор берилган умрни, ўзимга яраша қобилият-иқтидорни ўткинчи, арзимас машғулотлар учун беҳуда исроф қилганимга афсусланаман. Мен танлаган соҳа — танқидчилик ҳунари адабиётдаги яхши-ёмон ҳамма асарларни ўқиб боришни тақозо этади. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳақида ёзабериш шарт эмас эди-ку!
Биз тоталитар адабий сиёсат ҳукмрон бўлган даврда танқидчи-адабиётшунос сифатида шаклландик. Менинг ўттиз йиллик фаолиятим ўша даврда кечди. Бу сиёсатга холис хизмат қилганлардан бугун ҳеч нарса қолмади. Яхшиямки ўша сиёсат тазйиқига чап бериб, адабиётда баҳоли қудрат ижтимоий адолат учун кураш олиб борган софдил ижодкорлар, танқидчилар қуршовида, уларнинг таъсирида бўлдим. Нимаики хайрли ишлар қилган бўлсам, шу муҳит таъсири самарасидир. Озми-кўпми филология соҳасидаги кўрган-кечирганларимдан чиқадиган асосий хулоса, сабоқ шуки, танқидчи-адабиётшунос Оллоҳ берган иқтидор, сўз санъатига чексиз меҳр, шайдоликдан ташқари «шахси бутун» бўлиши шарт экан; даврнинг ўткинчи майлларига берилмай, ҳар хил тазйиқлар олдида бош эгмай, фақат чин адабиёт ҳақидаги чин ҳақиқатни кашф этиш, арзигулик гапларни айтиш пайида бўлиш даркор экан.

1998 йил октябри

09
Умарали Норматов
УЧ МАҚОЛА

БЕНАЗИР БАДИИЙ ОБИДА ЁХУД АСРЛАР ҒАМИ СИЛСИЛАСИНИНГ ИНТИҲОСИ
077

   Тоғай Мурод романлари адибнинг, қолаверса, миллий адабиётимизнинг шунчаки навбатдаги намуналари эмас. ХХ аср, аниқроғи, салкам бир аср давом этган истибдод ниҳоясида майдонга келган “Отамдан қолган далалар” билан “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романлари ўша аср ибтидосида ўлкада юз берган миллий уйғониш натижасида бошланган миллатнинг бир неча авлод асл ўғлонлари – ёрқин истеъдодлар қалбини олов бўлиб ўртаган мислсиз дард, истибдодга қарши исёну туғёнлари силсиласининг давоми, аср охиридаги интиҳоси, балки, сўнгги нидоси каби янграйди. Ҳар икки асарнинг поэтик қамрови ҳам айни истибдод даври саналари билан чегараланган.
Ғаройиб бир силсила. Агар миллий уйғониш “жарчи”ларидан бирининг шоҳ асари – биринчи ўзбек миллий романи “Ўткан кунлар” қаҳрамони чоризм босқини чоғи, илк тўқнашувда олдинги сафда туриб, қаҳрамонларча шаҳид бўлгани ҳақидаги хабар билан якунланса, “Отамдан қолган далалар” воқеалари айни шу палладан бошланиб, истибдоднинг сўнгги кунлари талвасаси тасвири билан хотималанади. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романи қаҳрамони эса истибдоднинг иккинчи палласи – шўролар салтанатининг тенгдоши. Маълумки, “Ўткан кунлар”нинг маъно-мундарижа доираси ғоят кенг, унда хилма-хил ижтимоий-маънавий, миллий ва умумбашарий муаммолар кўтарилган. Буларнинг ҳар бири асарда юксак ва бетакрор бадиий ифодаси ҳамда талқинини топган. Улар ичида, менингча, энг муҳими, юртнинг, миллатнинг тақдири, мустақиллик масаласидир. “Ўткан кунлар” романига қадар ҳам, асар ёзилган пайтда ва ундан кейин ҳам ҳеч ким ХIX асрда миллат тақдири учун ҳаёт-мамот аҳамиятига молик тарихий ҳодисаларнинг, яқин тарихимизнинг “энг кирлик, қора кунларини” – ўлканинг мустақилликдан маҳрум бўлиб мустамлакачилар олдида таслим бўлишга, муқаддас тупроғимизнинг, миллат шаънининг топталишига олиб келган омилларни Қодирийчалик теран, холис, ғоят таъсирчан таҳлил этган асар ярата олгани йўқ. Аслида, Қодирийга тинчлик бермаган, уни қўлга қалам олишга ундаган мислсиз дард ҳам айни шу нарса эди. “Ўткан кунлар”да романга хос тафаккурни таъмин этган бош омил ҳам аслида шу!
Мустамлакачилик келтирган бало-офатларни, унинг сон-саноқсиз мудҳиш оқибатларини айтиб, адо этиш қийин, уларнинг энг даҳшатлиси – миллат руҳини топтаб, ўзлик туйғусини сўндириб, одамларни мутелик, қуллик балосига мубтало этиш, ғафлат бандасига айлантиришдан иборат мудҳиш офатдир. Миллий уйғониш дарғалари – Чўлпон, Қодирийлар миллат вужудига сингдирилган мана шу иллат-офатга қарши ўт очдилар. Чўлпон шўро истибдодининг ибтидосидаёқ миллат фарзандаларига қарата мана бундай аламли саволларни ўртага ташлаган эди: “Нима учун ғазабингни уйғотмайди оғу-ўқ? Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлиқ? Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас? Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?” “Нима учун ёвларингни бир замон Йўқ қилғудек темирли ўч йўқ сенда?” “Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка, Нега сенинг бўғзингни бўғиб ётар кўланка?…”
Орадан икки йил ўтиб шоир:

Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан;
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..

