Sergey Dovlatov. Chemodan. To’rtinchi hikoya: Zobitlar Kamari

004      Эркинлик — фалсафий тушунча эканини биламан. Бу мени қизиқтирмайди. Қуллар фалсафа билан қизиқмайдилар-ку. Хоҳлаган жойингга кета олсанг — энг катта эркинлик шу! ……

Сергей ДОВЛАТОВ
ЧЕМОДАН
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси
034

ЗОБИТЛАР КАМАРИ

077Ароқхўр учун касалхона ўриндиғида уйғонишдан кўра ёмон нарса йўқ. Уйқинг ўчмасдан туриб:
— Бўлди! Ташлайман! Бутунлай ташлайман! Энди бир томчи ҳам оғзимга олмаганим бўлсин! — деб ғулдирайсан.

Шу пайт бехосдан бошинг қалин дока билан ўралганини пайқаб қоласан. Докани ушлаб кўришни хоҳлайсан, аммо, чап қўлинг гипслаб қўйилган бўлади. Ва ҳоказо.

Олтмиш учинчи йил ёзида Коми республикасининг жанубида шундай ҳолат ўз бошимдан ўтган.

Бир йил аввал армияга чақирилгандим. Мени лагерь қўриқчилигига тайинлашганди. Синдор ёнидаги йигирма кунлик назоратчилар мактабида таълим олгандим…

Ундан илгари икки йил бокс билан шуғулланганман. Республика мусобақаларида қатнашганман. Аммо бирон марта ҳам ўргатувчининг менга далда бериб:
— Бўлди, етарли. Сендан кўнглим тўқ, — деганини эслай олмайман.

Аммо бундай мақтовни Торопцевдаги қўриқчилар тайёрлаш мактаби инструкторидан эшитганман. Машғулотлардан уч ҳафта ўтгач. Бунинг устига, кейинчалик менга боксчилар эмас, хавфли жиноятчилар таҳдид этишган…

Ён-веримга қарайман. Линолеумда қуёш нурлари акс этади. Тумбочка дориларга тўлиб кетганди. Эшикка «Ленин ва саломатлик» деб ёзилган деворий газета ёпиштирилганди.

Сув ўтларининг ҳиди бурқсиб турганини айтмайсизми? Мен даволаш қисмига тушиб қолгандим.

Чирмаб ташланган бошим оғрирди. Қошим устида чуқур яра сезилиб турарди. Чап қўлим ишламасди.

Каравот суянчиғига гимнастёркам осиб қўйилган. Унда сигарета қолган бўлиши керак. Кулдон ўрнига қандайдир сиёҳ қуйилган идишдан фойдаландим. Гугурт қутисини тишлаб туришга тўғри келди.

Энди кеча нима бўлганини хотиржам эслаш мумкин.

Эрталаб мени қўриқчилар рўйхатидан ўчиришди. Старшинага бориб учрашдим:
— Нима бўлди? Наҳотки менга дам берилса?

— Шунга ўхшаш, — деди старшина, — хурсанд бўлавер… Ўн тўртинчи барақдаги маҳбус бор-ку? Гоҳ ҳуради, гоҳ хўроз бўлиб қичқиради. Ошпаз Шура холани тишлаб олди… Қисқаси, уни Иоссердаги жиннихонага олиб борасан. Кейин кун бўйи бўшсан. Худди ҳордиқ куни деявер.

— Қачон борсам бўлади?
— Хоҳласанг, ҳозироқ.

— Бир ўзимми?
— Нега бир ўзинг? Қоидага мувофиқ— икки киши. Чурилинни ё бўлмаса Гаенкони оласан…

Чурилинни асбобсозлик цехидан излаб топдим. Қўлида кавшарлагич. Дастгоҳда турган ялтироқ нарсадан бадбўй дуд тараларди.
— Кавшарлаяпман, — деди Чурилин, — заргарлик иши. Қара.

Мен бўртма юлдузли жез тўқани кўрдим. Унинг ички томонига эритилган қалай қуйилганди. Бундай қуйма камар даҳшатли қуролга айланишини биламан.

У вақтларда чекистлар ҳам зобитларникига ўхшаш қайиш камар тақишар эди. Унга эритилган қалай куйиб, сайлга боришарди. Муштлашувлар чоғида шундай қалайли тўқалар каллалар устида ярақлаб қоларди…

— Йиғиштир, — дедим.
— Нима бўлди?

— Жиннини Иоссерга олиб борамиз. Ўн тўртинчи баракдаги битта маҳбус савдойи бўлиб қолибди. Бунинг устига, Шура холани тишлаб олипти.
— Тўғри қилади, — деди Чурилин. — Овқат егиси келган-да. Бу Шура деганинг давлатнинг ёғини уйига ташийди. Ўзим кўрдим.
— Кетдик, — дедим.

Чурилин жўмрак тагида тўқани совутди, сўнг тақиб олди.
— Кетдик…

Қўриқлашга кетаётганимиз учун қурол олдик. Икки дақиқалардан кейин назоратчи соқоли ўсган, йўғон маҳбусни ҳайдаб келди. У юргиси келмай, нуқул қичқирарди:
— Чиройли спортчи қизни хоҳлайман! Спортчи қиз топиб беринг! Мен яна қанча кутишим керак?!

Назоратчи хотиржам жавоб берди:
— Камида олти йил. Шунда ҳам муддатингдан олдин чиқаришса. Кўпчилик бўлиб тушгансан-ку!.

Маҳбус парво қилмай бақиришда давом этди:
— Менга спортчи — разрядли қизни беринглар, аблаҳлар!

Чурилин унга синчиклаб қараб, мени тирсаги билан туртди:
— Буни нимаси телба, эшитаяпсанми?! Эс-ҳушли одам. Олдин овқат егиси келди, энди хотин топиб бер, деяпти. Яна разрядлиси бўлсин эмиш… Диди жойида… Мен ҳам йўқ демасдим…

Назоратчи менга ҳужжатларни узатди. Биз даҳлизга чиқдик. Чурилин сўради:
— Отинг нима?
— Доремифасоль, — жавоб берди маҳбус.

Шунда мен унга дедим:
— Агар ҳақиқатан ҳам ақлдан озган бўлсангиз — майли. Ўйин қилаётган бўлсангиз — ихтиёрингиз. Мен шифокор эмасман. Менинг вазифам сизни Иоссерга олиб бориш. Бошқа нарса мени қизиқтирмайди.

Ягона шартим — ўйинни йиғиштиринг. Тишлашга уринсангиз отиб ташлайман. Хоҳлаганингизча вовуллаб, қу-қулайверишингиз мумкин…

Тўрт чақиримча юришимизга тўғри келарди. Ёғоч ташувчи йўловчи машиналар учрамасди. Лагерь бошлиғининг машинасини капитан Соколовский олганди. Интага имтиҳон топширгани кетди, дейишди.
Қисқаси, пиёда кетдик. Қишлоқдан чиққач, ботқоқликлар оралаб юриларди. Кейин кичик ўрмон ёнидан чорраҳагача бориларди. Чорраҳадан ўтилгач, Иоссер лагерининг миноралари бошланарди.

Қишлоқда магазин ёнидан ўтаётганимизда Чурилин қадамини секинлаштирди. Мен унга икки сўм узатдим. Бу пайтда патруллардан қўрқмасаям бўларди.

Маҳбусга бу ишимиз маъқул кўринди. Ҳатто у қувончини яшириб ўтирмади:
— Менинг исмим Толик…

Чурилин «Московский» шишасини олиб келди. Мен уни галифе шимимнинг чўнтагига солдим. Ўрмонгача сабр қилишимиз керак.

Бу орада маҳбус ўзининг ақлдан озганлигини эслатиб борди. У тўрт оёқлаб юрар ва маърар эди.

Мен унга кучингни беҳуда сарфлама, деб маслаҳат бердим. Уни тиббий текширишларга асраб қўй дедим. Сирни очмайман.

Чурилин майса устига газета ёзди. Чўнтагидан бир неча дона печенье чиқарди.

