Азим Суюн ўзбекнинг катта ва номдор шоирларидан. Азим Суюн боз устига менинг курсдошим. Яна бир сирни айтсам, Азим Суюн ўша олис талабалик йилларида шеърларимни кўриб берган биринчи муҳарририм,қарайиб устозим. Шеърларимни кўриб бергандан кейин устоз демай, нима дейин?!
Мен журналист бўлишни орзу қилиб ўрта мактабдан кейин ТошДУга ҳужжат топширган бўлсам, Азим Суюн, Абдулла Турдиев каби курсдошларим ҳарбий хизматни ўтаб келишган эди. Улар шеър ёзишда ҳам анча тажрибага эга,шеърлари республика матбуотида босилган, менга ўхшаган ҳаваскорлар, «шеъримни кўриб беринг» деб орқаларидан юрарди.
Ўша йиллари ўқишга қабул қилишнинг мезонлари бутунлай бошқача эди. Кундузги бўлимга ҳар бир вилоятдан 3 киши қабул қилинарди. Ўша олис 1969 йили журналистика факультетига Самарқанд вилоятидан ҳужжат топширганлар кўпроқ бўлган шекилли,бошқа вилоятлардан келганлар биздан паст балл тўплашган бўлса-да, ўқишга кириб кетишди,биз эса нима қилишни билмай қолавердик.
Аммо,имтиҳонлардан кейин бир неча кун ўтиб четда қолганларни бир хонага тўплашди ва Тошкент қурилишларида ишлаш шарти билан кечки бўлимга қабул қилиш масаласини олдимизга кўндаланг қўйишди. Ким ҳам ота-онаси олдига ўқишга киролмай бошини эгиб боришни истарди?! Рози бўлдик ва ўша пайтда бийдай дала бўлган Қорақамишдаги қурилишларда ишлаб,ўқий бошладик.
Эсимда, ўша йили Самарқанд вилоятидан кундузги бўлимга уч қиз қабул қилинган эди. Аммо, бугун уларнинг номини мен ҳам эслолмайман. Аммо, кечки бўлимда ўқиган курсдошларим ичидан Абдулла Матёқубов, Абдулла Турдиев, Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким, Рустам Ғани каби элга таниқли шоирлар етишиб чиқди. Тўрт курсдошим республика миқёсидаги газета ва журналларда бош муҳаррир бўлиб фаолият юритди.
Албатта, бу шоирлару муҳаррирларнинг пешқадами Азим Суюн бўлди. Тўғри, мендан «Содда муғомбир» лақабини олишга муяссар бўлган Азим ака баъзан елкамга қоқиб «Сен одам бўлмайсан,чунки яшашни билмайсан» деган бўлса-да, кейинчалик,орадан анча йиллар ўтиб, «Яхши от кейин чопар эканда, Хуршид!» деб кўнглимни ҳам кўтарган.
Узоқ йиллар бир ҳазил «шеър» ёзган эдим:
Азим Суюн азимми,
Ёки Усмон Азимми?
Мен буни айтажакман,
Узиб бўлгач қарзимни.
Аммо,ҳозиргача бу икки — ҳам дўст,ҳам ака бўлган — инсондан қарзимни узолмаганман.
Бугун Азим Суюн қутлуғ 70 ёши арафасида турибди ва ҳеч ким эшитмайдиган қилиб аканинг қулоғига шивирлаб сўрагим келади: «Паспортда ёшингизни ўзгартиргансиз деб эшитганман,шу гап тўғрими?»
Хуршид Даврон
АЗИМ СУЮН
ШЕЪРЛАР
Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилоятидаги Нукурт қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1997). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1977). Дастлабки шеърий тўплами — «Менинг осмоним» (1978). Шундан сўнг шоирнинг бир қанча шеърий мажмуалари («Зарб», 1979; «Замин тақдири», 1981; «Хаёлот», 1984; «Зиё йўли», 1986; «Жавзо», 1987; «Олис тонглар», 1989; «Куйганим — суйганим», 1992; «Қора кўзинг сенинг», 1994; «Сайланма», 1997; «Шарқ хикмати», 2000; «Эй дўст», 2005) ва бир нечта достонлари («Сарбадорлар», 1981 ва бошқ.) нашр этилган.
Ўзимни танидим, кўкларда учдим,
Момиқ булутларнинг ҳавосин ичдим —
Кўзларим тўймади, кўзлардан кечдим.
Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
Олис денгизларда суздим балиқдай,
Офатижон соҳил, юрдим холиқдай,
Денгизим йўқ гарчи, бездим, толиқдим,
Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
Мен кезмаган жаннат боғлар қолдими?
Оёғим етмаган тоғлар қолдими?
Улар жодусига жон бойландими?
Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
Айтиб бўлмас экан дунёлар сирин,
Қалбда бир япон қиз исми яширин.
Тожмаҳалда кўзёш тўкканларим чин.