дея ҳайқиради.
Чўлпондан кейин бу аламли саволни ўзгача кўринишда энг кескин қилиб қўйган улуғ шижоатли зот Абдулла Қаҳҳор бўлди. Адиб салкам қирқ йиллик ижодининг сара намуналари – ўтмишдан олиб ёзган туркум ҳикоялари, “Сароб” романи, “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси – булар бошдан-оёқ истибдод офати – мутеликка, қулликка қаши исёндан иборат эди. Адибнинг ўзи “бадиий асар” деса арзигулик деб билган илк ҳикояларидан бирини “Бошсиз одам” деб атади, сара ҳикоялари “Ўғри”, “Анор” қаҳрамонларининг номлари – Қобил бобо, Туробжон уларнинг кимлигидан далолат бериб турибди: қобил-мўмин, туроб-тупроқдек хор-хоксор кимсаларнинг қисмати ўқувчи дилини вайрон этади, адиб умри поёнида яратган “Ўтмишдан эртаклар”даги қатор персонажлар, айниқса, Бабар адиб ижодий кредосининг чўққиси – якуни бўлди. Ота-боболари катта умид билан қўйган Бобурдек табаррук номини ҳам унутиб, бетайин, маънисиз “Бабар”га айланган кимсанинг фожеий қисмати ифодаси мустамлака сиёсати мудҳиш оқибатига қарши ўқилган бадиий айбномадир. Энди бу хусусда Абдулла Қаҳҳордан ўтказиб бир нарса дейиш, ёзиш қийин, деган хаёлда юрардик. Қарангки, орадан ўттиз йил ўтиб истибдод поёнида Тоғай Мурод устоз “панжасига панжа уришга” журъат этди, бу мушкул жумбоқни қойилмақом қилиб ҳал этишга эришди.
“Отамдан қолган далалар” бош қаҳрамонининг номи қаҳҳорона тарзда исми жисмига мос – Деҳқонқул. Муаллиф роман яратилиши жараёни асносидаги ижодий-руҳий ҳолати устида тўхталиб: “Энди қоним ўз ғанимларим учун қайнамади. Йўқ, ўз ғанимларим ўз йўлида қолди. Энди қоним… оламшумул ғанимларим учун қайнади… Кўнглимда эл-юртим йўлида нимаики дардим бор – барини ушбу романимда тўкиб солдим” деб ёзади. Бу лўнда эътирофда романнинг асосий руҳи – пафоси аниқ-равшан ифодаланган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу роман Аллоҳ инъом этган энг улуғ неъмат – ҳурлигини, мустақиллигини, эркини, озодлигини бой берган, босқинчилар бўйинтурғини бўйнига илиб, истибдод исканжасида қулга айланган халқнинг аянчли ҳоли, у чеккан заҳматлар туфайли адиб дилидаги оҳ-армон, нола-фиғон, бир асрдан ортиқ давом этган империя зулми, зуғумига қарши зўр нафрат-туғён каби янграйди.
Роман марказида Деҳқонқул тақдири туради. Асар воқеалари ҳаёти, тақдири, қисмати, руҳий дунёси она ер, киндик қони тўкилган муқаддас тупроқ билан мустаҳкам боғлиқ, ўзбекнинг рамзи дегулик меҳнаткаш, заҳматкаш инсон – Деҳқонқул тилидан сўзлаб берилади. Деҳқонқул ҳикоясини ўз саргузаштларидан эмас, балки, анча наридан – бобоси Жамолиддин, отаси Сурхони Ақраб тарихидан бошлайди. Чунки Бобо ва Ота тарихини эсламай, сўзламай туриб, Деҳқонқул қисмати, характери маъно-моҳиятини англаш, англатиш қийин.
Бобо Жамолиддин – оқпошшо истилоси даврининг жонли шоҳиди. У ҳам туғма меҳнаткаш деҳқон, имон-эътиқоди бутун шахс. Меҳнат, тоат-ибодат билан баробар, юрт қайғуси ҳам унинг учун бегона эмас, ор-номус, инсонлик шаънини баланд тутади; юртининг покиза тупроғи, тиниқ оқиб турган сувлари бешарм, бераҳм келгиндилар томонидан булғанганида ўзини қўярга жой тополмайди, соддадил оломон зулмга қарши бош кўтарганда беихтиёр улар сафида туради; охири, шафқатсизлик, хўрлик, таҳқиру надоматларга тоқат қилолмай босқинчилар оёғи етмас масканларни қўмсаб, қанчалар оғир бўлмасин, туғилган юрти – гўзал Фарғонани ташлаб, бош олиб кетади…
Ота Сурхони Ақраб – қизил империя салтанатининг таркиб топиш даври гувоҳи. У – қўли гул боғбон. Шу билан баробар, ота Ақрабда ҳам она Ватан, миллий ғурур туйғуси баланд, юртнинг мустақиллиги, озодлиги деб қизил офатга қарши жангга отланади, эл-юртига, она заминига, оиласи, зурёдларига чексиз садоқатини намоён этиб, эътиқоди, матонати билан ёвларни лол қолдириб, мардона туриб жон таслим этади…
Мана энди гал Деҳқонқул таърифига келди. Деҳқонқул шўролар даврининг одами. Хўш, Деҳқонқул Ота ва Бобосидан нималарни мерос қилиб олди? “Социалистик ҳаёт тарзи” шароитида у нималарга эришди-ю, нималарни бой берди? Деҳқонқуга Ота, Бобосидан фақат меҳнаткашлик хислати ўтган, холос. Ота-боболарга хос юртсеварлик, эрксеварлик, инсоний ғурур, ўзликни англаш, қадрлаш ҳисси унда бутунлай барҳам топган. Дадил айтиш мумкинки, Деҳқонқул образи – ўзбек адабиётида жиддий бадиий кашфиёт. Деҳқонқул совет даври адабиётида завқ-шавқ билан қаламга олинган социалистик меҳнат қаҳрамонларига пародия – кескин киноя тариқасида яратилган. У – тоталитар тузум, “қизил империя” сиёсати тарбиялаб етиштирган “меҳнат кишиси”, “янги инсон” тимсоли; мустабид ҳокимият мунофиқона мафкурасининг тирик қурбони.
Деҳқонқул шўролар салтанатининг деярли тенгдоши. Ёзувчи адабиётимизда урф бўлган йўлдан бормайди, қаҳрамон тақдири орқали даврни, “социалистик жамият тарихи”ни ифодалашни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди. Ёзувчини, биринчи галда, Деҳқонқулни қул, муте қилиб шакллантирган ҳаётий омиллар, уларнинг маънавий-фожиавий оқибатлари қизиқтиради.
Деҳқонқулни, аввало, Ленин ишига, партияга, шўролар ҳукуматига, улуғ оғага ҳурмат, садоқат руҳида тарбиялашган; унга Ленинни “ота”, Крупскаяни “она” деб ўргатишган, ўлан-лапарларни эмас, “партия-совет қўшиқлари”ни тинглаб, айтиб тили чиққан, уйқудан турганда ҳам, уйқуга ётиш олдида ҳам, тўю маракаларда ҳам партия, доҳий, улуғ оғага таъзим, салом билан йўғрилган мадҳиялар қулоғига қуйилган; юрти дунёда энг озод, ҳур, тўқ-фаровон эканига, 80-йилларга бориб, коммунизмда яшашига чиппа-чин ишонтиришган… У бора-бора сўз билан амал орасидаги зиддиятни сезган, кўрган; тенгдошлари қатори ўқишни қўйиб, пахта далаларидаги, заҳарли химикатлар остидаги “ҳур меҳнат” гашти нима эканини гўдаклигидаёқ татиган, шу “шонли меҳнат”га меҳр-муҳаббат руҳида вояга етган. Салгина бўлсин, бу машаққатлардан ўзини четга олганида “босмачининг, совет тузуми душманининг ўғли” деб ҳақорат қилинган; бу хилдаги дағдағалар кўнглидаги қаршилик кўрсатиш туйғусини бутунлай сўндирган…
Шу тариқа, Деҳқонқул ўзига хос манқурт бир кимса бўлиб етишади. Бу одам фақат садоқат билан меҳнат қилишнигина билади. У деҳқончилик илмини миридан сиригача эгаллаган. Ўзи ўтқазган ҳар бир ниҳолнинг ҳоли, дарди унга аён. У ўзини ҳам, аёлини ҳам, болаларини ҳам ўйламай, аямай бетиним тер тўкади; табиат билан туташиб, табиий офатлар билан олишиб, енгиб йилма-йил мўл ҳосил етиштиради, машъал бригадирга айланади.
Аслида бунинг нимаси ёмон? Меҳнат инсонни улуғлайди, деймиз-ку! Шунчалар фидойи меҳнаткаш инсон Деҳқонқул нега кўзимизга қаҳрамон эмас, аянчли бир кимса бўлиб кўринади, ўқувчида фахр-ифтихор эмас, ўкинч-надомат, ачиниш туйғусини қўзғотади. Ҳамма гап мана шунда. У ким учун, нима учун бетиним тер тўкаётганини, ҳоли не кечаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди. У карахт бир ҳолга тушиб қолган. Теварак-атрофида, ҳаётда нималар бўлаётганлиги, ҳақ ва ноҳақ ишлар, адолатсизликлар, яқин кишилари, аёли, фарзандлари ҳол-аҳволи уни мутлақо қизиқтирмайди. Идеологиянинг қип-қизил мунофиқона ёлғонларига асло парво қилмайди, беъмани кўрсатмаларига қаршилик кўрсатмайди, кўрсатолмайди; мунофиқ қаламкашларнинг дала шунқорлари ҳақидаги мунофиқона очерки ҳам, москвалик киночиларнинг машъал бригада ҳаётига бағишланган бошдан-оёқ ёлғонга қурилган картинаси ҳам уни ажаблантирмайди, аксинча, картинадаги сохта ролни ижодчилар айтгандай қилиб ҳеч қийналмай ижро этиб беради. Ўзининг, ҳамқишлоқларининг ўта ночор аянчли турмушларини кўриб, билиб туриб “Мунча ширин экан бу Совет даврони, Мамнун яшар ҳар инсон – йўқдир армони” сингари тутуриқсиз қўшиқларни бепарво тинглайверади. Машъал бригадир бўла туриб, қўли қисқалигидан, мотоцикл олишга қурби етмаганидан, аёлининг оддий сўровларини бажо келтиролмаётганидан, бугина эмас, қозони гўшт кўрмаётгани, болалари тўйиб овқат емаётганлигидан изтиробга тушмайди. Марказга, кўрик-кенгашга ижарага олинган кийимларни кийиб боришдан ор қилмайди. Кенгашдаги иштироки ҳам маълум – тўрига қараб ўтиради, тўридагилар чапак чалса, у ҳам чапак чалади, тўридагилар оёққа турса, у ҳам оёққа туради…
Тўғри, унда ҳам гоҳи ота-бобосидан қолган ғурур андак уч беради; бироқ у шаҳарга бориб, тўр шляпа билан бахмал сўзана сотиб олишу, телбаларча бахмал сўзанани шартта йиртиб, оёғига пайтава қилиб ўраш, телеэкранда кўринган Америка президентига бошидаги шляпасини олиб силташдан нарига ўтмайди. Бу қўли очиқ, меҳмондўст, танти ўзбек емай, ичмай топганини меҳмонга қўяди, меҳмони оёғи остига қўй сўйиб керилади, аммо меҳмонлар учун олиб келган икки дона хурмони деб ўғилчасини уриб, оғзи-бурнини қонга белайди.
Хўш, бу хилдаги телбаларча тантилик, саховат, қулларча эрксиз меҳнат, шўроларга садоқат, маънавий карахтлик, қарамлик, мутелик туфайли у нималарга эришди?! Оддий орзулари ушалмаган вафодор аёли турмуш ситамлари, машаққатларидан тўйиб жонига қасд қилади, ўзига ўт қўяди, тўйиб овқат емай оёққа турган ўғлонлари (ўғлонларидан бирининг исми Қулмат!) очофат, муте, ногирон-дардман бўлиб етишмоқда; ўзи эса ҳалол, фидокорона меҳнатлари эвазига “юлғич”, “порахўр” деб айбланиб, қамоққа олинади, айтиб адо бўлмас, тилга олиб бўлмас қийноқ, хўрликларга гирифтор этилади, уни ўз тезагини ейишга мажбур этадилар, эркаклик шаънини топтайдилар… Бу шўрлик банда шу даражага бориб етганки, уни қамоққа олиб кетаётганларида ҳам даладаги ишини, пахта теримини ўйлайди; қамоқдаги азоб-уқубатлар пайтида ҳам “ленинча адолат”га умид боғлайди, шунча хўрликдан кейин ҳам даласига, меҳнат қучоғига қайтиш хаёли билан нафас олади.
Қисқаси, Деҳқонқул қисмати, карахт ҳолати, муте табиати тасвири – “қизил империя” сиёсати, “социалистик ҳаёт тарзи” миллатни, миллий туйғу, қадриятларни топташга қаратилган, чиройли шиорларга ўралган, аслида геноциддан иборат мунофиқона коммунистик мафкура устидан чиқарилган зўр айбномадир. Мустақиллигини йўқотган халқ, ўзлигидан, қадриятларидан узоқлашган, фикрлашдан тўхтаган муте, итоаткор кимсанинг, охир-оқибат, келадиган манзили шу! Ёзувчи Деҳқонқул қисмати орқали шу фикр-ғояни ўқувчини ларзага солар бир тарзда ифода этган.
Бу романнинг бетакрор ифода тарзи, тили, тасвир оҳанги, образлар тизими жиддий тадқиқотлар, хилма-хил ёндашув ва талқинлар учун озиқ беради. Юқоридаги мулоҳазалардан кўриниб турибдики, унда янги адабиётимизнинг салкам бир асрлик тажрибалари билан туташадиган ришталар, жўшқин мотивлар, анъанавий реализмнинг “қони-жони” саналмиш ижтимоий таҳлил устувор; айни пайтда, романнинг ифода тарзида халқ оғзаки ижоди, достончилик анъаналарига эш жиҳатлар ҳам бисёр. Шулар билан баробар, шахс қисмати талқинида, персонажлар руҳияти таҳлилида замонавий жаҳон адабиётига хос бир талай тамойиллар – абсурд ва экзистенциализм, онг оқимига хос хусусиятларни ҳам кузатиш мумкин.

