Mas’uma Ahmedova. Hikoyalar.

0Ғ1

1 октябрь — Ёзувчи ва таржимон Маъсума Аҳмедова таваллуд топган кун.

Акбарнинг миясига тўсатдан бир фикр келиб урилди. Бу фикр нохос кўнглини ёритиб юборди. Бу фикр уни қутқарди, бу фикр келажагини чароғон қилувчи маёқ бўлди. Ахир ҳар куни бўзчининг мокисидай шаҳарга ишга бориб келавериши шартми? Ахир туссиз ҳаётида ва ниҳоят маъно пайдо бўлди-ку. Ахир у ҳамиша юрагини кемирган туйғуни – ўзлигини топди-ку. Назарида шу вақтга довур расм чизмаганига асрлар ўтганга ўхшади.У эртадан бошлаб то “Адашган қиз” асарини тугатмагунича ишга бормайди, вассалом.

09
Масъума Аҳмедова
УЧ ҲИКОЯ
011

БИРОВНИНГ ҲАЁТИ

Ёнма-ён йўлда поезд пишиллаб келиб тўхтади. Микрофондан манқа, уйқуга қонмаган бўғиқ овоз таралди.
-Диққат, диққат! Ҳурматли йўловчилар! Иккинчи йўлда “Тошкент – Андижон”
поезди келиб тўхтади. Поезд бекатда уч дақиқа туради. Қайтараман…

Перрондаги одамлар шошилиб қолди.
Акбар бир зум электропоездда ўтирганлигини, ҳозиргина унинг ҳадеганда
юрмаётганлигидан тоқатсизланганини унутди. Беихтиёр рўпарасидаги вагон ойналарига тикилиб қолди. Одамларнинг ҳеч нима билан иши йўқ, бири чиқиб, бири тушяпти. Улар ҳадемай катта шаҳарга кириб борадилар. Одатдаги олағовур ҳаёт давом этади …

Орадан ҳеч вақт ўтмай, поезд хўрсиниб, йўлни бўшатди. Перронда қўлида тугун, ғижим рўмолни иягидан танғиган жувон серрайиб қолди. Жувоннинг қорни кўк ёмғирпўшни билинар-билинмас туртиб чиққанди, қоп-қора қўнғир сочлари қаттиқ танғилган рўмолга ҳам бўйсунмай шамолда тебранади, аста-аста томчилаётган ёмғир жувоннинг кифтларидан резина калишларигача чертади. Жувоннинг кўзлари олазарак бўлди.
Акбар юзини дераза ойнасига яқинлаштириб қаради, шунда у жувоннинг ниҳоятда ёшлигини ва шу ёшлиги боисдир, ғоятда зеболигини кўрди. Жувоннинг лаблари қаттиқ қимтилган, узун киприкларидан ҳозир ёш думалаб кетадиган авзойда эди. Совуқда кўкарган қўллари тугунни маҳкам тутганди.

Ёмғир тезлашди. Электропоезд ойналарини ҳовур босди. Акбар қўли билан ойнани артди. Жувон ҳамон жойида қотиб турар, назарида савалаётган ёмғирни ҳам ҳис этмасди. Акбар тўсатдан орқасига қалқиб кетди: поезд жойидан силжиди. Тезда жувон ҳам, перрон ҳам ортда қолди. Ойна ортида енгил ҳовурга бурканган далалар, уйлар, дарахтлар липиллаб ўтиб турди. Ҳар куни тиниқ кўриниб тургувчи олис тоғлар ҳам бугун ёмғир пардаси остида қолди. Бугун олис манзаралар ҳам кўринмади. Негадир Акбарнинг кўз ўнгида перрондаги ёшгина, кўҳликкина жувон, унинг қаттиқ қимтилган лаблари михланиб қолди. Хаёлига нималар келмади. Балки жувон оиласидан ҳайдалгандир, яқингинада қурган турмушидан ажралгандир. Нобоп эр, жоҳил қайнона уни оғироёқлигига қарамасдан ҳайдагандир. Ва у ҳозир нима қилишини, қаёққа боришини билмасдан эсанкираб турибди. Йўқ, йўқ, балки жувон умуман турмуш қурмагандир. Қиз балки адашгандир, бир онлик лаззатга учгандир. Ота уйини не-не кўнгил билан тарк этган, номусдан дуч келган поездга чиққан. Ҳа, ҳа, шу ҳақиқатга яқинроқ. Энди у поезддан тушиб олганча қаерга боришини билмай, довдираб турибди.

Акбар бу гал поезднинг шаҳарга қандай кириб келганини сезмай ҳам қолди. Юрагида қайтариб бўлмас истак пайдо бўлди. Эсизгина, ёнида бир парча қоғоз билан қалам ҳам йўқ экан. Қани эди, хаёлидаги ҳозиргина ўзи гувоҳ бўлган манзарани чизиб олса. Акбар тўрхалтасидаги бир даста газета-журналлар орасини титди. У ҳар кунги умрининг беш-олти соатини йўлга сарфлайди. Шу важдан ишхонасидаги кутубхоначи аёлдан йиллик газета-журналлар, китобларни сўраб олади. Йўл бўйи шуларни ўқиб кетади. Баъзан йўлдан толиққан кезлари ўзига-ўзи таскин беради: агарда шунча масофага вақт сарфламасам, бу газета-журналларни ўқимас, оламда нима гаплар бўлаётганлигидан бехабар юраверар эдим. Хайриятки, вақтни бекорга сарфламаяпман. У тўрхалта титкилаб, чизадиган бир нима тополмади. Ишхонага бориши билан ҳозиргина ўзи гувоҳ бўлган манзарани дарҳол чизиб олади. Акбар поезддан тушиши билан ишхона томон учди.

У бугун ҳамкасабаларидан атайин ўзини олиб қочди, хаёлидагини қоғозга тушириб олмаса, бутун ҳаракати зое кетади. Тез-тез қалам билан қоғозга чиза кетди: ана, намли, рутубатли тонг. Кўз илғамас, файзсиз кичик бекат, ана, резина калиш, кўк ёмғирпўш кийган, сочлари рўмолдан тўзғиб чиққан, кўзлари олазарак, лаблари қимтилган қиз… Барибир кўнгилдагидай чиқмади. “Уйга бориб, яна чизаман”, ичида ўзига-ўзи шундай деди.

Газета-журналларни кутубхоначига топширди.
-Нима берай, Акбаржон? – кутубхоначи кўзойнак ортидан унга тикилди.
-Раҳмат, ҳозирча ҳеч нарса керак эмас. Бир-икки кун дам олай.

Акбар аслида дам олмоқчи эмасди. Ахир газета-журнал ўқиб чалғиса, хаёлидаги манзара чапланади, хиралашади. У бармоқлари билан кун санади. Икки кун ишласа, шанба-якшанба дам олади. Ихтиёрида икки кун бор, насиб бўлса, ўтириб ишлайди. Фақат Мавлуда индамаса, жанжал қилмаса бўлгани. Шунинг учун ҳозир тайёргарлик кўриб қўйиш керак. “Туш пайти бозорга тушиб, бозорлик қилсам, шанба куни бекорга юрмайман. Мавлуда хурсанд бўлади, ишга ўтирсам жини қўзимайди”, ўйлади Акбар. Ва шундай қилди ҳам. Бари майда-чуйда қилинажак ишларни ҳордиқ кунларигача битирди.

Ёмғир қуйгандан-қуйди. Кўк ёмғирпўшли жувон жала остида қолди. Ёмғир қизнинг қоп-қора сочларини пешонасига ёпиштирди, кўк ёмғирпўши ивиб баданига ёпишди.

Акбар бир зумда хаёлидаги манзаранинг бир неча хилини чизиб ташлади. “Муҳими, картина қилиш, полотнога кўчириш”. У беихтиёр Ван Гогнинг “Ёмғирдан сўнг” асарини эслади. Ёмғирдан кейинги куннинг таровати, деҳқон куни манзарасини эсларкан, ичида мамнун бўлди: унинг ёмғирли кун манзараси, насиб бўлса, ҳеч кимникига ўхшамайди. Асарда ҳам манзара, ҳам инсон кайфияти бўлади. Кайфият, инсон тақдири акс этиб туради. Ҳақиқий инсоний асар бўлади.

Дастурхон теварагида жимгина овқатландилар.
— Бошлиқ билан айтишиб қолдим. – Мавлуда “Нима деркин”, дегандай, Акбаргақаради. – Қарасам, ҳар хил гаплар қиляпти.
Акбар қошиқни косага ташлади. У хотинининг ўйлаган ўйини англагандай деди:
-Сен нима дединг, эримга айтаман, дедингми?
– Нега одамни майна қиласиз? – Мавлуда тарақлатиб олдидаги косани нари сурди. – Ҳа, дедим деганимни. Бир хаёлпараст эрим бор, мен биров билан юраманми,юрмайманми, барибир. Бўпти, айтганингиз бўлақолсин, дедим.