Ватан! От ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
Оҳ-оҳ, айланайин бўйингдан ўзим,
Юзим ўзингдирсан, ўзингсан кўзим.
Сенга қўшиқларим кўп эрур менинг.
Ўлсам, қучоғингда ўлурман сенинг!
Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
ВАТАН ФАСЛЛАРИ
Қадим, эрка сойлардан оқиб келар гул иси,
Олма гулининг иси, зардоли гулин иси.
Юлдузларми, ойлардан қалқиб келар гул иси,
Жийда гулининг иси, қароли гулин иси.
Гуллар атрин таратган тоғимсан, Ватан, ўзинг,
Кўнгиллар қулфин очган боғимсан, Ватан, ўзинг!
Тонглар эрта отади, мастона булбул куйи,
Осмон бирам ёйилган, тунлар бирам чарақлар…
Apғумоқларни кўмар буғдойзорларнннг бўйи,
Ўзбек далаларида тилло жавзо ярақлар.
Ризқ-рўзим бутун доим, қароғим, Ватан, ўзинг,
Кўкдаги бир қучоқ ой — чароғим, Ватан, ўзинг!
Ёз чилласи ёндирар, қуриб қолди сойлоқлар,
Дашту саҳролар узра ўралиб учар қуюн.
Қиру адирлар аро сокин мудрар қишлоқлар,
Жирналар, жарликларда қўй-қўзилар олар тин,
Тўрғайи чулдираган қишлоғим, Ватан, ўзинг,
Майли, йўллари тошлоқ, тошлоғим, Ватан, ўзинг!
Ипак мезонлар учар, юрсанг юзга илашар,
Соғинтирди кўп узоқ кузнинг намхуш ҳавоси.
Болалар бир-бирига қилишар янтоқ ҳашар,
Пахта пайкалларида бобоси-ю момоси.
Насибаси ҳалолим — тупроғим, Ватан, ўзинг,
Меҳнатлари жаннатли — оппоғим, Ватан, ўзинг!
Чўққиларни қор босди, кўрдим олис-олисдан,
Юрагим ҳапқиради, киш эрур севган фаслим.
Қани, сиз, ҳей жўралар, олинг майиз, қанд-қурсдан,
Юксакликлардан кўринг бу Ватан бўйи-бастин!
Дилим, тилим, қўлимда яроғим, Ватан, ўзинг,
Она юрт, ота макон — байроғим, Ватан, ўзинг!
ВАТАН
1
Биринчи сентябрь
Бир минг тўққиз юз
тўқсон биринчи йил! О, қутлуғ сана!
Зулм парчаланди!
Бузилди қафас!
Самовий озодлик қилди тантана!
Титради Ёвуз Куч!
Қақшар беомон!
Асрий асоратлар топди-ку завол!
Жаҳон майдонида –
ҳур Ўзбекистон!
О, Темурий миллат! Сизники ҳалол!
Жон-жондан туйдим мен Тангрим меҳрини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
2
Шодликка тўл, Ватан,
Шодликка буркан,
Ҳаёт, Эркинликнинг қувончларин тот!
Сен ҳам тирикликнинг
аслини ўрган,
Асрлар аламли жандаларин от!
О, илоҳий Кун! Кун!
О, илоҳий Сас!
Истиқлол – Истиқбол қилинди эълон!
Осмон гумбурлади,
Чақмоқ чақди, бас,
Бир зум қалқиб тушди халқ ва оломон!
Мен бу кун эслайман Сўзлар сеҳрини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
3
Қаттол Империя,
Мустабид тузум,
Қонларга қоришган манфур сиёсат,
Сақлаб қолмоқ учун
заминда ўзин
Бўҳтонлар ёғдирди қаватма-қават.
Боши янчилмаган
мафкура – илон,
Дунёни бузгудек жон талвасаси,
Даҳшатли қиёфа
касб этди, инон,
Ҳар дам тайёр эди кунда, болтаси.
Огоҳ бўл, ёдда тут маккор макрини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
4
Қанча тубанлашган
эрса залолат,
Шунча яқин келгай қиёмат қойим.
Сени шарафлайман
буюк жасорат,
Сен менинг шавкатим, сен менинг орим!
Одамзод қалбини
тарк этсанг агар,
Оламни босарди дўзахий андуҳ.
Бемаъно яшарди
заминда башар,
Мангу шараф сенга, эй халоскор Руҳ!
Пайғамбар ҳам қилган унинг зикрини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
5
О, Турон ерлари,
О, Турон эллар,
Не салаф урҳосин эшитмагансиз.
Бугун учиб келди
сиз кутган еллар,
Ҳеч қачон бу қадар энтикмагансиз.
Онамиз Тўмарис,
Отамиз Широқ
Нон тутиб турибди енгликларида.
Озодлик ягона,
Озодлик – байроқ
Улкан Осиёнинг кенгликларида!