* * *

Тоғай Мурод галдаги романи “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” асарида шўро салтанати йиллари шаклланган, шакллантирилган одамлардаги шўровий эътиқод фожиасининг бошқа бир кўринишини қаламга олади. “Отамдан қолган далалар” қаҳрамони, юқорида таъкидланганидек, ўз номи билан қул, муте, итоаткор бандаи ожиз. У билиб-билмай шу йўлга кирган. Фидокорона меҳнатда ўтган, ўтаётган умри, хатти-ҳаракатлари маънисиз – абсурддан иборат эканини англаб етишга қодир эмас. Унинг фожиаси шунда. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романидаги Ботир фирқа эса исми жисмига мос: ҳам ботирлиги бор, ҳам оқ-қорани танийдиган шахс, фирқа одами, раҳбар ходим. Ҳамма нарсага ақли етади. Ўзи қилаётган, амалга ошираётган ишларнинг кўпи бемаъни, ножўя эканини билади, билиб туриб, вазият тақозоси, ўз даври арбоби сифатида арбоблик бурчи, қолаверса, “ўрганган кўнгил” шеваси туфайли тузум сиёсатини амалга оширишда собит турган, бу йўлда ҳеч кимни, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам аямаган. Бу тур образлар кўп миллатли шўро адабиётида Сталин вафотидан кейин пайдо бўла бошлаган, хусусан, шу йўналишдаги Ч. Айтматовнинг “Алвидо, Гулсари”, “Асрга татигулик кун” романлари катта довруғ қозонган эди. Миллий адабиётимизда О. Ёқубовнинг “Диёнат”, “Оққушлар, оппоқ қушлар”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”, яна бир талай роман ва қиссаларда Айтматов қаҳрамонларига маънодош персонажлар қад ростлади. Улар силсиласида Тоғай Мурод кашф этган Ботир фирқа алоҳида ажралиб туради.
Фарқли жиҳати шундаки, аввалги эътиқод қурбонлари саналмиш қаҳрамонлар жараён ҳали давом этаётган давр маҳсули эдилар. Тоғай Мурод қаҳрамони эса асрий силсила поёнига етган вазият одами; унинг ижодкори мустабид тузум вайроналари устида туриб, сохта эътиқод эгасининг умр йўлини, табиати ва руҳиятидаги эврилишларни таҳлил ҳамда тадқиқ этади. Ботир фирқага узоқ умр насиб этди, у ҳам “Отамдан қолган далалар” қаҳрамони каби ХХ аср тенгдоши. Аср охирига келиб, у амал қилган эътиқодлар сароб бўлиб чиқди, ўз қўли билан яратган ҳайбатли “қоя”лар бирин-кетин қулай бошлади. Айни шу паллада унинг қисматида, руҳиятида кечган жараёнларни муаллиф ўзига хос трагикомик тарзда фавқулодда бир маҳорат билан ифодалайди. Шуниси муҳимки, Ботир фирқа бир думалаб осонгина янги замон кишиси – бозор даври одамига айланиб қоладиганлар хилидан эмас. Даврнинг тезкор, шафқатсиз ўзгаришларини у ғоят қийинчилик билан қарши олади. Бунинг учун муаллиф уни ошкора қоралаш, масхаралаш, фош этиш йўлидан бормайди; қаҳрамонни бир тирик инсон сифатида тушуниб, унга ҳам осон эмаслигини, унинг ташвишларида муайян асослар ҳам борлигини, бир тизимдан иккинчи бир тизимга ўтиш чоғи жамиятдаги янгиланишларнинг ўзи кўп қийинчилик, зиддиятлар ичида кечаётганлигини дил-дилдан ҳис этиб қалам тебратади; муаллифнинг сеҳрли қалами остидан қад ростлаган бу ғаройиб осий бандаи ожиз бизга замондош тирик инсон сифатида бор феъл-атвори, дарди-дунёси билан кўз олдингизда “мана – мен” деб туради.
Замонавий руҳшунослик таълимотларидан яхши хабардор адиб қаҳрамон руҳияти таҳлили чоғи онгли ва онгсиз – онг ости жараёнларини ғоят нозик илғайди ва уларни китобхонга назокат билан етказади. Ботир фирқа бутун вужуди билан фирқа, коммунистик эътиқод одами бўлса-да, қалби тубида чин инсоний, миллий, умумбашарий, қолаверса, исломий туйғулар ҳам пинҳона маскан тутган. Пайти келганда улар юзага қалқиб чиқади, ўша машъум замонларда уни имконият доирасида амал қилган эътиқодига зид савоб ишларни ҳам адо этишга ундайди. Қалб тубидаги шу ноёб туйғу бу ғаройиб табиат кимсани бугунги мушкул, чигал руҳий қийноқлар гирдобидан чиқишида бирдан-бир нажот “калит”и вазифасини ўтайди.
Шу тариқа, шоир ибораси билан айтганда, асрлар ғамини сўйлаган бир-бирига туташ бу икки роман яхлит ҳолда миллат ва миллий адабиётимиз тарихидаги туб бурилиш палласи – истибдод интиҳоси ва истиқлолнинг бошланиши даврида сўз сеҳри орқали қад ростлаган беназир бадиий обидадир.

ЯҚИН КЕЧМИШНИНГ ҲАЛОЛ ВА ТЕРАН БАДИИЙ ТАҲЛИЛИ
(Мурод Муҳаммад Дўст ижодига бир назар)
077

Ўтган аср 70-йилларининг бошлари. Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасининг шундоққина биқинида домлалар учун қурилган бинода оиламиз билан турамиз. Ўша кезлари хонадонимиз бамисоли университет аудиториясининг филиалига айланган эди. Турли муаммолар бўйича бизникига ташриф буюрадиган талабаларнинг кети узилмасди. Айниқса, ижодкор ёшлар билан хонадонимизда кечган мароқли гурунгларни бугун орзиқиб эслайман. Тоғай Муроддай ёрқин истеъдодни шундай гурунгларнинг бирида ўзим учун “кашф” этганман. Ўша кезлари яна бир ўзига хос истеъдод соҳиби Мурод Муҳаммад Дўст билан айни шу кулбамизда танишганман.

