Anvar Obidjon. Hangoma va hikoyalar

Ashampoo_Snap_2017.11.06_17h48m01s_002_.png   Соат тунги учлар эди. Бешариқлик бир танишимизнинг тўйидан Олтиариққа қайтиб келаётиб, йўлда машинамизнинг бензини тугаб қолди. Атроф дала. Машинадан тушиб, дала ёққа кетган йўл томонга диққат билан тикилдим. Узоқда милтиллаган чироқ кўринди. Иккита шеригимизни машинада қолдириб, шофёр иккаламиз ўша тарафдан нажот излаб кетдик. Омадимиз чопиб, қайсидир колхознинг гаражига бориб қолибмиз. Қоровул чол арзимизни эшитибоқ, мурувват кўрсата қолди. Шофёр ва қоровул қаторлашиб турган машиналар сари юришгандаю мен фурсатни бой бермай, ортга қайтдим. Шериклар билан бирга машинани гаражга итариб келганча қора терга ботдик.
Бир пақир бензин олган шофёримиз бизни кутиб турарди. Чолга пул берсам, олмай, чой тутди: “Афандинамо йигитлар экансизлар”, деди. “Нега бундай дейсиз?” –деб таажжубландим. “Ўзинг ўйлаб кўр, болам, — деб хиёл жилмайиб қўйди у. – Зил-замбил машинани шунча жойга итариб келгандан кўра, бир пақир бензинни ўша ёққа кўтариб борақолсаларинг осонроқ бўлмасмиди?”
Ҳаётимда кулгили туюлган воқеаларнинг биттаси шу (Анвар Обиджон ҳангомаларидан).

Анвар ОБИДЖОН
ҲАНГОМА ВА ҲИКОЯЛАР
02

АЁЛЛАР ВА ХАЁЛЛАР

1. ЭҲТИРОС КАМРОҚ БЎЛСИН

– Бунча хилват экан бу ер?

– Ҳа! Бундай хилват жойлар савоб иш учун яратилмаган!

– Вой, нима қиляпсиз? Қўлингизни олинг. Эрим билиб қолса…

– Тупурдим ўша эрингизга. Ошқовоқ нима-ю, у нима.

– Ҳамма эркаклар ҳам ошқовоқ. Фақат, пўсти ҳар хил.

– Баҳомни ошириб юбордингиз. Раҳмат! Мен аҳмоқ сизни тушларимда кўриб юрибман. Кеча тушимда ҳатто ўпиб олдим. Мана бундай қилиб…

– Бўлди! Бас! – столни шапиллатиб қичқирди режиссёр. – Репетиция тамом!

У гримхона сари бораётган артист йигитнинг ортидан хўмрайиб қараб қўйгач, «енгилтак аёл» ролида ўйнаётган актрисага ўгрилиб, дўнғиллади:

– Бугун сал кечиксам керак. Қизчамизни боғчадан олиб, тўғри уйга жўна.

2. КЎНИКИБ ҲАМ КЕТАРСИЗ

– Ўзи нима гап? Нега йиғлаяпсиз, синглим?

– Анави уятсиз чол…

– Хўш, хўш?

– Манави еримни…

– Хуллас… туф, – оғзидаги носни пуркаб, бамайлихотир гап бошлади чол, – ойимтилланинг ўша жойини сийпаладим. Сийпалашга ҳаққим бор.

– Ҳм-м, биласизми… Сирасини айтганда, бизда одат шунақа, синглим. Анави аёллар ҳам дастлабки пайтларда сизга ўхшаб қимтиниб юришарди. Мана энди, сийпалаш у ёқда турсин, ҳатто, кийимингни еч десангиз ҳам… Қисқаси, шароитга тезроқ кўникишга урининг…

Директорнинг бу гапидан кейин, гўшт комбинатининг ташмачиликка қарши курашувчи қоровули тантанавор қиёфада соқол силаб қўйди.

1978 йил

БАЙРАМ ИНТЕРВЮСИ

Жамоатчи ҳажвчимиз байрам арафасида улфатчилик фанлари доктори Маишат Маишатович билан суҳбатда бўлди. Кўпчиликка отнинг қашқасидек танилиб қолган Маишат Маишатович янги йилни кутиб олиш тартиби ҳақида ўз тоифасидаги шахсларга қарата гапириб, шундай деди:

– Қадрли шишадошлар, азиз ҳамтовоқларим! Мана, янги йил ҳали пробкаси очилмаган «Портвейн»дек қаршимизда маҳтал турибди. Нақадар ғаройиб байрам бу. Унинг ўзига хослик томони шундаки, бу куни эркак зоти ёппасига ичади. Ичишни ўрганган аёллар эса, орага суқилишиб, даврамизни янада кенгайтирадилар. «Яратганнинг олдида шоҳу гадо баробар», деганларидек, ичилгандан сўнг ёши, жинси, касби, амалидан қатъи назар, ҳамма бир хилда алжирай бошлайди. Сиполик, ройишлилик, расмий гап-сўзларга барҳам берилиб, суҳбат чапани тус олади. Натижада, даврадагилар ўртасида мазмуни унча чуқур бўлмаган баҳслар бошланиб, коллектив равишда жанжаллашиш туйғулари камол топади. Менимча, биргалашиб ичишнинг нафосати, оламнинг гулистонлиги ана шунда.

Лекин, бундай ажойиб давраларда қатнашиш, базми жамшиднинг бошдан-оёқ иштирокчиси бўлиш сиз ўйлаганчалик осон иш эмас, биродари азизлар. Киши бунга жиддий равишда ҳар томонлама тайёргарлик кўрган бўлиши керак. Ўзимнинг кўп йиллик бой тажрибамга таяниб, худди шу масалада сизларга айрим маслаҳатлар бериб ўтмоқчиман.

Хуллас, ичишни ўттиз биринчи декабрнинг илк тонгидан, яъни каллаи саҳардан бошлаган маъқул. Эрталабки бу машғулот унчалар ачимаган пиво ёрдамида ўтказилади. Хўрак учун қалампирланган қурут, капчёнка ёки шўрданак ҳозирлаб қўйишни унутманг. Пивога туз сепиб ичиш қитъиян ман қилинади.

Уч-тўрт шиша пиво отиб олингандан кейин, кишининг кўз томирларида ултра қизғимтир ранг аломатлари пайдо бўлиб, мия тўқималарида енгил сархушлик сезилади. Демак, олам гулистон! Энди тамаки маҳсулотларини тутун ҳолида эрмак қилиб, пича дам олишимиз мумкин.

Соат ўн бирларга бориб, машғулотнинг иккинчи босқичига ўтамиз. Бу пайтда пиволарни четга улоқтириб, шампандан баҳра олиш фурсати етган бўлади. Қопқоқни ракета қилиб учирганимиздан сўнг, ноёб ичимликни каттароқ идишга тўлдирамиз-да, уни бир кўтаришда уриб қўямиз. Қарабсизки, олам янаям гулистон!

Машғулотнинг учинчи қисми одатда тушликдан кейин бошланади. Мазкур босқичда биз у ёки бу номдаги ўзимизбоп вино билан мулоқотда бўламиз. Винони ҳар ярим соатда юз эллик граммдан оширмаган ҳолда ағдарма қилиш тавсия этилади. Учинчи босқичнинг охирларига бориб, машғулот ўтказувчининг қорин қисмида бурама оғриқ пайдо бўлиши табиий, чунки вино, пиво ва шампан ошқозонда учрашиб, аёвсиз реакцияга киришади. Айрим тажрибасиз ичувчилар бундан заррача саросимага тушмасликлари керак.

Заҳматли ва ҳузурбахш машғулотимизнинг тўртинчи босқичи кечки овқат арафасида бошланиб, киши ўзини идора қилолмай қолгунга қадар давом эттирилади. Эндиликда навбат араққа келганини ўзингиз ҳам сезиб тургандирсиз, азиз шишадошларим. Бу босқичда киши ўзини бутунлай эркин ҳис қилади. Даврада ҳам вазият бошқача: биров-бировни менсимай қўйган, ҳамма гапиришни истайди, аммо уни эшитадиган одам йўқ, биров ўлиб кетган момосини эслаб йиғласа, бошқаси гердайганича ашулани важанг қилади. Қисқача айтганда, олам ниҳоятда гулистон!

Мана энди чинакам байрам бошланди, десак ҳам бўлаверади. Сиз билан биз эса уни мароқли ўтказишга аллақачон тайёрмиз. Чунки, эрта саҳардан бошланган тинимсиз машқлар натижасида танамизни обдон чиниқтириб, ўзимизни қадаҳбозлик жангига пухта шайлаб олганмиз. Энди бизни енгиш анча мушкул. Ҳатто «Коняк» аталмиш маркаи олийлари ҳам бизни осонликча йиқитолмайди.

Бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишим лозим: машғулотнинг дастлабки уч босқичи уйдан чиқилмаган ҳолда олиб борилади. Бинобарин, кўча-кўйда заруратсиз санғиш ҳушёрхонага тушиш хавфини кескин оширади. Бу кўнгилсиз тадбир эса сиз билан бизнинг байрам дастуримизга киритилмаган. Тўртинчи – ҳал қилувчи босқич шишадошлар даврасида қиёмига етказилади.

Сўзимни якунлар эканман, сиз қадрдонларга мурожаат қилиб айтаманки, базм машғулотларини уюшқоқлик билан олиб бориб, улфатчиликни каминадек устомоннинг қимматли йўл-йўриқларига қатъий риоя қилган ҳолда юқори савияда ўтказайлик…

Бундай вақтда бор овозда баралла қичқиргинг келади: «Бугун дилларда ғалаён! Бўлди! Етар! Шишаю пробкалар зўравонлигига энди чек қўяйлик! Ичимликларга озодлик! Олам бутунлай гулистон бўлсин!»

1982 йил.

ТЎННИ ТЕСКАРИ КИЙИШ

Янги тўқимачилик комбинати қурилиши ҳақида газетада бир саҳифалик тантанавор мақола берилгач, телестудиядагилар ҳам бирдан енг шимариб қолишди. Бош муҳаррир мени ҳузурига чақириб, бу жойдан шошилинч кўрсатув тайёрлашимни топширди.

Ишни бизни илиқ кутиб олган қурувчилар-у, зарур ашёларни қурилишга узлуксиз етказиб беришга эришаётган турнақатор машиналарни суратга тушириш ва кўпиртириб изоҳлашдан бошладим:

– Кўриб турганингиздек, энг замонавий кранлар ўрнатилгани карвон-карвон юк машиналарини ўз вақтида бўшатиш имконини бермоқда. Айниқса, оилавий пудрат асосида ишлашга ўтган Қовунчиев ва Кабановлар сулоласи сифату тежамда барчага намуна бўлаётгани бизни қувонтирди. Беш йиллик зарбдорлари ҳисобланган Маркаев, Жалоладзе, Пак ва Папандапуло ўртоқлар махсус қурилган чекиш капасида ҳам бекор ўтиришгани йўқ– прораб Лайлоев билан навбатдаги режалар тўғрисида куйиб-пишиб суҳбат қуришяпти.

Мана бу эса, қурувчилар овқатланадиган ошхона. Бир неча юз кишилик улкан коллективга бу каталак торлик қилмасмикан? Қолаверса, ошхонада бор-йўғи беш хил овқат тайёрланар экан. Тепса тебранмас бош ошпаз Камолохуновдан бунинг сабабини суриштирганимизда, қовоқ-тумшуғи осилганича лом-мим деёлмай қолди. Раён умумий овқатланиш идорасидаги калладор зотлар бу масалани жиддийроқ ўйлаб кўрсалар чакки бўлмасди.

Қурилиш раҳбари Дўмбоқовни яқинда мукофотга берилган шахсий «Жигули»сига ўтираётган чоғда учратдик. Бу камтарин инсон телеекранда кўкрак керишдан иймангандек, «ҳақиқий қаҳрамонимиз – оддий ишчилар, ўшаларни суратга олинглар», дея бошқармадаги йиғилишга жўнаб кетди.

Азамат бинокорлар бу муҳим обЪектни шу йилнинг биринчи апрелида, яъни муддатдан икки ой илгари фойдаланишга топшириш учун курашмоқдалар. Буни эшитиб, шижоаткорлар масканидан дилимиз завқ-шавққа тўлиб, мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган Қайта қуриш жараёнининг муқаррар ғалабасига ишончимиз янада мустаҳкамланиб қайтдик…

Эртаси барвақт ишга келиб, монтажни эндигина тугаллаган эдимки, яна бош редактор йўқлатиб қолди. Борсам, турқи бежо.

– Ишлар чатоқ, – деди у. – Кеча кечқурун министрликда бўлган йиғилишда тўқимачилик комбинати қурилиши чўзиб юборилаётгани қаттиқ танқид қилинибди, газетада асоссиз мақталгани кўрсатиб ўтилибди. Энди бориб, бошқача кўрсатув тайёрлайсиз. Аямай дўппосланг хумпарларни. Топшириқ шунақа.

Хонага шалвираганимча қайтиб, юракни чангаллагудек аҳволда креслога чўкдим: бу қанақаси – кеча ундоқ деб борсам, бугун бундоқ деб борсам… бурд деган нарса қаёқда қолади?!

Администратор қиз қуйиб узатган тўқсон бешинчи чойни бир-икки симиришим билан каллам ярқ этиб ишлаб кетди. «Нега энди бошқатдан суратга тушириш керак экан, – деб ўйладим мен, – тап-тайёр тасвирлар турибди-ку!»

Шартта қоғоз-қалам олиб, янги жумлалар туза бошладим:

– Қурувчилар бемаврид келганимиздан ўнғайсизланиб, бизни сохта илжайиш билан кутиб олишди. Ахир юки соатлаб бўшатилмай, мачит остонасидаги калишлардек тизилиб ётган манави машиналар фонида суратга тушишга кимнинг тоби бор? Тўғри, кранлар энг замонавий, аммо иш услуби ҳануз эскичалиги қаттиқ панд бермоқда. Интизом сустлиги, ўзаро талабчанлик йўқлигининг боиси шуки, бу ерда қариндош-уруғчилик кучайиб, ҳаммаёқни Қовунчиев ва Кабановлар босиб кетган. Бу ҳам етмагандек, Маркаев, Жалоладзе, Пак ва Папандапулога ўхшаган такасалтангларга махсус кашандалар жойи қуриб қўйилган. Қарангки, прораб Лайлоевнинг ўзи бекор вақиллашда уларга ўрнак бўлиб турганининг устидан чиқдик.

Мана бу эса, қурувчиларнинг овқатланиш жойи. Ишининг бош-учи йўқ боқибеғамларга шундай шинам ошхона қуриш шартмиди? Тағин ҳар бир текинхўр учун беш хилдан овқат тайёрланаётгани-чи? Менимча, қўли гул пазанда Камолохуновнинг нега қовоғи уйилиб турганини тушуниш қийин эмас – қолоқ участканинг хўрандалари ҳаддан зиёд талтайтириб юборилмаяптимикан? Раён умумий овқатланиш идорасидаги ўртоқлар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришса, чакки бўлмасди.

Қурилиш раҳбари Дўмбоқов бизнинг дарагимизни эшитиб, қандайдир йўллар билан мукофотга олган зийнатдор «Жигули»сида қочиб қолди. Балки ҳамма айбни оддий ишчиларга ағдариб, бу сафар ҳам бошқармадаги ҳомийларнинг паноҳига ошиқаётгандир?

Бу муҳим обЪектни шу йилнинг биринчи апрелида фойдаланишга топшириш планлаштирилган. Аҳвол шундай давом этса, келгуси йилда битиши ҳам амримаҳол. Шулар ҳақда ўйлаб, ушбу ҳаробадан қайтар эканмиз, мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйиши лозим бўлган Қайта қуриш жараёнининг тақдири бизни қаттиқ ташвишга солди…

Мана, бугунги гаплар кечаги суратларга бинойидек ёпишди-қолди. Журналист маҳорати дегани бундан ортиқ бўладими? Калламга қойил-э! Тўқсон бешинчи чойга офарин-э!

1989 йил.

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

Учаскавўй мелисамизга ёзиб маълум қиламанки, мен ким – оддий совет бангиси, қўш гумбазли ҳаммомнинг илғор ўт ёқувчиси, адолатпарвар дейилгучи мамлакатнинг адолатга ташна граждани, адабий нағмада айтганда, фуқаросидурман.

Ўртоқ капитон! Сизга устимдан тағин шикоят тушганини эшитиб, ҳаддан ташқари хижолат бўлдим. Хотиним ўзи шунақа, мактабда ўқиб юрганда деворий газетага редактур бўлган, жўрнолистлик касали ҳануз қўзиб туради. Хуружи тутганда, энг яқинидаги одамга, яъни шундоқ қўшни болишда ётувчи каминага ёпишади.

Ўтган куниям шунақа бўлди. Мен аҳмоқ ишдан ютақиб келиб, битта чой буюрибман. Чойнакни дўқ этказиб олдимга қўйиб кетди. Бир қайтарма қилай деб пиёлага қўйсам, картишка қайнатилган сувнинг ўзгинаси. Жаҳлим қўзиб: «Ў, энасини кўрмаган, шуям чойми?»– деб, ва ҳоказо, яна ҳоказо гапларни айтиб, андак тергаб ўтдим.

Хотин киши дегани асаларининг яшиғига ўхшайди, сал тегсанг, балога қоласан. Шу зардам баҳона бўлди-ю, бир вақт қарасам, мен палон гектардан палон тсентнердан макка олган бригадирман, палон жойга депутотман, сен ким бўпсанки, менга олифтачилик қиласан, деб тепамдан учиб юрибди. Аризасида менга сиёсийроқ айб юклаганига келсак, бу гапларнинг чиқишига ўзи айбдор. Қўлини биқинига чойнаксоп қилиб, масалангни женсоветга қўяман, деди. Шунда, мен баттар тутақиб, женсовет, селсовет ва ҳоказо, яна ҳоказо советларни бўралаб ташладим. Аммо, буни манмансираб кетиб, қасддан айтганим йўқ. Зеро, мен паҳлавон ҳукуматимизда қанча саллот-у, қанча замбарак борлигини яхши биламан.

Шу десангиз, ўртоқ капитон, хотиним: «Ҳали шунақами?» деди-ю, ташқарига қараб юрди. Ҳовлини кесиб ўтаётиб, ҳовузча бўйида таҳорат олаётган отамни ваҳшийларча туртиб юборди. Чол у тарафга учди, обдаста бу тарафга. Отамнинг ҳовузга ағдарилиши бир нав, чунки у пишиқ сузувчи, урушда Днепрни кечиб ўтган. Лекин, тилсиз-жағсиз яп-янги сопол обдаста бекорга пачақланганига кўп ачиндим. (Бу гапимдан кейин, ғилай демай, чиллашир демай, маҳалламиздаги бор йигитни қурилиш баталёнига жўнатишаётгани каби, «пишади» деган баҳона билан, обдасталарниям армияга олиш бошланмагани дуруст).

Чолни қуритиш учун паққос кийимини ечиб, айвондаги сўрига ётқиздим. Устига эндигина чойшаб тортганимда, райижроқўмда шопирлик қиладиган укасини эргаштириб, хотиним келди. Қайноғам кўзини фолчининг пилдироғидек айлантириб, менга тиралди. Қирқ беш йил яшаб, умримда бунақа сўкиш эшитмагандим, бир зумда ачамни божамга аралаштирворди. Ҳов, гўдак, дедим унга, поччангни ҳурмат қилмасанг, сочимдаги оқни ҳурмат қил, дедим. Шунда у: «Ким гўдак?» – деб бўйнини чўзди. Хато гапирибман, кечиргин, ука, дедим унга, кўриб турибман, бўғоз хотин обберишса, бола кўрадиган бўпқолибсан, дедим. Сўзим тугаб-тугамай, гарданимга гурсиллатди. Шунда: «Ҳе, ўша опангни медалига…» деб, ва ҳоказо, яна ҳоказо гапларни ишлатиб, биқинига солувдим, опаси орқамдан, укаси олдимдан тирмашиб, мени новвосағдариш қилишди. Итларнинг яйловдаги танишувига ўхшаган судра-судра бошланди.

Сўрида ётган отам менга ачиниб кетдими, чойшабнинг тагидан чиқиб келиб, бизни ажратишга тушди. Чолнинг аҳволини кўриб, хотиним бетини тўсганича даҳлизга қочди. Кейин қайноғам «бу уйдагилар ҳаммаси жинни», деб кўчага отилди.

Ўртоқ капитон! Хотиним нуқул сиёсатни рўкач қилиб, райижроқўм ходими, Афғон уруши қатнашчиси бўлган укам аёвсиз дўппосланди, деб ёзибди. Бу қип-қизил туҳмат. Биринчидан, ҳақорат қилишни қайноғам ўзи бошлади. Ҳукумат вакили эканини ҳисобга олиб, то шапалоқ тортгунча индамай турдим. Ваҳоланки, овозини вақтида ўчириш учун бўйнига тайёр чандилган галстўкни озгина тортиб қўйишим кифоя эди. Афғонда бўлганига келсак, шу болага ишониб пўрма беришганига ҳайронман. Бир куни ундан «урушда душманни дўстдан қандай ажратардинг», деб сўрасам, «кўзини рангидан», деди. Шу билан битта казармада ётганларнинг юрагига балли.

Ўртоқ капитон! Хуллас, опа-уканинг иғвосига учманг. Бу муттаҳамларга қолса, ҳатто Фарғонадаги исённиям менинг бўйнимга ағдаришади. Ўзи бу ёқда айбни кимга тўнкашни билмай туришибди.

Яна шикоятдаги гапларга қайтсак, қайноғам кетганидан кейин алам устида даҳлизга кириб бордим. Сенми ҳали мени укангга калтаклатадиган, деб, шартта хотинимнинг сочидан чангаллаб, ва ҳоказо, яна ҳоказо ҳаракатлар қилиб, уни одамгарчиликка чақирдим. Афсуски, тарбия кўрмаган бу аёл оилавий тартиб-интизомга тупуриб, отасиникига кетиб қолди. Пешанам шўрлигидан хўрлигим келиб, кечаси билан чилим тортиб чиқдим. Натижада иккита тўшак, учта кўрпа ва ҳоказо, яна ҳоказо матоҳларга чўғ тушиб, кичик ёнғин чиқди.

Ўртоқ капитон! Эрта-индин хотиним қайтиб келгудек бўлса, шу куйган латталарни пеш қилиб, янги бир шикоят ёзиши турган гап. Сиз у чаласаводга яхшилаб уқтириб қўйинг – ҳозир демократия замони! Демократия дейилганда, америкалик кимни сўксанг сўкавер деб, франциялик кимни ўпсанг ўпавер деб тушунади. Мен учун бу– қаерда чексанг чекавер дегани. Ҳуқуқим поймол этилмасин!

