Eshqobil Shukur: Qalb — yagona manzil & She’rlar

09    5 август — Шоир Эшқобил Шукур туғилган кун

   Агар одам ўз руҳида кечаётган ҳамма гапларни ифода этиб бера олса эди, бу камида бир карвон китоб бўларди. Кўнгил дунёсида нималар содир бўлмайди дейсиз. Одам жамиятда, хаётда қанча илгарилаб боргани сайин, ўз қалби ичига шунчалик чекиниб бораверади.

ҚАЛБ — ЯГОНА МАНЗИЛ
Шоир Эшқобил Шукур билан суҳбат
Суҳбатдош — Умид Али
045

— Эшқобил ака, «Шеър одамлари» шеърингизда шундай мисралар бор:

Ажаб саодатли тунлар бағрида,
Кўнглим юлдузларин сочмоқ истадим.
Ҳаёт гуллаётган меҳр  боғида,
Сизга юрагимни очмоқ истадим.

Ўз бахту саодатини доимо эл билан баҳам кўрадиган шоир юрагига назар ташласак. Кўнглингиз дунёсида нима гаплар?

— Агар одам ўз руҳида кечаётган ҳамма гапларни ифода этиб бера олса эди, бу камида бир карвон китоб бўларди. Кўнгил дунёсида нималар содир бўлмайди дейсиз. Одам жамиятда, ҳаётда қанча илгарилаб боргани сайин, ўз қалби ичига шунчалик чекиниб бораверади. Биз фақат оддинга илгарилаб кетишни ғалаба деб тушунамиз. Ҳолбуки, маъно оламида ортга қайта билмоқ ҳам ғалабадир. Мен бундан 12 йил аввал бир фикрга келгандим. Бу шундай: шоирни бу машаққатли йўл қайга элтади? На Ғарбга, на Шарққа, на қабрга, на кўкка… Мен хулосага келдим: шоир минг йил яшаса хам, минг хил йўлдан юрса қам, барибир ўз қалби сари бораверади. Унинг дастлабки манзили ҳам, энг сўнгги манзили ҳам қалбдир. Қалб дегани шундай мўъжизаки, у шоирни бир кунда юз марта қайта туғиши мумкин. Мен ўз қалбимнинг ичида ҳимояланишни истайман. Тангрига шукрлар бўлсин!

— Кўнгил улғаяди. Эзгулик сари талпинади. Бутун дунёни қайтадан кашф этишни истайди. Бу таърифни шоир кўнглига нисбатан қўлласак қандай бўларкин?

— Бу саволингиз менга Шарқнинг буюк даҳоларидан бири Ҳаким ат-Термизийнинг кўнгил ҳақидаги фикрларини ёдимга солди. Ҳазрат шундай деганлар: «Кўнгил ниҳоясиздир», деб айтиш дуруст эмас. Чунки ҳар бир кўнгил учун маълум бир камол нуқтаси бордир. Шу нуқтага етганда у тўхтайди. Аммо, маъно шулдирки, йўл ниҳоясиздир. Биз деймизки, бу сўзда кўнгилнинг суврати назарда тутилган. Чунки кўнгил маънода ниҳоясиздир». Ниҳоятда теран фикрлар.

Гап, аввало, кўнгилнинг ҳақиқий маънога ета олиши ҳақида бораяпти. Бизда эса, бу ҳақда ҳатто заррача тасаввурга эга бўлмаган кўнгиллар ҳам кўп. Уларнинг ибтидоси ва интиҳоси ўзига яраша.

—  Шеърият бамисли олов, қалбларга учқун сачратиб куйдириб, суйдиради. Шу аснода шеърни муҳаббатга ўхшатдим. Сиз-чи?

—  XX асрнинг донишманд адибларидан бири Асқад Мухтор айтган: «Бир донишманддан Вақт ҳақида сўраганларида, у: «Мен Вақтнинг нималигини биламан, лекин уни тушунтириб беролмайман», деган экан. Мен ҳам шеър нималигини биламан, лекин «Шеър нима?» деб сўрасалар, тушунтириб беролмайман». Ҳа, руҳнинг бу нодир мўъжизаси ҳақида кўплар бош қотирган, лекин аниқ бир хулосани айтишолмаган.

— Шоир кўнглидаги сўзи билан тирик. Сўзнинг нечоғли қудратлилиги, ҳароратлилиги «Мен»га боғлиқ. Айтинг-чи, шоирнинг «Мен»и нима?

