Sergey Dovlatov. Chemodan. Beshiinchi hikoya: Fernan Lejening kamzuli & Xurshid Davron. San’atning qudrati yoxud Fernan Leje haqida hikoya

004    Сергей Довлатовнинг  «Фернан Леженинг камзули»  ҳикоясини сизга тақдим этар эканман,  1978 йили ёзган «Санъатнинг қудрати ёхуд Фернан Леже ҳақида ҳикоя»  номли шеъримни эсладим. Ўша олис 80-йилларда тасвирий санъат мавзуида, Ван Гог, Шуҳрат Абдурашид, Бахтиёр Бобоев каби мусаввирлар тақдирига, улар асарларига бағишланган жуда кўп шеърлар ёзганман. Таниқли француз рассоми, П.Пикассо, Ж.Браклар билан биргаликда тасвирий санъатдаги кубизм оқимига асос солган Фернан Леже (1881—1955)  ҳақидаги шеър ҳам  ижодкор ҳаётининг бир лавҳаси ҳақида. Довлатовнинг  ҳикояси ёнида ўша шеърниям саҳифага қўйиш истаги туғилди…

Хуршид Даврон
САНЪАТНИНГ ҚУДРАТИ ЁХУД
ФЕРНАН ЛЕЖЕ ҲАҚИДА ҲИКОЯ
034

У билан тўшакда аёллар эмас,
Ёлғизлик ухларди мириқиб, сармаст.07
Мусаввир ёш эди, жуда ёш эди,
Дўкондор бошидек чўнтак бўш эди.
Ором нима билмас! Билмас нима бахт,
Мангу ҳамроҳ эди унга фақат дард.

Ҳар кун борар-келар  бир йўналишда –
Ҳайрати, ҳасрати бўлиб ҳамроҳи –
Саҳарда уйидан устахонага,
Устахонадан уйга оқшом чўкканда.
Бирон ерга кирай деса, вақти йўқ.
Фоҳиша хотинлар, чўнтаккесарлар
Бижғиган кўчадан уйга қайтаркан,
Ўткир май ё қаҳва олар дўкондан.

Бутхона бор эди йўлнинг устида –
Гумбази Ренесанснинг мовий парчаси,
Девори аёлнинг баданидек оқ.
Мусаввир ҳар сафар, албатта, тўхтаб,
Сеҳрли рангларга термилар эди.
Бир кун шом бутхона олдида ногоҳ
Пайдо бўлиб қолди кўзи кўр гадо.
Тахтидан айрилган шоҳдек аянчли,
Кўзлари – чироғи ўчган дераза.

Қиш эди, осмондан ёғиларди қор,
Эзилиб куйларди кечки бутхона.
Болалар қорбўрон билан овора,
Диллари қувончга, ҳайратга тўла.

Мусаввир тўхтади. Кузатди узоқ
Тиланчининг қайғу босган юзини.
Кейин у кўр гадо оёғи остида
Турган шляпага бориб энгашди:
Нурсиз қабоқ каби бўмбўш эди у.
Фақат қор учқуни айланиб тушар,
Фақат қор учқуни айланиб тушар,
Эгасидек исқирт, оч шляпага.

Тиланчи чол эса сезиб тургандай,
Уни қўлга олиб шошмай қоқарди.
Қоқарди эринмай, ҳафсала билан
Ва яна ўрнига қўярди уни.

Мусаввир эзилиб ортига қайтди,
Совуқ устахона қучаркан уни.
Кўз ўнгида турар нурсиз дераза,
Кўрарди эгасиз, вайрона уйни.

…Тонг пайти қўлтиқда холстни кўтариб,
Тиланчи олдига келди мусаввир.
Суяб қўйди кейин чол тиззасига
Тун бўйи ухламай чизган расмини.

Расмда турфаранг гуллар очилар эди,
Гул шуъласи тараларди, сочилар эди.

Гуллар… Гуллар ҳаётдек гўзал,
Қуёш кипригидан тўкилган кўз ёш.
Гуллар иси бамисли қуёш
Қор босган кўчани ёритди.

Расмнинг остида ёзув бор эди:

«ГУЛЛАР ОЧИЛАДИ, МЕН ЭСА УЛАРНИ КЎРА ОЛМАЙМАН!»

Гуллардан маст бўлди оппоқ бутхона,
Девордан кўчага талпинди Исо,
Унинг танасидан жўшиб турган қон
Мана шу гуллардек чиройли эди.

Одамлар эгилиб танга ташлашар,
Болалар кўзида порлади шафқат.
Чақаларда қолган қўллар тафтидан
Эрирди шляпага қўнган оппоқ қор.

Мақсадга ўтайлик:

Йиллар ўтиб кетди ўқ мисол учқур,
Кўр тиланчи ўлди,
Ўлди саҳарда
Ва мусаввир чизган расм олдида
Бугун бошқа гадо тилар садақа.

1978

Сергей ДОВЛАТОВ
ФЕРНАН ЛЕЖЕНИНГ КАМЗУЛИ
«Чемодан»дан бешинчи ҳикоя
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси
034

Бу боб — шаҳзода ва гадо ҳақида.

Қирқ биринчи йилнинг мартида Андрюша Черкасов туғилди. Шу йилнинг сентябрида, эса мен туғилганман.

Андрюша машҳур одамнинг ўғли эди. Менинг отам эса фақат озғинлиги билан кўзга ташланарди.

Николай Константинович Черкасов таниқли артист ва Олий Кенгаш ноиби эди. Отам эса оддий театр арбоби ва буржуа миллатчисининг ўғли ҳисобланарди.

Черкасовнинг истеъдодига Питер Брук, Феллини ва Де Сикалар тан беришган. Отамнинг қобилиятига эса ҳатто қариндошлари ҳам шубҳа билан қарашган.

Артист, ноиб ва тинчлик учун курашчи сифатида Черкасовни бутун мамлакат биларди. Отамни ичкиликбоз ва асабий киши сифатида фақат қўшниларимизгина танишарди.

Черкасовнинг дала ҳовлиси, машинаси, уй-жойи ва шуҳрати бор эди. Отамда эса фақат бўғма касали.

Уларнинг хотинлари дўст эдилар. Ҳатто, янглишмасам, театр институтини бирга тамомлашганди.

Онам театрнинг оддий артисти эди, кейин корректор ва ниҳоят нафақахўр бўлди. Нина Черкасова ҳам театрда оддий артист ҳисобланарди. Эрининг вафотидан кейин уни театрдан бўшатишди.

Чамамда, Черкасовларнинг юқори ижтимоий табақага мансуб Шостакович, Мравинский, Эйзенштейн… каби дўстлари бор эди. Ота-онам эса Черкасовларнинг оддий яқинлари саналарди, холос.

Бутун умримиз давомида уларнинг ғамхўрлиги ва ҳомийлигини ҳис қилиб яшадик. Черкасов отамга тавсиянома берганди. Хотини эса онамга туфли ва кўйлаклар ҳадя этарди.

Ота-онам тез-тез жанжаллашиб туришарди. Кейин улар ажралишдилар. Бунинг устига бу ажралиш уларнинг биргалиқда кечирган ҳаётларида якдиллик билан битирган ишларидан бири эди. Улар жуда оз ишлардагина ҳамфикр бўлиб яшашганди.

Черкасов онамга ва бизга катта ёрдам кўрсатиб турарди. Масалан, фақат унинг кўмаги билангина турар жойимизни сақлаб қолгандик.

Андрюша менинг биринчи дўстим эди. У билан эвакуация пайтида танишгандик. Аниқроғи, танишмаганмиз, болалар аравачасида ёнма-ён ётганмиз. Андрюша хориж аравачасида эди. Меники эса ўзимизда ишлаб чиқарилганди.

Ўйлашимча, таъминотимиз бирдек ёмон эди. Уруш кетаётганди.

Кейин уруш тамом бўлди. Оилаларимиз Ленинградга келиб қолди. Черкасбвлар Кронверк кўчасидаги ҳукумат уйида, биз эса Рубинштейн кўчасидаги ҳужрачаларда турардик.

Андрюша билан деярли тез-тез учрашиб турардик. Болалар боғчасидаги эрталикларга бирга борардик. Туғилган кун маросимларини бирга ўтказардик.

Мен онам билан Кронверкда қатнайдиган трамвайда юрардим. Андрюшани «Бугатти» ўлжа машинасининг шофёри олиб юрарди.

Андрюша билан бўйимиз тенг эди. Ёшимиз ҳам деярли бир. Иккимиз ҳам соғлом, серғайрат бўлиб ўсдик.

 Ёдимда бор, Андрюша довюрак, жиззаки, чўрткесар эди. Мен унга қараганда бир оз кучлироқ ва салгина ақллироқ эдим.

Ҳар йили ёзда дала ҳовлида турардик. Черкасовларнинг Карель бўйнида қарағайзорлар орасида чорбоғи бор эди. Деразаларидан чағалайлар ғужғон уйнаган Фин қўлтиғи кўриниб турарди.

Андрюша учун уй хизматчиси ёллашарди. Хизматчиларни тез-тез янгилаб туришарди. Табиийки, улар ўғирликда айбланардилар. Очиғини айтганда, уларни тўғри тушунмоқ даркор.

