Ibrohim G’afurov. Mahmudxo’ja Behbudiy haqida ikki badia

0819 январ — Жадидчилик ҳаракатининг  йирик вакили,буюк мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллуд топган кун

    Маҳмудхўжа Беҳбудий ўн тўққизинчи асрнинг охирги чораги ва йигирманчи асрнинг дастлабки ўн йилликларида Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида ёрқин из қолдирган сиймолардан бири.

Иброҳим ҒАФУРОВ
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ ҲАҚИДА
ИККИ БАДИА

09

БЕҲБУДИЙ ШАХСИЯТИ
ХАЛҚИМИЗНИНГ ВИЖДОНИ, ОРИ

055Маҳмудхўжа Беҳбудий ўн тўққизинчи асрнинг охирги чораги ва йигирманчи асрнинг дастлабки ўн йилликларида Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида ёрқин из қолдирган сиймолардан бири. У ўз даврида мана шу давлат, жамият, инсон ҳаёти йўналишларида жуда катта инқилобий ўзгаришлар юзага чиқа бошлаганлигини кўрди, ўз ҳаётини тамомила шу инқилобий ўзгаришларга бағишлади. Кўп ҳолларда инқилобий ўзгаришларнинг муаллифи ва етакчиси, кашшофи бўлди.

Миллий озодлик, ижтимоий ўзгаришлар учун кураш замонларида майдонга халқнинг оталари чиқади. «Халқ отаси» деган тушунча унчалар илмий бўлавермаса-да, лекин миллий истиқлол ҳаракатини бошидан ўтказган барча халқлар тарихида шу тушунчага дуч келамиз. Аслида у патерналистик бир тушунча бўлса-да ва маълум даражада унда халқоналик зуҳур этса-да, унинг орқали ўз халқини улкан ижтимоий-сиёсий, маданий- маърифий ўзгаришлар сари етаклаган ва бу ўзгаришларга йўл кўрсатган, уларнинг бошида турган, теран демократик қарашларга эга бўлган сиймолар назарда тутилган.

Шу маънода Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз серқирра фаолияти баробарида миллат отаси деган буюк номга сазовор бўлган эди. Унинг энг иқтидорли садоқатли сафдош, замондошлари фожиали ўлимидан сўнг унинг шарафига бағишлаб ёзган асарларида тўғридан-тўғри уни ота деб атаган ва миллат отаси каби таърифлаган эдилар.

Золимнинг тахтини титратган  бир товуш  қичқирди:
— Отамнинг қабрини қай ерга ёшурдинг?!
(Фитрат.)

Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканлигин билмайсан…
(Чўлпон.)

Садриддин Айний эса уни «Турон доҳийси» ва «олийшон устод» деб улуғлаган эди. Шундай улуғ номга Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сафдош, замондоши Мунаввар Қори Абдурашидхонов ҳам сазовор бўлган эди. Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний, Садриддин Айний, Ҳамза Ҳакимзода, Сўфизода сингари улкан ижтимоий-маданий ҳаракат сохибларини ҳам халқ ота ўрнида кўрар ва иззатларди.

Биз ота ўрнида кўришни сал бошқачароқ тушунамиз. Ота ўрнида кўриш мумкин… Лекин бунинг учун биринчи ва асосий шарти ота ўрнида қаралаётган инсон аввало халқнинг, миллатнинг виждони бўлиши даркор.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари, маслакдошлари, қолаверса, тақдирдошларини миллатнинг, халқнинг виждони деб тўла ва хар томонлама маъно бағишлаб айтиш мумкин.

Беҳбудий миллатнинг виждони. Туркистоннинг иймони.

Унинг ҳар бир ёзган сўзидан ва тарихда рақам суриб қолган ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилган ишидан, Ватанга, халққа, инсонга, ҳаётга, ўз халқининг тақдирига муносабатидан виждон, имон гуркираб, янграб туради. У икки асрнинг хам виждони эди.

У виждон мужассами бўлганлиги учун ҳам ҳар ким ота деб аташга ҳақли.

Мунаввар Қорининг ҳибс ва маҳкумликда ёзган даҳшатли хотираларини, алам-фарёд, буюк маърифат билан тўлган мақолалари, шеърларини ўқисангиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Саёҳат хотиралари» ва алангали оташ бўлиб ёнган мақолаларини ўқисангиз, миллат отаси, миллатнинг виждони мужассами нима эканлигини тўла англаб, билиб етасиз, албатта.

Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунаввар Қорини буюк муаллим ҳам деймиз. Саноқли буюк муаллимлар каби у миллат ҳаётида илк театрга асос солди, илк журналга асос солди, илк жамиятларга асос солди ва уларнинг фаолиятида фаол қатнашди. Алангали ижтимоий чиқишлари билан зулм остида эзилган халқ онгини уйғотиш, янги маданий турмуш асосларини қуришга интилди…

Маҳмудхўжа Беҳбудий ёки Мунаввар Қорининг ўзлари қандай инсон эдилар? Уларнинг шахсиятларининг қирраларида қандай инсоний хусусиятлар устунлик қилади ёки етакчи? — деган саволларга биз ҳали ўзимиз ва замондошларимизни қаноатлантирадиган даража ва миқёсда жавоб беролмаймиз. Замондошларининг хотиралари жуда кам, саноқли ва уларда кўпроқ умумиятли муҳим гапларгина айтилган, холос.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг шахсиятини, унинг инсон сифатида белгили хусусиятларини бизга мерос қолган асарларидан билса бўладими? Уларда бизнинг саволимизга жавоб бўладиган бундай маълумотлар топиладими?

Бу жиҳатдан унинг 1914 йилда ёзган ва бобма-боб «Ойна» журналида босилиб чиққан «Саёҳат хотиралари» асари жуда катта ва ўлмас қимматга эгадир. Саёҳатномалар ёзувчиларнинг дунёга, дунё масалаларига муносабатларинигина эмас, шу муносабатлар орқали уларнинг ким ва қандай инсон эканликларини ҳам ёрқин намоён этади. Носир Хисрав, Бобур, Радишчев, Гёте, Гейне, Нитше, Нервал, Ибн Батута, Марко Поло, Авлиё Чалабий, Муқимий сингари жуда кўп улуғ адибларнинг бири биридан гўзал ва бениҳоя мазмундор саёҳатномаларини эслаш мумкин. Уларнинг ҳар бири ҳаётий ва инсоний кузатишларнинг бойлигига кўра бир неча романларнинг қудратидан кўпроқ қудратни ўзида жамлаган.

Адибларнинг таланти, ҳаёт ва инсонга қарашлари қан- чалар бой бўлса, уларнинг саёҳатномалари шунчалар қизиқарли ва улуғ ибрат кучини қозонади. Саёҳатномалар, қолаверса, энг ишончли тарих ёки тўғрироғи, тарихларнинг энг ишончлисидир. Геродот, Плиний ва бошқа Рим, Юнон, Шарқ тарихчиларининг буюк асарлари — инсоният учун энг қимматли ёдгорликлар саёҳатлар таассуротлари ўлароқ пайдо бўлмадими! Ҳали Ибн Арабшоҳ ва Клавихоларни айтмаёқ қўяйлик. Бу гувоҳликлар бизнинг ўз тарихимизни танишимизда чексиз бир қиммат ва аҳамиятга эга.

Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий шахсиятининг айрим нозик қирралари ҳақида сўйламоқчи бўлиб турамиз. Уларни унинг асарлари ва айниқса «Саёҳат хотиралари»дан худди ҳар ерга сочиб кетилган олтин зарралари каби ахтариб топамиз. Кўп замонлар уларга унчалар эътибор бермай ўтиб ҳам кетамиз. Чунки олтин зарралари ҳаёт тупроғи билан аралашиб ётади. Илғаб олгангина, олади.

Баъзан инсон шундай бир ҳилқатким, ёнида юз йил бирга яшасанг ҳам, уни билолмайсан. Ёки билиб улгуролмайсан. Баъзи ҳилқатларни билиш учун асрлар кетади. Навоийни, Саккокийни, Атоийни, Машрабни ҳамон билолмаймиз. Буюк Ҳаким ота — Бақирғон ҳақида нима биламиз? Ҳолбуки у ҳаммадан дардли қилиб:

Одам ўғли туғдуқимиз ўлмак учун —

деган ер юзига келган энг буюк сўзлардан бирини шундай содда ва энг гўзал қилиб айтган. Нимани биламиз Бақирғон ҳақида?

Баъзан инсон шундайин бир ҳилқатки, бир зум ичида, бир оғиз сўзидан унинг кимлигию ота-боболарининг ҳам ким ўтганлигини билиб оласиз.

Ҳар золимнинг еринда тўқсон турлуғ чиён бор,
Учмоқ айтур санда йўқ, манга келса ўлим йўқ.

Турлук неьматлар онуқ юз минг ҳазор алвон бор,
Тамуғ мунғлаша келди  — билдиргучи раҳмон бор…

Тамуғ мунглаша келди… — шунчалар афсункор бу сўзлар. Бу — Бақирғон шивирлаб айтган сўзлар. Дунёни унинг фантастик томуғи била бирлан билишга, кўз ўнгига ибрат мусаввироти каби келтиришга чақирадиган сўзлар… Ҳар ерда бор нарсаларни билиш учун саёҳатномалар ёзилади. Билган балки ибрат олади. Маҳмудхўжа Беҳбудий ибрат олиш ва ибрат бериш учун Россия, Европа, Кичик Осиё ерларига борган.

Умуман инсонни билиш қийин. Оловни билиш, Ҳаво ҳазратлари, Нур ҳазратларини билиш осонроқдай туюлади. Асли уларни ҳам билиб бўлмайди. Қаердан келяпти, қаерда тугайди? Нега одам Ҳаводан бино бўлди?

Маҳмудхўжа ўта шоирона табиатли. У гўзал манзараларни севади, қалбига, хотирасига жо қилади. Улардан ўта қаттиқ таъсирланади. Катта бир романист адибнинг қаламига хос бўлган унсурлар пайдарпай ёғилади. Маҳмудхўжа Дамашқ — Шом шаҳрига борганда у ердаги Умавиййа жоме шарифини шундай тасвирлайди: «Уч тарафи равоқ ва масжиди муштамил (ўз ичига олган). Ҳарамни узунлиги 240 газ, эни 100 газ бўлуб, ўртаси мармар саҳндур. Ва саҳн ўртасинда ҳаштсу бир мармар фаввора шодурвонлик (соябонлик) жорий ҳавз бор. Ва ҳарамни ҳар тарафинда бир неча фавворалик вузуъ маҳаллари бордур. Асл жоме шариф ушбу ҳарамни қибла ва тўлоний (узун) тарафинда бўлуб, нафси жоме ичининг турли 210 газ, арзи 58 газ бўлуб, масжидни ичида якпора қирқ дона мармар стун бордур. Ҳар бир мармар стунлар яна мармар равоқлар ила бир-бириға марбут бўлуб, яна бу равоқларни ҳар бири устида ажойиб суратда икки донадан равоқлар ясалиб, онинг устинда масжиднинг саҳфи бино қилингандур. Масжидни тўрт тарафи ердан 8 газ юқориғача деворлар мусайқал, гулдор ва жавҳардор оқ ва кўк ва қора аъло жинс катта ойинадек жилолик самоқ (ялтироқ, ойнадек оқ тош) ва мармарлар ила бино қилиниб, бу мармарлар ундай устолик ила бир-бирига васл қилинибдурки, дарзини топмоқ мушкулдур…

Узунлиги 4 — 5 газ, эни 2 — 3 газ мармарларни устига қозма ва қабартма мунаббат (ёғочга ўйиб ишланган нақш), исломий, гиреҳ ва нақшлар қозилиб, бизни мамлакатда ганч устинда деворларға намоя, меҳроб, ироқи, муқарнас, мунаббат, морнеч… қилғонларидек, рахом (мармар) устига ажойиб нақшлар, ўткарибдурларки, инсонни ҳар бир тош ўзиға парастиш этар даражасиғача тасхир этар…»

Маҳмудхўжа ҳар бир кўрган нарсасини шу қадар аниқ-тиниқ ва шоироналигича тасвирлайди. Меъморий буюклик, унинг асир этувчи хусусиятларини меъморчиликнинг унча-мунча одамлар билавермайдиган, фақат жуда катта билим эгаларигина биладиган ўзига хос тушунчалари, терминларини ўз ўрнида қўллаб шу восита орқали предметни гўзал бир равишда гавдалантиради. Буларни ҳеч қандай тайёргарликсиз йўл усти ёзиб, йўл устида пешма-пеш ўз журнали «Оина»га жўнатаётганлиги эътиборга олинса, Беҳбудийнинг қанчалар кенг билимларга эга бўлганлиги, энг мураккаб дунё ҳодисаларини ҳам тафаккур қудрати билан ечиш, тушунтириш, ифодалаш юксак иқтидори борлигини ҳам воқеабандда кузатиш мумкин. Таассуф билан тан олишимиз керакки, Беҳбудий тасвирда қўллаган жуда кўп махсус меъморий тушунчалар, атамалар ҳали ҳамон замонавий луғатларимизга кирмаган, уларда тил ва термин бойлигимиз сифатида ўз аксини топмаган. Биз шундай билимдон ва гўзал тасвирларни ўзбек насрининг бошқа намуналарида учратмаганмиз. Умумиятли тўқилган тасвирлар сонсиз-саноқсиз, лекин бундай аниқ эътиборли жуда катта ҳаёт ва предмет билимини талаб қиладиган тасвир жуда кам…

Яна бир парча:  «.. меҳробларни икки тарафинда ва ичинда хамда устинда мармар ва жавоҳирлик мусайқал тошлар устиндаги қозма ва қабартма нақшлар инсонни дучори ҳайрат этар. Бутун меҳроб ва атрофидаги тошларға холис олтун қабартмалар ила оят ва ҳадислар ёзилган садаф, ақиқ, зумуррад ва забаржад тошларидан чархи ишлаб, мармарлар устинда мош ва нахуддан бошлаб данак катталиғигача майда, шундай музойиқ ва кошинкорилар этганки, ўзбекча сўйлайин, бир табоқдай жойиға бир соат қараған ила кўруб тамом қилолмайсан. Инсон ўзини бир олам ҳунар, бир дунё санъат ичинда кўруб, аввалғи мусулмонларнинг дин йўлида этгон сайи ва қилғон ихлосларининг ҳамда ҳунар ва нафис санъатда этган тараққийларининг ва сарф этган пул ва ғайратларини ўйловиға ғарқ бўлуб, кўзи тинар ва ҳеч нимани кўрмас даражасиға келур…»

Эътибор беринг, кимда ва қаерда учратгансиз манави тушунчаларни: 

жавоҳирлик мусайҳал тошлар
қозма ва қабартма нақшлар
олтун қабартмалар 

садаф, ақиқ, зумуррад ва забаржад тошлар
чархи ишлаб… 

музойиқ ва кошинкорликлар…

Беҳбудийнинг ўзи ҳам бу санъатларни кўриб беихтиёр хитоб қилиб юборади:

«Илоҳо, бу на хориқадур!» Беҳбудий шаҳарлар, мамлакатлар, ёдгорликлар, осори атиқалар, одамлар, уларнинг феъл-атворларини ўз сеҳрича ва ҳақиқий сеҳри ва синоатини топиб улкан санъаткорона сўзлар билан тасвирлаб ўтади. Унинг тасвирларида маърифатнинг кучи жилоланиб туради.