— Шоирнинг «Мен»и унинг қалби ва виждонидир. Мен бу ҳақда юқорида айтиб ўтдим. Бундан 17 йил олдин «Мен тажрибаси» деган бир шеър ёзганман:

Суғуриб олдилар ичидан «Мен»ни,
Ҳаётнинг шоҳ томири каби.
Кўзига тиқдилар Бугунни,
Кечаси, Эртаси кетдилар сабил.

Дардлар, хотиралар қувғинди, дайди,
Туйғулар эгаси ўлиб довдирар.
Ватан деворларин тагин ковлайди,
Ичида «Мен»и йўқ гавдалар.

Сўз масъулияти оғир масъулият. Қадимги китобда айтилган, «Ҳамма нарсанинг аввали Сўз эди» деб. Бугун ҳам дунёни сўз бошқаради. Шоирнинг  эса лафзи ҳалол бўлиши керак. Бизнинг Талъат Солиҳов деган домламиз айтардилар: «Сўз реакцион ҳам эмас, прогрессив ҳам эмас. Сўз — бу сўздир». Демак, сўз билан қандай виждон ва қандай қалбнинг муносабатга киришаётгани муҳимдир.

—  Шеърларингизда файласуфона руҳ етакчилик қилади. Тафаккурнинг ҳали кашф этилмаган қирралари намоён бўлади. Аслида, ҳаётдаги фалсафангиз, ўз сўзингиз моҳияти нимада?

—  Мен фалсафий асарларни кўп ўқийман. Ўзимизнинг боболаримиз ижодидаги ва дунё мумтоз адабиётидагн фалсафа ва  тафаккур билан боғлиқ жараёнлар мени қизиқтиради. Ҳаётдаги фалсафам айнан мана шу деб ҳеч нарсани айта олмайман. Мен ҳамма нарсадан ҳикмат излашни яхши кўраман. Балки, қаётдаги фалсафам шудир.

— Шоирнинг орзу-армонлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Одам борки, унинг орзу-армонлари мўл бўлади. Лекин инсон энг катта Ниятнинг этагидан маҳкам тутиши керак. Шу ўринда яна ҳазрати Ҳаким ат-Термизийга мурожаат қилишимиз маъқул бўлади. Чунки, у киши айтганлар: «Ҳеч бир  йўқотишдан қайғуриш керак эмас, фақат ниятни йўқотишдан қайғуриш керак. Чунки бирор хайрли иш ниятсиз дуруст бўлмас». Айнан шунга ҳамоҳанг гапни Ибн Таймиййа хам айтганлар: «Менинг ҳузуримга келаётганингизда, ишларингизни қўйиб, ниятларингиз билан келинг!» Икки буюк зотнинг ушбу фикрларида инсонни ИНСОН даражасида тутиб турган ниятлар ҳақида гап бораяпти, аллақандай майда-чуйда ҳою ҳаваслар ҳақида эмас… Аввало, шундай ниятнинг ўзини топа билиш керак.

— Шоир доимо хаёлга ошно. Шундан  мадад олади. Айни шу дам бутун оламга сайр қилади. Шундай эмасми?

— «Хаёлга ошно бўл, хатодан қўрқма!» — дейди Генрих Гейне. Лекин хаёлнинг ҳам маъно олами билан ошно бўлганидан натижа кутса бўлади.

— Шеърият ихлосмандларига, ўз мухлисларингизга тилакларингиз…

— Қадамларида гуллар очилсин!

Манба: «Бекажон» газетаси, 2005 йил, 28-сон

Эшқобил Шукур
ШЕЪРЛАР
045

РУҲНИНГ ПАРВОЗИ
045
Ой бориб, омон қайт, кўнглим-а,
Тилимнинг остида эрир қайроқтош.
Қирқ қизнинг юраги титрар қўлимда,
Елкамга суянар қирқта ўн беш ёш.

Ой бориб, омон қайт, кўнглим-а,
Меҳр ўчоғида куяр бу жоним.
Олов сочиб турар бахтли қўлимда
Битта вужудимга қирқта виждоним.

Ой бориб, омон қайт, кўнглим-а,
Йўл олиб сафари бехатарлардан.
Мен ахир бир оға қирқта синглимга,
Ҳимоя қарзим бор кабутарлардан.

Ой бориб, омон қайт, кўнглим-а…

МЕҲРИНИСОГА АЙТГАН АЛЛАМИЗ

Алласин юлдуз айтсин,
Тун айтсин, кундуз айтсин,
Эна қиз ухласин, эна қиз…

Кемадай чайқалар беланчак,
Шамоллар солади ҳалинчак,
Эна қиз ухласин, эна қиз…

Очилиб-сочилар кечалар,
Эркалар нордон еб чечалар,
Эна қиз ухласин, эна қиз…

Қадамларга кулсин эшиклар,
Гўдакларга тўлсин бешиклар,
Эна қиз ухласин, эна қиз…

* * *

Дарахтим, мен яна
қошингга келдим.
Қайтмас кунларимнинг хотири учун,
Умримнинг айтилмас бор сири учун.