Акбар бошини чангаллади. “Яна эски ашула бошланди. Тўхтатиб бўпсан энди”. У хотинининг ўзини беҳад севишларини ва шунинг баробарида бениҳоя қизғаниб рашк қилишларини, бу рашк то ёқа бўғишгача олиб бормаса, асло қониқмаслигини, депсиб уйни бошига кўтаришини яхши билиб олганди.
“Мавлуданинг Театр институтига киролмагани чакки бўлган-да. Агар Мавлуда актриса бўлолганида эди, бутун илҳоминию куч-ғайратини театр саҳнасига сарфларди-да, мен билан иши бўлмас, оила саҳнасида драма ўйнаб ўтирмасди, — ичида ўйланди у. – Аслида-ку, ўша институт остонасида учрашганлари ҳаётидаги катта хато бўлган”.

Мавлуда индамай ўтирган эрига ғазаби келди. “Шуям эрми?”
-Тўғри айтибманми? – деярли бақириб деди аёл.
-Бўпти, эртага бошлиғингнинг олдига бир борай. Мақсади нима – билмасам, юрганэканман йигит бўлиб. – Акбар астойдил шундай деди. Чунки бу машмашалар унингжонига теккан, аёлини бир фош қилиб, аламдан чиқмаса бўлмай қолганди. Мавлуданингбошлиқ ҳақидаги гапларни тўқиб чиқарганлигини, эрининг бунга қандай қарашини ўзкўзи билан кўргиси келаётгани унга янгилик эмасди. Ва ростдан ҳам аёлининг бошлиғиолдига борса, унинг бундай жинни хотин сизга керак бўлмаса, бизга мутлақо зарур эмас,опкетинг, дейишига ишончи комил эди.

Мавлуда эрининг сўзлари чин эканлигини билди, дастурхон йиғиштираркан,ғудранди:
— Бўлди, ўзим жавобини бериб юбордим.
Орага сукут чўкди. Хотин идишларни йиғиб олиб кетди. Ошхонада оёғига ёпишган қизчасига нималардир деб бақирди. Қизча дод солди. Нимадир синди. Бир зум ҳаммаёқ тинчиб қолди. Мавлуда шу билан аламдан чиқди.
“Хайрият, бу сафар жанжални катта қилмади, — суюнди Акбар. У расм чизадиган хонасига кираркан, бир муддат жойида тўхтаб қолди, ҳеч хаёлидаги манзарани тиклай олмади. – Бугун ҳам ҳаром бўлди”. Унинг юраги сиқилиб полотнога тикилди.

У яқинда йигирма етти ёшга кирди. Шу умри давомида фақат осойишталик истади. Жанжал-суронлардан қочиб яшади. Эсида, дадасининг ичиб келганини билди, ўртоқлариникига ёки кунлар илиқ бўлса, рўпараларидаги тепаликка қочиб кун кўрди. Тепаликдан кафтдай кўринган қишлоқ манзарасига маҳлиё бўлиб, уйдаги нохушликларни унутди. Беихтиёр расм чизиш истаги жунбишга келди. Устига-устак, тақдир унинг устидан кулгандай, чекига жанжални пулга сотиб оладиган хотин тушди. Бу ерда тепалик ҳам йўқ жон сақлайдиган. Ундан кейин бу ерни, бошлаб қўйган ишини ташлаб ҳам кетолмайди. Тўғриси, чўткаларинию бўёқларини Мавлудага ишонмайди.

Акбар хонада уёқдан-буёққа юрди. “Муҳими, Мавлуда билан олишмаслик, унга аҳамият бермаслик. Қачонлардир, кимлардандир эшитганди: одам турмуш майда-чуйдаларидан, икир-чикирларидан устун туриши керак, деб. У ҳам энди шундай қилади. Турмуш ғалваларига заррача эътибор бермайди”. Шу пайт дераза чертилди. Хаёли бўлиниб, деразага яқин борди. Деразани чертаётган ёмғир экан. Бирдан хаёлида кичик вокзал, перрондаги жувон жонланди. Акбар севиниб кетди. Шунда у барини, борлиқни унутди.

… Назарида керакли бўёқни тополмаётгандай бўлди. Нима қилса, қандай бўёқ берса, кайфият ифодаланади? Қандай чизса, аро йўлда қолган, адашган қиз портрети акс этади?

Шунча мўл ишласа-да, чизганлари барибир ўзига маъқул келмади. “Ахир хаёл билан расм чизиб бўлмайди-ку. Энг машҳур рассомлар ҳам натурадан нусха кўчиришган”. У ўзига-ўзи шундай тасалли берди. У натурачини қаёқдан топсин? Асарда ўша жувонга ўхшаш одамни топганда ҳам унга тўлайдиган маблағ қани, унинг учун шароит қани? Акбар машҳур рассом бўлса эканки, ўзининг холи устахонаси бўлса. У ҳафсаласи пир бўлиб, қўлидан чўткани ташлади. Руҳи тушди. Икки кун ҳам “ғув” этиб ўтди-кетди. Эртага яна ишга бориши керак. Яна эрта саҳардан қора кечгача ўзи истамаган ишларни қилиши керак. У ҳеч қачон таниқли рассом бўла олмаса керак. Жуда бўлмаганда, ўртамиёна сураткаш. Илк бор қўлига қалам билан қоғоз олган, расм чизган, шу расмни уч-тўрт одамга маъқул қилдирган сураткаш борки, машҳур бўлишни орзу қилади. Шуҳратга интилиш гуноҳми, орзу қилиш айбми? Лекин орзуга эришиш нечоғли мушкул… Турмушнинг зилдай юки остидан чиқиб олиш нечоғли оғир…

Акбар шундай ўйлар билан ўзига-ўзи тасалли бераркан, юрагини қоплаган таҳлика орқага чекинди. У яна қўлига чўткани олди. Хаёлидаги тасвири тобора ўчиб бораётган перрондаги жувонни амалда тиклашга бор кучи билан тиришди.

Акбарнинг миясига тўсатдан бир фикр келиб урилди. Бу фикр нохос кўнглини ёритиб юборди. Бу фикр уни қутқарди, бу фикр келажагини чароғон қилувчи маёқ бўлди. Ахир ҳар куни бўзчининг мокисидай шаҳарга ишга бориб келавериши шартми? Ахир туссиз ҳаётида ва ниҳоят маъно пайдо бўлди-ку. Ахир у ҳамиша юрагини кемирган туйғуни – ўзлигини топди-ку. Назарида шу вақтга довур расм чизмаганига асрлар ўтганга ўхшади.У эртадан бошлаб то “Адашган қиз” асарини тугатмагунича ишга бормайди, вассалом. Сабаби: ишдан муҳимроқ иши бор. Мавлудами, билганини қилсин.

У қатъий қарорга келди.
Кеч кузнинг рутубатли тонги. Кишининг юрагини қон қиладиган ёмғир эзиб ёғяпти. Совуқ ҳовур изма-из келиб турган поездларни парда каби ўраб олди. Мана, аста поезд жилди. Поезддан тушувчилар, чиқувчилар ариди. Перронда қўлида биргина тугун тутган, юпун кийинган ёш, кўҳликкина жувон қолди. Жувоннинг сочлари рўмолга сўз бермай, шамолда тебранади. Лаблари қаттиқ қимтилган, қоп-қора кўзлари саросимада – жувон юкли.

Акбар ўзи хаёлан кашф қилган ёшгина жувон ҳаётига сингиб кетди, гўё у билан бирга нафас олди. Чўтка тутган қўллари тин олмади.
— Шундай ўтираверадиларми? – Мавлуданинг овози уни ҳушига қайтарди. Уорқасига ўгирилди. Остонада қошлари чимирилган, дарғазаб хотинини кўрди, беихтиёрқўллари пастга тушди. — Сабабини билсак бўладими?
Акбар нима гаплигига тушунмагандай, хотинига тикилиб қолди.
— Нега анқаясиз? Неча кун бўлди, ишга бормайсиз, гап гапирсам анграясиз?Қилинадиган қанча ишлар ётибди, бу кишим бўлсалар, расм чизи-и-иб ўтирибдилар.Кошки бу расм ўлгур нон берса, ош берса.
— Бас қил! – у хотинига ўшқирди, ерга чўкиб, тиззаларини қучоқлади.

У, шу гапни гапиряпсанми, эй хотин, ахир сен ўқимаган, оми аёл эмассан-ку! Бир пайтлар сен ҳам санъаткор бўлишга даъвогар эдинг-ку, дегиси келди. Аммо ҳайф сенга сўз, дегандай, энсаси қотди.
— Э! – у қўлларини силтади.
Мавлуда эрининг кайфияти бузилганини кўриб, шашти пасайди:
-Намоз аканикига бориш керакмиди? – Мавлуда юмшаб, писанда қилди.