Яна бир гапим бор, ўртоқ капитон. Бундан кейин погонни хор қилиб, эр-хотиннинг ўртасига тушиб юрманг, каттароқ ишлар билан шуғулланинг. Масалан, мен бўғзи узилган обдастани чорсига тугиб, раён суғурта идорасига борсам, таҳорат воситасининг синиши табиий офатга кирмайди, деб ҳақини тўлашмади. Илтимос қиламан, шу ишни қаттиқ текшириб, тегишли пулимни ундириб берсангиз. Агар иш ўнгидан келса, ўзларини ҳаммомда шаҳонасифат буғлаб, кейин иккаламиздан ортмайдиган кобили шўрва қайнатиб, ва ҳоказо, яна ҳоказоларни истеъмол қилиб, бир яйраган бўлардик.

Бор гапим шу. Илойим, саломат бўлайлик.

1989 йил.

ХОРИЖ РАДИОСИ ВА … КАЛИШ

Пул алмаштирилаётган бонкани эслатувчи тиқин бекатда «Фрунзенинг ҳайкалини-ку мажақлашди, лекин тагидаги отда нима айб?» – деган мулоҳазани каллада эзғилаб турувдимки, елкамга «шап» этиб тушган қўл хаёлимни бўлди. Оғзида пиванинг қолдиғи кўпираётган айвонпешана банда мени ўзига ўгириб, кўзимга шўнғишга интилди:

– Калишимни нима қипқўйдинг, ука?

Учоқларни, ҳарбий кемаларни ўмаришга ўтган замонамиз чаккибосарлари шаънига иснод бўлиб ёғилувчи бу хархашадан довдираб қолдим. «Қанақа калиш?» – дея анқайиб савол бердим.

– Таши қора, ичи қизил… Патаги гулдор шолчадан…

– Калла жойидами? Менга калишингизнинг нима кераги бор?

Айвонпешананинг кўзи гилосдан ситилаётган данакдек бўртиб чиқди:

– Ҳа керакмас-а! Керак бўлмаса, осонгина дўппи турганида, атай оёғимдагини илиб кетармидинг? Калишимни нима қипқўйдинг, ука?

Бекатда улов кутавериб диққати ошганларга эрмак ўз оёғи билан келди, «чўқи-чўқи»га итқитилган хўрозлардек жонли доиранинг ичида қамалдик-қолдик. Бировнинг кулфатидан томоша ясовчилар бемаъниликдан маъни қидиришга уринишади.

– Ўлар жонга нимани талашяпти булар?

– Ким нимани шилибди ўзи?

– Анави манавининг калишини ёпиштирганга ўхшайди.

Айвонпешанани эса шу топда на атрофдагилар, на атрофдагиларнинг фикри қизиқтираётганди.

– Айбим анави супада сал кўзим илинганими? – дея хуружини давом эттирди у. – Кунинг менга қолганакан, пайпоқни уриб кетавермайсанми, жўлик. Ялангоёқдан кўра қўлантаёқ юрсам, элда бунчалик беобрў бўлмасидим. Ма, буниям ол энди!

Шундай деди-ю, қўлидаги сахтиён пайпоқни юзимга отди. Тўқсон биринчи йилнинг ўн тўққизинчи августида бир пиёниста уйимга туйқус кириб келиб, ГКЧПнинг мазкур маҳалла бўйича фавқулодда вакили экани, унга олий маълумотлилар хонадонидаги арақларни мусодара қилиш топширилганини айтганида, бисотимда лоақал бирор қултум мусаллас йўқлигидан ўта ноқулай аҳволда қолган эдим. Шу чоғдаги хижолатпазлик ундан ҳам ўтиб тушди.

– Менга қаранг, ака… жон ака, – дедим, айвонпешанага ялинчоқланиб, – дўконни қўйиб турайлик, энг зўр калиш чайқовда қанча?

– Кавланма! – дея чўнтагимга суқилаётган қўлимни шапатилади у. – Сабзипўчоқ рўбилингни эчкингга сол. Бир ётиб тургунингча гугурт уч миллиён бўпқоладиган замонда юрибсан. Менга молимни бер… Калишимни нима қипқўйдинг, ука?

Қарасам бўлмайдиган. Рақибдан баланд келиш учун бақириб кўриш услубини танладим:

– Ҳов, мирзағофил, мени ким деб ўйлаяпсиз? Таниқли зотларданман! Каттакон бир симфоник оркестрда гўсноғорачиман! Нима, калишингизни олиб бориб, ошнамнинг гармонига ямақ қиламанми?

Томоша ясовчилар энди мен томондаги паллага ўтишди.

– Тўғри-да, шу одам калишга зорми?

– Оёғидаги патинкани қара, мингталигингни тепиб ўтаман деб турибди.

– Ҳў, пешанаси ишган, қўйвор ноғорачини!

Бекатдаги ғала-ғовур бозордан чиқаётганларнинг ҳам эътиборини тортиб, теграмиздаги «хўрозбоз»лар кўпайганидан кўпайиб бораётганиди. Юрагимни ғулғула қоплади. Бирорта оғзи маймоқ: «Туй иккаласиниям!» – деворса борми!

Хайрият, даврада шу ўрамнинг назоратчи миршаби пайдо бўлди. «Нима гап? Бизга қандай шикоятлар бор?»– дея чимирилди у. Мен то сўзга оғиз жуфтлагунимча айвонпешана ташаббусни дангал қўлга олди:

– Пешанам қурсин, ука, калишни урдирвордим. Гумоним манавиндан!

Миршаб даъвогарнинг арзини чала-пула эшитибоқ, қўлимдаги дипломатга алоҳида шубҳа билан боқди. Қутичани очиб кўрсак бўладими, дея қўл чўзган эди, бу нарса меники эмаслигини айтиб, тихирланганимча ортга чекиндим.

Дипломат ростданам меники эмасди. Ҳар гал ишхонамга ҳол сўраб кирганида, гоҳ шамсиясини, гоҳ шляпасини, баъзан, ҳатто, сигаретини унутиб қолдирувчи дўстим доктор Паришоний бугун дипломатини эсдан чиқариб жилворгани, бировнинг буюмини титиш эса одоб қоидаларига томоман хилофлигини тушунтиришга уринаётганимда, айвонпешана жон-жаҳди билан яна ёқамга ёпишди:

– Намунча гапни айлантирасан, вей? Калишимни нима қипқўйдинг, ука?

Томоша ясовчилар қайтадан нариги паллага оғишди.

– Дипломатни очмаяпти. Бир гап бор.

– Шу эплаштирган-да. Кампазитирдан ўғри чиқмайди деган ҳадис йўқ, оғайнилар.

– Ҳў, мелиса, маҳкам ушла ноғорачини!

Оломондан оқ фотиҳа олган миршаб қатъий тарзда буюрди:

– Қутичани очинг деяпман! Очинг яхшиликча!

Беодоблик қилишга мажбурлик одобсизликка кирмайди. Дипломатни очишга жазм этдим. Аммо, очолмадим. Қулфи рақамли ғилдиракчалар билан тилсимланган экан. Миршаб ҳам ғилдиракчаларни айлантириб, ҳар хил сонларни териб кўрди. Билими етмади.

– Қулфини қасддан чалкаштирворибсан-ку, кунжара еган, – деб пишқирди айвонпешана. – Калишимни нима қипқўйдинг, ука?

Бу орада томоша ясовчиларнинг сафи кенгая бориб, оломон катта кўчанинг ярмигача ёйилиб улгурган эди.

Шу пайт, сарғимтил ойнали башанг машина «вапап-вапап» қилганича орага ёриб кириб, бекат яқинида тўхтади. Ундан тушган қора кўзойнакли кимса миршабни ёнига тортди, ниманидир суриштирди. Миршаб унинг қулоғига бош тиққудек бўлиб, узоқ шивирлади. Тим қора кўзойнакнинг ортидаги нигоҳ дам мени, дам айвонпешанани диққат билан кузатаётганини аниқ сезиб турардим. Миршаб бор сепини ёйиб бўлгач, қора кўзойнакли кимса салобат билан келиб, айвонпешанага биқин тиради:

– Чиқинг машинага. Калишни ўзимиз ташкил қиламиз.

– Вей, гадоймасман мен, – жиззакиланди айвонпешана.– Зўр бўлсанг, анавинга осил, ука. Очсин сандиқчасини.

Томоша ясовчиларнинг жовур-жувири авжига минди.

– Ҳақ гап! Очсин дипломатини. Кўрайлик.

– Ҳамманг битта ялангоёққа ёпишволасанми?

– Кампазитир қутисини очсин. Гап томом!

Оломонни тарқатишга кучи етмаслигини сезган миршаб кўзи жовдираганича қора кўзойнакли кимсага тикилди. Қора кўзойнакли кимса доктор Паришонийнинг қаерда яшашини мендан сўраб билгач, шофёрни уни олиб келишга жўнатди.

– Калиш қутичадан чиқмаса, ўзингиздан кўринг, – дея айвонпешанага ўдағайлади миршаб.

– Менга пўписа қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! – миршабга бўйин чўзди айвонпешана. – Уруш ветирониман мен!

Туришидан Гирмон уруши учун ёшроқ, Афғон уруши учун кексароқ кўринувчи бу нусханинг сўнгги сўзлари бир мендагина гумон уйғотиб қолмаган экан. «Масалан, қайси жангларда иштирок этгансиз, акахон?» – деб савол берди қора кўзойнакли кимса.

– Кўча жангларида қатнашганман! Нимайди?

– Сталинграддаги кўчадами, ёки…

Айвонпешананинг кўзлари саросимали ўйнаб: «Норозиман! Адолатсиз тергов бу!» –дея гап бошлаган эдики, оғзининг олдида сопи узун микрофон пайдо бўлганини кўриб, ҳалқумига чандир тиқилгандек «ҳиқ» этиб тўхтаб қолди. Сўнг, одамлар ортидан бўйлаган куйи микрофон тутиб турган тиржайма йигитга чақчайиб деди:

– Хўш? Сабаб?

– Чет эл радиосиданман, – чийиллади тиржайма йигит.– Нимадан норозисиз? Бу намойишнинг сабаби нима?

– Намойиш?! – терисидан чиққудек бўлиб бўкирди айвонпешана. – Ким нимасини намойиш қипқўйибди? Ҳеббивой одамларни тўплаб, бирор нарсасини кўрсатяптими? Ё сенга арз қилганимминан давлатингдан искабтопар келиб, калишимни топиб берадими? Ол нарёққа! Ҳе, никрапўнингга Ҳайёмни рубойиси!

Яна ўша «вапап-вапап»лар янграб, башанг машинада доктор Паришоний ҳам етиб келди. Машинадан тушаётиб мени кўрди-ю, негадир ранги бўзариб кетди. «Манави дипломат сизникими?» – деб сўради ундан қора кўзойнакли кимса. Паришоний тасдиқлагач, «очинг» деб фармон берди. Титроқ бармоқлар тилсимланган рақамларни теришга тутинди. Қулф шарақлаб чертилди. Миршаб дипломатни қўлига олиб, қопқоғини очди. Унинг ичида… не кўз билан кўрайки, шолча патакли бир жуфт эски калиш эгизак маймунчалардек ишшайиб турарди. Дамим ичимга тушиб, тарракланиб қолдим. Атрофдагилар тенгдан оҳ тортиб юборишди.

Доктор Паришонийнинг қораси кўрингандаёқ, бирдан қоши иланг-биланг бўлиб, ўзини миршабнинг панасига олишга уринган айвонпешана «ҳа эсим қурсин-а», дея бошига шапатилаб мунғайди.

– Ие, ўзлари шўттамидилар? – айвонпешанага кўзи тушиб, доктор Паришонийнинг юзига қон югурди. – Ҳе, Ҳебби полвон бўлмай, ҳар нарса бўлинг. Молдек ичволиб, транспортни чойхонада қолдириб кетибсиз-ку. Тожи-самовор эланиб ётиб, калишингизни қўлимга тутқазувди. Қачонгача буюмларингизни ортингиздан йиғиб юраман, қўшни?

…Уйга келиб ҳам кайфиятим очилмади. Юрагимда кимдир ҳануз хамир қорар, бутун бошли рок-гуруҳ миямни тепалаб рақс тушаётгандек эди: «Қандай шармандалик! Мухлисларимдан баъзилари ўша бекатдаги аҳволимни кўрган бўлишса…»

Ҳовуримни босиш учун айвондаги пақирдан муздек сув симирдим. Уй ичидан «чув-в, чув-в» қилиб таралаётган товуш ҳам бошимни чўқилаётгандек туюлди. Нодон кенжатойим ҳақиқатни яна хориж радиосидан қидиряпти, чоғи.

Ён-веримдаги хонадонлар билан алоқани яхшилаш мақсадида кейинги пайтлар уйда машқ қилмай қўйганидим. Шу топда бирон-бир латиф куй чалиб, ўзимни овутгим келди. Илҳом иситмасида ўрнимдан туриб, йигирма пудли хумни эслатувчи жонажон гўсно-ғорамга яқин бордим. Қайрағочдан ясалган урақни қозиқдан олиб, сопидаги қайишни билакка илаётганимда, ичкаридаги радионинг чувиллашлари тиниб, ниҳоят, одамзоднинг овози янгради: «…бозор олдидаги бекат майдони одамга лиқ тўлиб кетган. Мухбиримизнинг фикрича, бу каттакон намойишга калиш етишмаслиги сабаб бўлган».

Сухандон «Собиқ Шўро империёсининг бошқа ҳудудларида ҳам…» дея ахборотни давом эттираётганида, ўзимни сабрсиз оламнинг можаролари саҳнасидан четроққа олиб қочишга тиришиб, гўсноғорамда зўр бериб «Алиқамбар»ни чала бошладим:

– Гум-гум! Гумбира-гум! Гум-гум! Гумбира-гум!..

1993 йил.

ЗИЁЛИЧА ОЛИШУВ

Ҳашарот учса, қаноти бўксиб йиқиладиган ғира-шира тонг эди. Жиғилдонига мих тиқилган қўйдек уватда «хир-хир»лаб типирчилаётган Парриқ минғи чўчиб уйғонди-ю, ёнгинасида ёнбошлаб ётган Мамашотининг бақрайма кўзидан баттар шайтонлаб, «Абва-а!» деб чинқирганича, найзага чап берган тўнғиздек четга сапчиди.

– Ие, ҳа? Тушингда болалар минан «қўрвоши – савет» ўйнаб, қориндан ўқ едингми?

– Уф-ф… уф-э! – Парриқ минғи хиёл ўзига келиб, шеригига талвасали тикилди. – Жуда-а репўмиса-реп туш кўрдим-ку, ошна. Худди қўтосга ўхшаб кетадиган темир дувол орқамдан қувиб юриб, устимга ағдарилди.

Мамашотининг бақрайма кўзлари янада олайиб, ҳозиргина чеккан носини «чўлп» эттириб ариқчага ташлади.

– Вей, уйингда бирорта касал-пасал йўқмиди?

– Йў-ў…

– Бугундан қолдирмай Қурмон ромчига бор, – қатъий тайинлади Мамашоти. – Китоб кўриб, таъбирини айтиб беради. Таъбир ишкал чиқса, қайтарма дуо ўқиб, келадиган балони дап қилади.

Парриқ минғи мазахлаб тиржайди:

– Қурмонинг ғирт қаллоб-ку. Одам қуриб кетгандек, ўшанингга мурид бўламанми?

Мамашоти бир нарсани айтдими, шуни бошқагаям маъқуллатмагунча қирқ кун оч-яланғоч олишишдан тоймайдиганлар хилидан эди. Ғўзалари кўсак туга бошлаган охирги беш гектарлик ерни пешингача суғориб бўлишгач, Парриқ минғининг: «Овора бўлма, у ҳийлагарингга барибир ишонмайман», дея тихирланишига парво қилмай, ромчиникига судраб борди. Шериги кўрган туш ҳақида гапириб бўлиб, «шунинг таъбирини чиқариб беринг», деб, ромчининг кафтига ғижим пул қистирди. Сурбашара Парриқ минғи «бе-э» дея четга бош бурганини назардан қочирмаган ромчи, бир мўйлов учириб қўйди-да, китоб варақлашга тутинди. Дастлабки саҳифаларидан бири-даёқ тўхтаб, борган сайин қовоғи осилаверди. Шипга термилиб, узоқ мулоҳазаланиб тургач, «ишнинг таги ҳўлроқ-ку, мулла Мамашоти», деб бурнини баландлатди. Кейин Парриқ минғига юзланиб, салобатли овозда заҳрини сочди:

– Гап шу, ука. Сени… «МАЗ» мошинаси босиб кетадиган бўптурибди.

Аввалига Парриқ минғининг ранги қув ўчди, сўнг ўзини тезда ўнглаб, писанда билан минғирлади:

– Билсак бўладими, ака почча, олдингиздаги китоб қачон ёзилганикин?

Бояги «бе-э» деган сўздан кейиноқ ўзаро ҳурматсизлик йўлига батамом ўтиб улгурган сиртқи рақибларнинг ички ўчакишуви айни шу лаҳзадан эътиборан очиқ тус ола бошлади.

– Балки, минг йил олдин ёзилгандир, – нохуш ҳидни сезгандек бурнини жийирди ромчи. – Балки, унданам олдинроқдир. Бувомнинг бувоси ачангнинг ачасигаям шу китобдан таъбир айтган бўлса, ажабмас.

Парриқ минғи гапни ўзига юқтирмай, тосрайиб кулди.

– Эшитдингми, Мамашоти? Минг йил олдинги китобга «МАЗ» мошинаси ёзиб қўйилганмиш-а. Шундан кейинам ўзимни гўлликка солиб тураверайми?

Қурмон ромчи ҳам, ўз навбатида Мамашотига қараб туриб, учинчи шахсга кесатди:

– Баъзи балчиқмияларга ўзлари тушунтирадилар-да энди, мулла Мамашоти. Биздаги китобларда аниқ нарсаниям шама билан ёзишади. Қўтос тўғрисидаги гапга келсак: «Рамзига таяниб, асосини қидиргил. Рамзидан эмас, асосидан қўрқ», дейилибди. Зиғирттак фаросати бўлган одам қўтоснинг рамзи дунё бўйича биттагина «МАЗ» мошинасида борлигини чаққон пайқаган бўларди. Калласини ажириқ босганларга буни қандай тушунтирсак бўларкин?

– Оламда ўнта одамдан тўққизтаси аросат, тақсир, – пичинг юмалантирган бўлди Мамашоти ҳам. – Аросатлар десангиз, қачонки бўйнига болта тушади, болтанинг кескирлигига шунда ишонади. Кўп куйинмасдан, ишингизни қилаверинг.

– Бу гап бизга маъқул, – деди ромчи ва сезилар-сезилмас тиш ғижирлатиб, Парриқ минғига писандсиз кўз қадади. – Хуллас, «МАЗ» мошинаси эртами-кеч чалпагингни чиқаради, ука. Сендақаларнинг бориям, йўғиям менга бир пул. Жон ширин бўлса, чорасини ахтар.

Парриқ минғи ўзини базўр дадил тутиб, митриғи мит этмай сўради:

– Қачон чалпак бўлишимизни билиб қўйсакмикин…

Қурмон ромчи ҳам ўша безлигида туриб, жавоб сачратди:

– Балки, ярим йўлда орқангдан етволар… балки, сени эзадиган ғилдирак мошина завўтининг омборига ҳали келиб тушмагандир…

Э, тўхта-чи, қаердандир эшитувди-я, кимдир айтганди-я. Киборлар оиласида тарбияланган зиёлилар қаттиқ ўчакишиб қолишгандаям, меҳрибон оға-инилардек бир-бирига мулойим илжайганича, соатлаб ғиди-бидилашиб ўтиришавераркан. Ваҳоланки, бу мушкулотни уч-тўртта бадбўй сўкиниш-у, бир-икки жуфт телва тарсаки билан осонгина ҳал қилиш мумкинлигини энг аҳмоқ чапаниям болаликдан билади. Ҳа, майли, Қурмон ромчи зиёлича усулни танлаган экан, бизам бирпас зиёли бўлсак бўпмиз-да.

– Ҳа хўп, ғилдиракнинг тагида узиладиганларнинг рўйхатида туратурайлик, – зиёлиларча сиполанди Парриқ минғи. – Аммо-лекин, балодан ҳазар деб, бугундан бошлаб уйдан чиқмай ётволсак-чи, ака?

– Рўзғорга ортиқча чиқим келтириш шартмикин?– энг безбет зиёли қиёфасига кирди Қурмон ромчи. – Бирорта «МАЗ»нинг бошқаруви издан чиқиб, сени тинчитиш учун уйингни бузиб киришига тўғри кепқоляпти-ку.

Зиёлиликни бўйнига олган Парриқ минғи ўзини илмга чуқурроқ уриб кўришга ҳаракат қилди:

– Масалан, ёпон олимларига ёлвориб, Қора денгизнинг тагига уй қурдирволсам-чи?

– Нима қипти? – зиёлича «эрмак-эрмак»ни давом эттирди Қурмон ромчи. – Қибриз ё Табризга кетаётган бирорта юк кемаси довулга йўлиқади. Кемага юкланган «МАЗ»лардан биттаси денгизга ағдарилади-ю, сувнинг тагидаги уйни босиб тушиб, ичидаги махлуқниям қазибоп қипқўяди.

Парриқ минғининг илмий иштаҳаси очилиб, энди фазовий фанга панжа уришга журъат этди:

– Ўзлари тилга олиб ўтган махлуқ фазо кемасига чиқволиб, ўлгунча осмонда учиб юраверса, «МАЗ» шўрлик додини кимга айтаркин?

– Афсуски, узоқ учолмайди, – кутилмаганда, сира иккиланмасдан эътироз билдиради ромчи. – Ўша туғма пандавақининг фазовий араваси қисматда белгилаб қўйилган кунга бориб, ишдан чиқади. Ерга қулайди. Парчалардан сочилган ҳаром кулни «МАЗ» деган мошина, албатта, тепалаб ўтади.

– Бундан чиқдики, қутулишнинг иложи йўқ, – Мамашотига бир тиржайиб қўйиб, яна ромчига муғамбирона сузилди Парриқ минғи. – Шунақа экан, қандайдир хашаки кимса жонимни сақлаб қолишидан умидвор бўлишим тўғримикин, ака почча?

Парриқ минғи, фирибгар ромчини охири жигидан ушладим-ку, дегандек Мамашотига ғолибона назар ташлади. Сўнг, ромчига боқиб, унинг авзойи заррача ўзгар-маганидан таажжубга тушди.