Беҳбудий табиатни севади, унинг қудратли гўзаллигидан беҳад таъсирланади. Унинг табиатга муносабатида маърифатли қалбининг ўткир, бой, олижаноб хиссиётлари кўзга ташланиб туради. Беҳбудий ўз назари тўхтаган манзара, ҳодисалардан лоқайд ва бефарқ ўтиб кетмайди. Дунёни унинг бутун гўзаллиги ва мураккаблигича юрагига сингдириб, унга бўлган ўзининг инсоний муносабатларини аниқлай бошлайди. Бу тасвирларда Маҳмудхўжа беҳад синчков ва ўта эътиборли одам сифатида кўзга ташланади. Унинг тасвирларида муаллим, падар, маърифатчи, миллат отаси, тараққийпарварлик, ватанни севиш, доим улуғ мақсадларни олдига қўйиш ва уларга стиш йўлларини қидиришга интилиш хусусиятлари рўёбга чиқади.

Маҳмудхўжа ҳар нарсага қизиқади ва ҳар нарсанинг туб моҳиятини топишни истайди. Унда ўрганишга бўлган майл ва лаёқат ҳам жуда кучли. Булар кўп жадидларга ва умуман жадидларга хос бўлган теран инсоний хусусиятлар. Агар жадидларни якка-якка эмас, яхлит бир бутун ҳодиса сифатида карасак, уларнинг барчаларига хос бўлган хусусиятларни топишни мақсад килиб қўйсак, унда Маҳмудхўжа Бехбудийнинг бутун инсоний хусусиятлари ва интилишларида жадидчиликнинг умумий белги ва хусусиятларини кўришимиз, топишимиз мумкин. Худди шундай ҳодисани Исмоилбек, Мунаввар Қори, Қодирий ва Чўлпонда ҳам энг чўққига кўтарилган ҳолда кузатишимиз мумкин.

Беҳбудий дунёни кўра-кўра, курашларда тажрибалар орттира-орттира шундай хулосага келди: дунёни яхши томонга фақат инсоннинг фидокорлиги ва илм ўзгартиради. «Саёҳат хотиралари»нинг бир ерида одамларнинг ўз тарихларини тиклашга уринаётганликларидан таъсирланиб шундай хитоб қилади:

«Бу бўлмаса ва мундоқ фидокорлик қилинмаса миллият ва динлар маҳв бўлуб кетар…»

Маҳмудхўжа ўз дунёқарашлари ва нуқтаи назарларида доим унинг тили билан гапирсак, мусулмонларга қайишган, ёнбосган, доим уларнинг манфаатларини кўзлагандай, бутун фикри-зикри улар билан бир, якнафас бўлиб туюлса ҳам, аслида у жуда кенг фикр юритади, дини, ирқи, миллати, тили, урф-одатларидан қатъий назар барча халқларнинг фарзандларига фақат инсон сифатида қарайди. Уларга тенг ҳақ-ҳуқуқларни раво ва муносиб кўради. Кимлигидан қатъий назар ҳар бир инсонни ўзига биродар деб билади. Ҳар қандай шароитда биродарона муносабатда бўлади. Бу биродарона муносабатда жуда юксак инсоний маданияти ва назокати ўзгармас константа тусини олганлигини кўрамиз. Биродарликни қадрлайди. Унинг «Китобул атфол» асаридаги «хат ёзмоқ шартлари» бўлимига қайта-қайта эътибор қилинг-а, бундаги маданият, ички гўзал одоб-икром, инсонни қадрлаш қанчалар Беҳбудий ва жадидлар учун юксак мавқе тутганлигини кўрасиз. Унинг барча танқидлар ва барча баҳсларга, энг оғир, чигал масалаларга муносабатида ҳам шундай ўзгармас маданият, ички куч ва одоб-икром ҳукмрон даражада акс этади.

Маҳмудхўжа инсонни севолганча биродарликни унданда ортиқроқ севади.

Туркман, тожик, рус, қозоқ, ўзбек, араб, яҳудий, юнон, француз, инглиз — бари унинг учун инсонликда биродардирлар.

У туркистоний ўзбеклар ёки усмонли турклар учун қанчалар куюнса, дард чекса, бошқалар учун ҳам шундай дард чекади, куюнади ва улар учун ҳам маърифат ва тараққиёт йўлини соғинади.

Лекин ажаб ва ҳеч тушуниб бўлмас беэътиборликким, биз ҳамон Маҳмудхўжа Беҳбудий шунчалар меҳр, завқ, билимдонлик билан ўргатган, гўзал намуналар таклиф қилган хат ёзишга, ёзишмалар олиб боришга одатланганимиз йўқ. Фикр, қараш, одат ҳам шунчалар консерватив бўлишига кишининг гоҳо ақли бовар қилмайди.

Мен юрагим орқамга тортиб ўйлайманки, биз ҳамон маданий миллатга айланиш, азму қарорда маҳкам туришда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори ва Чўлпондан сабоқ олмаймиз. Ҳолубки, маърифат дарсларини улардан ҳижжа-ҳижжалаб ўрганмоқ миллатга айланиш йўлида бизга энг катта фарз ҳам қарз эди. Уларнинг васиятларига риоя этмаслик, ўз тақдирига бепарволик қоронғуликдан бошқа қаерга олиб бориши мумкин?

Ўлганлар ортидан қайғуриш, тубсиз армон, унинг кетидан келадиган умидсизликдан эмас:
— Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Қодирий, Салимхон Тиллахонов, Чўлпон, Авлоний ва бошқа чин озодлик курашчилари тимсолида кимларни йўқотганлигимизни биламизми, ўзимизга дамба-дам ҳисоб берамизми?

Бул азиз инсонларимиз ўша пайтлар жуда кўп нарсалардан умидсизликка тушишга, кенг авом аҳволи даражасида тирикчилик ўтказишга ҳақли эдилар. Лекин улар Чор Россияси қудрати олдида ва қарамликнинг тенгсиз азоб-уқубатлари қошида ҳам умидсизликка тушмас эдилар. Ожизлик фалсафаси улар учун ёт эди. Одамни чуқур ўйлатадиган бир лавҳа. Беҳбудийнинг «Исмоилбек қазратлари билан суҳбат»и. Исмоилбек Маҳмудхўжа билан уни қаттиқ севиб суҳбат қиларкан ва унга ўз васиятларини айтаркан, орада шу сўзлар бехос оғзидан чиқади:

— «Оҳ билмийм, шу Бухоро на ўлур…»

Мен дерман: «Афандим, Бухорони ҳукуматимиз, яъни Русия тарбият этмагунча Бухородан бир шайи умид этиб бўлмас».

Чунончи… устод дерлар:
— «Эвет, охири шуйла ўлмоғи лозим келур…»

Халоскор ўз ичингдан чиқмагунча зулмдан халос бўлмайсан. Лекин бунинг учун миллатнинг ўзи туганмас куч-қудрат манбайига айланмоғи даркор. Бу буюк инсонлар суҳбати ўтаётган ўн тўртинчи йилда ичимизда беш-ўн беҳбудийлардан ўзга халоскор куч етилмаган эди. Шунинг учун улар аҳволни ўнглашда кучли мамлакатларга ва чунончи Чор Россиясига умид боғлардилар. Аммо касал ичдан тузалмагунча тузалмас.

Аммо бу фикрга одамлар узоқ-узоқ йиллар ўтибгина келадилар.

Ва бунга танқидга лаёқат касб этгандагина эришиш мумкин.

АМИР НЕГА БЕҲБУДИЙГА
ҚЎЛ БЕРМАДИ?

Бухоро қайнарди. 1917 йилнинг апрели эндигина бошланган эди. Бухорода ўлим шарпаси кезарди. Каллалар кесиларди. Дарралар визилларди. Айний амирнинг об- хонасида инграб ётарди. Махбуслар орқангизни бўйрага бериб ётинг, бўйра калтак зарбидан илвираган этингизни қотиради дейишар, Айний инграб улардан оёқ-қўлларини уқалашни илтижо қиларди. Бўйра эскириб кетган, қаммаёғига қон ва эт парчалари ёпишиб ётарди. Лекин тажрибакор маҳбуслар нечукдир бўйра жароҳатни қотиради деб ўйлашарди. Буни фақат махбусларгина билишар, агар амир одамлари хам билсалар, албатта обхонадан бўйраларни чиқариб ташлаган бўлардилар…

Мен ўз-ўзимга: астағфурилло, астағфурилло! — дейман. Бунчалар ваҳимали қилиб ёзмасликнинг иложи йўқми? Иложи йўқ! Чунки буни ўз бошидан кечирган одам шундай ёзган.

1917 йилнинг апрели бошланганда Бухорода усули кадим ва усули жадид ўртасида даҳанаки тортишувлар жуда қизиб кетган, иш ҳали очиқ жанг ва алғов-далғовга етиб бормаган, вазият қил устида турарди.

Амир ва унинг аъёнлари икки ўт орасида қолган эдилар. Амир нима қилишини билмас, тинмай телефон орқали рус консули Миллер ва унинг ишончли одамлари билан маслаҳатлашарди. Консулнинг ўзи ҳам февралдан бери ақли ғоят шошган, янги ҳукуматнинг сиёсатига ўрганолмас, шунинг учун осон ва қулай деб эски, ўзига яхши таниш сиёсат ва дасисани давом эттирарди.

Бухоронинг ўт-олов ёшлари эса ислоҳотлар ва эркинликлар талаб қилардилар. Улар ўз вақтлари келганлигини англар ва замон энди ўзгаришлар замони бўлажагини амирдан кўра теранроқ тушунар эдилар. Амир ҳам европача ўқиган, дунёнинг паст-баландига ақли етар, Русиядай улуғ мамлакатда қудратли чор ағдарилиб, ғаройиб-ғаройиб ўзгаришлар бўлиб турганда, Русияга қўшни ва дўст Бухорода бундай ўзгаришлар бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмас эди.

Лекин нима қилиш керак? Манғитлар тахтини қандай сақлаб қолса бўлади?

Амир консул Миллер билан маслаҳатни бир жойга қўйиб, Бухорода ислоҳотлар ўтказишга қарор берди. Миллер жаноби олийлари номидан бир манифест тайёрлайдиган бўлди. Манифестни саодатли бир айёмда, тантанали бир вазиятда эълон қилишга келишдилар.

Миллернинг одамлари бутун Бухорода ислоҳотлар манифести эълон қилинармиш деган гапни бир неча кун бурун тарқатдилар. Халойиқ ўртасида шов-шув қизиб кетди. Манифест хабари усули қадимчилар ва усули жадидчилар ўртасидаги алангали баҳсларни янада қизитиб юборди.

Бухоро амири Олимхоннинг ислоҳот ҳақидаги фармони рус элчихонасининг бошлиғи Миллер томонидан ёзилиши ва тайёрланиши бир ажойиб ҳодиса бўлса, иккинчи ундан қолишмайдиган ажойиб ҳодиса, бу фармон эълон қилинмасдан ўн кун илгари Туркистон губернатори Куропаткиннинг 25 мартда Самарқанд волийсига хат билан мурожаат қилиши эди.

Бу хатнинг мазмунига кўра Бухоро амири ёки у ердаги рус консулхонаси Туркистон губернатори Куропаткинга мурожаат этишиб, ўз ислоҳотлари тўғрисидаги фармондан хабардор этишган ва шу билан бирга шу ислохоти шаръия муносабати билан Бухорога қўшни халқ ўртасида қўзғолон ва норозилик чиқишидан ҳадик баён қилинган эди. Генерал Куропаткин қўшни Туркистондан Бухорога тахдид солинишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд волийсига огохлантириш хати билан мурожаат этган эди.

Куропаткиннинг ушбу хати Самарқанд ижроия қўмитаси мажлисида махфий муҳокама қилиниб, ахволни билиш учун Бухорога бир неча кишидан иборат вакиллар жўнатиладиган бўлди.

034Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари Самарқанд мусулмонлар ижроия қўмитасининг иккинчи раиси сифатида Бухорога юборилган Самарқанд (Туркистон) вакиллари орасида бор эди.

«Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 1 май сонида ана шу воқеалар муносабати билан муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Бухоро воқеалари ва дафъи туҳмат» деган мақоласи чикди.

Мақола менга ғоятда мароқли бўлиб туюлди.

Аввало у амирнинг манифести қандай сиёсий вазиятда ва нима мақсадларни кўзлаб қабул қилинганлигини кўрсатса, иккинчи бир ёкдан Беҳбудий таыдирида бурилиш нуқтаси бўлганлигини ҳам англатади. Шунинг учун ҳазратнинг ушбу мақоласини тўла келтириш, яъни бу замонамиз кўзи билан қайта ўқиш ва шарҳлашга эҳтиёж бор.

Мақола шундай бошланади:

«Санаи ҳозира 5-нчи апрелда Самарқанд ижроия қўмитаси мажлисида раис мажлис тарафиндан хуфя машварат борлиги эълон қилиниб, генерал (Куропат кин)нинг Самарқанд волийсига 25 мартда ёзган расмий бир мактуби музокарага қўйилди.

Бухоро амири ва ё рус консулининг мактуби сабабиндан (Куропаткин) ушбу мактуб ила Самарқандга мурожаат этган эди. Гўё Бухорода кенг бир ислоҳот шаръия жорий этар эканким, Бухоро ҳамсоясиндаки халқнинг Бухорога фасод нашр қилмоҳларидан қўрқуш борлиги муғлақ бир суратда баён қилинур эди.
Мактуб сарбаста ёзилгани учун ҳар ким бир навъ англар эди. Охирда мажлис қарор қўйдиким, Уврупо аҳлларидан жанобон (Чартуф) ва (Гартсфилд), мусулмонлардан Маҳмудхўжа Беҳбудий ва мулла Ҳайдарбек Абу Саъид ўғли, яҳудийлардан (Исохоруф) фуро Бухорога бориб, аҳвол ила ошно бўлсунлар ва аларга лозим маълумотлар берилди…»

Бу ерда бир неча савол ўртага ташланади:

Нима учун амир Куропаткинни ўз ислоҳотидан хабардор қилаётир?