Дарахтим, мен яна
қошингга келдим.

Япроқлар юзида ой нури ўйнар,
Атрофда бўғилиб сукунат йиғлар.

Дарахтим, мен яна
қошингга келдим.

Умрим эрталарга бўй чўзаётир,
Ўтмиш кунларимдан олдим хавотир.

Дарахтим, мен яна
қошингга келдим.

ЎТМИШ БИЛАН МУЛОҚОТ

Қачон гулдирайсан, қачон, тегирмон,
Мунғайиб жавдирар бўшаган саноч?..
Юрагим, юрагим, бўла қолгин дон,
Қушлар чирқирайди… Қара, қушлар оч.

Эплай олмадик-ку, биронта шеърни,
Ширин ваъдаларни ичганмиз олдин.
Қушлар чирқирайди, куйдириб ерни,
Юрагим, юрагим, дон бўла қолгин.

Анграяр фалакнинг икки палласи,
Гулдиратар тушларимни тегирмон.
Қарсиллаб турибди қишнинг чилласи.
Юрагим, юрагим бўла қолгин дон.

* * *

Ҳамал айвонида куйлайди ҳаво,
Қизғалдоқ қўшини қирларга тушди.
Мени етаклаб ўт, эй Қари Наво,
Юрагим юртида юлдузлар пишди.

Адирлар эгнида ям-яшил қабо,
Шамол ҳалинчакда ипак булутлар…
Мени етаклаб чиқ, жон синглим Сабо,
Совиган кўнглимда чақнади ўтлар.

Янги кўйлакларин киймокда Ҳаёт,
Ҳамал айвонида куйлайди ҳаво.
Мени яшаш сари етаклайди шод
Қари Наво билан шўх синглим Сабо.

* * *

Қани, най бер менга, дўстгинам.
А. Орипов

Лабларимда гуллаяпти най,
Куртаклади қўлимда рубоб.
Қиш кечаси ҳеч кимга айтмай
Йўлга тушдим, йўл жуда узоқ.

Қор устида ўйнайди ўлан,
Оқ зорларни ёғади кўксим.
Дардга тўлган юрагим билан
Юрагингга боряпман, дўстим.

Унутилган туйғулар ҳаққи
Ярим тунда оқ қорлар кечиб,
Кетиб борар оҳанг дарахти
Муҳаббатли қасамлар ичиб.

Узун кеча… Йўл ундан узун…
О, қанчалар соғиндим сени.
Деразангда муз гуллар билан
Тонг чоғида қаршила мени.

* * *

Дарё соҳилида сен билан танҳо
Кезардик тилларанг қумларни кечиб…
Ширин ваъдаларни ичардик, аммо
Бари қумда издай кетмишлар ўчиб.

Ўтмишлар, кечмишлар, бари кетмишлар,
Сувларга оқмишлар ҳаяжонимиз.
Ишқ тўла дилларни йиллар нетмишлар,
Икки соҳил бўйлаб айро жонимиз.

Қумларга дафн этдик ёшлигимизни,
Сирлар инжуларин сувларга берди…
Бегона соҳиллар чорлади бизни,
Кўзимизда дарё чайқалиб турди.

ИЖОД

Саҳро қумларида бир калтакесак
Етти юз йил думин судради, елди.
Оқибат тарихи не бўлди, десак,
Туғилди, яшади ва туғди, ўлди.

Уммонлар қаърида битта капалак
Қирқ саккиз лаҳзада паймони тўлди.
Қирқ саккиз лаҳзанинг ширасин ялаб,
Туғилди, яшади ва туғди, ўлди.

Шулар қаторида бор эди инсон…
У Ҳаёт ва Худо маъносин билди.
Оқибат, тарихи бошқа жараён —
Туғилди, яшади, туғди, туғилди.

ИШОРАТ

Оғзи ҳеч ёпилмас қиличбалиқнинг,
Боиси: оғзидан тишлари катта.
Шундай, қай бўғизга қилич тиралган
Ва қай бир оғизга тиқилган латта.

Тишлари баҳайбат қиличбалиқнинг,
Нафс ва руҳ илмига ишорадир бу.
Бу ҳам бир ҳикмати Буюк Маликнинг,
Оғзин очиб ўтмак дунёдан мангу.