Қурмон ромчи киборликда ҳануз собит турар, бироқ айрим ибораларнинг тобора шалоқлашиб бораётгани ҳали етарли даражада зиёли бўлолмаганидан далолат берарди.

– Мен ҳеч қайси сассиққўнғизнинг жонини сақлаб қололмайман, – ўша ўртамиёна зиёли даражасида сокин сўзлади у. – Аммо, олди-қочди гўрсўхталарнинг жонини эгамдан тилаб олиш қўлимдан келади.

Шу ерда Парриқ минғининг тили ғўлдираб, гап тополмай қолди. Зиёлича олишув давомида гоҳ у оғизга, гоҳ бу оғизга жовдираб, юраги хитланиб кетган Мамашоти ниҳоят енгил нафас олди. «Энди етиб бордими? Масала талашишни сенга ким қўювди, ювинди?» – дея шеригининг елкасидан туртди. Бу гапдан Парриқ минғи баттар алангаланди, «э, бунингни», деб ромчига қўлини шоп қилди-ю, зиёлича усул яна эсига тушиб, тилини тишлади. Зиёлиликни қўлдан бермасликка чираниб, гердайган куйи эшик томонга юрди. Барибир чидолмади. Бошқача тоифа бўлиб яшашга ортиқ қурби етмади. Остонада тўхтаб, ромчига кўзини лаган қилди:

– Эшитвол, сассиқкўзан! Сенга ўхшаган тезакваччага ишонадиган тўнгак энди туғилади. Мард бўлсанг, тек қўйиб бер. Қани, ўша ҳезалак «МАЗ»инг менга қанақасига яқинлашаркин!

Мамашотининг капалиги учиб, шоша-пиша орага тушди:

– Бу тузи пастдан хафа бўлманг, тақсир. Бола-бақраларини ўйламасдан гапириб қўйди бу.

– Учраган эшакча билан тепишаверсам, товонга кун ора тақа қоқтиришим керак бўлади, мулла Мамашоти,– уйқи элитаётгандек кўзини ярим юмиб, мағрур сўз қотди Қурмон ромчи. – Майли, кўзини мўлтиратиб олдимга келганакан, бир томондан сизнинг юзингиз, бир томондан норасида болаларининг ҳурмати, уни «МАЗ» балосидан сақлаб қоламан. Бу оламда маразларгаям жой топилади, яратганнинг бағри кенг.

Қурмон ромчи сўзини тугатиб, Парриқ минғига зимдан туллакона чимирилиб қўйди. Вужудини зилзила қоплаган Парриқ минғи бор овозда «Ав-в!» деб бўкиргиси, олдидаги эшикни ваҳшийлашган зиёли сифатида пачоқ-пачоқ қилиб ташлагиси келди.

1995 йил.

ХУСУСИЙ КЎПРИКЧА

Қатиқсотарлар маҳалласини қатиқсеварлар мавзесидан ажратиб турувчи ариқ устидаги ёғоч кўприкча пайшанбадан жумага ўтар кечаси олакўкиш рангга бўялиб, эрталаб унинг бўсағасида балиқчилар ғаровтаёғини эслатувчи ингичка шлакбаум ва ғўла курсида бабоқланиб ўтирган қўнғизмўйлов кимса пайдо бўлди. Қуёшнинг киприги узайган кезда катта сўмка кўтарган шогирд ҳам етиб келиб, «ассаломалайкў-ў-м, Қўшмат ака», дея қийшанглаб таъзим қилди.

– Саломни чўзғиламай, тезроқ жойингга бор, – ғўданглади Қўшмат. – Одамларни кўниктиргунча ҳушёрроқ ишлашимиз керак. Йўталимни пойлаб тур. Қайси усулни қайси вақтда қўллашни чалкаштирворсанг, ишдан бўшайсан, Қорамирза.

Қорамирза мунгли бурун тортиб, четга бурилди. Нарироқдаги буталар ортига ўтиб, сўмкадан олинган турли кийимларни алоҳида-алоҳида тахлашга тутинди.

Эндигина нос чекишга тараддудланган Қўшмат охорли шляпа остида сўлқил-сўлқил одимлаб келаётган пўрим кишини кўриб, тиқинни қайтадан носқовоқнинг оғзига суқди-да, бирдан безрайиб, махфий ҳудуд соқчиси қиёфасига кирди. Тонгги манзарадан жузъий хато топгандек, уфққа норози кайфиятда кўз қадаб келаётган пўрим киши хиром поябзалини кўприкча яқинида кескин тўхтатди. Таажжубланиб қош чимирди. Чўнтагидан кўзойнак олиб, шлакбаумнинг ўртасига илиб қўйилган тахтачадаги «Аққа-баққа 10 сўм» деган ёзувни синчиклаб ўқигач, нигоҳини Қўшматга бурди:

– Буни тагига етсак бўладими?

– Хусусий кўприк бу. Олдин пули тўланади, кейин ўтилади.

– Хусусий? Бунга ҳужжат борми?

Қўшмат буталар томонга безовта қиялаб, қаттиқ йўталди, сўнг пўримга гап илмоқлади:

– Бизда-ку ҳужжат бор. Локигин, ўзларида-чи? Бировни текширишга ҳаққингиз бўлса, кўрсатинг ҳужжатни.

Пўримнинг лаби асабий пирпираб, навбатдаги ҳамлага чоғланганида, чап қўлини бўйнига осиб, ўнг қўлида ҳасса ушлаган Қорамирза оқсоқланиб яқин келди:

– Э, ҳорманг, акахон, – дея Қўшматга хушомадланди.– Илойим, кам бўлманг. Умрингиздан барака топинг.

Кейин, пўримга юзланиб, илгари бу кўприкча у дунёдаги қилкўприкдан ҳам хавфли бўлгани, яқинда шундан ариққа йиқилиб қўл-оёғи шикастлангани, натижада бозордаги тирикчилигидан қолгани етмаганидек, анча пул сарфлаб даволангани, хотини кунига уч маҳалдан мошинакира қилиб, касалхонага қатнагани-ю, ниҳоят Қўшматнинг муруввати боис бу кўприкча эпақага келтирилиб, минглаб мўминлар хатардан халос этилганини маддоҳланиб сўзлаб берди. Қўшматга «қайтими керакмас», дея йигирма беш сўм тутқазгач, пўримга бошдан-оёқ разм солди:

– Сумбатингиздан сезяпманки, шу саховатпеша инсонга менам битта элликталикни хайрия қилворсаммикин деб турибсиз. Кўнглингиздагини топдим, а? Хех-хех-хе…

Пўримнинг туйқус кўнгли юмшади, «а… агар-р хайрия бўлса, бу бошқа гап», дея чўнтагидан бир тутам пул олди, ичидан элликталикни топиб, Қўшматга узатди. «Шунчалар савобга кўмилдингизки, ўлибоқ, тап этиб жаннатга тушасиз, акахон», деган алқовларни ёғдириб, пўримни илиқ кузатиб қўяётган Қорамирзага Қўшмат қониқиш ила тиржайди:

– Яхши ишладинг. Бундан кейинам нонингни шунақа ҳалоллаб егин.

Буталар ортига оғир юмушдан толиқиб қайтган Қорамирза учуқ тошган лабига сигарет қистирди. У ёқда Қўшмат ҳам хуморбостига шайланди-ю, носқовоғи яна қўлида қолди. Кўприкчанинг нариги бошида қизалоғини етаклаган танноз жувон кўринди. У, шлакбаум яқинида тўхтаб, тахтачадаги ёзувни тумтайиб ўқиди, картмонидан ўн сўм суғуриб, ердаги қоғоз қутичага ирғитди. Қўшмат гўё уни кўрмагандек без бўлиб тураверди.

– Очмайсизми? – тезакранг бўёқ сувалган лабини чўччайтирди танноз. – Пулни олдингиз-ку.

– Болага ким тўлайди, болага?

– Вой! Муштумдек болагаям пулми? Инсоф борми?

– Инсофимиз бордирки, эмизикли гўдакларга бепул ўтиш ҳуқуқини бериб қўйгандирмиз, – бошини бутазор томон буриб, ғарғарадор йўталгач, таннозга чақчайди Қўшмат. – Қизчангиз неччига кирди?

Қизалоқнинг еттидан ўтаётганини эшитиб: «Ҳе, ата-а-нг, боғча ёшида бўлгандаям, эллик фоиз енгиллик берардик», дея афсуснамо бош тебратаркан, бу гал жағига ясама соқол ёпиштириб, башанг салла-чопонда ташриф буюраётган Қорамирзага кўзи тушиб, мулойимланганича ўрнидан турди:

– Ие, ие! Ассалому алайкум, қори почча.

Қорамирза тавозе билан алик олди, таннозга чала-чулпа кўз ташлаб қўйиб, Қўшматга қироатланди:

– Бу отинчани танимадик-ку, бўтам. Инчинун, қариндошларданми дейман?

– Нималар деяпсиз, почча бобой? – жизиллади танноз. – Минг шукурки, бунақа юлғичдан қондошим йўқ. Қаранг, шу зиғирттак қиздан кўприкпули сўраяпти-я.

Виқор билан тасбеҳ ўгираётган Қорамирза, бир сесканиб олиб, Қўшматга қош керди:

– Эво-о-ҳ! Инчинун, авлиёларни ранжитадиган иш бўпти-ку. Андек сабр қилмабсиз-да, мулла Қўшмат. Бунақа калта кўйлакли отинчаларнинг зоти улуғ бўлади. Боласининг бошидан бирон нарса ўгирар, вааллоҳу аълам.

Бу гапдан таннознинг чеҳраси чаман бўлди:

– Тўғри айтдингиз, почча бобой, тагим жудаям тоза. Боламни ҳақига доим садақа қиптураман.

Шундай дея, картмонидан яна иккита ўн сўмликни олди, қизчасининг бошидан айлантириб, уларни ҳам қоғоз қутичага улоқтирди. Қўшмат шлакбаумни очиб, она-болани ўтказиб юборгач, «бо-о-ракалло, отинча, бо-о-ракалло», дея кўзи ёниб дуогўйланаётган Қорамирзага қараб мўйлов учирди:

– Фишт! Жойингга бор энди.

Қорамирза тасбеҳ ўгиришдан тўхтаб, таънадор кепатада ҳаволанди:

– Қўполлик қилмасинлар, бўтам. Инчинун, бу кўприкни вайрон қилиш учун «суф» дейишимиз кифоя.

Қўшматнинг зардаси қайнаганини кўрган Қорамирза мириқиб кулди-да, саллани қўлга олиб елпинган куйи буталар ортига ўтиб кетди. Қўшмат ниҳоят нос каплади. Лекин, кайфи томирларига ёйилиб улгурмасидан, китоб-дафтар қўлтиқлаган йигитча шамолдаги хазондек пирпираб келиб, қорнини шлакбаумга қадаб тўхтади.

– Ие, бу қанақа тамўжний? – кўзи гилдираб сўради у.

Майда носдан оғзи сувлашган Қўшмат аввал ёзувли тахтачани қоши билан кўрсатди, кейин бармоқларини бир-бирига ишқалаб, пул тўлаш лозимлигини шама қилди.

– Шу қийшиқ кўприкдан ўтишгаям пулми? – жирракиланди йигитча. – Бекорчи валютам йўқ. Кўтаринг таёқни.

Қўшмат носни бутазор томонга туфлаб, жарангдор йўталди. Сўнг йигитчага дўқ урди:

– Ҳамма индамасдан тўлаб ўтяпти. Нима, шохинг борми?

– Шох сизга ўхшаган қари такада бўлади. Йўлни очинг, шошиб турибман!

Энди кавказча шалвироқ шапкани бошга қинғир қўндириб, бўйнидаги кумуш занжирни суратли футболканинг устидан саланглатган Қорамирза, тиш ғичирлатиб келиб, йигитчага бурнини буриштирди:

– Ҳў, қилвир! Нимага постда турган одамга бўйин чўзяпсан? Бир калла солиб, кўкрагингни тандир қипқўяман-а. Қорамирза дракўн деб қўйибдилар мени.

– Ёпишганга яраша, пулдорроққа ёпишинглар. Кунларинг талабага қолдими?

Бу гапдан Қорамирза баттар ловуллади:

– Вой, тулки-эй! Вой, муттаҳам-эй! Студентман деб, раҳмимни келтирмоқчисан? Жарақ-жарақ стипендия олишингни билмасамакан.

– Сенлардаги бор қилиқ тирноғимнинг устида, – Қўшмат ҳам заҳрини сачратди. – Давлат берган пулни совуриб, гоҳ беҳаё кинолар кўрасан, гоҳ жилпиллаган қизларга музқаймоқ ялатасан. Яна, ўн сўм деса, кўзингни лўқ қиласан-а.

Қорамирза: «Ўша кўзингни ўйволайми!» –дея йигитчага бармоқ ўқталган дамда, деҳқонча кийимдаги киши пайдо бўлиб: «Ҳа, иккита кўппак битта лайчага тирмашиб қопсизлар», деб ўртага кирди. Талабанинг арзини эшитгач, деҳқоннинг пешанаси тиришди.

– Савоб ахтариб, биров маҳаллага чойхона қуриб беряпти, биров сартарошхона. Сенлар шапалоқдек кўприкчани бўяб қўйиб, тугалай ўзингники қилволдиларингми? Бунга қандай бетларинг чидади, имонсизлар?

– Ҳов, братан! – ғижиниб давараланди Қорамирза. – Мана шу йўлдан тўппа-тўғри борсангиз, менимча, айнан уйингизнинг олдидан чиқасиз. Гапни кўпайтирмасдан, секингина ўн сўм бериб…

Қорамирза бармоқ чўзиб, деҳқоннинг иягидан кўтарди. Деҳқон эса, кутилмаганда унинг билагидан тутиб, қўлини шартта ортга қайирди:

– Ўпкангни босвол, полвон, бизам тўй-пўйларда курашиб юрганмиз.

Қорамирза кучукдек ғингшиганча ўзини у ёқдан-бу ёққа уриб кўрди. Тенг келолмаслигини сезгач, Қўшматни ёрдамга чорлади.

Талвасага тушган Қўшмат пулли қутичани шоша-пиша қўлтиқлади-ю: «Бирпас чидаб тур, ҳозир мелиса чақираман», дея кўздан ғойиб бўлди. Сўкина-сўкина, шлакбаумни бузаётган йигитча Қорамирза қўли қайрилган ҳолида ҳам дўқ-пўписани давом эттираётганидан жаҳлланиб: «Бу гўрсўхтани бир тепиб ариққа учирворсангиз-чи, амаки!» – деб шарттакиланди.

– Бунақа ҳаромхўрларни тепишгаям ҳазар қиламан, – ижирғанди деҳқон.

– Мен ҳазар қилиб ўтирмайман!

Йигитча бор кучи билан Қорамирзанинг кетига тепиб, уни ариққа ағдарди.

– Итканалар! Хариплар! – сувда оқиб бораётиб мушт дўлайди Қорамирза. – Сенларни тавба қилдираман ҳали!

– Хайр, Қорамирза дракўн! – мазахлаб қўл силкиди йигитча. – Хуш кўрдик!

Деҳқоннинг ҳам завқи жўшиб, қичқирди:

– Шу ариқдан тўппа-тўғри оқиб борсанг, айнан фабриканинг олдидан чиқасан. Одам бўламан десанг, ўша жойга ишга кирвол.

Мағзавасимон сувнинг шатмоқ тўлқинчалари ариқни қиқир-қиқирга тўлдириб оқаётганга ўхшарди.

2001 йил.

ЭНГ ИСТЕЪДОДЛИ ЎЛИК

Коллеж томошохонаси «Чап-чуп чайна» фирмасининг хайрия тадбирида, яъни талабаларга биттадан текин сақич тарқатилган унутилмас кунда ҳам бу қадар каллабозор бўлмаганди. Ичкарига вақтида ёриб киролмаган ўспиринлар ўриндиқ четидаги йўлкаларда боғланган поядек зичланиб туришар, кўзга ора-сира чалинаётган қизлар безовталаниб ғимирлашар, улардан бирининг қўлидаги яланғоч новдаларни кўрган киши, бу собиқ гулдаста эканлигини илк қарашдаёқ фаҳмлаб олмоғи мушкул эди.

Саҳна эса, бекатдаги тирбанд оломон олдига келиб тўхтаётган кирачи автобусдек деярли бўм-бўш бўлиб, ихчам стол ортида фақат икки кимса ўтирар, улардан бири – бугунги тиқил-суқилнинг сабабчиси Мирғоб Мурдаев автобус ҳайдовчисига, иккинчиси – сумкачасини бот-бот титкилаб қўяётган коллеж директори Белла Қорамуллаевна чиптачи аёлга ўхшаб кўринаётганди.

Белла Қорамуллаевна сумкачасидан рўмолча олиб, терлаган манглайига босди. Сўнг, йўлкира йиғиштиришга шайланган кепатада ўрнидан туриб, одатда аксарияти ойчиптадан фойдаланувчи талабалар тўпига совуқ кўз югуртирди. Лекин, кутилмаганда, лабларидан илиқлик уфуриб, сўзни мулойим тарзда бошлади:

– Севгили талабалар! Яна озгина минутлардан кейин сизларга кино қўйиб берилади. Бунда Джалалиддин Мангубердиевнинг аскарлари монголларни қандай қувлаганини кўриб, ҳаяжонланамиз. Томошадан аввал бугунги меҳмонимиз, шу картинада қудуқ ёнидаги ўлик ролини ўйнаган Миргап Мурдаевичга сўз бераман…

Бургут тамғали камзул кийиб, кепкасининг айвонини қулоққа буриб бостирган, мўйловидаги тарам-тарам оқ туклар сочидаги тим қораликнинг сохталигидан далолат бериб турган Мирғоб Мурдаев чапаклар тўхташини кутиб, бармоқларида столни чирмандалаган куйи, бино шипини шошмасдан кўздан кечириб чиқди. Бир муддат нималарнидир мулоҳазалади. Охири томошабинларга қиялаб, сарғайган тишлари орасидан гап учирди:

– Ҳа! Кино бу – санъатлаштирилган тегирмон! Ундан бутун чиқдим мен!

Белла Қорамуллаевна мийиғида кулиб, қўшимча қилди:

– Слава аллаху…

Мирғоб Мурдаевнинг «санъатлаштирилган тегирмон»дан бус-бутун чиққанига талай асослар бор эди. Биринчидан, у махсус малакали актёр эмас, яқиндаям Хадрадаги автомат газ-сув дўконида тангасотар бўлиб ишларди. Шериги билан яримталикни майдалашга стакан тополмай турган ёрдамчи операторнинг ҳожатини чиқарди-ю, ёши элликдан ўтиб, кино оламида чалқанчасига пайдо бўлди-қолди. Пайдо бўлибоқ, ярқ этиб чақнади. Иккинчидан, режиссёр дастлабки синовларсиз, ҳеч иккиланмасдан унга рол берганлиги истеъдодининг туғма эканлигидан бир нишона эди. Учинчидан, ўта масъулиятли ролини шунчалар қойиллатиб уддаладики, натижада, унинг иштирокидаги кўринишларни қайта суратга олишга бирон марта ҳам зарурат туғилмади. Ваҳоланки, кир ювиб ўтирган жувон мўғул аскарининг бошига сополтоғора билан соладиган парчани олти бор дубл қилишга тўғри келди. Олтинчи толқонтуйдидан кейин Чингизхонни пардозчидан ажратолмай қолган жангарваччани «Тез ёрдам»га тиқиб, касалхонага итоб қилишди.

– Энг муҳими, – дея бармоғини тепадаги моғор қандилга бигизлади Мирғоб Мурдаев, – мен суратга тушган кино ҳозир жаҳон экранларида шаталоқлаб юрибди. Шундан келиб чиқиб, баҳойимни ўзингиз бераверинг.

Талабаларда савол кўпайиб, Мирғоб Мурдаевнинг жавоблари чўзилган сайин, томошахонадаги ҳаво сонияма-сония ачқимтирланиб бораверди. Белла Қорамул-лаевна ўзини газли крематорийда ўтиргандек ҳис этиб, кўнгли оза бошлади. Аёлларга хос исковучлик билан қайта-қайта ҳидлаб кўргач, бу бадбўйлик пастдаги юзлаб поябзаллар ичидан ўрлаётганини англаб етди-ю, кимё дорилфунунининг собиқ лаборанти сифатида, фанга ҳали унчалар маълум бўлмаган мазкур газнинг формуласини мияда ҳижжалашга уринди. Афсуски, энг оддийси– умумётоқдаги мўрчаларга иссиқ сув тарқатувчи қозон ҳануз таъмирдан чиқмаганлиги унинг эсига ҳам келмади.

Мирғоб Мурдаев бу лаҳзада талабалардан бирининг: «Суратга тушишда қандай қийинчиликлар бўлди?» – деган саволига чуқур «уф» тортиш билан қисман жавоб қайтариб, изтиробли хотиралар акс эта бошлаган кўзларини яна шипга қадаб турарди.

– Қийинчилик бу – актёрнинг улфати! – суратга тушиш майдонида қулоғига чалинган гаплардан бирини қайтадан савдога ташлади у. – Масалан, мен кинода тўрт марта кўриниб, экранни йигирма бир секунд банд қиламан. Очиғини айтсам, мана шу йигирма бир секунд балки умримни йигирма бир йилга қисқартиргандир. Ролим қанчалар хатарли эканлигини бирпасдан кейин кинони кўриб билволарсиз. Эгнимга хоразмшоҳ аскарининг совутини кийдиришиб, қудуқнинг ёнига чалқанча чўзилтириб қўйишди. Биринчи кўринишимда, мўғул чавандозлари устимдан пала-партиш от чоптириб ўтишади. Бу даҳшатни чалаюмуқ кўзларим билан илғаб, юрагим кекирдакка тиқилган бўлсаям, миқ этиб қўймадим. Иккинчи кўринишимда, энди мени мўғул пиёдалари тепалаб ўтишга тушади. Ўша пиёдалардан айримлари съёмкадан сал олдин бўккудек арақ ичиб ўтиришганини кўрганим учун, жонимни ҳовучлаб ётдим. Бунисигаям чидадим…

Мирғоб Мурдаев «Саратон» қутисидан филтрсиз сигаретни суғираётиб, «Ҳа! Ҳаммага суюкли бўлиш осонмас, бунинг учун оғир йўлларни босиб ўтиш керак», деб пўнғиллади. Намиққан гугуртнинг иккита чўпи панд бергач, мўйлови остидаги тамакини учинчи уринишда ниҳоят чўғлантириб, тутунни талтанглаб пуфлади.