Навбати билан шишанинг оғзидан ичдик. Маҳбус дастлаб иккиланди:
— Врач ҳидни сезиб қолади. Бу ёғи табиий чиқмайди.

Чурилин шартта кесди:
— Вовуллаш билан қақоғлаш табиий чиқадими?…

— Шовул чайнаб юборасан, олам гулистон.
— Енгилдим, — деди маҳбус.

Иссиқ ва чароғон кун эди. Осмонда енгил эринчоқ булутлар сузарди. Чорраҳада ёгоч ташувчи машиналар гувилларди. Чурилиннинг боши устида қовоғари айланарди.

Арақ таъсир кўрсата бошлади, мен хаёлга чўмдим: «Эркинлик қандай соз-а! Хизматдан қайтгач, соатлаб кўчаларда сайр қиламан. Маратдаги қаҳвахонага кираман. Дума биноси ёнидаги скамейкада ўтириб чекаман…»

Эркинлик — фалсафий тушунча эканини биламан. Бу мени қизиқтирмайди. Қуллар фалсафа билан қизиқмайдилар-ку. Хоҳлаган жойингга кета олсанг — энг катта эркинлик шу! …

Ҳамшишаларим ўзаро суҳбатлашардилар. Маҳбус маъқулларди:
— Бошим жойида эмас. Бундан ташқари, газлар … Сирасини айтганда, бунақаларни чиқариб юбориш керак. Касалига қараб бўшатишса нима қипти? Эскирган техника чиқитга чиқарилади-ку!

Чурилин гапни бўлди:
— Бошим жойида эмас дейсанми?! Ўғирлашга ақлинг етибди-ку! Ҳужжатларингда кўплашиб ўғирлик қилганинг ёзилган. Қизиқ, нима ўғирлагандинг-а?!

Маҳбус хомуш жавоб берди:
— Арзимаган нарса … Трактор …
— Бутун трактор эдими?!
— Ҳа-да.

— Уни қандай қилиб ўмардинг?
— Оппа-осон. Темир-бетон буюмлари комбинатидан. Мен руҳий таъсирдан фойдаландим.
— Бу нима деганинг?

— Комбинатга кириб бордим. Тракторга ўтирдим. Орқасига ёқилғидан бўшаган темир бочкани боғлаб олдим. Эшикка қараб ҳайдайвердим. Бочка даранглайди. Қоровул келиб қолди: «Бочкани қаерга олиб кетаяпсан?» — «Зарур бўлиб қолди», — деб жавоб бердим. «Рухсатинг борми?» — «Йўқ!» — «Жойига элтиб қўй…» Бочкани жойига қўйдиму, ҳайдаб кетавердим. Умуман, руҳий таъсир иш берди … Кейин биз бу тракторни эҳтиёт қисмларга ажратдик …

Чурилин қойил қолиб, маҳбуснинг елкасига қоқиб қўйди.
— Артистсан-ку, укам!

Маҳбус камтарлик билан:
— Одамлар мени ҳурмат қилишарди, — деб таъкидлади.

Чурилин кутилмаганда ўрнидан туриб:
— Яшасин меҳнат заҳиралари! — деб қичқирди ва чўнтагидан иккинчи шишани чиқарди.

Ўтирган еримизга офтоб туша бошлади. Соя жойга ўтдик. Япасқи ольха тагига жойлашдик.

Чурилин буйруқ берди:
— Кетдик!

Ҳаво иссиқ эди. Маҳбус белигача ечиниб олди. Кўкрагидаги порох билан ёзилган: «Фаина! Олтин дамлар ёдингдами?» деган битик яққол кўринарди. Ёнида калла суяги, ханжар ва «заҳар» деган ёзувли шишача тасвири …

Чурилин тезда маст бўлиб қолди. Мен буни ҳатто сезмай ҳам қолибман. У бирдан маъюс тортиб, сукутга чўмди.

Казармада асабий кишилар кўплигини билардим. Қўриқчилик хизматининг ўзи шунга олиб келади. Аммо Чурилин назаримда мутлақо соппа-соғ эди.

Фақат унинг битта телбанамо қилиғи ёдимда қолганди. Биз у пайтда маҳбусларни ёғоч тилишга олиб борардик. Тахта уйча ичидаги печь ёнида гаплашиб ўтиргандик. Табиийки, ичар эдик.

Чурилин ҳеч нарса демай ташқарига чиқиб кетган эди. Қаердандир челак топиб, уни соляркага тўлдирибди. Кейин томга чиқиб, ёқилғини мўрига қуйиб юборибди.

Иморат алангага чулғанди. Биз уйчадан зўрға чиқиб олдик. Уч киши ёнди.

Аммо бу анча эски гап. Ҳозир унга тасалли бердим:
— Тинчлан …

Чурилин индамасдан тўппончани олди. Кейин эшитганимиз шу бўлди:
— Туринглар! Икки кишидан иборат бригада соқчи ихтиёрига берилади! Зарурат туғилса соқчи фойдаланади. Маҳбус Холоденко — олдинга ўт! Ефрейтор Довлатов орқасидан юр! ..

Мен уни тинчлантиришга ҳамон уринаман:
— Эсингни йиғ. Ўзингни қўлга ол. Тўппонча билан ҳазиллаша кўрма…

Ҳайрон қолган маҳбус эса лагерь лаҳжасида:
— Ким у ҳаммомда шовқин солаётган? — деб ғулдирайди.

Чурилин бу вақтда тепкини кўтариб бўлганди.
— Ортиқча ичиб қўйибсан, — деб такрорлаганча унга қараб юра бошладим.

Чурилин орқага тисарилди. Кескин ҳаракатлардан ўзимни тийиб, унга оҳиста яқинлашдим. Қўрққанимдан узуқ-юлуқ гаплар айтардим. Ҳатто, аниқ эсимда, жилмайишга ҳаракат қилдим.

Маҳбус эса ўзини йўқотмаганди. У шодон қичқирди:
— Ана томоша! Эсинг борида жуфтакни ростла! …

Чурилиннинг орқасида ағанаб ётган ольха(тўнка)га кўзим тушди. Ортиқча тисариладиган жой йўқ. Олға ташландим. У йиқилаётиб, ўқ узиши мумкин эди. Худди шундай бўлди.

Гумбурлаш, синган шохларнинг қарс-қурси …

Тўппонча ерга тушди. Уни бир чеккага тепиб юбордим.

Чурилин турди. Энди ундан қўрқмасдим. Хоҳлаган маррадан туриб, уни йиқитишим мумкин эди. Маҳбус ҳам ёнимда.

Чурилин камарини олаётганини кўрдим. Нега бундай қилаётганини англамапман. Кўйлагини тўғрилаяпти, деб ўйлапман.

Назарий жиҳатдан уни отиб ташласам ёки ярадор қилсам бўларди. Биз топшириқни бажараётгандик. Жанговар ҳолатда эдик дейишим мумкин. Менга айб қўйишмасди.

Шундай қилиш ўрнига мен яна унинг олдига бордим. Бокс билан шуғулланиб юрганимда ҳам маданий муомала менга доим панд берарди.

Оқибатда Чурилин бошимга тўқа билан тушириб қолди.

Муҳими, ҳаммаси ёдимда. Ҳушимни йўқотганим йўқ. Зарбани сезмадим ҳам. Шимимга қон оқиб тушаётганини кўрдим. Қон шунчалик кўп эдики, ҳатто кафтимни тутдим. Энгашиб турибман, қон эса тўхтай демайди.

Хайриятки, маҳбус ўзини йўқотиб қўймади. Чурилиннинг қўлидан камарни тортиб олди. Кейин кўйлагининг енги билан пешонамни боғлади.

Шунда Чурилин, чамамда, нима бўлаётганини англай бошлади. У бошини чангаллаганча ҳиқиллаб йўлга тушди.

Унинг тўппончаси ерда ётарди. Бўш шишалар ёнида. Мен маҳбусга:
— Кўтар … — деб буюрдим.