Узун бўйли, озғин, ўйчан қоп-қора кўзлари чақнаб, юзида аллақандай киноя аралаш ним табассум уфуриб турган бу талаба йигитнинг гап-сўзлари ҳам чеҳрасига мос аллақандай ёқимли киноявий оҳанг билан йўғрилган эди. У филолог эмас, университетда фалсафа ихтисослиги бўйича таълим оларди. Дастлабки суҳбатдаёқ унинг билим, қизиқиш доирасининг кенглиги мени лол қолдирди. Ғарб фалсафаси, руҳшунослиги, тасвирий санъат, мусиқа, архитектура, адабиёт ва санъатдаги янги жараёнлар ҳақида рус тилида чиққан сон-саноқсиз китоблар, машҳур куйлар ёзилган грампластинкалар шайдоси экан бу йигит. Ётоқхонасига сиғдиролмаган китобу грампластинкаларини бизникида сақлайдиган бўлди. Ўз навбатида, мен ҳам улардан баҳраманд бўлиб турардим. Кўп ўтмай, бу йигит ижодий машқлар ҳам қилиб туришини сезиб қолдим. Илтимосимга кўра “Қайдасан, қувонч садоси” деб номланган каттагина ҳикоясини ўқишга берди. Ўқиб, қувониб кетдим. Аллақачон ҳаваскорлик босқичидан ўтган, тап-тайёр профессионал ёзувчининг асари! Орадан кўп ўтмай ҳикоя босилди. Ҳаттоки Ёзувчилар уюшмасида мазкур ҳикоя муҳокамасига бағишланган адабий анжуман ўтказилди. Одил Ёқубов, Озод Шарафиддиновдек таниқли ёзувчи, мунаққидлар у ҳақида илиқ гаплар айтди.

Бу анжуман, менимча, ёш ёзувчи ижодий тақдирида чуқур из қолдирди, балки, бурилиш ясади. Донгдор композитор ҳаёти ва ижодини теран ўрганиб, билиб, ҳис этиб қалам тебратган ёш қаламкаш асарига тасаннолар айтиш билан баробар, жиддий бир эътироз, аниқроғи, истак ҳам билдирилди. Жумладан, устоз Озод ака “Ғарбнинг машҳур кишилари ҳақида ғарблик ижодкорлар қойилмақом қилиб ёзишган. Муроднинг ҳикояси ўша асарлар билан бўйлаша оладиган даражада. Бу – яхши. Энди укамиз ўз одамларимиз ҳақида ёзиб, уларни Ғарб, балки, жаҳонга танитиш йўлидан борса, яна ҳам савоброқ иш қилган бўларди…” деди. Бу фикрни бошқалар, жумладан, Одил Ёқубов ҳам қўллаб-қувватлади. Ёш ёзувчи анжуманда бу хусусда ҳеч нарса демади. Аммо шундан кейин у ижодда миллий заминга кескин юз ўгирди. Бирин-кетин “Дашту далаларда”, “Бир тойчоқнинг хуни” каби ҳикоялари, “Мустафо”, “Истеъфо”, “Галатепага қайтиш” сингари қиссалари эълон этилди. Бу асарларнинг қаҳрамонлари ўзи учун қадрдон маскан – киндик қони тўкилган юрт – Самарқанд вилоятига қарашли Жом қишлоғи одамлари. Бу юртни ёзувчи асарларида “Галатепа” деган чиройли адабий ном билан атайди. Бунинг боиси шуки, муаллиф туғилиб ўсган қишлоғи ҳақида ҳужжатли асар – очерклар туркуми ёзмоқчи эмас эди, балки ўша қадрдон масканда туриб таниш манзаралар, чеҳралар воситасида ўша кезлардаги миллат ҳаёти, ҳолати, руҳиятида кечаётган жараён – эврилишларни, шахсан ўзини қийнаётган ўй-кечинмаларни ифода этишга чоғланади ва бу эзгу ниятига эришади ҳам. Қисса ва ҳикоялар саҳифаларидан қад ростлаган Мустафо, Ғуччи чол, Болта қассоб, Ибодулло Махсум, Пиримқул Молия, Эломонов, Бинафшахон, Полвон, Хадича, Тошпўлат Ғайбаров, Раим оқсоқол каби персонажлар худди тирик одамлар каби “адабий аҳоли” сафидан ўрин олди. Муайян сабабларга кўра, адабиёт реал ҳаётдан узоқлашиб қолган, соцреализм талаблари асосида яратилган “совет кишиси” образлари ижобий қаҳрамон эталонига айлантирилган бир паллада бир қатор янги авлод ёзувчиларининг китобийликдан юз ўгириб, мавзу ва қаҳрамонлар танлашда реал ҳаётнинг ўзига қайтиши, бунда ҳаттоки ўзига таниш маскан қучоғига кириб бориши миллий адабиётимиз ривожида ўзига хос ҳодисага айланди. Мурод Муҳаммад Дўстдан олдинроқ ижод бўстонида кўринган Шукур Холмирзаев ўзи туғилиб ўсган Бойсун колоритини адабиётга олиб кирди, Муроджоннинг тенгдоши Тоғай Мурод қиссаларида қаламга олинган воқеа-ҳодисалар ёш ёзувчи она юрти Денов, аниқроғи, Хўжасоат қишлоғи ва унинг атрофида юз беради. Муроддан кейинроқ ижодини бошлаган бойсунлик Эркин Аъзам, паркентлик Хайриддин Султоновларнинг илк қадамларида ҳам айни шу ҳолни кузатиш мумкин.

Тенгдоши Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади, “Ойдинда юрган одамлар” қиссаларидаги каби Муроджоннинг қатор қисса ва ҳикоялари, чунончи, “Дашту далаларда” персонажлари адабиётимизда чиндан-да янгилик бўлди. Уларда сиз урфга айланган қаҳрамонларга хос “типик” хусусиятларни кўрмайсиз. Бир қарашда улар “ҳаёт оқимидан ортда қолган” оми, дағал, кўримсиз кимсалар. Бироқ тенгдошлари каби Муроджон ана шу оддий, жўн, балки, қўпол, дағалтабиат одамлар феъл-атвори, қалбидаги нурли жиҳатларни, юксак маънавий бисотни, ўтда куймайдиган, сувда чўкмайдиган оташин севги туйғуларини кўрсатишга, аниқроғи, тараннум этишга эришади. Ўша кезлари айни шундай ҳодиса бошқа қардош халқлар, жумладан, рус адабиётида ҳам содир бўлаётган эди, айниқса, рус адабиётидаги “қишлоқ прозаси” деб ном олган адабий ҳодиса, жумладан, В.Шукшин қаламига мансуб “чудик”лар – ғаройибтабиат одамлар образи туфайли “коммунистик ахлоқ кодекси” асосида ясалган “қаҳрамонлар”нинг “довруғи”га дарз кетди. Айни шундай миссияни бизда юқорида тилга олинган носирларимиз, жумладан, Мурод Муҳаммад Дўст адо этиш шарафига муяссар бўлди.

Адабий жараён бир ерда депсиниб туролмайди, узлуксиз ҳаракатда, ўзгаришда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб, янгиланиб бораётган жаҳон адабиёти билан ҳамқадам бўлолмаган адиб миллий адабиётда ҳам ўз ўрнини тополмайди. Буни теран англаган Муроджон адабий билим ва малакасини янада ошириш ниятида Москвадаги Адабиёт институтида таълим олди, бу ердаги адабий муҳит унинг ижодий кредосига талай “таҳрир”лар киритди. Шундан кейин яратган асарларида, айниқса, “Галатепага қайтиш” қиссаси ва “Лолазор” романида ёзувчининг ижодий тафаккур доираси янги кўлам касб этганлигининг шоҳиди бўлдик.

Бу икки асарда ҳам муаллиф аввалги ҳикоя ва қиссаларидаги каби миллий заминда қатъий туради, аммо персонажлар доираси хийла кенгаяди, оддий, камсуқум қишлоқ одамлари билан баробар, қишлоқдан чиқиб, шаҳар кўрган, бинобарин, дунё таниган турфа кишилар – олим, раҳбар ходим, шоир-ёзувчи, спортчи, алпинист ва ҳоказолар орасидаги мулоқотлар, баҳсу мунозаралар, уларнинг дарду дунёси, кўнглидаги армону ўкинчлар билан танишамиз. Хилма-хил, турфа одамлар қисмати, табиати, руҳияти ифодаси бадиий талқинида энди биз миллий анъаналар билан баробар, жаҳон янги адабиёти тажрибалари, экзистенциализм, абсурд, онг оқими каби характерли адабий-бадиий тамойилларнинг кўринишлари гувоҳи бўламиз.

“Лолазор”да кўлам янада кенгаяди. Макон Галатепа доирасидан чиқиб кенг миқёс касб этади. Масъул раҳбар ва унга яқин турган қаламкаш асарнинг етакчи қаҳрамонлари қилиб олинади. Бу икки қадрдон ошна ва улар қаторидаги ўнлаб персонажлар қисмати, табиати, руҳияти ифодаси орқали бутун бир жамият, тузумнинг инқирози бадиий таҳлил ва талқин этилади.