– Учинчи кўринишимда, – дея «жабрнома»сини давом эттирди у, – хоразмликлар отган оловли лўпчик калламдан ярим қарич нарига тушиб, ловуллаб кетади. Мис дубулғам қизигандан-қизиб, сочларимнинг жизғанакланиб сасиши ёнимдаги ўликларни безовта қилса қилдики, мен барибир тириклигимни сездирмадим. Тўртинчи кўринишимда, ярадор мўғулнинг қўлидан тушган найза шундоққина чотимнинг орасига санчилди. Ҳў-ў! Тасаввур қилинг, нақадар хавфли бу!

Мирғоб Мурдаев ҳавонинг димиқлигидан тобора лоҳасланиб бораётган Белла Қорамуллаевнага тамтамланиб юзланди-да, «нақадар хавфли» деган сўзга тиржайиб илова қистирди:

– Айниқса, эркак учун…

Пастда олқишлар янграгани боис, унинг кейинги қочириғи унча эшитилмади. Ўриндиқда ўтирганларнинг қарсагига йўлкада қўл қимирлатолмай зич турганларнинг қисқа-чўзиқ ҳуштаклари қўшилиб, эркин ҳаракатга имкон қолмаган жойда албатта ҳуштакбозлик пайдо бўлишлиги яна бир карра исботини топди.

Биринчи қаторда ўтирган хомсемиз ўспириннинг: «Акагинам! Бу кино кўпгина мукофотлар олган дейишади. Сизгаям бирор нарса тегдими?» – деган кесатиқнамо саволи Мирғоб Мурдаевни пича мулзамлантириб қўйди. Чала чекилган сигаретни кулдонга астойдил мижиқлаётиб, ўзини пухтароқ жавоб беришга ҳозирлаб олди.

– Гапинг тўғри, ука, – хомсемиз ўспиринга қош ирғитиб назар ташлади у. – Мен ўйнаган бу кино тезда машҳур бўлиб, кўплаб ижодкорларга «Энг истеъдодли режиссёр», «Энг истеъдодли актёр», «Энг истеъдодли бастакор» цингари мукофотларни олиб берди. Каминага келсак…

Мирғоб Мурдаев лабини буриштириб, елка қисди. Жарангли овози бирдан сўниқди:

– Ҳозирча «Энг истеъдодли ўлик» деган мукофотнинг йўқлигидан фақат афсусланиш мумкин…

Бурнига рўмолча босиб ўтирган Белла Қорамуллаевна учрашув қаҳрамонининг шашти кескин пасайганидан фойдаланиб, дарҳол йиғиннинг жиловини чангаллади.

– Браво! – деди у ўрнидан тураётиб. – Зўр гап айтдингиз, Миргап Мурдаевич. Санъатда бундан кейин ўликларниям яхшироқ қадрлашимиз керак… Раҳмат сизга…

Белла Қорамуллаевна энди «севгили талабалар» учун кино намойиш этилишини эълон қилиб, меҳмонни саҳнадан пастга, биринчи қатордаги иккита бўш стул томонга етаклади. Йўлкадагилар орасида тиқилиб турган қизнинг улоқтирган новдалари олдинги қатордагилар меҳмонга тутқазган гулларнинг устига келиб тушди.

Аждодларимизнинг жанговар ўтмишидан ҳикоя қилувчи тасмалар намойиш этила бошланди. Аммо, жаҳон экранларида «шаталоқлаб юрган» довруқдор филмдаги воқеалар талабаларни унчалик қизиқтирмаётгандек туюлар, улар ўзаро «висир-висир» қилишиб, нуқул экраннинг остки қисмига жовдираб-жовдираб тикилишаётганди. Барча, жумладан, Белла Қорамуллаевна ҳам, қудуқ ёнидаги ўлик қачон кўринишини сабрсизлик билан кутмоқда эди.

2000 йил.

ҚОРА БОДРИНГ

– Их-х!

Тўсатдан яна ўша ички шарпа пайдо бўлиб, тирноқдор панжасида юракнинг нақ сўпписини чангаллади. Иликлангунча чайналган анжир Босволдининг томоғига чандирдек қадалгач, бор кучи билан ютиниб, талвасали қиёфада ўрнидан турди.

Азалдан шунақа – бирон кўнгилсизлик юз беришидан олдин танасининг ичида қандайдир шарпа ғимирлаб қолади. Буни илк бора болалик чоғида, шаҳарнинг айнан шу бозорида пистафурушлик қила бошлаган пайтларидаёқ сезган. Ўшанда эллик биринчи йилнинг кеч кузи эди, билдириксиз бир ички шарпа юракни тепадан ғижимлаб ғашлантираверди. Бунинг нима эканлигини сал кейинроқ, урушдан пешанаси ямоқ бўлиб қайтган Султон мелиса, пистани Сталиннинг сурати бор газетага ўраб сотгани учун уни бозордан судраб чиқиб, кетига тепиб ҳайдаган лаҳзада англаб етди. Баттол шарпа бўлажак дилхираликнинг даракчиси эканлигига биқиниб-қисиниб атторлик қилишга тутинган, паттачиликка кўтарилган даврларида ҳам, бозорни шахсан бошқариш мартабасига эришганидан кейин ҳам, кўп марта амин бўлди.

Босволди дастурхоннинг учини қайириб, столдаги анжирли тақсимчанинг устини ёпгач, идорасидан ташқарига чиқиб, атрофга ҳадикли назар ташлади. Поғонадан тушиб, дўконлар тизими бўйлаб одимлаган куйи, мева-сабзавот савдоси қизиб турган қўшгумбазли тим томонга йўл олди. Беш-ўн қадам юриб-юрмай, атир-упа дўкончаси ёнида паканагина йигит ўзидан икки баравар бўйчан қизнинг елкаларига осулгудек бўлиб, бурнига бурнини ишқаётганини кўрди-ю, тепа сочи тиккаланиб, таққа тўхтади.

– Ҳў, лайча! – кўзлари чилимдаги ўтдек чўғланиб, вангиллади Босволди. – Исловатхонамас, бозор бу! Ҳе, симёғочга тирмашган мантўрга ўхшамай ўл…

Босволди бошини ҳўкизсузиш қилиб, ошиқ-мошиқлар сари юраётганида, Ниғмон паттачининг: «Осмонда бургут кўринди, ҳа-ҳов!» – деган товуши диққатини тортди, ўша ёққа ярқ этиб қаради. Ниғмон паттачи маънодор қиялаб, мўйловида тим тарафга ишора қилди. Босволди кескин зийракланди, қисиқ кўзлари тимнинг остини титкилаб-титкилаб, ниҳоят, бир нуқтада тўхтади. Қайсидир «дўнглик»дан сурилиб, яқинда ҳокимиятга ишга ўтган Гўга Гадоевич ғўдайганича раста кезаётгани, ора-сира деҳқонлар билан гап чўқилашиб қўяётганини кўрди. «Менга учрашмай, ўзича бозор кезиб юришида бир хосиятсизлик бор-ов», деган ўйдан юраги янада хижилланди. Ниғмон паттачига сирли сузилиб, иккала қўли билан ҳавони чирманда шаклида чизган тарзда сеҳрли топшириқни берди, сўнгра ўзини харидорларнинг панасига олиб, Гўга Гадоевичга ўғринча яқинлаша борди.

Гўга Гадоевич таппак дўппили сотувчининг олдида тўхтаб, пештахтага терилган бақлажонлардан бирини қўлга олиб, уни бурун жийирган асно кўздан кечираркан: «Олтиариқликмисиз, ўртоқ деҳқон?» – дея жўғрофий савол ташлади. Сотувчи: «Янгийўлликман», деб жавоб қилгач, мийиғида тиржайди:

– Дарвоқе, Олтиариқнинг бодринглари кўк бўлгучи эди. Хўш, қора бодрингни қанчадан сотяпсиз?

– Бу бодрингмас, ака, – беихтиёр кулиб юборди сотувчи. – Бақлажон бу.

Гўга Гадоевичнинг бирдан ёноғи титради:

– Нима? Сизни деҳқон деб ўйласам, олиб сотар экансиз-да? Қаранг, нимани сотаётганингизниям билмаяпсиз.

– Худо хоҳласа, яқинда қирққа кираман, бизни жа ёш бола қилворманг. Ҳарқалай, бодрингни бақлажондан ажратармиз.

Шефнинг тугалай феъли айниши умумбозор миқёсидаги ишларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан чўчиган Босволди шамсияли аёлнинг панасидан лип этиб чиқиб, сотувчини пўписага кўмиза бошлади:

– Э! Қанақа одамсан? Ўзингдан катта киши бодринг деб турибди-ю, сен нуқул бақлажон, бақлажон, дейсан. Қани аҳлоқ? Қани одоб?

Босволди тарбиявий пўписани тугатибоқ, туйқусдан мулойимланди, Гўга Гадоевичга таъзимланиб, қуюқ саломлашди. Шеф бозорқўм билан қўл учида кўришаётиб, норизо сиёқда чимрилди:

– Бозорингизда тартиб қолмабди-ку, оқсоқол. Мана, қора бодрингни бақлажон деб сотишяпти. Харидорларнинг ҳуқуқига ҳурмат шуми?

Босволди сотувчига такрор ўқрайиб: «Сен каллаварамга ким торози берди ўзи? Бозордан учирвораман-а, ҳов!»– деб дағдағадан болохона қурди. Сабзифурушлар қаторига кириб олган Ниғмон паттачи сотувчига зимдан чақчайиб, жағ силади. Сотувчи уч овчининг ўртасида қолган қуёндек гарангсиб: «Нима, буларга бақлажон деб мен от қўйибманми?» – дея ўзини оқлашга уринганини билади, бозорқўм кафтини унинг оғзига пешма-пеш ниқтаб: «Яна бақлажон дейди-я, яна бақлажон дейди-я! Ўчир!» – деб девдек давараланди.

– Шуни бодринг десам, қутуламанми? – йиғламсирагудек бўлиб шарттакиланди сотувчи. – Бўпти, ана, олинглар бодрингдан.

– Қора бодринг! – бармоғини осмонга бигизлаб, сотувчига танбеҳ берди Гўга Гадоевич. – Мана энди айтинг, қора бодрингни қанчадан сотяпсиз?

Сотувчи сўзга лаб жуфтлаб улгурмай, Босволди қайтадан орага суқулди:

– Каллангни ишлатиб, инсоф билан гапир. Балки, олдингда масъул вазифадаги одам тургандир. Балки, шунчаки нарх-навони ўрганиб юргандир…

Сотувчи Гўга Гадоевичга бу гал ҳушёр тортиб қаради. Муомаласи ҳам илиқлашди:

– Кўнгилдан чиққанини бераверинг, ака. Бизга деҳқончилик бу… қора бодринг.

– Боракансан-ку, азамат! – оғзининг таноби қочиб, сотувчини алқашга ўтди Босволди. – Ана, қора бодринг десаям бўларкан-ку.

Шу паллада, тўрсимон кепка кийган терсфеъл йигитча Босволди ва Гўга Гадоевичнинг орасидан музёрардек ўтиб келиб, сотувчига кўкимтир кўзойнакнинг устидан мўралади:

– Бақлажон неччи пул бўлди, амаки?

Сотувчи йигитчанинг икки ёнидан гезариб турган кушандаларга хижолатланиб қараб қўйгач: «Илтимос! Шу топда бақлажон демай тургин, укажон», дея илтижоланди.

– Ий! – тўркайиб термилди йигитча. – Нима дей бўлмаса?

– Манави амалдор акамиз буни қора бодринг деб турибди. Гапини тўғри демасам, бозордан ҳайдаладиганга ўхшайман.

– Буларнинг суяги эски идораларда қотган, ҳалиям айтганим айтган деб ўйлашади, – болаларча илжайиб, бепарво қўл силтади йигитча. – Ҳозир демократия замони. Энди ҳеч қўрқмасдан бодрингни бодринг, бақлажонни бақлажон десак бўлаверади.

Аллақандай «хамак»нинг дашноми Гўга Гадоевичга оғир ботиб, аламдан бағбақаси пирпиради, шартта ортга бурилиб, тез-тез одимлаганича кўздан узоқлаша бошлади. Босволди бир муддат типирчиланиб турди, сўнг Гўга Гадоевичнинг кетидан чопишга шайланаркан, сотувчига кўз олайтириб ғижинди:

– Ҳаҳ, қишлоқи… Қараб тур ҳали!

Сотувчи бу сафар бозорқўмга ҳаволаниб боқди:

– Бунақа қашқирқараш қилманг! Сизга ўхшаганлардан қўрқадиган жинни йўқ! Манави тирмизак менга тўғри дакки берди…

Босволди ғойиб бўлгач, сотувчи: «Э, ҳайрият-э, бақлажонни бемалол бақлажон дейдиган кунам боракан-ку», дея эркин нафас олди. Дазмол кўрмаган яктагининг чўнтагидан носқовоқни суғираркан, теваракка очиқ чеҳра билан юзланиб, баралла сайрашга тушди:

– Кепқолинг! Янги бақлажон, ширин бақлажон, арзон бақлажон! Э, демократияга офарин! Опқолинг бақлажондан! Ҳаҳе-э-й!!!

Бу ҳайқириқлар керакли изни искалаб бораётган Босволдининг қулоқ пардаларида мазахли садоланиб, таъбини баттар хиралаштирди: «Охири барибир ишкал бўлди! Ўша ички шарпагаям, қора бодринггаям минг лаънат!»

2003 йил.

«ВАЛ… ВАЛАЙ…»

Ёмғирали таҳоратини янгилаб, шом намозини мачитда ўқиш учун дарвоза сари юрганида, кўчадан кимдир уни шанғиллаб чақирди. У лаббайланиб ўтирмасдан, охирги уч қадамини тезлата бориб, дарвозани очди. Қараса, ўнг чироғи цинган машинага ўхшаб, Ширмон биркўз турибди.

Чақирган одами шу заҳотиёқ қаршисида ҳозир бўлишини кутмаган Ширмон биркўз муштланган хонтахтадаги туздондек сапчиб тушди.

– Келинг, Ширмон ака, – деб манглайини тириштирди Ёмғирали. – Мачитга шошиб турувдим. Бизга хизмат бормиди?

Ширмон биркўз соғ «чироғи»ни терговчиникидек чарақлатиб, Ёмғиралининг нигоҳига қадади.

– Майли, шошаётган бўлсанг, гапни калтароқ қилай,– дея мушукланиб яланди у. – Ҳм-м… Урайим новча калхўзимиздаги аптагаражга мудирлигида сен унга шопирлик қилгансан. Тўғрими?

Тасдиқ жавобини олгач, Ширмон биркўз моғорёқа кителининг чўнтагини титкилади, чап қўлида муқоваси бужмайган дафтарча, ўнг қўлида думи чайналган қалам пайдо бўлди. Шундан сўнг, Урайим новча мудирликда кимларга нималарни сотиб тирикчилик қилгани тўғрисида у-бу нарсалар билиб олмоқчи эканлигини, ҳозир борини шовуллатиб тўкмаса, Ёмғиралининг ўзини ҳам товоқдошликда айблаб, шармандасини чиқаришини айтди.

Ёмғирали пинагини бузмай, мийиғида кинояли кулимсиради:

– Бунақа дўқлар билан чумчуқни қўрқитинг. Қишлоқда осилмаганингиз мен қолувдим.

– Қўрқма, сенга астойдил осилмоқчи эмасман, – мурувват кўрсатган бўлди Ширмон биркўз. – Урайим қилган қинғир ишлардан, ҳеч бўлмаса, бир жуфтини менга ўрмалатгин-у, яхшилик билан тарқалайлик. Уқдингми?

Ёмғирали Ширмон биркўзга чимрилиб боқди:

– Калхўз йўқолиб кетганига анча бўлди. Урайим ака ҳозир пенсияда. Сизга нима қилди у?

– Маълумот беришдан олдин, айбини билволгинг келаётган бўлса, хўп, айтай, – тулкиланди Ширмон биркўз.– Урайим ўзи биринчи бўлиб менга ёпишди. Бўлмаса, уни пайпаслашдан бўлак ишим йўқми?

Душманликка сабаб бўлган воқеани эшитиб, Ёмғиралининг қорнида кулги чулдиради. Ширмон биркўз кўчадан кетиб бораётса, Урайим новча томорқасига сув очиб турган экан. Буниси ўзини пастроқ олиб, «ассалому алайкум» деса, униси нохушгина «вал..» деб, хиёл бош қимирлатиб қўйибди.

– Амалдорлигида ундан «Москвич»имга битта карданний вал сўраб борсам, омбордан топиб бериб, пулини буғолтирга тўлаб қўярсиз, деганиди, – негадир ғижиниб хотирлади Ширмон биркўз. – Ана тўлайман, мана тўлайман деб юриб, паққос эсдан чиқиб кетганакан. Мана, охири «вал-л» деб, ўша эски темирни шама қилди-я. Вой, ўғривачча-эй! Шунча ўмарган нарсангдан биттаси текинга кетса, ўлиб қолмассан!

Ёмғирали бўйнини қашиб туриб, Урайим новчанинг жуда ҳалол одамлигини урғулагач, у «вал» деганда ўша кардан валини хаёлига ҳам келтирмай, «ваалайкум»ни қисқартиб айтган бўлиши мумкинлигини тахминлади. Кейин: «Шунчалик ўпкалаган экансиз, буни ўзига таъналаб қўя қолмабсиз-да, ака», деб қўшимча қилди.

– Нима, мени индамай кетадиганлардан деб ўйлаяпсанми? – чўччанглади Ширмон биркўз. – Ўрнидаёқ тузладим уни. Жойингда қимирламай тур, дедим. Ҳозир бошқатдан салом бераман, одамдай алик олишни ўрган, дедим. Уқдингми?

– Уқдим, Ширмон ака, уқдим. Кейин нима бўлди?

– Кейин, икки қадам орқага қайтиб, ёнидан яна салом бериб ўтдим. Барибир, ўша туриш – ўша туриш. Бетимга қарамасдан, «валай…» деб қўйди, холос. Шунда аниқ билдимки, менга ичида кири бор.

Ёмғирали Ширмон биркўзга ҳафсаласиз тикилиб: «Бунақа тор бўлманг-да, ака. Кейингисида «валай» деб аниқроқ айтибди-ку», дея дакки берган бўлди. Буни эшитиб, Ширмон биркўз жаҳлланганича лунжини титратди:

– Бу каллами, ноғорами? Кейинги гапи олдингисиданам баттарлигини пайқамадингми? Урайим «валай» деган гапни «валяй»га ўхшатиб айтди. «Валяй» бу– ўрисчада «қорангни ўчир» дегани. Ҳе, тил билмаган қолоқ!

Сўфининг азон чақираётгани эшитилди. Ёмғирали: «Бўпти, мен борай бўлмаса», дея суҳбатни чала қолдириб, мачит томонга юрди. Тўрт-беш одим ташлаб улгур-масидан, ортдан: «Вей, бола! Бу туришда ўзинггаям ёмон бўлади-я!» – деган вағиллоқ товуш таралди. «Худонинг уйи»га бораётган Ёмғирали қандайдир нотавон банданинг дағдағасига парво қилмай, йўлидан жимгина кетаверди.

2005 йил.


ТОШПЎЛАТ ТАЖАНГ АНКЕТАСИГА ЖАВОБЛАРДАН

1. Суқротнинг “Ўйлаб-нетиб ўтирмай шартта уйлан, хотининг яхши чиқса-ку – хўп-хўп, ёмон чиқса – файласуф бўласан”, деган гапини ёшларга изоҳлаб беролмайсизми?
— Суқрот бобонинг бу гапини “оламда хорлик кўрмайин десанг, уйланишдан олдин фалсафа билан қаттиқ шуғулланиб юравер”, деб тушунганлар кам бўлмайди.
2. Мабодо, тижорат билан шуғулланишингизга тўғри келиб қолса, нима билан савдо қилган бўлардингиз?
— Оддий гапни олиб, бадиийлаштириб сотиш билан кун кўриб келяпман-ку.
3. Винолардан бири “Жасорат” деб аталади. Бошқа шаробларга яна қандай номлар бериш мумкин? Нима учун?
— “Шоҳсанам” деб атаган маъқул. Чунки, винохўрлар “Ғариб”ликка энг ёрқин номзоддир.
4. Нега карнай нотага қараб чалинмайди?
— Нота – қонун, карнай – туғма қонунбузар.
5. Қандай яхшиликдан қандай ёмонлик яхши?
— Душманинг елкангга миниб мақташидан кўра, оёғингнинг тагида ётиб қарғаши яхшироқ.

MQM_0176.JPG Anvar OBIDJON
HANGOMA VA HIKOYALAR
02

AYOLLAR VA XAYOLLAR

1. EHTIROS KAMROQ BO‘LSIN

– Buncha xilvat ekan bu yer?

– Ha! Bunday xilvat joylar savob ish uchun yaratilmagan!

– Voy, nima qilyapsiz? Qo‘lingizni oling. Erim bilib qolsa…

– Tupurdim o‘sha eringizga. Oshqovoq nima-yu, u nima.

– Hamma erkaklar ham oshqovoq. Faqat, po‘sti har xil.

– Bahomni oshirib yubordingiz. Rahmat! Men ahmoq sizni tushlarimda ko‘rib yuribman. Kecha tushimda hatto o‘pib oldim. Mana bunday qilib…

– Bo‘ldi! Bas! – stolni shapillatib qichqirdi rejissyor. – Repetitsiya tamom!

U grimxona sari borayotgan artist yigitning ortidan xo‘mrayib qarab qo‘ygach, «yengiltak ayol» rolida o‘ynayotgan aktrisaga o‘grilib, do‘ng‘illadi:

– Bugun sal kechiksam kerak. Qizchamizni bog‘chadan olib, to‘g‘ri uyga jo‘na.

2. KO‘NIKIB HAM KETARSIZ

– O‘zi nima gap? Nega yig‘layapsiz, singlim?

– Anavi uyatsiz chol…

– Xo‘sh, xo‘sh?

– Manavi yerimni…

– Xullas… tuf, – og‘zidagi nosni purkab, bamaylixotir gap boshladi chol, – oyimtillaning o‘sha joyini siypaladim. Siypalashga haqqim bor.

– Hm-m, bilasizmi… Sirasini aytganda, bizda odat shunaqa, singlim. Anavi ayollar ham dastlabki paytlarda sizga o‘xshab qimtinib yurishardi. Mana endi, siypalash u yoqda tursin, hatto, kiyimingni yech desangiz ham… Qisqasi, sharoitga tezroq ko‘nikishga urining…

Direktorning bu gapidan keyin, go‘sht kombinatining tashmachilikka qarshi kurashuvchi qorovuli tantanavor qiyofada soqol silab qo‘ydi.