Нина Черкасованинг хориждан келтирилган буюмлари ҳамма ёқда сочилиб ётарди. Токчаларнинг ҳаммаси атир-упаларга тўла эди. Бу нарсалар ёш уй хизматкорларини йўлдан оздирарди. Навбатдаги ўғирликни сезган Нина Черкасова қошларини чимириб:
— Любаша эркаланиб кетди, — дер эди.

Эртаси куни Любашанинг ўрнини Зинуля эгалларди …

Менга Луиза Генриховна энагалик қиларди. Немис миллатига мансублиги туфайли у қамалмоғи керак эди. Луиза Генриховна бизникига яширинганди. Яъни биз билан бирга турарди. Ва айни замонда мени тарбия қиларди. Чамаси, унга ҳеч нарса тўлашмасди.

Бир вақтлар Луиза Генриховна билан Черкасовларнинг дала ҳовлисида бирга турган эдик. Шу пайт мана бу воқеа содир бўлган. Луиза Генриховнанинг оёқ томирларида қон яхши юришмасди. Сут сотувчи танишларимиздан бири касал оёқларига ахлат суркашни маслаҳат берди. Халқ табобатида шундай усул қўлланар экан.

Атрофдагиларнинг омадига қарши, бу восита иш бериб қолди. Қамоққа олингунча Луиза Генриховна бадбўй ҳид таратиб юрди. Биз, албатта, бунга чидар эдик, аммо Черкасовлар диди нозик одамлар эди. Улар онамга Луиза Генриховна бу ерда ортиқ турмасин, дейишди. Шундан кейин онам бошқа ҳужра топди. У айни шу кўчанинг ўзида, деҳқон ҳовлиларидан бирида эди. Биз ҳар йили ёзни энагамиз билан бирга шу ерда ўтказадиган бўлдик. То у қамалиб кетгунча.

Эрталаб Андрюшанинг олдига бораман. Биз чорбоғда чопиб юрар, қорағат ер, столда теннис ўйнар, қўнғиз тутар эдик. Иссиқ кунлари чўмилгани борардик. Ёмғирли кунларда айвонда елимдан турли ўйинчоқлар ясардик.

Баъзан Андрюшанинг ота-оналари келиб қолишарди. Онаси — ҳар якшанбада.

Отаси — йилига тўрт марта, тўйиб ухлаш учун.

Черкасовлар мени яхши кўришарди. Уй хизматчиси эса — аксинча. Мен унга ортиқча юк бўлгандим. Бунинг устига — мен учун ҳақ олмасди.

Шу туфайли Андрюшага эркалик қилишга рухсат бериларди. Менга эса йўқ. Тўғрироғи, Андрюшанинг қилиқлари табиий деб қараларди. Меникига эса — бошқача. Менга: «Сен ақллисан. Андрюша учун намуна бўлишинг керак …» дейишарди. Шундай қилиб, ёз бўйи кичик мураббийга айланиб қолардим.

Мен бу тенгсизликни сезардим. Умуман, Андрюшани ҳам аяб ўтиришмасди. Унга қаттиқ жазо беришарди. Мени эса доим унга намуна қилиб кўрсатишарди.

Шунга қарамай, ўзимни таҳқирланаётгандек сезардим. Андрюша асосий сиймо эди. Чўрилар ундан хўжайиндан қўрққандек, қалтираб туришарди. Мен эса, оддий одамлар жумласига кирардим. Уй хизматчиси оқкўнгил бўлганига қарамасдан, барибир мени ёқтирмасди.

Аслида ҳаммаси бошқача бўлиши лозим эди. Уй хизматчиси мени ёқтирмоғи, ижтимоий жиҳатдан ўзига яқин олмоғи керак эди. Ўзи мансуб табақа вакили сифатида яхши муомала қилиши зарур эди. Ҳақиқатда эса хизматкорлар ёмон хўжайинларни керагидан ҳам ортиқроқ яхши кўрадилар. Табиийки, ўзларидан ҳам кўпроқ Нина Черкасова зиёли, ақлли, яхши тарбия кўрган аёл эди. Табиийки, у дугонасининг олти ёшли ўғлини камситилишига асло йўл қўймасди. Агар Андрюша олма олса, мен ҳам шундай қилардим. Агар Андрюша кинони хоҳласа, чипта иккаламизга олинарди.

Ҳозир ўйлаб қарасам, Нина Черкасовада бойларга хос барча фазилат ва нуқсонлар мавжуд экан. У матонатли, қатьиятли, иродали аёл эди. Шу билан бирга совуқ, димоғдор, зодагонларга хос соддадил ҳам эди. Масалан, у пулни ортиқча юк деб ҳисобларди. У онамга:
— Қандай бахтлисан-а, Нора! — дер эди. — Серёжангга ирис узатсанг кифоя қилади. Мени тентагим бўлса фақат шоколадни ёқтиради …

Шоколад менга ҳам ёқарди, албатта. Аммо ирисни яхши кўришга ўзимни мажбур қилардим.

Қашшоқлиқда яшаганим учун афсусланмайман. Хемингуэйга ишонадиган бўлсак, камбағаллик — ёзувчининг энг ноёб мактаби. Қашшоқлик кишини ҳушёрликка ўргатади. Ва ҳоказо.

Ҳемингуэй бойигандан кейингина буни англагани қизиқ …

Етти ёшимда мен меваларни ёқтирмайман, деб отамни ишонтирдим. Тўққиз яшарлигимда магазинда янги ботинкаларни кийиб кўришдан воз кечдим. Ўн бир ёшимдан китоб ўқишга берилдим. Ўн олти ёшимдан пул топишни ўргандим.

Андрей Черкасов билан ўн олти ёшгача яқин муносабатда бўлдик. У инглиз тили мактабини тугатди. Мен оддий мактабда ўқидим. У математикани яхши кўрарди.

Менда эса аниқ фанларга рағбат йўқ эди. Бунинг устига, иккимиз ҳам ғирт ялқов эдик.

Биз тез-тез учрашиб турардик. Инглиз тили мактаби уйимизнинг шундоқ биқинида эди. Баъзан Андрюша машғулотлардан сўнг бизникига кирарди. Мен ҳам рангли телевизор кўргани уларникига бориб турардим. Андрей маъсум, паришонхотир, дўстларга меҳрибон эди. Мен эса тили заҳар, инсоний қусурларни тез илғайдиган бўлиб улғаяётган эдим.

Ўқувчилик йилларимизда ҳар биримиз ўзига хос дўстлар орттирдик. Менинг ўртоқларим орасида жиноятчиликка мойил ёшлар кўп эди. Андрейни эса яхши оилаларнинг фарзандлари ўзига тортарди.

Демак, марксча-ленинча таълимотда нималардир бор. Чамамда, инсонни ижтимоий ҳиссиётлар бошқаради. Бутун онгли ҳаётим давомида майиб-мажруҳ одамлар, қашшоқлар, безорилар, ҳаваскор шоирлар даврасига интилдим. Минг марталаб яхши одамлар орасига кириб бордим, аммо омадим чопмади. Фақат ёввойилар, хаёлпарастлар, тубанлиқдаги кишилар қуршовидагина ўзимни эркин ҳис этдим.

Одамшинаванда дўстларим айтишар эди:
— Хафа бўлмагину, сен ён-атрофингга даҳшатли бесаранжомлик тарқатасан. Сени ёнингда ҳар хил зарарли нарсаларни юқтириш мумкин …

Мен хафа бўлмасдим. Ўн икки ёшимдан мени тубанликдагилар давраси ўзига тортишини ҳис этганман. Мактабдош ўртоқларимдан еттитаси лагерь тарбиясини олганига ажабланмаса ҳам бўлади.

Малла Борис Иванов тунука ўғирлаб ўтириб чиқди. Штангачи Кононенко маъшуқасини сўйиб қўйди. Мактаб қаровулининг ўғли Миша Ҳамроев темир йўл вагон-ресторанига ўғирликка тушди. Собиқ авиамоделчи Летяго кар-соқов қизни зўрлади. Мени чекишга ўргатган Алик Брикин оғир ҳарбий жиноятга қўл урди — зобитни калтаклади. Хурракчи лақабли Юра Голинчик милиция отини яралади. Ҳатто синф бошлиғимиз Виля Ривкович ҳам тиббиёт асбобларини сотиб юборгани учун бир йилга жазо олди.

Менинг дўстларим Андрей Черкасовни ташвиш ва хавотирга соларди. Ҳар биттасига қандайдир фалокат етиши мумкин эди. Уларнинг ҳаммаси ўзлигини намойиш қилиш йўли, деб тарафма-тараф курашни тан олишарди.

Унинг дўстлари эса менда шубҳаланиш ва ғамгинлик туйғуларини уйғотарди. Уларнинг ҳар бири софдил, ақлли, олижаноб эди. Ҳаммаси муросани — яккама- якка курашишни афзал кўришарди.

Иккаламиз ҳам нисбатан эрта уйландик. Мен, табиийки, камбағал қизни ёқтирардим. Андрей Дашага — кимё олими Ипатьевнинг набирасига уйланди. Натижада уларнинг оилавий даромади бир неча баробар кўпайди.