Бугун алқагаймиз эрка руҳини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
6
Юрт қадрин сўрагил
мусофирлардан,
Эркинлик қадрини қуллардан сўра.
Султон суяги хор,
ҳа, кофирлардан,
Жалолиддин – шердил, эрлардан сўра!
Аждодлар йўлидир –
Истиқлол йўли,
Улар калимаси бизга мададкор.
Соҳибқирон турар
гуллар ўнг-сўли,
Сурати – сийрати улуғвор пойдор!
Ўзбекюрт куйлайди шону мадҳини
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
7
Ватан, тарихингда
Туркистон бўлиб
Не буюк Давлатлар қуриб яшадинг.
Сарҳадсиз сарҳадлар
денгиздай тўлиб,
Не-не салтанатлар эвриб яшнадинг!
Менинг пирим эрур
Қул Ҳожа Аҳмад,
Она тилим асли «Ҳикмат» тилидир.
Навоий – Аллоҳдан
берилган Давлат –
Миллатим комили, миллат пиридир!
О, бугун тинглайман пирлар шукрини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
8
Тугади йўлсизлик,
Қайтди шон-шавкат,
Ипак йўлларида муаззам карвон,
О, қайтди Қуръоним –
илоҳий қудрат,
Қайтди Фарғонийлар – фозили жаҳон.
Гулчамбар, олқишга
дохил, муяссар,
О, ўзбек деҳқони, о, тилло бобо,
Ўтиб кетибди-ку бир ярим аср,
ўзи ўз ерига қайтгунича то!
Унутиб бўлгайми ёвлар қаҳрини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
9
Мен фикр уқаман
олис юзлардан.
Дил-дилим Тангримнинг макони эрур.
Шаҳидлар майдони,
кездим излардан,
Қодирий, Чўлпонлар кўзларида нур.
Уларнинг қалами
қолмади ерда,
Йўқ, улар созлари қолмади ғариб.
Куйлади қасоскор
ҳур оҳангларда
Улкан минбарларда Абдулла Ориф!
Ўпаман юртимнинг тупроқ, туғини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
10
Бугун қурилмоқда
буюк Иморат,
Буюк бунёдкорга мангу ташаккур!
Улуғ майдон узра
минбарда азот
Миллатим сардори сўзлайди мағрур!
Ундан миннатдордир
Дўст, қардош, аждод.
Ҳақ Халқни бош қилди ҳокимиятга.
Уни шарафлайди
Келажак авлод,
У мангу дахлдор Абадиятга!
О, Аллоҳ! Қайтардинг Юрт Темурини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини!
11
Кеча гувоҳ эдим
Зулм-зулматга,
Кўрганим юрт зорин, хорин: гувоҳман.
Бугун гувоҳдирман
Тожу тахт – бахтга,
Огоҳлар ичида мен ҳам огоҳман!
Азим Суюн, тотдим,
Ҳурлик тотини,
Ҳа, бахтли шоирман, бахти ёр инсон –
Кўрдим Империя
ҳалокатини,
Келар замонларга қилурман аён!
Битдим авлодларга қалбим қўрини,
Халқим олди абад Ҳурлик муҳрини
ЭЙ ДЎСТ
(Қайирмалар)
* * *
Эй дўст!
Одам Атони, Тангрим, одам яратди,
Момо Ҳавони унга ҳамдам яратди.
О, аслида аклу куч эгасига
Илоҳий муҳаббату илҳом яратди.
* * *
Эй дўст!
Гулсиз мева тутар анжир дегани,
Ёр гулсиз бўлса ҳам бир келса қани?
Чечакни елкада тутган қоядек
Бошимга кўтариб юрардим уни.
* * *
Эй дўст!
Табиблар кўп эрур, дорилар бисёр,
Улар на даркордир, гарчи мен бемор.
Ёлғон кулиб, ёлғон йиғлаб нетаман,
Кифоя ёнимга кириб келса ёр.
* * *
Эй дўст!
Тунда чорлагандик биз ёримизни,
Кўздан ниҳон тутиб хуморимизни.
Ёр чикқач, о, зулмат кетди ёришиб,
Ошкор килиб қўйди асроримизни.
* * *
Эй дўст!
Дунё норасо жанг-жадаллар билан,
Ғаму андуҳлару ажаллар билан.
Дам ғанимат, жонон билан суҳбат қур,
У расо бўлгайдир гўзаллар билан!
* * *
Эй дўст!
Юрса йўли ёруғ, турса – дил-кўнгил,
Умри – дарёларда оқмас бесамар,
Уйғоқ туриб тушлар кўрмас, кимгаки –
Севиш ва севилиш саодати ёр.
* * *
Эй дўст!
Оламда бормикин сиздан гўзалроқ,
Оламда бормикин биздан гўзалроқ.
Кўзимиз кўзгудир, бас, кўрмадик биз
Ҳеч кимсани гўзал қиздан гўзалроқ.
