Qo’sh sohil bulbuli

009

4-октябр  — Ўзбекистон,Туркманистон,Татаристон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Отажон Худойшукуров таваллуд топганига 70 йил тўлади.

“Амударёнинг нариёғида тенгдошларидан ўзининг худо берган истеъдоди, ширали овози билан ажралиб турадиган, талантда тенги йўқ бир йигит бор. Санъат бўстонининг эртанги булбулиям, фахриям ўша йигит бўлади.Унинг овозида имконият чексиз-чегарасиз”. Бу эътироф машҳур санъаткор Комилжон Отаниёзов томонидан 1970 йилда айтилган.Комилжон ака Амударёнинг нариги томонида деганида, тўрткўллик Отажон Худойшукуровни айтган эканлар.

008
ҚЎШ СОҲИЛ БУЛБУЛИ
Умид Бекмуҳаммад
001

066“Амударёнинг нариёғида тенгдошларидан ўзининг худо берган истеъдоди, ширали овози билан ажралиб турадиган, талантда тенги йўқ бир йигит бор. Санъат бўстонининг эртанги булбулиям, фахриям ўша йигит бўлади.Унинг овозида имконият чексиз-чегарасиз”. Бу эътироф машҳур санъаткор Комилжон Отаниёзов томонидан 1970 йилда айтилган.Комилжон ака Амударёнинг нариги томонида деганида, тўрткўллик Отажон Худойшукуровни айтган эканлар.

Устозининг башорати ўнгидан келди.Отажон Худойшукуров 50 йилгина (1944-1994) ҳаёт кечирган бўлса-да, тириклигидаёқ афсонага айланган санъаткор эди.У Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон, Татаристон халқ артисти каби унвонларга сазовор бўлди.Бир умр туғилган гўшаси Тўрткўлда ижод қилиб, қишлоқда яшаб ҳам дунёга довруқ таратмоқ мумкинлигини исботлай олди.Яъни ғарбда кенг тарқалган “истеъдодлар қишлоқда туғилиб Парижда вафот этишади”, деган ақиданинг нотўғрилигини ўз ҳаёти мисолида исботлаб берди.

Хоразмнинг Ҳазорасп туманида Ос овули (ҳозирда Боғот туманининг Деҳқонобод қишлоғига қарашли) мавжуд.Маълумки, Ос Хоразмда милоднинг бошларида яшаб, кейинчалик ҳозирги Осетияга кўчган уруғ номидир.Ос элатида “тақир” лақабли кишилар яшашган.Отажон Худойшукуровнинг бобосини “ос” лақаби билан аташган.Тоғаси Йўлдош акани эса Йўлдош “тақир” лақаби билан аташган.

ХХ асрнинг биринчи чорагида тақдир сабаб улар дарёнинг нариги соҳили-Тўрткўлга кўчишган.Отажон ака шу тариқа 1944 йилнинг 4 октябрида Тўрткўлда таваллуд топганди.Болалигида мактабида, кейин эса туман ва Қорақалпоғистон бўйича ўтказилган турли тадбирларда иштирок этиб, ҳали ёшлигидаёқ элга танилган ҳофиз бўлиб етишди.Шу боисдан уни 19 ёшидаёқ Бердақ номли Қорақалпоғистон давлат филармониясига ишга қабул қилишди.1972-90 йилларда филармонияга қарашли “Аму тўлқинлари” ансамблини ташкил этиб, унга бадиий раҳбарлик қилди.

1960 йилларда Отажоннинг тоғаси Йўлдош ака унга илк устозлик қилиб, тўйларда ёнида олиб юрди.Санъатга ихлоси катта бўлган ўспирин дастлаб доира, сўнгра рубоб чалиб ўзиям қўшиқлар айта бошлади.Тоғаси Йўлдош Оллашукуровнинг дўсти ,машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг Отажондаги санъатдаги бўлган ихлосини пайқаб, уни шогирдликка олиши эса Тўрткўллик йигитча учун парвоз майдони вазифасини ўтади.

14 ёшидан Тўрткўл,Нукус ва Тошкентда ўтказилган турли тадбирлар, эл-юртдаги тўй, ҳосил байрамларида қатнашиб юрган Отажонни ТВ орқали Қуйи Амударё бўйларига танитган инсон эса, шоир Ошиқ Эркин бўлди.1964 йилнинг куз кунларидан бирида Урганчлик телеоператор Ғанижон Дўстжоновнинг уйида пахмоқ қошли, истараси иссиқ Отажон билан танишиб, унинг қўшиқлари ғоятда завқланади.Шундан сўнг Ошиқ Эркин 1965 йилнинг кузида “Қўш соҳил булбули” номли кўрсатув тайёрлаб намойиш этганидан сўнг Отажон Худойшукуров номи нафақат Тўрткўл ва Хоразм, балки Хоразм ТВсини кўрадиган Туркманистонга ҳам маълум-у машҳур бўлди.Отажонни машҳур қилган фақат юксак ижрочилик маҳорати,санъатга бахшийда қалби эмас, балки одамгарчилик дея аталмиш инсонийлиги, эл дардига бефарқ эмаслиги, дўстликка садоқати эди.

1992-96 йилларда Хоразм вилоятига ҳокимлик қилган, тарих, фан ва маданият, санъатга ихлос қўйган Маркс Жуманиёзов (1938-2012) ҳофиз билан боғлиқ ёшлигида рўй берган бир воқеани гапириб берганди:
-Отажон Худойшукуров билан қай тариқа дўстлашиб қолганимиз, ўртамиздаги жонга туташиб кетган оға-инилик туйғуси нима сабабдан бунчалик юксак мақомга кўтарилганини тушунтириб бериш учун гапни бир оз узоқроқдан…нақ ота-боболаримиз ҳаётидан бошлашим керак шекилли.Келинг, мана шу узун тарихни қисқача изоҳлаб ўтай.

Меним туғилиб ўсган масканим –Янгибозор туманининг энг чекка бир қишлоғи-Шовот каналининг берги қирғоғида,Эшонлар деб номланадиган табаррук тупроқда жойлашган.Бу тупроқда кўп улуғ инсонлар туғилиб вояга етган, яшаб ўтган, меҳнатлари, истеъдодлари, ақл-тафаккурлари ила халққа хизмат қилганлар.Бу бежиз эмас, албатта.Чунки Эшонлар қишлоғидан сал нарироқда улуғ мутасаввуф аллома, улкан дин арбоби Хўжа Юсуф Ҳамадоний бобомизнинг муқаддас мақбаралари бор. Ана энди, қишлоғимиздан оқиб ўтган Шовот каналининг нариги қирғоғида-машҳур ҳофизимиз Комилжон Отаниёзов туғилган Бўйрачи қишлоғи бор.Агар мана шу ўртадаги канални ҳисобга олмаганда Комилжон оға билан бир қишлоқда туғилганмиз десам ҳам бўлаверади.Хуллас, мана шу табаррук тупроқда не-не оташнафас ҳофизлару, не-не оташин шоирлар, не-не ақл-заковат эгалари, уламою киборо, охунду отинойилар етишиб чиқмаган дейсиз.

1965 йил бўлса керак, бир куни Ғанижон ака Дўстжоновнинг уйига бориб қолдим.олти-етти меҳмони бор, шулар олдида ёшгина йигитни қўшиқ айтдириб қўйган экан.Мен ҳам даврага қўшилиб, қўшиқ эшита бошладим.Қарасам, ҳалиги йигит шундай бир ширин, жарангдор овозда қўшиқ айтаяпти экан, қўяверасиз, бунақасини эшитиб кўрмаганман.Ҳалиги йигит мақомдан мақомга, қўшиқдан қўшиққа ўтаверди. Назаримда овози ҳам борган сари очилиб бораётгандай эди. Мен шу ерда бу беқиёс овоз соҳибига мафтун бўлиб қолдим. Бир танаффус чоғи Ғанижон акадан шивирлаб сўрадим:
-Бу қўшиқчи йигит ким бўлди?