Акбар нима гаплигига энди тушунди. Бир маҳалла наридаги Намоз ака шу кузда уй тузаб, безатяпти. Уйининг бир хонасига манзарали расм чиздирмоқчи. Ўн кунларча аввал у Акбар билан келишган эди. Бутунлай эсидан чиқиб кетибди. Унинг юраги орқасига тортди. Яна ёзнинг куни келадиган бўлди. Акбар ҳар йили ёзни орзиқиб кутади, тоғларга, қишлоқларга чиқиб, расм чизсам, деб орзулайди. Аммо орзу-орзулигича қолади . Рўзғор аталмиш ғор уни ҳам, унинг орзуларини ҳам ўз комига тортади. “Шу ёз ишласангиз, мебель, гилам оламиз. Шаҳардан уй олиб, кўчадиган бўлсак, ҳеч вақомиз йўқ”. У шундай-шундай гаплар билан тобора юрагида орзу қилган расмларини чизмай қолаверади. Кўнглидаги мунг каби, қувонч каби оҳанг борган сари ундан узоқлашиб, тарк этиб бораверади. Энди яна кўнгил орзуларидан воз кечсинми? Барини аро йўлда ташлаб, пул топишга тушсинми? Энди кўнглидаги полотнога кўчаётган ўша… ўша жувонни ташлаб кетсинми?
-Бориб айт, эримнинг зарур ишлари чиқиб қолди, кела олмайди , де.
-Нима-а?
— Шу. Мен картинани тугатмагунимча ҳеч қаёққа бормайман. Сен айтмасанг,ўзим бориб айтаман.
— Сиз ахир йигитмисиз?Лафзингиз борми? – Мавлуданинг нақ жони ҳалқумига келди. У сира-сира Акбардан бундай қилиқни кутмаган эди. – Эй, сизга катталикни ким қўйибди? Олдин энгил-бошингизга кийим илинг-да, кейин катталик қилинг, ия.

Акбар ўзини тутолмай қолди.
— Қани, чиқ, чиқиб кет! – у бир қўли билан хотинини эшик томон итарди, бир қўли билан расмни муҳофаза қилди.
— Нега мени ушлайсан, қўйвор! – Мавлуда беихтиёр сен-сенлаб кетди. – Ҳали мени итдай ҳайдайдиган бўлдингми? Сен-а?

Мавлуда бир юлқиниб, эрининг қуршовидан чиқди-да, жон-жаҳди билан оёғидан шиппагини олиб, расмга қараб отди.

Шиппак учиб бориб, нақ кўк ёмғирпўшли жувонга тегди.
Учиб бориб, жувоннинг ҳозир йиғлаб юборай-йиғлаб юборай деяёзган рафтордаги юзига, маҳкам қимтилган лабларига тегди.
Шиппак зарб билан урилиб, бўёқларни чаплаб юборди.
Зарб билан урилиб, расм чизилган матони тешиб кетди.
Зарб билан урилиб, жувоннинг башарасини жароҳатлади.
Жароҳатдан тирқираб қон оқди…

-А-а! — Акбарнинг томоғидан бир нидо отилиб чиқди.
У беихтиёр бошини чангаллаганича ўтириб қолди. Мавлуда нима бўлганига энди ақли етгандай, саросимада қолди. Орага оғир сукунат тушди.
— Яхшиси, кет, — ҳарсиллаганича деди Акбар бошини кўтармай.
— Нега мен кетарканман, ўзинг кет, — деди Мавлуда ўзини тутиб олиб.
— Мен кетайми? Бўпти, — Акбар шаҳд билан ўрнидан турди.
Энди уни бу уйда ҳеч қандай куч тутиб туролмас эди.

Кеч куз шамоли бадан-баданни тешиб юборгудай изиллайди. Олис-олислардан паровозлар гудоги қулоққа чалинади. Вокзал биносидаги чироқ ҳозир-ҳозир ўчиб қоладигандай липиллайди. Саёқ ит ичкарига кирмоқчи каби искаланади. Қоровул чол саёқ итга қўлига тушган консерва банкани отади. Ит вангиллаб жўнайди. Ташқарида мов бўлган мушуклар қийиллайди, янги туғилган чақалоқлар каби чирқиллайди.
Акбар кўз очиб юмгунча бор-йўғини ўғри тўнаб кетган одам кепатасида қатор тизилган яхдай курсиларга ўзини ташлади.
Бир муддат кўзи илинди. Ҳушидами, тушидами, бўғиқ, манқа овоз таралди: “Диққат, диққат” Ҳурматли йўловчилар! Иккинчи йўлда “Тошкент-…” поезди келиб тўхади. Қайтараман…”

Шунда кимдир елкасига аста қўлини қўйди. У сесканиб орқасига ўгирилди. Қаршисида рўмолни иягидан боғлаган, бир қўлида тугун, эгнида кўк ёмғирпўш, оёғида қора калиш, ёшгина жувон турибди. Жувон қорни билинар-билинмас ёмғирпўшни туртиб чиққан, узун-узун киприкларидан оққан томчи ёш йилтиллайди, лаблари маҳкам қимтилган.
— Болам, эшикка рўпара ётманг, елвизак. Тағин шамоллаб қолманг. – Қоровул чол Акбарнинг кифтидан аста туртди.

Акбар сапчиб ўрнидан турди. Теваракка бир қур назар солди, ўзига келди.
Узоқ-яқиндан хўрозлар узун-қисқа қичқириб, саҳарни қаршилади. Тонг ёришиб келди.
Олис-олислардан рельсларни тарақлатиб поезд бекатга яқинлаша бошлади.

БИЛЛУР ГУЛДОН

Катта иморат пастида бозор қизийди. Қўшни кампирлар пастаккина курсичаларда ўтирадилар, эрмак қилиб, савдо қиладилар. Олдиларида турфа буюмлар ёйилган, ранг-баранг пуфаклардан тортиб, банка қопқоқлари-ю, чинни идишлар…

Биров пайпоқ тўқиганча олдидаги эски қўғирчоқ, сирли кастрюлга аҳён-аҳён ўтиб қолган ўткинчиларни чорлайди. Бирови олдидаги нарсаларни уёқ-буёққа суриб қўйган бўлади. Биров бепарво, қўлларини чалмаштирганича ўтиради.

Шу ердан ўтиб кетаётган қиз беихтиёр тўхтаб қолди. Ана шу эски буюмлар орасида бир гулдон унинг эътиборини тортди. Қиз энгашиб қўлига гулдонни олди. Биллур гулдон нафислиги, безаклари кўзини яйратди. Аста бармоқлари билан гулдонни чертди. Гулдондан кўнгил тубига бориб тегадиган ажиб нозик овоз таралди.
— Эҳтиёт бўл, қизим, — деди қотмагина кампир унга юзланиб. Афтидан, кампир идиш эгаси бўлса керак, куюнчаклик билан қўшиб қўйди: —Бунақа биллур ҳозир топилмайди. Чехларники. Ўҳў, буни бир пайтлар эрим олиб келганди. Шундай қиммат, шундай қиммат… Роса койигандим ўзиниям.

Қиз гулдонни қўлида авайлаб томоша қилди. Биллур қуёшда жилва қилди.
— Қанча деяпсиз? — сўради қиз гулдонни қўлидан қўймай.
Кампир ютинганча индамай қолди.
— Қанча? — қиз уни эшитмади, деб ўйлаб саволини такрорлади.
— Матвеевна, сенга гапиряпти, — кампирнинг ёнида ўтирган ҳамроҳи уни туртиб деди. — Айтсанг-чи нархини.

Кампир гўёки гулдонни қайтиб олмоқчидай, беихтиёр қўлларини қизга силкиди.
— Гулдонни ростдан олмоқчимисан?
— Олмасам, сўрармидим, бувижон, — деди қиз кулиб.
— Бу гулдон не-не бахтли кунларни кўрмаган… — кампир хаёлга толди.— У бахт келтиради.
— Майли, бахт келтира қолсин, шунинг учун ҳам сотиб олмоқчиман-да, — деди қиз яна мийиғида кулиб. — Ахир қанча нархи?

Кампир ўйланиб қолди.
— Клава, савдоси келганда, нега жим ўтирибсан, айтсанг-чи?
Кампир қизга юзланди:
— Гулдонни қайтиб бера қолинг, қизим.

Қиз ҳайрон бўлиб қолди. Атрофдагилар ҳам унга таажжубланиб қарашди.
— Сотишдан айнидингизми? Ё пули етмайди деб ўйлаяпсизми? — деди қиз жон-дили билан.
— Йўқ, йўқ….
— Жиннимисан, Матвеевна, нега бундай қиляпсан? — деди унга ҳамроҳи куюниб.
— Гулдонни сотмоқчи эмасман… фикримдан қайтдим.
— Ие, нега? — деди қиз ажаблангандан-ажабланиб. — Сотмоқчи бўлмасангиз, нега олиб чиқдингиз?