* * *
Эй дўст!
Жаҳон айвонида эрур жамулжам
Бу Замин, бу Осмон, бу турфа Олам.
Кўнглимга на хушдур, ёнимда агар
Бўлмаса кўнглимни олғувчи санам!
* * *
Эй дўст!
Ишқ жодуси қилган мени мубтало,
Қурбон қилай шаксиз бало, бу бало.
Кўриб келадурман, кўргумдир илло,
Кўз очган кунимдан қабримгача то!
* * *
Эй дўст!
Бир боқмас бу гулрў, ҳар кун шу сазо,
Қайси бир гуноҳим учун бу жазо?
Тўярми ошиклар хилхонаси, айт,
Тағин бир ошиққа етса гар қазо?
* * *
Эй дўст!
Гўзаллик беқадр бўлмаган асло,
Уни билмас киши ўлгани авло.
Коракўз жононим бўлса гар ҳамроҳ,
Бу Шошдан кетардим маҳшаргача то!
* * *
Эй дўст!
Қарагил, биз томон жонон келмоқда,
Хушхандон чечаклар ним эгилмоқда.
Унинг ташрифини қутлаб, пойига
Олчанинг гуллари шўх тўкилмоқда.
* * *
Эй дўст!
Мана қомат, ана қомат, бу на қомат,
Тик қўйилган найми ё шам – тана-қомат.
Кўр эмасман, на қилайин, кўзим кетар,
Ранж чекмасин ва қилмасин таъна қомат.
* * *
Эй дўст!
Ишқ – вафо, ишқ – жафо, жондан кечасиз,
Ҳилол у – ой бўлиб тўла-тўлгунча.
Ишқ – чашма, ишқ – шароб, ҳар кун ичасиз
Ва лекин тўймайсиз ўла-ўлгунча.
* * *
Эй дўст!
Ўн тўрт кунлик ойни осмонда учратдим,
Унга етмоқ – орзу, уммонда учратдим.
Висол дебон ўзни отдим қучоғига,
Ҳар ён сочилди у, ҳар ёнда учратдим.
* * *
Эй дўст!
Саҳар чоғи барча кўздан гўё ниҳон,
Сой бўйида чўмиларди битта жонон.
Билгайдир у: жонли кўрса жон бергайдир,
Билгайдир у: жонсиз кўрса киргайдир жон.
* * *
Эй дўст!
Бир қошиқ туздирман, таом бўлмасман,
Бир жонга арзирли инъом бўлмасман.
Лекин ёр таоми менсиз бўлмагай,
Пок дастурхонида тамом бўлмасман.
* * *
Эй дўст!
Қайдандир жононлар кулгуси келар,
Киши бундан кетмай тургиси келар.
Уларнинг ичида бизнинг ёр борми,
Оҳ-оҳ, саболардан гул иси келар.
* * *
Эй дўст!
Кўнгал бир мусофир, сийлаган уни,
Мен сийладим жонон билан бир куни.
Во ажаб! Ўшандан буён тинчим йўқ,
Гоҳ уни истайди, гоҳ истар буни.
* * *
Эй дўст!
Кўрдимки, бул кеча тонгда уйғониб,
Ёр юзи оташдай турарди ёниб.
Дедим: «Атиргулдай чўғланмоқ нечун?»
Деди: «Атиргулим сув ичган қониб».
* * *
Эй дўст!
Маъшуқ бағридаги ошиқдек хушман,
О, чиндан ҳам шундай, сархуш, беҳушман.
Ҳузуримга келган ёрим бу оқшом,
Кет! Кет! Гулзор аро бир пошшо қушман.
* * *
Эй дўст!
Қўл силтадим бу дунё ғурбатига,
Қалби кесак рақиблар ғийбатига.
Кетдим-кетдим бир қадаҳ май симириб,
Пари-пайкар, жононлар суҳбатига.
* * *
Эй дўст!
Муҳаббатнинг жодулари доғулидир,
Лутфу карам, макрлари оғулидир.
Лекин мени ўлдирса ҳам ўлдирсин ул,
Гарчи ўлим йўли доим қайғулидир.
Azim Suyun o‘zbekning katta va nomdor shoirlaridan. Azim Suyun boz ustiga mening kursdoshim. Yana bir sirni aytsam, Azim Suyun o‘sha olis talabalik yillarida she’rlarimni ko‘rib bergan birinchi muharririm,qarayib ustozim. She’rlarimni ko‘rib bergandan keyin ustoz demay, nima deyin?!
Men jurnalist bo‘lishni orzu qilib o‘rta maktabdan keyin ToshDUga hujjat topshirgan bo‘lsam, Azim Suyun, Abdulla Turdiyev kabi kursdoshlarim harbiy xizmatni o‘tab kelishgan edi. Ular she’r yozishda ham ancha tajribaga ega,she’rlari respublika matbuotida bosilgan, menga o‘xshagan havaskorlar, “she’rimni ko‘rib bering” deb orqalaridan yurardi.
