Chingiz Aytmatov. Askar bola & «Qiyomat» romanida ostiga chizib o’qiladigan satrlar

Ashampoo_Snap_2016.08.04_15h51m49s_001_.png      10 июнь — Чингиз Айтматов хотираси куни

   …одам нега туғилади-ю нега ўлади ва нега ўлим доим сен билан бирга, сендан нари жилмайди ва ўлгандан сўнг ўлим йўқ, лекин ҳаёт ўлимдан юқори, дунёда ҳаётдан кўра юқори ўлчов йўқ — шунинг учун тирик жонни маҳв этма, лекин элингга ёв бостириб келса, дарҳол ҳимояга отлан, севганингнинг номусини асра, худди она Ерни ётлардан асрагандай; айрилиқни ҳеч тотиб кўрганмисан, биласанми айрилиқнинг душворлигини, худди елкангга чўнг тоғларнинг юклари ортилгандай...

Чингиз АЙТМАТОВ
ЖАНГЧИ БОЛА
Асил Рашидов таржимаси
003

045     Чингиз Айтматов (1928-2008) — таниқли қирғиз ёзувчиси, давлат, жамоат арбоби, дипломат. Қирғизистон халқ ёзувчиси (1968). Қирғизистон Фанлар Академияси академиги (1974). Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган (1953). 1956-58 йиллари Москвадаги ёзувчилар уюшмаси Олий адабиёт курси тингловчиси. Асарларини қирғиз ва рус тилида ёзган.
Илк ҳикоялари 1950 йилларда босилган. «Байдамтол соҳилларида» (1955), «Юзма-юз» (1957) асарлари ўткир сюжет, кучли ички руҳий зиддиятларга бой. «Жамила» (1958), «Сарвқомат дилбарим» (1961), «Бўтакўз», «Биринчи муаллим» (1962), «Момо ер», «Сомон йўли» (1963), «Алвидо, эй Гулсари» (1966), «Тоғ ва чўл қиссалари», «Оқ кема» (1970), «Денгиз ёқалаб чопаётган олапар» (1977) каби қиссаларида инсон қисмати ва муҳаббат мавзуи катта эҳтирос билан тараннум этилган.
«Асрга татигулик кун» (1980), «Қиёмат» (1986), «Кассандра тамғаси» (1990) романларида, «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» (М. Шохонов билан ҳамкорликда) ёзилган роман-эсседа замонамизнинг умуминсоний томонлари, она Сайёрамизнинг тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий, маънавий ва ижтимоий муаммолар кўтарилган.
Айтматовнинг асарлари жаҳоннинг 154 тилига таржима қилиниб, 20 млн.дан ортиқ нусхада чоп этилган (1999). «Сарвқомат дилбарим» («Довон»), «Бўтакўз» («Жазирама»), «Биринчи муаллим», «Жамила», «Алвидо, эй Гулсари» ва бошқа экранлаштирилган, ўзбек ва чет эл театрларида саҳналаштирилган. «Момо ер» асарига И. Акбаров мусиқа ёзган. Айтматовнинг қарийб ҳамма асарлари ўзбек тилида нашр этилган.
Айтматов ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, «Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», деб ҳисоблайди. Айтматов Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Республикасида Халқаро Чингиз Айтматов номидаги «Олтин медал» мукофоти таъсис этилган (1999).

003

У беш ёшларида отасини биринчи марта кинода кўрди.

041Бу воқеа ҳар йили совхознинг жун қирқими ўтказиладиган ўша катта қочарида содир бўлган эди. Қочар шифер билан ёпилган, у шундоққина адирнинг этагида, йўл ёқасида жойлашган бўлиб, узоқдан оқариб кўриниб турарди.

Аввалбек бу ерга онасига эргашиб ўйнаб келарди. Онаси, Жиянгул, совхознинг алоқа бўлимида телефонистка эди. Ҳар йили қирқим мавсуми бошлангач, у қирқим пунктига ёрдамчи бўлиб ишга жойлашарди. Бунинг учун Жиянгул ўзининг отпускасини ва экиш, қўзилатиш мавсумида коммутаторда кечаю кундуз иш вақтидан ташқари ишлаганлиги учун бериладиган дам олиш кунларини ҳам олиб, бу ерда ҳам қирқимнинг то охирги кунларигача тиним билмай меҳнат қилар эди. Жун қирқишга ҳақ тўлаш ишбай асосида бўлиб, яхшигина даромад олиш мумкин эди. Эри урушда ўлган бир бечора бева учун ҳар бир тийиннинг ўз ўрни бор-да ахир! Ҳалиям оила катта эмас, улар ниҳояти икки жон: ўзи-ю, боласи. Барибир каттами-кичикми, оила оила-да: озиқ-овқат, ўтин-чўп, кийим-кечак ва яна аллақандай нарсалар дегандай, ҳаммасини ўз вақтида ғамлаб қўйиш керак.

Ташлаб кетадиган кишиси бўлмаганлиги учун Жиянгул ўғлини ҳам ўзи билан бирга ишга олиб борарди. У эса бу ерда қирқимчилар ва чўпонларнинг ўзи тенги кир-чир босган болалари ва паҳмоқ юнгли чўпон ити билан куни бўйи чопқиллаб ўйнагани-ўйнаган эди.

Кунларнинг бирида Аввалбек қочарга кўчма кино келганидан биринчи бўлиб хабар топди ва бошқаларни ҳам кутилмаган бу қувончли воқеадан хабардор қилишга ошиқди:
— Кино келди! Кўряпсизларми, ана кино келди!

Кино ишдан сўнг, қоронғи тушиши билан бошланди. Бунгача эса кутавериб унинг тоқати тоқ бўлди. Аммо кино ҳам ўйлаганидек уруш ҳақида экан. Қочарнинг тўридаги иккала устунга осилган оппоқ матода шиддатли жанг бошланиб кетди, ўқ овозлари гумбурлади, визиллаб осмону фалакка учаётган ракеталар тун зулматини яшиндек ёритиб, ер қучиб ётган разведкачиларни айнан ёритар эди.

Ракеталар ҳам тинди, разведкачилар яна олға ташланди. Пулемётчилар эса ярим тунда шунақаям ўқ ёғдиришардики, ваҳимадан боланинг нафаси ичига тушиб кетди. Ҳа, уруш деб мана буни айтса бўлади!

У билан онаси одамларнинг ортида, жун солинган кандир қопнинг устига ўтириб олишганди. Бу ёқдан, юқоридан яхши кўринарди. Унга қолса, албатта; шундоққина экраннинг ёнгинасида, совхоз болалари жойлашган биринчи қаторда ўтиргани маъқул эди. У бунга интилиб ҳам кўрди, аммо онаси уни ушлаб қолди:
— Бас қил, эртадан кечгача югурганинг югурган, ўтир ёнимда,— деди-да, уни тиззасига олиб ўтирди.

Киноаппарат лентани бир маромда ямлаб-ютар, уруш эса давом этарди. Одамлар уни чурқ этмай ҳаяжон билан томоша қилишарди. Онаси уларни мўлжалга олиб, яқин келаётган танкларни кўриб хўрсиниб кетарди. Шунда уларнинг ёнгинасида ўтирган аллақандай бир аёл ўзича пичирлаб қўйди:
— Э, худо, нималар бўляпти, ўз паноҳингда сақла!..

Булар Аввалбек учун унчалик қўрқинчли эмас, аксинча, баъзида, айниқса фашистлар ўққа учиб, кунпаякун бўлган пайтларда ҳатто завқли эди. Бизникилар қулаганда эса, бола уларнинг яна туриб, жангни давом эттириб кетишларига катта умид боғлар эди.

Умуман олганда урушда кишиларнинг ўққа учишлари ўзгача бир томоша. Уруш-уруш ўйнаган болаларнинг айни ўзгинаси, югуриб бораётиб бундай йиқилишни унинг ўзи ҳам қойиллатади. Аммо ўзига яраша азоби ҳам бор-да, тўғрими, лат ейишинг мумкин, бироқ ҳечқиси йўқ, ирғиб турасан-у, яна ҳужум бошлайсан, оғриқни унутасан. Булар эса ўринларидан турмай йиқилган буйича ербағирлаб қолишар экан. Аввалбек ўққа учишнинг ўзгача йўлини ҳам биларди. Масалан, болалардан бирининг қорнига ўқ тегди деб фараз қилайлик. Шунда у дарҳол қулаб тушмайди, аввало қорнини ғижимлаб ушлаганча букчая бошлайди, сўнгра қўлидан қуролини тушириб юбориб, секин-аста ўт устига ағанаб тушади. Орадан сал ўтиб, «мен ҳали тирикман» дея яна жангга кириб кетади. Булар эса ётган бўйича ўринларидан туришмас экан.