Ғанижон ака ҳайрон бўлиб қолди:
-Ҳов, сизни Тошкентда шунча йил ўқиб, шунча артист-ашулачиларни тинглаб юрган йигитми десам, ростдан танимайсизми?
-Ростдан танимайман, кўрган ҳам эмасман, бунақа овозни эшитган ҳам эмасман!…
-Ҳов..ҳов..иби-ий..-баттар ҳайрон бўлди Ғанижон ака,-Ошиқ Эркин “Қўш соҳил булбули” деган кўрсатув тайёрлаган бу ҳақда, энди ёдингизга тушдими?
-Йўқ,-дедим ўзим ҳайрон бўлиб,-ўша кўрсатувни ҳам кўрмаганман.айтаяпман-ку биринчи марта эшитишим деб.
-Ҳеч бўлмаса, номини эшитгандирсиз Отажон Худойшукуров деб..
-Номиниям биринчи марта, мана сиздан эшитиб туришим!
-Ола-а!..

Хуллас,Отажон билан биринчи кўришувимиз ҳам, танишувимиз ҳам шу тариқа бошланди.Мен шунча санъатга қизиқиб, шунча машҳур-номашҳур ҳофизларни тинглаб, ўзимни санъат ва адабиётнинг билимдони деб юраверибман-у,(Марк ака Тошкент қишлоқ хўжалигини ирриациялаш ва механизациялаш инженерлари институтини тугатган, муҳандис бўлиб, воқеа рўй берган вақтлари Гурлан туман машина трактор паркида бошлиқ бўлиб ишлаб юрганди-У.Б.) шундоққина дарёнинг нариги қирғоғида бир улуғ хазина-Отажон Худойшукуров номли ҳофиз борлигидан мутлақо бехабар юрган эканман.Энг қизиғи, ҳали йигирмадан энди ошган бу ёш ҳофиз ўн йиллардан буён Амударёнинг қўш соҳилида қўшиқ айтиб юриб, халқ ўртасида анча-мунча шуҳрат ҳам қозонган экан…

Отажон билан биринчи кўришувимиз шу тариқа бўлиб ўтган эди.Шундан кейин борди-келдилар бошланди, тўй бўлса, зиёфат бўлса чақирамиз-келади.Тўйи, зиёфати .бўлса, чақиради-борамиз.Шундай кунларнинг бирида ҳаётимда бир унитилмас воқеа бўлди-ю, Отажон билан борди-келдимиз мустаҳкам дўстликка, ўртадаги меҳр-оқибат эса қиёматли қондош-жондошликка айланиб кетди. Бунинг тафсилоти қуйидагича.
1967 йил бўлса керак, қиш ойлари эди, мен қаттиқ касалланиб қолдим.Шундай қаттиқ оғридимки, хуллас ўладиган бўлиб, кўрпа ёстиқ тортиб, қариндош уруғлар билан рози-ризолик айтишиб ётибман энди. Хаёлимда бугун-охирги кун мен учун, эртаси куни-тамом, йўқман, ўламан.Мана шу лаҳзаларда нени кўрсанг-кўриб қолганинг,кимнинг сўзини тингласанг-эшитиб қолганинг..Айтаяпман-ку, охирги кун, охирги куним…Бир пайт қарасам, биров кулиб турибди тепамда.Отажон!

-Ассалому алайкум, ёшулли!-дойди тиржайиб.-Бир кўриб, зиёратлаб кетайлик деб келган эдик, бу…на ётиш?
-Шундай-шундай-шундай,-дедим ётган жойимда овозим синиб.Қўлини узатди.Мен ҳам кўрпадан мана шунчагина қилиб, билагимгача чиқариб, кўришганимиз ёдимда бор.-Кетаяпмиз, жўра…
-Нера гетасиз-ай, ёшулли, ман галдим, сизни ҳеч ёққа юбормайман!
-Йўқ, Отажон, бугун-охирги куним.Ҳамма билан видолашиб чиқдим.Сенинг келганинг яхши бўлди, жўра, рози бўл…
-Йўқ,-дейди Отажон баттар ўчакишиб.-Рози эмасман.Сизни олиб қоламан.Гетмийсиз!
-Ахир аҳволимни ўзим биламан.Ўрнимдан туролмайман.Ҳамма билан хайр-хўшлашганман…
-Йўқ,Гетмийсиз! Ўрнингиздан турасиз!Сиз ўрнингиздан турмагунча, мен ина шу бу ерда ўтиравераман…
-Ўтирсанг ўтир!—дедим ман ҳам.

Отажон ҳам ўтираверди.Мен ҳам ётавердим..Бир пайтлариОтажон ўтириб-ўтириб зерикди.уйда болаларнинг тинғирлатиб юрадиган рубоби бор эди, шуни топиб келди бу.Ўзи билан ўзи тинғирлатди, ашула айтди.Орасида мендан:
-Турасизми, ёшулли?-деб сўраб қўяди.
-Йўқ,-дейман минғирлаб,-Мен бугун нариги дунёга кетаман…
-Гетмийсиз!Юбормайман!
Яна тинғир-тинғир, яна ашула.

Бир вақт Отажон уйдаги телефонни топиб олиб аллақайларга телефон қилабошлади, торини олиб келишни илтимос қилдими, кўп ўтмай уйга машина келиб кетгани, аллакимлар энди ансамбл бўлиб қўшиқ бошлаётгани эшитилди.Мен ётавердим, айтаяпман-ку, ўлимни кутиб ётардим деб.
Алқисса,Отажон шу куни кетмади.Эртасига ҳам кетмади-қўшиқ айтиб ўтираверди.Мен ётган жойимда ўйланаман: буни менга худо юборди, охирги кунларини қўшиқ оҳанглари остида ўтказсин деган, йўқса бу ҳолни қанақа изоҳлаш мумкин, ахир, видолашиб ётган бир одам бўлсам, ахир, мана, ётибман-ку…

Отажон қўшиқ айтаверди, мен ана кетдим-мана кетдим бўлиб ётибман.
-Туринг энди оға!-дейди қўшиқ орасида.
-Туролмайман,Ота..
-Бўлмаса, қўшиқ айтаверамиз-данг..

Шундай қилиб, келган куни, кечаси, эртасига ҳам Отажон уйда қўшиқ айтди!Кетмади! Мен ҳам кетмадим…нариги дунёга!Яратгандан бир каромат ҳосил бўлдими-эртаси куни мен ўрнимдан турдим! Туриб ўтирдим, меҳмонларнинг олдига чиқдим, қўйингки, мен ажалнинг оғзидан қайтиб келдим! Мана шу одамлар, ана шу қўшиқлар, уларнинг сеҳрли наволари боис, мен ёруғ оламга қайта келдим” Мўъжиза рўй берди, дейверинг…

Ана шу воқеадан кейин орамиздаги меҳр-оқибат ўчмас –йитмас туйғуларга , борди-келдиларимиз эса жонажон дўстликка айланиб кетди.
Энди Отажоннинг шахсий фазилатлари ҳақида айтадиган бўлсам, у инсон сифатида ниҳоятда ажойиб, мағрур, ўта истеъдодли бир одам эди.Бу йигит Омон Матжонни яхши кўрарди,Омон ҳам бунинг истеъдодини қадрлар, иккови ниҳоятда қалин дўст эдилар.Халқимизнинг бу икки улуғ фарзандини бирга, ёнма-ён кўрганда, биз ҳам қувонардик.