O‘sha yillari o‘qishga qabul qilishning mezonlari butunlay boshqacha edi. Kunduzgi bo‘limga har bir viloyatdan 3 kishi qabul qilinardi. O‘sha olis 1969 yili jurnalistika fakultetiga Samarqand viloyatidan hujjat topshirganlar ko‘proq bo‘lgan shekilli,boshqa viloyatlardan kelganlar bizdan past ball to‘plashgan bo‘lsa-da, o‘qishga kirib ketishdi,biz esa nima qilishni bilmay qolaverdik.
Ammo,imtihonlardan keyin bir necha kun o‘tib chetda qolganlarni bir xonaga to‘plashdi va Toshkent qurilishlarida ishlash sharti bilan kechki bo‘limga qabul qilish masalasini oldimizga ko‘ndalang qo‘yishdi. Kim ham ota-onasi oldiga o‘qishga kirolmay boshini egib borishni istardi?! Rozi bo‘ldik va o‘sha paytda biyday dala bo‘lgan Qoraqamishdagi qurilishlarda ishlab,o‘qiy boshladik.
Esimda, o‘sha yili Samarqand viloyatidan kunduzgi bo‘limga uch qiz qabul qilingan edi. Ammo, bugun ularning nomini men ham eslolmayman. Ammo, kechki bo‘limda o‘qigan kursdoshlarim ichidan Abdulla Matyoqubov, Abdulla Turdiyev, Azim Suyun, Sa’dulla Hakim, Rustam G‘ani kabi elga taniqli shoirlar yetishib chiqdi. To‘rt kursdoshim respublika miqyosidagi gazeta va jurnallarda bosh muharrir bo‘lib faoliyat yuritdi.
Albatta, bu shoirlaru muharrirlarning peshqadami Azim Suyun bo‘ldi. To‘g‘ri, mendan “Sodda mug‘ombir” laqabini olishga muyassar bo‘lgan Azim aka ba’zan yelkamga qoqib “Sen odam bo‘lmaysan,chunki yashashni bilmaysan” degan bo‘lsa-da, keyinchalik,oradan ancha yillar o‘tib, “Yaxshi ot keyin chopar ekanda, Xurshid!” deb ko‘nglimni ham ko‘targan.
Uzoq yillar bir hazil “she’r” yozgan edim:
Azim Suyun azimmi,
Yoki Usmon Azimmi?
Men buni aytajakman,
Uzib bo‘lgach qarzimni.
Ammo,hozirgacha bu ikki — ham do‘st,ham aka bo‘lgan — insondan qarzimni uzolmaganman.
Bugun Azim Suyun qutlug‘ 70 yoshi arafasida turibdi va hech kim eshitmaydigan qilib akaning qulog‘iga shivirlab so‘ragim keladi: “Pasportda yoshingizni o‘zgartirgansiz deb eshitganman,shu gap to‘g‘rimi?”
Xurshid Davron
AZIM SUYUN
SHE’RLAR
Azim Suyun 1948 yil 22 fevralda Samarqand viloyatidagi Nukurt qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi (1997). ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1977). Dastlabki she’riy to‘plami — «Mening osmonim» (1978). Shundan so‘ng shoirning bir qancha she’riy majmualari («Zarb», 1979; «Zamin taqdiri», 1981; «Xayolot», 1984; «Ziyo yo‘li», 1986; «Javzo», 1987; «Olis tonglar», 1989; «Kuyganim — suyganim», 1992; «Qora ko‘zing sening», 1994; «Saylanma», 1997; «Sharq xikmati», 2000; «Ey do‘st», 2005) va bir nechta dostonlari («Sarbadorlar», 1981 va boshq.) nashr etilgan.
VATAH
O‘zimni tanidim, ko‘klarda uchdim,
Momiq bulutlarning havosin ichdim —
Ko‘zlarim to‘ymadi, ko‘zlardan kechdim.
Vatan! Ont ichmayman, qasam ichmayman,
Lekin ikki dunyo sendan kechmayman!
Olis dengizlarda suzdim baliqday,
Ofatijon sohil, yurdim xoliqday,
Dengizim yo‘q garchi, bezdim, toliqdim,
Vatan! Ont ichmayman, qasam ichmayman,
Lekin ikki dunyo sendan kechmayman!
Men kezmagan jannat bog‘lar qoldimi?
Oyog‘im yetmagan tog‘lar qoldimi?
Ular jodusiga jon boylandimi?
Vatan! Ont ichmayman, qasam ichmayman,
Lekin ikki dunyo sendan kechmayman!
Aytib bo‘lmas ekan dunyolar sirin,
Qalbda bir yapon qiz ismi yashirin.
Tojmahalda ko‘zyosh to‘kkanlarim chin.