Қарама-қарши кучларнинг бир-бирига тортилиши ҳақида ўқиганим ёдимда. Бу назарияда, менимча, қандайдир шубҳали жиҳатлар бор. Ёки, кам деганда, баҳсли ўринлар. Масалан, Даша билан Андрей бир-бирига ўхшаб кетадилар. Иккаласи ҳам гавдали, чиройли, олижаноб, ишбилармон. Иккаласи ҳам хотиржамлик ва тартиб-интизомни қадрлайдилар. Иккаласи ҳам осойишта ва ҳаловатли умр кечирадилар.

Биз — Лена иккимиз ҳам бир-биримизга ўхшаб кетамиз. Иккимиз ҳам туғма омадсизлармиз. Иккимиз ҳам воқеликка қарши муросасизмиз. Ҳатто Ғарбда ҳам мавжуд қонунларга басма-бас яшашни ёқтирамиз.

Бир куни Андрюша билан Даша бизни меҳмондорчиликка чақирди. Кронверкскийга бордик.

Уй олдида милиционер ўтирипти. У телефон дастасини олиб:
— Андрей Николаевич, сизни йўқлаб келишди! — деб хабар қилди. Кейин юзига янада жиддий тус бериб:
— Ўтинглар, — деди.

Лифтда кўтариламиз. Кирамиз.

Йўлакда Даша шивирлади.
— Кечирасизлар, бизникига ҳамшира келиб қолди.

Дастлаб ҳеч нарсани тушунмадим. Қариялардан бири оғирлашиб қолдимикин, деб ўйладим. Ҳатто қайтиб кетсакмикин, деган хаёлга ҳам бордим.

Бизга тушунтиришди:
— Гена Лаврентьев бир ҳамширани олиб келипти. Ғирт даҳшат. Эгнида қўй терисидан тикилган совет пўстини. Тўртинчи марта ўйинга тушамизми, деб сўради, Ҳозиргина бир шиша совуқ пивони ичиб олди. Худо ҳаққи, хафа бўлманглар…
— Ҳечқиси йўқ, — дейман, — биз кўникиб кетганмиз.

У вақтда завод газетасида ишлардим. Хотиним аёллар сартароши эди. Бунақа нарсалар бизга мутлақо таъсир қилмасди.

Кейин ҳамширага яхшилаб разм солдим. Унинг қўллари чиройли, кўзлари кўм-кўк, оёқлари келишган, манглайи ярқироқ эди. У менга ёқди. У кўп овқат еди ва ҳатто стол ёнида ҳам билинтирмасдан оёқларини уриб, рақсга тушиб ўтирди.

Унинг ҳамроҳи — Лаврентьев эса кўзга ташланмасди. Сочлари дағал бўлиб, юзи майда чизиқлар билан қопланган — келишимсиз алфозда эди. Бунинг устига, у меъдамга тегиб кетди. Руминияга қилган сафари ҳақида жуда узоқ гапирди. Чамаси, унга Руминияни ёқтирмайман, деган бўлсам керак.

Йиллар ўтди. Андрей билан жуда кам кўришадиган бўлдик. Йиллар оша буям камайиб борди.

Биз жанжаллашмадик ҳам. Бир-биримиздан кўнглимиз қолганиям йўқ. Шунчаки ажрашиб кетдик.

Бу пайтларда мен нималарнидир ёза бошлагандим. Андрей номзодлик ишини битираётганди.

Унинг атрофини қувноқ, ақлли, софдил физиклар қуршаб олишганди. Менинг атрофимда эса — телбалар, ифлос, ўзига бино қўйган лириклар йиғилишганди. Унинг танишлари коньякка шампан виносини қўшиб, ҳар замонда бир ичишарди. Менинг ёнимдагилар эса қизғиш портвейндан бош кўтарай дейишмасди. Унинг яқинлари Гумилев ва Бродскийдан баҳс юритишарди. Биз эса фақат ўз асарларимини ўқирдик.

Орадан кўп ўтмай Николай Константинович Черкасов вафот этди. Пушкин театри ёнида катта митинг бўлиб ўтди. Одам шунчалик кўп тўпландики, кўча ҳаракатини тўхтатишга тўғри келди.

Черкасов халқ артисти эди. Фақат унвони жиҳатидангина эмас. Уни профессорлар ва деҳқонлар, генераллар ва жиноятчилар бирдек яхши кўришарди. Есенин, Зошченко ва Висоцкийлар ҳам шундай шуҳратга эришгандилар.

Бир йилдан сўнг Нина Черкасовани театрдан бўшатдилар. Кейин эрининг барча совринларини тортиб олишди. Черкасовга Европадан берилган барча халқаро мукофотларни қайтаришга мажбур қилишди. Улар орасида олтиндан ясалган қимматбаҳо буюмлар бор эди. Бошлиқларнинг тазйиқи туфайли бева буларнинг ҳаммасини театр музейига топширди.

Бева, албатта, бечора бўлиб қолгани йўқ.

Дала ҳовли, машина, хонадон унда қолди. Бундан ташқари, уларнинг жамғармаси ҳам бор эди. Даша билан Андрей ишлашарди.

Онам ҳар замонда бевани йўқлаб борарди. Соатлаб телефонда гаплашарди. У ўғлидан шикоят қиларди. Уни эътиборсизлик ва худбинликда айбларди.

Онам хўрсинарди:
— Лоақал ўғлинг ичмайди-ку …

Қисқаси, оналаримиз ёлғиз ва маъюс, кўнгилчан кампирларга айланиб қолишди. Биз эса — бирдек тошюрак ва илтифотсиз ўғиллар деган ном олдик. Андрюшанинг обрўси юксалиб бораётган физиклиги-ю, менинг таъқибга учраган лириклигимга аҳамият беришмадиям.

Оналаримиз ҳам бир-бирларига ўхшарди. Аммо фарқли жиҳатлари ҳам мавжуд эди. Онам деярли уйдан чиқмаганди. Нина Черкасова эса барча қабул маросимларида қатнашганди. Бунинг устига, у Париж сафарига тараддуд кўраётганди.

У чет элларда илгари ҳам бўлганди. Ҳозир бирдан эски дўстларини кўргиси келиб қолипти.

Ғалати ҳодисалар юз бераётганди. Черкасов тириклигида уйларидан меҳмон аримасди. Машҳур, истеъдодли одамлар — Мравинский, Райкин, Шостаковичлар келишарди. Ҳаммаси оиланинг дўстлари ҳисобланарди. Николай Константиновичнинг вафотидан кейин уларнинг фақат шахсий дўст эканлиги маълум бўлиб қолди. Умуман, машҳур совет кишилари қаергадир йўқолди.

Хориждагилар — Сартр, Ив Монтан, рассом Леженинг бевасигина қолишди. Шунда Нина Черкасова Францияга боришга қарор қилди.

Жўнашига бир ҳафта қолганда биз тасодифан учрашдик. Мен журналистлар уйи кутубхонасида ўтирардим, тундрани ўзлаштирувчилардан бирининг хотираларига муҳаррирлик қилаётгандим. Хотиралар ўн тўрт бобдан иборат бўлиб, шундан тўққизтаси: «Агар сохта камтарликни йиғиштириб қўйиб …» деган бир хил жумла билан бошланарди. Бундан ташқари, Лениндан олинган кўчирмаларни ҳам солиштириб чиқишим зарур эди.

Бирдан Нина Черкасова кириб келди. Биз бир кутубхонадан фойдаланишимизни билмас эканман.

У қариб қолганди. Одатдагидек, кўзга ташланиб турмаса-да, ҳашамат билан кийинганди.

Биз саломлашдик.
— Ёзувчи бўлган эмишсан? — деб сўради.

Довдираб қолдим. Бунақа саволга тайёр эмасдим. Ҳатто: «Сен даҳомисан?» деб сўраса яхшироқ бўларди. Шунда хотиржамлик билан ижобий жавоб берардим. Дўстларимнинг ҳаммаси даҳолик дардидан азоб чекишарди. Барчаси ўзини даҳо деб санарди. Ўзини ёзувчи деб аташ хийла қийинроқ эди.
— Эрмак учун ёзиб тураман, — деб жавоб бердим.

Ўқув залида иккита ўқувчи бор эди. Иккаласи ҳам биз томонга қарашди. Черкасовнинг бевасини таниганларидан эмас. Очиғини айтганда, француз духисининг ҳидини сезганлари учун.

— Биласанми, — деди у, — Коля ҳақида ёзишни кўпдан бери ўйлаб юрибман. Эсдаликларга ўхшаш бир нарса.
— Ёзинг.

— Истеъдодим йўқ деб чўчияпман. Ҳолбуки, мактубларим барча дўстларга маъқул бўлган.
— Ундай бўлса, узун мактуб ёзинг.

— Энг оғири — бошлаш. Дарҳақиқат, қандай бошланганди ўзи? Эҳтимол, танишган кунимиздандир? Ёки анча олдинроқданмикин?
— Худди шундай деб бошланг.