Ҳаёт шундай эканки, пайти бўлди-Отажондан қўшиқлар тинглаб завқландик, шундай истеъдодни берганига қувониб, Оллоҳга шукроналар айтдик.Пайти бўлди-Отажонни ардоқладик, унинг истеъдодини юзага чиқариш учун, камолга етказиш учун курашдик ҳам.Пайти бўлди-уни уришиб-койидик ҳам.

Бир куни уни енгил-елпи қўшиқларни кўп айтишда айблаб, қуйидаги бир ривоятга ўхшаш гапни ҳазил-ҳузул билан айтиб берганим ёдимда:
-Худо таоло ўзи вақти-вақти билан Жаброил фариштасини заминга юбориб, ноёб инъомини -истеъдод учқунларини халқларга,эл-элатларга сочиб-сочиб турар экан.Шунинг учун ҳам ҳар эллик йилдами, юз йилдами халқларнинг ичидан турли хил истеъдодли одамлар пайдо бўладилар…Шундай бир инъом кечаларининг бирида Жабройил фаришта Хоразм заминига келиб айланиб юрганида, сенинг ота-онанг ухламай, шивирлашиб ўтирган бўлса керакки, шу улуғ неъмат уларга насиб қилган, натижада сен туғилгансан,-дедим Отажонга.у меним гапларимни диққат билан тинглаб ўтирарди.Мен давом этдим.-Энди сен шу олий-илоҳий неъматга эга экансан, истеъдодингни асраб-авайлаб, камолга етказишинг керак…Енгил-елпи қўшиқларни айтаверма, халқингнинг маънавиятига хизмат қиладиган, юз йиллардан кейин ҳам номингни ёдга солиб, номингни порлатиб турадиган қўшиқлар айт.Ахир бу истеъдод, бу қудратли овоз сенга берилгани билан, у сеники эмас,у-халқники.Халқинг учун куйламасанг, халқинг учун хизмат қилмасанг, халқинг учун яшамасанг, истеъдодингни енгил-елпи нарсаларга, ҳою-ҳавасларга сарфлаб юборсанг-бунинг уволи тутади, жавоби бор ҳали, “сенга шунча истеъдодни нима учун берган эдим?” деган савол бўлади ҳали олдда.

Отажон бу гапларни ҳаяжонланиб тинглаб ўтирди. Худога шукур, у ўзидаги нодир истеъдодни тўла камолга етказди, эллик йиллик шиддатли ҳаёти мобайнида халқига беминнат хизмат қилди, ўзининг бор қобилиятини, қудратли овозини халқига бахшида қилиб ўтди.Мана биз бугун: “Отажон йўқ, комилжон ака йўқ, ёш кетишди бечоралар” деб қийналиб юрамиз.Ҳолбуки, Отажон ҳам, Комилжон ака ҳам ёш кетгани йўқ-улар ўзининг эллик-олтмиш йиллик умри мобайнида Гўрўғлининг ёшини (120 ёшни) яшаб кетишди.

072Ҳа, Mаркс ака айтганларидек Отажон Худойшукуров 50 йиллик умри давомида, Хоразм қўшиқларининг моҳир ижрочиси сифатида элга танилиб, 1000дан зиёд қўшиқ ижро қилди.”Феруз” туркумидаги ашулаларга ўзгача жило бахш этди.”Кажҳанг” , “Якпарда”, “Қўшпарда” ,”Чапандози” ва “Она сувора”ларни қойилмақом ижро қилиб, шуҳрат қозонди.

Албатта, бундай мавқега эришишнинг ўзи бўлмади. Ижодга меҳри, санъатга юксак ихлоси, ваъдага вафоси билангина у Отажон Худойшукуров бўлиб етишди.
Шоир Ошиқ Эркин дўсти билан боғлиқ саргузаштли воқеани эслаб, шуларни ҳикоя қилади: “Ўзбекистон радиосида ишлардим.Отажоннинг қўшиқларини ёзиб олиш учун вақтни белгилаб, студияни тахт қилиб қўйдик.Аксига олиб ҳофиз Тўрткўлдан Тошкентга етиб келадиган куни ҳаво ёмонлигидан самолёт уча олмай қолди.Аммо Отажон Тўрткўлдан такси билан Нукусга, ундан Гурьевга,Гурьевдан Қарағандага,Қарағандадан Чимкентга,Чимкентдан Тошкентга-студияга белгиланган соатда етиб келди”.

Бу воқеа кўпчилик бугунги санъатга кириб келаётган ёшларга ибрат бўлса арзийди, албатта.Ҳаёт йўлларида санъаткорлар учун ана шундай ибратона ижод қилган ҳофиз тўғрисида марҳум шоир Матназар Абдулҳаким шундай дегандилар:
—Отажон оғанинг вафотидан анча илгари унинг автоаварияга тушиб, ҳалок бўлганлиги тўғрисида миш-миш тарқалди.Буюк одамлардан пасткашлик ана шундай тарзда ўч олиб юради, ўзи.Ўзининг қабиҳлиги, буюкнинг буюклиги учун. Аслида суюкли ҳофизимиз енгилгина жароҳат олиб, бир неча кунга касалхонага жойлашган экан.Ҳам жароҳат олган муҳтарам Ҳофизнинг ҳолидан хабар олиш, ҳам бир телевизион лавҳа тайёрлаб, шов-шувларга чек қўйиш учун, ёзувчи ва журналист дўстим Шуҳрат Маткарим билан касалхонага, Отажон оғанинг палатасига кириб бордик.Довруқли ҳофиз бир неча кун олдин ўлган “ўлими”дан мутлақо хабарсиз, маза қилиб янги бир қўшиғини хиргойи қилиб ўтирар эди. Ҳол-аҳвол сўрашдик, ҳазил-мутойиба қилдик,ҳеч гапдан хабарсиз кишилардек, ихчам бир кўрсатув тайёрлаб, эфирга узатдик…

Барибир, одам осмонга устун бўла олмас экан.Бироқ Отажон Худойшукуровдан осмонга устун бўлгулик қўшиқлар қолди.Шу боисданми, уни ўйласам, ана шу қалбаки ўлим ёдимга тушаверади…Ҳозир ҳам Норинжон Бобо томонларда , ўз ўлимларидан хабарсиз, ўзининг буюк қўшиқларини астойдил ва бамайлихотир куйлаётгандек…
Матназар ака ўзининг “Автобус ҳақида баллада”си айнан Отажон Худойшукуров санъати, ашулаларининг умрибоқийлиги, шундан келиб чиқиб олам ва одам тўғрисида фикр юритгандилар:

…Келаётир эди Хазораспдан жим,
Тирбанд автобусда ҳорғин, асабий.
Худди бу тирбандлик, тўпалон учун,
Бошқалар олдимда гуноҳкор каби.

Кимдир сўкинарди, нўноқ киссавур,
Чўнтагига қўшиб танин кесгандек.
Ҳар бир янги бекат биз учун жавр,
Ҳар янги ҳамроҳдан роса безгандик.

Автобус ойнаси диққинафасдан,
Ботганди кўзёшдек-кўзёшдек терга.
Аёвсиз бир қарғиш лаҳза тинмасдан,
Кимнидир топтарди тенг қилиб ерга.

Билмадим, гуноҳи не эди унинг,
Ҳеч ким ҳам ҳеч кимнинг айбин билмасди.
Шу пайт битта йигит магнитофоннинг,
“Чирқ” эткизиб ногоҳ тугмасин босди.

Қоронғу дилларни ёритиб бирдан,
Жаранглай бошлади нурафшон сўзлар.
Аланглаб турди-да бундай сеҳрдан,
Мўлтираб қолдилар ўқрайган кўзлар.