Нега «шаръий ислоҳот жорий этишни мақсад қилиб қўйган амир шу боис Бухоро ҳамсояларидан, 6у ўринда Самарқанд (Туркистон) халқидан хавфсираб турибди?

Ислоҳот сабаб бўлиб, Туркистон ва Бухоро ўз-ўзидан бирлашиб кетиши мумкинлигидан қўрқиш оралаганми юрагига?

Нега «фасод»ни у Бухоронинг ўзидан эмас, Самарқанддан кутади? (Унинг «фасод» деганини «озодлик» деб англамоқ керак. Бу турли сўзлар турли тоифалар ва табақалар тилида тамомила бошқа-бошқа маъноларни англатиши мумкинлигига яна бир ёрқин мисол. Амир учун «фасод», эзилганлар учун озодлик)…

Амир ва Бухоро ҳукумати Россиядаги феврал инқилобидан ғоятда шошиб қолганлигини эслатган эдик. У қандай бўлмасин, демократик ислоҳотларни тўхтатиб қолишни кўзларди. Бухорога четдан исён оралашини истамасди. Аллақачон чириб тугаган ҳокимиятни яна бир оз чўзиш учун ажиб бир найранглар устида бош қотирарди. У ҳаммани чалкаштириб юборишни хоҳларди: ўзгаришчи Россияни, ўзгаришчи Туркистонни, ўзгаришчи жадидлар ва Бухоро ёшларини… — ҳаммасини! Гарчи муваққат Россия ҳукумати ислоҳотларни амирнинг ўз инон-ихтиёрига ҳавола қилган бўлса-да, лекин амирнинг бу кучларнинг биронтасидан хотиржамлиги йўқ эди. Уларнинг бари уни қўрқитарди. Бу ўринда Бехбудий қўллаган «муғлақ» сўзига эътибор беринг. У берк, ноаён, сирли, чалкаш деганга ўхшаш маъноларни англатиши мумкин*.

  • «Хуршид Даврон кутубхонаси» изоҳи: «Ғиёс-ул луғот»га кўра, «муғлақ» сўзи берк эшик ва маъносини англаш мушкул калимага нисбатан ишлатилади.

Амир ўзи хоҳлайдими йўқми, — албатта хоҳламасди! — жаҳоншумул миқёсдаги сиёсий гирдоб ичига аллақачон тушиб бўлган эди. Бу гирдобнинг қанчалар даҳшатли эканлигини англармиди, англамасмиди, айтиш қийин. Лекин унинг бутун хатти-ҳаракатлари, у яратган ҳукумат машинасининг хатти-ҳаракатлари ҳаммаси гирдобда қолганларнинг ахволини эслатади. Ўзи чалкашиб ётган одам бошқаларни ҳам бутунлай чалкаштиришни пайида бўлади. Шунинг учун унинг Куропаткинга «фасод» ва унинг олдини олиш ҳақида ёзган хатини хеч ким тушунолмайди. Беҳбудий бу холатни жуда топиб айтади: «ҳар ким бир навъ англар эди»…

Беҳбудий давом этади:
«Бизлар 6 апрелда Бухорога бордук. Вогзалда (Миллер) жанобларини кўруб, бир вогунда ўлтуруб қоғазларимизни кўрсатдук. Ул киши деди: «Бу кун жаноб олий амир ҳазратлари катта ва кенг бир манифест эълон қилурлар, сизларнингда Арк олийга бормоғингиз мумкиндур…»

Сафир (элчи) ила бир вогунга ўлтурдук. Мазкур манинг ила форсча ва русча бир ҳейли сўйлади: «Сизни ғойибона танийман. Ушбу манифестни ҳануз ҳеч ким ўқиғон йўқ, биринчи дафъа сизга кўрсатурман» деб матбуъ бир қоғаз узатди. Ташаккур айтиб, олиб ўқидум. Икки- уч еринда ирод айтдим. Баъзисига жавоб берди. Вогун ичида яна икки форсидан ноиби ҳам бор эдиким, орамизда бир ҳейли суҳбат ва баҳслар бўлуб ўтди…»

Бу ажойиб парчадан бизда яна бир неча саволлар туғилади: Нега амирнинг ҳали эълон қилинмаган манифести, яъни фармони рус консулининг қўлида турибди? Нега расмий дипломат ўта расмий ва буткул давлат аҳамиятига эга бўлган фармонни бутунлай бегона бир одамга ўқитяпти?

Буларнинг бари нималарни англатади?

Албатта, Бухоро Россия ҳомийлигидаги хонлик эди. У ҳали мустақиллигини тўла йўқотиб улгурмаган эди.

Аслида шундайми?

Бу икки ҳолат амирнинг расмий ҳукумат идоралари ҳам, бу идоранинг фармонлари хам мутлақо бошқа кимсалар қўлига ўтиб кетганлиги, амир ва унинг фармонлари тамомила ўйинчоқ бир вазият касб этганлигини кўрсатади.

Юртнинг тақдири ва келажагини хал қиладиган манифест, яъни фармони олий кимлар томонидан тайёрланганлиги ва кимлар томонидан жорий этилаётганига эътибор беринг. Ўйинчоқликнинг энг сўнг ва энг тубан даражасида мамлакат ва унинг амири шу ҳолга тушса керак. Лекин… Миллернинг манифестни Беҳбудийга кўрсатишидан мақсади нима? Унинг фикрини олмоқчими ёки бир нарсага зимдан тайёрламоқчими?

Беҳбудийни ўқишда давом этамиз:
«Бизлар ҳам бирга 7 апрелда соат тўққизда Аркга бордук. Соат ўнгача бир меҳмонхонада чой ичиб ўлтурдук. Насрулло қушбеги ила бир ҳейли сўйлашдук. (Миллер) жаноблари киссасидан манифестнинг аслини чиқоруб, қушбегига берди. Қуйисига амирнинг катта давра муҳри босилган эди. Қушбеги ўқуб кўруб қўл қўйди.

(Миллер) жаноблари асл нусхани менга берди. Охиригача яна ўқуб чиқдим. Таҳрирининг бир неча жойига сакталари бўлуб, хати баъзан маънони бузар эди. Ғолибан, муни мусулмони била тургон рус ёзон эди…»

Шу ерда андак тўхтаб ўтамиз. Бу ерда ҳам яна манифест, яъни ислоҳот тўғрисидаги амир фармонининг эгаси ким деган савол туғилади. Қушбеги Бухоро ҳукуматида амирдан кейинги энг йирик мансабдорлардан бири. Фармони олийни яратишда қушбеги, қозикалон, амирнинг саводхон мирзолари бош чолғучи бўлиш ўрнига улар бутунлай четда қолиб, ташаббус консулнинг қўлига ўтиб кетганлиги ва ҳозиргина ўқиганимиз Беҳбудий парчасида қушбеги консулга эмас, консул қушбегига фармони олийнинг асл нусхасини қўл қўйиш учун бераётгани ўта таажжубланарли ҳолдир. Бундай тартиб-усуллар бошқа давлатлар тажрибасида бўлганми йўқми, ҳозир айтиш қийин, лекин бўлган бўлса ҳам, бу ўта таҳқирли бир ҳодисаи усул каби қабул қилингандир эҳтимол.

Нима бўлдийкин? Амир бундай бениҳоя муҳим манифест — фармони олийни ёзишни ўз муншиларига ишонмадимикин? Уларнинг жимжимадор, болохонадор тили замонавий ислоҳот манифестини ёзишга ўтмайди ва ўрганмаган ва бинобарин, улар буни койиллатолмайдилар деб ўйладимикин?
Ёки ислоҳот тўғрисидаги барча ташаббус амир ҳукумати томонидан эмас, консулхонадан чиқдимикин ва фармони олийни ҳам консулхонанинг ўзи ёзиб қўя қолдимикин? Албатта, консул ва консулхона амир жаноби олийларини уринтиришни, бошоғриғи қилишни, унинг шошган хаёлини янада шоширишни истамагандир. Лекин консулнинг буни андаккина бўлсин пардалашга уринмагани жуда-жуда қизиқ. Одам беихтиёр бир хаёлга боради: балки ўзга мамлакатнинг консулхонаси ҳам Бухоро амирлигининг ўз аркони ва идорасига айланиб кетгандир… Акс холда қандай қилиб ўзга мамлакат ҳукуматнинг ички фармонлари ва ички ҳаётига бунчалар теран аралашиши мумкин? Тушунишга ақл ожизлик қилади. Балки ҳамма нарса ўтакетган ожизликдадир… Агар амирнинг ҳурмат-эътибори шу даражага тушиб қолган бўлса… яна нимани орзу қилиш мумкин?

Беҳбудий давом этади:
«Соат 10 дан ўтди. Бизларни «Раҳимхоний» меҳмонхонасига олиб бордилар. Меҳмонхона 20-30 газ узунликинда, 12- 15 газ ҳам энликинда бўлиб, тўртдан уч ҳиссаси уламо ва акобири Бухоро ва табаъа (тобеълар, яъни бу ўринда аҳоли вакиллари назарда тутилмоқда, ХДК изоҳи) билан тўлган эди. Бизлар бир кунжда турдук, беш дақиқадан сўнгра Насрулло қушбеги жаноб олийни олиб келди. Ҳамма туруб таъзим бажо келтурдилар.

Миллер ва нойиблари ила мир кўрушди. Бир кўрпача, бир заррин лўла қўйилган эди. Амир анинг устига мурабаъ ўлтурди. Аммо семизлигидан заҳмат чекар эди. Халқ амирни дуо этди. Қушбеги фармони ҳумоюндан бир нусхасини жаноб қозикалон Шариф махдумга берди. Амирнинг ўзи ва ҳамма ҳозирун тек турган ҳолатда жаноб қози калон баланд овоз ила охиригача ўқудилар.

Халқ яна амирни дуо этди. Баъзи ёшлар: «Яшасун амир ҳазратлари!» — деб чоқирдилар…»

Беҳбудий саҳналарнинг ўзгаришини қанчалар гўзал чизади. Унинг гўзаллиги ўта аниқлигида ва энг муҳим холатларни бениҳоя зийраклик ва заковат билан илғаб турганида. Ўзгаришни сездингизми? Энди фармони олийни, яъни манифестни ўқиш учун қози калонга консул ёки амир эмас, қушбеги узатади. Жамоат ўртасида андак одоб сақлаш зарурлигини консул, амир ва қушбегилар ҳис қилдилармикин? Мени бу ерда, яна билмадиму сизга қандай кўринади — Беҳбудийнинг «Насрулло қушбеги жаноб олийни олиб келди» деган фавқулодда жумласи ҳам ҳайратга солади. Ҳолбуки, амир жаноблари қушбеги ва бошқа аъёнлар ўрамида келишлари керак эди. Лекин: «олиб келди!» Беҳбудий амирда ҳеч қандай куч-қувват, шукуҳ қолмаганлиги, унинг иродаси батамом синдирилганлигини шу қисқагина жумлада ифодалаб бераяптими? Шукуҳсизлик шу ҳолга етишганмиди?

«Яшасин амир!» — деб қичқираётган ёшларнинг самимий ҳаяжонлари одамни тўлқинлантиради. Ўша йиллар ва ўша кунлар Бухоро ёшлари жуда-жуда жўшқин эдилар. Мусовот ҳақидаги романтик хаёллар ва кайфиятлар уларни бутунлай ўз домига олган эди.

Амир эса… амир эса… «семизлигидан захмат чекар эди!» Беҳбудийнинг 6у тарихий мақоласи манифест қабул қилингандан ва Бухорода қонли намойиш бўлиб ўтгандан, Айний каби беҳад ажойиб инсонга етмиш беш дарра урилгандан сўнг йигирма уч кун ўтгач «Ҳуррият»да чиқди. Шундан унинг қанчалар шитоб билан ёзилганлиги ва босилганлигини билиш мумкин.

Бу бебаҳо ҳужжат-мақола амирнинг кўзига тушдимикин? Ўқидимикин? «Бухоро воқеалари» деб аталган мақолага ва бунинг устига Бехбудийнинг мақоласига унинг кўзи тушмаганлигига ишониб бўлмайди. Амир Беҳбудийнинг сўзларини юрагига тугиб қўйди. У кин ва қон ичида улғайган… бошқа иложи ҳам йўқ эди. Кейин у икки йил кутади. Икки йилдан сўнг апрелда Шаҳрисабзда Беҳбудийни қўлга туширади. Орзусига етади. Ўзбекистон қуёшини сўяди ва ерга тиқади. Лекин унгача ҳали икки йил бор. Унгача Беҳбудийга ҳар қадамда таҳдидлар уюштириш мумкин, ҳақоратлар қилиш, туҳмат тошлари отиш мумкин…

Бухоро воқеаларининг бевосита иштирокчиси Айний ҳам ўз таассуротларини ёзиб қолдирган. Фақат у уч кундан кейин эмас, уч йилдан кейин уларни қаламга олган. Чунончи Айний домла ёзади:

«Чақирилганлар соат ўнларда (кундуз) «Раҳимхоний» меҳмонхонасида расмий ўринлари ва амаллари тартиби билан ўтирдилар. Ушбу мажлисда рус элчихонасининг аъзолари, Когон ижроия қўмитасидан намояндалар, Самарқанддан табрик учун келган қози Ҳайдарбек ва яна бир европалик ҳозир эдилар.
Мажлис тамом ҳозирлангандан кейин амир юқори эшикдан кириб, рус элчихонасининг аъзолари ва бутун европаликлар билан кўришди.
Мулоқот маросими битгандан кейин амир ўзи учун ҳозирланган тўрдаги ўринда ўлтириб, қўл кўтариб фотиҳа ўқиди. Сўнгра Насрулло қушбеги маълум фармонни қози Шарифжон қўлига бериб ўқимоққа ишорат қилди. Козикалон фармон ўқимоқ учун тикка турганда амир ва бошқалар фармон шарафига тикка туриб қулоқ осдилар…»

Айний шундан сўнг ўз машҳур асарида фармоннинг асл нусхаси ва унинг ўзбекча таржимасини айнан келтиради. Сўнг шундай қўшимча қилади: «Фармоннинг таъбири ва таркибларининг бузуқлигидан биззот Миллер ва Шулка тарафларидан таҳрир қилинганлиги англашилди. Зеро, дарбор котиблари ва Насрулло қушбегининг ўзи форсий таҳририда бир даража иқтидорли одамлар эдилар…»

Айний домла бу воқеага бошқа машҳур асарларида кейинроқ яна тўхталиб ўтганлар. Фармонга, унинг моҳиятига тўла ўз баҳоларини берганлар:

«Бу фармон киши тушунолмайдиган иборалар билан ёзилган эди. Унинг бир неча жойида қуйидаги сўзлар қайта-қайта такрорланарди… «Бизнинг ҳукумат идораларининг ислоҳоти ва ўзгаришлари шариати шарифга мувофиқ бўлади…» Бу қайднинг ўзиёқ бирон нарса ҳам бўлмаслигини кўрсатар эди.