Киноаппарат лентани бир маромда ямлаб-ютар, уруш эса давом этарди. Энди экранда артиллериячилар пайдо бўлди. Улар қасир-қусур портлашлару бурқсиб ётган дуд аралаш оловли жанг майдонларини кечиб, тўпларни итариб-судраганча ён-бағирлардан, ўйдим-чуқурликлардан ўтиб тепалик сари танкларни тўғри нишонга олиб борар эди. Тепалик осмонни ярмисигача тўсиб турарди. Ана шу чўзилиб кетган қияликлар орқали қора қуюн, портлашлар аралаш бир тўда артиллериячилар олға томон ёпирилиб боришарди. Уларнинг бутун ҳаракатларидан, қиёфаларидан боланинг юраги ҳаприқиб, ачишиб, ифтихор туйғуларига тўлганча аллақандай даҳшатли ҳодиса юз беришини кутар эди. Тўпчилар ҳаммаси бўлиб етти киши эди. Улардан бири кўринишидан русларга ўхшамасди. Эҳтимол, онаси ишора қилмаганда, бола бунга эътибор ҳам бермаган бўлармиди. Онаси унга:
—Кўряпсанми, буниси сенинг отанг,— деб шивирлади.

Шу дақиқадан бошлаб ўша жангчи боланинг отасига айланди. Шундан бошлаб бутун фильм у ҳақда, боланинг отаси хусусида ҳикоя қилди. Отаси унинг кўзига совхоз йигитлари сингари ҳали жуда ёш кўринарди; жуссаси кичкина, кулча юзли, кўзлари эса ўйнаб турарди. Тутундан қорайиб кетган юзида кўзлари ғазаб билан ёнарди, умуман, у туриш-турмуши билан арслондай паҳлавон, чаққон, шиддатли эди. Ана: у елкаси билан тўп ғилдирагини итариб борар экан, пастга ўгирилиб қаради-да, кимгадир: «Қани тезроқ шайланинг!» дея қичқирди. Унинг қичқириғи янги портлаш овозларини босиб кетди.

— Ойи, бу менинг отамми? — сўради Аввалбек онасидан.
— Нима деяпсан? — она унинг сўзини дарҳол тушунмади.— Тинчгина ўтириб томоша қил, ана, кўряпсанми?

— У сенинг отанг, деб айтдинг-ку ўзинг.
— Ҳа, албатта, у сенинг отанг. Аммо гапирмай ўтир, бошқаларга халал берма.

Қаердан ҳам шу гапни айта қолди? Нега энди? Балким шунчаки, ўша дақиқаларда ўйламасдан, тасодифан, эҳтимол, ҳаяжон аралаш эрини хотирлаб шундай қилгандир. Бу тентак бола эса бунга ишониб ўтирибди: номаълум ва кутилмаган қувончдан саросимага тушиб, гўё жангчи отаси билан учрашгандай фахрланиб, унга меҳр қўйиб, ўзида йўқ қувониб ўтирибди. Ҳақиқий ота шунақа бўлади-да! Бу қаҳрамон — унинг отаси, ҳа, айни ўзгинаси! Баъзи болалар уни отаси йўқ деб масхара қилишар эди. Энди улар унинг отасини кўриб қўйишсин, майли, чўпонлар ҳам кўришсин! Бу чўпонлар қишин-ёзин тоғу тошларда кезиб юриб, болаларни ҳам дуруст танимай кетганлар. Аввалбек қўйларни қирқим пункти ҳовлисига ҳайдаб киритишга ёрдамлашар, чўпон итлари талашиб уришиб қолишса, уларни ҳайдаб юборар, чўпонлар эса турли хил саволларни ёғдиравериб болани жон-ҳолига қўйишмас эди. Ҳар қайси чўпон, улар оламда нечтаки бўлса, ҳаммаси ҳам, албатта, шундай савол беришарди.

— Балли, балли, азамат, исминг нима?
— Аввалбек.

— Кимнинг ўғлисан?
— Тўхтасиннинг ўғлиман!

Чўпонлар гап ким ҳақида кетаётганлигини дарҳол англаб етишмасди.

— Тўхтасинни? — эгардан энгашганча улар қайта суриштира бошлашарди. — Шошма-шошма, бу қайси Тўхтасин?
— Мен Тўхтасиннинг ўғли бўламан,— дерди бола яна қатъий равишда.

Онаси шундай амр этганди унга, ожиз бўлиб қолган бувиси ҳам, отангни исмини унута кўрмагин яна, деб унинг қулоғини чўзиб, адабини берарди. Жуда баджаҳл эди…

— Ҳа-а, тўхта, тўхта, э, сен ҳалиги почта телефонида ишлайдиган жувоннинг ўғлимасмисан, шундай эмасми-а?
— Йўқ, мен Тўхтасиннинг ўғлиман! — давом этарди у яна ўз сўзида қатъий туриб. Шунда чўпонлар гап ким ҳақида бораётганлигини фаҳмлай бошлардилар.

— Дарвоқе, сен Тўхтасиннинг ўғлисан! Баракалла, ўғлим! Шунчаки биз сени кўрмоқчи бўлдик. Кўнглингга олма, йигит, йил бўйи тирикчилигимиз тоғда ўтади, сизлар эса бу ерда ўсиб-унаяпсизлар, бола-чақаларни ҳам танимай қоляпмиз.

Энди улар узоқ вақт унинг отасини ўзаро хотирлаб юрадилар. У фронтга жуда ёш кетган эди, шу боисдан ҳам кўпчилик уни яхши эслай олмасди. Ҳалиям, хайриятки, ундан ёдгорлик қолибди. Қанчалаб йигитлар фронтга бўйдоқ ҳолда кетганди, энди уларнинг номи фарзандларида абадийлаштирилмай қолди!

Мана энди онаси болага: «Кўряпсанми, буниси сенинг отанг» деб қулоғига шивирлаган лаҳзалардан бошлаб экрандаги жангчи унинг отаси бўлиб қолди. Бола уни беихтиёр ўз отасидай ҳис этиб, қалбига муҳрлаб олганди. Жангчи, чиндан ҳам, нимаси биландир отасининг армияда тушган суратига, пилоткадаги ёш аскарга жуда-жуда ўхшаб кетарди. Улар бу суратни кейинчалик катталаштириб, рамкага солиб осиб қўйишади…

Шу дамда Аввалбек отасига меҳрибон ўғил нигоҳи билан назар ташларди; унинг нозик қалбини ҳали бошидан кечмаган аллақандай қайноқ, муқаддас бир туйғу, болаларга хос меҳр ва қувонч чулғаб олган эди. Отаси экранда гўё ўзини ўғли кузатиб турганлигини сезгандай, гўё ўзининг кинодаги бир лаҳзалик ҳаётини, ўтган урушда қаҳрамонлик кўрсатган жангчини умр бўйи эслаб қолишини ва у билан мангу фахрланиб юришни истаётгандек эди. Шу дақиқалардан бошлаб уруш болакай учун томоша майдонидан ҳақиқий уруш майдонига айланди, одамларнинг ўққа учиб қулашлари ҳам унинг учун кулгули бўлмай қолди. Уруш қизигандан-қизиб, тобора даҳшатли тус олиб борарди. Бола эса энг яқин кишиси учун, эндигина топган қадрдон кишиси учун биринчи бор қўрқиш ҳиссини туймоқда эди.

Киноаппарат чархи шириллаб айланар, уруш эса давом этарди, Олдинда ҳужумга ўтган танклар кўзга ташланди. Улар ғилдираклари билан ерни тилкалаб, даҳшат солиб, милларини бурганча йўл-йўлакай ўқ узиб боришарди. Бизнинг артиллериячиларимиз эса шу пайт ҳолдан тойиб, қурол-аслаҳаларини юқорига судраб чиқай деб қолган эдилар. «Тезроқ, тезроқ бўлинг, отажон! Танклар келяпти, танклар!» дея отасини шоширарди бола. Ниҳоят улар тўпларни тепаликка чиқариб олгач, ёнғоч буталари орасига жойлашиб, танкларга қарши ўқ ёғдира бошладилар. Танклар ҳам уларга қарши ўт очди. Улар кўпчилик эди. Даҳшатдан боланинг юраги ҳаприқиб кетди.

Гўё отаси билан бирга унинг ўзи ҳам олатасир отишмалар ичида юргандай туюларди. Аввалбек танклар қоп-қора тутун ичида ёнаётганда ғилдиракларидан занжирлари отилиб чиқиб кетганда ва рақиблар бир-бирига ўчакишиб даҳшат, адоват билан калла қилаётганларида, онасининг тиззасидан сакраб туриб кетарди. Бизнинг жангчиларимиз замбараклар ёнида ўққа учиб қулаётганларида у жим бўлиб, кесакдек қотиб қолди. Улар энди дам сайин камайиб бораётган эди. Онаси юм-юм йиғларди, унинг юзи қизиб, кўз ёшларидан жиққа ҳўл бўлиб кетган эди.