Ана энди мана бу ажабтовур манзарани кўринг. Олдинда ҳиқиллаб чекист кетаяпти. Унинг орқасида тўппонча ушлаган телба маҳбус. Сафнинг охирида боши қонли боғич билан танғилган ефрейтор. Қаршимизда — ҳарбий патруль. Баҳайбат бўрибосар билан учта автоматчи «Газ — 61» да ўтирипти.

Улар менинг маҳбусимни отиб қўйишмаганига ҳайрон қоламан. Уни илма-тешик қилиб юборишлари мумкин эди. Ёки кўппакни қўйиб юборишса ҳам бўларди.

Машинани кўргандан кейин ҳушимни йўқотдим. Тинка-мадорим қолмади. Жазирама ҳам кучини кўрсатганди. Маҳбуснинг айби йўқ деб айтишга улгурдим, холос. Ким айбдорлигини ўзлари аниқлаб олаверишсин.

Бунинг устига, йиқилаётиб қўлимни синдириб олдим. Аниқроғи, синдирмадим, шикастлантирдим. Билагим дарз кетди. Мана буниси ортиқча бўлди, деб ўйладим. Энг охирги эсимда қолган нарса — ит эди.

У ёнимда чўққайиб ўтирганча қизғимтир оғзини очиб, асабий тамшанарди …

Бошим устида радиокарнайча ишлаб турарди. У хириллар ва вишиллаганга ўхшаш енгил нафас чиқарарди. Давлат мадҳиясининг тантанавор садоларини кутиб ўтирмай, уни ўчириб қўя қолдим.

Бирдан унутилган болалик хотиралари ёдимга тушиб кетди. Мактаб ўқувчисиман, ҳароратим кўтарилган. Мени дарсга юборишмайди.

Мен шифокорни кутаман. У тушагимга ўтиради. Томоғимни кўради. «Қани-и, йигитча», — дейди. Ойим тоза сочиқ излаб қолади.

Мен беморман, бахтлиман, ҳамма мени авайлайди. Мен совуқ сувда ювинмаслигим керак …

Мен шифокорни кутиб ўтирибман. Унинг ўрнига Чурилин кўринди. Ойнадан мўралади, дераза токчасига ўтирди. Кейин ёнимга кириб келди. Кўриниши аянчли ва қайғули эди.

Човига боплаб бир тепмоқчи бўлдим. Чурилин дарров ўзини орқага олди ва сохта тавозе билан қўлларини ишқалай бошлади.

— Серега, кечир! Мен айбдорман .. Пушаймонман … Чин дилдан пушаймонман… Эффект ҳолатига тушиб қолибман.
— Аффект, — деб тўғриладим.
— Ана шундай …

Чурилин эҳтиёткорлик билан менга яқинлашди.
— Ҳазиллашмоқчи эдим … Қизиқчилик учун… Сенга ҳеч қандай даъво-жанжалим йўқ.
— Бўлмасам-чи, — дейман.

«Гигиена» атир сувини ичишдан таф тортмайдиган соқчига нима ҳам дейишим мумкин? …

— Маҳбусимизга нима бўлди? — деб сўрадим.
— Жойида. Яна савдойи бўлиб қолди. Ҳар куни тонгда «Бепоён ватаним менинг» қўшиғини айтади. Эртага текширувдан ўтади. Ҳозирча алоҳида хонада ўтирибди.

— Ўзинг-чи?
— Қаерда бўлардим — албатта гауптвахтадаман. Ҳозир бу ерда бўлсам ҳам, аслида гауптвахтада ўтирибман. У ерда ҳамюртим навбатчи … Сенда зарур ишим бор.

Чурилин яна бир қадам ташлади-да, тез-тез гапира бошлади:
— Серега, хароб бўлдим, ёрдам бер! Пайшанба куни ўртоқлик суди!

— Кимни устидан?
— Мени устимдан. Сен Серегани майиб қилдинг дейишяпти.

— Майли, ҳеч қандай даъвом йўқ деб айтаман. Сени кечираман.
— Мени кечиради, деб айтдим уларга. Буни аҳамияти йўқ, сабр косамиз тўлди, дейишади.

— Унда мен нима қила оламан?
— Сен ўқимишли одамсан, бирон нарса ўйлаб топ. Бошимдан балони арит. Бўлмасам, бу аблаҳлар қоғозларни ҳарбий судга оширишади. Уч йилга интизом батальонига юборишади. Интизом батальони лагердан беш баттар. Ўзинг қутқармасанг бўлмайди.

У қиёфасини ўзгартирди, йиғламсираб гапирди:
—Ёлғиз ўғилман … Акам қамоқда, опаларим эрта тегиб кетишган…
— Ҳайронман, нима қилишим мумкин? — дедим мен. — Битта йўли бор…

Чурилинга жон кирди:
— Қанақа?
— Судда сенга савол бераман. «Чурилин, бирон-бир касбинг борми?» — деб сўрайман. Сен: «Йўқ!» деб жавоб берасан. Мен: «Хизматдан қайтгандан кейин у нима иш қилади? — Ўғирлик қилсинми?

Шофёрлик ёки бульдозерчилик курслари ҳақидаги ваъдалар қани? Мунтазам армиядан бизни қаеримиз кам?» — дейман. Шундай давом этамиз. Албатта, ғала-ғовур бошланади. Зора, шунда сени қўллаб юборишса …

Чурилин жуда очилиб кетди. Каравотимга ўтириб олиб, нуқул:
— Мана буни бош дейдилар! Зап бошинг бор-да!— дерди.

— Бундақа бош билан ишламасанг ҳам ошиғинг олчи бўлади! — деб маъқуллашга тушди.
— Айниқса қуйма тўқа билан силаб турсанг, — дедим.

— Эски гап, — деди Чурилин, — ҳаммаси унутилди … Нима дейишим кераклигини ёзиб бер.
— Сенга тушунтирдим-ку!
— Энди ёзиб бер. Бўлмаса чалкаштириб юбораман.

Чурилин менга кимёвий қалам қолдиғини узатди. Сўнг деворий газетадан бир бўлак юлиб олди.
— Ёз.

Мен аниқ-равшан қилиб, «Йўқ» дедим.
— «Йўқ» деганинг нимаси? — сўради у.

— «Нима гапиришимни ёзиб бер», деяпсан. Мана, мен ёзаман: «Йўқ». Мен судда савол бераман. «Бирон-бир касбинг борми?» деб сўрайман: Сен «Йўқ» деб жавоб қайтарасан. Кейин мен шофёрлик курслари ҳақида гапираман. Сўнг тўпалон бошланади.

— Демак, мен фақат «йўқ» дейманми?
— Худди шундай.

— Камлик қилади, — деди Чурилин.
— Бошқа саволлар тушиб қолиши ҳам мумкин.

— Қанақа?
— Унисини билмайман.

— Нима деб жавоб қайтараман.
— Савол қандайлигига қарайсан-да.

— Нима сўрашар экан? Тахминан?
— Айтайлик, «Чурилин, айбингга иқрормисан?» деб сўрашади.

— Мен нима дейман?
— «Ҳа» деб жавоб қайтарасан.

— Ҳаммаси шуми?
— «Албатта, иқрорман ва қаттиқ пушаймонман», десанг ҳам бўлади.
— Мана буниси яхши. Ёзиб қўй. Аввал саволларни, кейин жавобларни ёз. Сўроқларни одатдагидек ёзавер, жавобларни катта ҳарфларда ёз. Тағин чалкаштириб юрмайин.

Чурилин билан ўн биргача ўтирдик. Фельдшер уни чиқариб юбормоқчи бўлди, аммо Чурилин кўнмади:
— Қуролдош дўстимни кўришга ҳаққим борми?!

Оқибатда биз бутун бир драма ёзиб чиқдик. Ўнлаб саволлар ва жавобларни назардан ўтказдик. Бунинг устига, Чурилиннинг қистовига кўра қавс ичида «Совуққина», «Ўйланиб», «Паришон» каби сўзларни ёзиб қўйдим.

Шу пайт менга тушлик: бир тарелка шўрва, қовурилган балиқ ва кисель олиб келишди.