Ислоҳотчилар нимаики таклиф этишса, «бу шариати шарифга мувофиқ эмас», деб рад этар эдилар. Бироқ, ислоҳотни орзу қилган кишилар бу нозикликни тушунмадилар, уларнинг раҳбарлари — жадидлар эса, «амирнинг бу мукофотини шодиёналик билан қабул қилиб, провокация йўлида амирга ташаккур изҳор этишга тайёрлик кўрмоқда эдилар».

Яна Беҳбудий ҳазратларига қайтамиз. «Бухоро воқеалари ёки дафъи туҳмат»нинг давоми шундай:

«Амир яна элчилар ила ва биз била борган икки нафар уврупойи ила қўл узотиб кўрушди. Биз икки нафар мусулмон-да мунтазир эдукки, қўл узотсалар, токи зиёрат қилсак. Ва илло, олий ҳузурда ҳаммамиз аралаш турган эдук. Ғолибо, салла ва чопонларимиз зарар келтурди. Амир ҳазратлари на аввалда ва на охирда, агарчи бир калима бўлсун, сўйламасдан фуран чиқиб кетди…»

Бу Беҳбудий асарининг энг қизиқ жойларидан бири. Яна ёруғ оламни ўзинг тушунмаган ва тушунишни истаган саволларга тўлдириб ташлагинг келади. Саволларингга жавоб ололмайсан. Жавоб берадиганлар ўтган. Шунинг учун саволингнинг ўзи ўзингга худди жавобдек эшитилади.

Амир ҳазратлари нега «уврупойилар»га алоҳида эътибор бериб, иззат-ҳурмат кўрсатдилару ўз миллатдошларига келганда, улардан юз ўгирдилар.

Нега амир ҳазратлари замонасининг таниқли адиби бўлиб танилган, «Падаркуш»и бепоён Туркистоннинг барча пучмоқларига овоза бўлган, ўткир мақолалари ва саёҳатномалари барча миллатпарварларнинг тузалмас жароҳатларига доруйи шифо каби таъсир қилган Маҳмудхўжа Беҳбудийдек бир мунаввар сиймони танимагандек бўлиб ўтди.

Уврупойиларга амир тобе эди. Улардан, уларнинг куч-қудрати ва ҳарбий машинасидан қўрқар, улардан ўзини эҳтиёт қиларди.

Амирда, ўзи истайдими-йўқми, қуллик аломатлари зоҳир бўлган эди. Тобелик фожиасига дучор бўлган ҳукмдорларда ўз тобеинларини менсимаслик, кўзга илмаслик, улардан нафратланиш белгилари пайдо бўлади. Бу ожизликнинг энг ёмон аломатидир.

Амир Беҳбудийни танимаган, билмаган деб айтиш қийин. Ҳар ҳолда у замонасининг ўқимишли кишиси эди.

Эҳтимол, у Беҳбудийни танигани ва жуда яхши билгани учун ҳам у билан кўришмай ўтгандир. Уни қаттол душман деб билиб қўл узатмагандир. «Ғолибо, салла ва чопонларимиз зарар келтурди», деб нозик киноя қилиб ўтади ҳазрат Беҳбудий. Лекин гап салла-чопондами? Ўшанда амир тез орада Беҳбудийни қўлга туширишни кўзламаганмикин? Шу мақсадда унинг кетидан айғоқчиларини қўймаганмикин?

Унинг бир калима бўлсин сўзламасдан бу мажлисдан чиқиб кетганлиги юраги буюк талваса, кин ва адоват, алам ва нафрат билан тўлиб ётганлигини кўрсатмайдими?

Айғоқчилар, бадхоҳлар, қадимчилар Беҳбудийнинг изидан тушган эдилар. Бу ҳакда ҳазрат «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 16 июн сонида шундай гувоҳлик ҳам бериб ўтадилар:

«Манинг ўзумни ҳам исмсиз мактубда ўлум ила қўрқутадилар. Аммо мен йигирма саналардан бери ёмон сўзларни халойиқдан кўп эшитдим ва мундай адабсиз мактублардан кўб кўрдум. Ниятимнинг холислиги учун мундай сўз ва мактублар манга таъсир қилмайдур»…

«Мани ёшлар, савдогарлар, муллалар ва руслар жамиятига бормагил демоққа ҳеч кимнинг ҳақи йўқ ва моне ҳам бўлолмайдур»…

«Такрор айтарман ким, мани қўрқутарман деб, беҳуда заҳмат чекмасун, ўшал исмсиз мактубни таклифиға мувофиқ жавобимизни мана газетада ёздук. Ва энди мактуб эгасининг бизга юборатурган ўлумига мунтазирмиз. Ҳар ҳолда ўлум бирдур, икки эмас!»

Шундан икки йил кейин…
Нега ўлумкашларни чақирдингиз, ҳазратим!
Ахир улар кимни аяганлар? Кимга шафқат қилганлар?
Сизнинг бу мардона сўзларингизни амир ҳазратлари ўқимади деб ўйлайсизми?

«Бухоро воқеалари… »ни охирлатиб қўяйлик. Шу кичкина асарда тарих, ҳаракат, ўлка кишиларининг замон ўзгараётгандаги аҳвол руҳияси ниҳоятда аниқ акс этади:

«Мен (Миллерддан) рухсат олиб, ҳозир унга шу арзни қилдим: «Ҳазрат уламо ва аъёни Бухоро! Жаноб олийнинг ушбу кунги марҳамат олийлари ила бутун Бухоро қариндошларимизни табрик этмоқға жасорат этарман. Умидвормизки, бу қийматбаҳо фармоннинг жорий ва маърифий бўлушига ҳазрат уламо ионат этсалар. Амир ҳазратларининг бу бахшиши шоҳоналари халойиқнинг тараққий ва осойишига албатта сабаб бўлур. Бутун Самарқанд аҳолиси номидан бандалари бул мажлисда арз табрик ва эҳтиром этарман!»

Ҳозирунлардан бири: «шаръи шарифга мувофиқми?» — деди. Қози калон бунга хитобан: «Мен бошдан охиригача ўқудум. Шаръи шарифга мувофиқдур. Бинобарин, ёрдам қилурмиз», дедилар. Мен ташаккур айтиб, ўртадан чекилиб, еримга қайтдим.

Фармон фақат 500 нусха қадар босилган эканким, (Миллер) котибининг қўлида эди. Халқға 500 нусха қадар тарқатдилар. Аммо андаги халқ мингларда бўлуб, сўнг устига ҳужум эткан эдилар. «Халқ бетартиблик қилди» деб (Миллер) жаноблари манифест тарқатмоқдан манъ этди. Гўё қоғоз қаҳат, ёинки, ақча йўқ эди ва илло, эллик минг нусҳа тарқатмоҳ керак эди. Бухоро ҳукуматини бул байда билмайман, ақлими етмади ёинки ихтиёрими йўқ эди?!

Ҳаммамиз ва элчи чиқиб кетдук. Арк атрофида бир неча минг халқ тўпланган эди. Мен, Чартуф, мулла Хайдарбек ва Исохуруфни ёшлар бир ҳовлига таклиф этдилар. Бордук. 50 — 60 нафар ёшлар тўпланди. Табрик этдук. Алар кўчаларга чиқиб намойиш қилмоққа машварат этдилар. Бизлар манъ этдук. Ёшлар қабул қилмадилар. Охири бироз эътидол ила ҳаракат этмоқға шиддатли суратда тавсия этиб чиқдук.

Бориб бироз истироҳат ва таом этдук. Соат 3. Яна ёшлар мажлисига қайтдук. 200 га қадар киши тўпланган экан, Лаби Ҳовуз ва бошқа жойларда митинг ва жамият қилиб эканлар. Фармонни баланд овоз ила ўқуб халойиқға тушунтурубдурлар. Ҳатто бир-икки минг халқ тўпланган жойлар бўлубдур. Ёшлар ниҳоятда масрур ва масъуд эдилар.

Бизлар (Маҳмудхўжа ва мулла Ҳайдарбек) бир исломия қулуби (мажмуи) таъсис этмоқға машварат бердук. Ўзлари ҳам бир жамият хайрия учун қонун тузатган эканлар. Бизлар ҳам аъзо ёзилдук. 2 минг сўмга қадар ақчалари бўлди. Ёшлардан Файзуллахўжа Убайдуллахўжа ўғли жаноблари 500 сўм, Сатторхўжа 100 сўм берди.

Эртага намойиш қилиб, амир ҳазратларига арзи ташаккур ва изҳори убудият учун алам кўтариб аркга бормоқчи бўлдилар. Бизлар уламога қаттиқ тегар деб манъ этдук…»

Лекин масарратга тўлган ёшлар Маҳмудхўжанинг вазмин гапларига қулоқ соладиган аҳволда эмас эдилар. Уларнинг кўзларига ажиб бир ғалаба жилваланиб кўринмоқда ва ҳозир улар назарида амир бир фариштага айланган эди.

Беҳбудий намойишни манъ этиб қанчалар ҳақ бўлганлиги бир неча соат ичидаёқ даҳшатли бир тарзда намоён бўлади-қўяди. Ёшлар ўз юлдузли онлари келганлигига ишонардилар. Вақт эса шиддат билан ўтиб борар, эҳтимол Николай II вақтнинг ана шундай шиддатига тоб беролмай икки ой бурун ўз салтанати ва тахтидан ўз ихтиёри билан воз кечган эди. Балки Бухоронинг жўшқин ёшлари амирнинг ҳам шундай ўз тахтидан воз кечишини орзу килгандирлар. Улар қадимчиларни яхши билмасликлари кўп ўтмай ошкор бўлди. Ихтилофлар изидан қонли воқеалар келди.

Беҳбудий шундай ҳикоя қилади:
«Бул бобда ихтилоф бўлди. Оқибат ёшлардан 4 нафари биз ила бориб (Миллер) ила машварат этмоқчи бўлдук. Ёшлар бир неча алам-да (бу ерда қўлда кўтарадиган шиорлар назарда тутилмоқда. ХДК изоҳи) ҳозирлаб қўйган эканлар. Умаро, уламо, савдогарлар ила ҳусни хулқ бирлан ва ювошлик ила муомала қилишни ёшларга ожизона тавсия этдук. Оқшом Когонда (Миллер)нинг олдига бордук. Йўл узасинда мулоқот этиб, намойишни сўйладук. Миллер манъ этди. Ёшлардан баъзи қилмоқчимиз, деди. Миллер Маҳмудхўжага: «Намойишга сиз ташвиқ қилибдурсиз», дегандек бўлди. Маҳмудхўжа: «Бу иш мандан эмас, балки манъ этдим, қабул қилмайдилар, дедим». Миллер: «Мен биламан, агар сиз қатъиян манъ қилсангиз, қабул қилурлар», деди.

Мен дедим: «Бўлмаса, сулҳ қилурмиз шундайким, элчи жаноблари подшоҳлик иморат ва ё ҳовлилардан бирини (қулуб) учун бериб, йўмкшодисда (?) ҳозир бўлсунлар, ёшларнинг ўзини ва жаридасини ҳимоятларига олсунлар. Намойишни бир неча кун сўнгра амир ҳазратлари боғига чиққандан кейин қилсунлар». Мунга ҳамма кўнди.

Мен ва мулла Ҳайдарбек алардан ажралиб, қўшхонамизга бориб, 8 апрел шанба куни эрта бирлан соат 8 да Каттақўрғонга кириб икки фирқа бўлган мусулмон қариндошларимизни яраштурмоқ учун рижъат этдук.

Эшитконимизга кўра, шанба куни аввало яҳудийлар ва кўча халқи намойиш учун бир ерга жамланурлар. Ёшлардан бир қисми ҳам ноилож буларга қўшилурлар. Охири акси ҳаракат бошлануб, ёшларга ҳужум қилинур, ёшлардан бир нечаси урилур. Бири зарб сабаби ила шаҳид бўлур. Бу сабабдан Самарқанддан рус аскари бориб, ишни яхшилик ила бостирур. Самарқанд мусулмонларидан ҳам аскар ила бир неча депутат борур. Бухоро тинчлашур, аммо бир-икки бегуноҳ мударрис-да эскилик тарафдорларидан таёқ ейар. Биз бу ҳодиса ражъиянинг сабабини бошқа бир мақоламизда баҳс этармиз.

Бизлар Каттақўрғонга кириб, биродарларимизни яқинлаштуруб, яраштирдук. Сўзимизни рад қилмаганлари учун ташаккур этамиз. 8 апрелда Самарқанд мавзейида Бухорода воқеа бўлган қора хабарни эшитдук. 9-нчида Тошканд «краевой сиезди»га бордук. Бир-икки кундан сўнгра сиезд мажлисида руслардан баъзиси Бухоро ҳодиса ражъиясига Самарқанддан борган депутат лар сабаб бўлди, Самарқанддан ўз ихтиёрлари ила бордилар, деб минбардан сўйлади. Камина Маҳмудхўжа туруб, минбар(дан) юқоридаги сўзларни муфассалан сўйладим. Андаги уврупойи йўлдошларимиз ва Самарқанд ижроия қўмитасининг раиси Аранский жанобларини шоҳид кўрсатиб, хасмни мулзам ва сукут этуб, ўзумдан ва рафиқларимдан дафъи туҳмат этдим. Бухоро уламо ва умаросидан баъзиларининг бу фармон олийдан норозиликлари сабабини бироз баён этдим. Лозим бўлса, бошқа бир мақола ила мўътабар «Ҳуррият» қориларига-да баён қилинур. Самарқанд. Маҳмудхўжа Беҳбудий».

Устод Бехбудийнинг матонатга тўлиқ бу сўзларини ўқиб ўтириб, ҳазратнинг қатъият ва синмас ирода чақнаган донишманд кўзларини кўргим келди.

«Мунтазирман!» — деган беҳад шижоатли овози қулоғимда янграб турди. Лекин юртнинг нури илоҳийси акс этган бу беҳад суюкли дийдорни энди ким кўра биларкин?