Атрофдагилар ҳам чувиллашиб кетишди.
— Бера қолинг… — кампир деди қизга ёлвориб, гўёки у гулдонни олиб, қочиб кетадигандай.

Қиз ноилож истамайгина гулдонни унга узатди.
Кампир гулдонни шоша-пиша олиб, қоғозга ўради.
Қиз орқасига қарай-қарай нари кетди.

ВИДОЛАШУВ

Яқинимиз Соня холанинг порлоқ хотирасига бағишлайман.

Атроф жимжит. Ҳовлидаги дарахтлар кузги шабадада аста чайқалади. Чорпояга туташ олма дарахтидан ғарқ пишган олма ерга «тап» этиб тушади.
Чорпоя чеккасида омонатгина ўтирган хола бу овоздан чўчиди, сўнг ўрнидан чаққон туриб, ердан олмани олди. Сап-сариқ олма чошгоҳ қуёши нурларида товланди.
— Ҳа-а, дунё деганлари шу экан-да, — ўзича сўзланди хола.

У бу билан пишиб ерга тушган, шу билан ўз умрига нуқта қўйган олма ҳақидами ё умуман, ҳаёт ҳақида гапиряптими, уни кузатган одам буни дабдурустдан англолмасди.
Бир пайт чорпоя рўпарасидаги уй эшиги очилди. Остонада йигирма ёшлардаги қиз кўринди.
— Рихси хола, кираркансиз, бувим сўраяпти¬лар, — деди қиз ҳорғин.
Хола эшик олдига борди. Шу ерда бир оз туриб қолди-да, сўнг шаҳд билан остонадан ҳатлади. Уй ичкарисига кирди.

Хонадаги сукутни ташқаридан кириб қолган пашшанинг ғинғиллаган овози бузарди. Уй тўрига қўйилган катта сим каравотда, агар чойшабдан чиқиб турган қоқсуяк қўллар бўлмаса, биров ётганлиги ҳам сезилмасди. Хола аста каравотга яқинлашди.
— Ойша, тузук бўлиб қолдингизми?

Шунда бемор «ялт» этиб келувчига қаради. Унинг чеҳрасидан дард азоби сезилмас, ич-ичига чўккан мовий кўзлари, бир бурда бўлиб қолган оқарин¬қираган юзлари осойишта кўринарди.
Бемор бошини аста ирғади. Нимадир демоқчи каби қўшнисига юзланди.
— Рихси…

Холанинг хотирасида олис йиллар воқеаси жонланди…
— Менинг исмим Айше, — деди қиз табассум билан.
Қиз баланд бўйли, елкасида сарғиш сочлари мавжланиб турганга ўхшар, мовий кўзлари чарақлаб, кишини ўзига тортиб турарди.

«Туробнинг хотини кўҳликкина экан», деган фикр ўтганди унинг хаёлидан илк бора Ойша билан танишганида.
Ҳа, ўшанда «Туроб ота-она розилигисиз қрим-татар қизга уйланибди, келин ўртоғиникида эмиш», деган гап тарқалди. Эсида, ўшанда маҳаллада озмунча шов-шув бўлмагандими, э-ҳе…
Ахири келин ҳам келди. Келинни кўрмасдан, билмасдан маҳобат қилганлар ахири тинчидилар. У ҳам ўзлари қатори бир инсон экан. Йўқ, келин бу ҳаётга тез кўникди, эпликкина, пишиқ-пухтагина чиқди.
— Келдингизми…
Холанинг беихтиёр хўрлиги келди.

Эшикда қораси кўриниши билан уни Ойша шу сўзлар билан қарши оларди.

Эҳ-ҳе, шу сўзларга у қанчалик ўрганиб қолганди. Ҳаётда нималар ўтмайди. Юраги сиқилса, ғам-ташвишлардан эзилса, шу қўшниси билан дардлашарди… Ҳа, яна рўпарада боғ қўшниси Роҳила бўларди. Учаласи биринчи бор қаҳва ичгандилар. Ичлари яйраб, миялари тиниқлашгандай бўлганди ўшанда. Шу-шу, улар Ойша янчиб, қайнатган қаҳвага ҳам шерик бўлдилар. Қаҳвага ҳам шу Ойша ўргатганди уларни. Роҳила ҳам раҳматли бўлиб кетди. Кексалик экан-да, бурноғи йили шундайгина зинадан йиқилиб тушди-ю, ўлди-кетди. Парвардигори олам, ким нима сабаб билан бу дунёдан кетади — ўзи билади.

Кейин уларнинг давраларига қўшни қишлоқдан маҳаллаларига кўчиб келган Мамлакат ҳам қўшилди. Жуда шаддод эди-да, тушмагур. Тўй, аза, борингки, бирон маърака унингсиз ўтмасди. Барини тинчитарди, Худо ярлақагур. Роҳила ўғлини уйлантираётганида тўйда эркакча кийим кийиб олиб ўйнаганди. Роса тўйни қизитганди ўзиям. Ўшанда тўйлар қизиқ бўларди-да. Ҳозиргиларникига сира ўхшамасди.

Қаҳратон қиш, совуқдан тишлар бир-бирига тегиб, такиллайди. Ахир қишлоқда тўйлар қишда бўларди-да. Сабабими? Сабаби — қишлоқ аҳли деҳқон, ёзнинг ҳар лаҳзаси ғанимат. Ҳосилни йиғиб-териб, кейин қишда оёқни узатиб, бемалол тўй қилади-да.

Ўртада гуриллаб гулхан ёниб туради. Дўмбира, чилдирма, карнай-сурнай садолари авжига чиқади. Олдидаги олов чўғлари сўнаёзган дўмбирачи зўр бериб дўмбирасини чалади, сурнайчи қип-қизил лунжларини шиширганича, сурнай чалади. Одамлар совуқ қотганларидан ҳам даврадан чиқмай ўйнайверардилар, ўйнайверардилар… Ҳа, ўша тўйларга етадиганини кўрмади. Рисолат ҳам кетди Уч-тўрт йил бўлди. Холанинг кўнгли ўксиди. Ҳа, улар кетди. У негадир ўзини ёлғиз сезди. Кўзига ёш келди. Мана, Ойша ҳам…
— Рихси…

Хола ўзига келди. «Ялт» этиб, беморга қаради. Беморнинг кўзлари олазарак бўлди.
— Яхши-ёмон гаплар ўтган бўлса…
— Ие, Ойша, сира ундай деманг, ҳали яхши бўлиб кетасиз, ҳа…
Холанинг юраги орқага тортди, шоша-пиша шундай деди. Бемор индамади. Орага сукут тушди.
— Рихси хола, бувим толиқдилар… — қиз унинг ёнига секин келди-да, шивирлади: — Энди дам олсинлар…
Рихси хола тиззаларига суяниб, ўрнидан турди. У дугонасидан кўз узолмай, аранг эшикка йўналди. Жим-жит ҳовлини тарк этди.

…Ташқари шовқин эди. Болалар ўйиндан зерикмай, уёқдан-буёқдан чопишади, кимдир чеккада машина тузатади, кимдир деворга мингашиб олганча пахса уради.
— Бўл, лойни узат! — деб бақиради ҳамроҳига.

Олди қиш, кун ғанимат. Кўча бошида, ариқ чеккасида қўшни келинлар тизилишган. Улар туриб олганларича бир-бирларига гап бермай нималарнидир муҳокама қиладилар, баҳслашадилар.
Холанинг кўнгли бирдан ёришди, бояги маҳзунлиги пича тарқади. У, Роҳила, Мамлакат, Ойша… улар ҳам шундай эдилар. Шундай ёш, шундай шаддод…

011

088  Маъсума Аҳмедова 1952 йилнинг 1 октябрида Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. 1970 йили ўрта мактабни тугатиб, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетига ўқишга кирган. 1968 йили “Ёрдам” ҳикояси “Гулхан” журнали танловида ғолиб бўлган. 1976 йили университетни тугатган.
“Деловой партнер” ва “Новости неделя” газеталарида таржимон муҳаррир бўлиб фаолият юритган. “Мажбурият”, “Шаҳарга саёҳат”, “Байрамлик”, “Оддий ҳикоя” каби ҳикоялари “Ёшлик” “Шарқ юлдузи” журналларида чоп этилган. 1982 йили “Офтобли кун” номли биринчи китоби нашрдан чиққан. 1983 йили Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган. 1999 йили «Истиқлол умидлари» тўпламида “Бировнинг ҳаёти” деб номланувчи ҳикоялар мажмуи чоп этилди. 1985 йили Чингиз Хусайновнинг “Муҳаммад, Мамад, Мамиш” романини озарбойжон ва рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Бир қанча япон ёзувчилари ҳикояларини ҳам таржима қилган.Хулио Кортасар ва Леонид Андреевннинг ҳикояларини ўзбек тилига ўгирган.