О, тақдир, ҳукмда билганинг билган,
Мени ерга урма пастлар олдида…
Кўзлари бир умр юмилиб қолган,
Оғзи ҳеч ёпилмас каслар олдида.

ҚАДИМИЙ ҚЎШИҚ

Менинг манглай сочимни
Тонг шамоли қайирди,
Айта қолгин, шамолжон,
Жон шамоли қаерда?

Саҳар-саҳар юрагим
Шудринг кечиб сайрда,
Айтинг энди, саҳарлар,
Дил саҳари қаерда?

Менинг қора бошимни
Оқбулут айлантирди,
Айта қолгин, жон булут,
Жон ёмғири қаерда?

Менинг манглай сочимни
Тонг шамоли қайирди,
Айта қолгин, шамолжон,
Жон шамоли қаерда?

КУТИШ

Юрагимнинг нурли ришталаридан
Сенга деб ўттиз хил кўйлак тиктирдим.
Уч юз йиллик ёнғоқ уруғларидай
Кўзларимни йўлларингга экдим мен.

Умримнинг паришон боғчаларида,
Заъфар япроқларда дилдирар титроқ…
Бир туп кекса ёнғоқ шохчаларида
Қайғули ҳилпирар ўттиз хил байроқ.

КЎР БОЛА

Қуёш дафн этилган менинг кўзимда,
Минглаб кўз чарақлаб ётар кўксимда.

Товушлар гулларин тераман ғамгин,
Қоронғи боғимга бир бора келгин.

Ич-ичимда кимдир йиғлайди юм-юм,
Куйган қорачиғда мўлтирар кўнглим.

Қуёш дафн этилган менинг кўзимда,
Қоронғи боғлар бор ахир ичимда…

***

Муғанний, дардим дудига
Дуторинг дуто бўлди.
Ашки селобим ичиб,
Санавбар сато бўлди.

Ғайри Ҳақ суҳбатида
Руҳимни ҳалок айлаб,
Мазаллат ғурбатида
От сурмак хато бўлди.

Ғафлат уйида мастмен,
Аммо, ноумид эмас,
Кўл чўзса пири дастгир
Кофир ҳам кимё бўлди.

Ғавғои ғамдин не ғам,
Не ғам бу маломатдин.
Яхшим ҳам, ямоним ҳам
Атои худо бўлди.

Дайр аро куйлаб ўтдим,
Ҳеч ҳолим билолмасман..
Куйим — интиҳо бўлди,
Кўйим — ибтидо бўлди

АБДУХОЛИҚНИНГ ЖАЙДАРИ ФАЛСАФАСИ

Билса балиқ, дединг, билмаса холиқ,
Ҳар касга дил бердинг, эй Абдухолиқ.

Ҳимматингни кўриб, тентак дедилар,
Меҳрингдан сув ичиб, калтак урдилар.

Ҳар тулки, ҳар илон, ҳар калтакесак
У биздан қарздордир, дедилар, бешак.

Гоҳо бойўғлига, гоҳо қарғага
Ушоқ-ушоқ кўнгил ушатдинг нега?

Эвазига олдинг туҳмат, маломат,
Оқибат сен нодон, улар валломат.

Десам, шамол каби шивирлади у:
Биродар, ҳолимга чекмагил қайғу.

Оламда бўлмаса мор, қарға, балиқ,
Бўла олармидим мен Абдухолиқ?

Уларда бор-йўғи нафс ва риё бор,
Менинг ичимда-чи, сўнгсиз дарё бор.

Уларни номма-ном бир-бир санадинг,
Асли зотларини асло билмадинг…

Барининг исми бир — ОЛИҚСОЛИКДИР,
Шукр, менинг исмим АБДУХОЛИКДИР.

***

Кўп бўлди ранг-баранг ранглар сотгани
Келмай қўйганига бўёқчи Орзу,
Мен унга ўрганиб қолган эканман…

Лекин, ҳар кун келар сувоқчи Турмуш,
Паришон умримнинг чалдеворларин
Ўзи билганича суваб кетар у…

***

Дарёлар уйғонди кўнглимда менинг,
Ўн икки ой эрир қўлимда менинг,
Пирлар пайдо бўлди ўнгимда менинг,
Мен энди дунёни нетарман?..

Ўйнабман юракни урганча тошга,
Учиб киргандайман мен ўттиз ёшга,
Ишонинг, мен энди бошқаман, бошқа,
Бу ёлғон савдони нетарман?..

Давлату зар сизга, дунёлар сизга,
Ер остига кетган даҳолар бизга,
Дил ишққа айланди, ўзим юлдузга,
Бу ўлик саҳрони нетарман?..