Устодга тенгдош ва ҳаммаслак, ҳамқур бўлган буюк Жовиднинг ҳасратли бир сатрини эсладим. У ўз буюк устози ва муаллими Муҳаммад Тағи Сидқийни соғиниб, соғинчининг шиддатини шундай ифодалаган экан:

Урайим билир, ман билирам, бир-да билир урайим…

0819 yanvar — Jadidchilik harakatining yirik vakili,buyuk mutafakkir Mahmudxo’ja Behbudiy tavallud topgan kun

Ibrohim G’AFUROV
MAHMUDXO’JA BEHBUDIY HAQIDA
IKKI BADIA

09

BEHBUDIY SHAXSIYATI
XALQIMIZNING VIJDONI, ORI

03Mahmudxo’ja Behbudiy o’n to’qqizinchi asrning oxirgi choragi va yigirmanchi asrning dastlabki o’n yilliklarida Turkistonning ijtimoiy-siyosiy, madaniy-ma’rifiy hayotida yorqin iz qoldirgan siymolardan biri. U o’z davrida mana shu davlat, jamiyat, inson hayoti yo’nalishlarida juda katta inqilobiy o’zgarishlar yuzaga chiqa boshlaganligini ko’rdi, o’z hayotini tamomila shu inqilobiy o’zgarishlarga bag’ishladi. Ko’p hollarda inqilobiy o’zgarishlarning muallifi va yetakchisi, kashshofi bo’ldi.

Milliy ozodlik, ijtimoiy o’zgarishlar uchun kurash zamonlarida maydonga xalqning otalari chiqadi. «Xalq otasi» degan tushuncha unchalar ilmiy bo’lavermasa-da, lekin milliy istiqlol harakatini boshidan o’tkazgan barcha xalqlar tarixida shu tushunchaga duch kelamiz. Aslida u paternalistik bir tushuncha bo’lsa-da va ma’lum darajada unda xalqonalik zuhur etsa-da, uning orqali o’z xalqini ulkan ijtimoiy-siyosiy, madaniy- ma’rifiy o’zgarishlar sari yetaklagan va bu o’zgarishlarga yo’l ko’rsatgan, ularning boshida turgan, teran demokratik qarashlarga ega bo’lgan siymolar nazarda tutilgan.

Shu ma’noda Mahmudxo’ja Behbudiy o’z serqirra faoliyati barobarida millat otasi degan buyuk nomga sazovor bo’lgan edi. Uning eng iqtidorli sadoqatli safdosh, zamondoshlari fojiali o’limidan so’ng uning sharafiga bag’ishlab yozgan asarlarida to’g’ridan-to’g’ri uni ota deb atagan va millat otasi kabi ta’riflagan edilar.

Zolimning taxtini titratgan bir tovush qichqirdi:
— Otamning qabrini qay yerga yoshurding?!
(Fitrat.)

Aziz otam, qo’limdagi gullarning
Motam guli ekanligin bilmaysan…
(Cho’lpon.)

Sadriddin Ayniy esa uni «Turon dohiysi» va «oliyshon ustod» deb ulug’lagan edi. Shunday ulug’ nomga Mahmudxo’ja Behbudiyning safdosh, zamondoshi Munavvar Qori Abdurashidxonov ham sazovor bo’lgan edi. Abdurauf Fitrat, Abdulla Qodiriy, Abdulhamid Cho’lpon, Abdulla Avloniy, Sadriddin Ayniy, Hamza Hakimzoda, So’fizoda singari ulkan ijtimoiy-madaniy harakat soxiblarini ham xalq ota o’rnida ko’rar va izzatlardi.

Biz ota o’rnida ko’rishni sal boshqacharoq tushunamiz. Ota o’rnida ko’rish mumkin… Lekin buning uchun birinchi va asosiy sharti ota o’rnida qaralayotgan inson avvalo xalqning, millatning vijdoni bo’lishi darkor.

Mahmudxo’ja Behbudiy va uning safdoshlari, maslakdoshlari, qolaversa, taqdirdoshlarini millatning, xalqning vijdoni deb to’la va xar tomonlama ma’no bag’ishlab aytish mumkin.

Behbudiy millatning vijdoni. Turkistonning iymoni.

Uning har bir yozgan so’zidan va tarixda raqam surib qolgan har bir harakatidan, har bir qilgan ishidan, Vatanga, xalqqa, insonga, hayotga, o’z xalqining taqdiriga munosabatidan vijdon, imon gurkirab, yangrab turadi. U ikki asrning xam vijdoni edi.

U vijdon mujassami bo’lganligi uchun ham har kim ota deb atashga haqli.

Munavvar Qorining hibs va mahkumlikda yozgan dahshatli xotiralarini, alam-faryod, buyuk ma’rifat bilan to’lgan maqolalari, she’rlarini o’qisangiz, Mahmudxo’ja Behbudiyning «Sayohat xotiralari» va alangali otash bo’lib yongan maqolalarini o’qisangiz, millat otasi, millatning vijdoni mujassami nima ekanligini to’la anglab, bilib yetasiz, albatta.

Biz Mahmudxo’ja Behbudiy va Munavvar Qorini buyuk muallim ham deymiz. Sanoqli buyuk muallimlar kabi u millat hayotida ilk teatrga asos soldi, ilk jurnalga asos soldi, ilk jamiyatlarga asos soldi va ularning faoliyatida faol qatnashdi. Alangali ijtimoiy chiqishlari bilan zulm ostida ezilgan xalq ongini uyg’otish, yangi madaniy turmush asoslarini qurishga intildi…

Mahmudxo’ja Behbudiy yoki Munavvar Qorining o’zlari qanday inson edilar? Ularning shaxsiyatlarining qirralarida qanday insoniy xususiyatlar ustunlik qiladi yoki yetakchi? — degan savollarga biz hali o’zimiz va zamondoshlarimizni qanoatlantiradigan daraja va miqyosda javob berolmaymiz. Zamondoshlarining xotiralari juda kam, sanoqli va ularda ko’proq umumiyatli muhim gaplargina aytilgan, xolos.

Mahmudxo’ja Behbudiyning shaxsiyatini, uning inson sifatida belgili xususiyatlarini bizga meros qolgan asarlaridan bilsa bo’ladimi? Ularda bizning savolimizga javob bo’ladigan bunday ma’lumotlar topiladimi?

Bu jihatdan uning 1914 yilda yozgan va bobma-bob «Oyna» jurnalida bosilib chiqqan «Sayohat xotiralari» asari juda katta va o’lmas qimmatga egadir. Sayohatnomalar yozuvchilarning dunyoga, dunyo masalalariga munosabatlarinigina emas, shu munosabatlar orqali ularning kim va qanday inson ekanliklarini ham yorqin namoyon etadi. Nosir Xisrav, Bobur, Radishchev, Gyote, Geyne, Nitshe, Nerval, Ibn Batuta, Marko Polo, Avliyo Chalabiy, Muqimiy singari juda ko’p ulug’ adiblarning biri biridan go’zal va benihoya mazmundor sayohatnomalarini eslash mumkin. Ularning har biri hayotiy va insoniy kuzatishlarning boyligiga ko’ra bir necha romanlarning qudratidan ko’proq qudratni o’zida jamlagan.

Adiblarning talanti, hayot va insonga qarashlari qan- chalar boy bo’lsa, ularning sayohatnomalari shunchalar qiziqarli va ulug’ ibrat kuchini qozonadi. Sayohatnomalar, qolaversa, eng ishonchli tarix yoki to’g’rirog’i, tarixlarning eng ishonchlisidir. Gerodot, Pliniy va boshqa Rim, Yunon, Sharq tarixchilarining buyuk asarlari — insoniyat uchun eng qimmatli yodgorliklar sayohatlar taassurotlari o’laroq paydo bo’lmadimi! Hali Ibn Arabshoh va Klavixolarni aytmayoq qo’yaylik. Bu guvohliklar bizning o’z tariximizni tanishimizda cheksiz bir qimmat va ahamiyatga ega.

Biz Mahmudxo’ja Behbudiy shaxsiyatining ayrim nozik qirralari haqida so’ylamoqchi bo’lib turamiz. Ularni uning asarlari va ayniqsa «Sayohat xotiralari»dan xuddi har yerga sochib ketilgan oltin zarralari kabi axtarib topamiz. Ko’p zamonlar ularga unchalar e’tibor bermay o’tib ham ketamiz. Chunki oltin zarralari hayot tuprog’i bilan aralashib yotadi. Ilg’ab olgangina, oladi.

Ba’zan inson shunday bir hilqatkim, yonida yuz yil birga yashasang ham, uni bilolmaysan. Yoki bilib ulgurolmaysan. Ba’zi hilqatlarni bilish uchun asrlar ketadi. Navoiyni, Sakkokiyni, Atoiyni, Mashrabni hamon bilolmaymiz. Buyuk Hakim ota — Baqirg’on haqida nima bilamiz? Holbuki u hammadan dardli qilib:

Odam o’g’li tug’duqimiz o’lmak uchun —

degan yer yuziga kelgan eng buyuk so’zlardan birini shunday sodda va eng go’zal qilib aytgan. Nimani bilamiz Baqirg’on haqida?

Ba’zan inson shundayin bir hilqatki, bir zum ichida, bir og’iz so’zidan uning kimligiyu ota-bobolarining ham kim o’tganligini bilib olasiz.

Har zolimning yerinda to’qson turlug’ chiyon bor,
Uchmoq aytur sanda yo’q, manga kelsa o’lim yo’q.

Turluk ne`matlar onuq yuz ming hazor alvon bor,
Tamug’ mung’lasha keldi — bildirguchi rahmon bor…

Tamug’ munglasha keldi… — shunchalar afsunkor bu so’zlar. Bu — Baqirg’on shivirlab aytgan so’zlar. Dunyoni uning fantastik tomug’i bila birlan bilishga, ko’z o’ngiga ibrat musavviroti kabi keltirishga chaqiradigan so’zlar… Har yerda bor narsalarni bilish uchun sayohatnomalar yoziladi. Bilgan balki ibrat oladi. Mahmudxo’ja Behbudiy ibrat olish va ibrat berish uchun Rossiya, Yevropa, Kichik Osiyo yerlariga borgan.

Umuman insonni bilish qiyin. Olovni bilish, Havo hazratlari, Nur hazratlarini bilish osonroqday tuyuladi. Asli ularni ham bilib bo’lmaydi. Qaerdan kelyapti, qaerda tugaydi? Nega odam Havodan bino bo’ldi?

Mahmudxo’ja o’ta shoirona tabiatli. U go’zal manzaralarni sevadi, qalbiga, xotirasiga jo qiladi. Ulardan o’ta qattiq ta’sirlanadi. Katta bir romanist adibning qalamiga xos bo’lgan unsurlar paydarpay yog’iladi. Mahmudxo’ja Damashq — Shom shahriga borganda u yerdagi Umaviyya jome sharifini shunday tasvirlaydi: «Uch tarafi ravoq va masjidi mushtamil (o’z ichiga olgan). Haramni uzunligi 240 gaz, eni 100 gaz bo’lub, o’rtasi marmar sahndur. Va sahn o’rtasinda hashtsu bir marmar favvora shodurvonlik (soyabonlik) joriy havz bor. Va haramni har tarafinda bir necha favvoralik vuzu’ mahallari bordur. Asl jome sharif ushbu haramni qibla va to’loniy (uzun) tarafinda bo’lub, nafsi jome ichining turli 210 gaz, arzi 58 gaz bo’lub, masjidni ichida yakpora qirq dona marmar stun bordur. Har bir marmar stunlar yana marmar ravoqlar ila bir-birig’a marbut bo’lub, yana bu ravoqlarni har biri ustida ajoyib suratda ikki donadan ravoqlar yasalib, oning ustinda masjidning sahfi bino qilingandur. Masjidni to’rt tarafi yerdan 8 gaz yuqorig’acha devorlar musayqal, guldor va javhardor oq va ko’k va qora a’lo jins katta oyinadek jilolik samoq (yaltiroq, oynadek oq tosh) va marmarlar ila bino qilinib, bu marmarlar unday ustolik ila bir-biriga vasl qilinibdurki, darzini topmoq mushkuldur…

Uzunligi 4 — 5 gaz, eni 2 — 3 gaz marmarlarni ustiga qozma va qabartma munabbat (yog’ochga o’yib ishlangan naqsh), islomiy, gireh va naqshlar qozilib, bizni mamlakatda ganch ustinda devorlarg’a namoya, mehrob, iroqi, muqarnas, munabbat, mornech… qilg’onlaridek, raxom (marmar) ustiga ajoyib naqshlar, o’tkaribdurlarki, insonni har bir tosh o’zig’a parastish etar darajasig’acha tasxir etar…»

Mahmudxo’ja har bir ko’rgan narsasini shu qadar aniq-tiniq va shoironaligicha tasvirlaydi. Me’moriy buyuklik, uning asir etuvchi xususiyatlarini me’morchilikning uncha-muncha odamlar bilavermaydigan, faqat juda katta bilim egalarigina biladigan o’ziga xos tushunchalari, terminlarini o’z o’rnida qo’llab shu vosita orqali predmetni go’zal bir ravishda gavdalantiradi. Bularni hech qanday tayyorgarliksiz yo’l usti yozib, yo’l ustida peshma-pesh o’z jurnali «Oina»ga jo’natayotganligi e’tiborga olinsa, Behbudiyning qanchalar keng bilimlarga ega bo’lganligi, eng murakkab dunyo hodisalarini ham tafakkur qudrati bilan yechish, tushuntirish, ifodalash yuksak iqtidori borligini ham voqeabandda kuzatish mumkin. Taassuf bilan tan olishimiz kerakki, Behbudiy tasvirda qo’llagan juda ko’p maxsus me’moriy tushunchalar, atamalar hali hamon zamonaviy lug’atlarimizga kirmagan, ularda til va termin boyligimiz sifatida o’z aksini topmagan. Biz shunday bilimdon va go’zal tasvirlarni o’zbek nasrining boshqa namunalarida uchratmaganmiz. Umumiyatli to’qilgan tasvirlar sonsiz-sanoqsiz, lekin bunday aniq e’tiborli juda katta hayot va predmet bilimini talab qiladigan tasvir juda kam…

Yana bir parcha: «.. mehroblarni ikki tarafinda va ichinda xamda ustinda marmar va javohirlik musayqal toshlar ustindagi qozma va qabartma naqshlar insonni duchori hayrat etar. Butun mehrob va atrofidagi toshlarg’a xolis oltun qabartmalar ila oyat va hadislar yozilgan sadaf, aqiq, zumurrad va zabarjad toshlaridan charxi ishlab, marmarlar ustinda mosh va naxuddan boshlab danak kattalig’igacha mayda, shunday muzoyiq va koshinkorilar etganki, o’zbekcha so’ylayin, bir taboqday joyig’a bir soat qarag’an ila ko’rub tamom qilolmaysan. Inson o’zini bir olam hunar, bir dunyo san’at ichinda ko’rub, avvalg’i musulmonlarning din yo’lida etgon sayi va qilg’on ixloslarining hamda hunar va nafis san’atda etgan taraqqiylarining va sarf etgan pul va g’ayratlarini o’ylovig’a g’arq bo’lub, ko’zi tinar va hech nimani ko’rmas darajasig’a kelur…»

E’tibor bering, kimda va qaerda uchratgansiz manavi tushunchalarni:

javohirlik musayhal toshlar
qozma va qabartma naqshlar
oltun qabartmalar

sadaf, aqiq, zumurrad va zabarjad toshlar
charxi ishlab…

muzoyiq va koshinkorliklar…

Behbudiyning o’zi ham bu san’atlarni ko’rib beixtiyor xitob qilib yuboradi:

«Iloho, bu na xoriqadur!» Behbudiy shaharlar, mamlakatlar, yodgorliklar, osori atiqalar, odamlar, ularning fe’l-atvorlarini o’z sehricha va haqiqiy sehri va sinoatini topib ulkan san’atkorona so’zlar bilan tasvirlab o’tadi. Uning tasvirlarida ma’rifatning kuchi jilolanib turadi.