Чурилин ҳайрон қолди:
— Бу ерда гауптвахтадан кўра яхшироқ боқишар экан.
— Акси бўлади деб ўйлабмидинг?

Унга балиқ ва киселни беришга тўғри келди.

Шундан кейин биз ажралишдик. Чурилин таъкидларди:
— Ўн иккида ҳамюртим гауптвахтадан кетади. Унинг ўрнига қанақадир хахол келади. Жойимда бўлишим керак.

Чурилин ойна олдига борди. Сўнг орқага қайтди.
— Унутай дебман. Кел, камарларимизни алмаштирайлик. Акс ҳолда мана бу тўқа учун қўшиб беришади.

У менинг аскарлик камаримни олди. Ўзиникини каравотга осиб кўйди.
— Омадинг бор экан, — деди у, — меники тоза чармдан. Тўқаси ҳам қуймали. Урсанг — одам найза санчилгандек ағдарилади!
— Буни яхши биламан …

Чурилин тағин дераза олдига борди. Яна бир марта ўгирилиб қаради.
— Раҳмат сенга, — деди, — ўлгунимча унутмайман …

Деразадан сакраб тушди. Бемалол эшикдан чиқса ҳам бўларди.

Сигареталаримни олиб кетмаганигаям шукур …

Уч кун ўтди. Врач осон қутулганимни айтди. Бошим салгина шилинган экан.

Ҳарбий шаҳарча ҳудудида сандироқлаб юрдим. Соатлаб кутубхонада ўтирдим. Ўтин омборининг томида офтобда тобландим.

Икки марта гауптвахтага киришга уриндим. Аввалгисида янги келган латиш йигит соқчилиқда экан. Дарҳол автоматни тўғрилади. Сигарета бермоқчилигимни айтдим, у кескин бошини чайқади.

Кечқурун яна келдим. Бу сафар таниш инструктор навбатчилик қиларди.
— Киравер, — деди, — тунаб қолсанг ҳам майли.

У калитларни шақиллатди. Эшик очилди.

Чурилин учта тутқун билан карта ўйнаб ўтирарди. Қўлида бутерброд ушлаган бешинчиси кузатиб турарди. Полда апельсин пўчоқлари сочилиб ётарди.
— Салом, — деди Чурилин, — халақит берма. Ҳозир уларни адабини бериб қўяман.

Унга «Беломор» узатдим.
— Ичкилик-чи? — сўради Чурилин.  Бунақа сурбетликни ҳаммаям қилавермайди.

Бир дақиқа тургач, чиқиб кетдим.

Эрталаб ҳамма ёққа эълон ёпиштириб чиқилди:
«Дивизионнинг очиқ комсомол мажлиси ўтказилади. Ўртоқлик суди. Чурилин Вадим Тихоновичнинг шахсий масаласи. Келиш мажбурий».

Муддатдан ташқари хизматда қолган аскар:
— Аллақачон қилиш керак эди, — деди. — Казармада нима бўлаяпти — турган-битгани даҳшат … Вино оқиб ётипти …

Клуб биносига олтмиштача одам йиғилди. Саҳнага комсомол бюроси аъзолари жойлашди. Чурилинни байроқ тагига ёнламасига ўтказишди. Майор Афанасьевнинг келишини кутишарди.
Чурилин жудаям бахтиёр кўринарди. Балки саҳнага биринчи бор чиқишидир. У имо-ишоралар қилар, танишларига қўл силкитарди. Менга ҳам қўл силкиб қўйди.

Саҳнага, майор Афанасьев кўтарилди.
— Ўртоқлар!

Залдаги ғала-ғовур тинди.
— Ўртоқ жангчилар! Бугун биз оддий аскар Чурилиннинг шахсий масаласини кўрамиз. Оддий аскар Чурилин ефрейтор Довлатов билан муҳим топшириқни бажаришга юборилган эди. Йўлда оддий аскар Чурилин ўлгудек ичиб, бемаъни қилиқлар қила бошлаган. Оқибатда ефрейтор Довлатовга, кечирасизлар, очиғи, бу қуруқ савлат ҳам ундан қолишмайди, шикаст етказади … Жилла қурса, маҳбусдан уялишса бўларди …

Майор буларни гапираётганда Чурилин жуда очилиб кетди. Икки марта сочини таради, стулда айланди, байроқни силади. Ўзини худди қаҳрамон ҳисобларди.

Майор давом этди:
— Фақат мана шу чоракнинг ўзида Чурилин гауптвахтага йигирма олти марта тушган. Мен уни маст-аласт юришини айтаётганим йўқ — бу нарса Чурилин учун қишда қор ёққандек гап. Мен муштлашишга ўхшаш жиддий жиноятларни назарда тутаяпман. Унинг хаёлида худди коммунизм қуриб қўйилгандек. Кимнидир, ёқтирмайсанми — тушир башарасига! Қарабсизки, мушт ишга тушиб турибди-да! Нима, бировнинг башарасига мушт туширишни мен ёқтирмас эканманми?! … Умуман, сабр косамиз тўлди. Чурилин биз билан қоладими ёки қоғозлари ҳарбий судга ошириладими — ҳозир шуни ҳал қиламиз. Иш жуда жиддий, ўртоқлар! Бошладик! … Қани! Чурилин, айтинг-чи, бу иш қандай юз берди?

Ҳамма Чурилинга қаради. Унинг қўлида ғижимланган қоғоз пайдо бўлди. Уни айлантириб кўрар ва нималарнидир пичирлаб ғўлдирар эди.
— Гапиринг, — такрорлади майор Афанасьев.

Чурилин эсанкираб менга қаради. Бундай бўлишини ўйлаб кўрибмиз дейсизми? Сценарийга нималардир кирмай қолган эди.

Майор овозини баландлатди:
— Ўзингизни тарозига солмасдан тез гапиринг!
— Шошилаётган жойим йўқ, — деди Чурилин.

У тумшайди. Юзи қорайиб, борган сари бадқовоқ тус ола бошлади. Майорнинг ҳам жаҳли чиқаётгани овозидан сезилиб турарди.
— Рухсат этинг, мен гапираман.
— Йўқ, — бақириб берди майор, — ўзи айтгани яхши.
— Э-ҳа, — деди Чурилин, — мана … Хоҳлайман … анови … бульдозерчилар курсига киришни …

Майор унга ўгирилиб қаради:
— Бульдозерчилар курсининг нима дахли бор, ҳой, онангни эмгур! Маст бўлгансан, ўртоғингга шикаст етказгансан, шуни биласанми ўзи?! Энди курсда ўқишни хоҳлаб қолдингми?! Мабодо, институтга киргинг келмаяптими? Ёки кўнглинг консерваторияни тусаётгандир?..

Чурилин яна бир марта қоғозга қараб олиб, ғамгин гапирди:
— Мунтазам армиядан камлик жойимиз борми?

Тутақиб кетган майор бўғилиб қолаёзди:
— Бу аҳвол қанча давом этади?! Унга ён босган саринг ўзиникини маъқуллайди. «Гапир» десанг — парвойи-фалак!
— Гапирадиган нарсанинг ўзи йўқ, — Чурилин ўрнидан турди. — Форсайтлар қиссаси бор деб ўйлайсанми, бу ерда?! Гапириб бер! Гапириб бер! Нимани гапириб бераман?! Сен, қанжиқ, мени ёмон кўришингни билмайманми? Сенга мен бас келолармидим?! …

Майор тўппонча қинини чангаллади. Яноғида қизил доғлар пайдо бўлди. У оғир нафас оларди. Сўнг ўзини зўр-базўр тутиб:
— Судга ҳавола этамиз, — деди. — Мажлисни тамом деб эълон қиламан!

Иккита катта аскар Чурилиннинг қўлидан ушлади. Мен унга сигарета бериб, ташқарига йўл олдим.

Чурилинни бир йилга интизом батальонига ҳукм қилишди. Чиқишига бир ой қолганда хизматни тамомладим. Ақлдан озган маҳбусни ҳам қайта кўрмадим. Бу ғалати дунё қаёққадир ғойиб бўлди.

Аммо камарни сақлаб қўйибман.