Vatan! Ot ichmayman, qasam ichmayman,
Lekin ikki dunyo sendan kechmayman!
Oh-oh, aylanayin bo‘yingdan o‘zim,
Yuzim o‘zingdirsan, o‘zingsan ko‘zim.
Senga qo‘shiqlarim ko‘p erur mening.
O‘lsam, quchog‘ingda o‘lurman sening!
Vatan! Ont ichmayman, qasam ichmayman,
Lekin ikki dunyo sendan kechmayman!
VATAN FASLLARI
Qadim, erka soylardan oqib kelar gul isi,
Olma gulining isi, zardoli gulin isi.
Yulduzlarmi, oylardan qalqib kelar gul isi,
Jiyda gulining isi, qaroli gulin isi.
Gullar atrin taratgan tog‘imsan, Vatan, o‘zing,
Ko‘ngillar qulfin ochgan bog‘imsan, Vatan, o‘zing!
Tonglar erta otadi, mastona bulbul kuyi,
Osmon biram yoyilgan, tunlar biram charaqlar…
Apg‘umoqlarni ko‘mar bug‘doyzorlarnnng bo‘yi,
O‘zbek dalalarida tillo javzo yaraqlar.
Rizq-ro‘zim butun doim, qarog‘im, Vatan, o‘zing,
Ko‘kdagi bir quchoq oy — charog‘im, Vatan, o‘zing!
Yoz chillasi yondirar, qurib qoldi soyloqlar,
Dashtu sahrolar uzra o‘ralib uchar quyun.
Qiru adirlar aro sokin mudrar qishloqlar,
Jirnalar, jarliklarda qo‘y-qo‘zilar olar tin,
To‘rg‘ayi chuldiragan qishlog‘im, Vatan, o‘zing,
Mayli, yo‘llari toshloq, toshlog‘im, Vatan, o‘zing!
Ipak mezonlar uchar, yursang yuzga ilashar,
Sog‘intirdi ko‘p uzoq kuzning namxush havosi.
Bolalar bir-biriga qilishar yantoq hashar,
Paxta paykallarida bobosi-yu momosi.
Nasibasi halolim — tuprog‘im, Vatan, o‘zing,
Mehnatlari jannatli — oppog‘im, Vatan, o‘zing!
Cho‘qqilarni qor bosdi, ko‘rdim olis-olisdan,
Yuragim hapqiradi, kish erur sevgan faslim.
Qani, siz, hey jo‘ralar, oling mayiz, qand-qursdan,
Yuksakliklardan ko‘ring bu Vatan bo‘yi-bastin!
Dilim, tilim, qo‘limda yarog‘im, Vatan, o‘zing,
Ona yurt, ota makon — bayrog‘im, Vatan, o‘zing!
VATAN
1
Birinchi sentyabr
Bir ming to‘qqiz yuz
to‘qson birinchi yil! O, qutlug‘ sana!
Zulm parchalandi!
Buzildi qafas!
Samoviy ozodlik qildi tantana!
Titradi Yovuz Kuch!
Qaqshar beomon!
Asriy asoratlar topdi-ku zavol!
Jahon maydonida –
hur O‘zbekiston!
O, Temuriy millat! Sizniki halol!
Jon-jondan tuydim men Tangrim mehrini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
2
Shodlikka to‘l, Vatan,
Shodlikka burkan,
Hayot, Erkinlikning quvonchlarin tot!
Sen ham tiriklikning
aslini o‘rgan,
Asrlar alamli jandalarin ot!
O, ilohiy Kun! Kun!
O, ilohiy Sas!
Istiqlol – Istiqbol qilindi e’lon!
Osmon gumburladi,
Chaqmoq chaqdi, bas,
Bir zum qalqib tushdi xalq va olomon!
Men bu kun eslayman So‘zlar sehrini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
3
Qattol Imperiya,
Mustabid tuzum,
Qonlarga qorishgan manfur siyosat,
Saqlab qolmoq uchun
zaminda o‘zin
Bo‘htonlar yog‘dirdi qavatma-qavat.
Boshi yanchilmagan
mafkura – ilon,
Dunyoni buzgudek jon talvasasi,
Dahshatli qiyofa
kasb etdi, inon,
Har dam tayyor edi kunda, boltasi.
Ogoh bo‘l, yodda tut makkor makrini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
4
Qancha tubanlashgan
ersa zalolat,
Shuncha yaqin kelgay qiyomat qoyim.
Seni sharaflayman
buyuk jasorat,
Sen mening shavkatim, sen mening orim!
Odamzod qalbini
tark etsang agar,
Olamni bosardi do‘zaxiy anduh.
Bema’no yashardi
zaminda bashar,
Mangu sharaf senga, ey xaloskor Ruh!
Payg‘ambar ham qilgan uning zikrini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
5
O, Turon yerlari,
O, Turon ellar,
Ne salaf urhosin eshitmagansiz.