Behbudiy tabiatni sevadi, uning qudratli go’zalligidan behad ta’sirlanadi. Uning tabiatga munosabatida ma’rifatli qalbining o’tkir, boy, olijanob xissiyotlari ko’zga tashlanib turadi. Behbudiy o’z nazari to’xtagan manzara, hodisalardan loqayd va befarq o’tib ketmaydi. Dunyoni uning butun go’zalligi va murakkabligicha yuragiga singdirib, unga bo’lgan o’zining insoniy munosabatlarini aniqlay boshlaydi. Bu tasvirlarda Mahmudxo’ja behad sinchkov va o’ta e’tiborli odam sifatida ko’zga tashlanadi. Uning tasvirlarida muallim, padar, ma’rifatchi, millat otasi, taraqqiyparvarlik, vatanni sevish, doim ulug’ maqsadlarni oldiga qo’yish va ularga stish yo’llarini qidirishga intilish xususiyatlari ro’yobga chiqadi.

Mahmudxo’ja har narsaga qiziqadi va har narsaning tub mohiyatini topishni istaydi. Unda o’rganishga bo’lgan mayl va layoqat ham juda kuchli. Bular ko’p jadidlarga va umuman jadidlarga xos bo’lgan teran insoniy xususiyatlar. Agar jadidlarni yakka-yakka emas, yaxlit bir butun hodisa sifatida karasak, ularning barchalariga xos bo’lgan xususiyatlarni topishni maqsad kilib qo’ysak, unda Mahmudxo’ja Bexbudiyning butun insoniy xususiyatlari va intilishlarida jadidchilikning umumiy belgi va xususiyatlarini ko’rishimiz, topishimiz mumkin. Xuddi shunday hodisani Ismoilbek, Munavvar Qori, Qodiriy va Cho’lponda ham eng cho’qqiga ko’tarilgan holda kuzatishimiz mumkin.

Behbudiy dunyoni ko’ra-ko’ra, kurashlarda tajribalar orttira-orttira shunday xulosaga keldi: dunyoni yaxshi tomonga faqat insonning fidokorligi va ilm o’zgartiradi. «Sayohat xotiralari»ning bir yerida odamlarning o’z tarixlarini tiklashga urinayotganliklaridan ta’sirlanib shunday xitob qiladi:

«Bu bo’lmasa va mundoq fidokorlik qilinmasa milliyat va dinlar mahv bo’lub ketar…»

Mahmudxo’ja o’z dunyoqarashlari va nuqtai nazarlarida doim uning tili bilan gapirsak, musulmonlarga qayishgan, yonbosgan, doim ularning manfaatlarini ko’zlaganday, butun fikri-zikri ular bilan bir, yaknafas bo’lib tuyulsa ham, aslida u juda keng fikr yuritadi, dini, irqi, millati, tili, urf-odatlaridan qat’iy nazar barcha xalqlarning farzandlariga faqat inson sifatida qaraydi. Ularga teng haq-huquqlarni ravo va munosib ko’radi. Kimligidan qat’iy nazar har bir insonni o’ziga birodar deb biladi. Har qanday sharoitda birodarona munosabatda bo’ladi. Bu birodarona munosabatda juda yuksak insoniy madaniyati va nazokati o’zgarmas konstanta tusini olganligini ko’ramiz. Birodarlikni qadrlaydi. Uning «Kitobul atfol» asaridagi «xat yozmoq shartlari» bo’limiga qayta-qayta e’tibor qiling-a, bundagi madaniyat, ichki go’zal odob-ikrom, insonni qadrlash qanchalar Behbudiy va jadidlar uchun yuksak mavqe tutganligini ko’rasiz. Uning barcha tanqidlar va barcha bahslarga, eng og’ir, chigal masalalarga munosabatida ham shunday o’zgarmas madaniyat, ichki kuch va odob-ikrom hukmron darajada aks etadi.

Mahmudxo’ja insonni sevolgancha birodarlikni undanda ortiqroq sevadi.

Turkman, tojik, rus, qozoq, o’zbek, arab, yahudiy, yunon, frantsuz, ingliz — bari uning uchun insonlikda birodardirlar.

U turkistoniy o’zbeklar yoki usmonli turklar uchun qanchalar kuyunsa, dard cheksa, boshqalar uchun ham shunday dard chekadi, kuyunadi va ular uchun ham ma’rifat va taraqqiyot yo’lini sog’inadi.

Lekin ajab va hech tushunib bo’lmas bee’tiborlikkim, biz hamon Mahmudxo’ja Behbudiy shunchalar mehr, zavq, bilimdonlik bilan o’rgatgan, go’zal namunalar taklif qilgan xat yozishga, yozishmalar olib borishga odatlanganimiz yo’q. Fikr, qarash, odat ham shunchalar konservativ bo’lishiga kishining goho aqli bovar qilmaydi.

Men yuragim orqamga tortib o’ylaymanki, biz hamon madaniy millatga aylanish, azmu qarorda mahkam turishda Mahmudxo’ja Behbudiy, Munavvar Qori va Cho’lpondan saboq olmaymiz. Holubki, ma’rifat darslarini ulardan hijja-hijjalab o’rganmoq millatga aylanish yo’lida bizga eng katta farz ham qarz edi. Ularning vasiyatlariga rioya etmaslik, o’z taqdiriga beparvolik qorong’ulikdan boshqa qaerga olib borishi mumkin?

O’lganlar ortidan qayg’urish, tubsiz armon, uning ketidan keladigan umidsizlikdan emas:
— Biz Mahmudxo’ja Behbudiy, Munavvar Qori, Qodiriy, Salimxon Tillaxonov, Cho’lpon, Avloniy va boshqa chin ozodlik kurashchilari timsolida kimlarni yo’qotganligimizni bilamizmi, o’zimizga damba-dam hisob beramizmi?

Bul aziz insonlarimiz o’sha paytlar juda ko’p narsalardan umidsizlikka tushishga, keng avom ahvoli darajasida tirikchilik o’tkazishga haqli edilar. Lekin ular Chor Rossiyasi qudrati oldida va qaramlikning tengsiz azob-uqubatlari qoshida ham umidsizlikka tushmas edilar. Ojizlik falsafasi ular uchun yot edi. Odamni chuqur o’ylatadigan bir lavha. Behbudiyning «Ismoilbek qazratlari bilan suhbat»i. Ismoilbek Mahmudxo’ja bilan uni qattiq sevib suhbat qilarkan va unga o’z vasiyatlarini aytarkan, orada shu so’zlar bexos og’zidan chiqadi:

— «Oh bilmiym, shu Buxoro na o’lur…»

Men derman: «Afandim, Buxoroni hukumatimiz, ya’ni Rusiya tarbiyat etmaguncha Buxorodan bir shayi umid etib bo’lmas».

Chunonchi… ustod derlar:
— «Evet, oxiri shuyla o’lmog’i lozim kelur…»

Xaloskor o’z ichingdan chiqmaguncha zulmdan xalos bo’lmaysan. Lekin buning uchun millatning o’zi tuganmas kuch-qudrat manbayiga aylanmog’i darkor. Bu
buyuk insonlar suhbati o’tayotgan o’n to’rtinchi yilda ichimizda besh-o’n behbudiylardan o’zga xaloskor kuch yetilmagan edi. Shuning uchun ular ahvolni o’nglashda kuchli mamlakatlarga va chunonchi Chor Rossiyasiga umid bog’lardilar. Ammo kasal ichdan tuzalmaguncha tuzalmas.

Ammo bu fikrga odamlar uzoq-uzoq yillar o’tibgina keladilar.

Va bunga tanqidga layoqat kasb etgandagina erishish mumkin.

AMIR NEGA BEHBUDIYGA
QO’L BERMADI?

Buxoro qaynardi. 1917 yilning apreli endigina boshlangan edi. Buxoroda o’lim sharpasi kezardi. Kallalar kesilardi. Darralar vizillardi. Ayniy amirning ob- xonasida ingrab yotardi. Maxbuslar orqangizni bo’yraga berib yoting, bo’yra kaltak zarbidan ilviragan etingizni qotiradi deyishar, Ayniy ingrab ulardan oyoq-qo’llarini uqalashni iltijo qilardi. Bo’yra eskirib ketgan, qammayog’iga qon va et parchalari yopishib yotardi. Lekin tajribakor mahbuslar nechukdir bo’yra jarohatni qotiradi deb o’ylashardi. Buni faqat maxbuslargina bilishar, agar amir odamlari xam bilsalar, albatta obxonadan bo’yralarni chiqarib tashlagan bo’lardilar…

Men o’z-o’zimga: astag’furillo, astag’furillo! — deyman. Bunchalar vahimali qilib yozmaslikning iloji yo’qmi? Iloji yo’q! Chunki buni o’z boshidan kechirgan odam shunday yozgan.

1917 yilning apreli boshlanganda Buxoroda usuli kadim va usuli jadid o’rtasida dahanaki tortishuvlar juda qizib ketgan, ish hali ochiq jang va alg’ov-dalg’ovga yetib bormagan, vaziyat qil ustida turardi.

Amir va uning a’yonlari ikki o’t orasida qolgan edilar. Amir nima qilishini bilmas, tinmay telefon orqali rus konsuli Miller va uning ishonchli odamlari bilan maslahatlashardi. Konsulning o’zi ham fevraldan beri aqli g’oyat shoshgan, yangi hukumatning siyosatiga o’rganolmas, shuning uchun oson va qulay deb eski, o’ziga yaxshi tanish siyosat va dasisani davom ettirardi.

Buxoroning o’t-olov yoshlari esa islohotlar va erkinliklar talab qilardilar. Ular o’z vaqtlari kelganligini anglar va zamon endi o’zgarishlar zamoni bo’lajagini amirdan ko’ra teranroq tushunar edilar. Amir ham yevropacha o’qigan, dunyoning past-balandiga aqli yetar, Rusiyaday ulug’ mamlakatda qudratli chor ag’darilib, g’aroyib-g’aroyib o’zgarishlar bo’lib turganda, Rusiyaga qo’shni va do’st Buxoroda bunday o’zgarishlar bo’lmasligiga hech kim kafolat berolmas edi.

Lekin nima qilish kerak? Mang’itlar taxtini qanday saqlab qolsa bo’ladi?

Amir konsul Miller bilan maslahatni bir joyga qo’yib, Buxoroda islohotlar o’tkazishga qaror berdi. Miller janobi oliylari nomidan bir manifest tayyorlaydigan bo’ldi. Manifestni saodatli bir ayyomda, tantanali bir vaziyatda e’lon qilishga kelishdilar.

Millerning odamlari butun Buxoroda islohotlar manifesti e’lon qilinarmish degan gapni bir necha kun burun tarqatdilar. Xaloyiq o’rtasida shov-shuv qizib ketdi. Manifest xabari usuli qadimchilar va usuli jadidchilar o’rtasidagi alangali bahslarni yanada qizitib yubordi.

Buxoro amiri Olimxonning islohot haqidagi farmoni rus elchixonasining boshlig’i Miller tomonidan yozilishi va tayyorlanishi bir ajoyib hodisa bo’lsa, ikkinchi undan qolishmaydigan ajoyib hodisa, bu farmon e’lon qilinmasdan o’n kun ilgari Turkiston gubernatori Kuropatkinning 25 martda Samarqand voliysiga xat bilan murojaat qilishi edi.

Bu xatning mazmuniga ko’ra Buxoro amiri yoki u yerdagi rus konsulxonasi Turkiston gubernatori Kuropatkinga murojaat etishib, o’z islohotlari to’g’risidagi farmondan xabardor etishgan va shu bilan birga shu isloxoti shar’iya munosabati bilan Buxoroga qo’shni xalq o’rtasida qo’zg’olon va norozilik chiqishidan hadik bayon qilingan edi. General Kuropatkin qo’shni Turkistondan Buxoroga taxdid solinishining oldini olish maqsadida Samarqand voliysiga ogoxlantirish xati bilan murojaat etgan edi.

Kuropatkinning ushbu xati Samarqand ijroiya qo’mitasi majlisida maxfiy muhokama qilinib, axvolni bilish uchun Buxoroga bir necha kishidan iborat vakillar jo’natiladigan bo’ldi.

045Mahmudxo’ja Behbudiy hazratlari Samarqand musulmonlar ijroiya qo’mitasining ikkinchi raisi sifatida Buxoroga yuborilgan Samarqand (Turkiston) vakillari orasida bor edi.

«Hurriyat» gazetasining 1917 yil 1 may sonida ana shu voqealar munosabati bilan mufti Mahmudxo’ja Behbudiyning «Buxoro voqealari va daf’i tuhmat» degan maqolasi chikdi.

Maqola menga g’oyatda maroqli bo’lib tuyuldi.

Avvalo u amirning manifesti qanday siyosiy vaziyatda va nima maqsadlarni ko’zlab qabul qilinganligini ko’rsatsa, ikkinchi bir yokdan Behbudiy taidirida burilish nuqtasi bo’lganligini ham anglatadi. Shuning uchun hazratning ushbu maqolasini to’la keltirish, ya’ni bu zamonamiz ko’zi bilan qayta o’qish va sharhlashga ehtiyoj bor.

Maqola shunday boshlanadi:

«Sanai hozira 5-nchi aprelda Samarqand ijroiya qo’mitasi majlisida rais majlis tarafindan xufya mashvarat borligi e’lon qilinib, general (Kuropat kin)ning Samarqand voliysiga 25 martda yozgan rasmiy bir maktubi muzokaraga qo’yildi.

Buxoro amiri va yo rus konsulining maktubi sababindan (Kuropatkin) ushbu maktub ila Samarqandga murojaat etgan edi. Go’yo Buxoroda keng bir islohot shar’iya joriy etar ekankim, Buxoro hamsoyasindaki xalqning Buxoroga fasod nashr qilmohlaridan qo’rqush borligi mug’laq bir suratda bayon qilinur edi.
Maktub sarbasta yozilgani uchun har kim bir nav’ anglar edi. Oxirda majlis qaror qo’ydikim, Uvrupo ahllaridan janobon (Chartuf) va (Gartsfild), musulmonlardan Mahmudxo’ja Behbudiy va mulla Haydarbek Abu Sa’id o’g’li, yahudiylardan (Isoxoruf) furo Buxoroga borib, ahvol ila oshno bo’lsunlar va alarga lozim ma’lumotlar berildi…»

Bu yerda bir necha savol o’rtaga tashlanadi:

Nima uchun amir Kuropatkinni o’z islohotidan xabardor qilayotir?