Хонанда чекарди кассетада оҳ,
Кимнингдир кимгадир зорлиги учун.
Юракдан ҳайқириб қувонарди гоҳ,
Бировнинг дунёда борлиги учун.

Илғаб ҳар бир сўздан қутлуғ зиёни,
Кўзларини очди бир парча воҳа.
Ҳар юракда пинҳон минг бир дунёни,
Ёритиб юборди Отажон оға.

Сароб йўқолгандек шу бир нафасда,
Кетди андуҳларни янгроқ куй олиб.
Боя маймунлардек эдик қафасда,
Энди-чи, турардик мулзам, уялиб.

Йигитни индамай тушундик бизлар,
Билдик ғамимизни еганлигини.
Англадик, дунёда мусаффо ҳислар,
Абадий барқарор эканлигини.

Йигит бир бекатда тушиб қолган сўнг,
Бир-бировга боқиб жим ўйга толдик.
Энг бахтли туш бирдан келган каби ўнг,
Машина кенг экан-биз пайқаб қолдик.

Эсладик6ҳамиша шодланганмиз-ку,
Кимнингдир бизларга зорлиги учун.
Ҳозир ҳам сафарга отланганмиз-ку,
Кимнингдир дунёда борлиги учун.

Шундан бери мени қийнар ўзга ҳол,
Ўзга уқубатдан юрагим ғам ер.
Баъзан ҳаволаниб гар сурсам хаёл,
Ўша автобусга менгзаб кетар Ер.

Тўғри, сайёрамиз ҳудудсиз, лекин,
Кўнгиллар торликдан унда мотамлар.
Офтоб бепул, ҳаво бўлмаса текин,
Қирилиб кетгудек шўрлик одамлар.

Бир чимдим тупроққа кўзи тўйгувчи,
Юҳофеъллар ҳамон яшар қалашиб.
Ўз ўрнин эплашга етмас-ку кучи,
Чанг солар ўзганинг ерин талашиб.

Ғаддор режалардан турмасак огоҳ,
Ер ҳам бир тугмага боғлиқ тақдир-ку.
Тугмани мен боссам…янграса ногоҳ,
Бомбалар ўрнига меҳрбахш бир куй.

Англасалар ҳамма беизоҳ,бешарҳ,
Менинг кўнглимдаги орзуни ҳам жим..
Ахир, она замин яшар, уриб чарх,
Одамнинг одамга зорлиги учун.

..Ўз ижроси билан минглаб, миллионлаб кўнгилларга малҳам берган, бераётган ҳофиз 1994 йилнинг 23 декабрида вафот этди.Аммо Отажон Худойшукров маънан барҳаёт. Буюк санъаткор вафотидан сўнг, Қорақалпоғистондаги Элликқаъла тумани ҳокимлиги ташаббуси билан миллий қадриятларни тиклаш, халқлар ўртасида маданий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшиқчиликни санъатини янада ривожлантириш мақсадида 1999 йили Халқаро Отажон Худойшукуров жамғармаси ташкил этилганди.

Жамғарма ўтган вақт мобайнида, ҳар икки йилда бир марта Отажон Худойшукуров хотирасига бағишлаб, “Қамбарнинг олтин сози” номли хонандалар кўрик-танлови ўтказилмоқда.Шунингдек, республикамизнинг етук шоирлари ва иқтидорли ёшлар иштирокида анъанавий равишда туманда “Ақчакўл илҳомлари” ижодкорлар анжумани ўтказилиб келинмоқда.Жамғарма шу каби Элликқаъла тарихи ва бугунги кунига бағишлаб учта рангли альбом, “Элликқаъла наволари”, “Қўш соҳил булбули” китобларини нашр этди.Жамғарма яна марҳум ҳофиз табиатига мос тарзда савобли ишларниям давом этдириб, олий ўқув юртлари ва коллежларда ўқиётган ортиқ кам таъминланган талабаларга шартнома тўловларини тўлашда ёрдам бериб, ўнлаб ёрдамга муҳтож оилаларга хайр-саховат кўрсатди.

Энг асосийси Отажон Худойшукуров яратган қўшиқлар барҳаёт,шогирдлари, издошлари унинг санъатини давом этдирмоқда.

076
ОМОН МАТЖОН
ОТАЖОН ХУДОЙШУКУРОВГА БАҒИШЛОВЛАР
01

УЧИНЧИ ДАРЁ

Отажон Худойшукровга

Гоҳи мен Сирдарё сайлига борсам,
Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу:
Гўё шу яқин бир жойдан ўтгандай
Сирдарёдан кўра каттароқ бир сув!

Шу ҳолга тушаман Хоразмда ҳам,
Буюк Амударё бўйида туриб.
Гўё Жайҳундан ҳам баҳайбат наҳр
Яқингина жойда оқар ўкириб.

Бу нима?
Кўринмас қандай оқим бу?
Ерданми, кўкданми келар бу садо?!
Наҳот тупроғимда кўзга ташланмай
Оқиб ётар улуғ учинчи дарё?!

Билмадим,
Мени кўп таъқиб этади
Шу сирли акс-садо,шу илоҳий ун!
Жуда юксак бўлар Руҳим шу кезлар,
Вужудим заминга жудаям яқин…

1979

ОТАЖОННИ ЭСЛАБ…

Оққан дарё тиндими,
Олтин торинг синдими,
Отга бошқа миндими,
Ўртадаги дўст қани?!

Қайиқ қумга урилди,
Аср зумга урилди,
Юрак симга урилди,
Ўртадаги дўст қани?!

Фано,бақо не ишдир,
Бир-бировни ейишдир,
Изиндан воҳ дейишдир,
Ўртадаги дўст қани?

Икки дарё ораси,
Уч юз олтмиш қаъласи,
Излар ҳофиз ноласин,
Ўртадаги дўст қани?!

23.12.1994

001

005 Отажон Худойшукуров (1944. 4.10 — Тўрткўл — 1994.22.12) — хонанда; Ўзбекистон (1977) ва Қорақалпоғистон (1970) халқ артисти. Ашула айтишни амакиси хонанда Й. Оллошукуровдан ўрганган, кейинги устозлари К.Отаниёзов, Назир қори, Ж.Бекчонов ва б. 1963 й.дан Қорақалпоқ давлат филармониясида яккахон хонанда. Репертуаридан мумтоз ашулалар («Феруз I—II», «Хоразм Сегоҳи», «Бозургоний», «Қўшчинор», «Гулузорим», «Курд Эшвойи», «Самарқанд ушшоғи», «Тошкент Ироғи» ва б.), Хоразм достон нома (қўшиқ)лари («Нажаб ўғлон» достони- дан «Кимни севар ёрисан», «Баҳром ва Гуландом»дан «Айрилиқ», «Авазхон»дан «Қаландарим»), композитор ва бастакорлар асарлари («Кўзларинг сенинг», «Ўзбекистоним», «Раъно бўлайин деб», «Соғиниб келдим» ва б.), шунингдек, туркман, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ ва қирғиз халқ қўшиқлари ўрин олган. X. созанда (торчи) ва ўзи айтадиган («Мужгонларинг», «Оламда бир», «Биринчи муҳаббатим» каби 300 дан ортиқ) қўшиқларнинг бастакори сифатида ҳам танилган. X. жозибали, чиройли тембрли, кенг, барча пардаларда равон ва жарангдор овоз соҳиби. Унинг қўшиқларидаги эҳтирос, шижоат ва жўшқинлик, мазмуний теранлик каби хислатлар тинглов- чилар қалбидан чуқур жой олган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1974). 1999 й.дан Отажон Худойшукуров номида ёш хонандаларнинг Республика танлови ўтказилмоқда. Элликқалъа ва Тўрткўлдаги кўча, хиёбон ва боғларга ҳофиз номи берилган.

