Nilufar Umarova. She’rlar & Eshqobil Shukur. Tushlanib uyg’onar uyqudagi gul

0_1b6d01_50b12dbb_orig.png   Нилуфар Умарованинг шеърлари жуда табиий. Табиийлик бор жойда эса, албатта, гўзаллик ва самимийлик бор. Ушбу шеърларни ўқий туриб, шоир қалбининг нозик туйғуларини ва кечинмаларини, ўзига хос руҳий хулосаларини теран ҳис этасиз…

«ТУШЛАНИБ УЙҒОНАР УЙҚУДАГИ ГУЛ»
Эшқобил ШУКУР
06

nilufar-umarova.jpgЮқоридаги сатрни Нилуфар битган. Унинг шеърлари жуда табиий. Табиийлик бор жойда эса, албатта, гўзаллик ва самимийлик бор. Ушбу шеърларни ўқий туриб, шоир қалбининг нозик туйғуларини ва кечин- маларини, ўзига хос руҳий хулосаларини теран ҳис этасиз.

Оқшом — ҳаёт қайнаган палла,
Оқшом — йўллар ҳордиқ олар чоғ…
Оймомони бағрига босиб,
Чарчоғини унутар қишлоқ.

“Шеърият кафанда ҳам, гулшанда ҳам гўзал бўлмоғи керак”, деган гап аслида,шеъриятнинг олтин қоидаси. Модомики, шеър туйғу тасвири экан, унинг биринчи ва охирги вазифаси ҳам гўзалликни кашф этиб боришдир. Қайдаки гўзаллик бор, у ерда шеър бор. Нилуфар ҳам ўзи кўраётган, ўзи ҳис этаётган гўзалликни муҳаббат билан тасвир этади.

Бир-бирини кесишиб ўтар,
Дарахтларга тўшанчи йўллар.
Боғ- роғларга меҳмонга кетар,
Лабларимдан тўкилган гуллар.

“Лабларимдан тўкилган гуллар”… Айни шундай дилбар сатрлар Нилуфарнинг қалби ҳақида сўзлайди. Демак, ҳақиқатан, “ шоир ҳақидаги энг холис гапни унинг шеърлари айтади”.

Нилуфар Умарова
ШЕЪРЛАР
06

* * *

01.jpg

Бир қўшиқ бошлайди бағримда тўлиб,
Настарин ҳидига чайилган шамол.
Паришон руҳимни тебратмоқ бўлиб,
Беланчак солади ҳорғин кекса тол.

Осудалик истар увишган қалбим,
Атроф ташланади ямлаб ютгудек.
Рангпар юлдузчалар кузатади жим,
Масофа бир қадам – қараб етгулик.

Туннинг кўзларига келтирмай малол,
Кўзимда ловуллаб сўнаётир чўғ.
Кетарга рағбатим бордир эҳтимол,
Афсус, бошим оғган бирор томон йўқ.

УЙҒОНИШ

Жўшқин қўшиқ, нурли ишқ қайдан,
Нечун ўтли тўлғонади гул.
Ай, сен бунча қадимсан, Чинор,
Ай, сен бунча навқиронсан, Дил.

Кеча-ўтмиш, бугун-ҳаётни
Қаричида ўлчар асрлар,
Шивирлайди кунлар баётин
Тупроқларнинг остида сирлар.

Тарих турар мисли зар китоб,
Келажакнинг қўлчаларида.
Умр оқар йўлга қўшилиб,
Гавжум шаҳар кўчаларида.

Уйғонаман тонг бўлиб энди,
Оқ рангларни ҳаводан узиб,
Кўзларимнинг саҳифасига
Минорларнинг расмини чизиб.

Вазмин қўшиқ, сокин ишқ қайдан,
Нечун сирли тебранади гул
Ай, сен бунча қадимсан, ҳаёт,
Ай, сен бунча навқиронсан, Дил.

КУЗГИ БОҒЛАР

Бу маҳзун боғларда кузнинг атри бор,
Дилгир хазонларни қўзғатадиган.
Нақшин олмалардек дув-дув тўкилиб,
Хаёл бор, дунёни тўзғитадиган.