Киноаппарат бир маромда тириллаб, лентани ямлаб ютар, жанг эса давом этиб, қизигандан-қизиб борар эди. Танклар тобора яқинлашиб келарди. Отаси тўп ўрнатилган станокка энгашиб, дала телефони трубкасига жон-жаҳди билан бақирганча ниманидир айтаётган эди, бироқ суронли отишмалар ичида бирон нарсани илғаб олиш мумкин эмас эди. Мана, жангчилардан яна бири замбарак ёнига қулаб тушди: у инграганча туришга ҳаракат қилиб кўрди, бироқ туртиниб яна йиқилди. Унинг қонидан ер қорайиб қолди. Ниҳоят, улардан икки киши — отаси ва бир жангчи қолди, холос. Улар яна бир бор, сўнгра қаторасига икки бор ўқ уздилар. Аммо танклар ёпирилиб келарди. Мана, замбаракнинг ёнгинасида яна бир снаряд ёрилди. Чақин ва зулмат. Бу гал ердан фақат бир киши, Аввалбекнинг отаси бош кўтарди, холос. У гандираклаганича яна замбарак сари ташланди. Ўзи ўқлаб, ўзи мўлжалга олди. Бу — у отган сўнгги ўқ эди.

Яна экранни портлаш манзараси қоплаб олди. Бу сафарги чийиллаб учиб келган снаряд отасининг замбарагини бир чеккага улоқтириб ташлади. Бироқ ҳали унинг ўзи тирик эди. У гарангсиб, ётган еридан аранг туриб, куйиб, илма-тешик бўлиб кетган уст-бошда, қўлида гранатаси билан яқинлашиб қелаётган танкка қарши чиқди. У ҳеч нарсани кўрмас ва эшитмасди. Ниҳоят, сўнгги кучини тўплади.

— Тўхта, ўтиш мумкин эмас! — деди у ва гранатани отишга ҳозирлаб, қўлини кўтарганча, алам ва нафрат аралаш афтини буруштириб, бир лаҳза туриб қолди.

Она ўғлининг қўлини шу даража сиқиб ушлаган эдики, сал бўлмаса у инграб юборай дерди. Шунда Аввалбек онаси қўлидан ситилиб чиқиб, отасига ташланмоқчи бўлган ҳам эдики, танк пулемётидан ўқ ёғдира бошлади, отаси эса кесилган дарахт сингари қулаб тушди. У ерда ағнаганча туришга ҳаракат қилди ва қўлларини кенг ёзиб, яна чалқанчасига йиқилиб тушди…

Киноаппарат бирдан жимиб қолди, уруш тўхтади. Фильмнинг биринчи қисми тугаган эди. Киночи лентани жойлаштириш учун чироқни ёқди.

Қочарда чироқ ёқилиши билан ҳамма кўзларини қисиб, киприкларини пирпиратиб кино оламидан, уруш даҳшатларидан холи бўлиб, яна одатдаги ўз ҳолатларига қайтдилар. Шу пайт бола юнг солинган қоп устидан сирғалиб тушиб, қувончи ичига сиғмай:

— Болалар, бу менинг отам! Кўряпсизларми? Менинг отамни ўлдиришди!!! — дея қичқира бошлади.

Ҳеч ким буни кутмаган ва нима содир бўлганини ҳеч ким англаб етмаганди. Аввалбек эса тантанали овозда қичқирганча биринчи қаторда, экран қаршисида ўтирган тенгқур дўстлари сари чопиб борарди, уларнинг фикрини билиш бола учун жудажуда муҳим эди. Қочарда аллақандай ноқулай бир жимжитлик ҳукм сурарди. Илгари ўз отасини бирон марта ҳам кўрмаган бу мурғак бола қалбидаги беҳуда, алдамчи қувонч мазмуни ҳали одамлар қалбига етиб борганча йўқ эди. Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмасди, ҳамма саросимада, елка қисиб сукут сақларди. Киномеханик лента солинган тунука қутичани қўлидан тушириб юборди. У икки паллага бўлиниб, жаранглаганча ғилдираб кетди. Бироқ бунга ҳам ҳеч ким эътибор қилмади, киномеханикнинг ўзи ҳам уни ердан кўтариб олишга ошиқмасди. Ҳалок бўлган жангчининг ўғли эса ҳамон ўзиникидан қолмасди:

— Ўзларинг кўрдиларинг-ку, у менинг отам!… Уни ўлдиришди!—дер эди бола одамлар қанчалик сукут сақлаб турганини кўриб, шунчалик ҳовлиққанча, ҳаяжонланган ҳолда. Нега улар Аввалбек сингари унинг отаси учун қувониб фахрланмайдилар?!

Катталардан кимдир норози овозда:
— Ҳе, тентак бола, бундай гапни зинҳор гапира кўрма! — деди.

Аммо бошқаси унга эътироз билдирди:
— Нега ахир? Унинг отаси урушда ҳалок бўлгани ёлғонми?

Шунда қўшнининг ўғилчаси, дабдурустдан унга бор ҳақиқатни айтишга жазм қилди:
— Э, бу сенинг отанг эмас. Нега мунча қичқирасан? Сенинг отанг эмас, у артист-ку, ишонмасанг анави киномеханик амакидан сўраб кўр.

Катталар болакайни унинг қайғули ва ажойиб хом хаёлидан маҳрум этишни исташмади. Улар киномеханик воқеа қандай содир бўлган бўлса, ҳаммасини бемалол айтиб беришига умид қилишарди. Ҳаммалари унга ўгирилиб қарашди. Бироқ у иш билан жуда банд одамдай, аппаратга тикилганча кўзини узмай турарди.

— Йўқ, у менинг отам бўлади, менинг отам! — дея тинчимасди бола бечора.
— Қайсиси сенинг отанг? — дея яна баҳслаша бошлади ҳалиги қўшнининг ўғли.

— У танкни ўққа тутди-ку! Наҳотки сен уни кўрмаган бўлсанг? У мана бундай қилиб йиқилиб тушди-ку!..

Бола ўзини ерга отиб, отаси қай тарзда йиқилганлигини думалаб кўрсатди. У қўлларини кенг ёзганча экран қаршисида ётиб олди.

Томошабинлар беихтиёр кулиб юборишди. Бола эса кулмасди, ўлганга ўхшаб чўзилиб ётарди. Яна ноқулай вазият юзага келганди.

— Бу нимаси, қаёққа қараяпсан, Жиянгул? — деди кекса бир чўпон аёл. Ва ҳамма беихтиёр Жиянгулнинг кўзларида ёш, қайғу-алам аралаш, мотамсаро жиддий қиёфада боласи томон бораётганини пайқади.

У болани ердан кўтариб олди.
— Юр, болам, юрақол. У сенинг отанг, — деди Жиянгул оҳистагина шивирлаб ва ўзи билан бирга болани қочардан олиб чиқиб кетди.

Ой кўкка бўй чўзган эди. Тиниқ мовий тун қаърида тоғ чўққилари оқариб кўринарди, пастда эса гирдоб сингари бепоён даштлик ястаниб ётарди…

Фақат эндигина, ҳаётида биринчи бор бола жудолик дардини қалбдан тушуниб етганди. Уни ногаҳон урушда ҳалок бўлган отанинг чидаб бўлмас ғам-андуҳи чулғаб олган эди. У бирдан онасини қучиб, аламдан дод солиб йиғлагиси келди ва онасининг ҳам ўзига қўшилиб йиғлашига умидланди. Бироқ она ўзини бардам тутиб турарди. Бола ҳам муштчаларини қаттиқ қисиб, кўз ёшларини ичига ютган ҳолда йиғидан тинди.

Худди мана шу дақиқаларда аллақачонлар урушда ҳалок бўлган ота боланинг қалбидан мангу жой олди, аммо буни боланинг ўзи ҳам билмас эди.

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 1-сон

ҚИЁМАТ
Романдаги остига чизиб
ўқиладиган сатрлар
044

044Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат» романида эзгулик ва ёвузликнинг кураши, инсон ва табиат муносабати бўрилар Акбара билан Тошчайнар образи орқали очиб берилади. Инсон томонидан ҳудудларни ўзлаштириш, ўрмонларни йўқ қилиш, табиатнинг азалий қоидаларини бузиш ва охир-оқибат жонзотларни ўз она уйидан сиқиб чиқариш қиёмат-қойим даражасида тасвирланади. Бўриларнинг дастлабки уч боласини овчилар отишади. Тоғда кон йўли очилгач, бўрилар яшаётган қамишзорга ўт қўйилади. Уларнинг кейинги бешта боласи ёнғинда нобуд бўлади. Акбара билан Тошчайнар энди тоққа кўчишади. Аммо ароқхўр Бозорбой янги дунёга келган тўрт бўри боласини сотиб юборади.

Романдаги Авдий Каллистратов образи инсонларни бу йўлдан қайтаришга уринади. Аммо зўровон, қарашлари ҳаминқадар бўлган кишилар уни ит азобига солиб, поезддан ирғитиб юборишади.Асардаги бош қаҳрамонлар Акбара ва Тошчайнарнинг кечмишлари, сарсон-саргардон қисмати ва охир-оқибат фожиасига инсоният сабабчи эканлиги асарда ёрқин акс эттирилган.
Қуйида асардан саралаганларимиз икки бўри мушоҳадалари ва бошқа қаҳрамонларнинг муаммога ҳаққоний муносабатидир.