034

Sergey DOVLATOV
CHEMODAN
Ortiqboy Abdullaev tarjimasi
034

ZOBITLAR KAMARI

Aroqxo’r uchun kasalxona o’rindig’ida uyg’onishdan ko’ra yomon narsa yo’q. Uyqing o’chmasdan turib:
— Bo’ldi! Tashlayman! Butunlay tashlayman! Endi bir tomchi ham og’zimga olmaganim bo’lsin! — deb g’uldiraysan.

Shu payt bexosdan boshing qalin doka bilan o’ralganini payqab qolasan. Dokani ushlab ko’rishni xohlaysan, ammo, chap qo’ling gipslab qo’yilgan bo’ladi. Va hokazo.

Oltmish uchinchi yil yozida Komi respublikasining janubida shunday holat o’z boshimdan o’tgan.

Bir yil avval armiyaga chaqirilgandim. Meni lager` qo’riqchiligiga tayinlashgandi. Sindor yonidagi yigirma kunlik nazoratchilar maktabida ta’lim olgandim…

Undan ilgari ikki yil boks bilan shug’ullanganman. Respublika musobaqalarida qatnashganman. Ammo biron marta ham o’rgatuvchining menga dalda berib:
— Bo’ldi, yetarli. Sendan ko’nglim to’q, — deganini eslay olmayman.

Ammo bunday maqtovni Toroptsevdagi qo’riqchilar tayyorlash maktabi instruktoridan eshitganman. Mashg’ulotlardan uch hafta o’tgach. Buning ustiga, keyinchalik menga bokschilar emas, xavfli jinoyatchilar tahdid etishgan…

Yon-verimga qarayman. Linoleumda quyosh nurlari aks etadi. Tumbochka dorilarga to’lib ketgandi. Eshikka «Lenin va salomatlik» deb yozilgan devoriy gazeta yopishtirilgandi.

Suv o’tlarining hidi burqsib turganini aytmaysizmi? Men davolash qismiga tushib qolgandim.

Chirmab tashlangan boshim og’rirdi. Qoshim ustida chuqur yara sezilib turardi. Chap qo’lim ishlamasdi.

Karavot suyanchig’iga gimnastyorkam osib qo’yilgan. Unda sigareta qolgan bo’lishi kerak. Kuldon o’rniga qandaydir siyoh quyilgan idishdan foydalandim. Gugurt qutisini tishlab turishga to’g’ri keldi.

Endi kecha nima bo’lganini xotirjam eslash mumkin.

Ertalab meni qo’riqchilar ro’yxatidan o’chirishdi. Starshinaga borib uchrashdim:
— Nima bo’ldi? Nahotki menga dam berilsa?

— Shunga o’xshash, — dedi starshina, — xursand bo’laver… O’n to’rtinchi baraqdagi mahbus bor-ku? Goh huradi, goh xo’roz bo’lib qichqiradi. Oshpaz Shura xolani tishlab oldi… Qisqasi, uni Iosserdagi jinnixonaga olib borasan. Keyin kun bo’yi bo’shsan. Xuddi hordiq kuni deyaver.

— Qachon borsam bo’ladi?
— Xohlasang, hoziroq.

— Bir o’zimmi?
— Nega bir o’zing? Qoidaga muvofiq— ikki kishi. Churilinni yo bo’lmasa Gaenkoni olasan…

Churilinni asbobsozlik sexidan izlab topdim. Qo’lida kavsharlagich. Dastgohda turgan yaltiroq narsadan badbo’y dud taralardi.
— Kavsharlayapman, — dedi Churilin, — zargarlik ishi. Qara.

Men bo’rtma yulduzli jez to’qani ko’rdim. Uning ichki tomoniga eritilgan qalay quyilgandi. Bunday quyma kamar dahshatli qurolga aylanishini bilaman.

U vaqtlarda chekistlar ham zobitlarnikiga o’xshash qayish kamar taqishar edi. Unga eritilgan qalay kuyib, saylga borishardi. Mushtlashuvlar chog’ida shunday qalayli to’qalar kallalar ustida yaraqlab qolardi…

— Yig’ishtir, — dedim.
— Nima bo’ldi?

— Jinnini Iosserga olib boramiz. O’n to’rtinchi barakdagi bitta mahbus savdoyi bo’lib qolibdi. Buning ustiga, Shura xolani tishlab olipti.
— To’g’ri qiladi, — dedi Churilin. — Ovqat yegisi kelgan-da. Bu Shura deganing davlatning yog’ini uyiga tashiydi. O’zim ko’rdim.
— Ketdik, — dedim.

Churilin jo’mrak tagida to’qani sovutdi, so’ng taqib oldi.
— Ketdik…

Qo’riqlashga ketayotganimiz uchun qurol oldik. Ikki daqiqalardan keyin nazoratchi soqoli o’sgan, yo’g’on mahbusni haydab keldi. U yurgisi kelmay, nuqul qichqirardi:
— Chiroyli sportchi qizni xohlayman! Sportchi qiz topib bering! Men yana qancha kutishim kerak?!

Nazoratchi xotirjam javob berdi:
— Kamida olti yil. Shunda ham muddatingdan oldin chiqarishsa. Ko’pchilik bo’lib tushgansan-ku!.

Mahbus parvo qilmay baqirishda davom etdi:
— Menga sportchi — razryadli qizni beringlar, ablahlar!

Churilin unga sinchiklab qarab, meni tirsagi bilan turtdi:
— Buni nimasi telba, eshitayapsanmi?! Es-hushli odam. Oldin ovqat yegisi keldi, endi xotin topib ber, deyapti. Yana razryadlisi bo’lsin emish… Didi joyida… Men ham yo’q demasdim…

Nazoratchi menga hujjatlarni uzatdi. Biz dahlizga chiqdik. Churilin so’radi:
— Oting nima?
— Doremifasol`, — javob berdi mahbus.

Shunda men unga dedim:
— Agar haqiqatan ham aqldan ozgan bo’lsangiz — mayli. O’yin qilayotgan bo’lsangiz — ixtiyoringiz. Men shifokor emasman. Mening vazifam sizni Iosserga olib borish. Boshqa narsa meni qiziqtirmaydi.

Yagona shartim — o’yinni yig’ishtiring. Tishlashga urinsangiz otib tashlayman. Xohlaganingizcha vovullab, qu-qulayverishingiz mumkin…

To’rt chaqirimcha yurishimizga to’g’ri kelardi. Yog’och tashuvchi yo’lovchi mashinalar uchramasdi. Lager` boshlig’ining mashinasini kapitan Sokolovskiy olgandi. Intaga imtihon topshirgani ketdi, deyishdi.
Qisqasi, piyoda ketdik. Qishloqdan chiqqach, botqoqliklar oralab yurilardi. Keyin kichik o’rmon yonidan chorrahagacha borilardi. Chorrahadan o’tilgach, Iosser lagerining minoralari boshlanardi.

Qishloqda magazin yonidan o’tayotganimizda Churilin qadamini sekinlashtirdi. Men unga ikki so’m uzatdim. Bu paytda patrullardan qo’rqmasayam bo’lardi.

Mahbusga bu ishimiz ma’qul ko’rindi. Hatto u quvonchini yashirib o’tirmadi:
— Mening ismim Tolik…

Churilin «Moskovskiy» shishasini olib keldi. Men uni galife shimimning cho’ntagiga soldim. O’rmongacha sabr qilishimiz kerak.

Bu orada mahbus o’zining aqldan ozganligini eslatib bordi. U to’rt oyoqlab yurar va ma’rar edi.

Men unga kuchingni behuda sarflama, deb maslahat berdim. Uni tibbiy tekshirishlarga asrab qo’y dedim. Sirni ochmayman.

Churilin maysa ustiga gazeta yozdi. Cho’ntagidan bir necha dona pechen`e chiqardi.

Navbati bilan shishaning og’zidan ichdik. Mahbus dastlab ikkilandi:
— Vrach hidni sezib qoladi. Bu yog’i tabiiy chiqmaydi.