Шамол бор —  из солиб муздек нафаси,
Осмон ёноғини қизартиргувчи.
Чуватиб мезоннинг калавасини
Офтоб чивиғидан улги бергувчи.

Ҳаёт дарахтида ғарқ пишган фикр,
Боғни кезиб юрган тоза ҳаво бор.
Бир аср эртаги куйланадиган,
Қадимий қўшиғу кўҳна наво бор.

Шаффоф шабнамлар бор — ял-ял марварид,
Ўн беш ёшли қизлар хуш кўрадиган.
Тағин бунда не бор, тағин бунда ким,
Мен бор! —
Бу боғларни туш кўрадиган.

ЮРАГИМНИ…

Юрагамни уқий олдингми?
Яхшиманми, ёмонми, Дунё.
Не ўзгарар айтганинг билан
Ташбеҳларинг осмонми, Дунё.

Кафтларимда бисёр чизиқлар,
Умрим борар думалаб, чопиб.
Қайси қисмат аро кезинсам,
Иқболимни оларман топиб.

Кўзларимни олдингми ўқиб,
Нигоқларим хатоми, тиғми?!
Айбдорми киприкларим ҳам,
Гуноҳларим шунча қаттиқми?

Қалбинг йўлми-борса ҳеч келмас,
Борса елар йўлми хаёлинг.
Сенга оғир ботади, аммо
Менга ширин ҳатто малолинг.

УЙҚУСИЗЛИКДА

Бунда бутун борлиқ уйқуга чўмган,
Ёлғиз сезмагайман ўзимни бироқ.
Уни ҳам сокин тун хаёлга кўмган,
Мижжасини қоқмас мовий тунчироқ.

Соат таъқиб қилар қоқ тун маҳали,
Тобора сингийди миямга «чиқ-чиқ».
Эшик аҳён-аҳён қўяр қарсиллаб,
Гўё шамол имлар: ташқарига чиқ.

Қарарга бир нуқта топмас кўзларим,
Шу дамда ёруғлик балки нокерак.
Ҳалима Аҳмаднинг сўзин эслайман:
“Ғижимлаб ташланган қоғоздир юрак”…

МАВЗУСИЗ ШЕЪР

Мен бу шеърни қачон ёзаман,
Сиғмаяпти нотага куйим.
Ўғирланган туш каби чексиз,
Адоғига етмайди ўйим.

Енголмади қоғоз ва қалам,
Бино қўйган менга қайсарлик.
Тугамади хаёл даштида,
Мағлубият, ҳам дардисарлик.

Нуқсон бордир ойда ҳаттоки,
Ҳеч бир нарса яралмас тугал.
Ҳаёт худди жумбоққа ўхшаб,
Мавзуси йўқ шеъримдек чигал.

* * *

Чорлаб турар чексиз бир кенглик,
Ҳаволари руҳим аллалар.
Қулфин очсам меҳр сандиғин,
Сарпо кутар мендан далалар.

Бутун борлиқ чўғга айланиб,
Қинғир-қийшиқ изга тушар йўл.
Вужудимни қиздирар баттар,
Вужудимда ёнаётган дил.

Кўнглим каби девона шамол,
Куйиб куяр хўп соврилгунча.
Хаёлларнинг узун сочлари
Ўралашди руҳимга бунча?

Қараб тўймам бир гўзал тасвир,
Илдамлайди тасаввур сари.
Қай рассомнинг иши экан бу,
Кўз ўнгимда санъат асари?

Хайрлашар намхуш далалар,
Кун кўзида жимирлар кўзёш.
Қадоқланган оловга ўхшаб,
Лов қизариб ботмоқда қуёш.

* * *

Бугун хаёлимни банд этди ёмғир,
Бугун банд эдим мен хаёллар билан.
Тўрида эдингиз уларнинг, ахир,
Келгандингиз хушбўй хаёллар билан.