Ma’suma Ahmedova 1952 yilning 1 oktyabrida Toshkent viloyatining Parkent tumanida tug’ilgan. 1970 yili o’rta maktabni tugatib, Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetiga o’qishga kirgan. 1968 yili “Yordam” hikoyasi “Gulxan” jurnali tanlovida g’olib bo’lgan. 1976 yili universitetni tugatgan.
“Delovoy partner” va “Novosti nedelya” gazetalarida tarjimon muharrir bo’lib faoliyat yuritgan. “Majburiyat”, “Shaharga sayohat”, “Bayramlik”, “Oddiy hikoya” kabi hikoyalari “Yoshlik” “Sharq yulduzi” jurnallarida chop etilgan. 1982 yili “Oftobli kun” nomli birinchi kitobi nashrdan chiqqan. 1983 yili Yozuvchilar uyushmasiga a’zo bo’lgan. 1999 yili «Istiqlol umidlari» to’plamida “Birovning hayoti” deb nomlanuvchi hikoyalar majmui chop etildi.1985 yili Chingiz Xusaynovning “Muhammad, Mamad, Mamish” romanini ozarboyjon va rus tilidan o’zbek tiliga tarjima qilgan. Bir qancha yapon yozuvchilari hikoyalarini ham tarjima qilgan.Xulio Kortasar va Leonid Andreevnning hikoyalarini o’zbek tiliga o’girgan.

09
Mas’uma Ahmedova
UCH HIKOYA
011

BIROVNING HAYOTI

Yonma-yon yo’lda poezd pishillab kelib to’xtadi. Mikrofondan manqa, uyquga qonmagan bo’g’iq ovoz taraldi.
-Diqqat, diqqat! Hurmatli yo’lovchilar! Ikkinchi yo’lda “Toshkent – Andijon”
poezdi kelib to’xtadi. Poezd bekatda uch daqiqa turadi. Qaytaraman…

Perrondagi odamlar shoshilib qoldi.
Akbar bir zum elektropoezdda o’tirganligini, hozirgina uning hadeganda yurmayotganligidan toqatsizlanganini unutdi. Beixtiyor ro’parasidagi vagon oynalariga tikilib qoldi. Odamlarning hech nima bilan ishi yo’q, biri chiqib, biri tushyapti. Ular hademay katta shaharga kirib boradilar. Odatdagi olag’ovur hayot davom etadi …

Oradan hech vaqt o’tmay, poezd xo’rsinib, yo’lni bo’shatdi. Perronda qo’lida tugun, g’ijim ro’molni iyagidan tang’igan juvon serrayib qoldi. Juvonning qorni ko’k yomg’irpo’shni bilinar-bilinmas turtib chiqqandi, qop-qora qo’ng’ir sochlari qattiq tang’ilgan ro’molga ham bo’ysunmay shamolda tebranadi, asta-asta tomchilayotgan yomg’ir juvonning kiftlaridan rezina kalishlarigacha chertadi. Juvonning ko’zlari olazarak bo’ldi.Akbar yuzini deraza oynasiga yaqinlashtirib qaradi, shunda u juvonning nihoyatda yoshligini va shu yoshligi boisdir, g’oyatda zeboligini ko’rdi. Juvonning lablari qattiq qimtilgan, uzun kipriklaridan hozir yosh dumalab ketadigan avzoyda edi. Sovuqda ko’kargan qo’llari tugunni mahkam tutgandi.

Yomg’ir tezlashdi. Elektropoezd oynalarini hovur bosdi. Akbar qo’li bilan oynani artdi. Juvon hamon joyida qotib turar, nazarida savalayotgan yomg’irni ham his etmasdi. Akbar to’satdan orqasiga qalqib ketdi: poezd joyidan siljidi. Tezda juvon ham, perron ham ortda qoldi. Oyna ortida yengil hovurga burkangan dalalar, uylar, daraxtlar lipillab o’tib turdi. Har kuni tiniq ko’rinib turguvchi olis tog’lar ham bugun yomg’ir pardasi ostida qoldi. Bugun olis manzaralar ham ko’rinmadi. Negadir Akbarning ko’z o’ngida perrondagi yoshgina, ko’hlikkina juvon, uning qattiq qimtilgan lablari mixlanib qoldi. Xayoliga nimalar kelmadi. Balki juvon oilasidan haydalgandir, yaqinginada qurgan turmushidan ajralgandir. Nobop er, johil qaynona uni og’iroyoqligiga qaramasdan haydagandir. Va u hozir nima qilishini, qayoqqa borishini bilmasdan esankirab turibdi. Yo’q, yo’q, balki juvon umuman turmush qurmagandir. Qiz balki adashgandir, bir onlik lazzatga uchgandir. Ota uyini ne-ne ko’ngil bilan tark etgan, nomusdan duch kelgan poezdga chiqqan. Ha, ha, shu haqiqatga yaqinroq. Endi u poezddan tushib olgancha qaerga borishini bilmay, dovdirab turibdi.

Akbar bu gal poezdning shaharga qanday kirib kelganini sezmay ham qoldi. Yuragida qaytarib bo’lmas istak paydo bo’ldi. Esizgina, yonida bir parcha qog’oz bilan qalam ham yo’q ekan. Qani edi, xayolidagi hozirgina o’zi guvoh bo’lgan manzarani chizib olsa. Akbar to’rxaltasidagi bir dasta gazeta-jurnallar orasini titdi. U har kungi umrining besh-olti soatini yo’lga sarflaydi. Shu vajdan ishxonasidagi kutubxonachi ayoldan yillik gazeta-jurnallar, kitoblarni so’rab oladi. Yo’l bo’yi shularni o’qib ketadi. Ba’zan yo’ldan toliqqan kezlari o’ziga-o’zi taskin beradi: agarda shuncha masofaga vaqt sarflamasam, bu gazeta-jurnallarni o’qimas, olamda nima gaplar bo’layotganligidan bexabar yuraverar edim. Xayriyatki, vaqtni bekorga sarflamayapman. U to’rxalta titkilab, chizadigan bir nima topolmadi. Ishxonaga borishi bilan hozirgina o’zi guvoh bo’lgan manzarani darhol chizib oladi. Akbar poezddan tushishi bilan ishxona tomon uchdi.

U bugun hamkasabalaridan atayin o’zini olib qochdi, xayolidagini qog’ozga tushirib olmasa, butun harakati zoe ketadi. Tez-tez qalam bilan qog’ozga chiza ketdi: ana, namli, rutubatli tong. Ko’z ilg’amas, fayzsiz kichik bekat, ana, rezina kalish, ko’k yomg’irpo’sh kiygan, sochlari ro’moldan to’zg’ib chiqqan, ko’zlari olazarak, lablari qimtilgan qiz… Baribir ko’ngildagiday chiqmadi. “Uyga borib, yana chizaman”, ichida o’ziga-o’zi shunday dedi.

Gazeta-jurnallarni kutubxonachiga topshirdi.
-Nima beray, Akbarjon? – kutubxonachi ko’zoynak ortidan unga tikildi.
-Rahmat, hozircha hech narsa kerak emas. Bir-ikki kun dam olay.

Akbar aslida dam olmoqchi emasdi. Axir gazeta-jurnal o’qib chalg’isa, xayolidagi manzara chaplanadi, xiralashadi. U barmoqlari bilan kun sanadi. Ikki kun ishlasa, shanba-yakshanba dam oladi. Ixtiyorida ikki kun bor, nasib bo’lsa, o’tirib ishlaydi. Faqat Mavluda indamasa, janjal qilmasa bo’lgani. Shuning uchun hozir tayyorgarlik ko’rib qo’yish kerak. “Tush payti bozorga tushib, bozorlik qilsam, shanba kuni bekorga yurmayman. Mavluda xursand bo’ladi, ishga o’tirsam jini qo’zimaydi”, o’yladi Akbar. Va shunday qildi ham. Bari mayda-chuyda qilinajak ishlarni hordiq kunlarigacha bitirdi.

Yomg’ir quygandan-quydi. Ko’k yomg’irpo’shli juvon jala ostida qoldi. Yomg’ir qizning qop-qora sochlarini peshonasiga yopishtirdi, ko’k yomg’irpo’shi ivib badaniga yopishdi.

Akbar bir zumda xayolidagi manzaraning bir necha xilini chizib tashladi. “Muhimi, kartina qilish, polotnoga ko’chirish”. U beixtiyor Van Gogning “Yomg’irdan so’ng” asarini esladi. Yomg’irdan keyingi kunning tarovati, dehqon kuni manzarasini eslarkan, ichida mamnun bo’ldi: uning yomg’irli kun manzarasi, nasib bo’lsa, hech kimnikiga o’xshamaydi. Asarda ham manzara, ham inson kayfiyati bo’ladi. Kayfiyat, inson taqdiri aks etib turadi. Haqiqiy insoniy asar bo’ladi.