007Otajon Xudoyshukurov (1944. 4.10 — To’rtko’l — 1994.22.12) — xonanda; O’zbekiston (1977) va Qoraqalpog’iston (1970) xalq artisti. Ashula aytishni amakisi xonanda Y. Olloshukurovdan o’rgangan, keyingi ustozlari K.Otaniyozov, Nazir qori, J.Bekchonov va b. 1963 y.dan Qoraqalpoq davlat filarmoniyasida yakkaxon xonanda. Repertuaridan mumtoz ashulalar («Feruz I—II», «Xorazm Segohi», «Bozurgoniy», «Qo’shchinor», «Guluzorim», «Kurd Eshvoyi», «Samarqand ushshog’i», «Toshkent Irog’i» va b.), Xorazm doston noma (qo’shiq)lari («Najab o’g’lon» dostoni- dan «Kimni sevar yorisan», «Bahrom va Gulandom»dan «Ayriliq», «Avazxon»dan «Qalandarim»), kompozitor va bastakorlar asarlari («Ko’zlaring sening», «O’zbekistonim», «Ra’no bo’layin deb», «Sog’inib keldim» va b.), shuningdek, turkman, ozarbayjon, qoraqalpoq, qozoq va qirg’iz xalq qo’shiqlari o’rin olgan. X. sozanda (torchi) va o’zi aytadigan («Mujgonlaring», «Olamda bir», «Birinchi muhabbatim» kabi 300 dan ortiq) qo’shiqlarning bastakori sifatida ham tanilgan. X. jozibali, chiroyli tembrli, keng, barcha pardalarda ravon va jarangdor ovoz sohibi. Uning qo’shiqlaridagi ehtiros, shijoat va jo’shqinlik, mazmuniy teranlik kabi xislatlar tinglov- chilar qalbidan chuqur joy olgan. Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1974). 1999 y.dan Otajon Xudoyshukurov nomida yosh xonandalarning Respublika tanlovi o’tkazilmoqda. Ellikqal’a va To’rtko’ldagi ko’cha, xiyobon va bog’larga hofiz nomi berilgan.

008
QO’SH SOHIL BULBULI
Umid Bekmuhammad
001

“Amudaryoning nariyog’ida tengdoshlaridan o’zining xudo bergan iste’dodi, shirali ovozi bilan ajralib turadigan, talantda tengi yo’q bir yigit bor. San’at bo’stonining ertangi bulbuliyam, faxriyam o’sha yigit bo’ladi.Uning ovozida imkoniyat cheksiz-chegarasiz”. Bu e’tirof mashhur san’atkor Komiljon Otaniyozov tomonidan 1970 yilda aytilgan.Komiljon aka Amudaryoning narigi tomonida deganida, to’rtko’llik Otajon Xudoyshukurovni aytgan ekanlar.

072Ustozining bashorati o’ngidan keldi.Otajon Xudoyshukurov 50 yilgina (1944-1994) hayot kechirgan bo’lsa-da, tirikligidayoq afsonaga aylangan san’atkor edi.U O’zbekiston, Turkmaniston, Qoraqalpog’iston, Tatariston xalq artisti kabi unvonlarga sazovor bo’ldi.Bir umr tug’ilgan go’shasi To’rtko’lda ijod qilib, qishloqda yashab ham dunyoga dovruq taratmoq mumkinligini isbotlay oldi.Ya’ni g’arbda keng tarqalgan “iste’dodlar qishloqda tug’ilib Parijda vafot etishadi”, degan aqidaning noto’g’riligini o’z hayoti misolida isbotlab berdi.

Xorazmning Hazorasp tumanida Os ovuli (hozirda Bog’ot tumanining Dehqonobod qishlog’iga qarashli) mavjud.Ma’lumki, Os Xorazmda milodning boshlarida yashab, keyinchalik hozirgi Osetiyaga ko’chgan urug’ nomidir.Os elatida “taqir” laqabli kishilar yashashgan.Otajon Xudoyshukurovning bobosini “os” laqabi bilan atashgan.Tog’asi Yo’ldosh akani esa Yo’ldosh “taqir” laqabi bilan atashgan.

XX asrning birinchi choragida taqdir sabab ular daryoning narigi sohili-To’rtko’lga ko’chishgan.Otajon aka shu tariqa 1944 yilning 4 oktyabrida To’rtko’lda tavallud topgandi. Bolaligida maktabida, keyin esa tuman va Qoraqalpog’iston bo’yicha o’tkazilgan turli tadbirlarda ishtirok etib, hali yoshligidayoq elga tanilgan hofiz bo’lib yetishdi.Shu boisdan uni 19 yoshidayoq Berdaq nomli Qoraqalpog’iston davlat filarmoniyasiga ishga qabul qilishdi.1972-90 yillarda filarmoniyaga qarashli “Amu to’lqinlari” ansamblini tashkil etib, unga badiiy rahbarlik qildi.

1960 yillarda Otajonning tog’asi Yo’ldosh aka unga ilk ustozlik qilib, to’ylarda yonida olib yurdi.San’atga ixlosi katta bo’lgan o’spirin dastlab doira, so’ngra rubob chalib o’ziyam qo’shiqlar ayta boshladi.Tog’asi Yo’ldosh Ollashukurovning do’sti ,mashhur hofiz Komiljon Otaniyozovning Otajondagi san’atdagi bo’lgan ixlosini payqab, uni shogirdlikka olishi esa To’rtko’llik yigitcha uchun parvoz maydoni vazifasini o’tadi.

14 yoshidan To’rtko’l,Nukus va Toshkentda o’tkazilgan turli tadbirlar, el-yurtdagi to’y, hosil bayramlarida qatnashib yurgan Otajonni TV orqali Quyi Amudaryo bo’ylariga tanitgan inson esa, shoir Oshiq Erkin bo’ldi.1964 yilning kuz kunlaridan birida Urganchlik teleoperator G’anijon Do’stjonovning uyida paxmoq qoshli, istarasi issiq Otajon bilan tanishib, uning qo’shiqlari g’oyatda zavqlanadi.Shundan so’ng Oshiq Erkin 1965 yilning kuzida “Qo’sh sohil bulbuli” nomli ko’rsatuv tayyorlab namoyish etganidan so’ng Otajon Xudoyshukurov nomi nafaqat To’rtko’l va Xorazm, balki Xorazm TVsini ko’radigan Turkmanistonga ham ma’lum-u mashhur bo’ldi.Otajonni mashhur qilgan faqat yuksak ijrochilik mahorati,san’atga baxshiyda qalbi emas, balki odamgarchilik deya atalmish insoniyligi, el dardiga befarq emasligi, do’stlikka sadoqati edi.

1992-96 yillarda Xorazm viloyatiga hokimlik qilgan, tarix, fan va madaniyat, san’atga ixlos qo’ygan Marks Jumaniyozov (1938-2012) hofiz bilan bog’liq yoshligida ro’y bergan bir voqeani gapirib bergandi:
-Otajon Xudoyshukurov bilan qay tariqa do’stlashib qolganimiz, o’rtamizdagi jonga tutashib ketgan og’a-inilik tuyg’usi nima sababdan bunchalik yuksak maqomga ko’tarilganini tushuntirib berish uchun gapni bir oz uzoqroqdan…naq ota-bobolarimiz hayotidan boshlashim kerak shekilli.Keling, mana shu uzun tarixni qisqacha izohlab o’tay.