— Қандай?
— «Энг оғири — бошлаш. Дарҳақиқат, қандай бошланганди ўзи? …»

— Биласанми, Коля бутун ҳаётим эди. У дўстим эди. У устозим эди. Нима деб ўйлайсан, эрини ўғлидан кўра яхши кўриш гуноҳ эмасми?
— Билмайман. Севгининг умумий ўлчовлари йўқ деб ўйлайман. Масалани фақат ҳа ёки йўқ деган тарзда қўйиш мумкин.
— Ақлинг тўлишиб кетибди, — деди у.

Кейин биз адабиёт ҳақида гаплашдик. Мен сўрамасдан туриб ҳам у Пруст, Голсуорси, Фейхтвангерларни ёқтиришини билардим. Маълум бўлишича, Пастернак ва Цветаеваларга ҳам эътиқоди баланд экан.

Шунда мен Пастернакда дид етишмайди дедим. Цветаева эса бутун даҳолилига қарамай, туғма тентак бўлган.

Кейин тасвирий санъатга ўтдик.

Импрессионистларни кўпроқ ёқтирса керак, деб ўйладим. Янглишмаган эканман.

Шунда мен импрессионистлар бир лаҳзалик кайфиятларни абадиятдан кўра устун қўйганлар, дедим. Фақат Монеда қабиладошлик тамойиллари кўриш туйғусидан юқори туради.

Черкасова ғамгин хўрсинди:
— Ақлинг тўлишганини кўриб турибман …

Биз бир соатдан кўпроқ гаплашиб ўтирдик. Кейин у хайрлашиб, чиқиб кетди. Тундрани забт этувчининг хотираларини таҳрир қилгим келмай қолди. Қашшоқлик ва бойлик ҳақида ўйлаб кетдим. Жароҳатланган ва аянчли инсон қалби ҳақида…

Армияда қўриқчи бўлиб хизмат қилган эдим. Маҳбуслар орасида таниқли раҳбар ходимлар ҳам учраб турарди. Улар дастлабки кунларда раҳбарларга хос қилиқларини сақлаб юрадилар. Кейин лагердаги оломон уларни ютиб юборади.

Қачонлардир Париж ҳақида ҳужжатли фильм кўрган эдим. Воқеалар босиб олинган Францияда кечарди. Кўчаларни тўлдириб қочқинлар боришарди. Тутқун мамлакатларнинг ҳаммаси бир хил бўлишига шунда ишонч ҳосил қилгандим. Таланган халқларнинг барчаси — эгизаклардир.

Бир зумда инсондаги осойишталик ва бойлик қобиқлари сидирилиб тушади.

Шу ондаёқ унинг жароҳатланган, етим қалби намоён бўлади …

Уч ҳафта ўтди. Телефон қўнғироғи жиринглади. Черкасова Париждан қайтибди. Сизларникига ҳозир бораман, деди.

Биз ҳолва ва печенье харид қилдик.

У яшаргандек ва бир оз сирли кўринди. Машҳур французлар бизларникига қараганда олижаноброқ экан. Уни яхши кутиб олишибди.

Онам сўради:
— Парижда қандай кийинишаяпти?

Нина Черкасова жавоб берди:
— Нимани хоҳласа — шундай.

Кейин у ҳикоя қилишга тушди. Сартр ва унинг ақлга сиғмайдиган қилиқлари ҳақида. «Соле» театридаги репетициялар ҳақида. Ив Монтаннинг оилавий кўнгилсизликлари ҳақида.

Бизга совғалар тарқатди. Онамга — жажжи театр сумкачаси. Ленага — атир-упалар мажмуаси. Менга эски чий духоба камзул тегди.

Очиғини айтсам, бир қадар ранжидим. Камзулни тозалаш ва таъмирлаш зарур эди. Тирсаклари ярқираб кетганди. Тугмалари етишмасди. Ёқаси ва енгида мой-бўёқ изларини илғадим.

Авторучка олиб келганда яхши бўларди, деб ўйладим ҳатто. Аммо бошқа гапни айтдим:
— Раҳмат. Бекорга овора бўлибсиз.

Овозимнинг борича: «Бундай жандани қаердан топдингиз?!» — деб бақириб айта олмайман-ку, ахир!

Камзул ҳақиқатан ҳам эски эди. Совет тарғиботчилари алдамаётган бўлса, бундай камзулларни Америкада ишсизлар кийишади.

Черкасова менга ғалати қараган ҳолда:
— Бу Фернан Леженинг камзули, — деди. — Унинг жуссаси тахминан сеникига тўғри келарди.

Мен ҳайрат ичида қайта сўрадим:
— Леже дейсизми? Айнан ўзими?

— Бир вақтлар у билан дўст эдик. Кейин унинг беваси билан дўстлашдим. Сенинг ишларинг ҳақида гапириб бердим. Надя шкафга қўл чўзди. Мана шу камзулни олиб, менга узатди. Фернан уни энг фақир одамлардан бирига беришни васият қилган эди, деди у …

Камзулни кийиб кўрдим. Менга — лоппа-лойиқ келди. Иссиқ жун свитер устидан бемалол кийса бўларди. У калта кузги пальтога ўхшаган нарса эди.

Нина Черкасова бизникида ўн биргача ўтирди. Кейин такси чақирди.

Мен мой бўёқдан қолган доғларга узоқ тикилдим. Энди уларнинг камлигига ачинардим. Фақат иккита — енгида ва ёқасида.

Фернан Леже ҳақида нималарни билишимни ўйлай бошладим:

У баланд бўйли, бақувват одам бўлиб, нормандиялик деҳқонлардан чиққан эди. Ўн бешинчи йилда жангга отланганди. У ёқда қон юқи найзада нон тўғрашга тўғри келганди. Леже чизган уруш манзаралари даҳшатга тўла.

Кейинчалик у худди Маяковский каби санъат воситасида кураш олиб боради. Аммо Маяковский ўзини-ўзи отди, Леже бардош берди ва ғолиб чиқди.

У бино деворлари ва вагонларга чизишни орзу қилганди. Ярим асрдан сўнг унинг орзусини Нью-Йорклик безори амалга оширди.

Унинг учун чизиқлар ранглардан кўра муҳимроқ эди. Шекспирдан тортиб Эдит Пиафгача бўлган санъат қарама-қаршиликлар билан яшаб келаяпти.

У мана бу сўзларни севарди:

«Ренуар кўрган нарсаларини тасвирлади. Мен тушунган нарсаларимни тасвирлайман …»

Леже коммунист сифатида энг катта, мисли йўқ фирибгарликка мутлақо ишонган ҳолда вафот этди. Кўп рассомлар сингари ҳам аҳмоқ бўлганлиги, эҳтимолдан узоқ эмас.

Мен бу камзулни саккиз йил кийдим. Махсус тантаналарга уни кийиб борардим. Бу йиллар ичида духоба ниҳоятда эскириб, мой бўёқлар бутунлай йўқолиб кетди.

Камзул Фернан Леженики эканини ниҳоятда оз одамларгина биларди. Уни кўпчиликка айтмагандим. Бу аянч сирни сақлаш ўзимга жуда ёқарди.

Йиллар ўтди. Биз Америкага келиб қолдик. Нина Черкасова вафот этди, у онамга бир ярим минг сўм мерос қолдирди. Иттифоқда у катта пул ҳисобланарди.

Бу пулларни Нью-Йоркда олиш ниҳоятда қийин иш эди. Бунинг учун мислсиз катта бардош ва ғайрат керак эди.

Биз бошқача йўл тутмоқчи бўлдик. Акам номига тилхат расмийлаштирдик. Бунинг ҳам ташвиши кам эмас экан. Мен икки ой қоғозлар орқасидан югурдим. Қоғозлардан бирини мистер Шульц ўз қўли билан тўлдирди.

Августда акам пулни олдим деб хабар қилди. Миннатдорчилик билдирмади. Балки пуллар бунинг учун арзимаса ҳам керак.

Акам ҳар замонда эрта тонгда телефон қилиб туради. Бу Ленинград вақтига кўра ярим кечага тўғри келади. Бундай кезларда унинг овози шубҳали даражада хириллаб чиқади. Бундан ташқари, аёл кишининг овози эшитилиб туради.
— Атир-упаларни сўраб кўр!

Ёки:
— Унга, аҳмоққа, мўйна пўстинларнинг бозори чаққонлигини тушунтир.

Бунинг ўрнига акам сўрайди:
— Хўш, Америкада ишлар қалай? У ёқда арақ кечаю кундуз сотилади дейишади. Ростми?
— Унчалик эмас. Аммо, тўғри, барлар очиқ бўлади.

— Пиво-чи?
— Тунги магазинларда пиво тўлиб-тошиб ётибди.

Узрли сукунат чўкади. Ундан кейин:
— Яшасин капиталистлар, ишлашни билишади! — дейди.

Мен сўрайман:
— Ўзинг қалайсан?
— «Ҳе»  ҳарфидагидек, — жавоб беради у, — умуман, яхши …

Хуллас, чалғиб кетамиз. Андрей Черкасовнинг ишлари ҳам яхши. Қишда у физика фанлари доктори бўлади. Ёки физика — математика дейишармикин … Нима фарқи бор?