Dasturxon tevaragida jimgina ovqatlandilar.
— Boshliq bilan aytishib qoldim. – Mavluda “Nima derkin”, deganday, Akbargaqaradi. – Qarasam, har xil gaplar qilyapti.
Akbar qoshiqni kosaga tashladi. U xotinining o’ylagan o’yini anglaganday dedi:
-Sen nima deding, erimga aytaman, dedingmi?
– Nega odamni mayna qilasiz? – Mavluda taraqlatib oldidagi kosani nari surdi. – Ha, dedim deganimni. Bir xayolparast erim bor, men birov bilan
yuramanmi,yurmaymanmi, baribir. Bo’pti, aytganingiz bo’laqolsin, dedim.

Akbar boshini changalladi. “Yana eski ashula boshlandi. To’xtatib bo’psan endi”. U xotinining o’zini behad sevishlarini va shuning barobarida benihoya qizg’anib rashk qilishlarini, bu rashk to yoqa bo’g’ishgacha olib bormasa, aslo qoniqmasligini, depsib uyni boshiga ko’tarishini yaxshi bilib olgandi.“Mavludaning Teatr institutiga kirolmagani chakki bo’lgan-da. Agar Mavluda aktrisa bo’lolganida edi, butun ilhominiyu kuch-g’ayratini teatr sahnasiga sarflardi-da, men bilan ishi bo’lmas, oila sahnasida drama o’ynab o’tirmasdi, — ichida o’ylandi u. – Aslida-ku, o’sha institut ostonasida uchrashganlari hayotidagi katta xato bo’lgan”.

Mavluda indamay o’tirgan eriga g’azabi keldi. “Shuyam ermi?”
-To’g’ri aytibmanmi? – deyarli baqirib dedi ayol.
-Bo’pti, ertaga boshlig’ingning oldiga bir boray. Maqsadi nima – bilmasam, yurganekanman yigit bo’lib. – Akbar astoydil shunday dedi. Chunki bu mashmashalar uningjoniga tekkan, ayolini bir fosh qilib, alamdan chiqmasa bo’lmay qolgandi. Mavludaningboshliq haqidagi gaplarni to’qib chiqarganligini, erining bunga qanday qarashini o’zko’zi bilan ko’rgisi kelayotgani unga yangilik emasdi. Va rostdan ham ayolining boshlig’ioldiga borsa, uning bunday jinni xotin sizga kerak bo’lmasa, bizga mutlaqo zarur emas,opketing, deyishiga ishonchi komil edi.

Mavluda erining so’zlari chin ekanligini bildi, dasturxon yig’ishtirarkan,g’udrandi:
— Bo’ldi, o’zim javobini berib yubordim.
Oraga sukut cho’kdi. Xotin idishlarni yig’ib olib ketdi. Oshxonada oyog’iga yopishgan qizchasiga nimalardir deb baqirdi. Qizcha dod soldi. Nimadir sindi. Bir zum hammayoq tinchib qoldi. Mavluda shu bilan alamdan chiqdi.
“Xayriyat, bu safar janjalni katta qilmadi, — suyundi Akbar. U rasm chizadigan xonasiga kirarkan, bir muddat joyida to’xtab qoldi, hech xayolidagi manzarani tiklay olmadi. – Bugun ham harom bo’ldi”. Uning yuragi siqilib polotnoga tikildi.

U yaqinda yigirma yetti yoshga kirdi. Shu umri davomida faqat osoyishtalik istadi. Janjal-suronlardan qochib yashadi. Esida, dadasining ichib kelganini bildi, o’rtoqlarinikiga yoki kunlar iliq bo’lsa, ro’paralaridagi tepalikka qochib kun ko’rdi. Tepalikdan kaftday ko’ringan qishloq manzarasiga mahliyo bo’lib, uydagi noxushliklarni unutdi. Beixtiyor rasm chizish istagi junbishga keldi. Ustiga-ustak, taqdir uning ustidan kulganday, chekiga janjalni pulga sotib oladigan xotin tushdi. Bu yerda tepalik ham yo’q jon saqlaydigan. Undan keyin bu yerni, boshlab qo’ygan ishini tashlab ham ketolmaydi. To’g’risi, cho’tkalariniyu bo’yoqlarini Mavludaga ishonmaydi.

Akbar xonada uyoqdan-buyoqqa yurdi. “Muhimi, Mavluda bilan olishmaslik, unga ahamiyat bermaslik. Qachonlardir, kimlardandir eshitgandi: odam turmush mayda-chuydalaridan, ikir-chikirlaridan ustun turishi kerak, deb. U ham endi shunday qiladi. Turmush g’alvalariga zarracha e’tibor bermaydi”. Shu payt deraza chertildi. Xayoli bo’linib, derazaga yaqin bordi. Derazani chertayotgan yomg’ir ekan. Birdan xayolida kichik vokzal, perrondagi juvon jonlandi. Akbar sevinib ketdi. Shunda u barini, borliqni unutdi.

… Nazarida kerakli bo’yoqni topolmayotganday bo’ldi. Nima qilsa, qanday bo’yoq bersa, kayfiyat ifodalanadi? Qanday chizsa, aro yo’lda qolgan, adashgan qiz portreti aks etadi?

Shuncha mo’l ishlasa-da, chizganlari baribir o’ziga ma’qul kelmadi. “Axir xayol bilan rasm chizib bo’lmaydi-ku. Eng mashhur rassomlar ham naturadan nusxa ko’chirishgan”. U o’ziga-o’zi shunday tasalli berdi. U naturachini qayoqdan topsin? Asarda o’sha juvonga o’xshash odamni topganda ham unga to’laydigan mablag’ qani, uning uchun sharoit qani? Akbar mashhur rassom bo’lsa ekanki, o’zining xoli ustaxonasi bo’lsa. U hafsalasi pir bo’lib, qo’lidan cho’tkani tashladi. Ruhi tushdi. Ikki kun ham “g’uv” etib o’tdi-ketdi. Ertaga yana ishga borishi kerak. Yana erta sahardan qora kechgacha o’zi istamagan ishlarni qilishi kerak. U hech qachon taniqli rassom bo’la olmasa kerak. Juda bo’lmaganda, o’rtamiyona suratkash. Ilk bor qo’liga qalam bilan qog’oz olgan, rasm chizgan, shu rasmni uch-to’rt odamga ma’qul qildirgan suratkash borki, mashhur bo’lishni orzu qiladi. Shuhratga intilish gunohmi, orzu qilish aybmi? Lekin orzuga erishish nechog’li mushkul… Turmushning zilday yuki ostidan chiqib olish nechog’li og’ir…

Akbar shunday o’ylar bilan o’ziga-o’zi tasalli berarkan, yuragini qoplagan tahlika orqaga chekindi. U yana qo’liga cho’tkani oldi. Xayolidagi tasviri tobora o’chib borayotgan perrondagi juvonni amalda tiklashga bor kuchi bilan tirishdi.

Akbarning miyasiga to’satdan bir fikr kelib urildi. Bu fikr noxos ko’nglini yoritib yubordi. Bu fikr uni qutqardi, bu fikr kelajagini charog’on qiluvchi mayoq bo’ldi. Axir har kuni bo’zchining mokisiday shaharga ishga borib kelaverishi shartmi? Axir tussiz hayotida va nihoyat ma’no paydo bo’ldi-ku. Axir u hamisha yuragini kemirgan tuyg’uni – o’zligini topdi-ku. Nazarida shu vaqtga dovur rasm chizmaganiga asrlar o’tganga o’xshadi.U ertadan boshlab to “Adashgan qiz” asarini tugatmagunicha ishga bormaydi, vassalom. Sababi: ishdan muhimroq ishi bor. Mavludami, bilganini qilsin.

U qat’iy qarorga keldi.
Kech kuzning rutubatli tongi. Kishining yuragini qon qiladigan yomg’ir ezib yog’yapti. Sovuq hovur izma-iz kelib turgan poezdlarni parda kabi o’rab oldi. Mana, asta poezd jildi. Poezddan tushuvchilar, chiquvchilar aridi. Perronda qo’lida birgina tugun tutgan, yupun kiyingan yosh, ko’hlikkina juvon qoldi. Juvonning sochlari ro’molga so’z bermay, shamolda tebranadi. Lablari qattiq qimtilgan, qop-qora ko’zlari sarosimada – juvon yukli.

Akbar o’zi xayolan kashf qilgan yoshgina juvon hayotiga singib ketdi, go’yo u bilan birga nafas oldi. Cho’tka tutgan qo’llari tin olmadi.
— Shunday o’tiraveradilarmi? – Mavludaning ovozi uni hushiga qaytardi. Uorqasiga o’girildi. Ostonada qoshlari chimirilgan, darg’azab xotinini ko’rdi, beixtiyorqo’llari pastga tushdi. — Sababini bilsak bo’ladimi?
Akbar nima gapligiga tushunmaganday, xotiniga tikilib qoldi.
— Nega anqayasiz? Necha kun bo’ldi, ishga bormaysiz, gap gapirsam angrayasiz?Qilinadigan qancha ishlar yotibdi, bu kishim bo’lsalar, rasm chizi-i-ib o’tiribdilar.Koshki bu rasm o’lgur non bersa, osh bersa.
— Bas qil! – u xotiniga o’shqirdi, yerga cho’kib, tizzalarini quchoqladi.