* * *

Ҳар нарсанинг ўз вақти-соати келади. Чўлу даштларда ҳаётнинг шу маромда тебраниб туриши табиатнинг адолатидан бўлса керак.

* * *

Тўғри, бу ерларни ҳам хатарсиз деб бўлмасди — тағин буниси барча хатарлар ичида энг хатарлиси эди — бу ерларда подаларга одамлар қарашарди, қўй-қўзиларнинг худоси ҳам, қўй-қўзиларнинг қули ҳам шулар эдилар, булар ўзлари кун кўрардилар-у, лекин бошқаларга сира кун бермас, айниқса, уларга қарам бўлмаганларни, ўз эрки билан яшашга уринганларни қўймас эдилар… О, одамлар, одамлар — одамхудолар!

* * *

Лекин булар келажакда насллар фахрланиб юришига арзийдиган кашфиётлар қиладиган фидокор олимлар эмас, ҳар кимнинг қўлидан ҳам келаверадиган ишни бажарадиган оддий кишилар. Чек-интиҳоси кўринмаган, ҳеч қандай бало-қазо йўлай олмайдигандек туюлган Мўйинқум саҳросини мана шу жўнгина одамлар тўрт тарафдан қисиб кела бошлашди. Бироқ инсон ҳаётининг жуда ҳам одми ва жўн кўринган ишларида яхшилик билан ёмонлик қўшилиб кетганлигини Мўйинқум жониворлари қаердан билсинлар. Бу ерда ҳамма нарса одамларнинг ўзларига боғлиқ эди — улар инсон жамоатчилиги учун одатий бўлиб қолган бу нарсаларни нималарга йўналтирар эканлар: яхшиликками ё ёмонликка, тузишгами ё бузишга — буни саҳро махлуқлари қаёқдан билсинлар.

* * *

Қуёш ва чўл азалдан муқоясада: кунга қараб чўлнинг — офтоб ўз сепларини ёйган маконнинг қанчалар чексиз эканлиги билинади. Чўл осмонининг бепоёнлиги эса калхатларнинг баланд парвозларидан аён.

* * *

ОДАМ БОЛАСИ ОДАМЛАРСИЗ ЯШОЛМАЙДИ, ЯНА БУНИНГ УСТИГА ОДАМЛАРГА ҲАМ ТОҚАТ ҚИЛМАЙДИ

* * *

Гўё қонга беланган қуш қанотларини тапирлатиб қор бетида ётгандай. Бировнинг қони — бошқа бировга ем. Бирининг қонини ичмаса, иккинчиси яшолмайди. Азал-азалдан шундай, тирикликнинг бошқа йўсини йўқ. Бунга ҳеч ким қозилик қилолмайди. На ҳақ бор бунда, на ноҳақ. Ким бировнинг қонини ўзга биров учун ем қилиб яратган бўлса, айб ўшанда (Фақат одам боласигина бошқача қисмат билан яралган: у нонини заҳмат чекиб топади, заҳмат чекиб эт топади. Одам ўз табиатини ўзи бино қилади).

* * *

Шарт-шароит деганимиз эса, бу аввало, одамлар, уларнинг интилишлари ва ҳаяжонлари, яхшилик ва ёмонликлари, нима билан тугашини билиб бўлмайдиган ахтаришлари ва бош-кети йўқ зиддиятлари.

* * *

Одамнинг умри нима, деган саволга жавоб топиб бериш қийин. Инсон муносабатлари шунчалар турфа, табиати, феъл-атвори шунчалар ранг-баранг ва мураккабдирки, ҳатто энг мукаммал, энг замонавий компьютер системалари ҳам энг оддий инсон табиатининг умумий чизиғини ажратиб беролмайди.

* * *

Бундай шароитда асосий қонун битта — агар душман таслим бўлмаса, уни янчиб ташлайдилар. Аммо шафқатсизликка жавобан шафқатсизлик юзага чиқади — бу ҳам қадимдан қолган қонун.

* * *

Нега ахир бундай, нега ахир одамлар бир-бирлари билан урушадилар, қон тўкадилар, кўзёшларни дарё қилиб оқизадилар, ҳаммалари ўзларини ҳақ, бошқаларни ноҳақ деб ҳисоблайдилар, қани ахир ҳақиқат, ким ҳақиқатни айтади, ким? Қани уларни адолат билан ажрим қилувчи набий?..

* * *

…одам нега туғилади-ю нега ўлади ва нега ўлим доим сен билан бирга, сендан нари жилмайди ва ўлгандан сўнг ўлим йўқ, лекин ҳаёт ўлимдан юқори, дунёда ҳаётдан кўра юқори ўлчов йўқ — шунинг учун тирик жонни маҳв этма, лекин элингга ёв бостириб келса, дарҳол ҳимояга отлан, севганингнинг номусини асра, худди она Ерни ётлардан асрагандай; айрилиқни ҳеч тотиб кўрганмисан, биласанми айрилиқнинг душворлигини, худди елкангга чўнг тоғларнинг юклари ортилгандай…

* * *

Кўрдингизми, биз яралганимиздан бери шундаймиз — ўлгандан кейин ҳам яшамоқни истаймиз. Ўз умрини узайтириш мумкинлигига ишонч, шунинг ҳиссиёти билан яшаш одамзодга қанчалар муҳим, қанчалар зарур. Одамлар ўзларидан кейин қандайдир автомат қурилма, аллақандай вокал-мусиқа абадий двигатели қолдириш фикрига келсалар, ажаб эмас — бу ҳамма замонлар учун инсон маданияти эришган энг яхши нарсаларнинг антологияси бўлади.

* * *

Ҳаёт, ўлим, муҳаббат, шафқат ва илҳом — ҳаммасини мусиқа айтади, зотан, биз мусиқада энг олий ҳурликка эришамиз, бу ҳурлик учун эса онгимиз ёришган замонлардан бошлаб, бутун тарихимиз давомида курашганмиз, лекин унга фақат мусиқадагина етишганмиз. Фақат мусиқагина барча замонларнинг ақидаларини енгиб ўтиб, доимо келажак сари интилади… Шунинг учун биз айтолмаган нарсаларни у айтади, шунга чорланган…

* * *
Жамиятнинг қайсидир бир қисмида рўй бераётган ишкалликлар ҳақида бонг уриш учун, афтидан, бошқа кўп нарсалар қатори, ўзига зарар келтириб қўйишдан чўчимаслик керак. Бахтигами, бахтсизлигигами…

* * *

Дунё ўз фарзандларини уларнинг энг покиза ғоялари ва руҳий интилишлари учун ҳаммадан кўпроқ жазолайди.

* * *

Одам ёшликда ўзига қаттиқ бино қўяди. Турли-туман одамлар феъл-атвори, таълим-тарбиясига кўра бу турлича намоён бўлади. Турмушнинг тегирмонидан бутун чиққан, ёши бир ерга бориб қолган одам ҳаёт шомида Худога ишончини йўқотгани ёки илоҳий истилоҳ ва тушунчаларни ўзбошимчалик билан талқин қилганини ҳеч эшитганмисан? Йўқ, бунақа воқеа рўй берса ҳам аҳён-аҳён, тасодиф билан рўй беради. Одамнинг ёши улғайган сари илоҳиётнинг моҳиятини шунча чуқур англайди.

* * *

Қанча ер бор, қанча кўз илғамас маконлар ва ёруғлик бор, шундай бўлса ҳам, одам боласига яна барибир нимадир етмайди, ҳаммасидан бурун — эркинлик етмайди,- деб ўйларди Авдий поёнсиз яйдоқ чўлларга боқиб. — Одам боласи одамларсиз яшолмайди, яна бунинг устига одамларга ҳам тоқат қилмайди.

* * *

Зеро, одам боласига ўз ўлимидан кўра мусибатлироқ нарса йўқ, она учун эса ўз пушти камаридан бўлган фарзанди ҳалокати ундан юз чандон оғирроқ ва қайғулироқдир.

* * *

Тавба — бу ҳаёт тажрибаси кўпайган сайин ортиб бораверадиган виждон қиймати, қўлга киритиладиган қиймат, инсон ақл-идроки томонидан тарбияланадиган, парваришланадиган қиймат экан. Одам боласидан бошқа ҳеч кимга пушаймонлик ҳиссиёти берилмаган. Тавба -инсон руҳининг ўзи ҳақидаги абадий ва ҳеч ўзгармас ғамхўрлигидир. Шундан хулоса чиқариш мумкинки, қилғилик ва ёки жиноят учун бериладиган ҳар қандай жазо жиноятчини пушаймонга солиши керак. Акс ҳолда бу ваҳший ҳайвонни жазолашдан бошқа нарса эмас.