Bugun uchib keldi
siz kutgan yellar,
Hech qachon bu qadar entikmagansiz.
Onamiz To‘maris,
Otamiz Shiroq
Non tutib turibdi yengliklarida.
Ozodlik yagona,
Ozodlik – bayroq
Ulkan Osiyoning kengliklarida!
Bugun alqagaymiz erka ruhini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
6
Yurt qadrin so‘ragil
musofirlardan,
Erkinlik qadrini qullardan so‘ra.
Sulton suyagi xor,
ha, kofirlardan,
Jaloliddin – sherdil, erlardan so‘ra!
Ajdodlar yo‘lidir –
Istiqlol yo‘li,
Ular kalimasi bizga madadkor.
Sohibqiron turar
gullar o‘ng-so‘li,
Surati – siyrati ulug‘vor poydor!
O‘zbekyurt kuylaydi shonu madhini
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
7
Vatan, tarixingda
Turkiston bo‘lib
Ne buyuk Davlatlar qurib yashading.
Sarhadsiz sarhadlar
dengizday to‘lib,
Ne-ne saltanatlar evrib yashnading!
Mening pirim erur
Qul Hoja Ahmad,
Ona tilim asli «Hikmat» tilidir.
Navoiy – Allohdan
berilgan Davlat –
Millatim komili, millat piridir!
O, bugun tinglayman pirlar shukrini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
8
Tugadi yo‘lsizlik,
Qaytdi shon-shavkat,
Ipak yo‘llarida muazzam karvon,
O, qaytdi Qur’onim –
ilohiy qudrat,
Qaytdi Farg‘oniylar – fozili jahon.
Gulchambar, olqishga
doxil, muyassar,
O, o‘zbek dehqoni, o, tillo bobo,
O‘tib ketibdi-ku bir yarim asr,
o‘zi o‘z yeriga qaytgunicha to!
Unutib bo‘lgaymi yovlar qahrini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
9
Men fikr uqaman
olis yuzlardan.
Dil-dilim Tangrimning makoni erur.
Shahidlar maydoni,
kezdim izlardan,
Qodiriy, Cho‘lponlar ko‘zlarida nur.
Ularning qalami
qolmadi yerda,
Yo‘q, ular sozlari qolmadi g‘arib.
Kuyladi qasoskor
hur ohanglarda
Ulkan minbarlarda Abdulla Orif!
O‘paman yurtimning tuproq, tug‘ini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
10
Bugun qurilmoqda
buyuk Imorat,
Buyuk bunyodkorga mangu tashakkur!
Ulug‘ maydon uzra
minbarda azot
Millatim sardori so‘zlaydi mag‘rur!
Undan minnatdordir
Do‘st, qardosh, ajdod.
Haq Xalqni bosh qildi hokimiyatga.
Uni sharaflaydi
Kelajak avlod,
U mangu daxldor Abadiyatga!
O, Alloh! Qaytarding Yurt Temurini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini!
11
Kecha guvoh edim
Zulm-zulmatga,
Ko‘rganim yurt zorin, xorin: guvohman.
Bugun guvohdirman
Toju taxt – baxtga,
Ogohlar ichida men ham ogohman!
Azim Suyun, totdim,
Hurlik totini,
Ha, baxtli shoirman, baxti yor inson –
Ko‘rdim Imperiya
halokatini,
Kelar zamonlarga qilurman ayon!
Bitdim avlodlarga qalbim qo‘rini,
Xalqim oldi abad Hurlik muhrini
EY DO‘ST
(Qayirmalar)
* * *
Ey do‘st!
Odam Atoni, Tangrim, odam yaratdi,
Momo Havoni unga hamdam yaratdi.
O, aslida aklu kuch egasiga
Ilohiy muhabbatu ilhom yaratdi.
* * *
Ey do‘st!
Gulsiz meva tutar anjir degani,
Yor gulsiz bo‘lsa ham bir kelsa qani?
Chechakni yelkada tutgan qoyadek
Boshimga ko‘tarib yurardim uni.
* * *
Ey do‘st!
Tabiblar ko‘p erur, dorilar bisyor,
Ular na darkordir, garchi men bemor.
Yolg‘on kulib, yolg‘on yig‘lab netaman,
Kifoya yonimga kirib kelsa yor.
* * *
Ey do‘st!
Tunda chorlagandik biz yorimizni,
Ko‘zdan nihon tutib xumorimizni.
Yor chikqach, o, zulmat ketdi yorishib,
Oshkor kilib qo‘ydi asrorimizni.
* * *
Ey do‘st!
Dunyo noraso jang-jadallar bilan,
G‘amu anduhlaru ajallar bilan.
Dam g‘animat, jonon bilan suhbat qur,
U raso bo‘lgaydir go‘zallar bilan!
* * *
Ey do‘st!