076    Sergey Dovlatovning «Fernan Lejening kamzuli» hikoyasini sizga taqdim etar ekanman, 1978 yili yozgan «San’atning qudrati yoxud Fernan Leje haqida hikoya» nomli she’rimni esladim. O’sha olis 80-yillarda tasviriy san’at mavzuida, Van Gog, Shuhrat Abdurashid, Baxtiyor Boboev kabi musavvirlar taqdiriga, ular asarlariga bag’ishlangan juda ko’p she’rlar yozganman. Taniqli frantsuz rassomi, P.Pikasso, J.Braklar bilan birgalikda tasviriy san’atdagi kubizm oqimiga asos solgan Fernan Leje (1881—1955) haqidagi she’r ham ijodkor hayotining bir lavhasi haqida. Dovlatovning hikoyasi yonida o’sha she’rniyam sahifaga qo’yish istagi tug’ildi…

Xurshid Davron
SAN’ATNING QUDRATI YOXUD
FERNAN LEJE HAQIDA HIKOYA
034

U bilan to’shakda ayollar emas,
Yolg’izlik uxlardi miriqib, sarmast.07
Musavvir yosh edi, juda yosh edi,
Do’kondor boshidek cho’ntak bo’sh edi.
Orom nima bilmas! Bilmas nima baxt,
Mangu hamroh edi unga faqat dard.

Har kun borar-kelar bir yo’nalishda –
Hayrati, hasrati bo’lib hamrohi –
Saharda uyidan ustaxonaga,
Ustaxonadan uyga oqshom cho’kkanda.
Biron yerga kiray desa, vaqti yo’q.
Fohisha xotinlar, cho’ntakkesarlar
Bijg’igan ko’chadan uyga qaytarkan,
O’tkir may yo qahva olar do’kondan.

Butxona bor edi yo’lning ustida –
Gumbazi Renesansning moviy parchasi,
Devori ayolning badanidek oq.
Musavvir har safar, albatta, to’xtab,
Sehrli ranglarga termilar edi.
Bir kun shom butxona oldida nogoh
Paydo bo’lib qoldi ko’zi ko’r gado.
Taxtidan ayrilgan shohdek ayanchli,
Ko’zlari – chirog’i o’chgan deraza.

Qish edi, osmondan yog’ilardi qor,
Ezilib kuylardi kechki butxona.
Bolalar qorbo’ron bilan ovora,
Dillari quvonchga, hayratga to’la.

Musavvir to’xtadi. Kuzatdi uzoq
Tilanchining qayg’u bosgan yuzini.
Keyin u ko’r gado oyog’i ostida
Turgan shlyapaga borib engashdi:
Nursiz qaboq kabi bo’mbo’sh edi u.
Faqat qor uchquni aylanib tushar,
Faqat qor uchquni aylanib tushar,
Egasidek isqirt, och shlyapaga.

Tilanchi chol esa sezib turganday,
Uni qo’lga olib shoshmay qoqardi.
Qoqardi erinmay, hafsala bilan
Va yana o’rniga qo’yardi uni.

Musavvir ezilib ortiga qaytdi,
Sovuq ustaxona qucharkan uni.
Ko’z o’ngida turar nursiz deraza,
Ko’rardi egasiz, vayrona uyni.

…Tong payti qo’ltiqda xolstni ko’tarib,
Tilanchi oldiga keldi musavvir.
Suyab qo’ydi keyin chol tizzasiga
Tun bo’yi uxlamay chizgan rasmini.

Rasmda turfarang gullar ochilar edi,
Gul shu’lasi taralardi, sochilar edi.

Gullar… Gullar hayotdek go’zal,
Quyosh kiprigidan to’kilgan ko’z yosh.
Gullar isi bamisli quyosh
Qor bosgan ko’chani yoritdi.

Rasmning ostida yozuv bor edi:

«GULLAR OCHILADI, MEN ESA ULARNI KO’RA OLMAYMAN!»

Gullardan mast bo’ldi oppoq butxona,
Devordan ko’chaga talpindi Iso,
Uning tanasidan jo’shib turgan qon
Mana shu gullardek chiroyli edi.

Odamlar egilib tanga tashlashar,
Bolalar ko’zida porladi shafqat.
Chaqalarda qolgan qo’llar taftidan
Erirdi shlyapaga qo’ngan oppoq qor.

Maqsadga o’taylik:

Yillar o’tib ketdi o’q misol uchqur,
Ko’r tilanchi o’ldi,
O’ldi saharda
Va musavvir chizgan rasm oldida
Bugun boshqa gado tilar sadaqa.

1978

Sergey DOVLATOV
FERNAN LEJENING KAMZULI
«Chemodan»dan beshinchi hikoya
Ortiqboy Abdullaev tarjimasi
034

Bu bob — shahzoda va gado haqida.

Qirq birinchi yilning martida Andryusha Cherkasov tug’ildi. Shu yilning sentyabrida, esa men tug’ilganman.

Andryusha mashhur odamning o’g’li edi. Mening otam esa faqat ozg’inligi bilan ko’zga tashlanardi.

Nikolay Konstantinovich Cherkasov taniqli artist va Oliy Kengash noibi edi. Otam esa oddiy teatr arbobi va burjua millatchisining o’g’li hisoblanardi.

Cherkasovning iste’dodiga Piter Bruk, Fellini va De Sikalar tan berishgan. Otamning qobiliyatiga esa hatto qarindoshlari ham shubha bilan qarashgan.

Artist, noib va tinchlik uchun kurashchi sifatida Cherkasovni butun mamlakat bilardi. Otamni ichkilikboz va asabiy kishi sifatida faqat qo’shnilarimizgina tanishardi.

Cherkasovning dala hovlisi, mashinasi, uy-joyi va shuhrati bor edi. Otamda esa faqat bo’g’ma kasali.

Ularning xotinlari do’st edilar. Hatto, yanglishmasam, teatr institutini birga tamomlashgandi.

Onam teatrning oddiy artisti edi, keyin korrektor va nihoyat nafaqaxo’r bo’ldi. Nina Cherkasova ham teatrda oddiy artist hisoblanardi. Erining vafotidan keyin uni teatrdan bo’shatishdi.

Chamamda, Cherkasovlarning yuqori ijtimoiy tabaqaga mansub Shostakovich, Mravinskiy, Eyzenshteyn… kabi do’stlari bor edi. Ota-onam esa Cherkasovlarning oddiy yaqinlari sanalardi, xolos.

Butun umrimiz davomida ularning g’amxo’rligi va homiyligini his qilib yashadik. Cherkasov otamga tavsiyanoma bergandi. Xotini esa onamga tufli va ko’ylaklar hadya etardi.

Ota-onam tez-tez janjallashib turishardi. Keyin ular ajralishdilar. Buning ustiga bu ajralish ularning birgaliqda kechirgan hayotlarida yakdillik bilan bitirgan ishlaridan biri edi. Ular juda oz ishlardagina hamfikr bo’lib yashashgandi.

Cherkasov onamga va bizga katta yordam ko’rsatib turardi. Masalan, faqat uning ko’magi bilangina turar joyimizni saqlab qolgandik.

Andryusha mening birinchi do’stim edi. U bilan evakuatsiya paytida tanishgandik. Aniqrog’i, tanishmaganmiz, bolalar aravachasida yonma-yon yotganmiz. Andryusha xorij aravachasida edi. Meniki esa o’zimizda ishlab chiqarilgandi.

O’ylashimcha, ta’minotimiz birdek yomon edi. Urush ketayotgandi.

Keyin urush tamom bo’ldi. Oilalarimiz Leningradga kelib qoldi. Cherkasbvlar Kronverk ko’chasidagi hukumat uyida, biz esa Rubinshteyn ko’chasidagi hujrachalarda turardik.

Andryusha bilan deyarli tez-tez uchrashib turardik. Bolalar bog’chasidagi ertaliklarga birga borardik. Tug’ilgan kun marosimlarini birga o’tkazardik.

Men onam bilan Kronverkda qatnaydigan tramvayda yurardim. Andryushani «Bugatti» o’lja mashinasining shofyori olib yurardi.

Andryusha bilan bo’yimiz teng edi. Yoshimiz ham deyarli bir. Ikkimiz ham sog’lom, serg’ayrat bo’lib o’sdik.

Yodimda bor, Andryusha dovyurak, jizzaki, cho’rtkesar edi. Men unga qaraganda bir oz kuchliroq va salgina aqlliroq edim.

Har yili yozda dala hovlida turardik. Cherkasovlarning Karel` bo’ynida qarag’ayzorlar orasida chorbog’i bor edi. Derazalaridan chag’alaylar g’ujg’on uynagan Fin qo’ltig’i ko’rinib turardi.

Andryusha uchun uy xizmatchisi yollashardi. Xizmatchilarni tez-tez yangilab turishardi. Tabiiyki, ular o’g’irlikda ayblanardilar. Ochig’ini aytganda, ularni to’g’ri tushunmoq darkor.

Nina Cherkasovaning xorijdan keltirilgan buyumlari hamma yoqda sochilib yotardi. Tokchalarning hammasi atir-upalarga to’la edi. Bu narsalar yosh uy xizmatkorlarini yo’ldan ozdirardi. Navbatdagi o’g’irlikni sezgan Nina Cherkasova qoshlarini chimirib:
— Lyubasha erkalanib ketdi, — der edi.