U, shu gapni gapiryapsanmi, ey xotin, axir sen o’qimagan, omi ayol emassan-ku! Bir paytlar sen ham san’atkor bo’lishga da’vogar eding-ku, degisi keldi. Ammo hayf senga so’z, deganday, ensasi qotdi.
— E! – u qo’llarini siltadi.
Mavluda erining kayfiyati buzilganini ko’rib, shashti pasaydi:
-Namoz akanikiga borish kerakmidi? – Mavluda yumshab, pisanda qildi.

Akbar nima gapligiga endi tushundi. Bir mahalla naridagi Namoz aka shu kuzda uy tuzab, bezatyapti. Uyining bir xonasiga manzarali rasm chizdirmoqchi. O’n kunlarcha avval u Akbar bilan kelishgan edi. Butunlay esidan chiqib ketibdi. Uning yuragi orqasiga tortdi. Yana yozning kuni keladigan bo’ldi. Akbar har yili yozni orziqib kutadi, tog’larga, qishloqlarga chiqib, rasm chizsam, deb orzulaydi. Ammo orzu-orzuligicha qoladi . Ro’zg’or atalmish g’or uni ham, uning orzularini ham o’z komiga tortadi. “Shu yoz ishlasangiz, mebel`, gilam olamiz. Shahardan uy olib, ko’chadigan bo’lsak, hech vaqomiz yo’q”. U shunday-shunday gaplar bilan tobora yuragida orzu qilgan rasmlarini chizmay qolaveradi. Ko’nglidagi mung kabi, quvonch kabi ohang borgan sari undan uzoqlashib, tark etib boraveradi. Endi yana ko’ngil orzularidan voz kechsinmi? Barini aro yo’lda tashlab, pul topishga tushsinmi? Endi ko’nglidagi polotnoga ko’chayotgan o’sha… o’sha juvonni tashlab ketsinmi?
-Borib ayt, erimning zarur ishlari chiqib qoldi, kela olmaydi , de.
-Nima-a?
— Shu. Men kartinani tugatmagunimcha hech qayoqqa bormayman. Sen aytmasang,o’zim borib aytaman.
— Siz axir yigitmisiz?Lafzingiz bormi? – Mavludaning naq joni halqumiga keldi. U sira-sira Akbardan bunday qiliqni kutmagan edi. – Ey, sizga kattalikni kim qo’yibdi? Oldin engil-boshingizga kiyim iling-da, keyin kattalik qiling, iya.

Akbar o’zini tutolmay qoldi.
— Qani, chiq, chiqib ket! – u bir qo’li bilan xotinini eshik tomon itardi, bir qo’li bilan rasmni muhofaza qildi.
— Nega meni ushlaysan, qo’yvor! – Mavluda beixtiyor sen-senlab ketdi. – Hali meni itday haydaydigan bo’ldingmi? Sen-a?

Mavluda bir yulqinib, erining qurshovidan chiqdi-da, jon-jahdi bilan oyog’idan shippagini olib, rasmga qarab otdi.

Shippak uchib borib, naq ko’k yomg’irpo’shli juvonga tegdi.
Uchib borib, juvonning hozir yig’lab yuboray-yig’lab yuboray deyayozgan raftordagi yuziga, mahkam qimtilgan lablariga tegdi.
Shippak zarb bilan urilib, bo’yoqlarni chaplab yubordi.
Zarb bilan urilib, rasm chizilgan matoni teshib ketdi.
Zarb bilan urilib, juvonning basharasini jarohatladi.
Jarohatdan tirqirab qon oqdi…

-A-a! — Akbarning tomog’idan bir nido otilib chiqdi.
U beixtiyor boshini changallaganicha o’tirib qoldi. Mavluda nima bo’lganiga endi aqli yetganday, sarosimada qoldi. Oraga og’ir sukunat tushdi.
— Yaxshisi, ket, — harsillaganicha dedi Akbar boshini ko’tarmay.
— Nega men ketarkanman, o’zing ket, — dedi Mavluda o’zini tutib olib.
— Men ketaymi? Bo’pti, — Akbar shahd bilan o’rnidan turdi. Endi uni bu uyda hech qanday kuch tutib turolmas edi.

Kech kuz shamoli badan-badanni teshib yuborguday izillaydi. Olis-olislardan parovozlar gudogi quloqqa chalinadi. Vokzal binosidagi chiroq hozir-hozir o’chib qoladiganday lipillaydi. Sayoq it ichkariga kirmoqchi kabi iskalanadi. Qorovul chol sayoq itga qo’liga tushgan konserva bankani otadi. It vangillab jo’naydi. Tashqarida mov bo’lgan mushuklar qiyillaydi, yangi tug’ilgan chaqaloqlar kabi chirqillaydi.Akbar ko’z ochib yumguncha bor-yo’g’ini o’g’ri to’nab ketgan odam kepatasida qator tizilgan yaxday kursilarga o’zini tashladi.Bir muddat ko’zi ilindi. Hushidami, tushidami, bo’g’iq, manqa ovoz taraldi: “Diqqat, diqqat” Hurmatli yo’lovchilar! Ikkinchi yo’lda “Toshkent-…” poezdi kelib
to’xadi. Qaytaraman…”

Shunda kimdir yelkasiga asta qo’lini qo’ydi. U seskanib orqasiga o’girildi. Qarshisida ro’molni iyagidan bog’lagan, bir qo’lida tugun, egnida ko’k yomg’irpo’sh, oyog’ida qora kalish, yoshgina juvon turibdi. Juvon qorni bilinar-bilinmas yomg’irpo’shni turtib chiqqan, uzun-uzun kipriklaridan oqqan tomchi yosh yiltillaydi, lablari mahkam qimtilgan.
— Bolam, eshikka ro’para yotmang, yelvizak. Tag’in shamollab qolmang. – Qorovul chol Akbarning kiftidan asta turtdi.

Akbar sapchib o’rnidan turdi. Tevarakka bir qur nazar soldi, o’ziga keldi.
Uzoq-yaqindan xo’rozlar uzun-qisqa qichqirib, saharni qarshiladi. Tong yorishib keldi.
Olis-olislardan rel`slarni taraqlatib poezd bekatga yaqinlasha boshladi.

BILLUR GULDON

Katta imorat pastida bozor qiziydi. Qo’shni kampirlar pastakkina kursichalarda o’tiradilar, ermak qilib, savdo qiladilar. Oldilarida turfa buyumlar yoyilgan, rang-barang pufaklardan tortib, banka qopqoqlari-yu, chinni idishlar…

Birov paypoq to’qigancha oldidagi eski qo’g’irchoq, sirli kastryulga ahyon-ahyon o’tib qolgan o’tkinchilarni chorlaydi. Birovi oldidagi narsalarni uyoq-buyoqqa surib qo’ygan bo’ladi. Birov beparvo, qo’llarini chalmashtirganicha o’tiradi.

Shu yerdan o’tib ketayotgan qiz beixtiyor to’xtab qoldi. Ana shu eski buyumlar orasida bir guldon uning e’tiborini tortdi. Qiz engashib qo’liga guldonni oldi. Billur guldon nafisligi, bezaklari ko’zini yayratdi. Asta barmoqlari bilan guldonni chertdi. Guldondan ko’ngil tubiga borib tegadigan ajib nozik ovoz taraldi.
— Ehtiyot bo’l, qizim, — dedi qotmagina kampir unga yuzlanib. Aftidan, kampir idish egasi bo’lsa kerak, kuyunchaklik bilan qo’shib qo’ydi: —Bunaqa billur hozir topilmaydi. Chexlarniki. O’ho’, buni bir paytlar erim olib kelgandi. Shunday qimmat, shunday qimmat… Rosa koyigandim o’ziniyam.

Qiz guldonni qo’lida avaylab tomosha qildi. Billur quyoshda jilva qildi.
— Qancha deyapsiz? — so’radi qiz guldonni qo’lidan qo’ymay.
Kampir yutingancha indamay qoldi.
— Qancha? — qiz uni eshitmadi, deb o’ylab savolini takrorladi.
— Matveevna, senga gapiryapti, — kampirning yonida o’tirgan hamrohi uni turtib dedi. — Aytsang-chi narxini.

Kampir go’yoki guldonni qaytib olmoqchiday, beixtiyor qo’llarini qizga silkidi.
— Guldonni rostdan olmoqchimisan?
— Olmasam, so’rarmidim, buvijon, — dedi qiz kulib.
— Bu guldon ne-ne baxtli kunlarni ko’rmagan… — kampir xayolga toldi.— U baxt keltiradi.
— Mayli, baxt keltira qolsin, shuning uchun ham sotib olmoqchiman-da, — dedi qiz yana miyig’ida kulib. — Axir qancha narxi?