1978 yil

BAYRAM INTYERVYUSI

Jamoatchi hajvchimiz bayram arafasida ulfatchilik fanlari doktori Maishat Maishatovich bilan suhbatda bo‘ldi. Ko‘pchilikka otning qashqasidek tanilib qolgan Maishat Maishatovich yangi yilni kutib olish tartibi haqida o‘z toifasidagi shaxslarga qarata gapirib, shunday dedi:

– Qadrli shishadoshlar, aziz hamtovoqlarim! Mana, yangi yil hali probkasi ochilmagan «Portveyn»dek qarshimizda mahtal turibdi. Naqadar g‘aroyib bayram bu. Uning o‘ziga xoslik tomoni shundaki, bu kuni erkak zoti yoppasiga ichadi. Ichishni o‘rgangan ayollar esa, oraga suqilishib, davramizni yanada kengaytiradilar. «Yaratganning oldida shohu gado barobar», deganlaridek, ichilgandan so‘ng yoshi, jinsi, kasbi, amalidan qat’i nazar, hamma bir xilda aljiray boshlaydi. Sipolik, royishlilik, rasmiy gap-so‘zlarga barham berilib, suhbat chapani tus oladi. Natijada, davradagilar o‘rtasida mazmuni uncha chuqur bo‘lmagan bahslar boshlanib, kollektiv ravishda janjallashish tuyg‘ulari kamol topadi. Menimcha, birgalashib ichishning nafosati, olamning gulistonligi ana shunda.

Lekin, bunday ajoyib davralarda qatnashish, bazmi jamshidning boshdan-oyoq ishtirokchisi bo‘lish siz o‘ylaganchalik oson ish emas, birodari azizlar. Kishi bunga jiddiy ravishda har tomonlama tayyorgarlik ko‘rgan bo‘lishi kerak. O‘zimning ko‘p yillik boy tajribamga tayanib, xuddi shu masalada sizlarga ayrim maslahatlar berib o‘tmoqchiman.

Xullas, ichishni o‘ttiz birinchi dekabrning ilk tongidan, ya’ni kallai sahardan boshlagan ma’qul. Ertalabki bu mashg‘ulot unchalar achimagan pivo yordamida o‘tkaziladi. Xo‘rak uchun qalampirlangan qurut, kapchyonka yoki sho‘rdanak hozirlab qo‘yishni unutmang. Pivoga tuz sepib ichish qit’iyan man qilinadi.

Uch-to‘rt shisha pivo otib olingandan keyin, kishining ko‘z tomirlarida ultra qizg‘imtir rang alomatlari paydo bo‘lib, miya to‘qimalarida yengil sarxushlik seziladi. Demak, olam guliston! Endi tamaki mahsulotlarini tutun holida ermak qilib, picha dam olishimiz mumkin.

Soat o‘n birlarga borib, mashg‘ulotning ikkinchi bosqichiga o‘tamiz. Bu paytda pivolarni chetga uloqtirib, shampandan bahra olish fursati yetgan bo‘ladi. Qopqoqni raketa qilib uchirganimizdan so‘ng, noyob ichimlikni kattaroq idishga to‘ldiramiz-da, uni bir ko‘tarishda urib qo‘yamiz. Qarabsizki, olam yanayam guliston!

Mashg‘ulotning uchinchi qismi odatda tushlikdan keyin boshlanadi. Mazkur bosqichda biz u yoki bu nomdagi o‘zimizbop vino bilan muloqotda bo‘lamiz. Vinoni har yarim soatda yuz ellik grammdan oshirmagan holda ag‘darma qilish tavsiya etiladi. Uchinchi bosqichning oxirlariga borib, mashg‘ulot o‘tkazuvchining qorin qismida burama og‘riq paydo bo‘lishi tabiiy, chunki vino, pivo va shampan oshqozonda uchrashib, ayovsiz reaktsiyaga kirishadi. Ayrim tajribasiz ichuvchilar bundan zarracha sarosimaga tushmasliklari kerak.

Zahmatli va huzurbaxsh mashg‘ulotimizning to‘rtinchi bosqichi kechki ovqat arafasida boshlanib, kishi o‘zini idora qilolmay qolgunga qadar davom ettiriladi. Endilikda navbat araqqa kelganini o‘zingiz ham sezib turgandirsiz, aziz shishadoshlarim. Bu bosqichda kishi o‘zini butunlay erkin his qiladi. Davrada ham vaziyat boshqacha: birov-birovni mensimay qo‘ygan, hamma gapirishni istaydi, ammo uni eshitadigan odam yo‘q, birov o‘lib ketgan momosini eslab yig‘lasa, boshqasi gerdayganicha ashulani vajang qiladi. Qisqacha aytganda, olam nihoyatda guliston!

Mana endi chinakam bayram boshlandi, desak ham bo‘laveradi. Siz bilan biz esa uni maroqli o‘tkazishga allaqachon tayyormiz. Chunki, erta sahardan boshlangan tinimsiz mashqlar natijasida tanamizni obdon chiniqtirib, o‘zimizni qadahbozlik jangiga puxta shaylab olganmiz. Endi bizni yengish ancha mushkul. Hatto «Konyak» atalmish markai oliylari ham bizni osonlikcha yiqitolmaydi.

Bir narsani alohida ta’kidlab o‘tishim lozim: mashg‘ulotning dastlabki uch bosqichi uydan chiqilmagan holda olib boriladi. Binobarin, ko‘cha-ko‘yda zaruratsiz sang‘ish hushyorxonaga tushish xavfini keskin oshiradi. Bu ko‘ngilsiz tadbir esa siz bilan bizning bayram dasturimizga kiritilmagan. To‘rtinchi – hal qiluvchi bosqich shishadoshlar davrasida qiyomiga yetkaziladi.

So‘zimni yakunlar ekanman, siz qadrdonlarga murojaat qilib aytamanki, bazm mashg‘ulotlarini uyushqoqlik bilan olib borib, ulfatchilikni kaminadek ustomonning qimmatli yo‘l-yo‘riqlariga qat’iy rioya qilgan holda yuqori saviyada o‘tkazaylik…

Bunday vaqtda bor ovozda baralla qichqirging keladi: «Bugun dillarda g‘alayon! Bo‘ldi! Yetar! Shishayu probkalar zo‘ravonligiga endi chek qo‘yaylik! Ichimliklarga ozodlik! Olam butunlay guliston bo‘lsin!»

1982 yil.

TO‘NNI TESKARI KIYISH

Yangi to‘qimachilik kombinati qurilishi haqida gazetada bir sahifalik tantanavor maqola berilgach, telestudiyadagilar ham birdan yeng shimarib qolishdi. Bosh muharrir meni huzuriga chaqirib, bu joydan shoshilinch ko‘rsatuv tayyorlashimni topshirdi.

Ishni bizni iliq kutib olgan quruvchilar-u, zarur ashyolarni qurilishga uzluksiz yetkazib berishga erishayotgan turnaqator mashinalarni suratga tushirish va ko‘pirtirib izohlashdan boshladim:

– Ko‘rib turganingizdek, eng zamonaviy kranlar o‘rnatilgani karvon-karvon yuk mashinalarini o‘z vaqtida bo‘shatish imkonini bermoqda. Ayniqsa, oilaviy pudrat asosida ishlashga o‘tgan Qovunchiev va Kabanovlar sulolasi sifatu tejamda barchaga namuna bo‘layotgani bizni quvontirdi. Besh yillik zarbdorlari hisoblangan Markaev, Jaloladze, Pak va Papandapulo o‘rtoqlar maxsus qurilgan chekish kapasida ham bekor o‘tirishgani yo‘q– prorab Layloev bilan navbatdagi rejalar to‘g‘risida kuyib-pishib suhbat qurishyapti.

Mana bu esa, quruvchilar ovqatlanadigan oshxona. Bir necha yuz kishilik ulkan kollektivga bu katalak torlik qilmasmikan? Qolaversa, oshxonada bor-yo‘g‘i besh xil ovqat tayyorlanar ekan. Tepsa tebranmas bosh oshpaz Kamoloxunovdan buning sababini surishtirganimizda, qovoq-tumshug‘i osilganicha lom-mim deyolmay qoldi. Rayon umumiy ovqatlanish idorasidagi kallador zotlar bu masalani jiddiyroq o‘ylab ko‘rsalar chakki bo‘lmasdi.

Qurilish rahbari Do‘mboqovni yaqinda mukofotga berilgan shaxsiy «Jiguli»siga o‘tirayotgan chog‘da uchratdik. Bu kamtarin inson teleekranda ko‘krak kerishdan iymangandek, «haqiqiy qahramonimiz – oddiy ishchilar, o‘shalarni suratga olinglar», deya boshqarmadagi yig‘ilishga jo‘nab ketdi.

Azamat binokorlar bu muhim ob’ektni shu yilning birinchi aprelida, ya’ni muddatdan ikki oy ilgari foydalanishga topshirish uchun kurashmoqdalar. Buni eshitib, shijoatkorlar maskanidan dilimiz zavq-shavqqa to‘lib, mamlakatimiz bo‘ylab keng quloch yoygan Qayta qurish jarayonining muqarrar g‘alabasiga ishonchimiz yanada mustahkamlanib qaytdik…

Ertasi barvaqt ishga kelib, montajni endigina tugallagan edimki, yana bosh redaktor yo‘qlatib qoldi. Borsam, turqi bejo.

– Ishlar chatoq, – dedi u. – Kecha kechqurun ministrlikda bo‘lgan yig‘ilishda to‘qimachilik kombinati qurilishi cho‘zib yuborilayotgani qattiq tanqid qilinibdi, gazetada asossiz maqtalgani ko‘rsatib o‘tilibdi. Endi borib, boshqacha ko‘rsatuv tayyorlaysiz. Ayamay do‘pposlang xumparlarni. Topshiriq shunaqa.

Xonaga shalviraganimcha qaytib, yurakni changallagudek ahvolda kresloga cho‘kdim: bu qanaqasi – kecha undoq deb borsam, bugun bundoq deb borsam… burd degan narsa qayoqda qoladi?!

Administrator qiz quyib uzatgan to‘qson beshinchi choyni bir-ikki simirishim bilan kallam yarq etib ishlab ketdi. «Nega endi boshqatdan suratga tushirish kerak ekan, – deb o‘yladim men, – tap-tayyor tasvirlar turibdi-ku!»

Shartta qog‘oz-qalam olib, yangi jumlalar tuza boshladim:

– Quruvchilar bemavrid kelganimizdan o‘ng‘aysizlanib, bizni soxta iljayish bilan kutib olishdi. Axir yuki soatlab bo‘shatilmay, machit ostonasidagi kalishlardek tizilib yotgan manavi mashinalar fonida suratga tushishga kimning tobi bor? To‘g‘ri, kranlar eng zamonaviy, ammo ish uslubi hanuz eskichaligi qattiq pand bermoqda. Intizom sustligi, o‘zaro talabchanlik yo‘qligining boisi shuki, bu yerda qarindosh-urug‘chilik kuchayib, hammayoqni Qovunchiev va Kabanovlar bosib ketgan. Bu ham yetmagandek, Markaev, Jaloladze, Pak va Papandapuloga o‘xshagan takasaltanglarga maxsus kashandalar joyi qurib qo‘yilgan. Qarangki, prorab Layloevning o‘zi bekor vaqillashda ularga o‘rnak bo‘lib turganining ustidan chiqdik.

Mana bu esa, quruvchilarning ovqatlanish joyi. Ishining bosh-uchi yo‘q boqibeg‘amlarga shunday shinam oshxona qurish shartmidi? Tag‘in har bir tekinxo‘r uchun besh xildan ovqat tayyorlanayotgani-chi? Menimcha, qo‘li gul pazanda Kamoloxunovning nega qovog‘i uyilib turganini tushunish qiyin emas – qoloq uchastkaning xo‘randalari haddan ziyod taltaytirib yuborilmayaptimikan? Rayon umumiy ovqatlanish idorasidagi o‘rtoqlar bu haqda jiddiy o‘ylab ko‘rishsa, chakki bo‘lmasdi.

Qurilish rahbari Do‘mboqov bizning daragimizni eshitib, qandaydir yo‘llar bilan mukofotga olgan ziynatdor «Jiguli»sida qochib qoldi. Balki hamma aybni oddiy ishchilarga ag‘darib, bu safar ham boshqarmadagi homiylarning panohiga oshiqayotgandir?

Bu muhim ob’ektni shu yilning birinchi aprelida foydalanishga topshirish planlashtirilgan. Ahvol shunday davom etsa, kelgusi yilda bitishi ham amrimahol. Shular haqda o‘ylab, ushbu harobadan qaytar ekanmiz, mamlakatimiz bo‘ylab keng quloch yoyishi lozim bo‘lgan Qayta qurish jarayonining taqdiri bizni qattiq tashvishga soldi…

Mana, bugungi gaplar kechagi suratlarga binoyidek yopishdi-qoldi. Jurnalist mahorati degani bundan ortiq bo‘ladimi? Kallamga qoyil-e! To‘qson beshinchi choyga ofarin-e!

1989 yil.

TUSHUNTIRISH XATI

Uchaskavo‘y melisamizga yozib ma’lum qilamanki, men kim – oddiy sovet bangisi, qo‘sh gumbazli hammomning ilg‘or o‘t yoquvchisi, adolatparvar deyilguchi mamlakatning adolatga tashna grajdani, adabiy nag‘mada aytganda, fuqarosidurman.

O‘rtoq kapiton! Sizga ustimdan tag‘in shikoyat tushganini eshitib, haddan tashqari xijolat bo‘ldim. Xotinim o‘zi shunaqa, maktabda o‘qib yurganda devoriy gazetaga redaktur bo‘lgan, jo‘rnolistlik kasali hanuz qo‘zib turadi. Xuruji tutganda, eng yaqinidagi odamga, ya’ni shundoq qo‘shni bolishda yotuvchi kaminaga yopishadi.

O‘tgan kuniyam shunaqa bo‘ldi. Men ahmoq ishdan yutaqib kelib, bitta choy buyuribman. Choynakni do‘q etkazib oldimga qo‘yib ketdi. Bir qaytarma qilay deb piyolaga qo‘ysam, kartishka qaynatilgan suvning o‘zginasi. Jahlim qo‘zib: «O‘, enasini ko‘rmagan, shuyam choymi?»– deb, va hokazo, yana hokazo gaplarni aytib, andak tergab o‘tdim.

Xotin kishi degani asalarining yashig‘iga o‘xshaydi, sal tegsang, baloga qolasan. Shu zardam bahona bo‘ldi-yu, bir vaqt qarasam, men palon gektardan palon tsentnerdan makka olgan brigadirman, palon joyga deputotman, sen kim bo‘psanki, menga oliftachilik qilasan, deb tepamdan uchib yuribdi. Arizasida menga siyosiyroq ayb yuklaganiga kelsak, bu gaplarning chiqishiga o‘zi aybdor. Qo‘lini biqiniga choynaksop qilib, masalangni jensovetga qo‘yaman, dedi. Shunda, men battar tutaqib, jensovet, selsovet va hokazo, yana hokazo sovetlarni bo‘ralab tashladim. Ammo, buni manmansirab ketib, qasddan aytganim yo‘q. Zero, men pahlavon hukumatimizda qancha sallot-u, qancha zambarak borligini yaxshi bilaman.

Shu desangiz, o‘rtoq kapiton, xotinim: «Hali shunaqami?» dedi-yu, tashqariga qarab yurdi. Hovlini kesib o‘tayotib, hovuzcha bo‘yida tahorat olayotgan otamni vahshiylarcha turtib yubordi. Chol u tarafga uchdi, obdasta bu tarafga. Otamning hovuzga ag‘darilishi bir nav, chunki u pishiq suzuvchi, urushda Dneprni kechib o‘tgan. Lekin, tilsiz-jag‘siz yap-yangi sopol obdasta bekorga pachaqlanganiga ko‘p achindim. (Bu gapimdan keyin, g‘ilay demay, chillashir demay, mahallamizdagi bor yigitni qurilish batalyoniga jo‘natishayotgani kabi, «pishadi» degan bahona bilan, obdastalarniyam armiyaga olish boshlanmagani durust).

Cholni quritish uchun paqqos kiyimini yechib, ayvondagi so‘riga yotqizdim. Ustiga endigina choyshab tortganimda, rayijroqo‘mda shopirlik qiladigan ukasini ergashtirib, xotinim keldi. Qaynog‘am ko‘zini folchining pildirog‘idek aylantirib, menga tiraldi. Qirq besh yil yashab, umrimda bunaqa so‘kish eshitmagandim, bir zumda achamni bojamga aralashtirvordi. Hov, go‘dak, dedim unga, pochchangni hurmat qilmasang, sochimdagi oqni hurmat qil, dedim. Shunda u: «Kim go‘dak?» – deb bo‘ynini cho‘zdi. Xato gapiribman, kechirgin, uka, dedim unga, ko‘rib turibman, bo‘g‘oz xotin obberishsa, bola ko‘radigan bo‘pqolibsan, dedim. So‘zim tugab-tugamay, gardanimga gursillatdi. Shunda: «He, o‘sha opangni medaliga…» deb, va hokazo, yana hokazo gaplarni ishlatib, biqiniga soluvdim, opasi orqamdan, ukasi oldimdan tirmashib, meni novvosag‘darish qilishdi. Itlarning yaylovdagi tanishuviga o‘xshagan sudra-sudra boshlandi.

So‘rida yotgan otam menga achinib ketdimi, choyshabning tagidan chiqib kelib, bizni ajratishga tushdi. Cholning ahvolini ko‘rib, xotinim betini to‘sganicha dahlizga qochdi. Keyin qaynog‘am «bu uydagilar hammasi jinni», deb ko‘chaga otildi.

O‘rtoq kapiton! Xotinim nuqul siyosatni ro‘kach qilib, rayijroqo‘m xodimi, Afg‘on urushi qatnashchisi bo‘lgan ukam ayovsiz do‘pposlandi, deb yozibdi. Bu qip-qizil tuhmat. Birinchidan, haqorat qilishni qaynog‘am o‘zi boshladi. Hukumat vakili ekanini hisobga olib, to shapaloq tortguncha indamay turdim. Vaholanki, ovozini vaqtida o‘chirish uchun bo‘yniga tayyor chandilgan galsto‘kni ozgina tortib qo‘yishim kifoya edi. Afg‘onda bo‘lganiga kelsak, shu bolaga ishonib po‘rma berishganiga hayronman. Bir kuni undan «urushda dushmanni do‘stdan qanday ajratarding», deb so‘rasam, «ko‘zini rangidan», dedi. Shu bilan bitta kazarmada yotganlarning yuragiga balli.

O‘rtoq kapiton! Xullas, opa-ukaning ig‘vosiga uchmang. Bu muttahamlarga qolsa, hatto Farg‘onadagi isyonniyam mening bo‘ynimga ag‘darishadi. O‘zi bu yoqda aybni kimga to‘nkashni bilmay turishibdi.

Yana shikoyatdagi gaplarga qaytsak, qaynog‘am ketganidan keyin alam ustida dahlizga kirib bordim. Senmi hali meni ukangga kaltaklatadigan, deb, shartta xotinimning sochidan changallab, va hokazo, yana hokazo harakatlar qilib, uni odamgarchilikka chaqirdim. Afsuski, tarbiya ko‘rmagan bu ayol oilaviy tartib-intizomga tupurib, otasinikiga ketib qoldi. Peshanam sho‘rligidan xo‘rligim kelib, kechasi bilan chilim tortib chiqdim. Natijada ikkita to‘shak, uchta ko‘rpa va hokazo, yana hokazo matohlarga cho‘g‘ tushib, kichik yong‘in chiqdi.

O‘rtoq kapiton! Erta-indin xotinim qaytib kelgudek bo‘lsa, shu kuygan lattalarni pesh qilib, yangi bir shikoyat yozishi turgan gap. Siz u chalasavodga yaxshilab uqtirib qo‘ying – hozir demokratiya zamoni! Demokratiya deyilganda, amerikalik kimni so‘ksang so‘kaver deb, frantsiyalik kimni o‘psang o‘paver deb tushunadi. Men uchun bu– qaerda cheksang chekaver degani. Huquqim poymol etilmasin!

Yana bir gapim bor, o‘rtoq kapiton. Bundan keyin pogonni xor qilib, er-xotinning o‘rtasiga tushib yurmang, kattaroq ishlar bilan shug‘ullaning. Masalan, men bo‘g‘zi uzilgan obdastani chorsiga tugib, rayon sug‘urta idorasiga borsam, tahorat vositasining sinishi tabiiy ofatga kirmaydi, deb haqini to‘lashmadi. Iltimos qilaman, shu ishni qattiq tekshirib, tegishli pulimni undirib bersangiz. Agar ish o‘ngidan kelsa, o‘zlarini hammomda shahonasifat bug‘lab, keyin ikkalamizdan ortmaydigan kobili sho‘rva qaynatib, va hokazo, yana hokazolarni iste’mol qilib, bir yayragan bo‘lardik.

Bor gapim shu. Iloyim, salomat bo‘laylik.

1989 yil.

XORIJ RADIOSI VA … KALISH

Pul almashtirilayotgan bonkani eslatuvchi tiqin bekatda «Frunzening haykalini-ku majaqlashdi, lekin tagidagi otda nima ayb?» – degan mulohazani kallada ezg‘ilab turuvdimki, yelkamga «shap» etib tushgan qo‘l xayolimni bo‘ldi. Og‘zida pivaning qoldig‘i ko‘pirayotgan ayvonpeshana banda meni o‘ziga o‘girib, ko‘zimga sho‘ng‘ishga intildi:

– Kalishimni nima qipqo‘yding, uka?

Uchoqlarni, harbiy kemalarni o‘marishga o‘tgan zamonamiz chakkibosarlari sha’niga isnod bo‘lib yog‘iluvchi bu xarxashadan dovdirab qoldim. «Qanaqa kalish?» – deya anqayib savol berdim.

– Tashi qora, ichi qizil… Patagi guldor sholchadan…

– Kalla joyidami? Menga kalishingizning nima keragi bor?

Ayvonpeshananing ko‘zi gilosdan sitilayotgan danakdek bo‘rtib chiqdi:

– Ha kerakmas-a! Kerak bo‘lmasa, osongina do‘ppi turganida, atay oyog‘imdagini ilib ketarmiding? Kalishimni nima qipqo‘yding, uka?