Ertasi kuni Lyubashaning o’rnini Zinulya egallardi …

Menga Luiza Genrixovna enagalik qilardi. Nemis millatiga mansubligi tufayli u qamalmog’i kerak edi. Luiza Genrixovna biznikiga yashiringandi. Ya’ni biz bilan birga turardi. Va ayni zamonda meni tarbiya qilardi. Chamasi, unga hech narsa to’lashmasdi.

Bir vaqtlar Luiza Genrixovna bilan Cherkasovlarning dala hovlisida birga turgan edik. Shu payt mana bu voqea sodir bo’lgan. Luiza Genrixovnaning oyoq tomirlarida qon yaxshi yurishmasdi. Sut sotuvchi tanishlarimizdan biri kasal oyoqlariga axlat surkashni maslahat berdi. Xalq tabobatida shunday usul qo’llanar ekan.

Atrofdagilarning omadiga qarshi, bu vosita ish berib qoldi. Qamoqqa olinguncha Luiza Genrixovna badbo’y hid taratib yurdi. Biz, albatta, bunga chidar edik, ammo Cherkasovlar didi nozik odamlar edi. Ular onamga Luiza Genrixovna bu yerda ortiq turmasin, deyishdi. Shundan keyin onam boshqa hujra topdi. U ayni shu ko’chaning o’zida, dehqon hovlilaridan birida edi. Biz har yili yozni enagamiz bilan birga shu yerda o’tkazadigan bo’ldik. To u qamalib ketguncha.

Ertalab Andryushaning oldiga boraman. Biz chorbog’da chopib yurar, qorag’at yer, stolda tennis o’ynar, qo’ng’iz tutar edik. Issiq kunlari cho’milgani borardik. Yomg’irli kunlarda ayvonda yelimdan turli o’yinchoqlar yasardik.

Ba’zan Andryushaning ota-onalari kelib qolishardi. Onasi — har yakshanbada.

Otasi — yiliga to’rt marta, to’yib uxlash uchun.

Cherkasovlar meni yaxshi ko’rishardi. Uy xizmatchisi esa — aksincha. Men unga ortiqcha yuk bo’lgandim. Buning ustiga — men uchun haq olmasdi.

Shu tufayli Andryushaga erkalik qilishga ruxsat berilardi. Menga esa yo’q. To’g’rirog’i, Andryushaning qiliqlari tabiiy deb qaralardi. Menikiga esa — boshqacha. Menga: «Sen aqllisan. Andryusha uchun namuna bo’lishing kerak …» deyishardi. Shunday qilib, yoz bo’yi kichik murabbiyga aylanib qolardim.

Men bu tengsizlikni sezardim. Umuman, Andryushani ham ayab o’tirishmasdi. Unga qattiq jazo berishardi. Meni esa doim unga namuna qilib ko’rsatishardi.

Shunga qaramay, o’zimni tahqirlanayotgandek sezardim. Andryusha asosiy siymo edi. Cho’rilar undan xo’jayindan qo’rqqandek, qaltirab turishardi. Men esa, oddiy odamlar jumlasiga kirardim. Uy xizmatchisi oqko’ngil bo’lganiga qaramasdan, baribir meni yoqtirmasdi.

Aslida hammasi boshqacha bo’lishi lozim edi. Uy xizmatchisi meni yoqtirmog’i, ijtimoiy jihatdan o’ziga yaqin olmog’i kerak edi. O’zi mansub tabaqa vakili sifatida yaxshi muomala qilishi zarur edi. Haqiqatda esa xizmatkorlar yomon xo’jayinlarni keragidan ham ortiqroq yaxshi ko’radilar. Tabiiyki, o’zlaridan ham ko’proq Nina Cherkasova ziyoli, aqlli, yaxshi tarbiya ko’rgan ayol edi. Tabiiyki, u dugonasining olti yoshli o’g’lini kamsitilishiga aslo yo’l qo’ymasdi. Agar Andryusha olma olsa, men ham shunday qilardim. Agar Andryusha kinoni xohlasa, chipta ikkalamizga olinardi.

Hozir o’ylab qarasam, Nina Cherkasovada boylarga xos barcha fazilat va nuqsonlar mavjud ekan. U matonatli, qat`iyatli, irodali ayol edi. Shu bilan birga sovuq, dimog’dor, zodagonlarga xos soddadil ham edi. Masalan, u pulni ortiqcha yuk deb hisoblardi. U onamga:
— Qanday baxtlisan-a, Nora! — der edi. — Seryojangga iris uzatsang kifoya qiladi. Meni tentagim bo’lsa faqat shokoladni yoqtiradi …

Shokolad menga ham yoqardi, albatta. Ammo irisni yaxshi ko’rishga o’zimni majbur qilardim.

Qashshoqliqda yashaganim uchun afsuslanmayman. Xemingueyga ishonadigan bo’lsak, kambag’allik — yozuvchining eng noyob maktabi. Qashshoqlik kishini hushyorlikka o’rgatadi. Va hokazo.

Heminguey boyigandan keyingina buni anglagani qiziq …

Yetti yoshimda men mevalarni yoqtirmayman, deb otamni ishontirdim. To’qqiz yasharligimda magazinda yangi botinkalarni kiyib ko’rishdan voz kechdim. O’n bir yoshimdan kitob o’qishga berildim. O’n olti yoshimdan pul topishni o’rgandim.

Andrey Cherkasov bilan o’n olti yoshgacha yaqin munosabatda bo’ldik. U ingliz tili maktabini tugatdi. Men oddiy maktabda o’qidim. U matematikani yaxshi ko’rardi.

Menda esa aniq fanlarga rag’bat yo’q edi. Buning ustiga, ikkimiz ham g’irt yalqov edik.

Biz tez-tez uchrashib turardik. Ingliz tili maktabi uyimizning shundoq biqinida edi. Ba’zan Andryusha mashg’ulotlardan so’ng biznikiga kirardi. Men ham rangli televizor ko’rgani ularnikiga borib turardim. Andrey ma’sum, parishonxotir, do’stlarga mehribon edi. Men esa tili zaxar, insoniy qusurlarni tez ilg’aydigan bo’lib ulg’ayayotgan edim.

O’quvchilik yillarimizda har birimiz o’ziga xos do’stlar orttirdik. Mening o’rtoqlarim orasida jinoyatchilikka moyil yoshlar ko’p edi. Andreyni esa yaxshi oilalarning farzandlari o’ziga tortardi.

Demak, markscha-lenincha ta’limotda nimalardir bor. Chamamda, insonni ijtimoiy hissiyotlar boshqaradi. Butun ongli hayotim davomida mayib-majruh odamlar, qashshoqlar, bezorilar,
havaskor shoirlar davrasiga intildim. Ming martalab yaxshi odamlar orasiga kirib bordim, ammo omadim chopmadi. Faqat yovvoyilar, xayolparastlar, tubanliqdagi kishilar qurshovidagina o’zimni erkin his etdim.

Odamshinavanda do’stlarim aytishar edi:
— Xafa bo’lmaginu, sen yon-atrofingga dahshatli besaranjomlik tarqatasan. Seni yoningda har xil zararli narsalarni yuqtirish mumkin …

Men xafa bo’lmasdim. O’n ikki yoshimdan meni tubanlikdagilar davrasi o’ziga tortishini his etganman. Maktabdosh o’rtoqlarimdan yettitasi lager` tarbiyasini olganiga ajablanmasa ham bo’ladi.

Malla Boris Ivanov tunuka o’g’irlab o’tirib chiqdi. Shtangachi Kononenko ma’shuqasini so’yib qo’ydi. Maktab qarovulining o’g’li Misha Hamroev temir yo’l vagon-restoraniga o’g’irlikka tushdi. Sobiq aviamodelchi Letyago kar-soqov qizni zo’rladi. Meni chekishga o’rgatgan Alik Brikin og’ir harbiy jinoyatga qo’l urdi — zobitni kaltakladi. Xurrakchi laqabli Yura Golinchik militsiya otini yaraladi. Hatto sinf boshlig’imiz Vilya Rivkovich ham tibbiyot asboblarini sotib yuborgani uchun bir yilga jazo oldi.

Mening do’stlarim Andrey Cherkasovni tashvish va xavotirga solardi. Har bittasiga qandaydir falokat yetishi mumkin edi. Ularning hammasi o’zligini namoyish qilish yo’li, deb tarafma-taraf kurashni tan olishardi.

Uning do’stlari esa menda shubhalanish va g’amginlik tuyg’ularini uyg’otardi. Ularning har biri sofdil, aqlli, olijanob edi. Hammasi murosani — yakkama- yakka kurashishni afzal ko’rishardi.
Ikkalamiz ham nisbatan erta uylandik. Men, tabiiyki, kambag’al qizni yoqtirardim. Andrey Dashaga — kimyo olimi Ipat`evning nabirasiga uylandi. Natijada ularning oilaviy daromadi bir necha barobar ko’paydi.

Qarama-qarshi kuchlarning bir-biriga tortilishi haqida o’qiganim yodimda. Bu nazariyada, menimcha, qandaydir shubhali jihatlar bor. Yoki, kam deganda, bahsli o’rinlar. Masalan, Dasha bilan Andrey bir-biriga o’xshab ketadilar. Ikkalasi ham gavdali, chiroyli, olijanob, ishbilarmon. Ikkalasi ham xotirjamlik va tartib-intizomni qadrlaydilar. Ikkalasi ham osoyishta va halovatli umr kechiradilar.