Menim tug’ilib o’sgan maskanim –Yangibozor tumanining eng chekka bir qishlog’i-Shovot kanalining bergi qirg’og’ida,Eshonlar deb nomlanadigan tabarruk tuproqda joylashgan.Bu tuproqda ko’p ulug’ insonlar tug’ilib voyaga yetgan, yashab o’tgan, mehnatlari, iste’dodlari, aql-tafakkurlari ila xalqqa xizmat qilganlar.Bu bejiz emas, albatta.Chunki Eshonlar qishlog’idan sal nariroqda ulug’ mutasavvuf alloma, ulkan din arbobi Xo’ja Yusuf Hamadoniy bobomizning muqaddas maqbaralari bor. Ana endi, qishlog’imizdan oqib o’tgan Shovot kanalining narigi qirg’og’ida-mashhur hofizimiz Komiljon Otaniyozov tug’ilgan Bo’yrachi qishlog’i bor.Agar mana shu o’rtadagi kanalni hisobga olmaganda Komiljon og’a bilan bir qishloqda tug’ilganmiz desam ham bo’laveradi.Xullas, mana shu tabarruk tuproqda ne-ne otashnafas hofizlaru, ne-ne otashin shoirlar, ne-ne aql-zakovat egalari, ulamoyu kiboro, oxundu otinoyilar yetishib chiqmagan deysiz.

1965 yil bo’lsa kerak, bir kuni G’anijon aka Do’stjonovning uyiga borib qoldim.olti-yetti mehmoni bor, shular oldida yoshgina yigitni qo’shiq aytdirib qo’ygan ekan.Men ham davraga qo’shilib, qo’shiq eshita boshladim.Qarasam, haligi yigit shunday bir shirin, jarangdor ovozda qo’shiq aytayapti ekan, qo’yaverasiz, bunaqasini eshitib ko’rmaganman.Haligi yigit maqomdan maqomga, qo’shiqdan qo’shiqqa o’taverdi. Nazarimda ovozi ham borgan sari ochilib borayotganday edi. Men shu yerda bu beqiyos ovoz sohibiga maftun bo’lib qoldim. Bir tanaffus chog’i G’anijon akadan shivirlab so’radim:
-Bu qo’shiqchi yigit kim bo’ldi?

G’anijon aka hayron bo’lib qoldi:
-Hov, sizni Toshkentda shuncha yil o’qib, shuncha artist-ashulachilarni tinglab yurgan yigitmi desam, rostdan tanimaysizmi?
-Rostdan tanimayman, ko’rgan ham emasman, bunaqa ovozni eshitgan ham emasman!…
-Hov..hov..ibi-iy..-battar hayron bo’ldi G’anijon aka,-Oshiq Erkin “Qo’sh sohil bulbuli” degan ko’rsatuv tayyorlagan bu haqda, endi yodingizga tushdimi?
-Yo’q,-dedim o’zim hayron bo’lib,-o’sha ko’rsatuvni ham ko’rmaganman.aytayapman-ku birinchi marta eshitishim deb.
-Hech bo’lmasa, nomini eshitgandirsiz Otajon Xudoyshukurov deb..
-Nominiyam birinchi marta, mana sizdan eshitib turishim!
-Ola-a!..

Xullas,Otajon bilan birinchi ko’rishuvimiz ham, tanishuvimiz ham shu tariqa boshlandi.Men shuncha san’atga qiziqib, shuncha mashhur-nomashhur hofizlarni tinglab, o’zimni san’at va adabiyotning bilimdoni deb yuraveribman-u,(Mark aka Toshkent qishloq xo’jaligini irriatsiyalash va mexanizatsiyalash injenerlari institutini tugatgan, muhandis bo’lib, voqea ro’y bergan vaqtlari Gurlan tuman mashina traktor parkida boshliq bo’lib ishlab yurgandi-U.B.) shundoqqina daryoning narigi qirg’og’ida bir ulug’ xazina-Otajon Xudoyshukurov nomli hofiz borligidan mutlaqo bexabar yurgan ekanman.Eng qizig’i, hali yigirmadan endi oshgan bu yosh hofiz o’n yillardan buyon Amudaryoning qo’sh sohilida qo’shiq aytib yurib, xalq o’rtasida ancha-muncha shuhrat ham qozongan ekan…

Otajon bilan birinchi ko’rishuvimiz shu tariqa bo’lib o’tgan edi.Shundan keyin bordi-keldilar boshlandi, to’y bo’lsa, ziyofat bo’lsa chaqiramiz-keladi.To’yi, ziyofati .bo’lsa, chaqiradi-boramiz.Shunday kunlarning birida hayotimda bir unitilmas voqea bo’ldi-yu, Otajon bilan bordi-keldimiz mustahkam do’stlikka, o’rtadagi mehr-oqibat esa qiyomatli qondosh-jondoshlikka aylanib ketdi. Buning tafsiloti quyidagicha.1967 yil bo’lsa kerak, qish oylari edi, men qattiq kasallanib qoldim.Shunday qattiq og’ridimki, xullas o’ladigan bo’lib, ko’rpa yostiq tortib, qarindosh urug’lar bilan rozi-rizolik aytishib yotibman endi. Xayolimda bugun-oxirgi kun men uchun, ertasi kuni-tamom, yo’qman, o’laman.Mana shu lahzalarda neni ko’rsang-ko’rib qolganing,kimning so’zini tinglasang-eshitib qolganing..Aytayapman-ku, oxirgi kun, oxirgi kunim…Bir payt qarasam, birov kulib turibdi tepamda.Otajon!

-Assalomu alaykum, yoshulli!-doydi tirjayib.-Bir ko’rib, ziyoratlab ketaylik deb kelgan edik, bu…na yotish?
-Shunday-shunday-shunday,-dedim yotgan joyimda ovozim sinib.Qo’lini uzatdi.Men ham ko’rpadan mana shunchagina qilib, bilagimgacha chiqarib, ko’rishganimiz yodimda bor.-Ketayapmiz, jo’ra…
-Nera getasiz-ay, yoshulli, man galdim, sizni hech yoqqa yubormayman!
-Yo’q, Otajon, bugun-oxirgi kunim.Hamma bilan vidolashib chiqdim.Sening kelganing yaxshi bo’ldi, jo’ra, rozi bo’l…
-Yo’q,-deydi Otajon battar o’chakishib.-Rozi emasman.Sizni olib qolaman.Getmiysiz!
-Axir ahvolimni o’zim bilaman.O’rnimdan turolmayman.Hamma bilan xayr-xo’shlashganman…
-Yo’q,Getmiysiz! O’rningizdan turasiz!Siz o’rningizdan turmaguncha, men ina shu bu yerda o’tiraveraman…
-O’tirsang o’tir!—dedim man ham.

Otajon ham o’tiraverdi.Men ham yotaverdim..Bir paytlariOtajon o’tirib-o’tirib zerikdi.uyda bolalarning ting’irlatib yuradigan rubobi bor edi, shuni topib keldi bu.O’zi bilan o’zi ting’irlatdi, ashula aytdi.Orasida mendan:
-Turasizmi, yoshulli?-deb so’rab qo’yadi.
-Yo’q,-deyman ming’irlab,-Men bugun narigi dunyoga ketaman…
-Getmiysiz!Yubormayman!
Yana ting’ir-ting’ir, yana ashula.

Bir vaqt Otajon uydagi telefonni topib olib allaqaylarga telefon qilaboshladi, torini olib kelishni iltimos qildimi, ko’p o’tmay uyga mashina kelib ketgani, allakimlar endi ansambl bo’lib qo’shiq boshlayotgani eshitildi.Men yotaverdim, aytayapman-ku, o’limni kutib yotardim deb.
Alqissa,Otajon shu kuni ketmadi.Ertasiga ham ketmadi-qo’shiq aytib o’tiraverdi.Men yotgan joyimda o’ylanaman: buni menga xudo yubordi, oxirgi kunlarini qo’shiq ohanglari ostida o’tkazsin degan, yo’qsa bu holni qanaqa izohlash mumkin, axir, vidolashib yotgan bir odam bo’lsam, axir, mana, yotibman-ku…

Otajon qo’shiq aytaverdi, men ana ketdim-mana ketdim bo’lib yotibman.
-Turing endi og’a!-deydi qo’shiq orasida.
-Turolmayman,Ota..
-Bo’lmasa, qo’shiq aytaveramiz-dang..