Bekatda ulov kutaverib diqqati oshganlarga ermak o‘z oyog‘i bilan keldi, «cho‘qi-cho‘qi»ga itqitilgan xo‘rozlardek jonli doiraning ichida qamaldik-qoldik. Birovning kulfatidan tomosha yasovchilar bema’nilikdan ma’ni qidirishga urinishadi.

– O‘lar jonga nimani talashyapti bular?

– Kim nimani shilibdi o‘zi?

– Anavi manavining kalishini yopishtirganga o‘xshaydi.

Ayvonpeshanani esa shu topda na atrofdagilar, na atrofdagilarning fikri qiziqtirayotgandi.

– Aybim anavi supada sal ko‘zim ilinganimi? – deya xurujini davom ettirdi u. – Kuning menga qolganakan, paypoqni urib ketavermaysanmi, jo‘lik. Yalangoyoqdan ko‘ra qo‘lantayoq yursam, elda bunchalik beobro‘ bo‘lmasidim. Ma, buniyam ol endi!

Shunday dedi-yu, qo‘lidagi saxtiyon paypoqni yuzimga otdi. To‘qson birinchi yilning o‘n to‘qqizinchi avgustida bir piyonista uyimga tuyqus kirib kelib, GKChPning mazkur mahalla bo‘yicha favqulodda vakili ekani, unga oliy ma’lumotlilar xonadonidagi araqlarni musodara qilish topshirilganini aytganida, bisotimda loaqal biror qultum musallas yo‘qligidan o‘ta noqulay ahvolda qolgan edim. Shu chog‘dagi xijolatpazlik undan ham o‘tib tushdi.

– Menga qarang, aka… jon aka, – dedim, ayvonpeshanaga yalinchoqlanib, – do‘konni qo‘yib turaylik, eng zo‘r kalish chayqovda qancha?

– Kavlanma! – deya cho‘ntagimga suqilayotgan qo‘limni shapatiladi u. – Sabzipo‘choq ro‘bilingni echkingga sol. Bir yotib turguningcha gugurt uch milliyon bo‘pqoladigan zamonda yuribsan. Menga molimni ber… Kalishimni nima qipqo‘yding, uka?

Qarasam bo‘lmaydigan. Raqibdan baland kelish uchun baqirib ko‘rish uslubini tanladim:

– Hov, mirzag‘ofil, meni kim deb o‘ylayapsiz? Taniqli zotlardanman! Kattakon bir simfonik orkestrda go‘snog‘orachiman! Nima, kalishingizni olib borib, oshnamning garmoniga yamaq qilamanmi?

Tomosha yasovchilar endi men tomondagi pallaga o‘tishdi.

– To‘g‘ri-da, shu odam kalishga zormi?

– Oyog‘idagi patinkani qara, mingtaligingni tepib o‘taman deb turibdi.

– Ho‘, peshanasi ishgan, qo‘yvor nog‘orachini!

Bekatdagi g‘ala-g‘ovur bozordan chiqayotganlarning ham e’tiborini tortib, tegramizdagi «xo‘rozboz»lar ko‘payganidan ko‘payib borayotganidi. Yuragimni g‘ulg‘ula qopladi. Birorta og‘zi maymoq: «Tuy ikkalasiniyam!» – devorsa bormi!

Xayriyat, davrada shu o‘ramning nazoratchi mirshabi paydo bo‘ldi. «Nima gap? Bizga qanday shikoyatlar bor?»– deya chimirildi u. Men to so‘zga og‘iz juftlagunimcha ayvonpeshana tashabbusni dangal qo‘lga oldi:

– Peshanam qursin, uka, kalishni urdirvordim. Gumonim manavindan!

Mirshab da’vogarning arzini chala-pula eshitiboq, qo‘limdagi diplomatga alohida shubha bilan boqdi. Qutichani ochib ko‘rsak bo‘ladimi, deya qo‘l cho‘zgan edi, bu narsa meniki emasligini aytib, tixirlanganimcha ortga chekindim.

Diplomat rostdanam meniki emasdi. Har gal ishxonamga hol so‘rab kirganida, goh shamsiyasini, goh shlyapasini, ba’zan, hatto, sigaretini unutib qoldiruvchi do‘stim doktor Parishoniy bugun diplomatini esdan chiqarib jilvorgani, birovning buyumini titish esa odob qoidalariga tomoman xilofligini tushuntirishga urinayotganimda, ayvonpeshana jon-jahdi bilan yana yoqamga yopishdi:

– Namuncha gapni aylantirasan, vey? Kalishimni nima qipqo‘yding, uka?

Tomosha yasovchilar qaytadan narigi pallaga og‘ishdi.

– Diplomatni ochmayapti. Bir gap bor.

– Shu eplashtirgan-da. Kampazitirdan o‘g‘ri chiqmaydi degan hadis yo‘q, og‘aynilar.

– Ho‘, melisa, mahkam ushla nog‘orachini!

Olomondan oq fotiha olgan mirshab qat’iy tarzda buyurdi:

– Qutichani oching deyapman! Oching yaxshilikcha!

Beodoblik qilishga majburlik odobsizlikka kirmaydi. Diplomatni ochishga jazm etdim. Ammo, ocholmadim. Qulfi raqamli g‘ildirakchalar bilan tilsimlangan ekan. Mirshab ham g‘ildirakchalarni aylantirib, har xil sonlarni terib ko‘rdi. Bilimi yetmadi.

– Qulfini qasddan chalkashtirvoribsan-ku, kunjara yegan, – deb pishqirdi ayvonpeshana. – Kalishimni nima qipqo‘yding, uka?

Bu orada tomosha yasovchilarning safi kengaya borib, olomon katta ko‘chaning yarmigacha yoyilib ulgurgan edi.

Shu payt, sarg‘imtil oynali bashang mashina «vapap-vapap» qilganicha oraga yorib kirib, bekat yaqinida to‘xtadi. Undan tushgan qora ko‘zoynakli kimsa mirshabni yoniga tortdi, nimanidir surishtirdi. Mirshab uning qulog‘iga bosh tiqqudek bo‘lib, uzoq shivirladi. Tim qora ko‘zoynakning ortidagi nigoh dam meni, dam ayvonpeshanani diqqat bilan kuzatayotganini aniq sezib turardim. Mirshab bor sepini yoyib bo‘lgach, qora ko‘zoynakli kimsa salobat bilan kelib, ayvonpeshanaga biqin tiradi:

– Chiqing mashinaga. Kalishni o‘zimiz tashkil qilamiz.

– Vey, gadoymasman men, – jizzakilandi ayvonpeshana.– Zo‘r bo‘lsang, anavinga osil, uka. Ochsin sandiqchasini.

Tomosha yasovchilarning jovur-juviri avjiga mindi.

– Haq gap! Ochsin diplomatini. Ko‘raylik.

– Hammang bitta yalangoyoqqa yopishvolasanmi?

– Kampazitir qutisini ochsin. Gap tomom!

Olomonni tarqatishga kuchi yetmasligini sezgan mirshab ko‘zi jovdiraganicha qora ko‘zoynakli kimsaga tikildi. Qora ko‘zoynakli kimsa doktor Parishoniyning qaerda yashashini mendan so‘rab bilgach, shofyorni uni olib kelishga jo‘natdi.

– Kalish qutichadan chiqmasa, o‘zingizdan ko‘ring, – deya ayvonpeshanaga o‘dag‘ayladi mirshab.

– Menga po‘pisa qilishga hech kimning haqqi yo‘q! – mirshabga bo‘yin cho‘zdi ayvonpeshana. – Urush vetironiman men!

Turishidan Girmon urushi uchun yoshroq, Afg‘on urushi uchun keksaroq ko‘rinuvchi bu nusxaning so‘nggi so‘zlari bir mendagina gumon uyg‘otib qolmagan ekan. «Masalan, qaysi janglarda ishtirok etgansiz, akaxon?» – deb savol berdi qora ko‘zoynakli kimsa.

– Ko‘cha janglarida qatnashganman! Nimaydi?

– Stalingraddagi ko‘chadami, yoki…

Ayvonpeshananing ko‘zlari sarosimali o‘ynab: «Noroziman! Adolatsiz tergov bu!» –deya gap boshlagan ediki, og‘zining oldida sopi uzun mikrofon paydo bo‘lganini ko‘rib, halqumiga chandir tiqilgandek «hiq» etib to‘xtab qoldi. So‘ng, odamlar ortidan bo‘ylagan kuyi mikrofon tutib turgan tirjayma yigitga chaqchayib dedi:

– Xo‘sh? Sabab?

– Chet el radiosidanman, – chiyilladi tirjayma yigit.– Nimadan norozisiz? Bu namoyishning sababi nima?

– Namoyish?! – terisidan chiqqudek bo‘lib bo‘kirdi ayvonpeshana. – Kim nimasini namoyish qipqo‘yibdi? Hebbivoy odamlarni to‘plab, biror narsasini ko‘rsatyaptimi? Yo senga arz qilganimminan davlatingdan iskabtopar kelib, kalishimni topib beradimi? Ol naryoqqa! He, nikrapo‘ningga Hayyomni ruboyisi!

Yana o‘sha «vapap-vapap»lar yangrab, bashang mashinada doktor Parishoniy ham yetib keldi. Mashinadan tushayotib meni ko‘rdi-yu, negadir rangi bo‘zarib ketdi. «Manavi diplomat siznikimi?» – deb so‘radi undan qora ko‘zoynakli kimsa. Parishoniy tasdiqlagach, «oching» deb farmon berdi. Titroq barmoqlar tilsimlangan raqamlarni terishga tutindi. Qulf sharaqlab chertildi. Mirshab diplomatni qo‘liga olib, qopqog‘ini ochdi. Uning ichida… ne ko‘z bilan ko‘rayki, sholcha patakli bir juft eski kalish egizak maymunchalardek ishshayib turardi. Damim ichimga tushib, tarraklanib qoldim. Atrofdagilar tengdan oh tortib yuborishdi.

Doktor Parishoniyning qorasi ko‘ringandayoq, birdan qoshi ilang-bilang bo‘lib, o‘zini mirshabning panasiga olishga uringan ayvonpeshana «ha esim qursin-a», deya boshiga shapatilab mung‘aydi.

– Ie, o‘zlari sho‘ttamidilar? – ayvonpeshanaga ko‘zi tushib, doktor Parishoniyning yuziga qon yugurdi. – He, Hebbi polvon bo‘lmay, har narsa bo‘ling. Moldek ichvolib, transportni choyxonada qoldirib ketibsiz-ku. Toji-samovor elanib yotib, kalishingizni qo‘limga tutqazuvdi. Qachongacha buyumlaringizni ortingizdan yig‘ib yuraman, qo‘shni?

…Uyga kelib ham kayfiyatim ochilmadi. Yuragimda kimdir hanuz xamir qorar, butun boshli rok-guruh miyamni tepalab raqs tushayotgandek edi: «Qanday sharmandalik! Muxlislarimdan ba’zilari o‘sha bekatdagi ahvolimni ko‘rgan bo‘lishsa…»

Hovurimni bosish uchun ayvondagi paqirdan muzdek suv simirdim. Uy ichidan «chuv-v, chuv-v» qilib taralayotgan tovush ham boshimni cho‘qilayotgandek tuyuldi. Nodon kenjatoyim haqiqatni yana xorij radiosidan qidiryapti, chog‘i.

Yon-verimdagi xonadonlar bilan aloqani yaxshilash maqsadida keyingi paytlar uyda mashq qilmay qo‘yganidim. Shu topda biron-bir latif kuy chalib, o‘zimni ovutgim keldi. Ilhom isitmasida o‘rnimdan turib, yigirma pudli xumni eslatuvchi jonajon go‘sno-g‘oramga yaqin bordim. Qayrag‘ochdan yasalgan uraqni qoziqdan olib, sopidagi qayishni bilakka ilayotganimda, ichkaridagi radioning chuvillashlari tinib, nihoyat, odamzodning ovozi yangradi: «…bozor oldidagi bekat maydoni odamga liq to‘lib ketgan. Muxbirimizning fikricha, bu kattakon namoyishga kalish yetishmasligi sabab bo‘lgan».

Suxandon «Sobiq Sho‘ro imperiyosining boshqa hududlarida ham…» deya axborotni davom ettirayotganida, o‘zimni sabrsiz olamning mojarolari sahnasidan chetroqqa olib qochishga tirishib, go‘snog‘oramda zo‘r berib «Aliqambar»ni chala boshladim:

– Gum-gum! Gumbira-gum! Gum-gum! Gumbira-gum!..

1993 yil.

ZIYOLICHA OLISHUV

Hasharot uchsa, qanoti bo‘ksib yiqiladigan g‘ira-shira tong edi. Jig‘ildoniga mix tiqilgan qo‘ydek uvatda «xir-xir»lab tipirchilayotgan Parriq ming‘i cho‘chib uyg‘ondi-yu, yonginasida yonboshlab yotgan Mamashotining baqrayma ko‘zidan battar shaytonlab, «Abva-a!» deb chinqirganicha, nayzaga chap bergan to‘ng‘izdek chetga sapchidi.

– Ie, ha? Tushingda bolalar minan «qo‘rvoshi – savet» o‘ynab, qorindan o‘q yedingmi?

– Uf-f… uf-e! – Parriq ming‘i xiyol o‘ziga kelib, sherigiga talvasali tikildi. – Juda-a repo‘misa-rep tush ko‘rdim-ku, oshna. Xuddi qo‘tosga o‘xshab ketadigan temir duvol orqamdan quvib yurib, ustimga ag‘darildi.

Mamashotining baqrayma ko‘zlari yanada olayib, hozirgina chekkan nosini «cho‘lp» ettirib ariqchaga tashladi.

– Vey, uyingda birorta kasal-pasal yo‘qmidi?

– Yo‘-o‘…

– Bugundan qoldirmay Qurmon romchiga bor, – qat’iy tayinladi Mamashoti. – Kitob ko‘rib, ta’birini aytib beradi. Ta’bir ishkal chiqsa, qaytarma duo o‘qib, keladigan baloni dap qiladi.

Parriq ming‘i mazaxlab tirjaydi:

– Qurmoning g‘irt qallob-ku. Odam qurib ketgandek, o‘shaningga murid bo‘lamanmi?

Mamashoti bir narsani aytdimi, shuni boshqagayam ma’qullatmaguncha qirq kun och-yalang‘och olishishdan toymaydiganlar xilidan edi. G‘o‘zalari ko‘sak tuga boshlagan oxirgi besh gektarlik yerni peshingacha sug‘orib bo‘lishgach, Parriq ming‘ining: «Ovora bo‘lma, u hiylagaringga baribir ishonmayman», deya tixirlanishiga parvo qilmay, romchinikiga sudrab bordi. Sherigi ko‘rgan tush haqida gapirib bo‘lib, «shuning ta’birini chiqarib bering», deb, romchining kaftiga g‘ijim pul qistirdi. Surbashara Parriq ming‘i «be-e» deya chetga bosh burganini nazardan qochirmagan romchi, bir mo‘ylov uchirib qo‘ydi-da, kitob varaqlashga tutindi. Dastlabki sahifalaridan biri-dayoq to‘xtab, borgan sayin qovog‘i osilaverdi. Shipga termilib, uzoq mulohazalanib turgach, «ishning tagi ho‘lroq-ku, mulla Mamashoti», deb burnini balandlatdi. Keyin Parriq ming‘iga yuzlanib, salobatli ovozda zahrini sochdi:

– Gap shu, uka. Seni… «MAZ» moshinasi bosib ketadigan bo‘pturibdi.

Avvaliga Parriq ming‘ining rangi quv o‘chdi, so‘ng o‘zini tezda o‘nglab, pisanda bilan ming‘irladi:

– Bilsak bo‘ladimi, aka pochcha, oldingizdagi kitob qachon yozilganikin?

Boyagi «be-e» degan so‘zdan keyinoq o‘zaro hurmatsizlik yo‘liga batamom o‘tib ulgurgan sirtqi raqiblarning ichki o‘chakishuvi ayni shu lahzadan e’tiboran ochiq tus ola boshladi.

– Balki, ming yil oldin yozilgandir, – noxush hidni sezgandek burnini jiyirdi romchi. – Balki, undanam oldinroqdir. Buvomning buvosi achangning achasigayam shu kitobdan ta’bir aytgan bo‘lsa, ajabmas.

Parriq ming‘i gapni o‘ziga yuqtirmay, tosrayib kuldi.

– Eshitdingmi, Mamashoti? Ming yil oldingi kitobga «MAZ» moshinasi yozib qo‘yilganmish-a. Shundan keyinam o‘zimni go‘llikka solib turaveraymi?

Qurmon romchi ham, o‘z navbatida Mamashotiga qarab turib, uchinchi shaxsga kesatdi:

– Ba’zi balchiqmiyalarga o‘zlari tushuntiradilar-da endi, mulla Mamashoti. Bizdagi kitoblarda aniq narsaniyam shama bilan yozishadi. Qo‘tos to‘g‘risidagi gapga kelsak: «Ramziga tayanib, asosini qidirgil. Ramzidan emas, asosidan qo‘rq», deyilibdi. Zig‘irttak farosati bo‘lgan odam qo‘tosning ramzi dunyo bo‘yicha bittagina «MAZ» moshinasida borligini chaqqon payqagan bo‘lardi. Kallasini ajiriq bosganlarga buni qanday tushuntirsak bo‘larkin?

– Olamda o‘nta odamdan to‘qqiztasi arosat, taqsir, – piching yumalantirgan bo‘ldi Mamashoti ham. – Arosatlar desangiz, qachonki bo‘yniga bolta tushadi, boltaning keskirligiga shunda ishonadi. Ko‘p kuyinmasdan, ishingizni qilavering.

– Bu gap bizga ma’qul, – dedi romchi va sezilar-sezilmas tish g‘ijirlatib, Parriq ming‘iga pisandsiz ko‘z qadadi. – Xullas, «MAZ» moshinasi ertami-kech chalpagingni chiqaradi, uka. Sendaqalarning boriyam, yo‘g‘iyam menga bir pul. Jon shirin bo‘lsa, chorasini axtar.

Parriq ming‘i o‘zini bazo‘r dadil tutib, mitrig‘i mit etmay so‘radi:

– Qachon chalpak bo‘lishimizni bilib qo‘ysakmikin…

Qurmon romchi ham o‘sha bezligida turib, javob sachratdi:

– Balki, yarim yo‘lda orqangdan yetvolar… balki, seni ezadigan g‘ildirak moshina zavo‘tining omboriga hali kelib tushmagandir…

E, to‘xta-chi, qaerdandir eshituvdi-ya, kimdir aytgandi-ya. Kiborlar oilasida tarbiyalangan ziyolilar qattiq o‘chakishib qolishgandayam, mehribon og‘a-inilardek bir-biriga muloyim iljayganicha, soatlab g‘idi-bidilashib o‘tirishaverarkan. Vaholanki, bu mushkulotni uch-to‘rtta badbo‘y so‘kinish-u, bir-ikki juft telva tarsaki bilan osongina hal qilish mumkinligini eng ahmoq chapaniyam bolalikdan biladi. Ha, mayli, Qurmon romchi ziyolicha usulni tanlagan ekan, bizam birpas ziyoli bo‘lsak bo‘pmiz-da.

– Ha xo‘p, g‘ildirakning tagida uziladiganlarning ro‘yxatida turaturaylik, – ziyolilarcha sipolandi Parriq ming‘i. – Ammo-lekin, balodan hazar deb, bugundan boshlab uydan chiqmay yotvolsak-chi, aka?

– Ro‘zg‘orga ortiqcha chiqim keltirish shartmikin?– eng bezbet ziyoli qiyofasiga kirdi Qurmon romchi. – Birorta «MAZ»ning boshqaruvi izdan chiqib, seni tinchitish uchun uyingni buzib kirishiga to‘g‘ri kepqolyapti-ku.

Ziyolilikni bo‘yniga olgan Parriq ming‘i o‘zini ilmga chuqurroq urib ko‘rishga harakat qildi:

– Masalan, yopon olimlariga yolvorib, Qora dengizning tagiga uy qurdirvolsam-chi?

– Nima qipti? – ziyolicha «ermak-ermak»ni davom ettirdi Qurmon romchi. – Qibriz yo Tabrizga ketayotgan birorta yuk kemasi dovulga yo‘liqadi. Kemaga yuklangan «MAZ»lardan bittasi dengizga ag‘dariladi-yu, suvning tagidagi uyni bosib tushib, ichidagi maxluqniyam qazibop qipqo‘yadi.

Parriq ming‘ining ilmiy ishtahasi ochilib, endi fazoviy fanga panja urishga jur’at etdi:

– O‘zlari tilga olib o‘tgan maxluq fazo kemasiga chiqvolib, o‘lguncha osmonda uchib yuraversa, «MAZ» sho‘rlik dodini kimga aytarkin?

– Afsuski, uzoq ucholmaydi, – kutilmaganda, sira ikkilanmasdan e’tiroz bildiradi romchi. – O‘sha tug‘ma pandavaqining fazoviy aravasi qismatda belgilab qo‘yilgan kunga borib, ishdan chiqadi. Yerga qulaydi. Parchalardan sochilgan harom kulni «MAZ» degan moshina, albatta, tepalab o‘tadi.

– Bundan chiqdiki, qutulishning iloji yo‘q, – Mamashotiga bir tirjayib qo‘yib, yana romchiga mug‘ambirona suzildi Parriq ming‘i. – Shunaqa ekan, qandaydir xashaki kimsa jonimni saqlab qolishidan umidvor bo‘lishim to‘g‘rimikin, aka pochcha?

Parriq ming‘i, firibgar romchini oxiri jigidan ushladim-ku, degandek Mamashotiga g‘olibona nazar tashladi. So‘ng, romchiga boqib, uning avzoyi zarracha o‘zgar-maganidan taajjubga tushdi.

Qurmon romchi kiborlikda hanuz sobit turar, biroq ayrim iboralarning tobora shaloqlashib borayotgani hali yetarli darajada ziyoli bo‘lolmaganidan dalolat berardi.

– Men hech qaysi sassiqqo‘ng‘izning jonini saqlab qololmayman, – o‘sha o‘rtamiyona ziyoli darajasida sokin so‘zladi u. – Ammo, oldi-qochdi go‘rso‘xtalarning jonini egamdan tilab olish qo‘limdan keladi.