Олов қушлар учди тилимдан менинг,
Рубоб ясанг энди қўлимдан менинг,
Қарзим ҳам қолмади ўлимдан менинг,
Бу ўтар дунёни нетарман?..

Agar odam o‘z ruhida kechayotgan hamma gaplarni ifoda etib bera olsa edi, bu kamida bir karvon kitob bo‘lardi. Ko‘ngil dunyosida nimalar sodir bo‘lmaydi deysiz. Odam jamiyatda, xayotda qancha ilgarilab borgani sayin, o‘z qalbi ichiga shunchalik chekinib boraveradi.

QALB — YAGONA MANZIL
Shoir Eshqobil Shukur bilan suhbat
Suhbatdosh — Umid Ali
045

— Eshqobil aka, «She’r odamlari» she’ringizda shunday misralar bor:

Ajab saodatli tunlar bag’rida,
Ko’nglim yulduzlarin sochmoq istadim.
Hayot gullayotgan mehr bog’ida,
Sizga yuragimni ochmoq istadim.

O’z baxtu saodatini doimo el bilan baham ko’radigan shoir yuragiga nazar tashlasak. Ko’nglingiz dunyosida nima gaplar?

— Agar odam o’z ruhida kechayotgan hamma gaplarni ifoda etib bera olsa edi, bu kamida bir karvon kitob bo’lardi. Ko’ngil dunyosida nimalar sodir bo’lmaydi deysiz. Odam jamiyatda, hayotda qancha ilgarilab borgani sayin, o’z qalbi ichiga shunchalik chekinib boraveradi. Biz faqat oddinga ilgarilab ketishni g’alaba deb tushunamiz. Holbuki, ma’no olamida ortga qayta bilmoq ham g’alabadir. Men bundan 12 yil avval bir fikrga kelgandim. Bu shunday: shoirni bu mashaqqatli yo’l qayga eltadi? Na G’arbga, na Sharqqa, na qabrga, na ko’kka… Men xulosaga keldim: shoir ming yil yashasa xam, ming xil yo’ldan yursa qam, baribir o’z qalbi sari boraveradi. Uning dastlabki manzili ham, eng so’nggi manzili ham qalbdir. Qalb degani shunday mo»jizaki, u shoirni bir kunda yuz marta qayta tug’ishi mumkin. Men o’z qalbimning ichida himoyalanishni istayman. Tangriga shukrlar bo’lsin!

— Ko’ngil ulg’ayadi. Ezgulik sari talpinadi. Butun dunyoni qaytadan kashf etishni istaydi. Bu ta’rifni shoir ko’ngliga nisbatan qo’llasak qanday bo’larkin?

— Bu savolingiz menga Sharqning buyuk daholaridan biri Hakim at-Termiziyning ko’ngil haqidagi fikrlarini yodimga soldi. Hazrat shunday deganlar: «Ko’ngil nihoyasizdir», deb aytish durust emas. Chunki har bir ko’ngil uchun ma’lum bir kamol nuqtasi bordir. Shu nuqtaga yetganda u to’xtaydi. Ammo, ma’no shuldirki, yo’l nihoyasizdir. Biz deymizki, bu so’zda ko’ngilning suvrati nazarda tutilgan. Chunki ko’ngil ma’noda nihoyasizdir». Nihoyatda teran fikrlar.

Gap, avvalo, ko’ngilning haqiqiy ma’noga yeta olishi haqida borayapti. Bizda esa, bu haqda hatto zarracha tasavvurga ega bo’lmagan ko’ngillar ham ko’p. Ularning ibtidosi va intihosi o’ziga yarasha.

— She’riyat bamisli olov, qalblarga uchqun sachratib kuydirib, suydiradi. Shu asnoda she’rni muhabbatga o’xshatdim. Siz-chi?

— XX asrning donishmand adiblaridan biri Asqad Muxtor aytgan: «Bir donishmanddan Vaqt haqida so’raganlarida, u: «Men Vaqtning nimaligini bilaman, lekin uni tushuntirib berolmayman», degan ekan. Men ham she’r nimaligini bilaman, lekin «She’r nima?» deb so’rasalar, tushuntirib berolmayman». Ha, ruhning bu nodir mo»jizasi haqida ko’plar bosh qotirgan, lekin aniq bir xulosani aytisholmagan.

— Shoir ko’nglidagi so’zi bilan tirik. So’zning nechog’li qudratliligi, haroratliligi «Men»ga bog’liq. Ayting-chi, shoirning «Men»i nima?