Гарчи, йўқловларим ҳаммадан кейин,
Гарчи, изоҳларим туюлар такрор.
Лекин, хаёлимнинг сиз бор жойида
Ёғду улашгувчи фаришталар бор.

* * *

Адашмадинг, шу йўл сеники,
Таъналарни ёғдирма мубҳам.
Гар эгаси бўлмасам ҳамки,
Бир четида юрибман мен ҳам.

Сен қоқилма, равон жойдан ўт,
Тош устида юрарман, майли.
Йиртилмасин ковушинг дея,
Оёқяланг юрарман ҳали.

Игна териб ўтар кунларим,
Оғриқ турар курагимгача.
Тиканлари товондан бошлаб,
Санчилгандир юрагимгача.

Ўзни ўнглаб олгунимча то,
Бош ёрилди, тирналди кўнгил.
Шукур, аччиқ сабоғи ила
Қалб уйига бошлади шу йўл.

* * *

Шамол ҳуриллайди жимликни бузиб,
Ҳаёт сабоғидан ураётир бонг.
Тандиридан кулча қуёшни узиб,
Ийманиб остона ҳатлар оппоқ тонг.

Нурларин улашар нондай синдириб,
Қўлин чўзган борки – дарахт, майсага.
Қалбини ёруғлик ила тиндириб,
Йўлига интизор чиқар қўмсаган.

Кулгуни унутган қийиқ кўзларда,
Тун қийилди эзма гаплари билан.
Қуёш кулаётир тонгги изҳордай,
Қирмизи гулларнинг лаблари билан.

* * *

Кўнглимнинг уйига қамалган ҳислар,
Остона ҳатламай қўйдилар ойлаб.
Ўтиб кетмасин деб эшик олдидан
Кўкламнинг келишин кутаман пойлаб.

Соҳир хаёлларнинг қувиб изидан
Бирдам ғойиб бўлар дайди шамол ҳам.
Тўкилмоқ бўлади булут кўзидан
Ҳаё пардасида яширинган ғам.

Кўкариб кўринар ернинг қулоғи,
Осмон ҳам рўшнолик кутади бунда.
Югуриб чиқаман истиқболига,
Кўзларим порлайди юлдузли кундай.

* * *

Миннатдорман, осмон, ёруғлик учун,
Юлдузлар пар каби кафтимга тўлди.
Қушлардек осилсам нурлар дорига
Феъли кенг ҳаволар насибам бўлди.

Ястаниб ётади хипча бел йўллар,
Аёвсиз зарбларга тикканча кўксин.
Осмон елкасига қўлин қўяр тун,
Нурлар тўкилади йўлларга сим-сим.

* * *

Юрагимдан ечаман оҳни,
Ғашлик кетар кўнгилдан нари.
Деразамдан бўйлаб ўтади,
Хаёлимнинг қалдирғочлари.

Яшираман қуёш — тангамни,
Тақдим этмоқ бўламан тунга.
Дунё дарё бўлиб оқади,
Кўзлар тўлиб куйлаган кунда.

ИЧИМДАГИ МЕН

Сен — шамолсан, мен — қум бархани,
Суҳбатимиз қовушмайди ҳеч.
Ташқарига кулиб боқ, қани,
Деразангни кўзиман бу кеч.

Эснаб-эснаб уйғонади тонг,
Кипригига шудринглар илиб.
Шу тонгчалик бўлолмайсанми,
Отмайсанми кўзимга тўлиб.

Хаёл — дўстдир талашиб топган,
Сен тўрига тушган овдирсан.
О, ҳисларим муаллақ қотган,
Ҳар недан сен яқин ёвдирсан.

Нима қилай яшашинг учун,
Бетин оққан дарё — дунёда.
Тўлқинида совурилмасин
Сабрларинг — ҳаддан зиёда.

ДУОГЎЙ ЁМҒИР

Осмон шивирлайди,
Дуогўй ёмғир
Майсалар тилида пичирлар беҳол.
Ишққа аччиқ қилиб, хўрсиниб оғир,
Юрагимни отиб ўйнайди шамол.