Замира РЎЗИЕВА тайёрлаган

Манба: «Қашқадарё» газетаси веб-саҳифаси

045

Chingiz AYTMATOV
JANGCHI BOLA
Asil Rashidov tarjimasi
003

045 Chingiz Aytmatov (1928-2008) — taniqli qirg’iz yozuvchisi, davlat, jamoat arbobi, diplomat. Qirg’iziston xalq yozuvchisi (1968). Qirg’iziston Fanlar Akademiyasi akademigi (1974). Qirg’iziston Qishloq xo’jaligi institutini tamomlagan (1953). 1956-58 yillari Moskvadagi yozuvchilar uyushmasi Oliy adabiyot kursi tinglovchisi. Asarlarini qirg’iz va rus tilida yozgan.
Ilk hikoyalari 1950 yillarda bosilgan. «Baydamtol sohillarida» (1955), «Yuzma-yuz» (1957) asarlari o’tkir syujet, kuchli ichki ruhiy ziddiyatlarga boy. «Jamila» (1958), «Sarvqomat dilbarim» (1961), «Bo’tako’z», «Birinchi muallim» (1962), «Momo yer», «Somon yo’li» (1963), «Alvido, ey Gulsari» (1966), «Tog’ va cho’l qissalari», «Oq kema» (1970), «Dengiz yoqalab chopayotgan olapar» (1977) kabi qissalarida inson qismati va muhabbat mavzui katta ehtiros bilan tarannum etilgan.
«Asrga tatigulik kun» (1980), «Qiyomat» (1986), «Kassandra tamg’asi» (1990) romanlarida, «Cho’qqida qolgan ovchining ohi zori» (M. Shoxonov bilan hamkorlikda) yozilgan roman-esseda zamonamizning umuminsoniy tomonlari, ona Sayyoramizning taqdiri, kuchli falsafiy, axloqiy, ma’naviy va ijtimoiy muammolar ko’tarilgan.
Aytmatovning asarlari jahonning 154 tiliga tarjima qilinib, 20 mln.dan ortiq nusxada chop etilgan (1999). «Sarvqomat dilbarim» («Dovon»), «Bo’tako’z» («Jazirama»), «Birinchi muallim», «Jamila»,
«Alvido, ey Gulsari» va boshqa ekranlashtirilgan, o’zbek va chet el teatrlarida sahnalashtirilgan. «Momo yer» asariga I. Akbarov musiqa yozgan. Aytmatovning qariyb hamma asarlari o’zbek tilida nashr etilgan.

Aytmatov o’zbek adabiyoti, umuman, o’zbek madaniyati tarixini yuksak baholab, «Qadim-qadim o’zbek madaniyatining O’rta Osiyoga ko’rsatgan ta’sirini ko’hna Vizantiyaning Qadim Rusga ko’rsatgan ta’siri bilan qiyoslash mumkin», deb hisoblaydi. Aytmatov O’zbekiston Respublikasining «Do’stlik» (1995), «Buyuk xizmatlari uchun» (1998) ordenlari bilan mukofotlangan. Qirg’iziston Respublikasida Xalqaro Chingiz Aytmatov nomidagi «Oltin medal» mukofoti ta’sis etilgan (1999).

003

U besh yoshlarida otasini birinchi marta kinoda ko’rdi.

Bu voqea har yili sovxozning jun qirqimi o’tkaziladigan o’sha katta qocharida sodir bo’lgan edi. Qochar shifer bilan yopilgan, u shundoqqina adirning etagida, yo’l yoqasida joylashgan bo’lib, uzoqdan oqarib ko’rinib turardi.

Avvalbek bu yerga onasiga ergashib o’ynab kelardi. Onasi, Jiyangul, sovxozning aloqa bo’limida telefonistka edi. Har yili qirqim mavsumi boshlangach, u qirqim punktiga yordamchi bo’lib ishga joylashardi. Buning uchun Jiyangul o’zining otpuskasini va ekish, qo’zilatish mavsumida kommutatorda kechayu kunduz ish vaqtidan tashqari ishlaganligi uchun beriladigan dam olish kunlarini ham olib, bu yerda ham qirqimning to oxirgi kunlarigacha tinim bilmay mehnat qilar edi. Jun qirqishga haq to’lash ishbay asosida bo’lib, yaxshigina daromad olish mumkin edi. Eri urushda o’lgan bir bechora beva uchun har bir tiyinning o’z o’rni bor-da axir! Haliyam oila katta emas, ular nihoyati ikki jon: o’zi-yu, bolasi. Baribir kattami-kichikmi, oila oila-da: oziq-ovqat, o’tin-cho’p, kiyim-kechak va yana allaqanday narsalar deganday, hammasini o’z vaqtida g’amlab qo’yish kerak.

Tashlab ketadigan kishisi bo’lmaganligi uchun Jiyangul o’g’lini ham o’zi bilan birga ishga olib borardi. U esa bu yerda qirqimchilar va cho’ponlarning o’zi tengi kir-chir bosgan bolalari va pahmoq yungli cho’pon iti bilan kuni bo’yi chopqillab o’ynagani-o’ynagan edi.

Kunlarning birida Avvalbek qocharga ko’chma kino kelganidan birinchi bo’lib xabar topdi va boshqalarni ham kutilmagan bu quvonchli voqeadan xabardor qilishga oshiqdi:
— Kino keldi! Ko’ryapsizlarmi, ana kino keldi!

Kino ishdan so’ng, qorong’i tushishi bilan boshlandi. Bungacha esa kutaverib uning toqati toq bo’ldi. Ammo kino ham o’ylaganidek urush haqida ekan. Qocharning to’ridagi ikkala ustunga osilgan oppoq matoda shiddatli jang boshlanib ketdi, o’q ovozlari gumburladi, vizillab osmonu falakka uchayotgan raketalar tun zulmatini yashindek yoritib, yer quchib yotgan razvedkachilarni aynan yoritar edi.

Raketalar ham tindi, razvedkachilar yana olg’a tashlandi. Pulemyotchilar esa yarim tunda shunaqayam o’q yog’dirishardiki, vahimadan bolaning nafasi ichiga tushib ketdi. Ha, urush deb mana buni aytsa bo’ladi!

U bilan onasi odamlarning ortida, jun solingan kandir qopning ustiga o’tirib olishgandi. Bu yoqdan, yuqoridan yaxshi ko’rinardi. Unga qolsa, albatta; shundoqqina ekranning yonginasida, sovxoz bolalari joylashgan birinchi qatorda o’tirgani ma’qul edi. U bunga intilib ham ko’rdi, ammo onasi uni ushlab qoldi:
— Bas qil, ertadan kechgacha yugurganing yugurgan, o’tir yonimda,— dedi-da, uni tizzasiga olib o’tirdi.

Kinoapparat lentani bir maromda yamlab-yutar, urush esa davom etardi. Odamlar uni churq etmay hayajon bilan tomosha qilishardi. Onasi ularni mo’ljalga olib, yaqin kelayotgan tanklarni ko’rib xo’rsinib ketardi. Shunda ularning yonginasida o’tirgan allaqanday bir ayol o’zicha pichirlab qo’ydi:
— E, xudo, nimalar bo’lyapti, o’z panohingda saqla!..

Bular Avvalbek uchun unchalik qo’rqinchli emas, aksincha, ba’zida, ayniqsa fashistlar o’qqa uchib, kunpayakun bo’lgan paytlarda hatto zavqli edi. Biznikilar qulaganda esa, bola ularning yana turib, jangni davom ettirib ketishlariga katta umid bog’lar edi.

Umuman olganda urushda kishilarning o’qqa uchishlari o’zgacha bir tomosha. Urush-urush o’ynagan bolalarning ayni o’zginasi, yugurib borayotib bunday yiqilishni uning o’zi ham qoyillatadi. Ammo o’ziga yarasha azobi ham bor-da, to’g’rimi, lat yeyishing mumkin, biroq hechqisi yo’q, irg’ib turasan-u, yana hujum boshlaysan, og’riqni unutasan. Bular esa o’rinlaridan turmay yiqilgan buyicha yerbag’irlab qolishar ekan. Avvalbek o’qqa uchishning o’zgacha yo’lini ham bilardi. Masalan, bolalardan birining qorniga o’q tegdi deb faraz qilaylik. Shunda u darhol qulab tushmaydi, avvalo qornini g’ijimlab ushlagancha bukchaya boshlaydi, so’ngra qo’lidan qurolini tushirib yuborib, sekin-asta o’t ustiga ag’anab tushadi. Oradan sal o’tib, «men hali tirikman» deya yana jangga kirib ketadi. Bular esa yotgan bo’yicha o’rinlaridan turishmas ekan.