Shu yerda Parriq ming‘ining tili g‘o‘ldirab, gap topolmay qoldi. Ziyolicha olishuv davomida goh u og‘izga, goh bu og‘izga jovdirab, yuragi xitlanib ketgan Mamashoti nihoyat yengil nafas oldi. «Endi yetib bordimi? Masala talashishni senga kim qo‘yuvdi, yuvindi?» – deya sherigining yelkasidan turtdi. Bu gapdan Parriq ming‘i battar alangalandi, «e, buningni», deb romchiga qo‘lini shop qildi-yu, ziyolicha usul yana esiga tushib, tilini tishladi. Ziyolilikni qo‘ldan bermaslikka chiranib, gerdaygan kuyi eshik tomonga yurdi. Baribir chidolmadi. Boshqacha toifa bo‘lib yashashga ortiq qurbi yetmadi. Ostonada to‘xtab, romchiga ko‘zini lagan qildi:

– Eshitvol, sassiqko‘zan! Senga o‘xshagan tezakvachchaga ishonadigan to‘ngak endi tug‘iladi. Mard bo‘lsang, tek qo‘yib ber. Qani, o‘sha hezalak «MAZ»ing menga qanaqasiga yaqinlasharkin!

Mamashotining kapaligi uchib, shosha-pisha oraga tushdi:

– Bu tuzi pastdan xafa bo‘lmang, taqsir. Bola-baqralarini o‘ylamasdan gapirib qo‘ydi bu.

– Uchragan eshakcha bilan tepishaversam, tovonga kun ora taqa qoqtirishim kerak bo‘ladi, mulla Mamashoti,– uyqi elitayotgandek ko‘zini yarim yumib, mag‘rur so‘z qotdi Qurmon romchi. – Mayli, ko‘zini mo‘ltiratib oldimga kelganakan, bir tomondan sizning yuzingiz, bir tomondan norasida bolalarining hurmati, uni «MAZ» balosidan saqlab qolaman. Bu olamda marazlargayam joy topiladi, yaratganning bag‘ri keng.

Qurmon romchi so‘zini tugatib, Parriq ming‘iga zimdan tullakona chimirilib qo‘ydi. Vujudini zilzila qoplagan Parriq ming‘i bor ovozda «Av-v!» deb bo‘kirgisi, oldidagi eshikni vahshiylashgan ziyoli sifatida pachoq-pachoq qilib tashlagisi keldi.

1995 yil.

XUSUSIY KO‘PRIKCHA

Qatiqsotarlar mahallasini qatiqsevarlar mavzesidan ajratib turuvchi ariq ustidagi yog‘och ko‘prikcha payshanbadan jumaga o‘tar kechasi olako‘kish rangga bo‘yalib, ertalab uning bo‘sag‘asida baliqchilar g‘arovtayog‘ini eslatuvchi ingichka shlakbaum va g‘o‘la kursida baboqlanib o‘tirgan qo‘ng‘izmo‘ylov kimsa paydo bo‘ldi. Quyoshning kiprigi uzaygan kezda katta so‘mka ko‘targan shogird ham yetib kelib, «assalomalayko‘-o‘-m, Qo‘shmat aka», deya qiyshanglab ta’zim qildi.

– Salomni cho‘zg‘ilamay, tezroq joyingga bor, – g‘o‘dangladi Qo‘shmat. – Odamlarni ko‘niktirguncha hushyorroq ishlashimiz kerak. Yo‘talimni poylab tur. Qaysi usulni qaysi vaqtda qo‘llashni chalkashtirvorsang, ishdan bo‘shaysan, Qoramirza.

Qoramirza mungli burun tortib, chetga burildi. Nariroqdagi butalar ortiga o‘tib, so‘mkadan olingan turli kiyimlarni alohida-alohida taxlashga tutindi.

Endigina nos chekishga taraddudlangan Qo‘shmat oxorli shlyapa ostida so‘lqil-so‘lqil odimlab kelayotgan po‘rim kishini ko‘rib, tiqinni qaytadan nosqovoqning og‘ziga suqdi-da, birdan bezrayib, maxfiy hudud soqchisi qiyofasiga kirdi. Tonggi manzaradan juz’iy xato topgandek, ufqqa norozi kayfiyatda ko‘z qadab kelayotgan po‘rim kishi xirom poyabzalini ko‘prikcha yaqinida keskin to‘xtatdi. Taajjublanib qosh chimirdi. Cho‘ntagidan ko‘zoynak olib, shlakbaumning o‘rtasiga ilib qo‘yilgan taxtachadagi «Aqqa-baqqa 10 so‘m» degan yozuvni sinchiklab o‘qigach, nigohini Qo‘shmatga burdi:

– Buni tagiga yetsak bo‘ladimi?

– Xususiy ko‘prik bu. Oldin puli to‘lanadi, keyin o‘tiladi.

– Xususiy? Bunga hujjat bormi?

Qo‘shmat butalar tomonga bezovta qiyalab, qattiq yo‘taldi, so‘ng po‘rimga gap ilmoqladi:

– Bizda-ku hujjat bor. Lokigin, o‘zlarida-chi? Birovni tekshirishga haqqingiz bo‘lsa, ko‘rsating hujjatni.

Po‘rimning labi asabiy pirpirab, navbatdagi hamlaga chog‘langanida, chap qo‘lini bo‘yniga osib, o‘ng qo‘lida hassa ushlagan Qoramirza oqsoqlanib yaqin keldi:

– E, hormang, akaxon, – deya Qo‘shmatga xushomadlandi.– Iloyim, kam bo‘lmang. Umringizdan baraka toping.

Keyin, po‘rimga yuzlanib, ilgari bu ko‘prikcha u dunyodagi qilko‘prikdan ham xavfli bo‘lgani, yaqinda shundan ariqqa yiqilib qo‘l-oyog‘i shikastlangani, natijada bozordagi tirikchiligidan qolgani yetmaganidek, ancha pul sarflab davolangani, xotini kuniga uch mahaldan moshinakira qilib, kasalxonaga qatnagani-yu, nihoyat Qo‘shmatning muruvvati bois bu ko‘prikcha epaqaga keltirilib, minglab mo‘minlar xatardan xalos etilganini maddohlanib so‘zlab berdi. Qo‘shmatga «qaytimi kerakmas», deya yigirma besh so‘m tutqazgach, po‘rimga boshdan-oyoq razm soldi:

– Sumbatingizdan sezyapmanki, shu saxovatpesha insonga menam bitta elliktalikni xayriya qilvorsammikin deb turibsiz. Ko‘nglingizdagini topdim, a? Xex-xex-xe…

Po‘rimning tuyqus ko‘ngli yumshadi, «a… agar-r xayriya bo‘lsa, bu boshqa gap», deya cho‘ntagidan bir tutam pul oldi, ichidan elliktalikni topib, Qo‘shmatga uzatdi. «Shunchalar savobga ko‘mildingizki, o‘liboq, tap etib jannatga tushasiz, akaxon», degan alqovlarni yog‘dirib, po‘rimni iliq kuzatib qo‘yayotgan Qoramirzaga Qo‘shmat qoniqish ila tirjaydi:

– Yaxshi ishlading. Bundan keyinam noningni shunaqa halollab yegin.

Butalar ortiga og‘ir yumushdan toliqib qaytgan Qoramirza uchuq toshgan labiga sigaret qistirdi. U yoqda Qo‘shmat ham xumorbostiga shaylandi-yu, nosqovog‘i yana qo‘lida qoldi. Ko‘prikchaning narigi boshida qizalog‘ini yetaklagan tannoz juvon ko‘rindi. U, shlakbaum yaqinida to‘xtab, taxtachadagi yozuvni tumtayib o‘qidi, kartmonidan o‘n so‘m sug‘urib, yerdagi qog‘oz qutichaga irg‘itdi. Qo‘shmat go‘yo uni ko‘rmagandek bez bo‘lib turaverdi.

– Ochmaysizmi? – tezakrang bo‘yoq suvalgan labini cho‘chchaytirdi tannoz. – Pulni oldingiz-ku.

– Bolaga kim to‘laydi, bolaga?

– Voy! Mushtumdek bolagayam pulmi? Insof bormi?

– Insofimiz bordirki, emizikli go‘daklarga bepul o‘tish huquqini berib qo‘ygandirmiz, – boshini butazor tomon burib, g‘arg‘arador yo‘talgach, tannozga chaqchaydi Qo‘shmat. – Qizchangiz nechchiga kirdi?

Qizaloqning yettidan o‘tayotganini eshitib: «He, ata-a-ng, bog‘cha yoshida bo‘lgandayam, ellik foiz yengillik berardik», deya afsusnamo bosh tebratarkan, bu gal jag‘iga yasama soqol yopishtirib, bashang salla-choponda tashrif buyurayotgan Qoramirzaga ko‘zi tushib, muloyimlanganicha o‘rnidan turdi:

– Ie, ie! Assalomu alaykum, qori pochcha.

Qoramirza tavoze bilan alik oldi, tannozga chala-chulpa ko‘z tashlab qo‘yib, Qo‘shmatga qiroatlandi:

– Bu otinchani tanimadik-ku, bo‘tam. Inchinun, qarindoshlardanmi deyman?

– Nimalar deyapsiz, pochcha boboy? – jizilladi tannoz. – Ming shukurki, bunaqa yulg‘ichdan qondoshim yo‘q. Qarang, shu zig‘irttak qizdan ko‘prikpuli so‘rayapti-ya.

Viqor bilan tasbeh o‘girayotgan Qoramirza, bir seskanib olib, Qo‘shmatga qosh kerdi:

– Evo-o-h! Inchinun, avliyolarni ranjitadigan ish bo‘pti-ku. Andek sabr qilmabsiz-da, mulla Qo‘shmat. Bunaqa kalta ko‘ylakli otinchalarning zoti ulug‘ bo‘ladi. Bolasining boshidan biron narsa o‘girar, vaallohu a’lam.

Bu gapdan tannozning chehrasi chaman bo‘ldi:

– To‘g‘ri aytdingiz, pochcha boboy, tagim judayam toza. Bolamni haqiga doim sadaqa qipturaman.

Shunday deya, kartmonidan yana ikkita o‘n so‘mlikni oldi, qizchasining boshidan aylantirib, ularni ham qog‘oz qutichaga uloqtirdi. Qo‘shmat shlakbaumni ochib, ona-bolani o‘tkazib yuborgach, «bo-o-rakallo, otincha, bo-o-rakallo», deya ko‘zi yonib duogo‘ylanayotgan Qoramirzaga qarab mo‘ylov uchirdi:

– Fisht! Joyingga bor endi.

Qoramirza tasbeh o‘girishdan to‘xtab, ta’nador kepatada havolandi:

– Qo‘pollik qilmasinlar, bo‘tam. Inchinun, bu ko‘prikni vayron qilish uchun «suf» deyishimiz kifoya.

Qo‘shmatning zardasi qaynaganini ko‘rgan Qoramirza miriqib kuldi-da, sallani qo‘lga olib yelpingan kuyi butalar ortiga o‘tib ketdi. Qo‘shmat nihoyat nos kapladi. Lekin, kayfi tomirlariga yoyilib ulgurmasidan, kitob-daftar qo‘ltiqlagan yigitcha shamoldagi xazondek pirpirab kelib, qornini shlakbaumga qadab to‘xtadi.

– Ie, bu qanaqa tamo‘jniy? – ko‘zi gildirab so‘radi u.

Mayda nosdan og‘zi suvlashgan Qo‘shmat avval yozuvli taxtachani qoshi bilan ko‘rsatdi, keyin barmoqlarini bir-biriga ishqalab, pul to‘lash lozimligini shama qildi.

– Shu qiyshiq ko‘prikdan o‘tishgayam pulmi? – jirrakilandi yigitcha. – Bekorchi valyutam yo‘q. Ko‘taring tayoqni.

Qo‘shmat nosni butazor tomonga tuflab, jarangdor yo‘taldi. So‘ng yigitchaga do‘q urdi:

– Hamma indamasdan to‘lab o‘tyapti. Nima, shoxing bormi?

– Shox sizga o‘xshagan qari takada bo‘ladi. Yo‘lni oching, shoshib turibman!

Endi kavkazcha shalviroq shapkani boshga qing‘ir qo‘ndirib, bo‘ynidagi kumush zanjirni suratli futbolkaning ustidan salanglatgan Qoramirza, tish g‘ichirlatib kelib, yigitchaga burnini burishtirdi:

– Ho‘, qilvir! Nimaga postda turgan odamga bo‘yin cho‘zyapsan? Bir kalla solib, ko‘kragingni tandir qipqo‘yaman-a. Qoramirza drako‘n deb qo‘yibdilar meni.

– Yopishganga yarasha, puldorroqqa yopishinglar. Kunlaring talabaga qoldimi?

Bu gapdan Qoramirza battar lovulladi:

– Voy, tulki-ey! Voy, muttaham-ey! Studentman deb, rahmimni keltirmoqchisan? Jaraq-jaraq stipendiya olishingni bilmasamakan.

– Senlardagi bor qiliq tirnog‘imning ustida, – Qo‘shmat ham zahrini sachratdi. – Davlat bergan pulni sovurib, goh behayo kinolar ko‘rasan, goh jilpillagan qizlarga muzqaymoq yalatasan. Yana, o‘n so‘m desa, ko‘zingni lo‘q qilasan-a.

Qoramirza: «O‘sha ko‘zingni o‘yvolaymi!» –deya yigitchaga barmoq o‘qtalgan damda, dehqoncha kiyimdagi kishi paydo bo‘lib: «Ha, ikkita ko‘ppak bitta laychaga tirmashib qopsizlar», deb o‘rtaga kirdi. Talabaning arzini eshitgach, dehqonning peshanasi tirishdi.

– Savob axtarib, birov mahallaga choyxona qurib beryapti, birov sartaroshxona. Senlar shapaloqdek ko‘prikchani bo‘yab qo‘yib, tugalay o‘zingniki qilvoldilaringmi? Bunga qanday betlaring chidadi, imonsizlar?

– Hov, bratan! – g‘ijinib davaralandi Qoramirza. – Mana shu yo‘ldan to‘ppa-to‘g‘ri borsangiz, menimcha, aynan uyingizning oldidan chiqasiz. Gapni ko‘paytirmasdan, sekingina o‘n so‘m berib…

Qoramirza barmoq cho‘zib, dehqonning iyagidan ko‘tardi. Dehqon esa, kutilmaganda uning bilagidan tutib, qo‘lini shartta ortga qayirdi:

– O‘pkangni bosvol, polvon, bizam to‘y-po‘ylarda kurashib yurganmiz.

Qoramirza kuchukdek g‘ingshigancha o‘zini u yoqdan-bu yoqqa urib ko‘rdi. Teng kelolmasligini sezgach, Qo‘shmatni yordamga chorladi.

Talvasaga tushgan Qo‘shmat pulli qutichani shosha-pisha qo‘ltiqladi-yu: «Birpas chidab tur, hozir melisa chaqiraman», deya ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. So‘kina-so‘kina, shlakbaumni buzayotgan yigitcha Qoramirza qo‘li qayrilgan holida ham do‘q-po‘pisani davom ettirayotganidan jahllanib: «Bu go‘rso‘xtani bir tepib ariqqa uchirvorsangiz-chi, amaki!» – deb sharttakilandi.

– Bunaqa haromxo‘rlarni tepishgayam hazar qilaman, – ijirg‘andi dehqon.

– Men hazar qilib o‘tirmayman!

Yigitcha bor kuchi bilan Qoramirzaning ketiga tepib, uni ariqqa ag‘dardi.

– Itkanalar! Xariplar! – suvda oqib borayotib musht do‘laydi Qoramirza. – Senlarni tavba qildiraman hali!

– Xayr, Qoramirza drako‘n! – mazaxlab qo‘l silkidi yigitcha. – Xush ko‘rdik!

Dehqonning ham zavqi jo‘shib, qichqirdi:

– Shu ariqdan to‘ppa-to‘g‘ri oqib borsang, aynan fabrikaning oldidan chiqasan. Odam bo‘laman desang, o‘sha joyga ishga kirvol.

Mag‘zavasimon suvning shatmoq to‘lqinchalari ariqni qiqir-qiqirga to‘ldirib oqayotganga o‘xshardi.

2001 yil.

ENG ISTE’DODLI O‘LIK

Kollej tomoshoxonasi «Chap-chup chayna» firmasining xayriya tadbirida, ya’ni talabalarga bittadan tekin saqich tarqatilgan unutilmas kunda ham bu qadar kallabozor bo‘lmagandi. Ichkariga vaqtida yorib kirolmagan o‘spirinlar o‘rindiq chetidagi yo‘lkalarda bog‘langan poyadek zichlanib turishar, ko‘zga ora-sira chalinayotgan qizlar bezovtalanib g‘imirlashar, ulardan birining qo‘lidagi yalang‘och novdalarni ko‘rgan kishi, bu sobiq guldasta ekanligini ilk qarashdayoq fahmlab olmog‘i mushkul edi.

Sahna esa, bekatdagi tirband olomon oldiga kelib to‘xtayotgan kirachi avtobusdek deyarli bo‘m-bo‘sh bo‘lib, ixcham stol ortida faqat ikki kimsa o‘tirar, ulardan biri – bugungi tiqil-suqilning sababchisi Mirg‘ob Murdaev avtobus haydovchisiga, ikkinchisi – sumkachasini bot-bot titkilab qo‘yayotgan kollej direktori Bella Qoramullaevna chiptachi ayolga o‘xshab ko‘rinayotgandi.

Bella Qoramullaevna sumkachasidan ro‘molcha olib, terlagan manglayiga bosdi. So‘ng, yo‘lkira yig‘ishtirishga shaylangan kepatada o‘rnidan turib, odatda aksariyati oychiptadan foydalanuvchi talabalar to‘piga sovuq ko‘z yugurtirdi. Lekin, kutilmaganda, lablaridan iliqlik ufurib, so‘zni muloyim tarzda boshladi:

– Sevgili talabalar! Yana ozgina minutlardan keyin sizlarga kino qo‘yib beriladi. Bunda Djalaliddin Manguberdievning askarlari mongollarni qanday quvlaganini ko‘rib, hayajonlanamiz. Tomoshadan avval bugungi mehmonimiz, shu kartinada quduq yonidagi o‘lik rolini o‘ynagan Mirgap Murdaevichga so‘z beraman…

Burgut tamg‘ali kamzul kiyib, kepkasining ayvonini quloqqa burib bostirgan, mo‘ylovidagi taram-taram oq tuklar sochidagi tim qoralikning soxtaligidan dalolat berib turgan Mirg‘ob Murdaev chapaklar to‘xtashini kutib, barmoqlarida stolni chirmandalagan kuyi, bino shipini shoshmasdan ko‘zdan kechirib chiqdi. Bir muddat nimalarnidir mulohazaladi. Oxiri tomoshabinlarga qiyalab, sarg‘aygan tishlari orasidan gap uchirdi:

– Ha! Kino bu – san’atlashtirilgan tegirmon! Undan butun chiqdim men!

Bella Qoramullaevna miyig‘ida kulib, qo‘shimcha qildi:

– Slava allaxu…

Mirg‘ob Murdaevning «san’atlashtirilgan tegirmon»dan bus-butun chiqqaniga talay asoslar bor edi. Birinchidan, u maxsus malakali aktyor emas, yaqindayam Xadradagi avtomat gaz-suv do‘konida tangasotar bo‘lib ishlardi. Sherigi bilan yarimtalikni maydalashga stakan topolmay turgan yordamchi operatorning hojatini chiqardi-yu, yoshi ellikdan o‘tib, kino olamida chalqanchasiga paydo bo‘ldi-qoldi. Paydo bo‘liboq, yarq etib chaqnadi. Ikkinchidan, rejissyor dastlabki sinovlarsiz, hech ikkilanmasdan unga rol berganligi iste’dodining tug‘ma ekanligidan bir nishona edi. Uchinchidan, o‘ta mas’uliyatli rolini shunchalar qoyillatib uddaladiki, natijada, uning ishtirokidagi ko‘rinishlarni qayta suratga olishga biron marta ham zarurat tug‘ilmadi. Vaholanki, kir yuvib o‘tirgan juvon mo‘g‘ul askarining boshiga sopoltog‘ora bilan soladigan parchani olti bor dubl qilishga to‘g‘ri keldi. Oltinchi tolqontuydidan keyin Chingizxonni pardozchidan ajratolmay qolgan jangarvachchani «Tez yordam»ga tiqib, kasalxonaga itob qilishdi.

– Eng muhimi, – deya barmog‘ini tepadagi mog‘or qandilga bigizladi Mirg‘ob Murdaev, – men suratga tushgan kino hozir jahon ekranlarida shataloqlab yuribdi. Shundan kelib chiqib, bahoyimni o‘zingiz beravering.

Talabalarda savol ko‘payib, Mirg‘ob Murdaevning javoblari cho‘zilgan sayin, tomoshaxonadagi havo soniyama-soniya achqimtirlanib boraverdi. Bella Qoramul-laevna o‘zini gazli krematoriyda o‘tirgandek his etib, ko‘ngli oza boshladi. Ayollarga xos iskovuchlik bilan qayta-qayta hidlab ko‘rgach, bu badbo‘ylik pastdagi yuzlab poyabzallar ichidan o‘rlayotganini anglab yetdi-yu, kimyo dorilfununining sobiq laboranti sifatida, fanga hali unchalar ma’lum bo‘lmagan mazkur gazning formulasini miyada hijjalashga urindi. Afsuski, eng oddiysi– umumyotoqdagi mo‘rchalarga issiq suv tarqatuvchi qozon hanuz ta’mirdan chiqmaganligi uning esiga ham kelmadi.

Mirg‘ob Murdaev bu lahzada talabalardan birining: «Suratga tushishda qanday qiyinchiliklar bo‘ldi?» – degan savoliga chuqur «uf» tortish bilan qisman javob qaytarib, iztirobli xotiralar aks eta boshlagan ko‘zlarini yana shipga qadab turardi.

– Qiyinchilik bu – aktyorning ulfati! – suratga tushish maydonida qulog‘iga chalingan gaplardan birini qaytadan savdoga tashladi u. – Masalan, men kinoda to‘rt marta ko‘rinib, ekranni yigirma bir sekund band qilaman. Ochig‘ini aytsam, mana shu yigirma bir sekund balki umrimni yigirma bir yilga qisqartirgandir. Rolim qanchalar xatarli ekanligini birpasdan keyin kinoni ko‘rib bilvolarsiz. Egnimga xorazmshoh askarining sovutini kiydirishib, quduqning yoniga chalqancha cho‘ziltirib qo‘yishdi. Birinchi ko‘rinishimda, mo‘g‘ul chavandozlari ustimdan pala-partish ot choptirib o‘tishadi. Bu dahshatni chalayumuq ko‘zlarim bilan ilg‘ab, yuragim kekirdakka tiqilgan bo‘lsayam, miq etib qo‘ymadim. Ikkinchi ko‘rinishimda, endi meni mo‘g‘ul piyodalari tepalab o‘tishga tushadi. O‘sha piyodalardan ayrimlari s’yomkadan sal oldin bo‘kkudek araq ichib o‘tirishganini ko‘rganim uchun, jonimni hovuchlab yotdim. Bunisigayam chidadim…

Mirg‘ob Murdaev «Saraton» qutisidan filtrsiz sigaretni sug‘irayotib, «Ha! Hammaga suyukli bo‘lish osonmas, buning uchun og‘ir yo‘llarni bosib o‘tish kerak», deb po‘ng‘illadi. Namiqqan gugurtning ikkita cho‘pi pand bergach, mo‘ylovi ostidagi tamakini uchinchi urinishda nihoyat cho‘g‘lantirib, tutunni taltanglab pufladi.