Нечун томиримда музлади хуним,
Нечун гулханларим ёнмайин сўнди.
Кундузим қоронғу, ёруғдир туним,
Баҳор, мундин ортиқ ишқ берма энди.

Бас, шивирлама, Осмон,
йиғлама ёмғир,
Кўнглим чашмасида ўсган чечакман.
Севгининг кўз ёши бунчалар тахир,
Юлдузлари ташлаб кетган Фалакман!

ҚАДРДОН ЙЎЛ

Бу йўл эргаштириб юради мени,
Онамдек ўзига яқин олади.
Бағридан юлқиниб кетсам узоққа,
Қўлин пахса қилиб қараб қолади.

Бу йўл — дарахтларни эл қилиб олган,
Кўк ялпизлар билан қўшни тутиниб.
Тунлари анҳорга термулиб ётар,
Ойнинг висолини сўраб, ўтиниб.

Бу йўл адаштирмас манзилимдан ҳеч,
Армону дардлар ҳам менга дилсиздек.
Борса гумон сари кетсам майлига,
Фақат учрамаса бўлди йўлсизлик.

* * *

Тунда шеър ўқийман дов-дарахтларга,
Лаҳзалар тилимдан учиниб ўтар.
Ойдинлик кўрпасин ёйган йўлакда
Юлдузлар қадамин шарпаси титрар.

Фалак кўрманасин этгандек тортиқ,
Кипригига тақар жимит гулларин.
Дуч келган кимсани измига бошлар,
Бунча беқарордир тақдир йўллари.

Ҳайитлик тангадек жаранглайди кун,
Сойда чақмоқ отиб чўмилганда ой.
Ойдин сукунатдан тўқиб қўшиғин,
Кўкка фариштадек ўрлайди Чирой.

6SDARm5CbYA.jpgNilufar Umarovaning she’rlari juda tabiiy. Tabiiylik bor joyda esa, albatta, go‘zallik va samimiylik bor. Ushbu she’rlarni o‘qiy turib, shoir qalbining nozik tuyg‘ularini va kechinmalarini, o‘ziga xos ruhiy xulosalarini teran his etasiz…

«TUSHLANIB UYG‘ONAR UYQUDAGI GUL»
Eshqobil SHUKUR
06

Yuqoridagi satrni Nilufar bitgan. Uning she’rlari juda tabiiy. Tabiiylik bor joyda esa, albatta, go‘zallik va samimiylik bor. Ushbu she’rlarni o‘qiy turib, shoir qalbining nozik tuyg‘ularini va kechin- malarini, o‘ziga xos ruhiy xulosalarini teran his etasiz.

Oqshom — hayot qaynagan palla,
Oqshom — yo‘llar hordiq olar chog‘…
Oymomoni bag‘riga bosib,
Charchog‘ini unutar qishloq.

“She’riyat kafanda ham, gulshanda ham go‘zal bo‘lmog‘i kerak”, degan gap aslida,she’riyatning oltin qoidasi. Modomiki, she’r tuyg‘u tasviri ekan, uning birinchi va oxirgi vazifasi ham go‘zallikni kashf etib borishdir. Qaydaki go‘zallik bor, u yerda she’r bor. Nilufar ham o‘zi ko‘rayotgan, o‘zi his etayotgan go‘zallikni muhabbat bilan tasvir etadi.

Bir-birini kesishib o‘tar,
Daraxtlarga to‘shanchi yo‘llar.
Bog‘- rog‘larga mehmonga ketar,
Lablarimdan to‘kilgan gullar.

“Lablarimdan to‘kilgan gullar”… Ayni shunday dilbar satrlar Nilufarning qalbi haqida so‘zlaydi. Demak, haqiqatan, “ shoir haqidagi eng xolis gapni uning she’rlari aytadi”.

Nilufar Umarova
SHE’RLAR
06

* * *
01.jpg
Bir qo‘shiq boshlaydi bag‘rimda to‘lib,
Nastarin hidiga chayilgan shamol.
Parishon ruhimni tebratmoq bo‘lib,
Belanchak soladi horg‘in keksa tol.