Kinoapparat lentani bir maromda yamlab-yutar, urush esa davom etardi. Endi ekranda artilleriyachilar paydo bo’ldi. Ular qasir-qusur portlashlaru burqsib yotgan dud aralash olovli jang maydonlarini kechib, to’plarni itarib-sudragancha yon-bag’irlardan, o’ydim-chuqurliklardan o’tib tepalik sari tanklarni to’g’ri nishonga olib borar edi. Tepalik osmonni yarmisigacha to’sib turardi. Ana shu cho’zilib ketgan qiyaliklar orqali qora quyun, portlashlar aralash bir to’da artilleriyachilar olg’a tomon yopirilib borishardi. Ularning butun harakatlaridan, qiyofalaridan bolaning yuragi hapriqib, achishib, iftixor tuyg’ulariga to’lgancha allaqanday dahshatli hodisa yuz berishini kutar edi. To’pchilar hammasi bo’lib yetti kishi edi. Ulardan biri ko’rinishidan ruslarga o’xshamasdi. Ehtimol, onasi ishora qilmaganda, bola bunga e’tibor ham bermagan bo’larmidi. Onasi unga:
—Ko’ryapsanmi, bunisi sening otang,— deb shivirladi.

Shu daqiqadan boshlab o’sha jangchi bolaning otasiga aylandi. Shundan boshlab butun fil`m u haqda, bolaning otasi xususida hikoya qildi. Otasi uning ko’ziga sovxoz yigitlari singari hali juda yosh ko’rinardi; jussasi kichkina, kulcha yuzli, ko’zlari esa o’ynab turardi. Tutundan qorayib ketgan yuzida ko’zlari g’azab bilan yonardi, umuman, u turish-turmushi bilan arslonday pahlavon, chaqqon, shiddatli edi. Ana: u yelkasi bilan to’p g’ildiragini itarib borar ekan, pastga o’girilib qaradi-da, kimgadir: «Qani tezroq shaylaning!» deya qichqirdi. Uning qichqirig’i yangi portlash ovozlarini bosib ketdi.

— Oyi, bu mening otammi? — so’radi Avvalbek onasidan.
— Nima deyapsan? — ona uning so’zini darhol tushunmadi.— Tinchgina o’tirib tomosha qil, ana, ko’ryapsanmi?

— U sening otang, deb aytding-ku o’zing.
— Ha, albatta, u sening otang. Ammo gapirmay o’tir, boshqalarga xalal berma.

Qaerdan ham shu gapni ayta qoldi? Nega endi? Balkim shunchaki, o’sha daqiqalarda o’ylamasdan, tasodifan, ehtimol, hayajon aralash erini xotirlab shunday qilgandir. Bu tentak bola esa bunga ishonib o’tiribdi: noma’lum va kutilmagan quvonchdan sarosimaga tushib, go’yo jangchi otasi bilan uchrashganday faxrlanib, unga mehr qo’yib, o’zida yo’q quvonib o’tiribdi. Haqiqiy ota shunaqa bo’ladi-da! Bu qahramon — uning otasi, ha, ayni o’zginasi! Ba’zi bolalar uni otasi yo’q deb masxara qilishar edi. Endi ular uning otasini ko’rib qo’yishsin, mayli, cho’ponlar ham ko’rishsin! Bu cho’ponlar qishin-yozin tog’u toshlarda kezib yurib, bolalarni ham durust tanimay ketganlar. Avvalbek qo’ylarni qirqim punkti hovlisiga haydab kiritishga yordamlashar, cho’pon itlari talashib urishib qolishsa, ularni haydab yuborar, cho’ponlar esa turli xil savollarni yog’diraverib bolani jon-holiga qo’yishmas edi. Har qaysi cho’pon, ular olamda nechtaki bo’lsa, hammasi ham, albatta, shunday savol berishardi.

— Balli, balli, azamat, isming nima?
— Avvalbek.

— Kimning o’g’lisan?
— To’xtasinning o’g’liman!

Cho’ponlar gap kim haqida ketayotganligini darhol anglab yetishmasdi.

— To’xtasinni? — egardan engashgancha ular qayta surishtira boshlashardi. — Shoshma-shoshma, bu qaysi To’xtasin?
— Men To’xtasinning o’g’li bo’laman,— derdi bola yana qat’iy ravishda.

Onasi shunday amr etgandi unga, ojiz bo’lib qolgan buvisi ham, otangni ismini unuta ko’rmagin yana, deb uning qulog’ini cho’zib, adabini berardi. Juda badjahl edi…

— Ha-a, to’xta, to’xta, e, sen haligi pochta telefonida ishlaydigan juvonning o’g’limasmisan, shunday emasmi-a?
— Yo’q, men To’xtasinning o’g’liman! — davom etardi u yana o’z so’zida qat’iy turib. Shunda cho’ponlar gap kim haqida borayotganligini fahmlay boshlardilar.

— Darvoqe, sen To’xtasinning o’g’lisan! Barakalla, o’g’lim! Shunchaki biz seni ko’rmoqchi bo’ldik. Ko’nglingga olma, yigit, yil bo’yi tirikchiligimiz tog’da o’tadi, sizlar esa bu yerda o’sib-unayapsizlar, bola-chaqalarni ham tanimay qolyapmiz.

Endi ular uzoq vaqt uning otasini o’zaro xotirlab yuradilar. U frontga juda yosh ketgan edi, shu boisdan ham ko’pchilik uni yaxshi eslay olmasdi. Haliyam, xayriyatki, undan yodgorlik qolibdi. Qanchalab yigitlar frontga bo’ydoq holda ketgandi, endi ularning nomi farzandlarida abadiylashtirilmay qoldi!

Mana endi onasi bolaga: «Ko’ryapsanmi, bunisi sening otang» deb qulog’iga shivirlagan lahzalardan boshlab ekrandagi jangchi uning otasi bo’lib qoldi. Bola uni beixtiyor o’z otasiday his etib, qalbiga muhrlab olgandi. Jangchi, chindan ham, nimasi bilandir otasining armiyada tushgan suratiga, pilotkadagi yosh askarga juda-juda o’xshab ketardi. Ular bu suratni keyinchalik kattalashtirib, ramkaga solib osib qo’yishadi…

Shu damda Avvalbek otasiga mehribon o’g’il nigohi bilan nazar tashlardi; uning nozik qalbini hali boshidan kechmagan allaqanday qaynoq, muqaddas bir tuyg’u, bolalarga xos mehr va quvonch chulg’ab olgan edi. Otasi ekranda go’yo o’zini o’g’li kuzatib turganligini sezganday, go’yo o’zining kinodagi bir lahzalik hayotini, o’tgan urushda qahramonlik ko’rsatgan jangchini umr bo’yi eslab qolishini va u bilan mangu faxrlanib yurishni istayotgandek edi. Shudaqiqalardan boshlab urush bolakay uchun tomosha maydonidan haqiqiy urush maydoniga aylandi, odamlarning o’qqa uchib qulashlari ham uning uchun kulguli bo’lmay qoldi. Urush qizigandan-qizib, tobora dahshatli tus olib borardi. Bola esa eng yaqin kishisi uchun, endigina topgan qadrdon kishisi uchun birinchi bor qo’rqish hissini tuymoqda edi.

Kinoapparat charxi shirillab aylanar, urush esa davom etardi, Oldinda hujumga o’tgan tanklar ko’zga tashlandi. Ular g’ildiraklari bilan yerni tilkalab, dahshat solib, millarini burgancha yo’l-yo’lakay o’q uzib borishardi. Bizning artilleriyachilarimiz esa shu payt holdan toyib, qurol-aslahalarini yuqoriga sudrab chiqay deb qolgan edilar. «Tezroq, tezroq bo’ling, otajon! Tanklar kelyapti, tanklar!» deya otasini shoshirardi bola. Nihoyat ular to’plarni tepalikka chiqarib olgach, yong’och butalari orasiga joylashib, tanklarga qarshi o’q yog’dira boshladilar. Tanklar ham ularga qarshi o’t ochdi. Ular ko’pchilik edi. Dahshatdan bolaning yuragi hapriqib ketdi.

Go’yo otasi bilan birga uning o’zi ham olatasir otishmalar ichida yurganday tuyulardi. Avvalbek tanklar qop-qora tutun ichida yonayotganda g’ildiraklaridan zanjirlari otilib chiqib ketganda va raqiblar bir-biriga o’chakishib dahshat, adovat bilan kalla qilayotganlarida, onasining tizzasidan sakrab turib ketardi. Bizning jangchilarimiz zambaraklar yonida o’qqa uchib qulayotganlarida u jim bo’lib, kesakdek qotib qoldi. Ular endi dam sayin kamayib borayotgan edi. Onasi yum-yum yig’lardi, uning yuzi qizib, ko’z yoshlaridan jiqqa ho’l bo’lib ketgan edi.