— Shoirning «Men»i uning qalbi va vijdonidir. Men bu haqda yuqorida aytib o’tdim. Bundan 17 yil oldin «Men tajribasi» degan bir she’r yozganman:

Sug’urib oldilar ichidan «Men»ni,
Hayotning shoh tomiri kabi.
Ko’ziga tiqdilar Bugunni,
Kechasi, Ertasi ketdilar sabil.

Dardlar, xotiralar quvg’indi, daydi,
Tuyg’ular egasi o’lib dovdirar.
Vatan devorlarin tagin kovlaydi,
Ichida «Men»i yo’q gavdalar.

So’z mas’uliyati og’ir mas’uliyat. Qadimgi kitobda aytilgan, «Hamma narsaning avvali So’z edi» deb. Bugun ham dunyoni so’z boshqaradi. Shoirning esa lafzi halol bo’lishi kerak. Bizning Tal’at Solihov degan domlamiz aytardilar: «So’z reaktsion ham emas, progressiv ham emas. So’z — bu so’zdir». Demak, so’z bilan qanday vijdon va qanday qalbning munosabatga kirishayotgani muhimdir.

— She’rlaringizda faylasufona ruh yetakchilik qiladi. Tafakkurning hali kashf etilmagan qirralari namoyon bo’ladi. Aslida, hayotdagi falsafangiz, o’z so’zingiz mohiyati nimada?

— Men falsafiy asarlarni ko’p o’qiyman. O’zimizning bobolarimiz ijodidagi va dunyo mumtoz adabiyotidagn falsafa va tafakkur bilan bog’liq jarayonlar meni qiziqtiradi. Hayotdagi falsafam aynan mana shu deb hech narsani ayta olmayman. Men hamma narsadan hikmat izlashni yaxshi ko’raman. Balki, qayotdagi falsafam shudir.

— Shoirning orzu-armonlari haqida gapirib bersangiz.

— Odam borki, uning orzu-armonlari mo’l bo’ladi. Lekin inson eng katta Niyatning etagidan mahkam tutishi kerak. Shu o’rinda yana hazrati Hakim at-Termiziyga murojaat qilishimiz ma’qul bo’ladi. Chunki, u kishi aytganlar: «Hech bir yo’qotishdan qayg’urish kerak emas, faqat niyatni yo’qotishdan qayg’urish kerak. Chunki biror xayrli ish niyatsiz durust bo’lmas». Aynan shunga hamohang gapni Ibn Taymiyya xam aytganlar: «Mening huzurimga kelayotganingizda, ishlaringizni qo’yib, niyatlaringiz bilan keling!» Ikki buyuk zotning ushbu fikrlarida insonni INSON darajasida tutib turgan niyatlar haqida gap borayapti, allaqanday mayda-chuyda hoyu havaslar haqida emas… Avvalo, shunday niyatning o’zini topa bilish kerak.

— Shoir doimo xayolga oshno. Shundan madad oladi. Ayni shu dam butun olamga sayr qiladi. Shunday emasmi?

— «Xayolga oshno bo’l, xatodan qo’rqma!» — deydi Genrix Geyne. Lekin xayolning ham ma’no olami bilan oshno bo’lganidan natija kutsa bo’ladi.

— She’riyat ixlosmandlariga, o’z muxlislaringizga tilaklaringiz…

— Qadamlarida gullar ochilsin!

Manba: «Bekajon» gazetasi, 2005 yil, 28-son

Eshqobil Shukur
SHE’RLAR
045

RUHNING PARVOZI
045
Oy borib, omon qayt, ko’nglim-a,
Tilimning ostida erir qayroqtosh.
Qirq qizning yuragi titrar qo’limda,
Yelkamga suyanar qirqta o’n besh yosh.

Oy borib, omon qayt, ko’nglim-a,
Mehr o’chog’ida kuyar bu jonim.
Olov sochib turar baxtli qo’limda
Bitta vujudimga qirqta vijdonim.

Oy borib, omon qayt, ko’nglim-a,
Yo’l olib safari bexatarlardan.
Men axir bir og’a qirqta singlimga,
Himoya qarzim bor kabutarlardan.

Oy borib, omon qayt, ko’nglim-a…

MEHRINISOGA AYTGAN ALLAMIZ

Allasin yulduz aytsin,
Tun aytsin, kunduz aytsin,
Ena qiz uxlasin, ena qiz…

Kemaday chayqalar belanchak,
Shamollar soladi halinchak,
Ena qiz uxlasin, ena qiz…

Ochilib-sochilar kechalar,
Erkalar nordon yeb chechalar,
Ena qiz uxlasin, ena qiz…

Qadamlarga kulsin eshiklar,
Go’daklarga to’lsin beshiklar,
Ena qiz uxlasin, ena qiz…

* * *

Daraxtim, men yana
qoshingga keldim.
Qaytmas kunlarimning xotiri uchun,
Umrimning aytilmas bor siri uchun.