Biz — Lena ikkimiz ham bir-birimizga o’xshab ketamiz. Ikkimiz ham tug’ma omadsizlarmiz. Ikkimiz ham voqelikka qarshi murosasizmiz. Hatto G’arbda ham mavjud qonunlarga basma-bas yashashni yoqtiramiz.

Bir kuni Andryusha bilan Dasha bizni mehmondorchilikka chaqirdi. Kronverkskiyga bordik.

Uy oldida militsioner o’tiripti. U telefon dastasini olib:
— Andrey Nikolaevich, sizni yo’qlab kelishdi! — deb xabar qildi. Keyin yuziga yanada jiddiy tus berib:
— O’tinglar, — dedi.

Liftda ko’tarilamiz. Kiramiz.

Yo’lakda Dasha shivirladi.
— Kechirasizlar, biznikiga hamshira kelib qoldi.

Dastlab hech narsani tushunmadim. Qariyalardan biri og’irlashib qoldimikin, deb o’yladim. Hatto qaytib ketsakmikin, degan xayolga ham bordim.

Bizga tushuntirishdi:
— Gena Lavrent`ev bir hamshirani olib kelipti. G’irt dahshat. Egnida qo’y terisidan tikilgan sovet po’stini. To’rtinchi marta o’yinga tushamizmi, deb so’radi, Hozirgina bir shisha sovuq pivoni ichib oldi. Xudo haqqi, xafa bo’lmanglar…
— Hechqisi yo’q, — deyman, — biz ko’nikib ketganmiz.

U vaqtda zavod gazetasida ishlardim. Xotinim ayollar sartaroshi edi. Bunaqa narsalar bizga mutlaqo ta’sir qilmasdi.

Keyin hamshiraga yaxshilab razm soldim. Uning qo’llari chiroyli, ko’zlari ko’m-ko’k, oyoqlari kelishgan, manglayi yarqiroq edi. U menga yoqdi. U ko’p ovqat yedi va hatto stol yonida ham bilintirmasdan oyoqlarini urib, raqsga tushib o’tirdi.

Uning hamrohi — Lavrent`ev esa ko’zga tashlanmasdi. Sochlari dag’al bo’lib, yuzi mayda chiziqlar bilan qoplangan — kelishimsiz alfozda edi. Buning ustiga, u me’damga tegib ketdi. Ruminiyaga qilgan safari haqida juda uzoq gapirdi. Chamasi, unga Ruminiyani yoqtirmayman, degan bo’lsam kerak.

Yillar o’tdi. Andrey bilan juda kam ko’rishadigan bo’ldik. Yillar osha buyam kamayib bordi.

Biz janjallashmadik ham. Bir-birimizdan ko’nglimiz qolganiyam yo’q. Shunchaki ajrashib ketdik.

Bu paytlarda men nimalarnidir yoza boshlagandim. Andrey nomzodlik ishini bitirayotgandi.

Uning atrofini quvnoq, aqlli, sofdil fiziklar qurshab olishgandi. Mening atrofimda esa — telbalar, iflos, o’ziga bino qo’ygan liriklar yig’ilishgandi. Uning tanishlari kon`yakka shampan vinosini qo’shib, har zamonda bir ichishardi. Mening yonimdagilar esa qizg’ish portveyndan bosh ko’taray deyishmasdi. Uning yaqinlari Gumilev va Brodskiydan bahs yuritishardi. Biz esa faqat o’z asarlarimini o’qirdik.

Oradan ko’p o’tmay Nikolay Konstantinovich Cherkasov vafot etdi. Pushkin teatri yonida katta miting bo’lib o’tdi. Odam shunchalik ko’p to’plandiki, ko’cha harakatini to’xtatishga to’g’ri keldi.
Cherkasov xalq artisti edi. Faqat unvoni jihatidangina emas. Uni professorlar va dehqonlar, generallar va jinoyatchilar birdek yaxshi ko’rishardi. Yesenin, Zoshchenko va Visotskiylar ham shunday shuhratga erishgandilar.

Bir yildan so’ng Nina Cherkasovani teatrdan bo’shatdilar. Keyin erining barcha sovrinlarini tortib olishdi. Cherkasovga Yevropadan berilgan barcha xalqaro mukofotlarni qaytarishga majbur qilishdi. Ular orasida oltindan yasalgan qimmatbaho buyumlar bor edi. Boshliqlarning tazyiqi tufayli beva bularning hammasini teatr muzeyiga topshirdi.

Beva, albatta, bechora bo’lib qolgani yo’q.

Dala hovli, mashina, xonadon unda qoldi. Bundan tashqari, ularning jamg’armasi ham bor edi. Dasha bilan Andrey ishlashardi.

Onam har zamonda bevani yo’qlab borardi. Soatlab telefonda gaplashardi. U o’g’lidan shikoyat qilardi. Uni e’tiborsizlik va xudbinlikda ayblardi.

Onam xo’rsinardi:
— Loaqal o’g’ling ichmaydi-ku …

Qisqasi, onalarimiz yolg’iz va ma’yus, ko’ngilchan kampirlarga aylanib qolishdi. Biz esa — birdek toshyurak va iltifotsiz o’g’illar degan nom oldik. Andryushaning obro’si yuksalib borayotgan fizikligi-yu, mening ta’qibga uchragan lirikligimga ahamiyat berishmadiyam.

Onalarimiz ham bir-birlariga o’xshardi. Ammo farqli jihatlari ham mavjud edi. Onam deyarli uydan chiqmagandi. Nina Cherkasova esa barcha qabul marosimlarida qatnashgandi. Buning ustiga, u Parij safariga taraddud ko’rayotgandi.

U chet ellarda ilgari ham bo’lgandi. Hozir birdan eski do’stlarini ko’rgisi kelib qolipti.

G’alati hodisalar yuz berayotgandi. Cherkasov tirikligida uylaridan mehmon arimasdi. Mashhur, iste’dodli odamlar — Mravinskiy, Raykin, Shostakovichlar kelishardi. Hammasi oilaning do’stlari hisoblanardi. Nikolay Konstantinovichning vafotidan keyin ularning faqat shaxsiy do’st ekanligi ma’lum bo’lib qoldi. Umuman, mashhur sovet kishilari qaergadir yo’qoldi.

Xorijdagilar — Sartr, Iv Montan, rassom Lejening bevasigina qolishdi. Shunda Nina Cherkasova Frantsiyaga borishga qaror qildi.

Jo’nashiga bir hafta qolganda biz tasodifan uchrashdik. Men jurnalistlar uyi kutubxonasida o’tirardim, tundrani o’zlashtiruvchilardan birining xotiralariga muharrirlik qilayotgandim. Xotiralar o’n to’rt bobdan iborat bo’lib, shundan to’qqiztasi: «Agar soxta kamtarlikni yig’ishtirib qo’yib …» degan bir xil jumla bilan boshlanardi. Bundan tashqari, Lenindan olingan ko’chirmalarni ham solishtirib chiqishim zarur edi.

Birdan Nina Cherkasova kirib keldi. Biz bir kutubxonadan foydalanishimizni bilmas ekanman.

U qarib qolgandi. Odatdagidek, ko’zga tashlanib turmasa-da, hashamat bilan kiyingandi.

Biz salomlashdik.
— Yozuvchi bo’lgan emishsan? — deb so’radi.

Dovdirab qoldim. Bunaqa savolga tayyor emasdim. Hatto: «Sen dahomisan?» deb so’rasa yaxshiroq bo’lardi. Shunda xotirjamlik bilan ijobiy javob berardim. Do’stlarimning hammasi daholik dardidan azob chekishardi. Barchasi o’zini daho deb sanardi. O’zini yozuvchi deb atash xiyla qiyinroq edi.
— Ermak uchun yozib turaman, — deb javob berdim.

O’quv zalida ikkita o’quvchi bor edi. Ikkalasi ham biz tomonga qarashdi. Cherkasovning bevasini taniganlaridan emas. Ochig’ini aytganda, frantsuz duxisining hidini sezganlari uchun.

— Bilasanmi, — dedi u, — Kolya haqida yozishni ko’pdan beri o’ylab yuribman. Esdaliklarga o’xshash bir narsa.
— Yozing.

— Iste’dodim yo’q deb cho’chiyapman. Holbuki, maktublarim barcha do’stlarga ma’qul bo’lgan.
— Unday bo’lsa, uzun maktub yozing.

— Eng og’iri — boshlash. Darhaqiqat, qanday boshlangandi o’zi? Ehtimol, tanishgan kunimizdandir? Yoki ancha oldinroqdanmikin?
— Xuddi shunday deb boshlang.

— Qanday?
— «Eng og’iri — boshlash. Darhaqiqat, qanday boshlangandi o’zi? …»

— Bilasanmi, Kolya butun hayotim edi. U do’stim edi. U ustozim edi. Nima deb o’ylaysan, erini o’g’lidan ko’ra yaxshi ko’rish gunoh emasmi?
— Bilmayman. Sevgining umumiy o’lchovlari yo’q deb o’ylayman. Masalani faqat ha yoki yo’q degan tarzda qo’yish mumkin.
— Aqling to’lishib ketibdi, — dedi u.