Kinoapparat bir maromda tirillab, lentani yamlab yutar, jang esa davom etib, qizigandan-qizib borar edi. Tanklar tobora yaqinlashib kelardi. Otasi to’p o’rnatilgan stanokka engashib, dala telefoni trubkasiga jon-jahdi bilan baqirgancha nimanidir aytayotgan edi, biroq suronli otishmalar ichida biron narsani ilg’ab olish mumkin emas edi. Mana, jangchilardan yana biri zambarak yoniga qulab tushdi: u ingragancha turishga harakat qilib ko’rdi, biroq turtinib yana yiqildi. Uning qonidan yer qorayib qoldi. Nihoyat, ulardan ikki kishi — otasi va bir jangchi qoldi, xolos. Ular yana bir bor, so’ngra qatorasiga ikki bor o’q uzdilar. Ammo tanklar yopirilib kelardi. Mana, zambarakning yonginasida yana bir snaryad yorildi. Chaqin va zulmat. Bu gal yerdan faqat bir kishi, Avvalbekning otasi bosh ko’tardi, xolos. U gandiraklaganicha yana zambarak sari tashlandi. O’zi o’qlab, o’zi mo’ljalga oldi. Bu — u otgan so’nggi o’q edi.

Yana ekranni portlash manzarasi qoplab oldi. Bu safargi chiyillab uchib kelgan snaryad otasining zambaragini bir chekkaga uloqtirib tashladi. Biroq hali uning o’zi tirik edi. U garangsib, yotgan yeridan arang turib, kuyib, ilma-teshik bo’lib ketgan ust-boshda, qo’lida granatasi bilan yaqinlashib qelayotgan tankka qarshi chiqdi. U hech narsani ko’rmas va eshitmasdi. Nihoyat, so’nggi kuchini to’pladi.

— To’xta, o’tish mumkin emas! — dedi u va granatani otishga hozirlab, qo’lini ko’targancha, alam va nafrat aralash aftini burushtirib, bir lahza turib qoldi.

Ona o’g’lining qo’lini shu daraja siqib ushlagan ediki, sal bo’lmasa u ingrab yuboray derdi. Shunda Avvalbek onasi qo’lidan sitilib chiqib, otasiga tashlanmoqchi bo’lgan ham ediki, tank pulemyotidan o’q yog’dira boshladi, otasi esa kesilgan daraxt singari qulab tushdi. U yerda ag’nagancha turishga harakat qildi va qo’llarini keng yozib, yana chalqanchasiga yiqilib tushdi…

Kinoapparat birdan jimib qoldi, urush to’xtadi. Fil`mning birinchi qismi tugagan edi. Kinochi lentani joylashtirish uchun chiroqni yoqdi.

Qocharda chiroq yoqilishi bilan hamma ko’zlarini qisib, kipriklarini pirpiratib kino olamidan, urush dahshatlaridan xoli bo’lib, yana odatdagi o’z holatlariga qaytdilar. Shu payt bola yung solingan qop ustidan sirg’alib tushib, quvonchi ichiga sig’may:

— Bolalar, bu mening otam! Ko’ryapsizlarmi? Mening otamni o’ldirishdi!!! — deya qichqira boshladi.

Hech kim buni kutmagan va nima sodir bo’lganini hech kim anglab yetmagandi. Avvalbek esa tantanali ovozda qichqirgancha birinchi qatorda, ekran qarshisida o’tirgan tengqur do’stlari sari chopib borardi, ularning fikrini bilish bola uchun judajuda muhim edi. Qocharda allaqanday noqulay bir jimjitlik hukm surardi. Ilgari o’z otasini biron marta ham ko’rmagan bu murg’ak bola qalbidagi behuda, aldamchi quvonch mazmuni hali odamlar qalbiga yetib borgancha yo’q edi. Hech kim hech narsani tushunmasdi, hamma sarosimada, yelka qisib sukut saqlardi. Kinomexanik lenta solingan tunuka qutichani qo’lidan tushirib yubordi. U ikki pallaga bo’linib, jaranglagancha g’ildirab ketdi. Biroq bunga ham hech kim e’tibor qilmadi, kinomexanikning o’zi ham uni yerdan ko’tarib olishga oshiqmasdi. Halok bo’lgan jangchining o’g’li esa hamon o’zinikidan qolmasdi:

— O’zlaring ko’rdilaring-ku, u mening otam!… Uni o’ldirishdi!—der edi bola odamlar qanchalik sukut saqlab turganini ko’rib, shunchalik hovliqqancha, hayajonlangan holda. Nega ular Avvalbek singari uning otasi uchun quvonib faxrlanmaydilar?!

Kattalardan kimdir norozi ovozda:
— He, tentak bola, bunday gapni zinhor gapira ko’rma! — dedi.

Ammo boshqasi unga e’tiroz bildirdi:
— Nega axir? Uning otasi urushda halok bo’lgani yolg’onmi?

Shunda qo’shnining o’g’ilchasi, dabdurustdan unga bor haqiqatni aytishga jazm qildi:
— E, bu sening otang emas. Nega muncha qichqirasan? Sening otang emas, u artist-ku, ishonmasang anavi kinomexanik amakidan so’rab ko’r.

Kattalar bolakayni uning qayg’uli va ajoyib xom xayolidan mahrum etishni istashmadi. Ular kinomexanik voqea qanday sodir bo’lgan bo’lsa, hammasini bemalol aytib berishiga umid qilishardi. Hammalari unga o’girilib qarashdi. Biroq u ish bilan juda band odamday, apparatga tikilgancha ko’zini uzmay turardi.

— Yo’q, u mening otam bo’ladi, mening otam! — deya tinchimasdi bola bechora.
— Qaysisi sening otang? — deya yana bahslasha boshladi haligi qo’shnining o’g’li.

— U tankni o’qqa tutdi-ku! Nahotki sen uni ko’rmagan bo’lsang? U mana bunday qilib yiqilib tushdi-ku!..

Bola o’zini yerga otib, otasi qay tarzda yiqilganligini dumalab ko’rsatdi. U qo’llarini keng yozgancha ekran qarshisida yotib oldi.

Tomoshabinlar beixtiyor kulib yuborishdi. Bola esa kulmasdi, o’lganga o’xshab cho’zilib yotardi. Yana noqulay vaziyat yuzaga kelgandi.

— Bu nimasi, qayoqqa qarayapsan, Jiyangul? — dedi keksa bir cho’pon ayol. Va hamma beixtiyor Jiyangulning ko’zlarida yosh, qayg’u-alam aralash, motamsaro jiddiy qiyofada bolasi tomon borayotganini payqadi.

U bolani yerdan ko’tarib oldi.
— Yur, bolam, yuraqol. U sening otang, — dedi Jiyangul ohistagina shivirlab va o’zi bilan birga bolani qochardan olib chiqib ketdi.

Oy ko’kka bo’y cho’zgan edi. Tiniq moviy tun qa’rida tog’ cho’qqilari oqarib ko’rinardi, pastda esa girdob singari bepoyon dashtlik yastanib yotardi…

Faqat endigina, hayotida birinchi bor bola judolik dardini qalbdan tushunib yetgandi. Uni nogahon urushda halok bo’lgan otaning chidab bo’lmas g’am-anduhi chulg’ab olgan edi. U birdan onasini quchib, alamdan dod solib yig’lagisi keldi va onasining ham o’ziga qo’shilib yig’lashiga umidlandi. Biroq ona o’zini bardam tutib turardi. Bola ham mushtchalarini qattiq qisib, ko’z yoshlarini ichiga yutgan holda yig’idan tindi.

Xuddi mana shu daqiqalarda allaqachonlar urushda halok bo’lgan ota bolaning qalbidan mangu joy oldi, ammo buni bolaning o’zi ham bilmas edi.

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 1990 yil, 1-son

QIYOMAT
Romandagi ostiga chizib
o’qiladigan satrlar
044

033Chingiz Aytmatovning «Qiyomat» romanida ezgulik va yovuzlikning kurashi, inson va tabiat munosabati bo’rilar Akbara bilan Toshchaynar obrazi orqali ochib beriladi. Inson tomonidan hududlarni o’zlashtirish, o’rmonlarni yo’q qilish, tabiatning azaliy qoidalarini buzish va oxir-oqibat jonzotlarni o’z ona uyidan siqib chiqarish qiyomat-qoyim darajasida tasvirlanadi. Bo’rilarning dastlabki uch bolasini ovchilar otishadi. Tog’da kon yo’li ochilgach, bo’rilar yashayotgan qamishzorga o’t qo’yiladi. Ularning keyingi beshta bolasi yong’inda nobud bo’ladi. Akbara bilan Toshchaynar endi toqqa ko’chishadi. Ammo aroqxo’r Bozorboy yangi dunyoga kelgan to’rt bo’ri bolasini sotib yuboradi.

Romandagi Avdiy Kallistratov obrazi insonlarni bu yo’ldan qaytarishga urinadi. Ammo zo’rovon, qarashlari haminqadar bo’lgan kishilar uni it azobiga solib, poezddan irg’itib yuborishadi.
Asardagi bosh qahramonlar Akbara va Toshchaynarning kechmishlari, sarson-sargardon qismati va oxir-oqibat fojiasiga insoniyat sababchi ekanligi asarda yorqin aks ettirilgan.
Quyida asardan saralaganlarimiz ikki bo’ri mushohadalari va boshqa qahramonlarning muammoga haqqoniy munosabatidir.