Kampir o’ylanib qoldi.
— Klava, savdosi kelganda, nega jim o’tiribsan, aytsang-chi?
Kampir qizga yuzlandi:
— Guldonni qaytib bera qoling, qizim.

Qiz hayron bo’lib qoldi. Atrofdagilar ham unga taajjublanib qarashdi.
— Sotishdan aynidingizmi? YO puli yetmaydi deb o’ylayapsizmi? — dedi qiz jon-dili bilan.
— Yo’q, yo’q….
— Jinnimisan, Matveevna, nega bunday qilyapsan? — dedi unga hamrohi kuyunib.
— Guldonni sotmoqchi emasman… fikrimdan qaytdim.
— Ie, nega? — dedi qiz ajablangandan-ajablanib. — Sotmoqchi bo’lmasangiz, nega olib chiqdingiz?

Atrofdagilar ham chuvillashib ketishdi.
— Bera qoling… — kampir dedi qizga yolvorib, go’yoki u guldonni olib, qochib ketadiganday.

Qiz noiloj istamaygina guldonni unga uzatdi.
Kampir guldonni shosha-pisha olib, qog’ozga o’radi.
Qiz orqasiga qaray-qaray nari ketdi.

VIDOLASHUV

Yaqinimiz Sonya xolaning porloq xotirasiga bag’ishlayman.

Atrof jimjit. Hovlidagi daraxtlar kuzgi shabadada asta chayqaladi. Chorpoyaga tutash olma daraxtidan g’arq pishgan olma yerga «tap» etib tushadi.
Chorpoya chekkasida omonatgina o’tirgan xola bu ovozdan cho’chidi, so’ng o’rnidan chaqqon turib, yerdan olmani oldi. Sap-sariq olma choshgoh quyoshi nurlarida tovlandi.
— Ha-a, dunyo deganlari shu ekan-da, — o’zicha so’zlandi xola.

U bu bilan pishib yerga tushgan, shu bilan o’z umriga nuqta qo’ygan olma haqidami yo umuman, hayot haqida gapiryaptimi, uni kuzatgan odam buni dabdurustdan anglolmasdi. Bir payt chorpoya ro’parasidagi uy eshigi ochildi. Ostonada yigirma yoshlardagi qiz ko’rindi.
— Rixsi xola, kirarkansiz, buvim so’rayapti¬lar, — dedi qiz horg’in.
Xola eshik oldiga bordi. Shu yerda bir oz turib qoldi-da, so’ng shahd bilan ostonadan hatladi. Uy ichkarisiga kirdi.

Xonadagi sukutni tashqaridan kirib qolgan pashshaning g’ing’illagan ovozi buzardi. Uy to’riga qo’yilgan katta sim karavotda, agar choyshabdan chiqib turgan qoqsuyak qo’llar bo’lmasa, birov yotganligi ham sezilmasdi. Xola asta karavotga yaqinlashdi.
— Oysha, tuzuk bo’lib qoldingizmi?

Shunda bemor «yalt» etib keluvchiga qaradi. Uning chehrasidan dard azobi sezilmas, ich-ichiga cho’kkan moviy ko’zlari, bir burda bo’lib qolgan oqarin¬qiragan yuzlari osoyishta ko’rinardi. Bemor boshini asta irg’adi. Nimadir demoqchi kabi qo’shnisiga yuzlandi.
— Rixsi…

Xolaning xotirasida olis yillar voqeasi jonlandi…
— Mening ismim Ayshe, — dedi qiz tabassum bilan.
Qiz baland bo’yli, yelkasida sarg’ish sochlari mavjlanib turganga o’xshar, moviy ko’zlari charaqlab, kishini o’ziga tortib turardi.

«Turobning xotini ko’hlikkina ekan», degan fikr o’tgandi uning xayolidan ilk bora Oysha bilan tanishganida.
Ha, o’shanda «Turob ota-ona roziligisiz qrim-tatar qizga uylanibdi, kelin o’rtog’inikida emish», degan gap tarqaldi. Esida, o’shanda mahallada ozmuncha shov-shuv bo’lmagandimi, e-he…
Axiri kelin ham keldi. Kelinni ko’rmasdan, bilmasdan mahobat qilganlar axiri tinchidilar. U ham o’zlari qatori bir inson ekan. Yo’q, kelin bu hayotga tez ko’nikdi, eplikkina, pishiq-puxtagina chiqdi.
— Keldingizmi…
Xolaning beixtiyor xo’rligi keldi.

Eshikda qorasi ko’rinishi bilan uni Oysha shu so’zlar bilan qarshi olardi.

Eh-he, shu so’zlarga u qanchalik o’rganib qolgandi. Hayotda nimalar o’tmaydi. Yuragi siqilsa, g’am-tashvishlardan ezilsa, shu qo’shnisi bilan dardlashardi… Ha, yana ro’parada bog’ qo’shnisi Rohila bo’lardi. Uchalasi birinchi bor qahva ichgandilar. Ichlari yayrab, miyalari tiniqlashganday bo’lgandi o’shanda. Shu-shu, ular Oysha yanchib, qaynatgan qahvaga ham sherik bo’ldilar. Qahvaga ham shu Oysha o’rgatgandi ularni. Rohila ham rahmatli bo’lib ketdi. Keksalik ekan-da, burnog’i yili shundaygina zinadan yiqilib tushdi-yu, o’ldi-ketdi. Parvardigori olam, kim nima sabab bilan bu dunyodan ketadi — o’zi biladi.

Keyin ularning davralariga qo’shni qishloqdan mahallalariga ko’chib kelgan Mamlakat ham qo’shildi. Juda shaddod edi-da, tushmagur. To’y, aza, boringki, biron ma’raka uningsiz o’tmasdi. Barini tinchitardi, Xudo yarlaqagur. Rohila o’g’lini uylantirayotganida to’yda erkakcha kiyim kiyib olib o’ynagandi. Rosa to’yni qizitgandi o’ziyam. O’shanda to’ylar qiziq bo’lardi-da. Hozirgilarnikiga sira o’xshamasdi.

Qahraton qish, sovuqdan tishlar bir-biriga tegib, takillaydi. Axir qishloqda to’ylar qishda bo’lardi-da. Sababimi? Sababi — qishloq ahli dehqon, yozning har lahzasi g’animat. Hosilni yig’ib-terib, keyin qishda oyoqni uzatib, bemalol to’y qiladi-da.

O’rtada gurillab gulxan yonib turadi. Do’mbira, childirma, karnay-surnay sadolari avjiga chiqadi. Oldidagi olov cho’g’lari so’nayozgan do’mbirachi zo’r berib do’mbirasini chaladi, surnaychi qip-qizil lunjlarini shishirganicha, surnay chaladi. Odamlar sovuq qotganlaridan ham davradan chiqmay o’ynayverardilar, o’ynayverardilar… Ha, o’sha to’ylarga yetadiganini ko’rmadi. Risolat ham ketdi Uch-to’rt yil bo’ldi. Xolaning ko’ngli o’ksidi. Ha, ular ketdi. U negadir o’zini yolg’iz sezdi. Ko’ziga yosh keldi. Mana, Oysha ham…
— Rixsi…

Xola o’ziga keldi. «Yalt» etib, bemorga qaradi. Bemorning ko’zlari olazarak bo’ldi.
— Yaxshi-yomon gaplar o’tgan bo’lsa…
— Ie, Oysha, sira unday demang, hali yaxshi bo’lib ketasiz, ha…
Xolaning yuragi orqaga tortdi, shosha-pisha shunday dedi. Bemor indamadi. Oraga sukut tushdi.
— Rixsi xola, buvim toliqdilar… — qiz uning yoniga sekin keldi-da, shivirladi: — Endi dam olsinlar…
Rixsi xola tizzalariga suyanib, o’rnidan turdi. U dugonasidan ko’z uzolmay, arang eshikka yo’naldi. Jim-jit hovlini tark etdi.

…Tashqari shovqin edi. Bolalar o’yindan zerikmay, uyoqdan-buyoqdan chopishadi, kimdir chekkada mashina tuzatadi, kimdir devorga mingashib olgancha paxsa uradi.
— Bo’l, loyni uzat! — deb baqiradi hamrohiga.

Oldi qish, kun g’animat. Ko’cha boshida, ariq chekkasida qo’shni kelinlar tizilishgan. Ular turib olganlaricha bir-birlariga gap bermay nimalarnidir muhokama qiladilar, bahslashadilar. Xolaning ko’ngli birdan yorishdi, boyagi mahzunligi picha tarqadi. U, Rohila, Mamlakat, Oysha… ular ham shunday edilar. Shunday yosh, shunday shaddod…

099

(Tashriflar: umumiy 1 022, bugungi 1)

Izoh qoldiring