Keyin biz adabiyot haqida gaplashdik. Men so’ramasdan turib ham u Prust, Golsuorsi, Feyxtvangerlarni yoqtirishini bilardim. Ma’lum bo’lishicha, Pasternak va Svetaevalarga ham e’tiqodi baland ekan.

Shunda men Pasternakda did yetishmaydi dedim. Svetaeva esa butun daholiliga qaramay, tug’ma tentak bo’lgan.

Keyin tasviriy san’atga o’tdik.

Impressionistlarni ko’proq yoqtirsa kerak, deb o’yladim. Yanglishmagan ekanman.

Shunda men impressionistlar bir lahzalik kayfiyatlarni abadiyatdan ko’ra ustun qo’yganlar, dedim. Faqat Moneda qabiladoshlik tamoyillari ko’rish tuyg’usidan yuqori turadi.

Cherkasova g’amgin xo’rsindi:
— Aqling to’lishganini ko’rib turibman …

Biz bir soatdan ko’proq gaplashib o’tirdik. Keyin u xayrlashib, chiqib ketdi. Tundrani zabt etuvchining xotiralarini tahrir qilgim kelmay qoldi. Qashshoqlik va boylik haqida o’ylab ketdim. Jarohatlangan va ayanchli inson qalbi haqida…

Armiyada qo’riqchi bo’lib xizmat qilgan edim. Mahbuslar orasida taniqli rahbar xodimlar ham uchrab turardi. Ular dastlabki kunlarda rahbarlarga xos qiliqlarini saqlab yuradilar. Keyin lagerdagi olomon ularni yutib yuboradi.

Qachonlardir Parij haqida hujjatli fil`m ko’rgan edim. Voqealar bosib olingan Frantsiyada kechardi. Ko’chalarni to’ldirib qochqinlar borishardi. Tutqun mamlakatlarning hammasi bir xil bo’lishiga shunda ishonch hosil qilgandim. Talangan xalqlarning barchasi — egizaklardir.

Bir zumda insondagi osoyishtalik va boylik qobiqlari sidirilib tushadi.

Shu ondayoq uning jarohatlangan, yetim qalbi namoyon bo’ladi …

Uch hafta o’tdi. Telefon qo’ng’irog’i jiringladi. Cherkasova Parijdan qaytibdi. Sizlarnikiga hozir boraman, dedi.

Biz holva va pechen`e xarid qildik.

U yashargandek va bir oz sirli ko’rindi. Mashhur frantsuzlar bizlarnikiga qaraganda olijanobroq ekan. Uni yaxshi kutib olishibdi.

Onam so’radi:
— Parijda qanday kiyinishayapti?

Nina Cherkasova javob berdi:
— Nimani xohlasa — shunday.

Keyin u hikoya qilishga tushdi. Sartr va uning aqlga sig’maydigan qiliqlari haqida. «Sole» teatridagi repetitsiyalar haqida. Iv Montanning oilaviy ko’ngilsizliklari haqida.

Bizga sovg’alar tarqatdi. Onamga — jajji teatr sumkachasi. Lenaga — atir-upalar majmuasi. Menga eski chiy duxoba kamzul tegdi.

Ochig’ini aytsam, bir qadar ranjidim. Kamzulni tozalash va ta’mirlash zarur edi. Tirsaklari yarqirab ketgandi. Tugmalari yetishmasdi. Yoqasi va yengida moy-bo’yoq izlarini ilg’adim.

Avtoruchka olib kelganda yaxshi bo’lardi, deb o’yladim hatto. Ammo boshqa gapni aytdim:
— Rahmat. Bekorga ovora bo’libsiz.

Ovozimning boricha: «Bunday jandani qaerdan topdingiz?!» — deb baqirib ayta olmayman-ku, axir!

Kamzul haqiqatan ham eski edi. Sovet targ’ibotchilari aldamayotgan bo’lsa, bunday kamzullarni Amerikada ishsizlar kiyishadi.

Cherkasova menga g’alati qaragan holda:
— Bu Fernan Lejening kamzuli, — dedi. — Uning jussasi taxminan senikiga to’g’ri kelardi.

Men hayrat ichida qayta so’radim:
— Leje deysizmi? Aynan o’zimi?

— Bir vaqtlar u bilan do’st edik. Keyin uning bevasi bilan do’stlashdim. Sening ishlaring haqida gapirib berdim. Nadya shkafga qo’l cho’zdi. Mana shu kamzulni olib, menga uzatdi. Fernan uni eng faqir odamlardan biriga berishni vasiyat qilgan edi, dedi u …

Kamzulni kiyib ko’rdim. Menga — loppa-loyiq keldi. Issiq jun sviter ustidan bemalol kiysa bo’lardi. U kalta kuzgi pal`toga o’xshagan narsa edi.

Nina Cherkasova biznikida o’n birgacha o’tirdi. Keyin taksi chaqirdi.

Men moy bo’yoqdan qolgan dog’larga uzoq tikildim. Endi ularning kamligiga achinardim. Faqat ikkita — yengida va yoqasida.

Fernan Leje haqida nimalarni bilishimni o’ylay boshladim:

U baland bo’yli, baquvvat odam bo’lib, normandiyalik dehqonlardan chiqqan edi. O’n beshinchi yilda jangga otlangandi. U yoqda qon yuqi nayzada non to’g’rashga to’g’ri kelgandi. Leje chizgan urush manzaralari dahshatga to’la.

Keyinchalik u xuddi Mayakovskiy kabi san’at vositasida kurash olib boradi. Ammo Mayakovskiy o’zini-o’zi otdi, Leje bardosh berdi va g’olib chiqdi.

U bino devorlari va vagonlarga chizishni orzu qilgandi. Yarim asrdan so’ng uning orzusini N`yu-Yorklik bezori amalga oshirdi.

Uning uchun chiziqlar ranglardan ko’ra muhimroq edi. Shekspirdan tortib Edit Piafgacha bo’lgan san’at qarama-qarshiliklar bilan yashab kelayapti.

U mana bu so’zlarni sevardi:

«Renuar ko’rgan narsalarini tasvirladi. Men tushungan narsalarimni tasvirlayman …»

Leje kommunist sifatida eng katta, misli yo’q firibgarlikka mutlaqo ishongan holda vafot etdi. Ko’p rassomlar singari ham ahmoq bo’lganligi, ehtimoldan uzoq emas.

Men bu kamzulni sakkiz yil kiydim. Maxsus tantanalarga uni kiyib borardim. Bu yillar ichida duxoba nihoyatda eskirib, moy bo’yoqlar butunlay yo’qolib ketdi.

Kamzul Fernan Lejeniki ekanini nihoyatda oz odamlargina bilardi. Uni ko’pchilikka aytmagandim. Bu ayanch sirni saqlash o’zimga juda yoqardi.

Yillar o’tdi. Biz Amerikaga kelib qoldik. Nina Cherkasova vafot etdi, u onamga bir yarim ming so’m meros qoldirdi. Ittifoqda u katta pul hisoblanardi.

Bu pullarni N`yu-Yorkda olish nihoyatda qiyin ish edi. Buning uchun mislsiz katta bardosh va g’ayrat kerak edi.

Biz boshqacha yo’l tutmoqchi bo’ldik. Akam nomiga tilxat rasmiylashtirdik. Buning ham tashvishi kam emas ekan. Men ikki oy qog’ozlar orqasidan yugurdim. Qog’ozlardan birini mister Shults o’z qo’li bilan to’ldirdi.

Avgustda akam pulni oldim deb xabar qildi. Minnatdorchilik bildirmadi. Balki pullar buning uchun arzimasa ham kerak.

Akam har zamonda erta tongda telefon qilib turadi. Bu Leningrad vaqtiga ko’ra yarim kechaga to’g’ri keladi. Bunday kezlarda uning ovozi shubhali darajada xirillab chiqadi. Bundan tashqari, ayol kishining ovozi eshitilib turadi.
— Atir-upalarni so’rab ko’r!

Yoki:
— Unga, ahmoqqa, mo’yna po’stinlarning bozori chaqqonligini tushuntir.

Buning o’rniga akam so’raydi:
— Xo’sh, Amerikada ishlar qalay? U yoqda araq kechayu kunduz sotiladi deyishadi. Rostmi?
— Unchalik emas. Ammo, to’g’ri, barlar ochiq bo’ladi.

— Pivo-chi?
— Tungi magazinlarda pivo to’lib-toshib yotibdi.

Uzrli sukunat cho’kadi. Undan keyin:
— Yashasin kapitalistlar, ishlashni bilishadi! — deydi.

Men so’rayman:
— O’zing qalaysan?
— «He»  harfidagidek, — javob beradi u, — umuman, yaxshi …

Xullas, chalg’ib ketamiz. Andrey Cherkasovning ishlari ham yaxshi. Qishda u fizika fanlari doktori bo’ladi. Yoki fizika — matematika deyisharmikin … Nima farqi bor?

033

(Tashriflar: umumiy 398, bugungi 1)

Izoh qoldiring