Har narsaning o’z vaqti-soati keladi. Cho’lu dashtlarda hayotning shu maromda tebranib turishi tabiatning adolatidan bo’lsa kerak.

* * *

To’g’ri, bu yerlarni ham xatarsiz deb bo’lmasdi — tag’in bunisi barcha xatarlar ichida eng xatarlisi edi — bu yerlarda podalarga odamlar qarashardi, qo’y-qo’zilarning xudosi ham, qo’y-qo’zilarning quli ham shular edilar, bular o’zlari kun ko’rardilar-u, lekin boshqalarga sira kun bermas, ayniqsa, ularga qaram bo’lmaganlarni, o’z erki bilan yashashga uringanlarni qo’ymas edilar… O, odamlar, odamlar — odamxudolar!

* * *

Lekin bular kelajakda nasllar faxrlanib yurishiga arziydigan kashfiyotlar qiladigan fidokor olimlar emas, har kimning qo’lidan ham kelaveradigan ishni bajaradigan oddiy kishilar. Chek-intihosi ko’rinmagan, hech qanday balo-qazo yo’lay olmaydigandek tuyulgan Mo’yinqum sahrosini mana shu jo’ngina odamlar to’rt tarafdan qisib kela boshlashdi. Biroq inson hayotining juda ham odmi va jo’n ko’ringan ishlarida yaxshilik bilan yomonlik qo’shilib ketganligini Mo’yinqum jonivorlari qaerdan bilsinlar. Bu yerda hamma narsa odamlarning o’zlariga bog’liq edi — ular inson jamoatchiligi uchun odatiy bo’lib qolgan bu narsalarni nimalarga yo’naltirar ekanlar: yaxshilikkami yo yomonlikka, tuzishgami yo buzishga — buni sahro maxluqlari qayoqdan bilsinlar.

* * *

Quyosh va cho’l azaldan muqoyasada: kunga qarab cho’lning — oftob o’z seplarini yoygan makonning qanchalar cheksiz ekanligi bilinadi. Cho’l osmonining bepoyonligi esa kalxatlarning baland parvozlaridan ayon.

* * *

ODAM BOLASI ODAMLARSIZ YASHOLMAYDI, YANA BUNING USTIGA ODAMLARGA HAM TOQAT QILMAYDI

* * *

Go’yo qonga belangan qush qanotlarini tapirlatib qor betida yotganday. Birovning qoni — boshqa birovga yem. Birining qonini ichmasa, ikkinchisi yasholmaydi. Azal-azaldan shunday, tiriklikning boshqa yo’sini yo’q. Bunga hech kim qozilik qilolmaydi. Na haq bor bunda, na nohaq. Kim birovning qonini o’zga birov uchun yem qilib yaratgan bo’lsa, ayb o’shanda (Faqat odam bolasigina boshqacha qismat bilan yaralgan: u nonini zahmat chekib topadi, zahmat chekib et topadi. Odam o’z tabiatini o’zi bino qiladi).

* * *

Shart-sharoit deganimiz esa, bu avvalo, odamlar, ularning intilishlari va hayajonlari, yaxshilik va yomonliklari, nima bilan tugashini bilib bo’lmaydigan axtarishlari va bosh-keti yo’q ziddiyatlari.

* * *

Odamning umri nima, degan savolga javob topib berish qiyin. Inson munosabatlari shunchalar turfa, tabiati, fe’l-atvori shunchalar rang-barang va murakkabdirki, hatto eng mukammal, eng zamonaviy komp`yuter sistemalari ham eng oddiy inson tabiatining umumiy chizig’ini ajratib berolmaydi.

* * *

Bunday sharoitda asosiy qonun bitta — agar dushman taslim bo’lmasa, uni yanchib tashlaydilar. Ammo shafqatsizlikka javoban shafqatsizlik yuzaga chiqadi — bu ham qadimdan qolgan qonun.

* * *

Nega axir bunday, nega axir odamlar bir-birlari bilan urushadilar, qon to’kadilar, ko’zyoshlarni daryo qilib oqizadilar, hammalari o’zlarini haq, boshqalarni nohaq deb hisoblaydilar, qani axir haqiqat, kim haqiqatni aytadi, kim? Qani ularni adolat bilan ajrim qiluvchi nabiy?..

* * *

…odam nega tug’iladi-yu nega o’ladi va nega o’lim doim sen bilan birga, sendan nari jilmaydi va o’lgandan so’ng o’lim yo’q, lekin hayot o’limdan yuqori, dunyoda hayotdan ko’ra yuqori o’lchov yo’q — shuning uchun tirik jonni mahv etma, lekin elingga yov bostirib kelsa, darhol himoyaga otlan, sevganingning nomusini asra, xuddi ona Yerni yotlardan asraganday; ayriliqni hech totib ko’rganmisan, bilasanmi ayriliqning dushvorligini, xuddi yelkangga cho’ng tog’larning yuklari ortilganday…

* * *

Ko’rdingizmi, biz yaralganimizdan beri shundaymiz — o’lgandan keyin ham yashamoqni istaymiz. O’z umrini uzaytirish mumkinligiga ishonch, shuning hissiyoti bilan yashash odamzodga qanchalar muhim, qanchalar zarur. Odamlar o’zlaridan keyin qandaydir avtomat qurilma, allaqanday vokal-musiqa abadiy dvigateli qoldirish fikriga kelsalar, ajab emas — bu hamma zamonlar uchun inson madaniyati erishgan eng yaxshi narsalarning antologiyasi bo’ladi.

* * *

Hayot, o’lim, muhabbat, shafqat va ilhom — hammasini musiqa aytadi, zotan, biz musiqada eng oliy hurlikka erishamiz, bu hurlik uchun esa ongimiz yorishgan zamonlardan boshlab, butun tariximiz davomida kurashganmiz, lekin unga faqat musiqadagina yetishganmiz. Faqat musiqagina barcha zamonlarning aqidalarini yengib o’tib, doimo kelajak sari intiladi… Shuning uchun biz aytolmagan narsalarni u aytadi, shunga chorlangan…

* * *
Jamiyatning qaysidir bir qismida ro’y berayotgan ishkalliklar haqida bong urish uchun, aftidan, boshqa ko’p narsalar qatori, o’ziga zarar keltirib qo’yishdan cho’chimaslik kerak. Baxtigami, baxtsizligigami…

* * *

Dunyo o’z farzandlarini ularning eng pokiza g’oyalari va ruhiy intilishlari uchun hammadan ko’proq jazolaydi.

* * *

Odam yoshlikda o’ziga qattiq bino qo’yadi. Turli-tuman odamlar fe’l-atvori, ta’lim-tarbiyasiga ko’ra bu turlicha namoyon bo’ladi. Turmushning tegirmonidan butun chiqqan, yoshi bir yerga borib qolgan odam hayot shomida Xudoga ishonchini yo’qotgani yoki ilohiy istiloh va tushunchalarni o’zboshimchalik bilan talqin qilganini hech eshitganmisan? Yo’q, bunaqa voqea ro’y bersa ham ahyon-ahyon, tasodif bilan ro’y beradi. Odamning yoshi ulg’aygan sari ilohiyotning mohiyatini shuncha chuqur anglaydi.

* * *

Qancha yer bor, qancha ko’z ilg’amas makonlar va yorug’lik bor, shunday bo’lsa ham, odam bolasiga yana baribir nimadir yetmaydi, hammasidan burun — erkinlik yetmaydi,- deb o’ylardi Avdiy poyonsiz yaydoq cho’llarga boqib. — Odam bolasi odamlarsiz yasholmaydi, yana buning ustiga odamlarga ham toqat qilmaydi.

* * *

Zero, odam bolasiga o’z o’limidan ko’ra musibatliroq narsa yo’q, ona uchun esa o’z pushti kamaridan bo’lgan farzandi halokati undan yuz chandon og’irroq va qayg’uliroqdir.

* * *

Tavba — bu hayot tajribasi ko’paygan sayin ortib boraveradigan vijdon qiymati, qo’lga kiritiladigan qiymat, inson aql-idroki tomonidan tarbiyalanadigan, parvarishlanadigan qiymat ekan. Odam bolasidan boshqa hech kimga pushaymonlik hissiyoti berilmagan. Tavba -inson ruhining o’zi haqidagi abadiy va hech o’zgarmas g’amxo’rligidir. Shundan xulosa chiqarish mumkinki, qilg’ilik va yoki jinoyat uchun beriladigan har qanday jazo jinoyatchini pushaymonga solishi kerak. Aks holda bu vahshiy
hayvonni jazolashdan boshqa narsa emas.

Zamira RO’ZIEVA tayyorlagan

Manba: «Qashqadaryo» gazetasi veb-sahifasi

Chingiz Aytmatov. Qiyomat. Roman by Khurshid Davron on Scribd

045

(Tashriflar: umumiy 1 575, bugungi 1)

Izoh qoldiring