Daraxtim, men yana
qoshingga keldim.

Yaproqlar yuzida oy nuri o’ynar,
Atrofda bo’g’ilib sukunat yig’lar.

Daraxtim, men yana
qoshingga keldim.

Umrim ertalarga bo’y cho’zayotir,
O’tmish kunlarimdan oldim xavotir.

Daraxtim, men yana
qoshingga keldim.

O’TMISH BILAN MULOQOT

Qachon guldiraysan, qachon, tegirmon,
Mung’ayib javdirar bo’shagan sanoch?..
Yuragim, yuragim, bo’la qolgin don,
Qushlar chirqiraydi… Qara, qushlar och.

Eplay olmadik-ku, bironta she’rni,
Shirin va’dalarni ichganmiz oldin.
Qushlar chirqiraydi, kuydirib yerni,
Yuragim, yuragim, don bo’la qolgin.

Angrayar falakning ikki pallasi,
Guldiratar tushlarimni tegirmon.
Qarsillab turibdi qishning chillasi.
Yuragim, yuragim bo’la qolgin don.

* * *

Hamal ayvonida kuylaydi havo,
Qizg’aldoq qo’shini qirlarga tushdi.
Meni yetaklab o’t, ey Qari Navo,
Yuragim yurtida yulduzlar pishdi.

Adirlar egnida yam-yashil qabo,
Shamol halinchakda ipak bulutlar…
Meni yetaklab chiq, jon singlim Sabo,
Sovigan ko’nglimda chaqnadi o’tlar.

Yangi ko’ylaklarin kiymokda Hayot,
Hamal ayvonida kuylaydi havo.
Meni yashash sari yetaklaydi shod
Qari Navo bilan sho’x singlim Sabo.

* * *

Qani, nay ber menga, do’stginam.
A. Oripov

Lablarimda gullayapti nay,
Kurtakladi qo’limda rubob.
Qish kechasi hech kimga aytmay
Yo’lga tushdim, yo’l juda uzoq.

Qor ustida o’ynaydi o’lan,
Oq zorlarni yog’adi ko’ksim.
Dardga to’lgan yuragim bilan
Yuragingga boryapman, do’stim.

Unutilgan tuyg’ular haqqi
Yarim tunda oq qorlar kechib,
Ketib borar ohang daraxti
Muhabbatli qasamlar ichib.

Uzun kecha… Yo’l undan uzun…
O, qanchalar sog’indim seni.
Derazangda muz gullar bilan
Tong chog’ida qarshila meni.

* * *

Daryo sohilida sen bilan tanho
Kezardik tillarang qumlarni kechib…
Shirin va’dalarni ichardik, ammo
Bari qumda izday ketmishlar o’chib.

O’tmishlar, kechmishlar, bari ketmishlar,
Suvlarga oqmishlar hayajonimiz.
Ishq to’la dillarni yillar netmishlar,
Ikki sohil bo’ylab ayro jonimiz.

Qumlarga dafn etdik yoshligimizni,
Sirlar injularin suvlarga berdi…
Begona sohillar chorladi bizni,
Ko’zimizda daryo chayqalib turdi.

IJOD

Sahro qumlarida bir kaltakesak
Yetti yuz yil dumin sudradi, yeldi.
Oqibat tarixi ne bo’ldi, desak,
Tug’ildi, yashadi va tug’di, o’ldi.

Ummonlar qa’rida bitta kapalak
Qirq sakkiz lahzada paymoni to’ldi.
Qirq sakkiz lahzaning shirasin yalab,
Tug’ildi, yashadi va tug’di, o’ldi.

Shular qatorida bor edi inson…
U Hayot va Xudo ma’nosin bildi.
Oqibat, tarixi boshqa jarayon —
Tug’ildi, yashadi, tug’di, tug’ildi.

ISHORAT

Og’zi hech yopilmas qilichbaliqning,
Boisi: og’zidan tishlari katta.
Shunday, qay bo’g’izga qilich tiralgan
Va qay bir og’izga tiqilgan latta.

Tishlari bahaybat qilichbaliqning,
Nafs va ruh ilmiga ishoradir bu.
Bu ham bir hikmati Buyuk Malikning,
Og’zin ochib o’tmak dunyodan mangu.

O, taqdir, hukmda bilganing bilgan,
Meni yerga urma pastlar oldida…
Ko’zlari bir umr yumilib qolgan,
Og’zi hech yopilmas kaslar oldida.