“Лолазор” енгил ўқиладиган, осон уқиладиган асарлар хилидан эмас. Роман тафаккур тарзи, тил, ифода, услуб, усуллар жиҳатидан замонавий жаҳон адабиётидаги етакчи йўналишларга мансуб эканлигини, романдаги тасвирнинг полифоник сержило хусусиятини эслатиш билан баробар, унда тақлидчиликдан асар ҳам йўқлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Муаллиф Ғарб тажрибасини ўзбекона миллий руҳ, бетакрор ўзбекона оҳанг билан қойилмақом қилиб уйғунлаштира олган.

Шуниси қизиқки, бир қарашда асар анчаин содда тилда ёзилгандек, характер ва ҳодисалар хийла одми – жўн бир йўсинда лоқайдроқ тарзда ифода этилаётгандай туюлади. Аммо мана шу жўнлик замирида ўта жиддийлик, гўллик қобиғида эса қувлик, теран маънодорлик бор; ҳушёр китобхон лоқайд бўлиб туюлган нигоҳ, ҳикоя тарзи замиридаги ёзувчининг позициясини, ҳодисаларга аниқ-равшан муносабати, баҳосини сезиб, ҳис этиб туради. Муаллиф қиссада Шарқ адабиётида кенг тарқалган “тажоҳилул- орифон” деб аталган билиб-билмасликка олиш, содда қувлик, донишмандлик усулини ижодий ривожлантириб, романнинг етакчи услуби даражасига кўтаради. Айни шу услуб, усул тақозо этадиган истеҳзо, киноя, кесатиқ, пичинг, нозик қочириқлар асарга халқчил миллий руҳ, ўзига хос жозиба бахш этади. Энг муҳими, бундай усул-услуб орқали ёзувчи романга асос қилиб олинган ҳаётий ҳодисалар, муаммолар, одамлар табиати, қисмати моҳиятини бетакрор тарзда чуқур, ҳаққоний очишга, уларни бутун мураккаблиги, зиддиятлари, мусбат ва манфий томонлари билан кўрсатишга эришади. Ёзувчи услубининг яна бир жиҳати шундаки, асар бошдан-оёқ баҳс-мунозара тарзида битилган. Ёзувчи гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона персонажлар билан баҳсга киришади; асардаги персонажлараро тортишувлар фақат улар орасидаги конфликт-зиддият ифодасигина бўлиб қолмай, уларни муаллифнинг ҳодисаларга хилма-хил томондан ёндашуви, баҳс-мунозаралари изҳори деб ҳам айтавериш мумкин.

Роман марказида, юқорида айтиб ўтилганидек, икки қадрдон дўст – республиканинг масъул раҳбари Ошно, шу ошно паноҳида, мададида “донгдор” ёзувчи даражасига кўтарилган, аслида ўртамиёна қаламкаш Назар Яхшибоев тақдири ётади. Муаллиф замонавий романчиликда кенг қўлланаётган ретроспектив усулга таяниб, персонажлардан бири – ёзувчи Назар Яхшибоев умрининг сўнгги, касалхонада кечган бир неча кунларини гўё сарҳисоб палласи тарзида олиб, шу нуқтада туриб узоқ йиллик босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлайди. Бу одам умр йўлида жуда кўп кишиларга дуч келган, улар билан ҳар хил муаммолар бўйича мулоқотда бўлган; аммо унинг тақдирида чуқур из қолдирган, бутун онгли ҳаётига эш бўлиб юрган зот бу – Ошно. Ёзувчи ҳаётидаги барча хуш ва нохуш ҳодисалар, зафарлар, йўқотишлар, хато ва адашишлар, кўргилик ва аччиқ сабоқлар – барчаси шу одам билан алоқадор. Роман муаллифи бу икки шахс умр йўлини, аввало, Назар Яхшибоев нигоҳи орқали ифода этади. Аммо муаллиф бу билан чекланмайди. Агар шу билан чекланганда, эҳтимол, ёзувчи бу икки мураккаб шахс, улар тақдирига алоқадор ҳодисалар ҳақидаги тўла ҳақиқатга эришолмаган бўларди. Буни сезган муаллиф романга яна бир муҳим фигурани олиб киради – асарда тақдир тақозоси туфайли бу одамга яқинлашиб, унинг таъсирига тушиб қолган, аслида зўр истеъдод эгаси, соҳибдил, ҳақиқатгўй адиб Саидқул Мардонов отлиқ шахс пайдо бўлади. Саидқул Назар Яхшибоев ҳақида қисса ёзмоқчи. У Яхшибоевнинг ҳаёт йўли, дўсти Ошно ҳақидаги кўрган-билганларини сўзлайди, йўл-йўлакай ўз ҳаётини ҳам ҳикоя қилади… Шу тариқа асарда марказий фигуралар – Ошно ва Яхшибоевларга нисбатан бошқа бир нигоҳ – қараш, уларни янги томондан баҳолаш, очиш имконияти вужудга келади. Муаллиф воқеаларни гоҳ бемор – Яхшибоев, гоҳ қиссанавис – Мардонов нигоҳи орқали беради; ҳодисаларнинг шу тарзда икки хил табиатли, икки хил маслакли ёзувчи орқали ифода этилиши асарга ўзига хос баҳс, тасвирга эса полифоник хусусият, сержило маъно бахш этади. Роман етук реализмга хос хусусиятлари – муаллиф ҳодисаларни, одамлар тақдири, характерини, ҳаттоки яқин ўтмишда энг жиддий хатолар, жиноятлар қилиш даражасига бориб етган кимсаларни ҳам тарихий муҳит фарзанди, тирик инсон сифатида тушуниб, қалам тебратгани билан ғоят қимматлидир. Зотан, ҳақиқий реалист ёзувчининг вазифаси, А. Чехов айтганидек, гуноҳкор одамни нуқул айблаш, таъқиб қилиш эмас, аксинча, ҳаттоки гуноҳкор кимса ёнини олиб, у йўл қўйган хатолар, табиатидаги қусурлар, қабоҳатлар асоси, илдизи, сабабларини таҳлил этиб бериш, инсон жумбоғини ечишга уринишдан иборатдир.

“Лолазор” муаллифи яқин кечмишга катта масъулият билан ҳалол ёндашади, айни шу масалада конъюктура мақсадларини кўзлаб, ҳар мақомга йўрғалайверадиган, калтабин, мунофиқ кимсалар билан ошкора мунозаралар олиб боради. Узоқ йиллар Назар Яхшибоев билан мулоқотда бўлган, уни яқиндан билган, ундан гоҳ яхшиликлар кўрган, гоҳ ранжиган ҳақгўй адиб Саидқул Мардонов пировардида ўз виждонини сўроққа тутади:

“АГАРДА ЯХШИБОЕВНИНГ ЎРНИДА МЕН ЎЗИМ БЎЛГАНИМДА-ЧИ?
АГАРДА МЕН ЎЗИМ ОШНОГА ОШНО БЎЛГАНИМДА-ЧИ? ЎШАНДА НЕ БЎЛАРДИ?

Бу саволларга нима деб жавоб беришни билмайман. Ишонолмайман ўзимга. Шубҳам мўл менинг. Замонлар ўзгача эди. Қутқу деганлари ҳам ғоят улуғ эдики, Ошнога ошно бўлсам, олиймақом рағбатлар олсам, мен ўзимнинг ҳам Яхшибоевга айланишим муқаррар бўлиб туюлади.

Ҳар хил ошнолару яхшибоевларга қарши ўз вақтида билак шимариб кескин курашганмиз, деб томоқ йиртаётган ва недир янги садақалардан умидвор бўлаётган тенгдошларимдан фарқли ўлароқ, мен ўзимнинг ўша кезларда ҳам, бугун ҳам жуда ожиз эканимни сезаман”.

Бу ҳалол ва мард одамнинг, чин реалист адибнинг эътирофи! Романнинг “Охириги боб”ида кичик, аммо характерли бир лавҳа бор. Қиссанавис Саидқулнинг орадан йиллар ўтиб, бир вақтлар катта довруғ таратган, бугунги кунда эса сири фош бўлиб, қамоқда ётган донгдор раис Тўпори юртига йўли тушади, Тўпорининг тус жияни кабобпаз Неъматжонга дуч келади; жиян ҳеч тап тортмай Тўпори қисмати ҳақида қувонч билан гапиради, “Илоннинг боши янчилди, домлажон!” дея суюнчи олмоқчи бўлади. “Билмай юраверган эканмиз, қилган қилғилиғини мен айтмай, сиз эшитманг!..” деб дийдиёсини бошлайди. Саидқул лол бўлиб қолади, чунки илк бор бу ерга келганида Неъматжоннинг Тўпори тўғрисидаги гапи, талқини ўзгача эди: “икки гапнинг бирида зикр этардики, “каттамизнинг қамрови кенг, ғайрати улуғ, бу кишига битта колхоз торлик қилади, бу кишига бутун бир республикани ҳам ишониб топширса бўлади!..”