Yursa yo‘li yorug‘, tursa – dil-ko‘ngil,
Umri – daryolarda oqmas besamar,
Uyg‘oq turib tushlar ko‘rmas, kimgaki –
Sevish va sevilish saodati yor.
* * *
Ey do‘st!
Olamda bormikin sizdan go‘zalroq,
Olamda bormikin bizdan go‘zalroq.
Ko‘zimiz ko‘zgudir, bas, ko‘rmadik biz
Hech kimsani go‘zal qizdan go‘zalroq.
* * *
Ey do‘st!
Jahon ayvonida erur jamuljam
Bu Zamin, bu Osmon, bu turfa Olam.
Ko‘nglimga na xushdur, yonimda agar
Bo‘lmasa ko‘nglimni olg‘uvchi sanam!
* * *
Ey do‘st!
Ishq jodusi qilgan meni mubtalo,
Qurbon qilay shaksiz balo, bu balo.
Ko‘rib keladurman, ko‘rgumdir illo,
Ko‘z ochgan kunimdan qabrimgacha to!
* * *
Ey do‘st!
Bir boqmas bu gulro‘, har kun shu sazo,
Qaysi bir gunohim uchun bu jazo?
To‘yarmi oshiklar xilxonasi, ayt,
Tag‘in bir oshiqqa yetsa gar qazo?
* * *
Ey do‘st!
Go‘zallik beqadr bo‘lmagan aslo,
Uni bilmas kishi o‘lgani avlo.
Korako‘z jononim bo‘lsa gar hamroh,
Bu Shoshdan ketardim mahshargacha to!
* * *
Ey do‘st!
Qaragil, biz tomon jonon kelmoqda,
Xushxandon chechaklar nim egilmoqda.
Uning tashrifini qutlab, poyiga
Olchaning gullari sho‘x to‘kilmoqda.
* * *
Ey do‘st!
Mana qomat, ana qomat, bu na qomat,
Tik qo‘yilgan naymi yo sham – tana-qomat.
Ko‘r emasman, na qilayin, ko‘zim ketar,
Ranj chekmasin va qilmasin ta’na qomat.
* * *
Ey do‘st!
Ishq – vafo, ishq – jafo, jondan kechasiz,
Hilol u – oy bo‘lib to‘la-to‘lguncha.
Ishq – chashma, ishq – sharob, har kun ichasiz
Va lekin to‘ymaysiz o‘la-o‘lguncha.
* * *
Ey do‘st!
O‘n to‘rt kunlik oyni osmonda uchratdim,
Unga yetmoq – orzu, ummonda uchratdim.
Visol debon o‘zni otdim quchog‘iga,
Har yon sochildi u, har yonda uchratdim.
* * *
Ey do‘st!
Sahar chog‘i barcha ko‘zdan go‘yo nihon,
Soy bo‘yida cho‘milardi bitta jonon.
Bilgaydir u: jonli ko‘rsa jon bergaydir,
Bilgaydir u: jonsiz ko‘rsa kirgaydir jon.
* * *
Ey do‘st!
Bir qoshiq tuzdirman, taom bo‘lmasman,
Bir jonga arzirli in’om bo‘lmasman.
Lekin yor taomi mensiz bo‘lmagay,
Pok dasturxonida tamom bo‘lmasman.
* * *
Ey do‘st!
Qaydandir jononlar kulgusi kelar,
Kishi bundan ketmay turgisi kelar.
Ularning ichida bizning yor bormi,
Oh-oh, sabolardan gul isi kelar.
* * *
Ey do‘st!
Ko‘ngal bir musofir, siylagan uni,
Men siyladim jonon bilan bir kuni.
Vo ajab! O‘shandan buyon tinchim yo‘q,
Goh uni istaydi, goh istar buni.
* * *
Ey do‘st!
Ko‘rdimki, bul kecha tongda uyg‘onib,
Yor yuzi otashday turardi yonib.
Dedim: «Atirgulday cho‘g‘lanmoq nechun?»
Dedi: «Atirgulim suv ichgan qonib».
* * *
Ey do‘st!
Ma’shuq bag‘ridagi oshiqdek xushman,
O, chindan ham shunday, sarxush, behushman.
Huzurimga kelgan yorim bu oqshom,
Ket! Ket! Gulzor aro bir poshsho qushman.
* * *
Ey do‘st!
Qo‘l siltadim bu dunyo g‘urbatiga,
Qalbi kesak raqiblar g‘iybatiga.
Ketdim-ketdim bir qadah may simirib,
Pari-paykar, jononlar suhbatiga.
* * *
Ey do‘st!
Muhabbatning jodulari dog‘ulidir,
Lutfu karam, makrlari og‘ulidir.
Lekin meni o‘ldirsa ham o‘ldirsin ul,
Garchi o‘lim yo‘li doim qayg‘ulidir.
Azim Suyun. Saylanma (1997) by Khurshid Davron on Scribd