Osudalik istar uvishgan qalbim,
Atrof tashlanadi yamlab yutgudek.
Rangpar yulduzchalar kuzatadi jim,
Masofa bir qadam – qarab yetgulik.

Tunning ko‘zlariga keltirmay malol,
Ko‘zimda lovullab so‘nayotir cho‘g‘.
Ketarga rag‘batim bordir ehtimol,
Afsus, boshim og‘gan biror tomon yo‘q.

UYG‘ONISH

Jo‘shqin qo‘shiq, nurli ishq qaydan,
Nechun o‘tli to‘lg‘onadi gul.
Ay, sen buncha qadimsan, Chinor,
Ay, sen buncha navqironsan, Dil.

Kecha-o‘tmish, bugun-hayotni
Qarichida o‘lchar asrlar,
Shivirlaydi kunlar bayotin
Tuproqlarning ostida sirlar.

Tarix turar misli zar kitob,
Kelajakning qo‘lchalarida.
Umr oqar yo‘lga qo‘shilib,
Gavjum shahar ko‘chalarida.

Uyg‘onaman tong bo‘lib endi,
Oq ranglarni havodan uzib,
Ko‘zlarimning sahifasiga
Minorlarning rasmini chizib.

Vazmin qo‘shiq, sokin ishq qaydan,
Nechun sirli tebranadi gul
Ay, sen buncha qadimsan, hayot,
Ay, sen buncha navqironsan, Dil.

KUZGI BOG‘LAR

Bu mahzun bog‘larda kuzning atri bor,
Dilgir xazonlarni qo‘zg‘atadigan.
Naqshin olmalardek duv-duv to‘kilib,
Xayol bor, dunyoni to‘zg‘itadigan.

Shamol bor — iz solib muzdek nafasi,
Osmon yonog‘ini qizartirguvchi.
Chuvatib mezonning kalavasini
Oftob chivig‘idan ulgi berguvchi.

Hayot daraxtida g‘arq pishgan fikr,
Bog‘ni kezib yurgan toza havo bor.
Bir asr ertagi kuylanadigan,
Qadimiy qo‘shig‘u ko‘hna navo bor.

Shaffof shabnamlar bor — yal-yal marvarid,
O‘n besh yoshli qizlar xush ko‘radigan.
Tag‘in bunda ne bor, tag‘in bunda kim,
Men bor! —
Bu bog‘larni tush ko‘radigan.

YURAGIMNI…

Yuragamni uqiy oldingmi?
Yaxshimanmi, yomonmi, Dunyo.
Ne o‘zgarar aytganing bilan
Tashbehlaring osmonmi, Dunyo.

Kaftlarimda bisyor chiziqlar,
Umrim borar dumalab, chopib.
Qaysi qismat aro kezinsam,
Iqbolimni olarman topib.

Ko‘zlarimni oldingmi o‘qib,
Nigoqlarim xatomi, tig‘mi?!
Aybdormi kipriklarim ham,
Gunohlarim shuncha qattiqmi?

Qalbing yo‘lmi-borsa hech kelmas,
Borsa yelar yo‘lmi xayoling.
Senga og‘ir botadi, ammo
Menga shirin hatto maloling.

UYQUSIZLIKDA

Bunda butun borliq uyquga cho‘mgan,
Yolg‘iz sezmagayman o‘zimni biroq.
Uni ham sokin tun xayolga ko‘mgan,
Mijjasini qoqmas moviy tunchiroq.

Soat ta’qib qilar qoq tun mahali,
Tobora singiydi miyamga «chiq-chiq».
Eshik ahyon-ahyon qo‘yar qarsillab,
Go‘yo shamol imlar: tashqariga chiq.