Shunday qilib, kelgan kuni, kechasi, ertasiga ham Otajon uyda qo’shiq aytdi!Ketmadi! Men ham ketmadim…narigi dunyoga!Yaratgandan bir karomat hosil bo’ldimi-ertasi kuni men o’rnimdan turdim! Turib o’tirdim, mehmonlarning oldiga chiqdim, qo’yingki, men ajalning og’zidan qaytib keldim! Mana shu odamlar, ana shu qo’shiqlar, ularning sehrli navolari bois, men yorug’ olamga qayta keldim” Mo»jiza ro’y berdi, deyvering…

Ana shu voqeadan keyin oramizdagi mehr-oqibat o’chmas –yitmas tuyg’ularga , bordi-keldilarimiz esa jonajon do’stlikka aylanib ketdi.Endi Otajonning shaxsiy fazilatlari haqida aytadigan bo’lsam, u inson sifatida nihoyatda ajoyib, mag’rur, o’ta iste’dodli bir odam edi.Bu yigit Omon Matjonni yaxshi ko’rardi,Omon ham buning iste’dodini qadrlar, ikkovi nihoyatda qalin do’st edilar.Xalqimizning bu ikki ulug’ farzandini birga, yonma-yon ko’rganda, biz ham quvonardik.

Hayot shunday ekanki, payti bo’ldi-Otajondan qo’shiqlar tinglab zavqlandik, shunday iste’dodni berganiga quvonib, Ollohga shukronalar aytdik.Payti bo’ldi-Otajonni ardoqladik, uning iste’dodini yuzaga chiqarish uchun, kamolga yetkazish uchun kurashdik ham.Payti bo’ldi-uni urishib-koyidik ham.

Bir kuni uni yengil-yelpi qo’shiqlarni ko’p aytishda ayblab, quyidagi bir rivoyatga o’xshash gapni hazil-huzul bilan aytib berganim yodimda:
-Xudo taolo o’zi vaqti-vaqti bilan Jabroil farishtasini zaminga yuborib, noyob in’omini -iste’dod uchqunlarini xalqlarga,el-elatlarga sochib-sochib turar ekan.Shuning uchun ham har ellik yildami, yuz yildami xalqlarning ichidan turli xil iste’dodli odamlar paydo bo’ladilar…Shunday bir in’om kechalarining birida Jabroyil farishta Xorazm zaminiga kelib aylanib yurganida, sening ota-onang uxlamay, shivirlashib o’tirgan bo’lsa kerakki, shu ulug’ ne’mat ularga nasib qilgan, natijada sen tug’ilgansan,-dedim Otajonga.u menim gaplarimni diqqat bilan tinglab o’tirardi.Men davom etdim.-Endi sen shu oliy-ilohiy ne’matga ega ekansan, iste’dodingni asrab-avaylab, kamolga yetkazishing kerak…Yengil-yelpi qo’shiqlarni aytaverma, xalqingning ma’naviyatiga xizmat qiladigan, yuz yillardan keyin ham nomingni yodga solib, nomingni porlatib turadigan qo’shiqlar ayt.Axir bu iste’dod, bu qudratli ovoz senga berilgani bilan, u seniki emas,u-xalqniki.Xalqing uchun kuylamasang, xalqing uchun xizmat qilmasang, xalqing uchun yashamasang, iste’dodingni yengil-yelpi narsalarga, hoyu-havaslarga sarflab yuborsang-buning uvoli tutadi, javobi bor hali, “senga shuncha iste’dodni nima uchun bergan edim?” degan savol bo’ladi hali oldda.

Otajon bu gaplarni hayajonlanib tinglab o’tirdi. Xudoga shukur, u o’zidagi nodir iste’dodni to’la kamolga yetkazdi, ellik yillik shiddatli hayoti mobaynida xalqiga beminnat xizmat qildi, o’zining bor qobiliyatini, qudratli ovozini xalqiga baxshida qilib o’tdi.Mana biz bugun: “Otajon yo’q, komiljon aka yo’q, yosh ketishdi bechoralar” deb qiynalib yuramiz.Holbuki, Otajon ham, Komiljon aka ham yosh ketgani yo’q-ular o’zining ellik-oltmish yillik umri mobaynida Go’ro’g’lining yoshini (120 yoshni) yashab ketishdi.

Ha, marks aka aytganlaridek Otajon Xudoyshukurov 50 yillik umri davomida, Xorazm qo’shiqlarining mohir ijrochisi sifatida elga tanilib, 1000dan ziyod qo’shiq ijro qildi.”Feruz” turkumidagi ashulalarga o’zgacha jilo baxsh etdi.”Kajhang” , “Yakparda”, “Qo’shparda” ,”Chapandozi” va “Ona suvora”larni qoyilmaqom ijro qilib, shuhrat qozondi.

Albatta, bunday mavqega erishishning o’zi bo’lmadi. Ijodga mehri, san’atga yuksak ixlosi, va’daga vafosi bilangina u Otajon Xudoyshukurov bo’lib yetishdi.Shoir Oshiq Erkin do’sti bilan bog’liq sarguzashtli voqeani eslab, shularni hikoya qiladi: “O’zbekiston radiosida ishlardim.Otajonning qo’shiqlarini yozib olish uchun vaqtni belgilab, studiyani taxt qilib qo’ydik.Aksiga olib hofiz To’rtko’ldan Toshkentga yetib keladigan kuni havo yomonligidan samolyot ucha olmay qoldi.Ammo Otajon To’rtko’ldan taksi bilan Nukusga, undan Gur`evga,Gur`evdan Qarag’andaga,Qarag’andadan Chimkentga,Chimkentdan Toshkentga-studiyaga belgilangan soatda yetib keldi”.

Bu voqea ko’pchilik bugungi san’atga kirib kelayotgan yoshlarga ibrat bo’lsa arziydi, albatta.Hayot yo’llarida san’atkorlar uchun ana shunday ibratona ijod qilgan hofiz to’g’risida marhum shoir Matnazar Abdulhakim shunday degandilar:
—Otajon og’aning vafotidan ancha ilgari uning avtoavariyaga tushib, halok bo’lganligi to’g’risida mish-mish tarqaldi.Buyuk odamlardan pastkashlik ana shunday tarzda o’ch olib yuradi, o’zi.O’zining qabihligi, buyukning buyukligi uchun. Aslida suyukli hofizimiz yengilgina jarohat olib, bir necha kunga kasalxonaga joylashgan ekan.Ham jarohat olgan muhtaram Hofizning holidan xabar olish, ham bir televizion lavha tayyorlab, shov-shuvlarga chek qo’yish uchun, yozuvchi va jurnalist do’stim Shuhrat Matkarim bilan kasalxonaga, Otajon og’aning palatasiga kirib bordik.Dovruqli hofiz bir necha kun oldin o’lgan “o’limi”dan mutlaqo xabarsiz, maza qilib yangi bir qo’shig’ini xirgoyi qilib o’tirar edi. Hol-ahvol so’rashdik, hazil-mutoyiba qildik,hech gapdan xabarsiz kishilardek, ixcham bir ko’rsatuv tayyorlab, efirga uzatdik…

Baribir, odam osmonga ustun bo’la olmas ekan.Biroq Otajon Xudoyshukurovdan osmonga ustun bo’lgulik qo’shiqlar qoldi.Shu boisdanmi, uni o’ylasam, ana shu qalbaki o’lim yodimga tushaveradi…Hozir ham Norinjon Bobo tomonlarda , o’z o’limlaridan xabarsiz, o’zining buyuk qo’shiqlarini astoydil va bamaylixotir kuylayotgandek…Matnazar aka o’zining “Avtobus haqida ballada”si aynan Otajon Xudoyshukurov san’ati, ashulalarining umriboqiyligi, shundan kelib chiqib olam va odam to’g’risida fikr yuritgandilar:

…Kelayotir edi Xazoraspdan jim,
Tirband avtobusda horg’in, asabiy.
Xuddi bu tirbandlik, to’palon uchun,
Boshqalar oldimda gunohkor kabi.