Муаллиф ёзганидек, вақтида жўр бўлиб, кейин четга чиқиб туриш осон. Вақтида жўр бўлиб, вазият ўзгаргандан кейин бутунлай бошқа томонга ўтиб олиш эса ҳаммасидан ёмон. Ёзувчи ўзини, ўз бисотини тафтиш қилишга ўтади: “Тўпорининг ёнида бунақа неъматжонлар жуда кўп бўлган. Ундан ирганишга иргандим-у, лекин аслида ўзимнинг ҳам ундан беҳроқ эмаслигимни англадим. Тўпорини яратган ким ўзи?! Наҳотки неъматжонларнинг бу ишга қурби етса! Йўқ, Тўпорини биз сўзамоллар яратдик, Яхшибоев, мен… Бошқалар ҳам қараб тургани йўқ. Мақтадик, мақтайвердик, юксакларга опчиқиб, ўзимиз пастда қолиб, пировард унинг соясига сиғинадиган бўлдик…

Ичимда аччиқ кулги уйғонди…”.

Мана шу аччиқ кулги, истеҳзо, йўл қўйилган хатолар учун ҳам оммавий, ҳам шахсий жавобгарлик, уят, иқрорлик ҳисси – роман реализмининг туб негизини ташкил этади.

“Лолазор” романи яна бир жиҳатдан характерли. 80-йилларда адабиётда “гап айтиш”, “проблема кўтариш”га мойиллик кучайиши муносабати билан қуруқ гапбозлик, проблемабозликдан иборат асарлар кўпайиб кетди. Адабий асар оддий публицистика, проблематик мақола ҳолига тушиб қолди. Адабиёт, биринчи навбатда, инсоншунослик, характершунослик эканини унутмаслик даркор. Ҳар қандай ўткинчи ижтимоий муаммо, катта гап – фалсафа асарда бевосита инсон характери, тақдири таҳлилидан табиий равишда келиб чиқмас экан, ҳаёт ҳақиқати бадиий ҳақиқатга айланмайди. Уни чинакам бадиий асар деб аташ маҳол. “Лолазор” муаллифи ҳаммадан бурун инсоншунос-характершунос тарзида иш кўради; ёзувчининг ўша пайтга қадар бу борада тўплаган ижодий тажрибалари, хусусан, “Галатепага қайтиш”, “Истеъфо” қиссаларида қўлга киритган ютуқлари романда қўл келган, янада сайқал топган; асарни ўқиётганда Ошнони ҳам, Назар Яхшибоевни ҳам, Саидқул Мардоновни ҳам, етакчи персонажлардан ташқари, ғаройиб табиатли Тўпори, терс, аммо мард, самимий йигит Абдужаббор, индамас, олижаноб аёл Олия, бадантарбиячи аёл Анбар, Симхо, Робия, Қурбоной, Шариф, Валломат, Александр Шойимардонович, Мойра, Муяссархон, яна ўнлаб персонажлар, асарда кенг ва оз ўрин олишига қарамай, тирик инсон сифатида бетакрор хусусиятлари билан шундоққина кўз олдимизда гавдаланади; улар шунчаки индивидуал образ – бетакрор характер бўлиш баробарида, концептуал хусусиятга эга, муайян ижтимоий ҳодиса моҳиятини очишга хизмат этадилар.

Ёзувчининг энг катта хизмати – Яхшибоев ҳаёти маъноси, умр сабоқлари, яхшибоевчилик моҳиятини чуқур таҳлил этиб берганидадир. Дадил айтиш мумкинки, Яхшибоев асарда давр типи даражасига кўтарилган. Боя айтилганидек, бу одам – мураккаб шахс; қалби эзгу туйғулардан холи эмас, ёзувчи сифатида ўзининг нимага қодирлигини, ожиз томонларини ҳам билади, ўзгаларга, муҳтожларга мурувват, ҳиммат қўлини чўзишга ҳам тайёр, дўстларга содиқ, кўп ҳолларда ҳақиқатга тик қарайди, ҳақ гапни айтишга, ёзишга интилади… У Ватан учун жанг қилган, Ватан топшириқларини баҳоли қудрат бажо келтиришга уринган. Бу одам, эҳтимол, бошқа бир шароитда, фавқулодда “омад” кулиб боқмаганда, балки, қурби, иқтидори етганича меҳнат қилиб, ҳалол ижод этиб, шу камтарона меҳнати самараси билан ҳаётда ўзига яраша ўрин, чин обрў топган бўларди. Аммо вазият ўзгача бўлиб чиқди, тақдир уни бениҳоя “сийлади”, иқтидори, меҳнатидан кўра юқори обрў-эътиборга, катта имкониятларга эришди. Унинг яқин дўсти Ошно юртнинг масъул раҳбари даражасига кўтарилгач, унинг соясида, мададида патриарх – “Ота ёзувчи”га айланади; бошда у қалб амрига бўйсуниб шаккоклик қилиб ҳам кўради, ҳақ гапни айтишга чоғланади, аммо бу иш Ошнога маъқул тушмайди, замона зайлига зид бўлиб чиқади, шаккокликнинг андак жабрини ҳам татийди. Сўнг у Ошно раъйига, замона зайлига қараб иш кўрадиган, катталар рухсатини олиб, ҳақиқатни айтадиган, ёзадиган бўлади. Бора-бора Ошно раъйига, замона зайлига қараб иш кўрган бу аллома ижодда, бинобарин, ҳаётда боши берк кўчага кира бошлайди. Бир вақтлар эзгу туйғулардан, олижаноб мақсадлардан, қалби саховатлардан холи бўлмаган Ошнонинг ўзи ҳам бора-бора нохуш бир оқимга тушиб олиб, шу оқим бошида туриб бутун бир халқ ҳаётини танг аҳволга солиб қўя бошлайди.

Тўғри, Ошно бир ўзи юртни шу даражага олиб бориши мумкин эмас эди; у бутун мамлакатдаги вазият, ижтимоий-маънавий иқлим, марказдаги бош таянчи, илҳомчиси, йўлбошчиси Катта Пахтакор таъсири, рағбати остида шу ишларни қилади, авом, жумладан, яхшибоевлар эса унга бор ҳақиқатни айтишга журъат этолмайди, аксинча, ҳар боб билан ҳурматли арбобнинг ҳурматини жойига қўйиш пайида бўладилар. Ошно ўйлаган режалар бир рўё, унинг ташаббуси, мадади билан кўтарилган қаҳрамонлар сохта қоғоз гуллар, жиноятчилар бўлиб чиқади. У туғилган юртига бир ариқ сув чиқариб бермоқчи эди, шунча йиллар ўтиб, қишлоқ сувсиз қолди; бутун юртни лолазорга айлантирмоқчи эди, юрт эса харобазорга айланди…

Назар Яхшибоев умри охирида шу фожиаларнинг ҳаммасини ўз кўзи билан кўриб, бу ишларда ўзининг ҳам ҳиссаси борлигини ҳис этиб эзилади, қоврилади. Худди Ошно каби ўзининг ҳам қисмати танг – умр йўлдоши худбин, беоқибат; фарзандлари бемеҳр, бемаслак; умрининг сўнгги дамларида ишониб юрак розини айтадиган, дардини тушунадиган одами йўқ, ёзган асарларида амал қилган эътиқоди самарасиз, асарлари тиригидаёқ умрини тугатган; энг даҳшатлиси, бир вақтлар “Юлдузни кўзлаган қиз” деб улуғлаган қаҳрамони Қурбоной унинг кўз олдида фожиали тарзда жон таслим этади, ўлими олдида ўзини бир вақтлар улуғлаб, хато йўлга бошлаган адибга надоматлар ёғдиради… Яхшибоевнинг касалхонадаги умрининг сўнгги дақиқаларида Қурбоной билан учрашуви лавҳаси асарнинг энг таъсирчан ўринларидан. Қурбоной фожиаси бу яхшибоевлар фаолиятининг аччиқ меваси, яхшибоевчиликнинг фожеий самарасидир.

Яхшибоевдан ижодкор сифатида доғ қолди, айни пайтда ундан яхшигина бир боғ қолди. Умрининг сўнгги йилларида ўз фожиасини тушуниб, ўзи тушиб қолган йўлнинг охири вой эканини сезган бу одам туғилган юртига бориб ҳалол пуллари эвазига бир боғ яратди. Ҳамюртлари, фарзандлари унинг ижодий меросига эмас, ундан қолган боққа эҳтиром, эътибор кўрсатадилар… Бунда чуқур рамзий маъно бор. Бу боғ ҳеч қанақа ошоларнинг таъсирисиз, раъйисиз, ёрдамисиз, кўнгилдан чиқариб эл-юрт, келгуси авлод манфаатини ўйлаб қилинган беғараз меҳнат самараси. Фақат ҳалол меҳнат самарасигина эътиборга молик. Эҳтимол, бу одам ижодда ҳам шундай йўл тутганида, ошнолар раъйига қарамай, фақат қалб амри билан ижод этганда ўз иқтидори, ҳалол меҳнатига яраша адабиётда ҳам қадрини топган бўлармиди… Яхшибоев умр йўли таҳлилидан келиб чиқадиган энг муҳим сабоқ, маъно – шу.