Churilin shartta kesdi:
— Vovullash bilan qaqog’lash tabiiy chiqadimi?…

— Shovul chaynab yuborasan, olam guliston.
— Yengildim, — dedi mahbus.

Issiq va charog’on kun edi. Osmonda yengil erinchoq bulutlar suzardi. Chorrahada yogoch tashuvchi mashinalar guvillardi. Churilinning boshi ustida qovog’ari aylanardi.

Araq ta’sir ko’rsata boshladi, men xayolga cho’mdim: «Erkinlik qanday soz-a! Xizmatdan qaytgach, soatlab ko’chalarda sayr qilaman. Maratdagi qahvaxonaga kiraman. Duma binosi yonidagi skameykada o’tirib chekaman…»

Erkinlik — falsafiy tushuncha ekanini bilaman. Bu meni qiziqtirmaydi. Qullar falsafa bilan qiziqmaydilar-ku. Xohlagan joyingga keta olsang — eng katta erkinlik shu! …

Hamshishalarim o’zaro suhbatlashardilar. Mahbus ma’qullardi:
— Boshim joyida emas. Bundan tashqari, gazlar … Sirasini aytganda, bunaqalarni chiqarib yuborish kerak. Kasaliga qarab bo’shatishsa nima qipti? Eskirgan texnika chiqitga chiqariladi-ku!

Churilin gapni bo’ldi:
— Boshim joyida emas deysanmi?! O’g’irlashga aqling yetibdi-ku! Hujjatlaringda ko’plashib o’g’irlik qilganing yozilgan. Qiziq, nima o’g’irlaganding-a?!

Mahbus xomush javob berdi:
— Arzimagan narsa … Traktor …
— Butun traktor edimi?!
— Ha-da.

— Uni qanday qilib o’marding?
— Oppa-oson. Temir-beton buyumlari kombinatidan. Men ruhiy ta’sirdan foydalandim.
— Bu nima deganing?

— Kombinatga kirib bordim. Traktorga o’tirdim. Orqasiga yoqilg’idan bo’shagan temir bochkani bog’lab oldim. Eshikka qarab haydayverdim. Bochka daranglaydi. Qorovul kelib qoldi: «Bochkani qaerga olib ketayapsan?» — «Zarur bo’lib qoldi», — deb javob berdim. «Ruxsating bormi?» — «Yo’q!» — «Joyiga eltib qo’y…» Bochkani joyiga qo’ydimu, haydab ketaverdim. Umuman, ruhiy ta’sir ish berdi … Keyin biz bu traktorni ehtiyot qismlarga ajratdik …

Churilin qoyil qolib, mahbusning yelkasiga qoqib qo’ydi.
— Artistsan-ku, ukam!

Mahbus kamtarlik bilan:
— Odamlar meni hurmat qilishardi, — deb ta’kidladi.

Churilin kutilmaganda o’rnidan turib:
— Yashasin mehnat zahiralari! — deb qichqirdi va cho’ntagidan ikkinchi shishani chiqardi.

O’tirgan yerimizga oftob tusha boshladi. Soya joyga o’tdik. Yapasqi ol`xa tagiga joylashdik.

Churilin buyruq berdi:
— Ketdik!

Havo issiq edi. Mahbus beligacha yechinib oldi. Ko’kragidagi porox bilan yozilgan: «Faina! Oltin damlar yodingdami?» degan bitik yaqqol ko’rinardi. Yonida kalla suyagi, xanjar va «zahar» degan yozuvli shishacha tasviri …

Churilin tezda mast bo’lib qoldi. Men buni hatto sezmay ham qolibman. U birdan ma’yus tortib, sukutga cho’mdi.

Kazarmada asabiy kishilar ko’pligini bilardim. Qo’riqchilik xizmatining o’zi shunga olib keladi. Ammo Churilin nazarimda mutlaqo soppa-sog’ edi.

Faqat uning bitta telbanamo qilig’i yodimda qolgandi. Biz u paytda mahbuslarni yog’och tilishga olib borardik. Taxta uycha ichidagi pech` yonida gaplashib o’tirgandik. Tabiiyki, ichar edik.

Churilin hech narsa demay tashqariga chiqib ketgan edi. Qaerdandir chelak topib, uni solyarkaga to’ldiribdi. Keyin tomga chiqib, yoqilg’ini mo’riga quyib yuboribdi.

Imorat alangaga chulg’andi. Biz uychadan zo’rg’a chiqib oldik. Uch kishi yondi.

Ammo bu ancha eski gap. Hozir unga tasalli berdim:
— Tinchlan …

Churilin indamasdan to’pponchani oldi. Keyin eshitganimiz shu bo’ldi:
— Turinglar! Ikki kishidan iborat brigada soqchi ixtiyoriga beriladi! Zarurat tug’ilsa soqchi foydalanadi. Mahbus Xolodenko — oldinga o’t! Yefreytor Dovlatov orqasidan yur! ..

Men uni tinchlantirishga hamon urinaman:
— Esingni yig’. O’zingni qo’lga ol. To’pponcha bilan hazillasha ko’rma…

Hayron qolgan mahbus esa lager` lahjasida:
— Kim u hammomda shovqin solayotgan? — deb g’uldiraydi.

Churilin bu vaqtda tepkini ko’tarib bo’lgandi.
— Ortiqcha ichib qo’yibsan, — deb takrorlagancha unga qarab yura boshladim.

Churilin orqaga tisarildi. Keskin harakatlardan o’zimni tiyib, unga ohista yaqinlashdim. Qo’rqqanimdan uzuq-yuluq gaplar aytardim. Hatto, aniq esimda, jilmayishga harakat qildim.

Mahbus esa o’zini yo’qotmagandi. U shodon qichqirdi:
— Ana tomosha! Esing borida juftakni rostla! …

Churilinning orqasida ag’anab yotgan ol`xa(to’nka)ga ko’zim tushdi. Ortiqcha tisariladigan joy yo’q. Olg’a tashlandim. U yiqilayotib, o’q uzishi mumkin edi. Xuddi shunday bo’ldi.

Gumburlash, singan shoxlarning qars-qursi …

To’pponcha yerga tushdi. Uni bir chekkaga tepib yubordim.

Churilin turdi. Endi undan qo’rqmasdim. Xohlagan marradan turib, uni yiqitishim mumkin edi. Mahbus ham yonimda.

Churilin kamarini olayotganini ko’rdim. Nega bunday qilayotganini anglamapman. Ko’ylagini to’g’rilayapti, deb o’ylapman.

Nazariy jihatdan uni otib tashlasam yoki yarador qilsam bo’lardi. Biz topshiriqni bajarayotgandik. Jangovar holatda edik deyishim mumkin. Menga ayb qo’yishmasdi.

Shunday qilish o’rniga men yana uning oldiga bordim. Boks bilan shug’ullanib yurganimda ham madaniy muomala menga doim pand berardi.

Oqibatda Churilin boshimga to’qa bilan tushirib qoldi.

Muhimi, hammasi yodimda. Hushimni yo’qotganim yo’q. Zarbani sezmadim ham. Shimimga qon oqib tushayotganini ko’rdim. Qon shunchalik ko’p ediki, hatto kaftimni tutdim. Engashib turibman, qon esa to’xtay demaydi.

Xayriyatki, mahbus o’zini yo’qotib qo’ymadi. Churilinning qo’lidan kamarni tortib oldi. Keyin ko’ylagining yengi bilan peshonamni bog’ladi.

Shunda Churilin, chamamda, nima bo’layotganini anglay boshladi. U boshini changallagancha hiqillab yo’lga tushdi.

Uning to’pponchasi yerda yotardi. Bo’sh shishalar yonida. Men mahbusga:
— Ko’tar … — deb buyurdim.

Ana endi mana bu ajabtovur manzarani ko’ring. Oldinda hiqillab chekist ketayapti. Uning orqasida to’pponcha ushlagan telba mahbus. Safning oxirida boshi qonli bog’ich bilan tang’ilgan yefreytor. Qarshimizda — harbiy patrul`. Bahaybat bo’ribosar bilan uchta avtomatchi «Gaz — 61» da o’tiripti.