– Uchinchi ko‘rinishimda, – deya «jabrnoma»sini davom ettirdi u, – xorazmliklar otgan olovli lo‘pchik kallamdan yarim qarich nariga tushib, lovullab ketadi. Mis dubulg‘am qizigandan-qizib, sochlarimning jizg‘anaklanib sasishi yonimdagi o‘liklarni bezovta qilsa qildiki, men baribir tirikligimni sezdirmadim. To‘rtinchi ko‘rinishimda, yarador mo‘g‘ulning qo‘lidan tushgan nayza shundoqqina chotimning orasiga sanchildi. Ho‘-o‘! Tasavvur qiling, naqadar xavfli bu!

Mirg‘ob Murdaev havoning dimiqligidan tobora lohaslanib borayotgan Bella Qoramullaevnaga tamtamlanib yuzlandi-da, «naqadar xavfli» degan so‘zga tirjayib ilova qistirdi:

– Ayniqsa, erkak uchun…

Pastda olqishlar yangragani bois, uning keyingi qochirig‘i uncha eshitilmadi. O‘rindiqda o‘tirganlarning qarsagiga yo‘lkada qo‘l qimirlatolmay zich turganlarning qisqa-cho‘ziq hushtaklari qo‘shilib, erkin harakatga imkon qolmagan joyda albatta hushtakbozlik paydo bo‘lishligi yana bir karra isbotini topdi.

Birinchi qatorda o‘tirgan xomsemiz o‘spirinning: «Akaginam! Bu kino ko‘pgina mukofotlar olgan deyishadi. Sizgayam biror narsa tegdimi?» – degan kesatiqnamo savoli Mirg‘ob Murdaevni picha mulzamlantirib qo‘ydi. Chala chekilgan sigaretni kuldonga astoydil mijiqlayotib, o‘zini puxtaroq javob berishga hozirlab oldi.

– Gaping to‘g‘ri, uka, – xomsemiz o‘spiringa qosh irg‘itib nazar tashladi u. – Men o‘ynagan bu kino tezda mashhur bo‘lib, ko‘plab ijodkorlarga «Eng iste’dodli rejissyor», «Eng iste’dodli aktyor», «Eng iste’dodli bastakor» singari mukofotlarni olib berdi. Kaminaga kelsak…

Mirg‘ob Murdaev labini burishtirib, yelka qisdi. Jarangli ovozi birdan so‘niqdi:

– Hozircha «Eng iste’dodli o‘lik» degan mukofotning yo‘qligidan faqat afsuslanish mumkin…

Burniga ro‘molcha bosib o‘tirgan Bella Qoramullaevna uchrashuv qahramonining shashti keskin pasayganidan foydalanib, darhol yig‘inning jilovini changalladi.

– Bravo! – dedi u o‘rnidan turayotib. – Zo‘r gap aytdingiz, Mirgap Murdaevich. San’atda bundan keyin o‘liklarniyam yaxshiroq qadrlashimiz kerak… Rahmat sizga…

Bella Qoramullaevna endi «sevgili talabalar» uchun kino namoyish etilishini e’lon qilib, mehmonni sahnadan pastga, birinchi qatordagi ikkita bo‘sh stul tomonga yetakladi. Yo‘lkadagilar orasida tiqilib turgan qizning uloqtirgan novdalari oldingi qatordagilar mehmonga tutqazgan gullarning ustiga kelib tushdi.

Ajdodlarimizning jangovar o‘tmishidan hikoya qiluvchi tasmalar namoyish etila boshlandi. Ammo, jahon ekranlarida «shataloqlab yurgan» dovruqdor filmdagi voqealar talabalarni unchalik qiziqtirmayotgandek tuyular, ular o‘zaro «visir-visir» qilishib, nuqul ekranning ostki qismiga jovdirab-jovdirab tikilishayotgandi. Barcha, jumladan, Bella Qoramullaevna ham, quduq yonidagi o‘lik qachon ko‘rinishini sabrsizlik bilan kutmoqda edi.

2000 yil.

QORA BODRING

– Ix-x!

To‘satdan yana o‘sha ichki sharpa paydo bo‘lib, tirnoqdor panjasida yurakning naq so‘ppisini changalladi. Iliklanguncha chaynalgan anjir Bosvoldining tomog‘iga chandirdek qadalgach, bor kuchi bilan yutinib, talvasali qiyofada o‘rnidan turdi.

Azaldan shunaqa – biron ko‘ngilsizlik yuz berishidan oldin tanasining ichida qandaydir sharpa g‘imirlab qoladi. Buni ilk bora bolalik chog‘ida, shaharning aynan shu bozorida pistafurushlik qila boshlagan paytlaridayoq sezgan. O‘shanda ellik birinchi yilning kech kuzi edi, bildiriksiz bir ichki sharpa yurakni tepadan g‘ijimlab g‘ashlantiraverdi. Buning nima ekanligini sal keyinroq, urushdan peshanasi yamoq bo‘lib qaytgan Sulton melisa, pistani Stalinning surati bor gazetaga o‘rab sotgani uchun uni bozordan sudrab chiqib, ketiga tepib haydagan lahzada anglab yetdi. Battol sharpa bo‘lajak dilxiralikning darakchisi ekanligiga biqinib-qisinib attorlik qilishga tutingan, pattachilikka ko‘tarilgan davrlarida ham, bozorni shaxsan boshqarish martabasiga erishganidan keyin ham, ko‘p marta amin bo‘ldi.

Bosvoldi dasturxonning uchini qayirib, stoldagi anjirli taqsimchaning ustini yopgach, idorasidan tashqariga chiqib, atrofga hadikli nazar tashladi. Pog‘onadan tushib, do‘konlar tizimi bo‘ylab odimlagan kuyi, meva-sabzavot savdosi qizib turgan qo‘shgumbazli tim tomonga yo‘l oldi. Besh-o‘n qadam yurib-yurmay, atir-upa do‘konchasi yonida pakanagina yigit o‘zidan ikki baravar bo‘ychan qizning yelkalariga osulgudek bo‘lib, burniga burnini ishqayotganini ko‘rdi-yu, tepa sochi tikkalanib, taqqa to‘xtadi.

– Ho‘, laycha! – ko‘zlari chilimdagi o‘tdek cho‘g‘lanib, vangilladi Bosvoldi. – Islovatxonamas, bozor bu! He, simyog‘ochga tirmashgan manto‘rga o‘xshamay o‘l…

Bosvoldi boshini ho‘kizsuzish qilib, oshiq-moshiqlar sari yurayotganida, Nig‘mon pattachining: «Osmonda burgut ko‘rindi, ha-hov!» – degan tovushi diqqatini tortdi, o‘sha yoqqa yarq etib qaradi. Nig‘mon pattachi ma’nodor qiyalab, mo‘ylovida tim tarafga ishora qildi. Bosvoldi keskin ziyraklandi, qisiq ko‘zlari timning ostini titkilab-titkilab, nihoyat, bir nuqtada to‘xtadi. Qaysidir «do‘nglik»dan surilib, yaqinda hokimiyatga ishga o‘tgan Go‘ga Gadoevich g‘o‘dayganicha rasta kezayotgani, ora-sira dehqonlar bilan gap cho‘qilashib qo‘yayotganini ko‘rdi. «Menga uchrashmay, o‘zicha bozor kezib yurishida bir xosiyatsizlik bor-ov», degan o‘ydan yuragi yanada xijillandi. Nig‘mon pattachiga sirli suzilib, ikkala qo‘li bilan havoni chirmanda shaklida chizgan tarzda sehrli topshiriqni berdi, so‘ngra o‘zini xaridorlarning panasiga olib, Go‘ga Gadoevichga o‘g‘rincha yaqinlasha bordi.

Go‘ga Gadoevich tappak do‘ppili sotuvchining oldida to‘xtab, peshtaxtaga terilgan baqlajonlardan birini qo‘lga olib, uni burun jiyirgan asno ko‘zdan kechirarkan: «Oltiariqlikmisiz, o‘rtoq dehqon?» – deya jo‘g‘rofiy savol tashladi. Sotuvchi: «Yangiyo‘llikman», deb javob qilgach, miyig‘ida tirjaydi:

– Darvoqe, Oltiariqning bodringlari ko‘k bo‘lguchi edi. Xo‘sh, qora bodringni qanchadan sotyapsiz?

– Bu bodringmas, aka, – beixtiyor kulib yubordi sotuvchi. – Baqlajon bu.

Go‘ga Gadoevichning birdan yonog‘i titradi:

– Nima? Sizni dehqon deb o‘ylasam, olib sotar ekansiz-da? Qarang, nimani sotayotganingizniyam bilmayapsiz.

– Xudo xohlasa, yaqinda qirqqa kiraman, bizni ja yosh bola qilvormang. Harqalay, bodringni baqlajondan ajratarmiz.

Shefning tugalay fe’li aynishi umumbozor miqyosidagi ishlarga ham salbiy ta’sir ko‘rsatishi mumkinligidan cho‘chigan Bosvoldi shamsiyali ayolning panasidan lip etib chiqib, sotuvchini po‘pisaga ko‘miza boshladi:

– E! Qanaqa odamsan? O‘zingdan katta kishi bodring deb turibdi-yu, sen nuqul baqlajon, baqlajon, deysan. Qani ahloq? Qani odob?

Bosvoldi tarbiyaviy po‘pisani tugatiboq, tuyqusdan muloyimlandi, Go‘ga Gadoevichga ta’zimlanib, quyuq salomlashdi. Shef bozorqo‘m bilan qo‘l uchida ko‘rishayotib, norizo siyoqda chimrildi:

– Bozoringizda tartib qolmabdi-ku, oqsoqol. Mana, qora bodringni baqlajon deb sotishyapti. Xaridorlarning huquqiga hurmat shumi?

Bosvoldi sotuvchiga takror o‘qrayib: «Sen kallavaramga kim torozi berdi o‘zi? Bozordan uchirvoraman-a, hov!»– deb dag‘dag‘adan boloxona qurdi. Sabzifurushlar qatoriga kirib olgan Nig‘mon pattachi sotuvchiga zimdan chaqchayib, jag‘ siladi. Sotuvchi uch ovchining o‘rtasida qolgan quyondek garangsib: «Nima, bularga baqlajon deb men ot qo‘yibmanmi?» – deya o‘zini oqlashga uringanini biladi, bozorqo‘m kaftini uning og‘ziga peshma-pesh niqtab: «Yana baqlajon deydi-ya, yana baqlajon deydi-ya! O‘chir!» – deb devdek davaralandi.

– Shuni bodring desam, qutulamanmi? – yig‘lamsiragudek bo‘lib sharttakilandi sotuvchi. – Bo‘pti, ana, olinglar bodringdan.

– Qora bodring! – barmog‘ini osmonga bigizlab, sotuvchiga tanbeh berdi Go‘ga Gadoevich. – Mana endi ayting, qora bodringni qanchadan sotyapsiz?

Sotuvchi so‘zga lab juftlab ulgurmay, Bosvoldi qaytadan oraga suquldi:

– Kallangni ishlatib, insof bilan gapir. Balki, oldingda mas’ul vazifadagi odam turgandir. Balki, shunchaki narx-navoni o‘rganib yurgandir…

Sotuvchi Go‘ga Gadoevichga bu gal hushyor tortib qaradi. Muomalasi ham iliqlashdi:

– Ko‘ngildan chiqqanini beravering, aka. Bizga dehqonchilik bu… qora bodring.

– Borakansan-ku, azamat! – og‘zining tanobi qochib, sotuvchini alqashga o‘tdi Bosvoldi. – Ana, qora bodring desayam bo‘larkan-ku.

Shu pallada, to‘rsimon kepka kiygan tersfe’l yigitcha Bosvoldi va Go‘ga Gadoevichning orasidan muzyorardek o‘tib kelib, sotuvchiga ko‘kimtir ko‘zoynakning ustidan mo‘raladi:

– Baqlajon nechchi pul bo‘ldi, amaki?

Sotuvchi yigitchaning ikki yonidan gezarib turgan kushandalarga xijolatlanib qarab qo‘ygach: «Iltimos! Shu topda baqlajon demay turgin, ukajon», deya iltijolandi.

– Iy! – to‘rcayib termildi yigitcha. – Nima dey bo‘lmasa?

– Manavi amaldor akamiz buni qora bodring deb turibdi. Gapini to‘g‘ri demasam, bozordan haydaladiganga o‘xshayman.

– Bularning suyagi eski idoralarda qotgan, haliyam aytganim aytgan deb o‘ylashadi, – bolalarcha iljayib, beparvo qo‘l siltadi yigitcha. – Hozir demokratiya zamoni. Endi hech qo‘rqmasdan bodringni bodring, baqlajonni baqlajon desak bo‘laveradi.

Allaqanday «xamak»ning dashnomi Go‘ga Gadoevichga og‘ir botib, alamdan bag‘baqasi pirpiradi, shartta ortga burilib, tez-tez odimlaganicha ko‘zdan uzoqlasha boshladi. Bosvoldi bir muddat tipirchilanib turdi, so‘ng Go‘ga Gadoevichning ketidan chopishga shaylanarkan, sotuvchiga ko‘z olaytirib g‘ijindi:

– Hah, qishloqi… Qarab tur hali!

Sotuvchi bu safar bozorqo‘mga havolanib boqdi:

– Bunaqa qashqirqarash qilmang! Sizga o‘xshaganlardan qo‘rqadigan jinni yo‘q! Manavi tirmizak menga to‘g‘ri dakki berdi…

Bosvoldi g‘oyib bo‘lgach, sotuvchi: «E, hayriyat-e, baqlajonni bemalol baqlajon deydigan kunam borakan-ku», deya erkin nafas oldi. Dazmol ko‘rmagan yaktagining cho‘ntagidan nosqovoqni sug‘irarkan, tevarakka ochiq chehra bilan yuzlanib, baralla sayrashga tushdi:

– Kepqoling! Yangi baqlajon, shirin baqlajon, arzon baqlajon! E, demokratiyaga ofarin! Opqoling baqlajondan! Hahe-e-y!!!

Bu hayqiriqlar kerakli izni iskalab borayotgan Bosvoldining quloq pardalarida mazaxli sadolanib, ta’bini battar xiralashtirdi: «Oxiri baribir ishkal bo‘ldi! O‘sha ichki sharpagayam, qora bodringgayam ming la’nat!»

2003 yil.

«VAL… VALAY…»

Yomg‘irali tahoratini yangilab, shom namozini machitda o‘qish uchun darvoza sari yurganida, ko‘chadan kimdir uni shang‘illab chaqirdi. U labbaylanib o‘tirmasdan, oxirgi uch qadamini tezlata borib, darvozani ochdi. Qarasa, o‘ng chirog‘i singan mashinaga o‘xshab, Shirmon birko‘z turibdi.

Chaqirgan odami shu zahotiyoq qarshisida hozir bo‘lishini kutmagan Shirmon birko‘z mushtlangan xontaxtadagi tuzdondek sapchib tushdi.

– Keling, Shirmon aka, – deb manglayini tirishtirdi Yomg‘irali. – Machitga shoshib turuvdim. Bizga xizmat bormidi?

Shirmon birko‘z sog‘ «chirog‘i»ni tergovchinikidek charaqlatib, Yomg‘iralining nigohiga qadadi.

– Mayli, shoshayotgan bo‘lsang, gapni kaltaroq qilay,– deya mushuklanib yalandi u. – Hm-m… Urayim novcha kalxo‘zimizdagi aptagarajga mudirligida sen unga shopirlik qilgansan. To‘g‘rimi?

Tasdiq javobini olgach, Shirmon birko‘z mog‘oryoqa kitelining cho‘ntagini titkiladi, chap qo‘lida muqovasi bujmaygan daftarcha, o‘ng qo‘lida dumi chaynalgan qalam paydo bo‘ldi. Shundan so‘ng, Urayim novcha mudirlikda kimlarga nimalarni sotib tirikchilik qilgani to‘g‘risida u-bu narsalar bilib olmoqchi ekanligini, hozir borini shovullatib to‘kmasa, Yomg‘iralining o‘zini ham tovoqdoshlikda ayblab, sharmandasini chiqarishini aytdi.

Yomg‘irali pinagini buzmay, miyig‘ida kinoyali kulimsiradi:

– Bunaqa do‘qlar bilan chumchuqni qo‘rqiting. Qishloqda osilmaganingiz men qoluvdim.

– Qo‘rqma, senga astoydil osilmoqchi emasman, – muruvvat ko‘rsatgan bo‘ldi Shirmon birko‘z. – Urayim qilgan qing‘ir ishlardan, hech bo‘lmasa, bir juftini menga o‘rmalatgin-u, yaxshilik bilan tarqalaylik. Uqdingmi?

Yomg‘irali Shirmon birko‘zga chimrilib boqdi:

– Kalxo‘z yo‘qolib ketganiga ancha bo‘ldi. Urayim aka hozir pensiyada. Sizga nima qildi u?

– Ma’lumot berishdan oldin, aybini bilvolging kelayotgan bo‘lsa, xo‘p, aytay, – tulkilandi Shirmon birko‘z.– Urayim o‘zi birinchi bo‘lib menga yopishdi. Bo‘lmasa, uni paypaslashdan bo‘lak ishim yo‘qmi?

Dushmanlikka sabab bo‘lgan voqeani eshitib, Yomg‘iralining qornida kulgi chuldiradi. Shirmon birko‘z ko‘chadan ketib borayotsa, Urayim novcha tomorqasiga suv ochib turgan ekan. Bunisi o‘zini pastroq olib, «assalomu alaykum» desa, unisi noxushgina «val..» deb, xiyol bosh qimirlatib qo‘yibdi.

– Amaldorligida undan «Moskvich»imga bitta kardanniy val so‘rab borsam, ombordan topib berib, pulini bug‘oltirga to‘lab qo‘yarsiz, deganidi, – negadir g‘ijinib xotirladi Shirmon birko‘z. – Ana to‘layman, mana to‘layman deb yurib, paqqos esdan chiqib ketganakan. Mana, oxiri «val-l» deb, o‘sha eski temirni shama qildi-ya. Voy, o‘g‘rivachcha-ey! Shuncha o‘margan narsangdan bittasi tekinga ketsa, o‘lib qolmassan!

Yomg‘irali bo‘ynini qashib turib, Urayim novchaning juda halol odamligini urg‘ulagach, u «val» deganda o‘sha kardan valini xayoliga ham keltirmay, «vaalaykum»ni qisqartib aytgan bo‘lishi mumkinligini taxminladi. Keyin: «Shunchalik o‘pkalagan ekansiz, buni o‘ziga ta’nalab qo‘ya qolmabsiz-da, aka», deb qo‘shimcha qildi.

– Nima, meni indamay ketadiganlardan deb o‘ylayapsanmi? – cho‘chchangladi Shirmon birko‘z. – O‘rnidayoq tuzladim uni. Joyingda qimirlamay tur, dedim. Hozir boshqatdan salom beraman, odamday alik olishni o‘rgan, dedim. Uqdingmi?

– Uqdim, Shirmon aka, uqdim. Keyin nima bo‘ldi?

– Keyin, ikki qadam orqaga qaytib, yonidan yana salom berib o‘tdim. Baribir, o‘sha turish – o‘sha turish. Betimga qaramasdan, «valay…» deb qo‘ydi, xolos. Shunda aniq bildimki, menga ichida kiri bor.

Yomg‘irali Shirmon birko‘zga hafsalasiz tikilib: «Bunaqa tor bo‘lmang-da, aka. Keyingisida «valay» deb aniqroq aytibdi-ku», deya dakki bergan bo‘ldi. Buni eshitib, Shirmon birko‘z jahllanganicha lunjini titratdi:

– Bu kallami, nog‘orami? Keyingi gapi oldingisidanam battarligini payqamadingmi? Urayim «valay» degan gapni «valyay»ga o‘xshatib aytdi. «Valyay» bu– o‘rischada «qorangni o‘chir» degani. He, til bilmagan qoloq!

So‘fining azon chaqirayotgani eshitildi. Yomg‘irali: «Bo‘pti, men boray bo‘lmasa», deya suhbatni chala qoldirib, machit tomonga yurdi. To‘rt-besh odim tashlab ulgur-masidan, ortdan: «Vey, bola! Bu turishda o‘zinggayam yomon bo‘ladi-ya!» – degan vag‘illoq tovush taraldi. «Xudoning uyi»ga borayotgan Yomg‘irali qandaydir notavon bandaning dag‘dag‘asiga parvo qilmay, yo‘lidan jimgina ketaverdi.

2005 yil.


TOSHPO’LAT TAJANG ANKETASIGA JAVOBLARDAN

1. Suqrotning “O’ylab-netib o’tirmay shartta uylan, xotining yaxshi chiqsa-ku – xo’p-xo’p, yomon chiqsa – faylasuf bo’lasan”, degan gapini yoshlarga izohlab berolmaysizmi?
— Suqrot boboning bu gapini “olamda xorlik ko’rmayin desang, uylanishdan oldin falsafa bilan qattiq shug’ullanib yuraver”, deb tushunganlar kam bo’lmaydi.

2. Mabodo, tijorat bilan shug’ullanishingizga to’g’ri kelib qolsa, nima bilan savdo qilgan bo’lardingiz?
— Oddiy gapni olib, badiiylashtirib sotish bilan kun ko’rib kelyapman-ku.

3. Vinolardan biri “Jasorat” deb ataladi. Boshqa sharoblarga yana qanday nomlar berish mumkin? Nima uchun?
— “Shohsanam” deb atagan ma’qul. Chunki, vinoxo’rlar “G’arib”likka eng yorqin nomzoddir.

4. Nega karnay notaga qarab chalinmaydi?
— Nota – qonun, karnay – tug’ma qonunbuzar.

5. Qanday yaxshilikdan qanday yomonlik yaxshi?
— Dushmaning yelkangga minib maqtashidan ko’ra, oyog’ingning tagida yotib qarg’ashi yaxshiroq.

09

(Tashriflar: umumiy 5 188, bugungi 1)

Izoh qoldiring