Qararga bir nuqta topmas ko‘zlarim,
Shu damda yorug‘lik balki nokerak.
Halima Ahmadning so‘zin eslayman:
“G‘ijimlab tashlangan qog‘ozdir yurak”…

MAVZUSIZ SHE’R

Men bu she’rni qachon yozaman,
Sig‘mayapti notaga kuyim.
O‘g‘irlangan tush kabi cheksiz,
Adog‘iga yetmaydi o‘yim.

Yengolmadi qog‘oz va qalam,
Bino qo‘ygan menga qaysarlik.
Tugamadi xayol dashtida,
Mag‘lubiyat, ham dardisarlik.

Nuqson bordir oyda hattoki,
Hech bir narsa yaralmas tugal.
Hayot xuddi jumboqqa o‘xshab,
Mavzusi yo‘q she’rimdek chigal.

* * *

Chorlab turar cheksiz bir kenglik,
Havolari ruhim allalar.
Qulfin ochsam mehr sandig‘in,
Sarpo kutar mendan dalalar.

Butun borliq cho‘g‘ga aylanib,
Qing‘ir-qiyshiq izga tushar yo‘l.
Vujudimni qizdirar battar,
Vujudimda yonayotgan dil.

Ko‘nglim kabi devona shamol,
Kuyib kuyar xo‘p sovrilguncha.
Xayollarning uzun sochlari
O‘ralashdi ruhimga buncha?

Qarab to‘ymam bir go‘zal tasvir,
Ildamlaydi tasavvur sari.
Qay rassomning ishi ekan bu,
Ko‘z o‘ngimda san’at asari?

Xayrlashar namxush dalalar,
Kun ko‘zida jimirlar ko‘zyosh.
Qadoqlangan olovga o‘xshab,
Lov qizarib botmoqda quyosh.

* * *

Bugun xayolimni band etdi yomg‘ir,
Bugun band edim men xayollar bilan.
To‘rida edingiz ularning, axir,
Kelgandingiz xushbo‘y xayollar bilan.

Garchi, yo‘qlovlarim hammadan keyin,
Garchi, izohlarim tuyular takror.
Lekin, xayolimning siz bor joyida
Yog‘du ulashguvchi farishtalar bor.

* * *

Adashmading, shu yo‘l seniki,
Ta’nalarni yog‘dirma mubham.
Gar egasi bo‘lmasam hamki,
Bir chetida yuribman men ham.

Sen qoqilma, ravon joydan o‘t,
Tosh ustida yurarman, mayli.
Yirtilmasin kovushing deya,
Oyoqyalang yurarman hali.

Igna terib o‘tar kunlarim,
Og‘riq turar kuragimgacha.
Tikanlari tovondan boshlab,
Sanchilgandir yuragimgacha.

O‘zni o‘nglab olgunimcha to,
Bosh yorildi, tirnaldi ko‘ngil.
Shukur, achchiq sabog‘i ila
Qalb uyiga boshladi shu yo‘l.

* * *

Shamol hurillaydi jimlikni buzib,
Hayot sabog‘idan urayotir bong.
Tandiridan kulcha quyoshni uzib,
Iymanib ostona hatlar oppoq tong.

Nurlarin ulashar nonday sindirib,
Qo‘lin cho‘zgan borki – daraxt, maysaga.
Qalbini yorug‘lik ila tindirib,
Yo‘liga intizor chiqar qo‘msagan.

Kulguni unutgan qiyiq ko‘zlarda,
Tun qiyildi ezma gaplari bilan.
Quyosh kulayotir tonggi izhorday,
Qirmizi gullarning lablari bilan.

* * *

Ko‘nglimning uyiga qamalgan hislar,
Ostona hatlamay qo‘ydilar oylab.
O‘tib ketmasin deb eshik oldidan
Ko‘klamning kelishin kutaman poylab.

Sohir xayollarning quvib izidan
Birdam g‘oyib bo‘lar daydi shamol ham.
To‘kilmoq bo‘ladi bulut ko‘zidan
Hayo pardasida yashiringan g‘am.

Ko‘karib ko‘rinar yerning qulog‘i,
Osmon ham ro‘shnolik kutadi bunda.
Yugurib chiqaman istiqboliga,
Ko‘zlarim porlaydi yulduzli kunday.