Ular mening mahbusimni otib qo’yishmaganiga hayron qolaman. Uni ilma-teshik qilib yuborishlari mumkin edi. Yoki ko’ppakni qo’yib yuborishsa ham bo’lardi.

Mashinani ko’rgandan keyin hushimni yo’qotdim. Tinka-madorim qolmadi. Jazirama ham kuchini ko’rsatgandi. Mahbusning aybi yo’q deb aytishga ulgurdim, xolos. Kim aybdorligini o’zlari aniqlab olaverishsin.

Buning ustiga, yiqilayotib qo’limni sindirib oldim. Aniqrog’i, sindirmadim, shikastlantirdim. Bilagim darz ketdi. Mana bunisi ortiqcha bo’ldi, deb o’yladim. Eng oxirgi esimda qolgan
narsa — it edi.

U yonimda cho’qqayib o’tirgancha qizg’imtir og’zini ochib, asabiy tamshanardi …

Boshim ustida radiokarnaycha ishlab turardi. U xirillar va vishillaganga o’xshash yengil nafas chiqarardi. Davlat madhiyasining tantanavor sadolarini kutib o’tirmay, uni o’chirib qo’ya qoldim.

Birdan unutilgan bolalik xotiralari yodimga tushib ketdi. Maktab o’quvchisiman, haroratim ko’tarilgan. Meni darsga yuborishmaydi.

Men shifokorni kutaman. U tushagimga o’tiradi. Tomog’imni ko’radi. «Qani-i, yigitcha», — deydi. Oyim toza sochiq izlab qoladi.

Men bemorman, baxtliman, hamma meni avaylaydi. Men sovuq suvda yuvinmasligim kerak …

Men shifokorni kutib o’tiribman. Uning o’rniga Churilin ko’rindi. Oynadan mo’raladi, deraza tokchasiga o’tirdi. Keyin yonimga kirib keldi. Ko’rinishi ayanchli va qayg’uli edi.

Choviga boplab bir tepmoqchi bo’ldim. Churilin darrov o’zini orqaga oldi va soxta tavoze bilan qo’llarini ishqalay boshladi.

— Serega, kechir! Men aybdorman .. Pushaymonman … Chin dildan pushaymonman… Effekt holatiga tushib qolibman.
— Affekt, — deb to’g’riladim.
— Ana shunday …

Churilin ehtiyotkorlik bilan menga yaqinlashdi.
— Hazillashmoqchi edim … Qiziqchilik uchun… Senga hech qanday da’vo-janjalim yo’q.
— Bo’lmasam-chi, — deyman.

«Gigiena» atir suvini ichishdan taf tortmaydigan soqchiga nima ham deyishim mumkin? …

— Mahbusimizga nima bo’ldi? — deb so’radim.
— Joyida. Yana savdoyi bo’lib qoldi. Har kuni tongda «Bepoyon vatanim mening» qo’shig’ini aytadi. Ertaga tekshiruvdan o’tadi. Hozircha alohida xonada o’tiribdi.

— O’zing-chi?
— Qaerda bo’lardim — albatta gauptvaxtadaman. Hozir bu yerda bo’lsam ham, aslida gauptvaxtada o’tiribman. U yerda hamyurtim navbatchi … Senda zarur ishim bor.

Churilin yana bir qadam tashladi-da, tez-tez gapira boshladi:
— Serega, xarob bo’ldim, yordam ber! Payshanba kuni o’rtoqlik sudi!

— Kimni ustidan?
— Meni ustimdan. Sen Seregani mayib qilding deyishyapti.

— Mayli, hech qanday da’vom yo’q deb aytaman. Seni kechiraman.
— Meni kechiradi, deb aytdim ularga. Buni ahamiyati yo’q, sabr kosamiz to’ldi, deyishadi.

— Unda men nima qila olaman?
— Sen o’qimishli odamsan, biron narsa o’ylab top. Boshimdan baloni arit. Bo’lmasam, bu ablahlar qog’ozlarni harbiy sudga oshirishadi. Uch yilga intizom batal`oniga yuborishadi. Intizom batal`oni lagerdan besh battar. O’zing qutqarmasang bo’lmaydi.

U qiyofasini o’zgartirdi, yig’lamsirab gapirdi:
—Yolg’iz o’g’ilman … Akam qamoqda, opalarim erta tegib ketishgan…
— Hayronman, nima qilishim mumkin? — dedim men. — Bitta yo’li bor…

Churilinga jon kirdi:
— Qanaqa?
— Sudda senga savol beraman. «Churilin, biron-bir kasbing bormi?» — deb so’rayman. Sen: «Yo’q!» deb javob berasan. Men: «Xizmatdan qaytgandan keyin u nima ish qiladi? — O’g’irlik qilsinmi?

Shofyorlik yoki bul`dozerchilik kurslari haqidagi va’dalar qani? Muntazam armiyadan bizni qaerimiz kam?» — deyman. Shunday davom etamiz. Albatta, g’ala-g’ovur boshlanadi. Zora, shunda seni qo’llab yuborishsa …

Churilin juda ochilib ketdi. Karavotimga o’tirib olib, nuqul:
— Mana buni bosh deydilar! Zap boshing bor-da!— derdi.

— Bundaqa bosh bilan ishlamasang ham oshig’ing olchi bo’ladi! — deb ma’qullashga tushdi.
— Ayniqsa quyma to’qa bilan silab tursang, — dedim.

— Eski gap, — dedi Churilin, — hammasi unutildi … Nima deyishim kerakligini yozib ber.
— Senga tushuntirdim-ku!
— Endi yozib ber. Bo’lmasa chalkashtirib yuboraman.

Churilin menga kimyoviy qalam qoldig’ini uzatdi. So’ng devoriy gazetadan bir bo’lak yulib oldi.
— Yoz.

Men aniq-ravshan qilib, «Yo’q» dedim.
— «Yo’q» deganing nimasi? — so’radi u.

— «Nima gapirishimni yozib ber», deyapsan. Mana, men yozaman: «Yo’q». Men sudda savol beraman. «Biron-bir kasbing bormi?» deb so’rayman: Sen «Yo’q» deb javob qaytarasan. Keyin men shofyorlik kurslari haqida gapiraman. So’ng to’palon boshlanadi.

— Demak, men faqat «yo’q» deymanmi?
— Xuddi shunday.

— Kamlik qiladi, — dedi Churilin.
— Boshqa savollar tushib qolishi ham mumkin.

— Qanaqa?
— Unisini bilmayman.

— Nima deb javob qaytaraman.
— Savol qandayligiga qaraysan-da.

— Nima so’rashar ekan? Taxminan?
— Aytaylik, «Churilin, aybingga iqrormisan?» deb so’rashadi.

— Men nima deyman?
— «Ha» deb javob qaytarasan.

— Hammasi shumi?
— «Albatta, iqrorman va qattiq pushaymonman», desang ham bo’ladi.
— Mana bunisi yaxshi. Yozib qo’y. Avval savollarni, keyin javoblarni yoz. So’roqlarni odatdagidek yozaver, javoblarni katta harflarda yoz. Tag’in chalkashtirib yurmayin.

Churilin bilan o’n birgacha o’tirdik. Fel`dsher uni chiqarib yubormoqchi bo’ldi, ammo Churilin ko’nmadi:
— Quroldosh do’stimni ko’rishga haqqim bormi?!

Oqibatda biz butun bir drama yozib chiqdik. O’nlab savollar va javoblarni nazardan o’tkazdik. Buning ustiga, Churilinning qistoviga ko’ra qavs ichida «Sovuqqina», «O’ylanib», «Parishon» kabi so’zlarni yozib qo’ydim.

Shu payt menga tushlik: bir tarelka sho’rva, qovurilgan baliq va kisel` olib kelishdi.

Churilin hayron qoldi:
— Bu yerda gauptvaxtadan ko’ra yaxshiroq boqishar ekan.
— Aksi bo’ladi deb o’ylabmiding?

Unga baliq va kiselni berishga to’g’ri keldi.