Nega «shar’iy islohot joriy etishni maqsad qilib qo’ygan amir shu bois Buxoro hamsoyalaridan, 6u o’rinda Samarqand (Turkiston) xalqidan xavfsirab turibdi?

Islohot sabab bo’lib, Turkiston va Buxoro o’z-o’zidan birlashib ketishi mumkinligidan qo’rqish oralaganmi yuragiga?

Nega «fasod»ni u Buxoroning o’zidan emas, Samarqanddan kutadi? (Uning «fasod» deganini «ozodlik» deb anglamoq kerak. Bu turli so’zlar turli toifalar va tabaqalar tilida tamomila boshqa-boshqa ma’nolarni anglatishi mumkinligiga yana bir yorqin misol. Amir uchun «fasod», ezilganlar uchun ozodlik)…

Amir va Buxoro hukumati Rossiyadagi fevral inqilobidan g’oyatda shoshib qolganligini eslatgan edik. U qanday bo’lmasin, demokratik islohotlarni to’xtatib qolishni ko’zlardi. Buxoroga chetdan isyon oralashini istamasdi. Allaqachon chirib tugagan hokimiyatni yana bir oz cho’zish uchun ajib bir nayranglar ustida bosh qotirardi. U hammani chalkashtirib yuborishni xohlardi: o’zgarishchi Rossiyani, o’zgarishchi Turkistonni, o’zgarishchi jadidlar va Buxoro yoshlarini… — hammasini! Garchi muvaqqat Rossiya hukumati islohotlarni amirning o’z inon-ixtiyoriga havola qilgan bo’lsa-da, lekin amirning bu kuchlarning birontasidan xotirjamligi yo’q edi. Ularning bari uni qo’rqitardi. Bu o’rinda Bexbudiy qo’llagan «mug’laq» so’ziga e’tibor bering. U berk, noayon, sirli, chalkash deganga o’xshash ma’nolarni anglatishi mumkin*.

  • «Xurshid Davron kutubxonasi» izohi: «G’iyos-ul lug’ot»ga ko’ra, «mug’laq» so’zi berk eshik va ma’nosini anglash mushkul kalimaga nisbatan ishlatiladi.

Amir o’zi xohlaydimi yo’qmi, — albatta xohlamasdi! — jahonshumul miqyosdagi siyosiy girdob ichiga allaqachon tushib bo’lgan edi. Bu girdobning qanchalar dahshatli ekanligini anglarmidi, anglamasmidi, aytish qiyin. Lekin uning butun xatti-harakatlari, u yaratgan hukumat mashinasining xatti-harakatlari hammasi girdobda qolganlarning axvolini eslatadi. O’zi chalkashib yotgan odam boshqalarni ham butunlay chalkashtirishni payida bo’ladi. Shuning uchun uning Kuropatkinga «fasod» va uning oldini olish haqida yozgan xatini xech kim tushunolmaydi. Behbudiy bu xolatni juda topib aytadi: «har kim bir nav’ anglar edi»…

Behbudiy davom etadi:
«Bizlar 6 aprelda Buxoroga borduk. Vogzalda (Miller) janoblarini ko’rub, bir vogunda o’lturub qog’azlarimizni ko’rsatduk. Ul kishi dedi: «Bu kun janob oliy amir hazratlari katta va keng bir manifest e’lon qilurlar, sizlarningda Ark oliyga bormog’ingiz mumkindur…»

Safir (elchi) ila bir vogunga o’lturduk. Mazkur maning ila forscha va ruscha bir heyli so’yladi: «Sizni g’oyibona taniyman. Ushbu manifestni hanuz hech kim o’qig’on yo’q, birinchi daf’a sizga ko’rsaturman» deb matbu’ bir qog’az uzatdi. Tashakkur aytib, olib o’qidum. Ikki- uch yerinda irod aytdim. Ba’zisiga javob berdi. Vogun ichida yana ikki forsidan noibi ham bor edikim, oramizda bir heyli suhbat va bahslar bo’lub o’tdi…»

Bu ajoyib parchadan bizda yana bir necha savollar tug’iladi: Nega amirning hali e’lon qilinmagan manifesti, ya’ni farmoni rus konsulining qo’lida turibdi? Nega rasmiy diplomat o’ta rasmiy va butkul davlat ahamiyatiga ega bo’lgan farmonni butunlay begona bir odamga o’qityapti?

Bularning bari nimalarni anglatadi?

Albatta, Buxoro Rossiya homiyligidagi xonlik edi. U hali mustaqilligini to’la yo’qotib ulgurmagan edi.

Aslida shundaymi?

Bu ikki holat amirning rasmiy hukumat idoralari ham, bu idoraning farmonlari xam mutlaqo boshqa kimsalar qo’liga o’tib ketganligi, amir va uning farmonlari tamomila o’yinchoq bir vaziyat kasb etganligini ko’rsatadi.

Yurtning taqdiri va kelajagini xal qiladigan manifest, ya’ni farmoni oliy kimlar tomonidan tayyorlanganligi va kimlar tomonidan joriy etilayotganiga e’tibor bering. O’yinchoqlikning eng so’ng va eng tuban darajasida mamlakat va uning amiri shu holga tushsa kerak. Lekin… Millerning manifestni Behbudiyga ko’rsatishidan maqsadi nima? Uning fikrini olmoqchimi yoki bir narsaga zimdan tayyorlamoqchimi?

Behbudiyni o’qishda davom etamiz:
«Bizlar ham birga 7 aprelda soat to’qqizda Arkga borduk. Soat o’ngacha bir mehmonxonada choy ichib o’lturduk. Nasrullo qushbegi ila bir heyli so’ylashduk. (Miller) janoblari kissasidan manifestning aslini chiqorub, qushbegiga berdi. Quyisiga amirning katta davra muhri bosilgan edi. Qushbegi o’qub ko’rub qo’l qo’ydi.

(Miller) janoblari asl nusxani menga berdi. Oxirigacha yana o’qub chiqdim. Tahririning bir necha joyiga saktalari bo’lub, xati ba’zan ma’noni buzar edi. G’oliban, muni musulmoni bila turgon rus yozon edi…»

Shu yerda andak to’xtab o’tamiz. Bu yerda ham yana manifest, ya’ni islohot to’g’risidagi amir farmonining egasi kim degan savol tug’iladi. Qushbegi Buxoro hukumatida amirdan keyingi eng yirik mansabdorlardan biri.
Farmoni oliyni yaratishda qushbegi, qozikalon, amirning savodxon mirzolari bosh cholg’uchi bo’lish o’rniga ular butunlay chetda qolib, tashabbus konsulning qo’liga o’tib ketganligi va hozirgina o’qiganimiz Behbudiy parchasida qushbegi konsulga emas, konsul qushbegiga farmoni oliyning asl nusxasini qo’l qo’yish uchun berayotgani o’ta taajjublanarli holdir. Bunday tartib-usullar boshqa davlatlar tajribasida bo’lganmi yo’qmi, hozir aytish qiyin, lekin bo’lgan bo’lsa ham, bu o’ta tahqirli bir hodisai usul kabi qabul qilingandir ehtimol.

Nima bo’ldiykin? Amir bunday benihoya muhim manifest — farmoni oliyni yozishni o’z munshilariga ishonmadimikin? Ularning jimjimador, boloxonador tili zamonaviy islohot manifestini yozishga o’tmaydi va o’rganmagan va binobarin, ular buni koyillatolmaydilar deb o’yladimikin?Yoki islohot to’g’risidagi barcha tashabbus amir hukumati tomonidan emas, konsulxonadan chiqdimikin va farmoni oliyni ham konsulxonaning o’zi yozib qo’ya qoldimikin? Albatta, konsul va konsulxona amir janobi oliylarini urintirishni, boshog’rig’i qilishni, uning shoshgan xayolini yanada shoshirishni istamagandir. Lekin konsulning buni andakkina bo’lsin pardalashga urinmagani juda-juda qiziq. Odam beixtiyor bir xayolga boradi: balki o’zga mamlakatning konsulxonasi ham Buxoro amirligining o’z arkoni va idorasiga aylanib ketgandir… Aks xolda qanday qilib o’zga mamlakat hukumatning ichki farmonlari va ichki hayotiga bunchalar teran aralashishi mumkin? Tushunishga aql ojizlik qiladi. Balki hamma narsa o’taketgan ojizlikdadir… Agar amirning hurmat-e’tibori shu darajaga tushib qolgan bo’lsa… yana nimani orzu qilish mumkin?

Behbudiy davom etadi:
«Soat 10 dan o’tdi. Bizlarni «Rahimxoniy» mehmonxonasiga olib bordilar. Mehmonxona 20-30 gaz uzunlikinda, 12- 15 gaz ham enlikinda bo’lib, to’rtdan uch hissasi ulamo va akobiri Buxoro va taba’a (tobe’lar, ya’ni bu o’rinda aholi vakillari nazarda tutilmoqda, XDK izohi) bilan to’lgan edi. Bizlar bir kunjda turduk, besh daqiqadan so’ngra Nasrullo qushbegi janob oliyni olib keldi. Hamma turub ta’zim bajo kelturdilar.

Miller va noyiblari ila mir ko’rushdi. Bir ko’rpacha, bir zarrin lo’la qo’yilgan edi. Amir aning ustiga muraba’ o’lturdi. Ammo semizligidan zahmat chekar edi. Xalq amirni duo etdi. Qushbegi farmoni humoyundan bir nusxasini janob qozikalon Sharif maxdumga berdi. Amirning o’zi va hamma hozirun tek turgan holatda janob qozi kalon baland ovoz ila oxirigacha o’qudilar.

Xalq yana amirni duo etdi. Ba’zi yoshlar: «Yashasun amir hazratlari!» — deb choqirdilar…»

Behbudiy sahnalarning o’zgarishini qanchalar go’zal chizadi. Uning go’zalligi o’ta aniqligida va eng muhim xolatlarni benihoya ziyraklik va zakovat bilan ilg’ab turganida. O’zgarishni sezdingizmi? Endi farmoni oliyni, ya’ni manifestni o’qish uchun qozi kalonga konsul yoki amir emas, qushbegi uzatadi. Jamoat o’rtasida andak odob saqlash zarurligini konsul, amir va qushbegilar his qildilarmikin? Meni bu yerda, yana bilmadimu sizga qanday ko’rinadi — Behbudiyning «Nasrullo qushbegi janob oliyni olib keldi» degan favqulodda jumlasi ham hayratga soladi. Holbuki, amir janoblari qushbegi va boshqa a’yonlar o’ramida kelishlari kerak edi. Lekin: «olib keldi!» Behbudiy amirda hech qanday kuch-quvvat, shukuh qolmaganligi, uning irodasi batamom sindirilganligini shu qisqagina jumlada ifodalab berayaptimi? Shukuhsizlik shu holga yetishganmidi?

«Yashasin amir!» — deb qichqirayotgan yoshlarning samimiy hayajonlari odamni to’lqinlantiradi. O’sha yillar va o’sha kunlar Buxoro yoshlari juda-juda jo’shqin edilar. Musovot haqidagi romantik xayollar va kayfiyatlar ularni butunlay o’z domiga olgan edi.

Amir esa… amir esa… «semizligidan zaxmat chekar edi!» Behbudiyning 6u tarixiy maqolasi manifest qabul qilingandan va Buxoroda qonli namoyish bo’lib o’tgandan, Ayniy kabi behad ajoyib insonga yetmish besh darra urilgandan so’ng yigirma uch kun o’tgach «Hurriyat»da chiqdi. Shundan uning qanchalar shitob bilan yozilganligi va bosilganligini bilish mumkin.

Bu bebaho hujjat-maqola amirning ko’ziga tushdimikin? O’qidimikin? «Buxoro voqealari» deb atalgan maqolaga va buning ustiga Bexbudiyning maqolasiga uning ko’zi tushmaganligiga ishonib bo’lmaydi. Amir Behbudiyning so’zlarini yuragiga tugib qo’ydi. U kin va qon ichida ulg’aygan… boshqa iloji ham yo’q edi. Keyin u ikki yil kutadi. Ikki yildan so’ng aprelda Shahrisabzda Behbudiyni qo’lga tushiradi. Orzusiga yetadi. O’zbekiston quyoshini so’yadi va yerga tiqadi. Lekin ungacha hali ikki yil bor. Ungacha Behbudiyga har qadamda tahdidlar uyushtirish mumkin, haqoratlar qilish, tuhmat toshlari otish mumkin…

Buxoro voqealarining bevosita ishtirokchisi Ayniy ham o’z taassurotlarini yozib qoldirgan. Faqat u uch kundan keyin emas, uch yildan keyin ularni qalamga olgan. Chunonchi Ayniy domla yozadi:

«Chaqirilganlar soat o’nlarda (kunduz) «Rahimxoniy» mehmonxonasida rasmiy o’rinlari va amallari tartibi bilan o’tirdilar. Ushbu majlisda rus elchixonasining a’zolari, Kogon ijroiya qo’mitasidan namoyandalar, Samarqanddan tabrik uchun kelgan qozi Haydarbek va yana bir yevropalik hozir edilar.
Majlis tamom hozirlangandan keyin amir yuqori eshikdan kirib, rus elchixonasining a’zolari va butun yevropaliklar bilan ko’rishdi.
Muloqot marosimi bitgandan keyin amir o’zi uchun hozirlangan to’rdagi o’rinda o’ltirib, qo’l ko’tarib fotiha o’qidi. So’ngra Nasrullo qushbegi ma’lum farmonni qozi Sharifjon qo’liga berib o’qimoqqa ishorat qildi. Kozikalon farmon o’qimoq uchun tikka turganda amir va boshqalar farmon sharafiga tikka turib quloq osdilar…»

Ayniy shundan so’ng o’z mashhur asarida farmonning asl nusxasi va uning o’zbekcha tarjimasini aynan keltiradi. So’ng shunday qo’shimcha qiladi: «Farmonning ta’biri va tarkiblarining buzuqligidan bizzot Miller va Shulka taraflaridan tahrir qilinganligi anglashildi. Zero, darbor kotiblari va Nasrullo qushbegining o’zi forsiy tahririda bir daraja iqtidorli odamlar edilar…»

Ayniy domla bu voqeaga boshqa mashhur asarlarida keyinroq yana to’xtalib o’tganlar. Farmonga, uning mohiyatiga to’la o’z baholarini berganlar:

«Bu farmon kishi tushunolmaydigan iboralar bilan yozilgan edi. Uning bir necha joyida quyidagi so’zlar qayta-qayta takrorlanardi… «Bizning hukumat idoralarining islohoti va o’zgarishlari shariati sharifga muvofiq bo’ladi…» Bu qaydning o’ziyoq biron narsa ham bo’lmasligini ko’rsatar edi.