* * *

Minnatdorman, osmon, yorug‘lik uchun,
Yulduzlar par kabi kaftimga to‘ldi.
Qushlardek osilsam nurlar doriga
Fe’li keng havolar nasibam bo‘ldi.

Yastanib yotadi xipcha bel yo‘llar,
Ayovsiz zarblarga tikkancha ko‘ksin.
Osmon yelkasiga qo‘lin qo‘yar tun,
Nurlar to‘kiladi yo‘llarga sim-sim.

* * *

Yuragimdan yechaman ohni,
G‘ashlik ketar ko‘ngildan nari.
Derazamdan bo‘ylab o‘tadi,
Xayolimning qaldirg‘ochlari.

Yashiraman quyosh — tangamni,
Taqdim etmoq bo‘laman tunga.
Dunyo daryo bo‘lib oqadi,
Ko‘zlar to‘lib kuylagan kunda.

ICHIMDAGI MЕN

Sen — shamolsan, men — qum barxani,
Suhbatimiz qovushmaydi hech.
Tashqariga kulib boq, qani,
Derazangni ko‘ziman bu kech.

Esnab-esnab uyg‘onadi tong,
Kiprigiga shudringlar ilib.
Shu tongchalik bo‘lolmaysanmi,
Otmaysanmi ko‘zimga to‘lib.

Xayol — do‘stdir talashib topgan,
Sen to‘riga tushgan ovdirsan.
O, hislarim muallaq qotgan,
Har nedan sen yaqin yovdirsan.

Nima qilay yashashing uchun,
Betin oqqan daryo — dunyoda.
To‘lqinida sovurilmasin
Sabrlaring — haddan ziyoda.

DUOGO‘Y YOMG‘IR

Osmon shivirlaydi,
Duogo‘y yomg‘ir
Maysalar tilida pichirlar behol.
Ishqqa achchiq qilib, xo‘rsinib og‘ir,
Yuragimni otib o‘ynaydi shamol.

Nechun tomirimda muzladi xunim,
Nechun gulxanlarim yonmayin so‘ndi.
Kunduzim qorong‘u, yorug‘dir tunim,
Bahor, mundin ortiq ishq berma endi.

Bas, shivirlama, Osmon,
yig‘lama yomg‘ir,
Ko‘nglim chashmasida o‘sgan chechakman.
Sevgining ko‘z yoshi bunchalar taxir,
Yulduzlari tashlab ketgan Falakman!

QADRDON YO‘L

Bu yo‘l ergashtirib yuradi meni,
Onamdek o‘ziga yaqin oladi.
Bag‘ridan yulqinib ketsam uzoqqa,
Qo‘lin paxsa qilib qarab qoladi.

Bu yo‘l — daraxtlarni el qilib olgan,
Ko‘k yalpizlar bilan qo‘shni tutinib.
Tunlari anhorga termulib yotar,
Oyning visolini so‘rab, o‘tinib.

Bu yo‘l adashtirmas manzilimdan hech,
Armonu dardlar ham menga dilsizdek.
Borsa gumon sari ketsam mayliga,
Faqat uchramasa bo‘ldi yo‘lsizlik.

* * *

Tunda she’r o‘qiyman dov-daraxtlarga,
Lahzalar tilimdan uchinib o‘tar.
Oydinlik ko‘rpasin yoygan yo‘lakda
Yulduzlar qadamin sharpasi titrar.

Falak ko‘rmanasin etgandek tortiq,
Kiprigiga taqar jimit gullarin.
Duch kelgan kimsani izmiga boshlar,
Buncha beqarordir taqdir yo‘llari.

Hayitlik tangadek jaranglaydi kun,
Soyda chaqmoq otib cho‘milganda oy.
Oydin sukunatdan to‘qib qo‘shig‘in,
Ko‘kka farishtadek o‘rlaydi Chiroy.

022

(Tashriflar: umumiy 1 191, bugungi 1)

Izoh qoldiring