QADIMIY QO’SHIQ

Mening manglay sochimni
Tong shamoli qayirdi,
Ayta qolgin, shamoljon,
Jon shamoli qaerda?

Sahar-sahar yuragim
Shudring kechib sayrda,
Ayting endi, saharlar,
Dil sahari qaerda?

Mening qora boshimni
Oqbulut aylantirdi,
Ayta qolgin, jon bulut,
Jon yomg’iri qaerda?

Mening manglay sochimni
Tong shamoli qayirdi,
Ayta qolgin, shamoljon,
Jon shamoli qaerda?

KUTISH

Yuragimning nurli rishtalaridan
Senga deb o’ttiz xil ko’ylak tiktirdim.
Uch yuz yillik yong’oq urug’lariday
Ko’zlarimni yo’llaringga ekdim men.

Umrimning parishon bog’chalarida,
Za’far yaproqlarda dildirar titroq…
Bir tup keksa yong’oq shoxchalarida
Qayg’uli hilpirar o’ttiz xil bayroq.

KO’R BOLA

Quyosh dafn etilgan mening ko’zimda,
Minglab ko’z charaqlab yotar ko’ksimda.

Tovushlar gullarin teraman g’amgin,
Qorong’i bog’imga bir bora kelgin.

Ich-ichimda kimdir yig’laydi yum-yum,
Kuygan qorachig’da mo’ltirar ko’nglim.

Quyosh dafn etilgan mening ko’zimda,
Qorong’i bog’lar bor axir ichimda…

***

Mug’anniy, dardim dudiga
Dutoring duto bo’ldi.
Ashki selobim ichib,
Sanavbar sato bo’ldi.

G’ayri Haq suhbatida
Ruhimni halok aylab,
Mazallat g’urbatida
Ot surmak xato bo’ldi.

G’aflat uyida mastmen,
Ammo, noumid emas,
Ko’l cho’zsa piri dastgir
Kofir ham kimyo bo’ldi.

G’avg’oi g’amdin ne g’am,
Ne g’am bu malomatdin.
Yaxshim ham, yamonim ham
Atoi xudo bo’ldi.

Dayr aro kuylab o’tdim,
Hech holim bilolmasman..
Kuyim — intiho bo’ldi,
Ko’yim — ibtido bo’ldi

ABDUXOLIQNING JAYDARI FALSAFASI

Bilsa baliq, deding, bilmasa xoliq,
Har kasga dil berding, ey Abduxoliq.

Himmatingni ko’rib, tentak dedilar,
Mehringdan suv ichib, kaltak urdilar.

Har tulki, har ilon, har kaltakesak
U bizdan qarzdordir, dedilar, beshak.

Goho boyo’g’liga, goho qarg’aga
Ushoq-ushoq ko’ngil ushatding nega?

Evaziga olding tuhmat, malomat,
Oqibat sen nodon, ular vallomat.

Desam, shamol kabi shivirladi u:
Birodar, holimga chekmagil qayg’u.

Olamda bo’lmasa mor, qarg’a, baliq,
Bo’la olarmidim men Abduxoliq?

Ularda bor-yo’g’i nafs va riyo bor,
Mening ichimda-chi, so’ngsiz daryo bor.

Ularni nomma-nom bir-bir sanading,
Asli zotlarini aslo bilmading…

Barining ismi bir — OLIQSOLIKDIR,
Shukr, mening ismim ABDUXOLIKDIR.

***

Ko’p bo’ldi rang-barang ranglar sotgani
Kelmay qo’yganiga bo’yoqchi Orzu,
Men unga o’rganib qolgan ekanman…

Lekin, har kun kelar suvoqchi Turmush,
Parishon umrimning chaldevorlarin
O’zi bilganicha suvab ketar u…

***

Daryolar uyg’ondi ko’nglimda mening,
O’n ikki oy erir qo’limda mening,
Pirlar paydo bo’ldi o’ngimda mening,
Men endi dunyoni netarman?..

O’ynabman yurakni urgancha toshga,
Uchib kirgandayman men o’ttiz yoshga,
Ishoning, men endi boshqaman, boshqa,
Bu yolg’on savdoni netarman?..

Davlatu zar sizga, dunyolar sizga,
Yer ostiga ketgan daholar bizga,
Dil ishqqa aylandi, o’zim yulduzga,
Bu o’lik sahroni netarman?..

Olov qushlar uchdi tilimdan mening,
Rubob yasang endi qo’limdan mening,
Qarzim ham qolmadi o’limdan mening,
Bu o’tar dunyoni netarman?..

09

(Tashriflar: umumiy 975, bugungi 1)

Izoh qoldiring