Islohotchilar nimaiki taklif etishsa, «bu shariati sharifga muvofiq emas», deb rad etar edilar. Biroq, islohotni orzu qilgan kishilar bu noziklikni tushunmadilar, ularning rahbarlari — jadidlar esa, «amirning bu mukofotini shodiyonalik bilan qabul qilib, provokatsiya yo’lida amirga tashakkur izhor etishga tayyorlik ko’rmoqda edilar».

Yana Behbudiy hazratlariga qaytamiz. «Buxoro voqealari yoki daf’i tuhmat»ning davomi shunday:

«Amir yana elchilar ila va biz bila borgan ikki nafar uvrupoyi ila qo’l uzotib ko’rushdi. Biz ikki nafar musulmon-da muntazir edukki, qo’l uzotsalar, toki ziyorat qilsak. Va illo, oliy huzurda hammamiz aralash turgan eduk. G’olibo, salla va choponlarimiz zarar kelturdi. Amir hazratlari na avvalda va na oxirda, agarchi bir kalima bo’lsun, so’ylamasdan furan chiqib ketdi…»

Bu Behbudiy asarining eng qiziq joylaridan biri. Yana yorug’ olamni o’zing tushunmagan va tushunishni istagan savollarga to’ldirib tashlaging keladi. Savollaringga javob ololmaysan. Javob beradiganlar o’tgan. Shuning uchun savolingning o’zi o’zingga xuddi javobdek eshitiladi.

Amir hazratlari nega «uvrupoyilar»ga alohida e’tibor berib, izzat-hurmat ko’rsatdilaru o’z millatdoshlariga kelganda, ulardan yuz o’girdilar.

Nega amir hazratlari zamonasining taniqli adibi bo’lib tanilgan, «Padarkush»i bepoyon Turkistonning barcha puchmoqlariga ovoza bo’lgan, o’tkir maqolalari va sayohatnomalari barcha millatparvarlarning tuzalmas jarohatlariga doruyi shifo kabi ta’sir qilgan Mahmudxo’ja Behbudiydek bir munavvar siymoni tanimagandek bo’lib o’tdi.

Uvrupoyilarga amir tobe edi. Ulardan, ularning kuch-qudrati va harbiy mashinasidan qo’rqar, ulardan o’zini ehtiyot qilardi.

Amirda, o’zi istaydimi-yo’qmi, qullik alomatlari zohir bo’lgan edi. Tobelik fojiasiga duchor bo’lgan hukmdorlarda o’z tobeinlarini mensimaslik, ko’zga ilmaslik, ulardan nafratlanish belgilari paydo bo’ladi. Bu ojizlikning eng yomon alomatidir.

Amir Behbudiyni tanimagan, bilmagan deb aytish qiyin. Har holda u zamonasining o’qimishli kishisi edi.

Ehtimol, u Behbudiyni tanigani va juda yaxshi bilgani uchun ham u bilan ko’rishmay o’tgandir. Uni qattol dushman deb bilib qo’l uzatmagandir. «G’olibo, salla va choponlarimiz zarar kelturdi», deb nozik kinoya qilib o’tadi hazrat Behbudiy. Lekin gap salla-chopondami? O’shanda amir tez orada Behbudiyni qo’lga tushirishni ko’zlamaganmikin? Shu maqsadda uning ketidan ayg’oqchilarini qo’ymaganmikin?

Uning bir kalima bo’lsin so’zlamasdan bu majlisdan chiqib ketganligi yuragi buyuk talvasa, kin va adovat, alam va nafrat bilan to’lib yotganligini ko’rsatmaydimi?

Ayg’oqchilar, badxohlar, qadimchilar Behbudiyning izidan tushgan edilar. Bu hakda hazrat «Hurriyat» gazetasining 1917 yil 16 iyun sonida shunday guvohlik ham berib o’tadilar:

«Maning o’zumni ham ismsiz maktubda o’lum ila qo’rqutadilar. Ammo men yigirma sanalardan beri yomon so’zlarni xaloyiqdan ko’p eshitdim va munday adabsiz maktublardan ko’b ko’rdum. Niyatimning xolisligi uchun munday so’z va maktublar manga ta’sir qilmaydur»…

«Mani yoshlar, savdogarlar, mullalar va ruslar jamiyatiga bormagil demoqqa hech kimning haqi yo’q va mone ham bo’lolmaydur»…

«Takror aytarman kim, mani qo’rqutarman deb, behuda zahmat chekmasun, o’shal ismsiz maktubni taklifig’a muvofiq javobimizni mana gazetada yozduk. Va endi maktub egasining bizga yuboraturgan o’lumiga muntazirmiz. Har holda o’lum birdur, ikki emas!»

Shundan ikki yil keyin…
Nega o’lumkashlarni chaqirdingiz, hazratim!
Axir ular kimni ayaganlar? Kimga shafqat qilganlar?
Sizning bu mardona so’zlaringizni amir hazratlari o’qimadi deb o’ylaysizmi?

«Buxoro voqealari… »ni oxirlatib qo’yaylik. Shu kichkina asarda tarix, harakat, o’lka kishilarining zamon o’zgarayotgandagi ahvol ruhiyasi nihoyatda aniq aks etadi:

«Men (Millerddan) ruxsat olib, hozir unga shu arzni qildim: «Hazrat ulamo va a’yoni Buxoro! Janob oliyning ushbu kungi marhamat oliylari ila butun Buxoro qarindoshlarimizni tabrik etmoqg’a jasorat etarman. Umidvormizki, bu qiymatbaho farmonning joriy va ma’rifiy bo’lushiga hazrat ulamo ionat etsalar. Amir hazratlarining bu baxshishi shohonalari xaloyiqning taraqqiy va osoyishiga albatta sabab bo’lur. Butun Samarqand aholisi nomidan bandalari bul majlisda arz tabrik va ehtirom etarman!»

Hozirunlardan biri: «shar’i sharifga muvofiqmi?» — dedi. Qozi kalon bunga xitoban: «Men boshdan oxirigacha o’qudum. Shar’i sharifga muvofiqdur. Binobarin, yordam qilurmiz», dedilar. Men tashakkur aytib, o’rtadan chekilib, yerimga qaytdim.

Farmon faqat 500 nusxa qadar bosilgan ekankim, (Miller) kotibining qo’lida edi. Xalqg’a 500 nusxa qadar tarqatdilar. Ammo andagi xalq minglarda bo’lub, so’ng ustiga hujum etkan edilar. «Xalq betartiblik qildi» deb (Miller) janoblari manifest tarqatmoqdan man’ etdi. Go’yo qog’oz qahat, yoinki, aqcha yo’q edi va illo, ellik ming nus’ha tarqatmoh kerak edi. Buxoro hukumatini bul bayda bilmayman, aqlimi yetmadi yoinki ixtiyorimi yo’q edi?!

Hammamiz va elchi chiqib ketduk. Ark atrofida bir necha ming xalq to’plangan edi. Men, Chartuf, mulla Xaydarbek va Isoxurufni yoshlar bir hovliga taklif etdilar. Borduk. 50 — 60 nafar yoshlar to’plandi. Tabrik etduk. Alar ko’chalarga chiqib namoyish qilmoqqa mashvarat etdilar. Bizlar man’ etduk. Yoshlar qabul qilmadilar. Oxiri biroz e’tidol ila harakat etmoqg’a shiddatli suratda tavsiya etib chiqduk.

Borib biroz istirohat va taom etduk. Soat 3. Yana yoshlar majlisiga qaytduk. 200 ga qadar kishi to’plangan ekan, Labi Hovuz va boshqa joylarda miting va jamiyat qilib ekanlar. Farmonni baland ovoz ila o’qub xaloyiqg’a tushunturubdurlar. Hatto bir-ikki ming xalq to’plangan joylar bo’lubdur. Yoshlar nihoyatda masrur va mas’ud edilar.

Bizlar (Mahmudxo’ja va mulla Haydarbek) bir islomiya qulubi (majmui) ta’sis etmoqg’a mashvarat berduk. O’zlari ham bir jamiyat xayriya uchun qonun tuzatgan ekanlar. Bizlar ham a’zo yozilduk. 2 ming so’mga qadar aqchalari bo’ldi. Yoshlardan Fayzullaxo’ja Ubaydullaxo’ja o’g’li janoblari 500 so’m, Sattorxo’ja 100 so’m berdi.

Ertaga namoyish qilib, amir hazratlariga arzi tashakkur va izhori ubudiyat uchun alam ko’tarib arkga bormoqchi bo’ldilar. Bizlar ulamoga qattiq tegar deb man’ etduk…»

Lekin masarratga to’lgan yoshlar Mahmudxo’janing vazmin gaplariga quloq soladigan ahvolda emas edilar. Ularning ko’zlariga ajib bir g’alaba jilvalanib ko’rinmoqda va hozir ular nazarida amir bir farishtaga aylangan edi.

Behbudiy namoyishni man’ etib qanchalar haq bo’lganligi bir necha soat ichidayoq dahshatli bir tarzda namoyon bo’ladi-qo’yadi. Yoshlar o’z yulduzli onlari kelganligiga ishonardilar. Vaqt esa shiddat bilan o’tib borar,
ehtimol Nikolay II vaqtning ana shunday shiddatiga tob berolmay ikki oy burun o’z saltanati va taxtidan o’z ixtiyori bilan voz kechgan edi. Balki Buxoroning jo’shqin yoshlari amirning ham shunday o’z taxtidan voz kechishini orzu kilgandirlar. Ular qadimchilarni yaxshi bilmasliklari ko’p o’tmay oshkor bo’ldi. Ixtiloflar izidan qonli voqealar keldi.

Behbudiy shunday hikoya qiladi:
«Bul bobda ixtilof bo’ldi. Oqibat yoshlardan 4 nafari biz ila borib (Miller) ila mashvarat etmoqchi bo’lduk. Yoshlar bir necha alam-da (bu yerda qo’lda ko’taradigan shiorlar nazarda tutilmoqda. XDK izohi) hozirlab qo’ygan ekanlar. Umaro, ulamo, savdogarlar ila husni xulq birlan va yuvoshlik ila muomala qilishni yoshlarga ojizona tavsiya etduk. Oqshom Kogonda (Miller)ning oldiga borduk. Yo’l uzasinda muloqot etib, namoyishni so’yladuk. Miller man’ etdi. Yoshlardan ba’zi qilmoqchimiz, dedi. Miller Mahmudxo’jaga: «Namoyishga siz tashviq qilibdursiz», degandek bo’ldi. Mahmudxo’ja: «Bu ish mandan emas, balki man’ etdim, qabul qilmaydilar, dedim». Miller: «Men bilaman, agar siz qat’iyan man’ qilsangiz, qabul qilurlar», dedi.

Men dedim: «Bo’lmasa, sulh qilurmiz shundaykim, elchi janoblari podshohlik imorat va yo hovlilardan birini (qulub) uchun berib, yo’mkshodisda (?) hozir bo’lsunlar, yoshlarning o’zini va jaridasini himoyatlariga olsunlar. Namoyishni bir necha kun so’ngra amir hazratlari bog’iga chiqqandan keyin qilsunlar». Munga hamma ko’ndi.

Men va mulla Haydarbek alardan ajralib, qo’shxonamizga borib, 8 aprel shanba kuni erta birlan soat 8 da Kattaqo’rg’onga kirib ikki firqa bo’lgan musulmon qarindoshlarimizni yarashturmoq uchun rij’at etduk.

Eshitkonimizga ko’ra, shanba kuni avvalo yahudiylar va ko’cha xalqi namoyish uchun bir yerga jamlanurlar. Yoshlardan bir qismi ham noiloj bularga qo’shilurlar. Oxiri aksi harakat boshlanub, yoshlarga hujum qilinur, yoshlardan bir nechasi urilur. Biri zarb sababi ila shahid bo’lur. Bu sababdan Samarqanddan rus askari borib, ishni yaxshilik ila bostirur. Samarqand musulmonlaridan ham askar ila bir necha deputat borur. Buxoro tinchlashur, ammo bir-ikki begunoh mudarris-da eskilik tarafdorlaridan tayoq yeyar. Biz bu hodisa raj’iyaning sababini boshqa bir maqolamizda bahs etarmiz.

Bizlar Kattaqo’rg’onga kirib, birodarlarimizni yaqinlashturub, yarashtirduk. So’zimizni rad qilmaganlari uchun tashakkur etamiz. 8 aprelda Samarqand mavzeyida Buxoroda voqea bo’lgan qora xabarni eshitduk. 9-nchida Toshkand «kraevoy siezdi»ga borduk. Bir-ikki kundan so’ngra siezd majlisida ruslardan ba’zisi Buxoro hodisa raj’iyasiga Samarqanddan borgan deputat lar sabab bo’ldi, Samarqanddan o’z ixtiyorlari ila bordilar, deb minbardan so’yladi. Kamina Mahmudxo’ja turub, minbar(dan) yuqoridagi so’zlarni mufassalan so’yladim. Andagi uvrupoyi yo’ldoshlarimiz va Samarqand ijroiya qo’mitasining raisi Aranskiy janoblarini shohid ko’rsatib, xasmni mulzam va sukut etub, o’zumdan va rafiqlarimdan daf’i tuhmat etdim. Buxoro ulamo va umarosidan ba’zilarining bu farmon oliydan noroziliklari sababini biroz bayon etdim. Lozim bo’lsa, boshqa bir maqola ila mo»tabar «Hurriyat» qorilariga-da bayon qilinur. Samarqand. Mahmudxo’ja Behbudiy».

Ustod Bexbudiyning matonatga to’liq bu so’zlarini o’qib o’tirib, hazratning qat’iyat va sinmas iroda chaqnagan donishmand ko’zlarini ko’rgim keldi.

«Muntazirman!» — degan behad shijoatli ovozi qulog’imda yangrab turdi. Lekin yurtning nuri ilohiysi aks etgan bu behad suyukli diydorni endi kim ko’ra bilarkin?

Ustodga tengdosh va hammaslak, hamqur bo’lgan buyuk Jovidning hasratli bir satrini esladim. U o’z buyuk ustozi va muallimi Muhammad Tag’i Sidqiyni sog’inib, sog’inchining shiddatini shunday ifodalagan ekan:

Urayim bilir, man biliram, bir-da bilir urayim…

033

(Tashriflar: umumiy 2 419, bugungi 1)

Izoh qoldiring