Kimdir so’kinardi, no’noq kissavur,
Cho’ntagiga qo’shib tanin kesgandek.
Har bir yangi bekat biz uchun javr,
Har yangi hamrohdan rosa bezgandik.

Avtobus oynasi diqqinafasdan,
Botgandi ko’zyoshdek-ko’zyoshdek terga.
Ayovsiz bir qarg’ish lahza tinmasdan,
Kimnidir toptardi teng qilib yerga.

Bilmadim, gunohi ne edi uning,
Hech kim ham hech kimning aybin bilmasdi.
Shu payt bitta yigit magnitofonning,
“Chirq” etkizib nogoh tugmasin bosdi.

Qorong’u dillarni yoritib birdan,
Jaranglay boshladi nurafshon so’zlar.
Alanglab turdi-da bunday sehrdan,
Mo’ltirab qoldilar o’qraygan ko’zlar.

Xonanda chekardi kassetada oh,
Kimningdir kimgadir zorligi uchun.
Yurakdan hayqirib quvonardi goh,
Birovning dunyoda borligi uchun.

Ilg’ab har bir so’zdan qutlug’ ziyoni,
Ko’zlarini ochdi bir parcha voha.
Har yurakda pinhon ming bir dunyoni,
Yoritib yubordi Otajon og’a.

Sarob yo’qolgandek shu bir nafasda,
Ketdi anduhlarni yangroq kuy olib.
Boya maymunlardek edik qafasda,
Endi-chi, turardik mulzam, uyalib.

Yigitni indamay tushundik bizlar,
Bildik g’amimizni yeganligini.
Angladik, dunyoda musaffo hislar,
Abadiy barqaror ekanligini.

Yigit bir bekatda tushib qolgan so’ng,
Bir-birovga boqib jim o’yga toldik.
Eng baxtli tush birdan kelgan kabi o’ng,
Mashina keng ekan-biz payqab qoldik.

Esladik6hamisha shodlanganmiz-ku,
Kimningdir bizlarga zorligi uchun.
Hozir ham safarga otlanganmiz-ku,
Kimningdir dunyoda borligi uchun.

Shundan beri meni qiynar o’zga hol,
O’zga uqubatdan yuragim g’am yer.
Ba’zan havolanib gar sursam xayol,
O’sha avtobusga mengzab ketar Yer.

To’g’ri, sayyoramiz hududsiz, lekin,
Ko’ngillar torlikdan unda motamlar.
Oftob bepul, havo bo’lmasa tekin,
Qirilib ketgudek sho’rlik odamlar.

Bir chimdim tuproqqa ko’zi to’yguvchi,
Yuhofe’llar hamon yashar qalashib.
O’z o’rnin eplashga yetmas-ku kuchi,
Chang solar o’zganing yerin talashib.

G’addor rejalardan turmasak ogoh,
Yer ham bir tugmaga bog’liq taqdir-ku.
Tugmani men bossam…yangrasa nogoh,
Bombalar o’rniga mehrbaxsh bir kuy.

Anglasalar hamma beizoh,besharh,
Mening ko’nglimdagi orzuni ham jim..
Axir, ona zamin yashar, urib charx,
Odamning odamga zorligi uchun.

..O’z ijrosi bilan minglab, millionlab ko’ngillarga malham bergan, berayotgan hofiz 1994 yilning 23 dekabrida vafot etdi.Ammo Otajon Xudoyshukrov ma’nan barhayot. Buyuk san’atkor vafotidan so’ng, Qoraqalpog’istondagi Ellikqa’la tumani hokimligi tashabbusi bilan milliy qadriyatlarni tiklash, xalqlar o’rtasida madaniy do’stlik aloqalarini mustahkamlash, qo’shiqchilikni san’atini yanada rivojlantirish maqsadida 1999 yili Xalqaro Otajon Xudoyshukurov jamg’armasi tashkil etilgandi.

Jamg’arma o’tgan vaqt mobaynida, har ikki yilda bir marta Otajon Xudoyshukurov xotirasiga bag’ishlab, “Qambarning oltin sozi” nomli xonandalar ko’rik-tanlovi o’tkazilmoqda.Shuningdek, respublikamizning yetuk shoirlari va iqtidorli yoshlar ishtirokida an’anaviy ravishda tumanda “Aqchako’l ilhomlari” ijodkorlar anjumani o’tkazilib kelinmoqda.Jamg’arma shu kabi Ellikqa’la tarixi va bugungi kuniga bag’ishlab uchta rangli al`bom, “Ellikqa’la navolari”, “Qo’sh sohil bulbuli” kitoblarini nashr etdi.Jamg’arma yana marhum hofiz tabiatiga mos tarzda savobli ishlarniyam davom etdirib, oliy o’quv yurtlari va kollejlarda o’qiyotgan ortiq kam ta’minlangan talabalarga shartnoma to’lovlarini to’lashda yordam berib, o’nlab yordamga muhtoj oilalarga xayr-saxovat ko’rsatdi.

Eng asosiysi Otajon Xudoyshukurov yaratgan qo’shiqlar barhayot,shogirdlari, izdoshlari uning san’atini davom etdirmoqda.

008
OMON MATJON
OTAJON XUDOYSHUKUROVGA BAG’ISHLOVLAR
001

UCHINCHI DARYO

Otajon Xudoyshukrovga

Gohi men Sirdaryo sayliga borsam,
Ko’nglimga keladi qiziq bir tuyg’u:
Go’yo shu yaqin bir joydan o’tganday
Sirdaryodan ko’ra kattaroq bir suv!

Shu holga tushaman Xorazmda ham,
Buyuk Amudaryo bo’yida turib.
Go’yo Jayhundan ham bahaybat nahr
Yaqingina joyda oqar o’kirib.

Bu nima?
Ko’rinmas qanday oqim bu?
Yerdanmi, ko’kdanmi kelar bu sado?!
Nahot tuprog’imda ko’zga tashlanmay
Oqib yotar ulug’ uchinchi daryo?!

Bilmadim,
Meni ko’p ta’qib etadi
Shu sirli aks-sado,shu ilohiy un!
Juda yuksak bo’lar Ruhim shu kezlar,
Vujudim zaminga judayam yaqin…

1979

OTAJONNI ESLAB…

Oqqan daryo tindimi,
Oltin toring sindimi,
Otga boshqa mindimi,
O’rtadagi do’st qani?!

Qayiq qumga urildi,
Asr zumga urildi,
Yurak simga urildi,
O’rtadagi do’st qani?!

Fano,baqo ne ishdir,
Bir-birovni yeyishdir,
Izindan voh deyishdir,
O’rtadagi do’st qani?

Ikki daryo orasi,
Uch yuz oltmish qa’lasi,
Izlar hofiz nolasin,
O’rtadagi do’st qani?!

23.12.1994

044

(Tashriflar: umumiy 1 263, bugungi 1)

1 izoh

  1. Отажон Худойшукуров ажойиб хонанда булган унака инсон калбимизда абадий яшайди

Izoh qoldiring