“Лолазор” кенг, чуқур таҳлилларга, теран ўй-мушоҳадаларга, хилма-хил баҳс-мунозараларга асос берадиган асар. Биз асосан биргина етакчи персонаж устида тўхталдик, бошқа кўплаб персонажлар, уларда илгари сурилган ғоявий-бадиий концепция хусусида бирма-бир, батафсил тўхталиш мумкин эди. Аммо шу бир етакчи персонаж тўғрисидаги мулоҳазаларнинг ўзиёқ романнинг ғоявий-бадиий даражаси, асарнинг ижтимоий-эстетик салмоғи, замонавий руҳи ҳақида муайян тасаввур беради, роман етук санъаткор ёзувчи қаламига мансуб эканини тасдиқлайди.

“Лолазор” романи яна бир бор шундан далолат берадики, бадиий ижодда ҳақиқатни кашф этишнинг энг тўғри, синалган йўли ҳодисаларни, инсон ва унинг қалбини бутун мураккаблиги, зиддиятлари, мусбат ҳамда манфий томонлари билан ҳалол ва теран таҳлил этишдан иборатдир. Шундай иқтидорга – тафаккур йўсинига эга адиб ҳеч қачон замоннинг ўткинчи эпкинлари олдида тебранмайди, замонлар ўзгарганда ҳам авлодлар олдида юзи шувут бўлмайди.

“Лолазор” китоб ҳолида чиққанидан кейин икки йил ўтиб романда акс этган бедаво дард – чуқур бўҳронлар гирдобида ич-ичидан нураб бораётган тузум ҳалокатга учради. Ниҳоят, халқнинг асрий орзуси ушалди, мамлакат ИСТИҚЛОЛГА эришди. Энди озодлик иштиёқида ёнган сафдошлари қатори Муроджон ҳам бадиий ижодни йиғиштирб қўйиб шу ушалган асрий орзу – истиқлол ҳимояси, равнақи йўлида амалий ишларга ўтди. Салкам йигирма йилдирки, у масъул лавозимларда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Ўзининг 60 ёши арафасида “Тафаккур” журналидаги суҳбатида шу йиллар давомида бой ҳаётий тажриба тўплагани, ижод устида ўйлашдан ҳеч қачон тўхтамагани, яна ижодга қайтиш нияти борлиги, кўнглида янгидан-янги асарлар бўй кўрсатиб келаётгани хусусида гапирди. Суюкли адибимизнинг муборак ёши билан қутлаган ҳолда, бу эзгу ниятларнинг тезроқ рўёбга чиқишини тилаб қоламиз.

ЯНГИ АСР ОДАМЛАРИ
077

Ўтган аср 70-йиллари миллий насримиз майдонида бир қатор янги номлар пайдо бўлди: Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султоновлардан иборат навқирон авлод адабий жараёнга ўзгача бир тўлқин, руҳ бахш этди, “адабий аҳоли” сафига ўнлаб бетакрор тирик одамлар образини олиб кирди. Улар сафида қирқ йилдан бери чарх авзоига қараб иккиланмай, оғишмай, товланмасдан ўзлигига, ҳаётий, ижодий тутумига содиқ қолиб келаётган Эркин Аъзам ҳам бор. Эркиннинг “Чироқлар ўчмаган кеча”, “Отойининг туғилган йили”, “Анойининг жайдари олмаси”, “Байрамдан бошқа кунлар”, “Олам ям-яшил”, “Жавоб”, “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Шоирнинг тўйи” каби латиф лиризм, ажиб серзавқ юмор, ғаройиб дилтортар киноя, пичинг, истеҳзолар билан йўғрилган ҳикоя, қиссалари миллий адабий тафаккуримизнинг узвий қисми, бетакрор намуналари сифатида адабиётимизда ўзига хос ҳодиса бўлди, адабий-илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилди.

Муайян танаффусдан кейин “роппа-роса бир йиллик изланишлар маҳсули” бўлган “Жаннат ўзи қайдадир” деб аталган китобини варақлаганда, бир томондан, талабалик йилларидан биз билган, бугун 60 ёш бўсағасида, сочига оқ оралаган чоғида ҳам ёшликка хос ўша завқу шавқ, ҳам аччиқ, ҳам шўх-шодон табассумини йўқотмаган, айни пайтда ҳаётда, ижтимоий фаолиятда, бадиий ижодда катта тажриба тўплаган етук қалам соҳиби қиёфаси шундоққина кўз олдингизда намоён бўлади.

Эркин айрим ижодкорлар каби айтадиган гапи “ҳикоя” ёки “қисса” жанри қобиғига сиғмай қолгани учун ўзини “роман”га урмади, ҳамон ҳикоя ва қиссанавислигича қолди. Китобдан жой олган “Ёзувчи” ва “Аралашқўрғон” ҳикоялари бу ихчам жанрда ҳам романга татигулик одамлар қисмати, дарди-дунёсини ифодалаш мумкин эканлинини тасдиқлаб турибди. Тўпламга “Тафаккур” журналига пешлавҳа тариқасида ёзилган журналхонлар эътиборини қозонган публицистик миниатюралари ҳам киритилган. Айни мухтасар ҳикоя намуналарини эслатадиган бу тур асарларида ҳам кўримли манзаралар орқали кўламли фикр-мулоҳазалар илгари сурилган.

Муаллифнинг сўнгги йиллар ижодида янгилик бўлган драма ва киносценария жанри намуналарига келсак, бу борада ҳам ўша биз билган Эркинжон бари бир ўзлигига содиқ қолди, чунончи, “Сув ёқалаб”, “Забаржад” асарлари “киноқисса” деб юритилган, “Жаннат ўзи қайдадир” эса “драматик қисса” деб аталган; “Сув ёқалаб”, “Забаржад”, “Жаннат ўзи қайдадир” асосида ажойиб фильмлар яратилди, аммо учала асар ҳам айни пайтда етук қисса намунаси тарзида шавқ билан ўқилади. Адибнинг дилбар лирик талқинлари, латиф юмори, киноя-кесатиқлари эса аввалгиларига кўра кенгроқ, теранроқ бадиий, ижтимоий-фалсафий кўлам касб этади. Китобга кирган асарларнинг деярли ҳаммаси айни шу кунларимиз, шу кунги одамларнинг – замондошларнинг қисмати, дарди-дунёси, уларни қийнаётган ҳаёт, турмуш муаммолари устида баҳс этади. Бир тизимдан иккинчи бир тизимга ўтиш даври замондошлар табиатида, қарашларида, қисматида, руҳиятида юз бераётган эврилиш, ўзгаришлар жамики зиддиятлари, мусбат ва манфий томонлари, долғалари ва оғриқлари билан кўз олдингизда баралла гавдаланади. Китобда қад ростлаган одамларни хаёлан бир сафга тизиб чиқсангиз, гўё моҳир рассом чизган портретлар галереяси бирма-бир кўз олдингиздан ўтади, пойтахт фуқароларидан тортиб олис тоғ қишлоғи одамлари – фан, таълим соҳаси ходимлари, раҳбар-арбоб, ёзувчи, журналист, шўродан қолган одамлар, оддий уй бекасидан тортиб бозор муносабатлари асносида шаклланаётган жаҳонгашта бизнесменлар… Ўнлаб, балки, юзлаб бир-бирини асло такрорламайдиган тирик одамлар – адабий персонажлар… Китобда қимирлаган жон борки, ҳар бирининг ўз табиати, табиатига яраша ўз қараши, манфаати, дарди-дунёси, қисмати бор. Ёзувчининг ўзи эътироф этганидек, китоб қаҳрамонлари орасида яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам бор. Қолаверса, “яхши” деганимизнинг осий банда сифатида ожиз томони, “ёмон”ларнинг эса лоп этиб ижобий фазилатлари ҳам кўзга ташланади. Дарвоқе, ўзимиз шундай эмасмизми? Бегуноҳ фаришта бўлганимизда осмонларда парвоз қилиб юрмасмидик… “Гуноҳкор”лар ҳам Аллоҳнинг бандаси, пайти келиб қалби тубида чўкиб ётган чин инсоний туйғулари бирдан юзага чиқса не ажаб! Китобда айни шу мангу ҳақиқатни тасдиқлайдиган ўнлаб аломат ҳаётий лавҳалар бор.