Shundan keyin biz ajralishdik. Churilin ta’kidlardi:
— O’n ikkida hamyurtim gauptvaxtadan ketadi. Uning o’rniga qanaqadir xaxol keladi. Joyimda bo’lishim kerak.

Churilin oyna oldiga bordi. So’ng orqaga qaytdi.
— Unutay debman. Kel, kamarlarimizni almashtiraylik. Aks holda mana bu to’qa uchun qo’shib berishadi.

U mening askarlik kamarimni oldi. O’zinikini karavotga osib ko’ydi.
— Omading bor ekan, — dedi u, — meniki toza charmdan. To’qasi ham quymali. Ursang — odam nayza sanchilgandek ag’dariladi!
— Buni yaxshi bilaman …

Churilin tag’in deraza oldiga bordi. Yana bir marta o’girilib qaradi.
— Rahmat senga, — dedi, — o’lgunimcha unutmayman …

Derazadan sakrab tushdi. Bemalol eshikdan chiqsa ham bo’lardi.

Sigaretalarimni olib ketmaganigayam shukur …

Uch kun o’tdi. Vrach oson qutulganimni aytdi. Boshim salgina shilingan ekan.

Harbiy shaharcha hududida sandiroqlab yurdim. Soatlab kutubxonada o’tirdim. O’tin omborining tomida oftobda toblandim.

Ikki marta gauptvaxtaga kirishga urindim. Avvalgisida yangi kelgan latish yigit soqchiliqda ekan. Darhol avtomatni to’g’riladi. Sigareta bermoqchiligimni aytdim, u keskin boshini chayqadi.

Kechqurun yana keldim. Bu safar tanish instruktor navbatchilik qilardi.
— Kiraver, — dedi, — tunab qolsang ham mayli.

U kalitlarni shaqillatdi. Eshik ochildi.

Churilin uchta tutqun bilan karta o’ynab o’tirardi. Qo’lida buterbrod ushlagan beshinchisi kuzatib turardi. Polda apel`sin po’choqlari sochilib yotardi.
— Salom, — dedi Churilin, — xalaqit berma. Hozir ularni adabini berib qo’yaman.

Unga «Belomor» uzatdim.
— Ichkilik-chi? — so’radi Churilin. Bunaqa surbetlikni hammayam qilavermaydi.

Bir daqiqa turgach, chiqib ketdim.

Ertalab hamma yoqqa e’lon yopishtirib chiqildi:
«Divizionning ochiq komsomol majlisi o’tkaziladi. O’rtoqlik sudi. Churilin Vadim Tixonovichning shaxsiy masalasi. Kelish majburiy».

Muddatdan tashqari xizmatda qolgan askar:
— Allaqachon qilish kerak edi, — dedi. — Kazarmada nima bo’layapti — turgan-bitgani dahshat … Vino oqib yotipti …

Klub binosiga oltmishtacha odam yig’ildi. Sahnaga komsomol byurosi a’zolari joylashdi. Churilinni bayroq tagiga yonlamasiga o’tkazishdi. Mayor Afanas`evning kelishini kutishardi.
Churilin judayam baxtiyor ko’rinardi. Balki sahnaga birinchi bor chiqishidir. U imo-ishoralar qilar, tanishlariga qo’l silkitardi. Menga ham qo’l silkib qo’ydi.

Sahnaga, mayor Afanas`ev ko’tarildi.
— O’rtoqlar!

Zaldagi g’ala-g’ovur tindi.
— O’rtoq jangchilar! Bugun biz oddiy askar Churilinning shaxsiy masalasini ko’ramiz. Oddiy askar Churilin yefreytor Dovlatov bilan muhim topshiriqni bajarishga yuborilgan edi. Yo’lda oddiy askar Churilin o’lgudek ichib, bema’ni qiliqlar qila boshlagan. Oqibatda yefreytor Dovlatovga, kechirasizlar, ochig’i, bu quruq savlat ham undan qolishmaydi, shikast yetkazadi … Jilla qursa, mahbusdan uyalishsa bo’lardi …

Mayor bularni gapirayotganda Churilin juda ochilib ketdi. Ikki marta sochini taradi, stulda aylandi, bayroqni siladi. O’zini xuddi qahramon hisoblardi.

Mayor davom etdi:
— Faqat mana shu chorakning o’zida Churilin gauptvaxtaga yigirma olti marta tushgan. Men uni mast-alast yurishini aytayotganim yo’q — bu narsa Churilin uchun qishda qor yoqqandek gap. Men mushtlashishga o’xshash jiddiy jinoyatlarni nazarda tutayapman. Uning xayolida xuddi kommunizm qurib qo’yilgandek. Kimnidir, yoqtirmaysanmi — tushir basharasiga! Qarabsizki, musht ishga tushib turibdi-da! Nima, birovning basharasiga musht tushirishni men yoqtirmas ekanmanmi?! … Umuman, sabr kosamiz to’ldi. Churilin biz bilan qoladimi yoki qog’ozlari harbiy sudga oshiriladimi — hozir shuni hal qilamiz. Ish juda jiddiy, o’rtoqlar! Boshladik! … Qani! Churilin, ayting-chi, bu ish qanday yuz berdi?

Hamma Churilinga qaradi. Uning qo’lida g’ijimlangan qog’oz paydo bo’ldi. Uni aylantirib ko’rar va nimalarnidir pichirlab g’o’ldirar edi.
— Gapiring, — takrorladi mayor Afanas`ev.

Churilin esankirab menga qaradi. Bunday bo’lishini o’ylab ko’ribmiz deysizmi? Stsenariyga nimalardir kirmay qolgan edi.

Mayor ovozini balandlatdi:
— O’zingizni taroziga solmasdan tez gapiring!
— Shoshilayotgan joyim yo’q, — dedi Churilin.

U tumshaydi. Yuzi qorayib, borgan sari badqovoq tus ola boshladi. Mayorning ham jahli chiqayotgani ovozidan sezilib turardi.
— Ruxsat eting, men gapiraman.
— Yo’q, — baqirib berdi mayor, — o’zi aytgani yaxshi.
— E-ha, — dedi Churilin, — mana … Xohlayman … anovi … bul`dozerchilar kursiga kirishni …

Mayor unga o’girilib qaradi:
— Bul`dozerchilar kursining nima daxli bor, hoy, onangni emgur! Mast bo’lgansan, o’rtog’ingga shikast yetkazgansan, shuni bilasanmi o’zi?! Endi kursda o’qishni xohlab qoldingmi?! Mabodo, institutga kirging kelmayaptimi? Yoki ko’ngling konservatoriyani tusayotgandir?..

Churilin yana bir marta qog’ozga qarab olib, g’amgin gapirdi:
— Muntazam armiyadan kamlik joyimiz bormi?

Tutaqib ketgan mayor bo’g’ilib qolayozdi:
— Bu ahvol qancha davom etadi?! Unga yon bosgan saring o’zinikini ma’qullaydi. «Gapir» desang — parvoyi-falak!
— Gapiradigan narsaning o’zi yo’q, — Churilin o’rnidan turdi. — Forsaytlar qissasi bor deb o’ylaysanmi, bu yerda?! Gapirib ber! Gapirib ber! Nimani gapirib beraman?! Sen, qanjiq, meni yomon ko’rishingni bilmaymanmi? Senga men bas kelolarmidim?! …

Mayor to’pponcha qinini changalladi. Yanog’ida qizil dog’lar paydo bo’ldi. U og’ir nafas olardi. So’ng o’zini zo’r-bazo’r tutib:
— Sudga havola etamiz, — dedi. — Majlisni tamom deb e’lon qilaman!

Ikkita katta askar Churilinning qo’lidan ushladi. Men unga sigareta berib, tashqariga yo’l oldim.

Churilinni bir yilga intizom batal`oniga hukm qilishdi. Chiqishiga bir oy qolganda xizmatni tamomladim. Aqldan ozgan mahbusni ham qayta ko’rmadim. Bu g’alati dunyo qayoqqadir g’oyib bo’ldi.

Ammo kamarni saqlab qo’yibman.

034

(Tashriflar: umumiy 268, bugungi 1)

Izoh qoldiring