Илк бор “ЎзАС”нинг икки сонида эълон этилиши биланоқ эл оғзига тушган, ижобий маънода шов-шувларга асос бўлган “Ёзувчи” қаҳрамони гарчи ўртамиёна қаламкаш бўлса-да, аслида адабиёт майдонида от суриб юрган донгдор отахону акахонларнинг кўпчилигига нисбатан асл адабиётга яқинроқ, ҳатто унинг содиқ фуқароси; бугина эмас, жафокаш фидойиси, муҳими, у ёлғонни ёзмайди, ғирромликни билмайди. Ўлгудек тортинчоқ, хоксор лиги туфайли кўзга кўринмайди. Бутун умри ўз асарини, ўзлигини намоён этолмай, ўзгалар хизмати, ўзгаларни юзага чиқариш билан ўтади. Унинг ноёб истеъдоди – заҳматлари туфайли сўз санъати даргоҳига алоқаси йўқ қанчадан-қанча кимсаларнинг чалакам-чатти чизмалари китоб ҳолига келиб, чоп этилиб, довруқ қозонади. Ҳикояни ўқир экансиз бу фоний дунёнинг улкан бир ҳақиқати – адолатига тан берасиз: ўзгаларнинг меҳнати, заҳмати туфайли топилган сохта шуҳрат, обрў-эътибор – барча-барчаси ўткинчи, юзага чиқмай қолиб кетган маънавий бисот эса адабий мафтункор туйғу сифатида ардоқли. Қарангки, бир софдил, бечораҳол қаламкаш қора меҳнати заҳматлари эвазига китоблар чиқариб, довруқ қозонган арбоб умри поёнида бу хил қилмиш-қидирмиш ғирт бемаънилик, олғирлик, гуноҳи азим эканига иқрор бўлади. У афсус-надомат билан: “Меҳнатни сиз қилдингиз-ку! Шуни билмай мен бир лодону овсармидим? Нима зарил денг-а! Мана, ҳаммагинаси қолиб кетар экан” дейди. Бир қарашда бечораҳол, фақиру ҳақир, ношуд-нотавон, омадсиз, ҳатто асл номи, исми шарифи ҳам номаълум, шунчаки киноя аралаш “домла”, “муҳаррир”, “ёзувчи” деб юритилган зот айни ўша абадий мафтункор туйғу тажассуми сифатида қалбингизда қолади; унинг қора меҳнати туфайли топилган обрў олғирларга юқмайди: унинг шаънини топтаганлар, унинг ғарибона кулбаси – “боғи эрам”ига кўз олайтирганларни, охир-оқибат қора ер ютади. Шу тариқа, бошдан-оёқ жўшқин табассум, киноя-кесатиқ, истеҳзо, овсарона донишмандлик билан йўғрилган ғаройиб мусиқий куй эзгуликнинг мадҳи, қабоҳатнинг инқирози, инкори бўлиб янграйди.

Чинакам санъат асари бамисоли қалб кўзгуси – китобхон унда ўзини, аниқроғи, ўзининг ожиз жиҳатларини кўради, кўриб андак хижолат тортади. “Аралашқўрғон” ана шундай асарлар сирасидан. “Каттаконнинг кучуги” кечаю кундуз аккиллаб қўрғон аҳлига тинчлик бермайди. Қўрғон аҳли чора излаб, охири Каттаконга очиқ хат – илтимоснома ёзишга аҳд қилади; ниҳоят, хат тайёр, аммо унга имзо чекишга келганда дўкондор, дайди шопир, фан номзоди, доцент, оқсоқол, мухбир – барчаси ўзини четга олади, чунки барчасининг тили қисиқ – Каттакон уларга ўтказиб қўйган… Бири-биридан кулгили лавҳалар билан танишиб, хандон отиб куласиз – айни чоқда беихтиёр кўнглингиздан бир аламли савол ўтади: “Ўша таниш одамлар ўрнида мен бўлсам нима қилардим?!” Бу саволга жавоб тополмай, ўйланиб қоласиз… Ана, асл санъат асарининг сир-асрори, кучи!

Киноқиссаларда ҳаёт панорамаси, қамрови янада кенгаяди. “Сув ёқалаб” асарида оддийгина кундалик воқеа қаламга олинади – собиқ раис Болта Мардон икки ўғлини ёнига олиб сувга ташна қўрғонга сув келтиради, шу жараёнда у бир қатор ҳамқишлоқлари билан учрашади, гурунглашади, кечмиш хотиралари хаёлидан ўтади, замон эврилишлари, ҳамқишлоқлари қисмати, ташвишлари, дарду дунёси уни ўйга толдиради. “Раис” деганда хаёлимизга дарҳол “Синчалак”даги Қаландаров ёхуд “Диёнат”даги Отақўзи сиймоси гавдаланади. Болта Мардон асло уларга ўхшамайди. У мансаб-мартаба туфайли айниган, хаддидан ошган қаҳрамонлар тоифасидан эмас. Раислик лавозимида юрган кезлари қўлидан келганча одамларга яхшилик қилган, ҳамиша адолат йўлини тутган, ҳалоллиги, қалб саховати билан одамлар меҳрини қозонган. Лекин имконият доирасидан ташқари чиқолмаган, шунча йил раҳбар бўлиб қишлоғига ариқ чиқариб сув келтиришга қурби етмаган. Мана шу нарса армон бўлиб кўнглини кемиради. Одамлар ҳам уни яхши тушунишади. Бугун ҳам ҳурматини жойига қўйишади. Бироқ айрим ғаламислар шармсизларча унинг “даври ўтганлиги”ни юзига солишганда, қалбида андак оғриқ сезади, аммо ўзига эмас, ўша беюз кимсаларнинг ҳолига ачинади. Айниқса, ҳамюртлар орасида авж олган нафс балоси, бу йўлда ўзини ҳар ёққа уришлар, ҳаддан ошишлар, ахлоқ-одоб доирасидан четга чиқишлар қалбини ўртайди.

“Сув ёқалаб” асносида бу азамат донишманд оқсоқолнинг шахсий-интим ҳаёти билан боғлиқ нозик кечинма-туйғулари ҳам намоён бўлади. Болта Мардоннинг тушда ва ўнгда Шарофат билан мулоқотларига оид лавҳалар латиф бир лирик тарзда таъсирчан ифодаланган. Шарофатнинг бахтсиз кечмиши Болта Мардоннинг қалбини ўртайди. Бир ёстиққа бош қўйган аёли ювош, яхши хотин, бири биридан ширин қиз, ўғлонлар туғиб катта қилди. Ўзи ундан бирон ёмонлик кўрмади, лекин кўнгил қурғур ҳе-еч… Демак, шоир айтмоқчи:

Бирин ҳур дейинми, бирин гулойим,
Суймаганим суйганимдан мулойим.
Бу қандай кўргилик экан, Худойим,
Кўнглимда бир ёру қўйнимда бир ёр.

У дунёдан ана шундай армон билан ўтаётир. У умрининг поёнида шу армонини, кўнгил асрорини энг яқин кишиси – ўз зурриётига очади, зурриёти, қолаверса, авлодлар учун бу чигал қисмат бир сабоқ бўлишини истайди… Умр савдоси остонасида иккиланиб турган ўғлига қарата: “Кўнглингга қара, болам! Лекин уйлансанг, шундай бировини топиб хотин қилгинки, сира-сира жонингга тегмасин! Неча йил ўтса ҳам! Буниси энди ҳар кимгаям насиб этавермайди, албатта. Бўлмаса, бу савдо – бир умрлик азоб”, – дейди алам билан. Айни шу лавҳа асарнинг, қаҳрамоннинг жозиба кучини яна ҳам очиб юборади. Бир умрлик азоб ўлим билан интиҳосига етади.

Ўз билганидан қолмайдиган, ўжар, танти, шаддод қиз-аёл қисматидан баҳс этувчи “Забаржад”, бугунги эврилишлар замонида бир оила аъзолари орасида юз берган зиддият, бўлинишлар қаламга олинган “Жаннат ўзи қайдадир” асарлари ҳам жиддий ўй-мушоҳадалар, теран илмий таҳлил, талқинлар учун асос беради.

Қисқаси, Эркин Аъзамнинг бу китоби билан танишар экансиз, биз яшаётган замон жамики зиддиятлари, сон-саноқсиз муаммолари, жумбоқларига қарамай, бар ибир буюк умидлар палласидир. Бийрон соқий тантанавор айтганидай: “Биз дунёда энг бахтли инсонлармиз! Биз янги аср одами бўлдик! Икки аср, икки минг йиллик белбоғида яшамоқ ҳар кимга ҳам насиб этавермайди…”

Дарҳақиқат, тарихнинг мана шундай авж палласини кўрмоқ ва икки аср, икки минг йиллик насибасини татимоқ, бундан ҳам муҳими, буюк аждодлар орзуси – Истиқлол шоҳиди ва иштирокчиси бўлмоқ, аввало, тақдири азалнинг ҳукми, ёруғ пешонамиздаги қутлуғ битикдир. Бундай буюк саодат сизу бизга насиб этганининг ўзи илоҳий сийлов эмасми, азиз замондош!

Китобни ёпар экансиз, ўйга толасиз, охир-оқибат ана шундай ифтихор туйғуси қалбингизда жўш уради.

Манба: Умарали Норматов веб-саҳифаси

(Tashriflar: umumiy 1 519, bugungi 16)

Izoh qoldiring